Текст книги "Қуёш сийрати"
Автор книги: Жаъфар Термизий
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 4 страниц)
ТУШ
Бир туш кўрибман,
Каттакон бир туш.
Таъбирини сиғдирмас ҳатто
Лаби Ҳавз сингари ҳовуз.
Анҳор эса тараллибедод
Қўшиқ куйлаб кетмоқда ёлғиз.
Бир туш кўрибман,
Таъбирига мавжудот ожиз.
Қайдасан дарё?
…Қайдасан, денгиз?
ҚАРАМАДИНГ
Юрагимни чизиб бердим, қарамадинг,
Харитасин тузиб бердим, қарамадинг.
Форсий тилда айтолмаган дардларимни,
Туркийда ҳам ёзиб бердим, қарамадинг.
Қарамадинг, индамадинг, инонмадинг,
Юраккинам қонлар ютди, ҳеч қонмадинг.
Муҳаббатдан дунё хасдек ёниб кетди,
Сен тошданми, темирданми, ҳеч ёнмадинг?
Гар куй бўлсанг, қайси тордан таралгансан?
Кўзгу бўлсанг, қай томонга қаралгансан?
Бойсундаги ҳар бир тошнинг юраги бор,
Сен қайси тоғ тошларидан яралгансан?
Юрагимни узиб бердим, қарамадинг,
Орзуйимни сузиб бердим, қарамадинг.
Ўтмишимни, кечмишимни бошдан оёқ,
Вайронадек бузиб бердим, қарамадинг.
ГАДОЛИК
Шоҳмизми ё гадо, барчаси бекор –
Бандаи ожизмиз, Худо эмасмиз.
Фақир ҳам бўлсак-да, Ватан бағрида,
Ҳеч қачон бенаво, гадо эмасмиз.
Бу кўҳна бозорда гадолар бисёр:
Кимдир гул гадоси, пулгадо кимдир.
Кимдир нонга, кимдир тирноққадир зор,
Мансабу маснаддан мосуво кимдир.
Билсангиз, аслида менга ҳам мерос,
Энг яхши гадолик – сухангадолик.
Ҳеч кимга қолмасин мерос, илоё,
Энг ёмон гадолик – ватангадолик.
РАНГЛАР АФСОНАСИ
Рангларни бўяйлик.
Хоҳ қора, хоҳи оқ,
Ҳоҳ яшил, хоҳ қизил
Ҳидларни туяйлик.
Ҳали ҳам кеч эмас,
Якранглик бағрига
Беранглик бағрига
Гангиб
Сингиб
Кетаётган дунёни
Хилма-хил рангларга
Бўяшга улгуриш мумкин.
Рангларни бўяйлик.
Майли, қизил қизилдай,
Сариқ сариқдай,
Яшил эса яшилдай
Кўзга ташлансин…
Рангларни
Қандай бўлса, ўшандай бўяйлик.
Зеро, ҳар бир рангда
Бир маъно яшайди.
Ҳар бир рангда
Бир дунё яшайди.
Масалан, гумбазни қизилга
Боғни қорага
Осмонни яшилга
Сомонни кўкка
Бўяб бўлмайди.
Рангларни бўяйлик.
Тасаввурнинг кўкламида куртак очгувчи
Усуллар билан.
Юракдаги забардаст
Қўллар билан.
Рангларни бўяйлик.
Биров келиб, оппоқ
Албомимизни
Бўяб-безашидан олдинроқ.
Рангларни бўяйлик…
Рангларни ўлдириб бўлмайди.
Ранглар ўлмайди…
АКСИНЧА…
Даъво қилма ҳамма нарсани кўрганман деб.
Масалан,
Ўтин ташаётган сигирни,
Булутда яшаётган хачирни,
Осмонда учаётган балиқни,
Ҳовузда сузаётган товуқни
Кўрганмисан?!
Ёхуд,
Қумда сузаётган қайиқни,
Қайиқда сузаётган айиқни,
Қанот қоқаётган дафтарни,
Дафтарқанот кафтарни
Кўрганмисан?!
Даъво қилма ҳамма нарсани кўрганман деб.
Сал пастга туш –
Кўрганларинг
Ё бир чўпчак,
Ё бир рўё,
Ё бир туш…
ЎРГИМЧАК ТЎРЛАРИ
Борлиқни тўрига илиинтирганди
Ғафлатбоз уйқунинг ўргимчаклари.
Болакай ёнида қотиб қолганди
Кун бўйи чарчаган ўйинчоқлари.
Қишлоқнинг бақувват устунларини
Қорамтир, кўк, яшил моғор босганди.
Бойбачча тушида карам ўрнига
Полизда яшил-кўк пуллар ўсганди.
Савдогар бозорни
Сувоқчи деворни
Қурбақа анҳорни
Тушида кўрарди.
Мен гўзал бир байтнинг
Камон қошини
Тушимда кўрардим.
Тонг би-р-р кишнади-и…
Тонг би-р-р ҳайқирди-и…
Тонг би-р-р яшнади-и…
Ўргимчак тўрлари узилиб кетди.
Байтимнинг бир қоши сузилиб кетди…
ВАҚТ
Вақт бир ҳакам
У ҳеч кимсага
Туҳмат қилмайди.
Вақт бир солик
У тўхталишни
Одат қилмайди.
Вақт бир ориф
У ҳеч кимсани
Ғийбат қилмайди.
Вақт бир бўри
У ҳеч кимсага
Шафқат қилмайди…
ҒАЗАЛ ҒИЗОЛИ

УЛ ҚАЛАМ ҚОШИМ…
Ул қалам қошим кеча оҳиста қошимдан ўтиб
Кетди-ю кетди яна савдоси бошимдан ўтиб.
Сочлари Жайҳун каби тўлғонди Сурхон гўзали,
Шошилиб келди-ю кетди шаҳри Шошимдан ўтиб.
Нўҳ эмасманким, унинг тўфонидан жон сақласам,
Оқибат ғарқ айлади ҳижрони қошимдан ўтиб.
Энди тош отма менга беҳуда, чунки, эй рақиб,
Ёра олмассан бошимни бағритошимдан ўтиб.
Ранжиманг, гар этмадим васфингиз, эй ой-у қуёш,
Бир нафас ул юзлари ойдек қуёшимдан ўтиб.
Тушди бошимга яна савдолари, Жаъфар, нетай,
Ўн саккиз ёшимдадек қирқ икки ёшимдан ўтиб?
Тошкент, 2011 йил 20 июн
СЕН ҚАЙДАСАН, МЕН ҚАЙДАМАН?
Ишқим сенга арзирмикин?
Сен қайдасан, мен қайдаман?
Аввалмикин, охирмикин?
Сен қайдасан, мен қайдаман?
Севдим, десам тўғримикин?
Севги ўзи ўғримикин?
Енгил эмас, оғирмикин?
Сен қайдасан, мен қайдаман?
Ваъда бериш ўйинмикин?
Ёлғонмикин ё чинмикин?
Кўнгил билан тил бирмикин?
Сен қайдасан, мен қайдаман?
Оташ бўлиб ёнди дилим,
борлигидан тонди дилим,
Қалбинг сени темирмикин?
Сен қайдасан, мен қайдаман?
Учган ҳушиммас, қушмикин?
Кўрганларим ё тушмикин?
Севги буюк бир сирмикин?
Сен қайдасан, мен қайдаман?
Жаъфар каби ёнган қани?
Борлигидан тонган қани?
Бунга ўзи қодирмикин?
Сен қайдасан, мен қайдаман…
Тошкент, 2011 йил 24 июл
ОСОН ОЛИБДИР
Дилимни шунчалик осон олибдир,
Ки қуш ердан тариқ ё дон олибдир.
Дема дилким, ғам-андуҳларга хирмон,
Демак, дон деб уни нодон олибдир.
Дема дилким, мен ул бирла тирикман,
Вужудимдан демакким, жон олибдир.
Дема дилким, Сулаймон мулкига тенг,
Агарчи дилбарим арзон олибдир.
Дема дилким, муҳаббатдан муаттар,
Демак, бир боғ гули райҳон олибдир.
Ёзай десам ғазал, бир каф юрак йўқ,
Нетай, Жаъфардан ул девон олибдир?
Тошкент, 2011 йил 26-октябр
МАШРАБ ҲАСРАТИ
Намангандан кетар бўлсам, мени йўқлар киши борму?
Бобораҳим МАШРАБ
На танҳо кўз, дилим ҳам нам,
Намангандан кетар бўлсам,
На одамман, на ман одам,
Намангандан кетар бўлсам.
Агарчи навқирондирман
ва ёхуд паҳлавондирман,
Бошим хам, қоматим ҳам хам,
Намангандан кетар бўлсам.
На танҳо дил, на танҳо мен,
на танҳо тил, на танҳо сен,
Жаҳоним тутгуси мотам,
Намангандан кетар бўлсам.
Ватан – жону жаҳоним сен,
биҳишти жовидоним сен,
Биҳиштим тотлимас бир дам,
Намангандан кетар бўлсам.
Тўкар ёр бир жаҳон кўз ёш,
замину осмон кўз ёш,
Ғанимлар қилгуси байрам,
Намангандан кетар бўлсам.
Йўлим, Жаъфар, хатар бўлгай,
шаробим ҳам заҳар бўлгай,
Агар Машраб каби мен ҳам
Намангандан кетар бўлсам.
Тошкент, 2011 йил 3 ноябр
“ШАРҲ АТ-ТАЪАРРУФ” 1212
Улуғ мутасаввиф ва мутакаллим олим Имом Абу Иброҳим бин Исмоил бин Муҳаммад Мустамлий Бухорий (X аср)нинг форс-тожик тилида ёзилган “Шарҳ ат-таъарруф ли мазҳаб ат-тасаввуф” номли тўрт жилдлик фалсафий-ирфоний асари.
[Закрыть]
Комилжон Раҳимовга
Кўнгил аҳлига мақсад манзили
“Шарҳ ат-таъарруф”дир,
Бухороча муҳаббат ҳосили
“Шарҳ ат-таъарруф”дир.
Неча минг бир ризо унда,
неча хавфу ражо унда,
Агар билсанг, саодат соҳили
“Шарҳ ат-таъарруф”дир.
Муҳаббатнинг забони йўқ,
тариқатнинг лисони йўқ,
Валекин аҳли ирфоннинг тили
“Шарҳ ат-таъарруф”дир!
Ҳадис илми имомидан,
олиб бир журъа жомидан,
Муроду муршиди бас комили
“Шарҳ ат-таъарруф”дир.
Агар иймон тасаввуфдир,
унинг садри “Таъарруф”дир,
Диёнатнинг дил ичра бир дили
“Шарҳ ат-таъарруф”дир.
Агар Қуръонга йўл бўлса,
ва ё Жононга йўл бўлса,
Эмас шакким, шу йўл бир омили
“Шарҳ ат-таъарруф”дир!
Тошкент, 2011 йил 10 ноябр
ҚОР
Каммиди киприкларингга қўнгани, эй ёр, қор?
Лабларингдан бўсалар олмиш яна айёр қор.
Келу бир дам мен билан қор устида, ёр, ўйнагин,
Чунки мену сени кутмиш ташқарида зор қор.
Оқ гиламларни пойандоз айлабон кутмоқдадир,
Ким, бугун келгаймисан, дебон яна бир бор, қор.
Яшнагай, гар дўст бўлсанг лола янглиғ юзларинг,
Игнадек санчиқлари-ла сенга қилмас кор, қор.
Янги йил базмига келгум, деди, аммо келмади,
Гўзалим, эсингдами, ўтган йили маккор қор?
Мен каби қолипга сиғмас ринд бўлса, не ажаб?
Гоҳи бадрафтор қору гоҳи хушрафтор қор.
Тоғу тошу дашту саҳрою шаҳарлар чўт эмас,
Осмонлар даштида учгувчи оқтулпор қор.
Лабларимга ёр эмас соғардан ўзга дилбаре,
Музлатиб дермиш вужудимни: “Яна сипқор!” қор.
Янги йилдан муждалар бергай қанотин кенг очиб,
Еру кўкнинг орасида хушхабар шунқор қор.
Бир шаҳар ётмиш гўзал уйқуда-ю, ёр ҳажрида,
То саҳар бедор Жаъфар, то саҳар бедор қор.
Тошкент, 2011 йил 28 ноябр
ЖОНОНДАН СЎРА
Жон не арзиркин фидо этмоққа, жонондан сўра,
Бор, адо бўлмоқни ул шамъи шабистондан сўра!
Молу дунё ишқнинг қаршисида ожизлигин,
Хоҳласанг, бориб гадодан, хоҳласанг, хондан сўра!
Ишқ аҳли ҳимматин ёки чумоли шавкатин,
Бориб, эй мансабгадо, кафти Сулаймондан сўра!
Гул не, сен қайдан билурсан, эй пулу мол ошиғи,
Гул ифори қадрини бориб гулистондан сўра!
Эй Ватанни “тан”га алмашган, Ватаннинг нелигин,
Томирингда қон агар бўлса, ўшал қондан сўра!
Гар ўзингга душман эрсанг, эй дилозор, этма ноз,
Мардумозорлик недир, сўнгги пушаймондан сўра!
Ғофил эрсанг одамийликдан агар, Жаъфар каби,
Ишқу меҳру оқибатни аҳли Турондан сўра!
Тошкент, 2011 йил 29 ноябр
ҒАЗАЛХОН АЙЛАГУМ
Дашт агар бўлсанг, гулистон айлагум,
Ғамгин эрсанг, шоду хандон айлагум.
Мен билан бўл, мен билан бўл, мен билан,
Мен вужудингни ғазалхон айлагум!
Менга гар қалбингни очсанг, эй нигор,
Мен сени қалбимга султон айлагум!
Неки арзинг бўлса, тинглаб жон ила,
Неки дардинг бўлса, дармон айлагум.
Ойга не ҳожат висол оқшомида?
Мен юзингни моҳитобон айлагум!
Энди Жаъфарга бу жон бегонадир,
Чунки ўрнига сени жон айлагум!
Тошкент, 2012 йил 29 март
ИБРАТ ОЛМАДИНГ
Эй вужуд, тупроқсан-у тупроқдан ибрат олмадинг,
Эй умр, япроқсан-у япроқдан ибрат олмадинг.
Садриддин Салим Бухорий
Эй кўнгул, дарёсану дарёдан ибрат олмадинг,
Эй назар, шайдосану шайдодан ибрат олмадинг.
Қайсдек сен кезмаган дашту биёбон қолмади,
Чеки йўқ саҳросану саҳродан ибрат олмадинг.
Хаста бир кўнгилга ҳеч малҳам бўлолдингми, юрак?
Вориси Сино бўлиб, Синодан ибрат олмадинг!
Уқлидусдон ёки Афлотунлигингни на қилай?
Дониш олдингу вале донодан ибрат олмадинг!
Кўзаи Хайёмни хом ўйладинг, эй содда дил,
Ўтди умру соғари саҳбодан ибрат олмадинг.
Фатҳ этиб дилларни, Жаъфар, сўнг зафардан сўйлагин,
Туғу байроқ кўтариб, туғродан ибрат олмадинг.
Тошкент, 2012 йил 6 август
НУРИ ҲАЙРАТ
Сенга не бергай дилим меҳру муҳаббатдан бўлак?
Унга сендан не етар, ранжу машаққатдан бўлак?
Сенга не этгай ато қалбимда ёнган ишқ ўти,
Кўзларингда порлаган бахту саодатдан бўлак?
Кўзларимга не насиб этгай сени кўрган замон,
Тонгда ёришган қуёшдек нури ҳайратдан бўлак?
Ҳар не мендан истасанг, этгум пойингга армуғон,
Нени сендан истагум лутфу саховатдан бўлак?
Ҳар неки менга насиб этса Худойим, розиман,
Бир нафас сендан жудолик, ҳажру фурқатдан бўлак!
Хаста Жаъфардек фақиринг не тилар, эй шоҳи ҳусн,
Бир табассумлик саховат, лутфу ҳимматдан бўлак?!
Тошкент, 2012 йил 7 август
ИШҚ
Бир нафас тарк айламас қалбим уйин мастона Ишқ,
Дема бир мастонаким, мастонамас, девона Ишқ!
Куйдириб бир лахча чўғдек дилни айлар лахта қон,
Лахча чўғ недир ўзи, гўёки оташхона Ишқ.
Ақлу дилнинг ўртасида сулҳ истайман, вале,
Айлагай сулҳимни вайрон фитнагар, фаттона Ишқ.
Қайда Ҳинду қайда Синду қайда Руму қайда Рим,
Англамас қайда Бухоро, қайдадир Фарғона, Ишқ!
Кулбаи вайрона эрди борлиғим, бир лаҳзада,
Айлади гўё мени бир муҳташам кошона Ишқ.
Шамъ янглиғ баски ёнгай то саҳар шайдо юрак,
Бошим узра айланар ҳар кеча чун парвона Ишқ.
Кўзларимдан уйқуларни тера-тера шодадай,
Субҳидам бўйнига айлар ҳалқаи маржона Ишқ.
Баски Жаъфар, бир нафас айро эмас мендан чу руҳ,
Бир сиқим кул бўлгуси мен бирла ёна-ёна Ишқ!
Тошкент, 2012 йил 7 август
КЕЛДИМ ЯНА
Рахна айлаб тун ҳисорин, эй қамар1313
Қамар – ой.
[Закрыть], келдим яна,
Шамс янглиғ ёритиб вақти саҳар келдим яна!
Бир нафас ҳам айрилиқ сендан, сафардир мен учун,
Бас, етар сендан йироқ сайру сафар, келдим яна!
Ўтди юз хавфу хатар кўйингда, бундан ҳам кейин,
Пешвозим чиқса-да юз минг хатар, келдим яна!
Тарк этиб тун зулматин, аччиқ фироқнинг узлатин,
Сен томон эй моҳитоб, эй лабшакар, келдим яна!
Майли, бошимга маломат тоши ёғдирсин фалак,
Майли, ғийбатга тўлиб кетсин шаҳар, келдим яна.
Ишқу соғинчу муҳаббатдан дилимда армуғон,
Сенга айтгумдир, дебон юз хушхабар, келдим яна!
Истагим шулдир: дема Жаъфар, Худо ҳаққи, бу гал,
Ёр васлига етолмай, бесамар келдим яна!
Тошкент, 2012 йил 20 сентябр
ЗЕБО САНАМЛАР
Оҳиста ташлаб нозик қадамлар,
Ноз айламишлар зебо санамлар.
Буркаб шаҳарни атру ифорга,
Афсун таратмиш афсона дамлар.
Боғи Эрамда қоматларидан,
Сарву санавбар чекмиш аламлар!
Гўё табиат ул дилраболар
Пойига солмиш кўм-кўк гиламлар.
Ул нозанинлар ичра нигоре,
Қалбимга чизмиш сирли рақамлар.
Ул жоду кўзлар боққанда шодон,
Дилдан чекингай андуҳу ғамлар.
Қоши қаламни кўргач, уятдан,
Бир-бир синибмиш мискин қаламлар!
Дермиш сабоким, ёр лабларидан,
Айлармиш эҳсон лутфу карамлар!
Жаъфар дилидан ҳар неки ўтса,
Сизларга айтдим, эй муҳтарамлар!
Тошкент, 2013 йил 18 июн
СЕНГА АЙТАР БИР СЎЗИМ БОР…
Кел, қулоғингга менинг айтар сўзим бор, эй пари,
Гар баланд айтсам, эшитгай чор девор, эй пари!
Бир сўзим бор, ўртамизда маҳрам эрмас хат-қалам,
Чунки бўлмишдир қалам ҳам бизга ағёр, эй пари!
Бир сўзим бор, айтгудек бўлсам, қулоғим тинглагай,
Гуллатиб қўйса тилим, олам бўлур тор, эй пари!
Бир сўзим бор, айтмасам, куйгай дилим кошонаси,
Қўрқаман, айтсам, дилингга бергай озор, эй пари!
Бир сўзим бору валекин ҳеч қачон айтолмагум,
Чунки айтсам, ўртамизда қолмас асрор, эй пари!
Бир сўзим бор, айтмайин сен кўзларимдан тингладинг,
Ошкор этма бировга энди зинҳор, эй пари!
Кўзларингни юм, қулоғингни бекитгин яхшиси,
Лабларингга токи бўлсин сўзларим ёр, эй пари!
Кеча Жаъфарнинг дилига ғайбдан келди нидо:
Барибир ҳам сенга айтар бир сўзим бор, эй пари!
Тошкент, 2013 йил 8 сентябр
ЮРАК
Изн бергин, ой юзингдан ёр, ойлансин юрак,
Ёки бир парвонадек тегрангда айлансин юрак!
Эй паришон кокилим, ошуфта зулфингга қўниб,
Тўғноғичдек сочларинг бандига бойлансин юрак!
Кел, чироқлансин, чарақлансин қоронғу шом аро,
Кел, жамолинг офтобидан чиройлансин юрак!
Эй қарокўзим, келу мардумпарастлик айлагил,
Кўзларингда қорачиқдек токи сайлансин юрак!
Эй латофат мазҳари1414
Мазҳар – тимсол, рамз.
[Закрыть], лутф айлагин бул хастага,
То камарбаста бўлиб амрингга шайлансин юрак!
Изн бергин, Жаъфарингдек ой юзинг ёғдусидан,
То қиёматга қадар ҳайратга айлансин юрак!
Тошкент, 2013 йил 9 сентябр
КУЙДИРМИШ
Мени севишин ёрим тона-тона куйдирмиш,
Ноз этиб, итоб айлаб дилситона куйдирмиш.
Гарчи қанча ёшурди, алдаганда ошурди,
Кўзлари муҳаббатдан ёна-ёна куйдирмиш.
Қуш эдим, тузоғига тушдиму қанотимни,
Қора холига гулрў, дона-дона куйдирмиш.
Шоирим, қалайсиз, деб, қошини чимирганча,
Бир ибора лутф айлаб шоирона, куйдирмиш.
Кўз қирини ташлабми, кўзларини ёшлабми,
Лабларини тишлабми, ошиқона куйдирмиш…
Тошкент, 2013 йил 10 октябр
НА БЎЛГАЙ?
Юзингни гар қамар десам, на бўлгай,
Лабингни гар шакар десам, на бўлгай?
Қўлим етмас ниҳоли қоматингга,
Қадингни гар шажар1515
Шажар – дарахт. Бу ўринда мақсад: сарв.
[Закрыть] десам, на бўлгай?
Нигоҳингдан таралган шуълаларни
Агар нури саҳар десам, на бўлгай?
Назар қолдими мендек хастадилда,
Сени соҳибназар десам, на бўлгай?
Хатолик ўтди мендан, сендан эрмас,
Кечиргин бир сафар, десам, на бўлгай?
Сени севдим, сени, Жаъфар мисоли,
Керакмас карру фар1616
Карру фар – ҳашамат, дабдаба.
[Закрыть], десам, на бўлгай?
Тошкент, 2014
ҒАЗАЛИМ ҒИЗОЛИ СЕНСАН
Шу чаманнинг, эй нигорим, шукуҳу жалоли Сенсан,
Унинг кўкида юз очган қамари, ҳилоли Сенсан.
Жамалак сочингга пайванд айладинг дилимни, эй ёр,
Нафақат дилим, жамилам, Ватаним жамоли Сенсан.
Юрагимда экди ишқинг ғазалу қасидаю шеър,
Бу чаманда куртак очган адабим ниҳоли Сенсан.
Сени лабларингдан олмиш не сабоқни Чашмаи Хизр?
Шу ҳаёт чашмасининг мен учун зилоли Сенсан.
Нега кўзларингни мендан, оҳу кўзлигим, яширдинг?
Чаманимда сайр этган ғазалим ғизоли1717
Ғизол – жайрон.
[Закрыть] Сенсан.
Не каломким, дилимдан чиқадир, Сенингдир исминг,
Негаким, каломи Сенсан, негаким, камоли Сенсан.
Сенинг ўйу фикру зикринг ила Жаъфаринг тирикдир,
Унинг орзуси – Сенсан, туну кун хаёли – Сенсан.
Тошкент, 2015 йил 21 март
КӮЗГУ… ОЛМА… ГУЛ…
Соҳил. Садаф… Субҳ. Сабо… Кўзгу. Олма. Гул.
Суврат. Сават… Савт1818
Савт – овоз; оҳанг.
[Закрыть]. Садо… Кўзгу. Олма. Гул.
Нусрат1919
Нусрат – ғалаба.
[Закрыть]. Насаб. Насл. Насиҳат. Нисо2020
Нисо – аёл.
[Закрыть]. Насим2121
Насим – ел, шабада.
[Закрыть].
Наврўз: нав… Нов… Наво… Кўзгу. Олма. Гул.
Ҳасрат. Ҳасад… Ҳусн. Ҳисобот. Ҳис. Ҳисор…
Ҳайрат. Ҳайиқ. Ҳажр… Ҳаё… Кўзгу. Олма. Гул.
Воҳид2222
Воҳид – якка, ягона.
[Закрыть]. Ватан. Вақт. Вилоят… Висол. Васл.
Водий. Видо… Ваъда… Вафо… Кўзгу. Олма. Гул.
Қизғиш. Қизил. Қиз. Қизариш… Қизғаниш. Қизиш.
Қизғин. Қизиқ… Қизгина… О, кўзгу, олма, гул!
Шавкат. Шукуҳ. Шаҳд. Шакар. Шарқ. Шом. Шукр.
Шабнам. Шафақ. Шамс. Шуо2323
Шуо – нур, шуъла, ёғду.
[Закрыть]. Кўзгу. Олма. Гул.
Жонон. Жило. Жаҳд-жадал. Жон. Жунун. Жануб.
Жаъфар. Жаҳон. Жабр. Жафо. Кўзгу. Олма. Гул.
Тошкент, 2015 йил 21 март
НОҚИС ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Дарддин фарёд урар қалбим, давоси Сизмусиз,
Айрилиқ беморининг дорушшифоси Сизмусиз,
Ё саодат субҳининг боди сабоси Сизмусиз,
“Даҳр аро, эй нозанин, хўблар сароси Сизмусиз,
Ё магар ойинаи оламнамоси Сизмусиз?”
Сиздин ўзга дилраболарни кўнгул ёд айламас,
Нозанин, нозикадоларни кўнгул ёд айламас,
Бир дам ўзга қоши ёларни кўнгул ёд айламас,
“Сиздин ўзга маҳлиқоларни кўнгул ёд айламас,
Ё жаҳон зеболарин нашъу намоси Сизмусиз?”
Бўлмади Сизсиз дилимда бир нафас пайдо сурур,
Орзуйи васлингизсиз топмади жоним ҳузур,
Ғунча лаблар ишваси гоҳ жон олиб, гаҳ жон берур,
“Ғамзадин хуммор кўзлар ўлдуруб, гаҳ тиргузур,
Ишқ аҳлини бошиға можароси Сизмусиз?”
Аҳсануллоҳким, дилоролиғда мумтоз ўлдингиз,
Гулшан ичра сарви раънолиғда мумтоз ўлдингиз,
Баски Ширинлиғда, Лайлолиғда мумтоз ўлдингиз,
“Аллоҳ-Аллоҳ, ушбу зеболиғда мумтоз ўлдингиз,
Ё Самарқанд ўлкасини подшоси Сизмусиз?”
Мунчалар қалбимга билмасмен, нега манзурсиз,
Дилга марҳамсиз наводек, кўзларимга нурсиз,
Мунчалар масрурсиз, мағрурсиз, мастурсиз,
“Ё малаксиз, ё башарсиз, ё пари, ё ҳурсиз,
Аҳли оламни талабда муддаоси Сизмусиз?”
Ҳадя этгайман, буюрсангиз, дилу жон, эй пари,
Жону дил не, борлиғимдир Сизга қурбон, эй пари,
Нетайин, бўлмиш насибим шоми ҳижрон, эй пари,
“Ақл ҳайрон, сийна бирён, дил паришон, эй пари,
Рост айтинг, эй санам, жонлар балоси Сизмусиз?”
Гарчи шўху дилрабою дилкашу мастонасиз,
Кўзларим тушган замон шарму ҳаёдан ёнасиз.
Нега, айтинг, бунчалар ноёбсиз, дурдонасиз?
“Жумла маҳрўлар ичида гавҳари якдона Сиз,
Ё карам баҳрини дурри бебаҳоси Сизмусиз?”
Дўстликни ошинолар бошидин тутманг дариғ,
Жону дилни жонфидолар бошидин тутманг дариғ,
Лутфу ҳимматни адолар бошидин тутманг дариғ,
“Марҳаматни бу гадолар бошидин тутманг дариғ,
Меҳрингиз дилда, магар меҳригиёси Сизмусиз?”
Бир табассум айлади, деди: нечидир ёшингиз?
Муддаойим кўпдурур, етгаймикин бардошингиз?
Босмади Жаъфар, дариғ, мезонимизни тошингиз,
“Кулди, айди: мунча қўйманг пойим узра бошингиз,
Ноқисо, танҳо бу йўлни мубталоси Сизмусиз?”
ВАТАН ҚАСИДАСИ

ИСТИҚЛОЛ ҚАСИДАСИ
Кезиб дашту биёбонни, яна дарёга юзландим,
Висол орзусида Мажнун каби Лайлога юзландим.
Ғуборлар тинди қалбимда, санамлар синди қалбимда,
Биҳамдуллаҳ, яна ул дилбари Яктога юзландим.
Кечиб ёлғончи доҳийдан, қизил туғли сипоҳийдан,
Бухорийдек Имому соҳиби фатвога юзландим.
Кечиб донотарошлардан, хато, ботил қарашлардан,
Яна Форобию Берунию Синога юзландим.
Ватан ичра жаҳон топдим, муқаддас ошиён топдим,
Кичик дунёдан ўтдим, олами Куброга юзландим.
Яна топдим нишонимни, жасур Соҳибқиронимни,
Демакким, ўзлигимни топдиму дунёга юзландим.
Навоий қасрига кирдим, саодат асрига кирдим,
“Хазойин ул-маоний” орқали маънога юзландим.
Ҳумо қуш қўнди бошимга, яна ёш қўшди ёшимга,
Ҳумоюн сингари Бобур – Улуғ Мирзога юзландим.
Қанотим бўлди Истиқлол, баётим бўлди Истиқлол,
Саодатдан яралган жаннат ул-маъвога юзландим.
Йигирма йилда юз йилни, босиб ўтган гўзал элни,
Юракдан қутлаб, эй Жаъфар, баланд туғрога юзландим.
Тошкент, 2012 йил 20 июн
СУРХОН ҚАСИДАСИ
Ўз эркига султонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Ор-номуси осмонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Хўжа Хизрнинг ёридир, Термизийлар диёридир,
Термиздайин бўстонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Чўл қўйнида Боғи Эрам, кўкдан ёғар лутфу карам
Хайру сахо, эҳсонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Илк Инсоннинг бешиктоши, Бойсунтоғнинг Тешиктоши,
Тошгузар-Қумқўрғонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Кўкка етиб овозаси, Темур бобо дарвозаси,
Темир йўлда карвонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Тугамагай эртаклари, ерга тегмас кураклари,
Бойсун деган полвонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Алпомишдан қолган мерос, Абдулласи2424
Абдулла Тангриев – Кураш бўйича жаҳон чемпиони.
[Закрыть] олган мерос,
Эл алқаган ўғлонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Айлар ҳикоятлар ҳазор, Сайробда минг йиллик чинор,
Чойхонада ёронни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Шерободи – шерлар юрти, Вахшивори2525
Вахшивор – Олтинсой туманининг тоғ ён-бағрида жойлашган энг сўлим масканларидан бири; машҳур мутасаввиф шоир Сўфи Аллоҳёрнинг қабри ҳам Вахшивордадир.
[Закрыть] – пирлар юрти,
Эътиқоду иймонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Анбар анқир анҳоридан, кўз қувнагай Ангоридан,
Шўрчи-ю Жарқўрғонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Осмонўпар тоғларга кон, Дашнободдай боғларга кон,
Сариосиё – жононни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Бандихони ҳимматлидир, Қизириғи қимматлидир,
Музработдек мезбонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Шарғун муҳаббат боғидек, Мирзоси2626
Бобораҳим Мирзоев – маориф фидойиси, маърифатпарвар киши.
[Закрыть] Боботоғидек,
Деновдайин қўрғонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Тасвирини топди Ватан рассоми Рўзи Чоридан,
Монийқалам инсонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Гўёки миллат мирзаси устоз Шукур Холмирзаси,
Тиллар аро достонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Орзуйини, уммидини, Сирожиддин Саййидини,
Эркин Аъзам, Усмонни2727
Усмон Азим – Ўзбекистон халқ шоири.
[Закрыть] кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Тўнғич ва лекин кенжадек фарзанди Мирзо Кенжабек,
Шеъру ғазал, ирфонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Бахт топади инсон унда, чунки барча имкон унда,
Мустақиллик давронни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Порлоқ ҳаёт ошёнига, юксалишлар довонига,
Қадам қўйган сарбонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Ҳар бир кўшку кошонаси – обод Ватан дурдонаси,
Афсона боғистонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Ўзбекистон дилбандидир, жанубдаги фарзандидир,
Садоқатли посбонни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Таърифида тиллар ожиз, тавсифида эллар ожиз,
Жаъфар каби ҳайронни кўр, энди келиб Сурхонни кўр!
Тошкент-Шарғун-Шўрчи,2011 йил 14 июн