Электронная библиотека » Дэн Браун » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Ибтидо"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Дэн Браун


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 37 страниц) [доступный отрывок для чтения: 12 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ўн олтинчи боб

Будапешт. Раввин Кёвеш házikó – хосхонасида асабий у ёқдан-бу ёққа юрарди. У телевизор пультини чангаллаганча каналларни тез‐тез ўзгартираркан, хавотир ила епископ Вальдеспинодан хабар кутарди.

Телевизордаги кўп каналлар одатий дастурлар тартибини ўзгартириб, сўнгги ўн дақиқадан бери эътиборини Гуггенҳаймдаги намойишни жонли эфирда узатишга киришганди. Шарҳловчилар Киршнинг муваффақиятларини қизғин муҳокама қилиб, бугунги тадбирдаги сирли эълон ҳақида тахминлар билдиришмоқда эди. Одамлардаги чексиз қизиқишни кўриб Кёвешнинг қошлари чимирилди.

“Бу янгилик мен учун сир эмас.”

Уч кун муқаддам Эдмонд Кирш тақдимотининг хомаки нусхасини Монсеррат тоғида Кёвеш, Саид ал‐Фадл ҳамда Вальдеспино учун намойиш қилганди. Ҳозир бутун дунё ўша кунги дастурни кўриш арафасида турганига Кёвешнинг иймони комил эди.

“Бугун ҳамма нарса ўзгаради”, алам билан ўйлади Кёвеш.

Жиринглаган телефон унинг хаёлларини тўзғитиб юборди. Кёвеш гўшакка ёпишди.

– Иеҳуда, менда яна ёмон хабар бор, – епископ салом‐аликни йиғиштириб, ташвишли оҳангда гап бошлади ва титроқ овозда Бирлашган Араб Амирликларидан келган мудҳиш хабарни айтди.

Бўлган воқеани эшитиб, Кёвеш даҳшатга тушди:

– Нималар деяпсиз… Аллома ал‐Фадл… ўз жонига қасд қилди???

– Шундай деб тахмин қилишмоқда, ҳар ҳолда. У бироз вақт олдин саҳро ичкарисидан топилган… худди ўлиш учун у ерга ўз оёғи билан боргандек, – Вальдеспино бир зум тин олди. – Охирги кунларда содир бўлган ҳодисалар юкини кўтара олмагандир балки…

“Ал‐Фадл ростдан ўзини ўлдирдими?” Кёвеш унинг ўрнига ўзини қўйиб кўриб, юраги сиқилди. Киршнинг кашфиёти қанчалик дахлдор бўлмасин, аллома ал‐Фадл ночорликдан ўз жонига қасд қилиши ғирт сафсата бўлиб туюлди.

– Бу ерда нимадир ёпишмаяпти, – фикрини билдирди Кёвеш. – Аллома бундай ишга қодирлигига ишонмайман.

Орага жимлик чўкди.

– Тўғри, – тилга кирди Вальдеспино, – у ўзини ўлдирганига шубҳам бор.

– Унда… Ким жавобгар унинг ўлимига?

– Эдмонд Киршнинг кашфиёти сирлигича қолишини истаган ҳар қандай одам, – жавоб берди епископ ўйлаб ўтирмай. – Биз каби Киршнинг тақдимоти бир неча ҳафтадан кейин, деб ишонган одам.

– Аммо Кирш кашфиёт ҳақида биздан бошқа ҳеч ким хабардор эмаслигини айтганди‐ку! – эътироз билдирди Кёвеш. – Сиз, аллома ал‐Фадл ва мен билардик, холос.

– Кирш алдаган бўлса‐чи, қаердан биласиз? Майли, Кирш янгилигини фақат учаламизга айтган ҳам дейлик. Дўстимиз ал‐Фадл бу тўғрида оммага ошкор қилишни истагани ёдингиздами? Балки аллома янгиликни Амирликлардаги бирор ҳамкасбига айтиб қўйгандир. Балки ўша ҳамкасб худди мендек Киршнинг топилмаси хавфли оқибатларга олиб келишини англагандир.

– Нимага шама қиляпсиз? – жаҳл билан деди раввин. – Ал‐Фадлнинг оғзини юмиш учун уни ўлдиришга буйруқ берилганигами? Ғирт бемаънилик бу!

– Раввин, – босиқлик билан жавоб қайтарди епископ. – Нима бўлганини аниқ билмайман. Сиз каби ҳар хил жавобларни тахмин қилиб кўряпман.

Кёвеш чуқур нафас олди:

– Узр сўрайман. Саиднинг энди орамизда йўқлигини ҳануз қабул қилолмаяпман.

– Мен ҳам. Агар Саид ростдан билган маълумоти сабаб ўлдирилган бўлса, биз ҳам ўзимизга эҳтиёт бўлмоғимиз даркор. Иккаламиз навбатдаги нишонга айланишимиз мумкин.

Кёвеш бир муддат ўйга толди.

– Янгилик оммага етиб борганда, бизни ўлдиришларига ҳожат қолмайди.

– Тўғри. Лекин ҳали эълон қилинмади.

– Зоти олийлари, тақдимот бир неча дақиқадан сўнг бошланади. Ҳамма каналдан кўрсатишяпти.

– Ҳа… – уҳ тортди Вальдеспино. – Дуо ва илтижоларим бесамар кетганга ўхшайди…

Кёвеш ажабланди: “Ростдан ҳам епископ Худодан Киршнинг фикрини ўзгартиришини сўраб дуо қилдимикан?”

– Кашфиёт дунёга эълон қилинса ҳам, – давом этди Вальдеспино, – биз хавфдан холи бўлмаймиз. Кирш уч кун аввал диний раҳнамолар билан маслаҳатлашгани тўғрисида мамнуният билан гапириб берса керак. Кирш ростдан ҳам ахлоқий бурч ундови ила биз билан учрашганига энди шубҳаланяпман. Хуллас, агар у исмларимизни айтса, иккаламиз ҳам қаттиқ текширув ва танқид остида қоламиз. Кашфиёт оммага ёйилишининг олдини олмаганимиз учун айбдор қилишади. Кечирасиз, лекин мен… – епископ яна нимадир демоқчи бўлиб иккиланди.

– Нима демоқчисиз, епископ? – сўради Кёвеш.

– Кейинроқ муҳокама қиламиз. Киршнинг намойишини кўргач, сизга қайтиб қўнғироқ қиламан. Унга қадар, илтимос, ташқарига чиқа кўрманг. Эшикларингизни тамбалаб олинг, ҳеч ким билан гаплашманг. Раввин, ўзингизни эҳтиёт қилинг.

– Мени қўрқитяпсиз, Антонио.

– Бошқа иложим йўқ, – жавоб қайтарди Вальдеспино. – Дунё бу янгиликни қандай кутиб олишини кузатиб ўтиришимиз қолди, холос. Буёғи Худонинг иродасида.

Ўн еттинчи боб

Осмон тоқидан Эдмонд Киршнинг овози янграркан, Гуггенҳайм музейидаги майсазорга жимлик чўкди. Юзлаб меҳмонлар чойшабга чўзилганча юлдузлар нур сочган самога тикиларди. Даланинг қоқ ўртасига ётиб олган Роберт Лэнгдоннинг юраги қизиқишдан потирлаб урарди.

– Келинг, бу кеча яна болаликка қайтайлик, – давом этди Киршнинг овози. – Фалакдаги юлдузларга қараб, онгимизни каттароқ имкониятларга очайлик.

Атрофдан томошабинларнинг ҳаяжонли хитоблари эшитилди.

– Бу оқшом биз саёҳатчилар каби, – эълон қилди Кирш, – барчасини ортимизда қолдириб, кенг океанларни сузиб ўтамиз… олдин тирик жон назари тушмаган янги маконларни кашф этамиз… тиз чўкиб, олам файласуфларимиз тасаввур қилганидан кўра буюкроқ эканига иймон келтирамиз. Янги кашфиёт қаршисида дунё ҳақидаги ҳеч қачон шак келтирмаган эътиқодларимиз парчаланади. Бу оқшом онгимиз эшиклари ланг очилади.

"Бошланиши чаккимас, – деб ўйлади Лэнгдон. – Қизиқ, Киршнинг нутқи аввалдан ёзиб олинганми ёки ўзи ҳозир саҳна ортида туриб ўқиётганмикан?"

– Дўстларим, – осмонда Эдмонднинг овози акс‐садо берди, – биз бу ерга муҳим кашфиёт тўғрисидаги янгиликни эшитиш учун йиғилдик. Сизга сабр‐бардош тилайман. Бугун инсоният онгида туб ўзгариш содир бўлади. Бунинг учун ҳозир гувоҳ бўладиганларингизни англашингиз жуда муҳим.

Эдмонд гапини тугатиши биланоқ, момақалдироқнинг гумбур‐гумбури эшитилди. Карнайлардан таралаётган шиддатли мусиқадан Лэнгдоннинг ичи зириллаб кетди.

– Воқеаларнинг кейинги ривожини тушуниш учун бизга, – давом этди Эдмонд, – таниқли олим – рамзлар, кодлар, тарих, дин ва санъат дунёсининг тирик афсонаси бўлган бир инсон ёрдам беради. У, шунингдек, менинг қадрдон дўстим ҳамда суюкли устозим ҳамдир. Хонимлар ва жаноблар, марҳамат, кутиб олинг: Ҳарвард университети профессори Роберт Лэнгдон!

Томошабинлар гурдурос қарсак чаларкан, кутилмаган исмни эшитиб таажжубланган Роберт бошини ёстиқдан кўтарди. Осмондаги юлдузлар кўздан йўқолиб, улар ўрнида талабалар билан лиқ тўла катта аудитория тасвири намоён бўлди. Экранда чанқоқ нигоҳларни ўзига қаратган “Harris Tweed” курткасидаги профессор Роберт Лэнгдон у ёқдан-бу ёққа юриб, маъруза ўқирди.

“Эдмонд айтган роль шу экан-да”, ўйлади Лэнгдон жойига қулайроқ ёнбошлаб оларкан.

– Қадимги одамлар учун, – маъруза бошлади экрандаги Лэнгдон, – дунё улар тушунмайдиган сир‐синоатлардан иборат эди. Аждодларимиз ақли ожизлик қилган ҳар қандай ҳодиса – момақалдироқ, зилзила, вулқон отилиши, тўлқинлар, бепуштлик, турли фалокатлар, ҳатто севгини тушунтириш учун худолар, илоҳ ва илоҳаларни яратди.

Бу ғирт сюрреализм”, деган фикрга келди Лэнгдон ўзини ўзи томоша қиларкан.

– Масалан, қадимги юнонлар океан ва денгизлардаги сув сатҳининг кўтарилиб‐пасайишини Посейдон кайфиятининг ўзгаришига боғлиқ, деб ҳисоблашган, – шифтдаги экранда Лэнгдоннинг тасвири кўздан йўқолди, аммо овози маъруза ўқишда давом этди.

Бутун зални титратиб, экранда шиддат билан мавжланаётган океан пайдо бўлди. Бир‐бирига урилаётган тўлқинлар бироздан кейин қор босган, изғирин кимсасиз тундрага эврилди. Майсазор бўйлаб қаердандир совуқ шамол эсиб, этни жунжиктирди.

– Қишнинг келиши эса, – кадр ортида давом этди Лэнгдоннинг овози, – маъбуда Персефонанинг марҳумлар салтанатига асир олингани учун Ернинг мавсумий кўзёш тўкиши билан изоҳланган.

Ўтлоқдаги ҳаво қайта илиди. Экрандаги музлаган тундра ўрнида тоғ қад кўтариб, юқорига қараб ўса бошлади. Унинг чўққисидан чақмоқлар, тутун ва лава отилиб чиқарди.

– Қадимда римликлар, – Лэнгдон ҳикоясини давом эттирди, – вулқонлар жойлашган тоғларни темирчилик худоси – Вулқоннинг уйи деб ҳисоблаган. Вулқон – худо тоғ остидаги улкан устахонасида қаттиқ ишлаган маҳали унинг мўрисидан аланга ва олов сачрайди, деб ишонишган.

Майсазорни олтингугурт ҳиди енгил айланиб ўтди. Лэнгдон оддий маърузани даҳоларча мультисенсорик1515
  Бир пайтда бир нечта сезги – эшитиш, кўриш, ҳид сезиш орқали туюладиган.


[Закрыть]
тажрибага айлантирган шогирдига ичида тасанно айтди.

Вулқоннинг гумбурлаган товуши тинди. Залга чўмган сукунатда яна чигирткаларнинг чириллаши эшитилиб, майса ҳидига қоришган шабада эса бошлади.

– Аждодларимиз беҳисоб худоларни нафақат сайёранинг, балки ўз таналарининг синоатларини тушунтириш учун ҳам ўйлаб топишган, – изоҳ берди Лэнгдоннинг овози.

Бош узра турли маъбудларнинг тасвирини акс эттирган юлдузлар туркуми пайдо бўлди.

– Агар инсон бефарзанд бўлса, – давом этди Лэнгдон кадр ортида, – демак, у маъбуда Юнонанинг назаридан қолган, севиб қолса, Эроснинг ўқидан яраланган бўлади. Юқумли касалликлар Аполлоннинг жазоси сифатида кўрилган.

Юлдузлар янги худоларнинг тасвирини намоён қилди.

– Китобларимни ўқиган бўлсангиз, – деди Лэнгдоннинг овози, – “Бўшлиқлар худоси” деган атамадан фойдаланганимни кўришингиз мумкин. Бунинг маъноси шуки, қадимги ота‐боболаримиз оламни тушунишда бўшлиқ сезса, ўша бўшлиқ ўрнини “Худо” билан тўлдирган.

Осмонда ўнлаб қадимги худолар, илоҳларнинг расмлари ва ҳайкалларини ўзида жамлаган улкан коллаж пайдо бўлди.

– Билимдаги беҳисоб бўшлиқларни тўлдириш учун сон‐саноқсиз худолар керак бўлган, – Лэнгдон давом этди. – Бироқ асрлар ўтиб, илм‐фан даври келди.

Бош узра математик ва техник рамзлардан иборат коллаж аксланди.

– Бизни ўраб турган дунёда рўй бераётган ҳодисаларга илмий жавоб изларканмиз, оламни тушунишдаги бўшлиқларимиз аста‐секинлик билан емирилиб борди. Бўшлиқларга қўшилиб, худолар ҳам йўқола бошлади.

Шифтда Посейдоннинг сурати катталашиб, олдинга чиқди.

– Мисол учун, сув сатҳининг ўзгариши Ой фазаларига боғлиқлигини аниқлаганимиздан сўнг бизга Посейдоннинг ортиқ кераги бўлмай қолди ва уни афсонага айлантирдик.

Экрандаги Посейдоннинг расми тутун ичида ғойиб бўлди.

– Қолган маъбудларни ҳам Посейдоннинг қисмати кутарди. Чунки ривожланаётган онгимизнинг уларга муҳтожлиги қолмаётганди.

Илоҳларнинг сурати бирма‐бир кўздан йўқола бошлади – момақалдироқ худоси, зилзила илоҳаси, офатлар маъбуди…

– Бироқ, – қўшиб қўйди Лэнгдон, – бу худолар осонликча “жон таслим қилди” деб ўйлаш хато бўлади. Маъбудлардан ажралиш ҳар бир маданият учун узоқ ва мураккаб жараён бўлган. Нима учун илоҳий эътиқодларнинг ёлғон бўлиши мумкинлигига шубҳа қилмаймиз? Чунки улар туғилганимиздан буён биз энг қадрлаган, энг ишонган инсонлар – ота‐онамиз, ўқитувчиларимиз, диний раҳнамоларимиз ва бошқа яқинларимиз томонидан миямизга сингдириб келинади. Диний қарашларнинг ўзгаришига кўплаб авлодларнинг алмашинуви, юзлаб, минглаб йиллар зарур бўлади. Ва таассуфки, бу ҳодиса кўпинча одамларда қўрқув ва нафрат туйғуларини уйғотиб, қонли тўқнашувларни келтириб чиқаради.

Маъбудлар экрандан бирма‐бир ғойиб бўларкан, бир‐бирига зарб билан урилган қиличларнинг жаранги, жангчилар урҳоси, яраланганларнинг оҳ‐воҳлари атрофни тутди. Ниҳоят, осмон марказида ягона маъбуд қолди – унинг нигоҳи ўткир, сержаҳл чеҳраси тўлқинсимон оппоқ соқол билан қопланган эди.

– Зевс… – тантанали эълон қилди Лэнгдон, – худоларнинг худоси. Маъбудлар ичидаги энг мудҳиши ва энг иззатлиси. Бошқа илоҳлардан фарқли ўлароқ, Зевс ўзининг йўқ бўлиб кетишига жим қараб турмади, аксинча, ўзи бир вақтлар ўрнини эгаллаган аввалги маъбудлар сингари у ҳам ҳукмдорлигини асраш учун беомон жангга киришди.

Экранда Стоунҳенж, Шумер миххатлари, Мисрнинг буюк эҳромлари пайдо бўлиб, сўнг яна Зевснинг сурати кўринди.

– Зевсга эътиқод қилувчилар жуда чидамли чиқди. Улар маъбуддан воз кечишни асло исташмади. Оқибатда, ҳукмронлик ўрнатаётган навбатдаги дин – насронийлик янги худонинг қиёфаси сифатида Зевснинг чеҳрасидан фойдаланишига тўғри келди.

Лэнгдон маърузадан тўхтаркан, экрандаги Зевснинг чеҳраси аста‐секинлик билан ўзгариб, бошқа бир соқолли қиёфа шаклига кирди. Бу қиёфа Микеланжелонинг “Одамнинг яралиши” номли асарида акс этган насроний худоси эди.

– Бугун биз Зевс ҳақидаги эртакларга ортиқ ишонмаймиз. Эчки сутини эмиб улғайган ва Циклоп, яъни бир кўзли мавжудотлардан куч олган маъбуд тўғрисидаги эртаклар замонавий тафаккур шарофати билан "мифология" деб аталади. Мифология – хурофотчи аждодларимиз яшаган оламни тушунишга ёрдам берувчи уйдирма ҳикоялардир.

Экранда кутубхонадаги чанг босган китоб жавони кўринди. Унда Баал, Осирис, Иштар сингари кўплаб маъбудлар ҳақида ёзилган чарм муқовали қадимги мифлар тўпламлари терилиб турарди.

– Ҳозир кўп нарса аввалгидек эмас! – қироат билан деди Лэнгдон. – Бизнинг қарашларимиз ўзгарди.

Янги тасвирлар экран юзини қоплади: фазонинг забт этилиши… компьютер чиплари… тиббий лабораториялар… парвоздаги самолётлар…

– Энди биз ақлан ривожланган, технологик жиҳатдан маҳоратли мавжудотга айландик. Биз энди вулқонлар остида баҳайбат темирчининг ишлашига, тўлқинлар ва фаслларни назорат қилувчи худоларга ишонмаймиз. Биз аждодларимизга умуман ўхшамаймиз.

– Ёки ўхшаймизми? – деб пичирлади майса устида ётган Лэнгдон аудиоёзувни сўзма‐сўз қайтариб.

– Ёки ўхшаймизми? – Лэнгдоннинг овози юқоридан ҳам келди. – Биз ўзимизни замонавий, ўқимишли шахс деб ҳисоблаймиз, шунга қарамай, бугунги энг кенг тарқалган динлар ҳамон мўъжизага тўла – ўликнинг қайта тирилиши, бокира қизнинг туғиши, табиий офат юборувчи қасоскор худолар, ўлимдан кейинги ҳаёт, етти қават осмондаги роҳатбахш жаннату, аланга босган дўзах – буларнинг ҳаммаси биз эътиқод қилувчи динларнинг таълимоти саналади.

Лэнгдон гапида давом этаркан, экранда Исонинг қайта тирилиши, Биби Марям, Нуҳ кемаси, Қизил денгиз сувининг иккига ажралиши, дўзах ва жаннат тасвирлари намоён бўлди.

– Келажакдаги тарихчилар ва антропологлар биз ҳақимизда нима деб ўйлашини бир тасаввур қилинг, – деди Лэнгдон. – Замонасидан келиб чиқиб, улар бизнинг диний қарашларимизни ўрганади ва эътиқодларимиз тизимини зулмат даври мифологияси деб ҳисоблайдими? Улар худоларимизга биз ҳозир Зевсга қарагандек муносабатда бўладими? Муқаддас китобларимизни тўплаб, тарихнинг чанг босган жавонига тиқиб қўядими?

Лэнгдоннинг саволидан сўнг залга узоқ жимлик чўкди.

– Худди шундай бўлади, профессор, – жимликни Эдмонд Киршнинг юқоридан янграган овози бузди. – Ҳаммаси айнан шундай бўлишига мен ишонаман. Келажак авлодлар ўз‐ўзига савол бериши шубҳасиз: қандай қилиб илм‐фан ривожланган даврда яшаган биздек одамлар динлар ўқитган сафсаталарга ишонган бўлиши мумкин?

Киршнинг овози баландлаша борди. Одам Ато ва Момо Ҳаво, бурқага бурканган хотин, чўғ устида юраётган ҳинду расмлари экрандан бирма‐бир ўтди.

– Бугунги анъаналаримиздан хабар топгач, ишончим комил, келгуси авлодлар бизни зулмат даврида яшаган, деб хулоса қилади. Фикрларининг исботи сифатида улар эътиқодларимизни кўрсатади: Худо одамни сеҳрли боғда лойдан бунёд қилиши, ҳар нарсага қодир Яратгувчи аёлларга бошини ёпиб юришини буюриши, бу ҳам етмагандек, унинг шарафига вақти‐вақти билан танамизни куйдиришимиз…

Иблисни қувиш, чўқинтириш, танага темир‐терсак тақишу, ҳайвонларни қурбонлик қилиш сингари дунё бўйлаб тарқалган турли диний маросимларнинг суратлари кетма‐кет экранда намойиш этилди. Слайд юракларни ларзага келтирувчи видео билан якунланди: ҳинду роҳиби кичкина чақалоқни ўн беш метрли минора тепасида ушлаб турарди. Кутилмаганда у болачани пастга ташлаб юборди. Чақалоқ тўғри бориб, қишлоқ одамлари балиқчилар тўридек ёйиб, ушлаб турган чойшаб устига тушди.

“Гришнешвар ибодатхонасидаги маросим бу”, деб хаёлидан ўтказди Лэнгдон. Айтишларича, бола баландликдан пастга улоқтирилса, унга Худонинг марҳамати, соғлиқ ва ақл ёғиларкан.

Даҳшатли видео, ниҳоят, тугади.

Буткул зулмат ичида қолган залда Киршнинг товуши акс‐садо билан жаранглади:

– Замонавий одамнинг онги аниқ мантиқий таҳлиллар қилишга яроқли бўла туриб, қандай қилиб ақлга тўғри келмайдиган диний эътиқодларни қабул қилишга йўл қўяди?

Майсазор осмонида яна юлдузлар ёғду соча бошлади.

– Бу саволнинг жавоби, – давом этди Эдмонд, – жуда оддий бўлиб чиқди.

Самодаги саноқсиз юлдузлар тобора тиниқлашди ва ингичка тола орқали бир–бирига боғланиб, чексиз тугунчалар тўпламини ҳосил қилди.

“Нейронлар”, тахмин қилди Лэнгдон.

– Инсон мияси нима учун ишонади? – сўради Кирш.

Бош узра ҳосил бўлган мияда бир неча тугунчалар чақнаб, ингичка толалардан бошқа тугунчаларга электр сигналларни юбора бошлади.

– Бизнинг миямиз жонли компьютердир, – тушунтирди Кирш. – Унда кун давомида киритиладиган чалкаш маълумотлар оқимини тўғри тартибга солувчи операцион тизим бор. Чалкаш маълумотлар сиз бешта ҳиссиётингиз билан ҳис қиладиган ҳамма нарса, айтайлик, суҳбатлар, мусиқа оҳанги, полиция сиренаси ёки шоколад мазаси бўлиши мумкин. Тасаввур қилганингиздек, қабул қилинаётган маълумотлар оқими бир‐бирига ўхшамаган ҳамда тўхтовсиз бўлади. Миянгиз эса уларнинг ҳар бирини алоҳида ажратишга мажбур. Миянинг мана шу операцион тизими реалликни қандай қабул қилишимизни белгилайдиган қисм саналади. Бахтга қарши, миямизнинг операцион тизимини ким ёзган бўлса ҳам, унда юмор ҳисси кучли экан. Бошқача айтганда, энг аҳмоқона нарсаларга ҳам ишонишимиз бизнинг айбимиз эмас.

Мия ичидаги тугунчалар кўздан йўқолиб, таниш расмлар – астрологик хариталар, сув узра юраётган Исо Масиҳ, саентология асосчиси Л. Рон Ҳаббард, Миср худоси Осирис, ҳиндуизмнинг тўрт қўлли фил худоси – Ганеша ҳамда Биби Марямнинг ҳақиқий кўзёшлар оқаётган мармар ҳайкали чиқиб келди.

– Хуллас, дастурчи сифатида ўзимдан ўзим сўрайман: нимага бизнинг операцион тизимимиз бунақа сафсаталарни яратади? Саволнинг жавоби бошимиз ичида. Агар инсон миясини чуқур тадқиқ қилсак, у иккита асосга қурилганини кўрамиз.

Экранларда йирик‐йирик ибора пайдо бўлди:

ТАРТИБСИЗЛИКНИ ҚОРАЛА ТАРТИБНИ ЯРАТ

– Кўриб турганингиз – миямизнинг асосий дастури, – Кирш изоҳ берди. – Шу дастурга биноан миямиз тартибсизликдан қочиб, ҳамма жойда тартиб яратишга уринади.

Шу пайт мусиқадан бехабар ёш бола клавишларни аямасдан босаётгандек, пианинонинг телба‐тескари овози янграб қулоқни қоматга келтирди. Лэнгдон ва бошқа томошабинларнинг бехосдан асаблари таранглашди.

– Пианино ноталарининг маъносиз данғиллашига тоқат қилиб бўлмайди, – қичқирди Эдмонд шовқин ичидан. – Лекин худди шу ноталарни аниқ тартибга келтирсак…

Асаббузар шовқин тиниб, унинг ўрнида Дебюссининг “Ой ёғдуси” сонатаси майин оҳангда янграй бошлади.

Ёқимли садо остида Лэнгдон мушакларининг бўшашганини ҳис қилди, залдаги асабийлик ҳам барҳам топди.

– Бизнинг миямиз роҳат олади, – гапини давом эттирди Кирш. – Юқоридаги ҳар иккала оҳанг бир хил ноталардан иборат ва бир хил мусиқа асбобида чалинган. Улар орасидаги ягона фарқ – тартиб. Дебюсси ноталарни тартибга солди ва инсонга завқ улашди. Девордаги қийшайиб турган рамкани тўғрилаганимизда ёки топишмоқнинг жавобини топганимизда ҳам худди шунақа роҳатланамиз. Тартибга мойиллигимиз ДНКмизга ўйиб ёзилган. Шундай экан, инсоният энг буюк ихтироси – компьютерни тартибсизликни тартибга солишда кўмаклашиш учун яратганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Испанчада компьютер бежиз орденадор деб аталмайди. Тўғридан‐тўғри таржима қилинганда орденадор – “тартибга солувчи” деган маънони англатади.

Экранда баҳайбат компьютер қаршисида ўтирган йигит сурати пайдо бўлди.

– Тасаввур қилинг, сиз бутун дунёдаги маълумотларга улана оладиган қудратли компьютерга эгасиз, унга истаган саволингизни беришингиз мумкин. Эҳтимоллар назариясига мувофиқ, охир‐оқибат сиз компьютердан ақлимизни таний бошлаганимиздан бери онгимизни эгаллаган иккита асосий саволни сўрайсиз.

Компьютер ёнидаги одам клавиатурани босди ва экранда ёзув ҳосил бўлди:

 
Биз қаердан пайдо бўлганмиз?
Бизни олдинда нима кутмоқда?
 

– Бошқача айтганда, сиз инсоният ибтидоси ҳамда тақдири тўғрисида, албатта, сўрайсиз. Ва бу саволларни берганингизда компьютернинг жавоби қуйидагича бўлади.

Мониторда янги ёзув кўринди:

ТЎҒРИ ЖАВОБ УЧУН ЕТАРЛИ МАЪЛУМОТ МАВЖУД ЭМАС

– Жавоб етарлича ахборот бермаса ҳам, – деди Кирш, – муҳими, ҳақиқатни айтади.

Экранда инсон мияси намоён бўлди.

– Бироқ… Биз қаердан келганмиз, деган саволни монитордаги митти, жонли компьютердан сўрасангиз борми, бутунлай бошқа жавобга дуч келасиз.

Миядан ўнлаб диний тасвирлар оқими кўринди – Одам Атога жон бахш этаётган Худо; лойдан илк одамни ясаётган Прометей; танасининг турли қисмларидан одамларни яратаётган Брахма; булутларни ёриб, иккита одамни Ер юзига тушираётган Африка худоси, ёғочдан эркак ва аёлни бунёд этаётган Скандинав илоҳи…

– Ана энди, миямиздан сўрайлик: бизни олдинда нима кутмоқда?

Энди мия янада кўпроқ расмлар ишлаб чиқара бошлади. Улар орасида покиза жаннатлар, алангали дўзахлар, қадимги Мисрнинг Марҳумлар китобига битилган иероглифлар, юлдузлар туркумининг тошга ўйилган намуналари, юнонларнинг Елисей майдони, Каббалача “Гилгул Нешамот” тасвирлари, буддизм ва ҳиндуизмга тегишли реинкарнациянинг турли диаграммалари, теософларнинг “Абадий ёз мамлакати” ҳақидаги тасаввурлари бор эди.

– Инсон мияси, – Эдмонд изоҳлашга тушди, – бутунлай жавоб йўқлигидан кўра қандайдир жавоб борлигини маъқул кўради. Саволларимизга жавоб бериш учун маълумот етишмаслиги сабабли жавоб тополмаслик бизда чексиз ноқулайлик уйғотади. Натижада, етишмаган маълумотларни миямизнинг ўзи кашф қила бошлайди ва бизга ёлғондан бўлса ҳам, қандайдир тартибни яратиб беради. Мифология, диний эътиқодлару фалсафий қарашлар инсоният ибтидоси ва интиҳоси тўғрисидаги жумбоқларга жавоб бўлувчи тартиб иллюзияси тариқасида дунёга келади.

Бош узра диний тасвирлар пайдо бўлишда давом этаркан, Эдмонднинг товуши баландлаб борди:

– Биз қаердан пайдо бўлганмиз? Бизни олдинда нима кутмоқда? Мени ўзига жалб қилган борлиқнинг бу икки фундаментал жумбоғига жавоб топишни йиллар давомида орзу қилдим, – Эдмонднинг овози қайғули тус олди. – Афсуски, диний ақидалар сабаб миллиардлаб одамлар икки саволнинг жавобини яхши биламиз, деб ишонишади. Бунинг устига, ҳар бир дин бу саволларга турлича жавоб бераркан, бутун бошли маданиятлар Яратгувчи Зот ҳақидаги кимнинг ҳикояси ҳақиқатлиги устида тортишиб, жангга киришади.

Бош узра замбаракдан отилаётган ўқлар, бомбаларнинг портлаши каби диний урушларни акс эттирган қонли тасвирлар кўринди. Улар ортидан бахтсиз қочоқлар, етим қолган болалар ва тинч аҳолининг жасадлари намоён бўлди.

– Динлар пайдо бўлгач, инсонлар турли гуруҳларга бўлиниб кетди ва улар орасига туганмас адоват уруғи сепилди. Атеистлар, насронийлар, мусулмонлар, яҳудийлар, ҳиндуистлар – ҳаммамиз ўзгача эътиқод вакилига бошқача кўз билан қараймиз. Турли эътиқод вакилларини бирлаштириб турувчи ягона ўхшашлик эса ер юзида тинчлик ҳукм суриши учун ҳаракат қилишимиздир.

Урушнинг гумбурлаган суратлари ғойиб бўлиб, ўрнида милтираётган юлдузлар жой олган чексиз само ҳосил бўлди.

– Шунчаки тасаввур қилинг… Агар борлиқнинг иккала жумбоғига ечим топсак, нима бўлади… Жавобларнинг бехато исботига назар ташласаг‐у, қўлимизни чўзиб, уни қабул қилишдан бошқа чора тополмасак… Барча… бир бутунликда…

Қўлини қовуштирганча илтижо қилаётган роҳиб экранда пайдо бўлди.

– Илоҳий масалаларни ҳал қилиш диннинг юмуши ҳисобланган. Шунинг учун динларнинг куракда турмайдиган таълимотларига ҳам индамай кўз юмишга мажбур бўлганмиз.

Бош узра жамоа бўлиб кўзларини юмган кўйи ашула айтаётган, таъзим қилаётган, дуо ўқиётган диндорлар тасвиридан иборат коллаж ҳосил бўлди.

– Иймон, – деди Эдмонд, – маъносидан ҳам маълумки, ўзинг кўрмаган, ҳис қилмаган нарсаларга ҳеч қандай исбот талаб қилмасдан ишонишга даъват этади. Одамларнинг эътиқоди нега турлича бўлади? Чунки дунёда универсал ҳақиқатнинг ўзи йўқ, – Эдмонд бир зум тўхтади. – Аммо…

Шифтдаги расмлар бирлашиб, кўзларини катта‐катта очганча диққат билан микроскопга тикилиб турган талаба қизнинг суратини ҳосил қилди.

– Илм‐фан – диннинг бутунлай тескариси, – давом этди Кирш. – Фан ҳалигача номаълум ёки аниқланмаган ҳодисаларга моддий исбот топишга ҳаракат қилади. Фан хурофотларни ва тўқималарни рад этиб, далилларга таянади. Одамлар илм‐фан топган жавобларни деб ҳеч қачон бир‐бирига қарши бош кўтармайди. Саволларга илм‐фан таклиф қилган ечим ҳамиша универсал бўлиб, инсониятни гуруҳларга бўлиб ташламайди, балки атрофида бирлаштиради.

Экранда NASA, CERN ва бошқа илмий лабораториялар акс этди – турли миллат ва ирқ вакилларидан иборат олимлар жамоаси ҳозиргина топилган янги маълумотларни нишонлаб, хурсандчилик билан бир‐бирини қучоқларди.

– Дўстларим, – деди пичирлаб Эдмонд. – Ҳаётим давомида кўплаб башоратлар қилганман. Бу оқшом яна бир башоратни сизлар билан бўлишмоқчиман.

Эдмонд чуқур нафас олиб, қатъийлик билан деди:

– Динларнинг умри ниҳоясига етмоқда. Бундан бу ёғига илм‐фан асри оламга нур сочиб, зиё таратади.

Залга юракни сиқувчи сукунат чўкди.

– Бугун инсоният, – тантанали эълон қилди у, – илм‐фан томонга квант сакрашни амалга оширади.

Бу сўзларни эшитиб, Лэнгдондан совуқ тер чиқиб кетди. Қанақа сирли кашфиёт қилган бўлмасин, бир нарса аниқ эди: Эдмонд ҳозиргина дунё динларига қарши уруш эълон қилганди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации