Электронная библиотека » Дэн Браун » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Ибтидо"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Дэн Браун


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 37 страниц) [доступный отрывок для чтения: 12 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ўттиз биринчи боб

СEЧEНИ ЗАНЖИР КЎПРИГИ – Будапештдаги саккиз кўприкдан бири – уч юз метрдан узунроқ бўлиб, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқа рамзи ҳисобланади. Шу билан бирга у дунёдаги энг чиройли кўприклардан бири саналади.

"Нималар қиляпман, – ўйлади Кёвеш пастдаги қорайиб оқаётган сув тўлқинларига кўз ташларкан. – Епископ уйда ўтиришни тайинлаганди".

Ҳар сафар юраги сиқилганда кўприкка келиш Кёвешга одат бўлиб қолганди. Қартайиб қолган раввин сокин оқшом оғушида кўприк бўйлаб оҳиста сайр қилар, дарёнинг ўзгармас манзарасидан завқ оларди. Шарқ томонда – Пештда Авлиё Стефан черкови қўнғироқлари рўпарасида мағрур бўй ростлаган Грешем саройи фасади кўриниб турибди. Ғарбда – Буда, тоғ бағрида қад кўтарган Буда қасри деворлари акс этади. Шимол тарафда Дунай қирғоқларида Будапештдаги энг катта иморат – парламент гумбази кўзга ташланади.

Лекин Кёвешни кўприкка фақат мафтункор манзаралар жалб этмасди, асл сабаб бошқа эди.

“Қулфлар!”

Кўприк панжаралари ва занжирларига юзлаб қулфлар илинганди. Қулфларнинг ҳар бирига бир жуфт ҳарф битилган ва кўприкка мангу қулфланганди.

Анъанага кўра, икки севишган бу кўприкка бирга келиб, исмларининг бош ҳарфини қулфга ёзади ва қулфни кўприк панжарасига маҳкамлайди. Сўнг калитни дарёга отиб юборади. Шошқин сувга тушган калит абадий йўқолади ва бу севишганларнинг алоқаси умрбод давом этиши рамзи саналади.

“Энг оддий қасам, – ўйлади Кёвеш қулфлардан бирини ушлаб, – бизнинг қалбимиз умрбод боғлангандир.”

Агар Кёвеш дунёда чексиз муҳаббат борлигини ёдга олмоқчи бўлса, у мана шу қулфларни кўргани келади. Бугун худди шундай кун эди. Ўралиб оқаётган сувга тикиларкан, раввин катта тезликда ўзгараётган дунё билан ҳамнафасликни сақлашга ортиқ бардоши қолмаганини ҳис қилди. “Балки, менинг вақтим тугагандир…”

Бир вақтлар инсонда ёлғиз қолишга фурсат топиларди: автобусда, ишга пиёда кетаётганда ёки кимнидир кутаётганда одам ўзи билан мулоқот қилиши мумкин эди. Ҳозир эса ёлғиз қолди дегунча одамлар телефонига ёпишади, қулоқчин тақади ва аллақандай ўйинларга берилиб кетади. Улар технологиянинг қулига айланиб бўлди. Ўтмиш мўъжизалари янгиликлар тумани ичра кўздан йўқолмоқда.

Дарёга қараб Иеҳуда Кёвеш чарчоқни ҳис қилди. Унинг кўзлари тина бошлади, сув юзасида алламбало шакллар сузаётгандек кўринди.

– А víz él, – деди кимдир орқадан. – Сувнинг ҳам жони бор.

Раввин ўгирилиб, жингалак сочли, кўзлари чақнаб турган болани кўрди. Болакай унга ёшлигини эслатиб юборди.

– Нима дединг? – сўради раввин.

Болакай гапириш учун оғиз очди, аммо оғзидан сўз ўрнига электрониканинг дириллаши эшитилди, кўзларида эса ўткир нур чарақлади.

Кёвеш сесканиб уйғонди. У креслосида ўтирганча ухлаб қолганди.

“Oy gevalt!”

Столдаги телефон асабий жирингларди, раввин ўгирилиб хосхонасини ваҳима ичра кўздан кечирди. Хайрият, бир ўзи экан. Кёвешнинг юраги дукиллаб урарди.

“Жуда ғалати туш”, ўйлади Кёвеш нафас ростлашга уриниб.

Телефон тинмасдан жиринглашда давом этди. "Ҳойнаҳой, епископ Вальдеспино Мадридга сафари тўғрисида хабар бериш учун қўнғироқ қиляптимикан."

– Епископ, – гўшакка жавоб берди раввин, – нима янгилик?

– Раввин Иеҳуда Кёвешмисиз? – сўради нотаниш овоз. – Сиз мени билмайсиз ва мен сизни қўрқитмоқчи эмасман. Илтимос, мени диққат билан эшитинг.

Кёвешнинг уйқуси тарқаб кетди.

Овоз аёл кишиники эди, лекин қандайдир ғалати эшитиларди. Қўнғироқ қилувчи бироз испанча талаффуз билан инглизчада гапирди:

– Хавфсизлик нуқтаи назаридан, овозимни ўзгартириб гапиряпман. Бунинг учун маъзур тутгайсиз. Тез орада ҳаммасини тушунасиз.

– Ким бу? – сўради Кёвеш.

– Ҳақиқат тарафдориман. Ҳақиқатни оммадан яширмоқчиларга қарши одамман.

– Т…тушунмадим?

– Раввин Кёвеш, уч кун аввал Монсеррат ибодатхонасида епископ Вальдеспино, аллома Саид ал‐Фадлга қўшилиб Эдмонд Кирш билан учрашганингизни биламан.

"Қаердан аниқлади буни?"

– Бундан ташқари, Эдмонд Кирш сизларга кашфиёти ҳақида кенг маълумот берганини ва ҳозир кашфиётни яшириш масаласида баҳс кетаётганидан ҳам хабардорман.

– Нималар деяпсиз?

– Агар мени диққат билан эшитмасангиз, гаров ўйнайман, эрталабгача Вальдеспинонинг узун қўллари орқали йўқ қилинасиз, – аёл тин олди. – Худди Эдмонд Кирш ҳамда Саид ал‐Фадл сингари…

Ўттиз иккинчи боб

Нервион дарёсини кесиб ўтган Ла Сальве кўприги Гуггенҳайм музейига шу даражада яқин жойлашганидан, иккаласи бир‐бирига уланиб кетгандек кўринади. Кўприк марказида кўзга яққол ташланадиган H ҳарфи шаклидаги қип‐қизил марказий тиргак жойлашган. Афсоналарга кўра, дарё орқали денгиздан қайтаётган денгизчилар кўприкни кўргач, уйга соғ‐саломат етиб келишгани учун ибодат қилишган. Шу тариқа кўприк Ла Сальве номини олган.

Музейнинг қўшимча эшиги орқали қочган Амбра билан Лэнгдон дарё қирғоғигача бўлган қисқа масофани тезда босиб ўтди ва Уинстон тайинлагандек кўприк тагидаги йўлакда кута бошлади.

“Нимани кутяпмиз ўзи”, таажжубланди Лэнгдон.

Ҳаво анчагина салқин эди. Ним қоронғиликда Лэнгдон аёлнинг юпқа кўйлак остидаги нозик жуссаси дағ‐дағ титраётганини сезгач, дарров костюмини ечиб Амбранинг елкасига ташлади.

Кутилмаганда аёл ўгирилиб, Лэнгдонга қаради.

Профессор бўлғуси қироличани совуқдан асрайман, деб қилган иши ҳурматсизлик сифатида қабул қилинди, деб ўйлаб чўчиб тушди. Аммо Амбранинг нигоҳида жаҳлдан кўра миннатдорлик акс этганди:

– Раҳмат сизга, – пичирлади аёл. – Ёрдамингиз учун раҳмат.

Амбра кўзини узмасдан, худди бир илиқлик ёки хотиржамликни ҳис қилмоқчидек, Лэнгдоннинг қўлини ушлаб маҳкам сиқди. Сўнг дарҳол қўйиб юборди ва хижолатомуз:

– Кечирасиз, ойим айтгандек: Сondusta Impropia (Бу ишим тўғри эмас), – деди.

Лэнгдон тасалли бериб, табассум қилди:

– Мени ойим буни “Вазият тақозоси” деб айтган бўларди.

Амбра жилмайишга уринди, лекин уддалай олмади:

– Ўзимга келолмаяпман, – деди аёл нигоҳини олиб қочиб. – Бечора Эдмонд…

– Чиндан ҳам… даҳшат, – жавоб қайтарди Лэнгдон. У ҳам ҳанузгача ўзини тўлиқ қўлга ололмаган, кечинмаларини ифодалашга қийналарди.

Амбра сувга тикилди.

– Бўлғуси турмуш ўртоғим, шаҳзода Хулианнинг қотилликка алоқадорлигини ўйласам…

Аёлнинг овозидаги оғриқли оҳангни эшитган Лэнгдон нима деб жавоб қайтаришни билмади.

– Вазият чиндан ҳам шубҳали, – эҳтиёткорлик билан гап бошлади у. – Лекин ҳали исботланмаган. Эҳтимол, шаҳзода Хулиан қотиллик тўғрисида умуман бехабардир. Қотил бир ўзи ёки шаҳзодадан бошқа одам билан ишлаган бўлиши мумкин. Испаниянинг бўлғуси қироли омма кўз олдида қотиллик уюштириши, бу ҳам етмагандек, тўғри ўзига бошлаб борадиган из қолдириши мантиққа тўғри келмаяпти.

– Уинстон бўлмаганда из шаҳзодага етаклаётганини билмасдик. Авила меҳмонлар рўйхатига охири қўшилганини Уинстон аниқлади, шу тариқа қотилни топдик. Хулиан, ҳойнаҳой, тепкини ким босганини ҳеч ким билмайди, деб ўйлаган бўлса керак.

Лэнгдон аёлнинг гапида жон борлигини тан олди.

– Эдмонднинг тақдимоти ҳақида Хулианга айтмаслигим керак эди, – давом этди Амбра Лэнгдонга ўгирилиб. – Хулиан мени тақдимотда қатнашмасликка ундади, шунда унга тақдимот олдиндан видеога ёзиб олинганини айтиб, менинг иштироким арзимас даражада бўлишига ишонтирдим. Адашмасам, Эдмонд кашфиётини смартфони орқали эфирга узатиши тўғрисида ҳам гапириб бердим, – аёл тин олди. – Агар улар Эдмонднинг телефонини олганимизни кўрган бўлса, кашфиёт ҳануз оммага ошкор этилиши мумкинлигини жуда яхши тушунган. Бизни тўхтатиш учун Хулиан нималарга қодирлигини тасаввур ҳам қилолмайман.

Лэнгдон соҳибжамол аёлга узоқ муддат тикилиб қолди:

– Бўлажак эрингизга умуман ишонмайсизми?

Амбра чуқур нафас олди:

– Гап шундаки, мен Хулианни сиз ўйлаганчалик яхши билмайман.

– Унда нега турмуш қуряпсиз у билан?

– Чунки Хулиан менга бошқа чора қолдирмади.

Лэнгдон жавоб бериш учун оғиз жуфтлади. Шу пайт кўприк тагидаги ғорсимон бўшлиқда акс‐садо бериб, гумбурлаган овоз эшитилди. Тобора баландлаб бораётган гулдурос зарбидан оёқ остидаги бетон ларзага келарди. Товуш келаётган ўнг томонга, дарёга ўгирилган Лэнгдон катта тезликда келаётган моторли қайиққа кўзи тушди. Чироқлари ўчирилган қайиқ қирғоққа яқинлашаркан, тезлигини пасайтирди ҳамда тўғри уларнинг ёнида тўхтади.

Қайиққа қараган Лэнгдоннинг кўнгли ёришди. Ҳозирги дақиқагача у Эдмонднинг компьютер гидига қанчалик ишониш мумкинлигига амин эмасди. Аммо энди ёнига келган сариқ сув таксисини кўргач, Уинстон ростдан ҳам энг яхши иттифоқчи эканига тан берди.

Қайиқ капитани қўл силкиб, уларни бортга таклиф қилди ва тушунтира кетди:

– Инглиз ёрдамчингиз менга қўнғироқ қилди ва ВИП мижоз уч карра кўпроқ ҳақ тўлашини айтди… Мендан фақат… нима дерди‐я… “velocidad i discreción” (тезлик ва эҳтиёткорлик) талаб қилинарди… Кўрдингизми, айтганингиздек бажардим. Ҳеч қандай чироқ йўқ!

– Гап бўлиши мумкин эмас, – мақтади Лэнгдон. "Баракалла, Уинстон, тез ва эҳтиёткор".

Капитан қўл чўзиб, Амбрани бортга чиқишига кўмаклашди. Аёл исиниб олиш учун кабинага кириб кетгач, кўз қисиб, Лэнгдондан сўради:

– Демак, ВИП мижозим – сеньорита Амбра Видал, шундайми?

– Velocidad i discreción – эслатди Лэнгдон.

– ¡Sí, sí! Албатта! – тасдиқлади капитан ва штурвал ёнига бориб, моторни ишга туширди. Бир неча лаҳзадан кейин моторли қайиқ Нервион дарёси бўйлаб қоронғилик ичра ғарбга томон сузиб кетди.

Қайиқнинг чап тарафига қараб, Лэнгдон сирена чироқларида товланаётган Гуггенҳайм музейининг улкан қора деразаларини кўрди. Тепада янгиликлар каналининг вертолёти чарх урарди.

“Бу ҳали бошланиши”, хаёлидан ўтказди Лэнгдон ва шимининг чўнтагидан Эдмонднинг ташриф қоғозини олиб, унга ёзилган кодни кўздан кечирди.

BIO ES346

Эдмонд бу ёзувни такси ҳайдовчисига кўрсатишни тайинлаганди, лекин сув таксистини назарда тутмаганлиги аниқ.

– Инглиз дўстимиз, – қичқирди Лэнгдон ўкираётган мотор товушини босишга уриниб, – сизга қаерга бориш кераклигини айтдими?

– Бўлмасам‐чи! Мен уни манзилга деярли олиб бораман, деб огоҳлантирдим, у муаммо йўқлигини айтди. Қайиқдан тушгач, уч юз метр пиёда юришингизга тўғри келади, майлими?

– Ҳаммаси жойида. Манзилга яна қанча бор?

Капитан дарё ёнидан ўтган автомобиль йўлига ўрнатилган белгига ишора қилди:

– Тўғри йўлдан борса, етти километр, дарёдан борса, бироз узоқроқ.

Лэнгдон йўлдаги ёришиб турган белгига тикилиб қаради:

AEROPUERTO BILBAO (BIO) 7 KM

“Бу жудаям содда код, Роберт.” Эдмонднинг овози қулоғида жаранглаб, Лэнгдон жилмайди. Шогирди ҳақ эди. Кейинроқ, ниҳоят тушунгач, оддийгина кодни ечиш учун кўп вақт сарфлаганидан Лэнгдон уялиб кетганди.

BIO чиндан ҳам код эди – лекин ҳар бир йўловчи бемалол тушуна оларди. Дунёда бу каби кодлар беҳисоб эди, масалан: BOS, LAX, JFK

BIO – маҳаллий аэропорт коди эди.

BIO топилгач, коднинг иккинчи қисми осон ечилди.

ES346

Гарчанд Эдмонднинг шахсий самолётини сира кўрмаган бўлса ҳам, Лэнгдон унинг борлигини биларди. Мамлакатнинг испанча номи – Españа бўлгани боис испан аэропортидаги самолётнинг борт рақами E билан бошланади.

Демак, ES346 – хусусий самолёт.

Шубҳасиз, ҳайдовчи ҳозир Лэнгдонни Бильбао аэропортига олиб борганда, у Эдмонднинг ташриф қоғозини хавфсизлик хизматига кўрсатади ва тўғри шогирдининг самолётига олиб борилади.

"Уинстон бораётганимиз ҳақида учувчиларни огоҳлантириб қўйган бўлсин-да", ўйлади Лэнгдон ортига қараб борган сари кўздан узоқлашаётган музейга тикиларкан.

Лэнгдон каютага кириб, Амбранинг ҳолидан хабар олмоқчи бўлди, аммо очиқ ҳавода ўзини яхши ҳис қилиб, аёлни ўзига келиб олиши учун бироз ёлғиз қолдиришга қарор қилди.

“Ўзим ҳам бироз холи қолсам ёмон бўлмасди”, дея профессор қайиқ тумшуғига қараб юрди.

Қайиқнинг олд томонида шамол сочларини тўзғитиб ўйнаркан, Лэнгдон бўйинбоғини ечиб, чўнтагига солди. Сўнг кўйлагининг юқори тугмасини ечиб, тўйиб нафас олганча, ўпкасини тунги ҳаво билан тўлдирди.

– Эдмонд, – шивирлади у, – нималар қилиб қўйдинг‐а?

Ўттиз учинчи боб

Шаҳзода Хулиан қоронғи хонада у ёқдан-бу ёққа асабийлашганча юриб, епископнинг маърузасини тингларди.

“Сизга тааллуқли бўлмаган ишларга бурнингизни тиқманг”, деб бақиришни истади Гарза айни фурсатда.

Вальдеспино яна бир бор сарой сиёсатига аралашаётганди. Шаҳзоданинг хонасида арвоҳдек пайдо бўлган епископ эгнидаги шоҳона диний ридони ялтиратиб, Хулианга испан анъаналарининг аҳамияти, ўтмишдаги қирол ва қироличаларнинг художўйлиги ва тушкунлик даврларида черковнинг ижобий таъсири тўғрисида берилиб маъруза ўқирди.

“Роса вақтини топди‐ку”, ўйлади командор тишларини ғичирлатиб.

Бугун шаҳзода Хулиан нозик масала юзасидан оммавий баёнот бериши керак. Гарза қилиши лозим бўлган ягона иш: иложи борича дон Хулианни Вальдеспинонинг диний таъсиридан ҳимоя қилиш.

Гарзанинг телефони жиринглаб, епископнинг монологи бўлинди.

– Sí, dime, – гўшакка жавоб берди командор баланд овозда – ¿Qué tal va?

– Жаноб, Бильбаодаги агент Фонсека гапиряпти, – тез гапирди кимдир трубкадан. – Қотилни қўлга ололмадик. “Убер” машинанинг изига тушолмади. Қотил ҳаммасини аввалдан режалаган чоғи.

Гарза ғазабини ичга ютиб, чуқур нафас олди, овозидаги оҳанг ички ҳиссиётларини кўрсатиб қўйишининг олдини олиб, босиқлик билан жавоб қайтарди:

– Тушунарли. Ҳозир Сеньорита Видалнинг хавфсизлигини ўйланг. Шаҳзода уни кутмоқда ва мен қисқа вақтдан сўнг хоним саройда бўлишини айтдим.

Гўшак ортига жимлик чўкди. Узоқ жимлик.

– Командор, – ниҳоят, гап бошлади Фонсека, – кечиринг, лекин бизда нохуш хабар бор. Афтидан, сеньорита Видал билан америкалик профессор бинони тарк этди, – у тин олиб, қўшиб қўйди. – Бизсиз тарк этди.

Командорнинг қўлидан телефон тушиб кетаёзди.

– Нима? Тушунмадим… Нима деяпсиз?

– Сеньор, Видал хоним ҳамда Роберт Лэнгдон иккови музейдан қочиб кетди. Видал хоним атайдан телефонини ташлаб кетибди, шу орқали бизнинг таъқибимиздан қутулмоқчи бўлган, адашмасам. Улар қаерга кетганини ҳозирча аниқлай олмадик.

Янгиликдан пешонаси тиришган Гарза ташвиш билан ўзига тикилган шаҳзоданинг нигоҳини сезди, Вальдеспино ҳам нималар бўлаётганига очиқчасига қизиқсиниб турарди.

– О-о-о, жудаям яхши янгилик! – хитоб қилди Гарза кутилмаганда. – Баракалла, болалар! Барчангизни интизорлик билан кутамиз. Транспорт ва хавфсизлик протоколларини ҳал қилсак бўлди. Бир дақиқа, кутиб туринг.

Гарза телефонини қўли билан тўсиб, шаҳзодага жилмайди:

– Ҳаммаси жойида. Мен ҳозир бошқа хонага чиқиб, айрим тафсилотларни муҳокама қилиб олишим зарур. Сизлар бемалол суҳбатингизни давом эттиринг.

Аслида, епископни шаҳзода билан холи қолдиришга командорнинг кўнгли чопмаётганди, лекин айни вазиятда уларнинг олдида телефонда ҳам гаплашолмасди. Шунинг учун у шаҳзоданинг хонасидан чиқиб, меҳмонларга мўлжалланган ётоқхоналардан бирига кириб, эшикни қулфлади.

– Qué diablos ha pasado? – вишиллади Гарза ёлғиз қолгач. – Жин урсин, нима бўлди ўзи?

Фонсека шоша‐пиша бўлиб ўтган воқеани гапириб берди.

– Чироқлар ўчиб қолди? – сўради Гарза. Эшитаётганлари унга ғирт хаёлотдек туюлаётганди. – Ўзини музей хавфсизлиги хизматчиси, деб таништирган компьютер сизларни адаштириб, бошқа йўналишга юборди? Буни қандай тушуниш мумкин?

– Жаноб, биламан, тасаввур қилиш қийин. Аммо ростдан шундай бўлди. Биз ҳозир нима сабабдан компьютер фикрини ўзгартириб, бошқа томонга ўтиб олганини тушунмаяпмиз.

– Фикрини ўзгартириб? Темир‐терсак фикрламайди, жин урсин!

– Айтмоқчиманки, дастлаб компьютер бизга кўп ёрдам берди – қотилликнинг олдини олмоқчи бўлди, жиноятчи шахсини аниқлади, шунингдек, қотил қочган машина “Убер”га тегишли эканини ҳам аниқлади. Кейин тўсатдан бизга қарши ишлай бошлади. Тушунишимиз бўйича, Роберт Лэнгдон нимадир деган бўлса керак. Чунки компьютер у билан суҳбатдан сўнг ўзгариб қолди.

“Энди компьютерга қарши жанг қиламизми?” Гарза ўзгариб бораётган замонни тушуниш учун қариб қолганини ҳис қилди.

– Агент Фонсека, бўлғуси қироличанинг америкалик билан қочиб кетгани шаҳзода Хулианни ҳам сиёсий, ҳам шахсий жиҳатдан қанчалик шармандали вазиятда қолдиришини эслатишимга ҳожат йўқдир. Қироллик гвардияси агентлари аллақандай компьютер тузоғига тушгани эса ўлганнинг устига тепгандек таъсир қилади.

– Ҳаммасини тушунамиз, жаноб.

– Икковининг қочишига нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз? Ғирт ақлсизлик бу.

– Профессор Лэнгдонга Мадридга боришини айтганимда эътироз билдириб, биз билан ҳеч қаёққа кетмаслигини дангал айтганди.

"Шунинг учун жиноят жойидан қочиб кетдими?" Гарзанинг юраги бу ерда бошқа бир гап борлигини сезди, лекин айнан нима эканини тополмади.

– Мени диққат билан тингланг. Ҳар хил гап-сўз тарқамасидан аввал Амбра Видални топишингиз ва саройга олиб келишингиз шарт!

– Тушунарли, жаноб. Лекин Диас иккимиз бутун Бильбаони ёлғиз қидириб чиқолмасак керак. Биз маҳаллий полицияни огоҳлантириб, йўлларга ўрнатилган камераларни текширишимиз, вертолётларни…

– Хаёлингизга ҳам келтирманг! – гапини чўрт кесди Гарза. – Бу шармандаликни кўтара олмаймиз. Ўз вазифангизни бажаринг. Уларни ўзингиз топинг ва сеньорита Видални имкон борича тезроқ ҳузуримизга етказинг.

– Хўп бўлади, жаноб.

Гарза телефонни ўчириб, иккиланганча бош чайқади.

У эндигина хонадан чиққанди, йўлакдан ўзи томон чопиб келаётган ёш аёлга кўзи тушди.

“Э Худойим, – ўйлади Гарза, – фақат ҳозир эмас.”

***

Моника Мартин – “Жамоатчилик билан алоқалар бўйича координатор”– яқинда ишга олинган саройдаги энг ёш ходим бўлиб, унинг асосий вазифаси матбуот билан алоқаларни ташкиллаш ҳамда пиар стратегиялар юритишдан иборат эди. Ёш бўлишига қарамай, Моника ишини қойиллатиб уддаларди.

Йигирма олти ёшида Мартин Мадриддаги Комплутенсе университетида магистрлик даражасини ёқлади ва дунёдаги энг нуфузли компьютер мактабларидан бири – Пекиндаги Цинхуа университетида икки йил тажриба ўтади. Шундан сўнг таниқли “Grupo Planeta” ишлаб чиқариш ҳолдингида пиар менежер вазифасида ишлагач, испан телетармоғи “Антенна-3”да жамоатчилик билан алоқалар бўлими директори лавозимини эгаллади.

Ўтган йили Испания ёшлари билан рақамли медиа орқали боғланиш ҳамда “Facebook”, “Twitter” сингари гуллаб‐яшнаётган ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари, блоглар билан ҳамнафас қадам ташлашга қилинган бесамар уринишлардан кейин сарой йиллар давомида қоғозли ахборотдан бошқасини тан олмаган пиар менежерни ишдан бўшатди. Унинг ўрнига замонавий техника устаси бўлган Моника Мартин билан ҳамкорлик бошлади.

Мартин саройга шаҳзода Хулиан ёрдами билан ишга кирганини Гарза яхши биларди.

Ёш аёлнинг сарой ходимига айланиши – шаҳзода Хулианнинг камдан‐кам содир бўладиган сарой сиёсатига аралашуви оқибати эди. Мартин ўз ишининг устаси саналса ҳам, Гарзага аёлнинг ваҳимачилиги ва асабийлиги умуман ёқмасди.

– Конспирологлар… – деди Мартин планшетини силкиганча командорга яқинлашаркан, – ҳамма жойни бузиб ташлашяпти хабарлари билан.

Гарза ишонқирамай аёлга қаради. “Наҳотки? менга қизиқ бўлса шу?” Конспирологларнинг миш‐мишисиз ҳам командорда бош қотириш учун етарлича муаммо қалашиб ётибди.

– Қироллик қароргоҳида нима қилиб айланиб юрганингизни айтолмайсизми?

– Назорат хизмати бу ердалигингизни GPS орқали аниқлади, – Гарзанинг камаридаги телефонга ниқтади Мартин.

Командор жаҳлини ютиш учун кўзини юмиб, оғир нафас чиқарди. Янги пиар координаторга қўшимча равишда сарой яқинда “электрон хавфсизлик бўлинмаси” ташкил қилган бўлиб, бу бўлинма Гарза жамоасини GPS хизмати билан таъминлар, бундан ташқари, тармоқлардан маълумот тўплаш, ходимларнинг шахсий маълумотларини таҳлил қилиш ҳамда рақамли назорат билан шуғулланарди. Кундан‐кунга Гарзанинг қўшини таркиби ёшариб бораётганди.

“Назорат хонамизнинг университет кампусидаги талабалар компьютер марказидан фарқи йўқ.”

Афтидан, гвардия агентларининг изига тушиш учун фойдаланиладиган янги технология Гарзанинг ўзига қарши ишлаяпти, шекилли. Бир тўда чурвақалар ертўлада ўтирволиб, ҳар қадамингдан бохабар бўлиб туриши ҳақида ўйлаш командорни асабийлаштирди.

– Мен сизнинг ёнингизга келдим, – деди Мартин планшетини кўтариб. – Сиз буни кўришингиз керак.

Гарза дарҳол планшетни олиб, кўз ташлади. Экранда Бильбаодаги жиноятчи сифатида эътироф этилаётган кулранг соқолли испан – адмирал Луи Авиланинг сурати ва биографияси турарди.

– Нохуш миш‐мишлар юрибди, – деди Мартин, – энг кўпи Авила қироллик оиласининг собиқ ходими экани тўғрисида.

– Авила денгиз кучларида ишлаган! – чўрт кесди Гарза.

– Тўғри. Лекин расман денгиз кучларининг бошлиғи қирол ҳисобланади…

– Жим бўлинг! – буйруқ берди Гарза планшетни қайтараркан. – Қиролнинг террорчилик ҳужумига алоқаси бор, деб тахмин қилиш фитначи аҳмоқларнинг қуруқ туҳмати, холос, бизга алоқаси йўқ. Ўзингизни қўлга олинг ва ишингизни қилинг. Бу телба қироличани ўлдириши ҳам мумкин эди, лекин америкалик атеистни танлабди. Умуман олганда, ҳаммаси яхшиликка бўлди.

Мартин жойидан жилмади.

– Бу ҳали ҳаммаси эмас, жаноб. Қироллик оиласига тааллуқли яна бир нарса бор. Ўйлашимча, сиз буни билишингиз керак.

Мартин гапидан тўхтамай, бармоғини планшетга теккизиб, бошқа сайтга кирди.

– Мана бу расм бир неча кундан бери тармоқларда бўлган, лекин ҳеч ким пайқамаган. Ҳозир эса Эдмонд Кирш билан боғлиқ воқеалардан сўнг янгиликларда пайдо бўла бошлади.

Аёл планшетни Гарзага узатди.

Командор сарлавҳани ўқиди: “Бу футуролог Эдмонд Киршнинг сўнгги суратими?”

Хира расмда қорa костюм кийган Эдмонд Кирш жар устидаги қоя ёқасида турарди.

– Расм уч кун аввал, Кирш Монсеррат ибодатхонасига борган вақтда олинган, – давом этди Мартин. – Бир ишчи Киршни таниб қолади ва билдирмасдан расмга олади. Бугунги қотилликдан кейин ишчи расмни қайта пост қилиб, марҳумнинг энг охирги олинган сурати эканини таъкидлади.

– Хўш, буни бизга нима алоқаси бор? – киноя билан сўради Гарза.

– Давомини кўринг.

Гарза бармоғини юргазиб, сайтнинг пастига тушди ва иккинчи расмни кўриб, деворга суяниб қолди.

– Бу… бўлиши мумкин эмас!

Иккинчи расм биринчисининг катталаштирилган нусхаси бўлиб, Эдмонд Киршнинг ёнида анъанавий католик либоси кийиб олган одам бор эди. Гарзага сиёҳ ранг сутандаги епископ Вальдеспинони таниш қийин бўлмади.

– Бу ҳақиқат, жаноб, – деди Мартин. – Вальдеспино бир неча кун олдин Эдмонд Кирш билан кўришган.

– Аммо… – иккиланди Гарза нима дейишни билмай, – аммо нега епископ бу ҳақда индамади? Айниқса, бугунги ишлардан кейин…

Мартин бош ирғади:

– Айнан шунинг учун ёнингизга келдим.

Вальдеспино Кирш билан кўришган! Бу янгилик Гарзанинг миясини эгаллаб олди. Ва епископ буни яширмоқдами? Ташвишли хабар. Зудлик билан шаҳзодани огоҳлантириш зарур.

– Бахтга қарши, бу ҳали ҳаммаси эмас. Яна бор, – аёл планшетини кавлай бошлади.

– Командор? – Кутилмаганда шаҳзоданинг меҳмонхонасидан епископнинг овози эшитилди. – Сеньорита Видал билан ҳаммаси жойидами?

Моника Мартин ҳайратланиб Гарзага қаради.

– Епископ шу ердами? – шивирлади аёл. – Қироллик қароргоҳидами?

– Шундай. Шаҳзодага йўл‐йўриқ кўрсатяпти.

– Командор? – чақирди Вальдеспино яна. – Шу ердамисиз?

– Қулоқ солинг, жаноб, – шивирлади Мартин ваҳимага тушиб. – Епископ ёки шаҳзода билан гаплашмасингиздан аввал кўришингиз зарур бўлган яна бир хабар бор. Ишонинг менга, бугунги вазият сиз тасаввур қилгандан кўра кўпроқ таъсир қилади бизга.

Пиар координаторга бир лаҳза тикилиб туриб, Гарза аниқ қарорга келди:

– Кутубхонага тушинг. Бир дақиқадан кейин ёнингизга бораман.

Мартин бош силкиб, кўздан йўқолди.

Ёлғиз қолган Гарза чуқур нафас олиб, танасини бўшаштирди. Ичида ёнаётган ғазаб оташини ва тушунмовчиликни имкон қадар яширишга интилиб, меҳмонхонага қараб юрди.

– Сеньорита Видалга ҳеч гап бўлмаган, – эълон қилди Гарза эшикдан жилмайиб кираркан. – Кечроқ етиб келади. Агентга сеньоритани шахсан ўзи олиб келишини тайинладим, – командор Вальдеспинога ўгирилди. – Мен ҳозир келаман. Марҳамат қилиб, ҳеч қаёққа кетмасангиз.

У шундай деб, ташқарига юрди.

Гарза эшикдан чиқаркан, Вальдеспино унинг ортидан қовоғини уйганча қараб қолди.

– Бирор гап бўлдими? – сўради шаҳзода.

– Шундай, – жавоб қилди Вальдеспино Хулианга ўгирилиб. – Эллик йилдан бери одамларнинг иқрорини эшитиб келмоқдаман. Мен алдаётган одамни дарров биламан.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12
  • 1 Оценок: 1

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации