282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 21

Читать книгу "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Текущая страница: 21 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

79. АХСИЙ ПОЯНДА ОХУНД

Ахсикат Фарғона водийсининг энг қадимий манзилгоҳларидан биридир. Унинг харобалари ҳозирги Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ҳудудида сақланиб қолган. Бу шаҳар XV асргача Фарғона вилоятининг маркази бўлган.

Қадимшунослар Ахсикат тарихини 2500 йилдан зиёд деб тахмин қиладилар. Кўҳна замонларда Косонсойдан бу ерга ичимлик сув қувури тортиб келинган. Ахсикат савдо йўли ёқасида жойлашгани учун ҳам ўрта асрларда гуркираб ривожланган. Кўплаб карвонсаройлар, масжиду хонақоҳлар, мактабу мадрасалар, гузарлар шаҳар ҳуснига ҳусн қўшган. Ахсикатдан кўплаб олимлар, дин арбоблари, шоирлар етишиб чиққан. Ана шундай мутафаккир ва шоирлардан бири Ахсий Поянда Охунддир.

«Ахсий Ахсикатий деб зикр этилган шоир Ахсий XVI асрнинг биринчи чорагида Ахсикатда зиёли оиласида дунёга келган. Истеъдод нишоналари ёшлигиданоқ намоён бўлган Ахсий таҳсилни давом эттириш учун Самарқандга йўл олган. Тез орада муфассир ва муҳаддис сифатида илм-адаб аҳли назарига тушган Ахсий дарвеш ва сўфийлар мажлисларида бўлиш ниятида «Қуббат ал-ислом» («Ислом гумбази») – Балхга боради. Машҳур мутасаввиф Хирад Ахсикатийдан тасаввуф сир-асрорини ўрганиб, бир неча ой хонақоҳда таълим олади. Мавлоно Хирад қўлидан хирқа кийиб, иршод олган Ахсий Бухоро ҳудудига келиб, халқни маърифатга ҳидоят этади. Қисқа вақт ичида унинг атрофига кўплаб муридлар йиғилади. Ахсий нақшбандийлик тариқатининг фидойи тарғиботчиси, жўйбор хўжалари маърифатчилик фаолиятининг толмас давомчиси эди.

Бухоро ҳукмдори Боқимуҳаммад Баҳодурхон шаҳар четидаги Али Сулаймон кўприги ёнида (Бухоронинг Файзобод мавзесида) Мавлоно Ахсий учун махсус хонақоҳ қурдириб беради. Хонақоҳ қурилиши ва жиҳозлаш усуллари жиҳатидан XVI асрнинг энг гўзал обидаларидан ҳисобланган. XVI–XVII асрдаги вақф ҳужжатлари маълумотларига қараганда, Файзобод хонақоҳига бир неча минг таноб ер, ўнлаб дўконлар, тегирмон, ҳаммом вақф қилинган. Булардан келадиган даромадларнинг катта қисми хонақоҳ аҳли, шунингдек, мусофирларга, сўфийларга, камбағал-қашшоқ бечораларга, етимесирларга сарфланган133133
  Йўлдошев Н. Бухоро авлиёларининг тарихи. – Бухоро, 1997. 96-бет.


[Закрыть]
.

Файзобод мавзесида Поянда Муҳаммад Файзободий ташаббуси ва маблағи билан 1596–1597 йилларда Файзобод хонақоҳи, ҳужралар, гумбазли таҳоратхона ва ғуслхонадан иборат мажмуа қурдирган.

Мавлоно Ахсий вафотидан сўнг хонақоҳнинг ёнига дафн этилган.

 
Санг ар ба даст гирад марди худопараст,
Аз имини ҳимматаш ба каромат чу зар шавад,
В-ар зар ба даст гирад марди ҳавопараст,
Аз толеъи бадаш ба наҳус ҳажар шавад.
 

(Художуй киши тошни ушласа, ҳиммат кароматидан зар бўлади. Ҳавопараст зарни қўлига олса, паст толеъидан тошга айланади.)

80. МУҲАММАД СИДДИҚ РУШДИЙ

Муҳаммад Сиддиқ Рушдий тахминан 1119/1707 йилда Ёркентда туғилган.

Рушдий яшаган давр низоли вазиятлар ва давлатлар тарқоқлиги, ўзаро урушларга тўғри келган. Муҳаммад Сиддиқ Қўқон, Ёркент, Кошғар, Хўтан диёрларида мусофирчиликда умр кечирган. Бу ҳақда «Тазкираи Қайюмий»да шундай дейилган:

 
Куним қаттиғлиғинму шарҳ этай, даврон жафосинму?
Дағи бу чархнинг шиддат билан фурқатодосинму?
Бу даҳри бебақонинг қайси ишда эътиборин дей?
Вафосин дей, жафосин дейму, дардинму давосинму?
Диёру ёрдин айрилганим дардинму деб йиғлай?
Бағр бирла юракни жабрдин битмас яросинму?
Қолибсан рушдиё, ғамсиз халойиқ ичра минг ғамга,
Ғанимниму дейин ё беғам элнинг можаросинму?
 

Муҳаммад Сиддиқнинг маънавий камолотида Мавлавий Аршийнинг хизмати катта бўлган. Рушдий Қуръон, ҳадис баёнига доир билимларни, тасаввуф фалсафасини пухта эгаллаган. Араб, форс-тожик ва туркий тилнинг нозик жиҳатларини мукаммал ўзлаштирган. Тариқат сирларини ўрганиб, нақшбандийликнинг кенг қулоч ёйилишига катта ҳисса қўшган. Муҳаммад Сиддиқ замондошлари ўртасида шеърият бобида, хусусан, ғазал, мухаммас, рубоий жанрларида катта шуҳрат қозонган.

Муҳаммад Сиддиқ «Рисолаи қодирия» маноқиби ва «Тазкират ул-авлиёи туркий» рисоласи муаллифидир.

Ўтмишда пайғамбарлар, саҳобалар, азиз-авлиёлар, машойихлар, сўфийлар, қаландарлар тўғрисида жуда кўп хотира, қисса, достон ва зикрлар яратилган. Улардан ёш авлодни тарбиялаш, тўғри йўлга бошлаш воситаси сифатида фойдаланишган. Бундай китоблар жумласига араб, форс-тожик ва туркий тилларда яратилган Абу Исо Термизий (IX аср), Абдуллоҳ Ансорий (IX аср), Фаридуддин Аттор (XII аср), Юсуф Ҳамадоний (XIII аср), Насриддин Рабғузий (XIV аср), Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Исҳоқ Боғистоний (XVII аср), Муҳаммад Яъқуб Ёркандий (XIX аср) сингари адиблар асарларини келтириш мумкин. Алишер Навоийдан кейинги даврда авлиёлар ҳаёти ҳақида туркий тилда битилган китоб Муҳаммад Сиддиқ Рушдийнинг «Тазкират ул-авлиёи туркий» асари бўлиб, Ёркент ҳокими Хожа Кефакбек илтимосига кўра ёзилган. У «дониш аҳлининг фойиқи ва заррот мақомининг лойиқи» ўз юртида маданият ва илм-фан аҳлига ҳомийлик қилган, мадраса ва масжидлар барпо этган тараққийпарвар ҳукмдор бўлган.

Муҳаммад Сиддиқ «Тазкират ул-авлиёи туркий» китобининг таълиф этилиши ҳақида «тарихқа минг икки юз тўқсон эди ибтидо қилдим, тўрт йил тамом бўлғонда итмомиға еткурдим… деб қайд этади:

 
Қариғонда кўруштум тоғ била,
Қозидим ул тоғни тирноғ била.
…Тўрт йил ўтрусида чектим рақам,
Не илик ором олиб, не қалам.
 

Муҳаммад Сиддиқ китобни 1287/1870 йилда ёзиб тамомлаган. Асарни ёзишда «Шарҳ ул-қулуб», «Кашф ул-асрор», «Тазкират ул-авлиё» каби ўнлаб китоблардан ижодий фойдаланган. «Муқаддима»да «арабий иборатлар» ҳамда «форсий алфоз» билан битилган китоблар туркий талабалар тушуниши учун оғирлиги, замондошлари орасида Қуръон ва Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларини изоҳлаб бера оладиган алломалар камёблашиб бораётгани учун хосу омга тушунарли тилда ёзилгани баён қилинган.

Рушдийни қўлига қалам олишга ундаган яна бир жиҳат – адиб яшаган замонда фиръавнсифат, бағритош, разил, худбин, сангдил, бешафқат, бемурувват кишилар кўпайиб кетгани, «эл-улус машойих сўзини унутиб», маънавий-руҳий қашшоқлашиб бораётгани эди.

Муҳаммад Сиддиқ авлиёлар зикри билан кифояланиб, 83 бузруквор ҳаётини баён этган. Ҳар бир зикрда, дастлаб қаламга олинган шайх-авлиёнинг илм-фан, дин, адабиёт оламида тутган ўрни, тасаввуфнинг қайси масаласига мансублиги, илмий қудрати, унинг қайси илмлар билан шуҳрат қозонгани сажъ йўлида юксак кўтаринки руҳда тавсиф этилган. Сўнгра авлиёнинг туғилиб ўсган юрти, ижтимоий келиб чиқиши, таълим олган шаҳарлари, устозлари, у ёки бу мутасаввуфий оқимга қўшилиб, ишқи илоҳий йўлига ўтгунга қадар бажарган ишлари, чеккан риёзатлари, тавбасига сабаб бўлган ногиҳоний туртки – ваҳий баён этилади. Шундан сўнг унинг «Қуръон» оятлари ва Пайғамбар (с.а.в.) ҳадислари билан боғлиқ кўплаб панд-насиҳатлари, диний тушунчалар, тасаввуф таълимотига доир мушоҳадалар ва ибратли хулосалари келтирилади. Бу панду насиҳатлар, мақоллар Шарқ донолигининг бебаҳо дурдоналаридирки, уларнинг ҳар бири қуйма мазмунга эга:

Шайх Самнун Муҳиб деди: «Тасаввуф шуки, сен ҳеч нарсанинг мулки бўлмайсан ва ҳеч нарса сенинг мулкинг бўлмайди».

Имом Жаъфар Содиқ деди: «Беш кишининг суҳбатидан сақлан: биринчиси, ёлғончилар, ҳамиша ёлғон сўзларига алданиб, фириб ейсан. Иккинчиси, аҳмоқ ва соддалар, сенга манфаатли иш қиламан деб, зарар етказадилар. Учинчиси, бахиллар, сенга ич-ичидан куйиб ёмонлик қилади. Тўртинчиси, қўрқоқлар, сендан наф кўришса атрофингда парвона бўладилар, бирор хавф сезилиши билан қочиб кетадилар. Бешинчиси, фосиқлар, бир луқманинг тамасида сени ярим луқмага сотиб юборадилар».

Муаллиф ана шундай ибратли пандлар ва фалсафий мушоҳададан сўнг шайхларнинг вафоти тафсилотини баён этади. Бу баён шунчаки қайд этиш бўлмай, балки ҳаётий ибрат мазмунини кўрсатиш учун истифода этилган воқеа ҳисобланади. Мурид ёки шогирднинг туши орқали марҳумнинг руҳий тақдири кўрсатиб ўтилади. Бунга Иброҳим ибн Адҳам, Боязид Бистомий, Абулҳасан Харақоний зикрини қайд этиш ўринли.

Тазкирада Шарқ фалсафий-диний қарашлари, хусусан, тасаввуф таълимоти, моҳияти, унинг юзлаб атамалари луғавий маъноси тўғрисида кенг маълумот берилади. Назарий фикрларнинг исботи учун Қуръондан кўплаб оятлар келтирилиб, ҳадислардан унумли фойдаланилади. Донишманд, машойихлар зикрлари орасида тасаввуф, таваккал, варъ, тафвиз, зуҳд-тақво, парҳезкорлик, илм ул-яқин, айн ул-яқин, ҳаққ ул-яқин, риёзат, имо-ишора, каромат, валоят, фаросат, тафсир, суннат, фарз, мароқаба, самоъ, тавба, тавозеъ, сужуъ, рукуъ, тавҳид, ваҳдад каби тасаввуфий исмлар ва расм-русмлар, увайсийлар, тайфурий, маломатийлар, ахийлар ҳақида билиб олинади.

«Тазкират ул-авлиёи туркий» соф диний-назарий асар бўлиши билан бирга жуда катта ирфоний, маърифий, адабий аҳамиятга эга. Ҳар бир ривоят, нақл ва ҳадис даражасидаги натъ, тарбия камолоти учун зарур бўлган тарбия унсурлари барқ уриб туради. Улар инсонни иймон бутунлигига эришиш, эътиқод поясини мустаҳкам этиш, кўзланган мақсад йўлидаги риёзатлардан тушкунликка тушмаслик, ижтимоий адолат, тўғрилик ва ҳақиқат учун курашиш ва бу йўлда метиндек иродали, пок ниятли бўлишга чорлайди:

 
Азимхожа эшон дейди:
Пир амрини тутқон толб нафсдин беза,
Тун-кун тинмай зикрин айтур бағрин эза.
Ҳақ ёдидин ўзга ишдан топмас маза,
Огоҳ бўлур, ғафлат таъмин топмас бўлур.
 

Тазкирада тавҳидга берган шарҳида Жунайд Бағдодий Аллоҳ билан банда ўртасидаги фарқ ва унинг моҳияти ҳақида тафаккур қилади. Унингча, қудратлилик, саховатлилик, мурувватлилик, қаҳҳорлилик, раззоқлилик, беҳожатлилик ёлғиз Худога хосдир. Инсон ғариб, мискин, ҳожатманд ожиздир. Инсон мол-мулкига, амалига бино қўйиб, бошқалардан ўзини қудратли, беҳожатли, қаҳрли, мурувватли, мангу яшовчиман деб англаса, Худо сифатларини ўзида бор деб билса у, албатта, ҳаётда янглишади, қоқилади, ўсал бўлади, азобуқубатга гирифтор бўлади. Вақтинчалик муваффақияти, сохта буюклиги ошкор бўлади. Мана, Аллоҳнинг борлигини таъкидлашдан кўзланган мақсад!

Асарда тилга олинган шахсларнинг ҳар бири илмфаннинг у ёки бу соҳасида кўплаб китоблар битиб, пири муршид даражасига етган, фавқулодда қудратга, илоҳий кучга эга бўлган кишилар. Чунончи, Ҳаким ат-Термизий илму амал, фалакиёт, ҳайвонот илми, тафсир соҳасида улуғ китоблар тасниф қилган «Ҳаким ал-авлиё» унвонига сазовор бўлган. Робиъа Адавия илоҳий ишқ сармасти, унинг муножотини эшитган кишиларнинг кўнгли Аллоҳга талпинган.

Абу Туроб Нахшабий қўлини темирчилар кўрасига тутиб тура олади, ерни тепса чашма қайнаб чиқади. Ҳабиб Аъжамий, Иброҳим Адҳам дарёдан юриб ўта олади. Дарахтни ўзи билан юргизади. Ҳасан Басрий, Боязид Бистомий, Башир Ҳофий истиқболда бўладиган ишларни башорат қиладиган – фиросат, руҳоният илмида комил. Абулҳасан Харақоний ёввойи ҳайвонлар билан дўст-иноқ, томда туриб ердаги болтани воситасиз қўлга олади. Бир шаҳардан иккинчи шаҳарга яёв юриб, юзлаб фарсанг масофани оз фурсатда босиб ўтади. Мансур Ҳаллож қўл ҳаракати билан уюм пахтани момиққа ва чигитга ажрата олади.

Баъзи шайхлар (ёши катта бўлгач, албатта) емак-ичмакни кунда бир маротаба ўзларига раво кўришади. Бир шайх ҳар куни етти дона узум ейиш билан қаноатланса, бошқаси олманинг ҳидини туйиш билан кифояланади. Авлиёлар назокат бобида ҳам барчага ўрнак. Боязид умр бўйи ер ҳурматини сақлаб, ҳаргиз ерга тупурмайди. «Аллоҳ» лафзини тилга олишдан аввал оғзини чайқайди. Ҳотам Асамм ўзи ёнида ел қўйиб юборган хотин ўсал бўлмасин деб ўша заҳоти «кар» бўлади. То ўша хотин оламдан ўтмагунча, «кар қулоқ» лақаби билан яшайди.

Ҳайратланарлиси шундаки, машойихнинг ҳеч бири тариқати ва мазҳабини бошқаларга мажбурламайди. Айрим шайхлар бутун умрини шогирд тарбиялашга бағишлаб, уларни «учар қушларим» деб атайди. Сиртдан қараганда, барча шайхлар фақат Аллоҳга етишиш йўлида бу дунёнинг барча юмуш ва неъматлари, жигарбандларидан ҳам воз кечишган. Аммо синчковлик билан қаралса, уларнинг мана шу аҳдларида ҳам комил инсонийлик фазилати мужассам. Улар ёшлигидан устод кўриб, кўп илмларда камолот чўққисига етиб, муайян касб-корни эгаллаган. Юзлаб шогирдларни вояга етказиб, ҳалол меҳнати эвазига кун кечирган.

Айрим шайхларнинг халқдан узилиш, хилватда ўтириш, фақат Аллоҳ ёди билан яшаб, жаннат умидида умр ўтказиш тўғрисидаги кўпдан-кўп мулоҳазалари улар яшаган ижтимоий-сиёсий муҳит билан бевосита боғлиқ. Улар жабрзулмнинг интиҳосиз, енгиб бўлмас даражада томир отганини кўриб, шундай ҳолат билан таскин топиш мумкин, деб ўйлар эдилар. Асли фарғоналик бўлиб, Восит ва Марв шаҳарларида яшаган Абу Бакр Воситийнинг қуйидаги сўзлари фикримизни тасдиқлайди: «Бизлар шундай замонда яшашга мубтало бўлганмизки, жаҳолат ва ёмонлик илдиз отиб, одамлар на ислом, на мурувват, на саховат, на раҳмшафқатдан насибадордир». Ёки Жаъфар Содиқ (р.а.)нинг «бу замон халқи дўстлиги бозор таоми кабидирки, кўриниши ва ҳиди ўзига тортади, лекин мазаси ва баракаси йўқдир» деган сўзлари, афсуски, барча даврлар учун айтса бўлгулик аччиқ ҳақиқатдир.

Шуни назарда тутиш керакки, муршид муридга, сўфий дарвешга халқдан, оломондан узилиш маслаҳатини тавсия этади, лекин оммага эмас! Бу таълим ҳам доимий бўлмай, кўзланган билим эгаллангунча давом этади.

Муҳаммад Сиддиқ Рушдий ўзбек насрининг улкан намояндаси сифатида адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллайди. Нақл ва ривоятларда классик наср ва халқ оғзаки ижодига хос бўлган фразеологик бирикмалар, иборалар, ўхшатиш ва жонлантиришлар, тажнис, ташбеҳлар кўп учрайди: «зор-зор чун абри навбаҳор йиғлади», «умр кемаси ажал гирдобига етди», «олами фонийдан дорул бақога риҳлат қилди», «маърифат дарахтини фикр андиша суви бирла суғоргайлар», «ҳайрат бармоғини тишлади».

Муҳаммад Сиддиқ Рушдий шайхлар васфи, дебоча, хотимада машойихларнинг муножотини беришда сажъ санъатидан усталик билан фойдаланиб, ўта жимжимадорлик, ортиқча гапдонликка йўл қўймай, лўндаликка интилган. Бу хусусият ривоятлардаги суҳбатларда теран акс этади. Суҳбатлардаги фикрий таранглик ўқувчини шу қадар ўзига тортадики, якун топгунча нафас олмай кутиб, олам жаҳон ҳикмат олинади.

Машойихлар ишорат, рамз, мажоз билан сўзлаганлари учун фалсафий мушоҳадаларни бирданига идрок этиш осон эмас. Муаллиф бу борада масъулиятни ҳис этиб, ўзи яхши идрок этмаган ўринларни хато қилиб қўймаслик учун тушириб қолдирган ва «агар ўқувчи менинг сўзим билан қониқиш ҳосил қилмаса, Фаридуддин Аттор асари ҳамда «Кашф уласрор» каби китобларга мурожаат этиши мумкин» деб таъкидлаган Бу эса адибнинг юксак маданият ва идрок соҳиби эканидан далолат беради.

Шу ўрнида савол туғилиши табиий. Китобда зикр этилган шайхлар Хуросон диёрида яшаб ижод этган бўлса, бизга қандай аҳамияти бор?

Кишини қувонтирадиган, қалбларни фахр ва ифтихорга тўлдирадиган жиҳати шундаки, китобда зикр этилган улуғ инсонлар орасида Ўрта Осиёда камол топган, илм-фан, маориф ва маиший маданият тараққиётига сезиларли ҳисса қўшган, номлари мусулмон давлатларидагина эмас, балки бутун жаҳонга машҳур бўлган Ҳаким Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий, Абу Туроб Нахшабий, Абу Бакр Воситий, Фузайл ибн Иёз, Абулҳасан Харақоний, Абу Бакр Сайдалоний каби илм, ҳикмат, фалсафа ва фиқҳ донишмандлари бор. Китобда зикр этилган баъзи авлиёлар ҳаётининг маълум даври Насаф, Марв, Урганч, Бухоро, Самарқанд шаҳарларида кечади ёки аждодлари Мовароуннаҳрга бориб тақалади.

Муҳаммад Сиддиқ ўз фикрларини далиллаш уни ўқувчига тўлароқ тушунтириш учун Хожа Ҳофиз, Шайх Саъдий каби улуғлар ижодига суянибгина қолмай, Навоий, Сўфи Аллоҳёр асарларига ҳам мурожаат этган.

Асарнинг серфайз ва хосиятли жиҳати шундаки, ундан ҳар бир киши хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин керакли маънавий озиқа олади. Жумладан, қори ва уламолар ўқиса «Қуръон» ва ҳадис шарҳини янгидан кашф этади. Талаба ва шогирдлар ўқиса тафаккур сарҳади кенгайиб, кўнгли қувватга тўлади. Ҳукмдор ва сарватмандлар ўқиса фақир-бечорага раҳм-шафқатли, саховатли бўлади, зулм бедодлик йўлидан қайтади. Йўлдан адашган, маломатга қолган, ёмон ишлар қилганлар ўқиса гуноҳларига тавба-тазарру қилади. Отаоналар ўқиса фарзандларига янада меҳрибон, ширин сўзли бўлади. Фарзандлар ўқиса ота-она, яқинлар қадрига етадиган бўлади. Кибру ҳавога берилган, ўз ҳолидан ғофил кимсалар ўқиса, кўнглидан такаббурлик кетади. Эътиқодсизлар ўқиса эзгулик ва яхшилик йўлига киради, иймони мустаҳкам бўлади, ҳаётнинг маъносини англайди. Бу китоб ирфоний билимлар қомуси бўлиб, бир лавҳада уни атрофлича таҳлил этиш, аҳамиятини бор бўйича кўрсатиб бера олиш мушкул иш. Китоб жиддий илмий тадқиқотларни талаб қилади.

* * *

Муҳаммад Сиддиқ Рушдий деди: «Худода ўзни йўқ қилмоқ» маъноси шундайдир:

Ҳасан Басрий деди:

– Эй Робия, бу даражага қандай эришдинг?

Робия айтди:

– Ҳар на боримни йўқ қилмоқ билан эришдим.

* * *

Боязид деди:

– Ҳар киши Худойи таолода ўзини йўқ қилса ва ҳар ниманинг ҳақиқатига етса, у киши, ўзини тамом Худода кўрса ажаб эмасдир.

ХОТИМА

Азиз китобхон! Шарқ машойихларининг баъзилари ҳақидаги суҳбатимиз поёнига етди. Аслида улар бир неча юздан зиёд. Биз рисола ҳажми тақозоси ўлароқ суханни мухтасар қилдик. Ушбу лавҳалар бутун умрларини Аллоҳ йўлига тикиб, башар аҳлини ростлигу покликка, ҳалолликка, илму маърифатга, Ҳақ йўлга ҳидоят этиб келган зотлар кечмишидан бир қатралардир. Улар сизнинг руҳиятингизга нур, танангизга қувват бахш этади, деган умиддамиз.

Муаллиф зукко ўқувчиларнинг китоб хусусидаги беғараз мулоҳазаларини мамнуният билан қабул қилади ва ҳақларига дуо қилади. Зероки, буюк Шайх Саъдий айтмоқчи, «кимда ким сўзни сўзга зам қилур, жигар қонидан бир қатрасин кам қилур».


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации