Электронная библиотека » Жаъфар Термизий » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Қуёш сийрати"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Жаъфар Термизий


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 4 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Муҳаммад, Жаъфар
Қуёш сийрати

ИШҚ СУВРАТИ ВА СИЙРАТИНИНГ ТАСВИРИ

Истеъдод – илоҳий неъмат. Унинг жилваси зуҳур этган инсонда ҳаловат йўқолади. Истеъдод соҳиби қалби амр этган жабҳани забт этмагунча тиниб-тинчимайди. Бирини забт этса, иккинчисига ошиқади. Бундай жабҳалар туганмас… Жаъфар Муҳаммад Термизий ҳам ана шундай истеъдод эгаси. Ёшлигидан мумтоз шеърият асири бўлган бу йигит илмда ҳам энг мураккаб бўлган ирфон фалсафаси ва тасаввуф шеърияти таҳлилига қўл уриб, фавқулодда синчковлик билан юқори даражада уддалади. Унинг “Жомий ва “ваҳдат ул-вужуд” таълимоти” номли тадқиқоти – монографияси олимга чинакам шуҳрат келтирди. Бугунги кунда у нафақат зукко олим, балки истеъдодли шоир сифатида ҳам эл-юртга танилиб, кўплаб мухлисларнинг эътирофига сазовор бўлди.

Жаъфар Муҳаммад – зуллисонайн шоир. Классик шоирларимизнинг анъаналарини давом эттириш истагида форс-тожик ва ўзбек тилларида узоқ йиллардан бери ижод этиб келади. Ўзи Тошкентни ватан тутган бўлса-да, шеърлари Тожикистон, Эрон ва Афғонистонда анчайин машҳур. Унинг 2011 йилда Теҳронда нашр этилган “Ҳануз ишқ…” номли форсий шеърлари ва ғазаллари сайланмаси бунинг яққол мисолидир.

Эътиборингизга тақдим этилаётган “Қуёш сийрати” номли шеърлар тўплами Жаъфар Муҳаммаднинг навбатдаги ўзбек тилида яратилган шеърларидан таркиб топган. Ундаги шеърлар, ғазаллар, қасидалар ва таржималар шоирнинг узоқ муддатли кузатишлари ва ижодий заҳматлари эвазига яратилган бўлиб, мустақиллик шароитида ўз миллий қадриятларимизнинг тикланаётганлиги, мумтоз адабиётимизга хос анъаналарнинг барқарор давом этаётганлигидан, шунингдек, муаллиф тили ва услубининг ўзига хослигидан далолат бериб турибди. Шоирнинг “Қалбдаги қуёш” ва “Кечиккан сўз” номли туркум шеърлари ҳамда “Қуёш сийрати” номли балладаси замонавий руҳда яратилган бўлиб, уларда Ватан рамзлари, тарихий хотира, самимий ва пок муҳаббат, табиат тасвири, инсон ва ҳаёт моҳияти, инсоний муносабатлар, одоб-ахлоқ мавзулари фалсафий мушоҳадалар орқали бадиий тарзда ёритиб берилган. Жаъфар Муҳаммад шеърларда инсон меҳнатини улуғлаш, руҳият манзараларининг нозик қирраларини англаш, ўз тафаккури чиғириғидан ўтказиб, уларни шеърий мисраларда сўз дурлари сифатида тизиб, китобхон онгу шуурида такрорланмас поэтик қиёфаларни жонлантириш ва бадиий-эстетик завқ бағишлаш маҳоратига эга эканлигини кўрсата олган. Шоир томонидан ўринли қўлланилган ҳар бир жумла, ҳар бир сатр кенг кўламли маънони ифодалаб, китобхонни ўйлашга, теран мушоҳада юритишга, ўз кўнгли тубига назар солишга ундайди. Зеро, ижодкорнинг мақсади, халқ эътирофига сазовор бўлишини таъминловчи хусусият ҳам шунда.

Маълумки, бадиий асарнинг асосий вазифаси – бу инсонни маънавий покликка етаклаш, уни жамиятга фойдаси тегадиган эзгу ишларни амалга оширишга йўллаш ва уни Комил инсонга хос хулқу атвор, фазилатлар эгаси қилиб камол топишига кўмаклашишдан иборатдир. Айнан мазкур хусусиятлар Жаъфар Муҳаммад ғазалларида етакчилик қилади. Айниқса, “Ул қалам қошим…”, “Сен қайдасан, мен қайдаман?”, “Бобораҳим Машраб ҳасрати”, ”Шарҳ ат-таъарруф”, ”Жонондан сўра”, “Ибрат олмадинг”, “Нури ҳайрат”, “Ишқ”, “Келдим яна”,”Сенга айтар бир сўзим бор”, ”Юрак” каби ғазалларда инсон руҳияти сарҳадлари кенглиги, ошиқ инсон маънавий оламининг сеҳрли гўзалликларга, сир-синоатларга бойлиги, ишқ тушунчасининг илоҳийлиги, тасаввуфий талқини мумтоз адабий мезонларга амал қилган ҳолда китобхонга ҳадя этилади.

Жаъфар Муҳаммад ўз ижодида бир томондан мумтоз шоирлар ижодига хос анъаналарни давом эттирган бўлса, бошқа томондан ўз мустақил фикрларини, фалсафий-дидактик қарашларини, инсоният яралгандан буён бадиий ижоднинг гултожи бўлиб келган ишқ талқинининг ўзига хос бадиий тасвирини чиза олган. Ғазалларда Алишер Навоий анъаналарига эргашиш, улуғ шоир асарларидан таъсирланиш сезилиб туради. Шоир ана шулардан руҳланиб, ўзининг “Ноқис ғазалига мухаммас”ини яратган.

Жаъфар Муҳаммад Термизий ижодининг салмоқли қисмини қасидалар ташкил этади. Унинг “Истиқлол қасидаси”, “Сурхон қасидаси”, ”Бухоро қасидаси”, “Ифтихория”, “Элим”, “Наврўзона”, “Бойсун қасидаси”, “Ўзбек тилим, давлат тилим” ва “Баҳор қасидаси” каби қасидаларида мустақил Ватандан фахрланиш, инсоний туйғуларни улуғлаш ғоялари яққол кўзга ташланади. Қасидалардаги миллий истиқлол ғояларини тараннум этувчи теран фалсафий мушоҳадалар, ахлоқий қадриятларнинг поэтик тавсифи ва муаллифнинг уларга бўлган муносабати, нозиктаъб сўз санъаткори сифатидаги ёндашуви ўз бадиий қиёфасига эга бўлган. Шоир қасидаларида юрт гўзаллиги, табиат тасвири, инсоний муносабатлар, ошиқона ҳис-туйғулар, ахлоқий-фалсафий фикрлар асарнинг сюжет чизиғида ўзаро боғланиб, бир-бирини тўлдирувчи занжир ҳолида қасиданинг ғоявий руҳига мослашиб кетади ва юксак бадиий-эстетик таъсирчанлик юзага келади.

Жаъфар Муҳаммаднинг ҳам ўзбек, ҳам форс-тожик тилларида яратилган шеъру ғазалларида инсоният бадиий тафаккурининг азалий ва абадий мавзуси – ишқ, ишқнинг поэтик образлари алоҳида ўрин тутади. Шоир ижодида Ватанга бўлган муҳаббат мавзуси гоҳида ёр ишқи билан, гоҳида инсониятга бўлган муҳаббат оҳанглари билан қоришиб кетади ва кўз ўнгимизда ўзига хос манзараларни гавдалантиради. У ишқнинг янги қирраларини, янги поэтик образ ва маъноларини кашф этишга интилади ва маълум даражада бунга эришади ҳам.

Жаъфар Муҳаммад нафақат шоир, балки моҳир таржимон ҳамдир. Китобнинг шоир таржималаридан намуналар келтирилган фасли “Ишқ таржимони” деб номланган. Бу фаслда Жаъфар бин Муҳаммад Рўдакий, Шайх Саъдий Шерозий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Нойиб Бухорий ғазалларидан қилинган таржималар ўрин олган. Айниқса, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Девони кабир”идан қилинган таржималар китобхонда яхши таассурот қолдиради, уларни мутолаа қилган ўқувчига олам-олам завқ бағишлайди. Шоирнинг Рўдакий ва Саъдий шеърларини таржима қилишдаги ўзига хос ёндашуви унинг Шарқ мумтоз адабиёти хусусиятлари, бадиий ижоднинг нозик масалаларини яхши билишини яна бир карра исботлайди.

Жаъфар Муҳаммад Термизийнинг ижодий изланишлари давом этаяпти. Унинг бадиий ва илмий ижодига баркамоллик тилаб қоламиз.

Шуҳрат Сирожиддинов,
филология фанлари доктори, профессор,
Адабиёт соҳасида 1-даражали
Давлат мукофоти лауреати

ҚАЛБДАГИ ҚУЁШ

СЕНСИЗ БЎЛГУМ ВАТАНДА ҒАРИБ…
 
Сенсиз руҳим бу танда ғариб,
Қаранийдек Яманда ғариб.
Мен Ватанни Сен билан севдим,
Сенсиз бўлгум Ватанда ғариб.
 
 
Сен Ватаннинг юзисан, эй Ёр!
Камон қоши, кўзисан, эй Ёр!
Мен Ватанни Сен билан севдим,
Сен Ватаннинг ўзисан, эй Ёр!
 
 
Сен бирла мен ғариб эмасман,
Севгидан бенасиб эмасман.
Мен Ватанни Сен билан севдим,
Чунки Сенсиз ҳабиб эмасман.
 
 
Сен орзуйим, тилагимсан, Ёр!
Фариштамсан, малагимсан, Ёр!
Мен Ватанни Сен билан севдим,
Чунки менинг юрагимсан, Ёр!
 
Тошкент, 2010 йил
КЕЧИРИМ
 
Муҳаббатнинг эртаклигини,
Учрашувлар эрмаклигини,
Аҳду паймон чўпчаклигини,
Англаб, куйиб-ёнган тунларим,
Шеъриятдан тонган тунларим –
Рухсат беринг, кечирим сўрай!
 
 
Интизордан кўзлар толганда,
Ғам-андуҳлар соя солганда,
Муҳаббатдан кўнглим қолганда,
Ер қучоқлаб ётган тунларим,
Шеъриятни сотган тунларим –
Фурсат беринг, кечирим сўрай!
 
 
Ёр кўнглига ўт ёқолмасдан,
Уқтиролмай ё уқолмасдан,
Ҳақиқатга тик боқолмасдан,
Севгига ўт қўйган тунларим,
Шеъриятдан тўйган тунларим –
Муҳлат беринг, кечирим сўрай!
 
 
Дўст деганим сотиб кетганда,
Дил андуҳга ботиб кетганда,
Дийдаларим қотиб кетганда,
Ўпирилиб, кўчган тунларим,
Шеъриятдан кечган тунларим –
Журъат беринг, кечирим сўрай!
 
Тошкент, 2010 йил
ТАЗОД
 
Бухорога келган зот
Хожа Юсуф Ҳамадонийдек
Бухоронинг
      юрагида
             қолиб
                  кетади.
Бухородан кетган зот
Абу Али Сино сингари
Бухорони
      юрагида
            олиб
                  кетади…
Кошкийди, мен ҳам
Бухоронинг
      юрагида
            қоли-и-б
                  кетсам,
Бухорони
      юрагимда
            оли-и-б
                  кетсам!
 
Тошкент, 2010 йил 3 сентябр
ЎТИНЧ

Шарофат Эрматовага


 
Кел,
Кел, эй Хазонрез!
Донишманд бир ҳаким
суратида кел!
Ё одил бир ҳакам
сийратида кел!
Қовушмай кетмоқда
калималарим…
Сўзимни
      сўзимга
            таништириб кет,
Яраштириб кет!
 
 
Кел,
Кел, эй Хазонрез!
Қумзорда бедарак
йўқолиб кетган
изимдан бир чимдим
пайғом олиб кел!
Булутлар шаҳридан,
Армон юртидан
севгидан ясалган
бир жом олиб кел!
Бири Шарқ,
Бири Ғарб
 
 
томон йўл олган
изимни
      изимга
            таништириб кет,
  Яраштириб кет!
 
 
Кел,
Кел, эй Хазонрез!
Дардларимни сенга сочайин,
Сирларимни сенга очайин:
Юз кўрмас бўлмасдан
бу икки юзим,
Юзимни
      юзимга
            таништириб кет,
Яраштириб кет!
 
 
Кел,
Кел, эй Хазонрез!
Зардўзи тўнингни яна кийиб кел!
Зарҳалда ёзилган заррин хатингни
Бойсунтоғ бағрига яна ўйиб кел!
Бир-бирин кўришга
Кўзи бўлмаган,
Кўзимни
      кўзимга
            таништириб кет,
Яраштириб кет!
 
 
Кел,
Кел, эй Хазонрез!
Менки, бир суғдийман
ва ҳам бир туркий,
Менки, ҳам Навоий
ва ҳам Рўдакий,
Сарҳисоб фаслида
бегоналашган,
Ўзимни
      ўзимга
            таништириб кет,
Яраштириб кет!
 
Тошкент, 2011 йил 20 сентябр
ХАЗОНРЕЗ ЎТИБ КЕТДИ…
 
Бир ғазал ёзолмадим,
               хазонрез ўтиб кетди.
Ўзимдан ўзолмадим,
               хазонрез ўтиб кетди.
 
 
Бойсунимнинг тоғидан,
               муҳаббат чорбоғидан,
Бир олма узолмадим,
                 хазонрез ўтиб кетди.
 
 
Қўлимда қалам қотди,
               кўнглимда алам қотди,
Дардимни ёзолмадим,
               хазонрез ўтиб кетди.
 
 
Мастона муҳаббатдан,
               девона муҳаббатдан,
Бир девон тузолмадим,
               хазонрез ўтиб кетди…
 
Тошкент, 2011 йил, 15 октябр
БИР НАФАС
 
Тушимда меҳмон бўл,
                       бир он, бир нафас.
Дардимга дармон бўл,
                       бир он, бир нафас!
Тупроқдан яралган
                   осий инсонман,
Эй малак! Инсон бўл,
                     бир он, бир нафас!
 
 
Қалбимга малҳам бўл,
                     бир дам, бир нафас,
Мен бирла бирдам бўл,
                     бир дам, бир нафас!
Мен Одам Атодан
                 қолган ёдгорман,
Эй малак! Одам бўл,
                 бир дам, бир нафас!
 
Тошкент, 2011 йил
ЎЧИРИШ
 
Муҳаббатим мусаффо эди,
Ҳам пок эди туйғу-ҳисларим.
Юрагимга жавоб ёзмадинг,
Эссиз, ёзган эсэмесларим!
 
 
Ўчираман энди исмингни,
Телефоним сим картасидан.
Аммо қандай қилиб ўчирай
Уни қалбим харитасидан?!
 
Тошкент, 2011 йил
ДАРЁ ҚЎШИҒИ

Акрам Абдуалимовга


 
Майли,
Кел, тупроқ торт бошимга,
зилол борлиғимни балчиққа ботир.
 
 
Майли,
Ёғ қоплаган юзингни менда
ювганларингни
этма юз хотир.
 
 
Майли, йўл беришни истама менга,
Майли, қўл беришни истама менга.
Майли,
Мени ботқоққа ботир.
 
 
Аммо мен
барибир
қаро ернинг совуқ бағридан
сизиб-сизиб чиқавераман.
Юрагимнинг харитасини
чизиб-чизиб чиқавераман.
 
 
Майли,
Зил-замбилдай
туҳмат орт бошимга,
Сементда қотир.
 
 
Йўлларимни тўсиб қўй, майли,
Қулоғимни чўзиб қўй, майли.
Ўзанимни ўзгартир.
 
 
Аммо мен
барибир
юракларда
қўшиқ бўлиб-қўшиқ бўлиб оқавераман.
Саҳроларга
ошиқ бўлиб-ошиқ бўлиб оқавераман.
 
 
Мен,
Менга ташналаб,
Йўлимга интизор
қовжираб ётган
дашту чўлларга
тириклик пайғомин
йўлловчи
Абадий Йўловчи –
Дарёман.
 
 
Мен,
Сен ҳеч қачон билмаган
Дунёман…
 
Тошкент, 2012 йил
УРГАНЧ ВАСФИДА
 
Бу кубро11
  Олами кубро – катта олам.


[Закрыть]
оламда олами суғро22
  Олами суғро – кичик олам.


[Закрыть]
,
Хоразмшоҳ қўлида мангу бир туғро,
Бағрингда жон бермиш Нажмиддин Кубро,
“Авесто”дан оққан ирмоғим – Урганч,
Орифлар яратган гулбоғим – Урганч!
 
 
Қаддингни букдилар, букилмадинг ҳеч,
Кўкка бўй чўздинг-у, тўкилмадинг ҳеч,
Оёғинг тойди-ю, йиқилмадинг ҳеч.
“Авесто”дан оққан ирмоғим – Урганч,
Орифлар яратган гулбоғим – Урганч!
 
 
Шарафлар йўлладинг ул Паҳлавонга33
  Паҳлавон Маҳмуд.


[Закрыть]

Мард бўлиб, мард ўлган шонли ўғлонга,
Донғингни таратган Ҳинду Эронга…
“Авесто”дан оққан ирмоғим – Урганч,
Орифлар яратган гулбоғим – Урганч!
 
 
Шамширлар чақнади бошингда хунрез,
Ҳаттоки тан берди ўғлингга Чингиз.
Жалолиддин44
  Жалолиддин Мангуберди.


[Закрыть]
кетди, кетмади беиз,
“Авесто”дан оққан ирмоғим – Урганч,
Орифлар яратган гулбоғим – Урганч!
 
 
Ғозийлар отаси – Абулғозихон,
Қайтадан айлади сени гулистон,
То дунё бор экан, сен ҳам бўл омон,
“Авесто”дан оққан ирмоғим – Урганч,
Орифлар яратган гулбоғим – Урганч.
 
 
Эй Аму фарзанди, чўлдаги чаман,
Сулаймон Отага муқаддас Ватан!
Эй рашки Фарангу55
  Фаранг – Француз. Мақсад: Ғарб.


[Закрыть]
эй рашки Хўтан66
  Хўтан – Хитойдаги хушбўй мушки билан машҳур бўлган жой. Мақсад: Шарқ.


[Закрыть]

“Авесто”дан оққан ирмоғим – Урганч,
Орифлар яратган гулбоғим – Урганч!
 
Тошкент, 2012 йил 15 феврал
МЕНИНГ ШАҲРИМ…

Бир чет эллик меҳмон мендан сўраган эди:

“Сизларда ҳам тамаддун бўлган экан-да?”


 
Сенинг шаҳринг – Париж ё Лондон,
Менинг шаҳрим – Тошкент, Самарқанд.
Сенинг шаҳринг сендан йироқда,
Менинг шаҳрим мен билан пайванд.
 
 
Сенинг шаҳринг Мадрид ё Римдир,
Менинг шаҳрим – Термиз, Бухоро.
Сенинг шаҳринг балким қадимдир,
Менинг шаҳрим азалдан барпо.
 
 
Сенинг шаҳринг – қуруқ сармоя,
Менинг шаҳрим – маъно уммони.
Сенинг шаҳринг фойдаларга кон,
Менинг шаҳрим – ирфон макони.
 
 
Сенинг шаҳринг – сохта илтифот,
Менинг шаҳрим – самимий суҳбат.
Сенинг шаҳринг – бир финжон қаҳва,
Менинг шаҳрим – хайру саховат…
 
 
Келсанг, кел-у, ҳеч қачон кетма,
Тарихимдан бир шингил билмай!
Билмасанг ҳам, ҳеч қачон келма,
Ботинингда таҳорат қилмай!
 
Тошкент, 2012 йил 4 март
ҚИШГА ХИТОБ
 
Қулоғимга пичирлайвер, пичирлайвер, Қиш,
Сабримни ҳам сибирлайвер, сибирлайвер, Қиш!
Ерга оёқ босганимда аччиғинг чиқиб,
Тишларингни ғижирлатиб, ғижирлайвер, Қиш!
 
 
Ҳалигача кетмоқчимас ажуз-жинларинг,
Деразамда музлаётган изғиринларинг.
Шартномага босилгандай қотиб қолибди,
Дарахтларга муҳрлаган оқ ажинларинг.
 
 
Майли, ўйнаб, қизигандан-қизийвергин, Қиш!
Кўзларингни айёрона сузавергин, Қиш!
Муз Малика салтанати ҳудудларида
Муддатингни Наврўзгача чўзавергин, Қиш!
 
 
Қавс бўлиб, Ҳут бўлсанг ҳам, Ҳамал келади,
Ҳамал келса, деҳқонга ҳам амал келади.
Наврўзимнинг йўлларини тўса олмайсан,
Наврўз билан бирга шеъру ғазал келади!
 
 
Бир-икки кун меҳмон бўлсанг, бўлавергин, Қиш!
Бармоғингни бигиз қилиб, кулавергин, Қиш!
Лекин бир гап: Қуёш суйган юрт даргоҳига
Баҳор келди! Сочларингни юлавергин, Қиш!
 
Тошкент, 2012 йил 19 март
СОҒИНИШ
 
Бир юрак хўрсиниш… сени соғинмиш,
Бир туйғу… Нотаниш сени соғинмиш.
 
 
Бир олма муҳаббат, бир гул ифода,
Бир жумла ийманиш, сени соғинмиш.
 
 
Бир чаман саодат, бир боғ нафосат,
Бир шаҳар айланиш сени соғинмиш.
 
 
Бир ғазал ташналик, бир қалам калом,
Бир содда соғиниш, сени соғинмиш.
 
 
Бир қараш иштиёқ, бир назар андуҳ,
Бир чеҳра юзланиш… сени соғинмиш.
 
 
Бир оқшом сукунат, бир шуъла умид,
Бир бурчак изланиш, сени соғинмиш.
 
 
Бир нигоҳ изтироб, бир садо титроқ,
Бир вужуд талпиниш… сени соғинмиш.
 
Тошкент, 2012 йил 29 март
МЕНИ ЁЗИБ ТУГАТМА…

Устоз Нарзулла Жўраевга


 
Мени кашф эт:
Мен –
Ҳали ҳеч қандай
Қизил,
Яшил,
Бинафш
Ақл
Кашф этолмаган
Улуғ маъданман,
Пинҳона конман.
 
 
Мени чиз
Ва оҳори ҳеч тўкилмаган
Рангин сўзларда
Тасвирлаб бергин:
Мен –
Борлиқнинг безаги,
Табиат нақши,
Коинот жониман,
Ҳаёт қониман.
 
 
Мени тафсирла:
Мен –
Худонинг энг улуғ ояти –
Ҳужжати,
Хилқати,
Сир-синоатиман.
Мени таништир:
 
 
Мен –
Нотаниш орзу,
Нотаниш туйғу,
Нотаниш йўловчи,
Маъноларнинг зич ўрмонида
Пайпаслаётган
Нотаниш овчиман.
 
 
Мени қўшиқ сингари куйла:
Мен –
Томирларга ҳаёт қонини
Сингдирадиган
Илоҳий оҳангман,
Ошиқ қўшиқман.
 
 
Мени авайлаб,
Варақлаб,
Мутолаа қил:
Мен –
Шўроларнинг қизил жаҳлидан
Ерда кўмилган
Ва омон қолган
Минг йиллик девонман.
 
 
Мени ўйлаб
Тафаккур айла:
Мен –
 
 
Тафаккурга маҳкум этилган
Олий хилқатман,
Яъни, Инсонман!
 
 
Мени ёз,
Мисраларда тиз.
Ва менинг
Қайғуларим, қувончларимдан,
Туйғуларим, ишончларимдан
Буюк Девон туз!
 
 
Мени ёз:
Аммо,
Ҳеч қачон
Ёзиб тугатма,
Эй ШЕЪР!
 
Тошкент, 2012 йил 30 март
“ВАҚТ”НИНГ ЁРУҒ КУНЛАРИ

Шогирдим Баҳодир Баротовга


 
Вақт бир табиб –
             У ҳар бир дардни
                          дармон айлайди.
Вақт бир денгиз –
             У оддий тошни
                          маржон айлайди.
Вақт бир боғбон –
             У биёбонни
                          бўстон айлайди.
Вақт бир соҳир –
             У бир мушукни
                          қоплон айлайди.
Вақт бир полвон –
             У улкан тоғни
                          талқон айлайди.
Вақт бир ҳакам –
             У мушкулларни
                              осон айлайди.
Вақт бир устоз –
             У хом шогирдни
                              инсон айлайди.
 
Тошкент, 2012 йил 11 апрел
ЭРТАККА ҚАЙТИШ
 
Аловиддин!
Чироқ сенга аталгандир,
дафина ҳам,
мамлакат ҳам,
малика ҳам,
хазина ҳам!
Бундан кейин мағрибийнинг гапларига
қулоқ солма!
 
 
Оппоғойим!
Ҳусну жамол сеникидир,
латофат ҳам,
шаҳзода ҳам,
муҳаббат ҳам,
саодат ҳам!
Бундан кейин ялмоғизнинг қўлларидан
олма олма!
 
Тошкент, 2012 йил 25 сентябр
ЎЗБЕК ДЕҲҚОНИ

Изатулло Жабборовга


 
Сенинг бошинг тошдан-да қаттиқ,
Гулдан нозик аммо юрагинг.
Сенинг руҳинг – бепоён саҳро,
Аммо, Амударё юрагинг.
 
 
Соддалигинг – сенинг мўъжизанг,
Хоксорлигинг тилларда достон.
Она тупроқ каби камсуқум,
Аммо, ору номусинг – осмон.
 
 
Юзларингдан ранг олар ҳиммат,
Кўзларингдан нур олар бардош.
Кундузлари қуёш йўлдошинг,
Кечалари ой сенга сирдош.
 
 
Пахта очар куртак қалбингдан,
Пишгай кафтинг тафтида буғдой.
Мен дунёни айланиб чиқдим,
Тополмадим сендек Ҳотам Той.
 
 
Қанот очсанг, сиғар беармон,
Қучоғингда Алпомиш тоғлар.
Бас келолмас сенга олтмиш алп,
Сендан олар тарих сабоқлар.
 
Термиз, 2012 йил сентябр
ЮРАГИМДА ҲИЛПИРАГАН БАЙРОҒИМ…

Аҳмад Хўжаевга


 
Булбуллари кеча-кундуз сайроғим,
Осмондаги ойдин ойдан ойроғим,
Юрагимда ҳилпираган байроғим,
Отажоним, Қайроғим,
Онажоним, Қайроғим!
 
 
Бойсун агар кўз бўлса, сен қошисан,
Бойсун бўлса тарози, сен тошисан,
Дуобанинг энг яқин қардошисан,
Отажоним, Қайроғим,
Онажоним, Қайроғим!
 
 
Фарҳодтоғда макон қурган Фарҳодим,
Мозийлардан етиб келган фарёдим,
Жаннатмакон юртдаги гулободим,
Отажоним, Қайроғим,
Онажоним, Қайроғим!
 
Тошкент, 2012 йил
НОМЛАНМАГАН ШЕЪР
 
…Заъфарон япроқлар…
Арғувон боғлар…
Меҳрибон жилғалар…
Паҳлавон тоғлар…
 
 
Мунғайганча сақлайди сукут
нигоҳлари анҳор тубига
илдиз отган,
кўпни кўрган чол –
Мажнунтол…
 
 
Ҳувиллаб эсмоқда
юрагимнинг шўристонида
ҳеч кимсиз,
ва ҳеч кимсасиз
дайди бир шамол…
 
 
Дунё кетаётир
ўзининг тезюрар поездларида
Машриқдан Мағрибга,
жанубдан Шимолга қараб.
 
 
Дунё учаётир
ўзининг кайҳоний кемаларида
шамолга қараб…
 
 
Дунё кетаётир
кетгандек хаёл
бир зумда Машриқу Мағрибни кезиб.
 
 
Агрегат тишидай юраккинамни
бир киприк қоққунча
анордай эзиб…
 
 
Дунё учаётир
чап кипригимдай
тинимсиз,
унумсиз,
тўхтамай бир пас.
Эртага билмайман,
нелар кутмоқда
бечора қалбимни,
бир кас
ё нокас…
 
 
Дунё ўтаётир
Онамнинг юзида
очилаётган
ажинлар билан.
Отамнинг кафтидан
сочилаётган
оминлар билан…
 
 
Дунё ўтаётир
интернет деган
чексизу ҳудудсиз
галактикада
нурдан-да шиддатли
суръатлар билан.
 
 
Майлру,
Фейсбук
Яндексларга
йўл олган шафқатсиз
соатлар билан…
 
 
Дунё ўтаётир
мен билан
менсиз.
Дунё ўтаётир
гоҳида
сен билан
сенсиз…
 
 
… Заъфарон япроқлар…
Арғувон боғлар…
Шоира жилғалар…
Файласуф тоғлар…
 
Тошкент, 2013 йил
БАС!
 
Туфроқдан яралдим,
                  туфроққа қайтгум…
Қалбимни осмонмас,
                  туфроқ билса, бас!
Майли, сен англама,
                    мени, эй инсон,
Руҳимни бир куни
                    яфроқ билса, бас!
 
Тошкент, 2013 йил 13 май
СЕН ФАРИШТА ЭМАС, ОДАМ БЎЛ
 
Сени гўзал қилиб яратган
Оллоҳимга минг ҳамду сано.
Аммо, нечун меҳру шафқатдан
Сени этмиш мутлақ мосуво?
 
 
Сен ўзингга ошиқсан, ошиқ,
Сен ўзингга шайдосан, шайдо.
Мен Мажнунни доғда қолдириб,
Сен ўзингга Лайлосан, Лайло.
 
 
Сенда юрак не қилсин, зеро,
Фариштада бўлмагай юрак.
Сен фаришта эмас, одам бўл,
Токи сени алқасин малак.
 
Тошкент, 2013 йил 3 феврал
ЭНДИ ЮРАК КЎТАРОЛМАЙДИ…
 
Энди юрак кўтаролмайди
Бундан буён ҳижронларингни.
Менга ўзинг кераксан, нетай,
Эсемэслар, телфонларингни.
 
 
Чекинади узлатга сокин
Соғинчлардан чарчаган руҳим.
Фэйсбукдан ёзган чатингдан
Аримагай тоғдай андуҳим.
 
 
Қон-қонимга кетмоқда сингиб
Ярим тунда қаҳваранг чарчоқ.
Мен… сигарет… кўкимтир тутун…
Алоуддин… жин ва жинчироқ…
 
 
Қанийди, оҳ, минг бир кечадан,
Бир кечамни безатсанг, санам.
Мен шаҳзоданг эмасман, афсус,
Шаҳризодам эмассан сен ҳам.
 
 
Парчаланар мониторларда
Соғинч деган латиф бир туйғу…
Энди жинлар каби жимирлар
Тармоқларда қувонч ва қайғу…
 
 
Оҳ, бу дунё нақадар ҳам тор,
Оҳ, бу дунё нақадар кичик!
Бўлганингда ёнимда, билсанг,
Бўлар эди дунё ҳам йирик.
 
 
Мана, келдинг, кечиккан севги
Юрагимга яна ўт ёқиб.
Мен ҳам келдим… Қалбимда ғазал
Эллик ёшнинг эшигин қоқиб…
 
 
Муҳаббатнинг соғинчларини
Кетди менга ёшлигим ташлаб…
Энди юрак кўтаролмайди,
Бундан буён, шу ондан бошлаб…
 
Тошкент, 2013 йил 8 феврал
СЕН ҚАЙДАСАН, ҚАЕРЛАРДАСАН?
 
Сен қайдасан,
       қаердасан,
              қаерлардасан,
Ҳаётимда
       ҳангомалар
              бошлаб кетган Ишқ?
Сен қайдасан,
       қаердасан,
              қаерлардасан,
Ёшлигимни
       лолазорда
              ташлаб кетган Ишқ?
Сен қайдасан,
       қаердасан,
              қаерлардасан,
Севгилимнинг
       қулоғини
              тишлаб кетган Ишқ?!
Сен қайдасан,
       қаердасан,
              қаерлардасан,
Юрагимнинг
       қишлоғида
              қишлаб кетган Ишқ?
Сен қайдасан,
       қаердасан,
              қаерлардасан,
Ёргинамнинг
       кўзларини
              ёшлаб кетган Ишқ?
 
 
Сен қайдасан,
       қаердасан,
              қаерлардасан?
 
 
Орзуйимнинг
       қўлларидан
              ушлаб кетган Ишқ?
 
 
Сен қайдасан,
       қаердасан,
              қаерлардасан?…
 
Тошкент, 2013 йил 9 феврал
МАЙЛИ, СИНСИН ҚАЛАМИМ…
 
Юзларингда ой сузар сокин,
Кўзларингда ўй сурар малак.
Атрофингда фақат мен эмас,
Атрофингда айланар фалак.
 
 
Сен аслида ўнгим эмассан,
Мен уйғониб кетган ширин туш.
Қушлар жануб томон талпинса,
Мен – жанубдан учиб келган қуш.
 
 
Бир-бир терар сенинг хаёлинг
Кўзларимдан уйқуларимни.
Териб, маржон айласанг эди,
Юракдаги туйғуларимни.
 
 
Мен муҳаббат майидан мастман,
Айт, майидан қуймасин соқий.
Майли, нима деса розиман,
Мен – шаҳарлик бўлган қишлоқи.
 
 
Мен шимоллик бўлишим мушкул,
Кел, учайлик бирга жанубга.
Кўзларингга мафтунман, гарчи
Лутф айламас мендек ғарибга.
 
 
Осмон қулаб ерга тушмасди,
Ғарибингга бир қиё боқсанг.
Ёришарди, хуфтон кўнглига
Етмиштамас, бир чироқ ёқсанг.
 
 
О, сени деб не-не тунларни
Уламади у саҳарларга.
О, сени деб, сени, сени деб,
Йўлиқмади не хатарларга…
 
 
Қийнамоқда ширин фироқинг
Шому саҳар кўнгил ва мени.
Аммо нетай, бу қайсар юрак
Сени дейди ва яна сени…
 
 
…Юзларингдан ой олар чирой,
Кўзларингдан нур олар қуёш.
Майли, синсин қаламим, агар
Васф этмаса сени, қаламқош!
 
Тошкент, 2014 йил 18 апрел

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> 1
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации