Текст книги "Хоразм Маъмун академияси ўтмишда ва ҳозир. Хоразм Маъмун академияси ташкил топганлигининг 1000 йиллигига боғишланади"
Автор книги: Ибадулла Байджанов
Жанр: Прочая образовательная литература, Наука и Образование
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 6 страниц)
АБУ РАЙХОН БЕРУНИЙНИНГ
СИЁСИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ ҚАРАШЛАРИ
Я. Олламов, Урганч Давлат университети юридик фанлари номзоди
А. Олламов, Тошкент Давлат юридик институти 2 босқич талабаси
Тарихнинг гувоҳлик беришича, курраи заминда одамлар пайдо бўлибдики, донишмандлар жамият ва инсон, инсоннинг жамиятдаги ўрни ва вазифалари, инсоннинг шахсий талаблари ва эҳтиёжларини қондириш, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари масалаларининг ечимларини топишга ҳаракат қилиб келади. Бу масалалар Абу Райҳон Берунийнинг (973 – 1048) сиёсий ҳуқуқий қарашларида озми кўпми ўзининг ифодасини топганлигини кўрамиз. Берунийнинг сиёсий қарашларида давлатнинг вужудга келиши, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва роли билан боғлиқ масалалар алоҳида ўрин эгаллайди. Бу масалаларни талқин этишда унинг сиёсий қарашларида давлатни сиёсий ҳодиса сифатида тушунган ҳолда унга нисбатан ўз муносабатини билдирганлигини кўрамиз.
Берунийнинг сиёсий ва ҳуқуқий таълимотида инсон, унинг бахт саодати, таълим тарбияси, одоб ахлоқи, бурчи, масъулияти, ҳуқуқ ва эркинликлари бош муаммо ҳисобланади.
Мутафаккир талқинида инсон табиатнинг бир қисмигина эмас, балки энг олий камолотидир. «Минерология» асарида қайд қилинишича, инсон зоти барча ҳайвонлардан юқори туради, ер юзини обод этиш, бошқариб туриш учун унга ақл заковат кучи армуғон этилган. Инсон маз– мун мохияти, табиатига кўра анчайин мураккабдир. Инсоннинг инсонлиги ўзи хақида қайғуришда эмас, балки ҳамиша ўзгаларнинг бахт соадати ҳақида ўйлашидадир. Ҳар бир инсоннинг қадр қиммати, ўз ишини қойил– мақом қилиб бажариши, одоби, иймон эътиқоди билан ўлчанади. «Инсон ўз табиатига кўра, – дейди. Беруний, – мураккаб танага эгадир. Инсоннинг танаси бир бирига қарама қарши қисмлардан иборат бўлиб, бу қисмлар тобелик кучи асосида бирлашганлар».
Беруний талқинича, ҳамма одамларда ўзаро бир бирига ўхшай– диган ва айни пайтда фарқ қилиб турадиган жиҳатлар ҳам мавжуддир. Одамлар ўртасидаги ўзаро фарқларнинг табиий ва ижтимоий сабаблари устида фикр мулоҳазаларни баён этиб, у шундай дейди: «Одамлар тузилишларининг ранг, сурат, табиат ва аҳлоқда. Турлича бўлиши фақат– гина насабларнинг турличалигида эмас, балки тупроқ, сув, ҳаво ва ернинг (одам) яшайдиган жойларнинг турличалигидан ҳамдир. Таналарнинг турлича бўлишига сабаб, одамларнинг гуруҳларга ажралиб кетиши, бир биридан узоқ туриши, уларнинг ҳар бирида турли хоҳишларни ифодалаш учун (зарур) бўлган сўзларга эхтиёж туғилишидир. Узоқ замонлар ўтиши билан, ҳалиги иборалар кўпайиб, ёдда сақланган ва такрорланиш натижасида таркиб топиб, тартибга тушган».
Жамиятнинг юзага келиши ва ривожланиши, инсоннинг маънавий аҳлоқий қиёфасининг шаклланиши. Кишиларнинг хамкорликда фаолият этиш заруратидан келиб чиққанлиги, Беруний сиёсий таълимотида ўз ифодасини топганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Унинг фикрига кўра, кишилар ўзларининг зарурий эхтиёжларини қондириш учун уюшган ҳолда яшаш ва ишлашга мажбурдирлар. У «Минерология» асарида кишиларнинг эхтиёжлари турли туман ва кўп бўлиши, фақат бир неча кишилар уюшмасигина уни қондириши мумкинлигини, ана шунинг учун одамлар шахарлар, барпо этишга интиладилар, деб ҳисоблайди: «Эҳтиёжлар турли туман ва саноқсиздир. Фақат уларни бир қанча кишилар биргаликда таъминлай олишлари мумкин. Бунинг учун кишиларда шахарлар ташкил этиш зарурати туғилади». Беруний ўз фикрини давом эттириб, «Одам эҳтиёжининг кўплиги, ҳимоя қилиш қуролига эга бўлмаганлиги, бир бирини ёввойи ҳайвонлардан ва душмандан ҳимоя қилиш зарурлиги, ўзини ва бошқаларни моддий таъминлаш учун бирор ишни бажариши лозим бўлганлиги туфайли ўз қариндош уруғи билан жамиятда бирлашишга мажбур бўлган» деган хулосага келади.
Шунингдек, Беруний одамлар жамоа бўлиб яшашининг асосий қоидалари ўзаро ёрдам, бир бирлари билан тинч тотув яшаш, умумий манфаат учун ишлашга асосланган бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Мутафаккир ўзининг «Хиндистон» асарида дўст – бўлиб, тинч тотув яшашлиги ғоясини илгари суриб, турли миллатга мансуб бўлган кишилар ўзаро тотувликда яшаганларидагина уларнинг хаёти мазмунли ва баракали бўлиши ҳақида қимматли фикрлар билдирган. Ҳар қандай низо жанжаллар, тож тахт талашиш, зўравонлик, босқинчилик ҳаракатларига қарши турган буюк олим, мамлакатлар ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини олиб бориш ғоясини илгари сурган. Беруний халқлар ўртасида тўғри муносабатни ўрнатишда миллий ва диний чегараланишни бартараф қилиш лозим, деган хулосага келади ва ҳиндларнинг айрим миллатчилик ҳамда махаллийчилик қарашларини кескин қоралайди: «Аҳмоқлик, даъвоси йўқ бир касалликдир, шундайки, уларнинг эътиқодича, дунёда ўз ерларидан бошқа ер йўқ, жинсларидан бошқа халқ йўқ, ўз подшоҳларидан бошқа подшоҳ йўқ, ўзларидагидан бошқа илм йўқ ва динларидан бошқа дин йўқдир. Ўзларини юқори тутиб, беъмани ҳаракат қиладилар ва кибрланиб, билимсиз қоладилар. Ўрганган нарсаларига бахиллик қилиб, ўз жинслари– дан бўлса ҳам, ноаҳил кишига ўргатмайдилар».
Беруний давлат ва ҳуқуқнинг пайдо бўлиши ва уларнинг вазифалари масалаларининг талқин этишда, одамлар ижтимоий адолатли тартиб, қоида ўрнатиш учун давлатга бирлашадилар, деб ҳисоблайди. Мутафаккир давлатнинг шакли масаласида эса мамлакатни шоҳлар мутлоқ хокимлар эмас, балки халқ томонидан сайлаб қўйиладиган одил ва халқпарвар, маърифатпарвар шоҳлар бошқариши кераклиги ҳақидаги ғояни илгари суради ва шу маносабат билан «Минералогия» асарида қуйидаги ҳикоятни келтиради:
«У ерда ўлкани идора қилиш аъёнлари ва ер эгалари ўртасида навбатма навбат бир бирига ўтиб турармиш, кимга навбат келса, ўша уч ой хукм юритармиш. Муддат тугаши билан ўз ўзидан ўлкани идора қилиш амалидан тушиб миннатдорчилик учун садақа беради ва ўз аҳли орасига қайтади, у билан гўё кишандан бўшагандай хурсанд бўлар ва ўз иши билан банд бўларди. Бу шунинг учунки, давлатни идора қилиш ва бошқариш рохатдан махрум бўлиш деган сўздир.
Одамлардан у (ҳоким) учун йиғиладиган тўлов пуллари ҳам махалла қоравулларига бериладиган ҳақ мисолидир, бу худди йўловчилар карвонбоши бўлган кишининг махорати ва даражасининг қадрига яраша ўзаро пул йиғиб беришга ўхшашдир. Унинг вақти ўтиши билан буларнинг ҳаммаси тугайди. Ҳар бир замоннинг ўзига хос одатлари бор. Сўз аҳли (ҳоким ва унинг аъёнлари) буларга риоя қилиш керак, акс ҳолда Низом (қонун) ва бир ҳиллик йўқолса, тартиб ҳам йўқ бўлади…»
Ҳақиқатан ҳам жамиятдаги адолатсизлик, ихтилоф ва низо– жанжалларнинг асосий сабаби шуки, – дейди Беруний, ҳукмдорлар ўз давлатини идора қилиш сиёсатида адолатли қонунлардан тўғри фойдаланмасдан, уни бузиш орқали халққа хиёнаткорлик қиладилар.
Беруний ҳар қандай зўрлик ва адолатсизлик, истибдод ва шафқатсиз– ликларнинг ашаддий душмани эди, у фақат ижтимоий жихатдангина эмас, балки бу масалага ахлоқий ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам ёндашади. Мутафаккир жамиятдаги ахлоқсизликнинг энг ёмон кўриниши зўравонлик ва ўғирликдир, деб бундай тоифадаги кишиларни жазолаш ва қайта тарбиялаш йўлларини кўрсатадики, бу олимнинг инсонпарвар қонуншунос эканлигини тасдиқлайди: «Ўғриликка келсак, ўғирланган нарсанинг миқдорига қараб жазо берилади. Баъзан зўр даражада ва ўрта даражада халқларга ибрат бўладиган жазо бериб, гоҳо қийнаш ва товон тўлатишга, гоҳо халқ ўртасига чиқариб ёйиш ва ошкора қилиш билан тўхтатилади» Беруний бундай кишиларнинг ахлоқий қиёфасини фош этади. Улар тубанликлари туфайли бахт саодатга ёлғон яшиҳ ёрдамига эришишга интиладилар. Улар ёмонликдан ҳадиксираб ёки журъатсизлик ва қўрқув оқибатида ёлғон гапирадилар. Ҳатто улар разолатдан асло тап тормай, уят ва ор – номус, деган нарсани билмайдилар, дейди.
Берунийнинг аҳлоқий – ҳуқуқий таълимотида иккиюзламачилик, ёлғончилик, туҳмат, қўполлик, ўғрилик, бир бирининг пайига тушиш, фақат ўзини ўйлаш, худбинлик ва нотўғри хабар тарқатувчи фитначилар кескин қораланади.
«Шундай кишилар ҳам бўладики, – дейди у, – уларнинг табиатига ёлғон хабар тарқатиш ўрнашиб қолиб, гўё унга шу вазифа юклатилгандек бўлади ва ёлғон хабар тарқатмасдан тинчиёлмайди… Баъзан киши ёлғон хабар тарқатувчига таҳлид қилиб, билмасдан ёлғон хабар тарқатади… Бу хабарчилар биринчи марта атайлаб ёлғон хабар тарқатган киши билан энг яқин бу ёлғон хабарни эшитувчи оралиғида воситачи бўладилар… Ёлғончилик кишини адолатдан юз ўгиртиради, зулм, ёлғон гувоҳлик, омонатга хиёнат қилиш, бошқалар мулкларини хийла билан босиб олиш ўғирлик, дунё ва халқнинг бузилишига сабаб бўладиган бошқа ёмон хулқларни кишилар яхши қилиб кўрсатадилар».
Беруний ҳеч бир инсон ростгўйлик қолиб, ёлғончилик йўлидан юрмаслиги, бошқаларга яхшилик қилиш, башарти, яхшилик қилиш имкониятига эга бўлмаса, у ҳолда яхши тилаклар изҳор этсин, дейди. Худбинлик ва нопоклик кишини инсоний хислат ва фазилатлардан мосуво этади. Инсон номини абадийлаштирадиган, шаънини мукаррамлаш– тирадиган неъмат яхшилик, деган ғоя мутафаккир ахлоқий ҳуқуқий таълимотида муҳим ўрин эгаллайди.
Берунийнинг ростлик, одиллик, адолат ҳақидаги фикр – мулоҳазалари бош дастурий моҳият касб этади. Мутафаккир «Геодезия» асарида ўзингни зараринг ҳисобига бўлсада, рост гапир, ҳақиқатдан юз ўгирма, ҳар бир нарсага одилона ва холисана ёндаш, деб таълим беради: «Ёлғондан қочиб, ҳақиқатга амал қиладиган кишиларгина таҳсин ва мақтовга сазовордир. Ахир, ҳақиқат ҳатто сизнинг ўзингизга қарши бўлса ҳам ҳақиқатни айтинг дейилган-ку». Мутафаккир ўз фикрини давом эттириб, «Подшолар олдида рост гапни гапиришда уларнинг савлатларидан қўрқманг, улар гавдангизга ҳукмронлик қилишлари мумкин, аммо виждонингизга тега олмайдилар», – дейди.
Берунийнинг «Ҳиндистон», «Минерология», «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», «Геодезия» сингари машҳур асарларида инсоннинг ижтимоий моҳиятига доир масалаларга кенг ўрин берилган бўлиб, олимнинг бу борадаги ғоялари, энг аввало, унинг жамиятдаги ижтимоий тенгсизликнинг сабабларини очиб беришга қаратилганлиги билан ажралиб туради.
Беруний ижтимоий тенгсизликнинг асосий сабабларидан бири жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга етарли эътибор берилмас– лигидан эканлигини тушуниб етади ва ҳукмдорларни адолатли бўлишга чақиради. Ижтимоий тенгсизлик ғояси Беруний сиёсий ҳуқуқий қарашларида инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари ғояси билан боғлиқ равишда асослаб берилади. Бунда инсоннинг шахсий ҳуқуқ эркинликларига эга эканлиги унинг жамият ҳаётининг иқтисодий сиёсий ва маданий соҳаларида тенг ҳуқуклилик асосида фаолият кўрсатиши зарурлиги назарда тутилади.
Жамиятда ҳар кишининг меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлиш ғояси Беруний сиёсий – ҳуқуқий қарашларида муҳим ўрин эгаллайди. «Инсоннинг қадр қиммати, ўз манфаатини аъло даражада бажаришдан иборат, – дейди олим, – шунинг учун ҳам инсоннинг энг асосий вазифаси ва ўрни меҳнат билан белгиланади, инсон ўз хоҳишига меҳнат туфайли эришади». Шунга кўра, Беруний киши ўзининг ҳар қандай хоҳиш – истагига меҳнат қилиш орақали эришишини таъқидлаб, бунинг учун инсоннинг меҳнат қилиш ҳуқуқи жамиятда таъминланган бўлиши зарур, деган хулосага келади.
Беруний сиёсий ҳуқуқий қарашларида инсонларни тўғри йўлдан юришга, одил, меҳр оқибатли, вафодор бўлишга, хиёнат қилмасликка, миллат ажратмасликка, юртни, халқни, ватанни севишга, илм ва меҳнатни қадрлашга, инсофли тавфиқли бўлишга даъват этади. Олимнинг қуйидаги илм-у маърифат, биродарлик, самимият, тенглик, адолат, яхшилик, тўғрилик, инсонпарварлик каби умуминсоний ғоялари ёш авлодга эзгуликдан, одамийлик, юксак одоб ахлоқ ва маънавиятдан сабоқ берибгина қолмасдан, балки ёшларимизда янгича миллий тафаккур ва ҳуқуқий маданиятни шаклланишида маънавий, ахлоқий ва сиёсий ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади: «Ҳаким ва олимлар ахлоқидан таълим олиш яхши хулқни тиргизади, ёмон хулқни ўлдиради», «Асаларилар ҳам ўз жинсидан бўла туриб, ишламай уядаги асални еб ётадиганларни ўлдириб ташлайдилар», «Ёлғончидан четланиб, ростгўйликка ёпишган кишини бошқа киши у ёқда турсин, ёлғончининг ўзи ҳам севиб мақтайди», «Тенглик сотқин, алдамчи эҳтирослар, ғам – ғусса бўлмайди», «Нодонлик давоси йўқ бир касалликдир», «Билимсиз кишиларнинг кўнгли хурофотга мойил бўлади», «Беозорларга озор бериб, лаззатланувчилардан худо ўч олсин!»,
«Ҳасад билан ғазаб икки ҳолат бўлиб, ҳаракатга келса, тоза ва чиройли ҳаётларни хира қилиб юборади», «Инсон ҳаётидаги зарурат, эҳтиёжлар уларнинг илмларга бўлган талабини келтириб чиқаради», «Марду майдон шундай одам бўладики, эрта– ю кеч душманга зарар, дўстга фойда келтиради».
Беруний жамият тараққиёти ва истиқболини фан равнақида кўради. «Илмлар кўпдир, – дейди аллома, – улар замон иқболи бўлиб, турли фикр ва хотиралар уларга қўшилиб борса, кўпаяди. Одамларни илмларга рағбат қилиш, илмларни ва илм аҳлларини ҳурматлаш ўша иқболнинг белгисидир. (Айниқса) ҳукмрон кишиларнинг илм аҳлини ҳурмат қилиши турли илмларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Чунки ҳукмроннинг шундай қилиши кишиларнинг дунёнинг (кундалик) зарур ишлари билан овора бўлиб қолган қалбларини турли илмлар (билан шуғулланиш) учун бўшатиб қўяди. Ҳукмроннинг илм аҳлини кўпроқ мақтаб, улардан хурсанд бўлиши ҳам илмларнинг кўпайишига сабаб бўлади…».
Илму маърифатни жамият тараққиётини ва инсон камолатини белгилаб берадиган бош омил деб билганлиги сабабли Беруний бир умр унинг фикри – ёди билан яшади. «Менинг бутун фикри – ёдим, қалбим, – деб ёзган эди аллома, – билимларни тарғиб қилишга қаратилган, чунки мен билим орттириш лаззатидан баҳраманд бўлдим. Буни мен ўзим учун катта бахт деб ҳисоблайман».
БЕРУНИЙНИНГ ТИЛ ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАРИ
Р. Йўлдошев, УрДУ доценти.
Кўҳна Хоразм қадимдан илм-фан, маданият ривож топган, бу соҳаларда кўплаб алломаларни етиштирган ўлкадир.
Жаҳон цивилизациясига бу кутлуғ юртда бундан минг йил илгари ташкил топган, дунёга машҳур қомусий алломаларни бирлаштириб, ўз бағрига олган Маъмун Академияси самарали ҳисса қўшган. Ушбу илм масканида фаолият кўрсатган олимлар ватандошимиз қомусий илмлар соҳиби Абу Райхон Беруний раҳнамолик қилган.
Абу Райхон Беруний Мухаммад ибн Ахмад ал– Беруний кўпгина фанлар қатори тилшунослик билан хам шуғулланган. Бу борада у махсус асар ёзмаган тил хамда тилшунослик масалаларига тўхталган, бу борадаги фикр-мулохазаларини билдирган.
Х-Х1 асрлар яъни Беруний яшаган давр фақат илм-фан сохасида эмас, балки бадиий ижод, тил масалаларига ҳам катта эътибор берилган давр бўлди. Бу даврда барча соҳаларда араб тили асосий ўрин эгаллаган бўлса, унинг ўрнида аста-секин форс-тожик тили фаоллиги сезила бошлаган эди. Абу Мансур ас– Саолибий ўзининг «Йатимат ад-дахр» «Замонасининг ягоналари» асарини араб тилида яратган бўлиб унда Х-Х1 асрларда яшаб ижод этган 124 нафар арабнавис адибнинг номлари зикр этилади. Жумладан, Абу Райхон Беруний хам ўз асарларини араб тилида ёзган эди. Беруний Самонийлар даврида анча ривож топган форс-тожик тилидаги адабиётлардан кам фойдаланган. Аммо бундан Беруний форс тилини билмаган, деган хулоса келиб чикмаслиги керак.
Беруний аниқ фанлар билан шуғулланибгина қолмасдан, бадиий ижод билан хам машғул бўлганлиги маълум. Ғоявий-бадиий эстетик бахра олиш, халкларнинг бадиий тафаккур намуналарини ўзлаштириш билан бирга, адабиёт, тилдан илмий хужжат фан учун мухим далил сифатида фойдалана билган. Айниқса унинг, «Ал жавохир» ва «Сайдана» асарлари шеърий мисолларга, тил фактларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Биргина
«Ал-жавоҳир» асарида 80 дан ортик шоирнинг 740 мисра шеърини келтирганлиги бунинг яққол далилидир. Улар орасида Ўрта Осиёлик шоирлар ҳам бор эди. Уларнинг айримлари араб тилида баъзилари эса ҳам араб, ҳам форс тилида ижод қилган эди.
Олим «Ал-жавоҳир» асарида қимматбахо тошлар ноёб маъданлар ҳақида фикр юритар экан, уларнинг шоирлар ижодида қандай қўлланилганлиги, ҳар бир сўзнинг келиб чиқиши, қайси тилдан ўзлашганлиги, қандай қилиб ташбехга айланганлигини аниқлаб беради, хусусан, ёқутнинг табиий хоссалари. Ранги ва белгилари ҳақида ёзар экан, унинг қизиллигини ифодалаш мақсадида «уфсур», «бахраман, жарол» сўзларини келтириб, бу сўзларнинг аслида форсча бўлиб, қизил бўёк берадиган тоғ ўсимлигининг номи, араб тилида эса улар шакли ўзгарганлигини таъкидлайди. Сўзларнинг маъноларини қисқа, лўнда қилиб изоҳлайди. Беруний ҳар қандай ижодда ҳам, дастлаб уни ўқийдиган ўқувчини кўз олдига келтиради, бунинг учун эса ҳар бир Сўз ва иборанинг барчага тушунарли бўлиши кераклигини уқтиради.
Олимнинг тил, тилшунослик, луғатшунослик, шеършунослик бўйича фаолияти шу пайтгача махсус текшириш объекти бўлмаган. Берунийнинг Абу Таммом ижодига бағишланган «Абу Таммом ашъорига шарх», «Эътиборли кишилар шеъриятидаги фикрларни тушунтириш китоби», шунингдек, форс тилидан араб тилига ўгирган таржима асарлари-«Косим ус-сурур», «Айн ул– хаёт», «Вомик ва узро», «нилуфар», «Додмох ва Киромадухт», «Хурмиздёр ва Мухрёб», « Бамиённинг икки санами» кабилар хануз топилмаган бўлса-да ушбу рўйхатнинг ўзиёк олимнинг бадиий ижод жараёнида тилшунослик масалаларига алоҳида эътибор берилганлигини кўрсатади.
Абу Райҳон Беруний «Ал– жавохир» хамда «Сайдана» асарларида икки мингдан ортик Суз ва терминлар ҳақида фикр юритиб, уларнинг этимологиясини келтиради, ўзаро қиёслайди.
Олимнинг бир неча тилни араб, форс, хоразмий, сугдий, сурёний, яхудий, хинд, туркий ва Юнон тилларини мукаммал билганлиги унга шухрат келтирди, десак хато қилмаган бўламиз.
Беруний яшаган даврда таржимачиликнинг ривожланганлиги, хусусан, кадимги Юнон, Рим, эрон халкларига мансуб илм-фан маданият ёдгорликларининг араб тилига кўплаб таржима қилинганлиги. Бунинг учун таржимонлар гурухлари, уюшмалари ташкил этилганлиги, бу ишга хорижий мамлакатлардан ҳам моҳир таржимонлар жалб қилинганлиги арабларга турли тилларда яратилган асарларнинг мағзини ташкил қилган билимларни эгаллашга яқиндан ёрдам берди. Бу жараёнда Беруний ҳам фаол қатнашиб, унинг ўзи ҳам таржима асарларидан самарали фойдаланади.
Беруний, айниқса, Ҳиндистонда яшаган пайтида таржимон фаолия– тини ривожлантиради. Ҳиндча китобларни араб тилига таржима қилиб, ислом дунёсини ҳинд халқи билан, ўз навбатида ҳиндлар ҳали қўлга кирита олмаган асарларни Юнон ва араб тилларидан қадимги ҳинд тили– санскритгача ўгириб, ҳинд фани ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшган олим, машҳур мутаржимдир.
Беруний ўзидан олдин таржима қилинган асарларни синчиклаб ўрганиб уларнинг камчиликларини ҳаққоний кўрсатиб берган. Айниқса унинг таржима жараёнида диний фанатизмга берилмаслик, асарни ўз ҳолига ағдариш, хусусан, номлар, терминларни ўз холича қолдириш акс холда, асарнинг мазмуни ўзгариб кетиши мумкинлиги ҳақида фикрлари ҳозир ҳам ўзининг аҳамиятини йўқотгани йўк.
Олимнинг жаҳон тиллари орасидаги фарқлар, луғат, сўз ва ибора– ларнинг келиб чиқиши ҳақидаги фикрлари эътиборга лойиқ. У тилларни қиёсий ўрганиш улар орасидаги фарқлар, муштаракликлар, шунингдек, шеваларни билмаслик таржимада қийинчиликлар туғдиришни алоҳида таъкидлайди.
Беруний бутун илмий фаолияти давомида ўзга тилларга ҳурматни сақлайди, хеч бир тилни камситмаслик, ҳар бир сўзни ўз ўрнида қўллаш, сўзлар маъноларига путур етказмаслик, таржимада асар мазмунини тўлалигича акс эттириш кераклигини таъкидлаши унинг тилшунослик бўйича салоҳиятини белгилайди. Беруний Хоразмда хоразмий тили кенг исътемолда бўлган даврда туғилиб вояга етган эди. У Хоразмий тилини ўз она тили деб ҳисоблаган. Бошқа тилларни у кейинчалик эгаллаган.
Хоразмий ёзуви оромий алифбоси негизида пайдо бўлган. Хоразмий тили ёдгорликлари Хоразмда яшаган аждодларимизнинг ижтимоий хаёти, турмуши, маданияти, адабий-бадиий, тафаккури, тарихи, топонимикаси, энг муҳими, тили хақида бизга қимматли маълумотларни беради. Хоразмий ёзувининг шаклланиши милоддан олдинги 3—2 асрлар-2200—2400 йил аввалги даврга тўғри келади. Беруний уз юртининг ватанпарвари сифатида Ўрта Осиё ва Эрон маданиятини камситувчиларига, айниқса, араб истилочиларининг Хоразм маданиятини барбод қилиш бўйича ёвузлик– ларни ғазаб билан тилга олади. Жумладан, «Осар ул– Бокия» асарида Кутайба ибн Муслим хоразмликларнинг китобларини ўтга ёқтириб, билимдонларини ўлдириб, китоб ва дафтарларини куйдириб, уларни саводсиз қолдирганлигини, бинобарин, улар факат ёдлаш билан ўз эхтиёжларини қондирганликларини, айниқса, хоразмий тилида битилган «Авесто» ҳақиди фикр юритиб, унинг подшоҳ Доро ибн Доро хазинасида 12 минг қаромол терисига тилло билан ёзилган бир нусхаси сақланиши, Искандар оташхоналарини вайрон этиб, уларда хизмат қилувчиларни ўлдирган вақтда уни куйдириб юборганлиги, шу туфайли ўша вақтдан буён «Авесто» нинг бешдан уч қисми йўқолиб кетганлиги, унинг 30 паск (кисм) иборат бўлганлиги, мажусийлар қўлида 12 паск чамаси қолганлиги тўғрисидаги фикрлари бунга далил бқлиб хизмат қилади. Беруний қадимги хоразмий тилини пухта билган ва асарларида бу тилга оид сўзларни ҳам изоҳлаб ўтган. Жумладан, «Сайдана» асарида қадимги хоразмийларнинг календари бўйича ҳар бир ой ва куннинг маъносини, уларнинг урф-одатлари билан боғланган холда тушунтиради. Беруний ўз ватани Хоразмни деярли ҳар бир асарида тилга олади, Хоразмликларга хос урф-одатлар, вақт ўлчовлари, ой ва кунлар номларини изоҳлайди. Хоразмий тили элементлари ҳозирги кунда Хоразм шеваларида, шунингдек, адабий тилимизда ўз изини қолдирган. Бу субстрат қатламни текшириш ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Берунийнинг араб ва форс тиллари тўғрисида билдирган фикрлари ҳам диққатга сазовордир. У айниқса, араб тилига ҳурмат билан қараган. Араб тилини ўз давридаги халқаро илмий тил деб ҳисоблаган. Шунинг учун ҳам ўз асарларининг кўпчилик қисмини шу тилда яратган. Беруний форс тили ҳақида ҳам фикр юритиб уни бадиий адабиёт сифатида баҳолаган. Форс тилининг илмий асарлар ёзишга ярамаслигини таъкидлайди. Айниқса, олим «Сайдана» асарида дориларнинг номларини Юнон, хинд, форс, хоразмий, суғдий, туркий ва бошқа тилларда шунингдек, маҳаллий шеваларда келтиради. Асарда 30дан ортиқ тил ва лахжалар тилга олинади. Беруний араб тилига ҳурмат билан қараган холда унинг камчилик ва нуқсонларини ҳам эсдан чиқармайди. Жумладан, унинг алфавитида бир-бирига ўхшашлиги бошка тиллардан ўзлашган, айниқса, ҳиндча ва сурёнийча сўзларни тўғри талаффуз қилишга халақит бериши, бу каби тилларга оид сўзлар таржимон ҳар хил бузилишлар содир бўлиши, шунинг учун бошқа тиллардаги сўзларни беришда лотин ёзуви афзалликларини таъкидлайдики, олимнинг тил ва тилшунослик бўйича билдирган фикрлари ҳозирги кунда ҳам ўзининг аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Адабиётлар.
1. Саъдуллаев А, Сатликов “ Хоразм Маъмун Академияси», Урганч, 2005й.
2. Нурмонов А. «Ўзбек тилшунослиги тахлили». « Узбекистон», Тошкент 2002й.
3. Комилов Н. Беруний ва бадиий ижод. «Ўзбек тили ва адабиёти», 2005 йил,4-сон.
4. Каримов У. Маданий миллат билан бир қаторда. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»,
1992йил, 29май.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.