282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 10

Читать книгу "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Текущая страница: 10 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

36. АЛИ ИБН УСМОН АЛ-ҲУЖВИРИЙ

Али ибн Усмон Абулҳасан ал-Жуллобий ал-Ҳужвирий 411/1020 йилда Афғонистоннинг Ғазна шаҳрида туғилган.

Дастлабки таълимини машҳур Шайх Абулфазл Муҳаммад ибн Хатлий қўлида олиб, тариқатни ўрганган. Ҳаж сафарига бориб, Маккада Абулаббос Аҳмад ибн Муҳаммад билан танишган. Яҳё Маъоз унга пирлик қилган. У жунайдия оқимига мансуб бўлгани учун тариқатнинг кенг ёйилишига хизмат қилган. Ҳужвирий замонасининг улуғлари Абулкарим Қушайрий, Абу Саъид Абулхайр, Абу Али Фармадий билан суҳбат қурган.

Хожа Аҳмад Ҳаммод Сарахсий, Адиб Кумандий, Абулҳасан Мусанно Ҳужвирийнинг маслакдошлари бўлишган.

Ҳужвирий Суриядан Туркманистонгача, Ҳиндистондан Каспий денгизигача, Озарбайжондан Ўзкентгача бориб, жуда кўплаб мамлакатларга саёҳат қилган. У Мовароуннаҳрга келиб, Самарқандда бўлган. Ҳиндистонга бориб, Лоҳур шаҳрида яшаган.

Ҳужвирийдан шеърлар девони, «Кашф ул-маҳжуб», «Минҳож ид-дин», «Асрор ул-ҳирақ вал маунат», «Китоб улфаноу бақо», «Китоб ул-баян ли аҳли аён», «Баҳр ул-қулуб», «Ар-рият ли-ҳуқуқ» номли рисолалар мерос қолган.

Ҳужвирийнинг «Кашф ул-маҳжуб» асари машойих орасида маълум ва машҳур бўлиб, икки қисмдан иборат. Кириш қисмида тасаввуф назариясига, иккинчи қисми 74 машойихнинг таржимаи ҳолига бағишланган. Ҳужвирий тасаввуфнинг шаръийлигини исботлаб, сўфийлар ҳақидаги турли шубҳаларни бартараф этган ҳамда сўфийлик мактабларининг таълимотлари, ўша давргача бўлган сўфийлик шайхларининг ҳаёт-фаолияти, ҳикматли сўзлари, силсиласи, ҳақ ва ботил тариқатларни тасниф этган3636
  Али ибн Усман аль-Джуллаби аль-Худжвири. Раскрытие скрытого за завесой для сведущих в тайнах сердец. (Кашф альмахжуб ли арбаб аль-кулуб). Старейший персидский трактат по суфизму. Перевод с английского А.Орлова. Издание первое. – М.: «Единство», 2004. С. 14 .


[Закрыть]
.

Ҳужвирий 469/1076 йилда Лоҳурда вафот этган. Унинг мақбараси шаҳарнинг зиёратгоҳ жойларидан бири ҳисобланади.

* * *

Ҳужвирий Боб Умар Фарғонийнинг кашф-кароматларини ўз кўзи билан кўриш учун Ўзкентдан Фарғонага келган.

Боб Умар Ҳужвирийдан сўради:

– Нима учун келдинг?

Ҳужвирий деди:

– Сизни ўз кўзим билан кўриш ва шафқат илинжида дуо истаб келдим.

Боб Умар маълум вақтни айтиб деди:

– Сен тавба қилиб, тасаввуф йўлига кирганинг, бу ерга келишни ихтиёр қилганингдан бери кўз ўнгимдасан.

Ҳужвирий ҳисоб-китоб қилди. Унинг тавба қилган вақти Боб Умар айтган мухлат билан тўғри келди. Ҳужвирий Боб Умардан дуо қилишини сўради:

Боб Умар деди:

– Дунё бўйлаб саёҳат қилиш болалар эрмагидир. Ҳар бир ишда ҳиммат лозим. Бир шахс зиёрати учун вақтни зое қилиш ҳамда шаклпараст бўлишда ҳеч бир маъно йўқдир.

* * *

Абу Усмон Ҳужвирий ғуломлари билан мадрасадан қайтаётган эди. Карвонсарой олдида бир эшакнинг яғринидаги жароҳатни қарғалар чўқиб, эшакка азоб берар, оғриқ азобидан эшакнинг қарғаларни чўчитишга ҳам дармони йўқ эди. Ҳужвирийнинг эшакка раҳми келди. Абу Усмон ғуломларига деди:

– Сиз менга нима учун эргашасиз?

Хизматкорлар дедилар:

– Нимаики иш буюрсангиз бажо келтириш учундир.

Абу Усмон деди:

– Бу тўнни эшакнинг жароҳатига ёпинг ва маҳкам боғлаб қўйинг. Қушлар жароҳатни чўқиб азоб бермасин.

Хизматкорлар жуббани эшакка ёпиб, маҳкам боғлаб қўйдилар. Эшак ҳол тили билан Худога муножот қилди. Абу Усмон уйига етмай, ҳоли ўзгарди ва тариқат йўлига кирди. Яҳё Маъознинг суҳбатига бориб, файз ва кушойиш топди.

* * *

Бир машшоқ доим ширакайф бўлиб юрар эди. Қўлида рубоб билан маст-аласт кетаётганида Абу Усмонни кўриб, «зора мени яхши одам деб ўйласа» дея, дарҳол патила сочларини кулоҳининг ичига, рубобни тўни ичига яширди.

Абу Усмон машшоқнинг ҳолатини кўрди. Унинг олдига яқинлашиб, камоли шафқат ва меҳрибонлик билан деди:

– Эй машшоқ, қўрқма. Мен сенинг биродарингман, биродарлар ҳаммаси бир жону бир тан бўладилар.

Нағмачи Ҳужвирийнинг сўзларидан таъсирланиб, тавба қилди ва хонақоҳга кирди.

* * *

Ҳар кимнинг андишаси ҳар ишда Худога бўлмас экан, унга Худонинг фазлу карами насиб этмайди.

* * *

Ҳар ким охиратнинг боқий ва пойдорлигини андиша қилса, кўнглида охиратга мойиллик пайдо бўлади.

* * *

Ҳар ким роҳат-фароғатдан, халққа азиз бўлишдан парҳез қилса, кўнгли ҳаммасидан фориғ бўлиб, Худонинг бандаларига раҳм қиладиган бўлади.

* * *

Қўрқув Худонинг адолатидан, умидворлик Худонинг фазлу карамидан бўлади. Ҳар ким ғафлат заҳрини тотмагунча, унинг лаззатини топа олмайди.

* * *

Авомнинг шукр қилиши таом ейишда ва либос кийишда бўлади. Ва хоснинг шукр қилиши кўнглига тушган файзча бўлади.

* * *

Саодатнинг нишонаси шуки, гуноҳ қилган киши гуноҳи кечирилишига умид қилади ва мағфиратга эришади.

37. АҲМАД АН-НОМАҚИЙ АЛ-ЖОМИЙ

Шайх ул-ислом Абу Наср Аҳмад ибн Абулҳасан ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Номақий – Жомий – Аҳмад Зиндафил (Жандапил) тасаввуфнинг буюк арбобларидан бўлиб, 441/1049 йилда Жом шаҳридан унчалик узоқ бўлмаган Номиқ қишлоғида зодагон оиласида дунёга келган. Алишер Навоий Аҳмад Жомни Жарир Абдуллоҳ Бажалий3737
  Жарир ибн Абдуллоҳ «Юсуфи Соний» номи билан машҳур бўлган саҳобалардан бири бўлган.


[Закрыть]
фарзандларидан деб қайд этган.

Аҳмад болалик ва йигитлик палласида ялқовлик қилиб, илм ўрганмай, касб эгалламай юради. Бодапарастликка берилади. 22 ёшида тасаввуфга юз буради: ўн икки йил Номиқ тоғида, олти йил Безд тоғида танҳолик – гўшанишликка берилади. Сўнг Сарахсда илм таҳсилига берилади. Марв, Нишопур, Бузжон, Ҳирот, Бохарз, Бистом шаҳарларига сафар қилиб, кўп уламолар суҳбатида бўлади. Сўнг ҳаж зиёратига боради.

«Насойим»да Аҳмад Жом ҳақида шундай ҳикоя қилинади: «Ва ўзи уммий эрди ва йигирма икки ёшида тавба тавфиқи топти ва тоққа чиқди. Ва ўн саккиз йил риёзатлар тортқондин сўнгра қирқ ёшида ани халқ ичига юборибдирлар ва ладуний илм эшикларин юзига очибдирлар»3838
  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 243-бет.


[Закрыть]
.

Аҳмад Жом Абутоҳири Гурднинг муриди бўлса-да, замонасининг Абдуллоҳ Ансорий, Хожа Мавлуд Чиштий. Имом Муҳаммад, Мансур Сарахсий каби буюк шахслари суҳбатидан баҳраманд бўлиб, дуоларини олган, Султон Санжар билан яқиндан алоқада бўлган. «Райҳон ул-араб» китоби муаллифининг ёзишича, Аҳмад қирқ ёшида уч юз олтмиш минг шогирд ва муридни ўзига эргаштира олган буюк авлиё эди. Унинг лақаби «Зиндафил» («Тирик фил») бўлиб, шу ном билан машҳур бўлган. Ривоят қилинишича, Жом ҳукмдори Абдураҳмоншоҳнинг яхши кўрган фили ўлиб қолади. Ҳукмдор барча олиму уламоларга филни тирилтиришни буюриб, «фил тирилмаса соҳибдуоларнинг барчаси қиличдан ўтказилиши»ни айтади. Бу билан шоҳнинг мақсади уларнинг илму маърифатда нечоғли даражага эришганини билиш эди. Ўша пайтларда сохта авлиёлар, фирибгарлар кўпайиб кетган, шоҳ бир йўла улардан қутулиш йўлини топган эди. Жом аҳли паришон бўлади. Олимлар шоҳдан тўқсон уч кун муҳлат сўрайди. Улар юрт кезиб, филни тирилтирадиган одамни излаб тополмай маълул бўладилар. Муҳлатнинг тугашига уч кун қолганида Аҳмадга ғойибдан «филни тирилтир, акс ҳолда муллалар қатл этилади, илм хор бўлади» деган мужда келиб, ғордан чиқади. Йўлда ўлиб ётган эшакни калтак билан уриб тирилтирганини кўрган болалар югуриб ота-оналарига бўлган воқеани айтишади. Етти минг олиму уламо Аҳмаднинг олдига келиб, шоҳнинг филини тирилтириб беришини сўрашади. Аҳмад рози бўлиб, филни тирилтиради. Буни кўриб Жом аҳли уни «Зиндафил», яъни филни тирилтирувчи деб атай бошлайди.

Аҳмад Жомнинг «Мифтоҳ ул-жаннат», «Сирож уссоирин», «Бурҳон ул-ҳақиқат», «Эътиқоднома», «Футуҳ ул-қулуб», «Анис ул-мазнабин», «Анис ул-тобеъин», «Алзуҳдиёт», «Самарқандия», «Футуҳ ур-руҳ», «Канз ул-ҳикмат» каби рисолалари, Султон Санжарга бағишланган тўрт минг байтдан иборат шеърлар девони, «Муҳаббатнома», «Сўз ва гудоз» маснавийлари мерос қолган.

Аҳмад Жом ҳақида жуда кўп ривояту ҳикоятлар, нақллар айтилганки, эзгу ишлари ва кашфу кароматлари билан халқ қаҳрамонига айланган.

Аҳмад Жом «қутби вақт» бўлган. Ҳажга боришни ният қилган. Ҳаж амалларини бажаргач, унга ғойибдан отаси вафот этгани ҳақида мужда келган. Аҳмад паришон бўлиб, уйга қайтган. Чиндан ҳам отаси бандалик қилган эди. Аҳмад Худога илтижо қилиб, отасини тирилтиришини сўрайди. Ҳотифдан «Эй, шайх Зиндафил, сенга ўликларни тирилтириш қурбини ато этганман, бор, отангни тирилтир» деган овоз келади. Аҳмад Жом отасининг қабрига бориб, қабрга ҳассасини уради. Дуоси мустажоб бўлиб, қабр очилади. Аҳмад отасидан ҳол -аҳвол сўрашгач, отасининг ҳолидан мамнун бўлади.

Аҳмад Жом 536/1141 йилда 90 ёшида оламдан ўтган. Унинг қабри Жом яқинидаги Маъдатобод қишлоғида «Турбати Жом» номи билан машҳур бўлиб, мақбарани Ғиёсиддин Муҳаммад Карт ўз маблағига бунёд этган.

Аҳмад Жомнинг рамзий қабри Бухородаги Сомонийлар боғининг ғарбида жойлашган. Қабрда туғ мавжуд.

* * *
 
Ҳофизи Абрў дейди:
Ишқ китобини кўриб дил фолини ман,
Қўлдан бердим тамом дил иқболини ман.
Ёр меҳри майидан симириб тўла қадаҳ,
Топширдим тақдирга дил аҳволини ман.
Ишқ аҳлига дайру калисо бўлди мақом,
Бу мазҳабда майхона пиридир имом.
Бир риндки, ундан мастдир май-ла мудом,
Бу, билсанг агар, жоми Жами Аҳмад Жом3939
  Низомиддин Шомий. Зафарнома. – Т.: «Ўзбекистон», 1996. 391-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *
 
Бобораҳим Машраб дейди:
Айтур эрди бу суханни ногаҳон:
Ман муҳити аъзами нури аён.
Қатраларни ҳамчунун дарё қилай,
Чўпи хушкни соҳиби оҳанг қилай.
Бир нафасда етти дарёни ютай,
Жабраилга роҳи махфий кўрсатай.
Қатраман, гўёки уммони манам,
Жумлаи жунбидани жони манам.
Манзили покимга етмас Жабраил,
Зиндафилам, Зиндафилам, Зиндафил4040
  Бобораҳим Машраб. Мабдаи нур. 250-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *

Сўрадилар:

– Эй Аҳмад Жом, машойихлар мақомотларини эшитганмиз, улар ҳақида битилган тазкираларни ўқиганмиз, лекин авлиёлар ичида сизнинг даражангиз (Зиндафил – филни тирилтирувчи) ҳеч бир пири комилда содир бўлмаганининг сабаби нимада?

Аҳмад Жом деди:

– Авлиёлар ҳақида эшитиш ёки тазкираларни ўқиш билан кифояланмай, уларнинг ҳолларини ҳам ўз бошимдан ўтказдим, риёзат чекиб шу даражага етишдим. Аллоҳ дўстларининг ҳар бирига «Исми Аъзам»дан насиб этган. Улар ана шу исм билан дуо қиладилар, дуолари Ҳақ ҳузурида ижобат бўлади.

* * *
 
Ёрам зи харобот даромад сар маст,
Монанди лаби хеш майи лаъл бадаст.
Гуфтам: санамо ман аз ту кай хоҳам расид?
Гуфто: на раҳад ҳар онки дар мо пайваст.
 

(Ёрим харобот (майхона)дан қўлларида лаби каби қизил май тутганча сархуш чиқиб келди. Мен дедим: Эй гўзал мен қачон сенга етишаман? Деди: сенинг йўлинг бизнинг изимизга ҳамма вақт ҳам уланавермайди.)

* * *
 
Ишқ оинаестки, андар ў занге нест,
Бо бебахарон дар ин сухан чанге нест.
Доники киро ишқ мусаллам бошад,
Онроки дар бадном шудан нанге нест.
 

(Ишқ чанг ғуборсиз бир ойнаки, бехабарлар бу сўз моҳиятини англамас, ҳақиқий ишқ эгаси ким деб сўрасанг, у бу йўлда бадном бўлишдан ор қилмас.)

* * *
 
Чун теша мабош ва жумла бархуд матарош,
Чун ранда зи кори хеш бебаҳра мабош.
Таълим зи арра гир, дар ақл маош,
Чиз сўйи худ мекаш ва чизе мепош.
 

(Теша бўлиб, ҳамма нарсани ўзингга тарашлама, ранда каби ўз ишингдан бебаҳра ҳам бўлма. Ақлинг чархлашда аррадан таълим олиб, бир қисмини ўзингга тортиб қолганини ўзгага соч.)

* * *
 
Гаҳ тарки вужуди ғам фазоянда куни,
Гаҳ арзуи ҳаёти поянда куни.
Ояндаи умр хоҳи аз рафта фузун,
Дар рафта чи кардаики оянда куни.
 

(Баъзан вужудингдан ғам кетишини истайсан, гоҳида эса абадий ҳаётни хоҳлайсан. Келажак умрингнинг ўтмишидан яхши бўлишини истайсан, ўтмишда келажагингда давом эттириш учун қандай яхшилик қилдинг?)

* * *
 
Дилдан юволмасам бу кулфатни, нетай?
Ё гўша тутолмасам хилватни, нетай?
Ҳолимни ёримдан тутишди пинҳон,
Бас қилмай шукронаю раҳматни, нетай?
 

38. ШАЙХ АБУ АЛИ ФАРМАДИЙ

Хуросон элининг буюк шайхи ва донишманди Абу Али Фазл ибн Муҳаммад ибн Али Фармадий 402/1011 йилда Сабзоворнинг Фармад қишлоғида туғилган. Зоҳирий билимлар бўйича савод чиқаргач, ботиний илмни эгаллаш учун Абу Саъид Абулхайр ҳузурига борган. Фармадийнинг ўзи ҳикоя қилишича, Абу Саъид Абулхайр Меҳнадан келиб, ваъз ўқиган. Фармадий маърифий мажлисга бориб, Абу Саъидга кўзи тушиши билан унинг сўзларига асир бўлиб, кўнгли Абу Саъид сўзларини талаб қиладиган бўлиб қолган.

Фармадий Абулқосим Қушайрийга шогирд тушган. Тасаввуфда икки маслакда бўлган. Бири Шайх Абулқосим Гургоний эди. Фармадийнинг иккинчи нисбаси замонасининг қутби, Шайх ул-машойих Абулҳасан Харақонийга бориб тақалади. Фармадий замонасининг маърифатпарвар вазири Низомулмулк, Туғулуқ шоҳ, Алп Арслон, Халифа ал-Қодир каби машҳур одамлардан мурувват кўрган ва суҳбатлашган. Фармадий замонасининг олими, тариқат илмида ягона бўлган. Шайх тасаввуфнинг турли масалаларига доир ўттиздан ортиқ рисола битган.

Фармадий 482/1089 йилда Бағдодда вафот этган. Қабри Шайх Сарий Сақатий ва Жунайд Бағдодий мозоридадир.

* * *

Фармадий Нишопурга, Абулқосим Қушайрийнинг хизматига борди. Уч йил илм ўрганди. Бир куни қаламни сиёҳдонга ботириб, дарс тайёрламоқчи бўлди. Сиёҳдон тўла сиёҳ бўлса ҳам, қалам оқ чиқди. Фармадий бу ҳақда Қушайрийга айтди. Қушайрий деди:

– Илм сендан узилди. Сен ҳам илмдан кўнгил узиб, ишга машғул бўл.

Фармадий мадрасадан чиқиб, хонақоҳга йўл олди.

* * *

Шайх Абу Алининг ўттиз маротаба ҳаж қилган Ҳамза Улавий деган муриди бор эди. Бир куни Фармадийнинг кўнгли Ҳамзага тушди. У билан ҳамсуҳбат бўлишни истади. Шайх деди:

– Бу кеча менинг қошимда бўлгин.

Ҳамзанинг кўнглига келди:

– Уйимга бориб, фарзандларим учун таом тайёрласам. Мен шайх ҳузурида қолиб кетсам, болаларим оч қолишади. Ҳозир қозонни ўчоққа осиб, гўшт ва гурунч босиб, пиширгач, шайхнинг хизматига етиб бораман.

Шайх яна деди:

– Бу кеча менинг қошимда бўлгин.

Ҳамза деди:

– Эй Абу Али, менинг бироз ишларим бор эди, уларни бажариб, етиб борсам деган эдим.

Шайх деди:

– Ўзинг биласан.

Ҳамза узрини айтиб, уйига борди. Хизматкорга тезда ўчоққа ўт қалаб, гўшт ва гурунчни қозонга солиб, пиширишини айтди. Ҳаммалари овқат келишини кутдилар. Хизматкор келди. Келаётиб йиқилиб тушди. Қозон тўла овқат ер билан битта бўлди. Ҳамза хизматкорга овқатнинг тупроқ тегмаган жойини лаганга солишни буюрди. Хизматкор товоқ олиб келгунча бир ит келиб гўштни тишлаб қочди. Ҳамза деди:

– Шунча тадбирим бекор бўлди. Энди шайхнинг хизмати ҳам қўлимдан чиқмасин. Ҳамза шайхнинг ҳузурига югурди. Шайх деди:

– Машойих кўнглининг сўзига қулоқ тутмаганларнинг насибалари (гўштлари) итларга раводир.

Ҳамза шайхнинг сўзларини эшитиб, кўп узрхоҳлик билан тавба қилди.

* * *

Абу Али Фармадий ҳужрасида ўтирган эди. Бирдан кўнглига Абу Саъидни кўриш ишқи тушди. Вақт эрта бўлишига қарамай, шаҳар марказига етиб борди. Кўзи Абу Саъидга тушди. Шайх одамлар билан кетар эди. Фармадий уларга беихтиёр эргашди. Бир гўшага кирдилар, Фармадий ҳам кириб, бир чеккага ўтирди. Самоъга машғул бўлдилар. Шайх беҳуд ҳолга келди. Чопонининг бир ўнгури йиртилди. Самоъ мажлиси тугади. Шайх тўнини йиртиб, парча-парча қилди ва асҳобларга улашди. Абу Саъид Фармадийни кўрмаган бўлса ҳам, олдига чақирди:

– Эй Абу Али Тусий, қайдасан?

Фармадий балки бошқа бировдир, деб Абу Саъиднинг олдига бормади.

Абу Саъид яна унинг исмини айтиб чақирди. Абу Саъид Фармадийни учинчи марта чорлаганда унинг ҳузурига борди. Шайх Фармадийга чопонининг енги ва ўнгурини бериб деди:

– Эй Абу Али, сен бизга енг ва ўнгурдексан.

Фармадий уни кўз қорачиғидек асради ва Абу Саъиднинг ҳузурида кўп фойдалар кўриб, юксак мақомларга етишди.

* * *

Фармадий Шайх Абулқосим Гургонийнинг шуҳратини эшитиб, Тусга йўл олди. Шайх Абулқосим Гургоний масжидда эди. Фармадийга деди:

– Кел, эй Абу Али, нима ниятинг бор?

Фармадий мақсадини айтди. Шайх деди:

– Эй Абу Али, қутлуғ бўлсин.

Тез фурсатда Фармадий тўтидек сўзга кириб, кўнглида сўз эшиги очилди.

* * *

Кишини ҳалок қиладиган жойлардан йироқ қиладиган ақл шарофатлидир.

* * *

Дунё ва охиратнинг яхшилиги ва осойишталиги сабр қилишдадир.

* * *

Худога холис банда бўлгинки, ағёрлардан бўлиб қолмагайсан.

* * *

Аллоҳга, фақат Аллоҳга бандалик қилиш – сўфий учун озодликдир. Озодаларнинг саъй-кўшиши ўз нафслари учун эмас, биродарлари учун бўлади.

* * *

Ҳимматинг баланд бўлсинки, халойиқ баланд ҳиммат билан эранларнинг мақом ва мартабасига етадилар. Бу мартабага фақат риёзат билан эришиб бўлмайди.

39. АБУ ҲОМИД ҒАЗЗОЛИЙ

XI аср охирларига келиб салжуқийлар салтанатида нотинчлик юз беради. Бир гуруҳ мутаассиб руҳонийлар илммаърифатга қарши бош кўтариб, Исфаҳон обсерваториясига ўт қўядилар. Илм аҳли қувғин қилинади, таҳқир этилади. «Илму дониш ва адолат паноҳи» (Муиззи), ўттиз йил вазирлик қилган Низомулмулк ҳажга кетаётганида ваҳшийларча ўлдирилади. Ҳасан Саббоҳ бошчилигидаги мухолифлар мамлакатда туҳмат, иғво ҳамда жосусликни авж олдиради. Ана шундай мураккаб шароитда яшаб, ижод қилган Шарқнинг буюк мутафаккири Абу Ҳомид Ғаззолийдир.

Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолий Тусий 450/1058 йилда Хуросоннинг Тус шаҳрида ипак йигирувчи хонадонида таваллуд топган. Отаси ўзи йигирган ипакларини бозордаги дўконида сотгани учун «Ғаззолий» лақабини олган. Айни пайтда у тақводор одам бўлиб, сўфий ва фақиҳлар мажлисларида иштирок этган. Аммо ўғиллари Ҳомид ва Аҳмад гўдаклигидаёқ бу оламни тарк этган. Ўлими олдидан ота ўғилларини Азконий номли сўфий дўстига топширади. Бир неча йилдан сўнг Азконий болаларга «Отангиздан қолган барча маблағни сизлар учун сарфлаб бўлдим. Мен бир фақир одамман. Энди бирон-бир мадрасага киринглар, у ерда ойлик маош берадилар. Ўшангга ғизо еб, таҳсилни давом эттирасизлар» дейди. Натижада ака-ука Нишопурга бориб, мадрасада ўқийдилар. Абу Ҳомид Муҳаммад диний ва адабий таълимни Азконийдан олган бўлса ҳам, илмини чуқурлаштириш учун Тусга йўл олади. Тусдан Журжонга – Абу Наср Исмоилий ҳузурига борди. Сўнг яна Тусга қайтиб, уч йил мустақил мутолаа билан машғул бўлди.

Имом Асъад Меҳаний Ғаззолий тилидан ҳикоя қилади:

– Журжондан Тусга қайтишимда йўлда қароқчилар учраб, ҳамма нарсамни тортиб олишди. Уларга «молимни сизларга бахшида этдим, фақат халтамдаги бир даста қоғозларимни қайтариб беринглар, улар сизларга керак эмас» деб ялиндим. Ўғрилар бошлиғининг раҳми келиб, деди:

– Халтангдаги қоғоз шу даражада қимматлими, нега унга ёпишиб олдинг?

Ғаззолий деди:

– Улар илм излаб юрганимда билган ва ўқиганларимни ёзиб, тўплаб юрган билимларим.

Ўғрилар бошлиғи деди:

– Дарс ўқидим, билим олдим деганинг нимаси, сендан қоғозларингни олиб қўйсак, билимсиз бўлиб қолар экансанда?! Қароқчилар ўғирлайдиган, тортиб оладиган илм ҳам билим бўлдими?! Унинг «билим»ларини қайтиб беринглар!

Ўғрилар сардори томонидан айтилган бу сўзлар Ғаззолийга Худонинг ҳидоятидек туюлди. Ғаззолий «Ўрганган нарсам ўзимда қолсин» деб ёзганларининг барчасини уч йил давомида хотирасига муҳрлаган.

Абу Ҳомид Ғаззолий Нишопурга бориб Имом алҲарамайн, Абу Алмаолий Абдулмалик Жувайнийдан таълим олган. Мантиқ, фалсафа, тиб билими ва бошқа фанлар билимларини мустаҳкамлаб, юксак камолот касб этган. Имом ал-Ҳарамайн вафотидан сўнг Ғаззолий Низомулмулкнинг тавсияси билан Низомия мадрасасида дарс беради. Саройда уюштирилган илмий баҳсларда фасоҳату маърифат бобидаги иқтидори юксак баҳоланиб, Низомия мадрасасининг бош мударриси этиб тайинланади.

Ғаззолий фавқулодда иқтидор соҳиби сифатида шуҳрат топган. Фалсафа, фиқҳ, калом илми, тасаввуф тарихи, ботиния, исломия каби оқимлар тарихига оид асар ёзган. Уч йил фиқҳ илмини ўрганиб, бир неча асар битган. Бу илмларни пухта эгаллагач, тасаввуфга юз тутиб, илм ва амал тафовутини англаган. Ғаззолийга амалдан кўра илм осонроқ кўриниб, Абу Толиб Маккий, Ҳорис Муҳосибий, Жунайд, Шиблий, Боязид Бистомийнинг илоҳиёт илмига доир китобларини мутолаа қилган. Ғаззолий тасаввуф ҳақиқатига илм орқали эмас, балки амал, завқ ва ҳол билан етиш мумкинлигини тушунади. Бунда Ғаззолийнинг укаси Аҳмад Ғаззолийнинг хизмати каттадир.

Саййид Қосимий Абу Ҳомид Ғаззолийнинг укаси Аҳмад Ғаззолий берган танбеҳи билан тасаввуф йўлига кирганини ҳикоя қилган:

 
Тамомий кўрди маҳдин то ба моҳий,
Бўлиб раҳбар анча лутфи Илоҳий4141
  Саййид Қосимий. Ҳақиқатнома. 162-бет.


[Закрыть]
.
 

Ғаззолий мадрасани ташлаб, Тусга қайтиб, ўн йил узлатга чекинган. 499/1105 йилда Нишопурга келиб Низомия мадрасасида дарс берган. Низомулмулкнинг ўғли Фахрулмулк Ғаззолийни ўз ҳимоясига олса ҳам, икки йилдан сўнг яна Тусга қайтиб келиб, қолган умрини ижодга бағишлаган. Ҳатто Султон Санжарнинг Низомия мадрасасига қайтиши ҳақидаги хоҳишини ҳам рад этиб, гўшанишинликда яшаган. Ғаззолий Нишопурда хонақоҳ бунёд этган. Илм аҳли учун мадраса қурдириб, умрининг охиригача Қуръон илми, Ҳақ ва қалб аҳли суҳбатларидан таълим берган4242
  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 250-бет.


[Закрыть]
.

Ғаззолий ислом дини ва фалсафасига доир юзга яқин асар ёзган. Унинг ёзганларини умрига тақсимлаб чиқилса, ҳар куни тўрт жилддан асар ёзган бўлиб чиқади. Ғаззолий фалсафа, ислом тарихи, ҳуқуқ, ахлоқ, тасаввуф, калом илми, шеърият, табобат, одоб, маърифат, ҳақиқатга доир юзлаб рисолалар ёзган. Жумладан, «Иҳёи улум уд-дин», «Мақосид улфалосифа», «Тахофут ул-фалосифа», «Фазойих ул-ботиния», «Кимёи саодат», «Қистос ул-мустақим», «Маъкулот», «Сифат ул-асрор», «Ал-мунқиз мин ад-далал», «Жавоҳир улҚуръон», «Ёқут ат-таъвил», «Мезон ул-амал», «Ажойиб ул-қулуб», «Рисолаи ладуния», «Мукошафат ул-қулуб» каби асарларнинг қадри ўлчовга сиғмайди. Жумладан, Абу Ҳомид Ғаззолий қирқ жилдлик «Иҳёу улум ид-дин» асарида калом ақидаларини таваккул, ризо, сабр, ишқ, самоъ, тақво, зуҳд каби сўфиёна тушунчалар билан уйғунлаштирган ва инсоннинг билиш жараёнида ҳиссий билиш, тафаккур ҳамда руҳий-эмоционал жиҳатларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатган.

Ғаззолийнинг араб ва форсий тилдаги ғазал, қасида, рубоийлардан ташкил топган шеърлар тўплами унинг истеъдодли шоир бўлганидан далолат беради. Шеърларнинг барчаси тасаввуф ғояларини тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ғаззолий 505/1111 йилда вафот этган. Қабри Табарондадир.

* * *

Абу Ҳомид Ғаззолийни «ҳужжат ул-ислом» деб улуғладилар. Абу Иброҳим Бағдодий деди:

– Ғаззолий шундай бир шахс эдики, бу дунёдаги кўзлар унингдек нотиқни, унингдек зукко ва оқилни кўрмаган эди.

* * *

Ибн Мукрий деди:

– Ғаззолийнинг муборак исми билан кўкраклар масрур бўлиб кўтарилиб кетади, нафаслар қувончга тўлади.

* * *

Абдураҳмон Жомий «Нафаҳот ул-унс» китобида келтиради:

Хожа Али Фармадий дерки, Ғаззолийнинг баъзи ишларидан норози бўлиб юрар эдим. Бир кун уйқу босди, ярим уйқу, ярим уйғоқлик орасида туш кўрдим: катта бир майдон ўртасида оқ иморат бўлиб, одамлар турнақатор тизилиб шу уй томон боришар эди. Улардан бунинг ҳақиқатини сўрадим.

Айтдилар:

– Бу бинода Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.) ислом дини ҳақида китоб ёзганларни қабул қилмоқда, биз китоб ёзган кишилармиз.

Мен ҳам улар орқасидан турдим ва бино ичкарисига кирдим. Ҳар бир мазҳаб эгаси тасниф этган китобини Пайғамбар (с.а.в.)га кўрсатар эди. Имом Шофеъий, Имом Абу Ҳанифа китобларини кўрсатдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни ўз ёнига ўтқазиб, сийлади.

Мен дедим:

– Ё Расулуллоҳ, менинг қўлимда ҳам аҳли ислом ақидасини баён этувчи бир китоб бор, агар ижозат берсангиз, ўқиб берай.

Расулуллоҳ дедилар:

– Қандай китоб?

Дедим:

– Ғаззолий таълиф этган «Қавоид ул-ақоид» деган китоб.

Менга китобни ўқишга ижозат бердилар, ўтириб ўқий бошладим.

Расули Акрам (с.а.в.) сифатлари таърифига етганимда юзлари ёришди ва табассум қилиб, дедилар:

– Қани Ғаззолий?

Ғаззолий ўша ерда эди, жавоб берди:

– Ғаззолий менман.

Расуллуллоҳ қўлларини узатдилар, Ғаззолий ул муборак қўлни ўпди ва кўзларига суртди ва Пайғамбар (с.а.в.)нинг ишораси билан тўрт мазҳаб соҳиби бўлган имомлар қаторига бориб ўтирди.

* * *
 
Касеро паси пардаи қазо роҳе нашуд,
Ва зи сири қадр ҳеч кас огоҳ нашуд.
Аз рўи қиёс ҳар кас чизе гуфт,
Маълум нагашт ва қасд кўтоҳ нашуд.
 

(Ҳеч ким қазо пардаси ортига йўл топа олмади. Қадар сиридан ҳам ҳеч ким огоҳ бўла олмади. Қиёс юзасидан ҳар ким ҳар хил гапирди, нияти қисқариб, ҳеч нарса маълум бўлмади.)

* * *

Ҳақиқат юзасидан англадимки, бу жамоат, (яъни сўфийлар) аҳвол эгаларидирлар, сўз аҳли эмаслар. Бу илмни таҳсил билан имкон қадар ўргандим, аммо қолган нарсаларни дарс таҳсили ва суҳбат билан эгаллаб бўлмас, балки бу завқ ва сулукни талаб қилади. Менга шу нарса аён бўлдики, тариқатнинг асоси тарки нафс, тарки алоиқ экан, уқбога кўнгил боғлаш, бутун ҳиммат билан Худо сари юзланиш экан. Ўз ҳолимга қарадим ва кўрдимки, тааллуқларга ғарқ, дунё ташвишига кўмилган эканман.

* * *

Кимки самоъ ва важдни, сўфийлар аҳволини инкор этса, у буни ўзининг ноқислиги, калтафаҳмлигидан қилади

* * *

Аллоҳни билмаслик – ҳалокатга олиб борувчи, нобуд қилувчи заҳар, яъни унинг йўл-йўриқ ва кўрсатмаларига амал қилмаслик натижасида қалблар ҳалокатли касалликка йўлиқади. Аллоҳни билиш – заҳарга қарши ҳаётбахш доридир, яъни унинг буйруқларига амал қилиш нафсга қарши кураш қалб учун малҳам дорисидир. Пайғамбарлар – қалб касалликларининг даволовчиларидир.

* * *

Буюк ва қудратли Аллоҳ – қалблар ва амалларни ўзгартирувчи зотдир.

* * *

Илм фикрнинг хос мевасидир. Агар қалбда илм ҳосил бўлса, ҳолати ўзгаради, ҳолати ўзгарса, аъзоларнинг амали ўзгаради. Бас, амал ҳолатга, ҳолат илмга, илм фикрга тобеъдир. Илмга бор-йўғингни бермагунингча, илм сенга бирор нарса бермайди.

* * *

Бир киши қариндош зиёратидан, иккинчи киши ҳаж зиёратидан қайтаётганда учрашиб қолишди. Ҳол сўрашгач, ҳожи деди:

– Қариндош зиёрати савобини менга беринг, сизга ҳаж савобини берайин.

Бу орада ғайб оламидан илоҳий овоз келди:

– Зинҳор қариндош зиёратининг савобини берма. Биз сенинг бу зиёратинг учун қабул бўлган етмиш ҳаж савобини бердик.

Қариндош киши қариндош зиёрати савобини ҳаж савобига алмашишдан воз кечди. Зеро, ҳожи Каъбаи Муаззамани зиёрат этган бўлса, қариндош кўнгил зиёратини адо этди.

* * *

Жасад соғломлиги кам ухлашдан, қалб хотиржамлиги кам гуноҳ қилишдандир. Дунё (юрт) ободлиги раҳбарлар адолати, олимлар илми, бойлар саховати, муҳтожлар дуоси сабабидандир.

* * *

Қачонки савдогар молини қоронғи жойда кўрсатса, кийимнинг яхши тарафини кўрсатиб, ёмон жойини яшириб сотса – ёлғончидир. Косиб маҳсининг бир пойини яшириб, унинг энг яхши пойини кўрсатиб сотса – фирибгардир.

* * *

Одамларни уларнинг йўқлигида ёмонлаш – қалбга қилинган хиёнатдир.

* * *

Масжидда дунёвий сўзлар тилга олинмайди, зеро, у Аллоҳнинг уйидир.

* * *

Ҳар ким ишини ақлга мувофиқ адо этса, хайрли якун топади.

* * *

Инсон учун энг катта душман – нафсдир. Нафс ёмонлигидан омон бўлиш учун ақлга қулоқ солиш ва унинг оқилона кўрсатмасига кўра ҳаракат қилиш лозимдир.

* * *

Барча аъзолар Аллоҳнинг омонатидир. Уларни бандалик хизматида, фойдали ишларда қўллаш керак.

* * *

Ҳайит кунларида бемор, мусибатли ва ғамгин кишиларни зиёрат этиб, кўнгилларини қувончга тўлдириш лозим.

* * *

Охират азобига гирифтор бўлмаслик учун ҳеч кимни ранжитиб, норози қилма.

* * *

Илм қалб жилосидир. Қирқ кун илмга амал қилувчи олимлар мажлисида давомли қатнашган кишининг қалби нурланади.

* * *

Кўп гапирган – кўп хато қилади. Кераксиз суҳбатдан сақланиш лозим.

* * *

Соғлиқ ҳам, бойлик ҳам Аллоҳнинг синови. Зотан дунё имтиҳон, синов майдонидир.

* * *

Оёқнинг одоби – ҳаромга юрмаслик, ҳаром бўлган жойга бормаслик, меъданинг одоби – ҳаром емасликдир.

* * *

Кимки ота-онасини рози қилиб, уларнинг хайрли дуоларини олса, ўша киши учун жаннатдан икки эшик очилади. Ота-онаси рози бўлмаган киши учун эса, жаҳаннамдан икки эшик очилади. Жаннатга киришга лойиқ бўлиш учун ота-она розилигини олиш, уларни хурсанд ва хушнуд қилиш зарур. Ота-она рози бўлмаган фарзандни Аллоҳ ғазабига олади. Устоз ҳаққи ота-она ҳаққидан ҳам кўпроқ бўлади. Чунки ота-она фарзанднинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз охират биноси тикланишининг сабабчисидир.

* * *

Садақаларнинг энг афзали яқинларга ва яқин-атрофга берилганидир.

* * *

Энг буюк мартаба – илм, энг улуғ фазилат – Аллоҳдан қўрқиш, энг улкан бойлик – саломатлик. Ниятсиз амал – амал эмас.

* * *

Инсон иш бузувчи эмас, қўлидан келганича иш битирувчи бўлиши керак.

* * *

Жамоат ҳузурига салом бериб кир, сўнг ўзингга муносиб ўрин танла.

* * *

Заҳар кишининг ҳаётини сўндирса, заҳарли сўз ҳам дунё ҳаётини, ҳам охират ҳаётини сўндиради.

* * *

Раҳбарнинг сўзини яхши тинглаш ва эътироз этмаслик керак.

* * *

Сулҳ ҳукмларнинг энг фойдалиси ва энг хайрлисидир.

* * *

Мўминлар бир-бирини зиёрат этишларининг савоб ва фазилатларини санаб адо қилиб бўлмайди. Дўст бўлишнинг афзал йўли дўстга иззат-икром кўрсатишдир.

* * *

Иймоннинг юксак даражаси Аллоҳнинг ҳукмига сабр қилиш ва тақдирга рози бўлишдир.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации