Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Хамиджон Хомидий


Жанр: Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 21 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

7. ИБРОҲИМ АДҲАМ

Шарқда «Умм ул-булдон», «Қуббат ул-ислом» номи билан машҳур бўлган Балх энг қадимий шаҳарлардан бири ҳисобланади. Бу кўҳна маданий манзилдан кўплаб дин, илм-фан, бадиий сўз санъати арбоблари етишиб чиққан. Улардан бири – саргузашти халқ орасида сонсиз ҳикояту ривоят, қиссалар пайдо бўлишига замин яратган Иброҳим Адҳамдир.

Иброҳим Адҳам зодагон оилада дунёга келган. Ёшлигида яхши билим олган. Илоҳий илмга қизиқиб, Ҳақ йўлига кирган. Шаҳар ҳокими бўлган.

Иброҳим Адҳамнинг Ҳақ йўлига кириши ҳақида ибратли нақл бор: Иброҳим Адҳам саройида ухлаб ётса, томда биров юргандек бўлади. Ҳовлига чиқиб қараса, ҳақиқатдан ҳам томда биров юрибди.

Иброҳим Адҳам сўради:

– Ҳой, кимсан, кечаси томда нима қилиб юрибсан?

Томдан овоз келди:

– Туямни қидириб юрибман.

Иброҳим Адҳам деди:

– Қанақа одамсан, томда туя нима қилади?

Таниш овоз жавоб берди:

– Сен ҳокимлик тахтида ўтириб «Ҳаққа етаман» деб юрганингдан кейин мен томда туямни қидирсам нима қилибди?

Бу сўзлар Иброҳим Адҳамнинг кўнглига таъсир қилиб, бутун давлати, оиласидан воз кечиб, Ҳақ йўлида саҳрога чиқиб кетган. Бир чўпонга шоҳона кийимларини бериб, дарвешлар либосини кийган.

Иброҳим аввал Марв, сўнг Нишопурда яшаган. Нишопурдаги бир ғорда тўққиз йил ибодат билан машғул бўлган. Ғор «Иброҳим ғори» деган ном билан ҳозирга қадар маълум ва машҳурдир. Иброҳим Адҳам ҳалоллик, тўғрилик, ўз кучи билан яшаш, кишилар назр-ниёзи, инъом-эҳсонини олмаслик тарафдори эди. Шунинг учун умр бўйи ҳалол меҳнат билан кун кечирган. Ўн тўрт йиллик ибодатдан сўнг Маккага йўл олган. Бир муддат шу ерда яшаган.

Иброҳим Адҳам замонасининг машойихлари Абу Ханифа, Фузайл ибн Иёз, Суфён Саврий каби сўфийлар суҳбатида бўлган. Шомга бориб, умрининг охиригача шу ерда яшаган. Тахминан 144/761 йилда Бизон дарёси учун бўлган жангда ҳалок бўлган.

* * *

Жунайд Бағдодий деди:

– Иброҳим Адҳам «мифтоҳ ул-улум», яъни тариқат илмларининг калитидир.

* * *

Нақл қилишларича, уч киши Иброҳим Адҳам билан ҳамроҳ бўлдилар. Бир кеча бир кўҳна масжидга кириб ибодат қилдилар. Тунда қаттиқ совуқ бўлди. Масжиднинг эшиги йўқ эди. Иброҳим тонгга қадар эшикни тўсиб, намоз ўқиб чиқди. Ҳамроҳлари сўрашди:

– Эй Иброҳим, нима учун ухламадинг?

Иброҳим Адҳам деди:

– Сизларга совуқнинг заҳмати етмасин деб эшик ўрнида турдим.

Ҳамроҳлар Иброҳимнинг қилган ишидан ажабландилар.

* * *

Суҳайл ибн Иброҳим деди:

– Иброҳим Адҳам билан сафарга чиқдим. Йўлда хаста бўлдим. Иброҳим топган нарсасини менга едирди. Бир куни кўнглим ширинлик тилади. Иброҳим ширинлик олиб келди. Соғайдим. Ундан сўрадим:

– Нега пиёда кетяпсан, уловинг қани?

Иброҳим Адҳам деди:

– Сотдим.

Суҳайл ибн Иброҳим деди:

– Мен заифман, узоқ юра олмайман.

Иброҳим уч кунгача Суҳайлни опичлаб юрди.

* * *

Бир тақводор киши Иброҳимга ҳамсафар бўлиш истагида эканини айтди.

Иброҳим Адҳам деди:

– Уч шартим бор, рози бўлсангиз йўлдош бўламан. Биринчиси, хизмат қилиш. Иккинчиси, намозга азон айтиш.

Учинчиси, қўлимизга тушган ҳамма нарса сизники бўлади.

* * *

Бир оқил киши деди:

– Эй Иброҳим, менинг айбимни айтинг. Иброҳим Адҳам деди:

– Сизнинг айбингизни ахтарадиган эмасман. Сизга дўстлик кўзи билан боқдим, шунинг учун сизда нимани кўрсам, хуш кўрдим.

* * *

Сўрадилар:

– Дунёда нима иш қилдинг?

Иброҳим Адҳам деди:

– Дунёни дунё аҳлига бердим. Охиратни ҳам истаганларга қўйдим. Ўзим Унинг дийдорини истаб Ҳақ зикрига машғул бўлдим.

* * *

Сўрадилар:

– Сени жуда қаттиқ бахил дейдилар?

Иброҳим Адҳам деди:

– Рост айтадилар. Бахиллигим учун Балх подшоҳлигини тарк этдим.

* * *

Сўрадилар:

–Мўмин кишининг белгиси нима?

Иброҳим Адҳам деди:

– Мўмин кишининг белгиси шуки, сукути фикр бўлади, қарагани ибрат бўлади, юргани тоат бўлади.

* * *

Иброҳим Адҳамдан сўрадилар:

– Кунингизни қандай ўтказасиз?

Иброҳим Адҳам деди:

– Тўрт от сақлайман: бирининг номи шукур, бирининг номи сабр, бирининг номи ихлос ва бирининг номи тавба. Агар менга неъмат келса, шукур отига миниб, унинг олдига чиқаман. Агар менга малол юзланса, ихлос отига миниб, рўбарў бўламан. Агар менга бало келиб, офатга йўлиқсам, сабр уловига миниб келажакка интиламан. Ва агар менда гуноҳ пайдо бўлса, тавба отига миниб, қувлаб қочаман.

* * *

Иброҳим Адҳам деди:

 
Дунёни ямадик, йиртиб олиб динимиздан,
Дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан.
 
* * *

Иброҳим Адҳам деди:

– Эй ғийбатчи, дўстларингга дунёинг билан бахиллик қилдинг, душманларингга охиратинг билан сахийлик қилдинг. Сен бахиллик қилган ўрнингда кечирилмайсан, сахийлик қилган ўрнингда мақталмайсан.

* * *

Бир кўнгилга икки нарса – Худо ва дунё муҳаббати сиғмайди.

* * *

Бир қавмга ҳукмрон бўлгандан кўра бир нафсга ҳоким бўлган афзалроқ.

* * *

Амалсиз ақл – ақл эмас.

* * *

Киши ҳалол луқма емагунча Аллоҳга етишмайди.

8. РОБИЪА АДАВИЯ

Робиъа Адавия илоҳий ишқ ғоясини тарғиб этган биринчи мутасаввиф аёлдир. Робиъа тахминан 95/713 йилда Басрада туғилган. Оилада тўртинчи фарзанд бўлгани учун унга «Робиъа» деб исм қўйишган. Тақводор оилада тарбия топган Робиъанинг Аллоҳга иштиёқи кучли бўлган. Басрада қаҳатчилик бўлиб, кўплаб одамларнинг ёстиғини қуритган. Робиъанинг ота-онаси, сўнг опалари ҳам вафот этишган. Робиъа оғир жудоликда ҳам Аллоҳга шукр ва сабр билан яшайди. Бир жоҳил одам унинг уйига эгалик қилиб, Робиаъни арзимас пулга сотиб юборади. Робиъа ўсмир бўлишига қарамай, хожаси буюрган ишларни сўзсиз адо этади. Кундузи меҳнат билан, кечаси ибодат билан машғул бўлади.

Бир куни хожаси уйғониб кетиб, Робиъанинг хонасидан таралаётган шуълани пайқайди. Бу ҳолдан ғазабланиб, эшикни очиб ҳайратда қолади. Занжирсиз қандил Робиъанинг саждагоҳи устида порлаб турар, хонанинг ичи кун каби равшан, Робиъа ибодат қилаётган эди. Хожа ўзига келиб, тафаккур қилади ва тонг отгач Робиъани чақириб, назр-ниёз бериб, уни қулликдан озод қилади.

Робиъа саҳрога йўл олиб, чодир ясайди ва ибодатга шўнғийди. Робиъа ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб, уни кўриш умидида бўлганлар саҳрога келадилар. Робиаънинг ҳолидан таъсирланган аёллар ундан Ҳақ сабоғини олиш учун мурид бўладилар. Робиъанинг сўзлари барчага бирдек мақбул келади. Унинг маърифат мажлисига юзлаб ишқталаблар ҳозир бўлишган.

Замонасининг улуғларидан бўлган Ҳасан Басрий Робиъанинг зоҳидона ҳаёти ва художўйлиги ҳақида эшитгач, уни кўргани боради. Робиъа билан ҳақиқат, тариқат ва маърифат ҳақида сўзлашади. Робиъанинг Ҳақ муомаласи ва маърифати бобида беназир эканини эътироф этган Ҳасан Басрий маърифат мажлисида Робиъа ҳозир бўлмагунча ваъз бошламай, «фил учун ҳозирланган бир луқма чумолининг оғзига сиғарми?»1010
  Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 1997. 15-бет.


[Закрыть]
деб сукут сақлаган.

Робиъанинг кўплаб муножотлари халқ руҳиятига сингиб кетган. Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» ҳамда «Мантиқ ут-тайр» достонида Робиъанинг илоҳий манзумаларидан намуналар келтирилиб, унинг илоҳий ҳикматларга тўлиқ сўзлари ва илтижолари нақл этилган.

Робиъа доим муножотида «Аллоҳ, агар мен дўзахдан қўрқиб Сенга топинсам, мени дўзахга ташла. Агар жаннат умиди билан топинсам, жаннатни менга ҳаром қил. Агар Сенинг Ўзинг учунгина топинсам, менга дийдорингни насиби рўзи айла» дер эди. Мумтоз адабиётдаги муножот (Аллоҳга илтижо) жанри Робиъанинг илтижоларидан бошланган. Робиъанинг ақидасича, азалият ҳақиқати, ишқи илоҳий маърифатнинг асл моҳиятидир. Обид билан ориф ўртасидаги фарқ ҳам ана шу ҳақиқат моҳиятини қандай англаб етишидадир.

Робиъанинг ривоятга айланган ҳаёти ва илму маърифатдаги камолоти, ишқ йўлидаги шижоати тилларда достон бўлган. Бу ҳақда Абдуррофеъ Ҳақиқат «Боязид Бистомийдан Нуралишоҳ Гунободийгача» китобида зикр этган.

Робиъа Адавия умрининг охирларида Байт ул-муқаддасга кўчиб бориб яшаган ва ўша ерда 165/781 йилда вафот этган.

* * *

Робиъани бир қўлида челак тўла сув, иккинчи қўлида машъала кўтарган ҳолда Басра кўчаларида кетаётганини кўришди. Йўловчилар унинг бу ҳаракатидан ҳайрон бўлиб, сабабини сўрашди.

Робиъа деди:

– Сув билан дўзах оловини ўчирмоқчиман, машъала билан жаннатга ўт қўймоқчиман. Аллоҳ таоло билан бандалар ўртасидаги бу икки пардани йўқотмоқчиман, токи бандалар Аллоҳга дўзах оташида куйишдан қўрқишгани ёки жаннат иқболидан умидвор бўлишгани учун эмас, балки унинг Аллоҳ экани, биру борлиги ва боқий гўзаллиги учун ибодат қилишсин1111
  Шиммел Аннемари. Жонон менинг жонимда. Ислом оламида хотин-қизлар сиймоси / Олмон тилидан Й.Парда таржимаси. – Т.: «Шарқ», 1999. 44-бет.


[Закрыть]
.

* * *

Ҳасан Басрий Робиъанинг чодирига бориб деди:

– Эй Робиъа! Аллоҳ ўргатган, бошқа ҳеч кимдан ўрганмаган ва ҳеч ким эшитмаган пайваста кўнглингга тушган илоҳий илмдан бир ҳарф ўргатгин.

Робиъа деди:

– Тирикчилик учун бир неча калава ип йигирдим. Уни икки пулга сотдим. Бирини бир қўлимга олдим, яна бирини иккинчи қўлимга олдим ва қўрқдимки, иккисини бир қўлимга олсам, икки пул жам бўлиб мени йўлдан оздирарлар. Бир пул менга бир кун қувват бўлади. Яна бир пулни эрта учун захира қилиб бўлмайди. Бугун кўнглимга тушган кушойиш ушбудир.

* * *

Бир гуруҳ кишилар Робиъани синаш учун унинг чодирига келдилар.

Айтдилар:

– Эй Робиъа, намунча улуғланмасанг, ахир аёлсан. Аёлларга ҳеч вақт валийлик ва пайғамбарлик келмаган. Жами фазилатларни Аллоҳ эр кишига берди. Пайғамбарлик тожини ҳам эркаклар бошига қўйди.

Робиъа деди:

– Бу сўзларнинг барчаси ҳақиқатдир. Аммо манманлик даъвоси ҳаргиз аёллардан содир бўлмади. «Сизнинг худойингизман» деган даъво ҳам эранлардан чиқди. Ҳеч хотин «ҳожи қиз» бўлмади ва барчаси эранлардан чиқди. Манманлик даъвоси ҳам эранлардан чиқди.

* * *

Модомики гуноҳларингизни яширишга интилар экансиз, қилган яхшиликларингизни ҳам пинҳон тутишга одатланинг.

* * *

Бир куни Робиъанинг ходимаси таом тайёрламоқчи бўлди. Лекин пиёз топа олмади. Робиъадан қўшнилардан пиёз олиб чиқишга изн сўради.

Робиъа айтди:

– Ўзидан ўзгадан ҳеч нарса сўрамайман, деб Аллоҳга аҳд қилганман.

Робиъа қуруқ нонни еди.

* * *

Робиъа Ҳасан Басрийга мум, игна ва қил берди: яъни мумдек мулойим бўлинг, игнадек ҳамманинг ҳожатини адо этинг, риёзатингиз шу даражага етсинки, қилдек нозик бўлинг.

* * *

Ҳар ким нимани севса, уни кўпроқ ёд этади.

* * *

Сўрадилар:

– Қаердан келяпсан?

Робиъа деди:

– У жаҳондан келяпман.

Яна сўрадилар:

– Қаерга боряпсан?

Робиъа деди:

– У жаҳонга боряпман.

* * *

Сўрадилар:

– Аллоҳ бандаларининг қайси ишидан рози бўлади?

Робиъа деди:

– Берганига шукр қилса, балосига сабр қилса, бошига тушган яхши ва ёмон кунни Унинг синови деб билиб, хушнуд бўлса.

* * *

Сўрадилар:

– Гуноҳлардан қандай покланилади? Робиъа деди:

– Тавба қилиш ва қилган гуноҳларига пушаймонлик билан йиғлаш. Тавбага У (Аллоҳ)нинг айтганларидан ўзга ишни қилмаслик орқали эришилади. Тавбани бандага Худонинг Ўзи мушарраф қилади.

* * *

Аллоҳга тамасиз тоат қилишнинг уддасидан чиқиш маҳолдирки, у хос (кишилар)лар ишидир.

* * *

Бир кишининг қайғу-алам билан додлаганини эшитган Робиъа унга деди:

– Сен қайғусизликдан дод дегин.

* * *

Робиъа ҳамиша йиғлар ва илтижо қилар эди.

Сўрадилар:

– Нима учун мунча йиғлайсан?

Робиъа деди:

– Аллоҳ билан дўст тутинганман. Ўлим вақти келгач, дўстим (Аллоҳ)нинг «сен Менга керак эмассан» дейишидан қўрқаман.

9. ШАҚИҚ ИБН ИБРОҲИМ АЛ-БАЛХИЙ

Тариқат аҳлининг пешвоси ва мутасаввифларнинг ягонаси Абу Али Шақиқ Балхий шиаларнинг еттинчи имоми Мусо ал-Козимнинг шогирди ва яқин сафдошларидан эди.

Шақиқнинг отаси савдогар бўлган. Отасининг изидан бориб, Шақиқ ҳам юрт кезиб, савдогарчилик қилган. Бир марта бутпарастлар юртига савдо учун бориб, бутга сиғинаётган одамга танбеҳ берди. Бутпараст «сенинг элдан-элга кезиб беҳуда заҳмат чекишинг бутпарастлик эмасми? Сенга тақдир бўлган ризқ сенга етмасми» деб жавоб берди. Бу сўзлардан таъсирланган Шақиқ дунёдан буткул кечди. Балхга қайтиб, тасаввуф йўлига кирди. Тариқат илмини Иброҳим Адҳамдан ўрганди.

Шақиқ бутун умрини таваккул билан ўтказган. Замонасидаги барча билимларни мукаммал эгаллаган. 1700 устоддан таълим олган, бир неча хачир кўтаргудек китоблар ёзган бўлса ҳам, асарлари ҳозирга қадар сақланиб қолмаган. Каъба зиёратига кетаётганида халифа Ҳорун ар-Рашид ҳузурига таклиф қилиб, маърифий суҳбат қурган. Шайх Ҳотам Асаммга устозлик қилган.

Шақиқ 177/793 йилда Хутталонда уюштирилган фитна туфайли ўлдирилган. Қабри Балхда.

* * *

Сўрадилар:

– Оқил кимдир?

Шақиқ деди:

– Дунёга қул бўлмаган кишидир.

Сўрадилар:

– Зийрак кимдир?

Шақиқ деди:

– Дунёга алданмаган кишидир.

Сўрадилар:

– Бой кимдир?

Шақиқ деди:

– Аллоҳнинг берганига рози бўлган кишидир.

Сўрадилар:

– Фақр кимдир?

Шақиқ деди:

– Кўнгли бой ва дунёга ўзини сотмаган кишидир.

Сўрадилар:

– Бахил кимдир?

Шақиқ деди:

– Аллоҳ берган неъматларини Аллоҳ бандаларидан қизғонадиган кишидир.

* * *

Бир киши Шақиқнинг олдига келиб деди:

– Гуноҳим кўп, тавба қилгани келдим.

Шақиқ деди:

– Кеч қолибсанку?

Деди:

– Кеч эмас, эрта келдим. Ҳар банда ўлмасдан бурун тавба қилса, тавбаси қабул бўлади, деб эшитганман.

Шақиқ деди:

– Тўғри айтдинг, хуш келибсан.

* * *

Шақиқ деди:

– Эй мусулмонлар! Кекса бўлсангиз, қабристонга, ўғлон бўлсангиз мактабга ва агар қул бўлсангиз қуллик шартини бажаришга шошилинглар.

* * *

Ҳар ким мусибат ичида сабр қилмасдан дод солиб йиғласа, гўё қўлига найза олиб, Аллоҳ билан урушгандек бўлади.

* * *

Ҳар ким бой бўлса, унга йўқлиги хуш кўринмайди. Яна бой бўлсам, деб ҳаракат қилиб, умрини беҳуда ўтказади. На дунёда роҳат кўради, на охиратда.

* * *

Шақиқ деди:

– Аллоҳ йўлини ризқ учун қайғурмасликда, ҳар ишни ихлос билан адо этишда, ўлимни кўз олдида ҳозир кўриб, унинг тадоригини қилишда, шайтонни душман деб билишда топдим.

* * *

Халқнинг ҳалокатга йўлиқишининг сабаби шундаки, аввал тавба умидида гуноҳ қилади. Тириклик умидида тавба қилмайди. Раҳмат умидида тавба қилмайди. Бундай киши қачон тавба қилади?

* * *

Қуръонни йигирма йил ўрганиб, дунё ва охират фарқини тушуниб етдим.

* * *

Тоат аҳли ўлса тирилади, гуноҳ аҳли тириклигида ўликдир.

* * *

Шақиқ дейди:

– Мен учун меҳмондан улуғроқ кимса йўқдир, чунки унинг ризқини Аллоҳ беради, савоби эса менгадир.

* * *

Инсоннинг тақвоси уч нарсада билинади: олишда, беришда ва сўзида.

* * *

Кимнинг қалбида уч нарса – ҳалоллик, қўрқув ва изтироб бўлмас экан, дўзах азобидан қутулмайди.

10. ДОВУД ТОЙИ АЛ-БАЛХИЙ

Довуд Тойи ўз даврининг машойихларининг улуғи, марди Худо, фиқҳ илмида баркамол, тариқат олими ва маърифат шамчироғи бўлган. Балх шаҳрида туғилган. Ёшлигида ҳеч кимга қўшилмас, кўп вақтини тафаккур қилиш билан ўтказган. Унинг юзидан Аллоҳдан қўрқув билиниб турган. Унинг тавбасига сабаб бўлган воқеа жуда ибратли. Қулоғига ногаҳон бир байт чалинади: «Дунё ўткинчидир, охират барқарордир». Бу сўзлар кўнглига таъсир қилиб, ҳоли ўзгаради ва сабоқ олишга ҳам рағбати қолмай, ибодат билан машғул бўлади.

Имом Аъзам унинг ҳолидан огоҳ бўлиб, уни ҳузурига чорлайди. Довуд Имом Аъзамдан фиқҳ илмини ўрганиб, йигирма йил хизматини қилади.

Ҳабиб Роийнинг ҳузурида унга кашф ҳосил бўлади. Китобларни қўйиб, узлатга чекинади. Халқдан умидини узиб, Ҳақ йўлини тутади. Умрининг асосий қисмини бедорликда, гўшанишинликда ўтказади.

Довуд Балхий Арабистон, Ироқнинг кўп шаҳарларини кезиб, кўплаб машойих суҳбатидан баҳраманд бўлган. Ана шундай сафарлардан бирида Маккада Иброҳим Адҳам билан учрашиб, ўз кароматлари билан уни лол қолдирган.

* * *

Довудга отасидан йигирма олтин танга мерос қолган бўлиб, уни баққолга бериб, йигирма йил рўзғор тебратган.

Ёронлар Довуднинг дунё молини сақлаганига эътироз билдирдилар:

– Тариқат дунёни ийсор қилиш эмасми?

Довуд деди:

– Бу олтинларни шунинг учун сақларманки, дунёдан фориғ бўлишимга сабаб бўлади. То ўлгунча, унга қаноат қилиб яшайман. Аллоҳдан тиларманки, мерос тугагач, жонимни олгай. Менинг дуоимни қабул этар, деган умиддаман.

Баққол ҳар кунги харажатни ҳисоб-китоб қилар эди. Довуднинг сармояси тамом бўлган куни жони узилди.

* * *

Шайх Абубакр Аббос Довуднинг уйига келди. Довуд қўлида бир парча нонни ушлаганча йиғлаб ўтирар эди. Абубакр сўради:

– Йиғлашингнинг боиси нима?

Довуд деди:

– Бу парча нонни ейиш учун қўлимга олдим, лекин унинг ҳалолми ёки ҳаромлигини билмайман.

* * *

Сарий Сақатий Довуднинг уйига келди. Довуд офтоб тиғида терга ботиб, зикр қилиб ўтирибди. Сарий сўради:

– Эй Довуд, рўзадор бўлсанг, яна офтобда ўтирибсан, сояда ўтирсанг бўлмайдими?

Довуд деди:

– Эй Сарий, бу ерга офтоб тушмасдан аввал келиб ўтирдим. Устимга офтоб тушди. Энди нафсим учун сояга ўтишга Аллоҳдан қўрқаман.

* * *

Довуднинг ҳовлиси уйларга тўла эди. У бир уйда яшар, уй нураб кетса, бошқасига ўтар эди. Шу тариқа, бирин-кетин уйлар хароб бўлиб, қулаб тушди.

Сўрадилар:

– Нима учун уйингни таъмир қилдирмайсан?

Довуд деди:

– Дунёда хароб бўлмайдиган уй борми? Мен Ҳақ таоло билан ҳеч қачон таъмирланган уйда ўтирмаслик, дунёни обод қилмасликка аҳдлашганман.

Ниҳоят, охирги уй ҳам қулаб тушди. Довуд даҳлиз ичида қолди. Ўша кеча Довуд вафот этгач, даҳлиз ҳам ағанади.

* * *

Довуд охират ғамида доимо қайғули эди. Ҳеч ким унинг кулганини кўрган ва эшитган эмас эди. Бир куни дўстларидан бири Довуднинг уйига бориб, унинг кулиб ўтирганини кўрди. Довуддан кулишининг сабабини сўради:

– Ҳеч қачон кулмаган эдинг, бугун нима бўлди, кулиб ўтирибсан?

Довуд деди:

– Кеча Аллоҳ менга дўстлик шарбатини ичирди, бугун байрам қилдим, шунинг учун шодонман ва куларман.

* * *

Нақл қилишларича, бир кеча ойдин эди. Довуд девор устига чиқди. Осмон тарафга боқди. Беҳуд бўлиб ҳамсоянинг уйига йиқилди. Қўшни уйимга ўғри келибди, деб гумон қилиб, қўлига қилич олиб ҳовлига чиқди. Довудни кўрди. Қўлидан тутиб сўради:

– Бу ерга қандай келиб қолдинг?

Довуд деди:

– Беҳуд эдим, қаердан келиб қаерга тушиб қолганимни билмайман.

* * *

Фузайл деди:

– Эй Довуд, менга насиҳат қил. Довуд деди:

– Жоҳиллардан қочгин.

* * *

Эй одамзод, бойлик ва амалингга эришганда севиндинг. Лекин билиб қўйки, ажалинг яқинлашди, умринг битаётир. Келажак учун тўплаган сармоянгнинг фойдасини бошқалар кўради.

* * *

Сўрадилар:

– Эй Довуд, нега одамлардан ўзингни олиб қочасан?

Довуд деди:

– Ўғлонлар билан ўтирсам, ибодатдан чалғитадилар. Улуғлар билан ўтирсам айбимни ошкор этмайдилар. Нега Холиқ суҳбатини қўйиб, махлуқ суҳбатини ихтиёр этайин?

11. АБУ ТУРОБ НАХШАБИЙ

Валийлик саҳросининг сайёҳи, Хуросон тасаввуф мактабининг йирик намояндаси Асқар ибн Ҳусайн Абу Туроб Нахшабий IX асрнинг буюк машойихларидан биридир. У тахминан 191/806 йилда Нахшаб (ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилган. Бухоро ва Сарахс мадрасаларида таҳсил олган. Шарқ мамлакатлари бўйлаб кўп сафарларда бўлган. Фиқҳ илмини Аҳмад ибн Ҳанбалдан ўрганган. Басрада Шайх Ҳасан Басрийдан таълим олган ва унинг қўлидан хирқа кийган.

Абу Туроб Нахшабий футувват ва таваккул назариётчиси эди. Абу Туроб илм, фатво, зуҳд ва тақвода машҳур бўлган. Абу Абдуллоҳ Жалло, Абу Обид Басрий унинг қўлида тарбияланишган.

Шарқда унинг кашфу кароматлари ҳақида кўп ҳикояту ривоятлар тарқалган. Абу Туроб «сабрнинг буюк тимсоли» деб улуғланган. Аллоҳдан ҳаё қилиб, орқасини тўшакка, бошини ёстиққа қўймаган, мужоҳада ва тақвоси билан барчани ҳайратга солган. Абу Туроб ҳаж зиёратига қирқ маротаба пиёда борган.

Абу Туроб Нахшабий тахминан 274/887 йилда Басра йўлида намоз ўқиётган вақтида вафот этган. Унинг жасади кимсасиз саҳрода қолган бўлса ҳам, на ҳайвонлар, ва на қушлар тегмаган.

* * *

Шайх Ибн Жалло деди:

– Уч юз пири комилни кўрдим. Уларнинг орасида тўрт машойихдан улуғроғи йўқ эди. Улардан бири Абу Туроб Нахшабийдир.

* * *

Абу Туроб муридларида бирор ёмон ишни кўриб қолса, ҳеч нарса демай, ўзи тавба қилиб, дер эди:

– У (мурид) бу балога мен сабабли йўлиқди.

* * *

Ниятингизни асранг, у барча ишлар муқаддимасидир. Ҳар кимнинг нияти дуруст бўлса, унинг амаллари ҳам дуруст бўлади.

* * *

Нақл қилишларича, Абу Туроб муридлари билан биёбонда кетар эди. Асҳоблар ташна бўлдилар. Таҳоратга зарурат туғилди. Шайхга айтдилар. Абу Туроб оёғини ерга суқди (ерни тепди) ва булоқ пайдо бўлди.

* * *

Абу Туроб Нахшабий деди:

– Бир кеча биёбонда кетаётиб ҳабашга дуч келдим. Унинг минорадек узун бўйидан қўрқиб, дедим:

– Девмисан, ё одаммисан?

Ҳабаш деди:

– Мусулмонмисан, ё кофирмисан?

Абу Туроб Нахшабий деди:

– Мусулмон!

Ҳабаш деди:

– Мусулмон киши ҳаргиз Худодан бошқасидан қўрқмайди.

* * *

Худо йўлига кирганга озиқасизликнинг ўзи озиқадир.

* * *

Сўрадилар:

– Нима учун қалбимиз таскин топмайди? Абу Туроб деди:

– Уч нарсани севасиз, улар сизларники эмас. Жонингизни севасиз, жон эса Аллоҳникидир. Мол-дунёни севасиз, у эса меросхўрларникидир. Дунёни севасиз, ҳолбуки, дунё ўткинчидир. Бас, қалбингиз қандай таскин топсин?

* * *

Ҳақиқий бойлик шуки, Аллоҳдан бошқасидан беҳожат бўласан. Ҳақиқий йўқсиллик шуки, Аллоҳдан ўзга барчага муҳтож бўласан.

* * *

Икки нарса борки, бу дунёда истайсизу топмайсиз: биринчиси – шодлик ва хушвақтлик, иккинчиси – роҳат ва ором. Улар жаннатда қўлга киради.

* * *

Таваккул шуки, ўзингни қуллик ва бандалик дарёсига ташлайсан ва кўнглингни Аллоҳга ташлайсан – агар берса, шукур қиласан, агар олса, сабр этасан.

* * *

Аллоҳ таоло васлига етмоқлик – ўн етти даражага кўтарилмоқликдир: энг биринчиси – итоат ва олийси Унинг ҳақиқатига таваккул қилмоқликдир.

* * *

Қаноат – ризқни Аллоҳдан олишдир.

* * *

Таваккул – инсон қалбининг Аллоҳ билан таскин топганидир.

* * *

Али ибн Ҳусайн деди:

– Эй Абу Туроб, йўл узоқ, саҳрода озиқ топиш мушкул, захиранг қани?

Абу Туроб деди:

– Саҳрода кўпроқ яхши ҳамроҳ керак.

* * *

Энг шарафли қалб – Аллоҳ таоло фаҳм нури билан ёритган, мунаввар этган, Аллоҳ зикри билан тирик қалбдир.

* * *

Аллоҳ таоло ҳар бир замонда ўша замон аҳли муаммоларини замон уламолари тилига қўйиб гапиртиради.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации