282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 18

Читать книгу "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Текущая страница: 18 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

68. САЙЙИД АЛИ РОМИТАНИЙ

XV асрнинг охири ва XVI асрнинг биринчи ярмида яшаб, «Хожаи Азизон» номи билан етти иқлимда ном қозонган Хожа Али Ромитаний 679/1280 йилда Бухородан икки фарсах узоқликдаги Ромитан кентида дунёга келган.

Бўлғуси шайх Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида таълим олган. Замонасининг буюк алломалари Хожа Маҳмуд, Шайх Рукниддин Алоуддавла Симнонийдан тариқат сирларини ўрганган бўлса, Шайх Бадриддин Майдоний, Шайх Ҳасан Булғорий, Шайх Фахриддин Нурийга устозлик қилган. Шайх тўқувчилик билан кун кечирган. Шайхнинг фарзандлари ҳам ота изидан бориб, замонасининг буюк олими бўлиб етишган.

Абдураҳмон Жомийдан нақл қилинишича, Мавлоно Жалолиддин Румий маснавийсида Хожа Али Ромитанийга ишора бор:

 
Гар на илми ҳол фавқи қол буди, кай шуди,
Банда аъёни Бухоро Хожайи нассожро?
 

(Дунёвий илм авлиёлик илмидан устун бўлса, Бухоро аъёнлари тўқувчи Хожага қул бўлишармиди?!)

Хожа Азизон забардаст олим, нозик дидли шоир бўлган. Тасаввуф назариясига доир «Маҳжуб ул-орифин» номли рисола битган. Ромитаний рубоий жанрида ижод қилган. Шеърларида илоҳий ишқ, ирфоний маърифат акс этган:

 
Хоҳи, ки ба Ҳақ раси, биёрам, э тан,
В-андар талаби дўст биё ром, э тан.
Хоҳи мадад аз руҳи Азизон ёби,
Пой аз сари худ соз, биё Рометан.
 

(Агар Ҳаққа етишмоқчи бўлсанг, эй тан, оҳиста кел. Дўст талабида таслим бўлган ҳолда кел, эй тан. Агар Азизоннинг руҳидан ёрдам олай десанг, оёғингни қўлга олиб Ромитанга кел).

Хожа Али Ромитаний 130 йил умр кўриб, Хоразмда 819/1416 йилда вафот этган. Қабри Кўҳна Урганчда.

* * *
 
Нафси мўрғи муқаййид дар дарун аст,
Нигаҳдораш, ки хуш мўрғисту дамсоз.
Зи пояш банд бигсил то напаррад,
Ки нотавони гирифтан баъди парвоз.
 

(Боғлаб қўйилган нафс қуши ичингдадир. У сен учун ёқимли қушки, уни эҳтиёт қил. Оёғидан маҳкам боғлаки, учиб кетмасин. Учганидан сўнг уни тута олмайсан.)

* * *
 
Бо ҳар ки нишгасти нашуд жамъ дилат,
В-аз тў нарамид заҳмати обу гилат.
Аз суҳбати вай табарро накуни,
Ҳаргиз накунад руҳи Азизон биҳилат.
 

(Ҳар ким билан суҳбатдош бўлсангу тил топиша олмасанг, сендан обу гил (одамзодга хос) заҳмат кетмаса, агар унинг суҳбатидан қўл ювмасанг, Азизоннинг руҳи сени ҳаргиз кечирмайди.)

* * *
 
Бечора дилам оиқи рўйи тў буд,
То вақти субуҳ диш бар кўйи ту буд.
Чавгони сари зулфи ту аз ҳол ба ҳол,
Мебўрдашу ҳамчунун яки гўйи ту буд.
 

(Бечора дилим юзингнинг ошиғи эди. Тундан тонггача сенинг кўйингда эди. Зулфинг чавгони бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиб кетса ҳам, У ҳамон сенинг ягона гўйинг110110
  Гўй – тўп, шар, тўпга ўхшаш юмалоқ нарса, чавгон ўйинида учи эгри таёқ билан ўйналадиган кичкина ёғоч тўп.


[Закрыть]
эди.)

* * *

Сўзлаётган ва таомланаётган вақтингизда ҳушёр бўлинг.

* * *

Йўл юргучи кўшиш қилсинки, ўзининг бир хулқини ва хизматининг воситаси била соҳибдилнинг кўнглидан жой олсин.

* * *

Нақл қилишларича, бир куни Ҳазрати Хизр алайҳиссалом Хожа Абдулхолиқнинг хонақоҳларига келади. Ҳазрати Хожа меҳмоннинг иззати учун дастурхон ёзади. Хизр а.с. ҳеч нарса тановул қилмайди.

Ҳазрати Хожа айтади:

– Тановул қилинг, таом ҳалолдир.

Ҳизр алайҳиссалом айтдилар:

– Шундоқдир. Аммо кулча хамирини қорган нонвой бетаҳорат экан, бизга бу нонни ейиш раво эмас.

* * *

Али Ромитаний деди:

– Рўйи заминда Хожа Абдулхолиқнинг фарзандларидан (тариқат пешволари назарда тутилмоқда) бири бўлса эди, Мансур ҳаргиз дорга осилмас эди. Хожанинг фарзанди маънавийларидан бири ўша вақтда ҳаёт бўлса эди, Ҳусайн Мансурни тарбият қилиб, «Анал Ҳақ» мақомидан ўтказар эди.

* * *
 
Чун зикр ба дил расад дилад дард кунад,
Он зикр буд, ки мардро фард кунад.
Ҳарчанд, ки хосияти оташ дорад,
Лекин ду жаҳон бар дили ту сард кунад.
 

(Зикр дилингга етгач, дилингда дард пайдо бўлади. Бу ўша зикри инсонни тенгсиз ва ягона қилади. У ҳарчанд олов хосиятига эга бўлса-да, икки жаҳонни кўнглингда совитади).

* * *
 
Ўлтирсанг биров билану дил бўлмаса жам,
Бир дам сени тарк айламаса ташвишу ғам.
Бундай кишининг суҳбатидан қоч, йўқса,
Авф этмас азизлар руҳи сени сира ҳам.
 
* * *
 
Ҳақ зикри билан дилга бўлар дард ошно,
Ҳақ зикрини қилган киши бўлгай танҳо.
Ҳақ зикри агарчи ўт, совитгай дилни,
Ҳар икки жаҳон муҳаббатидан аммо.
 
* * *
 
Жон – тан қафаси ичра қамалган бир қуш,
Бу қушни авайлаш, эҳтиёт айлаш хуш.
Бу қушни тутолмайсан учиб кетса агар,
Боғла оёғидан борида ақлу хуш.
 
* * *
 
Бечора дилим юзингга ошиқ эди кўп,
Кўйингда кезибди кеча то тонггача хўп.
Ўйнайди отиб гоҳи у ёқ, гоҳи бу ёқ,
Зулфинг сени чавгону дилим бўлдими тўп?
 
* * *
 
Сен Ҳаққа етай десанг, Ромитанга кел!
Жон Ёрга тутай десанг, Ромитанга кел!
Бошингни оёқ қилиб, Азизон руҳини,
Ёду шод этай десанг, Ромитанга кел111111
  Хожа Али Ромитаний / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 256–257-бетлар.


[Закрыть]
!
 

69. ХОЖА УБАЙДУЛЛОҲ АҲРОР ВАЛИЙ

Шарқ тасаввуфи тарихида беназир машойихлар борки, улар ирфоний тафаккур тарихида ёки бирон-бир тариқатнинг пайдо бўлиши, ташаккулидагина юксак мавқега эга бўлиб қолмай, балки муайян давр маданий-маърифий, ижтимоийсиёсий ҳаётида юксак салоҳият, улкан салобат ва катта обрўга эга бўлишган. Тарихда «Сулҳжўй Валий» номини олган Хожа Убайдуллоҳ ана шундай буюк сиймолардан биридир. Хожа Убайдуллоҳ 807/1404 йилда Тошкент вилоятининг Боғистон мавзесида Хожа Маҳмуд хонадонида туғилган. Унинг отаси Хожа Маҳмуд Шоший ғоятда олийжаноб ўқимишли, саховатпеша ва тақводор киши бўлган. Хожа Убайдуллоҳ ёшлигидан илм ўрганишга жиддий киришган, замон уламолари суҳбатларида бўлган. Бу ҳақда кейинчалик ўзи зикр этган: «Ёшлик давримда азизлар суҳбатида бўлардим. Менда уларнинг ҳар биридан ўзига хос кайфиятлар пайдо бўларди. То бир тариқатни белгилаб олгунча, кўп машаққатлар чекилди. Бунинг сабабларини кейинчалик англадим: бу билан азизлар тариқат йўлини танлаш осон эмаслиги, мақсад сари тўғри йўлни (тариқатни) топиш йўлида интилиш лозимлигини назарда тутган эканлар. Биз ҳам шундай қилдик ва нимага эришган бўлсак ана шунинг натижасида эришдик»112112
  Валихўжаев Б. Хожа Аҳрор Валий нақшбандия тариқатининг пири ва муршиди комили. Жаҳон мулкининг нигоҳбони. «Самарқанд», 2005. 38-бет.


[Закрыть]
.

Хожа Убайдуллоҳ ота томонидан Муҳаммад Номий Бағдодийга, она томонидан Шайх Умар Боғистонийнинг ўғли Шайх Хованди Тоҳурга бориб уланади. Хожа Убайдуллоҳнинг тоғаси Иброҳим Хожа Самарқанддаги Эгу Темур мадрасасида мударрис бўлгани учун Убайдуллоҳни 24 ёшида Самарқандга келтириб, Мавлоно Қутбиддин Садр мадрасасига жойлаштирган. Убайдуллоҳ ўқишга шўнғиб, замонасининг буюк алломаларидан дарс олган. Лекин таҳсил узоқ давом этмаган. Устози Саъдуддин Кошғарий тиф касалига чалинганида Хожа Убайдуллоҳ парвариш қилган. Касаллик Убайдуллоҳга ўтиб, узоқ вақт оғриб, заифлашади. Натижада ўқишни ташлаб, мустақил билим олишга мажбур бўлади. Имом Муҳаммад ал-Ғаззолий асарларини, Имом Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Алжомеъ ас-саҳиҳ», Муҳитдин ибн ал-Арабийнинг «Фусус ул-ҳикам», Абдуллоҳ Ансорийнинг «Манозил ус-соирин», Абдураззоқ Кошийнинг «Шарҳи манозили соирин», Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё», Ибн Ҳужвирийнинг «Кашф ул-маҳжуб» асарларини ҳамда Абу Саъид Абулхайр, Абдуллоҳ Ансорийнинг шеърларини мутолаа қилади, уларнинг аксариятини ёдлайди. Самарқандга сургун қилинган машҳур шоир ва олим Саййид Қосим Анвор билан кўришиб, суҳбат қуради. Бухоро орқали Ҳирот сафарига отланади. Бухорода Мавлоно Муборак, Мавлоно Ҳамидуддин, Хожа Алоуддин Ғиждувонийлар билан учрашади ва суҳбатлашади. Ҳиротга келгач, Хожа Мусофир, Абдураҳмон Жомий, Баҳоуддин Умар, Мавлоно Қосим, Зайниддин Хавофий, Мавлоно Хожа Али, Мавлоно Мир Ҳусайн, Мавлоно Муҳаммад, Мир Абдулаввал, Мавлоно Бурҳонуддин, Мавлоно Лутфуллоҳ, Мавлоно Ҳусайн Турк, Дарвеш Жомий билан хос суҳбатлар қуради. У ердан Чағониёнга бориб, Яъқуб Чархийга мурид бўлиб, унинг хизматини қилади. Яъқуб Чархий иршод бергач, пирининг рухсати билан Тошкентга қайтиб, деҳқончилик билан машғул бўлади.

Султон Абу Саъид Хожа Аҳрорни 856/1452 йилда Самарқандга кўчиртириб келтирган. Темурий шаҳзодалардан Умаршайх Мирзо ҳамда Султон Аҳмад Мирзо орасида 868/1463 йилда Шоҳрухия яқинида жиддий низо пайдо бўлади. Юз минглаб лашкар жанг майдонида рўбарў бўлади. Хожа Аҳрор Валий шу ерга келиб, икки қўшин ўртасига оқ чодир тикдиради. Ҳар икки томондан қўшин бошлиқлари чодирга таклиф қилинади. Орадан кўп ўтмай, Хожа Аҳрор Валийнинг саъй-ҳаракати билан сулҳ тузилади.

Хожа Аҳрор Валий ҳожатбарор зот бўлган. Умаршайх Мирзо Шош (Тошкент) аҳолисидан 250 000 динор талаб қилганда Хожа Аҳрор солиқларни ўзи тўлаб, фуқаронинг қишдан эсон-омон чиқиши учун яна қўшимча 70 000 динор берган. «Фақрлигим – фахримдир» деган ҳадисни дастуриламал қилган Хожа Аҳрор Валий ҳисобсиз мол-мулкка эга бўлса ҳам, барча тамаларни рад этиб, фақирона ҳаёт кечирган.

Хожа Аҳрор Валий «Фақорот ул-орифин», «Ҳавроия» каби рисолалар муаллифидир. Унинг «Мажмуаъи мурсалот» номли дастхатлар тўпламидан султонлар, вазирлар, замонасининг кўплаб маърифат пешволари, жумладан, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий билан ёзишмалари ўрин олган. Хожа Аҳрор Валий отасига атаб «Волидия» рисоласини ёзган.

Хожа Аҳрор Валийнинг ҳаёти Мир Абдулаввал Нишопурийнинг «Масмуъот», Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин», Фахруддин Али Сафийнинг «Рашаҳоту айнил ҳаёт», Абдулҳай ал-Ҳусайнийнинг «Насабномаи Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор» ҳамда «Мақомоти Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор» китобларида тасниф қилинган.

Хожа Аҳрор Валий 896/1490 йилда Самарқанд вилоятининг Камонгарон қишлоғида вафот этган ва васиятига кўра табаррук жасади «Ҳазрати Кафшир» маҳалласидаги уйига дафн этилган.

* * *

Хожа Аҳрорнинг ота томонидан бобоси Хожа Шаҳобуддин Шоший унинг келажаги ҳақида башорат бериб деди:

– Ул фарзандким мен талаб этуб эдим, бу (Хожа Аҳрор Валий) турур. Дариғким анинг зуҳури айёмларида мен бўлмасман ва онинг оламда тасарруфотларини кўра билмасман. Тез бўлурким, бу ўғил оламгир бўлур, шариатга ривож, тариқатга равнақ берур. Ва рўзғорнинг султонлари анинг хатти фармонига бош қўюб, амри жаҳийға тан берурлар. Ва ишларе андин вужудға келурким, аввал ҳеч машойихи киборлардин ҳам келган бўлмаған.

* * *

Хожа Аҳрор Валий деди:

– Ёшлик пайтларимда нисбати шарифим туфайли тушимда кўрдумки, гўё Ҳазрати Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам мени ўзларининг муборак елкаларига кўтариб, Шошдаги (Тошкент) Мавлоно Абу Бакр Қаффол Шошийнинг нурга тўлган мозорлари ёнидаги тепаликка чиқардилар. Тушни таъбир қилдиларки, Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) нинг шариат ва тариқатларининг ривожи ул киши (Хожа Аҳрор) орқали вужудга келар экан.

* * *

Яъқуб Чархий деди:

– Хожа Убайдуллоҳ илоҳий сирлар донишманди, тариқат йўловчиси, ҳеч шубҳасиз валийлик осмонининг қутби, ҳақиқатга интилувчиларнинг пушти-паноҳидир.

* * *
 
Абдураҳмон Жомий деди:
Зад ба жаҳон навбати шаҳаншоҳи,
Кавкабаи фақри Убайдуллоҳи.
Рўи замин к-аш на сар на бун даст,
Дар назариш чун рўи як нохун аст.
Як рўи нохун, ки ба даст оядаш.
Он, ки ҳуррияти фақр огаҳ аст,
Хожа Аҳрори Убайдуллоҳ аст113113
  Абдураҳмон Жомий. Туҳфат ул-аҳрор / Шарафуддин Роқимий. Тарихи томм. 47-бет.


[Закрыть]
.
 

(Жаҳонда шаҳаншоҳлик навбати ундан, Убайдуллоҳий фақрлик юлдузидир. Ер юзики на боши ва на адоғи бордир, унинг назарида тирноқ юзичаликдир. Бир нохуш юзаси унинг қўлида, қачон фақр йўлида шикаст тегар, фақр ҳурриятидан огоҳдир – у Хожа Аҳрор Убайдуллоҳдир).

* * *
 
Алишер Навоий деди:
Улки бу офоқ ичида тоқ эрур,
Тоқ неким, муршиди офоқ эрур114114
  Алишер Навоий. Ҳайрат ул-аброр / Тўла асарлар тўплами. 7-жилд. – Т.: «Фан», 1991. 98-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *
 
Заҳириддин Муҳаммад Бобур деди:
Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳдин,
Эшит, ул сирри Худо огоҳдин.
Хожалар хожаси ул Хожа Убайд,
Ходиму чокари – Шибли-ю Жунайд.
Ҳолоту мартабаси зоҳирдур,
Васфи таърифида тил қосирдур115115
  Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолайи Волидия / Заҳириддин Муҳаммад Бобур таржимаси. – Т.: ТИУ нашриёти, 2004. 8-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *
 
Шарафуддин Роқимий деди:
Қутблар саййиди, муттақийлар санади,
Муддао асари талаб Каъбасидир.
Аллоҳ замири сирларидан огоҳ,
Дин ҳодийи Хожа Убайдуллоҳдир116116
  Шарафуддин Роқимий. Тарихи томм. 49-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *

Султон Аҳмад Мирзо 893/1487 йилда Тошкентга қўшин тортди. Хожа Аҳрор Валий бу юришни ман этди. Аммо Султон у зотнинг маслаҳатига қулоқ солмади. Натижада Султон Аҳмад Мирзо мағлубиятга учраб, қилмишидан пушаймон бўлди ва Ҳазрати Хожадан кечирим сўради.

Хожа Аҳрор Валий деди:

– Камина йигирма марта, «сен бу замон подшоҳларини келиштиришинг лозим» деган хитоб эшитдим. Мулоҳаза қилдимки, давр подшоҳлари бирор мададкорсиз, кўмакчисиз натижага эриша олмас, демакки, Ҳақ таоло мени паноҳкор сифатида «ул подшоҳларни келиштириш учун юборгандир».

* * *
 
Гар надорам аз шукр жуз номи баҳр,
Ин басе беҳтарки андар коми заҳр.
Осмон нисбат барш омад фуруд,
Вар на бас олийст пеши хоки туд117117
  Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Фиқроти Аҳрорийя / Табаррук рисолалар. 136-бет.


[Закрыть]
.
 

(Агар Унинг номи учун шукр айтмайдиган бўлсам, заҳр (аждарҳо) коми бундан яхшироқдир. Осмон Аршга нисбатан пастга тушди, пастда яратилди. Арш бўлмаганда бир тўда тупроқ олдида осмон олий кўринади).

* * *

Илмни дунё орттириш ва мансаб эгаллаш учун эгаллаган олимлардан узоқ юриш керак.

* * *

Такаббурлик хосиятсиз ва оқибатсиздир. Охири хўрлик ва пасткашликка олиб келади.

* * *

Ғафлат кўнгилнинг ўлишидир. Кўнгилнинг ҳақиқий ҳаёти огоҳлик ва ҳузурдир.

* * *

Фарзанд ота-онанинг бир бўлагидир. Ҳеч бир ота-она жигаргўшасининг нуқсонли бўлишини истамайди.

* * *

Дўстларга касаллиги пайтида мадад бериш ва оғирини енгил қилиш яхши ишдир.

* * *

Суҳбатнинг фойдаси чексиздир. Шунинг учун ҳам дўстлар билан бўлиш ва суҳбатини тарк этмаслик керак.

* * *

Бизнинг ишимиз мусулмонларни золимлар ёмонлигидан ва қаҳридан қўримоқдир.

* * *

Шижоатли киши уруш кунларида танилади. Омонатдор киши диёнати бериш ва олиш вақтида билинади. Хотин ва фарзанднинг меҳру вафоси камбағалликда фаҳмланади. Дўстларнинг дўстлиги машаққат ва меҳнат чоғида билинади.

70. САЪДУДДИН КОШҒАРИЙ

Хожа Саъдуддин Кошғарий XV асрнинг энг буюк машойихларидан биридир. Ўз даврининг машойихлари орасида «қутб ул-ақтоб», «ғавс ул-асҳоб», «саъдул милла вад-дин» деб улуғланган Кошғарийнинг туғилган йили аниқ эмас. Фахриддин Али Сафийнинг ёзишича, бир неча йил Низомиддин Хомуш ҳузурида бўлиб, унинг қўлидан хирқа кийган Саъдуддин Хуросонга келиб, Ҳиротнинг Саййид Қосим Табризий, Мавлоно Абу Язид Пуроний, Шайх Баҳоуддин Умар ҳамда Шайх Зайнуддин Хавофийлар каби орифлар суҳбатида бўлган. Кўплаб муридлар тарбиялаб, иршодлар берган. Саъдуддин Кошғарий Абдураҳмон Жомийнинг муршиди бўлган.

Шайх Саъдуддин ислом назарияси, тасаввуф таълимотига доир асар ёзган, лекин улар бизгача етиб келмаган ёки ҳали топилмаган. «Рашаҳот»да Шайх Саъдуддиннинг руҳий қудрати, кароматлари, шогирдлари, суҳбатдошлари тилидан нақл этилган. Саъдуддин Кошғарий ҳаж сафарига бориб, кўплаб юртларда бўлиб, шайх ул-машойих суҳбатидан баҳраманд бўлган.

«Райҳон ул-араб» ва «Тарихи томм» китобида Саъдуддин Кошғарийнинг 860/1455 йилда вафот этгани қайд этилган. Қабри Ҳирот шаҳрида.

* * *

Мавлоно Алоуддин деди:

– Мен Ҳазрати Мавлоно Саъдуддиннинг хизматида эдим. Кўҳистон вилоятидан келган бир киши онамдан мактуб олиб келтирди. Мактубда уйдагилар мени уйлантириш тадоригини кўраётганлари учун зудлик билан уйга қайтишим лозимлиги ёзилган эди. Мен шайх хизматидан кетишни ўйлаб ниҳоятда изтиробга тушдим. Ўйладимки, шайхга мактубнинг мазмунини айтсам, мени хонақоҳда, хизматда олиб қоладилар. Шу ниятда Мавлононинг ҳузурига кирдим. Ҳануз мактуб ҳақида сўз очмасимдан Шайх Саъдуддин деди:

– Ота-она ризоси Ҳақ ризосидир. Улар сендан келишни талаб қиляптиларми, демак, тезда Кўҳистонга етиб бориш лозим.

Ҳайратда қолдим. Хизматни тарк этиб, уйга жўнашдан бошқа чорам қолмади.

* * *

Абдураҳмон Жомий дейди:

– Кўҳистон вилоятида сафарда эдим. Қўлимда бироз пилла қурти бор эди. Баланд тут дарахтига чиқиб, шохларини кесар эдим. Ногоҳ оёғим турган шох синди ва дарахтдан йиқилдим. Ўша онда қаердандир Ҳазрати Мавлоно (Саъдуддин) пайдо бўлиб, оёғим ерга тегмасидан тутиб олди. Менинг оёғимга ҳеч бир шикаст етмаган ҳолда ерга қўйди. Бу сирни пинҳон тутдим.

* * *
 
То ту набийни жамоли ишқ нагирад камол.
 

(Ишқ жамолини кўрмагунча, камолга ета олмайсан.)

* * *
 
Мешинави васфи ҳол рост бибояд шинид.
 

(Ҳол васфини эшитсанг уни тўғри эшитиш керак.)

* * *
 
Бо ёр бо гулзор шудам раҳгузоре,
Бар гул назаре акандам аз бехабаре.
Ядилдор батаъна гуфт шармат бодо,
Рухсори ман инжоу ту дар гул нагари.
 

(Ёр олдига гулзор оралаб кетдим, гулларга бехабар ҳолда назар қилдим. Ёр таъна билан деди: Менинг рухсорим бу ерда-ю, сен гулга кўз тикасан?)

* * *
 
Дўст баҳор лаҳза дар ту назар мекунад,
Чун ту аз ў ғофиле аз ту гузар мекунад.
 

(Дўст ҳар лаҳзада сенга назар қилар, агар сен ундан бехабар бўлсанг, у сендан ўтиб кетади.)

* * *
 
Ҳар чи гирад иллате иллат шавад.
 

(Ҳар нарсага иллат тегса иллатга айланади.)

* * *
 
Доники маро ёр чи гуфтаст имрўз,
Жуз мо бакасе дар мункир дида бадўз.
 

(Биласанми, ёр менга нима деди: «бирдан ўзгага қарама, кўзингни юм».118118
  Фахруддин Али Сафий. Рашаҳот. 165-бет.


[Закрыть]
)

71. ФАХРУДДИН АЛИ САФИЙ

Ўн олтинчи асрда яшаб, замонасининг буюк даҳолари дуосини олган Фахруддин Али Сафий 868/1463 йилда Хуросон вилояти Сабзавор шаҳрида дунёга келган. Унинг отаси Ҳусайн Воиз Кошифий (ваф. 911/1505 й.) илоҳиётчи, шоир ва адиб, воиз (нотиқ) сифатида ҳам донг таратган. Қуръонга тўрт жилдли шарҳ битган. Дин тарихи, риёзиёт, фалакиёт, кимё, фиқҳ, адабиёт ва санъат соҳаларига оид «Ахлоқи Муҳсиний», «Жавоҳирнома», «Рисолаи Ҳотамия», «Ахлоқи Карим», «Тафсири Ҳусайний», «Футувватномаи Султоний», «Анвори Суҳайлий», «Оинаи Искандарий» каби асарлар ёзган.

Илк таълимни отасидан олган Али Сафий ўқишни Ҳиротдаги мадрасада давом эттирган. Таҳсилни тамомлагандан сўнг Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор хизматига борган. Али Сафий 1484 йилда Қаршида Хожа Аҳрор Валий билан учрашиб, тўрт ой унинг хизматида қолиб кетади. 1487 йилда Самарқандга келиб, яна саккиз ой Хожа Убайдуллоҳ хизматида бўлади. Али Сафий Хожа Аҳрордан эшитганларини ёзиб, кейинчалик китоб қилишни режа қилган.

Али Сафий 910/1504 йилдан Ҳиротга қайтиб, Жомеъ масжидида отаси Ҳусайн Воизи Кошифий ўрнида воизлик қилган. Сафий тахаллуси билан шеър ёзган. Бухоро амири Убайдуллохон томонидан Ҳирот қамал қилинганда Али Сафий бир йил зиндонбанд этилган. Озод бўлгач, Туркистон ва Эронга сафар қилган. Умрининг охирги йилларида Ҳиротга қайтган.

Фахриддин Али Сафий нозиктаъб шоир, фикҳ донишманди, тарихшунос, тасаввуф билимдони, зарофатли ҳикоянавис сифатида ўзидан кейин ўнлаб асарлар қолдирган. Али Сафийнинг «Маҳмуд ва Аёз», «Рашаҳоту айн ил-ҳаёт», «Луғатнома», «Кашф ул-асрор», «Латойиф ут-тавоиф», «Асрори Қосимий», «Анис ул-орифин» каби асарлари қўлёзмаси сақланиб қолган.

Али Сафий «Рашаҳот»ни Хожа Аҳрор Валий вафотидан сўнг 13 йил ўтгач ёзиб тугатган. Али Сафийнинг эътироф этишича, ажойиб тасодифлардан бири, китобнинг номи унинг ёзилиш тарихини ифодалайдиган бўлиб чиққан.

«Рашаҳот»нинг асосий қисми Хожа Аҳрор Валийнинг ҳаёти ва фаолияти тасвирига бағишланган. Унда муаллифнинг устози билан бўлган мулоқотлари, шахсий кузатишлари, шайхнинг руҳий қудрати, устозлари, маслакдошлари, шогирдлари билан муносабатлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мавқеи, унга таъсирини батафсил ёритган. «Рашаҳот» нақшбандия тариқати тарихи, унинг тарқалиши тарихини билим жиҳатидангина эмас, XV асрнинг охири XXI асрнинг бошларидаги Мовароуннаҳр ва Хуросон иқтисодий, сиёсий ҳаётини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Рисола тасаввуф таълимоти тарихи, ўнлаб буюк алломаларнинг ҳаёти ва риёзотларини аниқлашда ҳам ягона сарчашма ҳисобланади. Китобда 150 дан зиёд тасаввуф алломалари ҳақида бошқа асарларда кам учрайдиган далиллар келтирилган.

Али Сафийнинг «Латойиф ут-тавоиф» рисоласи ўзининг замондошлари олимлар, ориф зотлар, шоирлар ҳаёти билан боғлиқ сухандонлик, ҳозиржавоблик, доноликка доир латифалар, доно фикрлар жамланмасидир. Асар ўзбек тилига таржима қилиниб, «Латофатнома» номи билан 1996 йилда нашр этилган. Али Сафийнинг «Анис ул-орифин» рисоласи насиҳат, ваъз, оятлар тафсири, ҳадис, латиф ҳикоятлардан иборат бўлса, «Асрори Қосимий» рисоласи тасаввуф илмига бағишланган.

Али Сафий 943/1536 йилда вафот этган. Қабри Ҳиротда.

* * *

Алишер Навой деди:

– Али Сафий бағоят дарвешваш ва фоний ва дардмандшева йигитдир. Ҳиротдан Самарқандга Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ суҳбатига мушарраф бўлиш учун борди. Андоқ дерларки, онда қабул шарафин топиб, иршод ва талқин саодатига сарафроз бўлиб, яна Хуросонга қайтди119119
  Алишер Навоий. Мажолис ун-нафоис. Асарлар. Ўн беш томлик. 12-жилд. 132-бет.


[Закрыть]
.

* * *

Хожа Аҳрор Валий деди:

 
Мункир чи шави ба ҳолати зиндадилон,
Не ҳар чи туро нест касиро набувад?
 

(Дили уйғоқларнинг ҳолатига нечун мункирсан, Ўзингда йўқ нарсани бошқаларда ҳам йўқ деб ўйлайсанми?)

* * *

Хожа Аҳрор Валий бир мажлисда Камол Хўжандийдан бир байт деди:

 
Дар кўҳ, чи мерови, ба ман бош,
Имрўз Маъоз дар жабал нест.
 

(Тоққа бориб нима қиласан, мен билан бўл, бугун тоғда Яҳё Маъоз йўқдир).

* * *

Хожа Аҳрор Валий бир мажлисда Мавлоно Румийдан бир байт деди:

 
Чун ту набуди, ки буд жумла Худо буду бас,
Чун ту намонди, ки монад жумла Худо, эй гадо.
 

(Сен бўлмаганингда ҳам Худо бўлган эди, сен қолмасанг ҳам Худо бўлади, эй гадо.)

* * *

Хожа Аҳрор Валий деди:

 
Ба пеши чашм чу хокисторам, маё гўстоҳ,
Ки ҳаст дар таки ў оташию дарёби.
 

(Кўз олдингда кулга ўхшасам ҳам, бироқ ҳаддан ошмаки, бу кулнинг тагида олови бордир.)

* * *
 
Хожа Аҳрор Валий деди:
Бурда буди-ю додат омада буд,
Ту каж бахти, каси чи кунад.
 

(Ютган эдингу омадинг келган эди, сен эгри ютқаздинг, ўзгалар нима қилсин?)

* * *
 
Хожа Аҳрор Валий деди:
Гар ишқ набуди-ю, ғами ишқ набуди,
Чандин сухани хўб, ки гуфти ки шинуди?
 

(Ишқ бўлмаса-ю ишқнинг ғами бўлмаса эди, шунча айтган чиройли сўзларингни ким ҳам эшитар эди?)

* * *

Хожа Аҳрор Валий бобоси Шайх Хованди Тоҳурнинг рисоласидан бир байт деди:

 
Моро хоҳи ҳамин ҳадиси мо кун,
Хў бо мо кун зи ғайри мо ҳў во кун.
 

(Бизни хоҳласанг, бизнинг ҳақимизда гапир, бизга одат қил ва ўзга одатдан кеч.)

* * *

Хожа Аҳрор Валий деди:

 
Ту набош асло камол инасту бас,
Рав, дар ў гўм шав висол инасту бас.
Эй камону пирҳо пар сохта,
Сайд наздаку ту дур андохта.
«Наҳну ақраб» гўфт «мин ҳабла-л-варид»,
Ту фиканда тири фикратро баъид.
 

(Сен фоний бўл, камол шунинг ўзидир, бор, унда мавҳ бўл, висол шунинг ўзидир. Эй камону ўқларни ҳозир қилган киши, ўлжа олдингда-ю сен ундан узоқдасан. «Биз жон томиридан ҳам яқинроқмиз» деди У (Аллоҳ), Сен фикрат ўқини узоққа отибсан.)

* * *

Шайх Саъдуддин Кошғарий деди:

 
Эй дийда, ажойибҳо бингар ажаб инаст, ин,
Маъшуқ бар ошиқ бе вай не, ё бо вай не.
 

(Эй ажойибларни кўрган киши, қара, ажойиб шу нарсани, ошиқ-маъшуқ билан бирга ҳам эмас, усиз ҳам эмас.)

* * *
 
Чунки шуд аз пеши дийда васли ёр,
Нойиби бояд аз у ҳон ёдгор.
Чунки гул бизгашту гулшан шуд хароб,
Бўйи гулро аз к жуям аз гулоб.
Чунки шуд хуршиду моро кард доғ,
Чора навбод дар мақомаш аз чароғ120120
  Фахруддин Али Сафий. Рашаҳот. – Т.: Абу Али ибн Сино номидаги тиббиёт нашриёти, 2003. 7-бет.


[Закрыть]
.
 

(Ёр васли кўзимиздан ғойиб бўлгач, огоҳ бўл, ундан эсдалик бўлиши учун бир ноиб керак. Гул даври ўтиб, гулшан хароб бўлгач, Гул ҳидини кимдан қидирай? Гулобдан? Қуёш кетди ва қалбимизни доғ қилди, ўрнига чироғдан бошқа энди чора йўқ.)

* * *
 
Омад «Рашаҳот»и мо касир ул-баракот,
Чун оби Хизр мунфажир аз обиҳаёт.
Ёбанд муҳосибони санжида сифот,
Таърихи тамом аш аз ҳуруфи «Рашаҳот».
 

(Баракаларга тўла бўлган бизнинг «Рашаҳот»имиз, обиҳаёт булоғидан етилиб чиққан Хизр суви эди. Ёқимли сифатга эга бўлган ҳисоб қилувчилар, унинг ёзилиш тарихини «Рашаҳот» ҳарфларидан топурлар.121121
  Ўша манба. 489-бет.


[Закрыть]
)

* * *

Бир содда уйда нинасини йўқотиб, уни кўчада қидириб юрган экан. Ундан сўрашди:

– Нимани қидириб юрибсан?

Содда деди:

– Уйда йўқотган нинамни.

Дедилар:

– Эй содда, уйда йўқотган нинангни кўчадан қидирасанми?

Содда деди:

– Нима қилай, уйим қоронғу бўлса.

* * *

Алишер Навоий ўзи учун бир нечта сағана қурдирган экан. Бири Ризовиянинг муқаддас боғида, иккинчиси Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг мозорида, учинчиси Мавлоно Саъдуддин Кошғарийнинг мозорида, тўртинчиси ўзи солдирган Жомеъ масжидининг ёнида. Бу хабар Абдураҳмон Жомийнинг қулоғига етди. Жомий сағаналарни санаб деди:

– Қани, сўраб кўрингларчи, Мир Алишер қай бирини хушлайдилар?

* * *

Камол Хўжандий ўз шеърларида «ит», деган сўзни, Ҳасан Деҳлавий «дилоромим» деган сўзни кўп ишлатар экан. Биров иккала шоирнинг девонини битта муқовага солиб, қўлтиғига қистириб бораётган экан, бир шоир:

– Ҳой биродар, бу иккала девонни бир-биридан дарҳол ажратиб қўй, бўлмаса Камол Хўжандийнинг итлари Ҳасан Деҳлавийнинг дилоромини еб қўяди-я!

* * *

Бойсунқур Мирзо шоир Лутфийни тарбиялаб, вояга етказган. Бир куни Лутфий Мавлоно Музаффар Ҳиравийнинг «боғ» радифли қасидасига татаббуъ ёзиб, Мирзо Бойсунқурга тортиқ қилди. Мирзо хурсанд бўлиб, Лутфийга Мавлононинг «сарой» радифли қасидасига ҳам жавоб ёзишни буюрди. Лутфий деди:

– Аввал кўрайчи, унинг боғидан қандоқ мева ер эканман.

Ана ундан кейин унинг саройига қадам қўяман.

Бойсунқур Мирзо кулиб, Лутфийга катта инъом берди.

* * *

Ҳаваскор шоир Абдураҳмон Жомийга деди:

– Камол Хўжандий, Хожа Ҳофиз ва Алишер Навоийнинг ғазалларига жавоб ёздим. Нима дейсиз?

Абдураҳмон Жомий деди:

– Жуда соз, энди Худога нима деб жавоб берасан122122
  Фахруддин Али Сафий. Ҳикоят ва ривоятлар. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1983. 117–122-бетлар.


[Закрыть]
?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации