Текст книги "Ибтидо"
![](/books_files/covers/thumbs_240/ibtido-286498.jpg)
Автор книги: Дэн Браун
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 37 страниц) [доступный отрывок для чтения: 12 страниц]
Йигирма иккинчи боб
Мадриддаги “Palacio Real” Европадаги энг катта ва ҳашаматли қироллик саройи ҳисобланади. Ўн тўққизинчи асрда Мавр қасри ўрнида барпо этилган сарой икки хил – классик ва барокко услубининг энг мафтункор жиҳатларини жамлаган. Қироллик қасри Армериа майдонида жойлашган бўлиб, унинг жимжимадор устунлардан иборат уч қаватли фасади майдон бўйлаб чўзилган. Қаср ичкариси тўрт юз эллик минг квадрат метрни эгаллаб, турли ҳажмдаги 3418 дона хонадан ташкил топган. Ички қисмдаги салонлар, заллар, ётоқхоналар ҳамда коридорлар бебаҳо диний санъат намуналари, жумладан, Веласкес, Гойя ва Рубенсга тегишли дурдона асарлар билан безатилган.
Авлодлар оша бу қаср испан қироллари ва қироличаларининг хос қароргоҳи саналган бўлса‐да, ҳозир сиёсий масалаларни ҳал қилувчи даргоҳга айланган. Қироллик аъзолари эса шаҳар ташқарисидаги осуда гўша – “Palacio de la Sarsuela”да истиқомат қилади.
Лекин сўнгги ойларда Мадриддаги қироллик қасри қирқ икки яшар шаҳзода Хулиан, яъни Испаниянинг бўлғуси қиролининг доимий яшаш жойига айланди. Яқинлашаётган тож кийдириш маросими олдидан Хулиан “халқнинг кўз ўнгида” бўлмоғи зарурлигини таъкидлаб, мураббийлар уни саройга кўчиб ўтишга кўндирганди.
Шаҳзода Хулианнинг отаси, ҳозирги қирол, бир неча ойдан бери сурункали тузалмас дард туфайли тўшакка михланиб қолганди. Қиролнинг ақлий салоҳияти пасая бошлагач, сарой аста‐секинлик билан ҳокимият алмашинувига ҳозирлик кўриб, отаси вафотидан сўнг шаҳзодани тахтга ўтказишга тайёрлана бошлади. Ҳокимият ўзгариши аниқ бўлиб турган паллада испанлар нигоҳини валиаҳд Хулианга қаратди. Барчанинг ўйида бир савол бор эди:
"У қандай бошқараркан?"
Шаҳзода Хулиан ҳамиша вазмин ва мулоҳазали бола бўлган. У бўлғуси вазифалари юкини болалигиданоқ яхши англаган. Хулианнинг онаси иккинчи фарзандига ҳомиладор вақтида эрта туғруқ оқибатида вафот этган. Рафиқаси вафотидан сўнг қирол кўпчиликнинг таажжубига сабаб бўлиб, қайта турмуш қурмади. Натижада, Хулиан испан тахтининг ягона ворисига айланди.
Британия нашрлари шаҳзодани истеҳзо билан “Захирасиз меросхўр” деб атарди.
Хулиан мутаассиб ота тарбиясини олгани сабабли аксар испанлар унинг отаси бошлаган йўлни давом эттиришига ишонарди. Бу эса шаҳзода испан тожининг обрўсини сақлаб қолиш мақсадида қаттиқ тартиб ўрнатиши, турли маросимларни нишонлаши, энг муҳими, испан католикларининг муқаддас анъаналарини ҳурмат қилишидан далолат берарди.
Асрлар давомида католик қиролларининг мероси Испаниянинг ахлоқий суянчи бўлиб келди. Бироқ сўнгги йилларда мамлакатда эътиқод мустаҳкамлиги дарз кетди, Испания жуда эски ва жуда замонавий қарашлар ўртасида бошланган уруш домига тортилди.
Тобора кўпайиб бораётган либераллар ижтимоий тармоқларда ва ўз блогларида воқеалар ривожига баҳо бераркан, шаҳзода Хулиан отасининг соясидан чиқиб, ҳақиқий ўзлигини намоён этишига; жасур, тараққийпарвар ҳамда дунёвий йўлбошчи сифатида бошқа кўплаб Европа мамлакатлари раҳбарларига эргашиб монархияни бутунлай бекор қилишига умид боғлашарди.
Авваллари Хулианнинг отаси қирол сифатида ҳамиша фаол бўлгани туфайли шаҳзоданинг сиёсий масалаларда фикр билдиришига ҳожат бўлмасди. Қирол очиқчасига баёнот бериб, фарзанди оддий болалар сингари яйраб ўсиши кераклиги, то Хулиан уйланиб, улғаймагунча давлат ишларига аралашишидан наф йўқлигини таъкидлаганди. Шу тариқа Хулиан умрининг дастлабки қирқ йили хусусий мактаблардаги ҳаёт, от пойгалари, бирор очилиш маросимида қизил ленталарни қирқиш, хайрия ишлари ва дунё бўйлаб саёҳатлардан иборат бўлганди. Кўзга кўринарли бирор иш қилмаган бўлса‐да, шаҳзода Хулиан ҳамма ҳавас қиладиган шахс эди.
Қирқ икки ёшли келишган шаҳзода учрашиб юрган сон‐саноқсиз аёллардан ҳеч бири чин маънода унинг қалбини забт эта олмади. Аммо сўнгги ойларда шаҳзода бир неча марта бир аёл билан бирга кўринди. Бу аёл ташқи қиёфасидан кетворган моделга ўхшаса ҳам, аслида, жуда ҳурматли шахс – Бильбаодаги Гуггенҳайм музейи директори Амбра Видал эди.
Медиа дарҳол Амбра Видални “замонавий қирол учун энг муносиб жуфт” сифатида ёзиб чиқди. Чиндан ҳам Амбра маданиятли, муваффақиятли, энг муҳими, зодагон оиладан эмас, оддий халқ ичидан чиққан аёл эди.
Шаҳзода Хулиан ОАВнинг фикрига қўшилди чоғи, қисқа муддат ўтиб, кутилмаган ҳамда романтик шаклда Амбрага турмуш қуриш таклифини билдирди ва аёл рози бўлди.
Кейинги ҳафталар давомида нашрлар Амбра Видалнинг кундалик ҳаёти тўғрисида саноқсиз хабарлар чоп этди. Улар аёлнинг нафақат соҳибжамол, балки ақлий салоҳият бобида ҳам тенгсиз эканини билдирарди. Испаниянинг бўлғуси қироличаси эканига қарамай, Амбра Қироллик гвардиясининг кундалик хизматини рад этиб, фақат катта тадбирлар маҳали кам сонли қўриқчилар ёрдамидан фойдаланишга рози бўлди. Бу билан у ўзининг мустақил ва эркин аёл эканини кўрсатарди.
Бошқа сафар Қироллик гвардияси командори Амбрага очиқ‐сочиқ кийинишни йиғиштириб, олий элитага монанд консерватив усулда либос танлаши кераклигига шама қилди. Бунга жавобан Амбра, ўзини йўқотмасдан, истеҳзо билан “Қироллик Гвардероби командори менга ҳайфсан эълон қилди”, деди. Аёлнинг дадиллиги халқ эътиборини қозонди.
Либерал журналлар муқовасини “Амбра! Испаниянинг гўзал келажаги!” деган ёзув остида аёлнинг жозибадор чеҳраси безаб турарди. Амбра интервью беришдан бош тортса, “мустақил”, интервью беришга рози бўлса, “киришимли” деб эътироф этишарди.
Консерватив журналлар, ўз ўрнида, аёлни ҳокимиятга ўч авантюрист сифатида кўриб, бўлғуси қиролга салбий таъсири тўғрисида эринмасдан ёзарди. Исбот сифатида Амбранинг шаҳзодага нисбатан енгилтак муносабатда бўлишини келтирарди.
Биринчи муаммо шунда эдики, Амбра шаҳзода Хулианга қироллик таомилига кўра Дон Хулиан ёки суальтеза деб мурожаат қилмасди, шунчаки Хулиан деб чақирарди. Бу эса ҳурматсизлик белгиси ҳисобланарди.
Иккинчи муаммо анча жиддийроқ эди. Сўнгги ҳафталар ичида Амбранинг иш жадвали тиғизлашиб кетганидан шаҳзодага умуман вақт ажратолмади. Шу ўринда, аёлни бир неча марта Бильбаода, музей яқинида таниқли атеист – америкалик технолог Эдмонд Кирш билан тушлик қилаётганини кўришган.
Гарчи Амбра бу шунчаки иш юзасидан учрашув бўлганини тушунтирса ҳам, музей ичидан келган ишончли хабарларни эшитиб, Хулианнинг рашкдан қони қайнади.
Бунинг учун ҳеч ким уни айбламади.
Унаштирувдан бир неча ҳафта ўтгач, шаҳзоданинг бўлғуси рафиқаси вақтининг кўп қисмини бошқа эркак билан ўтказаётгани айни ҳақиқат эди.
Йигирма учинчи боб
Лэнгдоннинг юзи ҳамон майсазорга ишқаланганча ётар – Қироллик гвардияси соқчиси уни бутун гавдаси билан босиб турарди.
Ғалати жиҳати, профессор ҳеч нимани ҳис қилмасди.
Қайғу, қўрқув ва қаҳр – ҳаммаси бир бўлиб, Лэнгдонни карахт аҳволга туширганди. Дунёдаги энг бетакрор ақл эгаси – қадрдон дўсти, шогирди – ҳозиргина омма олдида ваҳшийларча ўлдирилди. У умридаги энг буюк кашфиётни ошкор этишга улгурмасдан жон берди.
Нафақат яқин инсони, балки буюк олимни йўқотиш фожиасига бардош беролмаган Лэнгдоннинг кўзидан бир қатра ёш юмалаб тушди.
“Энди дунё Эдмонднинг кашфиётидан ҳеч қачон хабар тополмайди.”
Бирдан Лэнгдоннинг томирларида қон кўпирди, юрагини ёндираётган алам ўти ичида у аниқ қарорга келди.
“Нима қилиб бўлмасин, сенинг ўлимингга жавобгар кимсаларни, албатта, топаман, Эдмонд! Сенинг меросингни сақлаб қоламан. Ваъда бераман, Эдмонд, кашфиётингни бутун оламга билдиришнинг иложини топаман.”
– Сен билгансан, – Лэнгдоннинг қулоғи остида қўриқчининг овози жаранглади. – Минбарга қараб келаётганингни кўрдим… Нималар бўлишини билгандек…
– Мен… мени огоҳлантиришди, – жавоб қайтарди Лэнгдон зўрға нафас олиб.
– Ким огоҳлантирди?!
Лэнгдон қулоқчини ҳалиям ёнида экани, лекин бироз букилиб қолганини ҳис қилди.
– Қулоқчин… Юзимдаги гарнитур… У аудиойўлбошловчи компьютер. Эдмонд Киршнинг компьютери огоҳлантирди мени. У меҳмонлар рўйхатидан шубҳали шахс – Испан денгиз кучларининг нафақадаги адмиралини топган.
Қўриқчининг боши Лэнгдоннинг қулоғига шунчалик яқин эдики, у бемалол агентнинг қулоғидаги рация мосламаси тилга кирганини эшитди. Алоқага чиққан одам ҳансираганча ахборот бера бошлади. Лэнгдоннинг испанчаси мақтангудек бўлмаса ҳам, айтилаётган ёмон хабарни тушунишга етди.
“el asesino ha huido…”
“қотил қочиб кетди…”
“salida bloquadа…”
“чиқиш эшиги беркитилган экан…”
“uniforme military blanco…”
“Ҳарбий форма” жумласи эшитилиши биланоқ Лэнгдонни маҳкам босиб турган соқчи бироз бўшашди.
– ¿Uniforme naval? – сўради у шеригидан. – Blanco… Como de almirande?
Жавоб тасдиқ шаклида бўлди.
"Денгизчилар мундири, – тушунди Лэнгдон. – Уинстон ҳақ экан.
Соқчи Лэнгдонни қўйиб юборди ва қаддини ростларкан, буйруқ берди:
– Ўтиринг.
Лэнгдон бир амаллаб орқасига ўгирилди, сўнг тирсагига таяниб ўтирди. Унинг боши айланар, кўкрагидаги оғриққа зўрға бардош берарди.
– Қочишни хаёлингизга ҳам келтирманг!
Шусиз ҳам Лэнгдонда жойидан жилиш нияти йўқ эди; камида юз кило тош босадиган мушакли қўриқчи аллақачон ўз ишининг устаси эканини исботлаб бўлганди.
– ¡Intemediatamente! – соқчи бақирганча маҳаллий полиция ва патрул хизматидан кўмак сўрай бошлади. – policíа local… bloqueos de sarretera…
Лэнгдоннинг кўзи ерда ётган Амбра Видалга тушди. Аёл ўрнидан туришга ҳаракат қилди, лекин мувозанатни сақлай олмай, яна ерга йиқилди.
“Кимдир ёрдам берса‐чи унга!”
Аммо соқчи гумбаз томонга қараб қичқирарди. Афтидан, кимга мурожаат қилаётганини ўзи ҳам аниқ билмасди:
– ¡Luces! ¡Y cobertura de móvil! – Чироқларни ёқинг, дарҳол мобил алоқани тикланг!
Лэнгдон қулоқчинга қўл чўзиб, уни тўғрилади ва қайта бошига ўрнатди.
– Уинстон, шу ердамисиз?
Соқчи ўгирилиб, Лэнгдонга ажабланиб қаради.
– Эшитаман, – деди Уинстон босиқ овозда.
– Уинстон, Эдмондни отишди. Ҳозироқ чироқларни ёқишимиз зарур. Мобил алоқани қайта ишга тушириш ҳам керак. Буни уддалай оласизми? Ёки кимгадир мурожаат эта оласизми?
Ҳеч қанча вақт ўтмай, гумбаздаги чироқлар яна ёғду таратиб, ойдин ўтлоқ кўздан йўқолди. Унинг ўрнида бўм‐бўш чойшаблар билан тўлган ташландиқ газон намоён бўлди.
Лэнгдоннинг ғайриоддий қудратидан таажжубга тушган соқчи унга яқинлашиб қўл чўзди ва ўрнидан туришига кўмаклашди. Икки эркак ёғду остида бир-бирига тикилганча қолди.
Қўриқчи баланд бўйли, тақирбош эди. Лэнгдон иккисининг бўйи деярли баравар келарди. Унинг мушакдор гавдаси кўк камзули ичида бўртиб турар, қон қочган юзида ҳиссиёт сезилмаса-да, ўткир кўзлари Лэнгдонга қадалганди.
– Сизни ҳали видеода кўргандим. Сиз Роберт Лэнгдонсиз.
– Шундай. Эдмонд Кирш менинг шогирдим ва дўстим эди.
– Мен Қироллик гвардияси агенти Фонсекаман, – ўзини таништирди соқчи соф инглизчада. – Анави денгизчилар мундирини кийган одам ҳақида билганларингизни сўзлаб берсангиз.
Лэнгдон минбар ёнида ҳаракатсиз ётган Эдмонднинг танасига ўгирилди: Амбра Видал жасаднинг қаршисида чўк тушганча ўтирар, унинг ёнида иккита музей соқчиси ва “Тез ёрдам” ходимлари бор эди. Эдмондни ҳаётга қайтариш учун қилинган уринишлар бесамар кетгач, Амбра уни оҳиста чойшаб билан ёпди.
Эдмонд жон таслим қилганди.
Лэнгдон кўзларини дўстининг жасадидан узолмасди.
– Биз унга ёрдам беролмаймиз, – деди соқчи қатъий овозда. – Билганларингизни айтинг менга!
Соқчининг овозидаги буйруқ оҳанги Лэнгдонни унга ўгирилишга мажбур қилди. У шоша‐пиша Уинстон айтган гапларни гапириб берди:
– Компьютер тизими меҳмонлардан бирининг қулоқчин ишлатмаётганини аниқлабди. Музей кузатувчиларидан бири қулоқчинни ахлат қутисидан топиб, текширишганда бу меҳмоннинг исми ташриф буюрувчилар рўйхатига сўнгги дақиқаларда киритилганини аниқлашиб, хавотирга тушишибди.
– Бўлиши мумкин эмас! – соқчининг кўзлари қисилди. – Ташрифчилар рўйхати кеча ёпилган. Ҳамма меҳмонлар қаттиқ назоратдан ўтган.
– Фақат бу одам эмас, – Уинстоннинг овози келди қулоқчиндан. – Мен ташвишланиб, дарҳол маълумотлар тўпладим. Билганим шу бўлдики, бу одам собиқ Испан денгиз кучлари адмирали, сурункали ичкиликбозлиги ва беш йил олдин Севильяда бўлган террорчилик ҳужуми оқибатида орттириб олган стресс туфайли нафақага чиққан.
Лэнгдон эшитганларини агентга баён этди.
– Черковдаги портлаш ҳақида эмасми гап? – ишончсизлик билан деди Фонсека.
– Бундан ташқари, – давом этди Уинстон, – офицернинг жаноб Киршга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини аниқлагач, хавотирим икки баробар ошди ва музей хавфсизлик хизматига мурожаат қилиб, фавқулодда чора кўришни сўрадим. Бахтга қарши, улар мендаги маълумотлар жонли эфирни барбод қилиб, ваҳима кўтариш учун етарли эмаслигини айтиб, рад жавоби беришди. Эдмонд бугунги тақдимотга қанчалик қаттиқ тайёргарлик кўрганини билганим учун уларнинг гапида жон бордек туюлди. Сўнг зудлик билан сизга алоқага чиқдим, Роберт. Адмирални топсангиз, соқчиларни тўғри уни қўлга олиш учун юбораман, деб режа қилгандим. Афсуски, улгурмадик. Менинг айбим ҳаммаси. Жиддий чора кўришим зарур эди. Мен Эдмондга панд бердим.
Компьютер ўзини айбдор ҳис қилиши Лэнгдонга бироз ғалати туюлди. У ортига ўгирилиб, Эдмонднинг чойшаб ёпилган танасига қаради ва Амбра Видалнинг яқинлашаётганини кўрди.
Фонсека аёлга эътибор қилмай, эътиборини Лэнгдонга қаратди.
– Бу компьютер, – сўради у, – мабодо, адмиралнинг исмини айтмадими?
Лэнгдон бош ирғади.
– Айтди. Унинг исми адмирал Луи Авила экан.
Исмни эшитиб, Амбра турган жойида қотиб қолди ва Лэнгдонга қаради, аёлнинг қиёфасида қўрқув акс этганди.
Аёлдаги ўзгаришни пайқаб, Фонсека дарҳол у томон юрди.
– Сеньорита Видал, бу исм сизга танишми?
Амбранинг жавоб қайтаришга ҳам ҳоли йўқ эди. У худди арвоҳни кўргандек қўрқув ичида нигоҳини ерга қадади.
– Сеньорита Видал, – такрорлади агент, – адмирал Луи Авила – бу исмни танийсизми?
Пайдо бўлган юз ифодаси Амбра қотилни чиндан ҳам танишига шубҳа қолдирмасди. У бир муддат жим қолди, сўнг кўзини очиб‐ёпди. Аёлнинг қора кўзларига нур қайтиб, гипноздан чиққандек бўлди.
– Йўқ… бу исмни эшитмаганман… – пичирлади у аввал Лэнгдонга, кейин Фонсекага қараб. – Шунчаки… қотил Испан денгиз кучлари офицери эканидан шокка тушдим…
"У алдаяпти, – ич‐ичидан ҳис қилди Лэнгдон аёл нима учун ҳақиқатни яширишга уринаётганидан боши қотиб. – Ахир, кўриниб турибди, у қотилни таниди".
– Меҳмонлар рўйхати билан ким шуғулланди? – сўради Фонсека аёл томон яна бир қадам ташлаб.
Амбранинг лаблари титраб кетди:
– Мен… мен билмайман…
Соқчининг сўроғи зал ичра тўсатдан жаранглай бошлаган мобил аппаратларнинг овози туфайли узилиб қолди. Уинстон мобил алоқани тиклашнинг чорасини топган кўринади. Фонсеканинг камзули ичидан ҳам жиринглаган товуш эшитилди.
Қўриқчи ўзига қўнғироқ бўлаётган рақамни кўргач, чуқур нафас олди ва жавоб берди:
– Ambra Vidal está а salvo. – Амбра Видал соғ‐саломат.
Лэнгдон ҳуши бошидан учган аёлга назар ташлаганда, Амбранинг ҳам ўзига тикилиб турганини кўрди. Уларнинг нигоҳлари тўқнашди.
Шу пайт қулоқчин ичида Уинстоннинг овози шивирлади:
– Профессор, – пичирлади у, – Луи Авила меҳмонлар рўйхатига қандай кириб қолганини Амбра Видал жуда яхши билади. Чунки исмни унинг ўзи қўшган.
Эшитган хабарини таҳлил қилиш учун Лэнгдонга бир неча сония кетди.
“Амбра Видал қотилни меҳмонлар рўйхатига ўзи жойладими?
Ва энди ҳеч нарса билмаслигини таъкидлаяптими?”
Лэнгдон гап нимадалигини англашга улгурмасдан Фонсека қўлидаги телефонни Амбрага тутқазди:
– Don Julian quiere hablar con usted. Дон Хулиан сиз билан гаплашмоқчи.
Амбра телефонни кўриб, сесканиб кетди ва деди:
– Унга аҳволим яхшилигини етказинг. Бироздан сўнг ўзим алоқага чиқаман.
Қўриқчи қулоқларига ишонмади. Бўлғуси қиролни рад этишга қандай ҳадди сиғди экан? У телефонни қўли билан тўсиб, Амбрага шивирлади:
– Su alteza Don Julián, el príncipe, ha pedido.
– Унинг шаҳзода эканининг менга фарқи йўқ! – тутаб кетди аёл. – У ростдан ҳам менинг эрим бўлмоқчи экан, керакли вақтда менга эркинлик беришни ўрганишига тўғри келади. Ҳозиргина қотилликка гувоҳ бўлдим, кўз олдимда одам ўлдиришди. Ўзимга келишим учун вақт керак. Айтинг унга: ўзим алоқага чиқаман бироз ўтиб.
Фонсека аёлга қаради. Соқчининг нигоҳида ҳурматсизлик аломатлари мавжуд эди. Кейин ўгирилиб, суҳбатни ёлғиз давом эттириш учун нари кетди.
Гувоҳи бўлган суҳбат Лэнгдонга кичик жумбоқни ечишга ёрдам берди. “Амбра Видал ворис шаҳзода Хулианга унаштирилган экан‐да.” Амбра Видал барчанинг эътибор марказидалиги, Қироллик гвардиясининг тақдимотда ҳозирлиги сабаби ошкор бўлди. “Лекин аёл нега энди бўлғуси эрининг қўнғироғига жавоб бермади? Бўлиб ўтган фожеани жонли эфирда кўргани учун шаҳзода хавотирланаётган бўлса керак.”
Шу он Лэнгдоннинг миясида яна бир фикр чақнади.
“Э Худойим… демак, Амбра Видал Мадриддаги қироллик саройига алоқадор экан.”
Кутилмаган вазиятдан Лэнгдоннинг танаси муздек терга ботди. Унинг қулоқлари остида епископ Вальдеспинонинг таҳдидга тўла овозли хабари жарангларди.
Йигирма тўртинчи боб
Мадриддаги қироллик саройидан икки юз метр наридаги Алмудена собори. Епископ Вальдеспино бир зум нафас олишдан тўхтади. У ҳануз шоҳона либосда компьютери қаршисида қотиб ўтирар, Бильбаодан узатилаётган жонли эфирдан тили калимага келмай қолганди.
“Бу энг катта янгилик бўлади.”
Вальдеспино глобал медиа аллақачон ўз ишини бошлаб юборганига гувоҳ бўлди. Кўзга кўринган нашрлар таниқли диний уламолару олимларни Кирш кашфиётини муҳокама қилишга таклиф қиларди. Ҳамма Эдмонд Киршни ким ва нима учун ўлдиргани тўғрисида ҳар хил тахминларни илгари сурмоқда эди. Тез орада медиа бир овоздан кимдир Киршнинг ихтироси дунё юзини кўришига йўл қўймаслик учун шундай йўл тутди, деган қарорга келди.
Анча муддат ўйланиб турган Вальдеспино қўл телефонини олиб, керакли рақамларни терди.
Раввин Кёвеш биринчи гудокдаёқ жавоб берди:
– Қандай даҳшат! – қичқираёзди раввин. – Ҳаммасини кўрдим телевизорда. Дарҳол ҳукумат вакиллари билан алоқа ўрнатиб, уларга билганларимизни айтмоғимиз зарур.
– Раввин, – деди Вальдеспино қатъий овозда, – воқеалар ривожининг даҳшатли тус олганига қўшиламан. Аммо бирор чора кўришдан аввал яхшилаб ўйлаб кўрайлик.
– Ўйлайдиган ҳеч нарса йўқ ҳозир! – тутақиб кетди раввин. – Кўриниб турибди: кимдир Киршнинг кашфиётини фош этмаслик учун хунрезлик қилмоқда. Саиднинг ўлимида ҳам уларнинг қўли борлигига ишончим комил. Улар, ҳойнаҳой, биз ҳақимизда ҳам яхши билишса керак… Энди бизга навбат келди. Ҳукуматга бориб, Кирш бизга кўрсатганларини айтиш иккимизнинг ахлоқан бурчимиз!
– Ахлоқан бурч? – истеҳзо билан сўради Вальдеспино. – Кашфиётни оммага ёйиш орқали ҳеч кимда жонимизга қасд қилишга сабаб қолмаслигини ўйлаётгандирсиз, балки?
– Хавфсизлигимиз ҳам муҳим, албатта, – эътироз билдирди раввин. – Аммо дунё олдидаги ахлоқий бурчимизни унутмаслигимиз керак. Киршнинг кашфиёти фундаментал диний эътиқодларни шубҳа остида қолдиришини англаб турибман. Шундай бўлса ҳам, узоқ йиллик умрим давомида бир ҳақиқатга гувоҳ бўлдим: ишонч ҳамиша яшаб қолади, ҳатто энг даҳшатли қийинчиликлар ҳам ишончни йўқотолмайди. Киршнинг янгилигини ошкор этсак‐да, эътиқод сақланиб қолишига шубҳам йўқ.
– Сизни тушунаман, дўстим, – имкон қадар босиқлик билан гапиришга ҳаракат қилди епископ. – Овозингиздаги қатъийликни сездим. Фикрингизни ҳурмат қиламан, раввин. Билишингизни истардимки, мен очиқ муҳокамага розиман. Кашфиётни дунёга ошкор этмоқчи эканмиз, келинг, бу ишни бирга қилайлик, тонг ёришганда. Ғурур билан. Даҳшатли қотилликдан чўчиб эмас, балки шон‐шараф ҳимояси учун. Келинг, ҳаракатларимизни яхшилаб ўйлаб, янгиликни қандай қолипда дунёга етказишни режалаштирайлик.
Кёвеш сукут сақлади. Унинг оғир нафас олиши Вальдеспинога эшитилиб турарди.
– Раввин, – гапида давом этди епископ, – айни дамда энг ташвишланарли масала – бизнинг хавфсизлигимиз. Қотилларга ўралашиб қолдик, кўриб турибсиз. Агар одамларнинг эътиборини ўзингизга жалб қилсангиз, айтайлик, ҳокимиятга ёки телевизорга чиқсангиз, бунинг натижаси хайрли тугамаслиги мумкин. Сарой ичида мени яхши қўриқлашади, лекин сиз… сиз Будапештда ёлғизсиз. Шубҳасиз, Киршнинг кашфиёти ҳаёт‐мамот масаласи экани аниқ. Илтимос, хавфсизлигингизни таъминлашга изн беринг, Иеҳуда!
Кёвеш ҳайрон бўлиб, сўради:
– Мадриддан туриб мени ҳимоя қилоласизми? Қандай қилиб?..
– Қироллик оиласи менга хавфсизлик хизматини тақдим этган. Эшикни ҳеч кимга очмай, уйингизда ўтиринг. Қироллик гвардиясидан иккита агентни юбориб, сизни Мадридга олиб келтираман. Бу ерда, қасрда, хавфсизлигингиз кафолатланади, ана шунда, сиз билан бемалол, юзма‐юз ўтириб, келгуси масалаларни муҳокама қилиб оламиз.
– Агар Мадридга борсам‐у… – иккиланди раввин, – лекин келиша олмасак‐чи сиз билан?
– Ундай бўлмайди, – епископ уни ишонтирди. – Консерватор бўлсам-да, реалистман, сизга ўхшаб. Биргалашиб, энг маъқул чорани ўйлаб топамиз. Бунга ишонаман!
– Агар ишончингиз панд берса… – босим ўтказди Кёвеш.
Вальдеспинонинг асаби таранглашди, бироқ ўзини босди, чуқур нафас олиб, хотиржам жавоб қайтаришга киришди:
– Иеҳуда, охирида иккимиз бир қарорга келолмасак, дўст бўлиб қоламиз ва ўзимиз яхши деб билган ишга киришамиз. Ваъда бераман, худди шундай бўлади.
– Миннатдорман, епископ, – жавоб қайтарди Кёвеш. – Ваъдангизга ишониб, Мадридга бораман.
– Келишдик. Айни пайтда эшигингизни қулфланг, ҳеч ким билан гаплашманг, нарсаларингизни йиғиштиринг. Ҳаммаси тайёр бўлиши биланоқ, сизга нима қилиш кераклигини айтаман, – Вальдеспино тин олди. – Ишончингизни йўқотманг. Тез орада кўришамиз.
Вальдеспино алоқани узиб, юрагини чангаллади.
“Кёвешни назорат қилиш учун ялиниб‐ёлворишнинг ўзи етмайди чоғи.
Кёвеш ваҳимага тушиб қолди… Худди Саид каби.
Иккови ҳам асл манзарани кўра олишмади.”
Епископ ноутбукини ёпиб, қўлтиғига қисганча ташқарига йўналди ва нимқоронғи йўлак бўйлаб кетди. У собор ташқарисига чиқиб, муздек тунги ҳаводан симириб нафас олди. Сўнгра майдонни кесиб ўтиб, қироллик саройи томон жўнади.
Вальдеспино саройнинг асосий кириш эшиги тепасига ўрнатилган Испания гербига назар солди. Гербда иккита Геркулес устуни ҳамда “Plus Ultra” – “янада олдинга” маъносини берувчи қадимий шиор билан ўралган тож акс этганди. Баъзилар бу шиор бир неча аср аввалги Испания олтин асрида бошқа ҳудудларни эгаллашга чорловни билдиради, деб ишонса, бошқалар жаннатдаги ҳаёт мана шу устунлар оралиғида жойлашган, деган қарашга қўшиларди.
Нима бўлганда ҳам, епископ шиор кундан‐кун аҳамиятини йўқотаётганини ҳис қилди. Сарой узра ҳилпираб турган испан байроғига кўз ташларкан, чуқур хўрсинди, кўз олдига ўлаётган қирол келди.
“Унинг қадри билинади менга.
Ундан беҳад қарздорман.”
Сўнгги ойларда Вальдеспино ҳар куни шаҳар ташқарисидаги “Palacio de la Sarsuela”да бетоб ётган севимли дўсти – испан қироли ҳузурига боради. Бир неча кун аввал қирол епископни ёнига чорлади, унинг нигоҳларида ташвиш зоҳир эди:
– Антонио, – шивирлади қирол, – ўғлимнинг унаштируви… шошилинч қарор бўлди, деб қўрқаман.
“Аниқроқ айтганда, аҳмоқона қарор”, деб ўйлади епископ.
Икки ой муқаддам шаҳзода танишганига кўп бўлмаса ҳам, Амбра Видалга уйланмоқчи эканини Вальдеспинога айтганди. Ўзбошимча қарордан ақли шошган епископ Хулиандан мулоҳаза билан иш тутишини сўраб ёлворди. Шаҳзода Амбрани севишини ҳамда отаси ягона фарзандининг тўйини кўришга ҳаққи борлигини айтиб, эътироз билдирди. Бундан ташқари, Хулиан агар Амбра билан турмуш қурмоқчи бўлса, аёлнинг ёшини инобатга олиб, шошилишлари кераклигини таъкидлаганди.
Вальдеспино қиролга қараб синиқ жилмайди:
– Гапингизда жон бор, қиролим. Дон Хулианнинг кутилмаган таклифи ҳаммамизни ҳайратга солди. Бироқ фарзандингиз сизни бахтли қилишни истади, холос.
– Ўғлим мамлакати олдидаги бурчини бажариши зарур, отаси олдидаги эмас! – беҳол гапирди қирол. – Сеньорита Видал ёқимтой бўлиши мумкин, барибир уни яхши билмаймиз, у бизнинг қатламга бегона. Дон Хулианнинг таклифини қабул қилиши ортида қандай мақсадлар ётгани мени қизиқтирмоқда. Жуда шошилинч никоҳ таклифини ўзини ҳурмат қилган аёл рад этган бўларди.
– Ҳақсиз, Зоти олийлари, – маъқуллади Вальдеспино, Дон Хулиан аёлга деярли танлов имкониятини қолдирмаганини билса ҳам.
Қирол оҳиста қўл чўзиб, епископнинг қоқсуяк қўлидан тутди:
– Қадрдоним, вақтнинг елдек ўтишини қаранг. Иккимиз ҳам улғайдик. Сизга миннатдорчилик билдиришни истайман. Йиллар давомида донолик билан маслаҳатларингизни аямадингиз, энг оғир дамларда – рафиқамни йўқотганимда, мамлакатимиздаги ўзгаришлар даврида ёнимда бўлдингиз. Билдирган ишончингиз менга қувват бағишлади.
– Дўстлигимиз – мен учун улкан шараф! Доим уни қадрлайман!
Қирол жилмайди:
– Антонио, биламан, мен билан қолиш учун кўп қурбонликлар бердингиз. Римдан воз кечишингизга тўғри келди.
Вальдеспино елка қисди:
– Кардинал бўлишим мени Худога яқинлаштириб қўймасди. Менинг жойим ҳамиша шу ерда, сизнинг ёнингизда бўлган.
– Садоқатингиз – ҳақиқий бойлик.
– Қиролим, йиллар мобайнида кўрсатган самимиятингизни мен ҳам асло унутмайман.
Қирол кўзини юмиб, епископнинг қўлини маҳкам қисди:
– Антонио… хавотирдаман. Ҳадемай, ўғлим улкан кеманинг капитанига айланади, лекин у ҳали тайёр эмас. Илтимос қиламан, унга йўл кўрсатинг. Унинг йўлчи юлдузи бўлинг. Мураккаб вазиятларда қўллаб‐қувватланг, йиқилишига йўл қўйманг. Энг муҳими… агар йўлдан адашса, ёлвораман, Антонио, тўғри йўлни топишига кўмак беринг.
– Омин, – шивирлади епископ. – Сўз бераман, Зоти олийлари, айтганингиздек бўлади.
Муздек оқшомда майдонни кесиб ўтаркан, Вальдеспино самога боқди. "Қиролим, илтимос, унутманг, нима қилсам ҳам, сўнгги тилакларингизни бажо келтириш учун қиляпман."
Епископни бир нарса тинчлантирарди: қирол телевизор кўриш учун жуда ҳолсиз эди. Агар Зоти олийлари бугун Бильбаода содир бўлган воқеаларни кўрганда борми, севимли мамлакати бошига тушган кунларни юраги кўтаролмаган бўларди.
Вальдеспинонинг ўнг тарафида, темир дарвозалар ортида, Бейлен кўчаси бўйлаб телевидение автобуслари тўпланиб, сунъий йўлдош антенналарини кенгайтирмоқда эди.
"Қузғунлар", деб ўйлади епископ уларни кўриб.
Оқшомги шамол унинг ридосини ҳилпиратарди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?