282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Ахмад Мухаммад Турсун » » онлайн чтение - страница 2

Читать книгу "Қайнона ва келин"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:00


Текущая страница: 2 (всего у книги 4 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ҚИЗИМ, СЕНГА АЙТАМАН…

«Ойнаи жаҳон» орқали намойиш этилган кўрсатувлардан бирида турмуш қурганига эндигина уч ой бўлган бир келин ҳеч истиҳоласиз, уялмай-нетмай куёв хонадонидагилар унга жабр-ситам ўтказганликлари ҳақида гапирди. Ҳақли суратда шундай савол туғилади: «Сен уч ойгина турмуш қурган бўлсанг, не-не орзулар билан сени келин қилган ота-онанинг, ширин илинжлар билан сенга уйланган йигитнинг орзуларини рўёбга чиқариш, кўнглини топиш учун нима қилиб улгурдинг? Уларни қайси хизматларинг билан рози қилолдинг?»

Ўзбек хонадонида келинни қадрлайдилар, авайлайдилар. «Бировнинг боласи, кўниксин, ўргансин», дейдилар. Сен қандай келин бўлдингки, ана шу уч ойдаёқ кўникиш, кўнгил овлаш, янги хонадонга мослашиш ўрнига зулм кўрдим, дея жар солиб юрибсан? Ахир келинчаклик даври кўникиш, меҳр қозониш, уйнинг оғирини енгил қилиб, катталарнинг ва эрингнинг муҳаббатига сазовор бўлиб олиш даври эмасми? Билмаганларингни ўрганиш, танбеҳ берсалар ёки танқид қилсалар, ундан тўғри хулоса чиқариб, ўзингни оила бекалигига тайёрлаш даври эмасми?

Оила бахтини ушлаб асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё «ҳуқуқ» талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, энг даҳшатлиси, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда ўз бахтларига зомин бўлиб қоладилар. Ширин турмушлари заҳар-заққумга айланади. Кейин афсус-надоматлар ичра идорама-идора «ҳақиқат излашга» тушадилар.

Кўпинча ёш келинчаклар зорланиб қолишади: «Нима қилсак, қайноналаримизга ёқарканмиз, уларнинг таъна-дашномларидан, маломатларидан қутиларканмиз?» Ҳамма учун бирдай ёқишнинг иложи йўқ. Катталар ва ёшлар ўртасидаги авлодлар ихтилофи туфайли қайнонангиз билан дарров, осонгина тил топишиб кетишингиз қийиндир. Аммо сиз бировнинг хонадонига келин бўлиб, бегона бир аёлни она ўрнида қабул қилмасангиз, у билан муроса қилиш йўлларини ахтармасангиз, асло бахтли бўлолмайсиз. Эрингиз сизни қанчалик севмасин, айланиб-ўргилмасин, қайнонангизга ёқмас экансиз, оилангизда фароғат ва саодат бўлмайди.

Бунинг учун нима қилиш керак? Қайнона билан тил топишиш, унга ёқишнинг ҳеч қандай яширин йўллари, сир-синоатлари йўқ. Фақат донишмандларнинг пандларига қулоқ солиш, катталарнинг насиҳатига кўникиш, қайнонани она ўрнида кўриб у билан низо чиқаришдан, ихтилофга боришдан қочиш керак. Келинг, манави ўнта ўгитни яхшилаб эслаб, унга риоя қилишга урининг:

Келинларга ўн маслаҳат

1. Қайнонангиз она бўлгани, ёши улуғлиги, тажрибаси катталиги, сиздан донороқ, тадбирлироқ бўлгани учун ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик кўрсатманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари бисёр. Бир киши Абу Дардонинг (р.а.) ҳузурига келиб: «Онам хотинимни талоқ этишимни талаб этяпти», деди. Абу Дардо унга бундай жавоб қилди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Она жаннатнинг ўртасидаги бир эшик. Хоҳласанг, ўша эшикни бой бер, хоҳласанг, сақлаб қол», деб айтганлар».

2. Рўзғорнинг бор-йўғига чидамли, сабрли, қаноатли бўлишга ўрганинг, айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтаришни одат қилманг. Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжаи мутаҳҳаралари Оиша онамизнинг гапларини эсланг: «Муҳаммад (с.а.в.) хонадонидагилар Мадинага келгандан то ул зот вафот қилгунларига қадар ҳам лоақал уч кеча тўйиб буғдой нони ейишмаган. Расулуллоҳ хонадонидагилар бир кунда икки маҳал таом емагандирлар. Биз бир ойда бир марта бўлса ҳам, ўчоққа ўт ёқолмас эдик, агар аҳёнда ҳадя қилинадиган озроқ гўштни ҳисобга олмасак, ейишимиз нуқул хурмо, ичишимиз сув эди».

3. Ота-онангизга гап ташиб боришга, уйдаги сирларни кўчага чиқаришга одат қилманг. Бу билан қудалар ўртасидаги ҳурмат-оқибатни барбод қиласиз, турмушингизга совуқлик тушириб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, чақимчилик билан уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлғай», дейди. Ҳузайфадан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар.

4. Нима иш қилмоқчи бўлсангиз, қайнона билан маслаҳатлашинг, маблағингизни қайнона билан келишиб харжланг, тежамкор бўлинг. Чунки у рўзғорнинг пастбаландини, оила сарфиётини, қаттиқ-қуруқни сизга қараганда яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги муҳаббатни барбод қилади.

5. Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзлашга ўрганманг. Катталарнинг иззат-нафсига тегадиган ботил сўзлар билан тилозорлик қилманг. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): «Одамларни юзлари билан дўзахга ташланишларига фақат тиллари сабаб бўлади!» деганлар. Бир марта ёлғон гапириш билан бир умрга ишончдан чиқкб қолишингиз мумкин.

6. Ота-онангизни соғиниб уйингизга ёки бирор маъракага бормоқчи бўлсангиз, аввал қайнонангиздан (қайнотангиздан), сўнгра эрингиздан ижозат сўранг. Бу билан катталарни ҳурмат қилган, уларнинг кўнглини топган бўласиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ота-онага итоат этмоқни намозни вақтида ўқишдан кейинги Аллоҳ таолога энг маҳбуб (севикли) амал, деб ҳисоблаганлар.

7. Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки қайнонангизнинг бирор топшириғини бажармаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Халқимизда «Эгилган бошни қилич кесмайди», деган нақл бор. Кечирим сўраш билан обрўингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада ардоқлироқ, суюклироқ бўласиз.

8. Қайнонанинг хизматидан асло бўйин товламанг. Чунки кўп ҳолларда жанжал-можаролар ана шу «қилди-қилмади»лардан келиб чиқади. Ахир сиз ёшсиз, ғайратингиз жойида, хизмат қилиш билан бирор жойингиз камайиб қолмайди. Бир саҳоба Пайғамбар алайҳиссаломдан «Эй Расулуллоҳ, менинг касалманд онам бор, уни ўзим овқатлантираман, сув ичираман, таҳорат қилдириб қўяман, орқамда опичлаб юраман, ҳаққини тўла адо қилибманми?» деб сўраганида, Расулуллоҳ: «Йўқ, юздан бирини адо этибсан, холос», деган эканлар.

9. Қайнона кўз ўнгида эрингиз билан асло апоқчапоқ бўлиб кўринманг. Уғлининг сизнинг пинжингизга кириб кетаётганини сезса, «Болам иккита бўлди», деб қувонган она ўзини камситилган ҳис этади, бу унга оғир ботади. Бунинг «сабабчиси» бўлган, ўғлини «оғдириб олган» келинини ёқтирмай қолади.

10. Хонадондаги қайнсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлишга, уларнинг кўнглини топишга ҳаракат қилинг. Қайнонага ёқишни ўйласангиз-у, аммо унинг суюкли қизларига, сиздан олдин келиб қадрдонлашиб қолган келинларига нописанд муомалада бўлсангиз, мақсадга эришармикансиз? Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари бор: «Одам фарзанди учун намоз, муросасозлик ва хушхулқликдан афзал иш йўқцир». «Қизига жони ачиган келинини қарғайди», деган мақол ҳам бор.

Бахт ва фароғат чўғлари устига кул тортмай, эримникида иззат ва ҳурмат кўрай, ҳаётим осойишта ўтсин, десангиз, юқоридаги ана шу панд-у насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Эҳтимол, сиздан кўнгли совиб, бошини қаёққа уришни билмай юрган эрингиз учун бахт-иқбол эшикларини яна очиб бераётган бўларсиз?! Эҳтимол, келиндан ёлчимадим, дея хафсаласи пир бўлаётган қайнонангизнинг қалбида умид шулъаларини учқунлантириб юборарсиз?! Аллоҳ таоло қайнона ва келин – икковингизнинг юлдузингизни бир-бирингизга иссиқ кўрсатсин, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини сепиб, ризқлантирсин!

ИХТИЛОФ АБАДИЙМИ?

Нега қайнона ва келин муаммоси минг йиллардан буён инсонларнинг бошини қотириб келяпти? Нима учун хилма-хил давлатлар, бутун-бутун халқлар бирбири билан тил топишиб, аҳил яшаётган бир пайтда бир хонадондаги икки аёл ўзаро муроса қилолмайди, бири иккинчисининг ҳаётини заҳарлайди? Бу ихтилоф абадийми? Унинг не сабаблари, омиллари, баҳоналари бор? Ана шу ихтилофга барҳам бериб, муросага келиш мумкинми?

Одамларимиз ҳали бу саволларга тўла жавоб топишганича йўқ. Бунинг сабаби – ҳаммамиз оила, никоҳ, эр-хотин муносабатлари, катталар ва кичиклар борасидаги исломий ҳақиқатлардан чекиниб кетганмиз. Шарқона ахлоқ-одобдан «эскилик сарқити», деб воз кечиб юборганмиз. Катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилмай қўйганмиз. Токи ахлоқимизнинг, одобимизнинг азалий мусаффо чашмаларидан сув ичмас эканмиз, токи оиламизда чинакам муносабатларга – раҳмшафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, муҳаббат-садоқат каби фазилатларга қайтмас эканмиз, бу ихтилофлар, жанжал-можаролар давом этаверади, муросасизлик кучаяверади.

Хўш, қайнона ва келин ўртасидаги азалий можароларга, ихтилофларга асосан нималар сабаб-баҳона бўлади? Уларни бартараф этишнинг, йўл қўймасликнинг имконлари, йўллари борми? Келинг, энди шулар ҳақида бир гаплашиб олайлик.

МАЪНАВИИ ҚАСОС

Айтайлик, хонадонга янги келин келди. Уч кун ўтмаёқ у ўзини хизматга уради. Қайнонанинг кўнглини олиш, қайнотага ёқиш, икки ўртада эрини хурсанд қилиш учун субҳи содиқдан ярим тунгача тинмайди. Оғзидан «лаббай», «хўп бўлади», «кечирасиз» тушмайди. Қайнонасини «ойи-ойи»лаб, енгидан кириб ёқасидан чиқади, ўтқазгани жой тополмайди. Қайнсингиллари, қайнинилари ҳақида оғзидан бол томиб гапиради. Лекин ўзини минг алфозга солмасин, айланиб-ўргулмасин, барибир қайнонасига ёқмайди. Унинг мулозаматини, тили ширинлигини кўриб қайнона бир ўқраяди: «Илоннинг ёғини ялаган, айёрда!» Елиб-югуришини кўриб яна хуноби ошади:

«Шапилламай ўл, бирам шошилиб уринадики, худди ёв қувгандай». Хуллас, ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ, юрсаям – ёмон, турсаям – ёмон. Нима қилиш керак? Келин бечоранинг гуноҳи нима? Асло тушунолмайди. У ёқда эр бечора ҳайрон. У-бу деса, онаизорнинг дили оғрийди. Демаса, бу ёқда айбсиз бир жувон ноҳақ зулм кўряпти.

ВОҚЕА. «Турмуш ўртоғим ўз маишатлари билан бандлар. Туриб-туриб жаҳлим чиқади. Эркакларга қандай яхши! Улар эркин қуш, ҳеч ким билан ҳисоблашиб ўтиришмайди. Ҳафтада чойхонада ош. Танишбилишлариникида тўй бўлиб қолса, икки-уч кунлаб қолиб кетаверадилар. Ойига бир марта «гап» ўйнашади. Бундан ташқари тез-тез шаҳар четига чиқиб, бошқа шаҳарларга бориб «ҳаво алмаштириб» келадилар. Оила-чи? Оила билан мутлақо ишлари йўқ. Нима бору нима йўқ, кимга нима керак – хаёлларига ҳам кел-майди. Рўзғорга қарамайдилар. Мен ва болаларим ўзимизни ўзимиз боқишга мажбурмиз. Бир-икки бор қайнонамларга ҳасратимни очдим. Парво ҳам қилмадилар. Қайтанга аҳволимизнинг танглигидан ҳузур қилгандай эрмакладилар: «Қўяверинг, эркак киши-да! Дадангиз ҳам ёшликларида шунақа эдилар, уйга бирорта чўп кўтариб келмасдилар. Рўзғорнинг бутун ташвиши хотин бошимда менинг зиммамда эди. Аёл киши ҳамма нарсага чидаши керак. Бир кун ақли кириб қуюлиб қолар!» Ўттиздан ўтган кап-катта киши қачон қуюларкинлар? Кун ора маст-аласт келиб ўринга таппа ташлайдилар, ҳатто болаларни кўришга, улар билан гаплашишга ҳам тоқатлари йўқ. Масаланинг нима эканини тушуниб ҳам кўрмай, қайнонамнинг «аниқ маълумотлари» асосида кунда жанжал кўтарадилар, ноҳақ ҳақоратлайдилар. Баъзида калтаклайдилар. Тинчлигим йўқолиб ҳаётдан ҳам тўйиб кетдим».

Бу бир бечора келиннинг газетага ёзган арзи-додлари. Унинг айби нима? Эрнинг, қайнонанинг зулмига «миқ» демай чидаганими? Ўғлининг хурмача қилиқларидан нега қайнона хижолат бўлмайди, келинига раҳм-шафқат кўрсатиб тасалли бермайди? Ўғлини тергаш, яхши бўлишга ундаш ўрнига хотинини хўрлашга лоқайд томошабин бўлиб туради, ич-ичдан пинҳона ҳузурланади.

Бу ҳолни оддийгина қилиб «маънавий қасос», деб аташ мумкин. Бу нимаси дерсиз? Афтидан шундай қайноналар янги келин бўлиб тушганларида ё золим эрларининг ёхуд тошбағир қайноналарининг жабр-ситамларини хўп тортишган. Хизмат ва ҳурмат эвазига улардан ҳақорат ва надомат кўришган. Алам ва ситамларни чорасизликдан ичга ютишаверган. Юраклари зардобга тўлган, диллари хун бўзлаган. Аммо бирор кимса уларнинг ёнини олмаган, тасалли бермаган, кўнгил кўтармаган. Мана энди унинг ўзи қайнона бўлиб, янги келинга «ҳукмронлик» қилиш имконияти туғилганида ана шу алам ва армонлар «исён» кўтарган, ташқарига ёриб чиққан.

Бундай қайноналарнинг ўғилнинг ўз хотинига ширин муомаласини кўриб бир алами ўн бўлади: «Ахир эримнинг қамчисидан қон томарди, келинлигимда бошимга не азобларни солмаганди. Бу сўтак бўлса, хотинчасини ер-у кўкка ишонмайди, бошидан сув ўгириб ичади. Бунга йўл қўйиб бўлибман, чучварани хом санабсанлар!» Кейин келиннинг шинам, қулай ошхонада хотиржам уриниб юрганини кўриб яна алами ортади: «Таппи тутатиб, чойдиш қайнатиб роса қийналганмиз. Сувни уч чақирим наридан ташиб келардик. Булар бўлса, тайёр крандан сув олишга эринади, кир юв, десанг, қанча ноз-у фироқ. Ўлиб бўлдим бу дангаса келиннинг дастидан».

Ҳасрат-надоматларнинг чеки йўқ. Гўёки қайнонанинг келинликда чеккан машаққатлари ва азобларига ана шу ҳали она сути оғзидан кетмаган келини айбдордай. Бундай қайноналар «Аллоҳ тақдиримни шундай яратган, шукр қилайин, ҳозирги ёшларнинг бахти бор экан, биз кўрмаган кунларни кўряпти», деб қисматига рози бўлмайди, тақдирига кўнмайди. Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссаломдан «Она қорнидан сизга нима тақдир қилинган бўлса, ўша бўлади», деган ҳадис бор.

БОЙЛИККА УЧМАНГ!

Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда келтирилишича, «Келин танлаш вақтида тўрт нарсага албатта қизиқилади: қизнинг молига, ҳусну жамолига, насаб-ҳасабига (келиб-чиқишига) ва тўртинчиси – дину диёнатига. Шу охиргиси – диндорини танлагин». Ҳадисдан кўриниб турибдики, оила қурмоқчи, келин олмоқчи бўлганлар энг аввало унинг иймонли, эътиқодли, ҳалол-пок, ҳаёли ва иболи, садоқатлисини танлашлари керак. Аммо кўпинча жаноби Пайғамбаримизнинг кўрсатмалари унутиб қўйилади. Баъзилар келин хонадонининг мол-дунёсига учади. Билишмайдики, бойлик – вақтинча нарса, бугун бор, эртага йўқ бўлиши мумкин. Ота-онасининг наслу насаби ҳам келиннинг уйида қолади, янги жойига кўчмайди. Ҳусну жамол ҳам боқий эмас, йиллар уни ҳам йўқотади. Демак, келин билан келадиган нарса-унинг дини, иймони, одоб-ахлоқи, ҳаёси! Ана шундай келин олган одам, иншааллоҳ, мамнун бўлади, оиласида тотувлик, фароғат ҳукм суради.

Бизлар нима қиляпмиз? Бирор жойга совчиликка борсак, энг аввало ҳовли-жойининг шоҳоналигига эътибор берамиз. Қудаларнинг бойлигини суриштирамиз. «Қизига қайси мамлакатнинг мебел-жиҳозларини сеп қиларкин?» дея бош қотирамиз. «Ўғлимизга машина миндириб қўярмикин?» деб орзулаймиз. Қизнинг хулқ-атвори қандай, дину диёнати, одоб-ҳаёси борми – бу ҳақда сўраб-суриштиришга вақт тополмаймиз. Чунки миямиз юқоридаги ҳисоб-китоблар билан банд. Кўзимизни қуданинг уйидаги жиҳозларнинг жим-жимаси тўсиб қўйган. Қулоқларимизда куёвга (яъни, ўғлимизга) қилинадиган совғаларнинг рўйхати жаранглайди.

Ана шундай хонадондан не-не умидлар билан келинни ҳам тушириб келасиз. Аммо тезда ширин орзуларингиз сароб чиқиб қолганини англайсиз. Бойлигига учиб бир дарди бедавога мубтало бўлганингизни тушуниб етасиз. Келинингизнинг рўзғор юмушларига мутлақо уқуви йўқ экан. Пиширган овқатининг ҳузурини маҳалла кучуклари ва мушуклари кўряпти. Кир ювиш машинасининг носозлиги баҳона бу иш ҳам қайнона зиммасида. Уй тутишни гапирмаса ҳам бўлади – хонасига кириб бошингиз айланади. Ўргатмоқчи бўлсангиз, ғалзага қоласиз – «Вой-дод, қайнонам тергаб менга кун бермаяпти». Индамай ўзим қилаверай, десангиз, яна жанжал – «Вой-дод, қайнонам менга ҳеч нарсани ишонмайди, ҳатто ошхонага ҳам йўлатмайди». Нима қилишга ҳайронсиз. «Ҳўл бало», «ёрилмаган яра», деганлари шу бўлса керак-да!

Бу ҳам майли-я, катта охурдан «ем» еб ўрганган келин унча-мунча нарсани назарга илмайди, кеккаяди. Ўғлингиз келтирган кўйлакни «Шу ҳам мато бўлдими?» деб бир четга отади. Бир ҳафталик гўштни қозонга ташлаётганини кўриб «Қизим, сал тежамли бўлайлик, қайнотангиз ва эрингизнинг топиши ўзингизга маълум», деб гап очишингиз билан бобиллаб беради: «Вой, мунча қурумсоқ бўлмасаларинг, уйимизда қозонга тушадиганининг ярмини соляпман-ку!» Хуллас, оиладаги ҳамма нарсани пул билан ўлчайди, ўз хонадонидаги тартиблар билан тенглаштиради. Кўнглидаги иш бўлмаса, жанжал-ғавғога зўр беради.

РИВОЯТ. Бир вақтлар Бағдодда юз берган кучли ёнғинда бир бойнинг ҳамма топгани, мол-мулки ёниб кул бўлди. Бутун мол-дунёсидан бир зумда ажраб қолган бой Бағдод кўчаларида фарёду фиғон чекиб йиғлаб юрибди. Унинг ҳолатини кўрган бир оқил киши уни тўхтатибди: «Кап-катта одам йиғлаб юргани уялмайсанми?» Бой: «Ахир барча мол-мулким бир пасда ёниб тамом бўлди, мен йиғламай, ьсим йиғласин!?» дебди. Кўпни кўрган оқил киши сўрабди: «Уйдаги умр йўлдошинг яхшими, кўнглингдаги аёлми?» Уйи ёнган киши жавоб қайтарибди: «Ҳа, бу жиҳатдан бахтим бор. Аллоҳга шукрки, фаросатли, солиҳа, эпли хотиним бор!» Шунда ҳалиги оқил киши хитоб қилибди: «У ҳолда нега йиғлайсан, нодон?! Сен-ку озгина ҳаракат қилсанг, йўқотган бойлигингни қайта топарсан, мен каби бир ақли калта, тили узун, жағи тинмас, бефаросат хотинга уйлангин, ана ўшанда биласан ҳақиқий фалокат нималигини!»

Ҳа, муҳтарам онахонлар, келин излаб юрганингизда уни бой-бадавлат хонадондан топсам, ўғлим бахтли бўлади, деган хаёлга борманг. Бойлик, мол-давлатнинг ўзи ҳеч қачон бахт-иқбол эшикларини очиб беролмайди. Келинингиз оқила, одобли, саранжом-саришта, яхши фазилатли бўлсагина, у билан хонадонингизга хотиржамлик, роҳат-фароғат кириб келади.

КАМБАҒАЛЛИК АЙБ ЭМАС!

Гоҳо ҳаётда юқоридаги воқеаларнинг тескариси ҳам бўлиб туради. Сиз анча ўзингизга тўқ, тўрт ёнингиз тугал хонадоннинг бекасисиз. Аммо келинни олган жойингиз рўзма-рўз кун кўрадиган, рўзғорини қўл учида тебратиб юрган оила чиқиб қолди. Одатда бундай хонадонлардан олинган қизлар эсли-ҳушли, оилам, эрим, рўзғорим, деб жон куйдирадиган, борган жойига тошдай чўкадиган, хизматни дўндириб, йўқни йўндириб, барчанинг кўнглини оладиган эпчил ва уддабурон келинларга айланишади. Фақат уларнинг камхаржлигини, ночорлигини бетига солмасангиз, арзимас майда-чуйдалар деб иззат-нафсини койитмасангиз, ҳар бир ишда икки хонадон ўртасидаги фарқни сездирмасликка уринсангиз, иншааллоҳ, унинг оилада-гиларга бўлган меҳр-муҳаббати ортаверади. Қудаларингиз янада яқинлашиб боришаверади. Хонадонингизни уриш-жанжал, баҳс-можаро тарк этади.

РИВОЯТ. Ҳазрати Умар (р.а.) Мадина кўчаларини айланиб юрар экан, бир хонадонга яқинлашганда аёл кишининг шундай деганини эшитиб қолибди: «Қизим, озроқ сув олиб келсанг, сутга қўшар эдик, бугун сут кўзимга оз кўриняпти». Қизи: «Вой онажон, нималар деяпсиз, амирал-мўминин сутга сув қўшманг, деб буюрган-ку!» – дебди. Онаси айтибди: «Қизим, биласанки, тирикчилигимиз сут билан ўтади, уни кўпайтирсак яхши бўлади. Мен бир беваман, бошқа даромадимиз йўқ». Қизи: «Гапингизни халифа эшитса, нима бўлади?» дебди таажжубланиб. «Қизим, кечаси бу вақтда халифа ухлаб ётган бўлади, сув қўшганимизни қандай кўради?» дейди онаси. Шунда доно қиз онани шу сўзлар билан гуноҳдан қайтаради: «Онажон, бутун сизга бир нарса бўлибди, агар сиз айтган ҳийлани халифа кўрмаса, ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ кўриб, билиб турибди-ку! Наҳот сиз гуноҳга йўл қўйсангиз?!»

Ҳазрати Умар бу суҳбатни охиригача эшитди. Эртасига эрталаб ўша хонадонга бориб Аллоҳцан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғлига сўради. Бутун мусулмон оламининг амири бўлмиш ҳазрати Умар ўғлини фақир қизга уйлантирди. Ўша муборак келиндан шундай фарзандлар дунёга келдики, улардан бири бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқадиган, тарихда «Иккинчи Умар» номини олган Умар ибн Абдул Азиз эди.

Кўрдингизми, келиннинг яхши чиқиши, авлодларингизнинг рисоладаги инсонлар бўлиб етишуви молдунё, бойлик, аллақандай латта-путталар билан ўлчанмас экан. Аммо ҳозирги кунимизга назар ташласак, бунинг ғирт аксини кўряпмиз. Ҳали хонадонингизга келинни тушириб келмай туриб, қудаларингизнинг қизига қилган сеп-сидирғаси ўртага ташланади. Маҳалла-кўй, қавми-қариндош ҳисоб-китобга тушиб кетади: «Бу кўйлаги арзон матоҳ экан». Бирови ҳасаддан, бирови кўролмасликдан, бирови тушунмаганликдан, яна бошқаси сизга душанлиқдан ичингизга ўт ёқади, гиж-гижлайди: «Вой, паст бўлмай ўлсин, куёвга қилган сарпосини қаранг», «Нима бало, мебелни арзон моллар дўконидан олганми?», «Сизни ҳурмат қилмас экан-да, манави кўйлакнинг аҳволини кўринг!» Шунақа гаплар билан тўй ҳам татимайди, келиндан ҳам ичингиз чиқмайди. Бу кайфият тез орада ўртадаги муносабатларга ҳам кўчади. Қилдан қийиқ қидириб келинингизга заҳрингизни соча бошлайсиз, уйидагиларни ёмонлайсиз. Оқибатда можаро-ғишава, ҳамманинг дили хуфтон.

Қизининг тинчимаётганидан ташвишга тушган қудаларингиз энди типирчилаб қолишади. Ҳамма нарсани ўз ўлчовлари, ўз дунёқарашлари, ўз идроклари билан баҳолаб юрган қудалар сизнинг тушунчаларингиз бошқача эканини тушуниб етишгач, энди ўша «бой берилган» кемтикнинг ўрнини тўлдириш ҳаракатига тушиб қолишади. Зир югуриб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, машғулотларини ташлаб, Аллоҳ буюрган ибодатларни ҳам эсдан чиқариб, пул топишга киришиб кетишади. Пул топишолмаса, қарз-ҳавола қилиб бўлсаям, қизларига янги сарполар қилишга, хорижий мебел топишга, ҳайит-байрамларда қўша-қўша сават-тоғоралар тўлдиришга уннашади. Бирор баҳона топиб турли «йўқлов»ларни ташкил этишади. Кечагина «Қиз бахти молда эмас», деб юрган бечоралар энди сизнинг ноғорангизга ўйнашга, сиз ўргатган ашулани айтишга мажбур. Шундай қилмаса, қизининг турмуши татимайди, боши ғавғодан бўшамайди, оромлари йўқолади.

Ваҳоланки, Ислом динимиз бундай ёмон илатларни қоралайди. Ҳар бир ишда инсоф, адолат бўлишини талаб этган. Фақирликни, қўли қисқаликни айб санамаган.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации