Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Хамиджон Хомидий


Жанр: Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

18. АБУЛҲУСАЙН НУРИЙ

Абулҳусайн Аҳмад Нурий Хуросонда етишиб чиққан машҳур шайхлардандир. Шайх Нурий «замонасинииг ягонаси ва вақтининг муқтадоси ва тасаввуф аҳлининг зарофатликлари ҳамда муҳаббат аҳлинииг шарофатликларидан эди» деб улуғланган. Машойихлар орасида «Амир ул-қулуб ва қамар ус-сўфия» деб фахр билан тилга олинган.

Унинг «Нурий» деб айтилиши сабаби шундаки, қоронғу уйда суҳбат қурса, уй ёришиб кетган. Бундан ташқари, фаросат нури билан кишиларнинг қалбларидаги ҳар қандай фикрни билиб олган. Шайх Нурий бир неча йиллар мужоҳада ва риёзат чекиб, муродига етиш йўлида жидду жаҳд кўрсатган. Қирқ йил нафсига ҳукмини ўтказган. Тоат бобида беназир, фақрни ўзига ғолиб қилган, қоронғу кечада сўзласа, оғзидан нур таралиб, вужуди равшан бўлган.

Нақл қилишларича, Шайх Нурийнинг ибодат қиладиган хонақоҳи кечалари шайх ибодат қилаётган вақтда мунаввар бўлиб, яқин атрофдагилар Шайх Нурийнинг дарчасидан чиқаётган нурни томоша қилгани келишган.

Абулҳусайн Нурий Жунайд Бағдодийнинг қариндошларидан бўлиб, Шайх Аҳмад Жаворийнинг яқин дўсти бўлган. Шайх Нурий машҳур Шайх Сарий Сақатийнинг муриди эди.

Абулҳусайн Нурий 296/908 йилда вафот этган.

* * *

Нақл қилишларича, унинг муножотини эшитганлар ҳайратга тушган. Шайх Нурий дер эди:

– Илоҳим, жаҳаннамга лойиқ бўлган бандаларингни яратдинг. Энди уларни қиёматда жаҳаннамга ташлайсан. Илоҳим, уларнинг ўрнига мени жаҳаннамга ташлаб, уларни дўзах азобидан озод эт.

* * *

Шайх Нурий бир кишининг қўли билан соқолини ўйнатиб намоз ўқиётганини кўриб деди:

– Худонинг соқолидан қўлингни торт.

Шайх Нурийнинг сўзларини куфрга йўйган мутаассиблар дарҳол бу ҳақда халифани огоҳ этдилар. Олимлар келишиб, «Шайх Нурий бу сўзни айтиш билан кофир бўлди» дедилар.

Шайх Нурийни халифанинг ҳузурига чақирдилар.

Халифа сўради:

– Сен чиндан ҳам «Худонинг соқолидан қўлингни торт» дедингми?

Нурий деди:

– Шундай.

Халифа ажабланиб сўради:

– Нима учун бундай дединг?

Нурий деди:

– Банда кимники бўлса, соқоли ҳам Уникидир.

Халифа хато иш қилиб қўймаганидан хурсанд бўлиб, деди:

– Алҳамдулиллоҳ, Худо бир асради. Мен Шайх Нурийни ўлдириб юборишимга бир баҳя қолди.

* * *

Бир покдомон кишининг эшаги узала тушиб ётибди. Ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, турғизишнинг иложи бўлмайди. Шайх Нурий эшакни оёғи билан тепиб деди:

– Тур, ҳозир уйқунинг вақти эмас.

Эшак дарҳол ағанаб, ўрнидан силжиди. Эшакнинг эгаси юкларини ортиб, йўлига равона бўлди.

* * *

Шайх Нурий бемор бўлди. Ёронлари ҳар куни уни зиёрат қилар, унинг тузалиб кетиши учун дуо ўқир эдилар. Бир куни Жунайд бир қўлида гул ва бир лаган мева олиб келиб, Шайх Нурийнинг олдига қўйди. Нурий тузалди.

Бир неча фурсатдан сўнг Жунайд оғриб қолди. Шайх Нурий асҳоблари билан Жунайдни кўргани йўл олиб, уларга деди:

– Ҳар қайсингиз Жунайднинг оғриғидан бир парчадан олинг.

Асҳоб дедилар:

– Шундай қиламиз.

Жунайд дарҳол соғайиб ўрнидан турди ва дўстларига лутф кўрсатди.

Нурий деди:

– Эй Жунайд, энди касал кўргани борсангиз биз каби боринг ва беморнинг дардини олинг.

* * *

Шайх Нурий деди:

– Бир заиф ва камқувват кишини кўрдум. Уни ўғирликда айблаб, қамчи билан савалар эдилар. Лекин сабр қилар эди. Сўнг зиндонга солдилар.

Шайх Нурий зиндонга кириб, унинг ҳолини сўради:

– Бу қадар заифлик ва камқувватлик билан қамчи зарбига қандай сабр қилдинг?

Мазлум деди:

– Эй Нурий, балога сабр қилиш учун ҳиммат керакдир.

Шайх Нурий деди:

– Сабр недир?

Мазлум деди:

– Сабр шуки, бало келганда ўша балони роҳат ва ҳузур деб қабул қилишдир.

* * *

Замонамизнинг энг азиз нарсаларидан бири илмига амал қилган олим бўлса, иккинчиси Аллоҳ ҳақиқатидан сўзловчи орифдир.

* * *

Инсон умрни Аллоҳ қўрқуви билан кечириши қандай яхши давлат. Ҳар ким Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳдан паноҳ тилайди.

* * *

Сўрадилар:

– Авлиёлар халққа ваъз айтиш мартабасига қачон сазовор бўладилар?

Шайх Нурий деди:

– Қачонки авлиёнинг айтар сўзи Худонинг даргоҳидан қуйилиб келса ва ўша сўзларни халқнинг қалбига етказиш фаҳмига етса, у вақтда халққа ваъз айтишга лойиқ бўлади.

* * *

Ким дўст бўлиб келса, муҳаббат қозонади. Ҳар ишда муҳаббат билан иш тутса, Ҳақ бандалари қаторидан жой олади.

* * *

Гуноҳ йўқотишдан, тоат макрдан холи эмасдир.

* * *

Ҳар бир нарсанинг уқубати бўлади. Орифларнинг уқубати Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолишдир.

* * *

Ҳар ким ҳамма нарсани Аллоҳдан деб билса, унинг қайтиши ҳар ишда Аллоҳга бўлади.

* * *

Сўрадилар:

– Мусулмонлик нима?

Шайх Нурий деди:

– Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатларига итоат этишдир.

* * *

Сўрадилар:

– Тасаввуф нима?

Шайх Нурий деди:

– Тасаввуф русум, илм эмас, Аллоҳ хулқларидан бири, яъни Аллоҳ хулқлари билан хулқланиш, озодлик ва мардлик, такаллуфни тарк этиш ва охиратни дўст тутишдир.

* * *

Сўрадилар:

– Таваккул нима?

Шайх Нурий деди:

– Сенинг тадбиринг Унинг тақдири ичида фоний бўлишидир, яъни Аллоҳга ҳар ишда рози бўласан. Аллоҳ сенинг ишингга вакилдир.

* * *

Шайх Нурийнинг муроқаба ҳолида ўтирганини кўрган дўстлари сўрашди.

– Бу қандай муроқаба?

Шайх Нурий деди:

– Бу муроқабани мушукдан ўргандим. Эр киши Ҳақ таоло йўлида мушук каби бўлиши керак. Зеро, сичқон тешик ичига кирса, мушук тешик ташқарисида туриб, сичқонни пойлайди. Эр киши ҳам Аллоҳни истаб, худди шундай ҳозир бўлиши лозимдир.

19. ЖУНАЙД БАҒДОДИЙ

Шарқда «Тож ул-орифийн», «Султон ул-муҳаққиқийн», «Устод ул-тариқат» номи билан машҳур бўлган жунайдия тариқати асосчиси Абул Қосим Жунайд ибн Муҳаммад алҚаворирий ал-Хаззоз ал-Бағдодий 207/822 йилда Бағдодда туғилган. Гўдаклигида отадан етим қолиб, тоғаси Сарий Сақатий қўлида тарбия топган. Бағдод мадрасаларида таълим олган.

Ислом ҳуқуқи ва ҳадис илмини ўз даврининг машҳур фақиҳи Иброҳим Бағдодийдан ўрганган. Тасаввуф илмидан тоғаси Сақатий ва Ҳорис Муҳосибий устозлик қилган. Жунайд руҳий покланишга алоҳида эътибор қаратиб, тасаввуф амалиётини исломга мослаштирган. Абу Наср Саррож, Абу Али Даққоқ, Абулқосим Қушайрий Жунайднинг ҳаммаслаклари бўлишган.

Бағдод аҳли Жунайдни «саййид ут-тоифа» деб атаган. Шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат илмида бениҳоят олий даража ва мақом соҳиби бўлган. Суфён Саврийнинг қарашларини маъқуллаган. Бағдод машойихининг барчаси Жунайд йўлини тутишган.

Жунайд Бағдодий ислом тарихи, назарияси ҳамда тасаввуфга доир кўплаб рисолалар ёзган бўлса ҳам, ҳозиргача етиб келмаган. Алишер Навоий унинг «Тафсир» номли асари ҳақида эслатган. Шунингдек, Жунайднинг «Расоил» номли асарида Жунайднинг замондошлари билан ёзишмалари, мактублари, сўфийликка доир мақолалари ҳамда Қуръоннинг айрим оятларига шарҳлар жамлангани таъкидланган.

Жунайднинг сўзлари тариқатда ҳужжат, тасаввуф ичида қутб даражасига эришган бўлса ҳам, ақидапараст ва мазҳабпараст мунофиқлар томонидан кўп ранж чеккан. Ҳаттоки, Жунайдни «зиндиқ» деб жонига қасд этмоқчи бўлишган. Душманларнинг қўли калталик қилиб, Жунайдга ҳеч бир ёмонлик қила олишмаган, аксинча, руҳий хасталик, кўр ва тузалмас беморликка учраганлар. Бунинг далили шундаки, ҳар ким авлиёларни синаса ва бежо дахл қилса, икки дунёда ҳам зарарга учрайди. Авлиёлар нимаики иш қилсалар ҳам, гарчи шариатга хилоф деб билсалар ҳам, бу ҳақда сўраш ёки танбеҳ бериш раво эмас. Қанчалик узрхоҳлик қилмасин, авлиё сўзи ўқдир.

Жунайд 91 йил умр кўриб, 298/910 йилда Бағдодда вафот этган.

* * *

Шайх Шиблий деди:

– Агар ақл киши суратига кирса эди, Жунайд суратида бўлар эди.

* * *

Сарий Сақатий деди:

– Жунайднинг шавқ, маърифат, кашф ва ишқ бобидаги мартабаси бағоят олийдир.

* * *

Жунайд доим рўза тутар, ёронлари зиёратга келса, меҳмон ҳурмати рўзасини очар эди. Жунайд дейди:

– Рўза тутганнинг фазилати дўстларнинг кўнглини обод қилишдан зиёда эмасдир.

* * *

Жунайд Бағдодий ва Абу Бакр Каттоний суҳбатдош бўлишган. Уларнинг ўртасида маърифат ва ҳақиқат борасидаги минг масала яширин эди. Абу Бакр Каттоний вафотидан олдин Жунайдга улар ўртасидаги сирлар зоҳир бўлмаслигини васият қилди. Жунайд сирни халққа ошкор қилмади.

* * *

Жунайд уламолар тўнини кияр эди.

Сўрадилар:

– Нима учун хирқа киймайсиз?

Жунайд деди:

– Хирқа кийиш билан мурод ҳосил бўлганда, темирдан жанда кияр эдим. Аллоҳ даргоҳида хирқаю жандага эътибор йўқ, балки эътибор кўнгил даргоҳигадир. Кишининг кўнглида Аллоҳ дарди бўлмаса, хоҳ хирқа кийсин, хоҳ жанда кийсин – фойдаси йўқдир.

* * *

Жунайднинг сўзлари бағоят таъсирли эди. Сарий Сақатий деди:

– Халққа панд-насиҳат қилар вақтинг келди, минбарга чиқ.

Жунайд деди:

– Сиздек муршидим ҳузурида сўз айтишга менга йўл бўлсин?

Жунайд кечаси Муҳаммад (с.а.в.)ни туш кўрди. Сарвари коинот (с.а.в.) Жунайдга умматларга ваъз қилишга изн берди. Жунайд уйғонди. Тушини айтиш учун пири Сарий Сақатийнинг ҳузурига йўл олди.

Сарий деди:

– Сарвари олам (с.а.в.)нинг ўзлари изн бердилар, энди халққа сўз айтарсан?!

Жунайд минбарга йўл олди.

* * *

Жунайднинг кўзи оғриди. Табиб келди. Дори бериб деди:

– Кўзингга сув тегмасин, яллиғланиб кетади.

Табиб кетди. Жунайд таҳорат олиб, намоз ўқиди. Эртасига табиб келди. Жунайднинг кўзи тузалганини кўрди.

Табиб сўради:

– Нима даво қилдинг?

Жунайд деди:

– Таҳорат олиб, намоз ўқидим.

Табиб Жунайднинг қўлидан тутиб, иқрорини айтди:

– Бу даво Холиқнинг давосидир, халқнинг давоси эмасдир. Чин табиб У (Аллоҳ)нинг ўзидир.

* * *

Амалларнинг яхшироғи нафсни сақлашдир. Ким нафсини сақласа, динини ҳам сақлайди.

* * *

Жунайд деди:

– Ҳиммат Аллоҳнинг ишоратидир. Иродат фаришталарнинг ишоратидир. Миннат султонларнинг ишоратидир. Шаҳват нафснинг ишоратидир. Ҳаво куфрнинг ишоратидир.

* * *

Сўрадилар:

– Футувват нима?

Жунайд деди:

– Фақирлардан ор қилмасанг ва бойларга фахр билан қарамасанг футувват шудир.

* * *

Сенга тақдир этилган нарса, албатта, сенга етади.

* * *

Тавбанинг уч маъноси бор: пушаймон бўлиш, золимлар зулмидан ўзини сақлаш, ёмон жойларга оёқ босмаслик.

* * *

Тафаккур тўрт қисмдир. Биринчиси, Аллоҳнинг оятларини тафаккур қилиш. Бундан маърифат ҳосил бўлади. Иккинчиси, Аллоҳ неъматларини тафаккур қилиш. Бундан муҳаббат ҳосил бўлади. Учинчиси, Аллоҳнинг ваъдаларини тафаккур қилиш. Бундан хавф ва умид ҳосил бўлади. Тўртинчиси, Аллоҳнинг раҳматини тафаккур қилиш. Бундан ғайрат ҳосил бўлади.

* * *

Аллоҳ ўттиз йил Жунайд тили билан халойиққа сўзлади. Жунайд орада йўқ бўлгач, халқнинг ҳам ундан хабари йўқ бўлди.

* * *

Аллоҳ ёмонликни кўзлаган кишига муҳаббатни ҳаром қилди.

* * *

Мажлисларнинг энг шарафлиси ва энг олийси тавҳид соҳасида тафаккур қилиш, маърифат шамоли билан елпиниш, муҳаббат косасида дўстлик дарёсидан сув ичиш ва Аллоҳга ҳусни зан (яхши хаёл билан) назар айлашдир.

* * *

Ҳар кимнинг тириклиги Аллоҳ билан бўлса, унинг ўлими мажозий тирикликдан ҳақиқат тириклигига ўтишдир. Ҳар кимнинг тириклиги нафси билан бўлса, унинг ўлими жондан айрилишдир.

* * *

Кўнгил тўрт турлидир. Бир кўнгил Аллоҳдандир, бандани бандаликка даъват этади. Иккинчиси фаришталардандир, бандани тоатга даъват этади. Учинчиси нафсдандир, бандани дунёга даъват этади. Тўртинчиси шайтондандир, бандани бахиллик, ҳасад, адоват ва жаҳолатга даъват этади.

* * *

Агар мен билан Аллоҳ ўртасида оловдан денгиз бўлса, Аллоҳга бўлган иштиёқим боис, кечиб ўтмоқ учун ўзимни оловга ташлар эдим.

* * *

Ҳар бир амалнинг ўзи Аллоҳнинг лутфу иноятидандир.

* * *

Ихлос – банданинг ҳар бир амали ва феълида Аллоҳни хоҳлашидир.

* * *

Тасаввуф хулқдир, яъни кимки сендан хулқда устун бўлса, тасаввуфда устундир.

* * *

Ориф – ўз вақти (ҳоли)нинг боласидир. Орифни икки вақтда бир ҳолатда кўриб бўлмайди.

* * *

Маърифат банда кўнглида Аллоҳнинг омонатидир. Унинг йўлида жон нисор этмагунча, банда маърифат лаззатига эришмайди.

* * *

Муҳаббатга яқинлашиш – бирлашиш, халқнинг ғийбатида бўлиш тарқалишдир.

20. АБУ АБДУЛЛОҲ МАҒРИБИЙ

Риёзат, зуҳд ва парҳезкорликда барчага намуна бўлган Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Мағрибий миллат шайхи ва авлиёларнинг устози деб улуғланган.

Абдуллоҳ Мағрибий 174/790 йилда таваллуд топган. Ҳиротлик Абулҳусайн Али Розийдан тасаввуф сирларини ўрганган. Иброҳим Хаввос ва Иброҳим Шайбон Кирмоншоҳий, Абу Бакр Бойкандийнинг устозидир.

Абдуллоҳ Мағрибий мева, сабзавот ва гиёҳ илдизлари билан чекланиб, бировнинг қўли теккан нарсани тановул қилмаган. Зеро, ҳалол луқмадан пайдо бўлган маърифат ва илоҳий файз туфайли инсон Аллоҳга яқинлашади ва илоҳий сирлар соҳибига айланади. Бир луқма ҳаром эса эришилган барча файз ва шукуҳни емириб, йўқ қилиб юборади.

Абдуллоҳ Мағрибий ҳамиша эҳром кийиб юрган.

Ҳамиша рўзадорлик билан кун кечириб, 125 йил умр кўрган.

Абдуллоҳ Мағрибий 299/911 йилда вафот этган. Қабри Тури Сино тоғида.

* * *

Абдуллоҳ Ансорий дейди:

– Абдуллоҳ Мағрибий ҳеч қачон қоронғуликни кўрмаган. Халққа зулмат бўлиб кўринган нарса Абдуллоҳ Мағрибий учун рўшнолик эди.

* * *
 
Шайх Мағрибий демишдир бўйлаким,
Кечди олтмиш, тунда тунни кўрмадим.
Етдим олтмиш ёшгаким, ҳайрат менга,
Бир замон юз очмади зулмат менга.
Сўфийлар сўйлаб бу сидқи қолини,
Тунда кўрдик, дедилар, аҳволини.
Дашт аро не тиканлар ғов эди,
Ой каби олдинда ул пешров эди.
Мағрибийни машриқий этмиш Худой,
Бахш этиб мағрибга машриқдек чирой.
Нури ул шамсу шамус андоқ эрур,
Хосу омлар бошида порлоқ эрур1414
  Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий / Форсийдан Жамол Камол таржимаси. – Т.: «Мериус», 2010. 405-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *

Абдуллоҳ Мағрибий дейди:

– Отамдан бир уй мерос қолган эди. Уйни сотиб, пулини Каъба муҳожирларига тарқатишни ният қилдим. Шу мақсад билан Каъбага йўл олдим. Йўлда қароқчига дуч келдим.

Қароқчи сўради:

– Нима нарсанг бор?

Абдуллоҳ Мағрибий деди:

– Эллик олтиним бор.

Қароқчи деди:

– Пулларингни менга бер.

Абдуллоҳ пулларни қароқчига берди. У пулларни санаб, эллик олтин эканига ишонч ҳосил қилди. Сўнг олтинларни Абдуллоҳга қайтарди. Сўнг туясига миндириб, Каъбага олиб борди. Қароқчилигини ташлаб, тоат-ибодатга машғул бўлди. Бир муддат Абдуллоҳ Мағрибийнинг суҳбатида бўлиб, кўп риёзат чекиб, Ҳақ таоло дўстлари қаторидан жой олди.

* * *

Энг фазилатли иш вақтни мақсадга мувофиқ сарфлашдир.

* * *

Абдуллоҳ Мағрибий ҳажга кетаётган йигитга кўзи тушиб, ундан сўради:

– Нега баррия (дунёнинг қуруқлик қисми)да озиқа ва уловсиз кетаяпсан?

Йигит деди:

– Ўнг ва чап тарафингга қара ва бошингни кўтар. Юқорига ва қуйига қара, Аллоҳдан ўзгасини кўряпсанми?

Абдуллоҳ Мағрибий деди:

– Ҳар тарафга қарасам ҳам Аллоҳ ҳозирдир.

Йигит деди:

– Ҳамма ерда Раззоқ ҳозир бўлса, менинг ризқимни етказмасми?

* * *

Энг пасткаш одам бойга сохта таъзим этган кишидир. Энг иззатли одам эса фақирга бош эгиб, унга ҳурмат кўрсатган кишидир.

* * *

Абдуллоҳ Мағрибийнинг тўрт ўғли бўлиб, уларни турли касб-ҳунарга ўргатди. Ёронлари Абдуллоҳдан сўрашди:

– Нега ўғилларингизга ўзингизнинг касбингизни ўргатмайсиз?

Абдуллоҳ жавоб берди:

– Мендан кейин ўғилларим ўз меҳнатларининг ҳосилларидан ейдилар. Ҳар ерга борганларида «фалончининг ўғлиман» деб сиддиқлар жигарини қон этмайдилар. Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисидирки, «Ўз меҳнатинг ва пешона теринг билан ризқ топиб егин, динингдан емагин». Зеро, дарвешларнинг энг яхшиси Аллоҳ берган ризққа рози бўлган ва ҳеч кимсадан бирон нарса тама қилмаган дарвешдир.

* * *

Дунёдан адолатлироқ нарсани кўрмадим. Унга хизмат қилсанг, сенга хизмат қилади. Дунёни тарк этсанг, у ҳам сени тарк этади.

* * *

Аллоҳдан рози бандалар Ер юзидаги амин бандалардир, улар бошқалар учун ҳужжатдирлар, ўшалар туфайли Аллоҳ халқни балолардан асрайди.

21. АБУ ИСҲОҚ ИБРОҲИМ АЛ-ХАВВОС

Ўз даврининг буюк машойихларидан бўлмиш Абу Исҳоқ Иброҳим Хаввос Бағдодда туғилган. Алишер Навоий унинг отаси Омилдан эканини таъкидлаган. Балоғат ёшигача отаси ва онасидан таълим олган. Сўнгра Бағдод мадрасаларида ўқиган. Тасаввуфга қизиқиб, Жунайд Бағдодий ҳамда Ҳасан Нурий қўлида таҳсил кўрган.

Иброҳим Хаввос деярли ҳамиша оч ва яланғоч юрган. Унинг парҳезкорлиги, таваккули ва тажарруди беқиёс бўлганки, ҳатто Хизр учраганда Аллоҳ ҳурмати учун у билан суҳбат қуришдан парҳез қилган.

Жаъфар Хулдий ва Улуғ Ширвоний унинг шогирдидир.

Иброҳим Хаввос 291/903 йилда оламдан ўтган. Қабри Бағдоддаги Табрук қалъасининг пойида бўлиб, қутлуғ зиёратгоҳ ҳисобланади.

* * *

Алишер Навоий ҳикоя қилишича, Абдуллоҳ Ансорий деди:

– Иброҳим Хаввоснинг қабридек шукуҳли қабрни кўрмадим. Узоқдан қарасанг қабрнинг устида шер ётгандек туюлади.

* * *

Шайх Абубакр Каттоний ҳикоя қилишича, Иброҳим Хаввос сафардан келди. Ундан сўрашди:

– Йўлда қандай ажойиботларни кўрдинг?

Иброҳим Хаввос деди:

– Хизрни учратдим. У менга ҳамроҳлик қилишни истади. Мен рози бўлмадим. Сабабини сўради. Аллоҳ билан улфатман, кўнглим сени улфат тутмайди, дедим.

* * *

Абулҳасан Алавий дейди:

– Қиш куни Диновар масжиди олдида Иброҳим Хаввоснинг қор устида яланг ўтирганини кўрдим. Унга раҳмим келиб дедим:

– Эй Абу Исҳоқ! Масжидга кириб, оловда исингин.

Иброҳим Хаввос деди:

– Мени оташпараст қилмоқчимисан?

Иброҳим Хаввос Абулҳасан Алавийнинг қўлидан ушлаб, елкасига қўйди. Танаси иссиқ, юзларидан тер томчилар, баданининг иссиғидан қор эриб, сувга айланар эди. Абулҳасан Алавийнинг қўли куйгудек бўлди ва Иброҳимнинг елкасидан қўлини тортиб, қуйидаги байтни ўқиди:

– Аллоҳга муҳаббат изҳор қиласан-да, унга осийлик ҳам қиласан, ва яна муҳаббатдан лоф урасан. Сенинг бу ишинг қизиқ. Агар сен муҳаббатда содиқ бўлсанг, Аллоҳга итоат қил. Чунки, албатта муҳиб маҳбубига итоаткор бўлади1515
  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 96-бет.


[Закрыть]
.

* * *

Иброҳим Хаввос деди:

– Бир раҳбоннинг етмиш йилдан буён савмаада ўтирганини эшитдим. Кўнглимда уни кўришга мойиллик пайдо бўлдики, раҳбонлик шарти қирқ йил эди. Бордим. Эшикни тақиллатдим. Раҳбон эшикни очиб деди:

– Эй Иброҳим, кўнглингдаги шубҳани ташла. Бу ерда ўтиришимнинг сабаби шуки, бир қопоғон итим бор. Халққа кўп озор беради. Мен уни тутиб, сагбонлик қилиб, халқни итнинг зараридан ҳимоя қилиб ўтирибман.

Иброҳим Хаввос деди:

– Гумроҳлигим учун кечиринг.

Раҳбон деди:

– Эй Иброҳим! Қачонгача бошқаларнинг хатосини излаб, уларни таҳқиқ қиласан? Бор, ўзингни изла, ўзингни талаб қил. Агар ўзингни топсанг, ўзингга посбонлик қилиб, ўзингни сақлагин. Ҳавои нафсинг хоҳиши ҳар куни 370 рангли худолик либосини кийиб, залолат ва гумроҳликка чорлайди. Сен яхшиси нафсингга сагбонлик қилгин.

Иброҳим Хаввос деди:

– Шу ондан бошлаб ҳаргиз бошқаларни тафтиш қилишни бас қилдим.

* * *

Иброҳим Хаввос деди:

Биёбонда эдим. Очлик ва сувсизликдан юришга ҳолим етмай, танг аҳволга тушдим. Ўша вақт бир арабий келиб деди:

– Эй қорни ёмон, нима учун бу қадар изтиробдасан?

Иброҳим Хаввос деди:

– Неча кундан бери ҳеч нима еганим йўқ.

Арабий деди:

– Билмайсанми, бу йўлда ўз ҳолидан хабардор бўлиш даъводир. Бу даъво банданинг сирини ошкор қилади. Сенинг ўзинг билан нима ишинг бор? Бу йўлда очлик билан тўқлик, емак ва ичмак Унинг ихтиёрида бўлади.

Иброҳим Хаввос деди:

– Арабийнинг сўзлари қалбимга таскин бериб, очлик ва сувсизлик ҳисси хаёлимдан кетди. Кучга тўлиб, йўлимда давом этдим.

22. МАНСУР ҲАЛЛОЖ

Ҳаёти ва фаолияти тилларда достон бўлган Аҳмад ибн Ҳусайн Мансур Ҳаллож IX асрнинг охири ва X асрнинг бошларида яшаб ўтган машҳур авлиёлардандир.

Ҳусайн Мансур Форс вилоятининг Бойзо мавзесида 244/858 йилда ҳунарманд оиласида дунёга келган. Отаси пахта тозалаш ва сотиш билан шуғулланган. Кейинчалик оиласи билан Хузистон вилоятининг Товас шаҳрига кўчиб ўтган. Мансур Ҳаллож Воситдаги дорулҳуффозда ўқиб, ўн икки ёшида Қуръонни ёд олган. Тасаввуф илмини ўрганиш учун ўн саккиз ёшида Тустар шаҳрига келиб, Абдуллоҳ Тустарийга шогирд бўлган. Сўнг Басрага келиб, саккиз йил Усмон Маккийнинг хизматида бўлган ва иродат хирқасини кийган. Басранинг Тамим маҳалласига кўчиб ўтгач, Ёқуб Ақтоъ исмли кишининг қизига уйланиб, бир қиз ва уч ўғил кўрган.

Ҳусайн Мансур Бағдодга келиб, Жунайд Бағдодийдан сукут ва хилват мақомини ўрганган. Жунайд Бағдодийга одобсизлик қилган Мансур Ҳаллож Тустарга қайтиб, йигирма олти ёшидан умрини дунё кезишга бағишлаган. Икки йил Маккада истиқомат қилган. Мансур кўп вақт беҳудлик ҳолатида юрар, унинг ҳолини ҳеч ким билмас, мусулмонларнинг айрим одатлари ва шариат қоидаларига зид сўзларни айтар эди. Унинг сўзларидаги маънони англамаган кишилар уни шаккокликда, динсизликда, қарматийларнинг таълимотини тарқатишда ва бидъатчиликда айблаб, элликдан ортиқ шаҳардан қувиб чиқарганлар. Шу тариқа Ҳусайн Мансур Хуросонга келиб, беш йил яшайди. Сўнг Ҳиндистонга йўл олади. Аҳвоз шаҳрида муқим бўлади. Ҳинд халқини Аллоҳга даъват қилишни бошлайди. У ердан Бағдодга қайтади. 400 муриди билан иккинчи марта Маккага йўл олади. Мансур қаерда бўлмасин унга мухолифлар пешвоз чиқиб, иғво ва туҳмат уюштирар, унинг номини қора қилишга ва ҳокимга қарши қилишга интилар эди. Бундай найранглардан безиган Мансур яна сафарга чиқади. Жузжон, Толиқон, Синд, Мўлтон, Кашмир, Аҳвоз, Тустар, Чин, Турфон, Бухорода бўлиб, сўнг яна Бағдодга қайтади. Учинчи марта Макка сафарига отланади. Арофотда Худодан: «Эй Худо! Мени расвои жаҳон эт, токим халқ лаънатласинлар» деб илтижо қилади. Ҳаждан қайтгач, унинг нутқ ва ваъзларидан бир гуруҳ одамлар «Худолик даъво қиляпти» деб юз ўгирадилар ва очиқдан-очиқ таҳдид қила бошлайдилар. Мансур Ҳаллож Аҳвозга қочиб, уч йил яшириниб яшайди. Айғоқчилар Мансур яширинган жойдан хабар берадилар. Уни ҳибсга олиб, Бағдодга элтадилар ва зиндонга ташлайдилар. Мансур тўққиз йил зиндонда банд бўлади. Сарой қозиси Абу Умар уни қатл этиш ҳақида фатво тайёрлаб, халифа Муқтадирга тасдиқлатган.

Мансур Ҳаллож 310/922 йилда зулқаъда ойининг 23– куни, яъни Наврўздан етти кун олдин ваҳшиёна ўлдирилган. Бу инсоният тарихидаги энг фожиали ўлимлардан бири эди. Шарқу Ғарбда Мансур Ҳаллож қатлининг сабабини турлича шарҳлаб, таҳлил қилинади. Жумладан, инглиз шарқшуноси Эдуард Браун шундай ёзади: «Тасаввуф тариқати устоз ва авлиёлар тарихини битган ёзувчилар Мансур Ҳалложни бир мунча ўзгартириброқ таништирган. Аммо унинг шуҳрати ватандошлари орасида қандай бўлса, ўзга юртларида ҳам ўшандай овоза бўлган». Фаридуддин Аттор, Ҳофиз Шерозий уни мамнуният билан: «Мансур Ҳалложни Бағдод ва унинг атрофида бидъатнома таълимоти учун тутиб, қатл этдилар. Унга қўйилган айб-гуноҳ шундан иборат эдики, у жазба ҳолатида («Анал Ҳақ») фарёд қилди. Тасаввуфда буни ҳол ҳамда важд пайтида Ҳақ жамолини кўргандек бўлиб, ўзини унутиш дейилади. Унинг хатоси шундаки, ана шу ҳолатдаги сирни фош этиб, намоён қилди»1616
  Эрон адабиёти тарихи, 1-жилд, 529-бет.


[Закрыть]
, деб таърифлайдилар.

Ҳақиқатдан ҳам, дунёвий билим ва исломий аҳкомларни мукаммал эгаллаб, Ҳаққа етиш мақомига эришган Мансур Ҳаллож ўзидаги руҳоний қудратни қалбига сиғдира олмай, «Анал Ҳақ – мен Худоман» деб фарёд чеккан. Мансур Ҳаллож қарашлари негизини исломий маърифат, фарз ва суннатларни собитлик билан бажариш, бу йўлда жонфидолик кўрсатиш ташкил этса ҳам, мухолифлар унинг сўзларини зоҳирий томонига эътибор қаратиб, Мансур Ҳаллож «пайғамбарлик», «худолик» даъво қилди» деб куфрга йўйганлар.

«Насойим ул-муҳаббат»да Мансур Ҳалложнинг «Айн улжамъ» ва «Китоб ат-тавосин» асарини ёзгани қайд этилган.

* * *

Абу Абдуллоҳ Хафиф деди:

– Ҳусайн Мансур раббоний олим эди.

* * *

Шайх Шиблий деди:

– Мен билан Ҳаллож иккимиз бир эдик. Мени девоналикка нисбат қилдилар. Шу сабаб билан мен қутулдим. Ҳусайн Мансурни ўз ақли ҳалок этди.

* * *

Ҳусайн Мансур ҳар кеча тўрт юз ракаат намоз ўқир эди. Дўстларидан бири сўради:

– Шунча баланд мартабанг билан нега бунча машаққат тортасан?

Мансур деди:

– Роҳатистонга роҳат ҳаромдир.

* * *

Сўрадилар:

– Орифнинг вақти борми?

Деди:

– Вақт вақт соҳиби (Аллоҳ)нинг сифати, ҳар ким ўз сифати билан ором олса, у ориф эмасдир.

* * *

Нақл қилишларича, Мансурни зиндонга ташладилар. Унда 300 маҳбус бор эди. Кеч киргач, Мансур деди:

– Эй бандилар, сизларни халос этаман.

Айтдилар:

– Нега ўзингни қутқармайсан?

Мансур деди:

– Биз Худонинг бандидамиз, уни ҳурмат қиламиз. Агар истасак бир ишорат билан барча бандиларни бўшатамиз.

Мансур кўрсаткич бармоғи билан бир ишора қилган эди, бандиларнинг қўлидаги занжирлар ечилди. Улар яна дейишди:

– Эшиклар қулфланган-ку?! Бу ердан қандай чиқамиз?

Мансурнинг ишорати билан зиндондан ташқарига туйнук пайдо бўлди. Мансур деди:

– Ана энди ҳар бирингиз ўз бошингизни қутқаринг.

Сўрадилар:

– Биз билан кетмайсизми?

Мансур деди:

– Ҳақдан қўрққаним учун чиқиб кета олмадим.

Бу сўзларни халифага етказдилар.

Халифа деди:

– Мансур фитна қўзғаб, бир балони бошламоқчи, уни тезда ўлдириб юборинглар.

Мансурни дор остига элтишди. Бир неча юз минг одам тўпланган эди. Мансур тўрт томонга бепарво қараб, зикр этишда давом этди:

– «Ҳақ!», «Ҳақ!», «Ҳақ!», «Анал Ҳақ!».

* * *

Дор остида турган Мансурдан бир дарвеш сўради:

– Ишқ нима?

Мансур деди:

– Ишқ нима эканини бугун, эрта ва индин ўз кўзларинг билан кўрасан.

Ўша куни Мансурни ўлдиришди. Эртасига батамом куйдиришди, учинчи куни кулини супуриб, шамолга совуришди (Бошқа бир ривоятга кўра, унинг кулини Дажла дарёсига ташлайдилар).

* * *

Мансурнинг яқин кишиларидан бири дор остига етиб келиб ундан васият қилишни сўради.

Мансур деди:

– Нафсингни бажарилиши шарт бўлган нарса билан машғул эт, токи нафсинг сени бирон иш билан банд этмасин. Бу валийларнинг ҳолидир.

Мансурни дорга элтдилар. У қиблага қараб таъзим қилгач, нарвонга оёқ қўйди. Сўрадилар:

– Ҳол нимадир?

Мансур деди:

– У (Аллоҳ) билганни ҳеч ким билмайди.

Мансур қўлларини банддан тортиб, қиблага қараб муножот этгач, бошини дорга тутди. Барча унга тош отарди. Шиблий шариат мувофиқлиги учун гул отди. Мансур чуқур хўрсиниб, «оҳ» деди.

Сўрадилар:

– Нега оҳ тортасан?

Мансур деди:

– Менга тош отганлар билмасдан тош отдилар, бу узрлидир. Аммо Шиблий билиб туриб гул отмоқда, шундан озурдаман.

Мансурнинг қўлини кесдилар. У қаҳ-қаҳ отиб кулди. Сўрашди:

– Нега куласан?

Мансур деди:

– Занжирбанд одамнинг қўлини кесмоқ осондир.

Мансурнинг оёқларини кесдилар. Табассум қилди:

– Оёқларим билан дунё сафарини қилар эдим. Энди ҳиммат оёқларим билан охират сафарини қиламан. Қўлингиздан келса, уни ҳам кесинг.

Мансур кесилган қўлларини юзига суртиб, афтини лола ранг этди.

Сўрадилар:

– Нега бундай қилдинг?

– Эрларга Аллоҳ ризоси учун қон суртмоқ раводир.

Сўрадилар:

– Тирсакларингни нега қонга бўядинг?

Мансур деди:

– Бу қон билан ишқ таҳоратини қилдим. Ишқнинг намози қон билан таҳорат қилмагунча дуруст бўлмайди.

Тилини кесмоқчи бўлдилар. Халқ жунбишга келди. Айримлар нола чекишар, баъзилар ҳамон тош отишарди.

Мансур деди:

– Бироз сабр қилинг, менинг айтар сўзим бор: «Эй Худо, Сени деб менга қилаётган жабрларни асло кам қилмагин. Уларни бу имкониятдан бенасиб этма. Алҳамдулиллоҳ, сенинг йўлингда қўл-оёқларимни кесдилар, энди эса сенинг дийдоринг учун бошимни дорга тортадилар».

Мансурнинг кўз, қулоқ-бурунларини кесиб, тошбўрон қилдилар. Тилини кесиб, тишларини синдирдилар. Шомга яқин бошини танидан жудо қилдилар. Мансур табассум билан жон таслим қилди. Унинг ҳар бир аъзосидан «Ҳақ» деган овоз келди. Эртасига танасининг бўлакларини йиғиштириб, ўтда ёндирдилар. Кулини Дажла дарёсига ташладилар. Сувдан ҳам «Ҳақ» деган овоз келди. Халойиқ бўлган ишларнинг сабабини англамай, ожиз бўлди.

* * *

Акобирлардан бирига ҳотифдан овоз келди:

– Мансурга ўз сиримиздан сир очиб, сиримиздан огоҳ қилдик. У сиримизни ошкор қилди. Ҳар қачон қул хожа ва султон сирини фош қилса, унинг жазоси шундай бўлади.

* * *

Шайх Шиблий Ҳаллож қатл этилган жойда Аллоҳга муножот қилди:

– У (Мансур Ҳаллож) мўмин ва ориф эди. Бу бало унга нечун раво бўлди?

Ҳотифдан овоз келди:

– Эй Шиблий, бу балони шунинг учун қилдикки, Биз (Аллоҳ)нинг сиримизни бегонага сўзлади. Сир сақламаганнинг жазоси шудир!

* * *

Тилнинг гўё бўлгани (кўп гапириш) кўнгил хомушлиги нишонасидир.

* * *

Беҳуда сўзлаш кўнгилни ҳалок қилади.

* * *

Аллоҳга йўл икки қадамдир. Бир қадамни дунёдан кўтарасан, яна бир қадамни охиратдан кўтарасан ва Аллоҳга эришасан.

* * *

Дунёни тарк этиш нафс зуҳди, охиратни тарк этиш кўнгил зуҳди, ўзини тарк этиш эса жон зуҳдидир.

* * *

Ихлос бир сузгичдир, амални у билан сузадилар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации