Электронная библиотека » Жаъфар Термизий » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Қуёш сийрати"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Жаъфар Термизий


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 4 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ШАҲАРЛИК БАҲОР

Онамга


 
Деразамдан мўралар баҳор,
Қийғос очган бир туп ўрикдек.
Мен бағримни очаман сархуш,
Ёр васлига муштоқ юракдек.
 
 
Мағрур боқар сўнгги юлдузга
Гугуртлардан ясалган шаҳар.
Эснаганча ёзади қулоч
Ноз уйқудан уйғонган саҳар.
 
 
Саҳар, саҳар, шаҳар саҳари,
Уни менга кўрсатар балкон:
Маҳобатли машиналарда
Тўрт томонга шошар оломон.
 
 
Шошилади ўқишга шодон,
Кўчаларда талаба қизлар.
Мана, бекатдаги бир йигит
Кўзлари-ла кимнидир излар…
 
 
Сабо елиб-югурар чаққон,
Кайвонидай келин тўйида.
Ўртанади бояқиш кўзгу
Қўшни қизнинг қоши кўйида.
 
 
Яхшиямки, осмони битта
Чўлу тоғу қишлоқ, шаҳарнинг.
Мана, дарахт шохида бир қуш
Жарчисидек сайрар саҳарнинг…
 
 
Шошиламан уйимдан ишга,
Маршрутим – уй-иш, иш ва уй.
Баҳорни ҳам сезмай қолибман
Хаёлимда чарх урар минг ўй…
 
 
Наврўз ўтди, мен дафтаримга
Бир туп ғазал бера олмабман.
Баҳор ўтай дейди қирларда,
Мен битта гул тера олмабман.
 
 
Наврўз ўтди қишлоқда менсиз,
Мени йўқлаб эсдими сабо?
Сумалакдан бир татиб кўриб,
Ололмадим Онамдан дуо…
 
 
…Деразамдан мўралар баҳор,
Қийғос очган бир туп гилосдек.
Назаримда, бу азим шаҳар
Тўн кийипти, қишлоққа хосдек…
 
Тошкент, 2014 йил 18 апрел
МЕНИ ҲАЙРАТГА СОЛ…
 
Қалбингга қулоқ сол, қўлингдан келса,
Бўлмагин хомхаёл, қўлингдан келса!
Ўзингдан кетдингми? Адо бўлибсан!
Ўзингни қўлга ол, қўлингдан келса!
Ўзгадан бир жавоб кутмоқдан олдин,
Ўзингга бер савол, қўлингдан келса!
Қўлингда эмас-ку келмоғу кетмоқ,
Ўзингча очма фол, қўлингдан келса!
Бунча гап сотасан, гап сени сотгай
Бир куни… Эк ниҳол, қўлингдан келса.
Ӯшани ўрасан, нимани эксанг,
Яхшилик эка қол, қўлингдан келса.
Бозорни кўрибсан, мозорни ҳам кўр,
Бир нафас ўйга тол, қўлингдан келса.
Бировни чақишдан чарчамадингми?
Ӯзингни чақиб ол, қўлингдан келса.
Бировнинг камолин кўролмадинг ҳеч,
Ўзинг ҳам топ камол, қўлингдан келса.
Минг миннат этгандан бир яхшиликни,
Қилмасдан қўяқол, қўлингдан келса.
Юз йил бўлди, ҳайрат нима, билмайман,
Мени ҳайратга сол, қўлингдан келса!
Мен шунча гапирдим, яна келмасин,
Кўнглингга бир малол… Қўлингдан келса…
 
Тошкент, 2015 йил 12 март
СЕН БОЙСУНДА КИМЛАРНИ КӮРДИНГ?
 
Лабларингда бир саҳар наво,
Қўлларингда бир тутам дуо,
Бойсунгача эсдингми, Сабо?
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?
 
 
Шўробгача эсиб ўтдингми?
Сайробгача эсиб ўтдингми?
Панжобгача эсиб ўтдингми?
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?
 
 
Борган бўлсанг Омонхонага,
Хўжабулғон ё Майхонага,
Жавоб бергин мен девонага:
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?
 
 
Сабо, Сабо, саргардон Сабо,
Саҳармардон бемакон Сабо,
Айтгин менга, жўражон, Сабо,
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?
 
 
Салом бериб Тургондарёга,
Дарбанддан от сургон дарёга,
Бориб-келиб Сурхондарёга,
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?
 
 
Пасурхига салом айтдингми?
Қайроққача бориб қайтдингми?
Дуобада даминг ютдингми?
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?
 
 
Назарийда юрмаган бўлсанг,
Қўрғончада турмаган бўлсанг,
Гар Онамни кўрмаган бўлсанг,
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?
 
 
Сен Бойсунга бордингми чиндан?
Гул тердингми Бибишириндан?
Сув ичдингми Пули Хокиндан?
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?
 
