Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Хамиджон Хомидий


Жанр: Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

1. УВАЙС ҚАРАНИЙ

Ўтмишда тасаввуф тарихига бағишлаб ёзилган барча тазкираларда «икки жаҳон қуёши» Суҳайл ибн Омир Увайс Қараний чуқур эҳтиром билан тилга олинган. Уни «Яман юлдузи» деб ҳам аташган.

Суҳайл 1/621 йилда Яман вилоятига қарашли Қаран қабиласининг сарбони Мурод ибн Амир оиласида туғилган. Гўдаклигида отаси вафот этиб, онаси қарамоғида қолган. Ривоятларга кўра, Суҳайл «худрўй» – туғма руҳий иқтидор соҳиби бўлган. Қабиладаги пешқадам уламолардан сабоқ олган.

Суҳайл Қаранийни «Увайс» дейилишининг сабаби шуки, у ҳеч бир ҳожат ва воситасиз Пайғамбар (с.а.в.) руҳидан тарбия топган. Улар зоҳирда бир-бирларини кўрмадилар, аммо ботиндан файзу футуҳ топдилар. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган олий мақомдир. Бунинг далили Аллоҳнинг муборак сўзи билан тасдиқланади: «Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга берар. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир»11
  Қуръони карим. Ҳадид сураси, 21-оят.


[Закрыть]
.

Увайс Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ғойибона меҳрига мушарраф бўлган. Расули акрам (с.а.в.) юзларини Яман тарафга қаратиб, марҳамат қилганлар: «Увайс эҳсону иффат ва тавсифда тобеъинларнинг яхшисидир. Раҳмон нафасларидан бири Яман тарафдан келади». Увайс Қараний дейдики, «Севишнинг шарти севгили учун ҳамма нарсага рози бўлиш, унинг ҳолатини тушуниш. Тушунмагунча севдим дейиш ноўриндир. Мен уни (бу ерда Пайғамбаримиз (с.а.в.) назарда тутиляпти) дунёвий кўзим билан кўрмадим, аммо шариатини, яъни ҳолатини тушундим. Уни маъқуллаш диндир»22
  Мустафо Нажотий Бурсали. Увайс Қараний. – Т.: «Истиқлол», 2007. 4-бет.


[Закрыть]
.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Уҳуд тоғидаги жангда тишларидан биридан ажраганлар (бошқа манбаларга кўра олдинги пастки жағларидаги бир тишларига тош тегиб синиб кетган). Бундан воқиф бўлган Увайс Қараний Муҳаммад (с.а.в.)га бўлган юксак эҳтироми юзасидан, у зотга душманлар етказган ситамни ўзида синаш мақсадида аввал бир тишини, сўнгра шубҳага ўрин қолмаслиги учун барча тишларини суғуриб ташлаган33
  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 23-бет.


[Закрыть]
.

Ривоятга кўра, Муҳаммад (с.а.в.) вафотларидан олдин қимматбаҳо тўнларини тобеъинлар қибласи, арбаъинлар пешвоси, пинҳони офтоб, раҳмон ҳамнафаси бўлган Увайс Қаранийга мерос қолдирганлар. Уни эгасига топширишни ўз яқинларига васият қилганлар. Расули акрам вафотларидан сўнг Ҳазрати Умар (р.а.) ва Али (р.а.) тўнни Увайс Қаранийга олиб боришган44
  Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. – Т.: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 1997. 11-бет.


[Закрыть]
.

Увайс Қараний бир умр дарвешона кийиниб, одамларнинг туясини боқиб, ожиза онаси билан кун кечирган. Халқ «девона», «телба» деб айтган.

Увайс саҳрода зикр қилаётган вақтда рўпарасига бир туя келиб чўкади. Унинг устидан бир мусофир тушиб салом беради. Бу Ҳазрати Али (р.а.) юборган чопар Мансур эди. Ҳазрати Али (р.а.)га Увайс Қаранийнинг Сиффин жангида иштирок этиб, шаҳид бўлиши башорат қилинган эди.

Увайс 37/656 йилда Сиффин жангида шаҳид бўлган. Увайснинг тобутини олиш учун етти қабила ўртасида тортишув бўлган. Муаммони Ҳазрати Али (р.а.) қуръа ташлаш йўли билан ҳал қилган. Барча қабила вакиллари хурсанд бўлиб тобутларни араваларга юклайдилар. Бунинг сабаби шундаки, Увайс Қараний етти тобутда ҳам бирдай кўринган. Аслида Аллоҳ йўлида жон берганлар ўлмайдилар.

Мусулмон мамлакатлари, жумладан, Шомнинг Сўфа кентида, Суриянинг Сибон шаҳрида, Раққа шаҳрида, Туркияда, Озарбайжонда, Ўзбекистоннинг икки гўшаси Наманган ва Қорақалпоғистонда Увайс Қаранийнинг қадамжойлари мавжуд. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Увайс Қаранийга ҳадя қилган хирқалари бугунги кунда Истанбул шаҳридаги «хирқаи шариф» жомеъ масжидида сақланади.

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида Султон Увайс мақбараси ҳамда мақбарадан икки километр узоқликда Султон Увайс бобо тоғи бор. Тоғдаги энг баланд қоя «Увайс Аллоҳга муножот этган жой», «Муножот тоғи» деб аталади. Қояларда Увайс Қараний тишларини синдирган вақтида сачраган қон доғларининг излари муҳрланиб қолган.

Мақбара Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ буйруғи билан бунёд этилган бўлиб, 1221 йилда мўғуллар босқини туфайли вайрон қилинган. Амир Темурнинг буйруғи билан қайта тикланган. 1805–1806 йилларда мақбара Хива хони Элтузархон томонидан таъмирланган. 1836 йилда Оллоқулихон даврида мақбара қайта тикланган.

* * *

Анбиё (с.а.в.) вафотларидан олдин саҳобалар сўрадилар:

– Муборак хирқангизни кимга берайлик?

Расули акрам (с.а.в.) дедилар:

– Увайс Қаранийга беринглар.

Сўрадилар:

– Уни қаердан топамиз?

Расули акрам (с.а.в.) дедилар:

– Яман вилоятининг Қарн кентидан.

Сўрадилар:

– Эй Оламлар сарвари, Сиз уни кўрганмисиз?

Расули акрам (с.а.в.) дедилар:

– Кўрганман, лекин зоҳирда кўрмаганман. У ҳам мени кўрган, лекин зоҳирда кўрмаган.

Сўрадилар:

– Нима учун сизни кўрмаган?

Расули акрам (с.а.в.) дедилар:

– Бунинг икки сабаби бор. Биринчиси ҳол ғалабасидан, иккинчиси шариат амрига мувофиқдирки, кўзи ожиз онаси бор. Уни нафақасиз ва қаровсиз ташлаб кета олмай, оналик ҳаққига риоя этди.

Сўрадилар:

– Биз Увайсни кўрамизми?

Расули акрам (с.а.в.) дедилар:

– Абу Бакр (р.а.) кўрмайди, Умар (р.а.) билан Али (р.а.) кўришади.

* * *

Пайғамбар (с.а.в.) вафотларидан сўнг Умар (р.а.) билан Али (р.а.) Яманнинг Қарн кентига йўл олдилар. Увайсни суриштирдилар.

Қарнликлар дедилар:

– Бир далли девона, фақир бор. Туя боқади. Халққа аралашмайди, ҳамма кулса, у йиғлайди. Ҳамма йиғласа, у кулади. Дунё шодлиги ва ғамини билмайди. Бировдан ҳеч нарса тиламайди. Туя боқиб топган пулини онаси ва фақирларга нифоқ этади.

Ҳазрати Умар (р.а.) ва Али (р.а.) Увайсни излаб туя боқадиган водийга бордилар. Увайс туяларини ўтлоққа қўйиб, ибодат қилаётган эди. Салом бердилар. Увайс алик олди. Умар (р.а.) унинг исмини сўради. Увайс деди:

– Абдуллоҳ (Аллоҳнинг қулиман).

Умар (р.а.) унинг ўз исмини сўради.

Увайс деди:

– Увайсдирман.

Умар (р.а.) деди:

– Сенга Мустафо (с.а.в.)нинг саломини олиб келдик. У зот муборак хирқаларини бериб, умматимни дуо ва шафоат қилсин дедилар.

Увайс хирқани олиб, ўпди, кўзига суртди. Мураққаъ (хирқа)ни ерга қўйиб, юзини тупроққа қўйди ва Аллоҳга ёлвориб илтижо қилди:

– Эй Роббим, Сарвари олам (с.а.в.) мен ожиз бандани шафеъ тутиб, хирқани берибдилар. Муҳаммад (с.а.в.)нинг барча умматини мағфират қилмагунингча (кечирмагунингча) уни эгнимга солмасман. Увайс анча вақтгача муножот қилди. Унинг ҳаяллаганидан хавотир олган Умар (р.а.) Увайсдан сўради:

– Нима учун хирқани киймадинг?

Увайс деди:

– Умматнинг барчасига шафоат қилмагунича хирқани киймайман деб Роббимга ёлвораётган эдим. Бас, сабр қилмадингиз.

Ҳотифдан нидо келди:

– Увайс ҳурматига умматимга Робиъ ва Мудор қабиласи қўйларининг юнги саноғича шафоат қилингай.

Увайс хирқани кийди. Қарн қишлоғида Увайс маълум ва машҳур бўлди. Увайс Куфага йўл олди. Батамом Ҳақ зикри билан машғул бўлиб, одамлар назаридан йироқ юрди. Турли юртлардан зиёрат қилгани келган одамлар уни топа олмай қайтиб кетишди. Фақат бир сафар Ҳурмиз ибн Ҳассон уни кўриб суҳбатлашишга муяссар бўлди.

* * *

Ҳурмиз ибн Ҳассон (р.а.) деди:

– Увайс ҳақидаги ҳикоятларни эшитиб, уни кўришга ошиқдим. Уни кўп қидирдим. Излаб Куфага бордим. Фрот дарёсида таҳорат қилаётган одамни кўриб, Увайс ҳақида эшитганларимдан нишона топдим. Ёнига келдим. Саломаликдан сўнг унинг этагини тавоф қилишни сўрадим. Увайс рози бўлмади.

Ҳурмиз ибн Ҳассон Увайснинг заиф ҳолига куйиб йиғлади ва деди:

– Нечуксиз?

Увайс ҳам йиғлади ва деди:

– Эй Ҳурмиз ибн Ҳассон, менга ким йўл кўрсатди?

Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:

– Эй Увайс, сиз мени кўрмай ва эшитмай мени ва отамнинг исмини қаердан билдингиз?

Увайс деди:

– Ҳақ субҳанаҳу ва таоло хабар берди. Ҳеч нарса унинг илми ва хабаридан ташқари эмас. Менинг руҳим сенинг руҳингни таниди. Мўминлар руҳи шундайки, агар кўришмасалар ҳам уларнинг руҳлари бир-бирларини танийдилар.

Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:

– Ҳазрати Расули (с.а.в.)дан бир ҳадис ривоят қилинг.

Увайс деди:

– Мен ҳамиша Аллоҳ билан машғулманки, ҳадис айтишга, фатво беришга, тафсир қилишга, зикр айтишга хоҳишим йўқдир.

Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:

– Қуръондан бир оят ўқинг.

Увайс Ҳурмиз ибн Ҳассоннинг қўлидан тутиб, деди:

– Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм55
  Малъун шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.


[Закрыть]
. Қуръондан бир оят ўқиди: Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! Осмонлар ва ердаги (барча) жонзот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз) Ундан сўрар. У зот ҳар куни ишамалдадир66
  Қуръони карим. Зорият сураси, 57–58-оятлар.


[Закрыть]
.

Увайс деди:

– Эй Ҳассоннинг ўғли, олдимга келишингнинг боиси нима?

Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:

– Сизни кўриш, сўзларингиздан баҳра олиш, дуоларингиздан Ҳақ марҳаматига эришиш учун келдим.

Увайс деди:

– Худони таниган Худодан ўзгаси билан улфат, сўзига муҳтож бўлмайди.

Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:

– Менга ўгит беринг.

Увайс деди:

– Эй Ҳурмиз, ухласанг ўлимни бошинг остидаги ёстиқ деб бил. Уйғонсанг ўлимни икки кўзинг ўртасида кўр. Гуноҳнинг катта-кичиклигига қарама. Аллоҳнинг улуғлигини тафаккур қил. Агар гуноҳни кичик деб билсанг, Худони кичик деб билган бўласан. Агар кичик гуноҳни ҳам улуғ деб билсанг, Худони улуғ билган бўласан.

Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:

– Эй Увайс, қаерни маскан тутай?

Увайс деди:

– Шомни ватан қил.

Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:

– Менга васият қил.

Увайс деди:

– Эй Ҳассоннинг ўғли, отанг ўлди. Одам (а.с.) ва Ҳавво ўлди. Нуҳ (а.с.), Иброҳим Халил (а.с.) ва Мусои Калим (а.с.), Довуд (а.с.), Исо (а.с.) ва Муҳаммад (с.а.в.), ва халифалар Абу Бакр Сиддиқ (р.а.), Умар (р.а.) ўлдилар.

Увайс «оҳ» урди.

Ҳурмиз ибн Ҳассон деди:

– Умар ўлгани йўқку?

Увайс деди:

– Роббим билдирди. Умар бугун дунёдан ўтди.

Увайс Умар (р.а.)нинг ҳаққига дуо ўқиб, саловат айтди.

Увайс Ҳурмиз ибн Ҳассоннинг ҳаққига дуо қилиб деди:

– Сенга ўгитим шуки, Қуръон ҳукмларини маҳкам тут, солиҳлар йўлидан чиқма. Эй Ҳассоннинг ўғли, бор, энди на сен мени кўрасан, ва на мен сени кўраман. Мени дуода ёд қил ва мен ҳам сени дуода ёд қиламан. Энди сен ўз йўлингдан кет ва мен ҳам ўз йўлимдан кетайин.

Ҳурмиз деди:

– Увайсга эргашдим. Қўймади. Йиғлади ва мени ҳам йиғлатди. Сўнг бир зовияга кириб кетди. Шундан сўнг унинг дарагини топмадим. Маънавий-руҳий такомилимни Увайснинг дуолари шарофатидан деб билдим.

* * *

Увайс умрида бирон кеча тўйиб ухламади. Ҳар кеча бугун «Лайлат ул-қиём», бугун «Лайлат ур-рукуъ», бугун «Лайлат ус-сужуд» деб, тонгга қадар саждадан бошини кўтармади.

Сўрадилар:

– Эй Увайс, тунни бундай риёзат билан ўтказишга қандай тоқат қиласиз?

Увайс деди:

– Бир дафъа «субҳана роббиал-ъало» деб бошимни саждага қўйишим билан тонг отади. Орзуим ва хоҳишим шуки, фаришталар ибодатига ўхшасин.

* * *

Сўрадилар:

– Намозда хушуъ нима?

Увайс деди:

– Намоз ўқиётган вақтингда сенга найза бирла санчсалар, оғриқни бир зарра сезмаслигингдир.

* * *

Увайс Қараний қалб кўзи билан инсонларнинг кўнглидагиларни ўқир, жоҳил ва нодон кишиларнинг ҳолидан йиғлар ва дер эди:

– Уларнинг на юзида ранги, на қалбида завқи, на дудоқларида кулгуси бор. Залолатда қовурилаётган бу одамлардан муҳаббат илҳомини кутиш мумкинми? Эй Роббим, бечораларнинг қалб кўзларини боғлаб, қилган хатолари учун жаҳаннамга ташламай, залолат ботқоғидан поклагинки, қалбларида маърифатуллоҳ дарахтлари илдиз отсин.

* * *

Увайсга хабар бердилар:

– Бир дарвеш ўттиз йил аввал гўр ковлаб, кафан билан гўр бошида ўтирибди. Ҳамиша кўзи ёшли, на кечаси уйқуси бор, на кундузи ороми. Бунинг ҳикмати нимада?

Увайс деди:

– Унинг олдига мени олиб боринг.

Келдилар. Риёзатдан тани сарғайган, кўзлари хира тортган заиф кишини кўрдилар.

Увайс деди:

– Ўттиз йил гўр ва кафан билан шу даражада овора бўлибсанки, Худодан ғофил қолибсан. Худодан йироқлашиб, гўр билан кафанга боғланибсан.

Дарвешга ҳолатининг ҳақиқати ошкор бўлди. Наъра тортиб, ўзини гўрга ташлади ва жонини таслим қилди.

Увайс деди:

– Эй биродарлар, кўринг ва огоҳ бўлингки, гўр билан кафан Худога етиш учун парда (тўсиқ) бўлса, бошқа нарсалар нима бўлиши мумкин? Ўзини Худога бағишлаган ва дунёни тарк этган кишига гўр билан кафаннинг қизиғи йўқ, банданинг қаерда ва қандай ҳолатда ўлимни қарши олиши унинг ихтиёрида эмасдир.

* * *

Рабиҳ Ҳошим Увайс Қаранийни кўриш учун борди.

Увайс ибодат билан машғул бўлгани учун кутиб ўтирди ва кўнглидан ўтказди:

– Увайс менга ҳам бир ўгит берса эди.

Увайс Қараний дуога қўл очиб дебди:

– Аллоҳим, кўп ухлар кўздан ва кўп еяр қориндан Ўзингдан паноҳ тилайман.

Бу сўзларни эшитган Рабиҳ Ҳошим «менга шу ўгит етарли» деб уйига қайтди.

* * *

Увайснинг қўшнилари дедилар:

– Увайсни девона хаёл қилдик. Унинг қандай тирикчилик қилишидан хабаримиз йўқ. Ҳар доим рўза тутгани учун унинг бирон жойда таом еганини кўрмадик. Битта пўстини бор эди, унинг ямоқ солинмаган жойи қолмаган эди. Бомдод намозидан аввал уйдан чиқар ва хуфтондан сўнг қайтар эди. Туш вақтида онасига егулик олиб келган вақтида ёш болалар унга тош отиб, йўлини тўсар эдилар. Увайс уларни эркалаб, олиб келган таомидан берар ва дер эди:

– Оёқларим заифдир. Кичикроқ тош отинг, оёғимга тегиб, жароҳат қилмасин, токи қон чиқиб, намоздан қолмайин. Намоздан қолиб, оёғим ғамини емай, намозим ғамини қилайин.

* * *

Жамоадан ажралишдан сақланинг, чунки ўзингиз сезмаган ҳолда динингиздан ажраб қоласиз ва қиёмат куни дўзахга кирасиз.

* * *

Ҳар ким яхши ейиш, яхши кийиш, баднафс ва бадахлоқ аёл билан ўтиришни севса, шайтон уни тез йўлдан оздиради.

* * *

Аллоҳ деди: Авлиёларим қуббам остидадирлар, уларни Мендан (Аллоҳ) ўзга билмагай.

* * *

Ҳар ким Аллоҳни таниса, унга ҳеч нарса махфий қолмайди. Кимки Аллоҳни Аллоҳ билан таниса, у ҳамма нарсани билади.

* * *

Саломатлик танҳоликдир.

2. ҲАСАН БАСРИЙ

Кўплаб шайхларга пешволик қилган, замонасининг аксарият арбобларини ақлу заковати билан лол қолдирган машойихлардан бири Ҳасан Басрийдир.

Ҳасан Басрий Мадинада, Пайғамбаримиз (с.а.в.) хотинлари Умму Салама (р.а.)нинг озод этилган чўрилари хонадонида 22/642 йилда таваллуд топган. Унинг отаси саҳоба Зайд ибн Собитнинг озод этилган қули Ясор эди. Унинг исмини Умму Салама «Ҳасан» деб қўйган. Ҳаттоки Ҳасаннинг чақалоқлигида Умму Салама кўкрак тутган. Ҳасан Басрийнинг илму ҳикмат ва саодатга мушарраф бўлгани Умму Саламани эмгани ҳамда болалик чоғида Муҳаммад (с.а.в.) унинг ҳаққига қилган дуолари шарофатидандир.

Ҳасан Басрий тарбияси билан Умму Салама шуғулланган. Ҳасаннинг камолотида Ҳазрат Али (р.а.)нинг даъвату ваъзлари, ҳикматлари, шахсий ибратлари муҳим аҳамиятга эга бўлган. 37/657 йилда Ҳасан 14 ёшга етганида оиласи Басрага кўчиб кетади. Бу ерда Абдуллоҳ ибн Аббосдан тафсир, ҳадис, қироат илмларини ўрганган. Басра илм-маърифат ва маданият марказига айланган ва кўплаб илм ҳалқалари фаолият кўрсатган. Ҳасан Басрий замонасидаги барча илмларни ўзлаштириб, забардаст фиқҳ донишманди даражасига етган. Халқ наздида ваъз айтиб, «Ҳасан Басрий» номи билан шуҳрат қозонган. Хосу ом унинг маърузаларини мароқ билан тинглаб, ҳикматларини ёд олишган. Ҳасан умр бўйи мўминларни маърифатга, золимларни адолатга ҳидоят этган. Робиъа Адавия, Иброҳим Адҳам Ҳасан Басрийнинг дуосини олган, унинг қўлидан хирқа кийишган. Унинг ҳикматли сўзлари ва кашфу кароматлари тазкира ва маноқиблардан жой олган.

Ҳасан Басрий 43/663–665 йилда Афғонистон ҳудудидаги ҳарбий юришда қатнашган. Халифа Умар ибн Абдулазиз (ваф. 102/720 й.) даврида Басрада қозилик қилган. Ҳасан Басрийнинг обрўси шу даражада бўлганки, илоҳиёт олимлари унинг атрофида жам бўлишган. Ҳасан Басрийнинг умавийлар давлатининг барқарорлиги йўлидаги хизматлари беқиёсдир. Ҳасан Басрий мусулмонлар ўртасидаги ҳарбий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори бўлган.

Ҳасан Басрий 110/728 йилда Басрада вафот этган.

* * *

Ҳасан Басрий деди:

– Эй одам боласи, нега биродарингга ҳасад қиласан? Агар Аллоҳ суйгани сабабли у бандага неъмат ато қилган бўлса, сен Аллоҳ суйган бандага қандай ҳасад қиласан? Агар унинг мол-давлат топишига бошқа сабаб бўлса (яъни, ҳаром йўллар билан топган бўлса), оқибатда дўзахга элтувчи бўлган мол-давлатнинг нимасига ҳасад қиласан?

* * *

Сўрадилар:

– Дунё ва охиратнинг ҳолати қандай?

Ҳасан Басрий деди:

– Дунё ва охират Машриқ ва Мағриб ҳолатига ўхшайди. Уларнинг бирига қанча яқин борсанг, иккинчисидан шунча узоқлашасан.

* * *

Сўрадилар:

– Дунё нима?

Ҳасан Басрий деди:

– Мен аввали азоб-уқубат, охири йўқлик бўлмиш бу дунёнинг нимасини тавсиф қилайин! Унинг ҳалолида мукофот, ҳаромида азоб бор. Бунда ким бойиса, фитнага дучор бўлади, кимки қашшоқлашса, маҳзунлик эгаллайди.

* * *

Ҳолимизга вой бўлсин! Ўзимизга ўзимиз нима қилиб қўйдик? Динимизни хорладик, дунёмизни заҳарладик, хулқимизни буздик, кийим-кечак ва кўрпа-тўшагимизни янгиладик.

* * *

Кимдир қинғир йўлга кириб, бировнинг молини ейди. Унинг таоми зўрлик, хизмати мажбурийликдир. У киши аччиқдан сўнг ширинни, совуқдан сўнг иссиқни, қуруқдан сўнг серсувликни хоҳлайди. Жуда тўйиб кетса, овқатни ҳазм қила олмаганидан кекириб: «Эй хизматкор овқатни ҳазм қиладиган бирон егулик келтир» деб буюради.

Эй нодон, сен шу йўсинда ўз динингни ҳазм қиляпсан, холос. Муҳтож қўшнинг ҳолига боқ! Сенга кўз тикиб турган бечораларнинг ҳоли не кечди? Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилганинг шуми?! Кошки умр ўткинчи эканини билсанг эди.

* * *

Ҳажжож ибн Юсуф Ироққа ҳоким бўлгач, Куфа билан Басра орасидаги Восит шаҳрида ўзига муҳташам уй қурдиради. Сўнгра еб-ичиб, байрам қилиб, кейин ҳақига дуо этишлари учун одамларни чорлайди. Ҳасан жамоат жам бўлган фурсатдан фойдаланишни кўнглига тугиб, одамларга панд-насиҳат қилиш, Аллоҳни эслатиш, дунё зеб-зийнатларига ҳирс қўйишдан қайтариш ниятида Ҳажжожнинг уйига боради. Қурилган бинони кўриб, жимжимадор безаклар ҳашаматидан ажабланади. Одамлар қасрни тавоф қилишар эди. Ҳасан ниятига мувофиқ равишда оломонга деди:

– Биз золимлар золими нима қурганини кўрдик. Албатта, Фиръавн бундан ҳам баланд ва кўркам бино қурдирганини яхши биламиз. Бироқ Аллоҳ таоло Фиръавнни ҳалок этди ва биносини қулатди.

Ҳасан шу зайлда сўзлайверди. Шунда ўша ерда ҳозир бўлганлардан бири золим ҳокимнинг ҳайбатидан қўрқиб деди:

– Кифоя қилар энди, эй Ҳасан, кифоя қилар энди?

Ҳасан Басрий деди:

– Аллоҳ таоло илм аҳлига билганларини яширмай, одамларга очиқ баён этиш масъулиятини юклаган!

Ғазабланган Ҳажжож ибн Юсуф эртасига мулозимларига заҳрини сочди:

– Ўлим сизларга! Басралик бир қул чиқиб бизга хоҳлаган гапини айтса-ю бирон тирик жон унга рад жавобини бера олмаса. Аллоҳга қасамки, мен сизларга унинг қонини ичираман, эй қўрқоқлар жамоаси!

Шундан сўнг Ҳажжож қилич ва кунда ҳозирлашга буюрди. Мосламалар тайёрланди. Жаллодлар чақирилди. Ҳасанни олиб келиш учун миршаблар жўнатилди. Бирпасдан сўнг Ҳасан кириб келди. У қилич, кунда ва жаллодни кўрган маҳали лабларини қимирлатиб қўйди. Ҳажжож ҳузурида мўминларнинг улуғи, Аллоҳ йўлига даъват этувчиларнинг энг саботлиси турган эди. Ҳасанни бундай ҳайбатли ҳолда кўрган Ҳажжож шошиб:

– Мана бу ерга, эй Ҳасан Басрий, марҳамат қилсинлар… – дея дудуқланди. Саройда ҳозир бўлганлар бу манзарани ҳайратланиб томоша қилар эдилар. Чунки Ҳажжож Ҳасан Басрийни ўз ўрнига, яъни тахтига ўтқазиб қўйган эди.

Ҳасан Басрий тахтга жойлашиб олгач, Ҳажжож ундан баъзи ишлар хусусида масала сўради. Олим унга шошилмай, лўнда, чиройли ибора ва қатъий асос билан жавоблар қайтарди.

Ҳажжож деди:

– Сиз илмлар улуғисиз, эй Ҳасан.

Ҳажжож барча масалаларга қаноатланарли жавоб олгач, ораларидаги зиддиятни бартараф этиш ниятида Ҳасан Басрийнинг қўлини ўпиб, эшиккача кузатиб қўйди.

Ҳасан Басрийнинг изидан бир хизматкор эргашди ва сўради:

– Эй олимлар улуғи, Ҳажжож сизни мутлақо бошқа ниятда чақирган эди. Келган пайтингизда лабларингиз қимирлаганини кўрдим. Шунда нималар деган эдингиз?

Ҳасан деди:

– «Эй неъмат ато этгувчи ва кулфатда паноҳ бергувчи Эгам! Оловни Иброҳимга совуқ қилиб, саломат қолдирганингдек, мени ҳам золим Ҳажжож азобидан асраб, саломат қилгин» деб илтижо қилдим.

* * *

Нақл қилишларича, шайхнинг муридларидан бири Қуръондан оят ўқилса фарёд қилиб ўзини ерга урар эди.

Ҳасан Басрий деди:

– Бундай қилма.

Мурид деди:

– Бу иш менинг қўлимда эмас.

Ҳасан Басрий деди:

– Агар келсин деб шундай қилсанг, раҳмонийдир, агар чақирмасдан бақирар экансан, бу шайтонийдир.

* * *

Ҳажжож ибн Юсуф мингта мулозими билан Ҳасан Басрийнинг зиёратига келди. Ҳасан уларга парво қилмасдан маърузасини давом эттираверди.

Ҳажжож мулозимларига деди:

– Дунёда эр йигитни кўрмоқчи бўлсангиз, Ҳасан Басрийни кўринг.

* * *

Ҳасан Басрий намозда кўп йиғлади. Хонақоҳ эшиги олдида бир киши ўтирган эди. У кишининг устига ногоҳ сув томчилади.

Ҳасан деди:

– Эй азиз, ташвишланманг, бу мен осийнинг кўз ёшларимдир.

* * *

– Золимларни, фосиқларни, нафсига қул бўлганларни ғийбат қилиш раводир.

* * *

– Дунё кезиб охиратини топганни кўрмадик, лекин охиратини қидириб, дунёсини топганларни кўрдик.

* * *

Очлик Худойи таолонинг Ер юзидаги лаззатли таомидирки, содиқларнинг бадани ундан қувват олади.

* * *

Очлик риёзати муридларга тавбадир.

* * *

Олимларнинг жазоланиши қалбларнинг ўлганидир.

* * *

Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади.

* * *

Олимлар юлдузларга ўхшайдилар. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади.

* * *

Бир кишининг илм ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ўргатиши ҳам амал ҳисобланади.

* * *

Сўз амал билан дуруст бўлади, амал билан сўз ният билан дуруст бўлади.

* * *

Мўмин деган ўз нафсининг ҳокими бўлиши керак. У нафсига Аллоҳ учун ҳисоб бердиради.

* * *

Оқил киши зикрдан тафаккурга, тафаккурдан зикрга ўтади. Оқил қалбининг гапиришини талаб қилади. Қалб ҳикматли сўзларни айта бошлайди.

* * *

Пул азиз қилган ҳар бир инсонни Аллоҳ хор этади.

* * *

Одамзод уч нарсага афсусланиб бу дунёдан ўтади: тўплаган моли ва бойлиги билан тўймайди, орзуларига эриша олмайди, охират ҳаёти учун ҳозирлигини қила олмайди.

Энг ваҳший ҳайвон ҳам нафсингчалик қармоқ билан илинтиришга лойиқ эмас.

* * *

Торлик (зиқналик) қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади.

* * *

Тўртта нарса кишининг мурувватидандир: тилининг ростгўйлиги, биродарларининг хато-камчиликларини кечириши, аҳли замонининг таниқли кишисига саховат қилиши, таниш ва қўшниларга озор беришдан тийилиши.

* * *

Аллоҳ бандасига яхшиликни ирода қилса, унга бир дунёлик беради. Тугаса яна беради. Агар бандасининг наздида ўша дунёлик ҳақир кўринса, Аллоҳ янада кўпроқ беради.

* * *

Биродарларимиз биз учун аҳли оиламиздан ҳам қимматлироқдир. Чунки аҳлимиз бизга нуқул дунёни эслатади, биродарларимиз эса охиратни!

* * *

Киши аҳли аёлга ишлатиш учун қарз сўраб, кейин уни узишга ҳаракат қилса-ю шу қарз билан вафот этиб қолса, Аллоҳ таоло унинг даъвогарларини рози қилади.

* * *

Фикр кўз кабидир, гуноҳ ва савобни кўрсатади.

* * *

Ҳар кимнинг ибрат назари бўлмаса, қилган амали бекор ва хатоликдир.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации