Текст книги "Қайнона ва келин"
Автор книги: Ахмад Мухаммад Турсун
Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 4 страниц)
ЭНГ ЯХШИ ЙЎЛ – МУРОСА
Кўпинча қайнона ва келин муносабатлари ҳақида сўз борар экан, ана шу абадий муаммони ҳал этишни ҳар ким ўзича ҳар хил шарҳлайди. Кимдир бутун айбни «золим» қайноналарнинг «ёвузлиги»га, кимдир «маккор» келинларнинг «ўткирлиги»га, яна бошқаси ҳар икки томонни келиштира олмаган «лапашанг» куёвга тўнкайди. Аслида ким айбдор?
Бу ғавғо-ю машмашаларда муроса-ю мадора йўлини тутолмаган, исломий ахлоқ-одоб кўрсатмаларини тан олмайдиган ҳар бир киши айбдор бўлса керак! Қайнона «Мен каттаман, кечиримли бўлай, ёш, ғўр келинни яхши гапириб йўлга солай!» демаса, келин бола «Қайнонам оиланинг бекаси, каттаси, севган эримнинг оқ сут берган, тарбиялаган онаси бўлса, нега уни ҳурмат қилмайин, нега хизматидан бўйин товлайин?!» демаса – икки ўртада можаро чиқаверади. Қайнота ва куёв бу ҳангомаларга томошабин бўлиб тураверса, адолат қилмаса, можаро катта жанжалга, қўйди-чиқдиларга, ширин турмушларнинг кушандасига айланаверади.
Шайх Муҳаммад Абу Заҳра оилани уч қисмга бўладилар: биринчи қисм – эр-хотин, иккинчи қисм – фарзандлар, учинчиси эса – яқин қариндошлар (яъни, отаона, ака-ука, опа-сингил ва бошқалар)дир. Ана шу уч қисм аҳил-тотув бўлгандагина оила тинч-осойишта ва файзли бўлади, акс ҳолда уриш-жанжалдан боши чиқмайди.
Тўй вақтида ва оилавий ҳаётнинг аввалида келинкуёвга турли маслаҳатгўйлар, ғамхўрлар кўпайиб кетади. Умр йўлдошини «гаҳ, деса, қўлига қўнадиган қилиб олиш» ҳақида маслаҳатлар беришади. Ваҳоланки, уларнинг ўзи тажрибасиз, маслаҳатга муҳтож, фикри тор кишилардир. Уларнинг «жайдари» йўл-йўриқлари оилага фойда келтириш ўрнига раҳна солади.
Исломий тарбияга кўра, эр – оиланинг раҳбари, унинг ҳамма томонига масъул ҳисобланади. Аммо бу айримлар ўйлаганидек, «деганим деган» қабилида иш тутиш, оиланинг бошқа азоларига зулм ўтказиш ҳуқуқи берилгани эмас. Аксинча, у хотинининг ҳақларини тўла адо этади, ота-онани ўзи ва хотини томонидан ҳурматэҳтиром қилинишини таъминлайди, рўзғор таъминоти билан шуғулланади, оиласини ҳалол ризқ билан боқади. Бу дегани – ўзи еганини оиласига едиради, ўзи кийганини кийдиради, рўзғорнинг керакли жиҳозларини харид қилади. Хотинига яхши муомалада бўлади, унинг Ислом шариати белгилаб берган ҳақларини тўла адо этади, агар аёл тарбиясиз, ахлоқсиз бўлса, уни панд-насиҳатлар, танбеҳлар билан йўлга солади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Хотинларингиз билан яхшиликда яшанг, агар-чи уларни ёқтирмасангиз ҳам. Шоядки, сизга ёқмаган нарсанинг ортидан Аллоҳ сизга кўп яхшиликларни раво кўради», деб марҳамат этган. Эрларнинг яна бир вазифаси – хотинлари хато ёки камчиликка йўл қўйса, кечиримли бўлиб уларни тузатиш, уларнинг айбини беркитиш, хотини ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ихтилоф чиқса, буни ислоҳ қилиш ва муросага келтиришдир.
РИВОЯТ. Хотини билан ноилож ажрашаётган бир солиҳ кишидан унинг нима айби борлигини сўрашибди. Шунда у: «Бировнинг айбини сўраб нима қиласиз? Агар у билан қайта ярашиб кетсам, ўз хотинимнинг айбларини бошқаларга фош қилган бўламан. Ярашмасам, бегона бир аёлнинг айбини очиб шарманда қилган бўламан. Униси ҳам, буниси ҳам одобдан эмас», деган 'жан. Кўрдингизми, аждодларимиз ҳатто ажралишиб кетаётганда ҳам бир-бирларига ёмон гапирмаганлар, айбларини яширганлар. Чунки улар Расули акрамнинг (с.а.в.) «Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир», деган ҳадисларига риоя этишган.
Эрга шундай талаблар қўйилган экан, оила фароғатида, тотувлик ва аҳиллигида келинларимизнинг ҳам алоҳида бурч ва вазифалари бор. Келинг, яхшиси юқорида тилга олинган Ҳориснинг қизи Асмога онаси Умома томонидан куёвникига жўнатиш олдидан қилинган ўнта насиҳатни келтириб ўтайлик:
«1. Қаноат соҳибаси бўл. Ўз ҳолингга шукр қил. Яъни, эринг уйга нимаики олиб келса, у хоҳ ейдиган, хоҳ киядиган нарса бўлсин, хушфеъллик билан, гўзал одоб билан қабул қилиб ол! Эрингга ташаккур айтиб хушнудлик кўрсат. Зеро, бахтли ҳаёт кечирмоқнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқлиқцир. Ҳолига шукр этмаган, ўз нафсини тиймаган кишида кўнгил ҳузури, қалб роҳати бўлмайди!
2. Эрингга итоат эт, қил, деган ишларини қил, қилма, деганини қилма!
3. Эрингнинг кўзи тушадиган жойларга яхши эътибор бер! Яъни, уйнинг ичини, ташқарисини ниҳоятда тоза тут. Шундай қилки, хожангнинг кўзига бир чиркин ер кўринмасин.
4. Уст-бошингни тоза тут. Эринг фақат хушбўйни сезсин, димоғига ёмон ҳид келмасин. Чунки ёмон ҳидлар эринг кўз ўнгида сенинг обрўйингни туширади. Сендан ирганишига сабаб бўлади. Шуни яхши билгилки, тозалик ва заифлик энг яхши нарсалардир, инсон кўзига хуш кўринишлик шулар биландир.
5. Овқатни вақтида тайёрла. Яъни, овқатланиш вақтини ҳеч қачон кечиктирма. Эринг қачон овқатланишга ўрганган бўлса, ўша пайтга овқатини тайёрлагин. У келиши билан дарҳол дастурхон сол. Шуни яхши билгинки, очлик инсоннинг жаҳлини тез келтиради.
6. Уйқу вақтини, уйғониш пайтини яхши билиб ол! Яъни, унинг қачон уйқуга ётиш пайти бўлса, ўрнини тайёрлаб қўй. Зеро, уйқусизлик инсонни хафахон этади. Асаблари бузуқ, хафахон одамларнинг эҳтироси муҳаббатини секин-секин сўндиради.
7. Хожангнинг моли ва ашёсига жуда эътиборли бўл! Яъни, хожангнинг мол-дунёсини яхши сақла, ашёларини авайла, муҳофаза қилгин. Чунки унинг молдунёси сеникидир. Эрнинг мол-дунёсини исроф этмаслик – иш билиш ва қадрига етиш, демакдир.
8. Эрингнинг қариндоши ва яқинларига ҳурмат кўрсат! Яъни, хожангнинг қариндошлари ва яқинларига ҳурмат хожангнинг эътиборини қозонмоқ, демакдир. Уларни ҳурмат қилиш хожангни ҳурмат қилиш, демакдир. Бу эса қадр ва эътибор қозонишингдир.
9. Эрингнинг сирини бошқаларга айтма! Яъни, эрингнинг баъзи сирларини билган вақтингда эҳтиёт бўлиб уни сақла, бировларга айтиб юрма. Агар айтиб қўйсанг, унинг ғазабини келтириб қўясан, ишончини йўқотасан. Бунда тузаётган оилангиз бузилади.
10. Эрингнинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил! Яъни, хожангнинг динга уйғун бўлган буйруқларини бажаришда танбал бўлма. Ҳеч қачон унга нисбатан итоатсиз бир ҳаракат бўлмасин. Агар шундай бир ҳаракат бўлса, сенга кин сақлаб охири душман бўлади. У сенга душманлик йўлини тутса, сен кўп зарар кўрасан ва қўлингдан ҳеч нарса келмайди.
Шуни яхши билиб олгинки, хожанг хафа бўлганда сен нашъали, хурсанд бўлишдан, у хурсанд бўлганда сен хафа кўринишдан жуда эҳтиёт бўлгин. Чунки унинг хафа бўлган пайтида сенинг хурсанд кўринишинг, унинг қувончли бўлган вақтларида сенинг ғамгин бўлишинг унга ҳамдард бўлмаслик каби бир қусурни ўртага туширади. Бу эса фаҳмсиз ва тарбияси ёмон одамларга мансуб ишдир.
Бу сен каби юксак бир тарбия кўрган ақлли ва оқила хотинларга мансуб эмас.
Болажоним! Эрингга қанчалик кўп севги ва ҳурмат кўрсатсанг, ўзинг шунчалик муҳаббат ва ҳурматга эришасан. Айтганларини қандай бажарсанг, сўзларини тингласанг, шу даражада муҳаббат ва ҳурматга сазовор бўласан».
Бу доно ўгитларга, насиҳатларга қўшимча қилиш, изоҳ беришнинг ҳожати бўлмаса керак!
СЕПЛИ БЎЛГУНЧА…
Янги келин ҳар қанча гўзал ва хушқомат бўлмасин, ҳар қандай бой-бадавлат, обрўли хонадондан келмасин, доно ва одобли бўлмасин, рўзғор юмушларини билмаса, саранжом-саришта иш тутмаса, хуллас, эпли бўлмагунча борган жойида обрў қозонолмайди. Бекорга халқимиз «Сепли бўлгунча, эпли бўл», деб айтмаган.
Аммо кўпинча қизларимизнинг турмуш, дея аталган синовга ҳеч қандай тайёргарлик кўрмаганлари тўйдан кейиноқ очилиб қоляпти. Нон ёпишни, овқат қилишни, ҳатто оддийгина тухум қовуришни ҳам эплай олмайдиган қизлар борлигига балки ишонмассиз? Ахир бўлажак келиннинг ўзи тушган оилага маҳкам илдиз отиши, обрў топиши, эр-хотиннинг муҳаббати янада аланга олиши кўп жиҳатдан келиннинг пазандалигига ҳам боғлиқ-ку!
Аксарият оилаларда жанжал, ғишаваларнинг келиб чиқиши кўпинча овқатга бориб тақалади. Ёш келинлар нон ёпиш, мазали таомлар тайёрлашни ўз уйларида ўрганиб олишлари лозим. Овқат қилишдан олдин энг аввало катталарнинг истак-хоҳишлари инобатга олинади. Улардан «Нима овқатни хоҳлайсизлар?» деб сўраш ҳам одобга киради. Катталар кўпроқ юмшоқ, хушхўр, суюқ овқатларни исташади. «Менга бу ёқмайди», «Мен бу овқатни билмайман» қабилида зарда қилиб уларни оғринтириш инсофдан эмас.
Ёш уй бекаси аввало ҳар ишда саранжом-саришта, тежамкор бўлиши керак. Келинчак бу фазилатни эгалласа, рўзғор ишларида қоқилмайди, биринчи кунларданоқ атрофдагиларнинг ҳурмат-эътиборини қозонади.
Аксинча, у рўзғор юмушларини пала-партиш, совуққонлик билан бажарса, ўзи озода, дид билан кийинмаса ёки ўзига оро бериб қарамаса, меҳмон кутишни билмаса, уйни покиза, озода тутмаса, эрининг катта-кичик юмушларига бепарволик қилса, бундай келинчак асло оиладагиларга ёқмайди. Бу ҳолнинг тузалишидан умидини узган қайнона– қайнота охири сабри тугаб, бундай эпсиз келиннинг баҳридан ўтиш ташвишига тушиб қолади ёки бу келиннинг бутун умри таъна-маломатлар, можаро-тортишувлар билан ўтади.
Келинларимизнинг оиладаги ҳисоб-китоб ишларига бефарқлиги ҳам қимматга тушиши мумкин. Электр чироқларини заруратсиз ёқиб қўядиган, масаллиқларни исроф қилиб юборадиган, рўзғор юритишда тежамкор бўлмаган келинлар ҳам хонадонга суюмли бўла олмайдилар. Яқинда маҳалламизда қайнона-қайнота ҳовлининг чиқимларини тўлаймиз, деб ажратиб қўйган пулларига ўзбошимчалик билан қандил харид қилган келиннинг сал бўлмаса турмуши бузилиб кетай, деди.
Ёки журналист М. Аҳмадбоева ҳикоя қилган мана бу ҳолатга нима дейсиз:
ВОҚЕА. … Тунов куни автобусда кетаётган эдим.
Ёнимдаги ўриндиқда ўтирган қиз ҳозиргина бекатдан чиққан қиз билан қучоқлаша кетди:
– Вой, Маҳбу, бормисан?
– Ўзингмисан, Раъно?
– Очилиб кетибсан. Поччам яхши йигитга ўхшайди!
– Ҳе, ўлсин, – деди қўл силтаб Маҳбуба исмли қиз.
– Нега? Уришиб қолдиларингми?
– Ажрашдик.
– Вой, нималар деяпсан, Маҳбу? Бир ой бўлмасидан-а? – таажжубланди Раъно. – Ахир уни севардингку?
– Онаси ўлгур ёмонлигини мен қаёқцан билай? Эрталаб барвақт турилган уйда фаришта бўлармиш. Келин келиндек бўлиши керакмиш. Эшикдан ким кирса, салом берармишман, ўн марта бўлса ҳам. Кечқурун албатта қозон-товоқни ювиб қўйишим шартмиш. Эрталаб юваманми, обедда юваманми – бу менинг ишим, тўғрими? Хуллас, ҳиқилдоғимга келди. Онаси билан уришиб қолувдим, ўша куниёқ масалани ҳал қилдим: «Ё мени денг, ё онангизни», десам, эрим нуқул ҳиринглаб кулади: «Ҳам сизни дейман, ҳам онамни». «Бўлмаса, бор ўша онанг билан қўшмозор бўл!» дедим-да, хайр-маъзурсиз уйга жўнавордим.
Дугоналар кейинги бекатга тушиб қолдилар. Негадир ўзининг ҳаётига енгил-елпи қараётган Маҳбубанинг гапи мени ҳайратга солди. Ҳали келинлик либосини ечмай туриб оила, ўзи севган, кўнгил берган эрининг баҳридан ўтиш уни заррача ташвишлантирмаётганлигига ажабланасан киши. Хўш, энди у нима қилмоқчи? Очиғини айтганда қайнона айтган гапларнинг ҳаммаси тўғри-ку. Барвақт эшик очилган уйда файз бўлиши аниқ. Хўш, келин уйда рўмол ўраб юришининг нимаси ёмон? Эшикдан кириб келган одамга эса салом бермаслик одобсизлик эмасми? Яна қозон-товоқни ювмаган келин қанақа келин ўзи?
Қайнонанинг ўгитларини ножўяликка олган Маҳбубахон қаттиқ янглишади. Ким билсин, ҳали орадан анча вақт ўтар, Маҳбубахон яна оила қуриб қайнонали ҳам бўлар, лекин ишончим комилки, у ўзининг қилмишидан афсусланади… Унда кеч бўлади, жудаям кеч. Ёшликнинг қадрига етмай, биринчи турмушидан сабабсиз ажралгани учун бир умр пушаймон бўлиб яшайди. Турмушда учрайдиган икир-чикирлар туфайли муросаси қочиб, ажралишаётганлар қанча?».
Назаримда, оилада қиз боланинг ор-номусли, иффатли, гўзал хулқли қилиб тарбиялашдан ташқари уни келажакда оила тебратиб кетиши учун лозим бўлган бошқа бир қатор фазилат эгаси ҳам қилиб тарбиялаш керакдек кўринади.
Кечиримли, катталарга ва турмуш ўртоғига ўта ҳурматли бўлган, озода, ширинсўз, қолаверса, турмушнинг бор-йўғига сабр қилиб, тежамкор, тадбиркорлик фазилатларига эга бўлган келинларгина ўз турмуш ўртоқларига муносиб ёр, қайноналарига суюкли келин бўла оладилар.
КЕЛИНЛАР, ҲУШЁР БЎЛИНГ!
ВОҚЕА. Неъматжон тўй қилиб ўғлини уйлади. Тўйда, табиийки, оиланинг эски қадрдони Алижон ҳам бошқалардан кўпроқ елиб-югуриб хизмат қилди. Янги келин тушган хонадон файзли бўлади, дейишади. Неъматжоннинг янги келини ҳам эпчилгина чиқиб қолди, эрта тонгда туриб ҳовлини, кўчасини чиннидай супуриб-тозалайди, сув сепади. Ёш, хушрўй келиннинг ўз кўчасида пайдо бўлиши Алижоннинг тинчини ўғирлади-қўйди. Шайтон васваса қилиб кўнглига не-не қабиҳ, ифлос режаларни солди. Шофёр эмасми, ишга барвақт кетади, ҳар гал кўча супуриб юрган қўшнининг келинини кўриб илмоқдор гаплар отади, тагдор қочиримлар қилади. Бу ҳол такрорланавергач, келин бор гапни турмуш ўртоғига айтади. У ҳам ҳайрон: «Қўшни бўлса, отасининг узоқ йиллик қадрдони бўлса! Ўзи келинли, набирали одам, наҳотки хотинининг гапи чин бўлса? Балки хотини адашаётгандир, унинг самимий гаплари шилқимлик бўлиб туюлаётгандир?»
Хуллас, бунга бошқа ҳеч ким унча эътибор бермади. Кунларнинг бирида уйда келиндан бошқа ҳеч ким қолмаганини билган Алижон анчадан буён диллаб юрган режасини амалга оширмоқчи бўлди. Неъматжонни сўроқлаб унинг хонадонига кириб боради ва ёш келинни зўрламоқчи бўлади. Яхшиямки, унинг бахтига қайнонаси кўчадан келиб қолади. Шарманда бўлишдан қўрққан Алижон девор ошиб кўчага чиқади ва ишхонасига жўнаворади. Бечора келин бор воқеани қайнонасига оқизмай-томизмай айтиб беради. Қўшнининг ҳеч қайси қуюшқонга сиғмайдиган, на қонунларга, на шариат ҳукмига, на ахлоқ-одобга тўғри ке-ладиган бу қабиҳ қилиғи унинг ишхонасига-ю маҳалла-кўйга маълум бўлди. Бундан қаттиқ ғазабланган маҳалла аҳли унинг бу ердан кўчиб кетишини қатъий талаб қилди.
Яқинда эшитганимиз яна бир воқеа олдида буниси ҳам ҳолва экан. Танишларимиздан бирининг тоғаси яхшигина хонадонга қиз узатган экан. Бир йилча муқаддам қизнинг қайнонаси вафот этиб, қайнота сўққабош қолибди. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар маслаҳатни бир жойга қўйиб «Ҳали бардамсиз, уйлаб қўяйлик», дейишса, у сира кўнмабди. Хотин топишса, рад қилаверибди. Косанинг тагидаги нимкоса яқинда аён бўлиб қолибди. Қайнота ўғлининг Россияга савдогарчиликка кетганидан фойдаланиб анчадан буён режа тузиб юрган ниятини амалга оширмоқчи бўлди. Аввал келинини ўзи билан бирга ётишга кўндириш учун аврайди, хотинидан қолган тилла тақинчоқларни ҳадя қилади, ширин ваъдаларга кўмиб ташлайди. Қатъий рад жавобини олгандан кейин унга пўписа, туҳмат қилишга ўтади. «Сен суюқоёқсан, ўғлим йўқлигида бошқа йигитлар билан дон олишгансан, сафардан келиши билан сени ҳайдатаман», деб роса қўрқитган. Болаларининг етим бўлишидан, суюкли эридан ажраб қолишдан қўрққан ёш келин аввалига қайнотасининг талабига кўнмоқчи ҳам бўлган. Бироқ Худо дилига солиб уйига қочиб борган ва бор гапни ота-онасига айтиб берган. Бечора ота-онанинг боши қотган: бу гапни овоза қилайлик, деса, ҳар томонлама шармандалик! Қудасининг қилиқларига индамасликка эса виждон ҳам, эътиқод ҳам йўл қўймайди. Наҳотки ота ўрнидаги киши, иккинчи падари ўз фарзандининг номусига тажовуз қилса, ўғлининг ҳамиятини поймол қилиб, унинг ҳалол-пок хотинига кўз олайтирса? Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз ҳаром қилинди)», деб амр этиб қўйган-ку!
Мана шунда миянгни бир савол тинмай кемиради: бизга ўзи нималар бўляпти, нега бу қадар тубанлашиб кетяпмиз? Қўшнининг келинига кўз олайтирган, ўз келини билан тўшакни баҳам кўришни истаган бу ёвуз ва виждонсиз кишилар қаёқдан пайдо бўлиб қолди?
Узоқ йиллик истибдоднинг асоратлари, мустабид мафкуранинг минг йиллик қадриятларимиздан узоқлаштириб юборгани оқибатида халқимизнинг турмушига кириб келган беҳаёлик, фаҳш, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби ярамас иллатлардан иложи борича тезроқ қутулиш пайти келмадимикан? Ёки ана шундай қабиҳ, разил воқеаларнинг содир бўлишига телеэкранлар, видеолар орқали хонадонимизга кириб келаётган ғарбона «ахлоқ» ва оилавий можароларнинг кўринишлари сабаб бўлмаётганмикан?
Яна бир мулоҳаза: ўзга бир хонадонга келин бўлиб тушган қизларимиз ўз иффатлари, ҳаёларини асраш ҳақида жиндай ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди. Сир эмаски, айрим хонадонларда ёш келинларимиз қариндош – эркаклар, куёвнинг дўстлари, қўни-қўшнилар ҳузурида бадан кўриниб турадиган харир либосларда, кўкси очиқ кўйлакларда, хушбўй атирларга «чўмилиб» бемалол юришаверади, бир дастурхонда ўтиришаверади. Ҳатто ўпишиб, қучоқлашиб кўришишлар расм бўлиб қолган хонадонлар ҳам бор. Ахир «Шайтон ҳамиша ҳамроҳ», дейди халқимиз. Табиатан қизиққон, эҳтиросли бўлган ўзбек йигитлари бундай ҳолатлар олдида ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олишлари мушкул эмасми? Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «Икки номаҳрам эркак-аёл ёлғиз қолсалар, учин-чилари шайтон бўлади», деган ҳадиси шарифлари бор. Шунинг учун мукаммал динимиз келинларни (барча хотин-қизларни ҳам) ҳаёли бўлишга, ўзларики очиқсочиқ, беҳаёларча тутмасликка, номаҳрам кишилардан четланиб туришга даъват этадики, бунда энг аввало ўша қизнинг, жувоннинг шаъни-обрўсини асраш, оила бахт-иқболига раҳна солмаслик, турли фитналарга дучор бўлмаслик кўзда тутилган. Шу боисдан келинларимизни «Ҳамиша ҳушёр бўлинг, ҳаё-иффат пардасини асранг, чунки инсонга шайтон доимо ҳамроҳ», деб огоҳлантиргимиз келади.
* * *
Мана, муҳтарам китобхон, оила фароғати, хусусан, қайнона-келин муаммоси ҳақида имконият қадар сўз юритдик, доноларнинг панд-насиҳатларидан воқиф этдик. Тўғри, биргина бу рисола оила, қайнона-келин муносабатларидаги барча саволларга жавоб беради, деган фикрдан йироқмиз. Юқорида ўқиганларингиз сизларга оилангизни фароғат қасрига айлантиришга, содир бўлиб турадиган можаро-жанжаллардан четланишга, оилада тотувлик, муҳаббат, аҳиллик, оқибат ниҳолларини ўстиришга бир оз бўлса-да кўмак берса, мақсадимизга эришган бўлардик. Илоҳо, барчаларимизга бир-биримизга меҳр-оқибатли, раҳм-шафқатли бўлиш, оилаларимизда тинчлик-хотиржамлик ва тотувлик ошён қуришига эришиш насиб этсин, Ҳақ таоло Ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Омин, ё Роббал оламийн!