282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 8

Читать книгу "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Текущая страница: 8 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

28. АБУЛАББОС ҚАССОБ ОМИЛИЙ

Замонасининг қиблаи ғавси бўлган Шайх Аҳмад ибн Абдулкарим Абулаббос Қассоб 372/982 йилда Табаристонда яшаб ўтган буюк шайхлардан биридир. Қассоблик қилиб тирикчилик қилган.

Абулаббос Қассоб Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Табарий қўлидан хирқа кийган. Абулаббос Қассоб риёзат, каромат, фиросат ва нафосат бобида катта шуҳрат қозонган. Абулаббос Қассоб уммий эди. Дин ва ҳақиқат илмида беназир бўлиб, ҳар қандай мушкул масалани таълим ва такаллумсиз ечган.

Саховат ва футувватда замонасининг ягонаси эди. Абулаббос умрини дўстлар хизматига бағишлаб, яхшилик қилишдан чарчамай, борини ўзгалар билан баҳам кўрган. Муҳтожларнинг ҳожатини чиқариб, пиру устозлар, дўсту биродарлар номуси, шарафини ҳимоя этган. Зоҳиран ва ботинан пок юриб, ҳалол-покиза инсонлар суҳбатида бўлган ва уларнинг меҳрини қозонган.

Абулҳасан Харақоний бир неча ой давомида Абулаббос Қассоб хонақоҳида бўлиб, ундан таълим олган. Шайх Абу Саъид Абулхайр, Шайх Аҳмад Наср, Шайх Абу Али Сиёҳ, Шайх Муҳаммад Қассоб Омилий каби замонасининг муқтадолари унинг суҳбатидан файз олишган.

Абулаббос Қассобнинг қабри Табаристоннинг Омил кентидадир.

* * *

Алишер Навоий деди:

– Абулаббос Қассоб уммий эди, аммо буюк сўз ва мақомлари бўлиб, ўз замонининг қиблаи ғавси, азим каромат ва тез фаросат соҳиби эди. Дин усулида ва тавҳид дақойиқида мушкуллик бўлса, Абулаббос Қассоб таълиму такаллумсиз Аллоҳнинг фазли билан жавоб берар эди.

* * *

Бир киши деди:

– Ҳаж орзусидаман, нима дейсиз? Абулаббос Қассоб деди:

– Ота-онанг ҳаётми?

Деди:

– Ҳа, ҳаётлар.

Абулаббос Қассоб деди:

– Сен аввал ота-онангнинг розилигини топ.

* * *

Абу Саъид Абулхайр ҳикоя қилишича, бир киши Абулаббосдан сўради:

– Нима учун каромат кўрсатмайсиз?

Абулаббос Қассоб деди:

– Бир қассоб ўғли отасидан қассобликни ўрганди. Ҳар куни ҳайвон сўйиб, лаганга солиб, боши узра кўтариб, кўчама-кўча шаҳарма-шаҳар гўшт сотди. Унинг кўнглига тавҳид ҳақиқатини солдилар ва Ҳақ ошиғи қилдилар. Бағдодга Шайх Шиблий ҳузурига чорладилар. Бағдоддан Маккага юзини бурдилар. Маккадан Мадинага югуртирдилар. Мадинадан Байт ул-муқаддасга элтдилар. Байт улмуқаддасда Хизрга рўпара қилдилар. Хизр ўз илмидан таълим берди. Яна қайтариб Табаристонга келтирдилар. Ва барча ҳақиқат изловчиларни унинг қошига мунтазир этдилар. Мағрибу машриқдан келган хосу ом унинг ҳузурида тавба қилиб, маърифат ҳосил қилдилар. Замонанинг улуғлари мушкул масалалар ечимини ундан ҳосил қилдилар. Бундан зиёда каромат бўладими?

Деди:

– Эй Шайх, каромат кўрсатинг.

Абулаббос Қассоб деди:

– Яхши, кўр ва англагинки, бўзкуш ўғли улуғлик мансабида ўтирса, шунча гуноҳи билан жони омон бўлса, харобанинг деворлари устига қулаб тушмаса ва том босиб қолмаса, У (Аллоҳ)нинг фазлу карами эмасми? Фақир бўлгани ҳолда бутун олам мулки унинг ихтиёрида бўлган, ҳеч бир воситасиз ризқини ер ва элга ҳам едирар, бу каромат эмасми?

* * *

Шайх Омилий ёмғирли кунларнинг бирида Омил бозорида туя етаклаган болани кўрди. Унинг туяси балчиққа тойилиб, ерга узала тушди. Туяни ўрнидан силжитишга кучи етмаган ўғлон йиғлади. Одамлар тўпланди. Барчалари уриниб, туяни турғизишнинг уддасидан чиқа олмадилар. Шайх Қассоб туянинг нўхтасидан тортиб, Ҳаққа илтижо қилди:

– Эй мушкулларни осон қилувчи Қодир эгам, туянинг оёғини ўз ҳолига келтир. Агар оёғини тузатмасанг бўзкуш ўғлининг кўнглини шу гўдакнинг йиғиси билан нега куйдирдинг?

Аллоҳнинг инояти билан туя ўрнидан турди ва бола ўз йўлига кетди.

* * *

Пири муршид сийнадирлар (кўнгил, қалб), уларга фаросат кўзи билан қарасанг ўзингни кўрасан.

* * *

Жавонмардлар халойиққа роҳат етказадилар.

* * *

Шундай киши билан суҳбат қилингки, унинг суҳбатидан зоҳиру ботинда равшанлик пайдо бўлсин. Яхшилар суҳбати бандани Худога яқин қилади.

* * *

Дунё нажосатдир. Худойи таоло дунё ишқига мубтало этган кўнгил ундан ҳам чиркинроқдир.

* * *

Сўфий ўз ичида яшаётган ҳолдан бошқасига аҳамият бермайди, уни «ибн ул-вақт», яъни вақтнинг боласи дейдилар.

* * *
 
Кўзнинг кўзига кўз қўйиб олгандик шод,
Шундан яшадик ҳеч нимани қилмай ёд.
Тушгач, у жамол савдоси бошга, энди
Кўздан-да, кўришдан-да бўлибмиз озод2323
  Абулаббос Қассоб / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар // Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 12-бет.


[Закрыть]
.
 

29. АБУЛҲАСАН ХАРАҚОНИЙ

«Вақтнинг қибласи, ўз рўзгорининг ягона ва ғавси»2424
  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 209-бет.


[Закрыть]
деб улуғланган Шайх Абулҳасан Али ибн Салмон Харақоний 351/962 йилда Қумиснинг Харақон қасабасида дунёга келган.

Абулҳасан Харақонийнинг дунёга келишини 170 йил бурун Харақондаги буюклар мозорини зиёрат қилгани келган Боязид Бистомий «бу ердан буюк бир шахс етишиб чиқади, унинг номи Али, куняси Абулҳасан бўлади» деб башорат қилган. Харақоний йигитлик палласида ўн икки йил давомида Боязид қабрини зиёрат қилиб, намоз ўқиб, унинг руҳи покидан насибадор этишни Аллоҳдан сўраган.

Абулҳасан Харақоний йигитлигидаёқ эл оғзига тушган. Машҳур Шайх Абу Саъид Абулхайр, қомусий билим соҳиби Ибн Сино, шоир, ёзувчи ва давлат арбоби Носир Хусрав, ҳатто султон Маҳмуд Ғазнавий унинг суҳбати ва зиёратида бўлишган. Абдуллоҳ Ансорий бир неча йил Харақонийнинг суҳбатидан файз топиб, камолга етган. Шайх Абулаббос Қассобдан маърифат ва ҳақиқат сирларини ўрганган.

Ўз замонасиданоқ «Шайх ул-машойих» унвонига соҳиб бўлган Абулҳасан машриқзамин орифлари орасида ишқи кулл ва башариятга хизмат қилиш ғоясини тарғиб этган. У ўзини «Боязид Бистомийнинг руҳоний шогирди» деб билган. Унинг хонақоҳи тириклигида ҳам, вафотидан сўнг ҳам халқнинг севимли маскани, илму маърифат ўчоғи, бева-бечораларнинг суянчиғи эди.

Ибн Сино ва Носир Хусрав унинг ҳузурида бир неча ой таҳсил олишган. Уларнинг дўстлиги ҳақида «Нур ул-улум», «Асрор ут-тавҳид»да ҳикоятлар ёзиб қолдирилган.

Абулҳасан Харақоний «Рисола ал-хоиф ал-хоим мин лазма ал-лоим», «Фавотиҳ ул-жамол ва ғайри инҳо», «Нур улулум» асарлари муаллифидир. Шайх Абулҳасан кишининг «мураққаъ ва сажжода», расм-русум ва одатлар билан сўфий бўла олмаслиги, унинг кун бўлиб қуёшга, кеча бўлиб ойга эҳтиёжи бўлмаслигини эътироф этган.

Шайх Харақоний ҳаёти давомида жуда кўп одамларни зулмдан, жоҳилликдан тўғри йўлга, Аллоҳ ҳидоятига бошлаган. Харақонийнинг ҳаёти, илм, ҳунар ўрганиши, каромати, фаолияти, буюк донишмандлар билан суҳбатлари хусусида ҳикоят ва ривоятлар ёзилган.

Шайх Абулҳасан Харақоний 425/1033 йилда 74 ёшида вафот этган. Қабри Харақонда.

* * *

Султон Маҳмуд канизаги билан Шайх Харақоний зиёратига келди. Харақоний «номаҳрам» деб канизакни хонақоҳдан чиқариб, Султон Маҳмуд билан хос суҳбат қурди.

Султон деди:

– Эй Абулҳасан, менга насиҳат қилинг.

Шайх Абулҳасан деди:

– Икки нарсага эътибор бер: жамоатсиз намоз ўқима, Худонинг бандаларига раҳм-шафқатли бўл!

Султон деди:

– Мени дуо қилинг.

Шайх Абулҳасан деди:

– Оқибатинг маҳмуд (мақталган, яхши, хайрли) бўлсин.

Маҳмуд Шайх Харақоний олдига зар тўкди. Шайх эса тугмачадек дорини бериб, унга деди:

– Егин.

Султон Маҳмуд дорини ютмоқчи бўлди, юта олмади. Дори томоғига тиқилиб қолди.

Шайх Абулҳасан деди:

– Дори томоғингга тиқилдими?

Султон деди:

– Ҳа, шундай.

Шайх Абулҳасан деди:

– Зарларинг ҳам бизнинг томоғимизга тиқилиб қолишини истайсанми? Буларни ол, биз зар (дунё)ни уч талоқ қилганмиз.

Султон деди:

– Ҳеч бўлмаса бир қисмини олинг.

Шайх Абулҳасан деди:

– Йўқ, ола олмайман.

Султон деди:

– Ундай бўлса, бизга ўзингиздан бир эсдалик ҳадя этинг.

Шайх Султон Маҳмудга эски кўйлагини тақдим этди. Султон кетишга ҳозирланди. Шайх Абулҳасан ўрнидан туриб, уни кузатиб қўйди.

Султон деди:

– Эй Шайх, келганимизда илтифот кўрсатмадингиз, яъни ўрнингиздан қўзғалмадингиз, энди бўлса, туриб кузатдингиз, бунинг боиси нима?

Шайх Абулҳасан деди:

– Ҳузуримга подшоҳлик билан ва мени имтиҳон этиш учун келган эдинг. Ҳозир эса руҳинг дарвешлик руҳида бўлиб, шоҳлик қуёши тобланиб турибди. Подшоҳлигинг учун турмаган эдик. Энди эса дарвешлигинг учун туриб, тавозеъдамиз.

* * *

Ибн Сино Сарахсга келди. Шайх Харақонийни зиёрат қилиш учун Харақонга борди. Шайх Абулҳасан билан маърифий суҳбат қурди.

Шайх Харақоний кўча деворининг йиқилган жойини таъмирлаётган эди. Шайх Ибн Синога деди:

– Мен девор ураётган эдим.

Ибн Сино маъқул ишорасини қилди.

Шу пайт Харақонийнинг қўлидаги теша учиб тушди.

Ибн Сино сакраб туриб тешани олиб бермоқчи бўлди. Теша муаллақ кўтарилиб, Харақонийнинг қўлига тушди. Ибн Сино Шайх Харақонийнинг кароматидан ҳайратланди.

* * *

Абу Саъид Абулхайр Харақонга келиб, тўғри Харақонийнинг хонақоҳига йўл олди. Шайх Абулҳасан дарҳол ўрнидан турди. Абу Саъид Абулхайрга пешвоз чиқиб, таъзим билан кутиб олди. Улар бир-бири билан зоҳирда учрашмаган бўлсалар ҳам, минг йиллик қадрдонлардек эдилар.

Шайх Абулҳасан деди:

– Яра дардига малҳамни мана шундай қўядилар. Бундай муборак қадамга жон нисор этса арзийди.

Шайх Абулҳасан Абу Саъид Абулхайрга эҳтиром юзасидан ўз ўрнига ўтиришга таклиф этди. Абу Саъид бу илтифотни қабул қилмади. Маслак ва ақида, инсонпарварлик ва халқпарварликда бир тану бир жон бўлган икки буюк зот суҳбатни масжид саҳнида ўтириб давом эттиришди. Абулҳасан Харақоний ва Абу Саъид Абулхайр бир-бирларини шу даражада эъзозлашдики, Абу Саъид хонақоҳда олти ой қолиб кетди.

Абу Саъид Абулхайр деди:

– Мен ғишт эдим, Харақонга боргач, гавҳар бўлиб қайтдим.

* * *

Шайх Абулаббос Қассоб деди:

– Бизнинг бу бозорчамиз (сулук) Харақонийга ўтади.

* * *

Дедилар:

– Бизга ўгит беринг.

Шайх Абулҳасан деди:

– Умримга қараб етмиш уч йиллик ибодатларимнинг ҳаммасини бир соатдек қисқа кўрдим. Гуноҳларимга боқиб Нуҳ алайҳиссаломнинг умридек узун кўрдим.

* * *

Аллоҳ учун нимаики қилсанг, бу ихлосдир.

* * *

Сўфий бир кундирки, кунас (қуёш)га эҳтиёжи бўлмайди. Бир кечадирки, ойга эҳтиёжи бўлмайди. Бир йўқликдирки, борлиққа ҳожати бўлмайди. Ҳақни зикр қилса, фарқидан қадамигача (олам сирларидан) хабардор бўлади.

* * *

Неъматларнинг энг яхшиси – ҳаракат қилиб эришилганидир. Дўстларнинг энг яхшиси – Аллоҳ таолони эслатганидир. Қалбларнинг энг нурлиси – ичида мол-дунё севгиси бўлмаганидир.

* * *

Сен дунёга толиби бўлсанг, дунё сенинг султонинг бўлади. Ҳалок бўлишинг дунёнинг қўлида. Дунёдан юз ўгирсанг, дунёнинг султони бўласан.

* * *

Аллоҳ таоло бандасига тоза юрак ва ростгўй тилдан улуғроқ бир нарса эҳсон этмагандир.

* * *
 
Асрори азалро на тў дони, на ман,
Ва ин ҳарфи муаммо на тў хони ва на ман.
Ҳаст аз паси парда гўфтў гуи ману тў,
Гар парда барафтад на тў мони ва на ман.
 

(Азал сирини на сен биларсан, на мен. Бу муаммо ҳарфини на сен ўқий оласан, на мен. Парда остида сену мен ўзаро суҳбат қурамиз. Агар парда тушиб кетса, на сен қоласан ва на мен.)

* * *
 
Он дўстки диданаш биорояд чашм,
Бедиданаш аз гиря наосояд чашм.
Мо рози барои диданаш бояд чашм,
Гар дўст набинад ба чикор ояд чашм.
 

(Дўстни кўриш кўзни яйратади. Уни кўрмаса кўздан йиғи тўхтамайди. Бизга бу кўз дўстни кўриш учунгина керакдир. Агар кўз дўстни кўришга ярамаса, бизга унинг нима кераги бор.)

* * *
 
Хошоки ман аз ҳукми тў афғон кўнаме,
Бо хўд нафси хилоф фармон кўнаме.
Сад қурратулайн дигарам боисти,
То рўз чунин баҳри тў қурбон кўнаме2525
  Харақонийнинг ўғлини ғанимлари қурбон ҳайити куни ўлдиришади. Шайх фарзанди дафнидан сўнг Аллоҳ даргоҳига муножот тарзида шу рубоийни ўқиган.


[Закрыть]
.
 

(Эй Тангрим, мен сенинг ҳукмингдан фиғон чекмайман, нафсимга хилоф фармон қилмайман. Кўз юмиб очгунча юз асрор кўрсата оласан. Ҳар куни Сен учун шундай қурбон қила оламан.)

* * *
 
Кўнглимдаги бор фикр, ўй ва андиша,
Ёр ёди билан боғлиқ эрур ҳамиша.
Ёр ёди билан ўша чунон бўлмиш ғарқ,
Ўзга нима унда тута олмас гўша.
 
* * *
 
Дарвеш элининг бор-йўғи ошуфта кўнгил,
Бу тоифанинг ҳар нафаси Ҳаққа далил.
Бу тоифадан чўчима, юз бош кетса,
Кўрмайди киши ўртада бир қўлни-да, бил.
 
* * *
 
Яхши шер ила жанг айламоқдан ҳар кез,
Фақр ханжаридан агарда қилсанг парҳез.
Ёлғиз кишилар ҳиммати мисли эгов,
Гар кесмас ўзи, кесгувчини қилгай тез.
 
* * *
 
Ёр мастиману бодаю жомдан озод,
Ёр сайдиману дона-ю домдан озод.
Мақсад менга ёр Каъбаю бутхона аро,
Йўқса мен у ҳар икки мақомдан озод2626
  Абулҳасан Харақоний / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 14–15-бетлар.


[Закрыть]
.
 

30. АБУ САЪИД ИБН АБУЛХАЙР

Абу Саъид Фазлуллоҳ ибн Аҳмад, ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Абулхайр 357/967 йилда ҳозирги Туркманистоннинг Меҳна қишлоғида дунёга келган. Унинг ота-боболари Ховарон даштида чорвачилик билан шуғулланган. Отаси Аҳмад – Бобулхайр замонасининг забардаст тасаввуф олими, моҳир ганжкор, нажжор ва наққоши бўлган. Меҳнада хонақоҳ қурган.

Тасаввуф илмини отасидан ўрганган Абу Саъид 11 ёшида ҳофизи Қуръон бўлган. Қуръон ўқишни машҳур қори Абу Муҳаммад Инозийдан, калом илмини муфтий Абу Саъид Инозийдан ўрганган. «Самоъ мажлиси»да фаол иштирок этган.

Абу Саъиднинг қувваи ҳофизаси кучли бўлиб, замонасининг кўплаб шоирларининг шеърларини ёддан билган. Шоир Жаҳмий ижодидан уч минг шеърни ёддан ўқиган. Марвда Абу Абдуллоҳ Ҳазрийдан араб тили, ислом асослари бўйича таълим олган. «Саҳиҳи Бухорий»ни Абу Али Шабуийдан ўрганган. Ҳазрий вафотидан сўнг Абу Саъид Абу Бакр Қаффол ҳузурига бориб, беш йил фиқҳ илмидан сабоқ олган. «Қаффол Марвазий» тахаллуси билан шеърлар ёзган.

Абу Саъид Сарахсга бориб замонасининг буюк алломаси Абу Али Зоҳир ибн Муҳаммад Фақиҳдан тафсир санъати, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳаёти ва фаолиятлари бўйича дарс олган. Тасаввуф назариясини Луқмон Сарахсий ҳамда Абулҳасан Сарахсийдан ўрганган. Мадраса таҳсилидан сўнг машойихлар хизматига кирган. Тариқат одобида пири Абулфазл Ҳасан Сарахсийдир. Нақлга кўра, Абу Саъид тонггача зикр билан машғул бўлган.

Абу Саъид Нишопурда Абдураҳмон Суламий қўлида диний илмларини камолга етказиб, иршод олган. Абулаббос Қассоб Омулийдан муборак хирқа кийган. Боязид Бистомий ва Мансур Ҳалложларни ўзига «пир» деб билиб, улар таълимотини давом эттирган Абу Саъид Абулхайр ўзигача бўлган тасаввуф назариясини замонасига пайваст этиб, ривожлантирган ва келажак авлодга етказишга хизмат қилган, Аллоҳга етишнинг қирқ мақомини кўрсатган.

Абу Саъид Табаристон, Харақон, Марв, Астробод, Тус, Нисо шаҳарларига сафар қилиб, Абулҳасан Харақоний, Абу Абдуллоҳ Достоний, Аҳмад Наср Толиқоний, Бибик Сеторий (Бибик Сарроф), Абу Али Даққоқ, Масруқ Тусий, Абу Бакр Тусийнинг маърифий суҳбатидан баҳраманд бўлган.

Замонасининг Башир Ёсин, Ҳасан Сарахсий, Бобуйи Ховароний, Абдураҳмон Суламий, Абулҳасан Машшоний, Буали Сиёҳ, Абу Али Даққоқ, Абулқосим Гургоний, Айнулказзот Ҳамадоний, Абулаббос Шаққоний, Абумуслим Форсий, Абужаъфар Банжирҳузий, Абу Исҳоқ Козируний каби юзлаб машойихлари билан ҳамсуҳбат бўлган. Шайх Абулҳасан Харақоний ҳамда Абу Али ибн Сино билан дунёвий, руҳий-илоҳий билимлар бўйича ўзаро фикр алмашган.

«Султон ул-орифин» деган унвонга сазовор бўлган Абу Саъид Абулхайр Нишопур ва Омил шаҳарларида бир муддат яшаб, халқни Ҳақ йўлига ҳидоят қилган. Ғазнавийларнинг зулм ва адолатсизликлари кучайиб, давлат нозирларининг ҳаддидан ошгани сабабли Абу Саъид Абулхайр муридлари билан мамлакатга салжуқийлар қўшинларининг киришига кўмаклашган.

Шайх Абу Саъид «султони вақт» ва «тариқат аҳлининг жамоли» деб улуғланган. Унинг қаламига мансуб жон ҳақидаги «Ҳавроийя» рубоийси ирфон аҳли орасида машҳурдир. «Насойим ул-муҳаббат»да келтирилишича, ушбу рубоийни қоғозга ёзиб бемор ётган муридлардан бирининг қўлига боғланган. Мурид ўша куниёқ сиҳат топиб, шайх хизматида бўлган. «Ҳавроийя» рубоийси ирфон аҳли орасида машҳур бўлган. Алишер Навоий рубоийни шифобахшлик хусусиятига «Ҳамул дастур била бу рубоийни сойир маразига ўқурлар ва нафъ еткурурлар»2727
  Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 213-бет.


[Закрыть]
деб таъриф берган. Аслида қазони бергувчи ҳам, қайтаргувчи ҳам Аллоҳнинг ўзи, бироқ валийларнинг дуоси Ҳақ ҳузурида мустажоб бўлади. Бу ҳам Аллоҳнинг илму ҳикмати мевасидир. Рубоийга кўплаб шарҳлар битилган. Рубоийнинг ҳақиқий маънолари тўла очиб берилган шарҳ Хожа Аҳрор Валийга тегишлидир2828
  Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи ҳавроийя ёки Шарҳи рубоийи Шайх Абу Саъид Абу-л Хайр / ЎзРФА ШИ Қўлёзмалар фонди. 507/I, 514/II, 890/V, 516/II, 1883/II сонли қўлёзмалар.


[Закрыть]
.

Абу Саъид Абулхайр юзлаб шогирдлар етиштирган буюк донишманддир. Абу Али Фармадий, «Ҳужжат улислом» Муҳаммад Ғаззолий, Озарбайжонда 400 та хонақоҳ қурдирган Абу Наср Ширвоний унинг таълимини олишган.

Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг каромату риёзатлари ҳақидаги ҳикоятлар ва рубоийлардан намуналар «Тавҳид ул-асрор» ёки «Мақомоти Абу Саъид Абулхайр» китобида сақланиб қолган.

Абу Саъид Абулхайр ўз даврининг машҳур шоири бўлган. Унинг рубоийлари Эронда «Суханони манзуми Абу Саъид Абулхайр» номи билан доктор Саййид Нафисий томонидан 1998 йилда нашр этилган.

Абу Саъид Абулхайр 441/1049 йилда вафот этган. Қабри Меҳнада. Халқ орасида «Мона бобо мозори» номи билан маълум ва машҳур.

* * *

Абу Саъид Абулхайр деди:

– Мағрибу Машриқда ҳол илмида Мансур Ҳалложга тенг келадиган донишманд йўқдир.

* * *
 
Ҳавро банозараи нигорам саф зад,
Ризвон з-таажжуб кафи худ бор каф зад.
Он холи сийаҳ бар он рухон мутраф зад,
Абдол з-бийм чанг дар Мусҳаф зад.
 

(Ҳурлар нигоримни кўриш учун саф тортдилар. Ризвон таажжубланиб, қарсак чалиб юборди. У қорахол юзларга парда тортди. Абдол қўрққанидан Қуръонга чангал урди.)

* * *
 
Маро ба жуз ин жаҳони дигар аст,
Жуз жўзаху фирдавс маони дигар аст.
Қаллоши ва ошиқи сармояи мост,
Курраи ва зоҳиди жаҳони дигар аст.
 

(Бизнинг жаҳонимиз бу жаҳондан ўзга жаҳондир. Дўзах ва жаннатдан ўзга маконимиз бордир. Фидойи ошиқлик бизнинг насибамиздир. Қорилик ва зоҳидлик ўзгалар дунёсидир.)

* * *
 
Дар дида ба жои хоб об аст маро,
Зероки ба диданат шитоб аст маро,
Гўянд: бихуб, то бахобаш бини,
Эй камхирадон жои хобаст маро.
 

(Бизнинг дийдамизда уйқу ўрнига кўз ёшдир. Сени кўришга шошиламиз. «Ухла, тушингда кўрасан» дейишди. Эй нодонлар, бизда уйқуга ўрин йўқ.)

* * *

Сўрадилар:

– Узлат ҳақида нима дейсиз?

Абу Саъид Абулхайр деди:

– Узлатни ёқламайман. Сўфий халқ орасида ўтирсин ва муомала қилсин ва уйлансин ва халқ билан қўшилсин ва бир лаҳза ҳам Худодан ғофил бўлмасин.

* * *

Сўрадилар:

– Тасаввуф нима?

Абу Саъид Абулхайр деди:

– Миянгдаги борини чиқариб ташла. Қўлингдаги борини эҳсон қил. Бошингга нима келса, хотиржам қабул қил.

* * *

Аллоҳ басдир, қолгани ҳавасдир, тийилмоғи шарт бўлгани нафсдир.

* * *

Банда ва Худо орасидаги парда еру кўк ҳам эмас, аршу курси ҳам эмас, балки сенинг манманлигинг ва хаёлларингдир, уларни ердан кўтар2929
  Комилов Н. Тасаввуф. Биринчи китоб. 100-бет.


[Закрыть]
.

* * *

Ҳамадон сафари пайтида Сарахсга тушган Абу Али ибн Сино Абу Саъид Абулхайрнинг ҳужрасига борди. Икки донишманд кеча-кундуз шайх ҳужрасида тиззама-тизза ўтириб, сўзсиз суҳбат қуришди. Тўртинчи кун бомдоддан сўнг хайрлашишди. Ибн Сино карвонсаройга, Абу Саъид мадрасага йўл олди. Карвонсаройда Ибн Синонинг шогирдлари сўрашди:

– Абу Саъид Абулхайр қандай одам экан?

Ибн Сино деди:

– Абу Саъид Ҳаққа етган одам экан, биз нимани билсак, у ҳаммасини кўриб юрар экан.

Абу Саъид мадрасага келгач, талабалар сўрашди:

– Уч кун нимани ҳал қилдингиз? Шайх ур-раиснинг салоҳияти қандай экан?

Абу Саъид Абулхайр деди:

– Ибн Сино кўп буюк олим экан, биз нимани кўриб юрсак, у ҳаммасини билиб юрар экан.

* * *

Бир куни Абу Саъид Ибн Сино билан масжидга йўл олишди. Йўлда чўпнай ётган эди. Абу Саъид уни олиб қўлида ўйнади. Бир харсанг тошни кўриб, найни синдирмоқчи бўлиб, харсангга урди. Най пахтага ботгандек тошга ботиб қолди. Ибн Сино бу ҳолдан ажабланиб, Абу Саъиднинг этагини ўпди.

* * *

Бу ғамзадалар давосини билгайсан, Ушшоқ дилининг дуосини билгайсан.

Айтиб нима қилдим сенга ўз дардимни, Мендан кўра яхшироқ Уни билгайсан.

* * *
 
Сабримга, Худоё, мени сарвар айла,
Ҳақ нури билан дилим мунаввар айла.
Бу ошиқи саргашта қулинг ризқини ҳам,
Эл миннатисиз Ўзинг муяссар айла.
 
* * *
 
Ошуфта этиб ишқ отли дарёда ўзинг,
Маҳв айладинг ўзликни бу савдода ўзинг.
Мен қайга етай зоту сифатинг тилаб,
Пинҳон-да ўзинг сану Ҳувайдо-да ўзинг.
 
* * *
 
Кўнглимки ғаминг билан тўлиқдир, эй дўст,
Дардинг туну кун менга рафиқдир, эй дўст.
Ман кўнгли синиқларни севарман, дебсан,
Бизнинг-да шу кўнглимиз синиқдир, эй дўст3030
  Абу Саъид Абулхайр / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: Ўзбекистон, 2009. 20–29-бетлар.


[Закрыть]
.
 

31. ҚАФФОЛ ШОШИЙ

Ўрта Осиёда ислом илмлари билан бирга илм-фан ва маданият ҳам тараққий қилган. Жумладан, кўҳна Шош шаҳридан зоҳирий ва ботиний илмлар билимдонлари етишиб чиққан. Бу ерда туғилиб ўсган ва бошқа юртларда фаолият кўрсатган олиму уламолар «Шоший» тахаллуси билан маълум ва машҳур бўлишган3131
  Муҳамедов Н. Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. 5бет.


[Закрыть]
.

Ислом оламида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби «имом» даражасига эришган буюк алломалар орасида «Қаффоли кабир» деб улуғланган Қаффол Шоший алоҳида ўрин эгаллайди.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Исмоил Қаффол Шоший 292/904 йилда кўҳна Тошкентда туғилган. Абу Бакр дастлабки таълимни ўз юртида олиб, сўнг Самарқандда давом эттирган. Дастлаб фиқҳ илмини мукаммал ўрганган. Бу фан Шарқда жуда кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мерос тақсим қилиш, савдо-сотиқ, олди-берди, ё бўлмаса қўйди-чиқди каби сон-саноқсиз ижтимоий масала адолатли, тўғри ҳал қилиниши фиқҳшуносликка боғлиқ эди. Буни ҳал қилиш учун фақиҳ теран фикрли, фаҳму фаросатли, зукко, илму маърифатдан хабардор, замонасининг барча масалаларини ўз фикр доирасида сингдира оладиган шахс бўлиши керак эди.

Қаффол Шоший мана шундай фазилатларга эга бўлиш билан бирга, фалсафа, мантиқ фанларини ҳам пухта эгаллаган, мунозара қиладиган даражага эришган. Қаффол Шоший илм чашмасидан кўпроқ баҳраманд бўлиш мақсадида Яқин Ўрта Шарқ мамлакатларига саёҳат қилиб, Ҳижоз, Бағдод, Дамашқ шаҳарларида замонасининг кўзга кўринган олиму уламоларидан таҳсил олган.

Қаффол Шошийнинг фиқҳ ва тарих илми соҳасидаги устози машҳур тарихчи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий (ваф. 311/923 й.), калом илми бўйича устози Абу-л Ҳасан ибн Абу Муса ал-Ашъарий (ваф. 330/941 й.) эди. Араб олими Тожиддин ас-Сабукийнинг ёзишича, илм талабида бўлган Қаффол Шоший ал-Ашъарийдан калом илмини ўрганар экан, ўз навбатида, ал-Ашъарий ундан фиқҳшуносликни ўрганган. Қаффол Шошийнинг учинчи устози замонасининг машҳур олими, тўрт юздан ортиқ асар таълиф қилган Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж (ваф. 316/928 й.) эди.

Араб олими Ибн Халликон (ваф. 578/1182 й.) «Улуғ кишилар вафоти» асарида Қаффол Шошийни ҳам қайд этган: «Қаффол Шоший ҳадис илмини билган, тилшунос, шоир эди. Ўша вақтда Мовароуннаҳрда у зотга тенг келадиган уламо йўқ эди. Бу киши Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом ва бошқа ўлкаларга саёҳат қилиб, кўплаб машойих суҳбатидан баҳраманд бўлган».

Қаффол Шоший «Ал-кабир», «Ҳазрати имом» унвонига сазовор бўлган. Ислом оламида «ал-Қаффол», яъни қулфчи, қулфсоз номи билан машҳур бўлган. Кейинчалик бу унинг тахаллусига айланган. Бу ҳақда машҳур тарихчи Самъоний «Ансоб» («Насабнома») асарида қайд этган: «Бу Абу Бакр қулфсоз фақиҳ, фиқҳ билан қийин қулфлар (масалалар)ни очувчидир»3232
  Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний. Ал-Ансоб. 7-жилд. 244–245-бетлар.


[Закрыть]
.

Ибн Халликон «Қаффол Шоший ҳадис илмини олган, тилшунос, шоир одам эди… Бу киши Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом (Сурия) ва бошқа ўлкаларга саёҳат қилиб, ҳамма ерда ҳам ном таратди… у кишининг кўп асарлари бўлган» деб таърифлаган.

Қаффол Шошийнинг шахсияти ва илмий салоҳияти нафақат Шарқда, шунингдек, Fapбда ҳам эътироф этилган. Айниқса, немис шарқшуноси К.Броккельман ва йирик рус олими В.Бартольд Қаффол Шошийнинг илмий фаолиятига юксак баҳо беришган. Алломанинг фаннинг турли соҳаларига оид ёзган бебаҳо асарлари ипга терилган маржон кабидир. Қаффол Шоший «Одоб ул-қози», «Одоб ул-баҳс», «Ҳусни жадал», «Жавомиъ ул-калим», «Ал-жадал ал-ҳасан», «Шарҳ ур-рисола», «Далоил ул-нубувват», «Маҳосин ашшариаъ» каби асарлар муаллифидир.

Қаффол Шошийнинг «Жавомиъ ул-калим» («Ҳикматли иборалар тўплами») асари Имом Бухорийнинг «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» асосида тўпланган. Қаффол Шоший тўплаган ҳадислар қисқа, ихчам ва тушунарли ёзилган. Асар муқаддимасида китоб тасниф этилишидан кўзланган мақсад баён этилган. «Дарҳақиқат, пайғамбар сўзлари ва шаръий одобларда маъсумлик билан қувватланган, баён ва ҳикмат билан таъмин этилгани (яъни пайғамбар томонидан келгани ва айтилгани) туфайли орифлар қалбларига ёруғлик ва қўрқадиганлар дардларига шифо бордир. Чунки ул зот ҳидоятга чақиради, кўр кўзларни очади, («Қуръон»ни) ўз ҳавоси (хоҳиши) билан сўзламайди. Аллоҳ унга (пайғамбар) ўзи танлаб олган бандалари ичида барчасидан кўра афзалроқ салавот юборсин. Бу китобимда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадислари ичида эшитганларимдан мингта сўз (калима) тўпладим. Уларнинг тузилиши мураккабликдан холи, маънолари чигалликдан йироқ, пайғамбар ҳидояти билан қўллабқувватланган ва тарбиялангани сабабли фасиҳларнинг фасоҳатидан ва балоғат аҳлининг балоғатидан устундир. Мен уларни ўзлаштириш ва эслаб қолишни осонлаштириш мақсадида бири иккинчисининг кетидан келадиган, иснодлари олиб ташланган, сўзларнинг яқинига кўра, бобларга бўлинган ҳолда келтирдим. Сўнгра яна икки юз ибора қўшдим ва улар бир минг икки юз ибора бўлди».

Саййид Маъсумхон ўғли Хожа Муҳаммад Ҳакимхоннинг «Мунтахаб ут-таворих» асарида келтирилишича, «Хулафойи Аббосиянинг замонида Ҳазрати Имом Абу Бакр Қаффол ҳажга бориб, яҳудий жамоасини мусулмонлар билан урушларига рўпара бўлди. Жуҳудлар ғалаба қилиб, аҳли исломдан ўн минг кишини банди қилдилар. Ҳазрати Имом ҳам банди қилинган.

Жуҳудлар жамоаси раҳбари асир олинганлардан сўради:

– Ичингизда Тавротни ажам тилига таржима қиладиган олим борми?

Қаффол Шоший сафдан ажралиб чиқиб, яҳудийлар подшоҳи билан ўн минг асирни озод қилишни аҳд ва шарт қилиб, Тавротни ажам тилига таржима қилишга рози бўлган».

Қаффол Шоший 366/976 йилда Тошкентда вафот этган. Дастлаб унинг қабри устига Амир Темурнинг буйруғи билан даҳма кўтарилган. Мақбара деворларидаги кўҳна битиклар бунинг исботидир. Мақбара 948/1542 йилда Амир Бароқхон томонидан қайта таъмирланган. Мақбара қўш гумбазли зиёратхона ва гўрхонадан иборат.

* * *
 
«Қуръон» дардларга даводир.
 
* * *
 
Амаллар ниятларга боғлиқдир.
 
* * *
 
Маслаҳатгўй омонатдордир.
 
* * *
 
Дуо ибодатдир.
 
* * *
 
Яхши савол илмнинг ярмидир.
 
* * *
 
Жамоат билан бирга бўлиш раҳматдир.
 
* * *
 
Фирқаланиш айни азобдир3333
  Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Биринчи китоб / Тузувчи ва нашрга тайёрловчи У. Уватов. – Т.: «Маънавият», 2010. 118-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *
 
Кўнгил ганжинаси эрур фазлу илм,
Башар оинаси эрур фазлу илм.
Ким қилмайди илмга эътиқод, бил,
Ул эрур хар янглиғ бефазлу беилм.
 
* * *
 
На тотли, на завқли, бу азиз умр.
Оламда барчадан эрур лазиз, умр.
Умр фазлу камолот ила на хушдир.
Андин бўлғай барчадин азизроқ умр.
 
* * *
 
Зеболиғ ичра қаддинг камол топсин,
Сенга қинғир қараган – малол топсин.
Ағёринг барчаси, эй гул, завол топсин,
Муҳаммад ишқи куну тун камол топсин.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации