Читать книгу "Тасаввуф алломалари"
32. ШАЙХ АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ
Шайх Абу Мансур ибн Муҳаммад Мотуридий тахминан 257/870 йилда ҳозирги Самарқанднинг Мотруд мавзесида туғилган. Мотуридий дастлаб хусусий муаллимларда, сўнгра эса, замонасининг машҳур олимлари Абу Наср Аҳмад алИёдий, Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Жузжоний ҳамда Нусайр ибн Яҳё ал-Балхийда калом илми ҳамда фиқҳ бўйича таҳсил кўрган. Кейинчалик ўзи Самарқанд мадрасаларида дарс берган ва ислом таълимотининг софлиги учун курашган.
Мотуридий замондошлари орасида «Султон улмуъиззин» номи билан машҳур бўлган. Мотуридий «Радд ул-қаромата», «Муътазилия мавҳуми маъноси баёнида», «Китоб ут-тавҳид», «Китоб ул-усул», «Китоб ут-таълифот ул-Қуръон», «Китоб ут-тавҳид», «Китоб таъвилот аҳл уссунна», «Радд ул-усул ул-хамса», «Радд китоб ул-имом ли баъд ур-равофиз», «Табсират ул-адилла», «Китоб улмақолот», «Маъхаз уш-шаройиъ», «Китоб ул-жандал», «Китоб радд таҳзиб ул-жадал лил Каъбий» каби ўнлаб илмий-назарий асарлар, «Панднома» китобининг муаллифидир.
Шарқда Мотуридийнинг илмий салоҳияти, кашфу каромати хусусида кўплаб нақллар тарқалган. «Насойим улмуҳаббат»да ҳикоя қилинишича, Мотуридий айвонда «Тафсир» китобини ўқиб ўтирганда ширакайф йигитлардан бири унинг ҳовлисига кириб, беодоблик билан кўп ҳақоратлар қилиб, алломанинг кўнглини паришон қилган. Мотуридий анча вақт сабр қилган. Сўнг бир чўпни олиб беадабнинг бошига туширган. Маст чўпнинг зарбидан йиқилган. Мотуридий уни судраб чуқурга ташлаган. Айвонга келиб, яна илм таҳсилини давом эттирган. Мастнинг шериги бўлиб, ҳовлининг ташқарисида анча вақт кутган. Сўнг Мотуридийнинг ҳовлисига кириб, шеригини топиб беришини талаб қилган.
Шайх Мотуридий деди:
– Сендан бошқа ҳеч ким кирмади, бир ит кирди, телбалик қилган эди, уриб, чуқурга ташладим. Ишонмасанг, бориб кўр.
Йигит чуқурда бир итнинг боши пачақланган ҳолда ўлиб ётганини кўрди. Мулоҳаза қилди. Ўша заҳоти ўзига келиб, қилган беодоблиги учун шайхдан узр сўради ва тўғри йўлга кирди3434
Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 428-бет.
[Закрыть].
Шайх Абу Мансур 346/975 йилда вафот этган. Қабри Самарқанднинг Чокардиза қабристонида.
* * *
Чин эътиқод безавол ганждир.
* * *
Қуролингни илмдан яса.
* * *
Яхшилар билан дўстлаш.
* * *
Аёллардан устун бўлишга интилма.
* * *
Хорлик истасанг, хиёнатчи бўл.
* * *
Сабрли бўл, муродга етасан.
* * *
Ҳар бир ишда ҳамкор иста.
* * *
Илмингни хор қилма.
* * *
Доно кўринган нодондан ҳазар қил.
* * *
Ўрган ва ўзгаларга ўргат.
* * *
Яхшиликни жондан изла.
* * *
Жонни омонат, умрни иноят бил.
* * *
Эл лаънатига учрай десанг, такаббур бўл.
* * *
Ҳамиша сир асровчи бўл.
* * *
Ҳар кимнинг ҳам нонини ема,
аммо ҳаммага бер.
* * *
Ажални ҳеч қачон эсдан чиқарма.
* * *
Мартабаю иззатни илмдан изла.
* * *
Сендан қўрққандан сен ҳам қўрқ.
* * *
Душманингнинг душманини дўст тут.
* * *
Дўстларнинг дўстлари орасида бўл.
* * *
Нокасдан қарз олма.
* * *
Жоҳил зоҳидга инонма.
* * *
Аждодларнинг қадрини эъзозла.
* * *
Одамларнинг олдида нима десанг, орқасидан ҳам ўшани
гапир.
* * *
Бировнинг миннатини кўтар, лекин миннат қилувчи
бўлма.
* * *
Душманинг билан иноқлашган дўстдан қўрқ.
* * *
Сенга иши тушган одамларни ранжитма
* * *
Ҳожат чиқаришни буюк амал деб бил.
* * *
Отангнинг хатоси учун танбеҳ бергувчи бўлма.
* * *
Тўғри йўлнинг очқучиси илмдир.
* * *
Пайғамбарларни ҳамиша тирик бил.
33. АБУ АБДУРАҲМОН СУЛАМИЙ
Хуросон қадимги форс тилида «Машриқзамин» деган маънони англатган. Бу ерлар Ироқ ва Байҳақдан бошланиб, Ҳинд, Тохаристон, Ғазна, Сижистон, Кирмонгача чўзилган. Х асрга келиб, Хуросон ўлкаси Ислом маданияти марказига айланган. Ана шу даврда яшаб, ижод қилган машойихлар мусаннифи Абу Абдураҳмон Суламийдир.
Абдураҳмон Муҳаммад ибн Ҳусайн Суламий 325/936 йилда Нишопурда косиб оиласида дунёга келган. Суламийнинг отаси Ҳасан Муҳаммад Мусо Суламий фарзанди Абу Абдураҳмон туғилганда борини сотиб, садақа қилган. Одамлар унинг бу ишидан ажабланиб, сабабини сўрашганда, фарзандининг солиҳ фарзанд бўлиши, солиҳ бандаларга ёр бўлишини сўраб, борини садақа қилганини айтган. Унинг етти пушт авлодлари киборлар ва машойихлардан бўлган. Отаси аслзодалардан, онаси эса машҳур Шайх Абу Умар ибн Нажиднинг қизи эди. Суламий Нишопурда отаси ва амакиси Абу Амр Суламийдан диний билимларни ўрганган. Қуръонни ёд олиб, муфассир даражасига етган. Араб тилини ўрганиб, ҳадис илмидан дарс олган.
Замонасининг буюк донишмандларининг суҳбатига эришиш ниятида Суламий ўша даврнииг маданий марказлари бўлган Марв, Рай, Ҳамадон, Ҳижоз, Ироқ каби шаҳарларга сафар қилган. Абдулҳасан Дорқатний, Абу Наср Саррож, Абулқосим Насрободий, Абу Умар Нажиддан таълим олган.
Суламий Шайх Абулқосим Насрободий хизматига кириб, унинг қўлидан хирқа кийган. Суламий умрининг охирида отасидан қолган бойликка Нишопурда катта хонақоҳ қурдирган. Хонақоҳ ботиний илм толибларини тарбиялайдиган асосий марказга айланган. Абу Саъид Абулхайр пири Абулфазл Ҳасан вафотидан сўнг Абу Абдураҳмон Суламийдан тасаввуф илмини ўрганган. Унинг қўлида хирқа кийиб, иршод олган. Абу Бакр Байҳақий, Аҳмад ибн Али Тусий Қозий, Абу Муҳаммад Жувайний, Нишопурнинг имоми Абумаоли Жувайний, Абу Абдуллоҳ Ҳоким Нишопурий каби ўнлаб донишмандлар Суламийнинг қўлида тарбия топишган.
Шарқда «Калом ровийси» унвонига муяссар бўлган Суламий Қуръон қироати, тафсирида беназир салоҳиятга эга бўлган.
Суламий ўспиринлик давридаёқ тасаввуф шайхлари ҳақида ёза бошлаган ва халқ орасида тасаввуф илмининг шайхи, тасаввуф уламолари тарихи, табақалари, уларга тафсир ёзувчи сифатида танилган. Суламий тасаввуфнинг турли масалаларига доир йигирма жилдлик асар муаллифидир. Суламийдан турли мавзуларда ўттиздан зиёд рисола мерос қолган. «Табақот ус-сўфия», «Китоби тарихи аҳли сўфия», «Китоби жомеъ ул-одоби сўфия», «Ҳақойиқ ут-тафсир», «Китоб уз-зуҳд», «Китоби ул-даражот ул-муомалот», «Сунан ус-сўфия» каби асарлари ислом ва тасаввуф тарихи, Қуръонни тафсир қилиш мезонларини ўрганишда энг муҳим манба ҳисобланади. «Табақот ус-сўфия» рисоласида шайхлар бешта табақага бўлинган. Ҳар бир табақа маълум тарихий даврда яшаб ўтган шайхлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқдир.
Абдураҳмон Жомий «Нафоҳот ул-унс» асарини ёзишда «Табақот ус-сўфия»дан унумли фойдаланганини таъкидлаган.
Суламий 422/1030 йилда вафот этган. Қабри Хуросонда.
Ҳикматлар
Суламий деди: Бобом Абу Амр ибн Нужайд Суламийнинг шундай деганини эшитдим: Абулқосим Жунайд деди: Тасаввуф хулқдир. Кимки сендан хулқда устун бўлса, тасаввуфда устундир. Хулқ ҳақида айтилган энг чиройли сўз Шайх улислом Абу Саҳл Сулукийнинг сўзидир: Хулқ эътироздан воз кечишдир.
* * *
Сўфий учун икки нарса шартдир: аҳволда содиқлик ва муомалада одоб.
* * *
Бишр Хофий деди: Сўфийлар уч тоифа бўладилар. Биринчиси, сўрамайди ҳам, берсанг олмайди ҳам. Улар Аллоҳдан сўрасалар беради, Аллоҳга қасам келтирсалар, қабул бўлади. Иккинчи тоифа сўрамайди, берсанг олади. Аллоҳга таваккул қилиб яшайдилар. Учинчи тоифа сабрни ўзига қалқон қилган, ҳожати тушса, Аллоҳдан сўрайди, хослар билан ўтириб, улар билан сўзлашади.
* * *
Сарий Сақатий деди: Одоб ақлнинг таржимонидир.
* * *
Хорис Муҳосибий деди: Тарози босадиган энг оғир нарса гўзал хулқдир.
* * *
Шақиқ Балхий деди: Бировнинг ризқи сенга берилмайди, сеники бировга.
* * *
Боязид Бистомий деди: Илмдан юксакроқ бойлик йўқдир.
* * *
Сулаймон Дороний деди: Дунё билан курашганни дунё енгиб қўяди.
* * *
Маъруф Кархий деди: Муҳаббатга Аллоҳнинг фазли билан эришилади.
* * *
Ҳотам Асамм деди: Тоатнинг илдизи қўрқув, ният ва муҳаббатдадир. Маъсиятнинг илдизи кибр, ҳирс ва ҳасаддадир.
* * *
Аҳмад Ҳаворий деди: Бағринг тошга айланаётганини кўрсанг, зикр аҳли билан ўтир, зоҳидлар суҳбатига кир, таомингни камайтир, истакларни тарк эт, макруҳ амаллардан воз кеч.
* * *
Аҳмад Ҳузравия деди: Афзал амал ўз сирини Аллоҳдан ўзгага очмаслик.
* * *
Яҳё Маъоз деди: Дунё бошидан охиригача бир соат ғам чекишга арзимас.
* * *
Абу Ҳафс Ҳаддод деди: Инсоннинг суврати сийратининг сарлавҳасидир.
* * *
Ҳамдун Қассор деди: Фақр одамнинг гўзаллиги унинг камтаринлигида.
* * *
Мансур Аммор деди: Орифнинг либоси тақво. Тақво либоси хайрликдир.
* * *
Аҳмад Антокий деди: Қалбингни ислоҳ этишни истасанг, тилингни тий.
* * *
Абдуллоҳ Антокий деди: Ишга бўлган ихлос ишнинг ўзидан кучлидир.
* * *
Абу Туроб Нахшабий деди: Аллоҳ васлига етишнинг биринчи даражаси итоат, иккинчи даражаси Унинг ҳақиқатига таваккул қилишдир.
* * *
Жунайд Бағдодий деди: Ҳамдардлик кўнгилни тўлдиради.
* * *
Абулҳусайн Нурий деди: Ким Аллоҳга таваккул қилса, уни Ўзи қўллайди.
* * *
Абу Усмон Ҳирий деди: Авлиёлар билан суҳбат Аллоҳга олиб борадиган йўлга олиб чиқади.
* * *
Абу Абдуллоҳ Жалло деди: Дунё кенгдир, оломонга бойдир. Биров сенга жафо қилмайди, биров сени истамайди.
* * *
Рувайм ибн Аҳмад деди: Сабр шикоятларни тарк қилишдир.
* * *
Юсуф Розий деди: Ақлнинг асли сукут сақлашда, ботини сир сақлашда.
* * *
Шоҳ Шужоъ деди: Ҳикматнинг аломати одамларнинг қадрига етишдир.
* * *
Самнун ибн Умар деди: Муҳаббатдан нафисроқ нарса борми? Уни таъбир этишга оғизнинг кучи етармикин?
* * *
Усмон Маккий деди: Муҳаббат Аллоҳнинг мўминлар қалбидаги сиридир.
* * *
Абдуллоҳ Тустарий деди: Тахмин ҳақиқатни йўққа чиқаради. Алоқаси бўлмаган ишларга аралашиш сидқидилликни ўлдиради.
* * *
Муҳаммад ибн Фазл деди: Илм қалъадир, жаҳл хатардир. Дўст давлатдир, душман ғам-ташвишдир. Борди-келди бақодир, ёлғизлик мусибатдир. Сабр қувватдир, зўравонлик заифликдир. Ёлғон иллатдир, тўғрилик саломатликдир. Маърифат садоқатдир, ақл тажрибадир.
* * *
Абдуллоҳ Термизий деди: Мўминнинг қувончи юзида, ғами қалбидадир.
* * *
Абу Бакр Варроқ деди: Адоват балони келтиради.
* * *
Аҳмад Ҳарроз деди: Маърифат Ҳақни танитади, илм халқни танитади.
* * *
Али ибн Исфаҳоний деди: Аҳмоқнинг сўзи ва илтифотига алданма.
* * *
Абулаббос Масруқ деди: Тарбиячиси Аллоҳ бўлган киши ҳеч қачон мағлуб бўлмайди.
* * *
Абдуллоҳ Мағрибий деди: Вақтни мақсадга мувофиқ сарфлаш энг фазилатли ишдир.
* * *
Абу Али Жузжоний деди: Қўрқувчи қочиб қутула олмайди. Қўрқув ёритувчи оловдир. Ният ёритувчи нурдир. Муҳаббат нурларнинг нуридир.
* * *
Абу Абдуллоҳ Сижзий деди: Ўз илмини қадрламаган феълини ҳам қадрламайди. Феълини қадрламаган баданини қадрламайди. Баданини қадрламаган қалбини қадрламайди. Қалбини қадрламаган ниятига етмайди. Бу дунёнинг ишлари ниятга қурилади3535
Имом Абу Абдураҳмон Суламий. Табақоти сўфийя / Таржима, нашрга тайёрловчи ва муқад. муал. М.Нуриддинов. – Т.: «Фан», 2004.
[Закрыть].
34. ШАЙХ АБУЛҚОСИМ ҚУШАЙРИЙ
Мусулмон оламида «Устод ул-жамоат», «Шайх улмашойих», «Зайн ул-ислом», «Муқаддимаи тоифа» номлари билан шуҳрат қозонган Абулқосим Абдулкарим Ҳавозин Қушайрий X асрнинг буюк машойихларидан биридир.
Абулқосим Қушайрий 374/984 йилда Нишопурнинг Устуво қишлоғида деҳқон хонадонида дунёга келган. Ёшлигидан ҳарб ишига қизиққан. Қилич чопиш, камондан ўқ отиш санъатини эгаллаган.
Абулқосим Нишопурга келиб, Шайх Яманийдан адаб ва қироат илмидан дарс олган. Абулҳусайн Хаффоф, Абу Наъим Исфароиний, Абу Абдураҳмон Суламий каби ҳадис донишмандлари ҳамда тасаввуф алломалари қўлида тарбияланган. Бир муддат Абу Али Фармадий қўлида таҳсил олган. Шайх Абулқосим Шақонийдан маърифат ва ҳақиқат сирларини ўрганган. Абулқосим Қушайрий тариқатда Абулфазл Хатлийга иқтидо қилган.
Абулқосим Қушайрий фиқҳ илмини Абу Бакр Тусийдан, калом илмини Абу Бакр ибн Фуракдан, тасаввуф илмини Абу Али Даққоқ Нишопурийдан ўрганган. Қушайрий Абу Али Даққоқнинг қизи Фотимага уйланган. Абу Али Даққоқ Нишопурийнинг вафотидан сўнг сулукни бошқарган. Ҳадис илмидан дарс берган. Абулқосим Қушайрий иқтидорли муфассир сифатида танилган. Ҳаж пайтида илм-маърифат аҳли учун ваъз қилган. Тасаввуф илмида Жунайд Бағдодий ва Маъруф Кархийлар даражасига етган. Бағдод халифаси Қоим Борумло билан мулоқот қилиб, сарой аҳлига ваъз айтган. Қушайрий салжуқий ҳукмрон Алп Арслоннинг эътиборини тортиб, ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлган.
Салжуқийлар вазири ал-Қундузий томонидан 440/1048 йилда ҳанафий мазҳаби тарафдорлари қувғинга олиниб, оммавий қатл қилинган. Абулқосим Қушайрий ҳам таъқиб қилиниб, қамоққа олинган. Яқинларининг саъйҳаракати билан қамоқдан озод қилиниб, Бағдодга халифа Қаюм ҳузурига юборилган. Қушайрий бир неча марта алҚундузий номига ариза билан мурожаат қилиб, муътазилий оқими билан ҳанафий мазҳаби ўртасидаги фарқни Қуръон оятлари, ҳадис ва аниқ далиллар билан асослаган. Лекин бундан ҳеч бир иш чиқмаган. Вазир ал-Қундузий қамоққа олингунга қадар Қушайрий қувғинликда яшаган. 457/1064 йилда Нишопурга қайтган. Унинг олти ўғли ва бир қизи бўлган.
Абулқосим Қушайрийдан тасаввуфга доир бир қанча рисолалар, жумладан, «Рисолаи Қушайрий», «Китоби одоб ус-сўфия», «Ат-тоиф ул-ишорат», «Ат-такбир фий ал-тазкир», «Китоби арбаъин», «Китоби ат-таъбир фий ат-тафсир» каби асарлар мерос қолган. «Насойим улмуҳаббат»да Абулқосим Қушайрий «Латоиф ул-ишорат» тафсири муаллифи деб кўрсатилган. Қушайрийнинг тасаввуф назарияси ва тарихига доир «Рисолаи Қушайрий» китоби маълум ва машҳурдир.
Абулқосим Қушайрий 465/1072 йилда Нишопурда вафот этган.
* * *
Тавҳид – Аллоҳ исми зоҳир бўлганда расм ва табиат асарининг завол топиши, тажаллий нурлари порлаганда, бегона нарсаларнинг фоний бўлиши, илоҳий ҳақиқатлар ошкор бўлганда махлуқотларнинг арзимаслиги, зикри улуғ Жабборга яқинлик мавжуд бўлганда ағёрларнинг кўринмаслигидир.
* * *
Сўфий зотилжам кабидир: аввали алаҳсираш, охири жимликдир.
* * *
Ҳузур ҳоли Ҳақ зикрининг солик қалбини эгаллаш сурати билан юзага келади. Ўша онда солик қалби билан улуғ Аллоҳнинг ҳузурига чиқади. Соликнинг халқдан ғайбати (моддий оламдан фориғ бўлиши) нисбатига қараб Аллоҳ билан бўлган ҳузури мукаммаллашади.
* * *
Истиқомат кароматдан устундир.
35. АБУ ИСМОИЛ АБДУЛЛОҲ АНСОРИЙ АЛ-ҲИРАВИЙ
Шарқ маънавияти тарихида шундай буюк зотлар борки, уларнинг ибратли ҳаёт йўли, ёзган беназир асарлари кейинги авлод олимлари, ижодий тафаккур соҳиблари фаолиятига сезиларли даражада таъсир кўрсатадиган маёқ вазифасини ўтаган. Тасаввуф илмининг забардаст донишманди Абдуллоҳ Ансорий ана шу силсила даҳоларидан биридир.
Абдуллоҳ Ансорий Ҳиротнинг Кўҳандиз кентида 397/1006 йилда туғилган. Алишер Навоийнинг ёзишича, Ансорийнинг отаси Абу Мансур Маттул Ансорий Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) шажарасидан бўлиб, халифа Усмон даврида Хуросонга келиб, муқим яшаб қолган. Ҳиротнинг Кўҳандиз кентида бошланғич таълимни олган. Тўққиз ёшида тўла саводи чиқиб, қози Абу Мансур ҳамда Жорузийдан дарс олган. Ўн тўрт ёшида «адаб дабиристони»да ўқиб, араб ва форс тилларида шеър ёза бошлаган. Хожа Яҳё Аммордан тазкира ва тафсир илмини ўрганган.
«Насойим ул-муҳаббат»да Абдуллоҳ Ансорийнинг 300 кишидан ҳадис эшитиб, ёзиб олгани ўз тилидан қайд этилиб, Шайх ул-исломнинг Хизр назари тушган аллома экани таъкидланган. Шайх ўз иқтидори ҳақида «Араб шоирларидан етмиш минг, қадимги форс шоирлари бисотидан юз минг байт ёд билар эдим. Шом ва Бағдодда ҳамиша Қуръон ўқиш билан банд бўлар эдим. Кундузи эса дарс берар эдим. Ҳар куни олти варақ китоб кўчириб, уларни ёдлаб олар эдим. Вақтимни аниқ тақсимлаб, бир лаҳза ҳам бекор қолмас эдим. Кўпинча хуфтон намозигача оч юриб, кечалари чироқ билан ҳадис ёзар эдим. Китоб кўчириб ўтирсам, онам нонни ушатиб, бир тўрғамини оғзимга солиб қўяр эдилар… уч юз минг ҳадис ёд билар эдим. Ҳеч ким мендек заҳмат чекмаган.» деб ёзиб қолдирган.
Абдуллоҳ Ансорий мадрасада дарс бериш, хонақоҳда ваъз айтиш, Қуръон қироат қилиш, турли саҳобалар тилидан ҳадис ривоят қилиш билан бирга шеър ёзиш, ҳикоятлар битиш, илмий рисолалар иншо этиш билан ҳам шуғулланган.
«Пири Ҳирот», «Шайх ул-ислом», «Олами тариқат», «Жамоли аҳли ҳақиқат», «Орифи даҳр», «Хожа Ансорий» номлари билан шуҳрат топган Ансорий Абулҳасан Харақонийни ўзига устод деб билиб, унинг қўлидан хирқа кийган. Харақоний уни алоҳида эъзозлаган ва Ансорий билан қилган суҳбатдан «Мисоли Хизр билан мулоқот файзини топдим» дер экан. Ансорий ҳам устози Харақонийни буюк илоҳий қудрат эгаси сифатида қадрлаган.
Нақл қилишларича, Балх аҳли Ансорийни ёқтирмаган. Бир сафар шайхнинг Балхга келаётганини эшитган халқ уни тошбўрон қилиб ўлдирмоқчи бўлиб, қўлларига тош олиб том бошида кутиб туришган. Бу хабарни муридлари Ансорийга етказишган. Абдуллоҳ Ансорий устози Шайх Харақоний исмини зикр этиб, шаҳарга дадил кириб борган. Қасд қилганларнинг қўлининг томири тортиб қолиб, бирон киши ҳам шайхга тош ота олмаган.
Ансорийнинг ҳаёти оғир кечган. Унинг мухолифлари икки марта зиндонбанд қилинишига, уч марта Ҳиротдан бадарға этилишига эришадилар. Шунга қарамай Абдуллоҳ Ансорий ўзи танлаган йўлда собит қолиб, «Зод ул-орифин», «Китоби асрор», «Малфузот», «Сад майдон», «Манозил ус-соирин», «Рисолаи воридот», «Насоеҳ», «Рисолаи дил ва жон», «Канз ус-солиҳин», «Рисолаи иродат ва қаландар», «Ҳафт ҳисор», «Муҳаббатнома», «Мавқулот», «Илоҳийнома», «Ганжнома», «Табоқот ус-сўфия», «Замм ул-калом ва аҳлиҳий» каби асарлар ёзган.
Ансорий икки марта ҳажга борган. Ана шу сафарлар давомида олим Эрону Араб юртларининг кўплаб донишмандлари билан суҳбатлашган. Абдуллоҳ Ансорий тасаввуф тарғиботи ва амалиётига жиддий эътибор берган.
Абдулла Ансорий форс адабиётида шеърий, ахлоқийтаълимий ҳикоянависликка ҳам, назм аралаш насрий ҳикоятлар ёзишга ҳам асос солган. Абдураҳмон Суламийнинг анча мураккаб илмий тилда битилган «Табақоти сўфия» китобидаги далилларни содда, Ҳирот лаҳжасида қайта ҳикоя қилган. Бир шогирди Ансорий оғзидан чиққан ҳикоятларни ёзиб олиб, алоҳида китоб ҳолатига келтирган. Саъдий Шерозий «Гулистон» ва «Бўстон» асарларини яратишда ҳам Ансорий ижодидан файз топиб, баҳраманд бўлган.
Ансорийнинг тасаввуф назарияси ва амалиётига доир турли тамсил, ҳикоят ва ривоятлардан ташкил топган «Зод ул-орифин» китоби унга катта шуҳрат келтирган. Чунки Ансорийга қадар форсий тилда бу тарздаги содда, айни пайтда юксак бадиий қимматга эга бўлган насрий асар яратилмаган эди. Абдуллоҳ Ансорийнинг шеърлар девони олти минг байтдан иборат бўлиб, унда ирфоний руҳ акс этган.
Абдуллоҳ Ансорийнинг «Манозил ус-соирин» асари Теҳрон (1898), Қоҳира (1963) шаҳарларида, «Сад майдон» асари Абдулҳай Ҳамидий томонидан мукаммал шарҳлар билан Кобулда (1962) чоп этилган. «Анис ул-муридийн» ва «Шамс ул-мажолис» асарининг ягона қўлёзма нусхаси «Индеа Офис» (Лондон) кутубхонасида сақланади.
Абдуллоҳ Ансорий форс-тожик адабиётида биринчилардан бўлиб, «Анис ул-муридийн ва шамс ул-мажолис» китобида Юсуф ва Зулайҳонинг ишқ саргузаштини ўн тўрт мажлисда ғоят гўзал тарзда насрий баён этиб, илоҳий ишқ ғоясини илгари сурган. Бу асар профессор Аълохон Афсаҳзод томонидан тадқиқ этилган.
Абдуллоҳ Ансорийнинг «Туҳфат ул-мулук» рисоласи ўтмишда Шарқ мамлакатларида «
Туҳфат ул-вузаро», «Туҳфат ус-салотин», «Чиҳил боб» номлари билан кенг тарқалган ва шуҳрат қозонган. Бу мухтасар рисола муқаддима ва хотимадан ташқари қирқ бобдан иборат. Асар ихчам, сажъли насрда битилган. Ундаги ижтимоийфалсафий, ахлоқий-таълимий, маърифий-ирфоний пандлардан жамиятнинг барча табақа вакиллари баҳра олади. Ансорийнинг барча асарлари халқ ҳикматлари, таъбир ва иборалари билан зийнатланган бўлиб, катта таълимий-тарбиявий аҳамиятга эга. Ансорий уларда одамийлик, жавонмардлик, ахлоқ, илму маърифатни тарғиб этиб, жоҳиллик, зулм-зўрлик, риёкорлик, мунофиқликни қоралаб, кўплаб иллатларни фош этган.
Абдуллоҳ Ансорий 481/1088 йилда вафот этган. Унинг мақбараси Ҳиротнинг Козургоҳий маҳалласида.
* * *
Масти туам, аз бодаву чом озодам,
Сайди туам, аз донаву дом озодам.
Мақсуди ман аз Каъбаву бутхона туи,
Вар на ман аз ин ҳарду мақом озодам.
(Сенинг мастингман, шунинг учун бодаву жомдан озодман, сенинг овингман, дон ва домдан озодман. Каъбаю бутхонага боришдан мақсадим сенсан. Бўлмаса, буларнинг ҳар иккисидан озодман.)
* * *
Ниманики тилингга чиқарсанг, албатта ўзингга зарар келтиради.
* * *
Дўстингни эшикдан чиқарсанг ҳам, дилдан чиқарма.
* * *
Аллоҳ ҳам кўради, ҳам яширади.
* * *
Шундай яшагинки, одамлар сендан ибрат олсин.
* * *
Шундай ўлгинки, одамлар ортингдан дуо қилишсин.
* * *
Ҳавога учсанг, пашша каби бўл, сувга тушсанг, хас каби бўл.
* * *
Неъматга етгач, шукр қилмаслик, меҳнат вақтида сабрсизлик, қисматга-тақдирга ризо бўлмаслик, яъни тан бермаслик, хизмат вақтида лоқайдлик, суҳбат вақтида ҳурматсизлик қилиш бағритошлик нишонасидир.
* * *
Балиқ суви билан тирик,
Бола сут билан тирик.
Шеъриятга – шоирга устод лозим,
Тариқатга пир даркор.
Зоҳид жаннатга даъват этади,
Ориф эса дўстга элтади.
* * *
Уни излаб ўзимни топдим. Эндиликда ўзлигимни қидирсам, албатта, Уни топаман.
* * *
Эй Аллоҳ! Бизларни шайтон васвасаси, жисмоний ҳою ҳавас ҳамда нодонлик ғурури каби уч офатдан ўзинг асра! Эй Аллоҳ! Жаннат кўз ва чироқдек бўлса ҳам, Сенинг дийдорингсиз дарду доғдир. Эй Аллоҳ! Мени дўзахга солсанг, асло инграмасман, аммо Ўзингнинг жамолингсиз жаннатга ташласанг, асло рози эмасман.
* * *
Ишқ дарди бедаводир, ишқнинг иши муддаога етмаган. Ишқ муддаоси балосиз бўлмас. Бирон бало етса, унда раддибало бўлмас. Ошиқ ҳам оловдир, ҳам сувдир, ҳам зулмдир, ҳам офтоб. Ишқда сабрсизлик абадий азобдир, тоатда беихлослик тириклик қабоҳатидир.
* * *
Ошиқнинг дили ҳамиша бедор, кўзи гавҳар тўккувчидир. Унинг муҳаббати меҳнат билан пайвастадир. Ошиқ учун юз бало олдида, минги эса йўлида. Бу йўлда Яъқуб (а.с.)дек йиғламоғи, Мажнундек нола чекмоғи даркор.
* * *
Эй Худо! Сенинг ёдингсиз барча шодликлар ғурурдир, барча ғам Сенинг ёдинг билан сурурдир.
* * *
Султонларга донишманд вазир, баҳодирларга қурол, отга қамчи ва тиғга даста лозимдир.
* * *
Содиқ дўст топиш, барчага яхшилик қилиш, ободликка интилиш ва халққа эҳсон қилишга одатланиш лозим.
* * *
Амирларнинг ғафлати, вазирларнинг хиёнати, ёмон кўзнинг ҳасади, фуқаронинг нодонлиги султон учун офатдир. Султоннинг марҳамати, зоҳидларнинг дуоси, буюкларнинг ҳамду саноси, дўстларнинг дийдори шодлик сабабчисидир.
* * *
Шижоат ва адолат, мурувват ва футувват, карам ва саховат ҳамда шафқату марҳамат давлат қудратининг асосини ташкил этади.
* * *
Худбинлик ва такаббурлик, ўзгаларнинг айбини қидириш, бахиллик ва тамагирлик аблаҳлик белгисидир.
* * *
Душман, олов, касаллик ва донишмандлик аслида кичик кўринса ҳам, каттадир.
* * *
Золим ҳоким, ақлсиз дабир, ҳаром мол ва замоннинг зайлида оқибат бўлмайди.
* * *
Айтилган сўз, отилган ўқ, ўтган умр ва ўлимни ортга қайтариб бўлмайди.
* * *
Жоҳиллар билан ҳамсуҳбат бўлиш, ёмонлар билан дўст тутиниш, сафсатабозларнинг насиҳатини тинглаш ва бефаҳм аёллар амрига бўйсуниш бадбахтлик нишонасидир.