282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 14

Читать книгу "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Текущая страница: 14 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

52. ҲАКИМ САНОИЙ ҒАЗНАВИЙ

Машҳур шоир, мутафаккир донишманд, ғазнавийлар даври маданиятининг йирик арбоби Абдулмажид ибн Одам Ҳаким Саноий 473/1080 йилда Ғазнада таваллуд топган. Бошланғич таълимни Ғазнада олгач, Балх, Ҳирот ва Нишопур мадрасаларида таълим олган.

Хуросоннинг кўп шаҳарларига, жумладан, Балх, Марв, Сарахс, Тус, Нишопур, Урганч, Ҳирот, Жом шаҳарларига сафар қилган. Ҳаж сафари даврида Хуросону араб шаҳарларида кўплаб машойихлар, авлиё-ю уламолар суҳбатидан баҳраманд бўлган Ҳаким Саноий тасаввуф ғоялари билан мукаммал қуролланиб, Ҳақ ва ҳақиқат йўлига киради.

Саноий халқ бошига салжуқийлар солган бедодликларни ўз кўзи билан кўрган. Хожа Қавомиддин, Хуросон қозикалони Сайфиддин ибн Муҳаммад Сарахсий ҳомийлигида бир неча йил Балхда яшаган. Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унинг суҳбатидан файз топган. Ҳаким Саноий эл орасида «Фахр ул-орифин» лақаби билан шуҳрат қозонган.

Баҳромшоҳнинг синглисига уйланган. Баҳромшоҳ буюк истеъдод соҳиби Саноийни Балхдан чақиртириб, ўз саройига таклиф этган. Шоир илтифотдан мамнун бўлиб, рад этган ва Баҳромшоҳга атаб қасида ёзган.

Саноий туғма шоир бўлган. Дастлаб ишқий шеърлар, қасидалар ёзган. Жумладан, Султон Масъуд ва бошқа подшоҳларга қасидалар битган. Тасаввуф сулукига кирган, тасаввуфий шеъриятнинг юксак намуналарини яратган. Саноий Ғазнавийдан йигирма минг байтдан иборат шеърлар девони, ўн минг байтдан ташкил топган «Ҳадиқат ул-ҳақиқат» маснавийси, «Тариқ ул-таҳқиқ», «Сайр ул-ибод», «Ақлнома», «Ишқнома», «Корномаи Балх», «Ғарибнома», «Авфнома», «Корнома» каби бир қатор маснавийлар ёдгор бўлиб қолган. Саноий девони ғазал, қасида, рубоий, қитъа, соқийнома, маснавий каби жанрларни ўз ичига олган. У кўплаб тарихий шахслар, жумладан, Низомий, Арузий Самарқандийга атаб қасида ёзган. Уларда ҳам шоир адолат ва маърифат ғоясини ирфоний тафаккур замирида тасвирлаган.

Саноий форсий шеъриятда фақат тасаввуфий руҳдаги ғазаллар яратган ижодкордир. У ғазалларида инсоннинг руҳият, илоҳиёт билан боғлиқ кечинмаларининг нозик қирраларини ранг-баранг бадииятда ифодалай олганки, китобхонни ҳайратга солади. Уларни мутолаа қилган ўқувчи мутлақ ҳақиқат, ишқи куллнинг волаю шифтаси бўлиб қолади, сурур ва завқ оламига ғарқ бўлади, эътиқодда собит бўлиб, поклик ҳамда ростликка юз буради.

Ирфоний маснавий бошловчиси ва асосчиси Саноийдир. Унинг «Ҳадиқат ул-ҳақиқат» маснавийси тасаввуф дарслиги сифатида Шарқда кенг тарқалган. Саноий бир томондан, халқ оғзаки ижодидан олинган ранг-баранг ҳикоятлардан, иккинчи томондан, ўтмиш ҳамда замондош авлиёлар ҳаётига доир ривоят нақлларни истифода этган ҳолда асарларининг ирфоний, тарбиявий, ахлоқий-ижтимоий моҳияти, панднома хусусиятини оширишга муваффақ бўлган. Маснавийда келтирилган ҳикоятлар, образларнинг аксарияти бевосита санъаткорнинг халқ оғзидан ёзиб олган лавҳалар бўлиб, форстожик адабиётининг мумтоз намунаси ҳисобланади. Сиртдан қараганда мадҳиядек туюлган шоҳлар, баъзи бир амалдору дўстларига бағишланган мадҳия-қасидаларда ҳам шоир тарихий шахсларни чинакам адолатпарварлик, некхоҳлигу мардумдўстлик, илму маърифат, юксак инсоний хислатлар тимсолидек кўришни истаган. Айрим мадҳияларда киноя йўли билан тарбия берган. Қитъаларда мардумозорлик, фаросатсизлик, танбаллигу бедонишлик, риёкорлигу бевафолик, тамагирлигу пасткашлик устидан заҳарханда кулгу сезилади. Бундай шеърларни ирфоний таҳлили кўплаб варақ қоралашни талаб этади. Авлиё шоир Саноий ижодининг қўл етмас ва ҳар кимнинг тиши ўтмас сеҳри ҳам шунда.

Саноий 545/1150 йилда вафот этган. Қабри Ғазнада, муқаддас зиёратгоҳ ҳисобланади.

* * *

Ғазна ҳукмдори Султон Маҳмуд Сабуктегин қиш фаслида кофирларга қарши жангга отланган. Саноий Сабуктегинга аҳволи баён қилинган қасида ёзиб, султонга олиб кетаётганида Лойхўр исмли мажзубга йўлиққан. Лойхўр соқийга айтди:

– Кўзани тўлдириб май қуй, Маҳмуднинг кўрлиги учун ичай.

Соқий сўради:

– Маҳмуд Ғазнавий ислом подшоҳи, ғозийдир. Нега уни таҳқирлайсан?

Лойхўр мажзуб деди:

– Бойлиги ошиб-тошиб кетса ҳам, уни тасарруф қилмай, яна бойлик орттириш учун босқинчилик қилади.

Соқийга кўзани бериб, деди:

– Яна бир кўза чоғир бергинки, Саноий деган шоирнинг кўрлиги учун ичай.

Соқий деди:

– Саноий фозил ва латифтабъ киши бўлса, нега ундай дейсан?

Лойхўр мажзуб деди:

– Агар Саноий латифтабъ бўлса эди, бирор ишга ярайдиган иш билан машғул бўлар эди. Бир неча бемаъни сўз битибди. На бир ишга ярайди, на ўзига фойда беради. Худо уни нима иш учун яратганини ҳам билмайди.

Ҳаким Саноий бу сўзларни эшитиб, ҳоли ўзгарди. Лойхўр мажзубнинг танбеҳи билан ғафлат уйқусидан уйғониб, Ҳақ йўлга кирди.

* * *

Жалолиддин Румий бу ҳақда ёзди. Ҳаким Саноий айтди:

– Сўзида маъною маъносида сўзи бўлмаган айтганларимдан қайтдим.

Бу сўзларни эшитган бир азиз кишилардан бири айтди:

– Ажабо, сўз айтишдан қайтган маҳалда ҳам сўзга машғул эмиш.

* * *
 
Дарвеш наям, агарчи кам мекўшам,
Девона наям агарчи шуд ҳушам.
Гар бебарге ба марг молад гўшам,
Озодиро ба бандаги нафурўшам.
 

(Кам ҳаракат (меҳнат) қилсам ҳам, дарвеш эмасман, ҳушдан озган бўлсам ҳам девона эмасман, йўқликдан ўлим овози қулоғимга эшитилиб турса ҳам озодликни бандаликка (қулликка) сотмасман.)

* * *
 
Беҳи иқболки чун шоҳ зад аз боғи ҳунар,
Гарчи пажмурда шавад боз қабул орад бар,
Давлати боҳунаронро фалаки мардафкан,
Занад осеб ва лекин накунад зеру забар.
 

(Ҳунар боғидан шох чиқазган иқбол дарахти, сўлса ҳам барибир яна мева беради. Мардларни забун этгувчи ҳунарлилар давлатига зарар етказса, етказару ер билан яксон қила олмайди.)

* * *
 
Ҳаме то миёни ошикиро бу бастам,
Балоро сўи хештан роҳ кушодам.
Ду чашмам пур об аст ва пуроташ дил,
Сар оварда бар хок ва дар даст бодам.
Манам бандаи ишқ то зинда бошам,
Агарчи зи модар ман озод зодам,
Ба жуз ишқ то умр дорам наварзам.
 

(Ошиқлик белбоғини боғлаган эканман, бу йўлда ҳар қандай балога тик бораман. Икки кўзимда тўла ёш, қалбим оташга лиммо-лим, бошим тупроқда-ю шамол, онамдан эркин туғилган бўлсам ҳам умр бўйи ҳақиқий ишқдан ўзга нарсани истамасман.)

* * *
 
То ниҳон гашт офтоби хожагон дар зери хок,
Шуд лабам пурбод ва дил пуроташ ва дида пуроб.
Чашмҳо нашукуфт агар шуд пур ситора баҳри он-ки,
Рўй бинамояд ситора чун ниҳон шуд офтоб.
 

(Хўжалар қуёши тупроқ остида пинҳон бўлганда лабим титроқ, қалбим пуроташ, кўзим пурёш бўлди. Офтоб пинҳон бўлганда, юлдузлар юз кўрсатишса ҳам кўзлар чарақлаб кетмади.)

* * *
 
Ҳарчандки бандаги фузудем туро,
Маро набуди чунонки будем туро.
Мо басту вафо намудем туро,
Ки андар ғаму шодий озмудем туро.
 

(Сенга бандаликни қанчалик изҳор этсак ҳам, биз билан бўлмадинг. Биз сенга боғлангандик – вафо кўргиздик шодликда ҳам, ғам-ҳасратда ҳам сени синаб кўрдик.)

* * *
 
Номинг эшитиш билан фано бўлгаймиз,
Юзинг қошида жонни нисор қилгаймиз.
Қандай бўлишинг керак эса шундайсан,
Биз васфу қиёсингни қачон билгаймиз?
 
* * *
 
Ишқингда дилим бир куни бўлмади чоғ,
Васлингдан етишгани менга ҳасрату доғ.
Бир қил каби жисмимни қилиб дарду фироқ,
Энди уни куйдириш учун ёқма чироқ.
 
* * *
 
Дарду ситаминг шод этади бу жонни,
Куфринг эса менга бахш этар иймонни.
Кўнглим сира кўрмасин висол роҳатини,
Дардингга агар талаб қилар дармонни.
 
* * *
 
Эй ҳусну жамолинг бу жаҳон меҳроби,
Кўйингда оворадир фалак офтоби.
Шўру шару зуҳду тавҳду яқин –
Бу барчаси қотил кўзинг аҳбоби.
 
* * *
 
Фоний бу жаҳон дарду ғами ҳою ҳавас,
Тириклигу ўлим ораси бир нафас.
Келгунча қўлингдан яхшилик айлаки, бас,
Ҳеч бир кишига дунё вафо қилган эмас.
 
* * *
 
Офтоб фалак авжида наззоранг эмиш,
Гулзор асири ҳусни рухсоранг эмиш.
Одам эли барча зору овворанг эмиш,
Ҳар дил шод эмиш агарда ғамхоранг эмиш.
 
* * *
 
Кўнглимда гул очгандир шодлик боғи,
Жонимда бу йўқлик оламининг доғи.
Эзмас мени беҳуда хаёллар тоғи,
Йўқ борлиғу йўқлик ғамининг қийноғи.
 
* * *
 
Ишқ йўлида ошиқ жигарин тилгайдир,
Бегонани кўзига қачон илгайдир?
Биҳишту жаҳаннамни нима қилгайдир?
Дийдорини афзал баридан билгайдир.
 
* * *
 
Бўлсам-да сенинг ишқинг аро хору хижил,
Ишқингда фақат дарду бало топди бу дил.
Сендан сира нолимайман, эй шами Чигил,
Бу ранжу азобни менга келтирди кўнгил.
 
* * *
 
Ҳар кун сенга дилим ниёзи бошқа,
Ҳар куни ширин лабингнинг рози бошқа.
Ҳар кун феълинг одату сози бошқа,
Бошқа ситами, итобу нози бошқа7373
  Ҳаким Саноий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар // Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 74–79-бетлар.


[Закрыть]
.
 

53. ШАЙХ ФАРИДУДДИН АТТОР НИШОПУРИЙ

Шарқнинг буюк мутафаккири, форс-тожик адабиётининг даҳоларидан бири Фаридуддин Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Абу Бакр Иброҳим Нишопурий 540/1145 йилда Нишопур вилоятинииг Кадкони қишлоғида туғилган. Унинг отаси Шайх Иброҳим замонасининг маърифатли кишиси, аттор ва табиб бўлган. Аттор бу ҳақда бир шеърида доришунос ва дўкондор бўлган «отам ҳузурига баъзан беш юз киши тўпланар эди» деб ишора қилган. Фаридуддиннинг болалиги шоиру фузало, олиму ҳозиқлар даврасида ўтган. Аттор билимларим поясини «фиқҳ, тафсир ва ҳадис ташкил этади» деган бўлса-да, Нишопур ва Машҳад мадрасаларида таҳсил кўриб, нужум, ҳайъат, табобат, фалсафа, мантиқ каби билимларда ҳам камолот касб этган, забардаст шоир, олим, хаттот, машойих даражасига етган.

Фаридуддин ота касби дорифурушлик, атторлик билан кун кўрган.

Фаридуддин Мажидуддин Бағдодий қўлидан дарвешлик хирқасини кийган бўлса ҳам, увайсий бўлиб, Мансур Ҳалложнинг руҳидан тарбия топган.

Аттор илоҳий маърифат ғояларини тараннум этувчи 250 мингга яқин байт битган. «Илоҳийнома», «Асрорнома», «Мусибатнома», «Ҳайдарнома», «Мазҳар ул-ажойиб», «Жавҳар уз-зот», «Ҳайлож», «Мухторнома», «Хусравнома», «Шарҳ ул-қулуб», «Мантиқ ут-тайр», «Булбулнома», «Уштурнома», «Васиятнома», «Меърожнома», «Тазкират ул-авлиё», «Гул ва Хурмуз», «Панднома», «Гум-гумнома», «Вуслатнома», «Лисон ул-ғайб», «Жавоҳирнома», «Девон» каби асарлар ёзган.

Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» китобида тасаввуф таълимотидаги таваккул, ишқ, маърифат, шариат, тариқат, шукур, ризо, қаноат, нафс, тавҳид, ҳақиқат, адолат, ҳиммат, хайр, сахо, жавонмардлик каби талаб ва йўллар ташвиқ этилиб, Ҳаққа етиш заҳмати, риёзати тарихий воқеалар, ўз ҳаётий тажрибалари, ўтмиш машойихлари кечмишларидан юзлаб ҳикоятлар, масаллар, маъвизалар келтирилган.

Фаридуддин Атторнинг «Илоҳийнома» достони воқеалари олти ўғилнинг отаси билан савол-жавоби ҳақида бўлиб, ўғиллар мажозий тимсоллар – нафс, шайтон, ақл, илм, фақир ва тавҳидни билдиради. Савол-жавоблар асносида Аттор ўзидан олдин ўтган машойихлар, тарихий шахслар ҳамда замондошлари ҳаёти билан боғлиқ 282 та ҳикоя келтирган бўлса, «Мантиқ ут-тайр» достонида ўттизта қуш саргузашти орқали илоҳий ишқ тараннум этилган.

Ахлоқий-таълимий моҳиятдаги «Асрорнома» достони ўн икки мақолотдан иборат. Унда тасаввуф таълимоти ҳақида маълумот берилиб, тасаввуф истилоҳлари шарҳланган ҳамда жавонмардлик йўли тарғиб этилган.

Фаридуддин Аттор «Мусибатнома» достонида тасаввуфдаги солик ва пир муносабатларини батафсил ёритган. Достон инсоннинг пайдо бўлишидан тортиб, камолот чўққисига етгунга қадар бўлган босқични батафсил тасвирлашга бағишланган. Инсон балоғат ёшига етгач, ўз аслини англаш пайига тушади: оламнинг тузилишини ақл тарозуси билан ўлчай бошлайди. Шунда уни тўғри йўлга бошловчи бир пир пайдо бўлади. Шоир ана шу раҳнамо тилидан тасаввуф тарафдори, шогирд-соликнинг қандай бўлишини, бурч ҳамда вазифаларини бирма-бир баён этади. Ўзининг ҳаёт ва коинот, инсоннинг ўзлигини таниши, Ҳаққа етишиш учун ҳис, хаёл, ақл, дил ва жон водийларини босиб ўтиш хусусидаги, ақлий ва қалбий фикр ҳақидаги мураккаб назарий мулоҳазаларини изҳор этади. Булар «

Баҳлул», «Мажнун», «Девона қиссаси», «Нуҳ ибн Мансур», «Масъуд Ғазнавий», «Хизматкор ва шоҳ қизи», «Наср ибн Аҳмад» каби 340 та ҳикоят ва масаллар билан бойитилган.

Фаридуддин Аттор «Мухторнома»да нафс ва уни асраш, маърифат ва одамийлик, саховат ва жавонмардлик хусусида фикр юритиб, юздан ортиқ сўфиёна истилоҳларни изоҳлаган бўлса, «Мухторнома» достонида пир ва солик ўртасидаги садоқатни панднома шаклида баён этган.

«Панднома» шарқона насиҳатлар, ҳикмат ва ўгитлар мажмуи бўлса, «Булбулнома» Атторнинг муҳаббатномаси, ҳаёт фалсафасидир.

Шайх Аттор «Мазҳар ул-ажойиб» асарида тўртинчи халифа Али ибн Абу Толибни мадҳ этади. Бу эса Нишопурнинг суннийлик ақидасини маҳкам ушлаган уламоларга ёқмайди. Уни йўлдан озганликда айблаб, мол-мулкини мусодара қилиб, шаҳардан бадарға қиладилар. Аттор қолган умрини чекка бир қишлоқда, ғорда-узлатда ўтказган7474
  Комилов Н. Тасаввуф. Иккинчи китоб. Тавҳид асрори. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат ва «Ўзбекистон» нашриётлари, 1999. 17– бет.


[Закрыть]
.

Аттор ижодининг фалсафий, ирфоний жиҳатлари машҳур олимлар Е.Э. Бертельс ва А.Муҳаммадхўжаевлар томонидан махсус ўрганилган. Н.Комилов «Илоҳийнома»нинг бир қисмини насрда таржима қилиб, «Тавҳид асрори» тадқиқоти билан (1994) нашр эттирган. Таниқли шоир Мирзо Кенжабек «Тазкират ул-авлиё» асарини таржима қилган.

Фаридуддин Аттор 618/1221 йилда Нишопурда вафот этган.

* * *

Султон Баҳоуддин Валад Балхдан Маккага бораётганида Нишопурда тўхтаб, Фаридуддин Атторнинг суҳбатида бўлади. Султон Валаднинг ўғли Жалолиддин Румий у замон ҳали ёш бола, Аттор эса анча қариб қолган. Шайх Аттор Жалолиддинга «Асрорнома» китобини ҳадя қилган. Буюк дилшунос Фаридуддин Аттор ёш Жалолиддиннинг чақнаб турган кўзларига боқиб дейди:

– Ҳадемай унинг қалбида дунё қалби ўт олади, унинг учқунлари ҳақиқат ташналари юрагида аланга ёқади.

Жалолиддин «Асрорнома»ни ёнидан қўймай, асрабавайлаб, ўқиб юрган.

* * *

Жалолиддин Румий дейди:

– Аттор руҳ эди-ю, Саноий унинг икки кўзи. Биз Саноий ва Аттор изидан келдик.

* * *

Жалолиддин Румий деди:

– Шайх Мансур Ҳаллож нури юз эллик йилдан сўнг Шайх Фаридуддин Аттор руҳига тажаллий қилди ва унинг мураббийси бўлди.

* * *

Фаридуддин Аттор ҳикоя қилади:

Бир бадавлат одам умр бўйи йиққан бойликларини олтин тангаларга айлантириб, тўплаб юрар экан. Давлатманд вафот этибди. Ўғли туш кўрса, отаси мушукка айланиб, ўша олтин тангалар солинган ҳамён беркитилган жойда айланиб юрган эмиш. Ўғил отасидан сўрабди:

– Бу ерда нима қилиб юрибсиз, сизни ким бу кўйга солди отажон?

Отаси дебди:

– Кимки дунё молига ҳирс қўйиб йиғса, шу хасис мушук сичқонни пойлагандек, бойлиги атрофида саргардон юради.

Ўғли отасидан қолган бойликни бева-бечоралару, мадраса талабаларига тақсимлаб берибди.

* * *

Фаридуддин Аттор ҳикоя қилади:

– Бир йигит кундан-кунга бойиб кетибди. Замонасидаги энг сулув қизга уйланибди. Фавқулодда омад, гўзал маликага эришган йигит босар-тусарини билмай қолиб, айш-ишрату исрофгарчиликка шўнғибди. Қиморга берилиб, бойлигидан ажрабди. Ночор қолганидан хотинини ҳам сотиб юборибди. Ҳеч иши ўнгидан келмай, қилмишидан афсус-надоматлар чекиб дунёдан ўтибди. Ношукурлик, нотежамлик ҳамда такаббурлик уни шу аҳволга солибди.

* * *

Фаридуддин Аттор ҳикоя қилади:

– Қадимда бир шоҳ бўлиб, бисотидаги ёлғиз ўғлининг нодонлигидан унга наинки шоҳликни, ҳатто оддий вазифани ҳам ишониб топшириш амри маҳол экан. Шоҳ ўғлининг келажагини ўйлаб, бирор ҳунарга ўргатмоқчи бўлибди-да, ромчиликни танлабди.

Устоз фолбинлар шоҳга содиқликлари боис бу машаққатли вазифага рози бўлишибди. Бир неча йил давомида Шаҳзодага устозлик қилиб, ҳунар ўргатишибди. Муддат етгач, подшоҳ ўғлини имтиҳон қилмоқчи бўлиб, узугини кафтига яшириб, қўлида яширилган нарсанинг нималигини сўрабди. Шаҳзода қоғоз-қалам олиб ром очиб дебди:

– Қўлингиздаги ўзи юмалоқ, сариқ, ўртаси тешик.

Шоҳ мамнун бўлиб дебди:

– Баракалла, аломатларини тўғри топдинг, энди номини айт.

Шаҳзода узоқ ўйлаб дебди:

– Ғалвир бўлса керак.

Шоҳ фарёд чекиб дебди:

– Билим кучи билан барча аломатларни тўғри айтдинг, лекин нега киши кафтига ғалвирнинг сиғмаслигига фаросатинг етмади.

* * *
 
Надидам ҳеч вақте лаъли хандонаш,
Ки хун аз чашми гирёнам наёмад.
Чи тобе буд дар зулфи чу шасташ,
Ки он сад бор дар жонам наёмад.
Басе достон бикардам, лек дар даст,
Сири зулфаш ба дастомам наёмад.
Сари зулфаш басе дорад раҳи дур,
Вале як раҳ ба поёнам наемад.
 

(Лаълингни ҳеч ҳам кўрмадим, шунинг учун кўзимни ҳам ёшсиз кўрмадим. Зулфинг гажаги товланган билан жонимга оро бермади. Қўлларимни неча илтижо билан узатсам ҳам, сочлари қўлимга асло келмади. Зулфига етмоқ йўли олис бўлгани учун бу йўл бизга ҳеч ҳам яқин келмади.)

* * *
 
Меҳри Ҳақ кўнглида йўқ эрса киши,
Бесамар ул, елга соврулгай иши.
 
* * *
 
Оқил улким, ҳар нафас шокир эрур,
Нафсига амр этгали қодир эрур.
 
* * *
 
Кимки юрсам дер саломат, бенифоқ,
Ўзни тутсин ул халойиқдин йироқ.
 
* * *
 
Кимда бўлса донишу ақлу тамиз,
Илм ила илм аҳлини тутгай азиз.
 
* * *
 
Шоҳу султон бирла ширкат бўлмагин,
Шум, ёмонлар бирла улфат бўлмагин.
 
* * *
 
Бахтиёрларнинг иши хайру савоб,
Ноасллар қилмиши ранжу азоб.
 
* * *
 
Учта нарса борки, бадбахтлик эрур,
Қўрслигу нодонлигу танбаллик ул.
 
* * *
 
Ким ёмонлик йўлига қўймиш қадам,
Бас, ёмонликдир иши, аъмоли ҳам.
 
* * *
 
Сен ёмон феълни балойи жон дегил,
Ким ёмон феъллик эса, ҳайвон дегил.
 
* * *
 
Ҳақни бил, дунёда ғофил бўлмагил,
Йўл босиб ғафлатда, ботил бўлмагил.
 
* * *
 
Қайда билгай қарға гулнинг атрини,
Не билур нокаста одам қадрини?
 
* * *
 
Яхшилар-ла яхши бўлгайсан ҳамон,
Лек ёмонлар ичра сен ҳам бир ёмон.
 
* * *
 
Ўзгалардан кутма ёрдам, хулласи,
Сенга ёр бўлмас Худодан ўзгаси.
 
* * *
 
Бу жаҳонда қайғу кўпдир, кулги кам,
Оч мудом ибрат кўзингни, урма дам.
 
* * *
 
Сен сахий бўлгин, тавозу пеша қил,
Софу равшан тут дилинг, андиша қил.
 
* * *
 
Бошида бўлсин ҳамиша файзи Ҳақ,
Кимки олгай бу ўгитлардан сабоқ7575
  Шайх Фаридуддин Аттор Нишопурий. Панднома. 403–422-бетлар.


[Закрыть]
.
 

54. МАВЛОНО ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ

Мавлоно Жалолиддин Румий 601/1207 йилда ҳозирги Афғонистон сарҳадида жойлашган Хуросоннинг энг қадимги ва машҳур шаҳарларидан бўлган Балх шаҳрида таваллуд топган. Унинг отаси Баҳоуддин Валад (ваф. 631/1233 й.) кубровийлик тариқати пешвоси, илму-ирфон соҳиби бўлиб, Мовароуннаҳру Хуросон, Ироқу Шомда «Султон улуламо» мақомини олган шайх ул-машойихлардан бири эди. Баҳоуддин Валад ўз даврининг маърифатпарвар ва донишмандларидан бири бўлган. Унинг қарашлари дин уламолари ва амалдорларнинг қарашларига мос келмагани учун унга душманлик қилишган. Турли фитна, очиқдан-очиқ ғараз, ғийбатлар таъсирида Муҳаммад Хоразмшоҳ Баҳоуддин Валаднинг кўнглига озор беради. Баҳоуддин Валад 300 муриди билан Хоразмни тарк этади. Рум диёрига келиб, етти йил Лоранда шаҳрида яшаб, сўнг Кўния шаҳрида қўним топгач, умрини «Мадрасаи Муборак»да таълим-тарбияга бағишлайди.

Жалолиддин Румий илк таълимни отасидан олган, диний-тасаввуфий билимларга қизиққан, Қуръони каримни ёд билган. 12 ёшида Шайх Фаридуддин Аттор билан учрашган. Аттор ёш Жалолиддиннинг фаҳм-фаросати, фикрлаши, руҳиятини валийлик нигоҳи билан англаган ва унинг келажакда буюк камолот соҳиби бўлишини башорат қилган.

Отасининг изидан бориб, Румий ҳам ўз даврининг етук диний уламоларидан бири бўлиб етишган. Баҳоуддин Валаднинг термизлик муриди Саййид Ҳусайн Бурҳониддин муҳаққиқ Сирдон Термизий (ваф. 645/1247 й.) Жалолиддин Румийнинг руҳий-ахлоқий камолот йўлини босиб ўтишида устозлик қилган. «Насойим ул-муҳаббат» асарида келтирилишича, Румий «тўққиз йилгача унинг хизматида бўлиб, иршодлар кўриб, тарбият топган». Ҳақ васлига етиш йўлида риёзат ва машаққатлар чекиб, мақомларни завқ билан босиб ўтган ва илоҳий маърифат дастурхонидан насиба олишга муяссар бўлган.

Шамс Табризий 642/1244 йилда Кўнияга келиб, Румийнинг қалбини қуёш каби ёритиб, унинг бир умрлик илҳом чашмаси бўлганки, бир маснавийда Румий «Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди» деб таъкидлайди.

Жалолиддин Румий «Маснавийи маънавий», «Девони Кабир», «Мактубот», «Фиҳи мо фиҳий» каби асарлар муаллифидир.

Румий шеъриятидаги инсон қалби, қадри ва маънавийруҳий камолоти, илоҳий ишқ 42 минглик қасида, ғазал, рубоий, қитъа, мустазод каби жанрларда ёзилган «Девони Шамси Табриз» («Девони Кабир») асарида ўз аксини топган.

Дунё эпик шеъриятининг гултожи бўлган «Маснавийи маънавий» мингдан зиёд ибратомуз ҳикоятлар мажмуаси бўлиб, Шарқу Ғарб илм аҳли, ҳаттоки қадимги дунё мутафаккирларининг фалсафий қарашлари тушунарли ва содда услубда, шеърий йўл билан таърифланган. Турли тасаввуфий оқимлар ҳамда уларнинг таълимот ва талаблари билан боғлиқ атамалар шарҳланиб, ҳодисалар мазмуни оят, ҳадис, матал, мақол, ҳикоят, ривоят, масал ва латифа орқали таҳлил этилган. «Баққол ва тўтининг ёғни тўкиб юбориши», «Савдогар ва унинг тўтиси», «Саховатда Ҳотами Тойдан ўтган халифа», «Қазвинийнинг кураги остига нақш тушириши», «Карнинг бемор қўшнисини кўришга боргани», «Луқмон ва қуллар», «Муҳтасиб ва маст» каби юзлаб ҳикоятларида ношудлик, ғирромлик, туҳмат, калтафаҳмлик, такаббурлик, судхўрлик, баднафслик каби иллатлар қораланиб, ақлу фаросат, сабру қаноат, ростгўйлигу ҳалоллик, камтарлигу саховатпешалик тарғиб қилинган. «Мен етмиш икки миллат билан иттифоқда ва бирликдаман» деган Мавлоно Румий инсон қадрини улуғлаб, инсонпарварлик ғояларини исломий мулоҳазалар билан чамбарчас боғлиқликда ифодалаган. Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол 2001–2004 йилларда Мавлононинг олти жилдлик «Маснавийи маънавий» асарини форс тилидан таржима қилган.

Жалолиддин Румий 672/1273 йилда вафот этган. Қабри Истамбул шаҳридан 200 чақиримчалик ғарбий-шимолда Кўния шаҳрида жойлашган.

* * *

Жалолиддин Румий деди:

– Вафотимиздан сўнг бизнинг қабримизни заминдан қидирманг. Бизнинг мозоримиз ориф инсонлар сиймосидадир.

* * *

Георг Фридрих Вильгельм Гегель деди:

– Диалектика ҳақидаги таълимотимни Жалолиддин Румийга суяниб яратдим.

* * *

Хожа Аҳрор Валий деди:

 
Магу арбоби дил рафтанду шаҳри ишқ шуд ҳолий,
Жаҳон пур Шамси Табризий аст жўмарде чу Мавлоно?
 

(Қалб соҳиблари кетиб, ишқ шаҳри бўшаб қолди дема, жаҳон Шамс Табризийга тўла, бироқ Мавлоно Румийдек мард қани?)

* * *
 
Аз руҳу лаб гулшакар бисёр дорад ҳусни ту,
Кошки, бифурухти, то порае бихаридаме.
 

(Сенинг ҳуснинг – юзингу лабларинг гулшакар манбаидир, кошки сотсанг эди бир оз харид қилган бўлардим.)

* * *
 
Дури зи борадари мунофиқ беҳтар.
Парҳез зи ёри номувофиқ беҳтар.
Хоки қадами ёри мунофиқ, ҳаққо,
Аз хуни бародари мунофиқ беҳтар.
 

(Мунофиқ биродардан йироқ юрган яхши, номувофиқ ёрдан кўнгил узмоқ яхши. Худо ҳаққи, содиқ ернинг хоки пойи, мунофиқ биродар қонидан яхши.)

* * *
 
Хоҳи ки ҳамеша шоду хуррам боши,
Ҳаржо ки рави, азизу маҳрам боши
Покиза шаву рост бизи, илм омуз,
Токи наберагони Одам боши.
 

(Ҳамиша шоду хуррам яшаб, қаерга борсанг азизу мукаррам бўлишни истасанг, покиза бўл, тўғри яша, илм ўрган. Ўшанда Одам Ато набираларининг тожига айланасан.)

* * *
 
То илайҳи ясъад атяб ул-калим,
Соъидин минно ила ҳайсу ъалим.
Тартақий анфосуно бил мунтақр,
Мутҳафан минна ила дорил бақо.
Сумма таътийно мукофот ул-мақол,
Зиъфа зока раҳматан мин зул жалол.
Сумма йулжийно ила амсолиҳо,
Кай йанолул ъабду миммо нолаҳо.
Ҳоказо таъруж ва танзил доимо,
Зо фало золат алайҳи қойимо.
 

(Соф мусаффо сўзлар биздан чиқиб унга йўл олар, ундан бошқа кимса бўлмаган манзилга бориб, унга етишар. Тоза нафасларимиз ҳам юксалиб, биздан армуғон ўлароқ боқийлик мулкига кетар. Сўнг у каби сўзларни айтишга бизни ундайди. Токи банда етишган нарса етишсин. Шу каби доимо кўтарилади-тушади ва унда устувор бўлади.)

* * *
 
Агар ўлсам, мени асло қаро тупроқдан ахтарманг,
Яшармен аҳли ориф кўнглини мангу макон айлаб!
 
* * *

Эй, кўнгил, васл диёрининг давлат қушисан; нега учмаётирсан? Кимса танимас сени, на инсонсан, на пари. Нега жон сендан юз ўгирмайди? Унинг қўлисан – қанотисан сен. Кўз нега сени кўра олмайди? Кўришнинг аслисан, тамалисан сен. Ким билар бир йўқсилнинг илк баҳор келиб, ёғоч каби бўй чўзиб тухумдан чиқишини? Ким билар бир бечоранинг оташга тушиб, чўғда қовжираётганини?

* * *

Инсон кўнгли жаннат гулшанидир. Кўнглим ҳам йўл кўрсатар, ҳам йўлимни боғлар, ҳам бир чангалдир. Ҳар нарса унга осилади, ҳам ҳар кимнинг эҳтиёжи бўлган подшоҳ олтинини босар. Бир кўнгилни ранжитдингми, минг марта Каъбани тавоф қилсанг ҳам Аллоҳ қабул этмас. Аллоҳ ҳузурига минглаб олтин тўрвани элтсанг ҳам Аллоҳ: «Бизга бир нарсани – кўнгилни олиб кел» дер.

* * *
 
Ҳар нечаки монандсен, ўшанча бор бўл,
Ҳар нечаки борсен, ўшанча монанд бўл.
 
* * *
 
Биз ошиқи ишқмизу мусулмон бошқа,
Биз заиф чумолимиз, Сулаймон бошқа.
Биздан сўра куйган дилу сомон юзни,
Ким савдо қилар мол била – дўкон бошқа.
 
* * *
 
Қил яхшилик – яхшиликни билгай дунё,
Пойдордир у яхшилик туфайли танҳо.
Мол қолдику, ҳаммадан, қолар сендан ҳам,
Қолдирди бахил – мол, яхшиликни – доно.
 
* * *
 
Ким кам еса, у зийрагу ҳушёр бўлади,
Ким кўп еса, у аблаҳу бекор бўлади.
Нафсига ружуъ қўйса киши хор доим,
Ҳар кимсаки, кам еса, у кам хор бўлади.
 
* * *
 
Инсоф билан айт, ишқ эзгуликдир асли,
Булғар уни кимнинг юраги кир асли.
Пок севгига ўхшатма ҳаром шаҳватни,
Чунки бири осмону бири ер асли.
 
* * *
 
Гар истар эсанг, ҳамиша хуррам бўлсанг,
Етса қадаминг қайга, мукаррам бўлсанг.
Пок бўлу ҳалол яшаю илм ўргангил,
То тожи башар, ҳазрати Одам бўлсанг.
 
* * *
 
Ёмонлик экиб, яхшилик истар эса ким,
Билгилки, ўшал кимсанинг иймони ярим.
Беш қўлдек аёнку, арпа эккан кишига
Бермаслиги буғдойни Худованди карим.
 
* * *
 
Ҳижрон қанотин қайирса уммид қушини,
Ўлдирса жафоси яна дил хоҳишини.
Ошиқ сира тушмайди умидсизликка,
Мақсад сари элтар асли ҳиммат кишини.
 
* * *
 
Эй муниси рўзгор, қалайсан менсиз?
Эй ҳамдаму ғамғусор, қалайсан менсиз?
Мен-ку бу хазон юз-ла харобман сенсиз,
Эй юзи гўё баҳор, қалайсан менсиз?
 
* * *
 
Ишқ ул – токи халқ учун саодат бўлсин!
Ишқ ул – бу саодат то қиёмат бўлсин!
Ул ишқ мени туғди аслида – она эмас,
Ул онага минг таҳсину раҳматлар бўлсин7676
  Жалолиддин Румий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 185–190-бетлар.


[Закрыть]
.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации