Текст книги "Ибтидо"
Автор книги: Дэн Браун
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 37 страниц) [доступный отрывок для чтения: 12 страниц]
Йигирма саккизинчи боб
Агент Фонсека ва унинг шериги агент Диас зулмат чўккан зал ичида изғий бошлашди. Улар телефонидаги чироқ ёрдамида йўлини ёритиб, ҳозиргина Амбра ва Лэнгдон ғойиб бўлган туннелга киришди.
Туннелнинг ярмига етганда Фонсека гилам устида ётган Амбранинг телефонига дуч келиб, таажжубланди. “У телефонини ташлаб кетибдими?”
Амбранинг рухсати билан Қироллик гвардияси аёлнинг телефонига қаердалигини аниқловчи дастур ўрнатганди. Амбра телефонини ташлаб кетибдими, демак, у кўздан яширинмоқчи.
Бу ҳолат Фонсеканинг асабини бузди: Испаниянинг бўлғуси қироличаси йўқолиб қолганини хўжайинга қайси бет билан айтади? Гап шаҳзодага тегишли нарсалар ҳимояси ҳақида кетганда, Қироллик гвардияси командори ўз онасини ҳам танимасди. Бугун командор шахсан ўзи Фонсекага лўнда қилиб тушунтирганди: “Амбра Видалнинг хавфсизлиги учун калланг билан жавоб берасан!”
“Унинг қаердалигини билмасам, қандай қилиб хавфсизлигига жавоб бераман?”
Иккала агент шошганча туннелни босиб ўтди ва кичик залга чиқди. Бу ерда ташқи дунё билан алоқа боғлаб, ҳозиргина гувоҳ бўлган воқеаси ҳақида хабар бераётган юзлаб чеҳраларни кўриш мумкин эди. Хона қоронғи бўлгани учун телефонлардан таралаётган ёруғлик ичида одамларнинг юзи арвоҳникига ўхшаб кўринарди.
– Чироқларни ёқинг! – деб қичқирарди бир неча киши.
Шу пайт Фонсеканинг телефони жиринглади.
– Агент Фонсека, музей хавфсизлиги хизмати бўлимидан гапиряпман, – гўшакдан ёш аёлнинг ҳарбийча овози эшитилди. – Бизда энергия таъминотида узилиш бўлди. Бу компьютердаги носозлик туфайли келиб чиққанга ўхшайди. Бир неча дақиқадан сўнг барчасини тўғрилаймиз.
– Ички камералар ишлаяптими? – сўради Фонсека бу ердаги камералар тунги кўриш тизимидалигини билиб.
– Шундай, сеньор.
Фонсека қоронғи зални кўздан кечирди:
– Амбра Видал бироз олдин асосий залдан бу ерга кирди. Унинг қаерга кетганини аниқлай оласизми?
– Бир дақиқа кутиб туринг.
Жаҳлдан юраги тез‐тез ураркан, Фонсека кутишга киришди. “Убер” билан бўлган суҳбат омадсиз якунланди: оператор қотил буюртма қилган машина изига тушиш қийин бўлаётганини хабар берганди.
“Ўзи бугун ҳамма иш чаппасидан кетяпти.”
Пешонани қарангки, қўриқчи бу кеча биринчи марта Амбра Видал билан ишлаши эди. Одатда, катта офицер Фонсека фақат шаҳзода Хулианга хизмат қиларди. Бугун эрталаб командор уни ҳузурига чақириб, буйруқ берди:
– Бу оқшом шаҳзода Хулианнинг қаршилигига қарамай, сеньорита Видал бир тадбирга мезбонлик қилмоқда. Унга ҳамроҳлик қилинг ва хавфсизлигини таъминланг!
Амбра мезбонлик қилаётган тақдимот динга тамоман тескари, куфрона экани Фонсеканинг хаёлига ҳам келмаганди. Омма олдидаги қотиллик ҳақида гапирмасаям бўлади. Амбра шаҳзода Хулиан билан гаплашишни рад этгани эса ошиб тушди. Бу ҳам етмагандек, энди аёл барча изларни йўқотиб, америкалик профессор билан қочиб кетгани умуман ақлга сиғмайди.
“Дон Хулиан бу ҳақда эшитса борми…”
– Агент Фонсека? – хавфсизлик хизматидаги аёлнинг овози қайта эшитилди. – Сеньорита Видал билан бир эркак кичик залдан чиқди ва коридор бўйлаб юриб, Луиза Буржуанинг “Ҳужралар” кўргазмаси жойлаштирилган галереяга кирди. Уларни эшикдан чиққанда ўнг тарафдаги иккинчи галереядан топасиз.
– Раҳмат! Кузатишда давом этинг!
Фонсека ва Диас маълумотни олгач, кичик зал бўйлаб югуриб, йўлакка чиқди. Пастда музей атриумини кесиб ўтиб, ташқарига шошаётган меҳмонлар тўдаси кўриниб турарди.
Фонсека, хизматчи аёл айтганидек, ўнг томонда “Ҳужралар” деб ёзилган эшикни кўрди.
Галерея жуда кенг бўлиб, у ерда ғалати, ҳужрага ўхшаш қафаслар бор эди. Қафаслар ичида оппоқ, шаклсиз ҳайкаллар жой олганди.
– Сеньорита Видал! – қичқирди Фонсека. – Жаноб Лэнгдон!
Жимжитлик.
Агентлар зални қидиришни бошлади.
***
Гвардия агентларидан бир неча хона нарида, шундоққина гумбазли аудиториянинг ташқарисида Амбра ва Лэнгдон эҳтиёткорлик билан ҳавозалар оралаб юрганча, хира ёниб турган “Чиқиш” белгиси томон бормоқда эди.
Улар бироз аввал Лэнгдон билан Уинстон тузган режа бўйича ҳаракатланарди.
Режа бўйича, Уинстон чироқни ўчирди ва зал зулмат ичида қолди. Лэнгдон улар турган жой билан туннель орасигача бўлган масофани тахминан ҳисоблаб, туннель оғзига етганда, Амбра телефонини ичкарига улоқтирди. Сўнг иккови туннелга кириш ўрнига гумбаз томон кетди, мато деворни пайпаслаганча, бир амаллаб Диас қотилни қидириш учун кенгайтирган тешикни топди. Шу тариқа залдан девор ичкарисига ўтиб, зинага бошловчи чиқиш эшигига қараб юришди.
Ёрдам сўраганда Уинстон дарров рози бўлганини эслаб, Лэнгдон ҳайратланарди.
– Агар Эдмонднинг тақдимоти пароль билан ҳимояланган бўлса, – деганди Уинстон ўшанда, – у ҳолда паролни зудлик билан топиб, фойдаланишимиз керак. Эдмонд менга юклаган асосий вазифа: унинг тақдимотини омадли чиқиши учун ҳар қандай имкониятни ишга солиш эди. Афсуски, бошиданоқ унга панд бердим – вазифа уддаланмади. Хатоимни тўғрилаш учун имкон пайдо бўлганидан хурсандман.
Лэнгдон миннатдорлик билдиришга оғиз жуфтлаган эди, Уинстон гапида давом этди. У жуда тез гапирар, худди юқори тезликда ўқилаётган аудиокитобга ўхшарди:
– Эдмонднинг тақдимотига улана олганимда эди, – деди Уинстон, – дарҳол бу ишни бажаришга киришардим. Бахтга қарши, билганингиздек, тақдимот ҳимояланган ташқи серверда сақланади. Бизга фақат Эдмонднинг смартфони ва пароль керак. Мен аллақачон қирқ етти ҳарфли сатрдан иборат шеърлар рўйхатини қидириб чиқдим. Афсуски, уларнинг сони юз мингдан ортиқ – мисралар турлича бўлиниши ҳисобига бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Эдмонднинг интерфейси бир неча марта нотўғри пароль киритилса, ўчиб қолади, демак, тахминий уринишлар бефойда. Бизда фақат битта вариант қоляпти: паролни бошқа усулда топишимиз керак. Бу борада Видал хонимнинг фикрига қўшиламан – Барселонага бориб, Эдмонднинг уйини текширишингиз зарур. Эдмондда севимли шеър бор экан, ўша шеър ёзилган китоб ҳам бўлса керак. Балки у ўша сатрни бирор йўл билан алоҳида белгилаб қўйгандир. Эдмонд иккингизнинг Барселонага бориб, паролни топишингиз ва тақдимотни режадагидек амалга оширишингизни истаган бўларди. Яна бир гап, адмирал Авилани меҳмонлар рўйхатига қўшишни сўраб қилинган қўнғироқ ростдан ҳам Мадриддаги қироллик саройидан бўлганини аниқладим. Шу туфайли Қироллик гвардияси агентларига ишониб бўлмайди, деб ўйлайман ва улардан қочишингиз учун имконият яратиб бераман.
Уинстон айтганининг устидан чиққан кўринади.
Лэнгдон билан Амбра, ниҳоят, чиқиш эшигига етиб борди, Лэнгдон овоз чиқармай эшикни очди, ташқарига чиқишгач, эшикни орқадан ёпди.
– Яхши, – деди Уинстоннинг овози Лэнгдоннинг боши ичида жаранглаб, – хизматчилар фойдаланадиган зина олдидасиз.
– Гвардия агентлари‐чи? – сўради Лэнгдон.
– Анча узоқда, – жавоб қайтарди Уинстон, – ҳозир музей хавфсизлиги хизматчиси сифатида улар билан гаплашиб, бинонинг бошқа бурчагидаги галереяга юборяпман.
"Эсдан оғиш мумкин", ўйлади Лэнгдон компьютернинг ақлига лол қолиб.
– Пастки қаватга тушинглар, – кўрсатма берди Уинстон. – Кейин музейдан чиқинг. Айтганча, унутманг, бино ташқарисида қулоқчин билан алоқа узилади.
"Жин урсин." Лэнгдон бу ёғини ҳисобга олмаганди.
– Уинстон, – деди профессор шоша‐пиша. – Эдмонд ўтган ҳафта бир неча диний раҳнамо билан кўришиб, кашфиёти ҳақида айтганидан хабарингиз борми?
– Наҳотки? – жавоб қайтарди Уинстон. – Бугунги нутқидан сезиш мумкинки, Киршнинг кашфиёти динларга зарар беради, балки шунинг учун диний йўлбошчилар билан маслаҳатлашмоқчи бўлгандир?
– Бўлиши мумкин. Ўша диний раҳнамолардан бири Мадрид епископи Вальдеспино бўлади.
– Қизиқ. Онлайн маълумотларга қараганда, Вальдеспино испан қиролининг жуда яқин маслаҳатчиси экан.
– Тўғри, лекин бу ҳаммаси эмас. Эдмонд учрашувдан кейин епископдан таҳдидли хабар қабул қилганини биласизми?
– Йўқ. Афтидан, шахсий телефондан келган бўлса керак.
– Спирал ичида кўришганимизда, Эдмонд аудиохабарни қўйиб эшиттирганди. Вальдеспино тақдимотни бекор қилишга ундабди. Яна диний уламолар кашфиёт аҳамиятини пасайтириш учун уни Эдмонддан аввалроқ эълон қилишмоқчилигини айтиб, огоҳлантирган, – Лэнгдон қадамини секинлатиб, Амбрани олдинга ўтказди ва паст овозда сўради: – Вальдеспино билан адмирал Авила ўртасида қандайдир алоқа топдингизми?
Уинстон бир зум жим қолди:
– Бевосита алоқа аниқламадим. Лекин бу умуман алоқа йўқ, дегани эмас. Шунчаки, улар ўртасидаги алоқа борлигини исботлаб бўлмаслигини билдиради.
Улар биринчи қаватга яқинлашишди.
– Профессор, – давом этди Уинстон, – бугунги ҳодисаларни инобатга олсак, Эдмонднинг кашфиётини ерга кўмиш учун ўта қудратли кучлар ишга киришган. Ўз нутқида Эдмонд сизни кашфиётига тамал тоши қўйишига илҳомлантирган инсон сифатида ёдга олди. Қўрқаманки, Эдмонднинг душманлари сизни ҳам етарлича хавфли деб ҳисоблаши мумкин.
Ҳаёти хавф остида бўлиши мумкинлигини умуман ўйлаб кўрмаган Лэнгдоннинг эти жимирлаб кетди. У ўзини қўлга олиб, биринчи қаватдаги эшикни очишга уринаётган Амбрага ёрдамга ошиқди.
– Эшикдан чиққанингизда, – тушунтирди Уинстон, – хиёбонни кўрасиз. Чап томонга ўтиб, бинони айланиб, дарё бўйлаб пастга юринг. Ўша ерда сизларни келишган жойимизга элтувчи транспорт билан таъминлайман.
"BIO ES346, – Лэнгдон Уинстондан шу манзилга олиб боришни илтимос қилганди. – Тақдимотдан кейин Эдмонд билан ўша ерда учрашишимиз керак эди". Лэнгдон аллақачон кодни ечиб, BIO ES346 ҳеч қандай илмий лаборатория эмас, анча оддий нарсалигини тушунганди. Нима бўлса ҳам, профессор BIO ES346 Бильбаодан қочишлари учун калит бўлишига умид қилди.
“Эсон-омон бу ердан чиқиб олсак, – ўйлади Лэнгдон тез орада йўллар патруль хизмати билан тўлиб кетишини кўз олдига келтириб, – тезроқ ҳаракат қилишимиз зарур”.
Эшик очилди. Остона ҳатлаб хиёбонга чиқаркан, Лэнгдон ерда сочилиб ётган тасбеҳ доначаларини кўриб таажжубланди, лекин ўйлаб ўтиришга вақт йўқ эди. Уинстон ҳануз кўрсатма бераётганди:
– Дарёга етсангиз, Ла Сальве кўприги остидаги йўлакка боринг ва кутинг…
Уинстон гапини тугатолмади: Лэнгдоннинг қулоқчини қитирлади‐ю, жимиб қолди.
– Уинстон? – бақирди Лэнгдон. – Уинстон, қанисиз? Нимани кутишимиз керак?
Аммо Уинстон жавоб бермади, у ғойиб бўлганди.
Икковлоннинг ортидаги оғир металл эшик қарсиллаб ёпилди ва тезроқ отни қамчилаш кераклигини эслатди.
Йигирма тўққизинчи боб
Бильбао ташқарисида “Убер”нинг седан машинаси АП–68 трассаси бўйлаб Мадрид томон елиб борарди. Орқа ўриндиқда адмирал Авила оқ костюми ва ҳарбийча бош кийимини ечиб, озодлик ҳиссидан яйраб ўтирарди. “Ҳа, осон қутулдим. Худди Регент ваъда қилганидек.”
“Убер”га чиқибоқ Авила тўппончасини ҳайдовчининг бошига тақаганди. Қўрқувдан ҳуши бошидан учган ҳайдовчи адмиралнинг буйруғига кўра смартфонини машина ойнасидан ташқарига улоқтирди, натижада, машина маҳаллий операторлар билан узилиб, фақатгина “Убер” бош қароргоҳи билан алоқаси қолди, холос.
Шундан кейин Авила ҳайдовчининг ҳамёнига кўз югуртириб, унинг уй манзили, рафиқаси ҳамда иккита фарзандининг исмини ёдлаб олди. "Айтганимни бажар, – таҳдид қилди Авила, – акс ҳолда, оилангни қайта кўрмайсан".
Ҳайдовчининг ранги ўчиб, машинани ўт олдирди ва адмиралнинг айтганларини сўзсиз бажаришга киришди.
“Энди мени ҳеч ким тополмайди”, хаёл қилди Авила сиреналарини чийиллатганча қарама‐қарши томон учиб кетаётган полиция машиналарини кўраркан.
Машина жанубга қараб елиб бораркан, адмирал олдиндаги олис сафарга ҳозирлик кўрди. У томирларида жўш ураётган адреналинни ҳис қилиб турарди. “Вазифани яхши уддаладим.” Авила панжасига кўз ташлади: татуировка ҳимоясига ҳожат бўлмади. Ҳозирча, албатта.
“Убер” ҳайдовчиси буйруқларига тўла бўйсунишига ишонч ҳосил қилгач, адмирал тўппончани пастлатди ва бемалолроқ жойлашиб, машина ичини кўздан кечирди. Унинг кўзи машина олд ойнасига ёпиштирилган иккита стикерга тушди.
"Бу яна нима бўлди?"
Тепадаги стикери, ҳойнаҳой, “Убер”га тегишли. Иккинчи стикер эса юқоридан юборилган номага ўхшайди.
“Папа хочи”. Шу кунларда бу белгини ҳамма жойда учратиш мумкин – католиклар бутун Европа бўйлаб янги папага садоқати ҳамда унинг черковни замонавийлаштиришдаги саъй‐ҳаракатларини қўллаб‐қувватлаши исботи сифатида шу белгидан фойдаланмоқда.
“Убер” ҳайдовчиси ҳам либерал папанинг мухлиси эканини тушунган Авила тепкини босишдан ўзини зўрға тийиб қолди. Худонинг қонунларидан айримларига риоя қилиб, бошқасидан юз ўгиришга рухсат бераётган янги папани беақл омма либерал, деб ардоқлаётгани Авиланинг ғазабини келтирарди. Мана шу папа туфайли деярли ҳар куни Ватиканда аборт, бир жинсли никоҳ, аёлларнинг руҳоний бўлиши сингари либерал мақсадлар муҳокама қилинмоқда эди. Бу икки минг йиллик анъана емирилиб бораётганидан дарак берарди.
“Бахтимизга, анъаналар учун курашадиганлар ҳалиям бор.”
Авиланинг қулоғи остида Ориаменди мадҳияси янгради.
“Ва мен уларга хизмат қилишдан фахрланаман.”
Ўттизинчи боб
Испаниянинг энг қадимий ва олий хавфсизлик хизмати – Қироллик гвардияси – ўрта асрларга бориб тақаладиган қатъий анъанага асосланади. Гвардия агентлари учун қироллик оиласи хавфсизлигини таъминлаш, қироллик мулкини ҳимоя қилиш ҳамда қироллик шаънини асраш Худо олдидаги муқаддас бурч саналади.
Олтмиш яшар командор Диего Гарза – гвардиянинг яқин икки минг қўшини бошқарувчиси – паст бўйли, озғин, қорачадан келган, силлиқ сочини ҳамиша орқага тараб юрадиган, кичкина кўзли эркак эди. Митти жуссаси туфайли у оломон ичида деярли кўринмасди. Шу хусусияти командорга қаср деворлари ичидаги кучли таъсирини ниқоблашга ҳам ёрдам берарди.
Йилларча муқаддам командор Гарза ҳақиқий қудрат жисмоний қувватдан эмас, балки сиёсий кучдан илдиз отишини англаб етганди. Шубҳасиз, Қироллик гвардияси бошлиғи сифатида унинг нуфузи юқори эди. Келажакни олдиндан кўра билиши, сиёсий ақл‐идроки эса командорни саройдаги турли шахсий ҳамда профессионал, масалаларни ҳал қиладиган, қироллик оиласи учун ўта муҳим шахсга айлантирганди.
Саройнинг ҳам сиёсий, ҳам кундалик ички сирларидан бохабар Гарза ҳеч қачон қироллик оиласига панд бермаган эди. У нозик муаммоларга осонликча ечим топиш қобилияти ҳамда мулоҳазакорлиги сабабли қиролнинг энг керакли ёрдамчисига айланганди. Ҳозир эса испан қироли “Palacio de Sarsuela”да сўнгги кунларини яшаркан, саройдаги кўпчилик қатори Гарзада ҳам нотинч давр бошланди.
Ашаддий консерватив генерал Франциско Франконинг ўттиз олти йиллик қонли диктатурасидан сўнг парламентар монархияга айлантирилган нотинч мамлакатни қирол қирқ йилдан ошиқроқ вақт мобайнида бошқариб келди. Франко 1975 йилда вафот этгач, тахтга ўтирган қирол Испаниянинг демократик ривожланиши учун ҳукумат билан елкама‐елка туриб ҳаракат қилди.
Ёш авлодга ўзгаришлар жуда секин амалга оширилаётгандек туюлар эди.
Қариётган консерваторлар эса янгиликларни Худога қарши исён сифатида баҳоларди.
Парламентар монархияси бўлган Испания “асосчи оталари”дан кўпчилик ҳанузгача Франконинг консерватив доктринаси, айниқса, католикнинг “давлат дини” ҳамда “миллатнинг ахлоқий пойдевори” деган қарашини қўллаб‐қувватларди. Мамлакатда кўпайиб бораётган либерал ёшлар қатлами эса бу фикрга қарши чиқиб, расмий черковларнинг иккиюзламачилигини таъкидлар, давлат ва диннинг бир‐биридан ажратилишига ҳаракат қиларди.
Ўрта яшар шаҳзода бу икки йўлдан қай бирини танлашини ҳеч ким билмасди. Йиллар мобайнида шаҳзода Хулиан на отасининг сиёсатига аралашди, на ўзининг диний қарашларини билдирди. Кўп сонли диний уламолар шаҳзода отасига нисбатан либералроқ бўлишига ишонса‐да, буни аниқ билишнинг иложи йўқ эди.
Аммо бугун бу масалага ойдинлик киритилади.
Тоби йўқ қирол Бильбаодаги даҳшатли воқеалар тўғрисида оммага баёнот бера олмаслиги сабабли шаҳзоданинг бу вазифани ўз бўйнига олишдан бошқа чораси йўқ.
Бир нечта юқори ҳукумат органи вакиллари, жумладан, мамлакат бош вазири аллақачон қотилликни муҳокама қилган бўлса‐да, шахсий фикр билдиришдан тийилди. Улар қироллик саройининг расмий баёнотини кутмоқда эди. Гарза ажабланмади: Бильбао ҳодисаларига бўлғуси қиролича, Амбра Видал аралашиб қолгани боис, ҳамма ўзининг эҳтиётини қилаётганди.
"Бугун шаҳзода Хулианни оғир синов кутмоқда, – ўйлади Гарза сарой зинасидан кўтарилиб, қироллик апартментига шошаркан. – Шаҳзода маслаҳатга муҳтож айни дамда. Қирол ёрдам берадиган аҳволда эмас, демак, бу ишни мен қилишим керак."
Гарза қароргоҳ йўлаги бўйлаб юриб, ниҳоят, шаҳзоданинг эшигига етиб борди ва чуқур нафас олиб эшикни тақиллатди.
Ичкарида жимжитлик.
"Қизиқ, ахир, шаҳзода ичкаридалиги аниқ‐ку, – ажабланди Гарза. – Дон Хулиан ҳозиргина хонасидан туриб Бильбаодаги агент Фонсекага қўнғироқ қилган. У Амбра Видалнинг хавфсизлигини ўйлаб хавотирланган".
Гарза эшикни яна тақиллатди.
Ҳеч қандай жавоб йўқ.
Командорнинг хавотири ошиб, иккиланган кўйи эшикни очди:
– Дон Хулиан? – чақирди у ичкарига қадам ташлаб. Меҳмонхонадаги телевизордан тушиб турган ёғдуни ҳисобга олмаса, шаҳзоданинг хонаси қоп‐қоронғи эди. – Шаҳзодам, шу ердамисиз?
Гарза илдам қадамлар билан меҳмонхонага кирди ва дераза олдида ташқарига тикилганча қилт этмай турган шаҳзода Хулианни кўрди. У бугунги учрашувлар учун кийган расмий костюмини ҳануз ечмаган, фақат бўйинбоғини бироз бўшатган эди.
Шаҳзоданинг аҳволидан Гарза ташвишга тушди. "Бильбаодаги ишлар унга қаттиқ таъсир қилган кўринади."
Командор Гарза йўталиб, келганидан дарак берди.
– Амбрага қўнғироқ қилганимда, у мен билан гаплашишни истамади, – гап бошлади шаҳзода ортига қарамай. Унинг овозида хафаликдан кўра ҳайронлик акс этганди.
Гарза нима дейишни билмади. Шаҳзоданинг Бильбаодаги воқеа келтириб чиқарган жиддий сиёсий масала қолиб, Амбра билан муносабати тўғрисида ўйлаши ғалати эди. Ўзи уларнинг унаштируви бошиданоқ тушунарсиз бўлганди.
– Ўйлашимча, сеньорита Видал ҳалиям карахт, – тезда жавоб қилди Гарза. – Агент Фонсека хонимни кечроқ Мадридга етказиб келади. Ўшанда гаплашиб оласиз. Сеньоританинг соғ‐саломат эканидан мамнунлигимни билдиришга ижозат беринг.
Шаҳзода беэътибор бош ирғади.
– Қотилни таъқиб қилишмоқда, – мавзуни ўзгартиришга киришди Гарза. – Фонсеканинг ишонтиришича, тез орада террорчини қўлга олишади.
Шаҳзодани ўзига келтириш учун Гарза атайдан “террорчи” сўзини қўллади. Лекин бу фойда бермади. Шаҳзода яна бир марта эътиборсиз бош ирғади.
– Бош вазир қотиллик ҳақида баёнот берди, – давом этди Гарза. – Аммо ҳукумат сизнинг баёнотингизни кутмоқда… Амбранинг тақдимотга аралашгани… – Гарза бир зум тўхтади, – ёқимсиз вазиятни келтириб чиқарди… Лекин унаштирувингизни ҳисобга олиб, омма олдида рафиқангиз мустақил аёл эканини қадрлашингизни айтишингиз керак, деб ўйлайман. Бунга қўшимча қилиб, Эдмонд Киршнинг сиёсий ва диний қарашларининг сеньоритага боғлиқлик жойи йўқлигини билишингизни, тадбирда қатнашиш унинг музей директори сифатидаги вазифаси эканини таъкидланг. Истасангиз, нутқингизни тайёрлаб беришим мумкин. Баёнотни тонгги нашрларга топширишимиз керак.
Хулиан нигоҳини деразадан узмади:
– Баёнотда епископ Вальдеспино иштирок этиши шарт.
Бу гапни эшитиб, Гарзанинг пешонаси тиришди. Франкодан кейинги Испания “estado aconfesional”, яъни давлат дини мавжуд бўлмаган мамлакатга айланганди. Бу билан черковнинг давлат сиёсатига аралашиши чекланган эди. Аммо қирол билан яқин дўстлиги ҳисобига Вальдеспино саройнинг кундалик ишларига истаганича таъсир ўтказа оларди. Бахтга қарши, епископнинг сиёсат ва дин борасидаги мутаассиб қарашлари бугунгидек тиғиз вазиятларни тўғрилаш учун муносиб дипломатия ва чора қўллашга халал беради.
“Айни пайтда бизга кенг фикрлилик зарур, ақидапарастлик билан тоқатсизлик эмас.”
Вальдеспинонинг тақводор кўриниши ортида жуда оддий ҳақиқат яширинганини командор Гарза аллақачон тушунганди: епископ ҳамиша Худо эмас, ўз манфаати учун ишлайди. Яқин‐яқингача Гарза бу ҳақиқатдан кўз юмишга ҳаракат қилиб келди, бироқ энди саройдаги ҳокимият ўзгараётган бир даврда, епископнинг шаҳзода Хулианга яқинлашуви етарлича хавотирланишга арзийди.
“Бунга йўл қўйиб бўлмайди.”
Дон Хулиан учун епископ қандайдир диний раҳбардан кўра оила аъзоси – маслаҳатгўй амакидек бўлиб қолганди. Йиллар муқаддам қиролнинг ишонган одами сифатида Вальдеспино ёш Хулианнинг ахлоқий тарбиясига масъул эди ва у бу вазифани алоҳида иштиёқ билан бажарганди. У шаҳзоданинг ҳамма ўқитувчиларини назорат қилар, эътиқоддан таълим берар, ҳаттоки севги‐муҳаббат бобида ҳам маслаҳатини аямасди. Орадан йиллар ўтиб, ҳозир Хулиан ва Вальдеспино камдан‐кам учрашиб турса‐да, улар ўртасидаги қалин алоқалар сақланиб қолганди.
– Дон Хулиан, – деди Гарза босиқ оҳангда, – бугунги ҳодисани учинчи шахснинг иштирокисиз ҳал этмоғимиз даркор.
– Шундайми? – деган овоз эшитилди орқадан.
Гарза ўгирилиб, қоронғиликда турган шарпани кўриб, сесканиб тушди.
"Вальдеспино."
– Командор, ишончим комил, – гап бошлади епископ паст овозда, – бугун менинг қанчалик зарурлигимни ҳаммадан ҳам кўра сиз яхши тушунасиз.
– Гап сиёсий масала устида кетяпти, диний эмас, – қатъий оҳангда эътироз билдирди Гарза.
Вальдеспино истеҳзоли жилмайди:
– Сиздан бу гапни эшитиб, ақлингизга беш кетмадим. Ҳозирги вазиятга ягона ечим бор. Биз зудлик билан халқни шаҳзода Хулиан тақводор католик эканига ишонтиришимиз керак.
– Розиман… Баёнотда бўлғуси қиролнинг художўйлигини, албатта, қўшиб кетамиз.
– Шаҳзода матбуот олдида баёнот бераётган маҳали унинг елкасига қўлимни қўйиб туришим шарт. Бу дон Хулиан билан черков ўртасидаги алоқалар мустаҳкамлигининг белгиси бўлади. Биргина тасвир сиз ёзадиган юзлаб жумладан ишончлироқ кўринади.
Командорнинг қовоғи осилди.
– Дунё ҳозиргина испан тупроғида содир бўлган қотилликка гувоҳ бўлди, – давом этди Вальдеспино. – Зўравонлик маҳали Парвардигордан ўзга юпанч йўқдир.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?