Читать книгу "Тасаввуф алломалари"
60. ХОЖА БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
XIV–XV асрларда Ўрта Осиё халқлари орасидан Шарқ ирфоний тафаккури тараққиётига улкан ҳисса қўшган мутасаввифлар етишиб чиққан. Ана шундай сиймолардан бири Баҳоуддин Нақшбанддир.
Баҳоуддин Нақшбанд исломий аҳкомлар ўчоғи бўлган Бухорода 718/1318 йилда ҳунарманд оиласида таваллуд топган. «Мир Кулол ва шоҳи Нақшбанд мақомотлари»да Шамсуддин Саййид Мир Кулол Бобойи Самосийнинг халифаси бўлгани, Бобойи Самосий Қасри Ҳиндувон қишлоғидан ўтиб кетишаётганида бу ерда бир ўғлон туғилиши, Мир Кулол ундан шафқат ва меҳрини дариғ тутмаслиги, бу ишда бирон хатолик бўлса, кечирмаслигини тайинлагани ёзилиб, Баҳоуддин Нақшбанд Бухоро мозорида юрганида бир чироғни кўргани, бир жамоат билан суҳбат қургани, улар Насафга Саййид Амир Кулолнинг хизматига боришни, Хўжа Али Ромитанийнинг кулоҳларини Саййид Мир Кулолга элтишни тайинлагани ёзилган: Баҳоуддин Нақшбанд дедилар: «Шундан сўнг Насафга – Саййид Мир Кулол истиқболларига етиб бордим ва ҳазрат Азизон кулоҳларини ўртага қўйдим. Ҳазрат «бу кулоҳ Азизонникидир» дедилар. Ҳазрат Амир менга сабоқ бера бошладилар. Машғулот бир неча муддат шу тарзда давом этди, аммо мен зикри алонияга амал қилмадим»8585
Дурдона. Мир Кулол ва Шоҳи Нақшбанд мақомотлари. 43– бет.
[Закрыть].
«Насойим»да ҳикоя қилинишича, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Нахшабга (ҳозирги Қарши шаҳри) Қусам Шайх хизматига бориб, тарбия топган.
Баҳоуддин Нақшбанд умр бўйи Худо йўлига хизмат қилишга, муридлару шогирдларга дарс айтиш, амри маъруф ўтказиш, уларга «зикри хуфия» қоидаларини сингдириш, дарвешлар даврасида бўлишга интилди. Нақшбандия тариқати аҳли тўпланиб адо этадиган маросим «Хатми Хожагон» деб аталади.
Ҳазрати Баҳоуддин ўзигача ўтган барча сўфий, машойихлар таълимотини пухта эгаллаб, «Дил ба ёру даст ба кор» («Аллоҳ қалбингда, қўлинг ишда бўлсин») шиорини дастуриламал қилиб, ўн бир тамойилни ривожлантирган:
1. Хуш дар дам, яъни шу тариқат аъзоси – солик Худо шарафига қилинадиган хуфия зикр пайтида хушҳол ва хушчақчақ юриши лозим.
2. Назар дар қадам, яъни солик ҳамиша ҳушёр бўлиб, паришонхотирликка йўл қўймаслиги зарур.
3. Сафар дар ватан, яъни юксак ахлоқ соҳиби бўлган солик атроф-муҳит бағрида кезиб юрсин, юрт кўрсин, одамлар орасида бўлсин.
4. Хилват дар анжуман, яъни солик зоҳиран халқ билан, ботинан Холиқ билан бўлсин.
5. Ёд кард, яъни солик Худо ёди билан яшаши, зикрга ғарқ бўлиши зарур.
6. Бозгашт, яъни солик ҳамиша Худо ишқида ботинан муножот айтиб юриши даркор.
7. Нигоҳ дошт, яъни солик хаёлини бир жойга йиғиб, хотиржам юриши лозим.
8. Ёддошт, яъни солик ваҳдати вужуд таълимотини билиши керак.
9. Вуқуфи замон, яъни солик ҳамиша ўз вақтини ҳисоблаб юриши, унинг қанчаси яхшиликка, қанчаси ёмонликка кетганини билиб туриши зарур.
10. Вуқуфи адад, яъни солик ҳамиша ўзининг ягона, танҳолигини назарда тутиши керак.
11. Вуқуфи қалб, яъни солик хуфия зикрда ғарқ юриб, дилида Аллоҳни сақлаши билан хотиржам юриши керак.
Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф назарияси ва амалиётига доир 13 та асар ёзган. Улар орасида «Ҳаётнома», «Далил ул-ошиқин», «Одоб ус-соликийн», «Насиҳат ус-соликийн» асарлари алоҳида аҳамиятга эга.
Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёти ва фаолияти Муҳаммад Порсонинг «Қудсия», «Мақомоти ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд», Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», Саййид Шарифнинг «Тарихи Роқимий», Амир Ҳамзанинг «Мақомоти Амир Саййид Кулол», Муборак ал-Бухорийнинг «Анис ул-толибийн ва уддатус-соликийн», Али Сафийнинг «Рашаҳоту айнил-ҳаёт» асарларида тасниф қилинган.
Е.Э. Бертельс, С. Олимов, А. Афсаҳзод, X. Мирзозода, В. Зоҳидов, И. Мўминов, А. Муҳаммадқулов, О. Усмонов, А. Ҳайитметов ҳамда Н. Комилов каби олимлар буюк шайх фаолиятини ёритганлар.
Баҳоуддин Нақшбанд 792/1389 йилда вафот этган. Қабри «Қасри Ҳиндувон» (кейинчалик Баҳоуддин Нақшбанд шарафига «Қасри Орифон» деб аталган)да. Фахруддин Али Сафий деди:
* * *
Рафт Нақшбанд он Хожайи динёву дин,
Он, ки буди шоҳроҳи дину давлат миллаташ.
Маскану маъвойи у буд қасри Орифон,
Қасри Орифон з-ин сабаб омад ҳисоби риҳлаташ.
(Дин ва дунёнинг хожаси ул Шоҳ Нақшбанд кетди, у диннинг шоҳ кўчаси ва миллатининг давлати эди. Унинг маскану маъвоси Қасри Орифон бўлгани учун, вафотининг тарихи учун ҳисоб «Қасри Орифон» бўлди.)8686
Фахруддин Али Сафий. Рашаҳот. 82-бет.
[Закрыть]
* * *
(Ясрибу Батҳода сўқилган тангани охирги навбатда Бухорога элтдилар. Ул танга хаттидан Шоҳи Нақшбанднинг бенақш дилидан ўзга баҳраманд бўлмади. Ул пок гавҳар ҳар ерда бўлавермайди, унинг маъдани Бухоро тупроғидадир.)
* * *
Алишер Навоий деди:
– Қусам Шайх қовун еб ўтирганларида Хожа Баҳоуддин кириб келди. Қусам Шайх қовун пўчоғини унга отди. Бахоуддин Нақшбанд ҳеч бир такаллуфсиз қовун пўчоғини териси билан еди. Бу ҳодиса уч марта такрорланди8888
Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 259-бет.
[Закрыть].
* * *
Фахруддин Али Сафий ҳикоя қилишича, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд деди:
Эй ту ҳама, ман кям, чунонки ту дони.
(Эй Ўзи ҳаммани яратувчи бўлган, мен кимман, чунончи Ўзинг биласан).
* * *
Сўрадилар:
– Эй Хожа, каромат ҳақида нима дейсиз?
Баҳоуддин Нақшбанд деди:
– Барча кароматлар калимаи тавҳид билан йўқ бўлгувчидир. Каромат соҳибларининг барчаси парда остида – ҳижобдадирлар, орифлар эса кўздан узоқдадирлар. Бизнинг кароматимиз зоҳирдур. Бовужуди бу навъ гуноҳ юки ер юзида юра олурмиз. Бизга халқнинг кўнглидаги фикрларидан, ишларидан ва аҳволларидан нимаики зоҳир бўлса, биз ўртада бўлмаймиз. Ё бизга илҳом орқали билдирадилар ёки бирор киши орқали етказадилар.
* * *
Дедилар:
– Эй Хожа, каромат кўрсатинг.
Баҳоуддин Нақшбанд деди:
– Кашфу кароматга ишонч йўқ, Кароматни талаб қилувчи эмас, истиқоматни талаб қилувчи бўлинг, чунки Парваригор истиқоматни талаб қилади, нафс эса кароматни8989
Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин Балогардон. 93-бет.
[Закрыть].
* * *
Баҳоуддин Нақшбанддан сўрадилар:
– Сизнинг дарвешлигингиз мерос қолганми ёки ўзингизда пайдо бўлганми?
Баҳоуддин Нақшбанд деди:
– Аллоҳдан келган бир жазба (тортиш кучи) инсу жин амали билан баробардир ҳукми бўйича бу саодатга мушарраф бўлганмиз9090
Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин Балогардон. 72-бет.
[Закрыть].
* * *
Баҳоуддин Нақшбанд деди:
– Валийлик нишоналари пайдо бўлган дастлабки кезларда туркнинг улуғ машойихларидан, Ҳоким ота Раҳматуллоҳ (Сулаймон Боқирғоний)ни тушимда кўрдим, ул киши мени бир дарвешга топширдилар. Ул дарвешнинг сурати хотирамда қолди, уйғониб тушимни бувимга айтдим.
Бувим дедилар:
– Эй фарзанд, у турк машойихидан сенга насибалар етгай.
Баҳоуддин тушида кўрган дарвешни ўнгида кўриш иштиёқида юради ва бир куни уни Бухоро бозорида учратиб қолади. Бу дарвеш Халил ота эди. Баҳоуддин Нақшбанд Халил отага мурид тушиб, тариқат сирларини ўрганади. Халил отанинг кашфу каромати шоҳиди бўлади. Баҳоуддин кўрган тушини айтмоқчи бўлганда, Халил ота деди:
– Сенинг хотирангда нима кечган бўлса, бизнинг олдимизда аёндир.
Халил ота уни муридликка қабул қилиб, илму ирфондан таълим беради. Халил ота шоҳлик мансабида ҳам дарвешлигича қолган. «Мажозий мамлакат» шоҳлиги завол топиб, Халил ота вафот этганидан сўнг, Баҳоуддиннинг кўнгли ҳам «дунё ишларидан батамом совийди»9191
Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 461-бет.
[Закрыть].
* * *
Бу оламда яхшилар ила дўстлашишни ҳамма ҳам хуш кўради. Агар зўр бўлсанг, ёмонларни ҳам дўстга айлантир.
* * *
Баҳоуддин Нақшбанд деди:
Мо ихтиёри хеш ҳам аз даст додаем,
К-он ихтиёти дўст ҳама ихтиёри мост.
(Биз ўз хоҳишимизни қўлдан бой берганмиз, дўстнинг ҳар бир хоҳиши бизнинг хоҳишимиздир.)
* * *
Баҳоуддин Нақшбанд деди:
Се нишон бувад валийро, ки нахусти у ба маъно,
Ту чу рўйи ў бибини дили ту баду гирояд.
Дуййум он, ки дар мажолис чу сухан кунад зи маъни,
Ҳамаро зи ҳастийи худ ба ҳадис мерабояд.
Сейюм он, бувад ба маъно валийи ахасси олам,
Зи ҳеч узви уро ҳаракоти бад наёяд9292
Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин Балогардон. 77, 80-бетлар.
[Закрыть].
(Авлиёда уч белги бор, билиб олгин, ошино, бири шуки, унинг юзи жалб этади ўзига. Иккинчиси мажлис аро гапираркан авлиё, ром этади ҳамсуҳбатин доимо ўз сўзига. Учинчиси, бул валийнинг ҳамма деган улуғвор, мўътабарлик унга одат, бино қўймас ўзига.)
* * *
Баҳоуддин Нақшбанд Амир Кулолнинг сўзини такрорлаб деди:
Маёзор мўру маёзор кас,
Раҳи растакори ҳамин асту бас.
(Чумолига ҳам, одамга ҳам озор берма, нажот йўли шудир.)
* * *
Аллоҳ сари борувчи солик олдида доим ҳижоб (парда) бўлади. Бизнинг тариқатимизда солик ўзининг қайси мақомда турганини билмаслиги керак.
* * *
Толиб аввалида бизнинг дўстларимиз суҳбатида бўлиши лозим, токи биз билан суҳбатга қурби етадиган бўлсин.
* * *
Бу тариқатнинг асосий шарти одобдир ва у ахлоқнинг яхшилиги сўз ва афъолнинг хушлигидан иборат. Кишининг ишдаги одоби у қилган ишидан (ҳам) афзал туради. Аллоҳга, Муҳаммад (с.а.в.)га ва шайхларга одоб бор.
* * *
Орифлар уч йўл билан ўзлари учун йўналиш белгилайдилар: муроқаба (кузатиш), мушоҳада (текшириш) муҳосаба (назорат қилиш). Ўзгаларга бу йўл беркдир.
* * *
Аҳлуллоҳ ўз хулқларини аъло даражада етказиш, бирорта дилни шод этиш мақсадида халқнинг оғирини енгил қиладилар. Кимки бу дилни шод этса, унга ўша дилдаги Аллоҳ назаридан файз етади. Агар (одамларнинг) камчилигига қарайдиган бўлсак, ёр-дўстсиз қоламиз.
* * *
Барча кароматлар тавҳид калимаси (Ла иллаҳа иллаллоҳ) билан ёнма-ён туради.
* * *
Тавҳид сирига тезда етишса бўлади, аммо маърифат сирига етиш мушкулдир.
* * *
Кимнинг кўнглида бизга нисбатан ихлос ва муҳаббат бўлса, у, хоҳ узоқда бўлсин, хоҳ яқинда, бизнинг шафқат тарбиятимиз унга фойда келтиради.
* * *
Ўз нафсларингизни ёмонлаб, таҳқир этиб туринг, чунки кимки Ҳақ субҳонаҳу ва таоло инояти билан ўз нафсини ёмон деб таниган бўлса, бу амал унинг учун осондир.
* * *
Иймон – қалбни Аллоҳдан бошқа ўзига ром этувчи фойдали ва фойдасиз нарсалардан узиб, Ҳаққа боғлашдир.
* * *
Бандалик хожалик била тўғри келмайди, шунинг учун хизматкор тутмадик.
* * *
Анжуманда хилват – зоҳир юзидан халқ билан ва ботин тарафидин Ҳақ субҳаноҳу таоло билан бўлишдир.
* * *
Йўқ ҳеч нимамизу ҳеч нимамиз кам эмас,
Бор-йўқ ғами ҳеч қачон биз учун ғам эмас.
Боқ: елкада – жанда, ортимизда қабристон,
Бир кун бу жаҳондан кетсак, мотам эмас.
* * *
Кўнглимга яна ишқ оташи сочилди,
Қаршимда ҳақиқат эшиги очилди.
Аллоҳни кўрувчи кўзга маккор бу хаёл,
Парда бўлади деб ундан қочилди.
* * *
Ё Раб, не қилай, ҳеч бир эшик очилмас,
Гуноҳ кўпидан тилимга сўз ҳам келмас.
Оламда мени бир чақага олмаслар,
Ё Раб, не матоман – харидор топилмас?!
* * *
Дил қонидан икки кўздаги нам афзал,
Айшу ишратдан аламу ғам афзал.
Ҳақ даргоҳида бир лаҳза дил ҳузури,
Жумла олам давлатидан ҳам афзал9393
Баҳоуддин Нақшбанд / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 278-бет.
[Закрыть].
61. ХОЖА МУҲАММАД ПОРСО
Ўз даврининг машҳур маърифатпарвар алломаси, «уламолар мурожаатгоҳи» (Роқимий) «Ал-Ҳофиз ал-Бухорий» номлари билан шуҳрат қозонган нақшбандия тариқатининг донишманди Хожа Муҳаммад Порсо 749/1348 йилда Бухорода туғилган. Дастлабки билимини отасидан олган Хожа Муҳаммад Бухоро ҳамда Самарқанд мадрасаларида таҳсил кўрган.
Муҳаммад Порсо Баҳоуддин Нақшбанднинг севимли шогирди бўлиб, Шарқ тасаввуф илмининг забардаст донишманди даражасига етган. Баҳоуддин Нақшбанд унга «Порсо» (тақводор, парҳезкор, диндор) деб лақаб қўйган.
Хожа Муҳаммад Порсо Амир Темурнинг авлодлари, хусусан, Халил Мирзо ва Шоҳрух Мирзо билан яхши муносабатда бўлган. Улар Муҳаммад Порсо билан турли масалалар юзасидан ёзишмалар олиб боришган. Мирзо Улуғбек ташкил этган (Самарқанд ва Бухоро) илмий мунозараларда фаол қатнашган.
Порсо икки марта ҳаж зиёратига борган. Биринчи сафар Хожа Баҳоуддин Нақшбанд билан ҳамроҳ бўлиб борган.
Хожа Муҳаммад Порсо Шарқ илм-фани, хусусан, калом илми, ҳадисшунослик, тасаввуф илмининг назарий ва амалий соҳаларининг забардаст билимдонидир. Аллома жуда катта илмий мерос қолдирган. Жумладан, «Қуръон тафсири», «Тариқат машойихларининг қудсий калималаридан», «Тасаввуф истилоҳлари ҳақида рисола», «Мурид одоблари ҳақида рисола», «Кароматлар ҳақида рисола», «Макка шаҳрининг қисқача тарихи», «Етмиш икки фирқа», «Мақомоти Хожа Алоуддин Аттор», «Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд» асарларида ислом дини ва тасаввуфга оид фикрларни баён этилган.
Муҳаммад Порсонинг «Рисолаи унсия» асари Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг қудсий калималарини шарҳлашга бағишланган. Порсо бу ҳақда шундай ёзган: «бу сўзлар уларнинг муборак оғизларидан чиққан сўзлардан бир томчисигина бўлиб, бу заиф банда бу қудсий калималардан баъзиларини садоқат ва иродат юзасидан табаррукона ва иршод сифатида қаламга олдим».
Муҳаммад Порсонинг «Фасл ул-хитоб би васл ил-аҳбоб» рисоласида исломда баҳсли ҳисобланган 500 га яқин масала батафсил ёритилиб, тавсифлаб берилган. Асар ислом уламолари томонидан энг ишончли қўлланма сифатида фойдаланилган. шариат, тариқат, диний фирқалар тўғрисида мунозара чиқса, шу асарда келтирилган фикрлар ишончли далил, ҳужжат деб қабул қилинган.
Муҳаммад Порсонинг ҳаёти ва фаолияти Сайфиддин Али Сафийнинг «Рашаҳот», Муҳаммад Боқирнинг «Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд», Шарафуддин Роқимийнинг «Тарихи томм» асарларида ёритилган.
Шайхнинг ибратли ҳаёти ва ижодий мероси Э.Рустамов, О.Усмонов, Б.Назаров, М.Ҳасаний, Н.Хидирова каби олимлар томонидан тадқиқ этилган.
Муҳаммад Порсо иккинчи марта ҳаж сафари пайтида касалга чалиниб, 822/1419 йилда Мадинада вафот этган ва халифа Аббос қабри ёнига дафн этилган. Шайх Зайниддин Хавофий Мисрдан тарошланган оқ тош келтириб, унинг қабрига қўйган.
* * *
(Муҳаммад ҳофиз Фоҳира (Бухоро) имоми, у Ҳақ сўзини эшитган. Вафоти тарихи йилини сўрсанг, эшит хитоб ўриндир «ишораи фийҳи»).
* * *
«Рашаҳот»да нақл этилишича, Мирзо Улуғбек замонида муҳаддис уламолар пешвоси Муҳаммад ибн Жазарий (а.р.) Самарқандга келади. Баъзи ғаразгўй кишилар: «Ҳазрати Хожа Муҳаммад Порсо Бухорода кўп ҳадисларни нақл қиладилар, уларнинг иснодлари тўғри ёки нотўғрилиги ҳеч кимга маълум эмас. Ҳазрати Шайх буни текшириб кўрсалар ёмон бўлмасди» дейдилар.
Ҳазрати Шайх Жазарий бу ишнинг пайига тушади. Мирзо Улуғбекни ҳам бунга кўндириб, Бухорога одам юборади. Ҳазрати Хожа (Муҳаммад Порсо)нинг Самарқандга келишини сўрайди. Шайх Жазарий ўша вақтда Самарқандда шайх ул-ислом бўлган Хожа Исомиддин ҳамда улуғ уламолар иштирокида катта илм мажлиси ташкил қилади. Хожа Муҳаммад Порсо ҳам мажлисда ҳозир бўлади. Шайх Жазарий Муҳаммад Порсодан исноди билан бир ҳадис айтишни сўрайди. Хожа Муҳаммад Порсодан ҳадис эшитгач, Шайх Жазарий: «Бу ҳадиснинг тўғрилигига шубҳа йўқ, бироқ унинг исноди маълум эмас» дейди. Бу сўздан муҳаддислар хурсанд бўлиб, бир-бирларига кўз қисадилар. Хожа Муҳаммад Порсо хотиржамлик билан ҳозиргина айтган ҳадисининг иккинчи иснодини келтиради. Шайх Жазарий юқорида таъкидлаган сўзларини такрорлайди. Хожа Муҳаммад ҳадиснинг бошқа иснодини айтса ҳам сўзлари мақбул келмаслигини фаҳмлайди. Сўнг бир лаҳза муроқабага берилади. Бир оз сукутдан кейин Шайх Жазарийдан: «Сиз фалон ҳадис китобини тан оласизми ва ундаги иснодларни мўътабар деб ҳисоблайсизми?» деб сўрайди. Шайх Жазарий: «Ҳа у китоблардаги иснодларнинг ҳаммаси эътиборли ва ишончга лойиқдир. Ҳадис фанини таҳқиқ қилувчилардан ҳеч ким бу китобларга эътироз қилмайди. Агар сиз айтган иснодлар мазкур китобдан бўлса, бизнинг ҳеч қандай эътирозимиз йўқ» дейди.
Хожа (Муҳаммад Порсо) Хожа Исомиддинга: «Сизнинг кутубхонангизда, фалон токчада фалон китобнинг мағзида фалон рангли ва фалон жилдли китоб бор. Унда биз айтган иснод фалон саҳифадан сўнг фалон саҳифада келтирилган. Илтифот қилиб, ходимларингиздан бир кишини юборсангиз, китобни олиб келса» дейди. Хожа Исомиддин «келтирилган иснодлар ўша китобда борми-йўқми» деб иккиланади. Мажлисдагилар ҳангу манг бўлиб, ўйга толишади. Муҳаммад Порсонинг Хожа Исомиддиннинг шахсий кутубхонасида бўлмагани ҳаммага кундек равшан эди.
Хожа Исомиддин хос кишиларидан бирини зудлик билан уйига юбориб, китобни олиб келишни буюрди. Ўша киши айтилган белгилар бўйича китоб ва иснодни топиб, мажлисга келтирди. Айтилган ҳадис ўша иснодлар билан мазкур ўша саҳифада ҳеч бир тафовутсиз мавжуд эди. Буни эшитган масжлис аҳлининг ҳайрат овозлари янгради. Шайх Жазарий ва бошқа уламолар таажжубда эдилар. Айниқса, Хожа Исомиддиннинг ҳайрати зиёда эди. Чунки бу иснодли китобнинг шахсий кутубхонасида мавжудлигидан бехабар эди. Бу қиссани эшитган Мирзо Улуғбек Муҳаммад Порсони Бухородан чақиртирганидан хижолат бўлади. Ҳазрати Хожадан юз берган бу каромат одамлар орасида бу мўътабар зотга нисбатан ақидаларини мустаҳкамлади. Зеро, оқилларга етказилмоқчи бўлган зарар ҳам уларнинг фойдасига хизмат қилади.
* * *
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд деди:
– Бизнинг вужудга келишимизнинг сабаби Муҳаммад Порсонинг зуҳури эди. Кимки бизни орзу қилса, Хожа Муҳаммад Порсога назар қилсин.
* * *
Сўрадилар:
– Тариқатни нима билан топса бўлади?
Муҳаммад Порсо деди:
– Овқатланишда ўртача меъёр сақласа, яъни ўта тўқ ҳам, ўта оч ҳам бўлмаса. Қалбдан пардаларни кўтариш учун шом ва ҳуфтон намози орасидаги вақтда, қуёш чиқмасдан олдин зикр билан машғул бўлиш лозим.
* * *
Сабуре варз, хурсандий, некубин бош, неку занн, Ки дар ин чор чиз омад калиди шодмониҳо.
(Сабру қаноатли бўл ва яна яхшилик қилувчи ва яхши гумонли бўл. Бу тўрт нарса шодликнинг калити бўлди).
* * *
Намозро баҳақиқат қазо бувад ва лекин, Замони суҳбати моро қазо нахоҳад бувад.
(Намознинг қазосини ўқилса бўлади, бизнинг суҳбатимизни қазоси йўқ).
* * *
Жунайд Бағдодий деди:
– Карам кўз очилса, кейин келганларни ҳам олдин келган билан боғлайди.
* * *
Жалолиддин Румий деди:
– Эй Ҳақ ошиқлари! Абадий иқболга етиш учун йўлга тушинг, ой каби саодатли бурж томонга равона бўлинг. Қайси шаҳар, қайси жой, қайси даштни босиб ўтсангиз Аллоҳнинг тавфиқу омонида йўлингиз муборак бўлсин!
* * *
Сукут икки хилдир. Тилнинг сукути ва қалбнинг дунё андишаларидан сукут қилиши. Кимки тилда ҳам, қалбда ҳам сукут қилса, унга сирлар зоҳир бўлади, улуғ ва қудратли Аллоҳ унга тажаллий қилади. Кимки тилида ҳам, қалбида ҳам сукут қилмаса, шайтоннинг мулки ва қўғирчоғи бўлади. Тил беҳуда гапдан сукут қилса, қалб Аллоҳ билан тиллашади. Агар тил гапга тушса, қалб сукут қилади. Кимки қалбда сукут қилиб, тилда сукут қилмаса, беҳуда гаплардан тийилади, ҳикмат тили билан гапирадиган бўлади.
* * *
Йўқ ҳеч нимамизу ҳеч нимамиз кам эмас,
Бор-йўқ ғами ҳеч қачон биз учун ғам эмас.
Боқ: елкада – жанда, орқада – қабристон,
Бир куни бу жаҳондан кетсак, мотам эмас.
* * *
Майхонада маст – хуморлигим қўрқитгай,
Ўткинчи жаҳонда борлигим қўрқитгай.
Ўзингга ўзингни кўрсатар ул дамда,
Ҳар лаҳза ғурурга ёрлигим қўрқитгай.
* * *
62. МАВЛОНО САЪДУДДИН ТАФТАЗОНИЙ
Бўлажак буюк муҳаддис, валийлар иқлимининг султони ҳозирги Туркманистоннинг Нисо музофотининг Тафтазон қишлоғида 722/1322 йилда туғилган. Унинг отаси Мавлоно Муҳаммад ўз даврининг зиёли кишиларидан бўлган. Ўн олти ёшигача диний ва дунёвий илмларни ўзлаштириб, араб тили, мантиқ, нотиқлик санъати илмини машҳур олимлар Ал-Ижий ҳамда Қутбиддин ар-Розийдан ўрганган. Мавлоно Саъдуддин Марв ва Сарахс мадрасаларида таҳсилни давом эттирган. Бир муддат Сарахсда мударрислик қилган. Саъдуддин «Шориҳи уламо» деган буюк номга сазовор бўлган.
Тафтазоний Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳатга чиқиб, Нишопур, Урганч, Туркистон, Ҳирот, Ғиждувон, Жом, Марв, Самарқанд, Сарахс шаҳарларида бўлган. Тафтазоний бу шаҳарларда ўнлаб мусофирхоналар, хонақоҳ, масжид, мадрасалар қурдирган. Хуросоннинг Сарахс шаҳрида барпо этган Шайх Абулфайз Ҳасан мадрасаси бу музофотнинг ягона исломий олийгоҳи сифатида жуда машҳур бўлган.
Тафтазоний Шарқда калом илми, билиш назарияси, умуман ислом фалсафаси тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Улуғбек даври Самарқанд илмий муҳитининг таҳкурсисини яратган аллома сифатида алоҳида шуҳратга эга.
Мавлоно Саъдуддин «Талхис ул-мафотиҳ» асаридан тортиб уларнинг охиригача «Қуръони карим» ҳамда ислом назарияси, фиқҳ, тасаввуфга оид ўнлаб асарларга муфассал шарҳлар битган. «Китоби эҳзор», «Шарҳи рисолаи Шамсия», «Шарҳи танкиҳ», «Шарҳи ақоид», «Рисолаи кабир улиршод дар илми наҳв», «Мақосид ул-калом», «Мифтоҳ улулум» шарҳи каби рисолалари шулар жумласидандир.
Тафтазоний турли мазҳаблар тарихи, фиқҳ ва тасаввуф тариқатлари ҳақида «Мўъжаз иборалар ва мухтасар маънолар билан», «Шарҳи дар таълифи фатвои ул-ҳанафия», «Шарҳи мифтоҳ ул-фиқҳи шофиия», «Шарҳи талҳизи жомеъи ҳанафия», «Шарҳи Кашшоф» каби асарлар яратганки, улар ислом тарихи, Қуръон, ҳадис моҳиятини билишда катта назарий ва амалий аҳамиятга эга. Тафтазоний «Ас-Саъдия», «Аш-шамсия», «Таҳзиб ал-мантиқ ва ал-калом», «Ал-мутаввол», «Мухтасар ал-маиний», «Ал-иршод алҳодий», «Мақосид ат-толибийн» каби элликка яқин тафсир ҳамда илмий рисола муаллифидир. Олимнинг «Мақосид уттолибин» асари услубий моҳиятга эга бўлиб, мадрасаларда турли билимларнинг ўқитиш йўл-йўриқлари, назарий асослари кўрсатилган.
Тафтазоний сафар чоғида 795/1392 йилда вафот этган. Унинг қабри Сарахс шаҳрида ўзи қурдирган мадраса ёнидаги қабристонга дафн этилган.
* * *
Шарафуддин Роқимий деди:
– Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон салтанати даври ва давлати рўзгорида ифода маснадида эди. Кўплаб истеъдодли сўз усталари, мумтоз фозиллар унинг идроки шамъи партавидан дониш чироғини ёққанлар. Кўп ғаввослар маънолар дурлари ва сўз лаълларини унинг хаёли хазинасидан йиғиб олган эдилар9696
Шарафуддин Роқимий. Тарихи томм. – Т.: «Маънавият», 1998. 21-бет.
[Закрыть].
* * *
Шарафуддин Роқимий деди:
Каъбаи асҳоби дониш, қиблаи арбоби дин,
Носири шаръи набий, султони иқлими яқин.
(Дониш саҳобаларининг каъбаси, дин арбобларининг қибласи. Пайғамбар (с.а.в.) шариатининг ёрдамчиси, авлиёлар иқлимининг султони.)
* * *
Шарафуддин Роқимий деди:
– Алломайи Тафтазоний фасоҳат қулфини тил калити билан очар, боблар тизими иғроқи баён изоҳи воситаси-ла очиларди.
* * *
Офтоби шамъ Саъдуддин Тафтазон бирафт,
Оби чашм ояд чу сел балғуллоҳи рижоҳ.
Ақлро пурсидам аз тарихи соли рихлаташ,
Гуфт тарихаш як кам «тайибуллоҳи сурох».
(Шариат офтоби Саъдуддин Тафтазоний дунёдан кетди, кўз ёши селдек оқар, умиди Аллоҳдан. Ақлдан сўрадим вафот йили тарихин, унинг тарихини деди: «тойибуллоҳдан бири кам».)
* * *
Шарафуддин Роқимий деди:
– Субҳоний меҳрибончиликлар махсуси, Тангри иноятларининг бағоят баҳраманди, Қуръон оятларининг муфассири, набавий ҳадислар муҳаддиси, лафзу маънили саъд ул-миллаваддин аллома Тафтазоний илмлар денгизи мавжлариданки, жаҳолат водийси саробининг саргардон лабташналари унинг илм зилоли жўйборидан саробга айланарлар. Ё томчилардирки, лаъл мисоли қатраларидан афзаллар соҳилидаги садафлар сийнасидир.
* * *
Олийжаноблик хислати ва хайрли ишлар Аллоҳнинг моҳиятидан келиб чиқади. Аллоҳ бандаларни ёмон хулқатвордан тийилишга буюради. Ёмон хулқ ва гуноҳ банда учун хос бўлмай, шулар воситасида синовдан ўтказиб турилади.
* * *
Аллоҳ ўз бандаларига икки йўлни кўрсатади, яъни инсон хайрли, шарафли ишлар қилиб, савоб олади ёки номатлуб ишлар билан машғул бўлиб, гуноҳга ботади ва шунга яраша жазосини олади.