 
Мачайгача эсиб келдингми?
Бир қулочга ўсиб келдингми?
Ё бориб бенасиб келдингми?
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?
 
 
Сен қайдан ҳам билардинг, Ватан,
Нималигин, эй мушки Хутан!
Сени кўрмиш Тагоби Ҳасан,
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?
 
 
Сабо, Сабо, саргардон Сабо,
Бечора, бехонумон Сабо,
Лолу ҳайрон, безабон Сабо,
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?!
 
 
Лабларингда бир саҳар шакар,
Кўзларингда бир чаман назар,
Қучоғингда бир шаҳар саҳар,
Сен Бойсунда кимларни кўрдинг?!
 
Тошкент, 2015 йил 17 март
ОНАМГА СМС

Шогирдим Сожидага


 
Телфонимни кўтаринг, Она,
Эшитайин садойингизни.
Бугун Наврўз… Йилнинг бошида
Она, олай дуойингизни.
 
 
Мана, Наврўз ҳам кириб келди,
Оламларни гулафшон айлаб.
Гулламаган ниҳол қолмади,
Мендан бошқа, қарасам ўйлаб.
 
 
Ҳа, аслида мен ҳам Сиз эккан
Гулшандаги ниҳолман, Она!
Аммо, нетай, Сиздан узоқда,
Сўлғин, маҳзун, беҳолман, Она!
 
 
Қуёш ҳамал буржида… Нетай,
Ёнимда гар Сиз бўлмасангиз.
Сумалак ҳам татимас, агар,
Наврўз бўлиб Сиз келмасангиз.
 
 
Меҳрингизни менгзаб, Онажон,
Тополмайман муносиб бир сўз.
Она, асли мен учун доим,
Меҳрингиздир ҳақиқий Наврўз!
 
Тошкент, 2015 йил 21 март
СУЯНИШ
 
Сен Ерга суяндинг,
бечора Дарахт,
Мен сенга
Суяниб,
таяниб
қолдим.
Осмон эса икковимизнинг
Елкамизга
осилиб олган…
 
 
Бошқа кимга суянсин
Ердан
ўсиб чиқмаган
Муаллақ Осмон?
 
Тошкент, 2015 йил, март
ҚУЁШ СИЙРАТИ
Баллада

Укам Аббос Муҳаммадга


 
Қуёш…
Сайёра Қуёш,
Анвора Қуёш!
Кайҳон гирдида
Овора Қуёш!
 
 
Бир неча юз минг йил,
Ё балки
Миллион йилдирки,
Ё балки
Бир неча миллион йилдирки,
Ўзингни аямай,
Ўзингга қарамай,
Таратасан нур,
Улашасан меҳр,
Ёруғлик,
Сурур.
 
 
Қуёш…
Хандона Қуёш,
Рахшона Қуёш!
Бошимиз узра
Онадек меҳрибон,
Парвона Қуёш!
 
 
Сен бор экансан,
Кеча ва кундуз,
Оқу қоранинг
Аниқ фарқи бор.
Сен бор экансан,
Бепоён борлиқнинг
Шимолу жануби,
Ғарбу шарқи бор!
 
 
Қуёш…
Риндона Қуёш,
Рақсона Қуёш!
Ишроқ илмида77
  Шайх Шаҳобиддин Суҳравардий асос солган ишроқ фалсафасига ишора.


[Закрыть]

Фарзона Қуёш!
 
 
Сендан Нур олди
Фалсафа ва дин.
Сендан нур олиб,
Яратди ишроқ фанини
Шайх Шаҳобиддин.
 
 
Сендан отди илдиз
Тафаккур ва ҳуш.
Сенга талпинди,
Раюманд88
  Раюманд, ройманд – донишманд, доно (“Авесто”да).


[Закрыть]
Зардушт.
Сенга топинди
Донишманд Зардушт.
 
 
Сен билан топди
“Шамс” сураси
Гўзал ибтидо:
“Ваш-Шамси ва зуҳоҳо”.
Сенга интилди
Румий Мавлоно:
“Офтоби офтоби офтоб!”99
  Эй қуёш қуёшининг қуёши!


[Закрыть]

Сени алқади
Ҳазрат Навоий:
“…Мин шамси анвор ил-ҳудо!”
 
 
Қуёш…
Гулхона Қуёш,
Майхона Қуёш!
Ҳақиқат ичида
Афсона Қуёш!
 
 
Сен билан бирга
Аҳурамазда
Оламга тажаллий бўлиб таралди.
Аҳриман
Борлиқдан қувилди.
Сен билан бирга
Наврўз туғилди.
Сен билан бирга
Деҳқон говмишни
Яйловга ҳайдади.
Ва Ерга
Эзгуликнинг уруғларини
 
 
Ҳовучлаб сепди, бир-бир қадади.
Ва Зардушт деди:
“Кимки ер чопса,
Девларни ғазабга келтирган бўлади.
Кимки ерга эзгулик уруғин сочса,
Девларни
Фарёдга келтирган бўлади.
Кимки буғдойни ўриб,
Ундан нон пиширса,
Девларни
Ўлдирган бўлади!”
 
 
Ҳазрат Сулаймон,
Девларни
Ўлдиролмади,
Уларни кишанбанд айлади, холос.
Сен эса Заминни девлардан поклаган
Ягона халоскор,
Мунжийсан!1010
  Мунжий – нажоткор, халоскор.


[Закрыть]

Сен Кайҳоннинг бепоён океанида
Дурри инжусан!
 
 
Қуёш…
Мардона Қуёш,
Кайҳона Қуёш!
Дунёнинг ташвишу миш-мишларига
Ҳайрона Қуёш!
 
 
Бозорда
Чумчуқдай молини
Туяга сотиб,
Пашшадай жонига
Филдай гуноҳни
Орттириб олган
Ожиз
Ва очкўз
Чайқовчи чолга
Ачиниб кетаман,
Сени эсласам!
 
 
Соҳилда
Дарёдан тўйгунча ичиб,
Қалтираб,
Ҳилпираб
Сояларини
Тўртинчи одамдан
Дариғ тутгувчи
Дангаса толга
Ачиниб кетаман,
Сени эсласам!
 
 
Қуёш…
Дурдона Қуёш,
Маржона Қуёш!
Мағрибни ишқ билан ёритган
Шарқона қуёш!
 
 
Ёрининг юзини
Сенга ўхшатган,
Ё сени бировга менгзаб,
Бечора ташбиҳу истиораларни
Асирга олиб
Қон қақшатган
Шоирни кечир!
 
 
Ахир,
Сенинг нурингни
Чироққа, шамъга
Ёки
Саховатингни
Ҳотамга
Ўхшатиб бўлурму?
 
 
Биламан,
Онамга ўхшатсам,
Қувониб кетасан.
Чунки,
Сен билан Онамнинг тупроғи,
Борлиғи –
Оташи
Аслида ягона гавҳардан яралган.
Бас, сени
Искандар ё Жамга
Ўхшатиб бўлурму?
 
 
Қуёш,
Райҳона Қуёш!
Муҳаббат майидан мастона Қуёш!
 
 
Тонготар пайтида
Йўлингга кўз тикиб
Бағримни очганман
Сенга ошуфта
Ва сени алқаб,
Сени олқишлаб,
Қўлларини машриққа чўзган
Суғдий сингари:
“О, Хуршид!
О, Офтоб!
О, Қуёш!
О, Хур!
О, Малак,
О, Меҳр!
О, Ҳаёт!
О, Ҳур!
Ва Аҳурамазда
Тажаллий этган
Интиҳосиз Нур!
 
 
Ҳайратингни баён эт менга,
Ҳайратингдан менга ҳам юқсин!
Сийратингни аён эт менга,
 
 
Сийратингдан менга ҳам юқсин!
Ҳимматингни менга нисор эт,
Ҳимматингдан менга ҳам юқсин!
Ҳикматингга мени ҳам ёр эт,
Ҳикматингдан менга ҳам юқсин!
 
 
Шафқатингдан менга ҳам илин,
Шафқатингдан менга ҳам юқсин!
Шавкатингдан менга ҳам илин,
Шавкатингдан менга ҳам юқсин!”
 
 
Биламан, очунда:
Ҳинду Чин,
Жопунда
Номинг билан аталган
Сулолалар кўп бўлган.
Индрани “Қуёш маъбуди”
Яна кимнидир
“Қуёш фарзанди”,
Деб атаган ҳаволалар кўп бўлган.
 
 
Аммо, мен учун
Сен барибир шарқона
Қуёш бўлиб қолаверасан!
Сен барибир Суғдиёна,
Марғинона,
Чағониёна
Қуёш бўлиб қолаверасан!
 
Тошкент, 2012 йил 30 март
КЕЛ, НАВРӮЗИМ, “АВЕСТО” БӮЛИБ!
 
Кўзларимга боқ шайдо бўлиб,
Мен Мажнунга Сен Лайло бўлиб,
Юрагимга тасалло бўлиб,
Кел, Наврўзим, “Авесто” бўлиб,
Гоҳ “Гот” бўлиб, гоҳ “Ясно” бўлиб.
 
 
Ерга тўшаб яшил ипларни,
Ёйиб қўйгин гўзал сепларни,
Қўйгин майда-чуйда гапларни,
Кел, Наврўзим, “Авесто” бўлиб,
Нафосатда бир дунё бўлиб!
 
 
Уялтириб байрамчаларни,
Ювиб қайғуча, ғамчаларни,
Қўйгин, қўйгин, одамчаларни,
Кел, Наврўзим, “Авесто” бўлиб,
Улуғ бўлиб, кел, кубро бўлиб!
 
 
Юракларга туғён бўлиб кел,
Гўё Буюк Турон бўлиб кел,
Иймон бўлиб, виждон бўлиб кел,
Кел, Наврӯзим, “Авесто” бўлиб,
Самарқанду Бухоро бўлиб!
 
 
Гоҳ ҳазил, гоҳ жиддий дунёга,
Мураккабу оддий дунёга,
Минг афсуским, моддий дунёга,
Кел, Наврўзим, “Авесто” бўлиб,
Ҳеч бўлмаса, Сен Маъно бўлиб…
 
 
Қўшиқ куйлаб “Майда-ё, майда”,
Аҳриманлар, девларни ҳайда!
Бундай гўзал юрт яна қайда?
Кел, Наврўзим, “Авесто” бўлиб,
Диёримга маҳлиё бўлиб.
 
 
Орамизда гоҳо оралар,
Аҳриманлар, ичи қоралар,
Майли, бир кун бўлар чоралар,
Кел, Наврўзим, “Авесто” бўлиб,
Осмонингдек мусаффо бўлиб.
 
 
Таралади чўпоннинг найи,
Ошиқ кўнгилларнинг “бай-бай!”и,
Қуйгин, соқий, муҳаббат майи,
Кел, Наврўзим, “Авесто” бўлиб,
Муҳаббатдек дилга жо бўлиб!
 
 
Ризқу рўзи Сен билан келгай,
Қўй-у қўзи Сен билан келгай,
Ҳаёт ўзи Сен билан келгай,
Кел, Наврўзим, “Авесто” бўлиб,
Қўй йилига раҳнамо бўлиб!
 
 
Келгин, келгин, буюк наққошим,
Тошкентимга, гўзал қардошим,
Сенга шайдоман, қаламқошим,
Кел, Наврўзим, “Авесто” бўлиб,
Ошиқ Жаъфардек шайдо бўлиб!
 
Тошкент, 2015 йил 21 март

КЕЧИККАН СЎЗ

ҚАЙҒУЛИ ҚУВОНЧ
 
О, қалбим, дардингга даво бормикин?
Эй ёрим, аҳдингга вафо бормикин?
Даво ҳам, вафо ҳам бўлса гар рўё,
Оромим бергувчи наво бормикин?
 
***
 
Сени севмоқ ўзи – қайғули қувонч,
Сени севмоқ ўзи – тотли бир азоб.
Сени севмоқ ўзи – кабира гуноҳ,
Сени севмоқ ўзи – улуғ бир савоб!
 
***
 
Кошкийди, мушк-анбар таратиб келсанг,
Юзингни юзимга қаратиб келсанг.
Қувончим қайғуга айланмасидан,
Муҳаббат қўшиғин яратиб келсанг.
 
Музработ, 1985 йил
БУ КЕКСА ЧИНОР…
 
Саҳрода сурувин
бўри еб кетган
чўпон сингари
маҳзун ва ёлғиз
бу кекса Чинорни
қомати букилган,
сочлари оқарган,
Зикр водийсида ошён қурган
нуроний бир чолга
ўхшатгим келади…
 
 
Мажнунга ўхшатсам,
одамлар ишонмас…
Аммо, не учун
илдизлари
бепоён
биёбон
хокига
кишанбанд?
 
Термиз, 1992 йил
АФСОНА БЎЛГАЙМАН
 
Жунун афсонасин бас қилмасанг, афсона бўлгайман,
Дилимга ўт ёқишдан тиймасанг, вайрона бўлгайман.
 
 
Бошингдан ўргилай, жоним, даме мендан йироқлашма,
Ки ёлғизликда ўзим ўзима бегона бўлгайман.
 
 
Дилим торини чертиб, не учун озор бергайсан?
Агар бас этмасанг, Мажнун каби девона бўлгайман.
 
 
Нега аҳду вафодан сўзлаб, эй шаккарлабим, кетдинг?
Кўйингда оқибат мен ошиқи паймона бўлгайман.
 
 
Нега тонг отди-ю боди сабодан бир дарак етмас?
Сабоҳим, гар паёминг етмаса, ғамхона бўлгайман.
 
Термиз, 1992 йил
СЕН ЭДИНГМИ СЕВГИ ДЕГАНИ?
 
Севги қийнар юраккинамни
Севги ўзи дарди бедаво.
Яна нега қочиб юрибсан,
Менга айлаб юз жабру жафо?
 
 
Дерлар: севги – улуғ бир туйғу…
Дерлар: севги – илоҳий неъмат…
Унда нега қийнар ошиқни,
Унда нега қилмайди шафқат?!
 
 
Мен севгига ишонмас эдим,
Бир кун йўқлаб келди у мани.
Бир куни у келди Сен бўлиб,
Сен эдингми севги дегани?!
 
 
Севмасанг-да, Сен мени, бироқ,
Сени севгим келаверади…
Мендан қанча бўлсанг-да, йироқ,
Сени кўргим келаверади…
 
Термиз, 1992 йил
ТУШЛАРИМДАН ЮЗ ОЧГАН БАҲОР
 
Тушларимда кўргандим уни,
Учраб қолдим ўнгимда, ажаб.
Кўргач, ундан кўз узолмадим,
Ғазал битдим шаънига атаб.
 
 
Севиб қолдим шу гўзал ёрни,
Жону дилим унгадир қурбон.
Йўқ-йўқ, унинг қошу кўзига
Қурбон этсам, арзирмикин жон?
 
 
Латофати, ҳусну жамоли
Тушларимда кўрганимча бор.
Ҳа, бу ўша, ўнгу тушимни
Эртакларга айлантирган ёр…
 
 
Тушларимдан чиқиб келган ишқ…
Тушларимдан юз очган баҳор…
Тушларимдан кўз очган очун…
Тушларимдан кулиб келган ёр…
 
Термиз, 1992 йил
КЕЧИККАН СЎЗ
 
Умр бўйи сени изладим,
Топганимда йўқотдим ўзни.
Юз китоб сўз йиғдиму аммо
Айтолмадим биргина сўзни:
 
 
Сени суйиб қолдим, азизам,
Ёнгинангдан ўтсам майлими?
Хаёл суриб, тасаввуримда
Лабларингдан ўпсам майлими?
 
 
Бу жумбоқни еча олмадим.
Юрагимни оча олмадим.
Дардларимни соча олмадим…
 
 
Бойсунтоғда қорлар эриди,
Қачон эрир дилингдаги қор?
Мен ҳижронли йўллардаман, сен
Қайси йўлдан келасан, баҳор?
 
 
Назарийдан1111
  Назарий – Бойсун тоғларидаги қишлоқ.


[Закрыть]
чиққан ошиқни,
Назарингга қачон илгайсан?
Юрагимнинг қишистонига,
Баҳор бўлиб қачон келгайсан?!
 
 
Бу жумбоқни еча олмадим.
Юрагимни оча олмадим.
Дардларимни соча олмадим…
 
 
Айтолмадим, оҳ юрак ютиб
Юрагимда кечирган сўзни.
Айтмоқчиман шунча йил ўтиб,
Шеърларимда кечиккан сўзни:
 
 
Сени севиб қолдим, азизам,
Кўчангдан бир ўтсам, майлими?
Деразангнинг тагида сени
Тонг отгунча кутсам, майлими?
 
 
Бу жумбоқни еча олмадим…
Юрагимни оча олмадим.
Дардларимни соча олмадим…
 
Термиз, 1992 йил
ПИНҲОН КЕТАСАН
 
Ошкора келиб, эй жонона, пинҳон кетасан,
Мушкулим бордир менинг, сен нечук осон кетасан?
 
 
Тўхтагин бир пас, сўрай зулфинг хамидин қиссани,
Шодлигим мажмуаси, нечун паришон кетасан?
 
 
Эй лаби лаълинг нигини тамғаи хомушлигим,
Девни истайсан, Сулаймондан шитобон кетасан.
 
 
Эй хаёлимнинг Зулайхоси, муродинг не эрур?
Юсуфинг ёнингда-ю сен сўйи Канъон кетасан.
 
 
Эй вужудинг ақлу дилнинг иттиҳодига сабаб,
Нетайин, Жаъфар вужудидан чу иймон кетасан…
 
Термиз, 1994 йил
КЕЛИНЧАККА
 
Ҳақиқатга айланган тушсан,
Тилла бўлиб қолган кумушсан,
Семурғ каби афсона қушсан,
Қувончларга кўзларинг тўлсин,
Парвозларинг муборак бўлсин!
 
 
Сенга ҳавас қилсин дунёлар,
Зулайхою Ширин, Лайлолар,
Сенга мафтун бўлсин шайдолар,
Доим кулиб турсин кўзларинг,
Бахтдан ёруғ бўлсин юзларинг!
 
Тошкент, 2010 йил
ШОГИРДЛАРИМГА
 
Айтган эди кекса қарағай,
Кеча менга гўё бир масал:
 
 
“Боқа-боқа дардманд осмонга,
Қариб қолдим, мана, бармаҳал.
 
 
Айтади-ку, доно халқимиз:
Касал эмас, касалбон касал.
 
 
Нетай, қирққа кирмай, қирқилдим,
Шу экан-да, тақдири азал…”
 
 
Сизлар билан, азиз шогирдлар,
Ёшаради қалбим ҳар маҳал.
 
 
Сизлар билан ҳар лаҳзам ширин,
Сизлар билан ҳар куним гўзал!
 
ИРКИТ
 
Ўзи-ку қарғага ўхшайди, аммо
Кўзларини кўрсанг худди бўёғли.
Файласуф бўлсанг ҳам англай олмайсан,
Қарға боласими, бўёғли ўғли?
 
 
Булбулдек сайрамоқ истайди, лекин,
Қарғадек қағ-қағлаб бўлади кулги.
Арслонга ёрдамчи бўлгани билан,
Зотига тортади бечора тулки.
 
 
Бўриман, дийди-ю чиябўридай
Ейдиган нарсаси доим сарқитдир.
Энг тансиқ таоми – туҳмат ва иғво,
Нима ҳам дердингиз, иркит, иркитдир!
 

«КЎЗГУ ҲАЙРАТИ»ДАН

ОРЗУЛАР ЁМҒИРИ
 
Қанийди
Бир ёмғир ёғса:
Даладаги шийпонни
Шийпондаги чопонни
Ҳўллаб
Ёғсайди.
 
 
Саҳролар кезиб
Майсалар чизиб
Деҳқоннинг шукрона кўз ёшларидай
Томчилаб ёғсайди
Гуллаб
Ёғсайди.
 
 
Булутлар юртидан –
Осмон қалбидан
Дилларнинг чанқаган ёзистонига
Илоҳий бир пайғом
Йўллаб
Ёғсайди.
 
 
Бир
Ёмғир
Ёғсайди…
 
АССАЛОМ, МУҲАББАТ!
 
Бесўроқ дилимга қадам қўйибсан,
Қаршимга қаламқош санам қўйибсан,
Ёнимга дафтару қалам қўйибсан,
Тўпори, соддадил, ғўр, хом муҳаббат,
Ассалом, муҳаббат, салом муҳаббат!
 
 
Келибсан, диллардан дилларга ўтиб,
Эртакдек тиллардан тилларга ўтиб,
Элчидек эллардан элларга ўтиб,
Ғойибдан йўлланган пайғом муҳаббат,
Ассалом, муҳаббат, салом, муҳаббат!
 
 
Исминг не, билмайман, билмам, қайдансан,
Самарқанд, Бухоро ёки Райдансан?
Бунчалар мунглисан, балким найдансан?
Нотаниш, бенишон, беном муҳаббат,
Ассалом, муҳаббат, салом, муҳаббат!
 
 
Меҳмондек келдинг-у, мезбоним бўлдинг,
Бор-будим сеники – султоним бўлдинг.
Жонимдан жой олган жононим бўлдинг,
Эй қудсий, илоҳий инъом, муҳаббат,
Ассалом, муҳаббат, салом, муҳаббат!
 
 
Йўл олис, манзилга етиш – таваккал,
Қил кўприк устидан ўтиш – таваккал,
Ютқазиш мумкину ютиш – таваккал,
Омадсиз қиморбоз, ноком муҳаббат,
Ассалом, муҳаббат, салом, муҳаббат!
 
ҚИШКИ ХИРГОЙИ
 
Суф яктакка ўранган қирлар,
Жим туширар хафий зикрлар.
Оқ саллали чўққилар гўё –
Нақшбандий, Яссавий пирлар.
 
 
Тепаликда жунжиккан бир тол –
Умри мурид бўлиб ўтган чол.
Оқ хаёлга чўмган харсангга
Беролмайди ботиниб савол.
 
 
Сой тагида бир жилғаойи,
Илиқ-илиқ айлар хиргойи.
Биллур рўмол илиб бошига,
Келин бўлди зийқаъда ойи…
 
ИККИНЧИ ҲАЁТ
 
Мен шоирнинг изтиробидан
Парчаланиб кетган варақман.
Болакайнинг қўлидан чиқиб
Қанот очган дайди варракман.
 
 
Мен – шоирнинг эркин шеъриман,
Қолипларга сиғишим мушкул.
Даладаги гуллар – овунчим,
Мен учунмас тувакдаги гул.
 
 
Мен – сарфу наҳв илмидан безиб,
Дарсдан чиқиб кетган талаба.
Кимдир енгиб туриб енгилса,
Мен енгилиб қучдим ғалаба.
 
 
Денгиз эдим, кўлга айландим,
Яна денгиз бўлиб йиғилдим.
Шоир бўлиб келдим дунёга,
Ошиқ бўлиб қайта туғилдим.
 
БОБОТОҒ
 
Бинафша-ю қизғалдоқлардан
Кўнгил узиб кета олмадим.
Юз йиллик йўл босдиму аммо
Боботоққа ета олмадим.
 
 
Энди синиқ қалбим тубида
Армон бўлиб қолдинг, Боботоғ.
Юрагимда забт этолмаган
Довон бўлиб қолдинг, Боботоғ…
 
БИР БУТУН

Султонмурод Олимга


 
Бир кўзим ўзбегу, бир кўзим – тожик,
Бир юзим ўзбегу, бир юзим – тожик.
Осмоним ўзбегу, юлдузим – тожик,
Юрагим ўзбегу, мен ўзим – тожик.
 
 
Иккига бўлинган битта бутунман,
Бир она қўлида икки тугунман.
Бир ватан, бир уйга, бир хонадонга
Пойдевор ўзимман, ўзим сутунман.
 
 
Қонимда ўзбегу, жонимда тожик,
Жонимда ўзбегу, қонимда тожик.
Шодлигимдан шоду қайғумдан ғамгин –
Қошимда ўзбегу, ёнимда тожик.
 
 
Мени мендан жудо айлаб бўлурму?
Ўз-ўзига жафо айлаб бўлурму?
То Жомий ўзимман, Навоий ўзим,
Мени ҳеч бенаво айлаб бўлурму?
 
 
Бир кўзим тожику, бир кўзим – ўзбек,
Бир юзим тожику, бир юзим – ўзбек.
Осмоним тожику, юлдузим – ўзбек,
Юрагим тожику, мен ўзим – ўзбек.
 
ҚУЁШ, МЕН ВА ДАРЁ
 
Қуёш
Ҳар куни бир марта
Келиб кетадиган меҳмони
Дунёнинг.
 
 
У шундай меҳмонки
Бир куни келмаса, бошига
Чанг-тўзон
Ё бўрон
Ё ёмғир
Ё таҳқир
Ёғади Дарёнинг.
 
 
Ахир, Дарё –
Бағрикенг
Меҳрибон
Мезбон.
 
 
Мен Қуёш ва Дарё орасидаман.
Қуёш –
Қари.
Дарё –
Пари.
Мен улар орасида
Норасидаман.
 
 
Мен олмамни Дарёга отдим
Сузиб кетди Дарёда олмам.
Сен менинг юрагим тубига чизган
Айрилиқ хатини
Чизиб кетди Дарёда олмам.
 
 
Қуёш
Ҳароратли бармоқлари-ла
Сутини соғади Дарёнинг.
 
 
Шунақа!
Ишлари қизиқ
Ё чизиқ
Дунёнинг!
 
 
Дарё
Бир куни келиб
Қуёшдан кетиб
Қумидаги намликка айланади
саҳронинг…
 
ҚАНОАТ
 
Майли, сен Боязид Бистомий бўлгин,
Термизий, Табризий ё Шомий бўлгин.
Сен майли, Навоий ё Жомий бўлгин,
Мен мурид мисоли бўлсам кифоя.
 
 
Сен Қорун бўлолсанг, бўлавер, дўстим,
Ганжина мисоли тўлавер, дўстим.
Майли, сен устимдан кулавер, дўстим,
Мен дарвиш тимсоли бўлсам, кифоя.
 
 
Майли, сен қудратли ғазанфар бўлгин,
Етти иқлим аро музаффар бўлгин.
Майли, сен Сулаймон пайғамбар бўлгин,
Кафтингда чумоли бўлсам, кифоя.
 
АҲД
 
Шеърларимни уч марта тўплаб
Дафтарга ютқаздим.
Ўзимга уч марта гўр қаздим:
Рўзноманинг остонасини
Уч марта ҳатлаб,
Нозимга тутқаздим.
 
 
Нозим ака чойини ҳўплаб,
Қошларини чимирди: “Ия,
Қани Қофия?!
Уф-ф!
Қани радиф?!”
Қани у,
Қани бу…
Кук-ку!
 
 
Уч марта йўқотдим
Дафтарларимни.
Йўқликка учирдим
Кафтарларимни.
 
 
Сўнг бирон муҳаррир
Биронта нозим
Ўқиши,
Уқиши
Мумкин бўлмаган
Ўзимга
Кўчира бошладим
Айтганларимни.
 
 
Тўлиб кетди кўзларим
Тасвирга,
Қошларим қофияга,
Қулоқларим жарангга,
Қўлларим бармоққа,
Тилим арузга,
Дилим оҳангга…
 
 
Энди қайтмайман –
Дафтарга айтаман айтганларимни.
Бирма-бир
Қайтариб оламан ўзимдан
Қайтганларимни.
 
КЎЗГУ ҲАЙРАТИ
 
Ҳозирча қаршингда
Мағрур турибман.
Аммо
Бир куни келиб
Тош қотиб қоласан
Мени танимай… Ёҳу!..
 
 
Ўшанда сендан
Кўзларини олиб қочади
Ажин босиб кетган ғурурим…
 
 
Эҳ, Кўзгу,
Дўстгинам Кўзгу!
 
МЕНДАГИ БОЙСУН
 
Ёзги ҳовли.
Аср намози.
Бувам
Ихлос Қибласига юзланиб
Муҳаббатнинг яшил майсалари устида
Намоз ўқирди.
 
 
Бувим
Хотираларидан
Аббос ва Шокирга
Сават тўқирди.
 
 
Отам
Отини бойловдан бўшатиб
Оёқлари чигалини ёзишга чиқарди
Ёз бўйи конспект ёзишдан чарчаган
Асабини жиловлаб.
 
 
Онам
Онасидан
Мерос қолган ипларни тўзиб
Бойсуний шевада
Дўппи тикарди
Кетмончопти, Деворкамар, Бобоҳунинг
Шукуҳини жилолаб.
 
 
Укам Жамшид
Қирдан келаётиб
“Назарийнинг қизлари” қўшиғини куйларди.
 
 
Мен
Бувам қурган қамиш чайлада
Аруз билан чиллак ўйнардим:
“Мустфъилун, фаъулун, мустафъилун фаъул”.
 
 
…Кимдир менга Алпомишнинг
Достонини сўйларди…
 
МЕН, ҚАМАР, ОЙБАЛИҚ…

Олимжон Давлатовга


 
Кеча боргандим
Булоқ бошига.
Қарасам, на Ойбалиқ
На Қамар бор эди.
Фақат
Ёлғизлигимнинг синиқ тасвири
Менга ёр эди.
 
 
Аммо
Борлиқнинг мунаққаш кошонасида
Мен ёлғиз эмасдим:
Бўйин томиримдан ҳам яқин
У бор эди.
Аммо, билмадим:
У Менга яқинроқмиди,
Ёки Мен Унга?
 
 
Хонамдан ҳам торроқ, хирароқ
Бир Дунё
Айланиб турарди теварагимда.
Аммо, билмадим:
Мен Унда яшаётганмидим
Ёки У Менда?
 
 
Душмандан тузукроқ
Бир Дўст ҳам
Шу яқин атрофда
Ўтмишнинг кўзини чўқирди.
Менимча, насиҳат фанидан
Фалсафа ўқирди.
Аммо, билмадим:
Мен Унга дўстмидим,
Ёки У Менга?
 
 
Фалакнинг бепоён яйловларида
Қозиққа боғланган
Бир Қуёш
Айлана мунаввар ясарди.
Шуълалари
Яшиннинг чизиқларидай
Қийшиқ ва синиқ
Тасвир ясарди.
 
 
Қантар қилинган отга ўхшарди
Бир дарё булут –
Оқ-қора, қора-оқ.
Булутнинг тезроқ
Ёзилишини
Истаётганди
Чавандоз чақмоқ.
 
 
Булбули сурма еб
Овози бўғилган
Бир боғ ҳам
Доғ эди.
Гуллари қоғоздан,
Қоғози сўлган…
 
 
Мен Худонинг даргоҳини
Излаб кетдим.
Яратганни мутлақо якка
Ва ёлғиз топдим.
Фаришталар ташвишли
Шивирлаша бошлашди.
Аммо Унинг мақбули
Фариштамас, Мен эдим.
 
 
Ҳам Аршда
Ҳам фаршда
Бирон бир нақш
Ё бирон тасвир
Мукаммал эмасди:
Барчаси тилка
Барчаси пора
Барчаси танҳо,
Синиқ
Ё йиртиқ…
Борлиқ эса Мени йўқларди.
 
 
Қайта бордим
Булоқ бошига.
Қарсам,
Ҳам Қамар,
Ҳам Ойбалиқ бор…
 
 
Фақат
Ёлғизлигимнинг
Синиқ тасвири
Менсиз
Унсиз
Йиғларди.
 
ҚИБЛАМ ҚАНИ?
 
Маъно
Бўлмоқ лозим.
Аммо
Дунё
моддийдир…
 
 
Мен
бу модда ва маъно,
Мен
қуруқлик ва дарё
оралиғида
Қиблани йўқотдим.
 
 
Балким мен
Ким учундир
Бир шоир
ё ошиқдирман.
Яна ким учун
Бир соҳир
Ё фосиқдирман.
 
 
Аммо аслида
Мен бир оҳ,
бир дардман.
Бир дарвиш,
бир дардманд.
 
 
Маъно бўлмоқ лозим.
Зеро Ишқ,
зеро ҳис,
зеро ақл,
зеро дард,
зеро нур –
Япроқдай қуриб,
Дарахтдай ёниб,
Чироқдай сўниб
Бормоқда, афсус!
 
 
Дунё моддийдир,
Аммо,
Модда дунёмас…
 
 
Моддадан ўзиб,
Кел, Маъно бўлайлик!
Қуруқлик кечиб,
Кел, Дарё бўлайлик!
 
 
Аммо, мен
Карвонимдан адашиб кетибман,
чоғи.
Карвоним, билмадим –
Йўлдами,
Ё чўлда…
Қиблам қани?
Қабилам қани?
Ўнгдами?
Ё сўлда?
 
 
Кел, Маъно бўлайлик…
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации