Текст книги "Ибтидо"
Автор книги: Дэн Браун
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 37 страниц) [доступный отрывок для чтения: 12 страниц]
Йигирма бешинчи боб
Лэнгдон бостириб келаётган ҳиссиётларини жиловлашга уриниб ўз‐ўзига: “Аза тутишга ҳали улгураман”, деди. Лэнгдон аллақачон Уинстондан камераларни текшириб, қотилни топишга ёрдам берувчи барча керакли маълумотларни қидиришни, қўшимча равишда Авила ҳамда епископ Вальдеспино ўртасидаги алоқаларни аниқлашини ҳам тайинлаганди.
Агент Фонсеканинг қораси кўринди, у ҳалиям телефонда гаплашарди:
– Sí… Sí… Claro. Inmediatemente, – Фонсека суҳбатни тугатиб, тош қотиб турган Амбрага ўгирилди: – Сеньорита Видал, кетишимиз керак. Дон Хулиан зудлик билан сизни қироллик қасрига етказишимни буюрди.
Амбра ортига тисарилди:
– Эдмондни бу аҳволда ташлаб кетмайман! – У чойшаб ўралган жасадга қараб юра бошлади.
– Энди бу иш билан маҳаллий ҳукумат шуғулланади, – эътироз билдирди Фонсека. – Ҳадемай, изқувар келиб, зарурий чораларни кўради. Ҳозир кетишимиз керак. Сиз хавф остидасиз, деган хавотирдамиз.
– Ҳеч қанақа хавф йўқ менга! – ўшқирди Амбра соқчи томон қадам ташлаб. – Қотилда мени отишга жуда қулай имконият бор эди, лекин у бундай қилмади. Унинг нишони Эдмонд бўлган, бу кўриниб турибди.
– Сеньорита Видал! – Фонсеканинг бўйнидаги томирлар бўртиб чиқди. – Шаҳзода сизни Мадридда кутяпти. У хавфсизлигингиздан ташвишда!
– Ундай эмас! Хулиан сиёсий таъсирдан ташвишда!
Фонсека чуқур нафас олди ва овозини пасайтириб деди:
– Сеньорита Видал, бугунги ҳодисалар Испания учун катта зарба бўлди, шунингдек, шаҳзода учун ҳам. Тадбирга мезбонлик қилишингиз жуда омадсиз қарор эди.
Лэнгдоннинг боши ичида Уинстоннинг овози янгради:
– Профессор? Музей хавфсизлик камераси бинонинг ташқи камераларини текшириб чиқди. Нимадир топилди, шекилли.
Буни эшитиб, Лэнгдон дарҳол Фонсекага қўл силкиди ва қўриқчи билан Амбра орасидаги баҳс бўлинди.
– Жаноб, – тушунтирди Лэнгдон, – компьютернинг айтишича, музей томига ўрнатилган камералардан бири қотил чиқиб кетган автомобилнинг расмини қисман олишга улгурибди.
– Ростданми? – ажабланди Фонсека.
Лэнгдон Уинстондан эшитганларини оқизмай‐томизмай сўзлаб берди:
– Қора седан… Хизматчилар хиёбонидан чиқиб кетган. Машина рақами юқоридан кўринмаган… Олд ойнасига ноодатий стикер ёпиштирилган…
– Қанақа стикер? – сўради агент. – Маҳаллий полицияга уни қидиришни айтишимиз мумкин.
– Бу стикерни, – Лэнгдоннинг боши ичида жавоб қилди Уинстон, – таний олмадим. Аммо унинг ўлчамини дунёдаги ҳамма белгиларга солиштириб чиққач, битта ўхшашини топдим.
Уинстоннинг тезкорлиги Лэнгдонни ҳайратга солди.
– Стикердаги белги, – давом этди Уинстон, – қадимги алкимёвий белги – “амалгамация”, яъни бирлашиш билан мос келарди.
"Нима, нима?" Лэнгдон стикерда бирорта тўхташ жойи ёки сиёсий ташкилот логотипини кутган эди:
– Машинадаги стикерга… бирлашиш белгиси туширилган эканми?
Фонсека нима ҳақида гап кетаётганига тушунмади.
– Уинстон… бу ерда қандайдир хатолик кетган… – деди Лэнгдон. – Алкимёвий жараён белгисини кўрсатиш кимга ҳам керак?
– Билмайман, – жавоб берди Уинстон. – Бу мен топган ягона мувофиқ вариант. Ўхшашлик – тўқсон тўққиз фоиз.
Лэнгдоннинг тасаввурида бирлашишнинг алкимёвий рамзи шаклланди.
– Уинстон, машина ойнасида нима кўрганингизни аниқ тасвирлаб беринг.
Компьютер дарҳол жавоб қайтарди:
– Демак, белгида битта вертикал чизиқни кесиб ўтган учта горизонтал чизиқчалар бор. Вертикал чизиқнинг учида тепага қараган гумбаз жойлашган.
"Аниқ ўша." Лэнгдоннинг қовоғи уйилди:
– Тепага қараган гумбаз устида қоплама борми?
– Ҳа. Ҳар битта тарафда калта горизонтал чизиқ ўтган.
"Шубҳага ҳожат йўқ. Аниқ бирлашиш рамзи!"
Лэнгдон бир муддат ўйланиб, сўнг сўради:
– Уинстон, хавфсизлик камерасидан олинган тасвирни юбора оласизми?
– Албатта!
– Менинг телефонимга юборинг! – талаб қилди Фонсека.
Лэнгдон қўриқчининг телефон рақамини Уинстонга айтгач, бир сония ўтар‐ўтмас, SMS сигнали эшитилди. Ҳамма Фонсеканинг телефони атрофига йиғилиб, экранда акс этган бўм‐бўш хиёбондаги қора седаннинг юқоридан олинган оқ‐қора суратига қаради:
Машина олд ойнасининг чап тарафида, пастроқда Уинстон тасвирлаган белги кўриниб турарди.
Бирлашиш! Жуда ғалати…
Ўйланиб қолган Лэнгдон бармоқлари билан экрандаги расмни катталаштирди ва диққат билан тикилди.
Профессор дарҳол муаммони аниқлади.
– Бу бирлашиш эмас, – хитоб қилди у.
Гарчи экрандаги расм Уинстон тасвирлаб берганга деярли ўхшаш бўлса ҳам, аниқ бир хил эмасди. Рамзшуносликда эса “деярли ўхшаш” ва “бир хил” ўртасидаги фарқ нацистлар свастикаси билан хотиржамликни ифодаловчи буддизм рамзи ўртасидаги фарқ каби катта аҳамиятга эга.
“Мана, нима учун инсон мияси баъзан компьютердан яхшироқ ишлайди!”
– Бу битта стикер эмас, – деди Лэнгдон. – Балки бир‐бирига туташтирилган иккита ҳар хил стикер. Пастдаги стикер “Папа хочи” деб аталади. Ҳозир у жуда машҳур.
Ватикан тарихидаги энг либерал папа сайлангандан сўнг жаҳондаги минглаб одамлар папанинг янги сиёсатини қўллаб‐қувватлаши рамзи сифатида уч чизиқли хоч суратини чизиб кўрсатишарди. Ҳатто Лэнгдоннинг она шаҳри – Массачусетсдаги Кэмбриж шаҳарчасида ҳам бу ҳолат авж олганди.
– Тепадаги U шаклли белги эса, – давом этди Лэнгдон, – бутунлай бошқа стикер.
– Ҳа-а-а, энди тушундим ҳақлигингизни, – хитоб қилди Уинстон. – Ҳозир бу компаниянинг телефон рақамини топаман.
Уинстоннинг тезлиги яна бир бора Лэнгдонни ҳайратга солди. Компаниянинг логотипини қачон танишга улгурди?
– Жуда яхши, – деди у, – компанияга қўнғироқ қилсак, машинанинг изига тушишади.
Фонсека ҳалиям ҳеч нимани англамаганди:
– Изига тушишади? Қандай қилиб?
– Қотил машинани ижарага олган, – тушунтирди Лэнгдон U шаклига ишора қилиб. – Бу “Убер”нинг логотипи.
Йигирма олтинчи боб
Фонсеканинг кўзидаги иккиланишни кўриб, Лэнгдон агент айнан нимадан ажабланганини тушунмади: ойнадаги стикер маъносининг тез топилишиданми ёки адмирал Авиланинг ижарага машина олганиданми. "Қотил 'Убер' буюртма қилибди", деб ўйлади Лэнгдон. Бу ё ўта ақлли, ё ғирт калта ўйланган қарор бўлиши мумкин.
Эҳтиёжмандлар учун ҳар ерда ҳозиру нозир автомобиллар хизмати – “Убер” охирги бир неча йил ичида бутун дунёга кенг тарқалди. Машина зарур бўлган вақт исталган одам смартфон орқали буюртма бериши ҳамда ўз машинасидан импровизацияланган такси ўрнида фойдаланиб, қўшимча пул ишлаш илинжида юрган “Убер” ҳайдовчиларини ёллаши мумкин эди. Испанияда расман иш бошлаганига унча кўп бўлмаган “Убер” компанияси ўз ҳайдовчиларидан олд ойнага U логотипини ёпиштиришни сўрарди. Афтидан, қотил қочган машина ҳайдовчиси янги папанинг ҳам мухлиси кўринади.
– Агент Фонсека, – деди Лэнгдон, – Уинстон қора седан суратини маҳаллий полицияга юбориб, патруль хизматларига тарқатишни сўради. Тезроқ қотилни топиб, йўлини тўсиш зарур.
Фонсеканинг оғзи ланг очилиб қолди. Юқори даражада шуғулланган агент, афтидан, сичқон‐мушук ўйинларига одатланмаган эди. Қўриқчи Уинстонга нима дейишни билмасди: ишини енгиллаштиргани учун миннатдорлик билдирсинми ёки бировнинг ишига бурун суқмасликни айтсинми…
– Уинстон “Убер”нинг шошилинч рақамига қўнғироқ қилмоқда.
– Йўқ! – буйруқ берди Фонсека. – Рақамни беринг, ўзим гаплашаман. “Убер” операторлари компьютердан кўра Қироллик гвардияси катта агентига тезроқ ёрдам беради.
"Фонсека ҳақ бўлиши мумкин", ўйлади Лэнгдон. Қолаверса, Амбрани Мадридга олиб боргандан кўра Гвардия соқчиси қотилни тутишга кўмаклашгани маъқулроқ туюлди.
Уинстондан керакли рақамни олган Фонсека қўнғироқ қилишга тутинди. Лэнгдоннинг хаёлида худди қотил бир неча дақиқадан сўнг қўлга тушадигандек эди. Машиналар қаердалигини аниқлаш “Убер”га чўт эмасди; қўлида смартфони бор ҳар қандай мижоз ер юзидаги барча “Убер” ҳайдовчиларини муаммосиз аниқлай оларди. Фонсека бажариши керак бўлган ягона вазифа компаниядан бироз олдин Гуггенҳайм музейидан йўловчи олиб кетган ҳайдовчининг аниқ манзилини сўраш, холос.
– ¡Hostiaт! – сўкинди Фонсека. – Automtizada.
У экрандаги рақамлардан бирини босиб кутди. Афтидан, соқчи менюга дуч келган чоғи.
– Профессор, “Убер” билан гаплашиб, машинанинг изига тушишни айтаман ва ишни маҳаллий ҳокимиятга топшираман. Ундан кейин агент Диас иккимиз сиз ва сеньорита Видални Мадридга элтиб қўямиз.
– Мени? Мадридга? – сўради Лэнгдон таажжубланиб. – Кечирасиз, сизга қўшила олмайман.
– Қўшила оласиз ва қўшиласиз, – деди Фонсека қатъий оҳангда. – Ўйинчоғингизни ҳам бирга оласиз, – қўшиб қўйди у қулоқчинга ишора қилиб.
– Узр сўрайман, – қаттиқроқ оҳангда жавоб қилди Лэнгдон. – Сиз билан Мадридга боришимнинг ҳеч иложи йўқ.
– Таажжуб, – деди Фонсека, – сизни Ҳарвард профессори деб ўйлагандим.
Лэнгдон тушунмади:
– Шундай, Ҳарвардда дарс бераман.
– Яхши, – Фонсека чўрт кесди. – У ҳолда, бошқа чорангиз йўқлигини англайдиган даражада ақллисиз, деб умид қиламан.
Шундай деб, агент телефонини қулоғига тутиб нари кетди. Лэнгдон унинг ортидан кузатиб қолди. "Бу яна нимаси бўлди?"
– Профессор? – Амбра Лэнгдонга яқин келиб, орқасидан пичирлади. – Мени эшитишингиз керак. Бу ўта муҳим.
Лэнгдон ортига ўгирилиб, Амбранинг юзидаги қўрқувни кўриб, ажабланди. Аёлдаги шок ҳолати ўтиб кетган бўлса‐да, унинг овози ночор аммо тиниқ эшитиларди.
– Профессор, – давом этди у, – тақдимотда сизни кўрсатиш орқали Эдмонд сизга бағоят ҳурматини билдирди. Шу сабабли сизга ишоняпман. Бир гапни билишингиз керак.
Лэнгдон аёлга тикилди.
– Эдмонднинг ўлими – менинг айбим, – шивирлади аёл кўзлари жиққа ёшга тўлиб.
– Тушунмадим?
Амбра асабийлашиб Фонсекага кўз ташлади ва давом этди:
– Меҳмонлар рўйхати… охирги дақиқада қўшилган исм… Уни эслайсизми?
– Ҳа. Адмирал Луи Авила.
– Бу исмни мен қўшганман рўйхатга, – тан олди Амбра овози қалтираб. – Бу менинг ишим эди.
"Уинстон ҳақ экан", ўйлади Лэнгдон нима дейишни билмай.
– Эдмонднинг ўлимига мен сабабчиман, – аёлнинг кўз ёшлари юзини юва бошлади. – Қотилнинг бинога киришига имкон бердим.
– Шошилманг, ўзингизни босинг, – Лэнгдон титраётган елкадан маҳкам ушлади. – Менга айтинг. Нега қўшдингиз бу исмни рўйхатга?
Амбра хавотир аралаш яна бир марта Фонсекага қараб қўйди – соқчи йигирма метрча нарида телефонда гаплашаётганди.
– Профессор, мен қаттиқ ишонадиган бир инсон охирги дақиқаларда хабар юбориб, адмирални рўйхатга қўшиб қўйишимни илтимос қилди. Унинг илтимоси тақдимотга кириш бошланмасидан бир неча дақиқа олдин бўлди, мен банд эдим, шунинг учун ўйлаб ўтирмасдан айтганини қилдим. Айтмоқчиманки, у денгиз кучлари адмирали эди… Етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди… – аёл Эдмонднинг жасадига қаради ва қўли билан оғзини ёпди. – Мана энди…
– Амбра, – пичирлади Лэнгдон, – Авиланинг исмини рўйхатга қўшишни ким сўраганди?
Амбра қаттиқ ютинди:
– …Бўлғуси турмуш ўртоғим… Валиаҳд шаҳзода Дон Хулиан.
Лэнгдон қулоқларига ишонмади. "Гуггенҳайм музейи директори Испания шаҳзодасининг Эдмонд Киршга қарши уюштирилган суиқасдга ёрдамлашганини айтяптими? Бўлиши мумкин эмас!"
– Ишончим комил, саройдагилар қотил шахсидан хабар топишимни кутмаган, – давом этди аёл. – Аммо… энди мен биламан… Ҳаётим хавф остидами, деб қўрқяпман…
Лэнгдон қўлини унинг елкасига қўйди.
– Бу ерда хавфдан холисиз.
– Ундай эмас, – деди аёл қатъиян, – ҳозир сиз тушунмайдиган воқеалар содир бўляпти. Иккимиз ҳам тезроқ чиқишимиз керак бу ердан. Ҳозироқ!
– Биз қочиб кетолмаймиз, – Лэнгдон эътироз билдирди. – Биз ҳеч қачон…
– Илтимос, мени эшитинг, – Амбра илтимос қилди. – Эдмондга қандай ёрдам қилишни биламан.
– Нималар деяпсиз? – Лэнгдон аёл ҳамон саросимада деб ўйлади – Эдмондга энди ҳеч ким ёрдам қилолмайди, қўлимиздан ҳеч нима келмайди.
– Адашасиз, – хотиржам овозда гапирди Амбра. – Лекин дастлаб бу ердан чиқиб, Эдмонднинг Барселонадаги уйига боришимиз керак.
– Нима ҳақида гапиряпсиз?
– Диққат билан эшитинг. Эдмонд биздан нима истаганини биламан.
Амбра шивирлаганча Лэнгдонга нима қилиш кераклигини тушунтирди. Уни тингларкан, Лэнгдоннинг юрак уриши тезлашди. “Э Худойим… – ўйлади у, – Амбра ҳақ… Бу ҳамма нарсани ўзгартиради.”
Гапини тугатгач, Амбра профессорга қаттиқ тикилди:
– Хўш, энди билдингизми нега бу ердан кетишимиз кераклигини?
Лэнгдон иккиланмай бош ирғади.
– Уинстон, – қулоқчинга юзланди у, – Амбра менга айтганларини эшитдингизми?
– Эшитдим, профессор.
– Бундан хабарингиз бормиди?
– Йўқ.
Лэнгдон навбатдаги жумлаларини эҳтиёткорлик билан тузди:
– Уинстон, компьютерлар эгаларига садоқат сезадими ёки йўқ, менга қоронғи. Аммо… агар сизда заррача бўлса‐да, Эдмондга нисбатан садоқат бўлса, буни исботлаш вақти келди. Ёрдамингизга муҳтожмиз!
Йигирма еттинчи боб
Минбарга қараб кетаётган Лэнгдон кўз қири билан Фонсекани кузатди. Соқчи ҳануз телефонда “Убер” билан гаплашаётганди. Амбра ҳам кимгадир қўнғироқ қилиб – ёки ўзини шундай кўрсатиб – гумбаз томон юрди.
"Соқчига шаҳзода Хулианга телефон қилмоқчилигингизни айтинг."
Лэнгдон минбарга яқинлашаркан, нигоҳи беихтиёр ердаги жасадга тушди. "Эдмонд." Профессор эгилиб, Эдмонднинг устига ёпилган чойшабни оҳиста тортди. Амбра унинг ёнига келди. Шогирдининг қачонлардир чақнаб турган кўзлари энди ҳаёт шами сўнган бир жуфт чуқурчага айланганди. Кўз ўнгидаги мудҳиш манзарадан Лэнгдон ларзага келди, юраги жудоликнинг аччиқ изтироби аралаш шиддатли ғазаб билан лим‐лим тўлди.
Бир лаҳзага Лэнгдоннинг хаёлида эски дамлар гавдаланди: ёш, патила сочли талаба синфхонага қадам қўйди. Бу талабада ўзгача ақл, заковат, иқтидор ва умид бор эди. У қисқа вақт ичида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгиликлару кашфиётларни амалга оширишнинг уддасидан чиқди. Бугун эса қайсидир аблаҳ закий инсоннинг жонига қасд қилди, қотилнинг мақсади битта: Киршнинг кашфиёти дунё юзини кўришига тўсқинлик қилиш бўлган.
“Шогирдимнинг буюк муваффақиятлари оламга ёйилиши учун қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан”, ўйлади Лэнгдон қатъий қарорга келиб.
Лэнгдон иложи борича Фонсеканинг кўзидан пана бўлишга уриниб, Эдмонднинг ёнига чўккалади, кўзларини юмиб, ибодат қилаётган одам сингари қўлларини қовуштираркан, худога ишонмайдиган атеистнинг жасади узра ибодат қилиши кулгили туюлиб, жилмайишдан ўзини зўрға тийди. “Эдмонд, оғайни, биламан, кимнингдир сен учун ибодат қилиши сенга асло ёқмаган бўларди. Жаҳлинг чиқмасин, мен ибодат қилиш учун келмадим.”
Бирдан Лэнгдонни хавотир ҳисси чулғаб олди. “Епископни бехатар деб сени ишонтиргандим… Агар Вальдеспино чиндан ҳам бу ишларга аралашган бўлса…” Профессор миясидан бу фикрни қувишга ҳаракат қилди.
Ибодат қилаётганини Фонсека пайқаганига ишонч ҳосил қилгач, Лэнгдон чаққонлик билан Эдмонднинг чарм курткаси ичидаги чўнтакка қўл тиқиб, унинг зангори рангли катта телефонини олди. Сўнг дарҳол Фонсекага кўз ташлади: соқчи ҳалиям “Убер” билан гаплашар, эътиборини Лэнгдондан кўра телефонда ким биландир суҳбатлашаётган Амбрага қаратгандек эди.
Профессор қўлидаги телефонга қараб чуқур нафас олди.
“Яна бир иш қолди.”
Лэнгдон Эдмонднинг аллақачон музлаб қолган ўнг қўлини бироз кўтарди, кўрсаткич бармоғини смартфоннинг “Блокдан очиш” қисмига теккизди.
Телефон шиқирлаб, блокдан очилди.
Лэнгдон вақтни бой бермай, смартфон менюсидаги созлаш бўлимига кириб, ҳимоя қатламини ўчирди. Кейин сездирмасдан телефонни ўзининг чўнтагига солди ва Эдмонднинг танасини ҳеч нарса бўлмагандек, чойшаб билан ўраб қўйди.
***
Зал марказида турган Амбра ўзини телефонда гаплашаётгандек тутаркан, сиреналар чинқириғи остида Фонсеканинг диққати унга қаратилганини сезиб турарди.
“Шошилинг, Роберт.”
Бир неча дақиқа аввал аёл америкалик профессорга Эдмонд Кирш билан ўрталарида бўлган суҳбатни сўзлаб берди ва Лэнгдон қатъий қарорга келди: ҳаракат қилиш керак.
Суҳбат икки кун олдин, худди шу залда бўлганди. Ўшанда Кирш билан Амбра тақдимотнинг сўнгги босқичига тайёргарлик кўраётганди. Иш асносида Эдмонд исмалоқли смузисининг учинчи стаканини бўшатиш учун бироз дам олди. Амбра унинг толиққанини пайқади.
– Эдмонд, – деди Амбра, – вегетарианлик сенга зарар келтиряптими, деб қўрқаман, рангингда қон йўқ, бу ҳам етмагандек жуда озиб кетибсан.
– Озиб кетибман? – кулди Эдмонд. – Жуда семиз одам гапиряпти-да, бу гапни.
– Қадди‐қоматимга тил теккизма! – ясама пўписа қилди аёл.
– Ҳа, майли, қизишма, – Эдмонд кўзини қисди. – Кўринишингга гап йўқ. Рангим ўчганига келсак, шунчаки дам олишим керак. Мен компьютер жиннисиман, биласан‐ку, кун бўйи LCD экран қаршисида ўтириш осон эмас.
– Яхши, лекин икки кундан сўнг бутун дунёга мурожаат қиласан. Рангингга ранг қўшсак, ёмон бўлмасди. Олдингда иккита йўл бор: ё эртагаёқ тоза ҳавога чиқ ёки экранда сени соғлом рангда кўрсатувчи бирорта дастур ёз.
– Иккинчи вариантинг – ажойиб ғоя! – Эдмонд ҳайратланиб қаради. – Сен бу фикр учун патент олишинг керак, – у шундай деб кулиб юборди ва эътиборини қўлидаги буюмга қаратди. – Хўш, деганларидек… Шанба куни нималар содир бўлишини аниқ биласан‐а?
Амбра сценарийни кўздан кечираркан, бош ирғади:
– Мен меҳмонларни кичик залда кутиб оламан, сўнг ҳаммамиз видеони томоша қилиш учун катта залга, яъни бу ерга кўчамиз. Кейин сен мана бу минбарда сирли тарзда пайдо бўласан ва ўша ерда кашфиётингни эълон қиласан.
– Ҳаммаси тўғри! – хитоб қилди Эдмонд жилмайиб. – Дарвоқе, бир нарсани қўшиш ёдимдан кўтарилибди: минбарда гапиришим қисқа танаффуслар билан бўлади – йиғилганлар билан шахсан саломлашаман, барчани бемалол ўрнашиб, оқшомнинг иккинчи қисми – кашфиётимни очиқлайдиган мультимедиа тақдимотидан баҳра олишга бироз тайёрлайман.
– Демак, кашфиётинг мазмуни олдиндан ёзиб олинганми, худди кириш қисмига ўхшаб?
– Шундай. Бир неча кун олдин ёзиб тугатдим. Биз ҳозир визуал замонда яшаяпмиз – мультимедиа тақдимотлар баъзи олимларнинг минбарда туриб гапиришидан минг чандон қизиқарли чиқади.
– Сен “Баъзи олимлар” қаторига кирмайсан, – эътироф этди Амбра. – Лекин тан оламан, видеотақдимот қизиқарлироқ. Сабрим чидамаяпти кўришга.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан, тақдимот Эдмондга тегишли мустаҳкам ҳимояланган ташқи серверда сақланишидан Амбра хабардор эди. Музейдаги трансляция ана шу номаълум сервердан узатилиши мўлжалланганди.
– Иккинчи қисмга ўтганимизда тақдимотни ким қилади, сенми ёки мен?
– Ўзим қиламан буни, – жавоб қайтарди Эдмонд телефонини чиқариб. – Мана бу матоҳ ёрдамида, – у Гауди услубидаги мозаика билан безатилган катта зангори смартфонини кўрсатди. – Бу шоунинг бир қисми бўлади. Мен ташқи серверимга ҳимояланган линиядан алоқага чиқаман… – шундай деб Эдмонд бир нечта тугмаларни босганди, гудок товуши кетиб, алоқа боғланди.
Телефондан компьютер яратган аёл овози эшитилди:
– ХАЙРЛИ ОҚШОМ, ЭДМОНД. МАРҲАМАТ, ПАРОЛНИ КИРИТИНГ.
Эдмонднинг юзида табассум жилваланди:
– Кейин томошабинлар кўз ўнгида паролни телефонимга тераман ва трансляция бошланади.
– Ўҳ‐ў… Роса томоша бўларкан… – ҳайратини яширолмади Амбра. – Қарагин‐да, паролингни унутиб қўйма яна.
– Ҳа, тоза шармандалик бўларди бу.
– Паролни бирор эсингдан чиқмайдиган жойга ёзиб қўйгансан, деб умид қиламан, – жилмайди аёл.
– Учар макаронлар худоси ҳаққи, қўйсанг‐чи, – деди Эдмонд хахолаб. – Дастурчилар икки дунёда ҳам паролларни ёзиб қўймайди. Ташвишланма, мендаги пароль атиги қирқ етти белгидан иборат. Шундай экан, уни унутишим эҳтимоли нолга тенг.
Амбранинг кўзлари ҳайратдан катта‐катта очилди:
– Қирқ еттита белги? Эдмонд, ахир, сен музей хавфсизлик картасидаги тўрттагина рақамли пин кодни эслаб қололмайсан, қандай қилиб қирқ еттита тасодифий белгини унутмаслигинг мумкин?
Аёлнинг ваҳимасини кўриб, Эдмонд баттар кулди:
– Бу шунчаки тасодифий белгилар эмас, – у овозини пастлатди. – Очиғини айтганда, пароль севимли шеъримдаги бир сатрдан иборат.
Амбра чалкашиб кетди:
– Сен шеърдаги сатрдан пароль сифатида фойдаландингми?
– Нима қипти? Ўша сатрда роппа‐роса қирқ еттита ҳарф бор.
– Ҳмм… кўпам ишончлига ўхшамаяпти…
– Шундайми? Наҳотки, севимли шеъримни эслолмайди деб ўйласанг?
– Сенга шеърлар ёқади, деб умуман ўйламагандим ўзи.
– Шуниси муҳим-да! Лекин… мабодо кимдир паролим шеърдаги сатр эканини аниқласа ҳам, миллионта эҳтимол ичидан ўша сатрни топса ҳам, барибир ҳеч нима қилолмайди, чунки ҳимояланган серверимга уланиш учун териладиган жуда узун телефон рақамини билмайди.
– Ҳозиргина телефонингдан терган рақамларми?
– Ҳа! Қолаверса, смартфонимнинг ҳам ўз пин коди бор. У доим менинг чўнтагимда бўлади.
Амбра қўлларини юқорига кўтариб, табассум қилди:
– Яхши, таслим бўлдим, – деди аёл, – айтганча, севимли шеъринг қайси ўзи?
– Яхши уриниш, – жавоб қайтарди Эдмонд жилмайиб. – Жавобни шанба куни биласан. Танлаган шеърим жуда ажойиб. Унда битилган келажак ҳақидаги башорат, рости, аллақачон ҳақиқатга айланяпти.
***
Бўлиб ўтган суҳбатни ёдга олган Амбра Эдмонднинг жасади томон қаради ва у ерда Лэнгдонни тополмай ваҳимага тушди.
Профессор қаерга йўқолди?
Қироллик гвардиясининг иккинчи қўриқчиси – агент Диас – девордаги тешикдан чиқиб келаётганига кўзи тушиб, Амбранинг ташвиши янада ортди. Диас гумбазни кўздан кечиргач, тўғри Амбрага қараб юрди.
"У мени қўйиб юбормайди."
Кутилмаганда унинг ёнида Лэнгдон пайдо бўлди. Профессор мулойимлик билан аёлнинг белидан ушлаб, гумбазнинг бошқа бурчагидаги чиқиш эшиги томон олиб кета бошлади.
– Сеньорита Видал! – қичқирди Диас. – Иккингиз қаерга кетяпсиз?
– Ҳозир қайтамиз, – жавоб қилди Лэнгдон қадамини тезлаштириб чиқиш туннелига шошаркан.
– Жаноб Лэнгдон, – орқадан агент Фонсеканинг бақиргани эшитилди. – Кетишингиз мумкин эмас!
Амбра Лэнгдоннинг қўли белини қаттиқроқ қисганини ҳис қилди.
– Уинстон, – шивирлади Лэнгдон қулоқчинидаги гарнитурга. – Вақт бўлди!
Бир сония ўтар‐ўтмас, бутун зал қоронғилик қаърида қолди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?