Читать книгу "Тасаввуф алломалари"
76. ДОРОШУКУҲ
Бобурийлар салтанатидаги деярли барча аслзодалар фазилат соҳиблари бўлишган. Улардан бири забардаст олим, қилқалам хаттот, мутаржим, нозиктабъ шоир Дорошукуҳдир. Дорошукуҳ 1024/1615 йилда Шоҳжаҳон хонадонида туғилган. Асли теҳронлик бўлган давлат арбоби ва олим – она томонидан бобоси Осафхон унга «Султон Дорошукуҳ» деб ном қўяди. Отаси ўғлининг тарбиясини алоҳида назоратга олади. Дорошукуҳ араб, форс, санскрит тилларини пухта ўзлаштириб, ислом тарихи, қадимги ҳинд фалсафаси, тасаввуфнинг қодирия, чиштия мактаблари тарихини ўрганишга жиддий киришади. Бу йўлда унга бобоси Ғиёсиддин Муҳаммад Осафхон яқиндан ёрдамлашади. Унинг забардаст олим, тасаввуф донишманди бўлиб етишишида Сармад Кошоний, Мулла Абдуллатиф Султонпур, Шайх Муҳаммад ибн Фазлуллоҳ, Шайх Аҳмад Кобулий, Сарҳиндий, Мирак Шайх Фазлуддин устозлик қилишган.
Дорошукуҳ «Сафинат ул-авлиё» асарида Мулло Абу Бакр, Миёнжў, Муҳаммадмурод, кашмирлик Мулла Шоҳ каби устозлари номини ихлос билан тилга олиб, улар ҳақидаги нақл ва ҳикматлардан намуналар келтирган.
Дорошукуҳ давлат ишларига, ҳарбий ҳунарларга қизиқмаса ҳам отаси Аллоҳобод, Панжоб ҳамда Мўлтон вилоятларини бошқаришни топширган. Дорошукуҳ давлат ишларига лоқайдлик билан қараб, илмий ва бадиий ижод билан жиддий шуғулланган. Буддавийлик динига оид ўнлаб асарларни форс тилига ўгиради. Саройдаги адабий-илмий муҳитда тарбия топган Дорошукуҳ ўз даврининг буюк сўз усталари Файзий, Абдулқодир Бадюний, мутафаккир шайхлар Муҳибулло, Муҳаммад Лисонулло Рустакий, Бобо Лаъл Дос, Жаҳон Натх Миср каби кўплаб адиблар билан суҳбат қурган. Ҳиндистонда илмий таржима мактабига асос солган.
Шоҳжаҳоннинг соғлиги ёмонлашиб, 1068/1657 йилда Дорошукуҳни валиаҳд этиб тайинлайди. Аврангзеб бу қарордан норози бўлиб, исён қилади ва отасини уй қамоғига маҳкум этади. Сарой тарихчиси Мустаидхон ва уламолар Дорошукуҳга қарши «исломдан қайтди» деб иғво уюштиришади.
Дорошукуҳ исёнчилар билан курашда мағлуб бўлади. Шунинг учун хотини Нодирабегим ва ўғли Спеҳршукуҳ билан Эронда жон сақлаш мақсадида Қандаҳорга йўл олади. Йўлда Нодирабегим вафот этади. Уни Ҳумоюн мақбараси ёнига дафн этишади. Баҳодирхоннинг топшириғи билан Саййид Аҳмад Бухорий, Гулмуҳаммад, Малик Жейвун, Бахтиёрхон каби дўстлари Аҳмадободда Дорошукуҳни ҳибсга олиб, Деҳлининг Хизробод қалъасига келтирадилар. Йўлда Дорошукуҳ тарафдорлари фитначи сарбозларни бозор атрофида тошбўрон қиладилар. Ситамкорларнинг баъзилари ярадор бўлса, айримлари ўлади. Бундан ғазабланган Бахтиёрхон уламолардан Дорошукуҳни қатл этиш ҳақида фатво олади. Малик Жейвун унинг бошини танасидан жудо қилиб, Аврангзебга юборади. Аврангзеб Дорошукуҳнинг бошини лаганга қўйиб, отаси Шоҳжаҳонга «тортиқ қилган».
Дорошукуҳнинг ижодий меросида тасаввуф тарихи, қадимги ҳинд фалсафаси, хаттотлик, рассомлик, наққошликка доир асарлар, рисолалар алоҳида ўрин тутади. Қадимги ҳинд эпоси «Упанишад»ларни таржима қилган. Қадимги ҳинд эпоси «Йога-виҳиштий»ни форс тилига ўгирган.
Дорошукуҳ ижодий меросининг катта қисмини тасаввуф тарихи, авлиёлар ҳаёти, улар ижодий меросининг таҳлили, ислом тарихи, Ҳиндистондаги турли мазҳаб тарихига бағишланган асарлар ва таржималар ташкил этади.
1. «Сафинат ул-авлиё». Дорошукуҳ бу асарни йигирма беш ёшида ёзган. Муаллиф унда Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) ҳамда исломдаги ўн икки буюк имомлар, қодирия, нақшбандия, кубровия, суҳравардия, чиштия тариқатидаги 377 пири комилнинг таржимаи ҳолини баён этиб, уларнинг риёзат ва кароматлари ҳақида ҳикоятлар, ҳикматларидан намуналар келтирган.
2. «Сакинат ул-авлиё». Дорошукуҳ йигирма етти ёшида ёзган бу асар тасаввуфга доир батафсил муқаддима билан бошланган. Абдулқодир Гилоний, Мулло Шоҳ, Миёнжўларнинг ҳаёт ва фаолиятлари муфассал ёритилган. Уларнинг маслакдошлари, шогирдлари, хизматкорлари хусусида маълумот бериб, «Миёнжўнинг барча асҳоблари ҳақидаги барча далилни тўпладим» деб таъкидлаган. «Сакинат ул-авлиё» маноқиб моҳиятидаги асар бўлса ҳам, Дорошукуҳ шахсияти, ҳаёт йўлини ўрганишда мўътабар манба ҳисобланади.
Сад шукрки ин сакинаи Миёни Мир,
Басе хуб тамом шуд зи ҳусни таҳрир.
Чун ҳазрати Миён Миоро набуда соне,
Албатта мар ин «Сакинаро» нест назир.
(Юз шукрким, Миёни Мирнинг бу сакинаси яхши таҳрир билан тугади. Ҳазрати Миёни Мирнинг тенги йўқ эди, шунинг учун бу «Сакина» ҳам беназирдир.)
3. «Рисолаи Ҳақнома». Йигирма варақдан иборат бу рисола олти фаслдан ташкил топган. Асарда «ваҳдат ул-вужуд» таълимоти ва назарияси ҳақида фикр юритилиб, Миёнжў ва Мулло Шоҳ илгари сурган ғоялар асосланади.
Ҳар чанд ниқоб дар миён дорад ёр,
Рўяш хуш ва хуб менамояд бисёр.
Чун айнаки ту бувад ниқоби руҳи ёр,
Айнак бикунад ба пеши чашми ту ғубор.
(Орада ёрнинг ниқоби бўлса ҳам, юзи кўп хуш ва яхши кўринади. Сенинг ойнанг ёр юзининг ниқобидир, у ойна кўзинг олдини ғуборли қилади.)
4. «Ҳасанот ул-орифин». Рисола «Шатҳиёт» номи билан машҳур бўлган. Унда олтмишдан зиёд буюк машойихнинг ҳаётидан олинган ҳикоят ва тамсиллар келтирилган. Асар муаллифнинг Бобо Лаъл билан бўлган савол-жавоблари баёни билан ниҳояланган.
5. «Мажмаъ ул-баҳрайн». Дорошукуҳ бу асарда ҳиндлар билан мусулмонларнинг бирлиги, биродарлигини таъминловчи «Сулҳи кулл» ғоясини илгари суриб, ислом дини ва ҳиндлар мазҳабидаги муштарак жиҳатларни «Унсурлар баёни», «Хослар баёни», «Машғуллик баёни», «Аллоҳ сифатлари баёни», «Руҳ баёни», «Овоз баёни», «Тўрт олам баёни» каби йигирмата баҳсда буюк донишманд сифатида аниқлашга интилган.
6. «Сарий Акбар». Асарда қадимги ҳиндларнинг илмий, ахлоқий-таълимий, диний, ижтимоий-фалсафий тафаккур дурдонаси – «Упанишад» (Устод наздида ўтириш)дан элликтаси санскритдан форсийга таржима қилинган. Таржимага қадимги ҳиндларнинг илмий ва диний қарашлари ҳақида кенг маълумот берувчи муқаддима, матнда учрайдиган минглаб ибора, мазҳабий атамалар, асотирий, тарихий номларнинг батафсил шарҳи илова қилинган. Таржиманинг асл матни доктор Таро Чанд сўзбошиси билан Теҳронда нашр этилган. Анкетиль Дюперрон 1781 йилда француз ва лотин тилларига таржима қилиб, нашр эттирган.
7. «Девони Дорошукуҳ». Дорошукуҳ ғазал, қасида, рубоий, қитъа, фард каби жанрларда кўплаб шеърлар ёзган. Умрининг охирларида шеърларини тўплаб, девон тузган ва уни «Иксири Аъзам» деб атаган. Девоннинг асл нусхаси йўқолиб кетган. «Девони Дорошукуҳ» номи билан сақланаётган қўлёзмаларда Дорошукуҳнинг 225–300 та ғазал ва рубоийлари жамланган.
8. «Номаҳои ирфоний». Дорошукуҳнинг ўз даврининг буюк машойихлари билан ёзишган мактубларининг асли ва уларга олинган жавоблар тўпланган. Жумладан, Шайх Муҳибуллога йўлланган номада 16 ирфоний саволга жавоб берилган. Мазкур номалар қодирия тариқатининг айрим жиҳатларини ўрганишда қимматли манба ҳисобланади.
9. «Тариқат ул-ҳақиқат». Муқаддима ва ўттиз бобдан иборат бўлган китоб тариқатлар тарихи ва моҳияти таҳлилига бағишланган. Асарда илмий, назарий мулоҳазаларни асослаш учун Саъдий Шерозий, Амир Хусрав Деҳлавий ҳамда Абдураҳмон Жомий қаламига мансуб рубоий ва маснавийлар келтирилган.
10. «Рисолаи саволу жавоби Дорошукуҳ Бобо Лаъл». Қандаҳор сафаридан қайтишда Дорошукуҳ Сарҳинд вилояти яқинидаги Деҳанпур мавзеида истиқомат қилаётган замонасининг буюк донишманди Бобо Лаъл Дос билан ҳинд мазҳаби ва тасаввуфга доир масалалар ҳақида суҳбатлашган. Уни мазкур суҳбатда иштирок этган браҳман Чандор Баҳон ёзиб олган.
Дорошукуҳ хаттотлик сирларини Мир Имод Хушнависдан ўрганиб, хаттотлик назарияси ва амалиётига доир рисола ёзган. Дорошукуҳ китобларга ўзи зийнат бериб, миниатюралар билан безаган. Дорошукуҳ кўчирган китобларнинг нусхалари Шарқнинг машҳур кутубхоналарида жамланган.
1. «Ҳикмати Арасту». Ҳайдарободнинг «Осафия» кутубхонасида сақланади.
2. Қуръоннинг насх хатида оҳу терисига кўчирган нусхаси. Ҳайдарободнинг «Азизбоғ» кутубхонасида сақланади.
3. Қуръоннинг «Фотиҳа» сураси настаълиқ хатида тилла сувида ёзилган. Калькуттадаги Ёдбуди Якатурё толорида сақланади.
4. «Рисолаи даҳ панди Арасту». Калькуттадаги Ёдбуди Якатурё толорида сақланади.
5. «Маснавийи Султон Валад». Банголадаги «Анжумани Осиё кутубхонаси»да сақланади.
6. «Ҳофиз ғазаллари ва Жомий рубоийлари». Деҳлидаги Қалъаи Сурх музейида сақланади.
7. Низомий «Хамса»си. Настаълиқ хатида кўчирилган. Дорошукуҳ дўсти ва маслакдоши Муҳаммад Муқим Жавҳарийга ҳадя қилган. Ҳиндистондаги Девон китобхонасида сақланади.
8. «Сафинат ул-авлиё». Насх ва настаълиқ хатида кўчирилган. Бонгпур китобхонасида сақланади.
Дорошукуҳ серқирра ижодкор бўлиш билан бирга, диди баланд наққош эди. Ўзи тузган «Қалъаи Сурх» кутубхонасида унинг бу соҳадаги ижодига доир бир қанча асарлар мавжуд. Тасвирий санъат сирларини нозик тушунган Дорошукуҳ бир неча йил давомида Хуросону Мовароуннаҳр ҳамда Ҳинд миниатюра санъатининг нодир намуналарини йиғиб, алоҳида саҳифаларга жойлаган. Тасвирий санъат назариясига доир мулоҳазаларини альбомга ёзган муқаддимасида батафсил баён этган. Турли нақшу нигорлар билан зийнатлаб, ҳар бирининг ҳошиясига олий навдаги настаълиқ билан поварақлар ёзади ва чармдан тайёрланган муқовага олиб севимли хотини Карималнисо – Нодирабегимга ҳадя этган. Дорошукуҳнинг «Мураққаъ» альбоми муқоваси тикма – терма сирач усулида тайёрланган бўлиб, олтин суви юргизилган.
Инглиз санъатшунос олими Перси Броун «Темурийлар даври ҳинд наққошлиги» асарида «Бу мураққаъ шуни кўрсатадики, Дорошукуҳ … миниатюра санъатининг том маънодаги буюк донишманди ва ижодкори бўлиб, намуналарни баланд дид билан сайлаб олган» деб юксак баҳо берган.
«Мураққаъ» альбоми Шарқ халқлари миниатюра санъати тарихи, хушнависликдаги усул ва услубларни ўрганишда нодир манба ҳисобланади.
Дорошукуҳ портрет жанрида ҳам баракали ижод қилиб, аждодларининг суратларини чизиб қолдирган. Дунёнинг энг нуфузли музейлари ҳамда дастхатлар хазиналарида Дорошукуҳ чизган суратлар сақланмоқда. Дорошукуҳ чизган Мулло Шоҳ, Миёнжў портретлари Бомбей музейидан жой олган. Эрон салтанат кутубхонасидаги суратлар «Осори Эрон» китобида чоп этилган.
Форсий ва ҳинду тилларида баробар ижод қилган Дорошукуҳ адабиёт ва шеърият раҳнамоси бўлган. Мирзо Розий Дониш, Орифи Кашмирий, Муллашоҳий Бадахший, Чандра Бхан Браҳман каби машҳур шоирлар Дорошукуҳнинг шогирдлари бўлишган.
Дорошукуҳ қодирия тариқатига кирган. Шеърларида «Қодирий» тахаллусини қўллаган. Кўплаб қўлёзма хазиналарида Қодирий девони ва дастхатларининг турли нусхалари мавжуд. Ўзбекистон ФА Беруний номидаги Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида Қодирий девонининг 2295-рақамли қўлёзмаси сақланади.
Дорошукуҳ Шарқ тасаввуф таълимотини ўрганиш, тарғиб қилиш ҳамда қодирия тариқатининг асосларини бадиий ижодда акс эттиришга муваффақ бўлган сўз санъаткоридир. Унинг ғазал ва рубоийларида илоҳий ишқ рангбаранг бадиий тасвирлар билан гўзал ифодаланган:
Касе хомуш аз зикраш набошад,
Агар чи сангу ҳайвону найистон.
Ба чашми бад мабин эй Қодирий ҳеч
Ҳама жо уст гарчи сўи Мино нест.
(Ҳеч ким унинг зикридан хомуш бўлмасин. Ҳатто, тошу ҳайвону майсазор ҳам. Эй Қодирий, унга ёмон кўз билан боқма, зеро, Мино томон бўлмаса ҳам, ҳамма жойда у бордир.)
Дорошукуҳнинг илмий рисолаларидаги шеърларнинг аксарияти ирфоний маърифат, юксак ахлоқ тарғибига бағишланган бўлиб, «ҳамма нарса Аллоҳнинг измида, уларда у зуҳур этади» деган фикр илгари сурилган:
Ҳар хаму печеки шуд, аз тоби зулфи ёр шуд,
Дом шуд, занжир шуд, тасбеҳ шуд, зуннор шуд.
(Ҳар бир эгри-ю тобланиш ёр зулфининг бурилишидан бўлди: тузоқ бўлди, занжир бўлди, тасбеҳу зуннор бўлди.)
77. МАВЛОНО ИСМАТУЛЛОҲ
Шариат ва тариқат илмида беназир, маърифат илмининг нуктадони Мавлоно Исматуллоҳ 909/1503 йилда Самарқандда таваллуд топган. Унинг отаси Мавлоно Маҳмуд ибн Мавлон Неъматуллоҳ бўлиб, ўз даврининг машойихи бўлган. Мавлоно Исматуллоҳ ота-она томонидан буюк машойихлар – Жўйбор шайхлари силсиласига бориб уланади.
Шарафуддин Роқимий «ул зот андак восита билан Ҳазрати «Султон ул-орифин» Хожа Ориф Ревгарий Бухорий (қ. с.)га туташадилар. Ул махдум оналари тарафдин Ҳазрати қутб ул-ақтоб Шайх Ходим (қ. с.)га бориб етадилар ва фарзанддек яқиндирлар»131131
Шарафуддин Роқимий. Тарихи томм. – Т.: «Маънавият», 1998. 138–139-бетлар.
[Закрыть] деб ёзган.
Мавлоно Исматуллоҳ дастлаб отасидан таълим олган. Сўнг Самарқанд мадрасаларида ўқиган. Замонасининг буюк кишилари суҳбатида бўлиб, улардан дарс олган.
Балх, Нишопур шаҳарларига сафар қилиб, араб ва форсий тиллари, нақшбандия таълимоти асосларини ўрганган.
«Зоҳирий ва ботиний билимлар донишманди» Мавлоно Исматуллоҳдан форсий тилда ислом тарихи, ҳадис ҳамда фиқҳ илмларига доир Унинг «Нажот ул-қори дар қавоид улҚуръон», «Дар одоби таҳорат», «Ҳошия бар шарҳи Мулло», «Ҳошия бар шарҳи Ақоид» каби асарлар мерос қолган.
Мавлоно Исматуллоҳ тасаввуф назарияси, нақшбандия, яссавия ва жаҳрия тариқатлари асослари, мурид ва муршид одоби, турли суралар шарҳига доир «Суол ва жавоби масъалаи ғарбия», «Рисолаи раъсия», «Рисолаи ҳусния», «Рисола дар таҳқиқи силсилаи жаҳрия», «Аз азоби қабр то охир» каби рисолалар ёзган. Уларда илоҳий суннат (қонун), қазо ва қадар, тафқиқ (ажрим), шахс ва жамият, ризо, шукр, зиддият, дунё ва жон, ўлимнинг нисбийлиги ва бошқа диний масалаларнинг фалсафий асосларини тушунарли баён қилган.
Мавлоно Исматуллоҳ Бухоро хонлари Абдуллоҳхон ва Кўчкинчихон замонида катта обрў ва мартабага эга бўлиб, бир муддат Самарқандда «Аълам ул-уламо» вазифасида фаолият кўрсатган.
Исматуллоҳ серзавқ шоир бўлган. Илмий рисолаларининг муқаддима ва хотимаси ғазал, панд, байт, рубоий билан бошлаган.
Мавлоно Исматуллоҳ 700/1601 йилда вафот этган. Қабри Хожа Аҳрор Валий қабрларининг ўнг томонида.
* * *
Шарафуддин Роқимий шайх вафоти муносабати билан замон шоирлари битган тарихлардан бир нечтасини келтириб, ўзининг форсий тилдаги 23 байтлик қасида – марсияни илова қилган:
Илм оппоқ – тоза вараққа ўхшайди,
Уни қазо қўли тупроқ сандиғига солади.
Фано уйининг саботи йўқ,
Ҳаёт ниҳолининг бақоси йўқ.
Умринг шажаридан мағрурланма,
Совуқ суворий шамол томиридан суғуради.
Олам бақосини ҳеч ким кўрмаган,
Ҳаёт гулида вафо ҳидини ким кўрган?
Ибрат кўзи ҳамиша очиқ бўлса,
Чарх сенинг жисмингни тутиб туради.
* * *
Қосим Шайх деди:
– Мавлоно Исматуллоҳ валийдирлар ва ладуний илмлар соҳибидирлар.
* * *
Баҳор кунлари Мавлоно Исматуллоҳ муридлари билан саҳрога чиқдилар. Ташриф буюрганлар орасида шўхшодон ўспирин бўлиб, Мавлононинг диққатини ўзга тортди. Ногаҳон югуриб кетаётган ўспириннинг оёғига тикан кирди. Мавлоно Исматуллоҳ бағоят таъсирланиб қуйидаги байтни айтди:
Ба мужгон чун барорам гар биё хоре расад ўро,
Сари иўё намехоҳам, ки озори расад ўро.
(Тикан кирса, киприк билан олай, кел. Унинг бир тукига ҳам озор етишини истамайман).
* * *
Ҳазрати Охунд Фатҳий Мавлоно Исматуллоҳга атаб марсия ёзган:
Ладуний илм олими Исматуллоҳ Валий,
Оламдан ўтиши билан аламда бошқа исмат қолмади.
Ул аср ягонаси, даҳр яктоси вафотидан,
Олимларнинг қадри кетди, илмда қиймат қолмади.
Фатҳий мотамзада унинг вафоти тарихини,
Айтиб нолалар қилди: жаҳонда исмат қолмади132132
Шарафуддин Роқимий. Тарихи томм. 141-бет.
[Закрыть].
78. СЎФИ АЛЛОҲЁР
Ўзбек мумтоз адабиёти намояндаси, нақшбандийлик тариқатининг давомчиси, форсийда ҳам туркийда ҳам маҳорат билан ижод қилган зуллисонайн шоир, илоҳиёт олими ва буюк фақиҳи, Имом Аъзам анъаналарини ривожлантирган буюк дин арбоби Сўфи Аллоҳёр (халқ Сўпи Оллоёр деб атаган) исломий аҳком ва тасаввуфий ғояларни халқ онги ва шуурига сингдириб, ҳидоят ва нажот йўлини кўрсатган.
Сўфи Аллоҳёр 1054/1644 йилда Каттақўрғоннинг Минглар қишлоғида зиёли оиласида дунёга келган. Отаси Темирёр ўғлининг тарбияси билан жиддий шуғулланган. Сўфи Аллоҳёр 12 ёшгача ўз қишлоғида ўқийди. Бухорога бориб мадрасаларда билим олиб, ўзбек ва тожик тилларида асарлар ёза бошлайди. Мадраса хатмидан сўнг Сўфи Аллоҳёр бир неча йил Бухоро амирининг Ҳисор ва Қубодиён туманлари солиқ маҳкамаларида ишлайди. «Шумлиғим, расволиғим тегди вилоят халқига» деб кейинчалик адиб ўзининг ана шу фаолиятидан надомат чекади.
Сўфи Аллоҳёрнинг дунёвий ишларни тарк этиб, тариқат йўлига ўтиши унинг божхона хизматига кириб, бир неча йил қаттиққўл, шафқатсиз амалдор бўлгани, Шайх Ҳабибуллоҳнинг муридларидан бири Бухорога мол олиб кираётганда, Аллоҳёр томонидан қаттиқ калтаклангани ва муриднинг арзи ҳолига Шайх Ҳабибуллоҳнинг дуоси билан боғлиқдир. Шайх Ҳабибуллоҳ таъсирида Нақшбандия тариқатига кириб, мансаби ва бошқа дунёвий амалларни тарк этган Сўфи Аллоҳёр ўн йил Шайх Ҳабибуллоҳ мадрасасида таълим олиб, етук шайх, исломий ақидалар яловбардори даражасига етишади.
Сўфи Аллоҳёрнинг форс тилида ёзилган «Маслак улмуттақийн», «Мурод ул-орифийн», араб тилида ёзилган «Махзан ул-мутеъийн», туркий тилда ёзилган «Сабот уложизийн», «Нажот ут-толибийн», «Фавз ун-нажот» номли асарлари ислом олами хазинасига қўшилган бебаҳо дурдоналардир.
Сўфи Аллоҳёр шеърларида бир томондан, дунёвий муҳаббатни, ёрнинг чиройи ҳамда нозу истиғносини турлитуман бадиий бўёқларда тасвирланса, иккинчи томондан, мавжуд ижтимоий тузум иллатлари, одамлар орасида учрайдиган гина-адоватни танқид қилиниб, тўғри йўлга даъват қилинади. Нафис бадиий воситалар ва ташбеҳлар, мутлақо ўзига хос қиёслар шеърнинг яна ҳам шавқ ва завқ билан ўқилишига замин яратади:
Кўрк учун тушти зилоли лаъли мушкин хатту холл,
Тутди суҳбат Хизр ила Кавсар қирғоғинда ҳилол.
Наргизи мастинг хумори бодадан гулгунумдир,
Ё бу дурким лолазор ичра тушан ваҳший ғизол.
Шеърнинг биринчи байтида ёрнинг лаъли зилоли соҳилда турган мушк таратувчи хат (қора тук) ва хол жаннатнинг Кавсар ҳовузи лабида Хизр билан суҳбатлашаётган ойга ўхшатилса, кейинги байтда бодадан гулгун бўлган ёрнинг хумор кўзлари лолазорга тушган ҳуркич – ёввойи кийикка ўхшатилади.
Маъшуқанинг вафоси-ю жафоси ошиқ учун бирдай тотли, фараҳбахш. Шоир ўз ёрини турли ҳаётий деталларга ўхшатган:
Сен бу нозиклик била ё ҳур, ё айёрсан,
Ё пари, ё лола, ё гулшани баҳорсан.
«Ўлмаз» радифли ғазалда соликнинг мақсад йўлида риёзат чекиши, албатта, устод-пирга эргашиши, қўл бериши лозимлиги, бу йўлда ҳар қандай тўсиқ, монеъликни «жон чекиб, ғусса ютиб, жигарни қон қилиб» мардонавор енгиб ўтиш зарурлигини уқтирилган.
Бошини доша уриб, дона элакдин ўтмай,
Мушт емай, ичина солсалар, нон ўлмаз
Эй йигит, маслаҳатинг билгали бир пир керак,
Бекамон ўқ неча тузлик ила паррон ўлмаз.
Умрининг асосий қисмини ҳақ йўлига, ирфоний билимлар тарғибига, тасаввуф таълимотини кенг халқ оммасига сингдиришга сафарбар этган Сўфи Аллоҳёр зулм-зўрлик, такаббур, судхўрлик, вафосизлик, лоқайдлик, тамагирлик, танбаллигу беҳунарлик, мансаб-мартаба, мол-дунёни деб умрни елга совуриш қилиш, дилозор, ноиттифоқ бўлишни қаттиқ қоралаб, панд-насиҳат қилади. «Арзимас» радифли ғазали ана шундан шаҳодат беради:
Дўстлар, бу бевафо дунёда молу мулк учун,
Бир-бирингни оғритиб ношод қилмоқ арзимас.
Мансабу дунё учун аҳли ҳукумат олдида,
Қўл қовуштириб турибон дод қилмоқ арзимас.
Олиғу солиғ билан мулло-ю хожа-барчани,
Юз жафо ё жабр ила афтода қилмоқ арзимас.
Турку тожик ўзбеку, саҳройиларни мол учун,
Кеча-ю кундуз уриб, ношод қилмоқ арзимас.
Маълум муддат давлат хизматини адо этган шоир ўз замонасидаги феодал ўзаро низоларни, меҳнаткаш халқ бошига кулфат тушираётганларни лирик шеърларида рўй-рост танқид қилган, ҳукмрон табақаларни инсоний, адолатли бўлишга ундаган.
Муяссар бўлса тиллодин сенга тахт,
Ўзингдин пастга зинҳор айтмагил сахт.
Шоир кишиларни кибру ҳаводан воз кечиб, ҳамжиҳатлигу биродарликда, дўстлигу рафоқатда, бир-бирига нафъ етказиб яшашга даъват этади, бир-биридан баҳраманд бўлишга ундайди:
Олур суҳбатда бир-бирдин киши баҳр,
Агар кўп чашма бир бўлса, бўлур наҳр.
Жамоатдин ўзингни қилма мумтоз,
Чопар кўп тўпдин айрилғон қуша боз.
Югурсанг якка дев бошингни янчар,
Қароқчи тўпдин айрилғонни санчар.
Худонинг раҳмати бўлса жамоат,
Эрур раҳматдин айрилғон шаноат.
Инсон ақли етадиган ишни қилиши, қўлдан келадиган юмушни бажармоғи лозим. Айни пайтда аҳдига содиқ, ваъдасига вафодор бўлиши зарур. Бажара олмайдиган ишга қўл уриб, ваъда бериб, аҳдида турмаслик инсонни бу дунё-ю у дунё бадном қилади:
Хилоф этган забунлардан забундур,
Бу дунё-ю у дунёси нагундур.
Хилоф этсанг агар айғон сўзингдин,
Кўтар эркаклик отини ўзингдин.
* * *
Керак эрман деганнинг ваъдаси туз,
Агар туз бўлмаса, олдин кўнгил уз.
Сўфи Аллоҳёр кишиларни билим эгаллаш, касб-ҳунар ўрганишга даъват этар экан, ҳалол меҳнат билан, пешона терини тўкиб ризқу рўзини топиб ейиш, пок ва покдомон яшашга, бировлар миннати жабрини тортмасликка, сабрқаноатли бўлишга ундайди, тамагирликни қоралайди.
Худоям ҳар на берса қил қаноат,
Юракни қилма миннатдин жароҳат
Бу меҳнат бирла топсанг парча нон,
Кишининг миннатидан ўлур осон
Таъма нонига лаб очгунча ўл оч,
Таъма бўйи кўринмай бўйдин қоч.
Сўфи Аллоҳёр шеърлари китобхонни ҳалоллик, поклик, ростгўйлик, меҳнатсеварлик, одамохун бўлиш, ёшликдан илм-маърифат эгаллаш, садоқатли, қаноатли, ризоли, таъзим-тавозеъли, иймон-эътиқодли бўлишга чақириб, ғайриинсоний, ғайришаръий ишлардан парҳез қилишга ундайди. Булар эса комилликнинг асосий белгиларидандир. Шоир асарлари инсондўстлик ва исломий маърифатпарварлик ғоялари билан йўғрилгандир.
Сўфи Аллоҳёр 1721 йилда вафот этган. Қабри Вахшиворда.
* * *
Киши билса ризо шаҳдини завқин,
Билар бирдек мажолис тахту фавқин.
* * *
Чиқармагил оғиздан қилмас ишни,
Қиларман дема, қўлдин келмас ишни.
* * *
Қилич бошингга келса, айтма ёлғон,
Ўлумдиндур батар, чунки у ёлғон.
* * *
Қаноат ким табиби ҳар касалдир,
Қаноат аҳлига оғу асалдир.
* * *
Қаноатдур кўнгилларнинг сафоси,
Қаноат барча иллатнинг давоси.
* * *
Бировда бўлса доим меҳнату дард,
Бировнинг кулфати бўлмаса бир гард.