Электронная библиотека » Ахмад Мухаммад Турсун » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Қайнона ва келин"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:00


Автор книги: Ахмад Мухаммад Турсун


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 4 страниц)

Шрифт:
- 100% +

МОЛПАРАСТЛИК ИЛЛАТИ

Ота-оналар қизларини турмушга узатишга тайёргарлик кўрар эканлар, аввало унга сеп йиғишади. Қўшақўша кўрпа-тўшаклар, қимматбаҳо хорижий мебел тахламлари, тилло тақинчоқлар, бир неча сидирға кийимкечаклар, хуллас, ҳар қандай бақувват оила бошлиғининг белини синдириб, елкасини қайиштириб юборадиган сарф-харажатлар керак.

Биз келин-куёвнинг янги рўзғорини тиклаб олиш учун зарур бўлган бир сидирға кийим-кечак, энг керакли рўзғор буюмлари ҳақида сўз юритаётганимиз йўқ, бу ишда «мен сендан ўтаман» қабилида исрофгарчиликка йўл қўйиш, керак-нокерак, ортиқча буюмларни сотиб олиш учун қанча вақт оилани ҳамма нарсадан қантариш, номчиқарга, дабдабавозликка интилиш мақбул эмаслигини айтмоқчимиз. Ваҳоланки, ана шу қўша-қўша анжом-буюмлар ҳеч қачон қизингизни бахтли қилолмайди, оилада пайдо бўладиган келишмовчилик, ихтилофларнинг олдини ололмайди. Аксинча, мол-давлат кўпинча ёшлар орасини бузади, кўнгилсизликларни келтириб чиқаради. Кўпинча, ҳатто тўй бошланмасдан туриб «манави нарсани қилмабди» ёки «оз қилибди», «сифатсизини қўйибди», деган бемаъни даъволар билан қанча кўнгилхираликлар бўлганига, қудаларнинг ёвлашиб қолганига, энг ачинарлиси тўйлар бузилиб, икки ёшнинг бахт-иқболига зомин бўлинганига нима дейсиз?! Ахир келин-куёвнинг аҳиллиги, бир-бирига муҳаббати, оқибати қайси замонда, қайси юртда мол-мулк, бойликка боғлиқ бўлган?

РИВОЯТ. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак одатларидан бири – ҳар гал сафардан қайтганларида энг севикли қизлари ҳазрати Фотиматуз-Заҳрони кўргани, ҳол-аҳвол сўрагани борганлар. Бир куни ана шундай сафардан қайтганларида ҳазрати Фотимани кўргани уйига келибдилар. Қарасалар, қизлари ўз болаларига кумуш узуклар, билагузуклар тақиб, уйининг деворларига чиройли пардалар осиб қўйибди. Шунда жаноби Пайғамбаримиз уйда тўхтамай қайтиб кетибдилар. Фотима онамиз муҳтарам оталарининг нима сабабдан кетиб қолганларини тушунибдилар. Дарҳол пардаларни, безакларни соттириб, пулини камбағалларга садақа қилибдилар.

Демак, Пайғамбар алайҳиссаломнинг уммати бўлган ҳар бир мусулмон ана шундан ибрат олиши, мол-дунё васвасасига учмаслиги, молпарастлик орқасидан фарзандларининг турмушига оғу солмаслиги керак. Ўткинчи дунё истаклари, ялтироқ кийимлар, шоҳона уй-жойлар, анвойи жиҳозлар, олтин занжирлар севги аломати эмас, балъакс фарзандларни маънавий жиҳатдан ўлдириш демакдир. Ахир ҳазрати Пайғамбаримиз севикли қизларига қарата: «Ё Фотима, бу ипакларни кийганлар, олтинларни таққанлар охиратни кўрмайдилар», деганларини бир эсланг!

Айниқса, ҳозирги бозор шароитида молпарастлик, бойликка ружу қўйиш, кимўзарга дунёсини кўз-кўз қилиш халқимизга қимматга тушяпти. Қанча оилалар арзимас матоҳлар, деб бошланган жанжаллардан пароканда бўляпти. Қанча келинларимиз бошида маломат ва зулм қамчилари ўйнаяпти. Қанчалаб ота-оналарнинг бир маромдаги ҳаётлари издан чиқяпти, куёвларнинг дунёсини қоронғу қиляпти. Наҳот ана шундай кулфатларга сабаб бўлувчи молпарастлик балосидан қутилиш, исломий талабларга кўра ҳар ишда қаноатли, камтар бўлиш шунчалик мушкул иш бўлса?!

ВОҚЕЛ. Яқинда таҳририятларнинг бирига 20-22 ёшлардаги бир жувон кўз ёши қилиб келиб қолди. Нима воқеа бўлганини суриштиришди. Маълум бўлишича, бу қиз бундан уч йил муқаддам Акрамжон исмли йигитга турмушга узатилибди. Тўйдан кейин билса, эри бундан аввал ҳам уйланган, кейин онасининг зуғуми туфайли ва оиладаги жанжаллардан безор бўлиб хотинини битта боласи билан уйдан ҳайдаган экан. Эридан ажралиш сабабини сўраса, «Жа бой хонадон эди, бирортамизни менсимай қўйди. Ғиринг, десак, дадаси ўғилларини етаклаб келиб дўқ қилади. Охири онам «Қўйсанг ҳам, қўясан, қўймасанг ҳам», деб ҳайдатиб юбордилар. ЗАГС ҳам қирқилди, алимент тўлаяпман. Мана сени топиб уйлантириб ҳам қўйдилар», дебди.

Уч йилча эри билан жуда аҳил яшашибди, бир ўғилли бўлишибди. Кичик уканинг уйлатилиши баҳонасида ярим йил муқаддам ижарага уй олиб чиқиб ҳам кетишибди. Бу ёқда бозор-бозор, деган гаплар чиқиб, эри тижорат билан ҳафталаб бошқа шаҳарларга кетаркан. Яқинда эрдан дарак бўлавермагач, қайнонасиникига борибди. Не кўз билан кўрсинки, эри эски ҳовлида аввалги хотини билан ярашиб олиб бемалол яшаётганмиш. Ҳайрон бўлиб бунинг сабабини қайнонасидан сўраса, «Ўғлим сизга уйлангандан буён косаси оқармади. Бунақа камбағал эканликларингни билганимизда келин ҳам қилмасдик. Манавинақа тур-муш оғирлашиб кетди, аввалги эркак қудамиз ўғлимни ёнларига олиб қўллаб турмоқчи бўлдилар», деб бепарво тураверибди. «Энди мен қайга бораман, дардимни кимга айтаман?» дейди жувон кўз ёшларини дув тўкиб. Дарҳақиқат, кимга? Ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган қайнонагами? Ўғли ва хотинини беш кунлик дунё матоҳига алмаштириб юборган бемеҳр эргами? Ёки сўраб-суриштирмай ёшгина қизини шундай молпараст кишиларга ишониб бериб юборган ота-онагами? Кимга?!

Илгари ота-оналар янги турмуш қурган фарзандларининг рўзғорини ажратишар экан, бир сидра уй-рўзғор анжом-асбоблари, ун, гурунч, ёғ каби масаллиқлар билан таъминлашган. Шу тариқа ёш оила ўзини тиклаб олган, сармоясига барака кирган. Ҳозирда-чи? Ота-оналар болаларига қимматбаҳо мебеллар, ҳатто машиналар совға қилишяпти, шоҳона уйлар қуриб беришяпти. Аммо рўзғор тебратиш, маблағни тасарруф этиш, қизларга уй тутиш, овқат пишириш, нон ёпиш, бичиш-тикиш каби энг зарур юмушларни ўргатишмаяпти. Оқибатда ёш келин-куёв турмушнинг арзимас муаммолари олдида довдираб, сан-манга боришяпти, ҳатто ажралиб кетишяпти. Ҳайит, байрам арафаларида қуданикига «Ҳайит йў1ҳлов» жўнатишдаги исрофлар, кимўзарга беллашувлар, бир-бирига солиштириб кўриб чиқаётган ғавғо-дилхираликлар, «Қизим тинч ўтирса бўлди», деб бор-будини совуриб, қарзларга ботиб қилинган йўқловлар қизга ҳеч қачон бахт келтирмаслигига тушуниб етиш ва булардан воз кечиш пайти келмадимикан?

ВАЙРОН ҚАСР

Хонадонингизга келин келди. Балоғатга етган, отаонасига ардоқли, суюкли бир қизнинг ўз ошёнини ихтиёрий тарк этиб, сизнинг уйингизда яшай бошлашга нима мажбур қилди? Бундан мурод – у сизнинг ўғлингиз билан турмуш, деган улкан қасрни бирга қурмоқчи, ҳаёт давомийлигини таъминламоқчи. Бу Аллоҳнинг амри, Расулуллоҳнинг кўрсатмаларига бўйсунган муслима аёлнинг фидойилиги, садоқати. У эр олдидаги бурчларини бажармоқ учун эри ва яқинларининг хизматига ҳозиру нозир. Бу йўлда ҳар қандай қийинчилик ва синовларга чидайди. Ана шу эр туфайли қайнона ва қайнотани ўз ота-онасидан аълороқ севади ва ҳурмат қилади. Эрига эҳтироми сабабидан унинг ини-сингилларини иззат қилади. Бу унинг мазлумалигидан ёки тили қисиқлигидан эмас, балки оилага, эрига ишқи ва садоқатидандир. Эр бўлмаса, унинг учун бу хонадон ғамхонага, унинг ота-онаси-ю яқинлари шунчаки ҳамхонага айланади. Эр бўлмаса, унга турмушнинг қизиғи қолмайди, ҳаётнинг маъниси кетади.

Аммо айрим хонадонларда қайноналар тўйдан кейиноқ ўғилларини келиндан қизғанадилар. Тўғри, уларнинг аҳволини тушуниш керак. Кечагина онасини ўтқазгани жой тополмаётган, меҳрибонлик кўрсатаётган ўғил бугун бошқа бир аёлни ардоқлай бошлади. Демак, меҳр иккига бўлинади. Бу эса қайнонанинг иззат-нафсига тегади, ўзини камситилган ҳис этади. Буни англаган айрим ҳушёр йигитлар оналари ҳузурида хотинга нисбатан сал «қировида» туришади. Муомалада кўпда рўйхушлик кўрсатишмайди. Оналарига асло хо-тинларини, унинг уйидагиларни мақташмайди. Аксинча, камситиб туришга ҳаракат қилишади. Бу аҳволни кўрган она келини томонга ўтиб олади. Сал кўнгли бўшроқлари хотинига «қўполлик» қилаётган ўғилларини тергашга, танбеҳ беришга киришадилар. Оиласи бузилиб кетмасин, деб кўз-қулоқ бўлиб туришади.

Аммо баъзи йигитларимиз бор: биринчи кунларданоқ ота-она олдида хотинга алоҳида илтифот, иззатикром кўрсата бошлайдилар. Тўғри, уни севасан, у сенинг жуфти ҳалолинг. Ҳурматини жойига қўйиб, айбини яшириб, хулқини ошириб кўрсатишинг шарт. Лекин бу иш, айниқса, қайнона ҳузурида бўлмаслиги керак. Айрим оналарнинг ўз ўғилларини келиндан қизғаниши улар табиатига хос нарса эканини бир дам ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

Шунинг учун, муҳтарам куёвлар, она ва хотин ўртасида муносабатлар издан чиқмаслиги учун сиз бироз «иккиюзламачироқ» бўлишингиз, эркаклик ролингизни қиёмига етказиб ўйнашингиз керак. Хотинингизни майда-чуйда ишларда ҳам онангиздан маслаҳат сўрашга, унга доимо итоатда бўлишга ўргатинг. Ҳеч қачон катталар ҳузурида унга алоҳида эътибор, илтифот кўрсатманг. Сал «виқор билан» туринг. Бирор совға ҳадя қилмоқчи бўлсангиз ҳам, уни ўзига топширмай, онангизга беринг. «Шуни келинингизга атаб олувдим, хоҳласангиз, берарсиз, бўлмаса, ўзингизга қолдирарсиз», деб бемалол айтаверинг. Ҳар бир қайнона ана шу гапдан кейин совғани ўзи олмай, келинига топширади. Чунки келин олдида тили қисилишини хоҳламайди.

ВОҚЕА. Ҳидоят хола ўғли Эркинни отасиз катта қилди. Ёлғиз ўғил бўлгани учун ер-у кўкка ишонмасди. Икки қизини аллақачон узатиб қутилган. Ўзи емай, ўғлига илинди, кийим-кечакда ўкситмади. Сут заво-дида оддий ишчи бўлишига қарамай, кўчадаги тенгдошлари ичида унга биринчи бўлиб велосипед олиб берди. Мактабни тугатиши биланоқ югу-югур қилиб политехника институтига жойлаб қўйди. Иккинчи курсда бир ҳамкасбининг сулувгина, сарвқомат қизига уйлантириб ҳам қўйди.

Тўйдан кейин икки-уч ой ўтмаёқ Ҳидоят хола келин олиб кўнгли тўлмай, ҳасратини кимга очишни билмай, боши қотиб қолди. Сабаби келин ҳали боши кириб келмай, хонадонда ўз тартибларини ўрнатишга киришди. Биринчи кунлари ёшлар оналари билан чой ичишар, кечқурунлари алламаҳалгача ўтган-кетганлардан гаплашиб, телевизор кўриб ўтиришарди. Орадан кўп ўтмай, келин-куёв алоҳида нонуштага ўтиришни бошлади. Кечқурун ҳориб ишдан қайтган холанинг олдига келин «дўқ» этказиб косадаги овқатни қўйиб чиқиб кетарди. Телевизор ҳам уларнинг хонасига «кўчди». Ёшлар қўлтиқлашиб ҳали кинога, ҳали меҳмондорчиликка жўнашади, ҳали шаҳар ташқарисига бориб ҳордиқ чиқаришади. Бу мустақиллик эмиш, ёшлар мустақил яшаши керакмиш. Хола аввалига чидади, «Кел, инсофга келиб қолар», деб ўзини овутди. «Ҳеч бўлмаса, ўғлим онасини унутиб юбормас», деб умидвор бўлди. Қаёқда дейсиз? Кундан-кун баттар, деганларидек аҳвол яхши томонга ўзгармасди. Шунда Ҳидоят холанинг бардоши тугаб, тўнини тескари кийиб олди. Келинни ёмон кўриб қолди. Ҳар бир ишидан нуқс топди, уйдан бездириш ҳаракатига тушиб қолди. Ишнинг пачаваси чиққанини кўриб келин шошиб қолди. Ўғли тавба-тазарру қилиб онасининг дилини юмшатмоқчи бўлди. Маҳалла-кўй, қудалар ўртага тушишди. Йўқ, хола асло ён бермади. Қанчалик оғир бўлмасин, ўғлини ўзига ағдариб олган келинни ҳайдатиб тинчиди.

Кўрдингизми, бечора қайнонанинг кўзига не-не умидлар билан олинган келин ҳам, қанча сарфу харажатлар билан қилинган тўй ҳам, ўзининг маҳаллакўйдаги обрўси-ю, ўғлининг бахт-саодати ҳам кўринмади. Чунки у энг катта бойлиги – кўз қорачиғидай авайлаб вояга етказган ўғлидан ажраб қолганини тушуниб етганди. Келин бола она учун ёлғиз ўғил ҳамма нарсадан азиз, ардоқли эканини англолмай, катта хатога йўл қўйганди. Бу хато эса турмуш, дея аталмиш фароғат қасрини вайрон қилиб ташлади. Вайроналарда эса чинакам бахт ҳеч қачон ошён қурмайди.

РАШК БАЛОСИ

Қайноталарни оилада келинларнинг ҳимоячиси, ёш оиланинг посбони, дейиш мумкин. Сабаби никоҳ тўйининг қиз танлаш, сеп-сидирға томонлари аёл зиммасига тушса, тўйнинг асосий харажатлари, уни уюштириш, келин-куёвни уй ва жиҳозлар, рўзғор буюмлари билан таъминлаш оиланинг хожаси ҳисобланган эркакнинг чекига тушади. Шунинг учун ҳам у оиланинг мустаҳкам, келин-куёвнинг аҳил, тотув бўлиши учун қайғуради. Шу мақсадда кўпинча оилавий можароларда келинни ҳимоя қилишга уринади. Қайнона ва келин можароларида адолат тарозиси билан иш кўради.

Эрларнинг бу «қилиғи» кўпинча қайноналарга ёқмайди. Ўттиз йил, қирқ йил бирга яшаган, ҳамма ишда сирдош ва ҳамкор бўлган кишининг бирданига кеча келган келин томонга ўтиб олиши, ғишаваларда кўпроқ унинг ёнини олиши, гоҳида эса келинни ҳимоя қилмоқ учун ўз хотинига қаттиқ-қуруқ тегиши ўз-ўзидан қайнонанинг иззат-нафсига тегади. Ўзини хўрланган ҳис этади, ҳимоясиз қолгандай туюлади. У бунинг сабабларини юқоридаги ҳолатлардан изламайди-ю, бошқа «далиллар»ни ахтаришга тушади.

Бу «далиллар»нинг таги пуч бўлса ҳам, қайноналар унга маҳкам ёпишиб олишади. «Ёнини оляптими, демак, унда кўнгли бор» ёки «Шунча йил турмуш қуриб, бир-биримизга сирдош бўлиб, қариган чоғимда ёқмай қолибман-да, шу зумраша мендан азиз бўпти-да» ёхуд «Бир балоси борки, келинига ширинсўз бўлиб қолди, менга бирор марта бунақа меҳрибонлик кўрсатмаганди» ва шунга ўхшаш «таҳлил»лар, шубҳалар, ғашликлар уларнинг қалбини кемириб, ниҳоят «барча кулфатларда келин айбдор», деган хулоса чиқаришга олиб келади.

ВОҚЕА. Маҳалламиздан узатилган Машкура исмли қизнинг турмуши ярим йилга бормай бузилиб кетди. Бунинг сабабини сўраганларга шўрлик ота-она нима деб жавоб қайтаришга ҳайрон. Уларнинг ялиниб-ёлворишлари ҳам, маҳалладаги баобрў одамларнинг ўртага тушишлари ҳам – ҳеч нарса ёрдам бермади. Охири келиннинг кўч-кўронини куёвникидан йиғиштириб келишди. Машкуранинг ўзи ҳам ҳайрон, «Орамиздан ҳеч гап ўтмаганди, Анвар акам билан жуда аҳил эдик, ота-оналарини ҳам жуда ҳурмат қилардим», деб йиғлармиш, холос.

Кейин суриштиришса, қайнона келинини ёқтирмай қолибди. Оиланинг эркакларига «Ё шу келин туради бу уйда, ё мен», деб кескин шарт қўйибди. Куёв бечора «Келинингизнинг айби нима ўзи?» деб сўраб балога қолибди. «Ё хотинни қўясан, ё дуоибад қиламан, оқ қиламан, бир умр рози бўлмайман», дебди она. Эри ҳам ҳайронмиш. «Ҳеч бўлмаса, нима гап ўтганини мен билиб қолай, ахир қудаларимизга бирор баҳона айтиш керак-ку!» деб сўраса, «Қўли эгри, денг, ёлғончи, денг, хуллас, бирор гап топинг. Агар у қоладиган бўлса, унда мен кетаман», деб қўрқитибди. Хуллас, оила бузилиб кетди, ширингина турмушга оғу томди.

Бу машмашаларнинг ҳаммасига қайнота шўрлик ўзи билмаган ҳолда «айбдор» бўлиб қолган экан. Хушрўйгина, доногина, эпчилгина келинни у оталарча меҳр билан яхши кўрган, «сиз-сиз»лаб эркалаган, юмуши кўпайиб кетса, хотинини турғизган. «Ахир бировнинг боласи, янги келин, жа зулм қилиб юбормайлик, сен ҳам мундай қарашвор», деб ёнини олган. Оила даврасида «Келиним зўр-да, саранжом-саришта, имога дик этиб югуради», деб мақтаган. Буларнинг ҳаммаси тошни тешган томчи янглиғ аста-секин қайнонанинг асабини пармалай бошлаган. Аввал шунчаки ғаши келган. Кейинчалик ҳасад ўти, рашк балоси чирмай бошлаган. Бу оғриқлар чидаб бўлмас ҳолатга етиши билан ҳеч бир гуноҳсиз ёшгина келин унинг ёвуз душманига айланган. Икки ёвнинг бир жойда туриши мумкин эмас. Ҳар жиҳатдан ҳимоясиз, содда жувон шундай қилиб рашк балосининг қурбони бўлган. Қайнона эрини келинидан қизғаниб нима қилиб бўлса-да, уни йўқотиш пайига тушган ва бунга эришган ҳам. Демак, юқоридаги воқеадан қайноталар ҳам, қайноналар ҳам, келин-куёвлар ҳам бараварига тўғри хулоса чиқариб олишлари керак бўлади.

ҲАММА ҚИЗЛАР ЯХШИ-Ю…

ВОҚЕА. Назокат оилада ёлғиз қиз. Дадаси Абдусамад ака қурилиш трестида бош ҳисобчи, онаси Манзура опа савдо уйида иқтисодчи. Гоҳида Абдусамад ака хотини билан ғижиллашиб қолса, бунинг сабабчиси албатта Назокат бўлади.

– Қизингни жуда эркалатиб юборяпсан, ҳали бир жойга борса, юзимизни ерга қаратади, – дейди дадаси куюниб.

– Сизнинг ишингиз бўлмасин. Ёлғиз қизимни хўрлатиб қўймасман. Тўйигача уч-тўрт кун ўйнаб олсин, – деб овутади онаси.

Бахтини қарангки, Назокат Умида хола деган тул аёлнинг якка-ю ёлғиз ўғли Аброрга турмушга чиқди. Қайнонаси уч боласини ерга қўйгани учун «Болам иккита бўлди», деб Назокатни ер-у кўкка ишонмас, Аброр бўлса, шундай қизга рўпара бўлгани учун тақдирига шукрона айтарди. Қайнона келини билан ўғлига кўз тегмасин, дея тинмай исириқ тутатарди. Келинкуёв ишга бирга кетиб, бирга қайтишади. Ҳаммалари бахтиёр эди.

Бир куни Аброр ишдан эртароқ қайтса, онасининг кўзидан ёш қуйилиб, пиёз тўғраб ўтирибди.

– Ҳа, онажон, ўзингиз уриниб қолибсиз? – сўради ўғил.

– Болам, сизларга бир манти қилиб берай, деб ҳаракатга тушиб қолдим-да.

– Ҳадемай келинингиз келиб қилар. Қўйинг, сиз уринманг.

Она бир дам сукут қилди, кейин мийиғида кулиб шундай деди:

– Одам қариганида у-бу овқатни қўмсайдиган бўлиб қоларкан. Бир-икки бор манти қилайлик, десам, гапим эътиборсиз қолди. Болам бечора манти қилолмаса керак, деб ўзим уннай қолдим. Ҳозирча куч-қувватим бор, худога шукр.

Аброр ичкарига кирди-ю хаёл суриб қолди. Ойиси бечора келин олиб ҳам тинчимаса! Ахир келин олсам, хизматимни бажарса, деб орзу қилмаганмиди?

Назокат келганида Аброр мулоҳазаларини айтди. Айтди-ю балога қолди.

– Нима, мен ўйнаб юрибманми? Эртадан-кечгача уйда бекор ўтирадилар. Нима қипти овқат тайёрласалар, осмон узилиб тушиптими?

– Ахир тушунгин, Назокат! Ёшлари бир жойга бориб қолган, бунинг устига касалмандлар.

– Бунақа экан, ишлатмасинлар эди.

– Ҳеч ким ишлашингга қарши эмас. Аммо ишлаганлар уйида меҳмондек юрмайди-ку!

– Ҳа, мен шунақаман, чидасанглар, шу, бўлмаса…

Шунчаки бошланган гап жанжал билан тугади. Не машаққатлар билан тайёрланган овқат ейилмай қолиб кетди, келин «Ўғлингга шикоят қилгунча ўзимга айтмайсанми?» деб она бечоранинг дилини хуфтон, кўнглини вайрон қилди. Бунга ҳам чидамай уйига аразлаб кетиб қолди. Бир ҳафтагача келмади. Сўроқлаб борган Аброрни қайнонаси роса «тузлади»:

– Ҳа, шунча вақт ёққан энди «пуф сассиқ» бўлиб қолдими? Сизларга тушиб қолган қизимиз йўқ. Не қийинчилик билан катта қилганмиз, яна боқиб олишга қурбимиз етади.

Маҳалла-кўй аралашиб Назокатни олиб келишди. Лекин у икки ой ўтмаёқ, яна жанжал чиқарди. Яна машмаша, яна пўписалар, панд-насиҳатлар… Аммо Назокатнинг кўзи очилмади. Ажралишга ариза берди. Аброрнинг «Болани тирик етим қилмайлик», деган илтижолари ҳам қулоғига кирмади.

Орадан кўп вақт ўтмай, Аброр қайта уйланди. Назокат ҳамон ишлаяпти, ўғли боғчага қатнаяпти. Эҳтимол турмуши яхши ҳам бўлар. Лекин ўғли-чи? Энди у кимни дада, дейди, қачонгача унинг «узоқ сафардан қайтишини» интизорлик билан кутади? Ахир у улғая-ди, ҳамма нарсани тушуниб олади. Унда кимни айблайди? Ҳаётга, оилага енгилтаклик билан қараган, ҳамма нарсани ўз роҳатидан устун қўйган онасиними ёки оиласи учун қатъият, тадбиркорлик кўрсата олмаган отасиними?

Мана битта оила бузилиб кетди. Агар келинимиз бир гапдан қолганида, уйдагилар билан муроса қилиш йўлларини ахтарганида, ёши улуғ қайнонасини ҳурмат қилиб, хизматини аямаганида оила инқирозга учрамас, ўртада бола тирик етим бўлмас, эр қайта уйланмас эди. Жиндай муросасизликнинг баҳоси ана шундай қиммат бўлди.

Халқимиз «Оила қуриш – нина билан қаср барпо қилишга тенг», дейди. Дарҳақиқат, оиланинг, турмушнинг, рўзғорнинг минг бир машаққати, синовлари бор. Унга тайёр бўлмаган, уйларида эрка, тантиқ, ишёқмас бўлиб ўсган қизларимиз келин бўлган жойларида дарров «фош» бўлиб қолишади. Ўз камчилик-нуқсонларини тугатиш, билмаганларини ўрганиш, оиладаги икки-уч кишининг кўнглини олиш ўрнига дарров «ҳуқуқларини» талаб қилишга, ўз «ҳукмронликларини ўрнатишга», бўлар-бўлмасга можаро-жанжал чиқаришга ҳаракат қиладилар. Билмайдиларки, турмушга чиқишнинг ўзи бахтлилик, фаровонлик асоси эмас.

Бахт машаққат, сабот, қаноат, фидойилик билан қўлга киритилади.

Яқинда олий ўқув даргоҳларидан бирининг талаба қизлари ўртасида «Сиз қандай йигитга турмушга чиқишни хоҳлардингиз?» деган савол билан сўров ўтказишибди. Берилган жавобларда улар бўлажак эрларининг бўйи узун, қомати келишган, оқмағиздан келган, ҳинд киноартистларига ўхшаган, севадиган, мард, бақувват, пулдор каби фазилатларга эга бўлишини исташган. Аммо жавоблар орасида «Эрим ақлли, эсли-ҳушли, одобли, диёнатли, оилага вафодор, ота-онасига меҳрибон бўлсин», деган гапларни деярли учратмайсиз. Тўғри, инсоннинг ташқи қиёфаси, чеҳраси ҳам муҳим нарса. Аммо унинг ички дунёси, сизга аталган ҳис-туйғуларининг аҳамияти йўқми? Унинг оилага муҳаббати, сиз ва қайнонангиз ўртасидаги муносабатларни яхшилашдаги иқтидори шарт эмасми? Эрини фақат ташқи кўринишига қараб танлаган қизларимиз эртага том маънода бахтли бўла олармиканлар?

РИВОЯТ. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом тўнғич ўғли Исмоил алайҳиссаломни кўргани Маккага келди. Ўғлининг уй эшигини тақиллатганда бир хотин эшикни очиб қўполлик ва зарда билан сўради:

– Кимсан, кимни сўраяпсан?

– Сиз кимсиз? – дея сўрадилар Иброҳим алайҳиссалом.

– Мен Исмоилнинг хотиниман, – деди аёл ўшқириб.

– Исмоил қаерда? – сўрадилар оталари.

– Уйда йўқ, овга кетган.

Исмоил алайҳиссаломнинг бу хотини қўпол ва совуқ аёл эди. Тарбияси ҳам ёмон, ўзи ярамас ахлоқли эди. Унинг ақли паст, қалби кир бўлганидан қариянинг кимлигини ҳам сўрамади. Иброҳим алайҳиссалом отдан ҳам тушмай, уларнинг аҳволини сўрадилар. Бунга жавобан хотин: «Жуда қийинчилик билан яшаяпмиз», деб айтди. Иброҳим алайҳиссалом ўғлининг бундай нонкўр, қўпол, ахлоқсиз аёлга уйланганидан ранжиб, кетар чоғида:

– Эринг келиши билан унга айтиб қўй, уйининг остонасини алмаштирсин, – деб тайинладилар.

Кунлардан бир кун Иброҳим алайҳиссалом яна ўғилларини кўргани келдилар. Бу гал эшикни ёшгина аёл очди ва «Эрим уйда йўқ, овга кетганди», деди. Иброҳим алайҳиссалом уларнинг аҳволини сўрадилар. Хотин:

– Аллоҳга шукр, жуда яхши, ташвишимиз йўқ, – деб жавоб қилди ва яна, – ҳазратим, узоқ ердан келаётган кўринасиз, уйга кириб бироз дам олинг, овқат ила меҳмон қиламан, – деб Аллоҳнинг пайғамбарига илтифот, ҳурмат кўрсатди. Қўярда-қўймай у кишининг отда турган ҳолларида оёқларини ювиб, кийимларини тозалаб берди. Иброҳим алайҳиссалом эгилиб бу одобли, чиройли, гўзал хулқли келинларининг бошидан ўпдилар ва кетарда ташаккур айтиб, унга тайинладилар:

– Хожангга кўп салом айт, уйининг остонасини яхшилаб муҳофаза қилсин, қўриқласин.

Исмоил алайҳиссалом оталарининг тавсиялари билан аввалги бадфеъл, бадахлоқ хотинларини ҳайдаб, кейинги хушхулқ, тавозеъли, меҳмондўст, серҳиммат хотинларига кўп миннатдорчиликлар изҳор қилдилар.

Дарҳақиқат, яхши, солиҳа, хушахлоқ хотин эр учун бир жаннат мисолидир. Тарбиясиз, ахлоқсиз, жанжалкаш хотинлар эса дўзахдан ҳам баттар. Бир куйган эр: «Ҳамма қизлар яхши-ю, ёмон келинлар қаёқдан пайдо бўлар экан?» деб ҳайрон бўлган экан. Чунки ота-онангиз барча эркалик, ноз-фироқларингизни кўтаради, нуқсонларингиздан кўз юмади. Ўзга хонадонда эса бу тезда ошкор бўлиб қолади. Шунинг учун тўйдан кейин барча ёмон қилиқларингиздан воз кечиб, чиройли амаллар қилишни бошласангиз, фақат ўзингизга яхши бўлади.

Ислом умматининг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломдан яхши ва ёмон хотинлар хусусида бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган, янги турмуш қураёт-ган ва қурган йигит-қизлар ана шу кўрсатмаларни яхши билмоқлари мақбул эди. Жаноби Расулуллоҳ дедилар: «Умматим хотинларининг афзали хушрўй бўлгайлар ва қаҳрлари кам бўлгай!» Яна бир ҳадиси шарифда эса: «Мўмин киши душманининг зўрроғи ёмон хотиндир», дейилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Уч хил ёмон сифат бордирки, улар (маънавий) фақирликдандир, буларнинг учинчиси ёмон хотиндирким, бирга бўлсанг, озор беради, йўқ бўлсанг, хиёнат қилади».

Пайғамбаримизнинг куёвлари ҳазрати Али (р.а.) ёмон хотинлар ҳақида шундай деганлар: «Ёмон хотинлар ясаниб, оро бериб, барҳана (яланғоч) юрадиган бўлгайлар, диндан, яъни мусулмонликдан яланғоч бўлгайлар, дин ва шариат, мусулмончилик қандай эканини билмагайлар. Фитналарга, яъни йўлдан оздирадиганларга дохилдирлар, шаҳватга мойилдирлар, лаззатга шитоб қиладигандирлар, яъни ширин ва мазали нарсаларга тез боргувчилардир. Ҳаром нарсаларни ҳалол билгувчилардир. Булар жаҳаннамда доим ва ҳамиша бўлғувчидирлар».

Дарҳақиқат, ёмон келинлар эрларига ва унинг яқинларига қўпол, дағал муомалада бўладилар. Хонадон юмушларидан бўйин товлайдилар. Эрнинг мол-мулкига бепарво бўлиб, асраб-авайламайдилар ва исроф қиладилар. Ёлғон гапиришдан, чақимчиликдан, ҳаёсизликдан уялмайдилар. Оиланинг тинчи, фароғати, фаровонлиги ҳақида ўйламай, ҳар куни – кун оша оила аъзоларининг оромини бузиб жанжал кўтараверадилар. Уларга на панду насиҳат, на катталарнинг йўл кўрсатиши, на қонун-тартиблар, на фарзандлар қисмати – ҳеч нарса кор қилмайди. Улар ана шундай бадбахт кимсалардир.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации