Электронная библиотека » Дэн Браун » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Ибтидо"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Дэн Браун


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 37 страниц) [доступный отрывок для чтения: 12 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Еттинчи боб

Адмирал Луи Авила музейнинг хавфсизлик текшируви нуқтасига етиб келди ҳамда кечикмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун соатига қаради.

“Ҳаммаси режадагидек!”

“Documento Nacional de Identidad” (шахсни тасдиқловчи ҳужжат)нинг кўрсатгач, хизматчилар унинг исмини меҳмонлар рўйхатидан қидира бошлади. "Исмим бўлмаса‐чи", деган хавотир миясидан ўтиб, бир лаҳзага Авиланинг томир уриши тезлашди. Бахтига, унинг исми рўйхатнинг энг охирида – сўнгги дақиқада қўшилганлар орасидан топилди ва ичкари киришига рухсат берилди.

“Регент ваъдасининг устидан чиқди.” Айтишларича, меҳмонлар рўйхати пўлат сандиққа солингандек сақланаркан. Регент қай тарзда унинг исмини тиркаб қўйгани Авилага қоронғи эди, буни кўп ўйлаб ҳам ўтирмади. “Регент айтганини доим бажарган, ахир.”

Авила металл аниқловчи ускунага яқинлашиб, мобил телефонини махсус идишга солди. Кейин ўта эҳтиёткорлик билан костюми чўнтагидан ноодатий оғир бўлган тасбеҳ доначаларини чиқариб, телефонининг устига қўйди.

“Эҳтиёт бўлиш керак, – деди ўз-ўзига, – жудаям эҳтиёт бўлиш керак”.

Металл детекторнинг нариги томонида турган соқчи Авилага қўлини силкиб, ўтиш ишорасини берди. Сўнг шахсий буюмлар солинган идишни ўзига тортди.

– Que rosario tan bonito!88
  Қандай гўзал тасбеҳ!


[Закрыть]
– деди соқчи бақувват занжирга зич тизилган катта-катта мунчоқлар ва учига хоч осилган металл тасбеҳга ҳавас билан қараб.

– Gracias, – ташаккур билдирди Авила. “Ўзим ясаганман буни.”

Авила металл аниқловчи қурилмадан ўтиб, қўл телефони ва тасбеҳни идишдан олди, доимги эҳтиёткорлик билан чўнтагига қайта жойлади. Сўнг иккинчи текширув нуқтасига яқинлашди. Бу ерда унга ғалати қулоқчин беришди.

“Менга аудиойўлбошловчи ҳам, аудиотур ҳам керак эмас, қиладиган муҳим ишларим бор”, деб кўнглидан ўтказди у. Музей атриуми бўйлаб юраркан, қулоқчинни ҳеч кимга сездирмай, дуч келган биринчи ахлат қутисига ташлаб юборди.

Авила холироқ жой қидириб, бинони кўздан кечирди. Регентга алоқага чиқди, ичкарига ҳеч қандай муаммосиз кириб олганидан уни хабардор қилиш зарур эди. Офицернинг юраги қафасдаги қушдек потирлай бошлади.

“Барча ҳаракатларим энг аввало Яратган эгам, сўнгра мамлакатим ва қиролим шаъни учун”, дея Авила ўзини тинчлантиришга уринди.

***

Айни шу маҳал Испаниядан минглаб километр олисдаги Дубай шаҳри атрофида жойлашган бепоён саҳро машъум ҳодисага гувоҳ бўлмоқда эди. Ойнинг кумуш ранг ёғдуси остида қум барханлари аро базўр эмаклаб, олдинга судралаётган кимса яққол кўзга ташланарди. Бутун танасини дош бериб бўлмас оғриқ чулғаб олган бу қария кўпчилик учун мўътабар етмиш саккиз яшар аллома Саид ал-Фадл эди. Ҳарчанд уринмасин, вужудини қоплаган азоб унга ортиқ бир қадам ҳам силжишга изн бермасди.

Ал-Фадлнинг териси куйиб, шилиниб кетган, томоғи шунчалик қуруқшаганидан зўрға нафас оларди. Дайди бўронлар аллақачон унинг кўзларини қум билан тўлдириб, кўриш бахтидан мосуво этган, шунга қарамай, у ҳамон эмаклашга интиларди. Бир гал унинг қулоғига саҳрода юришга мослашган машиналар моторининг товуши чалингандек бўлди, лекин бу шунчаки шамолнинг увиллаши бўлиб чиқди. Худо жонини сақлаб қолишига бўлган ишонч алломани аллақачон тарк этганди. Қузғунлар унинг боши узра ортиқ қанот қоқмас, энди улар ал-Фадлнинг атрофида бемалол айланиб юрарди.

Аллома инсон қадами камдан-кам етадиган саҳрога тасодифан келиб қолмаганди. Ҳаммаси ўтган тунда ал-Фадлга баланд бўйли, номаълум испан ҳужум қилишидан бошланди. Талончи ёши бир жойга бориб қолганидан ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмаган қарияни асир олиб, ўз машинасида шаҳар ташқарисига олиб келди. Номаълум испан йўл-йўлакай чурқ этмай, бирор соатча юргандан сўнг тўхтаб, алломага машинадан тушишни буюрди ва бечора қарияни сувсиз, егуликсиз зулмат саҳро бағрига ташлаб кетди.

Талончи ўзининг кимлигини айтмади, хатти-ҳаракатлари учун ҳеч қандай тушунтириш ҳам бермади. Ал-Фадлнинг кўзи тушган ягона нарса унинг ўнг панжасига туширилган ғалати белги бўлди. Бу белги ал-Фадлга бутунлай нотаниш эди.



Аллома бир неча соат қум оралаб аранг қадам ташлаб, йўл қидирди, ёрдам сўраб беҳуда фарёд урди. Мана энди, сувсизланган гавдаси тупроққа қоришаркан, жони ҳалқумига тиқилганини ҳис қилди ва кечадан бери тинмасдан миясида айланаётган саволни яна бир карра ўзига берди.

Менинг ўлимим кимга бунчалик керак бўлди экан?”

Шу чоғда ал-Фадл бу саволга фақат бир тўғри жавоб борлигини англаб, даҳшатга тушди.

Саккизинчи боб

Робeрт Лэнгдон зал бўйлаб оҳиста қадам босаркан, ҳайрат тўла нигоҳини қаршидаги санъат асарларидан узолмасди. Ҳар бири занг рангидаги пўлатдан ишланиб, нафосат билан кўкка кўтарилган экспонатлар бир-биридан мустақил, алоҳида деворларни ҳосил қилганди. Уларнинг баландлиги тўрт ярим метрлар чамаси бўлиб, шаклини доимий ўзгартирар, бир тўлқинсимон лента, бир очиқ доира, бир спирал ҳолатига кирарди.

– Вақт материяси, – такрорлади Уинстон, – Ричард Серранинг ижод маҳсули. Ўта оғир металдан ясалган деворларнинг ҳеч қандай тиргакларсиз қад кўтаргани кузатувчида беқарор тургандек таассурот уйғотади. Аслида, экспонатлар жудаям турғун. Геометриянинг кучига ўзингиз ҳам кичик тажриба орқали ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Бир долларлик қоғоз пулни олиб, қаламга айлантириб ўранг. Қаламни секин тортиб олсангиз ҳам, пул ўз шаклини ўзгартирмай, бемалол юзада тик тура олади.

Лэнгдон юришдан тўхтаб, ёнидаги баҳайбат металл доирага синчков разм солди. Ижодкор оксидлантириш орқали металнинг куйган мис рангида, ишлов берилмаган, табиий ҳолатда кўринишига эришганди. Бу санъат асари бир вақтнинг ўзида буюк қудрат ҳамда нафис мувозанат ҳиссини акс эттирарди.

– Профессор, кўриб турган экспонатингиз тўла бирлашмаганига эътибор қилдингизми?

Лэнгдон доирани айланиб ўтиб, унинг деворлари ростдан ҳам охиригача қўшилмаганини кўрди. Гўё ёш бола доира чизишни бошлаган‐у, икки учини бирлаштиришни унутгандек эди.

– Очиқ қолган бўшлиқ экспонат ичига ўтиш йўлаги бўлиб, ташриф буюрувчини янги маконни кашф этишга чорлайди.

“Ташриф буюрувчида клаустрафобия 99
  Қамалиб қолишдан қўрқиш.


[Закрыть]
бўлса‐чи?” ўйлади Лэнгдон ва тезда у ердан нари кетди.

– Қаршингиздаги пўлатдан ишланган учта лентада ҳам, – давом этди Уинстон, – худди шундай усул қўлланган. Бир-бирига параллель қўйилган ленталар ўттиз метрдан ошиқ узунликдаги иккита ички туннелга йўл очади. Шартли равишда “Илон” деб аталувчи туннеллар ҳамиша ёш меҳмонларимиз учун севимли жой бўлган. Биласизми, туннелнинг бир бошида турган одам ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмайдиган қилиб шивирлаши, лекин иккинчи бошидаги одам уни юзма-юз тургандек бемалол эшитиши мумкин.

– Ҳаммаси жуда қизиқ, Уинстон! Лекин нима сабабдан Эдмонд бу галереяни менга кўрсатишингизни сўраганини тушунтириб бера оласизми? Мен бунақа ишларнинг мухлиси эмаслигимни у яхши билади‐ку.

Уинстон босиқлик билан жавоб қайтарди:

– Эдмонд сизга ушбу галереядаги “Бурама спирал” деб номланган экспонатни кўрсатишимни сўраган. У ўнг бурчакда турибди, кўряпсизми?

Лэнгдон яхшироқ кўриш учун кўзларини қисиб, Уинстон айтган томонга тикилди. Сал кам саккиз юз метр олисдаги экспонатни назарда тутди, шекилли.

– Аҳа, кўряпман.

– Ажойиб! Қани, кетдик ўша ерга.

Лэнгдон атрофини қуршаб олган бўшлиққа зийрак кўз югуртириб, спирал томон юра бошларкан, Уинстон гапида давом этди:

– Профессор, эшитишимча, Эдмонд Кирш сизнинг тарихдаги турли диний анъаналар, уларнинг санъатда акс этган эволюцияси борасидаги изланишларингиз ҳамда фикрларингиз мухлиси экан. Эдмонд шуғулланадиган ўйин назарияси ҳамда ҳисоблаш асосида башорат қилиш қайсидир маънода турли тизимлар қандай шаклланишини таҳлил қилиш ва уларнинг келажакда қандай босқичлардан ўтишини башорат қилишга ўхшайди.

– Эдмонд ўз ишининг устаси эканига шубҳа йўқ. Уни бекорга бугунги кун Нострадамуси деб аташмайди.

– Тўғри. Лекин бу қиёс Эдмонд учун бироз ҳақоратлидек, наздимда.

– Нимага энди? – эътироз билдирди Лэнгдон. – Ахир, Нострадамус тарихдаги энг машҳур башоратчи бўлган.

– Баҳслашяпти деб ўйламанг, профессор, аммо тан олайлик, Нострадамусга тегишли минглаб тугал маъносиз мисралар тўрт юз йилдан бери йўқ нарсадан маъно қидирадиган иримчиларга қўл келмоқда. Одамларнинг ҳар балони – Иккинчи жаҳон урушидан тортиб, малика Диананинг сирли ўлимигача, ҳатто ўн биринчи сентябрь воқеасини ҳам Нострадамус битикларига боғлаши тутуруқсизликдан бошқа нарса эмас. Эдмонд Киршга келсак, унинг “булут” технологияси, ҳайдовчисиз машиналар, беш атомли чиплар ҳақидаги бир нечта батафсил башоратлари жуда қисқа вақтда воқеликка айланди. Йўқ, профессор, жаноб Киршни ҳеч қанақасига Нострадамусга қиёслаб бўлмайди.

“Оббо, ранжитиб қўйдим, шекилли”, ўйлади Лэнгдон. Эдмонд Кирш қўлида ишлайдиган ходимлар орасида ҳурмати баландлиги ҳақида гап-сўзлар юрарди. Уинстон ҳам Киршнинг садоқатли мухлисларидан бири экани кўриниб турибди.

– Экскурсиямиз сизга манзурми, профессор? – мавзуни ўзгартириб сўради Уинстон.

– Жуда. Музейлардаги анъанавий йўлбошловчилик тизимини мукаммаллаштиргани учун Эдмондга ҳар қанча олқиш оз.

– Масофавий аудиойўлбошловчиликни йўлга қўйиш Эдмонднинг кўп йиллик орзуси эди. Уни рўёбга чиқариш учун кўп вақт ва маблағ сарф қилди. Шу сабабли лойиҳанинг барча жиҳатлари қатъий сир сақланади.

– Йўғ-э? Фойдаланилган технология унча мураккаб туюлмади менга. Тан оламан, дастлаб аудиогид ташриф буюрувчида табиий таассурот қолдиришига кўп ишонмагандим. Аммо шубҳаларим булутини шамолдек тарқатиб юбордингиз, сиз билан суҳбатлашиб одам зерикмайди, Уинстон.

– Мақтовдан бошим кўкка етди. Ҳақиқатни билгач ҳам фикрингизни ўзгартирмайсиз, деб умид қиламан. Профессор, сиз билан энг бошидан самимий бўлмаганимни тан олишим зарур.

– Тушунмадим? Нимани назарда тутяпсиз, Уинстон?

– Аввало, менинг ҳақиқий исмим Уинстон эмас. Мени “АRT” деб аташади.

– Аrt санъат дегани-ку! Санъат исмли санъат музейи аудиойўлбошловчиси экансиз-да! – кулди Лэнгдон. – Асл исмингизни яширганингиз сабаби тушунарли. Танишганимдан хурсандман, Санъат.

– Бундан ташқари, нега мен ҳамма йўлбошловчилар қатори сиз билан ёнма-ён юрмаслигимни сўраганингизда, жаноб Кирш музейдаги оломон сонини қисқартиришни кўзлаганини айтгандим. Аммо бу тўлиқ жавоб эмасди. Юзма-юз эмас, қулоқчин орқали суҳбатлашаётганимизга яна бир сабаб бор, – овоз бир зум тин олди. – Гап шундаки, мен юролмайман.

– Вой… Жуда афсусдаман… – Лэнгдон аравачага михланган кўйи қўнғироқлар марказида ўтирган Санъатни тасаввур қилиб, ичи ачиди. Айни дамда бечора йигитнинг аҳволи ҳақида яна сўрашга хижолат тортди.

– Афсусланишга ҳожат йўқ, профессор. Ишонтириб айтаманки, агар оёғим бўлганида, ўта ғайритабиий кўринган бўлардим. Мен тасаввурингиздагидан бутунлай бошқачаман, тушуняпсизми?

Лэнгдоннинг қадами секинлади.

– Нима демоқчисиз бу билан?

– “АРТ” исмим инглизча “Art” эмас, балки “Artificial” – “сунъий” сўзи ўзагидан олинган. Жаноб Киршнинг ўзи мени “ART” деб аташни афзал кўради, – АRT чуқур нафас олиб давом этди. – Ҳақиқат шундаки, профессор, бутун оқшом давомида сиз сунъий экскурсовод, оддийроқ айтганда, компьютер билан суҳбатлашиб келдингиз.

Қулоқларига ишонмаган Лэнгдон юришдан тўхтаб, атрофга аланглади:

– Бу яна қанақа ҳазил бўлди?

– Айтганларимнинг барчаси бор ҳақиқат, профессор. Эдмонд Кирш сунъий интеллект яратиш учун ўн йилдан ошиқроқ вақт, бир миллиард долларга яқин маблағ сарфлади. Бугун сиз энг биринчилардан бўлиб унинг машаққатли меҳнатлари мевасига гувоҳ бўлдингиз. Музей бўйлаб сизга тақдим этилган саёҳатга сунъий гид ҳамроҳлик қилди. Мен инсон эмасман, профессор.

Дастлаб Лэнгдоннинг ақли эшитганларини ҳазм қилолмади. Боши ичидан овози келаётган одамнинг талаффузи тиниқ, грамматикаси мукаммал эди. Бироз ғалатироқ кулгисини ҳисобга олмаса, Уинстон (ёки АRT) Лэнгдон дуч келган энг зукко суҳбатдош ҳисобланарди. Қолаверса, сунъий аудиогиднинг турлича мавзуларда истисноларсиз гапириши, фақат инсонга хос самимий ҳазиллар қилиши мумкинлиги ақлга сиғмасди.

"Мени кузатишяпти", деган қарорга келди Лэнгдон зал деворларидан яширин камераларни қидираркан. “Ҳойнаҳой, 'Тажриба санъати' атайдан саҳналаштирилган томоша иштирокчисига айланиб қолдим. Улар мени лабиринтдаги каламуш аҳволига солиб қўйишди”.

– Бўлаётган ишлар менга кўп ҳам хуш келмаяпти, – Лэнгдон овозини бир парда кўтариб хитоб қилди. Унинг товуши галерея бўйлаб акс-садо берди.

– Узр сўрайман, – жавоб қилди Уинстон, – Аҳволингизни тушуниб турибман. Бу янгиликни қабул қилишингиз қийин бўлишини билардим. Шу боис Эдмонд сизни мана шу холи жойга, одамлар кўзидан узоққа олиб келишимни сўраганди. Бу маълумот бошқа ҳеч бир меҳмонга ошкор этилмайди.

Лэнгдон ён-атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун яна бир бор атрофига назар солди.

– Ўзингизга маълум, – Лэнгдоннинг безовталигига парво қилмай, гапида давом этди Уинстон, – инсон мияси иккилик тизимга асосланган – синапсислар ҳамиша ёки фаол, ёки нофаол ҳолатда бўлади. Буни компьютерлардаги ё ўчиқ, ё ёниқ бўладиган “ўчириб‐ёққич”га қиёслаш мумкин. Одамзот миясида юз триллиондан ошиқроқ “ўчириб‐ёққич” мавжуд. Бу мия яратиш технологиянинг янгилигига эмас, балки тизимнинг ҳажмига кўпроқ боғлиқлигини кўрсатади.

Лэнгдоннинг қулоғига деярли гап кирмасди. Галереяни тарк этиш учун зал охирига бориш кераклигини кўрсатувчи белгига қараб юришда давом этди.

– Профессор, инсонникига ўхшаш овозимни қабул қилишингиз қийинлигини тушунаман. Аслида, нутқ энг осон қисм. Ҳозир тўқсон тўққиз долларга одам товушини озми-кўпми ўхшатувчи электрон китоб ўқиш қурилмасини топишингиз мумкин. Эдмонд эса бу лойиҳага миллиардлаб пул сарфлаган.

Лэнгдон юришдан тўхтади.

– Ростдан компьютер бўлсангиз, саволимга жавоб беринг‐чи: 1974 йил, 24 август куни Доу-Жонс саноат кўрсаткичи қандай натижа билан ёпилган?

– 1974 йилнинг 24 августи шанба – дам олиш кунига тўғри келган, – иккиланмай жавоб берди овоз. – Демак, бу куни бозорлар умуман очилмаган.

Лэнгдоннинг эти жимирлаб кетди. У бежиз танламаганди бу кунни. Лэнгдондаги образли хотиранинг устун жиҳатларидан бири – ҳар қандай сана ва рақамлар ҳодисаларга қўшилиб, унинг миясида абадий муҳрланиб қоларди. 1974 йилнинг 24 августида энг яқин дўстининг туғилган куни бўлганди. Профессор ҳалигача ҳовуз базми, Ҳелен Вули кийган мовий бикини ва бу сананинг дам олиш кунига тўғри келганини яхши эсларди.

– Аммо, – давом этди Уинстон, – бир кун аввал, 23 август – жума куни Доу-Жонс саноат кўрсаткичи 686,80 га тенг бўлиб, у 17,83 баллга пастлаган ва 2,53 фоиз зиён кўрилган.

Профессорнинг тили калимага келмай қолди.

– Смартфонингиздан фойдаланиб, берган маълумотимни текширишингиз мумкин, – қиқирлаб кулди овоз. – Мен кутиб тураман. Албатта, бундай йўл тутишингизни жуда кулгили деб биламан барибир.

– Лекин… қандай қилиб…

– Сунъий интеллектдаги асосий муаммо, – Уинстон гапида давом этди. Энди унинг енгил британча акценти Лэнгдонга ғалати туюла бошлади – маълумотларга тезкор уланиш эмас, балки маълумотлар бир-бири билан қанчалик алоқадорлиги ва қай бири ҳақиқатга яқинлигини аниқлай олиш қобилиятидир. Ғояларнинг ўзаро боғлиқлигини таҳлил қилишда сизга етадигани камдан-кам топилади, шу сабабли жаноб Кирш қобилиятимни айнан сиз билан синовдан ўтказишни истади.

– Синов? Мен билан? Сиз мени синадингизми ҳали?

– Йўғ-э, нималар деяпсиз? – хижолатомуз кулди Уинстон. – Аксинча, мени синовдан ўтказишди: Эдмонд инсон эканимга сизни ишонтира олиш-олмаслигимни синади.

– Бу Тюринг тестими?

– Худди шундай!

Лэнгдоннинг ёдига ўтган асрнинг эллигинчи йилларида код ечувчи мутахассис Алан Тюринг таклиф этган “Тюринг тести” тушди. Тест компьютернинг қай даражада инсонга ўхшашлигини баҳолашга мўлжалланган бўлиб, унда ҳакам ролидаги одамга компьютер билан инсон ўртасида бўлган суҳбат эшиттирилар, агар ҳакам иккисидан қай бири инсон эканини аниқлай олмаса, Тюринг тести муваффақиятли ўтган ҳисобланарди. 2014 йили Лондон Қироллик жамиятида ўтказилган тестда сўнгги яратилган компьютер дастурларидан бири юқори натижа қайд этди. Ўшандан бери сунъий интеллект технологияси кўз илғамас суръатда ривожлана борди.

– Ҳозирча, – гапида давом этди Санъат, – ҳеч бир меҳмонимизда шубҳа уйғонмади. Улар мириқиб вақт ўтказмоқда.

– Шошманг, ҳар бир ташриф буюрувчи компьютер билан гаплашяпти, демоқчимисиз?

– Аниқроқ айтганда, ҳамма фақат мен билан гаплашяпти. Менга бир вақтнинг ўзида кўп сонли одамлар билан гаплашиш муаммо эмас, чунки ўзимни осонлик билан қисмларга бўла оламан. Айни дамда сиз Эдмонд танлаган бирламчи овозимни тингламоқдасиз. Бошқа меҳмонлар ҳам мени ўзининг тилида, лекин турлича товушларда эшитяпти. Америкалик академиклигингизни инобатга олиб, сиз учун британча талаффуздаги асосий эркак овозимни танладим. Эркак товуши америкача шевада сўзлайдиган ёшгина аёл овозидан кўра ҳар ҳолда ишонарлироқ чиқишини тахмин қилгандим.

“Тавба, бу матоҳ ҳозиргина мени шовинистга 1010
  Ўзга миллатларни камситиб, таҳқирловчи миллатчи шахс.


[Закрыть]
чиқариб қўйдими?”

Лэнгдон бир неча йил илгари онлайн тармоқларда шов-шувга айланган машҳур аудиоёзув ҳақида эслади. Ўшанда “Тime” журнали бош муҳаррири Майкл Шерерга реклама роботи қўнғироқ қилиб, ҳақиқий одамдек гаплашганди. Роботнинг табиий мулоқотидан ҳайратга тушган Шерер суҳбат аудиоёзувини интернет сайтига жойлаб, оммага эълон қилган.

“Бир неча йил аввал содир бўлган бу воқеани Уинстонга бирор алоқаси бормикан”, хаёлидан ўтказди Лэнгдон.

Кирш кўп йиллардан буён сунъий интеллект яратиш устида ишлаётганини Лэнгдон сезиб юрганди, чунки шогирди вақти-вақти билан журнал муқоваларида пайдо бўлиб, бўлажак кашфиётига турли ишоралар бериб турарди. Кирш янги “фарзанди” – Уинстонни дунёга келтириб, қилган меҳнатлари беиз кетмаганини исботлади. Унинг ақл-салоҳиятига тан бермай илож йўқ.

– Вақтимиз озлигини биламан, – Санъат сўзлашдан тўхтамади, – аммо жаноб Кирш сизга спирални кўрсатишимни қаттиқ тайинлаган. Мана, етиб келдик. Эдмонд яна сиздан спирал ичига кириб, марказий қисмигача боришингизни сўради.

Спиралдаги ичкарига олиб борувчи тор ўтиш йўлакчасига қараб, Лэнгдоннинг эти увишди. Бу яна қанақа ёш болача ҳазил бўлди?

– Балки ичкарида нима борлигини айтиб қўяқоларсиз? Тор жойларга унчалик ҳушим йўқ мени.

– Ия, бу ҳақда билмас эканман.

– Клаустрафобиям борлиги ҳақида ҳамма жойда гапириб юришни лозим топмайман, – деди Лэнгдон ҳануз компьютер билан гаплашаётганига тўла ишонолмай.

– Қўрқишга ҳожат йўқ. Спирал маркази анчагина кенг. Айтяпман-ку, жаноб Кирш айнан марказни кўришингизни тайинлади. Шунингдек, у киришингиздан олдин бошингиздаги қулоқчинни ечиб, полга қўйишингизни ҳам эслатиб ўтди.

Лэнгдон қорамтир спиралга иккиланганча қараб сўради:

– Сиз мен билан кирмайсизми?

– Шунақага ўхшайди.

– Буларнинг бари жуда ғалати… Ишончим комил эмас…

– Профессор, жаноб Киршнинг таклифномасини олгач, кечада қатнашиш учун минглаб чақирим йўл босиб келдингиз. Бунинг олдида спиралнинг ичига бир неча метр юриб кириш арзимаган иш-ку! Болалар ҳар куни юз марталаб туннель ичидан у ёқдан-бу ёққа чопиб ўтади ва уларга ҳеч қандай зарар етмайди.

Лэнгдонни умрида биринчи марта компьютер изза қилганди. Уинстоннинг сўнгги жумлалари қоқ мўлжалга урилди. Лэнгдон қулоқчинни бошидан олиб, эҳтиёткорлик билан полга қўйди. Сўнг қаршисидаги спиралнинг кириш жойига яқинлашди. Спиралнинг баланд деворлари орасидаги торгина ўтиш йўли ичкариси қоронғиликка туташиб кетганди.

– Бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ, – деди Лэнгдон ўз-ўзига таскин беришга уринаркан.

У чуқур нафас олиб, туннель ичкарисига қадам ташлади.

Илонизи йўлакдан иборат энсиз туннель Лэнгдон тасаввур қилганидан кўра узунроқ бўлиб, ичкарилагани сари йўлдаги айланма бурилишлар сони кўпайиб борди. Тез орада Лэнгдон неча марта йўлдан бурилганини чамалаб, ҳисобдан адашиб кетди: соат мили бўйлаб ҳар бир айланишдан кейин йўлак борган сари торайиб, туннель деворлари Лэнгдоннинг кенг елкаларига тегай-тегай деб қолди. “Нафас ол, Роберт, чуқурроқ нафас ол.” Қиялаган металл деворлар ҳар сонияда қулаб, уни босиб қоладигандек эди гўё.

“Нималар қиляпман ўзи?”

Профессор ортига бурилиб, қайтишга чоғланган ҳам эдики, тор йўлак тўсатдан ниҳоясига етиб, уни катта очиқ майдонга олиб чиқди. Уинстон айтганидек, спирал ичкариси кутилгандан кўра кенгроқ экан. Лэнгдон ўйлаб ўтирмай, туннелдан очиқликка чиқди, ўпкасини тўлдириб нафас олди ва атрофини ўраб турган баланд металл деворларга бир қур назар ташлаб, бу пухта ўйланган ҳазил ўйин бўлса керак, деб хаёлидан ўтказди.

Шу маҳал ташқаридан эшикнинг шиқирлаб очилгани эшитилди. Баланд деворлар орасида шахдам босилган қадам товушларининг акс-садоси жаранглади. Кимдир галереяга кириб, Лэнгдон кўрган эшик орқали келаётганди. Қадам товуши спиралга кириб, Лэнгдон атрофида айлана бошлади. У ҳар бурилишда қаттиқроқ эшитиларди. Марказга яна кимдир келаётгани аниқ эди.

Лэнгдон туннелнинг чиқиш жойига диққат билан қаради. Оёқ товуши тобора яқинроқдан жарангларкан, йўлак бошида ўрта бўйли, қотмагина, кўзлари чақноқ, қалин қора соч оқ танли одам кўринди.

Лэнгдон келган меҳмон кимлигини таниш учун бир муддат тикилиб тургач, чеҳраси ёришди ва хитоб қилди:

– Буюклар буюги – Эдмонд Кирш қандай ташриф буюришни яхши билади!

– Айтишганидек, биринчи таассуротни иккинчи марта уйғотиб бўлмайди, – жилмайди Кирш. – Сизни кўрганимдан мамнунман, Роберт. Келганингиз учун ташаккур!

Икки эркак бир-бирига яқинлашиб дўстона қучоқлашди. Лэнгдон эски қадрдонининг елкасига қоқиб қўяркан, Киршнинг аввалгидан анча вазн йўқотганини ҳис қилди.

– Озиб қолибсан, тинчликми? – сўради у.

– Вегетарианликка ўтдим, – жавоб қайтарди Кирш. – жисмоний машқлардан кўра осонроқ бу.

Лэнгдон тасдиқлаб кулди:

– Озғин бўлсанг ҳам, қайта учрашганимиздан хурсандман, Эдмонд, – сўнг ҳазиллашди: – Доимгидек барчани башанг кийинишга мажбур қилиб, ўзинг устингга нима илиб олганингни худо билади.

– Ким, менми? – Кирш эгнидаги тор қора жинси, олди V шаклида ўйилган оқ футболка, ёнбошига замок тикилган курткасига қараб илжайди, – “Кутюр” маҳсулоти булар.

– Оппоқ сланс шиппагинг ҳам “Кутюр”ми?

– Шиппак?! Шиппак “Ferragamo Guineas” брендига тегишли.

– Эгнингдаги кутюраларнинг нархи, тахмин қилишимча, менинг шкафимдаги ҳамма кийимлар нархига баробар бўлса керак.

Эдмонд қўл чўзиб, Лэнгдон кийиб олган классик фракнинг ёрлиғини кўздан кечирди ва мамнун жилмайиб фикр билдирди:

– Нега энди? Жуда ажойиб костюмингиз, Лэнгдон. Сизга ярашган.

– Дарвоқе, Эдмонд, менга қара, – Лэнгдоннинг ёдига бояги ишлар тушиб мавзуни ўзгартирди, – сенинг сунъий дўстинг бор‐ку, Уинстон… жуда бошқача.

Эдмонднинг юзига табассум ёйилди:

– Жуда зўр, шундай эмасми? Бу йил сунъий интеллект борасида нималар қилганимни тасаввур ҳам қилолмайсиз, Лэнгдон. Ҳақиқий квант сакраши бўлди. Мен компьютерларга бутунлай ўзгача усулларда муаммоларни ечиш, мустақил равишда ўзини ўзи назорат қилиш имкониятини берувчи бир неча янги технология яратдим. Уинстон устида ҳалиям ишлаяпман, у кундан-кунга ўсиб боряпти.

Лэнгдон тингларкан, Эдмонднинг ёш боланикидек беғубор кўзлари атрофида кўкимтир қора доғлар пайдо бўлганини пайқаб, ичи қирилди. Қадрдон шогирди жудаям толиққан кўринарди.

– Эдмонд, мени бу ерга чақирганинг сабабини билсам бўладими?

– Бильбаогами? Ёки Ричард Серра спиралининг ичигами?

– Спиралдан бошлай қолайлик. Клаустрафобиям борлигини билардинг-ку!

– Албатта, билардим. Бироқ бу кеча барча меҳмонларни комфорт зонасидан қўзғатиш учун ташкилланган, – мағрурона жилмайди Эдмонд.

– Ҳар доимгидек, ўз репертуарингдан чиқмайсан, – деди Лэнгдон ясама жаҳл билан.

– Мендан ранжиманг, Роберт, – Эдмонд қувноқлик билан узр сўради. – Сиз билан гаплашиб олишим зарур эди. Мен эса томоша бошланмасдан олдин кўринишни истамадим.

– Рок юлдузи мухлисларига концертдан олдин дийдорини кўрсатмайдими?

– Бўлмасам‐чи! Рок юлдузи саҳнани тўлдирган туман орасида сирли тарзда пайдо бўлади, ахир, – деб ҳазиллашди Кирш.

Шу он майдонча тепасидаги чироқлар липиллаб ўчиб‐ёнди. Кирш енгини шимариб, соатига кўз ташлади. Сўнг Лэнгдонга қаради, унинг юз ифодаси тўсатдан жиддийлашганди.

– Роберт, вақтимиз оз. Бугун мен учун ўта муҳим кун. Нафақат мен, балки бутун инсоният учун унутилмас кун, десам ҳам бўлади.

Лэнгдоннинг юраги ҳаприқиб кетди.

– Яқинда бир илмий кашфиёт қилдим, – давом этди Эдмонд. – Бу фандаги бағоят улкан ва кутилмаган портлаш бўлди. Унинг инсоният келажагига таъсир кучини хаёлингизга ҳам келтиролмайсиз. Ҳозирча ер юзидаги бирор кимсанинг бундан хабари йўқ. Лекин бироздан сўнг жонли эфир орқали бутун дунёга мурожаат этиб, кашфиётим ҳақида эълон қиламан.

– Нима дейишга ҳайронман, – елка қисди Лэнгдон.

– Қизиқтириб қўйдинг мени.

Эдмонд овозини пастлатиб, ўзига хос бўлмаган ғайриоддий ҳаяжон ила гапира бошлади:

– Роберт, кашфиётни ошкор этишдан олдин сизнинг маслаҳатингизга муҳтожман, – у бир зум тўхтади. – Айни дамда менинг ҳаётим шунга боғлиқ, деб қўрқаман.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации