282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 12

Читать книгу "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Текущая страница: 12 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

43. ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ

Шарқда «Хожаи Жаҳон» унвонига сазовор бўлган шайх, нақшбандия тариқатининг асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний 497/1103 йилда Ғиждувонда дунёга келган. Унинг отаси Абдулжамил имомзода, ўз даврининг ўқимишли кишиси бўлиб, Рум диёридан Бухорога келиб, истиқомат қилган.

Абдулхолиқ илк сабоқни отаси Абдулжамилдан, сўнг ғиждувонлик имом Садриддиндан тафсир илмидан таълим олган. 9 ёшида Қуръонни ёд олган. Сўнг Балхга бориб Хожа Фазлиддиндан ўн бир йил таҳсил олиб, унинг қўлидан хирқа кийган. Абдулхолиқ Марв, Сарахс, Тус каби Хуросон шаҳарларига сафар қилган. Самарқандга келгач, Хожа Юсуф Ҳамадоний билан учрашган ва бир умрга устоз-шогирд ришталари боғланган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний тариқатнинг ахлоқий асосларини ишлаб чиқиб, хожагон таълимотига асос солган. Абдулхолиқ Ғиждувонийгача тариқат «Хуш дар дам», «Назар бар қадам», «Сафар дар ватан», «Хилват дар анжуман» каби қоидалардан иборат эди. Хожа Абдулхолиқ «Ёд кард», «Боз гашт», «Нигоҳ дошт», «Ёд дошт» каби қоидаларни қўшган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний араб мамлакатлари бўйлаб кўп сафар қилиб, замонасининг буюк машойихларининг суҳбатидаи файз топган. Бир неча марта ҳаж зиёратида бўлган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний «Одоби тариқат» ёки «Рисолайи васоё» «Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний» ёки «Рисолайи соҳибия», «Аз гуфторҳои Абдулхолиқ Ғиждувоний» каби асарлар муаллифидир. Абдулхолиқ Ғиждувоний форс тилида шеърлар ҳам битган.

Ғиждувоний билим эгаллаш, инсоний фазилат ва хулқ одоби қоидаларини касб қилиш, покланиш, сахий ва камтар бўлиш, нафсни жиловлаш, ҳалоллик, одамийлик, меҳру шафқат, ўзгаларга ёрдам бериш, одобли ва хушмуомалали бўлиш ҳақида сўз юритиб, бахиллик, бойликка ружу қўйиш, очкўзлик, ҳасад, ҳаром-хариш ишларга берилиш, кибр ва манманлик каби ярамас ва тубан иллатларни танқид қилган.

Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ҳаёти, ижодий фаолияти ҳақида маълумотлар маноқиб, мақомат ва тазкиратларда келтирилган5757
  Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Сўзбоши, таржима ва изоҳлар муаллифи М.Ҳасаний. – Т.: «Ўзбекистон», 2003.


[Закрыть]
.

Абдулхолиқ Ғиждувоний 117 йил умр кўриб, 617/1220 йилда вафот этган. Қабри Ғиждувонда.

* * *

Абдураҳмон Жомий деди:

– Алар (Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний)нинг равишлари тариқатда ҳужжатдир, жами фирқалар мақбулидир. Зикри қалбий дарсини Хизр (а.с.)дан олмишлар. Кўп риёзат ва ибодат билан машғул бўлдилар ва улуғ валоятга эришдиларки, бир намоз вақти Каъбага бориб, яна қайтиб келар эдилар.

* * *

Жоҳил ва тақлидчи сўфийлардан йироқ юр. Чунки улар дин ўғриси ва мусулмонларни йўлдан ургувчилардир.

* * *

Илм ўрганиш йўлида собитқадам бўл.

* * *

Ҳалол таом егин, у сенинг хайриянг калитидир.

* * *

Ҳаромдан йироқ юргин, қиёмат куни оташда куймайсан.

* * *

Ҳалол бўлсанг, ибодатдан ҳаловат топасан.

* * *

Қозилар маҳкамасида ўтирма ва султонлар билан ҳамсуҳбат бўлма.

* * *

Нафсни хор этиш учун сафарни ихтиёр эт.

* * *

Эй ўғил, амалга интилмагинким, кимки амалпараст бўлса, тариқат йўлига муносиб эмас.

* * *

Ҳар кимни мана бу беш хислатни кўрмагунча уни бедорликка қабул қилма: биринчиси – фақирликни бойликдан устун қўйган бўлсин; иккинчиси – илмни дунё ишларидан устун қўйган бўлсин; учинчиси – хорликни иззатдан устун қўйган бўлсин, тўртинчиси – зоҳир ва ботин амалларни яхши билувчи бўлсин, бешинчи – ўлимга доим тайёр бўлсин.

* * *

Бировларнинг ёлғон мақтовига учма.

* * *

Кўп кулиш ғафлатдандир ва кулги қалбни ўлдиради.

* * *

Ҳақ таолонинг марҳаматидан ноумид бўлма.

* * *

Ҳар бир пири муршид мурид учун ота мартабасидадир. Шайхларга ботинда ҳам, зоҳирда ҳам хизмат қил.

* * *

Ота-онанг ҳаққини ҳамиша адо эт. Халқ билан чиройли муомала қил.

* * *

Иймон – виждон, ишонч, эътиқод устуворлигидир.

* * *
 
Бар дўст муборакам, бар душман шум,
Дар жанг чу оҳанам, дар сулҳ чу мум.
Сарчашмаи нур, Ғиждувон манзил мост,
Ман теғи дурўя мезанам то дари Рум.
 

(Дўстга меҳрибону, душманга шумман, жангда темирдек, сулҳда мумдекман. Нур сарчашмаси бўлмиш, Ғиждувон бизни манзилимиздир, аммо мен Рум остонасигача дудама қилич ургайман.)

* * *
 
Гар бир кишидан дилда шикоят бўлгай,
Дил оғриғи ундан бениҳоят бўлғай.
Ҳеч ўйлама интиқом олишни, чунки
Ёмонга ёмонлиги кифоят бўлгай.
 
* * *
 
Зикр етса кўнгилга, у тамом дард бўлгай,
Ул зикр туфайли мардлар фард бўлгай.
Оташда агарчи хосият кўп, аммо
Кўнглингда сенинг икки жаҳон сард бўлгай.
 
* * *
 
Шуҳрат ила шум нафсингни шод этма,
Ўзни мардум орасида кўп ёд этма.
Камтарлик эт! Сен ном чиқарай деб,
Зинҳорки динингни барбод этма.
 
* * *
 
Айбларни ёпгувчи саттор бўлгайсен,
Қалбларни топгувчи ғамхор бўлгайсен,
Аллоҳ розилигин топай десанг, эй дўст!
Эл бирла адабда ҳушёр бўлгайсен.
 
* * *
 
Очмай сира оғзингни кула олсанг соз!
Кўзсиз яна дунёни кўра олсанг соз!
Ўлтир-да сафар айла, оёқ заҳматисиз –
Ер куррасин агар кеза олсанг соз!
 
* * *
 
Майл этма самоъга, қилмагин ҳам инкор,
Сен танла шу йўлни, бўлса кўнглинг бедор.
Нафсинг ҳали ўлмай, сени қилса безор,
Қил рўза-намоз, бошқасидан кеч зинҳор.
 
* * *
 
Дарвеш дараю тоғ аро манзил тутади,
Ҳар лаҳза бу жойдан шеру йўлбарс ўтади.
Бор сафда улуғ пиру сара мардларимиз,
Ким бизга ғанимдир – уни ўлим кутади.
 
* * *
 
Бизнинг сафимизга кир-у мутлоқ қўрқма,
Бўл остонамиз остида тупроқ – қўрқма.
Қўзғалса сенинг қасдингда гар жумла жаҳон,
Сен изла нажот биздан-у ҳар чоқ қўрқма
 
* * *
 
Бир юртки, бутун тупроғи анбарсоро,
Тонг қотғучи кўрса уни Хисрав, Доро.
Ер юзини уч марта кезиб чиқдим мен,
Билдим: латифу шариф замин – Бухоро5858
  Муҳаббат тароналари. Рубоийлар. Форс тилдан Э.Очилов таржимаси. – Т.: «Шарқ», 2005. 82–85-бетлар.


[Закрыть]
.
 

44. ШАЙХ РЎЗБЕҲОН КАБИР МИСРИЙ

Шайх Абу Муҳаммад Рўзбеҳон 524/1129 йилда Форс вилоятига қарашли Фасо шаҳрида савдогар оиласида дунёга келган. Унинг аждодлари баққоллик ва кўкфурушлик билан машғул бўлганликлари учун «Фасоий», «Буқлий» тахаллуси билан шуҳрат қозонган. Рўзбеҳон ёшлигида илм излаб Ироқ, Кирмон, Ҳижоз ва Шом ўлкаларига сафар қилган. Искандарияда Шайх Абулҳабиб Суҳравардий билан учрашган. Садриддин Абу Тоҳир Аҳмад ибн Муҳаммад Исфаҳоний ҳузурида «Саҳиҳи Бухорий»дан дарс олган. Фахруддин ибн Марям ҳамда Али ибн Муҳаммаддан «каломи бадеъ» сирларини ўрганган. Ёшлигиданоқ араб ва форсий тилларда турли жанрларда шеърлар ижод қила бошлаган.

Шайх Рўзбеҳон Рашидиддин Абулҳасан Али Найрезий раҳнамолигида фиқҳ илмини ўрганишга киришган. Шайх Рўзбеҳон Шайх Сирожиддин Маҳмуд ибн Халифа ибн Абдусаломнинг муриди бўлиб, унинг қўлидан хирқа кийган. Рўзбеҳон ҳол ва риёзат даврини Шероз ва Кўҳистонда ўтказган. Бир неча вақт Маккада мужовирликдан сўнг Шерозга келиб, Атиқ Жомеъ масжидида бир муддат ваъз айтган. Шайх Рўзбеҳон Шерознинг «Худош» мавзеида улкан работ қуриб, мурид ва шогирдлар тарбиясига киришган.

Рўзбеҳоннинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида Шарафуддин Иброҳим ибн Шайх ул-ислом Садриддин (Рўзбеҳони Соний) нинг «Туҳфат ул-ирфон фи зикри саййид ул-ақтоб Рўзбеҳон» китобида батафсил маълумот келтирилган. «Абҳар алошиқин», «Минҳож ул-соликин», «Арос ул-баён фи ҳақойиқ ул-Қуръон», «Масолик ул-тавҳид», «Мувашшах», «Кашф ул-асрор», «Машраб ур-руҳ», «Мантиқ ул-асрор», «Шарҳ ут-тавосин» каби олтмишдан зиёд рисолалар Рўзбеҳондан мерос қолган.

Шайх Рўзбеҳон Буқлий тасаввуфнинг улкан назариётчиси, буюк мураббий бўлган. Замонасининг ўнлаб машойихлари унинг қўлида тарбия топиб, хирқа кийган. У ўз асарларида асосан, тасаввуфнинг фано ва бақо, само ва ғино, важду илҳом, сайру сулук, тариқат ва ҳақиқат каби масалаларини ёритган. Форсийда битилган «Абҳар ул-ошиқийн»да сўфийларнинг мақоми ва аҳволи тадқиқ этилган. Рўзбеҳон араб ва форс тилларида шеърлар битган. Унинг назмий-бадиий мероси «Девон ул-маориф фиш-шеър» номли китобида жамланган. У форс-тожик адабиёти тарихидаги рубоийнависликда ўзига хос мақом ва ўринга эга. Унинг ижодида илоҳий ишқ мавзуси катта ўрин эгаллайди. Рўзбеҳоннинг сўфиёна тимсоллар билан ёзилган рубоийларида тавҳид ғоялари илгари сурилган. Инсон кўнглининг нозик нуқталари тилга олиниб, дилни хою ҳавасдан айириш, кўнгилни Аллоҳ зикри билан банд қилиш лозимлиги, кўнгил эгаси (Аллоҳ) инсоннинг қалбига боққанида, унда беҳуда нарсаларнинг ёдини кўрмаслиги таъкидланган.

Шайх Рўзбеҳон 610/1213 йилда вафот этган. Қабри Шерознинг Болкафт минтақасида.

* * *

Мажидуддин Бағдодийнинг «Туҳфат ул-барараҳ» китобида ёзилишича, ҳотифдан овоз келди: «Эй Рўзбеҳон, намозни тарк қил, сен бунга муҳтож эмассан». Шайх Рўзбеҳон илтижо қилиб деди: «Эй Роббим, бунга тоқат қила олмайман, менга бошқа нарсани таклиф қил».

* * *
 
Ҳар қанча сенга вафо қилса, йўқ фойда,
Бир қилса жафо, қайтар азоб шу жойда.
Лаълинг каби қонталашу нозик яна лол –
Бўлган кишининг ҳоли ҳамиша вой-да.
 
* * *
 
Уйғону саҳар чоғида чек нолаю оҳ,
Истиғфор айла, чунки кўп айбу гуноҳ.
Сен ўзгалар айбини кўрарсан доим,
Ўз айбу гуноҳингга-да бир ташла нигоҳ.
 
* * *
 
Кўзини юзингдан сира олмас офтоб,
Ҳуснинг нуридан ўзига у олгай тоб.
Бечораю саргашта бу кўнглимга-да, оҳ,
Зулфинг тобидан тушибди тоб, эй моҳтоб.
 
* * *
 
Мушкин сочини гул юзига солди то,
Олам эли бўлди унга масту шайдо.
Гулларга бериб мушки билан у оро,
Қолдирмади жону дилда сабрим асло.
 
* * *
 
Гар ҳуду беҳуд бир нафас ўлтиргайсан,
Идрок этагин Ундан қутултиргайсан.
Ҳар ишда Уни мушоҳада қилгайсан,
Ҳар ишда Уни хаёлга келтиргайсан.
 
* * *
 
Ҳар риндки, майхонани маскан этмиш,
Куйган юрагимнинг ҳиди унга етмиш.
Ҳар қайдаки ошуфтаю бадбахт киши бор,
Шогирдим у – мендан олиб иршод этмиш.
 
* * *
 
То давлати васли бор экан йўлимда,
Дунё иши тизгини менинг қўлимда.
То ёр лаби майи бор қадаҳим ичра,
Азалу абад йўли ўнгу сўлимда.
 
* * *
 
Дил ойнасига кеча бердим сайқал,
Оппоқ бўлгач, унга ўзим тикилдим аввал.
Мендек айбу гуноҳга ботган кишилар
Эл айбу гуноҳини унутса афзал5959
  Шайх Рўзбеҳон Буқлий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 191–194-бетлар. 221


[Закрыть]
.
 

45. ШАЙХ ШИҲОБУДДИН ЯҲЁ СУҲРАВАРДИЙ

Суҳравардий атоқли файласуф олим, тасаввуф алломаси ва шоир сифатида ўз даврининг илмий-маданий ва адабий ҳаётида катта ўрин тутган. Унинг «Ҳикмат ул-ишроқ» китоби энг нодир маънавий обидалардан ҳисобланади.

Абулфутуҳ Шиҳобуддин Суҳравардий 548/1153 йилда Эроннинг Занжон вилоятига қарашли Суҳравард қишлоғида дунёга келган. Дастлабки таҳсилни Мароғада Мажидуддин Жабалийдан олган. Сўнг Исфаҳонга бориб, Заҳриддин қўлида таҳсил кўрган. Ибн Сино меросини ўрганишга киришган. Фахриддин Розий билан ҳамсабоқ бўлган.

Суҳравардий амакиси Абунажиб Абдуллоҳ Суҳравардийдан дунёвий билимларни ўрганган. Замонасининг буюк алломалари билан суҳбатлашиш ниятида Эроннинг кўп шаҳарларига, Шом ва Анатолияга сафар қилиб, тасаввуф донишмандлари билан баҳсга киришади. Дамашқдан Ҳалабга ўтишда Миср ва Сурия ҳукмронлари билан мулоқотда бўлади.

Донишмандларга алоҳида эҳтиром билан юрган Ҳалаб ҳукмдори Малик Зоҳир Шиҳобуддин Суҳравардийдан саройда қолишини сўрайди. Суҳравардий унинг истагини қабул қилади.

Суҳравардий қисқа умри давомида элликта китоб ёзишга улгурган. Суҳравардий асарлари тилининг содда, равонлиги, бадиий пишиқлиги жиҳатидан форсий тилдаги насрнинг энг мумтоз намуналаридир. Унинг адабий-илмий мероси мавзу доираси жиҳатидан ҳам, ғоявий йўналиши-ю фалсафий моҳияти жиҳатидан ҳам ранг-барангдир. Суҳравардий Қуръон, ҳадисга ёзилган тафсирлари, бир қатор фалсафий, сўфиёна асарларга ёзилган шарҳ ва таржималари, Ибн Синонинг «Тайр» рисоласининг форсий таржимаси, «Ҳақиқат ул-ишқ» китоби муаллифидир. Унинг араб тилида ёзган «Талвиёт», «Мақовамат», «Маториҳот», «Ҳикмат ул-шариф» китобларида Арасту фалсафаси, тасаввуф фалсафасининг кўп жиҳатлари хусусида баҳс юритилган.

Суҳравардийнинг араб ва форс тилида битилган ихчам рисолалари «Ҳаёкил ун-нур», «Ало ал-лавоҳ ал-модият», «Партавнома», «Фи эътиқод ул-ҳукамо», «Ал-ламаҳот», «Яздон-шинохт», «Бўстон ул-қулуб» деб номланади. Алломанинг «Ақли сурх», «Овози пури Жаброил», «Ал-ғариба, ал-ғарибият», «Луғати Маврон», «Рисолати фи ҳолати туфулият», «Рўзе бо жамоати сўфиён», «Рисолаи фи ал-меърож», «Сафири Семурғ» каби китобларида латиф ҳикоят ва ривоятлар орқали тариқат мақомлари, нафс сафари, ростлик ва дурустлик ҳақида фикр юритилган. Суҳравардийнинг «Алвародот вал тақдисот» номли дуо ва муножотнома китоби бўлиб, уни ёзишда қадимги зардуштийлик дини ёдномаларидан, Ҳермис, Афлотун, Фусоғурус каби қадимги Юнон олимлари асарларидан ҳам фойдаланган, тамсил сифатида кўплаб мисоллар келтирган.

Суҳравардийнинг араб ва форс тилидаги шеърлари ва мактубларидан ташкил топган йирик мажмуа мавжуд. Олим шогирдларидан бири Шамсуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Шаҳрзурий «Ҳукамолар тарихи» китобида Суҳравардий асарларининг мукаммал рўйхатини келтирган.

Шиҳобуддин борлиққа хилма-хил тезликдаги ранглар мажмуи сифатида қараб, «Ишроқ» (порлаш) ҳақидаги қарашни илгари сурган. Уни «Шайх ул-ишроқ» деб аташган. Суҳравардий ишроқ фалсафасини мукаммал баён этиб, Шарқ фалсафий тафаккурини янги тафаккур поғонасига кўтарган. Кўҳна фалсафага янгитдан жон бахш этиб, исломий руҳият бағишлаган. Суҳравардий «Суҳравардия» тариқатига асос солган.

Суҳравардийнинг тақдири Мансур Ҳаллож қисматига ўхшайди. Суҳравардий руҳан Мансурга ўхшарди. Китобларида Мансур Ҳалложни кўп тилга олиб, асарларидан сон-саноқсиз мисоллар келтирган. Суҳравардийнинг ростгўйлиги, руҳият ва илоҳиётга доир айрича қарашлари, баҳсу мунозараларидаги муваффақияти мутаассиблар қалбида адоват ҳиссини қўзғаб, уни эътиқодсизликда ва исмоилийлик (шиалик ичида вужудга келган фирқалардан бири, Жаъфар Содиқнинг ўғли Исмоилни еттинчи имом деб тан олиб, ўзларини исмоилийлар деб атаганлар)ни тарғиб қилишда айблашган. Уламолар «бу бедин исломга тил текизди, уни қатл этиш керак» деб Малик Зоҳирдан қатъий талаб қиладилар. Аммо ҳоким буни рад этади. Уламолар Сурияни салибчилар ҳужумидан озод этган Салоҳиддин Аюбдан ёрдам сўрашади. Шаҳар акобирлари-ю уламолари наздида ҳам шуҳратини оширишни истаган Салоҳиддин Айюб уламолар фикрини қўллаб-қувватлайди. Малик Зоҳир ўзи сарой хизматига олиб келган буюк дин арбоби ва маърифат пешвосини зиндонга ташлашга мажбур бўлади. Шиҳобуддин Суҳравардий Ҳалаб ҳокими Малик Зоҳир ҳукми билан 591/1191 йилда қатл қилинади.

* * *

Алишер Навоий деди:

– Ўз замонасининг устози, даврининг ягонаси, нурлар матлаъи, сирлар манбаи, тариқат раҳбари, ҳақиқат таржимони, зоҳир ва ботин илмларида барча улуғ шайхларнинг устози, орифлар йўлбошчиси, соликлар таянчи, раббоний олим Шайх Шиҳобуддин Суҳравардий, Аллоҳ унинг сиррини муқаддас қилсин.

* * *
 
Ақл тизгинини, бўлса кўзинг, йўқотма,
Ҳар яхши-ёмонни деб сўзинг йўқотма.
Йўловчи ўзинг, йўл ўзингу манзил ўзинг,
Йўлни яна ўзингдан ўзингдан йўқотма.
 
* * *
 
Ишқ гавҳари ўрни асли бир бошқача кон,
Ошиқ элининг манзили бир ўзга жаҳон.
Ишқ донидан еган қушнинг ошёни,
Ҳар икки жаҳондан ўзга бир айри макон.
 
* * *
 
Ишқинг йўлига кирдиму кечиб диндан,
Ўзимга ёмон қилибман, айтсам чиндан.
Меҳрингдан ўзимга келар эдим гоҳ-гоҳ,
Кетибман ўзимдан – хабар ол мискиндан6060
  Шайх Шиҳобуддин Суҳравардий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар // Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 122–123-бетлар.


[Закрыть]
.
 

46. ШАЙХ НАЖМУДДИН КУБРО

Кўҳна Хоразм азалдан илму ирфон бешиги, фан ва маданият, маънавият ва маърифат маркази бўлган. Хоразмнинг забардаст сиймоларидан бири, ватанпарварлик ва футувват тимсоли Шайх Нажмуддин Кубродир.

Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад ал-Хивақий ал-Хоразмий 540/1145 йилда Хива шаҳрида дунёга келган. Отаси ўз даврининг зиёли кишиларидан бири бўлган. Нажмуддин ёшлигидан жуда зийрак бўлиб, йигитлик палласида тенгқурлари билан бўлган барча баҳсларда ҳамиша ғолиб чиққани учун уни «Таммат ул-Кубро» деб аташган. Кейинчалик «Кубро» сўзи лақаб бўлиб қолган. Унинг «Валийтарош» лақаб олишининг сабаби қўлида тарбия олган бир неча киши валийлик даражасига етганлигидандир.

Илмга чанқоқ Нажмуддин Кубро мадрасани тугатгач, ўн олти ёшларида билимини ошириш мақсадида Эрон, Миср, Шом ва Ироқ мамлакатларида бўлиб, ҳадис ва фиқҳ илми билимдонлари суҳбатида бўлади, номдор олимнинг овозасини эшитиши билан йўлга тушиб, ундан сидқидилдан сабоқ олган. Устоздан кўнгли тўлмаган ҳолларда, ижозат олиб, яна йўлга тушган. Шайхнинг шогирди Рукниддин Алоуддавланинг хотирлашича, Нажмуддин Кубро Ҳамадон шаҳрида машҳур муҳаддисдан ҳадис илмини ўрганаётган пайтда Искандария шаҳрида «олий санадлар билан ҳадис биладиган» муҳаддис борлигини эшитиб, Ҳамадондаги устозидан рухсат олиб, зудлик билан Искандарияга жўнайди ҳамда бир ой ичида илмини пухталаб, устоз алломадан «ижоза» хати олиб орқасига қайтади.

Нажмуддин Кубро Бағдод, Табриз, Нишопур, Тус, Дизфул шаҳарларида ўз даврининг мутакаллим ва алломаларидан шариат илми, ҳадис ва тафсирни чуқур ўзлаштириб, донишманд бўлиб етишади. Лекин эгаллаган илмларидан қониқмасдан, ўз қалбида кечаётган руҳий изтироб ва ғалаённи англашга ҳаракат қилади. Шариат илмларини ўрганиш баробарида Нажмуддин Кубро тариқатдан хабардор бўлишга интилиб, қатор шайхлар, дарвешлар суҳбатидан баҳраманд бўлади. Чунки шайхнинг маънавий камолот илми, ғайб асрори, каромат ва кашфу ҳол илми бўлган тасаввуфга иштиёқи баланд эди. Унинг устозлари Шайх Рўзбеҳон Мисрий, Шайх Аммор Ёсир ва Шайх Исмоил Қасрийлар ҳам унинг бу интилишини англаганлар ва зимдан қувватлаганлар. Бироқ тасаввуфда риёзат чекмай, важдий ҳолатлар сирини кашф этмасдан мақсадга эришиб бўлмаслигини эътиборга олсак, улар Нажмуддин Кубродаги зоҳирий билимларга маҳлиёлик кайфияти ва фикрларини бартараф этиб, хилват ўтириш, муроқабага берилиш, зикру самоъга қатнашиш орқали янгича руҳий-ҳиссий ҳолатлар билан яшашга, янгича ҳаёт тарзини қабул қилишга ўргатадилар. Шайхлар тарбиясини олгандан кейин Нажмуддиннинг истеъдод чашмалари кўзи очилган, басират назари қувват топган. Камолот мартабаси, дониш даражаси кўтарилиб, фақат китоблардаги билимларни такрорлайдиган олимлар тоифасидан қутулиб, эркинозод мушоҳада этадиган, ўзи илоҳий ҳикмат айта оладиган ва ислом моҳиятини теран идрок этиб, ваҳдат ва тавҳидни бутун вужуди билан, тафаккурий идроки билан ҳис этиб, кишиларга етказа оладиган шайх мартабасига эришган.

Нажмуддин Кубро Мисрда Шайх Рўзбеҳон ал-Ваззон ал-Мисрий (ваф. 585/1189 й.)га мурид тушиб, тариқат одобини ўрганади. Рўзбеҳоннинг қизига уйланиб, бир неча йил Мисрда қолиб кетади. Бу орада бир оз вақт Табризда бўлиб, Имом Абу Мансурдан дарс олади. Устози Рўзбеҳон Мисрийнинг маслаҳати билан Хивага қайтиб, улкан хонақоҳ қуради. Кубровия оқимига асос солади. Нажмуддин Кубро кўпроқ Жунайд Бағдодий таълимотига суяниб, тасаввуфий-фалсафий ғояларни исломий таълимот билан яқинлаштиришга, уйғунлаштиришга интилади. Кубро асарларининг бош ғоясини ҳақиқий ишқни тарғиб этиш, маърифатни ташвиқ этиш бўлган. Шайх Кубро «Фавойиҳ ул-жамол ва фавотиҳ ул-жалол», «Рисола ут-туруқ», «Ал-усул ал-ашара», «Одоб ус-сўфия», «Ас-сайр ва ал-хайр», «Фақирлик ҳақида рисола», «Ҳидоят ут-толибин», «Минҳож ус-солиҳин», «Илалхоим ил-хоиф мин лавмат ил-лоим» каби асарлар муаллифидир.

«Валийтарош», «Таммат ул-Кубро», «Нажмуддин», «Абулжанноб» деб улуғланган Нажмуддин Кубронинг ҳаёти, сўфийлик тариқати ва фаолиятига оид маълумотлар Дорошукуҳнинг «Сафинат ул-авлиё», Ризоқулихон Ҳидоятнинг «

Риёз ул-орифин», Мавлавий Ғулом Сарвар Соҳиб Лоҳурийнинг «Хазинат ул-асфиё», Ҳожи Халифанинг «Туҳфат ул-фуқаро», Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот улунс», Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро», Ҳамдуллоҳ Қазвинийнинг «Тарихи гузида», Султон Ҳусайн ибн Султон Мансур ибн Бойқаронинг «Мажолис ул-ушшоқ», Мавлоно Минҳожиддиннинг «Табақоти Носирий» асарларида келтирилган.

Нажмуддин Кубро рубоий жанрида ҳам баракали ижод қилган. Шоир ўз рубоийларида ирфоний фикрларни чуқур акс эттириш билан бирга ахлоқ-одоб, инсонпарварлик, маърифат, дўстлик ғояларини ҳам анча теран тасвирлаган6161
  Нажмуддин Кубро ҳақида мукаммал маълумот олиш учун профессор Нажмиддин Комиловнинг «Тасаввуф» (1999) китобининг 151–188-бетларига мурожаат қилиш мумкин.


[Закрыть]
.

Нажмуддин Кубронинг ҳаёти, кароматлари, қаҳрамонликлари ҳақида халқ орасида кўплаб афсона ва ривоятлар мавжуд бўлиб, маноқибларда шайхнинг таржимаи ҳоли билан бирга у зотнинг кароматлари ҳам баён қилинган. Биринчи бўлиб рус шарқшуноси Е.Э.Бертельс Нажмуддин Кубронинг таржимаи ҳолини тадқиқ этиб, айрим тарихий шахслар ва саналардаги чалкашликларни изоҳлаган ва шайхнинг 25 та рубоийси ҳамда «Шайх Нажмуддин Кубро қиссаси» маноқибини эълон қилган6262
  Бертельс Е.Э. Суфизм и суфийская литература. – М.: «Наука», 1965. С. 324–334.


[Закрыть]
.

Мўғуллар 618/1221 йилда Хоразмга бостириб киради. «Нафаҳот ул-унс» асарида ёзилишича, босқинчилар шаҳарга кирганда Нажмуддин Кубро муридларини тўплаб ватан ҳимоясига шайланади. Кубро қўйнига тош тўлдириб, қўлига ханжар олиб жангга киради. Душманнинг ёмғирдай ўқлари остида ҳам тош отишни канда қилмайди. Бир ўқ кўксига қадалиб, Куброни йиқитади. Шу орада Кубро ғаним байроғидан бирини қўлга киритган, мўғул аскарининг кокилини маҳкам ушлаб олган эди. Ўнта мўғул унинг қўлидан кокилни тортиб ололмай, охири кесиб олишади. Бу ҳақда Жалолиддин Румий шундай ёзган:

 
Биз қўлга қадаҳ олувчи улуғвор кишилармиз,
Ориқ эчкиси билан қолган қашшоқлардан эмасмиз.
 
 
Бир қўлда иймоннинг холис шаробини ичарлар,
Бир қўлда кофирнинг қокилин маҳкам тутарлар6363
  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 292-бет.


[Закрыть]
.
 

Бу жасоратли фожиа 618/1221 йилда юз берган. Нажмуддин Кубронинг мақбараси Кўҳна Урганч (Туркманистон)да бўлиб, халқнинг энг қутлуғ зиёратгоҳидир.

* * *

Она Ватан йўлида, Ватанни ҳимоя қилаётиб шаҳодат жомини нўш айлаш – Аллоҳ висолига етишмоқ билан баробардир.

* * *
 
Гар тоати худ нақш кунам бар ноне,
В-он нон ниҳам пеша саге бар хоне.
В-он саг соле гурусна дар зиндоне,
Аз нанг бар он нон наниҳад дандоне.
 

(Агар тоатимни бир нонга нақш этиб, дастурхонга солиб бир кучук олдига қўйсам ўша ит йил бўйи зиндонда оч ётган бўлса ҳам, номусдан у нонга тишини ҳам тегизмайди.)

* * *
 
Чун нест зи ҳар чи нест чуз бод ва даст,
Чун ҳаст ба ҳар чи ҳаст нуқсону шикаст.
Пиндор, ки ҳаст ҳар чи дар олам нест,
Ангор, ки нест ҳар чи дар олам ҳаст.
 

(Модомики, ҳар бир йўқ нарсадан шамол каби қўлда ҳеч нарса қолмас экан, ҳар бир бор нарсадан нуқсон ва емирилиш бор экан, сен оламда йўқ нарсаларни бор деб бил ва оламда бор нарсаларни йўқ деб ҳисобла.)

* * *
 
Ақл аз раҳи ту ҳадису афсона барад,
Дар кўйи ту раҳи мардуми девона барад.
Ҳар лаҳза чу ман ҳазор дилсўхтаро
Савдойи ту аз Каъба ба бутхона барад.
 

(Ақл сенинг йўлингда фақат афсона, ривоят ёки ҳодисларнигина англай олади. Сенинг кўйингга девона одамларнинг йўли олиб боради. Ҳар лаҳзада мен каби минглаб дили куйган ошиқларингни Сенинг савдонг Каъбадан бутхонага олиб боради).

* * *
 
Дар роҳи талаб расидае мебояд,
Доман зи жаҳон кашидае мебояд,
Биноийи хешро даво кун, зеро-к,
Олам ҳама Ўст, диде мебояд.
 

(Талаб йўлида етуклик керак, бунинг учун этакни жаҳондан тортиш керак. Ўз кўзларингни даволагин. Бутун олам Удир, фақат кўрадиган кўз керак.)

* * *
 
Чун ишқ ба дил расад, дил дард кунад,
Дарди дили мард мардро мард кунад.
Дар оташи ишқи худ бисўзад в-он гаҳ,
Дўзах зи баройи дигарон сарди кунад!
 

(Ишқ кўнгилга тушгач, кўнгил дардли бўлади. Марднинг қалбидаги дард мардни мард қилади. У ўз ишқи оташида ёниб, сўнгра бошқалар учун дўзахни совутади.)

* * *
 
Як дам дили мардонаи фарзонаи мо
Холи нашавад зи ишқи жононаи мо,
Он дам, ки шароби ошиқи дардоданд,
Дар хуни жигар заданд паймонаи мо.
 

(Бизнинг фарзона мард дилимиз жонона (Аллоҳ) ишқидан бир лаҳза ҳам холи эмас. Ошиқлик шаробини тарқатганда, бизнинг паймонани жигар қонига ботирдилар.)

* * *

Дунё ва охират яхшилиги сабру қаноатда, ёмонлиги тамададир.

* * *

Энг гўзал безак тавозеъ, энг хунуги бахилликдир.

* * *

Муваффақият сайъ-ҳаракатда, муваффақиятсизлик лоқайдлик ва дангасаликда, бало тилда, ҳаловат сукутдадир.

* * *

Очкўз ҳамиша маҳрум, дунёпараст доим ғамгиндир.

* * *

Энг ноёб неъмат ростгўйлик ва қаҳрамонлик, энг оғир бало мунофиқ дўстлардир.

* * *

Энг яхши сарҳисоб кишининг ўз нафси билан ҳисоблашишида, оқилнинг охиратга, жоҳилнинг дунёга интилишидадир.

* * *

Дунё ва охират яхшилиги Расул алайҳиссаломнинг суннатларига эргашишдадир.

* * *

Энг яхши дўст илмдир.

* * *

Шариат ва диннинг пойдевори сабр ва ишонч, ибодатларнинг энг афзали фарзларни адо қилиш, одатларнинг энг маъқули ва чиройлиси гуноҳлардан, одамларга озор беришдан тийилиш, ўлимдан оғирроқ кулфат ўтган ишга пушаймонликдир.

* * *

Экмаган – ўрмайди. Шафқат қилмаганга – шафқат қилинмайди.

* * *

Жаннатга кириш йўли ҳалол ейиш ва амри маҳол ишни тарк қилишдадир.

* * *

Инсонга келадиган барча офат тилдандир.

* * *

Аллоҳ дунё қуллигидан озод қилган киши ҳақиқий ҳурдир.

* * *

Умр ва дунёдан кўра тез ўтиб кетадиган, ўлим ва охиратдан кўра яқин, орзудан кўра узун, хотиржамликдан кўра гўзал нарса йўқдир.

* * *
 
Ошиқ кишининг кўнгли тўла дард бўлғай,
Дил дарди билан мард яна ҳам мард бўлғай.
Ўз ишқи ўтида у ёнаркан бул дам,
Дўзах ўти ўзгалар учун сард бўлғай.
 
* * *
 
Ишқингни бу мардона-ю фарзона кўнгил,
Бир сония тарк этмади, жонона кўнгил.
Ишқ бодасини қўлимда тутган лаҳза,
Лиқ тўлди жигар қонига паймона кўнгил.
 
* * *
 
Сендан ҳама шўхлик ва паришонлигимиз,
Сендан ҳама ошуфтаю ҳайронлигимиз.
Ҳар торига кокилингни дил бойлашимиз,
Сендан ҳама ғунча каби хандонлигимиз.
 
* * *
 
Ҳақ йўлга ҳар лаҳза саъй этмак лозим,
Дунёдан этак тортмагу кетмак лозим.
Дийдангни давола, зеро, олам ҳам – Ул,
Кўрмак Уни – асрорига етмак лозим.
 
* * *
 
Ҳар нарсаки, йўқми, йўқ ўшал мисли шамол,
Ҳар нарсаки, борми, оқибат топди завол.
Бор нарсани оламда гумон эт йўқ деб,
Йўқ нарсани бор дебон бироқ айла хаёл.
 
* * *
 
Эй дийда, ўзингсан бегумон душмани дил ,
Сен боис учар елга ҳама хирмани дил.
Бас, солма назар бегона юзларга сира
Журм остида қолмасин, десанг, гардани дил.
 
* * *
 
Бир кун кўрасанки, жон танимдан кетган,
Бошимга фиғон чекиб халойиқ етган.
Кошки келиб бошимда ўтирсанг, айтсанг:
Ўлдирган ўзим, ўзим пушаймон этган…6464
  Нажмуддин Кубро / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 103–107-бетлар.


[Закрыть]

 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации