Электронная библиотека » Александр Пушкин » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Евгений Онегин"


  • Текст добавлен: 8 ноября 2023, 04:10


Автор книги: Александр Пушкин


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 3 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ИККИНЧИ БОБ

О rus!..

Hor 6262
  Пушкин бунда товуш жиҳатидан ўхшайтурган сўзлардан фойдаланиб, сўз ўйини ясайди. О rus! (лотинча) – Эй, қишлоқи! – демакдир.


[Закрыть]


О, Русь!


I
 
       Евгений Онегин зериккан қишлоқ
Гўзал, латофатли бир гўша эди;
Бу ерларда кимки соф завққа иноқ
Тангрига шукрлар қилса арзирди.
Асилзода уйи холис тамоман,
Шамоллардан уни тоғ паналаган,
Бир кичик дарёнинг тепасидадир;
Қаршидан узоқда яшнар дала-қир,
Ўтлоқлар ва олтин экинзорлар ҳам.
Қишлоқлар олисда жим-жим милтирар,
Подалар ўтлоққа секин тентирар.
Қуюқ кўлкасини кенг ёяр – гилам,
Қарамсиз, боқимсиз каттакон бир боғ,
Ўйчан дриадлар6363
  Дриадалар – қадим юнон афсонасида ўрмон парилари.


[Закрыть]
маскани ҳар чоғ.
 
II
 
      Солинган эди бу шарафли қаср,
Одатда қасрга хос бир йўсинда:
У ғоят мустаҳкам, савлатли, оғир,
Маъқул қадимийлик завқи бор унда.
Ҳар томонда баланд уйлар-бўлмалар.
Меҳмонхоналарни шойилар безар.
Подшоларнинг расми деворларида,
Ранг-баранг нақш ёнар печкаларида.
Букун эскирмишдир буларнинг бари.
Билмайман, тўғриси, бунинг сабабин –
Шундай нарсаларга дўстим жиндайин
Ҳавас қилмас эди. Шунинг-чун балки
Модали ва қадим кенг заллар ичра
Эснашдан ўзгани билмасди сира.
 
III
 
       У шундай бир уйни қилганди маскан,
Бу ерда қишлоқнинг эски кексаси
Қирқ йилча уришиб ходима билан
Деразага қараб пашша эзганди.
Ҳамма нарса содда: поли қайиндан.
Икки шкаф, стол, юмшоқ пар диван,
Кўрилмас ҳеч ерда сиёҳ доғ-дуғи.
Шкафларни очиб боқди Онегин:
Бирида топди у чиқим дафтарин,
Иккинчида қатор майли шишалар,
Олма шарбатлари тўла кўзалар,
Яна саккизинчи йил календарин;
У чолнинг юмуши кўп бўлган учун
Бошқа китобларга боқмаган бутун.
 
IV
 
       Ўз мулки – ерлари ўртасида у
Ёп-ёлғиз вақтини ўтказиш учун
Даставвал Онегин ўйлаб қолди: шу
Мулкида янги бир тартибот қурсин.
Бир четда кимсасиз оқил Онегин
Кўҳна баршчинанинг6464
  Баршчина – крепостной ҳуқуқ даврида помешчик хўжалигида деҳқонлар гарданига тушган мажбурий меҳнат (помешчик фойдасига).


[Закрыть]
бўйинтуруғин,
Енгил оброк6565
  Оброк – крепостной ҳуқуқ даврида помешчикларнинг деҳқонлардан ақча ёки ҳосилот шаклида олатурган маблағлари.


[Закрыть]
билан алиштиради;
Қул6666
  Қул – бу ерда крепостной деҳқон.


[Закрыть]
ҳам тақдирига шукр қилади,
Лекин бу нарсада даҳшатли зиён
Кўрди-да, ишбилар унинг қўшниси
Бир чеккада солди қош-қовоғини
Бошқа бир қўшниси кулди нақ шайтон,
Ҳамманинг якоғиз бўлди қарори:
Онегин жудаям хавфли савдойи.
 
V
 
       Дастлаб келар эди қўшнилар қўноқ,
Лекин катта йўлда уларнинг фақат
Келаётганини кўриш биланоқ
Хизматкорлар унга тамоми суръат –
Билан мингизишар бир Дон айғирин,
У орқа эшикдан қочар яширин.
Хафа бўлиб шундай муомаладан
Дўстликни узади ҳамма у билан.
«Қўшнимиз нодондир, ақлида нуқсон,
У бир фармазондир6767
  Фармозон – «франк-масон»нинг бузилгани. Бу ерда ҳур фикрли маъносида.


[Закрыть]
; ичади ёлғиз
Стаканда қизил шароб; хоним-қиз
Қўлларин ўпишни истамас бир он.
Ҳа, дейди, йўқ, дейди: демайди «лаббай» –
«Буюринг». Умумий фикр нақ шундай6868
  Яъни қишлоқ аҳолиси Онегинни адабсизлик, назокатсизликда айблайди.


[Закрыть]
.
 
VI
 
       Янги бир помешчик ўз қишлоғига
От суриб келганди худди у замон.
Худди шунинг каби қўшни-қўшнига
Эрмак бўлган эди – гап-сўз бепоён,
Исми эди унинг Ленский Владимир.
Кўксида Гиттинген руҳи чайқалир.
Гўзал бир жувонди гуллаган энди,
Ҳам шоир, ҳам Кантнинг мухлиси эди6969
  Кант (1724 – 1804) – немис идеалист файласуфи.


[Закрыть]
.
Келтирмиш туманли Германиядан
Ленский олимлик самараларин:
Эркинлик ишқининг кўп хаёлларин,
Келтирмиш ғалати, қизғин руҳ билан,
Елкага тушкучи жингал сочини,
Нутқида қайнаган ҳаяжонини.
 
VII
 
       Кибор доиранинг совуқ фаҳшидан
Сўлиб, сарғайишга улгурмай ҳали,
Қизлар эркалаши, дўст қутлашидан
Ҳали исинарди йигитнинг дили.
Юрагига ҳар дам умид, орзу ёр.
Дунёда ҳар янги ҳашамат, шовқун
Унинг ёш ақлини қиларди мафтун.
Ширин хаёл билан у юпатарди
Ўз қалбин қоплаган шакларни ҳамон.
Унга ҳаётимиз ғояси ҳар он
Қизиқ бир топишмоқ бўлиб қоларди.
Бошини қотирар эди бу ҳақда
Мўъжизалар гумон қилар кўп чоқда.
 
VIII
 
       Жон пайванд дилбарнинг у ўзи билан
Иноқ бўлишига ишонар эди.
Гўё у қалб куйиб, ёниб ичидан,
Ҳар куни тинмасдан унга зор эди.
Ишонар эдики, шарафи учун
Дўстлари тайёрдир кишанга ҳар кун,
Бўҳтончи кўзасин чил-чил қилишга
Уларнинг қўллари чўчимас сира:
Ишонарди бор деб омади келган…
Одамларнинг азиз, эзгу дўстлари
Ишонар, уларнинг оилалари
Ёқимли ва дилбар нурлари билан,
Албат, бизни бир кун кўп ёритажак,
Жаҳонга кайф-ҳузур ҳадя этажак.
 
IX
 
       Афсуслар, аччиғлар, ғазабланишлар,
Яхшиликка бўлган тоза муҳаббат.
Шуҳрат учун ширин азобланишлар
Тўлқинлатар унинг қонини беҳад.
Сози-ла жаҳонни айланди, кўрди,
Шиллернинг, Гётенинг юртида юрди.
Уларнинг шоирлик илҳоми ила
Ёлқинланди бутун руҳи кўксида.
Санъатнинг соф, юксак музаларин у
Уялтирмаганди; масъуд, бахтиёр,
Қўшиқларида ҳам доим ифтихор
Ила сақлар эди юксак бир туйғу,
Бокира хаёлнинг ҳароратини,
Серсавлат соддалик латофатини.
 
X
 
       Севгини куйлади, у ишқ боласи,
Унинг қўшиқлари эди соф, ёрқин,
Соддадил бир қизнинг ўйлари каби
Гўдакнинг тушидек, осмоннинг сокин
Чўлида кезувчи сир илоҳаси
Нозик оҳ чекишлар дўсти ой каби;
Шоир куйлар эди қайғу ва ҳижрон,
Сирли узоқликлар ва мажҳул жаҳон,
Романтик гулларни қилди тараннум,
Узоқ ўлкаларни куйлар эди у,
У ерларда қанча тўкканди қайғу,
Сукут оғушига кўзёшин юм-юм.
Сағал кам ўн саккиз ёшида шоир
Куйлар ҳаёт сўлғин гулига доир.
 
XI
 
       У чет бир гўшада, ақлу закосин
Қадрлай биларди Онегин фақат.
Қўшни қишлоқларнинг бутун армонин
Зиёфатлари ҳам ёқмасди албат:
Қочарди суронли суҳбатларидан,
Уларнинг гаплари ақлга монанд,
Итхонаси билан, уруғ-ақрабо,
Пичан ўриш билан ҳар турли вино –
Ҳақида сўзлашар. Бунда йўқ туйғу
Ва на ёлқинланар шеърий бир оташ,
На зарофат, на-да чуқур бир қараш.
На авом санъати учун мисол у.
Суюкли хотинлар гапида аммо,
Яна ҳам оз эди ақл ва маъно.
 
XII
 
       Ленский келишган йигит, бадавлат,
Ҳар ерда куёвдек қаршиланарди;
Қишлоқда шундайдир ҳар доим одат:
Ҳар ким ўз қизини кўзлаб қўярди
Чала рус кўринган шу ҳамсояга;
Қаерга бош суқса, суҳбат шу дамда,
Бошланиб кетарди ундан ва бундан,
Дерлар, бўйдоқликда йўқдир нашъа-шан,
Қўшнини сўнг чойга таклиф қилишар,
Чой қуя бошлайди шу чоқда Дуня
Унга шивирлашар: «Дуня, кўр, пайқа!»
Сўнгра келтиради биттаси гитар:
У ҳам чийиллайди (омон, ё Раббим!):
Кела қол! Қасримга келгил, олтиним! ( 1111
  Днепр русалкасининг биринчи қисмидан.


[Закрыть]
)
 
XIII
 
       Фақат Ленскийда йўқ эди ҳавас,
Никоҳ занжирига тутсин елкани.
Қалбдан орзу қилди кўнмай бир нафас
Онегин-ла тездан дўст тутингани.
Топиша қолдилар, худди тош, тўлқин,
Назм билан наср, муз ҳамда ёлқин
Шунча бир-бирига бўлолмас қарши,
Дастлаб ўртадаги айирма гарчи –
Улар ўртасига совуқлик солди,
Сўнгра бир-бирига ёқишиб қолди,
Сўнг ҳар кун отларда чопишиб қолди.
Бир оз сўнг ажралмас оғайни бўлди.
Ўзим иқрор бўлай, одамлар кўп вақт
Бекорчиликдан дўст тутинар фақат.
 
XIV
 
       Лекин шу дўстлик ҳам йўқ орамизда,
Барча хурофотни яксон қилиб биз,
Ҳеч кимни назарга илмаймиз сира,
Ҳаммадан баландда гўё ўзимиз,
Боқамиз ҳаммамиз наполеонча7070
  Биз ҳаммамиз ўзимиз учунгина муваффақият ва шуҳрат қидирамиз, демакдир. Наполеон (1769 – 1824) номаълум бир офицер бўлиб, кейинча французларнинг императори даражасига кўтарилган машҳур қўмондондир.


[Закрыть]
,
Миллионлаб қўш оёқ махлуқлар барча
Бизнинг учун ёлғиз қуролдир мангу,
Кулунч ҳам ваҳшийдир биз учун туйғу.
Кўплардан дурустроқ эди Онегин;
Инсонларни билар эди, албатта,
Умуман, уларга нафрати катта;
Истисносиз йўқдир қоида, лекин:
Баъзиларни жуда айирар эди,
Киши яхшилигин сеза оларди.
 
XV
 
       Тинглар Ленскийни табассум ила –
Онегин; шоирнинг ўтли сўзлари
Муҳокамалари қарорсизгина,
Ҳамиша илҳом-ла ёнган кўзлари –
Булар Онегинга эди янгилик:
Совуқ, дағал сўзни Онегин бекик
Дилида сақлашга тиришар бутун
Ва шундай ўйларди: аҳмоқлик мен-чун
Бир онлик завқларни кесмоқ, албатта,
Менсиз ҳам бир куни замон келажак,
Яшасин у майли ҳозирча андак;
Инонсин дунёнинг камолотига.
Кечирайлик ёшлик жазавасини,
Ёшликнинг ўтини, талвасасини.
 
XVI
 
       Улар ўртасида ҳар қандай нарса
Баҳсга, тафаккурга олиб кирарди;
Кечмиш қабилалар тузган аҳднома,
Яхшилик, ёмонлик, фанлар меваси,
Асрлар чўзилган хурофотлар, ҳам
Ўлимдан кейинги сирларки, мубҳам
Қолмасди улардан ҳаёт ва тақдир,
Ҳар мавзу устида ўйлашар бир-бир…
Ўз фикрларининг алангасида
Шоир қайнаб кетиб ўқиб юборар,
Шимол достонлардан баъзи парчалар7171
  Шимол достонлари – гўё қадим замонда яшаган афсонавий Шотландия шоири Оссианга тақлидан ёзилган қўшиқлар назарда тутилади. Русча қилинган таржимаси катта муваффақиятга эга бўлгандир.


[Закрыть]
,
Шунда тавозели Онегин эса
Шеърларни оз фаҳм этса-да, лекин
Йигитни тингларди қўйиб диққатин.
 
XVII
 
       Хилватнишинларнинг фикрини лекин
Эҳтирослар кўпроқ этарди машғул,
Улар панжасидан қочиб, Онегин
Эҳтирос ҳақида сўзларди буткул,
Ноилож афсус ва хўрсиниш ила:
Ишқнинг тўлқинини тотиб, кейинча
Ундан қўл силтаган инсон бахтиёр,
Ундан-да бахтлидир кимки бехабар,
Ким ишқни айрилиқ билан совутса,
Душманликни енгса ғийбатлар билан,
Хотини, дўстлари ила ким баъзан
Сезмай рашк азобин тортса ҳомуза,
Боболарнинг ҳалол капиталини
Қиморга бой бермас, удир толели!
 
XVIII
 
       Биз ақли салимнинг тинч кўланкаси
Тагида ҳузурлар қидирган дамда,
Сўниб муҳаббатнинг ўт-алангаси
Уларнинг иноди, парвози ҳамда
Қалбимиздан чиққан сўнгги садоси,
Кулунч кўринаркан бизга ғавғоси;
Қийинлик-ла ҳалим ва ювош бўлган
Биз жуда севамиз тинглашни баъзан
Бегона ҳирсларнинг қизғин баёнин,
Бизнинг юракни у ўйнатар дарҳол
Кулбасидагина унутилган чол –
Майиб бир аскар ҳам худди шундайин,
Қулоғини тутар шавқ, ҳавас ила
Шоп мўйлов ёшларнинг ҳикоясига7272
  Шоп мўйлов – аскарлар, ҳарбийлар демакдир. Подшоҳ ҳукумати – Николай биринчи даврида ҳарбийлар учун соқолни қириб, фақат мўйлов қўйишни буюрган эди.


[Закрыть]
.
 
XIX
 
       Бироқ ёлқинланган оташин ёшлик
Ўз ичида сақлай олмас ҳеч нарса.
Хусумат, муҳаббат, хурсандлик, ғашлик
Барчасин сўзлашга тайёр ҳар лаҳза.
Муҳаббатда ожиз ҳисоблаб ўзин,
Тингларди билимдон тусда Онегин
Юрак тавбасини севувчи шоир
Ўз дардини қандай баён қиладир.
Шоир ўз беғубор, соф виждонини
Оқ кўнгиллик билан унга очганда,
Евгений билганди қулай шу онда
Шоир севгисининг ёш қиссасини,
Биз учун ҳеч янги бўлмаган туйғу –
Ҳислар-ла безалган ҳикоядир бу.
 
XX
 
       Оҳ, қандай севарди! Бизнинг паллада,
Сева олмас ҳеч ким худди у каби;
Муҳаббат қўйишга маҳкумдир яна
Ёлғиз бир шоирнинг тентакча қалби;
Ҳар қачон, ҳар ерда бир хаёл суриш,
Қонларига сингган бир орзу, куйиш,
Унга доим ҳамроҳ бўлган бир алам!
Кўнгилни совутар узоқликлар ҳам,
На йиллар чўзилган у айрилиқлар,
На-да музаларга берган пайтлари,
На ажнабий ерлар маликалари,
На фанлар ва на у шўх қийқириқлар,
Покиза оловлар билан исинган
Унинг руҳини ҳеч ўзгартирмаган.
 
XXI
 
       Ёш, ўсмир чоғидан Ольгага асир,
Ишқнинг азобларин билмасдан ҳали,
У қизнинг гўдакча шўхлигига бир
Меҳрибон шоҳидди унинг юраги,
Ўрмонларнинг қуюқ кўланкасида,
Шерикди Ольганинг ҳангомасига.
Оталари қўшни ва дўст, сўзлашган,
Қуда бўлишликни улар кўзлашган.
Маъсум латофат-ла тўлиб яшнади,
Тинликда, парилар оромгоҳида,
Ота-онасининг кўзи олдида,
Инжи гули каби Ольга гуллади,
Бир гулки, билинмас қалин майсада
Асаларига-да, капалакка-да.
 
XXII
 
       У қиз бағишлаган эди шоирга
Ёшлик шавқларининг илк хаёлини,
Руҳлантирди у қиз келиб фикрга
Ёш шоир найининг илк фарёдини.
Алвидо, энди эй олтин ўйинлар!
Қалин ўрмонларни севди шу кунлар,
Севди у хилватни, сукут-тинликни,
Тунни, юлдузларни ва ойдинликни,
Самонинг қандили – ойга кечмишда
Оқшом қоронғиси кезишларимиз,
Сирли қийналишлар нашъасини биз
Бағишламасмидик кўзёшлар ила…
Энди кўзларимиз шу ойга боқар,
Фақат унда кўрар хира бир фонарь.
 
XXIII
 
       Ольга ҳар вақт камтар, ҳар вақт адабли
Ҳамиша тонг каби эди у қувноқ,
Соф дилли шоирнинг умри сингари
Севги бўсасидек дилбар, исинчоқ,
Кўзлари осмондек тиниқ, зангори,
Унинг табассуми, сарғиш кокили,
Рафтори, товуши ва енгил қомат
Безарди Ольгани… Лекин сиз фақат
Ҳар қандай романни олсангиз, унда
Топарсиз расмини: кўп ёқимли у.
Илгари ўзим ҳам севган эдим-ку,
Аммо зерикканман ундан ўлгунча,
Шунинг-чун, ўқувчим, рухсат сўрайин,
Унинг опаси-ла таништирайин.
 
XXIV
 
       Опасининг оти эди Татьяна…(1212
  Ширин садоли юнон исмлари, масалан: Агафон, Филат, Фёдор, Фекла ва ҳоказо, бизда фақат оддий халқ орасида қўлланилади.


[Закрыть]
)
Бу романнинг нафис саҳифаларин
Шундай исм билан биринчи дафъа7373
  Дворян жамиятининг юқори қисмида «Татьяна» исми у вақтларда оз қўлланиларди. Романларда эса иштирок этувчи шахсларнинг юқори, танланган табақага мансуб бўлиши қоида эди.


[Закрыть]
,
Биз мушарраф қилдик, ҳеч тортинмайин,
Гарчи бу ёқимли, оҳангдор исм,
Бу билан боғлиқдир, мен биламанким,
Ўтмиш чўрихона хотиралари.
Ҳаммамиз эътироф қилайлик, рости,
Бизларда ҳам бизнинг отларимизда
Дид билан нафосат деган нарса оз.
(Шеърлар ҳақида индамасак соз!)
Маориф ва урфон юқмамиш бизга.
Фақат ундан бошқа қолмишдир мерос
Сохта нозу адо – мана шу холос.
 
XXV
 
       Демак, унинг исми Татьяна эди,
На y синглисининг гўзаллиги-ла,
Юзининг қип-қизил олмадай ранги
Билан у кўзларни тортмас балки-да…
У камсўз, ёввойи, юзлари дардли,
Ҳуркакди ўрмоннинг кийиги каби.
Ўзининг туғишган оиласида
Кўринар ёт қизча каби Татьяна…
Билмасди у сира эркаланишни
На отасига-ю, на онасига;
Болалар ичида истамас сира
Ўйинни, сакрашни, ҳар ён чопишни;
Кўпинча дераза ёнида ёлғиз
Бутун кун жимгина ўтирарди қиз.
 
XXVI
 
       Бешикка беланган кунлардан буён
Ўйчанлик бу қизга ўртоқ эди чин.
Қишлоқда жим оқар осуда замон
Хаёллар-ла безар эди юрагин.
Нозик бармоқлари билмас нинани,
Кергига эгилиб, у бир каштани,
Турли нақшлар солиб ипаклар билан
Худди чаман каби жонлантирмаган.
Ҳукмрон бўлишнинг бор аломати:
Ювош қўғирчоқни ўйнаб ёш бола
Киборлик тартиби, назокатига
Ҳазил-ҳузил билан тайёрланади,
Бола онасидан олган сабоғин
Такрорлаб ўргатар ўз қўғирчоғин.
 
XXVII
 
       Шу кичик ёшда ҳам ҳатто Татьяна
Қўғирчоқларни ҳеч қўлга олмасди,
Шаҳар хабарлари, мода ҳақида
Қўғирчоқларини гапга солмасди.
Болалик шўхлиги надир, билмаган,
Қиш чоғи қоп-қора тунлар инаркан,
Қўрқинчли чўпчаклар қалбини асир
Қиларди… Энага ёш Ольга учун
Ҳамма ўртоқларин йиғиб бир ўйин
Қилдиришга олиб борганда ҳеч бир
Ўйинни истамас эди Татьянам;
Ёқмас Татьянага на жаранг кулги,
Болаларнинг енгил эрмаги, хулқи…
 
XXVIII
 
       Рангсиз самоларда юлдузлар тўпи
Аста-аста сўниб йўқолар экан,
Балконда ўтириб, жимгина ўзи
Шафақ томошасин севарди қалбан;
Ернинг бир чеккаси секин нурланар,
Тонгнинг хабарчиси – шамоллар эсар.
Сўнгра астагина кўтарилар кун.
Қиш чоғи кечанинг зулмати бутун
Жаҳоннинг нисфини узоқ босганда,
Туманли пардада ой қилса юриш,
Бўш, мудроқ сукунат ичида хомуш
Эринчоқ Шарқ узоқ ором олганда,
Мўлжалли соатда уйғонар эди,
Шам ёқиб, бир ўзи ўтирар эди.
 
XXIX
 
       Ёшликдан ёққанди унга романлар,
Романда унутди ҳар нимани ул;
Ричардсон7474
  Ричардсон (1689 – 1761) – инглиз ёзувчиси. Сентименталь характердаги «оилавий романлар жанри»нинг отаси. Бир кўп романлари бор: «Помелло», «Кларисса гарлов», «Грандисон». Қаҳрамонлари ғайритабиий бир фазилатга, ахлоққа эга бўлган бу романлар бир вақт Русияда кўп тарқалган эди.


[Закрыть]
ва Руссо сўққан ёлғонлар,
Уйдирмаларга қиз қўйганди кўнгил.
Оқкўнгил ва содда эди отаси
Бир аср кечиккан завқнинг эгаси,
Лекин китоблардан кўрмасди зиён;
Мутолаа қилмай ўзи ҳеч қачон,
Ўйинчоқ санарди китобларни у,
Қизининг бошида нақ тонгга қадар,
Ёстиқлар тагида қай китоб ётар, –
Бу ҳақда у сира чекмасди қайғу.
Ақлдан озарди унинг хотини
Эшитаркан Ричардсоннинг отини.
 
XXX
 
       Ричардсонни севди хотин ҳар маҳал,
Ўқигани учун эмас сабаби,
Грандисонни у Ловласдан7575
  Грандисон, Ловлас – Ричардсон романларининг қаҳрамонлари. Грандисон – XVIII аср буржуазия ахлоқининг тимсоли бўлган фазилаткор қаҳрамон. Ловлас – ахлоқсиз, фаҳшга ботган одам образи.


[Закрыть]
афзал(1313
  Грандисон ҳам Ловлас – икки яхши романнинг қаҳрамонлари.


[Закрыть]
)
Кўрганлиги учун эмас бу севги,
Фақат ўтган йиллар бека Алина –
Москвалик амманинг қизи кўпинча
У зотларни бунга уқтирган эди,
У вақт куёв эди ҳозирги эри,
Кўнглига ёқмасди бу киши лекин,
Ўзининг қалби ва идроки билан
Бунинг эс-ҳушини кўпроқ банд этган
Ўзга бир йигит-чун чекарди оҳин:
Бу Грандисон-ди олифта-танноз,
Гвардия сержанти ҳамда қиморбоз7676
  Гвардия сержанти – ҳарбий унвон, унтер-офицер.


[Закрыть]
.
 
XXXI
 
       У йигит сингари, бу ҳам ҳамиша,
Қийинарди мода, сиймога қараб,
Лекин қиз раъйини сўрмайин пича
Элтадилар тўйга – никоҳга судраб.
Хотиннинг дардини тарқатиш учун
Жўнайди онгли эр ўтмасдан уч кун
Ўз қишлоғи томон, бунда ёш хотин
Куяди, қуршайди кимлар атрофин.
Даставвал тинмайди унинг кўзёши.
Эрдан чиқишга ҳам бўлади тайёр.
Машғул қилди уни кейинча рўзғор,
Одатланди, бўлди тақдирга рози.
Одат – Худованднинг бир илтифоти,
У чиндан бахтларнинг ўрнин босади.
 
XXXII
 
       Ҳеч бир нарса ила даф этилмаган
Қайғусини одат юпатирганди.
У қилган катта бир кашфиёт тездан
Хотинни тамоман овунтирганди.
Иш билан осуда чоғ орасида
Кашф этди на тарзда эрни идора
Қилиш лозим мутлоқ бир ҳоким каби,
Шунда бўлаверди ҳар истагани.
Иш-кучга қатнашиб турар эди у,
Қиш учун у тузлар эди қўзқорин,
Рўзғор қўлда, қирқар малайлар сочин7777
  Помешчиклар ўз қўл остларида бўлган деҳқонларни аскарликка жўнатиш ҳуқуқига эга эдилар. Аскарликка берилатурган йигитларнинг сочларини қирқар эдилар. Соч қирқиш – аскарликка жўнатиш демакдир.


[Закрыть]
.
Одатда ҳар шанба ҳаммомга тушув,
Урар чўриларни ғазаби қайноқ,
Барчасин қиларди эрдан бесўроқ.
 
XXXIII
 
       Бир вақтлар ўз қони билан ёзарди
У нозик қизларнинг альбомларига7878
  Бемаъни, суюқ, лекин ҳиссий тизмалар ёзиш; бу ерда истеҳзоли маъно бор. Альбом – ҳар хил шеърлар, хотиралар, қизиқ иборалар ёзилатурган дафтар, эски вақтда Русияда жуда расм бўлиб кетган эди.


[Закрыть]
,
Прасковья-Полина деб чақирарди7979
  Прасковия – асилзодалар тушунчасича, «оддий», «қора авом» исми. Шунинг учун бу исм яхшироқ деб билинган «Полина» исми ила алмаштирилади.


[Закрыть]
,
Сўзларди қўшиқдай у чўзибгина.
Корсетни8080
  Корсет – хотинларнинг белини ингичка қилиб кўрсатадиган махсус кийим.


[Закрыть]
жудаям тор кияр эди,
Рус сўзларин худди француз каби
Айта билар эди думоғи билан.
Бироқ ўзгарди у тезда тамоман,
Корсетни, альбомни ва князь хоним –
Полинани, ҳиссий шеър дафтарини
Унутди, аввалги Селинасини
Энди Акулька деб атайди доим.
Пахталик гуппини ва қалпоқчани
Биринчи дафъа у кийиб олади.
 
XXXIV
 
       Фақат эри жондан севарди уни,
Аралашмас хотин ишига ҳеч чоқ.
Топшириб қўйди у бору йўғини,
Ўзи ер ва ичар бепарво мутлоқ.
Тинчгина оқади унинг кунлари.
Баъзан йиғилишар кечқурунлари
Қўни-қўшнилардан дилкаш оила,
Такаллуф билмаган бир тўда жўра,
Дардлашар, бир қадар ғийбат қилишар,
Ундан, мундан кулиб қизар ҳангома,
Соатлар ўтади. Шунда Ольгага
Чой ҳозирлаш учун фармон беришар,
Кейин кечки таом, сўнг уйқу дами,
Меҳмонлар қўрадан жўнайди бари.
 
XXXV
 
       Осойиш турмушда сақлашган барча
Қадимнинг суюкли урф-одатин;
Қилишарди сермой масленицада8181
  Масленица – русларнинг диний байрами.


[Закрыть]

Уларнинг уйида рус чўзмаларин.
Йилда икки дафъа тутишар рўза;
От айланмачоқни севишар жуда,
Ирим-фол қўшиғин, кўпчилик лапар,
Диний байрам куни, халқ эснаб тинглар –
Экан дуоларни шунда бир нафас,
Улар кўп шамларга телмириб ювош
Тўкишарди икки, уч қатра кўзёш;
Ҳаводай керакди, уларга квас.
Меҳмонларга улар тортарди таом
Мансабга риоя қилиб батамом8282
  У вақтларда дворян оилаларида меҳмонларга овқат мансаб тартиби билан тортилар эди.


[Закрыть]
.
 
XXXVI
 
       Шу йўсин қартайди яшаб иккиси,
Ниҳоят бир куни очилди аста
Эрининг юзига қабр эшиги,
У кийди бошига янги гулдаста.
Кўпларга боққанда юраги асл,
Ўз содиқ хотини, бола-чақаси
Ва ўз қўшнилари тутди мотамин;
Ўлган эди тушки овқатга яқин.
У жуда соддадил, мулойим барин,
Жасади кўмилган жойга ташла кўз,
Қабр тоши узра ёзилган шу сўз:
Ожиз бир гуноҳкор Дмитрий Ларин,
Оллоҳнинг бандаси ва бригадир 8383
  Бригадир – эски вақтлар полковник ила генерал мансаби орасида бўлган ҳарбий мансаб.


[Закрыть]
,
Шул тошнинг тагида ором оладир.
 
XXXVII
 
       Туғилган диёрга келгани ҳамон
Қўшнининг у жимжит оромгоҳини
Зиёрат айлади Ленский, шу он
Бир ҳовуч тупроққа чекди оҳини;
Қалбини бир ҳасрат қоплади узоқ
«Рооr Yоrick8484
  Poor Jorick (инглизча) – «Бечора Иорик!» демакдир. Бу ифода инглиз драматурги Шекспирнинг (1564 – 1616) «Гамлет» номли пьесасидан.


[Закрыть]
(1515
  Бечора Иорик! – Қизиқчининг бош суягига қараб Гамлетнинг қилган хитоби. (Шекспир ила Стернга боқинг.)


[Закрыть]
), деди ҳасратланароқ.
Қўлида кўтарар эди у мени,
Кўп чоғ ўйнар эдим болалик пайти –
Кўксида Очаков медалини8585
  Очаков медали – 1787 – 1791 йилларда бўлган рустурк уруши вақтида Очаков деган турк қалъаси олинганда берилган нишон.


[Закрыть]
ман!
У менга атаган эди Ольгани.
Айтарди: у кунни кўроламанми?..»
Самимий қайғуга кўкраги тўлган
Ленский қўшнига атаб шундаёқ
Ёзди бир марсия – ғам билан қайноқ.
 
XXXVIII
 
       Худди ўша ерда ота ҳам она
Маҳзун битиклари; кўзида ёши,
Тавоф қилди аждод тупроғин яна…
Ҳайҳот! Бу ҳаётнинг йўлида оний
Бир ўрим сингари бутун насллар,
Сирли бир ирода, қазо ва кадар
Ҳукмича унади, пишиб тушади,
Бошқалар уларнинг изин тутади.
Шундай, бизнинг енгил, беташвиш бўғин
Ўсади, ҳаяжон ила қайнайди,
Боболарни қабр сари ҳайдайди.
Келади бизнинг ҳам вақтимиз бир кун,
Бизнинг набиралар қутли соатда
Бизни-да дунёдан сурар, албатта!
 
XXXIX
 
       Дам ғанимат, суринг дунё нашъасин,
Шўх ҳаёт билан маст бўлинг, жўралар!
Мен эса пайқайман унинг ҳечлигин,
Берилмайман унга бошқалар қадар
Шарпалар учун мен кўзни юмганман,
Лекин узоқ, хира умидлар баъзан
Қалбимга ҳаяжон солади ёлғиз,
Бу ерда озгина қолдирмасдан из
Дунёни тарк этмак мен учун ҳазин,
Яшайман, ёзаман мадҳдан озод.
Фақат мен балки-да истардим ношод.
Насибам-чекимни шонлантирайин,
Орзу қилардимки, содиқ дўст каби
Лоақал бир садо эслатсин мани.
 
XL
 
       Бу садо кимнингдир қалбига етар,
Эҳтимолки, тақдир сақлаб қолади,
Менинг тўқидигим қўшиқ-қитъалар
Ботмас унутилиш наҳрига балки…
Эҳтимол (бу фақат мақтанчоқ армон!)
Кўрсатиб келгуси чоқда бир нодон
Меним донгғи кетган суратимни-да,
Хўп шоир эди бу! – дейди ичида…
Эй, шеър париларин дилбар ошиғи,
Бу менинг қанотли учар ижодим
Ўз хотирасида сақлашга ходим,
Кексанинг бошида шараф тожини
Лутфкор қўли-ла сийпалайдиган,
Менинг ташаккурим қабул этгил, сан!
 
УЧИНЧИ БОБ

Elle etait fille, elle etait amоureuse.

Malfilatre 8686
  «У қиз эди, у севган эди» – француз шоири Мольфилатр шеъридан.


[Закрыть]
.

I
 
       «Қаерга? Ҳайронман шоирларга мен!»
– Жўнашим керакдир, хайр, Онегин!
«Мен сени тутмайман, менга айт-чи сен
Қайда ўтказасан, кечки пайтларинг?»
– Ларинлар уйида. – Мана бу қизиқ,
Кечиринг! Сен учун эмас қийинлик.
Ҳар кечни беҳуда маҳв этиш унда?»
– Ҳеч бир-да! – «Тушуна олмайман бунга.
Шу ердан биламан нима эканин:
Биринчидан (эшит, мен ҳақлими, йўқ?);
Соддагина бир рус оиласи, тўқ:
Эъзоз-икром ила кутар меҳмонин
Қиём ва чой; кейин ёмғир ва каноп
Ва оғил ҳақида гап-сўз беҳисоб…»
 
II
 
      «Мен бунда бир зарар ҳали кўрмайман.
«Зерикиш-чи, дўстим, мана бу офат».
– Сизнинг киборлардан нафратланаман,
Оила ўчоғи хушроқдир, албат,
Чунки мен бу ерда… – «Яна эклога!8787
  Эклога – қишлоқ ҳаётига доир эски шеърлар.


[Закрыть]

Бас энди, азизим, тангри ҳақига.
На деяй, афсуски, жўнаётирсан.
Ҳа, тингла, Ленский: мумкинмасмикан
Филлидани8888
  Филлида – қадим юнон эклогаларидаги қаҳрамон қиз исми (бу ерда қишлоқ гўзали маъносида).


[Закрыть]
менга бир кўриш, холос.
Фикрнинг, қаламнинг, кўзёшининг ҳам
Қофия-пофия… боисин, ошнам?!
Сен мени тақдим эт!», – Ҳазилни қўй, – «Рост».
– Мен хурсанд.– «Хўп, қачон?» – Истасанг ҳозир.
Улар бизни жон деб кутиб оладир.
 
III
 
    «Борайлик. –
                   Икки дўст чопди чанада,
Келишди; қадимги замоннинг баъзан
Машаққатли бўлган эъзози яна
Уларга сочилди ортиқча ҳаддан,
Бажарилар маълум одат батамом:
Ликопчаларда келтириб қиём,
Кичкина усталга қўярлар, яна
Мева суви билан тўла кўзача.
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
 
IV
 
       Улар отларини шиғаб ҳайдаган.
Энг қисқа йўл билан уйга учадир(1616
  Илгариги босмасида, уйга учадир ўрнига хато ўлароқ қишда учадир, деб босилган эдики, бу нарсанинг ҳеч қандай маъноси йўқдир. Буни танқидчилар тушунолмай, сўнгги строфаларда анахронизм кўрганлар. Романимизда замон календарь бўйича ҳисобланган, деб ишонтирамиз.


[Закрыть]
),
Қаҳрамонларимиз не сўзлар экан,
Яширинча қулоқ солайлик ҳозир.
– Хўш, қалай, Онегин? Эснайсан тағин:
– «Одатим, Ленский» – Негадир лекин
Кўпроқ зерикибсан. – «Йўқ, қани бирдай;
Бирпасда далани қоронғи талай –
Босмиш! Ҳайда, ҳайда, эй Андрюшка!
Уҳ: бу жойлар қандай расво; бемаъни!
Айтгандай, Ларина содда, самимий;
Ҳам мулойим кампир экан-да жуда.
Қўрқаменки, мева суви ногиҳон
Етказмаса эди менга бир зиён.
 
V
 
       «Сен айт-чи, қизларнинг қайси Татьяна?»
– Ҳа, у Светлана8989
  Оветлана – машҳур рус шоири ва таржимони Жуковский (1783 – 1852)нинг шу номдаги шеърининг қаҳрамони. Светлана хассос хаёлчи, романтик руҳли қиз образи.


[Закрыть]
сингари ғамли
Ва индамас бир қиз кирди-да, аста
Дераза олдида ўтирди ҳали –
«Наҳотки синглисин севгансан, дўстим?»
«Хўш, нима?» – «Сен каби шоир бўлсайдим,
Танлаган бўлардим у чоқ опасин.
Ольга чеҳрасида ҳаёт йўқ, бу чин.
У худди Вандика Мадоннасидай9090
  Вандика мадоннаси – Голландия рассоми Ван Дека (1599 – 1641) ясаган Марямнинг (итальянчаси – мадонна) сурати.


[Закрыть]
;
Юзи юп-юмалоқ, қизил ва семиз,
Ана шу бемаъни уфқда ёлғиз
Осилган анави мисли аҳмоқ ой…»
Владимир жавоб бериб димоғдор,
Сўнгра индамади йўл бўйи ночор.
 
VI
 
       Онегиннинг келиб кетиши бироқ
Ларинлар уйида ҳар ким учун ҳам
Зўр таъсир кўрсатди, яқин ва узоқ
Қўни-қўшниларни юпатди бирам,
Ҳар хил гап-сўз, тахмин қувди бир-бирин.
Таъбир қилишарди ҳамма яширин,
Бошланди ҳазиллар, ҳар хил миш-мишлар.
Татьянага куёв тайин қилишлар,
Тасдиқлашар эди баъзилар ҳатто
Ҳар нарса тайёрмиш тўй-никоҳ учун,
Фақат бир зўр узук топилмаган-чун
Тўй бир оз тўхталиб қолганмиш гўё…
Ленскийнинг тўйи ҳақида кўпдан
Улар масалани ечиб қўйишган.
 
VII
 
       Шундай ғийбатларни ёзғирибгина
Тинглайди Татьяна, фақат яширин,
Дилни лим тўлдирган саодат ила
Унга беихтиёр бурарди фикрин.
Қалбига бир фикр бўлибди улфат:
Фасли келмиш, дилда ёнди муҳаббат,
Ерга тушган бир дон келганда фасли,
Баҳор оташидан жонланган каби.
Унинг хаёллари кўп чоғдан буён,
Қайғу, ишқ ичида секин ёнарди.
Хатарли ғизони хаёл қўмсарди.
Қалбий бир узилиш, толиш кўп замон
Унинг ёш кўкрагин эзар, сиқарди,
Ким бўлса бирига… қалб интизорди.
 
VIII
 
       Кутгани келмишди, очилди кўзлар;
Татьяна айтади: бу ўша одам!
Ҳайҳот! Энди бутун тунлар, кундузлар,
Қизғин, танҳо уйқу, ҳар бир нарса ҳам
У билан тўлгандир бу қизга тағин
Ҳар нима сеҳрли куч-ла тинмайин,
Уни ёдлатарди ва Татьянани
Бездирарди ширин сўзлар садоси,
Ғамхўр чўриларнинг боқишлари ҳам,
Дардларига шўнғиб ўтирар ўзи
Қулоққа кирмасди меҳмонлар сўзи,
Уларни қиз қарғар – улар кўп беғам,
Кутилмаган вақтда келишар, бироқ
Эзмалик қилишар ўтириб узоқ.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 | Следующая
  • 3.7 Оценок: 7

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации