Электронная библиотека » А. Моськин » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 12:40


Автор книги: А. Моськин


Жанр: Здоровье, Дом и Семья


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 8 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Бизнинг танамиз чанқоқни ҳис қилади

Ҳар биримиз сув етишмаслик белгиларини пайқай олишимиз даркор, шунда бу жараён ёмон оқибатларга олиб келишининг олди олинади. Ташқи чанқоқлик бизга танамиз сувга муҳтожлигини дарров билдиради, аммо у бироз кечикиб билинади. Биз чанқаганимизда танамиз қаттиқ сувсизликни ҳис қилаётган бўлади. Аммо чанқоқни қондиргандан сўнг ҳам анча вақтгача сувсизлик аломатларидан азоб чекасиз (диққатнинг бузилиши, қалтироқ, толиқиш, бош оғриғи). Бу хавфли эмас, аммо яхши ҳолат ҳаммас. Шунинг учун танани бу аломатлар сезилгунча сувсизликка ташлаб қўйиш керак эмас. "Ушлаб қолиш"нинг бунақа механизми бор – танани ҳимоя қилувчи кучлар ҳар доим суюқликни асраб қолади ва ҳар гал бизни нормадан бироз кўпроқ сув ичишга ундайди. Танада сув етишмаслигини аниқлашнинг яна бир қатор усуллари бор.

Оғизнинг қуриб қолиши – бу сув етишмаслиги энг юқори даражага чиққанлиги ва миянинг нормал ишлаши учун жиддий хавф солаётганлигининг аломатидир. Тана бу ҳолатда "фавқулодда вазият" ҳолатида ишлай бошлайди, бунда баъзи тизимлар ишдан чиқади, ишлаши учун сув зарур бўлган баъзи ферментлар умумий биокимёвий жараёндан чиқиб кетади. Агар ташналик сурункали юз берадиган бўлса, ферментация етишмаслиги билан боғлиқ бир қатор оғир касалликлар, масалан, инсулин етишмаслиги диабети келиб чиқади. Бунда мия ўзига керакли сувни олиб, инсулин ишлаб чиқарувчи ошқозон ости безини қурбон қилади. Бир марта сувсизликни ҳис қилган танада кўпгина вазифаларнинг бажарилишига жавоб берувчи аъзолар ва тизимлар "ўчиб қолиш"га мослашиб қолади. Натижада улар доимий равишда қисқариб боради ва ҳалок бўлади. Энг хавфли томони шундаки, бу жараённи кўпинча тўхтатиб бўлмайди. Сувдан узиб қўйилган ҳужайра ҳалок бўлади. Бу сувсизликнинг тузатиб бўлмайдиган босқичи бўлиб, бунда йўқотилган у ёки бу вазифани қайта тиклаб бўлмайди. Шунинг учун танамиз бизга сув етишмаслиги тўғрисида берадиган ҳар бир хабарни билиб туришимиз зарур. Келинг, бунинг учун сув мувозанати механизми билан танишамиз.

Асосий модда – бу жараённи бошқарувчи гистамин – ташналик ҳисси танада гистамин ҳамда унга бўйсунувчи механизмларнинг кўплиги ва фаоллиги натижасидир. Гистаминнинг кўпайиши ҳозирги пайтда астма, аллергия, гастритдаги оғриқ белгилари, қулунж (йўғон ичакнинг яллиғланиши) ва бошқа ошқозон-ичак йўли хасталиклари, бел ҳамда бўғимлардаги оғриқлар, томоқдаги оғриқлар, бош оғриғи (мигрен) каби касалликларда намоён бўлмоқда. Бундан келиб чиқадики, аллергия, астма, гипертония, ревматизм билан оғриганлар, шунингдек, қандли диабет ва семиришдан азоб тортувчи беморлар – буларнинг ҳаммаси сувсизланиш қурбони ҳисобланишади, улар ўз вақтида гистамин миқдорининг кўпайишини пайқамаган ва тоза оддий сувнинг антигистаминлик хусусиятини билмаган кишилардир.

Сув – энг яхши сийдик ҳайдовчи, антигистамин воситадир. Бу далилни англаш – бутун бошли азоб берувчи касалликлар қўшинини енгиш учун тўғри йўл, чекилаётган азобларни сезиларли даражада камайтириш имконидир.

Агар танага нормал ишлаши учун етарли даражада сув тушмаса, у сувни ўзига энг керакли ерларга тақсимлай бошлайди, бу жараёнда ниманидир қурбон қилишга тўғри келади. Ва ана шунда ўз имкониятларидан ортиқ даражада ишлашга мажбур бўлган тизим ишдан чиқади. Охирги кучлари билан мувозанатни ушлаб турган тана ёпирилиб келаётган вазиятларга дош бера олмай, бирор тизимга катта миқдорда сув керак бўлганда ўз вазифасини бажаришга қийналиб қолади. Аммо сувсизлик ҳаддан ташқари кучайганда тананинг вазифаларини бошқариш тизими яхши ишламай қолади. Сув захираси энг керакли бўлган у ёки бу аъзоларгагина етказиб берилади. Сув етиб бормаётган аъзо ва тизимлар маълум белгилар билан хабар бера бошлайди. Бу биринчи навбатда ҳеч қандай сабабсиз чарчаш ҳолатидир. Бугунги кундаги энг катта етишмовчиликлардан бири – сурункали чарчаш синдроми, бу қувватнинг камлиги, ҳаётий кучнинг тобора камайиб бораётганлиги билан ифодаланадиган тананинг сувсизланиш аломатидир. Юз қисмига қон қуйилиши ҳам муҳим хабар. Агар сувсизлик натижасида мияга етарли даражада сув етиб бормаса, у қон айланиш тизимига уни озиқлантирадиган томирларни кенгайтиришни буюради. Шунга кўра катта миқдордаги қон юз қисмига қуйилади. Депрессия ҳолати маълум гормонлар етишмаслиги натижасида келиб чиқади (серотанин, мелатонин, триптофан ва тирозин). Сув танқислиги ҳолатида жигар бу моддалардаги заҳарли чиқиндиларни зарарсизлантириб, ҳужайралар ҳаётий фаолиятини тиклаш учун ишлатишга мажбур бўлади. Натижа – босим остидаги депрессия ҳолати.

Қалтироқ, сержаҳллик, ғазаб сув танқислигининг ҳар хил даражаси ҳақида хабар беради. Агар бизни сабабсиз қалтироқ тутса, бу бизнинг танамиз қувват сарфлаш билан боғлиқ бўлган қандайдир вазифани бажаришдан бош тортаётганлиги аломатидир. Бу вақтда бажариш керак бўлган иш – бир стакан сув ичишдир. Сув танқислигининг яна бир аломати асаб тизимида пайдо бўладиган хавотирланиш ҳисси, бадгумонлик, уйқусизлик, диққатни жамлай олмасликдир.

Сувсизланиш нималарга олиб келади

Юқорида айтилганидек, аллергик касалликлар, шу жумладан, бронхиал астма – сурункали сувсизланишнинг дастлабки оқибатларидан биридир. Аммо сув танқислиги яна бошқа, янада оғирроқ оқибатларга ҳам олиб келади.

Гипертония ҳозирги куннинг асосий офатларидан ҳисобланиб, у ҳам танамиздаги сув танқислиги оқибатида келиб чиқади. Тана сув танқислигига учраганда аввало тананинг ҳаётий фаолияти учун зарур бўлган, тўқималар ва аъзолар тириклиги учун зарур кислород билан таъминлайдиган юрак-қон томир тизимининг яхлитлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Аммо бунда ўзини сақлаб қолиш учун юракқон томир тизими капилляр томирлар тўрини сиқади, бу, албатта, ўзининг салбий натижасини беради. Танада қуюқ қоннинг доимий айланиши натижасида қон томирлар коллапси (сусайиши) юзага келади. Сув танқислигига мослаша бориб, қон айланиш тизими ўзининг ҳажмини қисқартиради. Катта томирлар кичраяди, кичиклари (капилляр) эса бутунлай ёпилади. Натижа – қон айланиш тизими яхлитлигига путур етиши ва катта артерия томирларида босимнинг сезиларли даражада ошиши. Сўнгра қон тақсимлаш тизимида қуйидагилар бошланади: аввал томирлардаги босим ортади, шу билан бир вақтда танадаги сувни сақлаб қолиш учун тузларнинг йиғилиб қолиши юз беради. Демак, бундан келиб чиқадики, танада туз йиғилиши – тананинг қимматбаҳо суюқликни асраб қолиш йўлида қўллайдиган тадбири экан. Ортиқча туздан қутулишнинг ягона йўли етарли даражада сув ичиб, сув-туз мувозанатини сақлаб туриш ҳисобланади, шунда гипертония ривожланишининг олди олинади.

Диабет – бу ҳам сурункали сув танқислигининг оқибати ҳисобланади. Дастлаб мия катта миқдордаги сувга муҳтож бўлади. Агар у етарли даражада етказиб берилмаса, мия қон таркибидаги глюкоза миқдорини оширишга буйруқ бериб, мустақил равишда ўзига керакли қувватни ҳосил қилишга интилади. Натижада мия глюкозага қувват манбаи сифатида "суяниб" қолади. Фавқулодда вазиятларда миянинг глюкоза ёрдамида 85 фоиз қувватни олиши аниқланган. Мия ҳужайраларининг ўзига хослиги шундаки, глюкоза ҳужайрага тушиши учун бошқа барча ҳужайралардан фарқли равишда инсулинга муҳтож бўлмайди. Узоқ давом этган сувсизлик ва миянинг глюкоза қувватига бўлган талаби туфайли тана мустақил равишда инсулин ишлаб чиқара олмай қолади. Сувсизлик туфайли келиб чиқадиган касалликларга ҳар хил турдаги оғриқлар ҳам киради.

Оғриқ – бу тананинг сувга муҳтожлиги тўғрисидаги хабари. Оғриқ синдромининг юзага келиш сабаби – ҳужайраларнинг кислотали "куйиши"дир. Кислота миқдори ошган бу ўчоқларнинг жойлашган ерига қараб тананинг ҳар хил жойларида оғриқ пайдо бўлади. Оғриқнинг кўп учрайдиган турлари – бу кучли сув оқими билан ювиш керак бўлган кислоталар йиғилиб қолган жойлар мавжудлиги ҳақида огоҳлантиришдир. Бунақа оғриқларга жиғилдон қайнаши, ангина, ревматизм, мигрен кабилар киради.

Гап шундаки, ҳужайра ичидаги суюқликнинг нормал ҳолати – бўш, тарқоқ муҳит. Тирик организмлар учун водород иони концентрациясини нормал ҳолатда тутиб туриш учун ёки, бошқача қилиб айтганда, 7,4 га тенг бўлган рН учун етарли даражада сув зарур. Сув етишмаганда кислота ҳужайра ва аъзолар ичида тўпланиб, қайнаши, куйиши оқибатида оғриққа айланади. Танадан кислотани самарали чиқариш кўрсаткичи – сийдикнинг тиниқ рангда бўлиши. Агар ажралаётган суюқлик ёрқин сариқ ёки жигарранг тусга кирса – бу сувсизликнинг хавфли даражаси ҳақида огоҳлантирувчи хабар демакдир. Танадаги кислота концентрацияси меъёридан ошиб кетганлигининг биринчи аломати – бу жиғилдон қайнагандаги оғриқдир. Шилимшиқ кўринишдаги ошқозон шу тахлит танамизга сув кераклигини билдиради.

Қулунж (йўғон ичак яллиғланиши) – йўғон ичакдаги оғриқлар ҳам сувни етарли даражада истеъмол қилмаслик натижаси. Ҳазм қилишнинг сўнгги босқичида овқатнинг охирги қолдиқлари ичакдан яхши ўтиши учун ҳам сув зарур бўлади. Ичакнинг бу қисмида овқатнинг "қуруқ қолдиғи"га охирги ишлов берилади ва сув билан етарли даражада таъминланмаса, ичакнинг кенгайиб-торайиши кучаяди, натижада оғриқ пайдо бўлади. Бундай вазиятда эрталаб оч қоринга 2-3 стакан сув ичиш зарур ва ана шунда йўғон ичакдан ахлат чиққанда пайдо бўладиган оғриқлар ўз-ўзидан йўқолади.

Булимия – ҳар қанча ғалати туюлмасин, чанқоқ ҳиссининг яна бир кўриниши. Булимия билан оғриган беморлар шунчаки очлик ҳиссини чанқоқ ҳиссидан фарқлай олмай қолади.

Булимия билан оғриган беморлардаги қайт қилиш ҳолати – шунчаки тананинг кўп миқдордаги овқатни ҳазм қилиш ва сингдириш учун керакли бўладиган сув етишмаслиги оқибатларини бартараф қилиш учун ҳимоявий жавоб реакцияси ҳисобланади. Бундан келиб чиқадики, биз дори-дармон ва аналгетик (оғриқ қолдирувчи восита)лар билан даволамоқчи бўлган кўпгина касалликлар аслида чанқаш оқибатида келиб чиқар экан. Демак, танадаги сув мувозанатини тиклаш орқали бу хасталикларни даволаса бўлади. Яъни, етарли даражада сув ичиш зарур экан. Аммо ичишни тўғри равишда амалга ошириш керак, акс ҳолда ичилган суюқлик енгиллик келтирмайди, балки касалликлар келтириб чиқаради.

Сувни қанча, қачон ва қандай тарзда ичиш керак

Бир кунда тана суюқлик танқислигини ҳис қилмаслиги учун қанча сув ичиш кераклигини қандай билиш мумкин?

Баъзи усулларга кўра 1 кг вазнга 40 мл сув тўғри келади, яъни ўртача 2,5-2,8 литр.

Ичимлик суви ва овқатлардаги сувларни қўшган ҳолда бир кунда 1,5-2 литр сув ичамиз (мева ва сабзавот сувлари билан бирга). Ички жараёнлар ҳисобига ажраладиган сув тахминан 400 мл.ни ташкил қилади. Умумий ҳаётий фаолият учун бир суткада 2-2,5 литр сув зарурлигини ҳисоблаб топиш қийин эмас. Йога билан шуғулланувчи кишилар бир кунда 8-10 стакан сув ичишни тавсия қилишади, яъни тахминан 2 литр. Баъзи мутахассислар 1,5 литр сув ҳам кифоя қилишини айтишади. Фақат бу сув шарбатлар тарзида ёки овқатлар ҳисобига эмас, тоза сув бўлиши шарт. Спортчилар билан ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, агар спортчи ташналигини қондирадиган миқдордан кўпроқ сув ичса, ўзининг чидамлилигини оширади. Китобнинг бошида Брэггнинг ҳаётида бўлиб ўтган воқеа – қандай қилиб чўлни кесиб ўтгани ёдингиздадир? Ўшанда у фақат сув ичганди, бошқалар эса овқат ва шарбатлар ичишганди. Аммо манзилга фақат Брэгг етиб борди. Агар танада суюқлик етарли бўлмаса, натрий ҳужайралардаги барча сувни қонга беришга мажбур қилади. Бу хабарни бош миянинг бўлимларидан бири – гипоталамусда жойлашган осморецепторлар қабул қилади. Бу ҳужайралар сийдик ишлаб чиқаришни камайтирадиган махсус антидиуретик гормон (АДГ) ишлаб чиқаради. Бу гормон буйракка тушади ва биз учун зарур бўлган сувни ушлаб қолишга мажбур қилади. Натижада биз ташналикни ҳис этамиз.

Чанқоқ тана 1 фоиз вазн йўқотганда ҳосил бўлади. Масалан, кишининг оғирлиги 70 кг бўлса, 700 мл сув йўқотганда чанқоқни ҳис қила бошлайди. Аммо биз 700 мл.дан кам сув истеъмол қиламиз, яъни танамизга керакли миқдордан кам сув ичамиз. Натижада биз доимий равишда кўпгина касалликлар, юқорида айтганимиздек, гипертония, умуртқа дискининг қисилиши каби хасталикнинг сабаби ҳисобланган ташналикдан қийналамиз. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ўзимиз хоҳлагандан 3-4 баробар кўпроқ сув ичишимиз керак экан. Бундан ташқари, сиз танангизда сув захирасини аввалдан тўлдириб қўйганингизда барча тизимлар ва аъзолар ишини нормаллаштириб, танани сув билан тўйинтиришнинг яна бир самарасини ҳосил қиласиз – бу оқсил-энзима ва ферментлар ишини фаоллаштиришдир. Ахир, уларнинг иш қобилияти тўғридан-тўғри сув миқдорига боғлиқ. Кўпчилик кишилар кўп сув ичишдан қўрқишади. Аслида эса танада суюқликнинг исроф бўлиши мумкин эмас. Агар биз ўзимиз хоҳлагандан кўра кўпроқ сув ичишга ўргансак, бунинг натижасида фақат бир нарса содир бўлади – буйраклар бу сувни ишлатиб, тана ҳужайраларининг керакли функцияларини фаоллаштириб, уни танадан чиқариб ташлайди.

Агар танада сувнинг кўплиги кузатилса, тескари жараён бошланади, натрий осморецепторларни сувни шимишга мажбур қилади ва улар АДГ ишлаб чиқаришни тўхтатади, натижада буйраклар бутун қуввати билан ишлай бошлайди. Агар киши соғлом бўлса, бу тизим жуда самарали ишлайди. Сувсизланганда эса буйраклар бир суткада 1 литр сув ажрата бошлайди. Буйрак ишлаб чиқариш қуввати эса суткасига 20 литрни ташкил қилади. Буйракларимиз танадаги намликни жуда самарали равишда чиқариб ташлаш имконига эга. Чунки бу механизм танадаги сув-туз мувозанати бузилганлиги тўғрисидаги кичкина хабар билан ишга тушади – сув 1 фоиз етишмай қолганда тана кучли чанқоқни ҳис қилади. Шундай вазиятлар ҳам борки, ҳақиқатдан ҳам кўп сув ичишга тўғри келади. Уларни батафсил кўриб чиқамиз.

Об-ҳавонинг иссиқ ёки совуқлиги

Иссиқда танамиз суюқликни тер билан чиқариб юбориши ҳаммага маълум. Аммо қуруқ совуқ об-ҳаво шароитида ҳам бундан кам йўқотиш юз бермайди. Фақат у 40 градусли иссиқда бўлгани каби танадан оқиб чиқаётган тердек кўзга ташланмайди. 40 градусли совуқда ҳам намлик оғиздан буғ шаклида чиқиб кетади. Шу йўл билан сиз тери орқали эмас, ўпка орқали суюқликни йўқотасиз. Шунинг учун ҳам совуқ ҳавода одатдагидек сув ичиш зарур. Қишда уйдан чиқишдан олдин бир стакан сув (қайноқ чой ҳам бўлади) ичиш – сувсизлик белгиларининг олдини олишнинг зарур чорасидир.

Жисмоний меҳнат

Жисмоний зўриқишда, масалан, спорт машғулотлари вақтида ҳар соатда 1 литр атрофида бўлади. Шунинг учун вазиятни қувиб ўтиш мақсадида машқдан олдин ярим ёки 1 стакан сув ичиш, сўнгра бу муолажани ҳар ярим соатда такрорлаш зарур.

Бошқача йўл тутиш ҳам мумкин: машқдан аввал ва кейин тарозида вазн ўлчаб кўрилади ва йўқотилган ҳар бир грамм вазн ўрнини шунча миқдордаги сув билан тўлдирилади (ҳеч бир ҳолатда кола, лимонад ёки қувват берувчи ичимликлар мумкин эмас).

Авиасаёҳат

Бу вазиятда сувсизлик сабаби – самолёт салонидаги қуруқ ва сунъий ҳаво. Шунинг учун парвоз пайтида, албатта, тоза сув ичиш зарур.

Қандай қилиб кун давомида сув ичиш мумкин

Буни уйқудан уйғонган заҳоти бошлаш керак. Аввал томоқни, кейин тишларни чайиб ташлаш зарур, кейин 1 стакан сув ичиш лозим. Сўнг нонушта қилинади. Бунинг ортидан дарров яна сув ичиш мумкин эмас. 15-20 дақиқа кутиб туриш зарур. Овқат ейиладиган пайтда эмас, балки овқатланиш орасидаги вақтларда сув ичиш жуда муҳим. Шунингдек, уйқу олдидан ҳам сув ичиш тавсия этилмайди. Табиатан ошқозонга тушадиган овқат фақат сўлак билан ҳўлланиши керак. Нима учун кўпчилик кишилар овқатланганда сув ичишади? Чунки улар овқатни яхшилаб чайнашга дангасалик қилишади ёки бунга вақтлари етмайди, ошқозонни овқатга тезроқ "бўктириш" учун замонавий кишилар сувга ботиришни маъқул кўришади. Аммо бунинг ўрнига овқатни бўтқа ҳолига келгунича яхшилаб чайнаш ва шу йўл билан овқатнинг ошқозонга табиий равишда тушишини таъминлаш зарур. Овқат вақтида ёки ундан сўнг дарров сув ичиш – бузилган инсоният тараққиётининг аҳмоқона одати, холос. Овқатланиш вақтида сув ичганимизда ошқозонга қаттиқ овқат ва суюқлик тушади. Бунда сўлак безлари ишлаб чиқарилиши тўхтайди. Бу вазиятда сўлак билан ҳўлланмаган озуқа қайта ишланмаган ишқор ва ферментлардан иборат бўлиб қолади, демак, у ҳазм қилишга тайёр бўлмайди. Бунинг устига суюқлик ошқозон сокига аралашади ва озуқа ошқозон сокида мавжуд бўлган кислота билан етарли миқдорда ишлов берилмай қолади. Натижада озуқа сўлак ва ошқозон сокининг табиий сингдириш катализаторлари билан аралашмайди, демак, етарли даражада ҳазм бўлмайди ҳамда сингимайди. Шунинг учун тана нафақат озуқадан ўзига керакли моддаларни ажрата олмайди, балки айниган овқат қолдиқлари билан заҳарланади. Шунинг учун овқат вақтида сув ичиш ўзининг ҳазм қилиш тизимини барбод қилиш демакдир. Худди шундай овқат егандан сўнг бирдан сув ичиш ҳам мумкин эмас. Қачон сув ичса бўлади? Овқат ейишдан камида 15-20 дақиқа олдин – ошқозон сувни молекулаларга ажратиши учун айнан шунча вақт зарур бўлади. Шундан сўнг сув яхши сўрилиб, ўзининг тозаловчилик вазифасини бошлагач, ошқозонга овқат "ташласа" бўлади. Фақат қизилўнгачдан осон ўтиши учун яхши чайналган бўлиши керак.

Овқатланишдан сўнг ҳазм қилиш бошланган жараёнда ҳам сув ичиш мумкин эмас. Оқсил сингиб ҳазм бўладиган вақтни ҳисобга олиб, 1,5-2 соатдан сўнг сув ичиш мумкин.

Қандай сувни ичиш мумкин

Поль Брэгг китобларида ўзининг доим энг тоза сув сифатида дистилланган сув ичишини айтган. Ҳақиқатдан ҳам бунақа сувда сувдан бошқа ҳеч нарса мавжуд эмас. Аммо охирги ўтказилган текширувлар дистилланган сув бизнинг танамиз учун унчалик фойдали эмаслигини кўрсатди. Бизнинг танамиз сувда эриган минерал моддаларга муҳтож. Бундан ташқари, кейинги ўн йилликда олиб борилган изланишлар сувнинг тоза кимёвий таркибдан бошқа яна бир қанча хусусиятларга эгалигини аниқлади. Улар ҳам сувнинг фойдали хусусиятларига таъсир қилади. Дистилланган сув ўрнига Поль Брэгг тоза муз ёки қордан эритиб олинган сувни ишлатган. Ҳозирги вақтда табиатда, бахтга қарши, идеал тоза муз ёки қорнинг сувини топиб бўлмайди. Ҳаттоки Брэгг ўз умрининг бир неча йилини ўтказган Алп тоғларида ҳам шамол саноат марказларидан ҳар хил кимёвий заҳарли моддаларни келтириб ташлайди. Шунинг учун тоза эритилган сувни уй шароитида музлатгичда тайёрлаган маъқул. Ва фақат уни ичимликларнинг энг яхшиси деб ҳисоблаш мумкин.

Эритилган сув

Сув-муз-сув фазаларидан ўтган сув ички ва ташқи томондан истеъмол қилиш мумкин бўлган энг ижобий самарага олиб келадиган хусусиятларга эга бўлади. Ҳозирги кунда муз ва сувни ўрганишга доир кўплаб тажрибалар ўтказиш натижасида шу нарса аниқландики, сув молекулаларининг қаттиқ агрегат ҳолатидаги ўзаро жойлашуви, музнинг тузилиши ва сувнинг ўзининг молекулалари тузилиши бир-бири билан боғлиқ. Музлатилгандан сўнг сув молекуласи юқорисида тўрт зарядли нуқтага эга тетраэдр шаклида бўлади. Фаннинг айтишича, эриган сув структураси танамизнинг ҳужайра суюқлиги билан ўхшаш – чунки музлаб, кейин эритилган сувдаги молекула диаметри ўзгаради ва улар ҳужайра мембранаси орқали ўтади. Шунинг учун танадаги кимёвий реакция тезроқ юз беради ҳамда тузлар алмашинуви фаоллашади. Халқда аввалдан эриган сув танани яшартиради, деган тушунча мавжуд. Эриган сувда крандан оқаётган сувдан фарқли равишда танага жиддий зарар етказадиган оғир дейтерия йўқ. Олимлар дейтерияни йўқотиш танадаги ҳаётий жараёнга сезиларли даражада таъсир қилишини аниқлашди. Ўз-ўзидан эриган сув катта ички қувватга эга.

Эритилган сувни оддий кран сувини музлатгичда музлатиб олиш мумкин. Табиийки, аввал уни фильтрдан ўтказиб олиш зарур. Тана учун зарарли бўлган дейтерийни йўқотиш учун сув музлай бошлаган вақтда янги ҳосил бўлган устки қатламни олиб ташлаш керак бўлади. Музнинг лойқаланган, хира тортган қисмларини қиртишлаб олинг ёки сувда ювиб ташланг, чунки айнан шу жойларда туз ва бошқа зарарли кимёвий бирикмалар мавжуд бўлади. Дейтерий ("қаттиқ сув") айнан шу ерда йиғилади ва биринчи бўлиб музлайди. Қиш кунларида сувни балконда музлатиш мумкин. Ифлос қор ва чанг тушмаслиги учун идиш оғзи қопқоқ билан ёпилади. Даволовчи самара кўрсатиши учун керакли миқдор қуйидагича ҳисобланади: ҳар 1 кг вазнга 4-6 г эриган сув тўғри келади. Семиришда, модда алмашинуви бузилганда сув миқдори оширилади. Эсингизда бўлсин, эриган сувни тез ичиш зарур – уни узоқ вақт сақлаб туриб бўлмайди. Кун давомида эриган сувни ичиш ҳам фойдали ҳисобланади. Бир стакан чойни бир стакан эриган сувга алмаштиринг, аммо у иссиқ бўлмаслиги, балки совутилган бўлиши керак. Аммо тўлиғича эриган сув ичишга ўтиб олмаслик лозим. Сиз истеъмол қиладиган ҳамма сувнинг кўпи билан 30 фоизи эриган сув бўлиши керак. Бошқа вақтларда тинитилган сув ичинг.

Кумуш сув

Бу сувни кумуш билан ионлаштириб ҳосил қилинади, унинг бактерияларни ўлдириш хусусияти қадим замонлардан маълум бўлган. Бу металл билан қадимги Ҳиндистонда сувни зарарсизлантиришган. Шарқдаги ҳукмдорлар эса сувни фақат кумуш идишларда сақлашган. Ва ҳар галгидек қадимги билимлар ҳозирда ўз тасдиғини топган. XIX аср охирида француз шифокори Бене Креде сепсис (қон заҳарланиши)ни кумуш ионлари ёрдамида муваффақиятли даволади. У эришган муваффақиятидан руҳланиб шуни аниқладики, кумуш уч кун ичида дифтерия таёқчаларини ўлдиради, икки кунда эса – стафилококк, сил касаллигини юқтирувчиларни эса бир суткада ўлдиради. Бу ҳайратланарли натижа ўша вақтдаги тиббиёт олами учун шов-шувли воқеа бўлди. Сувли эритмаларда ҳар қандай ионлашув моддалар фаоллигини оширади. Бу вазиятда гап атомлар ҳақида бораётгани йўқ, балки мусбат зарядланган кумуш ионлари ҳақида бормоқда. У содда микроорганизмлар ҳаётий фаолияти учун ҳал қилувчи ўрин тутади. Кумуш катионлари касаллик ҳосил қилувчи бактериялар, вируслар, замбуруғлардаги кислород алмашинувини тўхтатиб қўяди – булар 700 турдаги касаллик ҳосил қилувчи "флора" ва "фауна"ларни йўқотади. Чунки бу "зараркунандалар"ни йўқотиш тезлиги эритмадаги кумуш ионлари концентрациясига боғлиқ. У қанча кўп бўлса, сувдаги патоген (касаллик ҳосил қилувчи) муҳит шунча тез йўқолади. Масалан, ичак таёқчалари кумуш концентрацияси 1 мг/л бўлганда 3 дақиқадан сўнг ҳалок бўлади, агар 0,5 мг/л бўлса – 20 дақиқадан сўнг, 0,2 мг/л бўлса – 50 дақиқадан сўнг, 0,05 мг/л бўлса – 2 соатдан сўнг ҳалок бўлади.

Бунинг устига кумушнинг бактерияларни ўлдириш хусусияти карбол кислотадан кўра анча баланд (уни даволаш муассасаларида антисептик сифатида ишлатишади), ҳатто кучли оксидловчи сифатида тавсия этиладиган хлор, хлор оҳаги, натрий гипохлороит каби моддалардан кўра яхшироқ таъсир қилади. Албатта, шаҳарлардаги сув тозалаш станцияларида кумуш иони билан сувни тозалаш усулини ҳеч ким ишлатмайди – бу жуда қимматга тушади. Бундан устига кумуш – оғир металл ва у билан ҳаддан ташқари тўйинган эритма киши танаси учун фойдали деб бўлмайди. Сувдаги кумуш концентрациясининг рухсат берилган чегараси 0,05 мг/л. Агар кумуш тузлари миқдори 2 г бўлса, одам танасида заҳарланиш аломатлари пайдо бўлади, 10 г бўлиши эса ўлимга олиб борувчи ҳолат ҳисобланади. Кумуш ҳам бошқа металлар каби танада йиғилишга мойил бўлади.

Шу билан бирга кумуш – ички секреция безлари, мия ва жигарнинг нормал фаолият юритиши учун муҳим бўлган микроэлемент ҳисобланади. Аммо биз кумуш иони концентрацияси катта бўлган кумушли сув ичиб, уни суиистеъмол қилишимиз керак эмас. Ҳамма нарсада меъёр яхши. Агар ионлар концентрацияси баланд бўлмаса, кумушли сувни доимий ва узлуксиз равишда ичиш фойда келтиради. Уни космонавтлар космик станцияда навбатчилик қилган вақтларида ичишлари маълум. Аммо амалда уй шароитида кумушли сувни тайёрлашнинг иложи йўқ. Сув тўла челакка кумуш қошиқ ботирилса ҳам ёки ҳатто кумуш идишда сув тиндирилса ҳам, унинг самараси жуда арзимас даражада бўлади. Кумуш сув махсус электр ионаторларда ҳосил қилинади ва дўконларда сотилади. Ҳеч ким сизга ҳақиқатдан ҳам бу сувда кумуш мавжудлигига, бу сув шунчаки водопровод кранидан олинганлигига кафолат бера олмайди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации