Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Хамиджон Хомидий


Жанр: Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

3. ҲАБИБ АЪЖАМИЙ

Ҳабиб Аъжамий Шарқ тасаввуфининг буюк намояндаларидандир. Унинг риёзату мужоҳадаси бениҳоя, сидқ ва каромат соҳиби, сирлар маҳрами, қуббаи ибрат валийси бўлган. Басрада сарватманд оилада туғилган. Отасидан катта бойлик мерос қолгани учун ана шу маблағни одамларга қарзга бериб, фойда эвазига судхўрлик билан кун кечирган.

Унинг Ҳақ йўлига кириши ва тавбасига сабаб шуки, бир қарздорнинг уйига қарз ундиргани бориб, пул топиб бера олмагани учун ундан оёқ ҳаққи эвазига бир парча этни зўрлаб ундирган. Уйга келгач, хотинига этни бериб, овқат тайёрлашини буюрган. Хотин этни пиширган. Шу пайт тиланчи Ҳабибнинг эшигини тақиллатиб, «Аллоҳ йўлига бирор нарса бер» деб сўрайди. Ҳабиб уни ҳайдаб юборади. Тиланчи ноумид ва маҳрум бўлиб қайтади. Ҳабибнинг хотини овқат сузмоқчи бўлиб, қозонни очади. Қозон қип-қизил қонга тўлганини кўриб, фарёд қилади ва эрини чақиради.

Ҳабиб дейди:

– Тиланчини ноумид қилганимиз учун мана шу балога йўлиқдик.

Ҳабибнинг кўнглига ўт тушиб, қилган ишидан пушаймон бўлади. Эртасига барча қарзларидан кечади. Фрот дарёси қирғоғига келиб, ўзига ибодатгоҳ қуради. Шу ерда ўтириб, тоат билан машғул бўлади. Кечалари тонг отгунча ухламай ибодат қилади. Қуръонни дуруст ўқий олмаса ҳам, шарҳлашда бениҳоя гўзал фиросат соҳиби эди.

Басрада қаҳатчилик бўлган пайтда фақирларнинг қорнини тўйдирди. Унинг бир ҳамёни бўлиб, қачон қўл суқса, олтин танга чиқар эди. Бу азим каромат эди.

* * *

Шом вақтида Ҳасан Басрий Ҳабибнинг масжиди олдидан ўтди. Ҳабиб намозга такбир айтди. Ҳасан масжидга кирди. Ҳабиб намозга турди. Ҳасан иқтидо қилмоқчи эди.

Ҳабиб «алҳамдулиллаҳ»ни «алҳемдулиллаҳ» деб ўқиди. Ҳасан «унинг орқасида намоз ўқиш раво эмас» деб намозни танҳо ўқиди. Кечаси Ҳақ субҳонаҳу ва таолога илтижо қилди.

Ҳасан Басрий сўради:

– Эй Аллоҳим, сенинг розилигингга қандай эришай?

Ҳақ таоло деди:

– Эй Ҳасан, розилигимни топган эдинг, лекин қадрини билмадинг.

Ҳасан Басрий деди:

– Эй Аллоҳ, у нима эди?

Ҳақ таоло деди:

– Эй Ҳасан, агар Ҳабибнинг ортида намоз ўқисанг эди, бу намозинг умринг бўйи қилган ибодатларингдан афзалроқ бўлар эди. Сен ибратнинг ғайрини кўрдинг, ниятинг ростлигига боқмадинг. Зеро, «иннамал аъмалу бин нияти» – амалларнинг қабули ниятнинг ростлиги биландир.

* * *

Қурбон ҳайитига икки кун қолганда Ҳабибни Басрада кўришди. Эртаси куни Арофатда кўришди. Бунинг боиси шуки, ҳадисда «Ҳақ таоло сизларнинг сўзларингизга ва қилган амалларингизга боқмайди, лекин кўнглингизнинг ниятига боқади» дейилган. Кўнгил билан тил орасида тафовут ва фарқ бисёрдир.

* * *

Ҳасан Басрий Ҳажжож ибн Юсуфнинг мулозимларидан беркиниб, Ҳабиб Аъжамийнинг масжидига яширинди. Мулозимлар Ҳабибнинг эшигини тақиллатиб, ундан сўрашди:

– Бугун Ҳасан Басрийни кўрдингизми?

Ҳабиб деди:

– Кўрдим.

Сўрадилар:

– Қаерда кўрдингиз?

Ҳабиб деди:

– Масжидга кирди.

Масжидга кириб, ҳарчанд қидирсалар ҳам Ҳасанни топа олмадилар. Неча марта қўллари унга тегса ҳам, Ҳасанни кўра олмай, ноилож ортларига қайтдилар.

Ҳасан Басрий Ҳабибга зорланиб деди:

– Эй Ҳабиб, нима учун устозлик ҳаққини сақламай, душманларга нишон бердинг?

Ҳабиб деди:

– Эй устоз, менинг рост сўзларим туфайли иккимиз ҳам халос бўлдик. Агар ёлғон сўзлаганимда, иккимизга ҳам қийин бўлар эди.

– Эй Ҳабиб, сен қайси дуони ўқидингки, мени улар кўра олмадилар?

Ҳабиб айтди:

– Ўн маротаба «Оят ал-курсий» ва ўн маротаба «Омин ар-росул» ва ўн маротаба «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқидим ва дедим: «Худовандо, Ҳасанни Ўзингга топширдим».

* * *

Ҳасан Басрий дарё лабига келиб, кемада ўтиш андишасида ўтирган эди. Ҳабиб етиб келди.

Ҳабиб айтди:

– Эй имом, не важҳдин тўхтаб турдингиз?

Ҳасан Басрий деди:

– Кемани кутяпман.

Ҳабиб деди:

– Устоз, бу илмни сиздан ўргандим. Халойиққа ҳасад қилишни кўнглингиздан чиқаринг ва дунёдан кўнгилни узинг. Худойи таолодан келган балони ғанимат билиб, барча ишни Худодан кўринг. Кейин дарёга қадам қўйинг ва ўтинг.

Ҳабиб сувга қадам қўйди-да, ўтиб кетди. Ҳасан беҳуш бўлиб йиқилди. Ҳушига келгач, сўрадилар:

– Эй имом, сизга нима бўлди?

Ҳасан деди:

– Ҳабиб мени шогирдим эди, бу вақтда менга маломат ва эътироз қилди ва дарёдан ўтиб кетди. Мен дарёдан ўта олмадим. Қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтинглар, десалар, ҳолим нима кечади?

* * *

Ҳасан айтди:

– Эй Ҳабиб, бу мартабани қандай топдинг?

Ҳабиб айтди:

– Сиз қоғоз юзини қора қилган илм билан менинг кўнглим саҳифаси оқарди. Сиздан ўрганганларимга амал қилганим учун бу мартабани топдим.

Ҳасан йиғлаб деди:

– Бошқаларга фойда келтирган илмим менга фойда этмади.

«Ҳабиб Аъжамийнинг даражаси Ҳасан Басрийнинг даражасидан баланд экан» деган шубҳага ўрин йўқ. Чунки Худо йўлидаги ҳеч бир мақом ва мартаба илмнинг мақом ва мартабасидан зиёда бўлмайди. Бунинг тасдиғини «Қул Рабби золини уламом» (Айтгил, эй Муҳаммад (с.а.в.), Парвардигоро, менга бу илмни зиёда қилғил) деган оят77
  Қуръони карим. Тоҳа сураси, 114-оят.


[Закрыть]
тасдиқлайди. Машойихлар китобида каромат ўн тўртинчи мартабада, тариқат илми ўн саккизинчи даражададир. Каромат кўп риёзатдан, илм эса тафаккурдан пайдо бўлади.

4. ЗУННУН МИСРИЙ

Савбон ибн Иброҳим ибн Абулфайз Зуннун Мисрий IX–X асрларда яшаган улуғ машойих, ўз даврининг қутби, маърифат султони, тариқат акобири, илоҳий сирлар маъданидир.

Зуннун Мисрий Мисрнинг Ихмим мавзесида таваллуд топган. Миср ҳамда Бағдод мадрасаларида таълим олган. Молик ибн Анасдан тариқат илмини ўрганган. Шайх Исрофилдан иршод олган.

Зуннун Мисрий ишоратни иборатга келтириб, биринчи бўлиб тасаввуф илмидан сўз айтган бўлса, Жунайд Бағдодий Зуннуннинг сўзларини баст қилиб, китоб битган. Шиблий уни минбарга олиб чиқиб, ошкор қилган.

Зуннун Миср халқига ўзини беодоб қилиб кўрсатгани учун уни зиндиқ (даҳрий) деб маломат қилишган. Аббосий халифа Мутаваккил уни Бағдодга элтиб, зиндонга ташлаган. Айби йўқлиги учун қирқ кундан кейин зиндондан озод этилган. Зуннунни саройга чақирадилар. Зуннун халифа Мутаваккил ва аркони давлат ҳузурида ваъз айтади. Халифа бошлиқ ҳамма юм-юм йиғлаб, фасоҳат ва балоғат тўла нутқнинг таъсирида унга мурид бўладилар.

Бир куни Зуннун Мисрий кемага чиқади. Савдогарлардан бирининг жавоҳири йўқолиб қолади. Ҳамма жойни қидирадилар. Зуннунни ўғирликда айблайдилар. Кўп ҳақоратлар қилиб, озор берадилар. Шайх Аллоҳ даргоҳига муножот қилиб, денгизга қараса, мингдан зиёд балиқлар оғзида жавоҳир олиб чиқади. Зуннун улардан бирини олиб савдогарга беради. Кема аҳли бу кароматни кўриб, унинг оёғига бош қўядилар. Узр сўраб «Бу Зуннун (балиқ соҳиби) экан» дейишади. Шайхнинг лақаби «Зуннун»

бўлиб қолади.

Зуннун уч марта маънавий сафар қилиб, уч илм олиб келди. Биринчи сафарда олиб келган илми (тавба) барчага манзур бўлиб, уни хос ҳам, омма ҳам хушнудлик билан қабул қилишди. Иккинчи сафар илм (маърифат) келтирганда хос қабул қилди, лекин омма қабул қилмади. Учинчи сафар илм (ҳақиқат) келтирганда хос ҳам, омма ҳам қабул қилмади. Ҳеч ким англамади ва бу илмни инкор қилдилар. Зуннун қочоқ, қувғин ва мискин бўлиб қолди.

Зуннун Мисрий 245/859 йилда вафот этган. Қабри Мисрда.

* * *

Зуннун Мисрий дейди:

– Тоғда кезар эдим. Бир жамоага дуч келдим. Бирининг кўзи кўр, бирининг оёғи йўқ, бирининг қулоғи кар, бири соқов, бирини яра босган. Улардан сўрадим:

– Бу ерда нима қиляпсиз?

Дедилар:

– Бу ерда ғор бор. Унда тақводор обид яшайди. Йилда бир марта ташқарига чиқади. Дардмандларга назар ташлаб, дуо қилади. Барча касалликдан тузалади. Сўнг яна ғорга кириб кетади.

Зуннун Мисрий бир муддат жамоа билан яшади. Обиднинг ғордан чиқар вақти бўлди. Дардмандларга назар солди, бари тузалди. Зуннун обиднинг этагига ёпишиб, обидга деди:

– Эй обид, менинг пинҳон дардимни ҳам муолажа қил.

Обид деди:

– Эй Зуннун, қўлингни торт, Аллоҳ сенинг ҳолатингни кўриб тургани ҳолда, Уни қўйиб менинг этагимни тутдингки, иккимизни ҳалок қилади.

Шу сўзларни айтиб, обид ғорга кириб кетди.

* * *

Сўрадилар:

– Нечуксиз?

Зуннун деди:

– Ҳолим шундайки, хавф бемор қилди, шавқ куйдирди, муҳаббат ўлдирди, Аллоҳ тирилтирди.

* * *

Зуннуннинг хизматига бир ўғлон келди ва деди:

– Отамдан мерос қолган юз минг кумуш бор. Уни сизнинг хизматингизда сарф этсам деб ният қилдим.

Зуннун деди:

– Сенинг молингни сарф қилмоқ раво эмас. Балоғатга етгунингча сабр қил.

Ҳалиги ўғлон йигит бўлди. Зуннуннинг хизматига кирди ва барча пулини хонақоҳга харж этди. Пул тугагач, камхаржлик бошланди. Йигит афсус қилиб айтдики:

– Агар яна пулим бўлса, хонақоҳ учун сарфлаб, сўфийларнинг оғирини енгил қилар эдим.

Шайх унинг сўзларини эшитиб, «ҳануз ҳақиқат ишининг фаҳмига етмабди, ҳали ҳам унинг кўнглида дунё молига қизиқиш сўнмабди» деб тафаккур қилди. Йигитни чақириб, буюрди:

– Фалон атторнинг дўконига бориб, айтилган дориларни олиб кел.

Йигит шайхнинг айтганларини бажарди. Шайх дориларни аралаштириб, дуо ўқиди. Дори шодалари ёқутга айланди. Ёқутларни йигитнинг қўлига бериб, нархини билиб келиш учун гавҳарфурушнинг дўконига юборди. Гавҳарфуруш ҳар бир гавҳарни юз минг кумушга баҳолади. Йигит хонақоҳга қайтиб, нархларни айтди. Шайх деди:

– Энди ёқутларни дарёга ташлаб кел. Билгинки, дарвешлар ош-нон ташвишини қилмайдилар. Очлик риёзатини тортиш, мужоҳада қилиш уларнинг ихтиёридадир.

Йигит шайхнинг сўзларини тинглаб, хатосини англади. Тавба қилиб, ғафлат уйқусидан уйғонди. Кўнглида дунёнинг заррача қадр-қиммати қолмади.

* * *

Бир йигит сўфийларни инкор қилди. Зуннун йигитга узугини бериб, иккита нон сотиб олишни айтди. Нонвой нон ҳам бермади, узукни ҳам олмади. Зуннун йигитга узукни жавоҳирфурушга олиб боришни айтди. Узукни минг тиллага баҳоладилар. Йигит деди:

– Нонвой узукни битта нонга ҳам олмади. Жавоҳирфуруш узукни минг тиллага сўради.

Зуннун деди:

– Нонвой узукнинг қадрини қаердан билсин. Сен ҳам сўфийларнинг қадрини шу нонвой каби биласан.

Йигит тавба қилди. Қайтиб сўфийларнинг сўзларини инкор қилмади, мухлис ва эътиқодли бўлди.

* * *

Сўрадилар:

–Узлат нима?

Зуннун деди: – Нафсдан кесилишдир.

* * *

Сўрадилар:

– Кўнгил хасталигининг нишонаси нима?

Зуннун деди:

– Тоатда ҳаловат топмаслик, кўнгилда Аллоҳ қўрқуви бўлмаслиги, нарсаларга ибрат кўзи билан боқмаслик, насиҳатни эшитиб, қулоққа олмаслик.

* * *

Аллоҳдан қўрқуви бўлмаган бандаларга Аллоҳ ғазабини йўллайди.

* * *

Илгари олим одам молини илм йўлига сарфлар эди. Бугун-чи? Илми орқали мол-дунё тўплайди.

* * *

Бир киши Зуннуннинг олдига келиб деди:

– Эй Зуннун, қарздорман, ҳеч нарсам йўқ.

Зуннун ерда ётган тошни олиб, дуо ўқиди ва қарздорнинг қўлига берди. У тошни бозорга олиб бориб, тўрт тиллога сотди ва барча қарзларидан озод бўлди.

* * *

Аллоҳ бандасининг нафсини унга хор қилиб кўрсатиши уни улуғ қиладиган ҳар қандай нарсадан азизроқ ва муҳимроқдир.

* * *

Тўғри сўз Аллоҳнинг ердаги қиличидир, ниманинг устига тушмасин, албатта, уни кесади.

* * *

Аллоҳга яқин бўлиш ёрқин нурдир, халойиққа яқинлик ғамнинг ўзидир.

* * *

Қилган амали билан мақтанган кишининг яхшилиги ёмонликка айланади.

* * *

Ҳожат сўрасанг ҳоким тили билан эмас, фақир забони билан сўра.

* * *

Маърифатнинг ҳақиқати ҳайратдир.

* * *

Зоҳидлар охират подшоҳидир ва орифлар зоҳидлар подшоҳидир.

* * *

Аллоҳнинг зикри менинг жонимдир, ҳаё эса менинг либосимдир.

* * *

Мурид талаб қилади ва мурод қочади.

5. ФУЗАЙЛ ИБН ИЁЗ

Тасаввуф тарихида сўфийлар ҳаёти ва фаолиятида ажабтовур воқеалар, фавқулодда ҳодисалар, ногаҳоний таъсир натижасида янги ҳаёт тарзини бошлаш ҳолатлари кўп учрайди. Машҳур Шайх Фузайл ибн Иёзнинг ҳаёт йўли ҳам ана шундай кечган.

Фузайл тахминан 110/728 йилда Марв шаҳрида туғилган. Унинг болалик ва йигитлик онлари Сарахс, Обевард шаҳрида ўтган. Фузайлнинг йигитлик палласида инсонпарвар, адолатпарвар, халққа зулм ўтказадиган ҳукмрону зодагонларга нафрат кўзи билан қарагани учун йўлтўсарлар гуруҳига қўшилиб кетгани, сўнг тавба қилиб, ирфон йўлига ўтиши ҳақида кўплаб ривояту ҳикоятлар тарқалган.

Нақл қилишларича, Фузайл Марв саҳросида чодир тикиб, бошига қора қалпоқ кийиб, бўйнига тасбеҳ тақиб, уззукун ибодат билан машғул бўлар ва шу ҳоли билан қароқчиларнинг бошлиғи эди. Йўл тўсиб, карвонларни ғорат қилар, қўлга киритилган ўлжани ҳалол тақсимлар, жамоатсиз намоз ўқимас эди.

Кунларнинг бирида Фузайл янги карвон ўтишини пойлаб, пистирмада ўтиради. Карвонда болали аёл бўлиб, боласи бақириб йиғлайди. Боласини юпатиш учун она дейди:

– Эй кўзимнинг нури, болам, жим бўл! Фузайл овозингни эшитса, бизларни талайди.

Фузайл онанинг сўзларидан ҳушёр тортиб, қилмишидан пушаймон бўлади:

– Наҳотки оналар менинг номимни айтиб, фарзандларини қўрқитиб, тинчлантирадиган даражага етган бўлишса?

Фузайлнинг юрагига ўт тушиб, бошини саждага қўяди ва ихлос билан тавба қилгач, карвондагиларга омонлик беради. Карвондагилар унинг сўзларини эшитиб, хотиржам йўлларига равона бўладилар.

Қароқчиликни ташлаган Фузайл кўп шаҳарларни кезиб, машойих суҳбатидан баҳраманд бўлади. Куфа шаҳрида Мансур ибн Мўътамар, Имом Жаъфар Содиқ, Сулаймон Тамимий, Ҳамид Товал, Яҳё Ансорий каби донишмандлардан дарс олади. Шайх Суфён Саврий билан дўстлашади, кўплаб ровийлардан ҳадис тинглайди. Тез орада буюк мутасаввиф сифатида танилади. Дин ва дунё, замон ва охират масаласидаги баҳсларда Куфа уламолари билан Фузайл ўртасида зиддият пайдо бўлиб, Маккага кўчиб кетишга мажбур бўлади. Фузайлнинг зодагонлар, бою ҳокимлар томонидан бериладиган инъом «ҳалол-ҳаромлиги аниқ эмас», «инъом қаердан олинганини билиш керак» деган сўзлари куфаликларга мақбул келмаган.

Фузайл Маккада фаррошлик билан кун кечирган. Куфада юз берган дилгирлик Фузайлни батамом хокисор, одамлардан четда, бурчак-кунжакда яшашга олиб келган. Бу «Ҳақ билан бўлиш» ва «Ҳаққа етиш» нишонаси эди.

Маккаликлар унинг суҳбатида бўлиш ва дуосини олишни истарди. Аббосий халифалардан Ҳорун ар-Рашид Фузайлни кўрмоқчи бўлиб, унинг чодирига келган. Унга бир халта олтин инъом этганида Фузайл уни рад қилиб, халифага қайтарган.

Фузайлнинг Зуннун Мисрий, Исмоил ибн Водод, Абу Маҳмуд ибн Хадаш Толиқоний, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Асад Нишопурий, Абул Абдураҳмон Муҳаммад ибн Ҳорун Ансорий каби кўплаб муридлари бўлган.

Фузайл маломатия оқимининг тарафдори ва фаол тарғиботчиларидан бўлган. «Инсон ўз фазилат ва яхшиликларини пинҳон тутмоғи лозим. Уларни кўз-кўз қилиш кишини худбинлик ва такаббурлик сари етаклайди. Бандаларнинг амали ва ўзгаларга қилаётган яхшиликларини Аллоҳ кўриб турибди, уни халққа ошкор этиш шарт эмас. Аксинча, одамлар айбу нуқсонимиз, хато ва гуноҳларимизни топиб «маломат» қилишга интилишсин» деган ақидага амал қилган Фузайл бутун ҳаёти ва фаолияти давомида уни кенг халқ оммаси орасига ёйишга интилган.

Фузайл 265/878 йилда Маккада вафот этган.

* * *

Жалолиддин Румий дейди:

 
Ул Фузайл йўлларни тўсгайди давом,
Тавба қилди, йўлни ўзгартди тамом88
  Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий. 603-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *

Ўзингга алоқаси бўлмаган нарса ҳақида бош қотирма.

* * *

Агар инсон ҳаммага яхшилик қилса ҳам, уйидаги товуғига бефарқ қараса ҳақиқий мусулмон эмасдир.

* * *

Сўрадилар:

– Бадбахтлик аломати нима?

Фузайл деди:

– Кўнгил қаттиқлиги, кўздан ёш келмаслиги, ҳаёсизлик, дунёга меҳр қўйиш, узун орзулар қилиш бадбахтлик нишонасидир.

* * *

Ҳамиша очиқ кўнгилли бўлинг. Чунки Аллоҳ очиқ кўнгиллиларни севади.

* * *

Бишри Ҳофий сўради:

– Эй Фузайл, зуҳд яхшими, ризо яхшими?

Фузайл деди:

– Албатта, ризо яхши. Зеро, ризода тама бўлмайди.

* * *

Фузайл деди:

– Агар менга: «Сен бир дуо қилгин, мустажоб бўлади» десалар, албатта, султонни дуо қиламан. Уни дуо қилсам, савоби бутун халққа тегади. Подшоҳ Аллоҳнинг соясидир ва халқ унинг соясида фароғат топади.

* * *

Туҳмат орага аралашдими, биродарликка рахна тушади. Биродарлик руҳият мевасидир.

* * *

Аллоҳга танҳолик билан муножот қилиб яшашдан яхшироқ ҳаловат йўқ.

* * *

Сўрадилар:

– Эй Фузайл, асл дин нима? Фузайл деди:

– Ақл.

– Ҳақиқий ақл нима? Фузайл деди:

– Ҳилм.

– Ҳақиқий ҳилм нима? Фузайл деди:

– Сабр.

* * *

Бу замона халқининг дўстлиги бозордаги таомлар каби, яъни ранги, бўйи бор, аммо мазаси (таъми) йўқ.

* * *

Ҳар ким биродарига тилида дўстлик изҳор қилиб, кўнглида душманлиги бўлса, Аллоҳ лаънатига учрайди. Унинг кўнгил кўзи кўр ва қулоғи кар бўлади.

* * *

Ҳар ким яхши амал қилиб, халқ меҳрини қозонмоқчи бўлса, Аллоҳнинг раҳматидан бенасиба қолади.

* * *

Бу замонда уч нарса оз бўлади. Биринчиси, илмига амал қиладиган олимлар, иккинчиси, ихлос билан амал қиладиган мусулмонлар, беайб кишилар.

* * *

Сўрадилар:

– Эй Фузайл, ақлнинг закоти нима?

Фузайл деди:

– Ҳар нарсанинг закоти бўлгани каби ақлнинг ҳам закоти бор. У охират андишасидир.

* * *

Дедилар:

– Эй Фузайл, бизга адаб беринг.

Фузайл деди:

– Кишининг кўнглида Аллоҳ қўрқуви бўлса, унинг тилига беандоза сўз келмайди.

* * *

Дунёга киришмоқ осон, ундан қайтиб чиқмоқ қийиндир.

* * *

Бир азиз киши сўради:

– Эй Фузайл, ўгит беринг.

Фузайл деди:

– Сенга ушбу ояти карима кифоядир: «Эй зиндондош дўстларим, тарқоқ, турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?»99
  Қуръони карим. Юсуф сураси, 39-оят.


[Закрыть]

* * *

Оқил киши аҳмоқ билан ҳолва ейишдан (улфат бўлишдан) сақланади.

* * *

Уч нарса кўнгилни ўлдиради: тўйиб овқатланиш, кўп ухлаш ва беҳуда сўзлашдир.

* * *

Сенга нима етса, Аллоҳнинг тақдиридан деб бил, халқни маломат қилма. Тилингни сақла, халойиқ ундан саломат бўлсин, шунда Аллоҳнинг азобидан омонда бўласан. «Роббингнинг «сенга ризқ бераман» деган ваъдасини рост бил, шунда мўмин бўласан. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан. Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳнинг зикрини кўпайтир, шунда гуноҳлардан сақланасан.

* * *

Икки нарса аҳмоқлик нишонасидир: бири бесабаб кулиш ва яна бири сўрамасалар ҳам жавоб қайтаришдир.

* * *

Ким бидъат аҳли билан ҳамсуҳбат бўлса, Аллоҳ таоло уни ҳикматдан бебаҳра қилади.

* * *

Аллоҳ тақводор бандаларига ризқ-насиба инъом этгани учун ҳам уларнинг ризқлари туганмасдир.

* * *

Фикрлаш бир ойнадир, сенга яхши ва ёмон амалларингни кўрсатади.

* * *

Дунёда ҳеч бир нарса йўқки, сендан илгари унинг эгаси бўлмаган бўлсин. Яна ҳеч бир нарса йўқки, сендан кейин эгаси бўлмасин.

* * *

Дунё молининг сармояси ҳавойи нафсдир. Ниҳояси эса жаҳаннам оташидир.

* * *

Нафсининг ёмонлигини қайтарган тоатининг сурурини йўқотмайди.

* * *

Кишилар орасида уч тоифага кўпроқ ачинаман: олдин халқининг йўлбошчиси бўлиб, кейин хорликка юз тутган кишига, аввал бой бўлиб, кейин фақир бўлган кишига, илмига амал қилмаган олимга.

* * *

Ҳақиқатга бўйинсун, танқидни тан ол, эшитганингдан қатъи назар ҳақиқатни қабул эт.

* * *

Эшигингни ёпасан, пардаларингни туширасан, одамлардан уяласан, нега қалбинг Эгаси, ҳар бир махфий нарсани билгувчи улуғ Зотдан ҳаё қилмайсан?

* * *

Замоннинг эврилишидан, дўстларнинг бевафолигидан қилаётган шикоятинг гуноҳларингнинг сенга қолдирган меросидир.

* * *

Аёлларга онанг каби муомалада бўл.

* * *

Буюклик қиёмат кунида надоматдир.

6. МАЪРУФ КАРХИЙ

Тариқат пешвоси, ҳақиқат раҳнамоси, илоҳий сирлар билимдони, «орифлар гултожи» Маъруф Кархий тахминан 114/732 йилда Хуросонда таваллуд топган. Унинг отаси насроний бўлган. Маъруфни роҳиблар мактабига беришган. Маъруф мактабдан қочиб кетган. Имом Али (р.а.) ҳузурида таълим олган ва унинг хизматида юриб исломни қабул қилган. Ота-онаси Маъруфнинг даъвати билан мусулмон бўлишган. Сўнг оиласи билан Бағдодга кўчишган.

Маъруф Кархий Сарий Сақатийга устозлик қилган. Довуд Тойи билан суҳбат қурган. Унинг кароматлари ошкора, риёзат ва тақвоси кучли, сидқ ичида ҳамма ишора қиладиган даражага эришган. Тариқат ишида баланд мартаба ва улуғ сўзлари бор эди.

Маъруф Кархийнинг лутфи, шафқати, халққа муомаласи гўзал бўлгани учун халқ ундан рози ва хушнуд бўлган.

Маъруф Кархий 200/815 йилда вафот этган. Нақл қилишларича, Маъруф дунёдан ўтган куни мусулмонларга қўшилиб, бошқа дин вакиллари ҳам фарёд чекиб йиғлашган экан. Маъруфнинг қабри Бағдоднинг Карх мавзесида.

* * *

Сарий Сақатий деди:

– Маъруф менга айтдики, қачон Аллоҳдан ҳожат тиласанг, «илоҳи, Маъруф ҳаққи учун менинг ҳожатларимни раво қил» деб дуо қилгин, шунда дарҳол ҳожатинг раво бўлади.

* * *

Саъдий Шерозий деди:

– Карҳда турбат кўп, аммо ҳеч бири Маъруф қабридек «маъруф» эмасдир.

* * *

Маъруф таҳорат олиш учун дарёга борди. Мусҳафи ва жойнамозни бир четга қўйди. Бир кекса аёл қўйган нарсаларини олиб кетаётганини кўрди.

Маъруф аёлнинг ортидан югуриб борди:

– Эй пиразол, фарзандларинг борми?

Аёл деди:

– Йўқ, ёлғизман.

Маъруф деди:

– Қуръонни менга бер, жойнамоз сенга ҳалол бўлсин.

Аёл бу ҳукмдан таажжубга тушиб, ҳар икки буюмни ҳам ташлаб кетди.

* * *

Аллоҳ бандасига яхшилик истаса, солиҳ амаллар эшигини очиб, ялқовлик эшигини беркитиб қўяди.

* * *

Маъруфнинг хонақоҳига мусофирлар келишди. Қиблани билмай, бошқа тарафга боқиб намоз ўқишди. Бир соатдан кейин намоз вақти бўлди. Жамоа билан намоз ўқишга чоғландилар. Энди қибла тарафга боқиб намоз ўқидилар. Кўнгиллари хижил бўлиб, сўрадилар:

– Жуда хижолатдамиз, нима учун бизларга қибла ҳақида аввалроқ хабар бермадилар?

Маъруф деди:

– Бизлар дарвешлармиз. Дарвешлар ўзгалар ишини тасарруф қилмайди, эътироз ҳам этмайди. Сизлар узрликсиз.

* * *

Сўрадилар:

– Муҳаббат ҳақида нима дейсиз?

Маъруф деди:

– Муҳаббат халқ ўргатадиган нарса эмас, у Ҳақнинг инъоми ва фазлидир. Муҳаббатнинг ҳақиқати шундаки, лутф била ортмайди, жафо била камаймайди.

* * *

Маъруфнинг холаси бор эди. Шаҳар улуғларидан эди. У Маъруфнинг бир вайронада бир кучук билан ўтирганини кўрди. Маъруф бир луқма нонни оғзига солса, иккинчи луқмани кучукнинг олдига ташлар эди.

Холаси бу ҳолдан уялиб деди:

– Эй Маъруф, уятдан ўлдирдингку. Нима учун уйингда, аёлинг ва фарзандларинг билан эмас, ташландиқ харобада ва яна ит билан овқатланиб ўтирибсан?

Маъруф деди:

– Уялганимдан итга нон беряпман. Ким Худодан ҳаё қилса, ҳамма нарса ундан уялади.

* * *

Сўрадилар:

– Сўфий кимдир?

Маъруф деди:

– Сўфий бу дунёда меҳмон кабидир. Меҳмон тақозоси мезбонга жафодир. Адабли меҳмонга мезбон мунтазир бўлади, акс ҳолда мутақозий, яъни қаттиқ туриб талаб қилгувчи бўлади.

* * *

Маъруф дарё бўйида кетаётган эди. Азон овози эшитилди. Маъруф дарҳол таяммум қилди. Ёронлари сўрадилар:

– Олдингизда сув туриб, нега таяммум қиласиз?

Маъруф деди:

– Дарёга бориб таҳорат олгунимча ўлмаслигимга кафолат бера оласанми?

* * *

Сўрадилар:

– Жавонмардликнинг нишонаси нима?

Маъруф деди:

– Уч нарсадир: биринчиси, вафосига содиқ бўлиш, иккинчиси, ҳеч бир тамасиз одамларга ҳурматини жойига қўйиб, яхшилик қилиш, учинчиси, бирор нарса сўрамасларидан аввал қўлларига тутқазишдир.

* * *

Маъруф деди:

– Банданинг ҳаққи ва Худойи таоло ғазабининг нишонаси шуки, банда нафсининг роҳати учун керак бўлмаган нарсалар учун жонини куйдиради.

* * *

Аллоҳ авлиёларининг уч нишонаси бор. Биринчиси, тафаккури Худо учун бўлиши, иккинчиси, ором ва қарори Худо билан бўлиши, учинчиси, машғуллиги Худо учун бўлишидир.

* * *

Банда халққа сарвар (раҳбар) бўлишга ошиқади. Ваҳоланки, топгани ранж ва аламдирки, унга ҳеч бир нажот келтирмайди.

* * *

Худога элтадиган йўл шуки, «берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир» ҳадисига амал қил. Ҳеч кимсанинг қўлидан ҳеч нарса емагин ва берсанг, ҳаммага тенг бер, ҳеч нарсанг бўлмаса чучук сўзингни аяма.

* * *

Бировни яхши дейишдан тилингизни тийинг. Бировни ёмон дейишдан парҳез қилинг. Яхши-ёмон ғийбатдан тийилинг.

* * *

Ҳар нима тиласанг, У (Аллоҳ)нинг даргоҳидан тилагинки, ҳамма дардларнинг давоси Ундадир.

* * *

Кишига етган ҳар қандай бало, ранж, мусибатнинг хушвақтлиги (манфаати) ўша ҳолни пинҳон тутганда пинҳон ҳосил бўлади.

* * *

Бир киши Маъруфга бойлиги билан фахрланди. Маъруф деди:

– Худойи таоло сени кўриб турибди. Ўзингни гадолар қаторида тутиб, улуғвор қўрсатишдан ҳазар қил.

* * *

Маъруф рўзадор эди. Пешин намози учун муридлари билан масжидга кетаётганида бир мешкобчининг қичқириғини эшитди.

Мешкобчи деди:

– Менинг сувимдан ичган бандани Аллоҳ ярлақасин.

Маъруф дарҳол унинг сувидан сотиб олиб ичди.

Муридлар сўрадилар:

– Нима учун рўзангизни очдингиз?

Маъруф деди:

– Мешкобчининг дуосига умидвор бўлдим.

Маъруфнинг вафотидан сўнг улуғлардан бири уни тушида кўриб сўради:

– Аллоҳ сенга нима қилди?

Маъруф деди:

– Ўша мешкобчининг дуоси билан Аллоҳ мени мағфират қилди.

* * *

Солиҳ амалсиз жаннат талаб қилиш гуноҳлардан биридир, асоссиз шафоат кутиш ғурур ифодасидир.

* * *

Аллоҳга итоат қилмасдан Ундан раҳмат сўраш жаҳолат ва аҳмоқликдир.

* * *

Аллоҳ сени мискин суратидан бошқа суратда кўришидан эҳтиёт бўл.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации