Электронная библиотека » Уктамхон Домлажонова » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Дилнома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 10:00


Автор книги: Уктамхон Домлажонова


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 15 страниц)

Шрифт:
- 100% +
АРМОН ВА ЯНА АРМОН

Талабалик давримизнинг иккинчи босқичида Саида опа исмли аёл курсимиздаги фаол қизларни ажратиб олиб, биз билан суҳбат ўтказдилар. Суҳбатнинг мақсадидан маълум бўлдики, биз таҳсил олаётган филология факультети қошида “Қизлар клуби” номи билан илм-фан, маданият ва маърифат соҳасини қамраб олувчи тўгарак ташкил қилиш.

Саида опа ўрта бўйли, назокатли, шеваларида тожикча талаффузи сезилиб турадиган, кийимлари, ўзгаларга муносабатлари соддагина аёл эдилар. Ўзлари саралаб олган биз фаол қизларни шундай суҳбатга жалб қилдиларки, бошқаларни билмайману шахсан ўзим у суҳбатдан бошқача озуқа олдим. Кўз ўнгимда бир зумдаёқ Саида опа тушунтираётган тўгарак гавдаланди. Қизлар жамланиб йиғилдик. Вазифаларни бўлиб олдик. Кимдир ётоқхона қошида, кимдир факультет миқёсида тўгарак фаолиятини олиб боришга ташаббускор бўлади-ю, кенг қанот ёямиз. Университетни қамраб оламиз, қўйингчи, донғимиз республикада тилдан тилга кўчади. Орзуга айб йўқ. Ҳеч қанча вақт ўтмай университет қошидаги факультетларга босган қадамимиз ўз самарасини кўрсата бошлади. Филология факультетидаги клуб “Ширин”, тарих факультетида “Тўмарис”, математика факультетидаги “Ал-Хоразмий” ва ҳоказо клублар пайдо бўла бошлади. Лекин асосий марказ ва ҳар соҳада етакчиси “Ширин” қизлар клуби эди. Қанотимиз ёйилаётганидан беҳад хурсандмиз. Саида опа раҳбарлик қилишда чарчоқ нималигини билмайди. Ҳар сафар клуб фаолларини йиғиб, суҳбатлашиб, қилган ишларимизнинг самарасини эшитиб, янги вазифалар топширганларида нафақат руҳлари тетиклашади, ёшаргандек сезаман уларни.

Навбатдаги янги режаларимиз бизни жиддий ўйлантирса-да, қизиқишимиз жуда зўр эди. Режа бўйича пахта терими мавсумида “Ширин” клуби номи билан алоҳида бригада ташкил қилиб, пахта терим мавсумини Қибрай тумани “Маданият” колхозида ўтказишимиз ва айнан бу бригада қизлардан ташкил топиши керак эди. Албатта, бу хушхабардан ҳар бир факультет қошидаги раҳбарларни хабардор қилдик.

Пахта теримидаги бир қизиқ воқеа ҳамон эсимда. Бир куни эрталабки нонушта масаласида бир оз бошимиз қотиб турган эди. Бунинг устига шу куни бир кунлик мусобақа ҳам эълон қилинган. Бизнинг сафимизда ҳарбий хизматдан кейин ўқишга кирган Эркин ака исмли йигит бор эди.

– Бир иш қиламиз, Эркин ака, – дедим сокин товушда. – Тунда колхоз фермасидан битта бидондаги сутни ҳеч кимга овоза қилмай олиб келасиз.

– Йўғ-э, – бошқа сўз айтмай Эркин ака ҳайратомуз менга қаради.

– Шундай қилинг, жавобини мен бераман.

Шундай ишонч билан айтдимки, гўё кимдир менга шу ҳолатда иш тутишимни тайинлаб қўйгандек. Эркин ака шу ерлик бир йигит билан яқиндан саломлашиб юрарди. Биргалашиб кўтариб келишибди. Эрталаб сутли вермишел пишириб, қизларни мусобақага жўнатдик. Соат ўнларда ширгуруч қилиб, дала шийпонига етказдик. Бизнинг ётоғимиз хўжалик идорасининг хоналаридан бири эди. Бир бидон сутнинг йўқолганлиги тўғрисидаги нохуш хабар етиб келди. Кечқурун идорага мажлисга келаётганларнинг ҳаммасини оғзида сут воқеаси. Раис мажлисни очиб, кун тартибини эълон қилди. Навбатдан ташқари яна бир масала, деди хомушлик билан. Аммо у қандай масала эканини айтмади. Бригадирлар навбатма-навбат ҳисоб беришди. Навбат менга келди. Ҳамма менга ҳавас билан қараяпти, чунки мусобақа ғолиби биз. Мукофотга битта қўй қўйилган. Қанчалик гуноҳкор эканлигимдан эзилаётган бўлсам-да, сир бой бермасликка ҳаракат қилаяпман.

Ўрнимдан турдим-у, чайқалиб кетдим ёки хона гир айланиб кетди. Ўзимни тутишга ҳаракат қилдим.

– Раис бува, – дея юзландим. Бир лаҳзага жимиб қолдим. – Кун тартибига қўйилган навбатдан ташқари масаланинг иштирокчилари биз ва ташкилотчиси мен. Рўзғордаги озиқ-овқатимизнинг таги кўриниб қолган эди, шу ишни қилишга мажбур бўлдик. Яна қайта айтаман. Бу фикр мендан чиқди ва Эркин акага бажаринг, – дея буюрдим. Шу ерда ўтирган жамоа ва бу нохуш хабарни эшитганлардан узр сўрайман. Қизларга ўз вақтида нонушта ва қўшимча овқатни етказиш учун шу ишни ихтиёр этдим. Иккинчи илтимосим шуки, мусобақада ғолиб бўлганимиздан хурсандмиз. Аммо биз билан мусобақалашган бригадани ҳам ғолиб деб эълон қилишингизни ва мукофот учун ўртага қўйилган қўйни иккала бригада биргаликда баҳам кўришини илтимос қиламан…

Охирги сўзларим титраб кетди. Хонада жимлик. Ҳамманинг кўзи менда. Бошимни кўтаролмайман, ҳеч кимга қарай олмайман. Қулоғим шанғиллай бошлади. Лекин бу шовқин бирдан кўтарилган чапак овозида йўқ бўлиб кетди.

Сутни бирга кўтаришиб келган колхозчи йигитнинг сири кейинроқ очилди. Орамизда Лаълихон исмли қизимиз бор эди. Колхозчи йигит шу қизни кўзининг қирига олиб қўйган экан. Кунларнинг бирида йигитнинг отаси мени бу сирдан воқиф этди. Бу муаммони мен Саида опага айтдим. Пахта ҳашари баҳонасида шу хўжаликка қуда ҳам бўлдик. Талабалик давримизнинг беш йилги пахта териш мавсумини шу колхозда ўтказган бўлсак Лаълихон келин бўлиб тушган хонадоннинг эъзозида бўлдик…

Клуб фаолияти қанчалик кенг қулоч ёйган сари Саида опа билан яқинлигимиз мени университетдагина эмас, республика матбуот саҳифаларида ҳам фаол иштирок этишимга сабабчи бўлди. “Ширин” қизлар клуби фаолияти ҳақида Ўзбекистон радиосида эшиттиришлар уюштирилди. Ахлоқ масалаларига оид рукнда “Қизлар, келинг – беллашайлик”, “Бахтинг билан бўл, Сотқиной” “Оналик сари одимлар” каби рисола ва кўпгина мақолалар чоп этилди. “Саодат” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси “Ширин” қизлар клуби фаолиятини оммалаштиришда бизга яқиндан ёрдам бердилар. Ростини айтсам, Саида опани университет хотин-қизлар кенгашининг етакчи раҳбарларидан деб ўйлардим. III босқичга ўтганимизда опахоннинг Алишер Навоий ҳақидаги махсус курсларини эшитиб, қидириб юрган хазинамни топгандек, атрофларидан кетмай қолдим. Бир нарсани баҳона қилиб уйларига боришга ижозат олдим. Ўрдада, марказий йўлнинг чап томонидаги баланд қаватли бинонинг учинчи қаватига кўтарилаяпман-у, ўзимга ишонмайман.

Қўнғироқни босишим билан эшик орқасида кутиб тургандек қарши олдилар. Мўъжаз ва шинамгина хонага таклиф қилдилар. Стол устига турли емаклар қўйилган. Қизлари Иродахон, ўғиллари Одилжон, фарзандларининг отаси Давлат Муродович билан таништирдилар. Бу хонадонга келмасимдан олдин мени олим ва олималарнинг оилавий ҳаёти, олиманинг рўзғор тутиш удумлари жуда қизиқтирарди. Ўзимда йўқ хурсандман. Излаб юрган хазинамни топдим. Мендан бир курс пастда дугонам Зебо Мусабоева бор эди. Иккаламиз университет ва факультетдаги оммавий-ташкилий ишлардан ташқари пазандачиликка жуда қизиқар эдик.

Мен оилада ёлғиз фарзандман. Кўпроқ уни бизникида тунаб қолишини илтижо қиламан. У пайтда маҳалламиз хонадонларига табиий газ киритилмаган. Бўш вақтимизда пазандалик сирларини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Бу жонбозликни Саида опа хонадонларида ҳам намойиш этмоқни режаладик. Уйғурча лағмон, манпар удумга кириб келаётган пайтлар бўлгани учун ҳаммасидан оз-оздан тайёрламоқчи бўлдик. Шунда уй соҳиби Давлат Муродович:

– Жуда пазанда экансизлар-у, мошхўрдани ҳам биласизларми? – деб қолдилар.

Менга яна жон кирди.

– Ҳа, албатта, – дедим дадиллик билан.

– Уйда мошхўрда қилганимизда озгина тузланган гўшт ҳам солардик, – деб қўшиб қўйдим.

– Тузланган гўшт бўлмаса ҳам мошхўрда қилинглар.

Мошхўрдани ҳам осиб қўйдик. Биз учун осон ва қизиқ томони шуки, табиий газ, шинамгина ошхона, нимани тайёрламоқчи бўлсак керакли маҳсулот бор. Мақсадимиз – Саида опа ишдан келишларига таомлар кўргазмасини намойиш қилиш. Ниҳоят биз кутган дақиқалар келди. Саида опа коридорга кирибоқ таомлар ҳидидан маст бўлгандек ажабланиб қарадилар. Кўзларига ишонмайдилар.

– Вой қизлар-э, вой қизлар-э, – дейдилар-у нега шунча хилма-хил овқат тайёрлаганимиз сирига тушунмайдилар. Аммо ўзларида йўқ хурсандликлари сезилиб турибди. Овқатлар сузилди. Столга жамландик. Давлат Муродович мошхўрдага қошиқ солиб бизга юзландилар.

– Бошқачароқ мошхўрда сўраган эдим. Унинг ичида кичкина қора кўзи бор жўхори ҳам бўларди. Уни ачитиб қўйиб, муздек-муздек ичса роҳатда, роҳат. Уруш пайтида имконияти бор хонадонда шу овқат пишириларди, – деб қолдилар. Зебо менга қаради, мен Зебога. Нима экан у, деб елкамни қисиб турибман. Уйга қайтиб, онамлардан сўрадим.

– Мен ўзим ичмаганман-у, эшитганман, – У жўхори бизда ўсмайди. Водийнинг қайсидир қишлоқларида экишади. Чумчуқлардан асраш учун ҳар бошини халтачаларга солишар экан. Жўхори тупида етилгач, уни ўғирда янчиб, пўстидан ажратиб, нималардир қилишларини эшитгандим, – дедилар-у нима учун сўраяпсан, сенга нимага керак бўлиб қолди, деб қизиқмадилар.

Юқори босқичларга ўтганимизда махсус курсларни ўрганиш билан ортиқча вақтимиз ҳам қолмади ҳисоб. Битирув диплом ишимнинг мавзуси Низомий Ганжавийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини қиёсий солиштириш бўлгани учун ўзимдан ҳеч ҳам ортмай қолдим. Озарбайжон давлат университетидан чақирилиб, Низомий Ганжавийнинг ижодидан махсус курс ўқиган университет доценти Ҳидоят Алиевич Эфандиевнинг Бокудаги хонадонида ўн икки кун туз ичганман. Икки хоналик уй. Аёллари Сакинахоним шундай мулойим, шундай ширин сўзки, иложи борича уйқусиз кечаларим давомли бўлиб, суҳбатларини тингласам… Қизиқ. Шундай шароит, шундай иззат-икромда зерикаман денг. Ҳовли супуришни, овқат тайёрлашни, ариқдан челакларни тўлдириб олиб сув сепишни, азонда эшикни очиб, кўчани кўм-кўк қилиб қўйишни соғинаман. Охири илтимос қилдим.

– Мен ҳам бир кун овқат тайёрлаб берай.

Сакинахоним вақтимни қизғанибгина зўрға рози бўлдилар.

Палов учун сабзи босдим. Чўзма лағмонга уннаб қўйдим. Мен билан оилада тўрт киши. Лекин ўн кишилик хамир қорибман. Лағмонни чўзаяпман, айниқса, охирги босқичда хамирни пишириш учун чўзилган лағмонни тахтага уриб-уриб янада чўзишим Сакинахонимни ҳайратга солди.

– Бу таом не деюлур, – сўрадилар мендан.

Қайси ном билан аташимни, уларга қандай қилиб қулайроқ тушунтиришни билмайман. Бир учини қўлимга олиб, иккинчисини билагим билан ўраб олаётганимга ишора қилиб:

– Один конец тут, другой конец в Ташкента, – дедим. Рус тилида қанчалик фикримни тўғри ифода этолдим, буни билмадим-ку, аммо бу таомнинг номи бир учи Бокуда, иккинчи учи Тошкентда демоқчи эдим.

Сакинахонимнинг кулгисидан ошхона жаранглаб кетди. Домла Ҳидоят Алиевич келганларида шундай мароқ билан тушунтирдиларки, гарчи қўлларида хамир бўлмаса ҳам, менинг қўл ҳаракатларимни такрорлаб, қўлимни кафтлари орасига олиб эркалаб, келажакдаги ҳаётимга илиқ сўзларни айтдилар. Ўша лаҳзадаги бегона шаҳар, бегона хонадонда менга кўрсатилган меҳр ва келажагимга билдирилган ишончни ҳамон қўмсайман. Ҳидоят Алиевич асарни таржима қилишдаги кетган соатларни санамадилар. Икки буюк шоирнинг асардаги маҳоратини солиштиришдаги тил қийинчиликларига бардош берганларига таъзим қилганим ҳолда, яхши ўгирилган сатрларга мукофот учун китоблар тақдим қилдилар.

Айниқса, қуйидаги икки сатр уларга жуда ҳам маъқул тушди.

 
Тобутга солдилар икки меҳмонни,
Жонсиз келину ўлик куёвни.
 

Иккалови ҳам фоний дунёдан кўз юмди маъносидаги сатрни юқоридаги шеърий формада ўгрилиши домлани беҳад қувонтирди. Диплом ҳимояси пайтида яна Бокудан келиб, ҳимоя комиссияси раисидан сўзга рухсат олиб айтган қуйидаги гапларини энг қимматбаҳо ёдгорлик сифатида ҳамон асрайман:

– Ҳурматли хайъат аъзолари. Ўктамдан кўп миннатдорман. Аввало, илмий раҳбар Саидахоним ва тақризчи Ғулом Каримовга раҳматлар ва раҳматлар бўлсинки, Ўктамни қиз бола бўлишига қарамай, диплом ишининг келажакдаги равнақини тилаб Бокуга, университетга “Озарбайжон классик адабиёти” кафедрасига икки буюк адиб, уларнинг буюк асарини қиёсий анализи учун юборганларига. Низомийнинг “Хамса”сидан Навоий илҳомланган эди. Бу ҳолатни Озарбайжон ва Ўзбекистон адабий-маданий алоқаларининг занжири сифатида ўрганиб келаяпмиз. Ўктамхоним Боку ва Тошкентни яна бир занжир билан боғлади. Бизим бағримизда консультация учун турган даврида биза бир хамир овқат тайёрламиш, унинг номи “Бир учи Боку, иккинчи учи Тошкентни боғлаган овқат” арқонидек мустаҳкам ирода, сиҳат-саломатлик ва Ўктамхонимни бу фазилатларини қадрлайдиган, илм ва ахлоқда собит бўладиган умр йўлдошини тилайман…

Олимнинг юқоридаги гапларини мақтаниш учун эсламадим. Низомий ва Навоий ижоди билан, уларнинг ўз она тилидаги заргарликларини ўрганишимда Саида опа, Ғулом Каримов, озарбайжонлик олимнинг одамийлик мулклари қиёматгача менга раҳнамо эканлигини ҳурмат ва таъзим билан эътироф этаман. Вақтлар ўтди. Оилали, фарзандли бўлдим. Қани эди фарзандларим тезроқ катта бўлса-ю, мен шундай буюк ва шундай камтар одамлардан топган меҳрни, садоқатни, ўғилдир, қиздир унинг келажагига лоқайд бўлмасликни, бир сўз билан айтганда, одамийликни ўргатганликларини ҳикоя қилиб берсам. Бу фазилатларни фарзандларимга сингдира олармикинман, деб шошилардим.

Кунларнинг бирида фарзандларимнинг отаси, умр йўлдошим рўзғор ҳаражатлари ичида доналари оқ қора кўзли дон олиб келиб ҳовончада туйдилар. Уни ажралган пўстини патнисга солиб елпидилар. Қайтадан бир оз сув билан туйиб тоғорачага солиб, сумалак шарбатини ажратгандек донини ажратиб олдилар. Ажралган шарбатни алоҳида таъкидладилар:

– Мана, ўзини қуруқ сувда узоқ қайнатасиз, пишишига яқин қолганда мана бу шарбатни қуйиб, қайнатишни давом эттирасиз.

Тўғрисини айтсам, энсам қотиброқ елкамни қисдим. Кўнглимда, битта қилмаганим шу қолувди,дея норози оҳангда қараб қўйдим. Адаси (Оллоҳ раҳмат қилсин) гапни чўзиб ўтирмай газни ёқиб, қозонни қўйиб, қуруқ сувга тайёрланган жўхори маҳсулотини солдилар. Шунчалик ҳовончада туйилган бўлса ҳам кичкина оқ доначаларнинг митти қора кўзлари жовдираб қозондаги сувга шўнғиди. Битта пиёзни арчиб, тўғрамай бутунича ташлаб, оловни пастлатган ҳолда бошқа юмушларга чалғиб кетдилар. Уларга билдирмаган ҳолда бориб қозонга кўзимни ташлайман. Милтираб қайнаяпти. Оқ доначаларнинг митти қора кўзлари ўз жойида. Чамамда тўрт соатдан кўпроқ вақт ўтди. Бошида шу ҳам овқатми, дегандек қўполлик қилиб қўйганим учун гапиришга ғурурим қўймади.

Ўзлари келиб, ўтни бир оз баландлаб шарбатни солдилар. Шарбат солингач, яна ярим соатдан кўпроқ вақт мобайнида қайнади. Кўкатларни тўғраб сузишни менга буюрдилар. Фарзандларимиз ёш. Жўхори гўжа деган гапни тушунишмайди. Менинг ўзим ҳам қуруқ сувда қайнаган масаллиқда қандай маза-матраса бўлади, деб таажжубдаман. Дадаси қатиқли қилиб ҳар ичганлари сайин роҳат, роҳат, жигарнинг савобига қолдик, деб завқланадилар. Таваккал, мен ҳам ича бошладим. Қуруқ сувли, қора кўзли майда доначалардан тайёрланган таомнинг мазасини таърифлаб беролмайман.

– Ана кўрдингизми, бу таомни назарингиз илмади. Бунинг ички органларингизга, айниқса, жигарга шифолигини билганингизда… Уруш пайтида оналари бир этак болани уйда қолдириб, қуруқ сувга жўхорини қайнатиб кетганлиги, ишдан қайтгунича қозоннинг бўм-бўш бўлиб қолганлиги тўғрисидаги хотираларнинг тилга киришига ўша мен менсимаган жўхори гўжа сабабчи бўлди. Саида опанинг турмуш ўртоғи Давлат Муродовичнинг истаган таомлари мана шу гўжа эканлигини тушуниб етганимда тилимни тишлаб, ёқамни ушлаб қолдим. Афсуслар қилдим. Аммо кеч эди. Уйимизда гўжа пишган кунидан бошлаб ҳафталик таомномамизнинг бир ёки икки кунида рўйхатга гўжа ёзиларди-ю, ҳар сафар мен Давлат Муродовичнинг: “Қизлар, мен бошқачароқ мошхўрда сўровдим. Унинг ичида кўзчалари бор оқ жўхори ҳам бўлармиди”, дея биздан жавоб кутиб турганлари кўз олдимда гавдаланверади.

Гўжа тайёрлаган кунимиз мен армон билан тановвул қиламан. Оддий оилада улғайган мен шаҳарлик шундай шифобахш таомни билмай катта бўлганимдан афсусланаман. Ками қирқ йилдан бери шу таомни тайёрлаб тановвул қиламиз-у армоним янгиланаверади.

БИРИНЧИ ҚАЛАМ ҲАҚИМ

Ғайратий домланинг адабиёт тўгарагига қатнаб юрган ўқувчилик давримда мактаб деворий газетасида, синфлараро ўтказиладиган ижодий мусобақаларда фаол иштирок этишга, доимо ғолиб бўлишга ҳаракат қилардим.

Мактабга кираверишда катта кўргазма тахтаси ўрнатилган бўлиб, мактаб фаолиятини акс эттирувчи эълон ва хабарлардан ташқари, икки ҳафтада бир марта “Тимсоҳ” номи билан деворий газета ҳам осиларди. Расм ўқитувчимиз Одилжон ака Тимсоҳнинг қўлига паншаха ушлатиб, расм чизган эдилар.

Деворий газетада кимнингдир одобсизлиги, ўзлаштирмаслиги, давомаддаги қусурлари танқид қилинарди.

Газетанинг янги сони ҳали ўқувчилар мактабга келмасларидан олдин эрта тонгда осиларди. Уйимиз мактабга яқинроқ бўлгани учун бу вазифа кўпроқ менга топширилар, паншаха ушлаб турган Тимсоҳнинг тагида ўз фамилиясини кўрганлар менга ёмон кўз билан қарар эдилар. Кунларнинг бирида кечагина осилган газета йўқолиб қолди.

Албатта, гумонимиз танқидий саҳифада номи қайд этилган ўқувчида. Илло-билло у тан олмади. Мактаб қоровули, фаррошлар савол-сўроққа тортилди. Йўқ. Газетани ким ва қачон гумдон қилганини ҳеч бири билмайди. Одатда, деворий газетанинг ҳар бир сонида қайд этилган материал асл нусхаси сақланар эди. Ўша йўқолган сонини қайтадан ишладик. Уни қулф билан ҳимояладик. Калитнинг кимда эканлиги сир эди. Газетанинг танқидий бўлимида номи қайд этилган ўқувчилар, айниқса, ўғил болаларнинг менга бўлган муносабатларида қўполликни, менсимасликни сезсам-да, сир бой бермасдим. Шу орада “Гулхан” журналида “Биринчи қадам” сарлавҳали ҳикоямнинг чоп этилиши мени қанчалик қувонтирган бўлса, тенгқурларим ва устозларим янада ҳавас билан қарай бошладилар. Шундай қувониб юрган кунларимнинг бирида мактабимиз директори Муҳиддин ака хонага чақириб, мени “Гулхан”дек журналда чиқишим билан табриклаб:

– Қачон энди ўзинг машина минасан, – деб ҳазиллашиб қўйдилар. “Гулхан” журнали таҳририятидан мени Софа исмли аёл сўрагани ва қабулига боришимни таъкидладилар.

– Келинг, келинг, – эшикни очишим биланоқ ўрниларидан тавозе билан турдилар Софа опа.

– Хизмат, аввало танишиб олсак.

– Мени чақирган экансиз, директоримиз айтдилар.

– Ҳа, ҳа, чақирган эдим, сиз Ўктамхонмисиз?

“Ҳа”, дегандай калламни қимирлатдим-у, нима сабабдан чақирдингиз дейишга журъат этмай турувдим, у киши стол тортмасидан журнал олиб, чоп этилган ҳикоямни очдилар.

– Асал қизим, ёшингиз нечада, бунинг гонорарини нима қилай, қандай оласиз, – дея юзландилар.

Ростини айтсам “гонорар” деган сўзни ўзим тушунмас эдим. Хижолатлик билан елкамни қисиб туравердим.

– Диққат қилинг, бўлмаса бундай қиламиз. Сизлар яшайдиан жойда банкнинг филиаллари борми? Масалан, одамлар электр учун пул тўлайди, кўп болали оналар нафақа пули олишади.

Гапларидан ниманидир тушунгандек бўлдим-у, шошилиб жавоб қилдим:

– Ҳа, бор, бор. Анҳорнинг нариги бетида, деразаси устидан темир панжараси бор. “Сберкасса” деб ёзиб қўйилган.

Жавобимнинг қаери уларга таъсир қилди, сочимни силаб самимий кулдилар. – Жуда яхши, ўша ерга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномангизни ва беш сўм пул олиб чиқиб, аъзо қилишларини сўрайсиз. Улар ёзиб-чизиб бўлишгандан сўнг қўлингизга аъзолик дафтарчасини беришади. Шу дафтарчани олиб, менинг олдимга яна келасиз. – Йўлаккача кузатиб чиқдилар. Хайрлашдик. Бўлиб ўтган воқеани келиб онамларга айтдим. Онамларда ўн сўм пул бор экан.

– Беш сўмини қайтариб кел, бирон зарурат бўлса қийналиб қолмайлик, – дедилар онам.

Айтган ҳужжатларини, ўн сўм пулни кўтариб чиқдим-у, беш сўмини қайтартиб беринг, дейишга уялдим. Софа опа айтганларидек қўлимга аъзолик дафтарчасини беришди. Яна Софа опа қабулидаман.

– Яшанг, жуда зўр, ўҳу, ўн сўм қўйдингизми, мана, аъзолик дафтарчангизнинг ҳисоб рақамини ёзиб олдим, гонорар ана шу ҳисоб рақамига тушади,– дея мени кўп-кўп ёзиб, кўпроқ гонорарлар олишимга тилак билдириб қолдилар.

Уч тўрт кун ўтгач кассага чиқдим.

– Ҳозир кўрамизда, қизалоғим, аъзолик дафтарчангизни берингчи, – дея ёши улғайиб қолган касса ходими ажаб таажжуб билан менга юзландилар.

– Ўҳў, ўн уч сўм эллик тийин тушипти. Гонорарку, шеърлар ёзасизми? – кўзойнакларини сал кўтариб астойдил юзландилар.

– Пулингизни оласизми ёки кўпайиб тураверсинми?

– Онамлардан сўрайман, зарурат бўлса оламан, қачон бўлса ҳам бераверасизми?

– Ҳа, албатта.

Шу аъзолик дафтарчаси менга қирқ йилдан ортиқроқ хизмат қилди. Менга саранжомликни, тежаб ишлатишни, пулнинг қачон ва қаердан келганлигини эслатиб турувчи маслаҳатчим эди.

Болалик ушбу хотирамни “Биринчи қалам ҳақим” деб номлашимнинг бошқа сабаби бор. Мен шаҳар марказидан анча узоқда, Чиғатой дарвозаси деб номланган манзилда туғилиб, катта бўлганман. Дарвозада кичкинагина бозорча бўлиб, у доимо эрталаб соат ўнгача жуда гавжум бўларди. Сут, қатиқ, қаймоқ, узум, помидор, бодринг, қўйингки, боғ маҳсулотларининг ҳаммасини вақтли чиқиб, шу бозорчадан харид қилардик.

Бизнинг ҳовлимиз боши берк кўчанинг биринчиси, биздан сўнг яна учта хонадон бор эди. Сўнгги–учинчи хонадон Жаннат опоқиники эди. Бир куни ойим буюрган юмуш билан Жаннат опоқиникига тушсам, қўлларида конверт, йиғлаб ўтирибдилар. Нима деяримни билмай югурганимча қайтиб чиқдим-у, бу ҳолни онамларга айтдим. Бирдан ўзим ҳам йиғлаб юбордим.

– Нега йиғлайсан, тентак. Тоживой ўғли армияда, хат келган бўлса ўқиёлмай сиқилаётгандир-да, юр-чи, – дедилар-у олдинма-кейин тушиб бордик. Онамнинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди. Биз тушганда конвертни очиб, термилиб ўтирган эканлар.

Хотирам адашмаса, иккинчи синфни битирганман. Ёзги таътил, ҳали ўқишлар бошланмаган. Онам Жаннат опоқини юпатдилар. Хатни улардан олиб менга узатдилар.

– Ўқи-чи, ўқий олармикансан?

Ўқияпман. “Ассалому алайкум онажон, ада, Мубор опа, сингилларим Иқбол, Бабу”… Тутилиб, чиқаролмаган сатрларни бўғинлайман, қайтадан ўқийман. Жаннат опоқи ўрниларидан туриб олганлар.

– Жоним бўлсин сенга, вой жонингдан айланай, хат эрталаб келган эди-я, нега сенга олиб чиқмадим, қаердан ўргандинг бундай ўқишни…

Жаннат опоқи хатга қулоқ соладилар-у, мени бағриларига босиб алқаб кетадилар. Уларни юпатиш учун хатни иккинчи марта ўқидим. Болагинамнинг бешинчи ёки олтинчи хатими, уруш даврида бир этак боланинг рўзғорини ўйлабман-у, биронтаси мактаб остонасини кўрмабди, – дея яна афсусланиб гап бошлайдилар.

– Жаннат опоқи мен хат ёзиб берайми?

Шундай ҳолатга тушдиларки, илож қилсалар ручка ушлайдиган қўлимни кўксиларига қўйиб ўтирсалар.

– Сиёҳдон билан ручкангни олиб тушақол, мен айтиб тураман.

– Йўқ, мен ўзим сизни ва Жўравой тоғамнинг тилларидан қилиб ёзаман, камчиликлари бўлса тушунтирасиз, кейин оққа кўчириб бераман. – Уларга қолса, мен ёнларида ўтириб ёзсам.

– Ўзим, эрталаб олиб тушаман, – дедим-да, илтижо билан тикилиб турган кўзларидан ўзимни олиб қочдим. Фикримни тўдалаб, бир оз ўзимни ростлаб ёзмоққа ўтирдим. Ручкани яна қўяман, яна оламан. Ёзолмас эканман, дея ноумидликка тушдим. Шу онда тунда уйқуси қочиб, мен ёзиб тушадиган хатни ўқитиб эшитмоқликка зор Жаннат опоқи қаршимда тургандек бўлди.

Не кўз билан кўрайки, мен ёзмоқчи бўлган биринчи сатрларнинг биринчи ва кейинги сўзлари қоғозда қораланибди.

“Болагинам, жоним болагинам…” Ёзаяпман, мен ёзаётган сўзлар она меҳри булоғидан чиқаяпти. Анча нарсаларни ёздим чамамда. Жаннат опоқи, Жўравой тоға, опалари Муборак. Сингиллари номидан ҳам кўп ширин тўқималар тўқидим. Тонг отиши биланоқ хатни олиб тушиб ўқиб бердим.

– Вой менинг соддалигим қурсин. Сен шоира экансан-ку. Менинг ичимдаги гапларимни қаердан билдинг. Ростини айт, сен кечаси туш кўрмадингми, Мубор, Иқболларнинг гапини қандай тўқидинг. Сен уларни кўрмадинг, гаплашмадинг-ку. Мубор опангни узатиб юборганмиз, Иқбол, Бабулар холасиникига картошка ковлашга ҳашарга кетишган. Хат келганини улар эшитгани ҳам йўқ. Жўра тоғанг хатни ёстиқлари тагига қўйиб, сени кутиб ўтирибдилар, тушса менга ҳам ўқиб беради, деб. Ўзинг ёзган жавоб хатингни яна ўқи, асал қизим яна бир марта ўқи.

Бу сафар оналарнинг овози каби сокинлик билан ўқирканман, дам-бадам Жаннат опоқига кўзимнинг қирини ташлаб қўяман. Улар мамнун, мен хурсанд уйга чиқдим.

Тушлик учун тайёргарлик қилаяпман. Елпираб, этакларининг барини липаларига қистириб, кичикроқ тоғорачага алланималарни солиб. устига сочиқ ёпиб чиқиб қолдилар.

– Аммажон (онамларга шундай деб мурожаат қилардилар), илоё шу қизингизнинг роҳатини роҳатда кўринг. Кўзида нам, чеҳрасида ғам кўрмайлик бу қизни. Тоживойга ёзган хатини сизга ўқиб бердими? Конвертни ёпмасингдан олдин ҳаммамизга яна бир ўқиб бергин, қизим.

Шу пайт бизнинг кўча эшик очилгандек бўлди. Жаннат опоқининг ҳашарга кетган қизлари келишибди чамамда.

– Худо хоҳласа Тоживойим хизматдан қайтгач, суюнчини шу қизимга, сарполарни сизга олиб чиқаман, аммажон. Тоживойдан хат келса ҳам, унга хат ёзсак ҳам энди хотиржамман, – деганича йўлйўлакай гапириб кетди.

Жаннат опоқини кузатиб, сочиқ ёпилган тоғорачани очдик. Иккита пишган тухум (совиб улгурмаган) битта пиёлада тут мураббо, яримта қатлама ва бир кесим чуррак нон. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳашардан қайтган Бабу қизлари кичикроқ халтачада картошка ташлаб кетди. Йиллар ўтди. Уруш давридаги турмуш ва рўзғорнинг оғирчилиги орқада қолди. Секинлик билан бўлса-да, уруш жароҳатини кўрган, уруш туфайли ота сўзини талаффузига зор ўсган болаларнинг ҳам орқаси офтоб кўрди. Мен ўз фаолиятим давомида матбуот, радио, телевидение, илмий анжуманларда қилган маърузаларим туфайли ўн тўрт ёшимда очилиб, ҳисоб рақамимга тушган қалам ҳақларнинг ҳаммасидан усти сочиқ билан ёпилиб чиққан “қалам ҳақи”ни аъло кўраман ва Жаннат опоқидек аёлларнинг фарзандларига ва қўшни болаларга бўлган меҳрини ҳамон ва ҳар лаҳзада қўмсайман.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации