Текст книги "Ибтидо"
Автор книги: Дэн Браун
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 37 страниц) [доступный отрывок для чтения: 12 страниц]
Дэн Браун
Ибтидо
Онамга бағишланади
Муқаддима
Қадимий поезд тоғ ёнбағирлаб юқорига ўрмаламоқда. Эдмонд Кирш боши узра ястаниб ётган пурвиқор чўққилардан кўз узмайди. Олисда шир яланғоч қоянинг текис юзасига қурилган маҳобатли тош ибодатхона кўзга ташланади. Бу мағрур иншоот очиқ самога сеҳргарнинг кўринмас арқони билан осиб қўйилгандек таассурот уйғотади.
Бу боқий монастирь Испаниянинг Каталония вилоятида жойлашганди. У тўрт асрки, ўз вазифасини тўкис бажариб, бағрида умр ўтказаётган одамларни замонавий дунёдан ажратиб келмоқда эди.
“Тақдир ҳазилини қарангки, айнан улар асл ҳақиқатдан биринчи бўлиб хабар топади”, деб ўйлади Кирш воқеалар ривожини тасаввур қиларкан. “Тарихан ер юзидаги одамларнинг энг хавфлиси − Худонинг одамлари. Айниқса, уларнинг Худоларига таҳдид қилинса борми… Мен ҳозир қовоғарининг инига ёнаётган найзани улоқтирмоқчиман”, ўйлади Кирш чуқур нафас олиб.
Ўйга ғарқ бўлганча тоғ чўққисига етиб боргач, Кирш платформада поезд кутаётган ёлғиз одамга эътибор берди. Озғинлигидан эти суягига ёпишган кутиб олувчи эгнига католикларнинг анъанавий либоси – оқ рокет ва қирмизи жубба кийиб, бошига салладан кичикроқ митти қалпоқча – зукетто қўндириб олганди. Авваллари фақат суратларда кўрган бу қоқсуяк мезбоннинг ким эканлигини илғаган Киршнинг томирларида кутилмаганда адреналин жўш уриб кетди.
“Вальдеспинонинг шахсан ўзи мени кутиб олгани чиқибди!”
Епископ Антонио Вальдеспино Испанияда жуда обрўли шахс эди. У испан қиролининг ишонган дўсти ва маслаҳатчиси бўлиб, консерватив католик қадриятлари ҳамда анъанавий-сиёсий меъёрларнинг энг кўзга кўринган ҳимоячиси ҳам эди.
– Эдмонд Кирш, шундайми? – дона-дона қилиб сўради епископ поезддан тушган Киршга пешвоз чиқаркан.
– Худди ўзи, – йигит табассум билан жавоб қайтарди ва саломлашиш учун қўл чўзди. Мезбоннинг узун, нозик бармоқларини дўстона силкиркан, қўшиб қўйди: – Жаноб епископ, ушбу учрашувни ташкиллаганингиз учун миннатдорман.
– Мен эса учрашиш таклифингизни қадрлайман, – епископ Вальдеспинонинг овози Кирш кутгандан кучлироқ, қўнғироқдек жарангдор чиқди. – Очиғини айтганда, биз доим ҳам илм‐фан одами билан мулоқот қилавермаймиз, айниқса, сиз каби таниқлилар билан. Бу томонга, марҳамат.
Улар платформа бўйлаб юриб кетишди. Изғирин тоғ шамоли епископнинг жуббасини тебратарди.
– Тан олмоғим жоиз, – деди епископ, – сиз тасаввур қилганимдан бошқача экансиз. Мен олимни учратаман деб ўйлагандим, бироқ сиз… – у Киршнинг устидаги “Китон” фирмасининг қимматбаҳо “К-50” костюмига, “Баркер”га тегишли туяқуш терисидан тикилган туфлига беписанд қаради, – Бироқ сиз ҳипстерга ўхшайсиз. Ҳипстер. Тўғрими?
Кирш илтифот билан жилмайди. “Ҳипстер” сўзи ўн йиллар аввал урфдан қолганди.
– Сиз ҳақингизда жуда кўп ўқиган бўлсам ҳам, – давом этди Вальдеспино, – ҳанузгача нима иш қилишингизни аниқ билмайман.
– Ихтисослигим ўйинлар назарияси ва компьютер моделлаштиришдан иборат.
– Демак, болалар учун компьютер ўйинлари яратасиз, шунақами?
Епископ атай замондан ортда қолган қариядек кўринишга уриниб, муғомбирлик қилаётганини Кирш пайқади. Аниқроқ айтганда, Вальдеспино замонавий технологиялардан яхши хабардорлиги, тез‐тез уларнинг хавф‐хатарлари ҳақида маъруза қилиши йигитга маълум эди. Шундай бўлса‐да, Кирш ҳеч нима билмагандек тушунтирди:
– Йўқ, жаноб. Ундай эмас. Ўйин назарияси – математиканинг бир тармоғи. У келажакни башорат қилиш учун такрорланувчи ҳодисаларни ўрганади.
– Ҳа-а, эсладим! Бир неча йил аввал Европада валюта инқирози бўлиши ҳақида башорат қилгандингиз. Мақолангизни ўқиганим ёдимда. Ўшанда сизга ҳеч ким ишонмаганди, сиз эса махсус компьютер дастурини ихтиро этиб, ўлган Европа Иттифоқини лаҳаддан тортиб олдингиз. Сизнинг “Мен ўттиз уч ёшдаман. Исо Масиҳ ҳам Лазарни қайта тирилтирганда ўттиз уч ёш эди”, деган сўзларингиз тилга тушганди.
Кирш қизариб кетди.
– Беўхшов қиёслаш бўлган, тан оламан, ҳазрат. У кезлари ёш эдим.
– Ёш? – кулди епископ. – Ҳозир неча ёшдасиз… қирқлар атрофидами?
– Роппа‐роса қирқда.
Қария жилмайди. Кучайиб бораётган шамол унинг жуббасини ҳар томон ирғитиб ўйнарди.
– Аслида, заминимиз мўминларга мерос қолиши керак эди. Лекин бахтга қарши, у техникага муккасидан кетган, ўз қалбига эмас, экранларга боқишни афзал кўрувчи ёшларга қолди. Ростини айтсам, қачондир мен ҳозирги авлоднинг қаҳрамони билан учрашишим етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Замон болалари сизни ҳатто “Пайғамбар” деб атайди.
– Шундай бўлса‐да, сиз билан кўришишни аввалдан билмагандим, зоти муқаддаслари, – жавоб қайтарди Кирш. – Сиз ёки ҳамкасбларингиздан бирортаси билан шахсан учрашиш имкониятини ҳисоблаганимда таклифимни қабул қилишингизга атиги йигирма фоиз умид бор эди, холос.
– Биродарларимга айтганимдек, художўйлар худосизларни эшитишдан ҳамиша наф топиши мумкин: чунки иблисни тинглаб, Парвардигор сўзларининг қадрига етамиз, – деб илжайди епископ ва дарҳол қўшимча қилди: – Бу албатта, ҳазил. Менинг қартайган юмор ҳиссимни афв этинг. Ҳазилларим ҳам ўзим каби қарияпти чоғи, – шундай дегач, епископ олдинга йўрғалади. – Қолганлар бизни кутмоқда. Бу томонга юринг, марҳамат!
Кирш бораётган манзили томон нигоҳ ташлади. Кулранг тошлардан барпо этилган баҳайбат қўрғон текис қоянинг энг баланд нуқтасига қурилган эди. Қоядан минглаб фут пастда кўкаламзор ўрмонлар, яшил тепаликлар ястаниб ётарди. Баландликда ўзини лоҳас сезган Кирш кўзини пастдан олди. У хаёлини бўлажак учрашувга йўналтиришга интилиб, нотекис сўқмоқ бўйлаб епископга эргашди.
Эдмонд Кирш бироз аввал якунланган конференцияда иштирок этган жаҳоннинг энг таниқли уч диний раҳнамоси билан юзма‐юз учрашув белгилаган эди.
“Дунё динлари парламенти.”
1893 йилдан буён ўттизга яқин дунё динларидан чиққан юзлаб раҳнамолар маълум йиллар оралиғида, турли манзилларда динлараро мулоқот учун бир ҳафталик конференция ўтказиши одат тусига кирганди. Йиғилиш қатнашчилари орасида жаҳоннинг ҳар томонидан келган таниқли насроний руҳонийлари, яҳудий раввинлари ҳамда мусулмон имомлари билан бир қаторда, ҳинд пужарилари, буддист бхикшулари, жайнлар, сингхларни учратиш мумкин эди.
Парламент ўз олдига қўйган устувор вазифа “Дунё динлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш, таълимотлар орасида мустаҳкам кўприк бунёд этиш ва барча эътиқодларнинг умумий илдизини топиш”дан иборат эди.
Устувор мақсад нақадар эзгу бўлмасин, қадимги афсона, миф ва башоратларнинг тасодифий ўхшашликларини қидириш Киршга вақтни бекорга совуриш бўлиб кўринарди.
Епископ Вальдеспинога эргашганча сўқмоқдан бораркан, йигит тоғ ёнбағирларини кўздан кечирди ва миясига келган фикрдан истеҳзоли жилмайди. “Худонинг сўзларини қабул қилиш илинжида Мусо тоққа чиққанди… Мен эса бунинг аксини бажариш учун чўққига кўтарилмоқдаман.”
Кирш бўлажак учрашувга ахлоқий бурч ундови билан кетаётганига ўзини ишонтирганди. Шу билан бирга, бу ҳаракатига ич‐ичидан ёпирилиб келаётган кибр ҳам яхшигина туртки берганидан тонмасди. Дунё тан олган клериклар билан юзма‐юз ўтириб, уларни кутаётган муқаррар чўкиш тўғрисида бор гапни айтиш ва ўша лаҳзадаги уларнинг юз ифодасини ўзгача бир лаззат‐ла кузатиш истаги йигитга тинчлик бермасди.
“Бизнинг ҳақиқатимизни англаб, ўз қисматингиз билан тўқнашасиз.”
– Таржимаи ҳолингизга кўзим тушганди, – луқма ташлади епископ ўгирилиб. – Ҳарвардни тамомлаганмисиз?
– Шундай, тақсир. Бакалавр даражасини олганман у ерда.
– Тушунарли. Яқинда ўқиб қолдим, эмишки, Ҳарвард тарихида биринчи марта ўқишга қабул қилинган талабалар орасида атеист ва агностиклар сони диндорларникига нисбатан кўпайиб кетибди. Эътиборга молик маълумот‐а, шундай эмасми, жаноб Кирш?
– Нима ҳам дердим, – елка қисди Кирш. – Талабаларимизнинг ақли йилдан йилга ўткирлашмоқда.
Шамол янада кучайди. Улар манзилга – қадимий, аммо улуғвор иморат қаршисига етиб борди. Бинонинг кириш қисми хира ёритилган бўлиб, хушбўй тутатқидан таралаётган ўткир ифор ҳавони тутганди. Икки ҳамроҳ лабиринтни эслатувчи йўлакдан ичкарига йўналди. Кирш кўзларини нимқоронғиликка мослашга уриниб, катта‐катта очиб‐ёпар ва епископга етишиб юришга интиларди. Ниҳоят, улар ёғочдан ишланган ажабтовур мўъжаз эшикка яқинлашди. Вальдеспино остонада тўхтаб, уни икки марта тақиллатди. Сўнг энгашиб ичкарига кираркан, Киршни ҳам ортидан имлади.
Йигит иккиланган кўйи остона ҳатлаб, олдинга қадам босди-ю, ўзини баланд деворлари қадимий, тери муқовали китоблар билан безатилган тўртбурчак ҳужра ичида кўрди. Деворлардан қовурғадек туртиб чиққан китоб жавонлари, улар остига ўрнатилган темир иситкичлардан чиқаётган мудҳиш вишиллаган товуш ҳужра гўё тирикдек таассурот берарди. Бу ерга илк маротаба кирган кишига хона худди жони бор, тирикдек туюлиши турган гап эди. Болохонага олиб чиқувчи айланма пиллапоянинг жимжимадор тутқичига назар ташлаган Кирш қаерда эканини дарҳол илғади ва танасида енгил титроқ турди.
“Оламга донғи кетган Монсеррат кутубхонаси”, ўйлади у. Узунқулоқ миш‐мишларга қараганда, бу манзилда ягона нусхадаги ноёб матнлар сақланади. Бутун умрини Яратганга бағишлаб, ташқи дунё лаззатларидан воз кечган, мана шу чўққида осуда ҳаёт кечирувчи роҳибларгина унинг бойликларидан тўлиқ фойдаланиши мумкин эди.
– Эҳтиёткорлик ҳақида сўраган эдингиз, – жилмайди епископ, – ишонтириб айта оламанки, биз турган хона энг махфий макондир. Бу ерга қадами етганларнинг сони бармоқ билан санарли.
– Жуда серҳимматсиз, ташаккур. Бу мен учун улкан шараф! – Кирш ҳаяжонини босишга уриниб, миннатдорлик билдирди.
Епископ йигитни хона марказидаги катта стол томон бошлади. Ёғочдан ишланган стол атрофида икки ёши улуғ киши уларни кутиб ўтирарди. Чап тарафдаги одамнинг қалин, оппоқ соқоли кўксига тушган, кўзлари чарчоқдан толиққан эди. У уринган қора костюм, оқ кўйлак ҳамда махсус шляпа – федора кийиб олганди.
– Бу жаноб раввин Иеҳуда Кёвеш, – таништирди епископ, – Каббала космологиясини кўп ва хўп ёритиб берган таниқли яҳудий файласуфлардан бири.
Кирш столга яқинлашди, қўлини чўзиб раввин Кёвеш билан илтифотли кўришди ва деди:
– Сиз билан шахсан танишиш бахтига сазовор бўлганимдан мамнунман, жаноб. Каббалага оид китобларингизни мутолаа қилганман. Тўлиқ тушунмаган бўлсам‐да, уларни мутолаа қилганим аниқ эсимда.
Кёвеш намланган кўзларини дастрўмоли билан артаркан, мамнуният‐ла бош ирғади.
– Қаршингиздаги муҳтарам зот, – давом этди епископ иккинчи одамга ишора қилиб, – ҳурматли аллома Саид ал-Фадл бўлади.
Машҳур исломшунос олим ўрнидан туриб, ёйилиб жилмайди. Миқтидан келган бу одамнинг табассум аримайдиган юзи қувноқ киришимлиликдан далолат берса‐да, тим қора кўзлари жуда ўткир боқарди. Унинг эгнида кўзга ташланмайдиган одмигина оқ либос – савб бор эди.
– Мен ҳам, жаноб Кирш, – гап бошлади Саид, – инсоният келажаги ҳақидаги башоратларингизни ўқиганман. Фикрларингизга қўшиламан, деб айтолмасам‐да, башоратингиз билан танишганим аниқ эсимда.
Кирш мулойим жилмайганча Саиднинг қўлини сиқди.
– Бу киши меҳмонимиз, обрўли ва машҳур компьютер олими, ўйин назариётчиси, кашфиётчи ва техника оламининг салкам пайғамбари ҳисобланмиш Эдмонд Кирш бўлади. Унинг келиб чиқишини назарда тутсак, бизга қилган мурожаатидан таажжубландим. Келинглар, ушбу кутилмаган ташрифга жаноб Киршнинг ўзи изоҳ берсин, – Вальдеспино фикрини якунлаб, Кёвеш ҳамда ал-Фадлнинг ўртасидан жой эгаллади ва қўлларини қовуштирганча Киршнинг оғзига тикилди.
Хонада вужудга келган муҳит олимларнинг дўстона учрашувидан кўра инквизиция залини эслатарди. Ҳар учала эркак Киршнинг рўпарасида ўтириб, жиноятчининг сўнгги иқрорини кутаётгандек ўткир нигоҳларини унга қадаганди. Бечора йигитни ҳеч ким, ҳатто Вальдеспино ҳам стулга ўтиришга бир оғиз таклиф этмади.
Кирш қаршисидаги қарияларга разм соларкан, юрагини қўрқув эмас, ажабланиш ҳисси қамраб олди. “Демак, бу – ўша оламшумул Муқаддас Учлик. Доно зотлар учлиги.”
Диққатини жамлаш мақсадида Кирш бир лаҳза тин олди ва секин одимлаб дераза ёнига борди, пастдаги мафтункор манзарага кўз ташлади. Қуёш нурлари остида ястаниб ётган яйловлар водий бўйлаб чўзилиб, Кольсерола тоғ тизмасининг этакларигача етиб борган ва юксак чўққиларга йўл очган эди. Уфқнинг олис бурчагида, Балеар денгизи томонларда паға‐паға қора булутлар ғазабга тўлгандек шиддат билан тўпланаётганди.
“Ўхшашликни қаранг”, хаёл қилди Кирш. У ташқарида кўтарилажак бўронга ҳамоҳанг равишда, тез орада дастлаб бу хонада, сўнгра бутун дунёда тўс‐тўполон кўтарилишини ич‐ичидан ҳис қилиб турарди.
– Жаноблар, – хитоб қилди Кирш дабдурустдан ортига ўгирилиб, – ишончим комил, руҳоний Вальдеспино махфийлик ҳақидаги илтимосимни аллақачон сизларга етказган. Суҳбатимизни давом эттиришдан аввал аниқлаштириб олишни истардимки, ҳозир сиз билан бўлишмоқчи бўлган гапларимнинг бари мутлақо сир тутилмоғи даркор. Оддийроқ қилиб тушунтирганда, орамизда бўлғуси гаплар ҳақида чурқ этмасликка қасам ичишингизни сўрайман. Келишдикми?
Учала эркак сўзсиз бош ирғади. Кирш қасам ортиқча эканини ҳис қилди. “Буюк зотлар бу хабарни, шаксиз, ўзлари билан гўрига олиб кетишни афзал билишади, овоза қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.”
– Ушбу учрашувдан мақсад, – сўз бошлади Кирш, – яқинда қилган илмий кашфиётим ҳақида хабар бериш эди. Янгилигим сизларни бефарқ қолдирмаслигига ишонаман. Инсоният ҳаётининг асоси бўлган икки саволга жавоб олиш учун камина узоқ йиллар мобайнида изланиш олиб бордим ва ниҳоят, муваффақиятга эришдим. Мен атайдан ёнингизга ташриф буюрдим, чунки бу хабарим дунё художўйларига кучли таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Таъбир жоиз бўлса, кашфиётим диндорлар учун улкан бурилиш ясаб, уларнинг эътиқодига путур етказиши эҳтимоли юқори. Айни дамда сизларга айтмоқчи бўлган маълумотимдан хабардор ер юзидаги ягона тирик жон ўзимман.
У гапини тугатиб, костюмининг чўнтагига қўл суқди ва смартфон чиқарди. Бошқа қўл телефонларига қараганда анча йирик бўлган бу смартфонни Киршнинг шахсан ўзи ясаган бўлиб, махсус эҳтиёжлар учун хизмат қиларди. Ёрқин рангли мозаика кўринишида бўлган телефонни у бир ҳаракат билан кичик телевизор шаклига киритди ва ҳурматли зотларнинг рўпарасига жойлаштирди. Йигит телевизорда жонли тақдимотини кўрсатиш учун ўта даражада ҳимояланган серверга уланиб, қирқ етти белгидан иборат кодни теришга ҳозирланди ва гапида давом этди: – Ҳозир кўрсатмоқчи бўлган нарсам – тахминан бир ойдан кейин бутун жаҳонга ошкор этилажак янгилигимнинг бир қисми. Лекин бу хабарни улашишдан олдин дунёга таъсири кучли дин пешволари билан маслаҳатлашишга қарор қилдим. Чунки кашфиётимдан энг кўп таъсирланадиган кишилар қандай муносабат билдириши билан қизиқдим.
Руҳоний уф тортиб юборди. Унинг сасида хавотир эмас, балки зерикиш зоҳир эди.
– Интригага гап йўқ, жаноб Кирш. Кўрсатажак маълумотингиз дунё динлари асосини титратиб юборадигандек гапиряпсиз гўё.
Кирш нигоҳини атрофдаги муқаддас қўлёзмаларга қаратди ва ўйлади: “Кашфиётим динларингиз асосини титратмайди, балки бутунлай чилпарчин қилади.”
Йигит қарияларга маъноли тикилди. Муҳтарам зотлар, аслида Кирш оламшумул кашфиётини атиги уч кундан кейин, барчани лол қолдирадиган даражада пухталик билан ташкилланган томошада оммага ошкор қилмоқчилигини қаердан ҳам билишарди?! Шу иш амалга ошгандан сўнг одамлар ер юзидаги динлар, қанчалик хилма‐хил бўлмасин, ягона умумий хусусиятга эга эканини англаб етади. Яъни динларнинг барчаси тамоман янглиш экани инсониятга ошкор бўлади.
Биринчи боб
Профессор Роберт Лэнгдон майдондаги бўйи нақ 12 метр келадиган баҳайбат ит ҳайкалига қизиқсиниб тикилди. Жониворнинг юнглари ўрнида хушбўй гуллар ёйилган майсазор қопланган эди.
“Мен сени ёқтиришга ҳаракат қиляпман, ростдан ҳам ҳаракат қиляпман”, ўйлади Лэнгдон.
Лэнгдон ажабтовур монументга яна бироз қараб тургач, четдаги йўлка томон олға юрди. Йўлка пастга буралиб тушган ғайриоддий пиллапояга уланиб кетганди. Зинанинг ғалати жиҳати шунда эдики, ундаги поғоналар ўлчами турлича бўлиб, йўловчиларни бир маромда қадам босишига йўл қўймасди. Лэнгдон ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, салкам икки марта қинғир‐қийшиқ поғоналарга мослашолмай, йиқилаёзди. Амаллаб пастга тушиб олгач, “Ниҳоят, вазифа уддаланди”, дея кўнглидан ўтказди. Нафас ростлаш учун бир муддат тўхтаб, олдинга назар ташлади ва рўпарасида намоён бўлган улкан мавжудотни кўриб, оғзи очилиб қолди.
“Ҳаммаси тушунарли.”
Лэнгдон қаршисида баҳайбат ўргимчак – “Қора бева” қад ростлаганди. Унинг тахминан ўн метр узунликдаги ингичка темир оёқлари семиз танасини тутиб турар, қорнидан пастроққа шиша шарлар билан лиқ тўла тухум учун мўлжалланган тўрли қоп илинганди.
– Биз уни Маман деб чақирамиз, – деган товуш эшитилди.
Лэнгдон нигоҳини овоз келган ёққа йўналтирди. Ўргимчак тагида ҳиндларнинг қора рангли миллий чопони – шервани кийган Салвадор Далиникидек кулгили бурама мўйлов қўйган қилтириқ одам турарди.
– Менинг исмим Фернандо. Музейимизга хуш келибсиз, – қилтириқ одам гапида давом этди ва олдидаги стол устида териб қўйилган бейжикларга кўз югуртириб, сўради: – Исмингизни билсам бўладими?
– Албатта, Роберт Лэнгдон.
Фернандо ажабсиниб кўзларини пирпиратди ва хижолат бўлиб узр сўради: – Вой, кечирасиз, жаноб. Сизни танимабман!
“Ўзим ҳам ўзимни базўр танияпман”, деб ўйлади Лэнгдон. Эгнидаги олифта қора фрак, оқ нимча ва капалакнусха оқ галстукда ўзини ноқулай ҳис қилаётганди. “Худди 'Whiffenpoof' қўшиқчисига ўхшайман.” У кийиб олган фрак салкам ўттиз йил олдин Принстондаги “Печакгул клуби”га борган вақтлардан эсдалик эди. Кундалик сузиш машғулотлари туфайли қоматини яхши сақлаган Лэнгдонга ўттиз йиллик камзул ҳануз лойиқ келарди.
Бу ерга йўлга чиқаётганида шошилганидан доимий киядиган камзули бир четда қолиб, эскирган кийимлари солинган чамадонни кўтариб келибди. Мана, 30 йиллик қадрдон фракини кийиб турибди.
– Таклифномада оқ ва қора кийимда бўлиш керак дейилган экан. Умид қиламанки, эгнимдагилар талабингизга мос келади, – жилмайди Лэнгдон Фернандога яқинлашиб.
– Классик услуб сизга ярашибди, – дея хушомад қилди Фернандо ва эҳтиёткорлик билан бейжикни Лэнгдоннинг ёқасига илиб, қўшиб қўйди: – Сиз билан учрашиш мен учун катта шараф. Олдин ҳам келганмисиз музейимизга?
Лэнгдон улкан ўргимчак ортидаги ярқироқ бинога яна бир кўз ташлади:
– Очиғини айтсам, бу ерда илк марта бўлишим.
– Бўлиши мумкин эмас! – хитоб қилди Фернандо ишонқирамай, – Замонавий санъатнинг мухлиси эмасмисиз?
Умуман олганда, Лэнгдон замонавий санъат юзасидан муҳокамалардан ҳамиша завқ олган. У, айниқса, айрим тасвирий ишлар, масалан, Жексон Поллокнинг бўёқ томчилатиб ишланган расмлари, Энди Уорхолнинг “Консерваланган Кэмпбелл шўрваси” тасвири, Марк Ротконинг оддий рангларнинг тўртбурчак ёйилмасидан иборат расмлари нодир санъат намунаси сифатида кўрилиши сабабини тадқиқ қилишни ёқтирарди. Шундай бўлса‐да, Иероним Бошнинг асарларидаги диний расмлар ёки Де Гойянинг ўзгача рассомлик услуби тўғрисида баҳслашганда ўзини сувда сузган балиқдек ҳис қиларди.
– Мен кўпроқ мумтоз санъат шайдосиман, – жавоб қайтарди Лэнгдон. – Де Кунингдан кўра да Винчи ҳақида кўпроқ биламан.
– Лекин да Винчи билан де Кунинг бир-бирига жуда ўхшаш!
Лэнгдон босиқ жилмайди:
– Ундай бўлса, Кунинг тўғрисида кўпроқ ўрганишим керак, шекилли.
– Роса боп жойга келдингиз! – мезбон қўли билан баҳайбат бинога имо қилди. – Бу музейда замонавий санъатнинг дунёдаги энг яхши намуналари жамланган. Вақтингизни мазмунли ўтказинг.
– Ниятим ҳам шу, – деди Лэнгдон. – Фақат нима сабабдан бу ерга чақирилганимни билсам эди.
– Буни билишни нафақат сиз, балки ҳамма истайди, – кулиб юборди Фернандо бошини чайқаб. – Кеча мезбони асл мақсадини сир тутди. Ҳатто музей ходимлари ҳам нима бўлаётганидан бехабар. Турли миш-мишлар тарқалди. Ичкарида бир неча юз меҳмон йиғилган – кўпчилиги машҳур шахслар – лекин бугунги ўтиришнинг сабаби ҳақида ҳеч кимда аниқ бир фикр йўқ!
Лэнгдоннинг пешонаси тиришди. Фақат саноқли мезбонлар: “Шанба куни кечқурун. Ўша ерда бўлинг. Менга ишонинг”, деган жумлалар битилган шошилинч таклифнома юборишга қодир эди. Ундан ҳам камроқлари юзлаб VIP шахсларни барча ишларини ташлаб, тадбирда қатнашиш учун шимолий Испанияга учишга мажбур қила оларди.
Лэнгдон темир ўргимчак тагидан ўтиб, катта ҳарфлар туширилган қип‐қизил афиша осилган йўлкага қараб юрди.
ЭДМОНД КИРШ УЮШТИРГАН КEЧА
“Эдмондда ўзига ишонч ҳамиша юқори бўлган,” деб ўйлади профессор дабдабали афишага қизиқиб қараркан.
Тахминан, йигирма йиллар муқаддам ёш Эдди Кирш профессор Роберт Лэнгдоннинг Ҳарвард университетидаги илк шогирдларидан бири эди. Патила сочли компьютер жинниси бўлган Эддининг кодларга қизиқиши уни Лэнгдоннинг кодлар, шифрлар ва рамзлар тили бўйича биринчи босқич талабаларига ўтказадиган семинарига етаклаб келганди. Киршнинг ақлий салоҳиятини кўрган профессор қаттиқ таъсирланди. Кейинчалик Кирш компьютерларнинг нурли келажагига ишонган ҳолда рамзларнинг чанг босган оламини тарк этган бўлса‐да, у ва Лэнгдон ўртасида мустаҳкам устоз‐шогирдлик муносабати ўрнатилганди. Шу туфайли университетни битирганига йигирма йил бўлганига қарамасдан, Кирш ва Лэнгдон ўртасида узвий алоқалар сақланиб қолганди.
“Мана, ниҳоят, шогирд устозидан ўзиб кетди. Бир неча ёруғлик йилига!” Лэнгдон ич-ичидан фахрланди.
Бугунги кунда Эдмонд Кирш бутун дунёга донғи кетган даҳо – мультимиллионер, компьютер олими, футуролог11
Келажакшунос.
[Закрыть], кашфиётчи ва тадбиркор. Ёши қирқни қаршилаган Кирш нанотехнология, сунъий ақл, мияни тадқиқ қилиш ва роботлаштириш каби турфа соҳаларда кескин ижобий силжишларга олиб келган технологияларни яратишга улгурди. Илмий тараққиёт келажаги тўғрисидаги башоратларининг бекам-кўст тўғри чиқиши ҳам унинг шахсиятини синоатга буркаб, одамлар қизиқишини ошириб юборганди.
Лэнгдон шогирдининг башоратлари тўғри чиқишига унинг атроф‐олам ҳақидаги билимлари пухталиги сабаб, деб ҳисобларди. Эдмонд талабалик давридаёқ библиофил – китобсевар бўлган. У нимани кўрса, ўқирди. Киршдаги каби ўқишга бўлган иштиёқ ва китоб мазмунига шўнғий олишни Лэнгдон умри давомида ҳеч кимда учратмаганди.
Охирги йилларда Кирш асосан Испанияда истиқомат қилди. У бу ердаги ҳамма нарсага: мамлакатнинг тарихий таровати, авангард меъморчилиги, ғайриодатий жин‐барлари ва ажойиб иқлимига ошуфта бўлиб қолганди.
Йилда бир марта Кирш Массачусетс технологиялар университетининг Медиа лабораториясида нутқ сўзлаш учун Кэмбрижга келиб кетарди. Шунда у устозини Бостоннинг ҳашаматли, лекин Лэнгдоннинг ўзи ҳеч қачон эшитмаган ресторанларидан бирига овқатланишга таклиф қиларди. Бу учрашувларда уларнинг суҳбати ҳеч қачон технологияга бориб тақалмасди; Кирш муҳокама қилишни истаган ягона мавзу – санъат бўларди.
– Роберт, сиз менинг санъат бўйича шахсий маслаҳатчимсиз, – деб ҳазиллашарди Кирш.
Лэнгдонга ҳанузгача уйланмаганини айтиб ҳазиллашувчи Киршнинг ўзи бўйдоқ эди, у моногамияни “эволюцияга тўсиқ” деб ҳисоблар, шу билан бирга, йил бўйи ўнлаб супермодел қизлар билан тушган сурати журнал муқоваларини безарди.
Компьютер соҳасида қилган кашфиётлари туфайли Киршни технологияга муккасидан кетган, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, ишидан бошқа ҳеч нимани севмайдиган дастурчи сифатида тасаввур қилиш мумкин эди. Аслида, Кирш базмларнинг гули бўлиб, доим машҳурлар даврасида юрар, энг сўнгги урфдаги либосларни кияр, тушуниш қийин бўлган мусиқа тинглар, импрессионист ва замонавий санъатнинг қимматбаҳо асарларини тўпларди. У тез-тез Лэнгдонга электрон мактуб ёзиб, коллекциясига қўшмоқчи бўлган асарлар ҳақида маслаҳат сўрарди.
“Ва берган маслаҳатимнинг бутунлай тескарисини қилади”, деб ўйлади Лэнгдон кулиб.
Бир йилча муқаддам, навбатдаги ўтиришларнинг бирида Кирш суҳбат мавзусини санъатга эмас, Худога буриб, Лэнгдонни ҳайрон қолдирганди. Ўзини атеист деб эълон қилган одам учун бу ғалати мавзу эди. Бостондаги “Tiger Mama” емакхонасида янги сўйилган бузоқ гўштининг маромига етказиб пиширилган қовурғасини тановул қилганча шогирд устозидан дунё динларининг асослари тўғрисидаги фикрини сўради. Уни, асосан, борлиқ ва одамзотнинг пайдо бўлиши ҳақида динлардаги турли ҳикоялар қизиқтираётганди.
Ўшанда Лэнгдон ҳозир мавжуд эътиқодлар, жумладан, ислом, яҳудийлик ва насронийликда келтирилган тушунчалар, ҳиндуизмнинг Браҳма, бобилликларнинг Мардук ва бошқа кўплаб ривоятларини таҳлил қилиб берганди.
– Нима учун футуролог олим ўтмишга қизиқиб қолди? – сўради Лэнгдон ресторандан чиқар маҳали. – Наҳотки, машҳур атеист Худони топган бўлса?
Эдмонд қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
– Орзуга айб йўқ! Шунчаки келгуси жангим учун маълумот йиғяпман.
Лэнгдон жилмайди. “Ҳар доимгидек.”
– Тушунарли. Лекин унутма, илм‐фан ва дин бир‐бирига рақиб эмас. Улар шунчаки бир ҳикояни сўзлаётган икки тилга ўхшайди. Дунёда иккиси учун ҳам жой етади.
Шу учрашувдан сўнг Эдмонд деярли бир йил йўқолиб кетди. Кейин уч кун аввал Лэнгдон “Федерал Экспресс” орқали самолёт билети, меҳмонхонада буюртирилган жой ҳамда Киршнинг дастхати билан ёзилган тадбир таклифномаси солинган конверт олди.
“Роберт, ушбу тадбирда қатнаша олсангиз, мени бағоят мамнун қилган бўласиз. Сўнгги учрашувимизда айтган гапларингиз бу кечанинг ўтказилишида муҳим роль ўйнади.”
Лэнгдон чалкашиб кетди. Ўша суҳбатда келажакшунос олимнинг катта тадбир уюштиришига сабаб бўлувчи арзирли ҳеч гап айтилмаган эди.
Конверт ичида, шунингдек, икки кишининг бир‐бирига тикилиб турган оқ‐қора расми ҳам жой олган эди. Унда Киршнинг ўзи ёзган икки мисра шеър ҳам бор эди:
Роберт,
Сиз билан юзма-юз кўришган бир он, Олам сирларини этаман баён.
– Эдмонд
Бир неча йил муқаддам содир бўлган воқеага ишора қилувчи суратни кўриб, Лэнгдоннинг юзига табассум югурди. Икки одамнинг қоп‐қора юзи ўртасида муқаддас қадаҳ – Граал тасвири туширилган эди.
Музей олдида тураркан, Лэнгдон шогирди нимани эълон қилмоқчи эканига қизиқиб, қачонлардир саноатлашган шаҳарнинг жон томири ҳисобланган Нервион дарёси ёқалаб ётқизилган бетон йўлка бўйлаб юрди. Мавжланиб оқаётган тўлқинлардан урилган майин шабада эгнидаги фракни ҳилпиратар, ҳавога билинар‐билинмас мис ҳиди ўрнаб қолганди.
Навбатдаги бурилишдан ўтгач, профессор тин олиб, ярқироқ музейга тикилиб қаради. Бинонинг тузилиши шу қадар мураккаб ва салмоқдорлигидан уни бир нигоҳ билан томоша қилиб бўлмайди. Бу иншоот нафақат архитектура қоидаларини четлаб ўтади, балки уларни бутунлай йўққа чиқаради. "Эдмонд учун муносиб маскан”, хаёлидан ўтказди Лэнгдон музейнинг бўйига ва энига кўз югуртираркан.
Испаниянинг Бильбао шаҳрида жойлашган Гуггенҳайм музейи ўзга сайёраликларнинг ижод маҳсулига ўхшайди: баҳайбат металл қисмлари бир‐бирининг устига пала-партиш тахланиб, кўкка гирдобдек кўтарилган, энига чўзилган тушунарсиз шакллар массаси эса қуёш ёғдусида балиқ тангачаларидек товланадиган ўттиз мингдан зиёд титан кафеллар билан қопланган. Буларнинг бари жам бўлиб, иншоотга тириклик бағишлайди, унга ўзгача олам руҳини беради. Худдики, махлуқ Левиафан дарё қаъридан кўтарилиб, қирғоқда, офтоб нурларида тобланиб ётгандек туюлади.
Музейнинг тантанали очилиш маросими 1997 йили бўлганди. Ўшанда “The New Yorker” журнали бино тарҳини чизган архитектор Френк Герини “Титан ёпинчиқда чайқалиб турган орзулар кемаси”ни яратди, деб алқаганди. Бутун дунё танқидчилари “Замонамизнинг энг муҳташам иморати!”, “Кумуш ёғдуси!”, “Оламшумул обида!” дея мақтовлар ёғдирганди.
Музейнинг илк дебютидан бери яна ўнлаб “деконструктивист” бинолар қад кўтарди: Лос‐Анжелесдаги Дисней концерт зали, Мюнхендаги BMW дунёси, ҳаттоки Лэнгдоннинг янги шахсий кутубхонаси. Уларнинг ҳаммаси буткул ўзгача, ноодатий дизайнга эга бўлса‐да, ҳеч бири шон‐шуҳрат борасида Бильбао Гуггенҳайм музейи билан беллаша олмасди.
Бинонинг олд қисми ҳар қадамда шаклини ўзгартириб, ҳар томондан ўзгача қиёфа касб эта бошлади ва профессор кўз ўнгида музейнинг энг жозибадор кўриниши намоён бўлди: ажабланарлиси, азим иморат бамисли "чексизлик"нинг улкан кўрфазида сузиб юрар, тўлқинлар музей деворларини ювиб турарди.
Лэнгдон бетакрор гўзалликдан маст бўлиб, бир муддат завқ ила қараб турди, сўнг шаффоф сув тўла кўлни митти осма кўприк орқали кесиб ўта бошлади. Унинг ярмига етганда оёқлари тагидан вишиллаган баланд овоз эшитилди. У чўчиб тушди ва таққа тўхтади. Кўприк остидан қуюқ тутун уюми кўтарилиб, уни ўраб олди. Аввал сув юзасини, сўнг бино атрофини қалин туман қоплади.
Лэнгдоннинг хаёлига ўқиган маълумотлари келиб, нима содир бўлаётганини тушунди. “Туманли ҳайкал” ўйлади у, япон рассоми Фудзико Накаянинг бу ижод намунаси ҳақида ўқиган эди. “Ҳайкал”нинг инқилобийлиги шундаки, у маълум вақт оралиғида пайдо бўлиб, яна ғойиб бўладиган кўзга кўринарли ҳаво – туман деворидан ясалади. Ҳаво ҳолати ва шамол йўналиши ҳар куни ҳар хил бўлгани сабабли туман пайдо қилган ҳайкал қиёфаси ҳам ҳар сафар турлича шаклга киради.
Вишиллаган товуш тинди, Лэнгдон кўрфаз узра гўё жонлидек ҳаракатланган, ноаниқ, аммо мафтункор манзара яратган тутунга диққат билан қаради. Бутун бошли музей денгиздаги туман аро йўлини йўқотган кема сингари муаллақ турарди.
Профессор эндигина юрмоқчи бўлиб турганда сувнинг тиниқ юзаси бир неча кичик портлашдан ларзага келди. Тўсатдан лагун ичидан учқун сачратиб гумбурлаганча беш дона мушак самога отилди. Улардан таралаётган ёғду музейнинг титан кафелларида аксланди.
Шахсан Лэнгдонга Лувр ёки Прадога ўхшаш мумтоз услубда қурилган музейлар кўпроқ ёқарди. Аммо ҳозиргина гувоҳ бўлгани – тутун ва мушак ҳодисасидан сўнг профессор келажакни аниқ башорат қилувчи, санъатсевар ва новатор одам ташкиллаган тадбир учун бундан-да муносиброқ жой йўқлигини англади.
Лэнгдон туман оралаб музейнинг кириш қисми вазифасини ўтовчи ваҳимали қора тешикка яқинлашди. Эшикдан ичкарига йўналаркан, худди аждарнинг оғзига кириб кетаётгандек танаси ёқимсиз жимирлаб кетди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?