Текст книги "Жавдарзордаги халоскор"
Автор книги: Джером Сэлинджер
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
4
Қиладиган муҳим ишим йўқлиги учун Стредлейтер соқолини олгунча у билан гап сотиб тураман деб ювиниш хонасига бордим. Ҳамма ўйинда эканлиги учун биздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Хона жуда иссиқлигидан дераза ойналари парланиб кетганди. Девор бўйлаб ўнтача раковина ўрнатилган бўлиб, Стредлейтер ўртадагисидан фойдаланаётганди. Унинг ўнг томонидаги раковина четига ўтирдим ва асабга ўйновчи одатимни – совуқ сув жўмрагини очиб-ёпишни бошлаб юбордим. Стредлейтер “Ҳиндистон қўшиғи” куйини ҳуштак қилиб чалганча соқол олаётганди. У қўшиқ оҳангига деярли тушолмайдиган нўноқ ҳуштакбозлардан эди, нуқул чалишга энг қийин бўлган қўшиқлар, масалан, “Ҳиндистон қўшиғи” ёки “Ўнинчи хиёбондаги қотиллик”ка ўхшашларни танларди. У қўшиқни бутунлай оёғини осмондан қилиб ташлаши мумкин эди.
Ёдингизда бўлса, Эклининг иркитлиги ҳақида гапиргандим, Стредлейтер ҳам унинг бир тури. Фақат у бошқачароқ иркит. Стредлейтер киши билмас иркит эди. У кўринишидан тартибли эди, аммо унинг устарасини кўрсангиз борми – занглаб кетган устара доим кўпик ва қил билан тўла турар, Стредлейтер ҳеч қачон уни тозалаб қўймасди. У ювиниб-тарангандан сўнг ораста кўринарди. Лекин уни менчалик яхши билсангиз, ҳеч ким сезмаса ҳам, барибир иркитлигига амин бўласиз. Кўркам кўриниш учун доим ўзига қараб юришининг сабаби эса у ўзини телбаларча яхши кўрарди. Стредлейтер ўзини Ғарбий яримшардаги энг кўркам йигит деб ҳисобларди. Тан оламан, у ростдан ҳам анча келишган йигит эди. Лекин, биласизми, унинг кўркамлиги шундай эдики, мабодо ота-онангизнинг мактаб альбомингизда унинг суратига кўзи тушгудек бўлса, улар албатта “Манави бола ким?” деб сўраши тайин. Ишқилиб, у қандайдир альбомбоп хушбичим йигит эди. Мен Пенсида Стредлейтердан ҳам кўркамроқ болаларни биламан, лекин уларнинг альбомдаги суратига қарагудек бўлсангиз, улар Стредлейтердек эътибор тортмасди. Уларнинг бурни катта ёки қулоқлари шалпайиб тургандек кўринарди, бунга бир неча бор амин бўлганман.
Хуллас, мен Стредлейтер соқолини олаётган раковинанинг ёнгинасида ўтириб олганча жўмракни ёқиб ўчириб ўйнардим. Бошимда ҳамон ов қалпоғим. Бу қалпоққа роса ишқим тушди.
– Ҳой, – деди Стредлейтер, – бир яхшилик қилмайсанми?
– Нима? – дедим мен хушламайгина. У нуқул бировдан яхшилик қилишни сўрарди. Ўзини осмондаги ой деб ҳисобловчи бундай кўркам йигитчалар доимо бировлардан ёрдам қилишни сўрайди. Улар ўзларини шунчалик севадики, бошқалар ҳам уларни деса ақлдан озади ва уларнинг ҳожатини чиқариш учун ўзларини томдан ташлайди деб ўйлашади. Бир томондан бу тоза тентаклик.
– Кечқурун бирор ерга бормоқчимасмисан?
– Балки борарман, балки йўқ. Билмасам. Нима эди?
– Душанбагача тарихдан бир дунё мавзу ўқишим керак, – деди у. – Инглиз тилидан иншо ёзиб берақолсанг-чи? Агар душанбагача ўқиб тугатмасам, дабдалам чиқиши аниқ, шунга сендан илтимос қиляпман. Розимисан?
Бу жудаям масхарали илтимос эди. Жудаям.
– Мен бу лаънати ердан ҳайдалаётган бўлсам-у, сен эса қандайдир иншо ёзиб беришимни сўраяпсанми?!
– Ҳа, биламан. Лекин вақтида вазифани топширмасам, ростдан аҳволим чатоқ. Бир оғайнилик қилсанг-чи. Майлими?
Унга дарров жавоб бера қолмадим. Стредлейтердек нусхаларнинг асабини таранглаштириб фақат савобга қоласиз.
– Нима ҳақида?
– Хоҳлаган нарсанг ҳақида. Тасвирий иншо ёзиш мумкин бўлган исталган бирор нарса ҳақида. Масалан, хона ёки уй, яшаган жойинг ёки ўзинг яхши биладиган бирорта матоҳ ҳақида. Шунчаки узундан-узоқ тасвирласа бўладиган нарса танласанг бўлгани.
У шу гапларни айта туриб оғзини ўрадек очиб эснади. Менга энг ёқмагани шуниси бўлди. Кимдир сиздан бирор ишни илтимос қилаётганда эснаса, тасаввур қиляпсизми?
– Фақат жуда зўр ёзиб юбормагин, – деди у. – Лаънати Ҳарцелл иншо ёзишни қийворишингни билади ва хонадошим эканингдан ҳам хабари бор. Нима десам экан, вергул-пергулларини хато қўйсанг бўлди.
Энди мана шу гапидан нақ тутуним чиқиб кетай деди. Қаранг-а, иншо ёзишни қийиб юборадиган бўлсангиз-у, кимдир сизга вергуллар ҳақида гапириб ўтирса. Стредлейтер нуқул шундай қиларди. Гўёки унинг иншо ёзишдаги биргина камчилиги вергулни қўя олмаслигида. У шу жиҳатдан ҳам Эклига ўхшайди. Бир сафар баскетбол ўйинида Экли билан ёнма-ён ўтириб қолганман. Бизнинг жамоада Хави Койл деган даҳшат ўйинчи бор эди. У майдон марказидан туриб, тўпни шит ёки бошқа бирор нарсага теккизиб юбормасдан саватга тушира оларди. Экли бўлса, ҳамма гап шунчаки, Хавининг қомати баскетбол учун мослиги ҳақида бутун ўйин давомида минғирлашдан чарчамади. Эй Худойим, бундай сафсатабозларни кўргани кўзим йўқ.
Бироздан сўнг унинг ёнида ўтиришдан зерикдим ва ўрнимдан туриб бир неча қадам нари кетдим, шунчаки зерикмаслик учун оёқ рақсига ўйнай бошладим. Шунчаки кайфиятимни кўтармоқчи эдим. Бу рақсни унчалигам қойиллатмасдим, аммо ювиниш хонасининг поли тошданлиги оёқ рақси учун айни муддао экан. Кинолардаги йигитларнинг бирига тақлид қила бошладим. Мюзиклдаги бир йигитчага. Кино кўришни жиним суймаса ҳам, киноқаҳрамонларга тақлид қилишдан кайфим чоғланарди. Бизнинг Стредлейтер соқол ола туриб, кўзгу орқали мени кузатарди. Ўзимни кўрсатиб қўйиш учун томошабин етишмаётганди, холос. “Мен губернатор ўғлиман,” – дедим тақлидан. Ҳар ёнда рақс тушиб тоза чиранаётган эдим.
– Отам раққос бўлмай, Оксфордга боришимни хоҳлайди. Лекин бу лаънати оёқ рақси менинг қон-қонимга сингиб кетган бўлса, нима ҳам қила олардим?! – Стредлейтер кулиб юборди. У ҳазилни бинойидек тушунарди. – Зигфелд Фоллиснинг премьерасига хуш келибсиз! – ҳансирай бошладим. Нафас етмай қолди. – Бош қаҳрамонимиз ортиқ давом эттиролмайди. У молдек бўкиб ичган. Хўш, унинг ўрнини ким эгаллайди? Мана мен-да – кекса губернаторнинг ўғли.
– Қалпоқни қаердан олдинг? – сўради Стредлейтер ов қалпоғимга ишора қилиб. Сотиб олганимдан бери ҳали кўрмаганди.
Ҳалиям нафасимни ростлай олмаётгандим, ўйинга тушишни бас қилдим. Қалпоғимни қўлимга олиб унга юзинчи марта қарадим ва “Бугун эрталаб Нью-Йоркдан” – дедим. – Бир долларга. Сенга ёқдими?
Стредлейтер бош ирғади.
– Гап йўқ, – деди у шунчаки хушомад қилиб, сўнг дарров қўшиб қўйди: – Менга қара, иншомни ёзиб берасанми? Аниғини билишим керак.
– Вақт тополсам, майли, бўлмаса, йўқ, – дедим. Турган жойимдан қўзғалиб, яна унинг ёнидаги бояги жойимга ўтирдим.
– Ким билан учрашмоқчисан? – сўрадим. – Фицжеральдми?
– Уф, жин урсин! Айтгандим-ку, у тўнғиз билан орани очиқ қилганман деб.
– Йўғ-е? Уни менга бер, болакай. Беҳазил. У ойимча жа менбоп.
– Олавер… Лекин у сен учун қарилик қилади.
Шу пайт тўсатдан Стредлейтер билан ўйнашгим келиб қолса денг. Хоҳишимни ҳисобга олмаса, бунга тузукроқ сабаб ҳам йўқ эди. Раковинадан сакраб тушиб, бир қўлимни елкаси оша бўйнидан, иккинчисини эса қўлтиғи остидан ўтказиб, боши орқасидан ушлаб осилиб олдим. Бу усул курашда “ярим нелсон” деб аталади, мабодо билмасангиз дейман-да, у билан рақибни ўлдириб нетиб қўйиш ҳам ҳеч гапмас. Мен унга қоплондек чанг солгандим.
– Бас қил, Ҳолден. Худо ҳақи! – деди Стредлейтер бу қилиғимни хушламай. Соқол олаётган пайт ўйнашишга кўзи учиб турмаслиги аниқ, ҳар ҳолда. – Калламни узиб олмоқчимисан?
Шунда ҳам уни қўйиб юбормадим.
– Чангалимдан чиқиб кўр-чи!
– О, худо-о! – деди-ю устарасини қўйиб бирданига қўли билан кескин ҳаракат қилган эди, сиқувимдан чиқиб олди. У жуда бақувват йигит эди, мен эса жуда нимжон.
– Бўлди, майнавозчиликни йиғиштир, – деди ва яна соқолини олишда давом этди. У чиройли кўриниш учун соқолини кичкина эскириб кетган устараси билан икки қайта оларди.
– Фицжеральд бўлмаса, унда ким билан учрашмоқчисан? – сўрадим унинг ёнидаги раковина четига ўтириб. – Анави ёқимтой Филлис Смит биланми?
– Йўқ, шундай бўлиши керак эди, лекин бари чиппакка чиқди. Ҳозир мени Бад Тоунинг хонадоши кутяпти… Ҳой, сал қолса унутай дебман, у сени таниркан.
– Ким?
– Мен билан учрашувга чиқаётган қиз.
– Йўғ-е? – дедим мен. – Исми нима экан?
Бу мени анча қизиқтириб қўйганди.
– Нима эди-я… Уф. Ҳа, Жейн Галлагер.
Эҳ, у шу сўзларни айтганида ҳайратдан тош қотиб қолдим.
– Жейн Галлагер! – дедим. Бу исмни эшитиб ҳаттоки ўтирган жойимдан туриб кетсам бўладими! Қулоқларимга ишонмаётгандим. – Ҳа рост. Мен уни танийман. Бултур ёзда у билан деярли ён қўшни бўлганмиз. Унинг Доберман пинчери бўларди. Биз ўша кучук баҳона танишиб қолгандик. Қачон қараса унинг кучуги боғимизга…
– Ҳолден, ёруғни тўсиб турибсан, худо ҳақи, – деди Стредлейтер. – Туришга бошқа жой қуриб қолганми?
Эҳ, жуда ҳаяжонланиб кетаётган эдим. Жуда.
– У ҳозир қаерда? – сўрадим. – Янги қурилган кичик бинодами?
– Ҳа.
– Қандай қилиб мени унутмаган бўлиши мумкин? У Б.М.да ўқияптими? Ўша ерда ўқисам керак деганди. Шиплига боришим ҳам мумкин деганди. Уни Шиплида ўқияпти деб юрардим. Наҳотки, мени унутмаган бўлса? – ҳаяжонимни боса олмаётган эдим. Ростдан ҳам.
– Худо ҳақи, билмайман. Қоч, сочиғимни босиб турибсан, – деди Стредлейтер. Унинг жиннича сочиғига ўтириб олибман.
– Жейн Галлагер, – такрорладим яна. Ҳамон ўзимга келолмаётгандим. – Ё тавба-а.
Бизнинг Стредлейтер эса сочига гел суртаётганди. Менинг гелимни.
– У раққоса, – дедим мен. – Балетми, ишқилиб-да. Ёзнинг жазирама иссиғида ҳам кунига икки соат рақс билан шуғулланарди. Машғулотлар бора-бора унинг оёқларини йўғонлаштириб, хунук қилиб қўйишидан ташвишланарди. Биз доим бирга шашка ўйнар эдик.
– Шошма, нима ўйнардик дейсан?
– Шашка.
– Шашка?! Эҳ, худойим!
– Ҳа, шашка ўйнардик. У битта ҳам “қиролича”ни ишлатмасди. Тошини “қиролича” қилволиб, ҳеч уни юрмаса дегин. Жейн ҳамма “қиролича”ларини орқа қаторга тизиб, уларни шунчаки сақлаб турарди. Ўйин тугагунча ҳам улардан ҳеч фойдаланмасди. Унга “қиролича”ларнинг мана шундай бир қатор бўлиб туриши ёқар эди.
Стредлейтер чурқ этмади. Бундай мавзулар кўпчиликни қизиқтирмайди ўзи.
– Бизнинг клубда Жейннинг онаси ҳам ишларди, – дедим. – Бир пайтлар соққа топиш учун ўйинчиларнинг турли хоккей анжомларини кўтариб юрганман. Бир-икки сафар унинг онаси учун ҳам ишлаб берганман. Бечора тўққизта чуқурча орасида бир юз етмиш марталаб бориб келарди.
Стредлейтер менга деярли қулоқ солмаётганди. У ўзининг сочларини башанг қилиб тараш билан банд.
– Унинг ёнига бориб сўрашиб қўйсам бўларди. Нима дейсан? – сўрадим мен.
– Албатта, нега бўлмас экан?
– Ҳа, бораман, бир дақиқадан кейин.
Стредлейтер сочига фарқ оча бошлади. Одатда у сочини соатлаб тарарди.
– Жейннинг ота-онаси ажрашиб кетган. Кейин ойиси бир итдан тарқаган пиёнистага эрга текканди, – дедим мен. – У кишини жуда яхши эслайман. Ўзи қилтириқ, оёқлари жун босиб кетган эди. У доимо калта иштон кийиб юрарди. Жейннинг айтишича, у қандайдир драматург эмиш. Лекин қачон кўрсам маст аҳволда детектив радиодрамани тинглаб ўтирган бўларди. У жин ургур ҳовлисида қип-яланғоч югуриб юрарди. Ҳаттоки, Жейннинг ёнида ҳам.
– Йўғ-э? – деди Стредлейтер. Итсифат алкаш яланғоч ҳолда Жейннинг ёнида югуриб юргани ҳақидаги гап уни қизиқтириб қўйганди. Бу ҳароми Стредлейтер ўтакетган шаҳватпараст эди.
– Унинг болалиги расво ўтган. Беҳазил, – дедим мен.
Ваҳоланки, буни Стредлейтерга умуман қизиғи йўқ эди. Унинг қулоқлари фақат шаҳвоний гапларни эшитишга созланганди. Уни фақат ана шунақа мавзудаги гаплар қизиқтирарди.
– Жейн Галлагер! Ё тавба-а. – Уни хаёлимдан чиқаролмаётгандим, ўлай агар. – Унинг ёнига бориб ҳеч бўлмаса сўрашиб қўйишим керак.
– Боядан бери валдираб ўтирмасдан, саломлашиб келмайсанми унда? – деди Стредлейтер.
Дераза ёнига бордим. Аммо ювиниш хонаси нафасни бўғадиган иссиқлигидан буғланиб кетган ойнадан ташқарини кўриб бўлмасди. – Ҳозир бундай кайфиятдамасман. Чин сўзим, бунинг учун одамнинг кўнгли чопиб туриши керак-да. Менда эса ундай эмасди. – Уни Шиплида ўқияпти деб ўйлардим. Қасам ичаманки, уни Шиплида деб юрардим, – дея бирпас у ёқдан-бу ёққа юрдим. Бошқа қиладиган ишим ҳам йўқ эди-да.
– Жейнга ўйин ёқдими? – сўрадим.
– Менимча, ёқди. Тағин билмадим.
– У ҳар доим бирга шашка ўйнаганларимиз, яна шунга ўхшаш нарсалар ҳақида сенга гапирадими?
– Худо ҳақи, тинч қўйсанг-чи. Ахир у билан танишганимга кўп бўлмади, – деди у. Қиёси йўқ сочларини тараб бўлиб, Стредлейтер ашқол-дашқолларини йиғиштиришни бошлаганди.
– Қулоқ сол. Жейнга мендан салом айт, хўпми?
– Хўп, – деди Стредлейтер. Лекин у салом айтишига ҳеч ишонмайман. Ундай йигитлар ҳеч қачон саломингизни одамларга етказмайди.
У хонага қайтди, аммо мен қадрдон Жейн ҳақида хаёл сурганча бир муддат ювиниш хонасида туриб қолдим. Кейин мен ҳам хонага қайтдим.
Хонага кирганимда Стредлейтер кўзгу қаршисида бўйинбоғини тақаётган эди. У умрининг ярмини кўзгу қаршисида ўтказарди. Мен курсимга ўтириб бироз уни кузатдим.
– Ҳой, унга мактабдан ҳайдалганимни айтма, бўптими?
– Бўпти.
Стредлейтернинг яхши томони – унга худди Эклига тушунтиргандек ҳар бир нарсани икир-чикиригача гапиришнинг ҳожати йўқ эди. Менимча, унинг бу жиҳати ўзидан бошқаларга тупуриб қўйганлигидан. Мана, гап нимада. Экли эса умуман бошқа масала. У бурнини ҳар ерга тиқмаса, ҳаром ўлади.
Стредлейтер менинг катак-катак жакетимни кийди.
– Худо ҳақи, жакетимни чўзиб юборма, – дедим мен. – Уни энди икки мартагина кийганман.
– Хавотирланма, чўзилиб кетмайди. Уф, жин ургур папиросларим қай гўрда қолди?
– Стол устида турибди, – Стредлейтер ҳеч қачон нарсаларини қаерда қолдирганини эслай олмасди. – Шарфинг остида, – у папиросларини пальтосининг чўнтагига солди – менинг пальтомнинг чўнтагига.
Шу пайт дарҳол ов қалпоғимни қўлимга олдим ва унинг учини тескари қилиб кийиб олдим. Тўсатдан асабийлаша бошлагандим. Сизга айтсам, озгина жиззакилигим бор.
– Менга қара, Жейнни қаерга олиб бормоқчисан? Бирор жойни мўлжаллагандирсан?
– Билмайман. Вақтимиз етса, Нью-Йоркка борамиз. У ўқишидан атиги тўққиз яримгача рухсат олибди.
Унинг гапидан тепа сочим тикка бўлди. – Ҳа-а, қизгина сен қанчалик кетворган ҳаромилигингни билмаган-да! Билганда борми, нақ эрталабки тўққиз яримгача рухсат олган бўларди.
– Тўппа-тўғри, – деди Стредлейтер. Унинг димоғидан эшакқурт ёғилгани учун жаҳли ҳам унча-мунча нарсага чиқай демасди. – Ҳазил-пазилни қўй, анави иншони ёзиб берақолсанг-чи, – деди. У пальтони кийиб олиб кетишга чоғланиб турар эди. – Ўзингни ортиқча уринтириб юборма, муҳими иншо тасвирий бўлсин, тушундингми?
Унга жавоб бермадим. Буни хоҳламадим. Фақатгина, “У ҳамон “қиролича”ларини орқа қаторга териб қўярмикан, сўраб кўр-чи” – дедим.
– Бўпти, – деди Стредлейтер. Шундай дегани билан у бундай қилмайди, буни биламан. – Яхши қол, – у эшикни қарсиллатиб чиқиб кетди.
Стредлейтер кетгач, ярим соатча курсимдан қимирлай демадим. Жейн ва унинг Стредлейтер билан бўладиган учрашуви ҳақида ўйлардим. Бу мени шунчалик асабийлаштирар эдики, ақлдан озай дердим. Сизга аллақачон айтгандим-ку, Стредлейтер қанчалар келишган ҳаромилигини.
Тўсатдан Экли ювиниш хонаси пардаси ортидан кўринди ва хонамизга қайтиб кирди. Бу бемаъни ҳаётимда Эклини кўрганимдан биринчи марта мамнун бўлиб кетдим. У хаёлимни бошқа томонларга чалғитди.
Экли тушликкача қолиб, Пенсидаги жини суймайдиган болалар ҳақида гапириб ўтирди. Шу орада иягидаги каттагина ҳуснбузарини сиқиб ташлади. Бу ишни қилаётиб ҳаттоки рўмолча ҳам ишлатмади. Бу исқиртда рўмолча нима қилсин? Ҳар ҳолда, умрим бино бўлиб, Эклининг рўмолча ишлатганини кўрмаганман.
5
Пенсида шанба кунлари кечки овқатга доим бир хил нарса ердик. Бу жуда муҳим жараён эди, чунки бизга стейк бериларди-да. Минг долларга ҳам гаров боғлаб айтишим мумкинки, бунинг сабаби якшанба куни кўпчиликнинг ота-онаси болаларини кўргани келиши эди. Қария Турмер ҳойнаҳой ҳамманинг онаси “Кеча кечқурун нима единг?” деб арзанда ўғлидан сўрайди-ю, ўғилча эса “Стейк!” деб керилиб айтади, деган ўйда шундай қиларди. Қари тулки тушмагур! Ўша стейкдан сиз ҳам бир есангиз эди. Жимитдай, тошдан қаттиқ ва суви қочган бир бало эди у гўштлар. Пичоқ билан кесиш ҳам амримаҳол эди уларни. Стейк берилган кунлари унга қўшиб яхши эзилмаган пюре ҳам тортишарди. Десертга эса “Браун Бетти” бериларди. Ҳали унча-мунча нарсанинг фарқига бормайдиган кичик синф ўқувчилари ва Эклига ўхшаган олдига келганини қайтармай еб кетаверадиганларни айтмаса, бошқа ҳеч ким десертга қайрилиб ҳам қарамасди. Шундай қилиб ошхонадан чиқдигу, кайфиятимиз кўтарилди. Ҳамма ерни ярим қарич қалинликда қор босган, ҳали ҳам гупиллаб ёғиб турарди. Оҳ, бирам гўзал манзара эдики бу! Завқимиз жўшиб қорбўрон ўйнаб, бир-биримизни қувалашга тушдик. Ёш боланинг ишини қилаётган бўлсак-да, учаламиз ҳам роса маза қилдик. Ўша куни менинг учрашувим ҳам, бошқа борадиган жойим ҳам йўқ эди. Шунга кураш жамоасида танишган дўстим Мел Броссар билан автобусда Эгерстаунга бориб гамбургер еймиз ва хушимизга келса, бирор кинога ҳам тушамиз деб келишдик. Иккимизнинг ҳам ҳеч ерга чиқмай уйда ўтиргимиз йўқ эди. Мелдан Эклини ҳам чақирсам, нима дейсан, деб сўрадим. Негаки, Экли дам олиш кунлари хонасига қамалиб олиб, нари борса, юзидаги бўжамаларини сиқишдан бошқа иш қилмасди. Мел хоҳламайгина рози бўлди. У ҳам Эклини унча хушламас эди. Шу билан кетишга тайёрланиш учун ётоқхонага қайтдик. Резина этигимни кияётиб Эклидан кинога бормайсанми, деб бақириб сўрадим. Ювиниш хонаси орқали овозим эшитилган бўлса-да, у ҳа деганда жавоб бера қолмади. Экли гапингга шарт-шарт жавоб қайтарадиганлар хилидан эмасди. Ахийри ваннахонанинг лаънати пардасини очди, ўша ерда турволиб, мен билан бирга яна ким бораётганини сўради. У ким шериклигини билмаса бўлмасди. Ўлай агар, шу бола қаердадир кема ҳалокатига учраса-ю, сен уни қутқаргани қайиқда борсанг, у ҳатто қайиққа чиқмай турибоқ, эшкак эшаётган кимса ким, деб сўраган бўларди. Мел Броссар билан кетаётганимни айтдим. “Э ҳа-а, анави гўрсўхтами! Ҳа, майли… Бир сония шошма”, – деди у жавобан. Ўша пайтдаги қилиғини кўрсангиз, гўё у бирга бориб, бизга марҳамат кўрсатяпти шекилли, деб ўйлаган бўлардингиз.
Экли тайёрланиб чиқаман дегунча икки соат ўтди. Уни кута туриб деразам олдига бориб, уни очдим. Кейин қўлимда қўлқоп бўлмаса ҳам, қор олиб юмалоқладим. Қор ҳам зап ёпишадиган экан. Лекин-чи, юмалоқланган қорни ҳеч қаерга отолмадим. Кўчанинг нариги бетида турган машинага отмоқчи бўлдим. Аммо фикримдан қайтдим. Қарасам, машина оппоқ қорга бурканиб чиройлигина бўлиб турибди. Кейин қоримни гидрантга отишга чоғландим, чоғландим-у, қарасам, у ҳам оппоқ қорга бурканиб чиройлигина бўлиб турибди. Шундай қилиб қорни ҳеч ерга отганим йўқ. Деразани ёпдим-да, хона бўйлаб қорни янада зичлаганча, у ёқдан-бу ёққа юрдим. Бироз ўтиб, Экли ва Броссар билан автобусга чиқиб ўтирганимизда ҳам ўша қор қўлимда эди. Ҳайдовчи автобус эшигини очиб, қоримни кўчага улоқтириб ташлатди. Ҳеч кимни бежамоқчи эмаслигимни айтсам ҳам ҳеч менга ишонмади. Одамлар ўзи шунақа, ҳеч қачон сенга ишонмайди.
Броссар ҳам, Экли ҳам қўйилаётган фильмни олдин кўрган экан. Шунинг учун бир нечта гамбургерни паққос тушириб, бироз пинбол ўйнадик-да, автобусга ўтириб Пенсига қайтдик. Ўша кинони кўрмаганимизга афсусланганим ҳам йўқ. Кери Грант чиққан қандайдир бир комедия эдими-ей, хуллас, бир тийинга қиммат нарса. Камига, аввал ҳам Бросс ва Экли билан бирга кинога тушиб кўрган эдим. Кинонинг кулгили бўлмаган жойида ҳам чиябўрига ўхшаб чийиллаб кулавериб хит қилворишганди. Уларнинг олдида ўтириб кино кўргандай бўлмайди одам.
Ётоқхонага қайтганимизда соат энди ўн бешта кам тўққиз бўлган эди. Ошнам Броссар бриж жинниси эди, шунга қарта ўйнагани ётоқхонада шерик қидириб кетди. Экли бўлса, хонамга кира қолди. Фақат Стредлейтер ўриндиғининг тутқичига ўтириш ўрнига башарасини шундоқ ёстиғимга тўғрилаб каравотимга ястаниб ётиб олди. Кейин минғир-минғир товушда нималарнидир вайсашга ва бўжамаларини сиқишга ўтди. Неча марталаб гап орасида менга малол келаётганини қистириб ўтсам-да, ундан қутулишнинг ҳеч иложи бўлмади. Ўтган ёзда бирга ётган қандайдир ойимқизи ҳақида минғир-минғир гапириб ўтирди. Олдинлари ҳам бу ҳикоясини юз марталаб чайнаган. Лекин ҳар сафар ҳар хил қилиб айтарди. Бир гапида у амакиваччасининг “Бюик”ида қизнинг хуморини қондираётган бўлса, кейинги гапида тахтакўприк остида ўша ойимчани “осмонга учираётган” бўларди. Табиийки, бунинг турган-битгани ёлғон эди. У яқинлик қилиш тугул ҳеч қачон аёл зотига яқин йўламаганди. Ҳатто бармоғининг учини ҳам теккизмаган бўлса керак. Охири бўлмади, унга очиқчасига Стредлейтерга иншо ёзиб беришим кераклигини, шунга диққатимни жамлашим зарурлигини, бунинг учун эса у туёғини шиқиллатиши кераклигини айтдим. У доимгидек бироз пайсалга солди-да, ниҳоят хонасига даф бўлди. У кетгач, пижамамни кийдим ва ванна халатимни устимга илиб, бошимга ов қалпоғимни қўндирдим-да, иншо ёзишга ўтирдим.
Гап шунда эдики, мен тасвирлагани Стредлейтер айтгандай хонами, уйми ёки бошқа бирор нарсани ўйлаб тополмадим. Уй ва хоналарни тасвирлашга кўзим учиб тургани ҳам йўқ эди ўзи. Шунинг учун укам Эллининг бейсбол қўлқопи ҳақида ёза қолдим. У роса васф қилгулик матоҳ эди. Чин сўзим. Укам Эллининг чап қўлга кийиладиган бейсбол қўлқопи бўларди. Ҳа, у чапақай эди. Тасвирлашга лойиқ жиҳати қўлқопнинг кафтига ҳам, айланасига ҳам, хуллас, деярли бутун қўлқопнинг устига шеърлар битилган эди. Яшил сиёҳли ручкада. Майдонда тўпни уриш навбатини кутаётганда бирор нима ўқиб туриш учун шундай қилганди. Ҳозир у йўқ. Ўлган. Мэнда эканимизда оққонга чалиниб, 1946 йил 18 июлда вафот этганди. Элли сизга ёқиб қолган бўларди. Мендан икки ёш кичик бўлса ҳам, мендан эллик карра ақллироқ эди. Ҳа, у даҳшатли ақлли эди. Ўқитувчилари нуқул ойимга унинг ўғли Эллидай ўқувчи синфларида борлигидан бахтиёрлигини айтиб хат йўллашгани-йўллашган эди. Улар қуруқ муомала учун айтмагандилар. Чиндан ҳам шундай эди. У нафақат оиламиздаги энг ақлли, балки ҳар тарафлама энг яхши ҳам эди. Ҳеч қачон ҳеч кимдан аразламасди. Одатда (малласоч) одамларнинг жаҳли бурни учида туради. Эллида унақа эмасди. Бироқ унинг сочлари сап-сариқ эди! Унинг сочлари қандай сариқлигини ҳозир айтиб бераман. Мен ўн ёшлигимдаёқ гольф ўйнай бошлаганман. Ҳамон эсимда, чамаси ўн икки ёш эдим. Ёзда гольф коптокчасини қўйиб, энди зарба беришга чоғланганимда бирдан агар ҳозир ортга қарасам, Эллини кўрсам керак, деган ички бир ҳис пайдо бўлди. Кейин ўгирилдим ва буни қарангки, ростдан ҳам у тўсиқнинг ортида велосипедда ўтирарди. Гольф майдони тўсиқ билан ўралганди ва у ўша ерда, мендан чамаси бир юз қирқ метр нарида гольф ўйнашимни кузатиб ўтирарди. Ҳа, мана шундай малла сочлари бор эди унинг. Ё худойим, бирам яхши болакай эди у. Дастурхон олдида хаёлига бирор кулгили нарса келиб қолса, шундай хандон отиб кулардики, ўтирган жойидан нақ йиқилиб тушай дерди. Ўшанда атиги ўн учда эдим, мени руҳий текширувдан ўтказмоқчи бўлишганди. Нега десангиз, гараждаги дераза ойналарини битта қўймай синдириб ташлаган эдим. Ота-онамда ҳам айб йўқ. Тўғриси-да! Укам ўлган тун мен гаражда ётган ва лаънати ойналарни муштим билан парча-парча қилиб синдирган эдим. Ўша ёз бизда бўлган фургон ойналарини ҳам чилпарчин қиламан дегандим, лекин қўлим аллақачон синиб пачоғи чиққани учун бунинг иложи бўлмади. Бу ғирт жиннилик эди, тан оламан, аммо мен ўшанда нима қилаётганимни ўзим билмаганман. Сиз эса Элли қандай бола бўлганини билмайсиз-да! Қўлим ҳали ҳам ёмғир ёққан пайтларда бир-бир оғриб туради, ўша қўлим мушт қилиб тугилмайдиган бўлиб қолган. Мушт қилоламан-у, қаттиқ сиқолмайман-да. Шуни демаса, қўлим учун унчалик ҳам қайғуриб ўтирмайман. Айтмоқчиманки, келажакда барибир жарроҳ ёки скрипкачи бўлмасам.
Қисқаси, Стредлейтернинг иншосини ўша ҳақида ёздим. Эллининг ўша бейсбол қўлқопи ҳақида. Ўзимда эди у қўлқоп. Чамадонимда турган экан. Олдим-у, унинг устига ёзилган шеърларни ҳам иншога кўчириб қўйдим. Элли Стредлейтернинг эмас, менинг укамлигини билиб қолишмасин деб, унинг исмини ўзгартирдим. Бу ҳақида ёзаман деб жа ўлиб турганим йўқ эди-ю, лекин бошқа тасвирласа бўладиган нарса хаёлимга келмади-да. Бундан ташқари, бейсбол қўлқопи ҳақида ёзиш ўзимга ёқди ҳам. Иншони ёзаман деб нақ бир соат вақтим кетди. Стредлейтернинг тўкиламан деб қолган ёзув машинкасида ишлагандим, ҳарфлари тиқилиб қолавериб одамни хит қилворди. Ўзимникини йўлакнинг охиридаги хонада турувчи бир йигитга бериб турувдим.
Иншони ёзиб тугатганимда соат ўн ярим бўлиб қолганди. Лекин унча чарчамаган эдим, шунга бироз ойнадан кўчани томоша қилиб ўтирдим. Қор ёғишдан тўхтаганди. Бир-бир ҳеч ўт олмаётган машинанинг товуши қулоққа чалинарди. Эклининг хуррак отиши ҳам эшитилиб турганди. Жин ургур ваннахона дарпардаларидан шундоққина хуррак овози келиб турарди. Бурнида муаммоси борлиги учун ухлаётганда яхши нафас ололмасди бола пақир. Ўзи балонинг бари шу болада йиғилганди: Синусит ҳам, ҳуснбузар ҳам, чирик тишлар ҳам. Етмаганига оғзидан бадбўй ҳид келарди, тирноқлари ҳам косовдек эди. Бу эси паст итваччага ачинмай бўлмасди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?