Текст книги "Қайнона ва келин"
Автор книги: Ахмад Мухаммад Турсун
Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 4 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]
Аҳмад Муҳаммад Турсун
ҚАЙНОНА ВА КЕЛИН
МУҚАДДИМА
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Холиқимиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловоту дурудлар бўлсин.
Ҳаётимизнинг қайси соҳасида бахту саодатни, хусусан, оиладаги тотувлик-иқболни, фароғатни изласак, уни албатга шарқона ахлоқ-одобимиздан топамиз. Шу боиски, турмуш тарзи бузуқ ақидалар асосига қурилган қавмлар мусулмонларнинг оилавий ҳаётига, ундаги аҳиллик ва фароғатга, ахлоқ ва одобга ҳавас билан қарайдилар. Шарқона ахлоқцан чекинилган хонадонларда эса оила тотувлигига путур етиб, муносабатлар кескинлашиб борган. Эр ва хотин, ота-она ҳамда фарзандлар ўртасида, оила ва қариндош-уруғлар орасида арзимас сабаб-баҳоналар билан уруш-жанжаллар, муросасизликлар келиб чиққан. Баъзи ҳолларда булар янада жиддийлашиб, ўзаро адоват, душманчилик даражасига етиб боради. Айниқса, бу ҳол бутун дунёда маълуму машҳур «қайнона ва келин» муносабатларида кўпроқ кўзга ташланади.
Хўш, ана шундай муросасизликларнинг, келишмовчиликларнинг олдини олиш мумкинми? Бунинг учун қайнона ва келин, оиланинг бошқа аъзолари нима қилишлари керак? Бу ҳақда Ислом динининг қандай кўрсатмалари, танбеҳлари бор? Қўлингиздаги ушбу камтарона уринишга ана шу саволларга бир қадар жавоб топмоқ ниятида тартиб берилди. Агар мақсадга эришолган бўлсак, бу улуғ Раббимизнинг лутфу марҳаматидан, аксинча бўлса, ўқувчиларимиз маъзур тутгайлар. Аллоҳ таоло барчамизни тавфиқ ва ҳидоят нурлари ила нурлантирсин, оилаларимизга тинчлик, фароғат ва тотувлик ато этсин, омин!
СИЗ ҚАЙНОНА БЎЛДИНГИЗ…
Мана икки ёшга никоҳ ўқилди, тўй ҳам ўтди. Мана сиз неча йиллик орзуингизга эришдингиз. Аллоҳ таодо хонадонингизга муборак бир келинни туҳфа этди. Ўғил фарзанд кўргандаёқ юрагингиз қатларига битилган «бир муносиб келин олиш», «келин эмас, қиз олиш» ҳақидаги ёқимли истаклар, ширин илинжлар рўёбга чиқди. Йиллаб емай йиққанларингизни эл олдига дастурхон қилиб ёздингиз. Йиллаб киймай асраганларингизни – қўлингизга тушган бир парча матоми, бирорта зиракми – барини «эгаси»га топшириб хотиржам бўлдингиз. Бугун сиз – қайнонасиз.
Маҳаллама-маҳалла кезиб келин ахтарганингизда, қариндош-уруғлар даврасида «Бу йил келин олмоқчиман», деб қизи борнинг юрагига ширин ғулув солганингизда, кўчадан ўтиб бораётган қақажон қизларнинг ортидан маъюс термулиб ер-у кўкка ишонмайдиган ўғлингизга муносиб жуфт излаганингизда, ниҳоят мос келинни топиб тўй тадоригини кўраётганингизда ҳам фақат бугунги қайноналик бахтини, нашъасини ўйлаб елиб-югургансиз. Энди сиз – қайнонасиз.
Ниятларингизнинг, хаёлларингизнинг чек-чегараси йўқ. Келинингиз одоб-ахлоқда, шарму ҳаёда, муҳаббат ва садоқатда, иффат ва назокатда ягона бўлади. Ўғлингиз билан ниҳоятда аҳил-тотув, ширин турмуш кечиради. Эрининг соясига кўрпача солади, имосига ҳушёр, хизматига тайёр туради. У билан гап тапашмайди, ҳар ишга илашмайди.
Қайнона-қайнотанинг ҳурматини жойига қўяди: лабидан салом, қўлидан таом тушмайди. Ҳали чой кўтариб югуради, ҳали таҳоратингизга сув. Бир оғиз сўзингизга маҳтал, биргина томоқ қиришингизга шай.
Бир ёқда ўғил-қизларингиз ҳам келиннинг «хизмати»дан умидвор бўлиб туришибди. Янги келинингиз бировининг шимини дазмоллаб, бирисининг туфлисини мойлаб бериши, қайнсинглисининг сочини ҳам турмаклаб қўйиши керак. Хуллас, барча хонадонларда бўлгани каби тўй олдидаги ширин илинжлар, ҳавойи хаёллар сизга ҳам бегона эмас. Келин тимсолида ўғлингизга бир жуфти ҳалол эмас, гўёки бир хизматкор, бир «қул» қабул қилдингиз.
Аммо орадан кўп ўтмай, қат-қат орзуларингиз сароб чиқиб қолди. Не-не умидлар билан, маблағ сарфлаб катта тўйлар билан олинган келинингиз «олтин» эмас, «мис» чиқиб қолди. Наздингизда ҳамманинг келини хизматни, ҳурматни, ҳимматни дўндириб қўйяпти-ю, сизники ҳеч нарсага улгуролмайди. У танбал, ишёқмас ҳам эмас, қўлини совуқ сувга уришга эринадиганлардан ҳам эмас.
Унда гап нимада? Кечагина хонадонингизга келин бўлиб тушган қиз учун эрининг юмушлари, унинг кўрсатмалари устунроқ туюлади. У шунинг учун аввал эрининг кам-кўстини тўғрилаб, ишга жўнатволишга интилади. Оқибатда бу ёқда сизнинг юмушларингиз чала қолади. Нариги томонда эрингиз «Дастурхонни йиғиб олмайсизми?» деб бақиришга тушади. У кишини тинчитай, деб чопса, бу ёқда қайнини, қайнсингиллар тўнғиллашни, ғинғиллашни бошлаб юборишади. Ҳеч ким «Шу келин бечоранинг биттагина жони бор, эҳтимол шунча одамнинг хизматига улгурмаётгандир, бунинг устига хонадонимизга янги меҳмон, биздаги тартиб-муомалотларни, оила аъзоларининг феъл-атворини ҳали тушуниб ололмагандир?» демайди. Ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир қилиғидан нуқс топиб, «ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ» қилаверади. Оқибат эса бир куни келиннинг бардоши тугаб, иш катта можарога айланади.
Энди шу ерда диққатингизни бу ҳақдаги исломий тартибларга қаратмоқчимиз. Динимиз талабига кўра, келинингиз ўғлингизга никоҳлаб берилган ва унинг зиммасига фақат ўғлингиз олдидаги бурчларгина юкланган. Ана шу бурчлар ҳақида қуйироқда батафсил тўхталиб ўтамиз. Шундай экан, келиннинг эрнинг отаонаси, ини-сингилларига хизмат қилиши эрга бўлган ҳурмати, муҳаббати туфайлидир, холос. Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги «Парвардигорингиз ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди», деган кўрсатмасига биноан, у эрининг ота-онасига хизмат қилади, юмушларини бажаради. Шундай бўлгач, уни қул ўрнида кўриб рўзғорнинг ҳамма юкини елкасига ортиб қўйиш, барча оила аъзоларининг истак-хоҳишларини бажартиришга уриниш ёш жувонга зулмдан бошқа нарса эмас. Ҳозирги пайтга келиб исломий қоидалар, тартиблар унут бўлаёзган хонадонларда келинга паст назар билан қараш, бўлар-бўлмасга хўрлаш, «хизматкор» сифатида унга рўзғорнинг барча оғир-енгил юмушларини қўш-қўллаб топшириб қўйиш ҳолларининг кўпайгани ҳам шундан. Бу ишда айниқса сиз – қайноналарнинг бемеҳрларча бош-қош бўлаётганингиз ачинарлидир.
РИВОЯТ. Ота-она улуғ зот, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Жаннат – оналарнинг оёғи остидадур», деганлар. Мусовия ибн Ҳаййида (р.а.) Расулуллоҳдан «Яхшилигимни кимга қилсам бўлади?» деб сўраганларида, уч мартагача «Онангга», деганлар ва тўртинчи маротаба сўраганларида, «Отангга ва яқин бўлган қариндошларингга», деганлар. Онасини опичлаб Хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрган бир яманлик киши Абдуллоҳ ибн Умардан «Онамнинг ҳаққини шу хизматим билан адо қила олдимми?» деб сўраганида, у киши: «Иўқ, бу хизматинг сени туғиш пайтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг келолмайди», деган эканлар.
Хўш, она шунчалик табаррук, улуғ зот экан, отаонага оқ бўлиш Аллоҳ таолога ширк келтириш билан баравар оғир гуноҳ экан, унда нега «она» сўзи олдига «қайн» қўшимчаси қўшилиши билан у энди ёвуз бир кимсага айланиб қолиши керак? Нега келинлар бу сўзни эшитиб ранглари ўчиши, ғазабга минишлари керак? «Келин билан қайнона бир қозонда қайнамас», деб биринчи кунларданоқ душманлик уруғлари сепилиши керак? Бу тарбия кўрмаганлик, нодонлик, жоҳилликдан бошқа бир нарса эмас. Яхши ниятлар билан келин олиб, кўзингизнинг оқу қораси бўлмиш суюкли ўғлингизни унга топшириб қўйиб, энди ўша азиз келин билан ёвлашиб, олишиб юриш сизнинг оналик фитратингизга мос тушармикан?
Бир дўстим «Агар келини билан опоқ-чапоқ яшайдиган, ўз қизи қаторида кўрадиган қайнонани топиб берсанг, бошидан сув ўгириб ичардим, оёғидан ўпардим», деган эди. Бу гапга унча эътибор брмагандим. Кейин хорижий ўлкаларда қайноналар ҳақида кўпгина масхараомуз сўзлар юрганини эшитиб ҳайрон бўлдим. Аслида бу ҳам холва экан. Хизмат тақозоси билан «Қайнона-келин» мавзусида юзлаб кишилар билан гаплашишга, уларнинг турмуш тажрибалари-ни ўрганиб тадқиқ қилишга тўғри келди. Натижалар дилга ғашлик солади: эмишки, оиладаги жанжалларнинг 60-70 фоизи қайнона «шўрлик»нинг айби билан содир бўлармиш. Бу гапларга ишонгим келмасада, на илож, рақамлар жудаям ўжар бўларкан.
Унда нима қилиш керак? Унда исломий муносабатларга ўтиш, шариат кўрсатмаларига бўйсуниш керак, холос. Бу хушхулқли бўлиш, ўзгаларга раҳмдиллик кўрсатиш, бировга озор етказмаслик ва зулм қилмаслик борасида Аллоҳ таолонинг амрларини, Расулуллоҳнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришга киришиш керак, деганидир.
Энди ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Ана шу кўзингизга мўлтираб, илиги қалтираб турган аёл – ўзга бир ота-онанинг ўн саккиз йил авайлаб, «па-па»лаб, ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб, еру кўкка ишонмай вояга етказган арзанда қизи. Унинг шаъни, иффатини асраш, яхши тарбия бериш, одоб-ахлоқини ўнглаш, рўзғор ишларига ўргатиш учун қанча оромидан кечган. «Ўксийди», «бировнинг хасми», «уйда меҳмон», деб ҳатто қаттиқ гапирмаган, тергамаган. Сизнинг «Қудачилик – минг йилчилик, ўз қизимдай кўраман», деган ваъдаларингизга ишониб ана шу қалбининг бир парчасини сизга қўш-қўллаб тутган.
Ўн саккиз яшар қиз ҳали тажрибасиз, ғўр, ҳаётнинг паст-баландини илғамайди, эҳтимол катталарни ҳурмат қилишни ҳали ўрганмаган, балки хонадонингизда йиллар мобайнида таркиб топган тартиб-қоидаларни, анъаналарни у ҳали тушуниб етмагандир? Оила аъзоларининг табиатини тушуниб, кўнглини тополмагандир? Шундай экан, нега сиз бағрикенглик қилиб, раҳмшафқат кўрсатиб, яхши гапириб, алқаб ва алдаб, айланиб-ўргилиб йўлингизга сололмайсиз?
Хўп, у хато қилибди, адашибди. Бирор юмушни сиз айтгандай, сиз хоҳлагандай қилмабди. Бундан қиёмат қоим бўлмагандир? Ахир сиз ҳам қирққа, элликка, олтмишга кириб энди тажриба орттирдингиз, ҳозирги ақлингизни топдингиз. Шундай экан, унга ҳам ўргатинг, насиҳат қилинг, ҳолатига тушунинг, йўлингизга солинг. Қизингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг. Борди-ю, қизингиз, жигарбандингиз ўзга хонадонга келин бўлса, унга қандай муомала қилишларини хоҳлардингиз? Шу ҳақда бир тасаввур қилиб кўринг.
Йўқ, бу тўғрида ўйлаб ўтирмаймиз. Дарров айб қидиришга ўтамиз. Битта камчилигига ўнтасини қўшиб шиширамиз. Ҳатто қўшнилар-у таниш-билиш, қариндош-уруғларгача ҳасрат қилиб чиқамиз. Бунга аччиқланган келинни «Қовоғини уйди, тўнини тескари кийиб олди», деб ҳайдашга уринамиз. Не-не умидлар, қанча қийинчиликлар билан тикланган оила қасрини вайрон қилишга чоғланамиз. Агар эр-хотиннинг муросалари бўлмаса ҳам гўргайди, аксинча ўғлингиз билан келинингиз ўртасидаги муносабатлар ҳавас қилгудай: бир-бирига муҳаббатли, садоқатли, оқибатли.
ВОҚЕЛ. Тўй бўлганидан бир йил ўтмаёқ, ёшгина оила бузилиб кетди. Келиндан ноаҳилликнинг сабабини сўрашувди, анчагача сукут сақлаб турди-да, кейин секингина: «Эр-хотин яхши эдик. Аммо хонадондагилар билан муросамиз келишмади», дея олди. Кейин куёвдан уриш-жанжалларнинг сабабини сўрадик. Унинг жавоби қуйидагича бўлди: «Уйланганимнинг тўртинчи ойи эди. Онам бўлар-бўлмасга ҳаётимизга аралашиб, уни заҳарга айлантира бошладилар. Гарчи турмуш ўртоғимни севиб, ҳурмат қилсам-да, уни ҳимоя қилишга ўзимда журъат тополмадим. Ахир онага «Сиз ноҳақсиз», деб қайси ўғил айта олади? Жанжал, бақирчақир тинмай қолди. Хотинимни, десам, у ёқда боқиб катта қилган онам, у кишини, десам, бу ёқда хотиним. Икки ўт орасида қолдим. Охири турмушдан файз кетди, можаролар жонимга тегди. Хотинимнинг жавобини бериб юборишга тўғри келди. Уни севиб олгандим, ҳозир ҳам севаман, шунинг учун онам янги келин ҳақида гап очсалар, эшитгим ҳам келмайди. Дадамнинг йўқликлари жуда билиниб қолди, балки онамга тушунтириб йўлга солармидилар?»
«Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин», дейишган момоларимиз. Бу келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб роҳат-фароғатга ўтади, дегани эмас. Аксинча унинг зиммасига ўзга хонадоннинг фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камол етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланди, дегани. Ахир «Катталар – ёшлар учун бир кўприк», деб бежизга айтишмаган. Ахир бекорга келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишмаганки, унга алоҳида меҳрмуҳаббат, алоҳида парвариш керак.
АҲИЛЛИККА НЕ ЕТСИН!
Хўш, келин билан аҳил яшаш, оилада тотувлик ва фароғат бўлиши учун қайнона нималар қилиши керак? Бу ҳақца алломаларимиз, машойихларимиз жуда кўп панду насиҳатлар қилишган. Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган момоларимизнинг айтганлари, қилганлари ҳозирги қайноналаримиз учун бир ибрат мактабидир. Қуйидаги ана шундай ҳаёт тажрибалари, яхши қайнона бўлиш қоидалари ёрдам беради, деган умиддамиз:
Қайноналарга ўн маслаҳат
1. Келинингизни ўз болангиздан устун кўриб «қизим-қизим»лаб меҳр кўрсатинг, уй-рўзғор ишларини эринмай ўргатинг, айбу хатоларини яширинг. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Ким бу дунёда қийналган бир мусулмоннинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади, кимки бу дунёда бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё ва охиратда унинг айбини яширади», деганлар.
2. Келин билан ўғлингизнинг муносабатлари биринчи кунданоқ самимий бўлишига ҳаракат қилинг. Келинга ўғилни, ўғилга келинни мақтанг, асло шикоят қила кўрманг. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сизларнинг яхшиларингиз – хушхулқли, ширин суҳбатлиларингиздир», деб уқтирганлар.
3. Фарзандларингиз олдида келиннинг шаъни ва обрўсини кўтаришга ҳаракат қилинг, чунки оилада бошқаларнинг келинга муомаласи сизга қараб бўлади. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимки ёши кичикларимизга раҳмдил бўлмаса ва катталаримизнинг қадр-қиммати ва ҳаққини билмаса, у одам бизнинг қавмдан эмас», деганлар.
4. Эр-хотин ғижиллашиб ёки уришиб қолса, сиз келиннинг тарафини олинг. Чунки ўғил ўзингизники – гапингиз ботмайди, аксинча ўша пайтда келинга айтган бир оғиз қаттиқ гапингиз можарони кучайтиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Одамлар билан хушмуомала бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб беҳаё сўзламанглар!» деб таълим берганлар.
5. Ёш келин ота-онасини соғиниб қолса, дарров рухсат беринг, чунки янги келинликда унинг бошқа хонадонга кўникиши, яқинларидан узилиб қолиши анча п қийин кечади. Кейинчалик ўзидан ортиб кўпда боравермайди. Жаноби Расулуллоҳдан «Ким меҳрибонлик қилмас экан, меҳрибонлик кўрмагайдир!» деган ҳадиси шариф ворид бўлган.
6. Келинингиз олдида бошқа келинларнинг ҳуснини, кийим ва тақинчоқларини, эпчиллиги ва эплилигини, ўзга қудаларнинг сарфу харажатларини асло мақтаманг, чунки уни камситган, озор берган бўласиз. Фақат бошқаларнинг одоби, муомаласини ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Хотинларнинг баракалироғи сарфхаражатни камроқ талаб қилганидир», деганлар.
7. Келиннинг хизматидан, овқатидан, юриш-туришидан айб топаверманг. Ўзингиз янги келин бўлган даврларни бир эсга олинг. Айби бўлса, малол келмайдиган қилиб ўзига айтинг. Чунки олий хулқ соҳиби жаноби Расулуллоҳ ҳеч кимни юзига ёмонламас, орқасидан айбламас, айбини ахтармас эдилар.
8. Агар ўғлингиз хотинига совға олиб келса, «Нега менга ёки синглингга қўшиб келмадинг?» деб жанжал чиқаришга шошилманг. Балки пули етмагандир ёки фаросати! Кейинчалик буни ўзига тушунтиринг. Расули акрамнинг (с.а.в.) «Одамлар ичида хотин кишига нисбатан ҳақлироғи унинг эридир», деган ҳадисларини бир эсланг.
9. Қайноталар келин олиш харажатларини қилган, шунинг учун кўпинча келиннинг ёнини олиб мақтаб туришади. Бундан сиз «Демак, эрим уни яхши кўриб қолибди», деган нотўғри хулоса чиқариб жанжал кўтарманг. Бу ғирт бемаъниликдир. Жаноби Расулуллоҳнинг «Ким бировнинг ёки ўз ходимининг оиласида можаро ёки низо чиқишига сабабчи бўлса, у Ислом аҳлидан эмас», деган ҳадисларини дарров ёдга олинг.
10. Ҳеч қачон келиним ёмон чиқиб қолди, ўғлимни қайта уйлантираман, деб ўйламаслик керак. «Яхши сўз билан илон инидан чиқади, ёмон сўз билан қилич қинидан чиқади». Қолаверса, яна тўй қилиш учун қанча ҳаракат ва харажат керак бўлади. Ахир олий хулқ соҳиби жаноби Пайғамбаримиз бировни асло ранжитмасдилар, инсонларнинг хушхулқлиги эдилар.
Ҳа, муҳтарам онажон ва опахон, қайноналикнинг иши оғир, юмуши мушкул! Узга бир хонадонда, бегона бир муҳитда ўсган қизни ўз оилангиз аъзоси, ўз болангизга айланиши учун, ўғлингиз билан бахтли, саодатли ҳаёт кечириши учун сиздан анча-мунча бағрикенглик, кечиримлилик, меҳр-муҳаббат талаб қилинади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Сизлар мусулмони комил бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Мусулмони комил бўлиш учун эса бир-бирингизга муҳаббат қўймоғингиз шарт», деганлар.
Жаннат – ҳар бир мўминнинг энг улуғ орзуси. Сиз жаннатга киришни хоҳлайсизми? Унда Расулуллоҳнинг ўгитларига амал қилинг, ўғлингизнинг эт-тирноғига, оилангизнинг аъзосига айланган келинингизга ҳам муҳаббат қўйинг, хато-нуқсонларини кечиринг, билмаганларини ўргатиб йўлингизга солинг, унинг обрўсини асранг. Ана шунда сиз комил мусулмон бўласиз, оилангизга тинчлик, тотувлик, файзу барака, фароғат ошён қуради.
СИЗ КЕЛИН БЎЛДИНГИЗ…
Эгнингизда оппоқ тўй либоси – бугун сиз келин бўлдингиз. Узга бир хонадон сизни қучоқ очиб кутиб олди, бошингиздан гуллар сочиб қаршилади. Йигирма йил боқиб-тарбиялаб вояга етказган ўғилларининг тақдирини сизга ишониб топширди. «Ҳовлимизга ке-лин келди, қут-барака келди, хурсандчилик келди, қадами қутлуғ бўлсин!» деб дуолар қилди.
Энди сиз учун янги бир ҳаёт бошланади. Ўн саккиз йил яшаган хонадонингизни тарк этиб, бегона кишилар билан тил топишиб, эл бўлишингиз керак. Яқинларингиздан, меҳрибон ота-онангиздан узилиб эрингизнинг, қайнона-қайнотангизнинг энг яқин кишиси бўлиб қолишингиз керак. Акс ҳолда икки оилада ҳам ҳузурҳаловат, хотиржамлик бўлмайди. Бунинг учун нима қилиш керак?
РИВОЯТ. Ҳориснинг қизи Асмо келин бўлиб куёвникига кетаётганида онаси Умома унга шундай насиҳат қилган экан: «Болажоним, севикли қизим, мени яхшилаб тингла! Агар бир қиз она ва отасининг камбағаллиги учун эрга берилиши керак бўлсайди, сен асло узатилмаган бўлардинг. Чунки отанг жуда бадавлат, катта шуҳрат ва мартаба эгасидир. Лекин ҳаёт бошқачадир. Аллоҳ бизларни яратган ва биз учун ҳаёт қонунларини берган. Ҳар бир ёшдаги инсон ана шу қонунлар чегарасида турмуш кечиради. Аллоҳ берган қонунга кўра, ҳаётга қадам қўйиш вақти келганда ҳар бир қиз бир эркакка, хожага, у эса аёлга муҳтож бўлади. Эркаклар хотинлар учун, хотинлар эркаклар учун яратилгандир. Бу – Аллоҳнинг қонуни, уни ҳеч ким буза олмайди, у қиёматгача давом этади. Шу сабабки, сен, қизим, туғилиб ўсган ва вояга етган уйингдан, яйраб-яшнаб ўйнаб юрган ерингдан ўзинг ҳам билмайдиган бир нотаниш уйга борасан, шунга қадар ўзинг яхши билмаган инсон уйига, ўз уйинг бўладиган жойга борасан.
Эй менинг жигарпорам, сен эрингга шундай хизмат қилки, у ҳам сенга қул бўлсин. Сен унга ер бўлки, у сенга осмон бўлсин! Айтганларимга амал қилсанг, эринг билан гўзал ҳаёт кечириб, масъуд, бахтиёр турмуш кўрасизлар. Айниқса, эрингнинг қариндош ва яқинларига ҳурмат кўрсат, чунки уларни ҳурмат қилиш эрнинг эътиборини, меҳр-муҳаббатини қозонмоқ, демакдир. Уларни ҳурмат қилиш – эрни ҳурмат қилиш, қадрлашдир».
Умома қизига қилган насиҳатларида эрнинг яқинларига алоҳида ҳурмат кўрсатишни таъкидлайди. Эр учун энг яқин инсон ким? Албатта уни туғиб, оқ сут бериб, қанча тунларини бедор ўтказиш эвазига авайлаб катта қилиб, мана шундай кўркам, ақлли, соғлом, бақувват йигит ҳолига келтирган она эрнинг энг яқин кишисидир. Демак, эрнинг онаси, яъни қайнонанинг ҳурматини жойига қўйиш, кўнглини олиш, хизматини қилиш лозим бўларкан.
Бу ақлли, доно қизлар учун, келинлик мажбуриятларини бошданоқ тўғри англаб олган қизлар учун энг тўғри йўлдир. Ота-боболаримиз «Гулни севган тиконини ҳам эъзозлайди», дейишади. Тиконини иззат қилмаган гул исидан бебаҳра қолади. Эрнинг борлиги, сизни суйиб-эркалаши, айтганингизни муҳайё қилиши яхшию, унинг ота-онаси, яқинлари «пуф сассиқ» бўлиши мумкинми? Эрнинг хешларини, айниқса, ота-онасини ҳурмат қилолмаган келин хожасининг кўнглини ололмайди, меҳрини қозонолмайди, нафратига учраб, муҳаббатидан бебаҳра бўлади. Бора-бора эрининг кўзига хунук кўриниб, оила бахтига дарз кета бошлайди.
Келин – қайнонанинг маънавий қизи, қайнона – унинг иккинчи онаси, дейишади. Биринчи онангиз ўз уйингизда қолдими, демак, куёв хонадонида сиз учун энг яқин, меҳрибон, ғамхўр киши қайнона бўлади. Қайнона – ҳаётдаги йўлдошингизнинг, суюкли эрингизнинг туққан онаси, танасининг бир парчасини сиз-га тортиқ қилган саховатпеша, бағрикенг бир инсон. Агар у эрингизни туғиб бермаганида бу яхши инсонга завжа бўлолмасдингиз. Агар у хоҳламаганида совчи юбориб сизни келин қилмасди. Демак, сиз учун эрни қанча ҳурмату иззат қилиш лозим бўлса, унинг онасини (отасини) ҳам ардоқлаш, таъзиму риоят қилиш шунчалик зарурдир. Агар уни қайнона сифатида иззат қилолмасангиз, ҳеч бўлмаса, ёши улуғлиги учун ҳурмат кўрсатишга мажбурсиз. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом «Кимки кичикларга раҳму шафқатли, катталарга иззат-икромли бўлмаса, у бизлардан эмас», деб таълим берганлар.
Мана сиз куёв хонадонига келин бўлиб тушдингиз. Қайнонангиз биринчи кунларданоқ «қизим-қизим»лаб ҳурматлаб турибди. Сиз ҳам ўша ҳурмагга яраша итоат кўрсатинг, гапини қайтарманг. Унинг ёши улуғ, ҳаётда кўпни кўрган. Нима яхши-ю, нима ёмон, англаб етган. Шундай бўлгач, билмаганларингизни ўргатади, рўзғорни юритиш сирларидан воқиф қилади, эпли, тежамли, саришта бўлишдан сабоқ беради. Унинг айтганларини жон қулоғингиз билан тингланг, сизга ёқмаса ҳам, бурнингизни жийириб, лабингизни бурманг. Хўп бўлади, деб бажаришга шошилинг. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилишни, уларга қараб «уф» тортмасликни, уларнинг сўзларини қайтармасликни буюрган. Улар олдида ўзини хокисор тутишга амр қилган. Қайнона ҳам – она, она бўлганда ҳам эр-хотин – икковингизнинг онангиз.
Қайнонангиз сизни келин қилаётганида сиз билан дарров ёвлашиб қоламиз ёки душманимга айланади, деб ният қилмайди. Ҳар қандай «маршал» қайнона бўлмасин, итоатли, одобли, ҳаёли келин қаршисида қиличи синиб, сўзи тиниб қолаверади. Унинг ёшини, эрингизнинг онаси эканини, рўзғор юритишдаги катта тажрибасини инобатга олиб муомалада бўлсангиз, фақат ютасиз.
Қайнонанинг хайрихоҳлик билан ўргатган ишларига жаҳлингиз чиқмасин. Чунки у сизни камситмоқ ёки билмаганингизни таъна қилмоқ учун эмас, ўз билганини сизга кўрсатмоқ учун ўргатяпти. Бунга раҳмат айтиб қабул қилинг. Қаричилик ортиданми ёки жаҳли чиқиб турганиданми, қизишиб танбеҳ берса, аразламанг, мулойимлик кўрсатинг, сабр қилинг. Акс ҳолда муроса бузилади, дилидан қоласиз. Оилада нотинчликлар, совуқчиликлар шамоли эсиб қолади. Орада эрингиз бечора эзилади. Чунки у икки ўт орасида қолади. Бир томонда – оқ ювиб-оқ тараган, вояга етказган онаси, иккинчи томонда – ўз хонадонини тарк этиб, қолган ҳаётини эрига бахшида қилишга онт ичган суюкли ёри.
Онангиз сизга бахт тилайверса-ю, сизни турмуш, дея аталмиш катта ҳаёт синовига тайёрламаган бўлса, ҳаёт сабоқларидан таълим бермаган бўлса, овқат пишириш, нон ёпиш, кир ювиш, бола тарбиялаш каби турмушнинг зарурий юмушларини ўргатмаган бўлса, қайнонангиз айбдор эмас-ку! Қайнона ва келин можароларининг аксариятига бўлғуси келинларимизнинг енгилтаклиги, тарбиясизлиги, турмуш синовларига тайёр эмаслиги сабаб бўлмаяптимикан?
Ўзбек хонадонида, исломий тарбия кўрган оилаларда қадим-қадимдан қизларни борадиган еридаги иссиқ-совуққа, аччиқ-тизиққа кўникишга ўргатадилар. «Энди уйинг ўша ер, у жойдан гап ташиб келма, қайнонанг билан муроса қил, сен яхши бўлсанг, хизматингни аямасанг, улар ҳам бошга кўтариб юради» қабилида насиҳатлар қилинган.
ВОҚЕА. «Мен 1996 йили турмушга чиқцим. Эрим билан жуда аҳил ва иноқ эдик. Қайнонам эса ўз қизидай севарди. Аммо арзимас бир воқеа бахтимни поймол қилди, ширин турмушга оғу солди.
Ўша куни эрим ишхонасидан мукофот пули олиб, онасига кўйлак олиб келган эди. Буни кўриб феълим бузилди. «Турмуш қурганимизга уч йил бўлибди-ю, ҳали менга тузукроқ бир совға қилмади», деб ўйладим. Эримга айтувдим, «Фарзанд кўрганимизда кўйлак олиб бердим-ку», деди у бамайлихотир. Хунобим ошди. Кейин уйга борганимда ойим ярамга туз сепдилар:
«Ўзи эринг орзу-ҳавасни билмаган йигит экан… Мункиллаган онасини ясантириш ўрнига оиласини ўйласа бўлмайдими? Ахир сен ёшсан, авжи ўйнаб-куладиган давринг. Ҳозир киймасанг, қачон киясан? Адашдим, адашдим, бўлмаса, ўша таги пастларга қиз берармидим…»
Ойимнинг гаплари мени тамоман йўлдан оздирди. Тўнимни тескари кийиб олдим. Эрим ва қайнонам ҳайрон. Она-бола насиҳат қилишса – кар, йўл кўрсатишса – кўр бўлиб олдим. Гўё иззат-нафсим поймол, қадрим ер билан яксон, обрўйим бир пул, дилларим вайрон. Аммо қаттиқ янглишган эканман.
Хуллас, эрим ва қайнонамнинг ялиниб-ёлворишлари, панду насиҳатлари кор қилмади, ажрашиб кетдим. Ишга кириб дил яраларим тузалгандай бўлди. Аммо ўғлим «дада, дада»лаб йиғлаганида, «Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга ҳам сиғади», деб мени ажратиб олган онамнинг энди малол кўргандай қовоқ-тумшуқ осилтириб олганида нақадар машъум хатога йўл қўйганимни тушуниб етдим. Бир парча матоҳ, деб шундай меҳрибон, яқин кишиларимдан юз ўгирганимни ўйлаб туни билан оҳ чекаман, кўз ёшларим жаладай қуйилади».
Ҳа, қайнона – хонадоннинг энг катта бекаси, хоними, эрингизнинг меҳрибон, сахий онаси. Эрингизнинг муҳаббати ва ҳурмати бошингизни айлантириб қўймасин, уйда ўзингизни хўжайин ҳис этиб ҳукм юритмоқчи бўлманг. Бу билан қайнонангиз ва ўзингиз ўртангизга совуқчилик туширасиз, чоҳ пайдо қиласиз, эрингиз ва яқинларингизнинг назаридан қоласиз.
РИВОЯТ. Алқама исмли диндор бир йигит бўлиб, у намоз ўқир ва садақа берарди. Кунлардан бир куни унинг тоби қочиб хотинини Расулуллоҳга (с.а.в.) юборди. Йигитнинг аҳволи жиддийлигини эшитиб Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрат Билол, ҳазрат Али, Салмон Форсий ва Амморларни унинг ҳузурига юбордилар. Боришса, бемор оғир аҳволда, ҳатто тавҳид калимасини айтолмай тутилиб, ғўлдираб ётибди. Ҳазрат Билол аҳволни Расулуллоҳга тушунтирди. У зот: «Ота-онаси ҳаётми?» деб сўрадилар. Ҳазрат Билол: «Отаси ўлган, кекса онаси бор», дедилар. Расулуллоҳ онасини кўриб суриштирдилар. Ниҳоят сир ойдинлашиб шу нарса маълум бўлдики, ўғил хотинининг гапига кириб онасини қаттиқ оғринтирган, хотинини онадан афзал кўриб дилини вайрон, кунини хуфтон қилган экан. Шу боис тавҳид калимасини айта олмай тили тутилган. Расулуллоҳнинг аралашувлари билан она ўлим тўшагида ётган ўғлидан рози бўлди ва у шаҳодат келтириб жон таслим қилди. Расулуллоҳ жаноза намозини ўқиганларидан сўнг қабр бошида асҳобларга шундай дедилар: «Эй асҳобим! Ҳар ким хотинининг сўзи билан онасини хафа қилса, хотинини онасидан устун тутса, ул одамга Аллоҳнинг лаънати бўлади. Унинг фарз ва нафл намозлари қабул бўлмайди. Ул одамнинг борар ери жаҳаннамдир».
Муҳтарам келинлар, ўзингизнинг ҳузур-ҳаловатингизни деб эрингизни онасидан юз ўгиришга мажбурламанг, тантиқлигингиз ва иззатталаблигингиз билан унинг иймондан, диёнатдан ажралиб, ота-онасига осий бўлиб қолишига сабабчи бўлманг. У ҳолда сиз ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига дучор бўлишингиз аниқ!
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?