282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 19

Читать книгу "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Текущая страница: 19 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

72. МАХДУМИ АЪЗАМ КОСОНИЙ

Шарқ тасаввуф таълимоти тарихида ўзига хос ўрин ва мавқега эга бўлган Махдуми Аъзам Косонийдир.

Махдуми Аъзам ўз даврининг саййидзода уламоси Саййид Жалолиддин хонадонида 869/1463 йилда Косон (ҳозирги Косонсой) шаҳрида туғилган. Дастлабки таълимни ўз юртида олган Аҳмад Марғилон, Чуст, Шоҳрухия шаҳарларида бўлиб, уламо ва донишмандлар билан суҳбат қуриб, ўз даврининг буюк донишмандларидан дарс олган.

Мавлоно Муҳаммад Қози Махдуми Аъзамга тариқат илмидан таълим берган. Самарқанд мадрасасида таҳсил кўрган. Бир муддат Бухорода истиқомат қилган. Таҳсилни тамомлаб, она юрти Косонга қайтган Махдуми Аъзам халқни Ҳақ йўлига даъват этган. Махдуми Аъзамнинг илму маърифатдаги нуфузи маълум ва машҳур бўлгач, Кармана, Миёнкол ҳокимлари Махдуми Аъзамни Самарқандга кўчиб келишга даъват этадилар. Аллома бу таклифни қабул этиб, шаҳардан унчалик узоқ бўлмаган Даҳбед қишлоғига жойлашади. Боғбонлик ва деҳқончилик билан кун кечиради.

Муҳаммад Қози вафотидан сўнг сулукни бошқариш Махдуми Аъзамга юклатилади. Тариқат аҳли Махдуми Аъзамни «пешвойи тариқат» деб эътироф этишади. Махдуми Аъзам халқ орасида нақшбандия таълимоти тарғиботи билан шуғулланиш билан бирга самарали ижод қилиб, «Асрор ул-никоҳ», «Самоия», «Рисолаи вужудия», «Одоб уссоликийн», «Одоб ус-сиддиқийн», «Ганжнома», «Бақоия», «Насиҳат ус-соликийн», «Танбият ус-салотийн», «Нафаҳот ус-соликийн», «Шарҳи рубоиёт», «Муршид ус-соликийн», «Шарҳи як ғазали Убайдуллохон», «Ўн икки рубоий шарҳи», «Зубдат ус-соликийн», «Гул ва Наврўз», «Рисолаи Бобурия» каби йигирмадан зиёд рисола ёзган. Махдуми Аъзам форсий тилда шеърлар битган бўлса ҳам махсус девон тузмаган.

Махдуми Аъзам кўплаб муридлар тарбиялаб, етиштирган. Бу ҳақда Шарафуддин Роқимий «…шулардан бири валийлик мулкининг волийси, мақбул ҳидоят иршоди мамлакатининг соҳиб сарири Ҳазрати Борий Ҳожиб Калон Хожаси Жунборийдир. Қуддиси сирриҳу ким тарбияти бобидан саҳоби файзидан, ҳиммат жўйборининг томчиларидан кўплаб миллат саҳобаларини камолот даражасига етказди. Онҳазрат муридларидан бир қанча номдор авлиёлар ул зот мақомотларида мазтур ва мазкурдир. Ҳазрати Махдуми (қ.с.) авлод ва фарзандлари ҳар бир шаҳарда иршод маснадида ўтириб халойиқни «холиқ ул-ибод»га ҳидоят қилдилар»123123
  Шарафиддин Роқимий. Тарихи томм. – Т.: «Маънавият», 1999. 94-бет.


[Закрыть]
.

Муҳаммад Содиқ Кошғарийнинг «Тазкираи хожагон», Муҳаммад Сафойи ул-котибнинг «Анис ут-толибин», Дўст Муҳаммад Фолизкорнинг «Танбият уз-заллин валмузиллин», Наврўз Аҳмад Кешийнинг «Силсилат ус-содиқин ва анис ул-ошиқин», Абул Бақо ибн Баҳоуддин ибн Махдуми Аъзамнинг «Жомеъ ул-мақомат», Шарафуддин Роқимийнинг «Тарихи томм» асарлари Махдуми Аъзамнинг ҳаёти ва фаолиятининг айрим жиҳатларини ўрганишга кўмаклашадиган нодир манба ҳисобланади

Махдуми Аъзам 949/1542 йилда вафот этган. Қабри Самарқанднинг Даҳбед мавзесида. Замон шоирлари бу санани ифодалаб марсия ва тарихлар ёзишган. Шарафуддин Роқимий «Маҳобат фалагининг қуёши ва валийлик доирасининг маркази» дафн этилган мақбарани – хиёбони тўбийнишонни Нодир девонбеги арлот қурдирган» деб тарих ёзган:

 
Хиёбони дарахт аз нахли эман,
Ҳама якто ба атвор чиҳилтан.
Саро-сар ҳамчун дарвешони комил,
Ба зикри арра ҳама аз таҳи дил.
Дарахтон баста саф аз ҳар ду чониб,
Чў пирони Худо чу дар мароқиб.
 

(Хиёбон дарахти эман нахлидан бўлиб, ҳамма қирқи бир тандай. Улар комил дарвешлар каби сидқидилдан зикр айтиб туришибди. Ҳар икки томондаги турнақатор дарахтлар мароқабага саф тортган пир (донишманд)ларга ўхшайдилар.)

* * *

Махдуми Аъзам дейди:

– Соликлик давримда мадрасаи жавҳарияда эдим. Бу бузрук тоифанинг халифаларидан Мавлоно Зиё менга устозлик қиларди. Кечалари «Маснавийи шариф»ни ўқишни буюрар эди. Бир куни фақирга илтифот қилиб айтдилар: «Сенда тариқатга жиддий мойиллик кўрмоқдаман. Ушбу замонда унинг бошқаруви Хожа Насириддин Убайдуллоҳ қўлидадир. Сен ул зотнинг ёнларига боришинг керак». Сўнг менга мулозамат одобини ўргатиб, айтдилар:

– Ул азизнинг қошида зинҳор дунё ва охират ишларини хотирингга келтирма ва сўрамагилки, бу айни беадаблик бўлур. Бундай зотларнинг олдига борган киши ҳар хил хаёлларни кўнгилдан чиқариш керак ва бу тоифанинг каромат ва мақомотидан сўрама.

Мен заиф ул азизнинг гапларига амал қилдим ва шу саодатга мушарраф бўлдим.

* * *
 
Шарафуддин Роқимий дейди:
Тоабад эй силсила нагусиста бод,
Кардани айёми бидон баста бод.
Харқи одати кашфу каромат,
Он жаноб чун зуҳури офтоб.
 

(Эй, силсила тоабад узилмагай, айём кирдикори ундан тўсилгай. Кашфу каромати ақлга сиғмас, ул жаноб офтоб зуҳури кабидир.)

* * *

Заҳириддин Муҳаммад Бобур деди:

 
Дар ҳавойи нафси худи мо умри зоъи кардаим,
Пеш аҳлуллоҳ аз афъали худ шармандаим.
Як назар ба мухлисони хастайи дил фармон ки, мо
Хожаги (Аҳмад) ро мондаим ва хожагиро бандаим.
 

(Нафсимиз ҳавасларида умримизни нобуд қилдик. Энди аҳлуллоҳ олдида қилиқларимиз учун шарманда бўлдик. Биздек хастаи дил мухлисларингга бир назар қилки, биз Хожаги Аҳмадни ташлаб кетган бўлсак-да, лек биз унинг муридларимиз.)

* * *

Ҳазрати Мавлоно Лутфуллоҳ деди:

– Ҳазрат Махдуми Аъзам Ахсикентга келганларида кўзларидан сув кетадиган касаллари азоб берарди. Ул зотнинг хаёлига Самарқандга бориб бу касалликдан даволаниш фикри келди, аммо вилоят ҳокими рози бўлмади. Иттифоқо, шу пайтларда кимнингдир симобдан тайёрланган дори сотиб юрганидан хабар топдилар. Ул зот ҳокимдан ўша симобфурушни топтиришни сўрайди. Сал ўтиб ҳазратнинг муборак қулоқларига ҳокимнинг дори топгани ҳақидаги хабар етди. Аммо ҳоким дорини ҳазратга етказмади. Ҳазрат Эшон ғазабланиб: у менга душман экан, дорини ҳам бермади, шаҳарга бориб даволаниб келишимга ҳам рухсат бермади. Шундан сўнг уч маротаба: «Хожам, ўзингиз биласиз» деб такрорлайди. Эртаси куни ҳоким шикорга бориб, қаттиқ терлайди. Ўша куни тоби қочиб, бир кеча ўтиб вафот этади.

* * *

Мавлоно Лутфуллоҳ айтдилар:

– Ибтидои иродат вақтимда ул зотнинг мулозаматларига бордим ва бир дарахт остига ўтириб зикрга машғул бўлдим. Кўнглимдан завқ ва шавқ билан ўтказдимки, хожагон силсиласи қандайин яхши тариқат эканки, ҳеч ким унинг амали ва ҳузурини тушунтириб бера олмайди.

Махдуми Аъзамнинг ишонган одамларидан Мавлоно Турди деди:

– Эй, Мавлоно Лутфуллоҳ, сизга башорат муборак бўлсин. Ҳазрати Эшон Махдуми Аъзам сизнинг ҳаққингизга иноятлар ва лутфлар қилиб дедилар:

– Бу муллони шундай кўрмоқдамизким, олдин ўтган машойихларда воқеъ бўлмаган нарсалар ундан юз беради.

* * *

Ҳазрати Махдуми Калон дедилар:

– Ҳазрати Мавлоно Муҳаммад Ғози Бухорога келганларида мен сулуки Хожагонда хизматда эдим. Намози бомдоддан сўнг масжид ичида муроқабада ўтирганимда ногаҳон ғайбат юз берди. Тушда кўрдимки, Ҳазрати Рисолатпаноҳ (с.а.в.) келдилар ва бир олмани ҳидлаб менга тақдим қилдилар. Унинг ҳиди жумлаи оламни тутди. Воқеани Махдумга баён қилдим.

Ҳазрат уни таъбирлаб, дедилар:

– Иншооллоҳ, сендан шундай бир нисбат зуҳурга келгайким, бутун оламни қўлга киритгайсан.

Ўша даврда мен ёлғиз ва муҳтожликда яшар эдим. Бир хирқа, сочиқдин бошқа нарсам йўқ эди. Сочиқни ўраб, суюнчи сифатида ҳазратга бердим. Ҳазрати Эшон лутф ва иноят қилдилар.

* * *

Мавлоно Шоҳ Ҳожи нақл қилади:

– Бир куни муршиди аълам, Махдуми Аъзам мулозаматларида ўтирганимда бир киши келиб, Ҳазрат Эшоннинг чап томонларига ўтирди. Ҳазрати Эшон унга маориф ва латойифдан сўзладилар. Кўнглимдан «нега Махдум менга такаллум қилмайдилар ва қарамайдилар» деган фикр ўтди. Шу лаҳзада Махдумнинг кифтларида айни сурату дасторда бир бош кўринди ва менга ҳақойиқ ва маорифдан сўзлади. Суҳбат охиригача шу ҳол кайфиятида бўлдим. Бундай каромат мушоҳадасидан сўнг ул зотга бўлган эътиқод ва ихлосим янада ошди.

* * *

Махдуми Аъзам деди:

– Расули акрам (с.а.в.)нинг «Амирларнинг яхшиси олимларни, олимларнинг ёмони эса амирларни зиёрат қилади» ҳадиси шарҳи шуки, агар амирни зиёрат қилувчи уламо доно танбеҳлар воситаси билан давлатда адолатлик, эзгулик, фуқаролар орасида осойишталик ва барқарорлик ўрнатишни мақсад қилиб олса, бундай олим аслида мазкур (зиёрат этилган), амир эса зоъир (зиёрат этувчи) деб ҳисобланади.

* * *

Ҳар бир инсон юрагида (илоҳий) кўзгу мавжуд, аммо уни ғофиллик занги босади. Зангни йўқотиш учун инсон тариқатга киришиб, руҳий камолотга интилиши лозимдир.

* * *

Толиб (ҳақиқат изловчи) учун унинг Аллоҳ йўлида қилган ибодатлари фақат халқ билан бўлган алоқа ва суҳбатларида самарали бўлиши мумкин, агар у номард бўлса, мард бўлади, мард бўлса шермард бўлади ва агар шермард бўлса фармард (мислсиз, тенги йўқ) бўлади.

* * *

Хожагон тариқати … ўзида кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган тариқатларни мужассам этган тариқатлар сараси ва тузи, «силсилат уз-заҳаб» (олтин силсила)дир.

73. МАВЛОНО ХОЖАГИЙ ИМКАНАГИЙ

XVI асрда Ўрта Осиё ҳудудидан ўнлаб тасаввуф алломалари етишиб чиққан. Улардан бири пуркаромат авлиё, улуғларнинг улуғи, фозилларнинг дўсти, жамоанинг маслакдоши, халқнинг таянчи, «қутблар қутби» Мавлоно Имканагийдир.

Бўлажак тасаввуф билимдони Хожагий Муҳаммад Имканагий 918/1512 йилда Китоб туманининг Имкана мавзеида замонасининг машҳур зиёлиси Дарвеш Муҳаммад хонадонида таваллуд топган. Дарвеш Муҳаммад Хожа Аҳрор Валийнинг халифаси бўлган. Дастлабки билимни отасидан олган Мавлоно Имканагий Бухоро, Самарқанд мадрасаларида таҳсил кўрган. Ўз даврининг буюк донишмандларидан тасаввуф илмидан сабоқ олган. Яъқуб Чархийдан тариқат сирларини ўрганган. Махдуми Аъзам Косоний суҳбатларида иштирок этган. Зоҳир ва ботин илмида камолотга эришган. Нақшбандийлик тариқатининг тарғиботчиси, буюк донишманд сифатида шуҳрат қозонган.

«Қутб ул-ақтоб» даражасига эришган Мавлоно Имканагий ниҳоятда тавозеъли эди. Агар бирон мусулмон бу шариф манзилга келса, Ҳазрати Эшон ёши улуғлигига қарамай унинг хизматига машғул бўлган. Заифлик туфайли муборак қўллари қалтираса-да, ўзи меҳмон олдига дастурхон келтириб ёзган. Кўпинча меҳмоннинг хизматкори ва уловидан ҳам ўзи хабар олган. Шу тариқа кўп халққа соҳиб (пир) бўлган. Мавлоно Имканагий замонасининг улуғ алломаси, Абдуллахондек ҳукмдорларнинг тинчлик учун марказлашган давлатнинг бутунлигини сақлаш учун интилишларини қўллабқувватлаган, кўплаб маърифат фидойиларини тарбиялаган хокисор инсон эди.

Насриддин Ҳанафийнинг «Туҳфат уз-зоирин» китобида Имканагийнинг руҳий қудрати, кароматлари хусусида, шайхнинг замон ҳукмдорларини адолатпешаликка, сулҳу амниятга даъват этгани ҳақида қизиқарли ҳикоятлар жамланган. Жумладан, Имканагийнинг дуоси билан Самарқанд ҳукмдори оз лашкар билан душман устидан ғалаба қозонган. Мавлоно Имканагийнинг фарзанди махдумзода Абулқосим тугал шавқ ва жазба соҳиби эди. Чунончи қиш кунларида қор қалинлигига қарамасдан оёқяланг далада юриб, шу тарзда Исфизорга бориб, у ерда бобоси мозори олдида ўтирар, ҳаво шу қадар совуқ бўлар эканки, Ҳазрати Мавлононинг изидан юборилган ходимларнинг қўл-оёқлари музлаб қолар, аммо жунун оташи иситган махдумзодага совуқ кор қилмас экан. Мавлоно Абулқосимнинг тақводорлиги (Абу Бакр) Сиддиқ (р.а.)никидек эди. Дунёдаги одамларга ҳам моли, ҳам сўзи билан ёрдам қилиб, уларнинг ҳожатларини қондиришда юксак ҳиммат зоҳир этар эди. «Интиҳоб ул-китоб ун-насама»да Мавлоно Хожагий ва унинг отаси Дарвеш Муҳаммад ҳақида қимматли маълумотлар қайд этилган.

Шайх 1009/1600 йилда Имкана қишлоғида вафот этган. Бу жой ҳозир зиёратгоҳ бўлиб, унинг ёнида ўғиллари Хожа Абулқосим томонидан 1011/1602 йилда қурдирилган хонақоҳ ҳозир ҳам мавжуд.

* * *

Насриддин Ҳанафий «Туҳфат ул-зоирийн»да ёзади:

– Бу зотнинг юзини Аллоҳ жуда равшан қилган эди. Юзларидан нур ёғилиб турар эди.

* * *

Абдуллахоннинг ўлимидан кейин ўғли Пирмуҳаммадхон Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлди. Унинг қариндошларидан Танам Султон Абдуллахон тарафидан Ҳирот ҳокими этиб тайинланган эди. У туркманлар қўлидан шаҳодат топгач, биродари Боқихон отаси ва баъзи биродар ҳамда биродарзодалари билан Мовароуннаҳр тарафига шитоб қилдилар. Пирмуҳаммадхон Самарқанд ҳукуматини бу жамоатга топширди. Бир неча кундан кейин унинг хотирида ваҳима пайдо бўлди ва уларни қатл этишга қасд қилиб, катта лашкар тўплаб, Самарқандга отланди. Ул жамоа Ҳазрати Мавлонодан ҳимоячи бўлишни илтимос қилиб дедилар: биз барча ака-ука султонлар хон буйруғига кўра Самарқандга ўрнашдик ва унга итоат этишни ихтиёр этдик. Биздан нима айб содир бўлдики, устимизга лашкар тортиб келмоқда?

Ҳазрати Мавлоно (қ.с.) Пирмуҳаммадхон лашкари қаршисига бориб, турли насиҳат ва илтимослар қилди. Бу дамда вазият унга қулай бўлгани учун Пирмуҳаммадхон Мавлононинг сўзларини қабул қилмади. Ҳазрати Мавлоно ниҳояти дарғазаб бўлиб, қайтиб келиб Боқихонга деди:

– Ўғлим, ўз аскаринг камлигидан андиша қилмагин. Қанчадан-қанча кам гуруҳлар Аллоҳ иродаси билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қозондилар?

Мавлоно кўмак қўлини Боқихоннинг елкасига қўйиб ҳамда муборак футасини унинг белига боғлаб дейди: «Худойи азза ва жаллага таваккул қилиб, душман лашкари устига ташлан, Мовароуннаҳр сенга муборак бўлсин». Бу башорат ишорасидан сўнг журъатсиз одам ҳам ботир бўлади ва лашкари тўрт мингга етар-етмас бўлишига қарамасдан, (Боқимуҳаммадхон) эллик минг нафарга қарши жангга отланди. Мавлоно Имканагийнинг ҳиммати ва руҳий мадади туфайли Боқимуҳаммадхон Пирмуҳаммадхон устидан ғалаба қозонди.

* * *
 
Шарафуддин Роқимий «Тарихи томм» китобида дейди:
Олийқадр қутб мулло Хожагий сафо конидир,
Одамлар дилига яхшиликдан ўзга нарса экмади.
Ул маърифат баҳри ғаввоси, оламдан ёш кетди,
Жисмидаги барча заррани наю биҳишт сувига.
У олам қутби, одамлар некхоҳи эди,
Ҳақ таоло унга биҳиштдан жой берди.
Дин аҳли шайхи замон муқтадоси эди,
Қазо унинг вафоти тарихини «
Шайхи аҳли дин» деб ёзди124124
  Шарафуддин Роқимий. Тарихи томм. 146-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *
 
Замон то замон марг ёд оядам,
Надонам кунун, то че пеш оядам.
Жулойи мабодо маро аз Худой,
Ва гар ҳар че пеш оядам125125
  Исомиддинов С., Қурбонов Э. Мавлоно Хожагий Имканагий. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1997. 26-бет.


[Закрыть]
.
 

(Ҳар замонда ўлим ёдимга тушади. Ушбу дамда нимага дучор бўлишимни билмайман. Ҳар нарсага дучор бўлсам ҳам, Худодан жудо бўлмасам бўлгани.)

* * *
 
Маҳду заммат гар тафовут мекунад,
Бутгаре бошад ке, у бут мекунад.
 

(Кимки сенинг маҳдинг ва маломатингни тафовут қилса, у бут ясовчидир ва у бут ясаяпти.)

* * *

Эй Ҳақ йўлчиси, қўлингга тикан санчилмагунча, гул уза олмайсан.

74. ШАРАФУДДИН РОҚИМИЙ

Ўтмиш маданий, адабий ҳаётида тарихнавислик ўзига хос ижодий анъана бўлган. Муайян шоир бирон-бир тарихий воқеа, бирон буюк шахснинг таваллуди ёки вафоти санасини икки мисра, икки ёки уч байтда тасвирлаб, рақамларни араб алифбосидаги ҳарфлар қобиғида берган. Шарафуддин Роқимий ана шундай шеърий шаклнинг моҳир устаси, адабиётшунос бўлган. Унинг ҳаёти ва фаолияти XVII асрнинг охири XVIII асрнинг биринчи чорагига тўғри келади.

Роқимийнинг отаси Мулла Шарафуддин Аълам ибн Нуриддин Охунд ибн Мулла Фарҳод асли андижонлик бўлиб, Субҳонқулихон (ваф. 1114/1702 й.) даврида Аълами Калон лавозимида ишлаган.

Роқимийнинг болалик йиллари Шоҳрухияда ўтган. Бир неча йилдан сўнг оила Самарқандга кўчиб кетган. Шарафуддин аввал мактабда, сўнгра мадрасада таҳсил кўриб, замонасидаги барча билимларни эгаллаган.

Шеър санъатида алоҳида иқтидор кўрсатиб, «Роқимий» тахаллуси билан шеърлар ёзган. Асарларни жамлаб, девон тузган.

Шарафуддин Роқимийнинг ягона тарихий асари «Тарихи томм» бўлиб, унда Ўрта Осиё, Хуросон, Эрон, Ҳиндистон минтақаларида яшаб ўтган 200 дан ортиқ шоирлар, машойихлар, давлат арбоблари, уламолар, амиру шоҳлар ҳақида батафсил маълумот берилиб, ўша замон шоирлари томонидан ёзилган тарих – шеърлари жамланган.

* * *
 
Даргоҳи хослар каъбасининг маъбади,
Қандили огоҳ диллардан ясалгандир.
Девору эшикларидан роз равшанлашади,
Гар ғишти пардоз ойнаси бўлур.
Агар у шу даражада файзли бўлса,
Масжиди Ақсо билан баробар бўлур.
 
* * *
 
Роқим, бундан ажаб тортма, пок бўл,
Тупроқ бўлишдан олдинроқ тупроқ бўл.
Озодаликда сени сарафроз этди,
Ётганингда эса тупроқ каби бўлгин.
Азизлар ёдини қил ҳар нафас,
Токи сендан кейингилар сенга эргашсин.
 
* * *
 
Иқболро бақо навбад, дил бар он манеҳ,
Умреки, дар ғурур гузори ҳабо бувад.
 

(Иқболга кўнгил берма, у вақтинчаликдир. Ғурур билан ўтказган умринг беҳудадир.)

* * *
 
Натобад ҳеч кас зи остон рў,
Агар тавфиқ гардад ҳовин у.
Зи истимдоди он соҳиббашорат,
Ба Роқим бод тақфиқи зиёрат.
 

(Ҳеч ким унинг остонасидан юз товламас. Агар тавфиқ унинг ҳовийси бўлса, у соҳиби башорат мададидан Роқимга зиёрат тавфиқини бергил 126126
  Шарафуддин Роқимий. Тарихи томм. 144-бет.


[Закрыть]
.)

75. МАВЛОНО ЛУТФУЛЛОҲ ЧУСТИЙ

Ўн бешинчи асрнинг охири ҳамда XVI асрда Фарғона водийсининг турли минтақаларида ирфоний тафаккур сарчашмалари рўёбга чиққан. Шундай ирфоний билимлар соҳиби Мавлоно Лутфуллоҳ Чустийдир.

Мавлоно Лутфуллоҳ 893/1487 йилда Чодакда яссавия тариқатининг давомчиси Мавлоно Фатҳуллоҳ хонадонида дунёга келган. Лутфуллоҳнинг онаси фарзандига ҳомиладорлик вақтида хайрли туш кўради. Тушида бутун олам сувга сероб бўлгани намоён қилинади. Вақти келиб, шариату тариқатда баркамол бўлган Мавлоно дашту саҳроларни ўзлаштириб, у ерларга сув чиқариб, янги қишлоқлар барпо қилиниши, эл-юрт фаровон бўлишига ҳиссасини қўшган. Ҳали фарзандлари туғилмасидан отасига ғойибдан фарзандига «Лутфуллоҳ» деб исм қўйиш башорат бўлган.

Лутфуллоҳни беш ёшида мактабга беришган. Етти ёшгача Қуръонни дуруст ва равон ўқиб туширган. Намозга машғул бўлган. Ҳар кун саҳар бир мўйсафиди азиз пайдо бўлиб, уни уйғотар ва бирга таҳажжуд намозини ўқишган ва бу ҳол Лутфуллоҳ Самарқандга илм олиш учун келгунича давом этган127127
  Муҳаммад Муфти Оҳангароний. Мавлоно Лутфуллоҳ маноқиби. 2002. 23-бет.


[Закрыть]
.

Мавлоно Лутфуллоҳ дастлаб марғилонлик Мавлоно Шоҳ Ҳусайн Чоркўҳийдан таълим олган. Сўнг Самарқандга бориб мадрасада ўқиган. Олти йил Хожа Аҳрор Валийнинг руҳи покларидан мадад олган. Махдуми Аъзам, Мавлоно Муҳаммад Қози, Махдуми Калон Хожаги, Аҳмад Косоний, Мавлоно Ҳисомуддин каби ўнлаб алломалардан дарс олган. Ақлу заковати, истеъдоди, хулқу одоби билан барчага манзур бўлиб, «Мавлоно» унвонига сазовор бўлган.

Мавлоно Лутфуллоҳ Ахсикент, Марғилон, Шоҳрухия, Косон, Оҳангарон, Тошкент, Бухоро, Ҳисор, Қобул каби бир неча шаҳарларда бўлиб, кўплаб донишмандлар, шаҳзодалар, шоҳу амирлар билан суҳбатлашган. Жоҳил, золим амалдорларни одилликка, рост йўлга даъват ва ҳидоят қилган. Эшоннинг обрўси ошиб бораётганини кўролмаган ғанимлар уни халқ наздида обрўсизлантиришга интилиб, бир неча маротаба суиқасд уюштиришган.

Мавлоно Лутфуллоҳ Махдуми Аъзамни ўзига пир деб қабул қилган. Махдуми Аъзам Косоний Мавлоно Лутфуллоҳни Чодак қозисининг қизига уйлантириб қўйган. Махдуми Аъзам ҳали ҳаётлик чоғидаёқ «биздан кейин сизларга Мавлоно Лутфуллоҳ етакчилик қилади» деган ва ўз қўли билан иршоднома битиб, тасдиқлаб берган.

Махдуми Аъзам вафотидан сўнг 949/1542 йилдан бошлаб Самарқандда сулукка етакчилик қилишни бошлаган Мавлоно Лутфуллоҳ ижтимоий низолар туфайли Самарқандни тарк этган. Бир муддат Тошкентда, сўнг Ахсикентда яшаб, у ердан Ҳисорга, ундан Афғонистонга йўл олган. Мавлоно Лутфуллоҳ ҳаж сафарига бир неча марта ҳозирлик кўрган, лекин нияти амалга ошмаган. Бир муддат Чағониёнда истиқомат қилган Мавлоно Лутфуллоҳ Чодакка қайтиб, отасидан қолган ерда деҳқончилик билан шуғулланган. Лекин бу ҳам узоқ давом этмаган. Чодакдаги ихтилофлар туфайли Зобирканд (Зовутқанд) қишлоғига, сўнг Карнон қишлоғига ўтиб, ўн йил яшаган. Мавлоно Лутфуллоҳ Чустга, Камарсада мавзесига кўчиб келгач, умрининг охиригача шу ерда истиқомат қилган.

Мавлоно Лутфуллоҳнинг ҳаёти ва фаолияти Муҳаммад Муфти Оҳангароний маноқибида акс этган: «Махфий қолмасинким, Мавлономиз Лутфуллоҳ ҳазратлари ўша вақтларда араб ва ажамда «мужтаҳидлар кони» ва «орифлар сандиғи» аталган Фарғона диёридандирлар. Тақво аҳли орасида бу диёр жуда машҳурдир. Ул ҳазратнинг туғилган жойлари Чодак бўлиб, қадимий жойдир. Чодак Ахсикатдан беш фарсах узоқликда бўлиб, унинг ғарб томонида, икки тоғ оралиғи ва дарё бўйида жойлашган. Кўп машойихлар ва улуғ олимлар шу ерда камол топган ва дафн этилган. Сафед Булонда бўлиб ўтган жангда мағлубиятга учраган бир гуруҳ тобеъинлар ҳам Чодакда дафн қилинган. Шайх улислом ва соҳиби «Ҳидоя» ҳам шу жойда ўз амакиси ва устози бўлмиш Мавлоно Ҳусомиддин қошида зоҳирий илмларни ўрганган»128128
  Муҳаммад Муфти Оҳангаронийнинг «Мавлоно Лутфуллоҳ маноқиби». ЎзР ФА ШИ 5785-сонли рақам билан сақланади.


[Закрыть]
.

Мавлоно Лутфуллоҳнинг иккита лавозими бўлган: илм пири ва мавлоно пири. Валийлик қобилиятига эга бўлиб, илм истаб келганлар ҳам, дардларига шифо излаб келган беморлар ҳам, фарзандталаб, бахт тилаб келганлар ҳам ниятларига эришган. Мавлоно «Ҳар луқмани бошида бисмиллоҳни ёд этган, ҳар луқманинг сўнггида ҳамдини адо этган» художўй ориф бўлган.

Тошкент ҳокими Бароқхон (Наврўз Аҳмадхон) ҳам Мавлоно Лутфуллоҳга ихлос қилиб, мурид бўлади ва давлатни у зотнинг маслаҳатига таяниб бошқаради. Натижада адолатли ҳукмдор деб ном қозонади.

Мавлоно Лутфуллоҳ моҳир мироб, сув иншоотлари муҳандиси бўлиб етишган. Дашту саҳроларни ўзлаштириб, кўп жойларга сув чиқарган. Чуст, Ҳўқанд атрофида кўплаб ариқ ва коризлар бунёд қилиб, булоқлар кўзини очади.

Мавлоно Лутфуллоҳ «Зиёи ҳикмати донишмандон» номли рисола ёзган. Ушбу қўлёзма 1914 йилда рус шарқшуноси А. Семёнов томонидан ўрганилган ва 1940 йилда матбуотда эълон қилинган. Мавлоно Лутфуллоҳнинг ҳаёти ҳамда фаолияти шарқшунос олимлар В.В. Бартольд, В.В. Яшкин, А.А. Семёнов, Б. Бобожонов томонидан тадқиқ этилган.

Мавлоно Лутфуллоҳ узоқ умр кўриб, 977/1569 йилда 84 ёшида Чустдаги хонақоҳида вафот этган. Қабри Камарсада мавзесида.

* * *

Мавлоно Лутфуллоҳ Тошкандни сайр қилиб юрганларида Ушко деган қишлоққа тушди ва икки кун Коди Миракнинг уйида бўлди. Учинчи куни намози асрга яқин ёронларга деди:

– Отларни эгарланглар, Ақсуқ қишлоғига борамиз.

Ёронлар айтдилар:

– Эй бузуруквор, кеч бўлди-ку?

Мавлоно Лутфуллоҳ унамади. Ёронлар деди:

– Аср намозини ўқиб йўлга чиқайлик, кун охирлаёпти.

Ҳазрати Эшон деди:

– Ғам еманглар, кун ҳам Аллоҳнинг яратганидир. Худо дўстларнинг манфаатига риоя қилади.

Йўлга отландилар. Ақсуқ қишлоғига бир кунлик йўл эди. Қишлоққа етиб келганларида, пешин намозида кўрган кун ўз жойида турган эди.

* * *

Ҳазрати Мавлононинг муҳиб ва мухлис-ёронларидан саодатмаоб Миршоҳ Ҳусайн нақл қилади:

– Самарқандлик биродарларникида жаноза бўлиб қолди. Майитни Хожа Аҳрор масжидига олиб келишди. Мадраса эшиги олдида Мавлоно Мустафо Румий деган зот турган эди. Мен фақир Ҳазрати Мавлононинг ёнида турган эдим. Менинг назаримда Мавлоно Румий бир мусичасифат кўриндилар. Мен фақир ҳарчанд ўзимни ўнглаб қарасам ҳам мусичадан бўлак нарса кўринмади. Жаноза намози ўтгандан кейин Ҳазрати Мавлоно Лутфуллоҳ дедилар:

– Мусичани кўрдингми?

Миршоҳ Ҳусайн деди:

– Кўрдим.

Мавлоно Лутфуллоҳ дедилар:

– Бу тариқатда ўзини юқори тутмоқликнинг ишорасидир.

Менинг Мавлоно Лутфуллоҳга ақидаи ихлосим янада зиёда бўлди.

* * *

Мавлоно Лутфуллоҳ нақл қилди:

– Бир кеча майдонда уйқуда эдим. Бир кимса нияти хусумат бирлан бошимга келиб қўлидаги пичоқ билан мени ўлдиришга шайланди. Ногоҳ қўлидаги пичоғи тушиб кетди. У қоронғуда пичоқни излай бошлади. Лекин топа олмай, қайтиб кетишга мажбур бўлди. Тонг отгач пичоқни топиб олиб қўйдим. Сал ўтгач, бир киши келиб ниманидир излай бошлади. Мен сўрадим.

– Тунда сен келган эдингми, мақсадинг нима?

– Сизни ўлдиришга келган эдим, аммо пичоқ қўлимдан тушиб кетиб йўқолди.

– Наҳотки мени ўлдиришга қўлинг етган бўлса?! Агар Аллоҳ хоҳламаса бутун олам тиғи кўтарилса ҳам қилча томирни кесолмайди.

У тавба қилиб, ҳидоятга кирди.

* * *

Чодак сойида қуйидаги воқеа содир бўлган: Сойда сув кўпайган чоғи бўлиб, отни ҳам оқизар даражада шиддатли эди. Сойда бир катта харсанг бўлиб, Мавлоно Лутфуллоҳ унинг устида мутолаа билан банд эди. Бир киши келиб, Ҳазрати Лутфуллоҳни сувга итариб юборди. Сув Мавлонони етаклаб соҳилга чиқариб қўйди. Халқ бу ажиб ҳолдан ажабланди.

* * *

Ҳазрати Мавлоно дейди:

– Чодак халқи еру сувларим, молу қўйларимгача олиб қўйиб, менга шикаст етказди. Бир неча йил сабр қилдим… Чодакдан тоғларга чиқиб кетиб, тоқатим борича Аллоҳ Таолонинг зикрида бўлдим. Чодак бошига шундай ўлат келдики, у маҳалладан бу маҳаллагача кезиб ҳеч кимни топа олмас даражага етди. Унда уч маҳалла бўлиб, юз хонадон яшарди. Қирқ минг қўйли эди. Аллоҳ уларга бало юбориб, юз хонадондан йигирма хонадон қолди. Бир куни мени қози чақиртирди. Борсам бир пайтлар менга ситам кўрсатган фитначилар қозига келиб, тавба-тазарру қилишди.

– Биз Мулло Лутфуллоҳга зулм қилиб, унинг молмулкларини олиб қўйганимиз учун Аллоҳ бизни жазолади. Айтинг, энди бизнинг гуноҳларимизни кечириб, мол-мулк ва еру сувларини олсинлар.

* * *

Бир солиҳ Мавлоно Лутфуллоҳга деди:

– Қизимга жуда кўп совчилар келди, уларнинг қайсинисига беришга бошим қотди. Маслаҳат беринг.

Мавлоно Лутфуллоҳ деди:

– Аллоҳдан қўрқадиганига беринг, севиб яшаса, яхши, севмаса Аллоҳдан қўрққани учун юзини ўгирмайди.

* * *

Мавлононинг муридлари Чустга пирларининг зиёратига йўл олганларида Оққўрғон қишлоғи қўчманчилари уларнинг совға-саломларини олиб қўяди. Улар паришон бўлиб, пир ҳузурига бориб, воқеани баён қилганларида Мавлоно золимларни дуоибад қилади. Шу-шу оққўрғонликларга қарғиш тегиб, кексайганларида кўзлари ожиз бўлиб қолади. Зеро, авлиё дуоси ўқдир.

* * *

Шариатни ҳамма инсонга айтиб тушунтириш мумкин, аммо тариқатни талаби мажозийда айтиб етказиб бўлмайди.

* * *

Тавба – қўлни қўлга бериб аҳд боғлашдир.

* * *

Банда гуноҳ ва хусронга сабаб бўладиган ишлардан узоқда бўлса, албатта, тавфиқ саодати аҳдига мушарраф бўлади.

* * *

Жоҳил ва бетамиз одамлар суҳбатидан йироқ юринглар, улар ҳидоят нуридан кўр бўлган тоифадирлар.

* * *

Қайси мўмин банда Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларида бўлса ва тариқат пирига қўл берган бўлса, жон бериши ҳам осон бўлади.

* * *

Қўлни қўлга бериш, яъни икки мўмин биродар ўзаро хайрихоҳ бўлса, гуноҳлари тўкилади.

* * *

Мўмин икки қўли билан пок сув олиб қасрини ювса, пок бўлади. Гуноҳ гиёҳ ва хас-хашакка тавба ва истиғфор ўтга ўхшайди. Ўт хас-хашакка тегса, албатта куйдиради. Банда доим гуноҳини эслаб, тавбада бўлса, Аллоҳ унинг гуноҳини кечириб, мақсадига етказади.

* * *

Билингки, саодатнинг асоси ва кароматнинг манбаси одобдир. Одоб игнасисиз ҳеч бир камолот либоси тикилмайди ва одоб ёғисиз ҳеч бир иқбол чироғи ёнмайди. Одобсиз киши дунёда ҳеч бир мансабга эришмайди ҳам, сафолик суфасида ўтирмайди ҳам.

* * *

Бузуқ эътиқод, заиф иймон, тўғриликни тарк этиш, гуноҳ ишларни давом эттириш, дангасалик, зулм қилиш, ота-онасига осий бўлиш, ўта мағрурланиш, ҳаддан зиёд қасамхўрлик, инсонларга азият етказиш, туҳмат қилиш, гуноҳ нималигини унутиш, худбинлик, ғийбат, ҳасад, бир кишини билмай туриб, ёмонлаш, ёлғон гувоҳлик бериш, исроф қилиш, сохта авлиёликни даъво қилиш инсонни залолатга етаклайди.

* * *

Зоҳирпараст шайхларнинг амаллари фаросатсизликларидандир.

* * *

Кишининг қалби қанчалик пок бўлса, ишқ-муҳаббат гавҳари унга ёр бўлади129129
  Муҳаммад Муфти Оҳангароний. Мавлоно Лутфуллоҳ маноқиби. 13-бет.


[Закрыть]
.

* * *
 
Қутб ул-ақтоб сардори Мавлонои Лутфуллоҳ,
Мухлисларнинг ғамхўри Мавлонои Лутфуллоҳ.
 
 
Ҳар ким қилса муҳаббат, анга қилғай кўп шафқат,
Қилур ани тарбият Мавлонои Лутфуллоҳ.
 
 
Қилсанг анга кўп ихлос, балолардан сен халос,
Ишқ баҳрида бир ғаввос Мавлонои Лутфуллоҳ.
 
 
Ким қилса беодоблик, бўлди анга ғазаблик,
Олийҳиммат ҳасаблик Мавлонои Лутфуллоҳ.
 
 
Лутф айласа лутфи бор, қаҳр айласа қаҳри бор,
Доим айтар «Ё Ғаффор», Мавлонои Лутфуллоҳ.
 
 
Бир отидур Лутфуллоҳ, бир отидур Қаҳруллоҳ,
Тилидадир «бисмиллоҳ» Мавлонои Лутфуллоҳ.
 
 
«Рашаҳот»да мазкурдир, «Маноқиб»да мастурдир,
Муршидлиги манзурдир Мавлонои Лутфуллоҳ.
 
 
Уч юз олтмиш ариқни ковлаб ичган ерини,
Вақф айлади барини Мавлонои Лутфуллоҳ.
 
 
Ҳар бир ариқ ҳосили бир кунлиги шилони,
Ҳалқанишинга берди Мавлонои Лутфуллоҳ.
 
 
Тўққиз юз олтмишда ҳам еттидир ҳижрийда,
Риҳлат қилди бу Чустда Мавлонои Лутфуллоҳ130130
  Ҳусайнхон Орифий. Мозийдан садолар. «Фарғона нашриёти», 2008. 25–26-бетлар.


[Закрыть]
.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации