Электронная библиотека » Джером Сэлинджер » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Джером Сэлинджер


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

8

Вақт алламаҳал бўлиб қолган, такси чақиришга жуда кеч эди. Шунинг учун бекатгача пиёда кетдим. Масофа унча узоқ эмас, лекин ҳаво изғирин, қор эса юришни янаям қийинлаштираётганди. Ўлганнинг устига тепгандек қилиб чамадонларим юрганимда оёғимга уриларди. Шунга қарамай, бу ҳаводан нафас олиш маза эди. Фақат Стредлейтер боплаб туширган бурним ва тепа лабим ловиллаб ачишаётганди. У нақ лабим устига солиб, уни тишимга ёпиштириб қўйган, ўша жойи яхшигина оғритаётганди. Ҳар ҳолда, қулоқларим иссиққина. Қалпоғимнинг қулоқчинлари ҳам бўлиб, уларни тушириб олгандим. Кўринишим қандайлиги эса умуман қизиқтирмас, шундоқ ҳам атрофда ҳеч кас йўқ, бу пайтда аллақачон ҳамма маст уйқуда эди. Бекатда омадим кулди, ўн дақиқа ўтар-ўтмас поезд келди. Поездни кутиб турганимда қор олиб юзимга ишқаладим. Ҳалиям юзимда қон юқи турганди. Одатда поездда юриш жуда ёқади. Айниқса, кечаси. Чироқ нурлари, қоп-қора ойналар, қатор оралаб журнал, қаҳва ва сендвич сотиб юрган йигитчалар – буларнинг ўзгача гашти бор. Бундай пайтларда ҳеч қачон чўчқа гўштли сендвич ва уч-тўртта журнал сотиб олишга йўқ демайман. Агар кечаси поездда йўлга тушсам, ҳаттоки журналдаги бемаъни ҳикояларни ҳам энсамни қотирмай ўқишим мумкин. Биласизми, бундай ҳикоялар бошдан-оёқ ясама воқеаларга тўла. Масалан, бундай ҳикояларда чувак юзли Дэвид номли йигитлар ва доимо уларнинг трубкасини ёқиб берадиган Линда ёки Марша деган сохта жононлар бўлади. Кечаси поездда кетаётиб мана шундай ҳикояларни ўқишга ҳам йўқ демас эдим. Аммо бу сафар ҳаммаси бошқача эди. Ҳикоя ўқиш кўнглимга сиғмаётганди. Шунчаки ҳеч нарса қилмай ўтирардим. Ягона қилган ишим ов қалпоғимни олиб чўнтагимга солиб қўйганим бўлди.

Бир маҳал қарасам, Трентондан поездга чиққан бир хоним ёнгинамга ўтириб олди. Вақт алламаҳал бўлиб қолгани учун вагон деярли бўш эди. Бирорта бўш ўриндиққа жойлашса ҳам бўларди-ю, лекин у тўғри келиб ёнимга ўтирди, чунки унинг сумкаси жуда катта эди. Мен эса энг олдинги ўриндиқда кетаётган эдим. У баҳайбат сумкасини нақ йўлакнинг ўртасида, кондуктор ёки бирортаси бемалол қоқилиб кетиши мумкин бўлган жойга қўйди. Шундоққина бирор катта базмдан чиқиб келяпти чамаси, кўйлагига орхидея тақиб олганди. Ёши қирқ-қирқ беш ёшларга бориб қолган бўлса ҳам, жувоннинг кўриниши ажойиб эди. Аёллар менинг нозик тарафим, чин сўзим. Ҳа йўқ, мен унчалигам суюқ боламасманку-я, лекин нима қилай, аёлларга сал суягим йўқроқ. Ҳалиги, улар менга ёқади. Қачон қарама улар жиннича сумкаларини йўлакнинг ўртасига қўйиб қўядилар.

Хуллас, биз ёнма-ён ўтириб кетаётгандик, бир маҳал ҳамроҳим “Кечирасиз, мана бу Пенси интернатининг ёрлиғи-а?” – деди юқори полкада турган чамадонларимга қараб.

– Ҳа, шундай, – чарм сумкаларимнинг бирида Пенсининг ёрлиғи шундоққина кўзга ташланиб турганди. Бир тийинга қиммат нарса, сизга айтсам.

– Демак, Пенсида ўқиркансиз-да! – Унинг овози жуда ёқимли экан. Бундай овоз телефонда ажойиб эшитилади. Ўзи билан телефон олиб юрса бўларкан.

– Ҳа, – жавоб бердим.

– Қандай ажойиб! У ҳолда, ўғлимни танисангиз керак, Эрнест Морроу. У ҳам Пенсида ўқийди.

– Танийман. У билан бир синфда ўқиймиз.

Шубҳасиз, унинг ўғли Пенсининг бутун бошли арзимас тарихидаги энг ифлос ўқувчи эди. У нуқул чўмилиб чиққандан кейин йўлак бўйлаб кетаётиб ҳўллигидан шилпиллаб кетган эски, сассиқ сочиғи билан учраган одамнинг кетига солиб қоларди. Мана шундай ярамас бола эди у.

– Оҳ, қандай яхши, – деди хоним самимийгина. У ажойиб аёл экан.

– Сиз билан кўришиб қолганимни Эрнестга албатта айтишим керак, – деди у, – Исмингизни сўрасам майлими, азизим?

– Рудольф Шмид, – дедим жавобан. Унга ўтмишим ҳақида гапириб ўтиришни истамаётгандим. Шунинг учун ётоқхонамиз қоровулининг исмини айтиб қўя қолдим.

– Сизга Пенси ёқадими? – сўради у.

– Пенси? Унчалик ҳам ёмон жой эмас. Жаннат деб ҳам бўлмайди, шунчаки, бошқа мактаблар билан бир гўр. У ерда жуда жонкуяр ўқитувчилар ҳам бор.

– Эрнест бўлса мактабни жуда яхши кўради.

– Ҳа, буни биламан, – кейин бироз валақлашни бошладим. –У жуда киришимли бола. Жудаям. Ҳалиги, у ўзини қандай тутишни жуда яхши билади.

– Ростдан шундай фикрдамисиз? – унинг оҳангидан ажабланиш сезилди.

– Эрнестми? Шубҳасиз, – дедим унинг қўлқопларини ечишини кузата туриб. Уҳ, унинг бармоқлари тўла узук эди.

– Ҳозиргина таксидан тушаётиб тирноғимни синдириб олсам денг, – деди у менга қараб жилмайганча. Унинг табассуми ўлгудай мафтункор эди. Чин сўзим. Ўзи кўпчилик одамлар табассум қилмайди ҳам, мабодо қилса ҳам жуда ёқимсиз кўринади.

– Эрнестнинг дадаси билан баъзида ундан хавотир оламиз. Нима десам экан, у жа унчалик киришимли боламасдек туюлади.

– Нимани назарда тутяпсиз?

– Гап шундаки, у жудаям таъсирчан бола. У шу пайтгача тенгқурлари билан ҳеч апоқ-чапоқ бўлиб кетолмаган. Балки бу ўз ёшига нисбатан кўп нарсани бироз жиддийроқ қабул қилиб юборишидандир.

Таъсирчанмиш! Буёғи қизиқ бўлди-ку! Унитаз қопқоғи ана шу Морроудан кўра таъсирчанроқ.

Унга яхшилаб кўз ташладим. Менимча, у калтафаҳм аёллардан эмасди. Назаримда, унинг ўзи ҳам боласининг қанчалик расво эканлигини жуда яхши биладиганга ўхшайди. Лекин оналар ўз фарзандлари ҳақида соғлом ўйламайди. Ҳалиги, нима десам экан, ишқилиб оналар сал телбароқ бўлишади. Нима бўлса ҳам эски танишим Морроунинг онаси менга ёқиб қолганди. У ажойиб аёл экан.

– Чекишга нима дейсиз? – сўрадим ундан.

У атрофга кўз югуртириб олгач:

– Менимча, бу вагонда чекиш тақиқланган, Рудольф.

Рудольф? Ўлиб қолиш ҳеч гапмас. Ана бўлмаса.

– Ҳечқиси йўқ. Ҳеч бўлмаса, дакки бергунларича чекиб оламиз, – дедим. У қўлимдан сигаретни олгач, унга олов ёқдим.

Унинг чекиши ҳам ёқимли эди. Одатда у тенги аёллар сигаретни ютоқиб чекишга одатланишган бўлса ҳам, у шунчаки тутунни симириб чекарди. У жуда дилбар эди. Аёллик жозибаси ҳам ўзига етгулик эди, ростини айтсам.

Менга бироз ғалати қараб туриб, кутилмаганда, “Балки, адашаётгандирман, лекин сизнинг бурнингиз қонаяпти, қадрдон” – деди.

Бошимни ирғаб рўмолчамни олдим.

– Қорбўрон қилишганди, – дедим. – Жуда қаттиқ тегди,” деб қўшиб қўйдим. Эҳтимол, аслида нима бўлганини унга айтсам ҳам бўлардику-я, лекин бу жуда узоқ вақт олиши тайин эди. Лекин у менга ёқиб қолганди. Ўзимни Рудольф деб таништирганимга қандайдир афсусланишни бошлагандим.

– Эрни. У мактабимиздаги энг машҳур болалардан бири. Биласизми?

– Йўқ.

Бош қимирлатиб қўйдим.

– Эрни аслида қандай бола эканлигини билиш учун озроқ вақт керак бўлади. У қизиқ бола. Ҳар жиҳатдан ғалати, тушуняпсизми? Дейлик, уни илк учратган пайтимни олайлик. Ўшанда мен уни жуда олифта экан деб ўйлаганман. Бу янглиш таассурот эди. Аслида ундай эмас. Унинг феъл-атвори ҳамманикидан бошқача, холос, шунинг учун уни яхшироқ билишга бироз вақт керак бўлади.

Морроу хоним ҳеч нима демади. У ўриндиғида серрайганча ўтирарди. Эҳ, унинг мана шу ҳолатини бир кўришингиз керак эди-да. Ўзи шундай, оналарга фақат уларнинг ўғли нақадар шоввоз эканлиги ҳақидаги гаплар қизиқ. Шундай гапларни эшитишни хоҳлашади.

Шундан кейин сафсата сўқишни бошладим.

– Ўғлингиз сайловлар ҳақида гапириб бердими? – сўрадим ундан. – Синф сардори сайловлари ҳақида.

Хоним бош силкиди. Шу ондаёқ уни сеҳрлаб олгандек, гўё измимга солиб олгандек эдим. Чин сўзим.

– Биласизми, кўпчилигимиз синф сардори Эрни бўлишини хоҳлаган эдик. У бир овоздан сайланиши мумкин эди. Хуллас, у сардорликни уддалай оладиган ягона бола эди, – дедим мен. Эҳ, нималар демадим ўша пайт. – Лекин Ҳерри Фенсер деган бола сайланди. Нега десангиз, бунинг сабаби жуда оддий. Гап шундаки, Эрни ҳаттоки ўз номзодини қўйишимизга ҳам рози бўлмади. Чунки у жудаям уятчан, ва яна камтарки, асти қўяверасиз… Рад этганининг сабаби шу. У ҳаддан ташқари уялчанг-да. Сиз унга бу камчилигини тузатишда ёрдам беришингиз керак, – дедим унга қараб. – Сизга булар ҳақида бирор нарса дедими?

– Йўқ, айтмади.

– Ҳа-а, бу Эрни. Айтмагани табиий. Унинг бор-йўқ айби ўтакетган уятчан ва камтарлигида. Ростдан ҳам вақти-вақти билан уни тинчлантириб, ёрдам бериб туришингиз керак, – дедим бошимни сарак-сарак қилиб.

Ана шу дақиқада кондуктор чипта текшириш учун Морроу хонимнинг ёнига келиб қолди, шу ерда мен ҳам лағмон осишни тўхтата қолдим. Шундай бўлса ҳам, бироз вайсаганимдан маза қилдим. Морроуга ўхшаб сочиғи билан нуқул бировларнинг кетига шапатилаб кетадиган болалар шу орқали бошқаларни ранжитишга ҳаракат қилади. Бундай баччағарлар нафақат болалигида, балки бутун умр шундайлигича қолади. Лекин гаров ўйнайман, мана шу ёлғон-яшиқ валдирашимдан кейин бечора Морроу хоним уятчан, камсуқумгина, ҳаттоки номзод қилиб кўрсатилишга ҳам унамаган ўғлини тасаввур қилиб юради. Бу шунчаки тахмин. Балки, ундай бўлмас, ким билсин. Бундай ҳолатларга оналарнинг унчалик тиши ўтмайди.

– Коктейлга тобингиз қалай? – сўрадим. Чунки ўзимнинг ҳам ичгим келиб турганди. – Балки, поезд тамаддихонасига борармиз. Нима дейсиз?

– Азизим, сиз ичкилик ичадиган ёшга етганмисиз? – сўради мендан. Унинг оҳангидан ҳеч ҳам кеккайиш сезилмади. Гарчи бундай лобар аёл кеккайишга тўла ҳақли бўлса ҳам.

– Умуман олганда, йўқ. Лекин бу борада доимо новчалигим қўл келади. Бундан ташқари, сочимга оқ ҳам тушган, – дедим ва ўгирилиб аёлга оқ сочларимни кўрсатдим. Бу уни бутунлай гангитиб қўйди. – Келинг энди, хўп денг, – дедим мен. У шеригим бўлса яйрашим аниқ эди.

– Ундай қилмаганимиз маъқул деб ўйлайман. Лекин таклиф учун катта раҳмат, қадрдон, – деди у. – Бунинг устига поезд тамаддихонаси ҳам ёпилган бўлса керак.

Унинг гапида жон бор. Қай маҳал бўлгани ҳақида ўйламабман ҳам. Кейин у мен қўрққан нарса ҳақида сўрай бошлади.

– Эрнест чоршанба куни уйда бўламан деб ёзганди. Мавлуд таътили чоршанбадан бошланар экан, – деди у. – Умид қиламанки, оилангиздаги бирортасининг соғлиги ёмонлашгани учун сизни эрта чақириб олишмаган.

У чин дилдан ташвишланаётганди. Атайин бурнини тиқиб нима бўлганига қизиқаётганга ўхшамасди.

– Йўқ, уйдагилар ҳаммаси соғ, – дедим мен. – Ҳамма гап менда. Ўзимни операция қилдиришим керак.

– О, кечирасиз. – деди у, чин дилдан ачиниб. Унга бу гапни айтганимдан афсуслана бошлагандим, лекин энди жуда кеч.

– Бу қўрқинчли нарсамас. Миямда жимитдеккина ўсимта бор, холос.

– Наҳотки, – у кафти билан оғзини ёпиб олди.

– Ҳа, йў-ўқ, ҳаммаси жойида бўлади. Кўрмагандек бўлиб кетаман ҳали. Ўсимта миямнинг шундоққина сиртида жойлашган. Унинг устига, у жудаям кичкина. Уни икки дақиқадаёқ бир ёқлик қилиб ташлашади.

Шундан сўнг чўнтагимдан поезд қатнови жадвалини олиб, ўқий бошладим. Шунчаки ёлғон гапиришни бас қилиш учун. Ёлғон гапиришни бир бошладимми, уни соатлаб давом эттиришим мумкин, агар хоҳласам. Беҳазил, соатлаб ёлғон тўқиб ўтиришим мумкин.

Шундан кейин деярли гаплашмадик. У қўлидаги “Vogue”ни ўқишга тутинди, мен эса бироз ойнадан ташқарини томоша қилиб кетдим. Аёл Нюаркда тушиб қолди. Менга операциям хайрли ўтишини тилади. У менга Рудольф деб гапирарди. Кейин у ёзда Эрнининг меҳмони бўлишимни сўраб, Массачусетсдаги Глостер деган жойга таклиф қилди. Аёлнинг айтишича, уларнинг уйлари шундоққина соҳил бўйида жойлашган, ҳовлида теннис майдончаси ҳам бор экан. Унга миннатдорлик билдириб, иложим йўқлигини, ёзда бувим билан Жанубий Америкага кетаётганимни айтдим. Бу гапим қип-қизил ёлғон эди, чунки бувим онда-сонда спектакл томоша қилгани боришини айтмаса, деярли уйдан чиқмасди. Лекин, мабодо, бир тийинсиз қолиб турганимда, Морроуникига борсанг, бир дунё пул бераман дейишса ҳам, у баччағарникига бормаган бўлардим.

9

Пенсильвания бекатида тушиб қолгач, телефон будкасига кирдим. Бирортасига сим қоққим келганди. Юкларимни кўриб турай деб шундоққина будка рўпарасида қолдирдим. Унинг ичига киргач эса, кимга қўнғироқ қилсам экан, деб ўйланиб қолдим. Акам Д.Б. Ҳолливудда эди. Синглим Фиби эса соат тўққизларда уйқуга кетарди, шунинг учун унга сим қоқишнинг иложи йўқ. Уни уйғотиб юборсам ҳам малол келмаган бўларди, албатта, аммо, гап шундаки, қўнғироқ қилганим билан гўшакни у кўтармайди-да. Ойим ёки дадам жавоб беради. Демак, Фибига қўнғироқ қилиб бўлмайди. Кейин эса Жейн Галлагернинг онасига сим қоқиб, у қачон таътилга чиқишини сўрасамми, деган ўй келди. Лекин бу фикрдан ҳам қайтдим. Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолганди. Сўнг олдинлари тез-тез учрашиб юрган қизим Сэлли Ҳейзга қўнғироқ қилсаммикан деб ўйладим. У аллақачон қишки таътилга чиққанди, буни менга қўл учида ёзган узундан-узоқ хатидан билиб олгандим. У хатида мени Мавлуд арафасида байрам арчасини безатишга ёрдам бериш учун уйига таклиф қилганди. Лекин қўнғироғимга унинг ойиси жавоб қилса-чи? Қўрқдим. У менинг ойимни танирди. Ўғлинг Нью-Йоркда юрибди, деб хабар етказиш учун дарҳол ойимга телефон қилиши кўз олдимга келди. Қолаверса, ўша хотин билан, яъни Ҳейз хоним билан телефонда гаплашаман деб кўзим учиб тургани ҳам йўқ эди. У бир сафар Сэллига мени ёввойи деб айтганди. Мен ёввойи эмишман, ҳаётда танлаган йўлим йўқмиш. Кейин эса Уоттон мактаб-интернатида мен билан бирга ўқиган Карл Люс билан гаплашсамми дедим-у, лекин уни унчалик хушламасдим. Хуллас, охири барибир ҳеч кимга сим қоқмадим. Йигирма дақиқалардан кейин будкадан чиқиб, юкларимни олдим-да, таксилар турган тунел томонга қараб юрдим ва такси ушладим.

Бирам эсим кирди-чиқдики, ҳайдовчига одатим бўйича уйимнинг манзилини айтиб юборибман-да. Яъники, таътил бошлангунча уйга бормасликка ва бир неча кун меҳмонхонада туришга қарор қилганим буткул ёдимдан кўтарилибди. Бу эсимга тушганда аллақачон хиёбон бўйлаб йўлнинг ярмига бориб қолгандик.

– Узр, бир иложини қилиб, орқага қайтолмайсизми? Сизга нотўғри манзилни айтибман. Шаҳар марказига қайтиб боришим керак, – дедим унга.

Ҳайдовчи ҳам анча пихини ёрганлардан экан.

– Бу ерда ортга қайрилиб бўлмайди, ошна. Бу бир томонлама ҳаракатланувчи йўл. Энди Тўқсонинчи кўчагача бориб кейин бурилишга тўғри келади.

Айтишиб ўтиргим келмади.

– Ҳа, майли, – дедим. Кейин бир нарса хаёлимга келиб қолди. – Менга қаранг, марказий хиёбоннинг жануб томонидаги кўлмакда сузиб юрадиган ўрдакларни биласизми? Кичиккина кўл бор эди-ку? Мабодо ўша кўл музлаганда улар, ўрдакларни айтаман, қаерга кетишини билмайсизми-а? Балки, биларсиз деб сўраяпман-да?!

Аммо бу эҳтимолдан йироқ эди. Мингтадан бир ҳоллардагина бундай бўлиши мумкинлигини билиб турардим.

У ўгирилди ва менга жиннига қарагандек қаради.

– Нима, сен бола устимдан куляпсанми?

– Йўқ… Шунчаки қизиққандим, холос.

У бошқа ҳеч нарса демади, мен ҳам чурқ этмадим. Хиёбондан чиқиб Тўқсонинчи кўчага етганимиздан сўнг у бурилди ва “Энди қаерга, укам?” – деб сўради.

– Хўш, Нью-Йоркнинг шарқий қисмидаги меҳмонхоналарда туриш ниятим йўқ, у-бу танишим йўлиқиб қолиши мумкин. Гап шундаки, мен ўзимни танитмай саёҳат қилиб юрибман, – дедим унга. Аслида “ўзимни танитмай саёҳат қилмоқ”қа ўхшаган сийқаси чиққан жумлаларни такрорлашни жиним суймайди. Аммо бундай одамлар билан бошқача суҳбатлашишнинг иложи ҳам йўқ-да.

– “Тафт” ёки “Нью-Йоркер”да қайси гуруҳ куйлаётганидан хабарингиз йўқмиди, мабодо?

– Билмадим, оғайни.

– Унда мени “Эдмонт”га олиб бориб қўйинг, – дедим. – Йўлда тўхтаб коктейл симиргани нима дейсиз? Менинг ҳисобимдан, албатта. Ақчам етарли.

– Иложим йўқ, йигитча, узр. – У чинданам яхши ҳамроҳ эди. Феълига ҳам гап йўқ.

Хуллас, “Эдмонт” меҳмонхонасига келиб жойлашдим. Таксидалигимда қизил ов қалпоғим бошимда эди, ўзим эрмакка кийиб олгандим, аммо меҳмонхонага кирмай туриб уни ечиб қўйдим. Томи кетган деб ўйлашларини истамасдим. Тақдир ҳазилини қарангки, мен ўша пайт бу лаънати меҳмонхона онги паст бузуқилар билан тўлиб тошганини билмагандим-да. Кейин билсам, ҳамма ёқда томи кетган савдойилар экан.

Менга деразасидан ташқарига қараганда меҳмонхонанинг нариги тарафини ҳисобга олмаса, бошқа вақо кўринмайдиган кўримсиз бир хона беришди. Аммо бу мени ўйлантирмасди. Шунчалар тушкун эдимки, дераза ортидаги манзара билан қизиқишга ҳолим йўқ эди. Мени хонамга элтиб қўйган меҳмонхона хизматчиси олтмиш беш ёшлар чамаси бир қария эди. Хонадан ҳам кўра унинг кўриниши юракни эзиб юборарди. Қария тепакаллигини яшириш учун ён томонидаги сочини ўртага тараб юрадиганлар хилидан эди. Бундай қилгандан кўра тепакал бўлиб юрган яхши. Умуман олганда, олтмиш бешга бориб қолган қарияга бошқа иш қуриб қолибдими? Одамларнинг чамадонини судраб, чойчақасига кўз тикиб юргани нимаси? Менимча, бошқа ишни эплай олмасди, аммо нима бўлганда ҳам бу жуда хунук кўринарди.

У кетгач, пальтомни ҳам ечмай, деразадан ташқарига бироз қараб турдим. Барибир бошқа қиладиган ишим йўқ эди. Меҳмонхонанинг нариги биносида нималар бўлаётганини билсангиз ёқа ушлардингиз. Пардани тушириш хаёлига ҳам келмаган чоғи. Бир киши, оқ сочли, кўркамгина, калта иштон кийиб олганди. Хуллас, унинг нима қилганини айтсам ишонмайсиз. Аввалига у чамадонини ётоғига олиб қўйди. Кейин эса ундан аёллар кийимини чиқарди-да, уларни битталаб кия бошлади. Ҳа, бари ҳақиқий аёллар кийими эди… Ипак чулки, баланд пошнали туфли, сийнабанд ва ҳатто иплари осилиб турган корсет ҳам бор эди. Сўнг у жуда тор қора оқшом кўйлагини кийди. Худо ҳақи, шундай қилди. Кейин эса аёллар каби майда қадам босиб, хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. У сигарет тутатар ва ойнадаги аксига маҳлиё бўлиб қараб ҳам қўярди. Чамамда, у ҳам ёлғиз эди. Агар ваннахонада яна кимдир бўлмаса, яхши кўролмадим унисини. Ўша хонанинг тепасидаги деразадан эса бир эркак ва бир аёлнинг бир-бирига қарата оғзидаги сувни пуркашаётганини кўриб қолдим. Балки у сув эмас, сув қўшилган виски бўлгандир, стаканида нима борлигини кўра олармидим. Хуллас, аввал йигит сувдан хўплаб, қизнинг юзига пуркади, кейин қиз шундай қилди. Улар галма-галдан бир-бирига сув пуркардилар, Худо урсин, шундай. Ўзингиз буни бир кўришингиз керак эди-да. Улар умрида бундан бошқа завқлироқ ҳолатни кўрмагандек тинмай қийқирарди. Жиддий айтяпман, бу меҳмонхона шундай бузуқи савдойи телбалар билан тўла эди. Бу ердаги ягона эси жойида одам мен бўлсам керак, тўғриси, муболаға қилаётганим йўқ. Сал қолса Стредлейтерга биринчи поезддаёқ Нью-Йоркка етиб келишини тайинлаб телеграмма жўнатиб юборган бўлардим. У бу ерда қирол бўлиши аниқ эди, бузуқилар меҳмонхонасининг қироли.

Муаммо шундаки, бунақа исқирт нарсаларга қарамай десанг ҳам кўзинг кетиб қолаверади. Масалан, анави қиз, юзига сув пуркатиб юрган-чи, кўҳликкина экан. Мана шу менинг нозик нуқтам. Чамамда, мен аёлларга суяги йўқ ғирт саёқ боламан. Баъзида агар имкон туғилиб қолса, жон деб қилишим мумкин бўлган жирканч ишлар ҳақида хаёл сураман. Агар икковингиз ҳам маст бўлсангиз, қиз билан бир-бирингизнинг юзингизга сувми, нима бўлса ҳам сепиб ўйнашишни тушунса бўлади. Бу хунук кўринса-да, аммо маза қиласан. Лекин менга бу ғоя умуман маъқул келмайди. Яхшилаб ўйлаб қаралса, бу бемаънилик. Фикримча, агар қизни ёқтирмасанг, унинг бошини айлантириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, агар уни чиндан яхши кўрсанг, у ҳолда унинг юзини ҳам ёқтиришинг керак, агар унинг юзи сенга ёқса, унга сув пуркашга ўхшаган ёмон қилиқлар қилишдан тийилишинг керак. Баъзан шунақа шўхликлар одамга ҳузур бағишлаши жуда ёмон-да. Аммо бу бор гап. Қизларнинг ўзи ҳам оппоқ эмас. Ўзингни тийишга ва яхши кетаётган муносабатларни бузиб қўймасликка тиришсанг-у, улар бўлса фақат халақит беради. Бир неча йил бурун мендан ҳам баттар хаёли бузуқ бир қиз билан учрашиб юрардим. Ё Худо, у шунақанги бузуқи эди! Лекин анча вақт у билан тоза кўнгилхушлик қилганмиз, гарчи бу бироз жирканч бўлса-да. Ўзи шунақа шаҳвоний масалаларда жуда нўноқман. Гап аслида нимадалигини ҳеч қачон билолмайман. Бу борада доим ўзим учун қоидалар яратаман-у, лекин ҳеч уларга амал қилмайман. Ўтган йили мени айнитадиган қизлар билан бошқа ўралашмайман деб ўзимга сўз бердим. Аммо бу қоидани буздим, ўша ҳафтадаёқ, аниқроғи ўша куни кечқуруннинг ўзида. Тун бўйи Анна Луиза Шерман исмли ўта ёлғончи қиз билан оғиз-бурун ўпишиб чиққандим. Шунақа, хуллас жинсий алоқа мен тушуниб етмайдиган нарса. Худога қасамки, зиғирча тушунмайман.

Ўша ерда турганча Жейннинг ўзига телефон қилсамми деб ўйланиб қолдим. Яъни қизингиз қачон қайтади деб ойисидан сўрагандан кўра унинг ўзига – у ўқийдиган коллежга шаҳарлараро қўнғироқ қилсаммикан? Ярим тунда ўқувчиларга қўнғироқ қилиб бўлмасди, албатта, аммо бунинг ҳам чорасини топиб қўйгандим. Гўшакни ким кўтарса ҳам ўзимни унинг тоғаси қилиб таништирмоқчи бўлдим. Жейннинг холаси автоҳалокатда вафот этганини, дарҳол у билан гаплашишим зарурлигини айтмоқчи эдим. Бу ҳийла иш берган ҳам бўларди. Аммо бундай қилмаганимнинг сабаби битта – кайфиятим бўлмади. Агар кўнглингиз чопмаса, режанинг ўхшаши даргумон.

Бироз ўтиб креслога чўкдим-да, кетма-кет бир нечта сигарет чекдим. Мени шаҳвоний ҳирслар қуршаб олганди. Буни тан олмасам бўлмас. Кейин хаёлимга бир фикр келиб қолди. Кармонимни олдим-да, ўтган ёзда базмда учратиб қолган танишим, Принстон коллежида ўқийдиган бир йигитча берган манзилни қидира бошладим. Ниҳоят уни топдим. Қоғозга кармонимнинг бўёғи юқиб қолганди, лекин ундаги ёзувни ўқиса бўларди. Хуллас, бу битта жононнинг манзили эди, у ростакамига фоҳиша эмасди, ўша йигитчанинг айтишича, лекин бир-бирда таклифингга йўқ демас экан. У бир сафар ўша қизни Принстонга бирга рақс тушгани олиб келган ва бу иши учун сал қолса ҳайдалай деганмиш. Ўша қиз рақс тушаётиб кийимларини ечган эканми, хуллас шунақа. Қисқаси, телефонни олиб, унинг рақамини тердим. Қизнинг исми Феиз Кэвендиш бўлиб, Бродвей ва 65-кўчалар кесишмасида жойлашган “Станфорд Армс” меҳмонхонасида турарди. Шубҳа йўқки, у ер ҳам бир ахлатхона бўлса керак.

Ҳеч ким жавоб беравермагач, у хонасида бўлмаса керак деб ўйладим. Кейин эса кимдир ниҳоят гўшакни кўтарди.

– Алло? – дедим. Овозимни иложи борича йўғонлатиб гапирдим, ёшим борасида шубҳага бормасин дедим-да. Ўзи шундоқ ҳам товушим анчагина йўғон эди.

– Эшитаман, – аёлнинг овози келди. Совуқ оҳангда. Жа хушмуомала эмасга ўхшайди.

– Бу Феиз Кэвендиш хонимми?

– Ким сўраяпти? – деди у. – Алламаҳалда ким ўзи бу қўнғироқ қилган, жин урсин?

Бу гапдан сўнг бироз қўрқувга тушдим.

– Ҳа, биламан, вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди, – дедим катталарникидек босиқ оҳангда гапиришга уриниб. – Умид қиламанки, мени маъзур тутасиз, аммо сиз билан боғланмасам бўлмасди, – бу гапни шундай такаллуф билан айтдимки, асти қўяверасиз. Чин сўзим.

– Гапираётган ким? – яна сўради у.

– Нима десам экан, сиз мени танимайсиз. Мен Эдди Бёрдселнинг дўсти бўламан. У агар шаҳарга йўлим тушса, сиз билан кўришиб, бирга коктейл ичишим кераклигини тайинлаганди.

– Ким дедингиз? Кимнинг дўсти? – Телефондан туриб еб қўяман дейди-я, йўлбарснинг урғочиси. Менга деярли бақириб гапираётган эди.

– Эдмунд Бёрдселнинг, Эдди Бёрдселнинг, – дедим такроран. Очиғи, унинг исми Эдмунд эдими ё Эдвардми, эслолмадим. Ўзи у билан атиги бир марта кўришганман, у ҳам бўлса ўша аҳмоқона базмда.

– Бунақа исмли ҳеч кимни танимайман, йигитча. Агар мени ярим тунда безовта қилишларидан мамнун…

– Наҳотки? Эдди Бёрдсел? Принстон коллежидан? Эслолмайсизми?

У жимиб қолди. Исмни қайта-қайта такрорлаб, унинг кимлигини эслашга уринаётгани турган гап эди.

– Бёрдсел, Бёрдсел… Принстондан… Принстон коллежиданми?

– Худди шундай, – дедим мен.

– Сиз ҳам Принстон коллежиданмисиз?

– Ҳа, шундай деса ҳам бўлади.

– Тушунарли… Эдди қалай ўзи? – сўради у. – Нима бўлганда ҳам бундай алламаҳалда бировга қўнғироқ қилиб безовта қилиш яхшимас, йигитча.

– У яхши юрибди. Сизга салом айтиб юборганди.

– Ҳа-а, раҳмат, менинг ҳам саломимни етказиб қўйинг, – деди у. – У жуда ажойиб инсон. Нималар қилиб юрибди ҳозир? – Аёл бирдан самимий оҳангда гапира кетди.

– Ўзингиздан қолар гап йўқ, доимги ишлар-да, – деб жавоб бердим. Унинг нима қилиб юрганини мен қай гўрдан биламан? Ўзи у йигитни деярли танимасдим ҳам. Ҳали ҳам Принстонда ўқийдими-йўқми, ҳатто шуни ҳам билмасдим.

– Менга қаранг, – дедим сўнг. – Коктейл симиргани бирор жойда учрашсак нима дейсиз?

– Ҳозир соат неччи бўлганидан хабарингиз борми ўзи? – деди у жавобан. – Исмингиз нима, илтифот қилиб ўзингизни таништирарсиз, балки? Энди у инглизча акцентда гапиришга ўтганди. – Овозингиздан ҳали жуда ёшга ўхшайсиз.

Кулдим ва “Хушомад учун ташаккур”, – дедим сертакаллуф оҳангда. – Исм-шарифим Ҳолден Колфильд.

Бошқа жарангдорроқ исм айтишим ҳам мумкин эдику, лекин ўша пайт хаёлимга келмапти-да.

– Унда гап бундай, жаноб Коуфл. Менинг ярим тунда учрашув белгилайдиган одатим йўқ. Ишдаги одам бўлсам.

– Эртага якшанба-ку, – дедим бўш келмай.

– Барибир тўйиб ухламасам бўлмайди. Ўзингиз тушунасиз деб ўйлайман.

– Мен бўлсам, ҳеч қурса, биттадан коктейл ичамиз деб ўйлагандим. Ахир ҳали унча кечмас-ку!

– Илтифотли экансиз, – деди у. – Қаердан қўнғироқ қилдингиз? Ҳозир қаердасиз ўзи?

– Менми? Телефон будкасида.

– Шундай денг.

Кейин бир муддат жимиб қолди.

– Мен ҳам сиз билан учрашишга жон дердим, жаноб Коуфл. Овозингиз жуда ёқимли экан. Тўғриси, овозингиздан жудаям ажойиб инсонга ўхшайсиз. Аммо ҳозир жуда кеч бўлиб қолди.

– Истасангиз сизникига боришим мумкин.

– Бошқа пайт бўлса, жуда соз деган бўлардим. Айтмоқчиманки, сизни жон деб кутиб олардим, аммо хонадошимнинг тоби йўқроқ. Кечаси билан ухлай олгани йўқ, эндигина кўзи илинди. Ўзингиз тушунсангиз керак.

– Ҳа, жуда ёмон бўлибди.

– Қаерга келиб турибсиз? Балки эртага кўришармиз?

– Эртага иложим йўқ-да, – дедим мен. – Фақат ҳозир учраша оламан.

Бунча аҳмоқ бўлмасам. Ундай демаслигим керак эди.

– Шунақа денг, у ҳолда чуқур афсусдаман.

– Сизнинг номингиздан Эддига салом айтиб қўяман.

– Вой, ростданми? Раҳмат. Умид қиламанки, Нью-Йоркда вақтингиз чоғ ўтади. Жуда ажойиб шаҳар.

– Нимасини айтасиз. Раҳмат сизга. Хайрли тун, – дедим-да, гўшакни қўйдим.

Ишни ўзим пачава қилдим. Ҳеч бўлмаса эртага кўришиб, коктейл ичишга кўнсам бўларди-ку.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации