282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хамиджон Хомидий » » онлайн чтение - страница 15

Читать книгу "Тасаввуф алломалари"


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:40


Текущая страница: 15 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

55. МАВЛОНО ШАМСУДДИН МУҲАММАД ТАБРИЗИЙ

Шамсуддин Муҳаммад Али ўғли Маликдод Табризий XIII асрнинг буюк машойихларидан бўлиб, Рукниддин Сажжосийнинг халифаларидан, Зиёуддин Абулҳожиб Суҳравардий пайравларидан.

Шамс Табризий 584/1188 йилда Табризда руҳоний оиласида туғилган. Илк таълимни Табризда олгач, тасаввуф илмини ўрганишга чоғланади. Ўзининг эътироф этишича, ҳали мактабдалик чоғидаёқ Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)нинг сийрати ишқида ўртанар эканки, ейиш-ичиш орзуси хаёлига келмаган. Унинг тариқат пири Шайх Абу Бакр Саллобоф Табризий бўлиб, Авҳадуддин Кирмоний билан унинг хизматида бўлишган. Сўнг Шамс Табризий Шайх Рукниддин Синжосийнинг хизматига борган. Баъзилар Бобо Камол Жандий ҳам Шамс Табризийнинг муршиди бўлганини эътироф этишган. Шамс Табризий Бобо Камол Жандийнинг ишораси билан сафарга отланган. Жуда кўп шаҳарларда бўлиб, кўплаб машойих суҳбатида бўлган. Лекин унинг қалб сирларини англайдиган ҳаммаслак топилмайди.

Шамс Табризий 642/1244 йилда Кўнияга келиб, Жалолиддин Румий билан учрашади ва унга Жалолиддин Румийга сўфиёна ишқ билан боғланади. Шамс Табризий Мавлоно Румий қалбини қуёш каби ёритиб, унинг бир умрлик илҳом чашмаси бўлади. Шамс Румий учун илоҳий сирлар ва гўзалликлар мазҳари бўлади. Жалолиддин Румий Шамс Табризий туфайли самоъ7777
  Самоъ – дарвешларнинг зикр мажлисларида давра айланиб, жазба туфайли жўшиб рақс тушиш.


[Закрыть]
ва мусиқанинг илоҳий қуввати ва лаззатини ҳис этиб, умр бўйи тарк этмаган.

Шамс Табризийнинг шеърлар девони ҳамда «Мақолот» номли пандномалар, нутқу суҳбатлар мажмуаси мерос қолган. Уларнинг барчаси илоҳий ишқ таърифи ва сўфиёна мулоҳазалар мажмуидир. Румий ўзи битган «Девони Шамси Табризий»си билан уни абадийлаштирди. Шарқшунос М. Занд «Биз бу девонда Румийни кўрамиз, Шамси Табризийни ҳис этамиз, идрок этамиз» деганда мутлақо ҳақ эди.

Шамс Табризий 645/1247 йилда мухолифлар томонидан шаҳид қилинган. Жалолиддин Румий бу айрилиққа чидолмай, ҳижрон азобларини шеърий мисраларда акс эттирган. «Форсий Қуръон» деб улуғланган «Маснавийи маънавий» асари Мавлононинг Шамс Табризийга бўлган беқиёс муҳаббати изҳоридир:

 
Қанча этмай ишқни шарҳу баён,
Ишққа дуч келсам хижилдирман ҳамон.
Ақл ишқ шарҳида ожиз не тариқ,
Ишқ не, ошиқ недир, англатди ишқ.
Шамсдек ушбу жаҳонда шамс йўқ,
Шамси жон боқийдир, унга амс йўқ.
Шамс фарддин жаҳонда, мен атай,
Унга ўхшаш Шамсни тасвир этай.
Шундайин бир Шамским, борлиқ асир,
Ҳам шуурда, ҳам жаҳонда беназир.
То етишди бизга Шамсуддин юзи,
Кўкда пинҳон бўлди Шамснинг орази.
Эслагил йилларча хуш суҳбатларинг,
Суҳбат айлаб, топган ул неъматларинг.
Ул қуёшким, бизга кўкдин нур тарар,
Гар яқинлашса, жаҳонни ёндирар.
Фитна, хунрезликни орзу этмагил,
Шамс Табризийни, қўй, эслатмагил…
 
* * *

Мавлоно Жалолиддин Румий Шамс Табризий мадҳида деди:

– Яхшиликка чақирувчи улуғ мавлоно – жонларнинг хулосаси, чироқ, шиша, чироқдоннинг сири, дин ва ҳақиқат қуёши, аввалги ва охиргиларга Аллоҳнинг нуридир.

* * *

Усмон Нурий Тўпбоши деди:

– Шамс билан кўришишдан олдин Жалолиддин Румий оддий инсон эди. Бу танишувдан кейин у илоҳий ишққа мубтало бўлган олим ва сергак бир ориф киши ҳолига келди7878
  Усмон Нурий Тўпбоши. Маснавий боқчасидан. Бир кўза сув. –188-б.


[Закрыть]
.

* * *

Қачонгача умрингизни фалончининг сўзию пистончининг ҳикмати деб зое этасиз. Асл моҳияти билан ўзингизники бўлган ўз сўзингиз қани?

* * *
 
Шамсу қамарам омад, самъу басарам омад,
Ва он симбарам омад, он кони зарам омад.
Имрўз беҳ аз дина, эй муниси дерина,
Ди маст бадан будам, ки аз вай хабарам омад.
Он каски ҳамежустам, ди ман бечаро ўро,
Имрўз чу танга гул дар раҳгузорам омад.
Аз марг чаро тарсам, ки оби ҳаёт омад,
Ва зи таъна чаро тарсам, чун ў сипарам омад.
 

(Шамсу қамарим келди, нури басарим келди, олтин баданим, кони зарим келди. Эй азалий дўст, бугун кечадан яхши, кеча карахтбадан эдим, унга жон келди. Кеча-кундузи чироғ билан қидирганим бугун пойимга гултўша келди. Ўлимдан қўрқмасман, оби ҳаётим келди, таънадан ҳайиқмасман, қалқоним келди.)

* * *
 
Бошга кўтариш фалакни – бу важд эмас,
Беҳудлик аро ё етказиш ўзга шикаст.
Чин важд будир – етти фалак поясини
Ким ҳиммати олдида агар айласа паст.
 
* * *
 
Ринд аҳли табиати азалдан шундай,
Шод ким яширин сирни фош этса жиндай.
Мўмин дину сўфий эътиқоддан қайтди,
Тарсо кириб исломга, ошиқ ичгай май7979
  Шамсиддин Табризий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 160-бет.


[Закрыть]
.
 
* * *
 
Хуршидга ҳожиб ўзинг, уммидга вожиб ўзинг,
Матлаб ўзинг, толиб ўзинг, ман мунтаҳо, ҳам мубтало.
Бу сукр ила ҳалдир ақл, бу нақл ила ҳалдир нақл,
Бу сақлу нону дон учун ҳеч арзимайдир можаро.
 
* * *
 
Эй дил, ўшал тақсирлар узрига не кўрдинг раво?
Ундан сенга меҳру вафо, сендан унга жабру жафо.
Лаззатга боис не эрур? Аччиқ бу доннинг хушлиги,
Хушликка боис не эрур? То бағрин очгай авлиё.
 
* * *
 
Унинг лутфида лутфи бор, бўлибмен беқарор, эй дил,
Дилимда чашми ҳайвон, танамда лолазор, эй дил.
Ўшал шоҳ юзини кўрсам дея ҳар сарв остида,
Юзи ойдек малиҳ Юсуф, латифу гулузор, эй дил.
Руҳонийдир ва жисмоний отибдир яхшилар сори,
Жисм ҳам руҳи ишқдан ва савдодан шарор, эй дил.
Жаҳонни қўй, уни дегил, бу олам ғор эрур, эй дил,
Чиқаргайдир сени лутфи агар зулматда ғор, эй дил.
Гулистонлар ва райҳонлар, шақойиқлар, ажойиблар,
Ҳама тупроқу бод ичра, ҳама сувдир-да нор, эй дил.
Қўлинг қарсиллатиб ўйна, Худонинг ишқида сармаст,
Агар ўпсанг, бўлурсан офату ғамдан канор, эй дил.
Қасам бу пок Шамснинг пок жонига, Худовандо,
Қанот бергай агар қилсанг бу оламдан фирор, эй дил.
Оёғин хоки иксир Шамс хоки пойига онтким,
Топарсан жон агар қилсанг жонингни нисор, эй дил.
Бугун ҳажрида саргашта, ёнурман оташи ишқда,
Хаёли бирла махмурман, агарчи жон фигор, эй дил.
Бу савдолар ҳақи маъшуқ менга лутф айлади толе,
Қўли бирлан узатди бахт, бўлгил сарфароз, эй дил.
Кўрибман Шамс ғайбда бағоят кўп иноятлар,
Бўлиб мағрур хосса масту мажнуну хумор, эй дил.
Мени мендан жудо қилди, йитиб қўрқув ва даҳшатлар,
Тополмас жисмига йўл ҳеч, нигоҳига ғубор, эй дил.
Чунон ҳилму чунон тамкин, чунон сабри Худовандий,
Ки бундай сабрида Айюб бўлолмас унга ёр, эй дил.
Умидим шулки, эй ғамгин кўнгил, ногоҳ келар ёр деб,
Бу жонни юз макр билан ўзингга айла дор, эй дил8080
  Шамс Табризий. Ғазаллар / Форсийдан Асқар Маҳкам таржимаси. – Т.: «Ўқитувчи», 2006. 7–8, 83–84-бетлар.


[Закрыть]
.
 

56. АЗИЗИДДИН НАСАФИЙ

Ўз даврининг машҳур мутафаккири, файласуф ва шоири Абдулазиз ибн Муҳаммад Насафий 638/1240 йил Насафда туғилган. Мутафаккир бошланғич илмини Қаршида олиб, сўнг Бухорода давом эттиради. Фалсафа, тасаввуф, тиббиёт ва калом илмини пухта эгаллайди. Насафий мўғуллар истилоси даврида бир оз вақт Бухорода яшаган. Сўнг Хуросоннинг Баҳрободига бориб замонасининг забардаст донишмандларидан бири Саъдуддин Ҳуммуйий (ваф. 650/1252 й.) дан кубровийлик тариқати сулукидан таълим олган. Устозининг ижозати билан Исфаҳон ва Шероз шаҳарларига бориб, замонасининг буюк шайхлари билан ҳамсуҳбат бўлган.

Азизиддин Насафийдан «Ал-инсон ал-комил», «Баён аттанзил», «Зубдат ул-ҳақойиқ», «Мақсади ақсо», «Кашф улҳақойиқ», «Мифтоҳ ул-асрор», «Асрор ул-қобилият», «Сулуки мақомат», «Манозил ус-соирин», «Маротиб ур-руҳ», «Нузул ва уруж», «Усул ва фуруъ», «Мабдаъ ва маъод», «Нур», «Ваҳдат ул-вужуд», «Нафси инсоний» каби рисолалар мерос қолган.

Насафий асарларида ишқ, фано, бақо, зикр, ҳақиқатнинг назарий жиҳатларини баён қилиб, ўзигача бўлган тасаввуфий таълимотларни қиёсий ўрганиб, ўзига хос янги ақидалар билан бойитган. Азизиддин Насафий ижодида инсон шарафи муҳим ўрин тутади. Инсон жисм ва руҳдан иборат, одам борлиқ мевасидир. Вужуд силсиласининг мартабалари унинг хизматида. Олам яратилиши, барча улуғлиги ва азаматлиги билан бир инсондек ҳисобланади. Одам ёлғиз ҳолда барча оламларнинг жамловчисидир8181
  Доктор Абдулризо Сайф. Азизиддин Насафийнинг ҳаёти ва ижоди. Сино журнали. №7. 14-бет.


[Закрыть]
.

Аҳмад Меҳдавий «Кашф ул-ҳақойиқ» асарини Теҳронда, Море Жан Малье «Ал-инсон ал-комил» асарини Парижда чоп эттирганлар. А. Мюллер Азизиддин Насафийнинг «Мақсал ул-ақсо», асарини лотин тилига таржима қилган. Тасаввуфшунос олим Н.Комилов Азизиддин Насафийнинг «Зубдат ул-ҳақойиқ» асарини таржима қилган.

Умрининг охирги йилларини Язд вилоятининг Абиркўҳ кентида ўтказган Азизиддин Насафий 731/1330 йилда вафот этган. Қабри ҳам шу ерда.

* * *

Азизиддин Насафий дейди:

– Билгилки, комил инсон шундай инсонки у шариат, тариқат ва ҳақиқат борасида етукдир. Комил инсон деб шундай инсонни айтамизки, унда тўрт нарса камолга етган бўлади: яхши сўз, яхши амал, яхши хулқ ва маърифат. Унинг тили поку дили пок, иши ва ниятлари покдир.

* * *

Азизиддин Насафий дейди:

– Оламда донолар кўп, аммо (комил инсон) оламнинг қалбида бўлади, бирдан ортиқ бўлмайди. Бошқаларнинг ҳар бири ҳар хил мартабада бўлади ва у эса оламнинг ягонаси. У оламдан ўтса, бошқа бири унинг даражасига етади ва унинг ўрнига ўтиради. Зеро олам қалбсиз бўлмайди.

* * *

Азизиддин Насафий дейди:

– Комил инсон халқ орасида ростликни барқарор этиш ва ёмон одат-русумларни халқ орасидан кўтариш ва одамлар ичида эзгу қонун-қоидаларни жорий этиш, одамларни Худо йўлига чорлашни энг яхши ибодат деб билади. Комил инсон оламнинг сири ва қутбидир, шу сабабданки, у илмнинг муҳити-манбаидир, олимдир, ҳар бир нарсани ўз жойида кўради ва ўз мавқеида баҳолаб, адолат қила олади.

* * *

Азизиддин Насафий дейди:

– Агар инсон Пайғамбарларга иймон келтириш ва улар суннатига амал қилса ва умрини тоат-ибодат билан ўтказса, уни «солиҳ» ва «соҳиб тақво» деб, унинг руҳини «тақволи солиҳ руҳи» деб атайдилар. Агар инсон сурункали ибодат устига, дунёдан буткул юз ўгирган бўлса, уни «зоҳид» деб, унинг руҳини «зоҳид руҳи» деб атайдилар. Агар инсон нарса-ҳодисаларнинг ботиний моҳиятини англаса ва тақлид чегарасидан ирфон чегарасига қадам қўйган бўлса, уни «донишманд» («ориф») дейдилар ва унинг руҳини «донишманд («ориф») руҳи» деб айтадилар. Агар инсон ирфоний маърифат устига боз Ҳақ таоло уни ўзига қурб (яқин) қилиб танлаган ва муҳаббатига мушарраф этиб, қалбини нури билан ёритган бўлса, уни «валий» деб, унинг руҳини «валий руҳи» деб атайдилар.

* * *
 
Ҳеч ким бу жаҳонда мен каби хор бўлмас,
Бадбахту ғарибу зору ночор бўлмас.
На мулку на рўзғору на ёру на дил,
Кофир-да бу қисматга гирифтор бўлмас.
 
* * *
 
Жамшид жоми деб қанча югурдим-елдим,
Кундуз-кеча уни деб юракни тилдим.
Таърифини устоздан эшитгач, ўзим,
Ул жоми жаҳоннамо эканман, билдим.
 
 * * *
 
Бир кун ўчирар фано сели ёдимни,
Ҳоким совуриб, бергуси барбодимни.
Ёрим этагига тегмасин асло ғубор,
Ўтса кўйидан олиб гирдбодимни.
 
* * *
 
Эй, нусхасисан илоҳий номани ўзинг,
Ҳақ ҳуснининг ойинасидир нурли юзинг.
Йўқ ҳеч не жаҳонда сендан ташқарида,
Ҳар не тиласанг, ўзингдадир – кўрса кўзинг8282
  Азизиддин Насафий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 215–216-бетлар.


[Закрыть]
.
 

57. САЙЙИД АЛИ ҲАМАДОНИЙ

Саййид Али Ҳамадоний 714/1314 йилда Эроннинг Ҳамадон шаҳрида зиёли оиласида дунёга келган. Отаси ёшлигиданоқ унинг тарбиясига жиддий эътибор берган. Унинг вафотидан сўнг Алининг тарбияси билан тоғаси Алоуддин шуғулланган. Математика, астрономия, тиббиёт, Шарқ мамлакатлари жўғрофиясини ўргатган. Табиий фанларни мукаммал эгаллаб бўлгач, Алоуддин жияни Саййид Алини тасаввуф шайхлари Али Дўстий ва Маҳмуд Маздақонийнинг қўлига топширган. Ҳамадоний улардан тасаввуф таълимоти бўйича дарс олган.

Саййид Али Ҳамадоний Шарқнинг барча мамлакатларини кезиб чиқиб, кўплаб шогирдлар ва муридлар орттирган. Араб мамлакатларида бўлган.

Ҳамадоний 774/1372 йилда Хатлон вилоятининг Алишоҳ қишлоғига келган. Бу жой Саййид Алига ёқиб қолиб, бир умрга шу ерда яшаган. Уйланиб бола-чақали бўлган.

Саййид Али Ҳамадоний машҳур олим, тасаввуф таълимоти жавонмардлик (борини йўқлар билан баҳам кўриб, кун кечириш) оқимининг пешқадам донишманди сифатида шуҳрат қозонган.

Кашмирда Исломнинг тарқалиши ва ислом маърифатини ерли халққа сингдирилишида Али Ҳамадонийнинг хизмати каттадир. Саййид Али 779/1374 йилда буюк Соҳибқирон Амир Темур маслаҳати билан 700 шогирдини олиб Кашмирга борган. Илмий мажлислар ўтказиб, халқни ўзига эргаштирган.

Умрининг қолган йилини Кашмирда мусофирчиликда ўтказган Али Ҳамадонийнинг ҳаёт йўли барчага ибратдир. У ҳар бир сўфий, шайх, дин арбобидан мукаммал билим, бирон касб эгаси, исломий фарз ва суннатларни, билимларни элга ўргатиб, ҳалол ҳамда фидойи бўлишини талаб қилган. Шунинг учун унинг муридлари касб-ҳунар эгаси бўлишган. Саййид Али қалпоқ тикишдан келадиган даромад эвазига кун кечирган.

Саййид Али Ҳамадонийдан «Одоб уш-шайх», «Маърифат ун-нафс», «Китоб ул-жавонмард» каби юздан ортиқ рисолалар ҳамда араб ва форс тилидаги шеърлар девони мерос қолган. Саййид Али «Шарҳи фусус ул-ҳикам», «Шарҳи қасидаи форизия», «Шарҳи заҳират ул-мулук», «Шарҳи асрор ул-нукот», «Шарҳи асмоъ-уллоҳ» каби асарларни тасниф қилган.

Саййид Али Ҳамадоний 786/1384 йилда Кашмирда вафот этган. Қабри Хатлоннинг Алишоҳ қишлоғида. Унинг мақбараси мўътабар зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.

* * *

Алишер Навоий деди:

– Зоҳир ва ботин илмида улуғ эмиш. Ва аҳли ботин илмида «Асрор ун-нукот» китобидек мусаннафоти бор. «Асмоуллоҳ» шарҳи, «Фусус ул-ҳикам» шарҳи, «Қасидаи хамрияи Форизия» шарҳини битибди. Уч қатла рубъи маскунни (дунёни) айланиб, минг тўрт юз валий суҳбатига мушарраф бўлган. Бир мажлисда тўрт юз валийни топибди.

* * *

Шарафуддин Роқимий деди:

– Саййид Али Ҳамадоний раббоний олам олими, маъоний дорул мулкининг эгаси. У зотни «Алийи соний» дер эдилар.

* * *

Саййид Али Ҳамадоний ҳикоя қилади.

– Бир куни эрталаб тоғам Алоуддин томдан тараша тушгандай деди:

– Мен сени ўқитиб бўлдим, энди қўшни маҳалладаги Шайх Али Дўстийдан таълим оласан.

Мен Шайх Али Дўстийдан тасаввуф таълимотининг зикр, сабр, сидқ, вафо, нафс, риёзат, фано каби қоидалари бўйича дарс олдим. Кунларнинг бирида борсам, устозим нима юмуш биландир банд экан. Менга ҳовлининг бир бурчагида ётган катта харсанг тошни у бурчагига олиб бориболиб келишни буюрди. Мен чошгоҳгача шу ишни бажариб, терлаб-пишиб кетдим. Устозим ўз ишларидан бўшаб, мен билан сабоқ бошлади. Гап орасида сўрадим:

– Устоз, каттакон тошни бекорга у ёқдан бу ёққа кўтариб бориб, кўтариб келишнинг фойдаси нима?

Шайх Али Дўстий бир оз жим турда-да, ковушларини оёқларидан ечиб, олиб деди:

– Унинг фойдаси мана бу бўлади.

Шайх Али Дўстий ковуш билан орқамга чунонам туширдиларки, ковушнинг наъқали баданимда нақш боғлади. Кейинчалик шайх қўлига тушган ҳар бир шогирд ҳам жисмоний, ҳам ақлий жиҳатдан чиниқиши, бирон дақиқа ҳам бекор қолмаслиги, устозига ҳеч қандай ножўя савол билан мурожаат қилмаслиги, унинг ҳар қандай топшириғини сўзсиз бажариши шарт эканини билдим.

* * *

Саййид Али Ҳамадоний шундай ҳикоя қилади.

– Тасаввуф илмидан Маздақонийдан таълим олар эдим.

Бир куни у менга деди:

– Сен бу дунё-ю у дунёга керакли барча билимларни ўрганиб бўлдинг. Аммо ҳаётни яхши билиш ва инсон қалбини тўғри тушуниш учун сафар қилиб, юрт кезиш лозим.

Маҳмуд Маздақоний менга қуруқлик ва сув юзида сайр қилишни маслаҳат берди. Мен устозимнинг тавсияси билан сафарга чиқдим. Мусофирлик ҳаётим йигирма бир йил давом этди.

* * *
 
Дар канори хеш меёбам дамо-дам бўйи ёр,
З-он ҳаме гирам дамо-дам хештанро дар канор.
На мёнашро каноре, на канорашро миён,
Ва зи миёни оташин ишқаш намеёбам канор.
 

(Ўз гўшамда дамо-дам ёр ҳидини топаман, шунинг учун ўзимни дам-бадам кунжакка оламан. Аслида (унинг) ўртаси ҳам, гўшаси ҳам бўлмас. Шунинг учун ишқи оташи орасида ҳудуд топмасман).

* * *

Саййид Али Ҳамадоний икки йил Шайх Али Дўстийдан таълим олиб, Маздаконга қайтаркан, хайрлашиш учун устозининг ҳовлиси яқинига келди. Ўша куни шайх доимий одатига кўра ҳовлисидан чиқмади. Дўстларидан бири деди:

– Устоз билан унинг кулбасига кириб хайрлашиб кетавер.

Саййид Али устозининг уйига кирса, Али Дўстий саждага бош қўйган ҳолда жон таслим қилган эди.

* * *

Саййид Али Ҳамадоний Шайх Азконийнинг хонақоҳида туш кўрди. Тушида Азконий унга бир лочин туҳфа қилди. Шайх лочинни фарзанд деб тушуниб, тезда уйланди. Аллоҳ таоло ҳақиқатда ҳам унга ўғил берди. Фарзандининг исмини Муҳаммад қўйди.

* * *

Саййид Али Ҳамадоний нақл этди: ҳаж сафарим ўн ой давом этди. Қаерда дам олиб ётсам, Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан «Тур, халқни исломга даъват эт» деган нидо келарди. Шунинг учун бирон манзилда муқим турмадим, бирон шаҳарда икки ойдан зиёд яшамадим.

* * *

Кашмир подшоҳи Султон Алоуддин тушида офтобнинг жанубдан чиққанини кўрди. Будда роҳибларини йиғиб, тушининг таъбирини сўради.

Будда роҳиблари айтди:

– Эй подшоҳ, Мовароуннаҳр заминидан бир киши келиб, ҳаммамизни мусулмон қилади.

Ҳақиқатдан ҳам тез кунда Саййид Али Ҳамадоний Кашмирга бориб, бутун халқни исломга даъват этди.

* * *

Саййид Али Ҳамадоний Амир Барлос билан Соҳибқирон Амир Темур ҳузурига борди. Суҳбат давомида Амир Темур шайхдан сўради:

– Устози аржуманд, нега қора либос кийиб, қора салла ўраб юрасиз?

Саййид Али Ҳамадоний деди:

– Улуғ амир, мен Ҳақ йўлида ҳар икки нафсни шаҳид этганман. Уларга мотам тутиб, қора либос кияман.

* * *

Саййид Али Ҳамадоний бир сафар 700 нафар муриди билан Кашмирга борди. У ўз дўстлари ва яқинлари билан Алоуддин маҳалласидаги Абҳат (ҳозирги Чаҳрам) анҳори соҳилига жойлашди (кейинчалик бу манзилда «Шоҳи Ҳамадоний» номли хонақоҳ, жомеъ масжиди бунёд этилган). Ҳар куни Ҳамадоний аср намозидан сўнг бир баландликда одамларга ваъз айтиб, маҳаллий тилга таржима қилдирар, унинг мажлисига ҳинд ва будда роҳиблари ҳам келган. Баъзан мажлис баҳсу мунозарага айланиб, Шайх Али теран ақл-заковати, ўткир зеҳни, исломий тафаккури билан ғолиб келаркан. Мажлис тугагач, кўпчилик ғайридинлар исломни қабул этишган.

* * *

Ҳайдари Бадахший «Мастурот» рисоласида келтиришича, Али Ҳамадоний Хатлондалигида Ҳазрати Расулуллоҳ тушига кириб дейди:

– Эй Саййид Али, сенинг хокинг шу ерда бўлади.

Саййид Али хайрли башоратдан мамнун бўлиб, кўрган тушини муридларига айтган.

Муридлар сўрадилар:

– Эй шайх, сизнинг умр риштангиз қачон узилади?

Саййид Али Ҳамадоний деди:

– Шу кундан бошлаб, уч йилу бир кеча кундуздан сўнг умрим поёнига етади.

Муридлар бу сўзлардан зор йиғлашган. Ҳақиқатдан ҳам Саййид Али ўзи айтган кунда вафот этган.

* * *

Саййид Али Ҳамадонийнинг вафотидан хабар топган Султон Қутбиддин жасадни Кашмирга элтиб дафн этиш учун одам юборади. Шаҳар ҳокими Саййид Алини ўз вилоятида дафн этмоқчи эди. Хатлонлик муридлар устозининг васиятига кўра, мурдани ўзлари олиб кетмоқчи бўлишади. Жиддий тортишув бўлади. Мурдани кафанга олгач, шайхнинг муриди Кавомиддин Бадахший дейди:

– Ким Ҳазрати Саййид Алининг жасадини ўрнидан қўзғата олса, уни хоҳлаган ерига элтиб кўмиши мумкин.

Бу сўздан йиғилганлар ҳайратга тушади. Кашмирликлар ва Поҳли халқи бирин-кетин Саййид Али Ҳамадоний мурдасини кўтариб, олиб кетишга уринади. Лекин ҳеч ким уни ўрнидан қўзғата олмайди.

Шайх Қавомиддин Бадахший дейди:

– Энди навбат бизга келди.

Шайх Қавомиддин устозининг мурдасини бир ўзи икки қўлида даст кўтариб муридлар билан йўлга тушади. Ҳеч ким Саййид Алини Хатлонга элтиб кўмишга монелик қилмайди.

* * *

Фалокатга дучор бўлишни истамасанг, мағрур ва мутакаббир бўлма.

* * *

Роҳатда яшашни истасанг, дилингни ҳирсдан пок қил.

* * *

Хор-зорликни истамасанг, тамагир бўлма.

* * *
 
Дардим кўпу дийдоринг эмиш дармоним,
Гар бўлмаса гул юзинг замон-замоним.
Ҳеч кимга дил келмасину ҳеч танга,
Бу дарду балоки, чекди хаста жоним.
 
* * *
 
Дил тўла ғаму бир куни битгай ғам,
Мен ҳам кетаман шоду умидвор, хуррам.
Ҳеч ким бу улуғ даргоҳ остонасидан
Кетганмас умидсизу умидвор мен ҳам8383
  Саййид Али Ҳамадоний / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар// Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 276-бет.


[Закрыть]
.
 

58. ХОЖА АБУ ИСҲОҚ ХАТЛОНИЙ

XIV асрнинг йирик машойихларидан бири Хожа Абу Исҳоқ Хатлоний Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан бирида дунёга келган.

Хатлоний йигитлик палласида машҳур Шайх Саййид Али Ҳамадоний ҳузурига – Хатлон (Кулоб)ни Али Шоҳ қишлоғига бориб таҳсил олган. Замонасининг барча билимларини мукаммал эгаллаган Абу Исҳоқ Ҳамадоний қўлидан хирқа кийган. Абу Исҳоқ Хатлоний устози Абу Исҳоқ Ҳамадонийнинг қизига уйланиб, умрининг охиригача Хатлонда қолиб кетган.

Саййид Али Ҳамадоний вафотидан сўнг қирқ йил давомида унинг ўрнида устозлик қилиб, халқни маърифатга ҳидоят этган. Саййид Абдуллоҳ Барзишободий – Машҳадий ҳамда Саййид Муҳаммад Нурбахш Хатлонийнинг шогирдларидир.

Хатлоний тасаввуфга доир кўплаб илмий рисола ва шеърлар битган.

Хатлоний 847/1443 йилда темурий шаҳзода Шоҳрух Мирзо фармони билан қатл этилган.

59. ШАЙХ ТОЖИДДИН ҲУСАЙН ХОРАЗМИЙ

XIV асрнинг охири ва XV асрнинг биринчи чорагида яшаб ўтган машҳур Шайх Тожиддин Ҳусайн Хоразмийдир. Ҳусайн 770/1368 йилда Хоразмда туғилган. Унинг отаси Шайх Шиҳобуддин Ҳасан асли Машҳаднинг Тобадгонидан эди. Жўжилар ҳукмронлиги даврида Хоразмга кўчиб бориб, муқим яшаган.

Ҳусайн Хоразмий ҳақиқат ва маърифат фидойиси бўлиб, Шайх Имодиддин Фазлуллоҳ Машҳадий ёрдамида Шайх Хожа Муҳаммад Хажушоний хизматига кирган.

Ҳусайн Хоразмий оз фурсатда устозининг эътиборини қозониб, унинг яқин кишиларидан бирига айланган. Хожа Муҳаммад Хажушонийнинг вафотидан сўнг Нишопурга борган. Ҳусайн Хоразмий Ғулом Али Нишопурийга мурид тушиб, унинг қўлидан хирқа кийган.

Ғулом Али Нишопурийнинг вафотидан сўнг кубровия тариқати сулукини бошқарган. Умрининг охирги йилларини Тобадгонда ўтказган.

Ҳусайн Хоразмий «Мақсад ул-ақсо» асарини ёзган. Алишер Навоий қайд этишича, Жалолиддин Румийнинг «Маснавийи маънавий» китобига шарҳ битган. Ибн Арабийнинг «Фусус ул-ҳикам» китобига тафсир ёзган. «Қасидаи бурда»ни туркий тилга таржима қилган.

Ҳусайн Хоразмийнинг форс тилидаги шеърлари Нуралишоҳий Тустарийнинг «Мажолис ул-мўминин» китобида келтирилган.

Ҳусайн Хоразмийнинг мухолифлари унинг ғазалини нотўғри талқин этиб, туҳмат уюштиришган. Шоҳрух Мирзо буйруғи билан куфрда айбланиб, Ҳиротга олиб келинади. Ҳусайн Хоразмийнинг орифона жавобларидан қониқиш ҳосил қилгач, Хоразмга кетишига изн берилган. Ғазал қуйидагича:

 
Эй дар ҳамин одам пинҳон туиву пайдо ту,
Ҳар дарди дили ошиқ, ҳам асли мудаво ту.
 

(Эй бу дунёда пинҳон ҳам ўзинг, пайдо ҳам ўзинг, ошиқ дилига дард ҳам ўзинг, даво ҳам ўзингсан.)

Америкалик шарқшунос олим Девин Дэвис Ҳусайн Хоразмийнинг асарлари каталогини тузган. Унга кўра, Ҳусайн Хоразмий «Жавоҳир ул-асрор ва завоҳир ул-анвор» (Румийнинг «Маснавий»си шарҳи), «Канз ул-ҳақойиқ фи румуз ул-дақойиқ», «Насиҳатномаи Шоҳий», «Шарҳи мухаххас», «Мақсад ал-ақсо», «Девон», «Кашф ул-Ҳақ» каби асарлар муаллифидир.

Ҳусайн Хоразмий 840/1436 йилда вафот этган. Қабри Тобадгонда.

* * *
 
Қисмабди Худованд ақл сармоясидан,
Безабди у фитратинг ақл поясидан.
 
* * *
 
Ёш бўлсанг ҳам, илм оламида пирсан,
Топибди дилинг тарбият ақл доясидан.
 
* * *
 
Сен Ҳақнинг агарчи боғлаган нақшисан-эй,
Ишқига қаноат айласанг яхшисан-эй.
Мол-дунёнг агар сенга вафо қилмас экан,
Ҳар икки жаҳонда бўл Ҳақ жонбахши сан-эй.
 
* * *
 
Ишқ куйини бизда доирадек чаламиз,
Чин бандаларингнинг сафидан жой оламиз.
Чалсанг най этиб, жаҳонда ўтлар соламиз,
Чалмасдан агар қўйсанг, жим қоламиз8484
  Ҳусайн Хоразмий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар // Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 331-бет.


[Закрыть]
.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации