Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Хамиджон Хомидий


Жанр: Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

23. АБУ БАКР АШ-ШИБЛИЙ

Абу Бакр Дулаф ибн Жаъфар Шиблий Шарқнинг буюк авлиёларидандир. Унинг ота-боболари асли ўратепалик бўлиб, кейинчалик Бағдодга кўчиб боришган. Шиблий 258/871 йилда Самарра кентида таваллуд топган. Отаси Ҳайдар халифа лашкарбошиси бўлган. Ҳайдар халифа хизматида бўлса ҳам, Истаравшан халқининг арабларга қарши исёнига хайрихоҳ эди. Унинг исёнга алоқадорлиги фош бўлгач, давлатга қарши жинояти учун ҳибсга олиниб, оғир қийноқлар азобидан Самиро зиндонида оламдан ўтади. Ҳайдарнинг катта ўғли Ковус халифанинг Жиболдаги ноиби этиб тайинланган. У халифа фармони билан Озарбайжондаги исённи бостиришда бош қўмондон бўлган1717
  Мухторов А. Шиблий. – Душанбе, 2000. 8-бет.


[Закрыть]
.

Ҳайдарнинг кичик ўғли Абу Бакр Шиблий ёшлигидан илм-маърифатга кўнгил қўйган. Тасаввуф илмини ўрганиш учун Бағдодга келган. Бағдод машойихларининг устози Абулхайр Нассожнинг мажлисида тавба қилган ва сидқ билан хизмат қилиб, хирқа кийган.

Шиблий Жунайд Бағдодийнинг суҳбатидан файз топган. Йигирма йил умрини ровийлардан ҳадис ёзиб олишга, йигирма йил умрини фиқҳ асосларини ўрганишга сарфлаган. Шиблийга ҳадисларни Муҳаммад ибн Бассорий, Абу Бакр Абҳарий, Абу Бакр Розий, Абу Саҳл Саълуний, Ҳусайн ибн Аҳмад Саффор ривоят қилганлар. Шиблий замонасининг улуғ машойихлари қаторидан жой олган. Тасаввуф ва фиқҳ илмида барчадан ортиқ эди.

Шайх Шиблий Аллоҳни қалб кўзи билан танигандан кейин бутун китобларини ёқиб юборган. Ҳақ йўлига ўта берилгани, ҳамиша илоҳий шавқ даражасида юргани учун халқ уни «телба» деб, бир неча бор жиннихонага олиб бориб ташлаганлар. Шунга қарамай, замондошлари «буюкларнинг буюги» деб эътироф этишган. Абдураҳмон Суламий, Абулқосим Қушайрий каби тасаввуф донишмандлари Шиблийнинг ноёб фазилат ҳамда хислатлари ҳақида ғаройиб ҳикоятлар ёзиб қолдиришган.

Шайхдан кўплаб китоблару ҳикматлар қолган. Шайх Шиблий 345/956 йилда 87 ёшида вафот этган. Унинг қабри Бағдод яқинидаги Хизрон қабристонида.

Хўжанд атрофи, Ўратепа ҳамда Тошкент вилоятида Шиблий номи билан боғлиқ мавзелар, қишлоқ ва гузарлар учраши буюк донишманднинг Мовароуннаҳрдан эканини тасдиқлайди.

* * *

Жунайд деди:

– Эй Абу Бакр, агар сўзларингни маъқуллайдиган одамни учратсанг, қўлини маҳкам ушла.

* * *

Абдураҳмон Жомий дейди:

– Шиблий замон имоми эрди. Ундан олдин ҳам машойихлар ўтган, аммо у ҳаммадан улуғроқ эди… Жунайд бу илмни тартибга солди ва китоб қилди. Шиблий бу илмни минбарга чиқариб, халққа ошкор этди.

* * *

Шайх Шиблий дарвеш либосида бозорга келиб, нонвойдан сўради:

– Худо йўлида битта нон бер.

Нонвой деди:

– Қайси бирингга берай, бор, йўлингдан қолма.

Нонвойлардан бири Шайх Шиблийни таниб, унга таъзим қилди. Қилмишидан пушаймон бўлган нонвой Шиблийнинг олдига чопиб бориб, хатосини ювиш учун «худойи» қилишини айтиб, Шиблийни ҳам зиёфатга таклиф этди. Барчалари маъракада жам бўлишди. Жамоадагилар Шайх Шиблийдан нонвой ҳаққига дуо қилишини сўрадилар.

Шиблий деди:

– Нонвойга дуонинг ҳожати йўқ, у дўзахийдир. Худо йўлида битта нонни раво кўрмади, лекин Шиблий учун шунча зиёфат берди.

* * *

Жунайд деди:

– Ҳар бир қавмнинг тожи бор, бу қавмнинг тожи Абу Бакр Шиблийдир.

* * *

Шиблий Абдураҳмон Хуросонийга деди:

– Эй Абдураҳмон, Шиблийдан ўзгани, ёлғиз Аллоҳ деганини эшитдингми?

Абдураҳмон Хуросоний деди:

– Мен бирон кун Шиблийнинг «Аллоҳ» деганини эшитмадим.

Шиблий беҳуш бўлиб йиқилди.

* * *

Абдураҳмон Хуросоний ҳикоя қилишича, бир киши Шиблийнинг уйига келиб, эшик қоқди. Шиблий абгор ҳолда эшик олдига келиб сўради:

– Сенга ким керак?

Деди:

– Ҳазрати Шиблий.

Шиблий деди:

– Шиблий кофир бўлиб ўлди, Аллоҳ унга раҳм қилмади.

* * *

Зоҳир кўзини ҳаромлардан, ботин кўзини Аллоҳдан бошқасига назар солишдан асраш лозим.

* * *

Шиблийдан сўрадилар:

– Нимадан ажабланасан?

Шиблий деди:

– Тангри таолони таниган ҳолда унга осий бўлган кўнгил эгасидан ажабланаман.

* * *

Шиблийдан сўрадилар:

– Хуш семизсан ва яна муҳаббат даъвосидасан, ваҳоланки, ишқ аҳлига семизлик мувофиқ келмайдику?

Шиблий деди:

– Қалбим ишқбозлик қилди, танам бехабар қолди. Агар хабардор бўлганда семирмас эди.

* * *

Шиблийнинг мухлислари сўрадилар:

– Эй Шиблий, илм тили билан ҳақиқат тили орасидаги фарқ нима?

Шиблий деди:

– Илм тили инсонга восита орқали бериладиган илмдир. Ҳақиқат тили эса воситасиз, тўғридан-тўғри Ҳақдан келадиган илмдир.

* * *

Бир киши сўради:

– Эй Абу Бакр, васл нима?

Шиблий деди:

– Эй васл ҳақида сўровчи, икки тарафдан (дунё ва охират) кечсанг, висолга етасан.

* * *

Ҳуррият – қалб ҳурриятидир, бошқа нарса эмас.

* * *

Шиблий тунлари ухламаслик учун кўзига туз сепар эди. Сўрадилар:

– Эй Абу Бакр, нима учун тунлари бедорсан?

Деди:

– Қалбим маҳрами (Аллоҳ) уйғоқ ҳолида менинг кўзимга қандай уйқу келсин?

* * *

Эртага бугунги вақтни қайтариб бўлмайди. Ихтиёрингдаги ҳозирги дамни ғанимат бил ва ундан баҳра ол.

24. ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким ат-Термизий машойихларнинг киборларидан, олам шайхи, ҳиммат ва саховат соҳиби, илми Раббоний эди.

Ҳаким ат-Термизий тахминан 138/755 йилда Термизда таваллуд топган. Ўзи ёзган таржимаи ҳолига кўра, саккиз ёшидан диний илмларни ўрганишни бошлаган. Алломанинг «Бадувв уш-шаън» асари унинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида аниқ маълумот беради: «саккиз ёшда бўлганимда барчанинг шафқатли ва меҳрибони бўлмиш Аллоҳ таоло ўз иноятини мендан дариғ тутмади. Шайх менга илм сирларини ўргатиб, тинмай илм олишни тарғиб қилди. Иш шу даражага етиб бордики, бутун вужудим билан сабоқ олишга интилдим. Гўдаклик чоғимданоқ ўйин ўрнини китоб мутолаа қилиш машғулоти эгаллади. Шу тариқа ёшликдан ҳадис илмини ўрганишни бошлаган эдим. Йигирма етти ёшда бўлганимда ирфоний илмларни чунон ўргандимки, қалбимда Аллоҳ таоло уйи – Маккани зиёрат қилиш ишқи уйғонди. Сафарга чиқиш имкони туғилганиданоқ, йўлга отландим. Ироқда муҳаддис сифатида танилдим. Сўнг Басрага, Басрадан ражаб ойида Макка сари йўл олдим. Шаъбон ойининг охирларида Маккатуллоҳга етиб келдим ва Худонинг амри билан ҳаж ойигача ўша ерда бўлдим. Ҳаж зиёратини бажо этиб, Ватанга қайтдим».

Ҳаким ат-Термизий ҳадис илмини Абу Муҳаммад Сиддиқ Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан ўрганган. Али ибн ал-Ҳасан ат-Термизий, Суфиён ибн Воқиъ, Умар ибн Шақиқ алБалхий, Аҳмад Ҳузравия, Яҳё Маъоз, Яқуб ибн Шайба каби машҳур мутасаввифлардан дарс олган. Ҳаким ат-Термизий Нишопур, Бағдод, Миср, Макка ва Мадинада, Шомда бўлиб, замонасидаги барча илмий ва адабий жараёнларда иштирок этган. Абу Туроб Нахшабий, Аҳмад Хузравия ва Ибн Жалло билан ҳамсуҳбат бўлган.

Ҳаким ат-Термизий Абу Муҳаммад Мансур Козий, Абу Мансур Али Ҳиравий, Абу Али Ҳасан Журжоний, Абу Бакр Варроқ, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо, Муҳаммад ибн Жаъфар каби ўнлаб буюк машойихнинг устозидир.

Ҳаким ат-Термизий ҳикмат ва фаросат бобида қилни қирқ ёргани учун уни «Ҳаким ул-авлиё» деб улуғлашган.

Ҳаким Термизий яшаган даврда валийлик ва валоят масаласи долзарблик касб этиб, тасаввуфда марказий ўринни эгаллаган. Бу таълимот бутун Хуросон, айниқса, Термиз ва Балхда кенг тарқалган1818
  Караматов Х.С. Аскетические и суфийские течения в Хорасане. – Т.: «Фан», 1991.С. 27 .


[Закрыть]
ҳамда кўплаб тасаввуф назариётчиларининг эътиборини тортган. Баъзи уламолар Ҳаким Термизийни «валийликни набийликдан афзал кўрди» деб айбланган. Айниқса, «хотам ул-анбиё» бўлганидек, «хотам ул-авлиё» ҳам бор, деган фикр шариат аҳлига ёқмаган.

Ҳаким Термизий «Аллоҳнинг валийлари ернинг таянчидир»1919
  Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким ат-Термизий. Манозил ул-ибод мин ал-ибода. – Т.: «Mовароуннаҳр», 2003. 19– бет.


[Закрыть]
дейди. Унинг «Хатм ул-авлиё» асари валоят ва авлиёлик масалаларига бағишланган илк мукаммал асар бўлиб, тасаввуф тарихида биринчи марта авлиёлик даражалари, «хатм ул-анбиё» ва «хатм ул-авлиё» масалалар таҳлил этилган. Валоятнинг ўн хусусияти, авлиёлик аломатлари, ваҳий, илҳом, каромат, фаросат, қурб каби масалалар Қуръон ва ҳадисдан келтирилган далиллар асосида ёритилган.

Ҳаким ат-Термизий баъзи мухолифларнинг иғвою туҳматларига қарамай, муттасил ижод билан шуғулланган. Ҳаким Термизийдан «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор Расул», «Китоб ҳақиқат ул-одамия», «Адаб ун-нафс», «Китоб ус-салот ва мақосидуҳо», «Китоб ул-ҳажж ва асрориҳи», «Китоб ул-иҳтиётот», «Китоб ул-жума ал-лозим маърифатиҳо», «Китоб ул-фуруқ ва манъ ут-тародуф», «Китоб урс ул-муваҳаддийн», «Китоб ул-аъзо ван нафс ва йусаммо казолика ғавр ул-умур», «Китоб манозил ул-ибод мин ал-ибода», «Китоб ул-ақл вал-ҳаво», «Китоб ул-амсол мин ал-китоб вас суннат», «Китоб ул-маноҳий», «Хатм ул-авлиё» каби каби элликдан зиёд асар мерос қолган.

Ҳаким ат-Термизий 256/869 йилда вафот этган. Унинг мақбараси Термиз қалъсининг ёнида, дарё соҳилида жойлашган. Қабр устига Шоҳрух Мирзо даврида мармар қабртош ўрнатилган.

* * *

Ривоятга кўра, Ҳаким икки дўсти билан ўқиш мақсадида сафарга отланган маҳалда, онаси шундай деди:

– Эй фарзанди аржумандим, мен бир кимсасиз, нотавон ва заифман. Суянчиғим ўзингсан, мени кимга ташлаб кетмоқчисан?

Онанинг бу сўзларидан ўғлининг қалбига титроқ тушиб, сафарни тарк этади. Кунларнинг бирида Ҳаким қабристонда ўтириб зор-зор йиғлайди:

– Мен бу ерда зое қолдим. Эрта-индин дўстларим олим бўлиб қайтишади.

Бир нуроний келиб, унинг йиғиси боисини сўради. Ҳаким бошидан кечирганларини баён этди.

Нуроний деди:

– Агар хоҳласанг, мен ҳар куни сенга сабоқ бераман ва тезда олимликда дўстларингдан ўзиб кетасан.

Шу тариқа нуроний Ҳакимга уч йил таълим берди. Бу зотнинг Хизр алайҳиссалом экани ҳақида ривоятлар бор.

Ҳаким Термизий дер экан:

– Мен бу давлатга онам ризолигини қозонганим туфайли эришдим.

* * *

Ийсор (бағишлаш, инъом қилиш) – бошқаларнинг насибасини ўзингникидан ортиқ кўришингдир.

* * *

Яқин қалбнинг Аллоҳ ва унинг амрлари билан қарор топишидир.

* * *

Шукр – қалбни саховатли неъмат соҳиби – Аллоҳга бағишлашдир.

* * *

Ҳақиқатга етишликда илм ва ақлдан бошқа яна бир учинчи, илоҳий нарса – валийлик ҳам бор.

* * *

Ҳаким ат-Термизийнинг аёлидин сўрадилар:

– Шайхнинг аччиғи келганини қандай биласиз?

Аёл деди:

– Биздан озор топган кунлари шайх дарҳол тавбага юзланади: «Илоҳо, мен тавба қилдим, сен буларни ҳам салоҳга еткургил». Биз шайхни бу ҳолда кўргач, дарҳол тавба қилиб, узр айтамиз ва шайхни озурдаликдан халос этамиз.

* * *

Сўрадилар:

– Илмнинг асли нима?

Ҳаким ат-Термизий деди:

– Илмнинг асли «ибтидо»ни билиш, яъни «азал»ни ва «интиҳо»ни билиш ва «аҳди мийсоқ»ни билиш ва «илми ҳуруф»ни билишдир. Ва «илми ҳуруф» ҳикмат илмидир. Олимлар илми ҳикмат илмидир. Бу илмлар авлиёларнинг улуғларига унинг мартабасига шайтоннинг макри ожиз бўлсагина зоҳир ва ошкора бўлади.

* * *

Ким ўз нафсининг ҳисобини олиб, Худойи таоло учун парҳезкорлик қилса, азиз ва улуғ бўлади.

* * *

Ҳар киши Худодан қўрқса, Худога қочсин ва Худодан паноҳ топсин.

* * *

Юз шайтоннинг инсонга қиладиган фасодидан нафснинг инсонга қиладиган фасоди ёмонроқдир.

* * *

Бир сурув қўй ичига кирган оч бўри билан бўладиган ғавғодан бир соатлик шайтоннинг инсонга қилган фасоди зиёдадир. Ва юз шайтоннинг одамзодга қиладиган фасодидан нафснинг одамзодга қиладиган фасоди ёмонроқдир.

* * *

Тавба манзили – Аллоҳни изловчилар ва унга талпинувчиларнинг энг аввалги манзилидир. Бу манзилга етишиш шарафига муяссар бўлган бандалар Аллоҳнинг буйруқларига сўзсиз итоат этгувчи, унинг ман этган нарсаларидан ҳеч иккиланмай тийилувчи бўлиб қолади. Бундай қалб соҳиблари эзгу амалларни беихтиёр бажарадиган, ёмон ишлардан сақланадиган бўлишади.

* * *

Ҳаким ат-Термизий дейди:

– Расули акрам (с.а.в.) айтадиларки, ҳар ким Қуръон ўқиса ва Аллоҳ амрини тутса пайғамбарлик нишони икки қошининг ўртасида кўринади.

* * *

Сўрадилар:

– Хоксорлик нима?

Ҳаким ат-Термизий деди:

– Шаҳват ўтини сўндириш ва таъзим нурларини кўнглига келтиришдир. Шундай бўлса, шаҳват ўти сўниб, кўнгил тирилган бўлади.

* * *

Одамларнинг азизроғи ўз нафсини хор қилган кишидир.

* * *

Ҳар ким ҳақиқат сирига етса, ҳаргиз гуноҳ аҳлини инкор қилмайди.

* * *

Аллоҳ даргоҳида мақбул бўладиган ёқимли ишлар кофирлар билан жангда қилич уриш, олимлар даргоҳида илм ўрганиш, очлик билан Каъба йўлида сафар қилиш, кўнгил ҳузури билан Аллоҳга муножат қилишдир.

* * *

Сўрадилар:

– Кўнгилнинг ниҳояти борми?

Ҳаким ат-Термизий деди:

– Ҳар қачон кўнгилнинг истаги маълум бўлса, кўнгилда қарор топади. Аммо йўлнинг ниҳояти йўқдир.

* * *

Бир зоҳид бор эди. Ҳаким ат-Термизийга ранжу балолар унинг муораза (тортишув)лари сабабли эди. Зоҳиднинг бойлиги кўп, Ҳакимнинг бир капасидан бошқа бойлиги йўқ эди. Бир куни Ҳаким капага келса, ит ухлаб ётибди. Итга озор бермаслик учун Ҳаким аста-секин капани тебрата бошлади. Аммо итни кападан қувиб чиқаришга кўнгли бўлмади. Ит кападан чиқмади. Термизий бир қоянинг остида тонг орттирди. Шу кеча зоҳид тушида Пайғамбар (с.а.в.)ни кўрдики, у зот дедилар:

– Эй ғофил, сен шундай маърифат кишисига жафо қилганинг ҳолда, саксон марта капани тебратди. Ит чиқиб кетмагач, бир қоя остида қўним топди. Сен шунча молдавлатинг билан абадий саодатга эришмоқчимисан? Бор, унинг хизматига камарбаста бўл ва ундан озорларинг учун узр сўра. Зоҳид уйғонди. Термизийнинг ҳузурига борди. Қолган умрини унинг хизматига бағишлади.

* * *

Сўрадилар:

– Дунёда адабдан яхши нарса йўқ дейсиз. Ўз адабингиздан бизга баён қилинг.

Ҳаким ат-Термизий деди:

– Шунча йилдан бери аҳли аёлим, оилам ва яқинларим олдида бурун қоқмадим.

* * *

Ҳар ким Худодан қўрқса, қўрқувдан холи бўлади.

* * *

Инсондаги иллатларнинг энг ёмони кибрдир.

* * *

Ҳақиқий жўмард шундайки, унинг қошида мусофир ҳам, муқим ҳам тенг бўлади.

25. АБУ АБДУЛЛОҲ ХАФИФ АЛ-ШЕРОЗИЙ

Тариқат аҳлининг пешвоси, илоҳий маърифат билимдони Шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф 241/855 йилда Шероз вилояти ҳокиминииг қўшин бошлиғи хонадонида дунёга келган. Унинг онаси нишопурлик бўлган.

Абдуллоҳ Хафиф дастлаб Шайх Абулаббос ибн Аҳмад ибн Яҳёдан тарбия олган. Ёшлигиданоқ илоҳиёт, ислом асослари ва тасаввуфга шайдо бўлган. Риёзати маълум ва машҳур бўлиб, «охиратда юким енгил бўлади» деб бир кеча-кундузда ифтор маҳалида етти дона майиз еган. «Хафиф» (енгил) лақабини олган. Абдуллоҳ ҳадис илмига қизиқиб, Абу Абдуллоҳ ибн Аҳмад Шордоний ҳамда Абдуллоҳ ибн Жаъфар Арзгонийдан сабоқ олган.

Хафиф Жунайд Бағдодий суҳбатида бўлган. Абу Муҳаммад Руваймдан тасаввуф назариясини тугал ўрганиб, унинг қўлидан хирқа кийган. Жарир Абулаббосдан дарс олган. Мансур Ҳаллож билан суҳбатлашган.

Хафифнинг бир дона шолчаси бўлиб, йигирма йил уни кийиб юрган. Ҳар йилда тўрт марта чилла ўтирган. Бир неча марта ҳажга бориб, Шом ва Мадина шаҳарларини пиёда кезиб чиққан. Хафиф Маккада Абулҳасан Мазин, Абу Али Рудборий, Абу Бакр Каттоний, Абу Яқуб Наҳржурий каби машойихлар суҳбатида бўлган.

Жаҳонгашта Шайх Муҳаммад Хафиф Марказий Осиё шаҳарлари, Ҳиндистону Сарандиб (Цейлон)да бўлган. Будда роҳиблари билан мунозара қилган. Қирқ йил умр кўриб, 281-хижрий йилда Шерозда вафот этган.

Муҳаммад Хафифдан ислом тарихи, тасаввуф назарияси ва амалиётига доир ўнлаб илмий рисолалар мерос қолган. Жумладан, «Шарҳ ул-фақр», «Шарҳ ул-фазойил», «Ал-фусул фий ас-савол», «Ал-савомеъ ал-манқатайн», «Ихтилоф улнос фий ар-руҳ», «Ал-муфрадот», «Ал-жомеъ ут-тафриқа» каби рисолалари ўша давр исломшунослари, илму адаб аҳли томонидан илиқ кутиб олинган.

«Шарҳ ул-фақр»нинг шуҳрати ҳақида муаллиф шундай хотирлайди: ушбу китобни ёзиб битиргач, Абу Бакр Зайд номли дўстим ўқиш учун бир нусхасини мендан сўради. Иттифоқо, бир куни бир қанча машойихлар суҳбатида бўлиш насиб этди. Абу Бакр менинг ўша китобимни уларга ўқиб берар, ҳаммалари бошларини қимирлатиб офаринлар айтишар эди.

Шу пайт улардан бири сўради:

– Бу китобнинг муаллифи ким?

Абу Бакр мени кўрсатди. Бу орада намоз вақти бўлди. Барча мени имомликка ўтишимни сўрадилар.

Дедим:

– Устод шайхлардан бири имомликка ўтишсин, ҳали бу мартабага муносиб эмасман.

Жамоадагилар сўзларида қатъий туриб, дедилар:

– Шундай китобни ёзган одамнинг имоматга ўтиши вожибдир.

* * *

Абдуллоҳ Хафифнинг ходими ифторликка узум берди. Хафиф узумларни еди. Ҳар доимги тоатидан оладиган ҳаловатни топа олмади. Сабабини сўради.

Ходим деди:

– Ожиз ва кучсиз эканингдан хавотирга тушиб, ортиқча узум берган эдим.

Абдуллоҳ Хафиф ходимга рухсат бериб, бошқа ходим тайин этди.

* * *

Ҳар ким сўфийларга (билмасдан) таъна қилса, қўлларидан айрилади.

* * *

Хафиф хонақоҳда бошдан-оёқ қора кийим кийган дарвешдан сўради:

– Нега қора либос кийдинг?

Дарвеш деди:

– Аллоҳимни (нафсимни) ўлдирдим, шунинг учун қора либос кийдим.

Абдуллоҳ Хафиф дарвешни синаш мақсадида хонақоҳдан ҳайдаб юборди. Дарвеш қайтиб келиб, ўтирди. Бу ҳолат етмиш марта такрорланди. Дарвешнинг ботини ҳам, зоҳири ҳам ўзгармади.

Абдуллоҳ Хафиф Қуръоннинг Жосия сураси, 21-оятини ўқиди2020
  Қуръони карим. Жосия сураси, 21-оят. Эй Муҳаммад, ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган ва Аллоҳ уни (азалан гумроҳ бўлишини) билган ҳолда адаштириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми? Бас, уни Аллоҳ (адаштирган)дан сўнг ким ҳидоят қила олур? Ахир (бундан) эслатма олмайсизларми?!


[Закрыть]
ва дарвешнинг ёнига келиб деди:

– Эй ёронлар, дарвешнинг «Аллоҳимни ўлдирдим» дегани ўз нафсимни ўлдирдим деганидир. Билингларки, ҳар ким ўз нафсига тобе бўлса, худди нафсини Аллоҳ деган ва унга сиғинган бўлади.

* * *

Сўрадилар:

– Тақво нима?

Абдуллоҳ Хафиф деди:

– Маҳбубга етиш учун Ҳақдан бошқасидан кесилишдир.

* * *

Абдулоҳ Хафиф йигитлик чоғида Маккага йўл олди. Қўлида бир арқон ва бир сув идиш бор эди. Йўлда сувсизлик ғолиб келиб, чанқади ва узоқда бир кийикнинг қудуқдан сув ичаётганини кўрди. Хафиф сув олмоқчи бўлган эди, сув қудуқнинг тубга тушиб кетди. Абдуллоҳ ҳайрон бўлиб «Хафифдан кийикнинг мартабаси ортиқ экан» деди ва арқон ва сув идишни ташлаб, йўлга тушди. Ҳотифдан овоз келдики:

– Кийикнинг эътиқоди бизга маҳкам бўлгани учун унинг мартабаси ортиқ. Сени синаган эдик, боргил, сув сенга мунтазирдир.

Хафиф ортига қайтди. Қудуқ суви лиммо-лим бўлди.

* * *

Хафиф ҳаждан қайтгач, Бағдод шаҳрига келди. Жунайд Бағдодий Хафифга деди:

– Эй Абдуллоҳ, агар сен «сувга эҳтиёжим йўқ» деб кетганингда, сув Маккагача ортингдан оқиб келган бўлар эди.

Хафиф Жунайд Бағдодийнинг «қутби аср» эканига ишонди.

26. АБУ ИСҲОҚ ИБРОҲИМ КОЗИРУНИЙ

Шайх Абу Исҳоқ Иброҳим Козируний 352/963 йилда Шероздан унча узоқ бўлмаган Козирун қишлоғида ўрмончи оиласида туғилган. У ёшлигиданоқ Қуръон ўрганишга жиддий киришган. Басралик Абу Исҳоқ Абу Тамим ва шомлик Абу Али Муҳаммад ибн Исҳоқдан Қуръонни мукаммал ўрганган. Шайх Муҳаммад Хафиф суҳбатида бўлиб, тариқат сирларидан воқиф бўлган.

Абу Исҳоқ Абу Али Ҳусайн Муҳаммад қўлидан хирқа кийган. Шайх Озар билан Ироқ ҳамда Ҳижозга сафар қилиб, унинг суҳбатидан файзу барака топган. Абу Исҳоқ 388/998 йилда ҳаж сафарига борган. Қайтиб келгач, Козирунда хонақоҳ, масжид ҳамда работ қурдирган. Қишлоқ аҳолисининг аксарияти зардуштий қавмидан бўлгани учун бу иш анча қийин кечиб, ҳатто икки томон ўртасида қуролли тўқнашув юз берган. Ниҳоят Абу Исҳоқ ўз ниятига эришган. Абу Исҳоқнинг вазирлик лавозимига кўтарилган сабоқдоши Абу Исҳоқни қўллаб-қувватлаш мақсадида унга кўп инъомлар ҳадя этган. Лекин Абу Исҳоқ уларни қайтарган.

Вазир бир неча бандини озод қилиб, Абу Исҳоққа деди:

– Бунинг савобини сенга бағишладим.

Абу Исҳоқ унга миннатдорчилик билдириб деди:

– Яхшилигинг шукрини адо қилдим, лекин бандиларни озод қилиш менинг ишим эмас. Менинг ишим озодларни дўстлик ва эҳсон билан банди қилишдир (Ҳақ йўлга чорлашдир).

Абу Исҳоқнинг каромат ва риёзатлари ҳақида ҳикоят ҳамда нақллар халқ орасида кенг тарқалган. Улар Муҳаммад ибн ал-Хатиб томонидан араб тилида битилган. «Фирдавс ул-муршидий фий асрор ул-самдия», «Мурсал ул-аҳрор» китобларида тўпланган ва анча муфассал баён этилган.

Абу Исҳоқ 420/1029 йилда вафот этган. Қабри Козирун қишлоғида.

* * *

Ақлнинг энг паст даражаси дунёга маҳлиё бўлиш, ақлнинг ўрта даражаси дунёни тарк қилиш, ақлнинг юқори даражаси Аллоҳнинг зоти хусусида тафаккур қилмаслик, яъни Аллоҳ зотини ақл билан билишга уриниш бефойда эканини англаб етишдир.

* * *

Тасаввуф – даъволарни тарк этиш ва маъноларни яширишдир.

* * *

Оз ризққа қаноат қилиш кам амални ҳам поклайди.

27. АБУ НАСР САРРОЖ ТУСИЙ

Шарқда «товус ул-фуқаро» лақаби билан шуҳрат қозонган Абу Наср Саррож ўз даврининг буюк машойихларидан биридир.

Абу Наср Саррож 303/915 йилда Тусда таваллуд топган. Тус ва Нишопур мадрасаларида таълим олиб, калом ва ҳадис илмида беназир бўлиб етишган. Абу Муҳаммад Муртаъишга шогирд тушиб, тасаввуф илмини ўрганган. Сарий Сақатий ва Саҳл Тустарий суҳбатида бўлиб, уларнинг дуосини олган. Абу Наср Саррож Қуръон оятларни шарҳлашда беназир бўлган.

Нафсининг залолатидан қутулган ва руҳи жисмидан устун бўлган Абу Наср Саррож ибодатларни қалб ҳузури билан адо этган. Унинг риёзату муомалатда улуғлигини ушбу мисол тасдиқлайди. Абу Наср рамазон ойида Бағдодга келган. Шунизия масжидидан унга ҳужра ажратишган. Саррож ҳайитга қадар Жомеъ масжидида имомлик қилган. Таровеҳ намозида Қуръонни беш марта хатм қилган. Масжид ходимларидан бири ҳар куни унинг ҳужрасига иккитадан нон олиб борган. Ҳайит ўтгандан кейин Абу Наср Тусга қайтиб кетган. Ходимлар унинг ҳужрасида бир ой давомида олиб келган нонларининг қандай бўлса шундайлигича турганини кўриб ажабланишган. Абу Наср рамазон ойида рўза тутган ва ноннинг ушоғига ҳам қўлини теккизмаган эди. Зеро, рўзада сўфийлар руҳан ва жисмонан покланиб, ҳидоят ва саодатга эришганки, Жунайд Бағдодий, Имом Аъзам Аллоҳ ризоси учун муттасил рўза тутишган2121
  Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. 13-бет.


[Закрыть]
.

Абу Наср Саррож «Китоб ал-лумаъ фит-тасаввуф» рисоласи муаллифидир.

Абу Наср Саррож 378/988 йилда вафот этган. Қабри Тус шаҳрида. «Насойим»да зикр этилишича, Абу Наср Саррож айтар эканки, «тобутни менинг қабрим теграсидан олиб ўтсалар, Аллоҳ мағфиратига олар»2222
  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 199-бет.


[Закрыть]
. Бу башорат ҳукми билан тобутларни унинг қабри олдидан олиб ўтиб, дафн этишар экан.

* * *

Ялдо кечалардан бирида машойихлар маърифат хусусида суҳбат қилишар, ўчоқда ловуллаб олов ёнар эди. Абу Наср Саррож беҳудлик ҳолатига тушиб, бошини олов устига қўйиб, Аллоҳга сажда қилди. Лекин олов унга таъсир этмади. Бу ҳолни кўрган муридлар қўрққанларидан қочдилар. Мажлисда хос кишилардан бир нечтаси қолди. Муридлар эртасига Абу Насрнинг ҳолини билиш учун уйига келдилар. Шайх соғ-саломат ибодат қилиб ўтирган эди. Муридлардан бири сўради:

– Эй устоз, олов нега сизга таъсир этмади?

Абу Наср Саррож деди:

– Ким бу даргоҳга ўзини тикса (бағишласа), оташ ҳам куйдира олмайди. Ишқ ошиқлар қалби ва кўксидаги оташдир. Ишқ Аллоҳ изнидан ташқари нарсаларнинг барини куйдиради.

* * *

Рамз – сўз зоҳирининг замирида яширинган ва аҳли дилдан ўзга киши англай олмайдиган яширин маънодир.

* * *

Одоб борасида халойиқ уч тоифа бўлади: биринчиси, дунёвий кишилар, иккинчиси дарвешлар, учинчиси орифлар (валийлар) одобидир. Дунёвий кишилар одоб подшоҳларга иззат, катталарга ҳурмат, кичикларга шафқатда намоён бўлади. Дарвешлар одоби кўнгилни кичик тутиш, асрорни махфий сақлаш, ваъдага вафо қилиш ва ҳар ишни ўз вақтида адо этиш, нафсни ислоҳ қилишда намоён бўлади. Орифлар одоби илм (маърифат), ҳилм (юмшоқлик, тавозуъ), тақво (ҳар жиҳатдан парҳезкорлик), саҳв (хатоларни англаш), шукр (Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш), сидқ (ростгўйлик), вафо (аҳдга содиқлик), ризо (Аллоҳ тақдирига рози бўлиш), сафо (кўнгилни соф этиш), ишқ (муҳаббат)да намоён бўлади.

* * *

Тилнинг важд, завқу ҳол, ҳаяжон ҳолида айтганлари иддаога (муддао, орзу, даъво) яқин бир манбадан чиққан калимадир.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации