282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 11

Читать книгу "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Текущая страница: 11 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

40. ШАЙХ МУҲЙИДДИН АБДУЛҚОДИР ЖИЙЛОНИЙ (ГИЙЛОНИЙ)

«Ғавсул Аъзам» номи билан танилган Шайх Муҳйиддин Саййид Абулқодир Жийлоний қодирия тариқати сўфийларидан бўлиб, Жийлоннинг Баштир қишлоғида 471/1078 йилда дунёга келган.

Жийлоний дастлаб Абу Закариё Табризийдан адабиёт бўйича дарс олган. Ўн олти ёшида Бағдодга бориб, Абу Бакр ибн Муҳаммад, Абулқосим Али ибн Аҳмад ибн Баён, Абу Толиб ибн Юсуф каби уламолардан калом ва ҳадис илмидан таҳсил олган. Али ибн Абу Саъид Мухрумийдан фиқҳ илмидан сабоқ олган. Абу Саъид Мухрумий қўлидан шайхлик хирқасини кийган.

Бағдодга қайтган Абдулқодир Жийлоний мадрасада мударрислик қилган. Жийлоний ўттиз уч йил давомида ваъз айтиб, толиби илмларга сабоқ берган. Жамоат орасида «султон ул-авлиё», «қутби аъзам», «ғавс ул-аъзам», «ғавс ул-сақалайн» деб улуғланган Абулқодир Жийлонийнинг мақоми олий бўлиб, Аллоҳнинг валийси, каромати зоҳир машойих эди.

Шайх Абулқодир Жийлоний тасаввуфдаги қодирия силсиласининг асосчиси, «машғуллик ва фориғлик» (ўзинг дунё билан машғул бўлганинг ҳолатида дилинг дунёдан фориғ бўлсин) ғоясининг тарғиботчисидир.

Жийлоний ислом тарихи, тасаввуф назарияси, ахлоқодобга доир «Китоби башора ал-ҳайрат», «Китоб ул-ғуния», «Китоб ул-фатҳ ур-раббоний вал-файзи ар-раҳмоний», «Китоби футуҳ ул-ғайб», «Китоб ал-файзот ал-раббония», «Мактуботи Жийлоний», «Сирр ул-асрор маҳзар ул-анвор», «Ал-куня ли толиби ториқ ул-Ҳақ» каби ўнлаб рисолалар муаллифидир.

Жийлоний Бағдод уламолари-ю толиби илмлари, фозиллари-ю арбоблари орасида мислсиз обрў қозонган. Унинг илмий қудрати, кашфу каромати ҳақида кўплаб ҳикоятлар тарқалган, китоблар ёзилган. «Баҳжат ул-асрор ва маъдан ал-анвар», «Дур ул-анвор», «Дур уд-дин», «Туҳфат ул-қодирия» «Маноқиби қодирия» каби мақомотлар шулар жумласидандир.

Абулқодир Жийлоний 90 йил яшаб, 562/1166 йилда вафот этган. Қабри Бағдодда. Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғус қишлоғида Абдулқодир Жийлонийнинг қадамжойи бўлиб, мўътабар зиёратгоҳ ҳисобланади.

* * *

Шайх Абдулқодир Жийлоний деди:

– Бизгача бўлган олдинги қуёшларнинг барчаси ботиб кетди, бизнинг қуёшимиз эса абадийдир, мангу ботмайди.

* * *

Ибн Арабий деди:

– Саййид Абдулқодир комил инсон ва замонанинг қутби, тариқатнинг шоҳи ва инсонларнинг тақдирида салоҳиятдор, маломатия арконидандир.

* * *

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд деди:

 
Ҳар икки оламнинг султони Шоҳ Абдулқодир,
Одам авлодининг ҳоқони Шоҳ Абдулқодир,
Аршнинг, Курсининг, қаламнинг ойи ҳам қуёши,
Энг буюк нурдан бу қалб нури Шоҳ Абдулқодир.
 
* * *

Ҳазиний деди:

 
Сулуким – Қодирия, раҳбаримдир пири пироним,
Саҳарлар Зарбулиллоҳни эмди одат қилмасам бўлмас.
 
* * *

Олимлар Аллоҳнинг хос қулларидирки, уларни диний илмлар учун танлади.

* * *

Эй фарзанд, Худо учун холис тақво қил, тоатни тарк этма, бировдан қўрқма ва бировдан умид қилма, ҳожатинг раво бўлса, уни Аллоҳдан деб бил, ҳожатларингни Худодан тила.

* * *

Валийлар дин илмларини тарқатувчи ва Пайғамбар (с.а.в.) нинг динларини маҳкам ушлаган ёрдамчи, унга эргашган, набийнинг таом ва шаробидан насибадор бўлганлари туфайли ортларидаги нарсаларни худди олдларида кўргандек кўра оладилар4343
  Абдулқодир Гийлоний (Ғавсул Аъзам). Раббонийликни англаш ва раҳмоний файзни қозониш. Биринчи китоб. 98-бет.


[Закрыть]
.

* * *

Барча амаллар ичида оч кишини қорнини тўйдиришдан кўра афзалроқ амал йўқдир.

* * *

Кўнгилнинг фақат битта қибласи бордир.

* * *

Сени унутмайдиган Зотни унутмагин, сендан ғофил бўлмайдиган Зотдан ғофил бўлмагин.

* * *

Ўзингга насиҳатгўй бўл, ана шунда ҳеч кимга муҳтож бўлмайсан. Авлиёлар насиҳати зоҳиринг учун бўлса, ўзингнинг насиҳатинг ботининг учундир.

* * *

Хукм ўзгаради, илм ўзгармайди. Ҳукм амалдан қолади, илм ҳамиша амалда бўлади. Аллоҳнинг илми камаймайди, ҳукми ҳам.

* * *

Зоҳир – ботиннинг белгисидир.

* * *

Қалбнинг илми кўпайгани сари Аллоҳга яқинлашади. Дунёга муҳаббати бўлган ҳар бир қалб Аллоҳдан тўсилгандир.

* * *

Ўз қадрини билмаган киши тақдир кўргуликларига дучор бўлади.

* * *

Фарз амаллари ҳеч бир кишидан ҳеч бир ҳолда соқит бўлмайди.

* * *

Эй қавм, сизнинг қорнингиз тўқ бўлса-ю, қўшнингизнинг егани нони бўлмаса, «мўминман» деб даъво қиласизми? Қўлингизда таом бўлиб, ўзингиздан ошса, эшигингиз ортида турган фақирга бермасангиз иймонингиз саҳиҳ эмасдир.

* * *

Аллоҳ инсоннинг ташқи олами тартибини шариат билан, ички олами тартибини маърифат билан дарж этган. Ҳар иккисининг бирикувидан ҳақиқат пайдо бўлади.

* * *

Юзаки тавба қилиб, асл мақсад сари юзланмаган кишини экинзордаги бегона ўтларни юлиб, илдизини қўпормаган деҳқонга ўхшатиш мумкин. У фақат ўтнинг кўриниб турган қисмини олади. Ҳақиқий тавба қилган киши ўтларни илдизи билан тозалаб ташлайди.

* * *

Нафсларингизни семиртириб юборманглар, агар улар семириб кетса, сизларни еб ташлайди.

* * *

Ғафлат уйқусидан уйғонинглар!

* * *

Дунёга қул бўлмай, унга ҳукмронлик қилиш авлиёлар сифатидир. Улар дунёнинг ўткинчилигини биладилар ва уни талаб қилмайдилар.

* * *

Мунофиқликдан ҳазар қилинг.

* * *

Эй гумроҳ банда, одамларга эмас, Ҳаққа тавба қил.

* * *

Эй инсонлар, сизлар дунёни кетидан қувлайсизлар. Дунё эса Аллоҳнинг дўстлари ортидан эргашиб юради.

* * *

Қалбнинг хотиржамлиги руҳга етади. Руҳнинг хотиржамлиги Аллоҳ муҳаббатига етказади.

* * *

Қалб тўғри бўлса, назар ҳам тўғри бўлади.

* * *

Ихлос билан ўқилган намоз мўминнинг меърожидир.

* * *

Эй нокас, қачонгача кўп ризқ тилайсан? Ҳолбуки, ризқинг ҳақида ёзиб бўлинган. Қисматингга ёзилмаган нарсани талаб қиласан. Нафс талабида ҳар қанча тиришиб, ҳирсга берилма, барибир тақдирингда ёзиб қўйилганидан бошқасига эриша олмайсан.

* * *

Мўмин киши мусибатлар келганида тоғ кабидир.

* * *

Ихлос билан қилинган зарра амал зоҳирий қилинган амалдан минг марта яхшироқдир.

* * *

Жисм қафас, руҳ қушдир. Мунофиқ киши қафасдаги қуш кабидир.

* * *

Нафсингдан тийилсанг, қалбинг ҳақиқат сирларини сўзлайди.

41. ХОЖА ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ

«Имоми раббоний», «Қутби аср», «Соҳиби каромат», «Шайх уш-шуйух» деб улуғланган Хожа Абу Яъқуб Юсуф Ҳамадоний 440/1048 йилда Ҳамадон шаҳри яқинидаги Бузанжирд қишлоғида таваллуд топган.

Юсуф Ҳамадоний Бағдодда Абу Исҳоқ Шерозийдан илмирфон сирларини ўрганган. Исфаҳон ва Самарқандда ҳадис илмидан сабоқ олган. Тасаввуфни Абу Исҳоқ Шерозий, Али Фармадий, Абдуллоҳ Жувайний ва Ҳасан Сиймоний каби замонасининг етук орифларидан ўрганган. Устози Абу Али Фармадий (ваф. 477/1084 й.)дан иршод олган. «Ғавс улаъзам», қодирийлик сулукининг асосчиси Абдулқодир Жийлоний (ваф. 562/1166 й.), «Ҳужжат ул-ислом» Муҳаммад Ғаззолий билан суҳбатдош бўлган. Юсуф Ҳамадоний Абдуллоҳ Ансорийнинг энг буюк издошларидан бўлган.

Таълим-тарбия соҳасидаги жонбозлиги туфайли Юсуф Ҳамадоний кўплаб шогирдлар етиштирган. Унинг хонақоҳи «Хуросон каъбаси» деб аталган. Алломаи замонни пир тутган муридларнинг 213 нафари машҳур шайхлар бўлиб етишиб, Мовароуннаҳр, Хуросон, Дамашқ, Ҳирот, Марв, Бағдод ва Қоҳиранинг шаҳару вилоятларида сўфийликни тарғиб қилган. Юсуф Ҳамадоний ўттиз саккиз марта пою пиёда Каъба зиёратига борган.

«Насойим ул-муҳаббат»да Юсуф Ҳамадоний «Олим ва имоми раббоний ва орифи соҳиб-аҳвол вал-мавоҳиб улжазила вал-каромат вал-мақомату-й-жамила»4444
  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 252-бет.


[Закрыть]
деб эҳтиром билан зикр этилган.

Юсуф Ҳамадоний Бухорода узоқ муддат яшаб, Хожа Абдуллоҳ Барақий Хоразмий, Хожа Ҳасан Андоқий Бухорий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний каби шайх ул-машойихларни тарбиялаб камолга етказган. Унинг тинимсиз фаолияти натижасида тасаввуф тарихида яссавийлик ва хожагон тариқати вужудга келган.

Хожа Юсуф Ҳамадоний қодирийлик сулуки қоидаларига суянган ҳолда «Хуш дар дам» (ҳар бир чиқарган нафасни назорат қилиш), «Назар бар қадам» (ҳар бир босган қадамни эътиборга олиш), «Сафар дар ватан» (яшаб турган жойида сафар ҳолида бўлмоқ, ватанда туриб сафар қилмоқ), «Хилват дар анжуман» (халқ орасида Ҳақ билан бўлиш) каби қоидаларни ишлаб чиқиб, сўфийлик амалиётига тадбиқ этган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Хожа Юсуф Ҳамадонийни баркамол инсон сифатида эҳтиром билан тилга олган: «Муборак оёқларидан бири иккинчисига нисбатан бир оз калта эди. Юзларида чечак хасталигидан излар қолган эди. Соқоллари узун ва қизғиш эди. Жуссалари озғинроқ эди. Кимни кўрсалар, «хожа» деб мурожаат қилар эдилар. Сафарга кўп чиқар эдилар. Либослари жундан ва ямоқли бўлар эди. Арпа унидан тайёрланган нон, тариқли нон, уруғ ёғи ва қовун истеъмол қилар эдилар. Қирқ кунда бир марта товуқ гўшти, баъзан туя ва қўй гўшт истеъмол қилар эдилар. Этикдўзлик ва деҳқончилик билан шуғулланар, Ҳақ таоло нима берса, камбағал, етим-есир, ғариб, бемор ва аёлманд (серфарзанд), муҳтож, йўқсил оилаларга тарқатар эдилар. Умрларида бирон марта тиланчилик қилмаган, муридларини ҳам бундан қайтарар эдилар. Доимо Аллоҳга суянар, дунёни обод қилишга уринмас, бошқаларни ҳам бу йўлдан ман қилар эдилар. Ҳар йил қирқ кун амри маъруф, наҳйи мункар қилар, инсонларга яхшиликни тавсия этар эдилар. Подшоҳ ва бойларнинг уйларига бормас эдилар. Етмиш беш йил бўйдоқ яшадилар»4545
  Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний. 12-бет.


[Закрыть]
.

Фаридуддин Аттор уни машҳур шайхлар қаторида эслаб, Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тасаввуф таълимотининг йирик намояндаси Мансур Ҳаллож тарафдорларидан бири бўлганига алоҳида урғу берган4646
  Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. 133-бет.


[Закрыть]
. Шайх Мажидуддин Бағдодий «Туҳфат ул-барара»да Юсуф Ҳамадонийнинг «Агар Мансур Ҳаллож маърифатни ҳаққи билан англаганда эди, «Анал-ҳақ» ўрнига «Анат-туроб» («Мен тупроқман») деган бўларди» деган сўзларини келтирган4747
  Бу ҳақда қаранг: Hayat nedur (Rutbet ul-hayat). Ahmed Yesevi’ nin hocasi Hоca Yusuf-i Hemedаni / Ceviren Necdet Tosun. – Istanbul, 1998. 16-бет.


[Закрыть]
.

Юсуф Ҳамадоний «Рутбат ул-ҳаёт», «Кашф», «Рисола дар одоби тариқат», «Манозил ус-соирин», «Манозил уссоликийн», «Рисола фи анал кавна мусаххарун лил-инсон», «Рисола дар ахлоқ ва муножот» каби асарлар муаллифидир.

Шайх Юсуф Ҳамадоний 535/1140 йилда ҳозирги Афғонистоннинг Бомиён шаҳрида вафот этган. Унинг васиятига биноан шайхнинг жасади муридлари томонидан ҳозирги Туркманистоннинг Марв шаҳрига кўчирилиб, шу ерга дафн этилган. Бухорода Шайх Ҳамадонийнинг рамзий қабри мавжуд4848
  Садриддин Салим Бухорий. Икки юз етмиш етти пир. 92-бет.


[Закрыть]
.

Алишер Навоий деди:

– Хожа Юсуф Ҳамадоний мақомоти олий ва машҳур, каромоти мутаволи ва номаҳсур эрмиш. Муриду асҳоби ғоятсиз ва шоҳу гадонинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш. Имом Юсуф Ҳамадоний қ. с. нинг асҳобидиндур. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний била (қ. с.) суҳбат тутубдур ва Хожа Абдуллоҳ Баррақий ва Хожа Ҳасан Андоқий (қ. р.) билаки, ҳам Имом Юсуф Ҳамадоний (р.т.) муридларидурлар.

* * *
 
Хожа Аҳмад Яссавий деди:
Мен йигирма етти ёшда пирни тобтим,
Ҳарна кўрдум, парда бирла сирни ёбтим,
Остонасин ёстанибон изин ўбтим,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано4949
  Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар. 58-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *
 
Фаридуддин Аттор дейди:
Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний, аё,
Соҳиби асрор эди, чин муқтадо.
Дер эдиким, боқсангиз болову паст,
Неки кўзга ташланур ул ерда, бас.
Ундаги ҳар зарра Яъқубдир магар,
Юсуфи гумаштадин сўргай хабар.
Дард керак йўл узра, бўлмоқ интизор,
Дарду муштоқликда кечсин рўзғор.
Холи эрсанг гар ғаму озоридан,
Бир замон дам урма сир-асроридан.
Кимда дард йўқдир, қароқчи ул эмиш,
Дардини чекмай, «Анал Ҳақ» ким демиш?
 
* * *

Фахруддин Али Сафий деди:

– Хожа Юсуф Ҳамадоний соҳиби аҳвол ва каромат эдилар. Ва Исфаҳону Ироқ ва Хуросону Самарқанд ва Бухорода ифодат ва истефода этдилар.

* * *

Кимда-ким бу йўл (тариқат)га амал қилиб, унга маҳкам ёпишса, албатта ҳамма қоронғуликлардан хотиржам, бидъат денгизи тўлқинидан халос бўлади.

* * *

Диний фикр ва амаллар билан тасалли топиб, ҳаловатга эргашган ҳар қандай инсон ислом билан тирикдир.

* * *

Ғазаб инсонни ақл билан ҳаракат қилишга йўл қўймайди.

* * *

Қалб билан зикр дарахтга ўхшайди. Қалб билан тафаккур дарахт билан мевага ўхшайди. Зикр натижасида маънавий фарзанд туғилади. У Ҳақ йўлига ҳидоят қилувчи фикрдир.

* * *

Инсонлар беш тоифага бўлинадилар: мўмин, кофир, мунофиқ, гуноҳкор ва мушрик. Иймон ҳақиқийдир, мажозий эмас. Иймон ортмайди ва камаймайди.

* * *

Душманларингизни ҳурсанд қилинглар.

* * *

Ҳақнинг тавфиқи банданинг феъли ва ғайратига боғлиқдир. Иймон икки аъзодаги бир нарсадир.

* * *

Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамайди, бошқа нарсалар ҳам унга ўхшамайди. У муайян бир маконда эмас. Балки маконни Яратувчидир. Унга макон ҳожат эмас.

* * *

Касб қилиб кун кечириш фарздир.

* * *

Иймон тоатдир, аммо ҳар қандай тоат иймон эмас. Солиҳ амал иймондандир.

* * *

Пайғамбарлар, валийлар, мўминлар, солиҳ зотлар ва гуноҳкорларнинг иймони билан Жаброил алайҳиссаломнинг иймони бир хил. Ҳар қандай гуноҳ иш куфр бўлавермайди.

* * *

Имомнинг нуқси қавмга уради.

* * *

Аллоҳнинг севикли бандаларининг муҳаббатлари юксак бўлса ҳам, илоҳий амрлар соқит бўлмайди.

* * *

Зоҳирингизни парокандаликлардан халос этинг, чунки зоҳиран пароканда кишининг ботини ва кўнгли ундан ҳам баттар пароканда бўлади.

* * *

Ақлга эргашинг, нафсга мухолифлик қилинг, ақл ва нафс бир жойда жам бўлмайдиган бир-бирига зид икки нарсадир.

* * *

Тоатга мағрурланманг, дунёга берилманг ва дунёвий безакларга майл этманг.

* * *

Қалб тафаккурини очувчи калит зикрдир. Зикр қалбни юмшатади ва кўнгил кўзини мунаввар қилади5050
  Хожа Юсуф Ҳамадоний. Рутбат ул-ҳаёт (Ҳаёт мезони). – Т.: «Янги аср авлоди», 2003.


[Закрыть]
.

* * *
 
Эй ишқ, санга покиза бу жон манзил,
Дардинга сенинг ақлу паришон манзил.
Дилга – маърифат олами сайёҳига
Савдонгда бўлибди чўл-биёбон манзил5151
  Юсуф Ҳамадоний / Донишмандлар туҳфаси. 55-бет.


[Закрыть]
.
 

42. ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ

Хожа Аҳмад Яссавий умр бўйи Худо йўлида фидойилик билан хизмат қилиб, инсон қадрини эъзозлаган буюк тариқат асосчиси бўлиб, юксак эҳтиром юзасидан «Ҳазрати Туркистон», «Пири Туркистон», «Ҳазрат Султон», «Хожа Аҳмад», «Султон Бобо», «Қул Хожа Аҳмад», «Ҳазратим» деб улуғланган.

Хожа Аҳмад Яссавий XI аср ўрталарида Сайрамда Иброҳим ота оиласида дунёга келган. У гўдаклигида онасидан, етти яшарлигида отасидан ажраб, етим қолган. Уни Арслон боб тарбиялаган. Аҳмад дастлаб Яссида ўқиган, сўнгра бобосининг тавсияси билан Бухорога бориб, мадрасада таҳсил олган. Бу ерда фиқҳ илмининг устози, шайх ул-ислом, тасаввуф фалсафаси донишманди Юсуф Ҳамадонийдан таълим олган. Аҳмад Яссавий устози вафотидан кейин бир муддат Бухорода унинг ишини давом эттиради. Сўнг Яссига қайтиб келиб, отаси Шайх Иброҳимнинг муриди Мусо Шайхнинг қизи Ойшага уйланади. Унинг Иброҳим ва Гавҳари Шаҳноз исмли фарзандлари бўлган.

Яссавий фаолиятининг дастлабки йилларидаёқ ўз дунёқарашини халқ орасида кенгроқ ёйиш мақсадида туркий қўшиқларга яқин шеърлар ижод қила бошлайди. Кейинчалик Яссига қайтиб, кўплаб тарафдорлар, шогирдлар орттирган. Яссавий «Девони ҳикмат» муаллифидир. Унинг ҳикматларида инсоният пайдо бўлгандан бери тарихий ҳақиқат, афсоналар, ривоятлар, турли исломий арбоблар, диний-фалсафий оқимлар асосчиларининг ҳаёти, турмуш тарзи, комиллик йўлидаги тутган русуми ғоят нафис, тадрижий такомилда ўз аксини топган. Аҳмад Яссавий кишиларни асл мақсад – Худога етиш учун машаққат-риёзат чекишга, маърифат касб этишга, исломий ва дунёвий аҳкомларни эгаллашга чорлаган. Яссавий тўғрилик, меҳнатсеварлик, мўминларга меҳрибонлик, инсоф, мурувват ғояларини илгари сурган. Айрим ҳикматларда ижтимоий адолатсизликка қарши кескин фикрлар, дилозор, мардумзор, муфтхўр бўлмасликка даъват кучли. Яссавий, нодонлик, жаҳолат ва разолатни қаттиқ қоралаб, меҳнаткаш халқни талаётган замон ғаддорларини рўй-рост танқид қилган, адолатли, меҳр-шафқатли бўлишга чорлаган. Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари туркий элларнинг босқинчи мўғуллар зулмига қарши курашида қудратли маънавий қурол бўлиб хизмат қилган. «Ҳикматлар» нафақат ғоявий жиҳатдан, балки бадиий нуқтаи назардан ҳам XII аср туркий шеъриятининг мумтоз намунасидир. Ҳикматлар ғоятда равон оҳангда, жонли тилга яқин иборатларда битилган.

Аҳмад Яссавийнинг ҳаёти ва фаолияти Сулаймон Боқирғонийнинг «Боқирғон китоби», Мавлоно Сайфуддин Қўйлуқийнинг «Насабнома», Фахруддин Али Сафийнинг «Рашаҳот», Фазлуллоҳ Исфаҳонийнинг «Меҳмонномаи Бухоро», Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр», Шайх Муҳаммад Сиддиқнинг «Ламаҳот», Муҳаммад Фуод Купрулизоданинг «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» асарларида акс этган.

Аҳмад Яссавий 63 ёшга, яъни Пайғамбар ёшига етгач, ер остига кириб, умрини тоат-ибодат, Худо йўлида риёзатда ўтказиб, 562/1166 йилда вафот этган. Қабри Туркистонда. Амир Темур Хожа Аҳмад Яссавийга атаб муҳташам мақбара қурдиргани нафақат бизнинг, балки бутун жаҳон эътиборига сазовор тарихий ҳодисадир5252
  Амир Темур ва унинг жаҳон тарихидаги ўрни мавзуидаги халқаро конференция тезислари. 1996 йил 23–26 октябрь. – Т.: «Ўзбекистон», 1996. 42–43-бетлар.


[Закрыть]
.

* * *

Алишер Навоий деди: Хожа Аҳмад Яссавийнинг мозори Туркистонда, Ясси деган ердаки, анинг мавлид ва маншаидур воқеъ бўлубдур ва Туркистон аҳлининг қиблаи дуосидир5353
  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 419-бет.


[Закрыть]
.

* * *

Хожа Аҳмад Яссавий деди: Биздан кейин шундай машойихлар пайдо бўладики, халққа дўст бўлиб, халқ истагини бажарадилар, мурид бошқарадилар, лекин уларни мақсадга эриштира олмайдилар. Зоҳирлари ораста, ботинлари хароб бўлади. Куфр билан иймоннинг фарқига бормайдилар. Аҳли суннат ва жамоатни душман кўриб, аҳли бидъат ва залолатни севадилар. Ёмонлик қилиб, яхшилик умид қиладилар. Шайхлик даъво қиладилар. Уларнинг қилганларини илм ўрнида кўриш ва бидъатини суннат деб мубоҳ билиш – шариатда куфр, тариқатда мардудлик ва ҳақиқатда безор бўлишдир. Сохта шайхларга қўл бериб, иродат қилган ва ўзларини азобга гирифтор этадиган кишиларнинг ҳолига ачинаман5454
  Хожа Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат. Янги топилган намуналар. 173-бет.


[Закрыть]
.

* * *

Аҳмад Яссавийнинг ўғли Иброҳим суйри бойлари сув бермаётганидан шикоят қилади. Яссавий ўғлига таёғини бериб, эрталаб булоқ бошига бориб, таёқни тиқиши ва полиз майдонигача судраб келишини уқтиради. Иброҳим отасининг айтганини қилади. Эрта тонгда суйри бойлари ҳамма ерни сув қоплаб ётганини кўриб, жаҳллари чиқади. Суйри бойларидан бири ухлаб ётган Иброҳимни кетмон билан чопиб, иккинчи бой Иброҳимнинг бошини кесиб, хуржунига солади. Суйри бойлари хонақоҳга келиб, Хожа Аҳмаднинг олдига хуржунни ташлаб: «Мана, ҳандалагингиз пишибди, олинг» дейишади. Аҳмад Яссавий ботин кўзи билан воқеани англагач, Аллоҳнинг иродасига таслим этади. Фарзандининг қазосига рози бўлгани учун суйри бойларига аҳамият бермайди, ҳаттоки ўрнидан қўзғалмайди. Ердан юзини кўтармаган ҳолда: «Аттанг, хомлайин узиб қўйибсизларку» деб, зикр айтишда давом этади. Ҳаким ота шундай ёзади:

 
Суйри халқи Иброҳимнинг йўлин тўсди,
Оччиқланиб, жаҳл билан сувға бости.
Сув ичинда Иброҳимнинг бошин кести,
Қўли қуриб, қотти билинг, дўстларим-о.
Суйри халқи дуо олмай, расво бўлди,
Икки олам ўртасида гумроҳ бўлди.
Боши қотиб, ақли кетиб, бероҳ бўлди,
Нодонлардин ибрат олинг, дўстларим-о5555
  Сулаймон Боқирғоний. Ҳикматлар / Аҳмад Яссавий. Сулаймон Боқирғоний. Ҳикматлар қуллиёти. – Т.: «Ўзбекистон», 2011. 399-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *

Токи шамъ каби ёниб адо бўлмасанг, пок ишқдан сўз очма.

* * *

Эргашиладиган инсонлар уч қисмдир: шариат раҳнамолари – олимлар ва ҳукмдорлар, тариқат раҳбарлари – шайх ва сўфийлар, ҳақиқат йўлбошчилари – орифлар ва Ҳаққа яқин пири муршидлар.

* * *

Шариат зоҳирда аъзолар билан амал қилиш, тариқат қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир (қалбдаги жавҳар) билан амал қилишдир.

* * *
 
Аё дўстлар, нодон бирла улфат бўлуб,
Бағрим куюб, жондан тўюб ўлдим мано.
Тўғри айтсам эгри йўлға бўйин тўлғар,
Қонлар ютуб, ғам заҳриға тўйдум мано.
 
* * *
 
Дуо қилинг нодонларнинг юзин кўрмай,
Ҳақ таоло рафиқ бўлса, бирдам турмай,
Бемор бўлса, нодонларни ҳолин сўрмай,
Нодонлардин юз минг жафо кўрдум мано.
 
* * *
 
Таом топсанг жонинг била қилғил эҳсон,
Ҳақдин жо эшитиб, бу сўзларни айтдим мано.
Суннат эрмиш кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қаттиғ дилозордан Худо безор.
 
* * *
 
Оқил эрсанг эранларға хизмат қилғил,
Амри маъруф қияғонларни иззат қилғил.
Нафсдан кечиб, қаноатни пеша қилғон,
Ҳар ким топса, рози бўлуб, бўйин сунғон.
 
* * *
 
Банда бўлсанг манманликни зинҳор ташла,
Саҳарларда жонинг қийнаб, тинмай ишла.
Йўлдан озғон гумроҳларни йўлға бошла,
Бир назарда дилларини сафо қилдим.
 
* * *
 
Қайда кўрсанг кўнгли синуқ марҳам бўлғил,
Андоқ мазлум йўлда қолса ҳамдам бўлғил.
Уммат бўлсанг ғарибларга тобеъ бўлғил,
Оят, ҳадис ҳам ким айтса, сомеъ бўлғил.
 
* * *
 
Нокас, хасис, бедиёнат қуллар ҳоким,
Моуманлик ҳаддан ошиб бўлди золим.
Халқ ичинда хор бўлдилар дарвеш, олим,
Ҳимояти халқни кофир бўлди кўрунг.
 
* * *
 
Эшон, шайх, хўжа, мулло дунё излар,
Ул сабабдин подшоҳларға ёлғон тузлар.
Оят, ҳадис сўзин қўюб, мулкни кўзлар,
Ҳақ йўлида ҳаргиз меҳнат тортқони йўқ.
 
* * *
 
Аҳли дунё халқимизда саховат йўқ,
Подшоларда, вазирларда адолат йўқ.
Дарвешларнинг дуосида ижобат йўқ,
Турлук бало халқ устига ёғди, дўстлар.
 
* * *
 
Тўғри юрган ошиқлардин Худо рози,
Ошиқ иши осон эмас, қилма бози.
Ёлғончилар «ошиқ мен» дер, Аллоҳ қози,
Иймонини пучак пулга сотар эрмиш.
 
* * *
 
Ер остига кирдим қочиб нодонлардин,
Илким очиб дуо тилаб мардонлардин.
Ғариб жоним юз тасаддуқ донолардин,
Доно топмай, ер остига кирдим мано.
 
* * *
 
Ғариб, фақир етимларни Расул сўрди,
Ўшал туни меърож чиқиб дийдор кўрди.
Қайтиб тушиб ғариб, етим излаб юрди,
Ғарибларни изин излаб тушдим мано.
 
* * *
 
Таъма қилма нодонлардин, қадринг билмас,
Зулмат ичра йўл одашсанг, йўлға солмас,
Бўйнунг қашиб зори қилсанг, қўлунг олмас,
Нодонларни шиква айлаб келдим мано
 
* * *
 
Доғи ҳижрон эзди бағрим, қони дардманд,
Доно туфроқ, нодонларни кўкси баланд.
Оят, ҳадис баён қилсам, қилмас писанд,
Кўксум тешинг, дарду ғамга тўлдим мано.
 
* * *
 
Олим улдир – шариатда жавлон қилса,
Тариқатнинг бозорига ўрнин солса,
Муҳаббатнинг дарёсидин, гавҳар олса,
Андоғ олим бўлур, дўстларимо.
 
* * *
 
Олиммен деб китоб ўқур, маъно ўқмас,
Кўб оятнинг маъносини ҳаргиз билмас,
Такаббуру манманликни дини тутмас,
Олим эрмас, жоҳил турур, дўстларимо5656
  Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1992. 7–54-бетлар.


[Закрыть]
.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации