Электронная библиотека » Иброхимжон Сулаймонов » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Мавлоно Завқий"


  • Текст добавлен: 9 марта 2017, 12:50


Автор книги: Иброхимжон Сулаймонов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


Возрастные ограничения: +6

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 13 страниц) [доступный отрывок для чтения: 4 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– 

Жуда мантиқли, жуда чиройли гап.

– 

Хайр майли, хадеб хикмат айтабериб сизни толиқтириб қўймай, хонадонингиз тинч, ўзингиз осойиштамисиз?

– 

Алхамдуллилоҳ.

– 

Убайдуллахон болакай ҳам катта бўлиб қолгандир.

– 

Худога шукур, мактаб ёшига етиб қолди.

– 

Жуда маъқул, бахтли бўлсин.Албатта ўқитинг, илм бу маърифат.

– 

Иншиолло, ниятимиз ўқитиб илм олдириш, саломат юрсак ўғлимиз ҳам ўзларига мурид бўлғай. Ниятимиз сиз улуғ зотнинг илмларидан баҳраманд қилишдир.

– 

Бизларнинг ҳеч биримиз ортиқча илтифотга лойиқ эмасбиз. Ким бўлса ҳам тўғри илм бераолса, ўша йўл ишончлидир.

– 

Саъдийхон эшон ҳақида ҳам кўп илиқ гаплар эшитамиз, соғ – саломат юрибдиларми?

– 

Алхамдиллило худога шукр.

– 

Ул зотни ҳам бирга олиб келабермабдиларда.

– 

Ажабмас, мавриди бўлиб қолар.

***

Азимхўжа Эшон Қўқон хонлигининг муътабар зотларидан бўлиб Машхур зот Боғдор Эшоннинг авлодларидан бўлган. Аниқ маълумотларга биноан Азимхўжа Эшон, Ахмад Яссавийга эргашиб “Хикматли Азимхўжа” деган китоб ёзган.

Жахонни айшини боқма, дило, бақосина боқ,

Вафога ваъда қилур, вадасин вафосина боқ.

Ушбу жумлалар ўша китобдан парчалардир. Убайдулла Завқийнинг пири Муршидлари Азимхўжа Эшоннинг фарзандлари Саъдийи Соний бўлардилар. Ул зот шоир Завқий билан узоқ йиллар сухбатдош ва пири муршид сифатида диний таълим берганлар. Боғдор Эшон хазратлари ҳалқ орасида Низомий Хўқондий номи билан машхур бўлганлар.

Турсам бу сахар олама хуш ис Сочилибдур,

Билдимки, чаманда гулираъно очилибдур.

Ушбу гўзал мисралар шоир Низомий Хўқандийникидир. Саъдийи Соний хазрат баъзан мадрасаларга ташриб буюриб диний мавзуларда жуда мазмунли сухбатлар ўтказиб турардилар.

Ирфон – Оллохшунослик илми, Оллохни билиш тўғрисидаги илмдир. Тариқат – тасаввуф йўли бўлиб, кўнгилни соф тутмоқ, нафс хохишидан асранмоқ, хиёнаткор кимсадан йироқ юрмоқ, хақиқат улуми бирла баланд мартаба топмоқ, хақиқатга вафо бажо келтирмоқ, хазрати пайғамбар алайхи васаллам шариатига мутоибат килмоқдир.

Иккинчи – Суфий қилғон амални Худодин ўзга киши билмасин. Хеч нимарсанг сенинг мулкинг бўлмағай ва сен ҳам хеч нимарсанинг мулки бўлмағайсан.

Учинчи – тариқатга, тасаввуфга кирувчи мурид, пири муршид мукаммалга ўзини солиб, пири комил сухбатига ўзини уриб унга қўл бериши шарт.

Туртинчи – суннатнинг хукмларида ўзини тўхтатмоқ, зохир ва ботинда ихлос қилмоқдир. Таомни оз емак ва худойи таоло бирла ором олмоқ сабру – қаноатли бўлмоқ.

Орифлик Худони танимакдир. Худони танимак, фикр қилмак ва тўла кўнгилли бўлмакдир.

Тасаввуфда нафснинг “Аммора”, “лаввома”, “мулхама”, “муюминна”, “Розия”, “марзим”, “софим” каби турлари бор. Наж, инсон озгина бўш келса уни чалғитиб гумроҳликка олиб боради. шунинг учун ҳам унга қул бўлмаслик, уни жиловлаш, қаноат машақатига чидаш, бировнинг маломатини кўтаришдир. Бундай сифатлар чин толибларнинг бурчидир.

Бешинчидан яна бир вазифа шулки суфий – шариатда комил, тариқат, маърифат ва хақиқатларда мукаммал, фидокор, собит ҳамда барқарор бўлмоғи лозим. Яна Тасаввуфнинг барчаси одоб ва покликдир. Шубҳали таомдан хазар қилиб, халол луқма ейиш улуғ фазиладлардан биридир.

Тариқатнинг қирқта мақоми бордир, шундан ўнтаси шариатда, ўнтаси тариқатда, ўнтаси маърифат ва яна ўнтаси хақиқатдир. Хақиқатдаги ўнта мақом қўидагилар: Хоки рох (туфроқ каби) камтар бўлмоқ, яхши ёмонни танимоқ, бор луқмага қаноат қилмоқ, луқмасини бировларга инъом қилмоқ, бирор кимсага озор бермаслик, фақирлигига мункир бўлмаслик, сайри сулук қилмоқ, ҳар кимдан ҳақиқат сиррини сақламоқ, шариат, тариқат ва маърифат аҳкомини билмоқ, шариат, тариқат, маърифат ахкомига амал қилмоқ.

Қувонганидан ўзини йўқотиб қўяёзган Муҳаммад Солиҳ Азимхўжа эшон билан анча фурсат суҳбатлашиб ўтирди. Эшон ортиқча такаллуфга қаршилик қилиб, бир чойнак чой билан кифояланди. Бу улуғ зотнинг камтарлиги, ширин ва мазмунли суҳбати Муҳаммад Солиҳни сеҳрлаб қўйган эди.

***

Хукмронлар келиб кетаберадилар, қудратли ҳалқ эса бир маромда одимлайберади, тубанликка асло юз тутмайди, фақат хукмронларни ё алқайди ёки қарғайди холос. Хаддиларидан ошган хукмронлар ярим оч, ярим юпун одамлар ҳақида қайғуриш ўрнига, Кимхобу – атласларга буркинишар, олтину – кумуш тўплашар, айшу – ишратдан бўшамай, дабдабали хаёт учун қайғуришар, шундоқ ҳам етарлигидан ортиқ бўлган бойликларини яна ҳам купайтириш учун тиришар эдилар. Улар шу даражада ахмоқликлар қилишар эдики, хатто ит ва мушукларини ҳам кумуш – олтин тақинчоқлар билан безатишар, шухратпарастлик йўлида хохлаган номаъқулчиликларни қилишар, ўзларининг разил ниятларини амалга ошириш учун мутаассиб – маддоҳлардан фойдаланишар, соддадил кишилар ёлғон – яшиқ афсоналар ва ривоятлар билан чалғитиб алдашлар эди. Ана шундай бир томонда бойликларга кўмилиб кетган бир ховуч одамлар фаровон бўлишса, иккинчи томонда йўқчилик гирдобида яшаётган мазлум ҳалқ меҳнат тагида, қашшоқлик исканжасида озоб чекиб яшар эдилар.

***

Убайдуллохон ота-онасининг жони-дили, нафақат ота-онасининг , барча танишлари, ўртоғу қариндошларининг севимли ақрабоси эди. Мутоала ва илм олишга чанқоқлиги, бирор нарсани ўзлаштиришда зеҳни тезлиги билан ажралиб турарди, шахсий ҳаётида ниҳоятда зерзавқ ва хушчақчақ бўлиб, шеърият ва адабиётни алоҳида хуш кўрарди. Меҳнатсеварлиги уни бошқалардан ажратиб турар, ўқиш билан биргаликда отасидан ҳунар ўрганиб, маҳсидўзлик ва косибликни мукаммал эгаллаб олди. Унинг яқин жўралари шеърият ишқибозлари бўлиб, Муқимий, Муҳйи, Фурқат, Нисбат, Муҳайир каби таниқли йигитлар эди. Улар тез-тез учрашиб туришар, шеър ёзишни машқ қилиб мушоиралар қилишар, бир-бирларидан ўрганиб ҳамда ўргатиб назм сирларини ўзлаштириб боришар, уларнинг барчаси ёшлик чоғларидаёқ яхши-яхши шеърлар ёза бошлашган эди. Адабий ҳамкорлик замондош шоирларнинг ижодига баракали таъсир ўтказгани кейинги чоғларда ёзилган ғазалларда акс эттирилган.

Умид ила Муқимий қуйида кўп нола қилдирди,

Топиб Нусрат ўзини тиғи Фурқат бирла тилдирди,

Ўшал Муҳйи қушига Нисбатий Завқийни илдирди,

Ниҳон дардингни кўз ёш тўкуб оламға билдирди,

Гирифтор ўлмасун Ғозий каби ғаммоз йўлдоши.

***

Бу орзулар ва армонлар олами, чалғиш истаклар оғушида фиғон чекиб ўтадиган олам,

бир умр қувонч истаб, изтиробларга ғарқ бўлиб ўтадиган олам.

Қанчалик четламайлик, қанчалик кўп фикрламайлик, олам зиддиятларидан қочиб қутула олмаймиз. Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам олам ишлари тинимсиз зиддият қўзғашдан иборат.

Худоёрхоннинг учинчи бор тахтга ўтириши анча узоқ давом этган бўлсада, бениҳоя серташвиш ва исёнлар исканжасида ўтди. Россия империяси Ўрта Осиёни деярли забт қилган бўлса ҳам тожу тахт учун аҳмоқона курашлар давом этарди. Шунчалик серташвиш ва зулматли кунларда ҳам хонлар шикорларга чиқиш, зиёфатлар уюштириш, хотин устига хотин олиш билан банд эдилар. Аслини олганда Худоёрхон энди мустақил хон эмас, Россия империясига тобе бўлган хон, руслар ўлкаларни забт қилиб улгурганлар, эндиги навбат ўзларининг мавқеларини мустаҳкамлаш ва барча бойликларни ўз ўлкаларига ташиб кетиш эди. Босқинчиларга хос сурбетлик, беодоблик авжига чиқиб борар, чор амалдорлари ўзларини хўжайиндек тутишар, ерлик халқ вакилларини менсишмас, ерлик халқдан чиққан раҳбар ёки қобилият эгалари керак эмас. Фақат тилмочлар, ижрочи миршаблар ва итоатдаги кишилар керак холос эди.

Бебошлик ва безорилик авж олар, исёнлар кундан-кун кўпайиб борар, тахтга даъвогарлик кучайиб учинчи бор Худоёрхон тахтдан воз кечишга мажбур бўлди. 1875 йил Худоёрхоннинг тўнғич ўғли Насриддинбек тахтга ўтирди.

***

XII аср яъни саккиз юз йил муқаддам Султонул Орифин Хожа Аҳмад Яссавий 1281 ҳижрий (1864 милодий) йилда русларнинг Ўрта Осиёга бостириб киришларини башорат қилган эдилар. Халқимиз тарихида мислсиз фожеа бўладиган рус босқинини боболаримиз бу даражада аниқлик билан огоҳлантириб кетганлари ҳайратланарли ҳол. Бу аниқлик Европада ном чиқарган Нострадамус башоратларидан анчагина аввал ҳам аниқроқ бўлган.

***

Скобелев билан фон Кауфманнинг суҳбати қизғин давом этарди.

– Бизнинг бу паст табақа халқлардан улуғ эканлигимиз ҳам шунда.

– Ҳа улар ўйнаб-кулиб қувонаверишсин, карнай чалиб, ош еб, тўй қилиб яйрашсин.

– Уларнинг бу одатларини рағбатлантириш лозим, таомларини мақташ керак.

– Менимча бу ўлканинг одамлари ҳали-бери миллат бўла олишмайди, оломонлигича қолаверади.

– Шунинг учун ҳам уларни жазолаб туриш лозим.

– Жазолашнинг энг маъқул усули уларнинг ақлини ўғирлашдан иборат. Ақлсиз кишиларни тобе қилиш жуда қулай. Хурофотга берилиш, кўр-кўрона ибодат қилиш, илмсизлик, эскириб яроқсиз бўлиб қолган урф-одатларга берилиш халқнинг тафаккурини чеклаб қўяди, бизга шулар керак.

– Улар жуда исёнкор.

– Биз уларнинг ҳокимларини бефаросат одамлардан тайинласак исёнларнинг зарари бўлмайди, аксинча фойдали бўлади.

– Яъни?

– Улар ўзларининг беклари-ю ҳокимларига қарши исён кўтаришади, биз эса қўзғолонни ўз фойдамизга ҳал қиламиз, хоҳлаган вақтда қўзғаб, хоҳлаган вақтда бостиришимиз мумкин.

– Менинг таажжубим шундаки, бу халқ бизларга тобе бўлганидан қайғурмайди, изтироб ҳам чекмайди.

– Бу айни муддао, улар жуда ўйинқароқ, тўю-томошаларни севишади, карнай-сурнайларини чалиб юраверишсин. Фаолиятли яшашни билмасинлар, аҳилликка, фидоийликка ўрганмасалар бўлгани.

– Ҳаром билан ҳалолни яхши фарқлайдиган бу қурғур халқ, ўғирлик қилишни билмайди, аёлларга ҳам муносабати бошқача.

Скобелевнинг қиёфаси ўзгариб, алланечук бўлиб кетди. Рангининг таги оқариб, ичи жизиллай бошлади, лекин сир бой бермаслик учун индамади.

– Мана шу сифатларни бузишимиз лозим, уларни ҳаромхўрликка ўргатиш биз учун жуда фойдали. Улар ўйлаб-нетиб ўтирмай бир-бирларига заҳмат етказишларини, иккиланмай ғажишишларини ўргатиш лозим. Бу миллатнинг сифатларини, хоҳиш-истакларини ўргандим, ҳукмронлигимизга унчалик хавф соладиган томонлари кўринмайди, аҳолининг аксарият кўпчилиги олибсотарлик, баққолчиликни хуш кўради. Озгина маблағи бўлса чойхона ёки ошхона қуриб оладида паловхўрлик қилади, тўйиб ухлайди, тўй-ю томошаларга боради, ўйин-кулги билан вақтини ўтказади холос.

– Фикрингизга мутлақ қўшиламан, – деди Скобелев мамнун эканлигини яширмай, – одамларнинг яна бир қисми маҳалла масжидида кун кўради, кечгача чойхонада ўтириб умри ўтади.

– Бундай фаолиятсизлик айни муддао, бизлар қандай бўлмасин уларнинг ичида хушомадгўйлик, худбинлик ва товламачилик каби иллатларни ривожлантирмоғимиз даркор.

– Кўкнорихўрлик ва бангиликни ҳам.

– Қилич ва милтиқ охирги чора бўлмоғи керак, биз шундай қилайликки улар йўлларини топа олмай қолсинлар, бир неча асрларга тараққиётдан орқада қолган анқовларга айлантирайлик.

Скобелев энг фаол босқинчиларнинг бошлиғи бўлибгина қолмай, ерли халқдан ўч олиш нияти кучли эди. Чунки гўзал рафиқаси маҳаллий ердан бўлган уйидаги хизматкор йигитга кўнгил қўйган. Уни бу йўлдан қайтара олмай ҳалак эди. Ана шу сабабларга кўра қирғин қилиш, ўч олиш тарафдори эди.

– Ўта машаққатли ҳаёт уларни қўзғолон қилишга мажбур қилади, – деди у бўлиниб қолган суҳбатни тиклаб.

– Оддий халқ ҳар доим машаққатли яшаган, ҳозир ҳам шундай исёнлар ҳам ҳар доим бўлган, ҳозир ҳам бўлмоқда.

– Келажакда ҳам шундай бўлиб қолади демоқчисиз-да.

– Худди шундай, қайсики ҳукмрон халқ учун қайишса ўзи учун беҳисоб ташвишлар орттиради. Ўта фидоийлик қилса ўтиб бўлмас тўсиққа учраб, охир-оқибатда ҳалок бўлади. Жуда кўплаб фидоийлар муаммолар уммонида чўкиб йўқолганлар.

– Мен яна бир ҳолатдан кўп маротаба таажжубга тушдим. Уларнинг раҳбарлари халқнинг хизматини қилиш лозимлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар, фақат хўжайинлик қилиш, дўқ-пўписа, жазолаш каби усулни қўллайдилар холос.

– Бунинг сабаби шундаки улар ўз кўргиликлари учун ҳақиқий айбдорлар ким эканлигини билмайдилар, чинакам айбдор чеккада қолиб бир-бирларини савалайверадилар.

Фон Кауфман суҳбатдан мамнун эканлигини таъкидлаш учун бошини бироз эгиб, олдидаги чойга қўл узатди.

– Келажакдаги энг муҳим ишимизни тўғри таъкидладингиз, биз уларнинг ақлини ўғирлашимиз лозим, аста-секин улар ўз қадриятларини, маданиятларини унутиб боришлари керак, сайқал топган гўзалликлардан юз ўгириб ахлоқсиз-одобсиз, ўз нафсини тия олмайдиган очофат кишиларга айланишини ташкил қилишимиз лозим. Маънавиятни мутлақо унутишга даъват қилиш керак. Маънавият бузилган ердан маърифат ҳам қочади, булар йўқолган ерда ваҳшийлик бошланади. Ваҳшийлик ҳукмрон бўлган ерда тараққиёт чекинади, тараққий қилмаган кишиларни қулликда ушлаш, асоратга солиш жуда қулай.

– Чиндан ҳам уларга нима қилганига ақлим етмайди, худди сеҳрланиб қолганга ўхшайдилдар, фаоллик ўрнини танбаллик, маърифат ўрнини илмсизлик, эътиқод ўрнини динпарастлик, аҳиллик ўрнини худбинлик эгаллаган, ҳукмронликка бўлган ўчлик ҳар қандай қулликка чидаш каби нуқсонларни келтириб чиқарган, улар айни чоғдаги аҳволларига қайғурмайдилар, бир-бирларига меҳр кўрсатиб, аҳил бўлишликни хаёлларига ҳам келтирмайдилар, илм-маърифат исботлаб берган ҳақиқат қолиб, афсона-ю ривоятларга ишонадилар, олимларга қулоқ осмай саводсиз маддоҳларнинг йўл-йўриқларидан юрадилар.

– Тўғри айтдингиз, биз фақат қурол кучи билангина ғалаба қозонганимиз йўқ, бизга бу халқнинг худбин йўлбошчилари ёрдам бердилар, бундан буёғига ҳам шундай бўлади.

– Ҳа уларни алдов, амал, бойлик билан сотиб олиш қулай.

***

Билим ва эзгулик бир-бирларининг безаги бўлгани учун ҳам гўзалдирлар. Билимсиз эзгулик, эзгуликсиз билим бўлмагани каби билим ва эзгулик йўқ жойда гўзаллик ҳам бўлмайди.

Гўзал киши нафақат гўзалликни севади, у гўзал фикрлайди ва умр бўйи гўзал ишлар билан машғул бўлади.

Гўзалликни севиш, гўзаллик яратишга бўлган интилиш одамзотнинг илоҳий хоҳишидир. ХIХ аср Ўрта Осиё халқлари тарихидаги энг қаро кунлардан эди. Ана шу қоронғилик зулматини енгишга жаҳд қилган гўзал одамларнинг етишиб чиқиши табиий ҳол эди. Водийнинг марказида бўлган Қўқон шаҳрида ҳам ажойиб истеъдод эгалари, миллатнинг жонкуярлари етишиб чиқа бошлаган эди. Муҳайир, Муқимий, Фурқат, Нисбат, Муҳйи, Завқий кабилар ана шундай гўзаллик шайдолари эди. Убайдулло Завқий уларнинг сафидаги энг фаол, ғайратли шеърият шайдолари, миллатнинг жонкярларидан бири эди. У маҳалла-кўй, яқин атрофдаги ўз яқинларининг севимли кишиларидан бўлиб улғая бошлади. Убайдуллохон ўқиш-ўрганиш билан биргаликда ота касбини ҳам эгаллаб, ҳаётий ва амалий масалаларнинг билимдони бўлиб улғаяр, ҳаёт уни кўпгина муаммолардан воқиф қилар эди. Ўша даврларда кенг тарқалган пойафзаллардан бири этик бўлса, яна бири кавуш ва маҳси эди. Халқнинг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжи катта, аҳолининг асосий қисми шу маҳсулотдан фойдаланар, шу боис алоҳида пойафзал растаси бўлиб, энг қизғин савдо-сотиқ жойларидан бири эди. Убайдулло ана шу раста муҳитида улғая бошлади, ҳунармандчилик билан савдо-сотиқ масалаларининг ҳам нозик томонларини ўрганди, таниш-билишлар орттирди, раста ҳаётини яқиндан таниб, ўрганиб борди.

***

Тарихчиларнинг қайд этишича, Туркистоннинг «Босқинчилар томонидан асоратга олиниб мустамлакага айлантирилган ҳудудларида 1856 йилдан 1916 йилгача 4922 марта катта-кичик ғалаёнлар бўлиб ўтган. Бу ғалаёнлар бедодликдан сабр косаси тўлиб тошган оддий халқнинг исёнларидир. Мустамлакачи босқинчиларнинг касофати билан зулмнинг энг оғир тошлари оддий халқ бошига тушган. Юрт соҳиблари, хонлар ва беклар халқни ҳимоя қилиш зиммасида бўлган амиру умаро шу халқнинг нонини еб каррилаган сипоҳ қолиб, оддий меҳнаткашлар паншаха ва ўроқ билан ўз уйини, ор-номусини, иффат ва қисматини ҳимоя қилган. Ҳокимлар эса сотқинлик, хушомад, мунофиқлик йўллари билан ўз жонинигина асраш пайида бўлган. Туркистон халқлари бошидан сўнгги 500 йил давомида кечган қонли фожеаларнинг асосий айбдорлари юрт ҳокимларидир. Қўқон хонлиги тарихидаги хунрезликларидан бири бўлган Пўлотхон қўзғолони энг мудҳиш, энг қаро кунлардан бўлиб, барчани ҳанузгача ҳайрат ва нафратга солади. Бу исённинг асл моҳияти ва натижалари афсуски яшириб келинган. Ҳар бир фуқаронинг онгли фаолияти, яшаш тарзи, маданияти, илм-фанга бўлган муносабати, фидоийлиги ва жасорати ўша мамлакатнинг тараққий қилиш, қилмаслигига бевосита боғлиқдир. Жамики ижобий фазилатларимиз жумладан чуқур илмлар соҳиби бўлишимиз, камтарлик, тежамкорлик, самимийлик, меҳр-оқибат, ўз ватанимиз ва миллатимизга бўлган садоқат, меҳнатсеварлик каби хусусиятларимиз қувончли ҳаётга етаклаб қайғуларнинг барҳам топишига катта таъсир ўтказган.

Қайси соҳада бўлмасин, мувозанатнинг бузилиши мамлакат ҳаётига таъсир қилмай қўймайди. Миллатнинг аҳволи эса ҳар биримизнинг тақдиримизга иложсиз таъсир ўтказади, ҳар бир шахс ўз қилмиши, хатти-ҳаракати билан ўз ватани учун фойдали ёки зарарлидир.

Тарих деганда кўпроқ уруш ва жанжалларни тушунамиз, ўша даврнинг иқтисодиётига қизиқамиз, аслида ўтмиш инсониятнинг маданияти, фани, маърифати, маънавияти ҳақидаги хабарлар бўлмоғи лозим эди. Халқ ҳеч қачон мудҳиш хатога йўл қўймайди, ҳеч қачон жиноятчи ҳам бўлиб қолмайди, хато учун ҳар доим уни бошқарган ҳукмдорлар айбдор. Ўшаларнинг касрига оддий халқ жафо чекади, кўргиликларнинг жабрини тортади.

Кўп манбаларда Қўқоннинг охирги хони Худоёрхон деб юритилади. Аслида ундан кейин икки кишига тахт соҳиби бўлиш насиб қилиб, улар сохта Пўлотхон ва Худоёрхоннинг тўнғич ўғли Насриддинхондир. 1875 йилда хонлик гаштини тузукроқ суришга улгурмаган Насриддинбек Пўлатхон бошчилигидаги исёнчилардан қочиб тахтни бўшатиб беради.

***

Барчага маълумки, инглизлар билан Россиянинг яширин кучлари Ўрта Осиёни забт қилиш учун ўзаро узоқ йиллар қаттиқ яширин кураш олиб бордилар. Бу курашда русларнинг қатъийлиги қўл келди. Турк султонлари, Англия элчилари Ўрта Осиёдаги уччала хонликни рус ҳужуми хавфидан кўп марта огоҳ қилади. Ана шундай ҳолатларда ҳам мамлакат учун қайғурмаган хонлар мана энди руслар эгаллаб бўлган бўлса ҳам тахт учун курашишдан қайтмас эдилар.

Халқ қудратли бўлишга сабаб у бардошли, андишали, мулоҳазали, кечиримли ва мўъжизакордир. Шундай фазилатларга эга бўлган бечора халқ ҳар доим ҳар қандай кўргиликларга чидаган, кечирган, барча сурбетлик ва пасткашликларга бардош берган.

Шунчалик кўргиликлар етмаганидек, тўполонлардан фойдаланган муқобил кучлар насли насаби йўқ, бетайин Абдулмўмин Муҳсинбойнинг ўғли носфуруш мулла Исҳоқ деган кимсани хон деб эълон қилдилар. Бухорода истиқомат қилаётган хон авлоди Пўлотхон ўрнига Исҳоқ носфурушни Пўлотхон деб тахтга ўтказдилар. Ёқа ушлайдиган ҳангомалардан одамлар бехабар эдилар. Мусулмонқул Мулла Исҳоқни олиб Чустга етиб келади, қипчоқлар билан иттифоқ тузган қирғизлар сохта Пўлотхонни хурсандчилик билан кутиб олдилар, ҳеч нарсадан шубҳаланмай, тантанали равишда оқ наматда кўтариб хон деб эълон қилдилар. Қўзғолон янги куч олиб янада ривожланди, ўзаро бирлашган қирғиз ва қипчоқлар катта кучга айланиб Ўзган, Учқўрғон, Ўш, Сўзоқ ва Булоқбошини эгалладилар, ҳатто Қўқон сарбозлари ҳам қўзғолончилар томонига ўтиб кетди. Жиддий қаршиликка учрамаган қўзғолончилар кундан-кун ҳаддиларидан ошиб кўз кўриб қулоқ эшитмаган безориликларга қўл уришар, шаҳар, қишлоқларни вайрон қилиб ўт қўйишар, тартибсизликлар оммавий тус олиб борарди. Куни кеча зах ерда ўтириб носвой сотиб тирикчилик қилиб юрган оми одамни бугун юз минглаб одамларнинг тақдирини ҳал қиладиган катта лавозимга ўтириши, қулоқ эшитиб, кўз кўрмаган воқеа эди. Пўлотхон саноқли кунлар ичида худди олам уммонида сузаётган катта кеманинг дарғасига айланган, бош қўмондонга хос дадиллик билан жангга кирар, оёғи етиб борган жойда аёвсиз қирғинлар қилар, беайб кишиларни қатл қилдиришни хуш кўрар, айниқса хон авлодларидан ҳеч кимни аямас, аёлми, гўдакми раҳм қилмай сўйдирар эди. Унинг қилган шафқатсизликлари кишиларнинг дилига титроқ соларди. Кундан кун ёвузлиги ошиб халқ бошига кетма-кет қилган фалокатлари таърифга сиғмас, энди одамлар уни Заххоки Соний ёки жаллодлар жаллоди деб атардилар. Тасодифий парвоз тез қулайди деганларидек, халқнинг ғазабига ва нафратига учраган сохта Пўлотхон озгина фурсат ичида қулади. Ёрмозор деган жойда уни дорга осдилар. У ўлими олдидан ўзининг нақадар пасткаш ва қўрқоқ эканлигини кўрсатиб кетди. Ўша даврда ёзилган Ховоий-Умидийнинг ушбу сатрлари Пўлотхонни нақадар қаҳрли, нақадар разиллигидан дарак беради.

Пўлат қотил – лақаб Заххоки Соний,

Етуб авлоди хонга кўп зиёни.

Сўюб хонзодаву бекзодаларни,

Гўдаклик боғида озодаларни.

Қизил гул ғунчасидек икки гўдак,

Булар хонзода – эмар эди эмчак.

Тортиб саккиз ўғулдан икки ўғул,

Эдилар норасида сўзи булбул.

Она қўйнидин олиб икки нафар,

Амирни қўйди бўйни узра ханжар.

Яна хонзода Насриддин бегимни,

Сайид Фатхиддин ном ул етимни.

Тортибон кесди ханжар бирла бошин,

Онасини оқизиб кўзда ёшин.

Сайид Султон Муродбекни тутиб ҳам,

Қўшуб саккиз сағир ўғлига ул дам.

Шаҳодатга етурди раҳм қилмай

Гуноҳсизларни сўйиб олди молин,

Кўтариб кетди бўйнига уволин.

***

Тирикчилик ҳақида қайғуришимиз, ҳаёт эканлигимизнинг яшашга бўлган истакларимизнинг исботи, келажак учун қайғурсак донолигимизнинг исботи, инсоният бахти учун қайғурсак буюклигимизнинг исботи.

Амир Умархон асос солган маърифат чуқур илдиз отиб ҳосил бера бошлаган. Қўқон шоирлар, санъаткорлар, олимлар шаҳрига айланган, кейинги чоғларда халқ ичидан етишиб чиқаётган истеъдод эгалари ўша пайтларда бошланган саъй-ҳаркатларнинг гўзал натижалари эди. Тарих учун лаҳзадек ҳисобланган бир аср давомида Қўқонда 196 нафар шоирлар етишиб чиқди, уларнинг ичида адабиётимизни жаҳон саҳнасига олиб чиққан сўз усталари бор. Халқнинг меҳрига кириб достонга айланган гўзал кишилар бор эди. Ана шундай шаҳри азимда, ана шундай гўзал кишилар етиштириб чиқарган заминда, гўзал одамлар даврасида, ноқулай замонда бир неча шоирликка ҳавасманд йигитлар улғаймоқда эди. Уларнинг сафида Убайдулло ҳам бор. Ўз тенгқурлари ичида энг зерзавқ бўлган, тинимсиз шеър ёзишда машқ қилаётган Убайдуллога – Завқий деган тахаллус беришган, у энди шоир деб аталар эди.

Эй гулим, қай куни борурман гулшану гулзорингга?

Гул узиб, бўлсам мушарраф давлати дийдорингга.

Термулиб булбул каби, ҳуснинг тамошо айласам,

Зард баргидек титрасам сурх олмадек рухсорингга.

Ҳар киши кўрса кўзи қошингни ҳайрон бўлгуси,

Жон фидо айлар яна ноз уйқуда хумморингга.

Назри даргоҳингда бошин қўйди бу Завқий қулинг,

Бу мувашшахни кўруб, «Балли!» дегайму корингга.

***

Скобелев рафиқасига нимадан сўз очишни билмай анча вақт ўтириб қолди. Ичини куйдираётган нарса босилмас эди, икки рюмка ароқ ичди, тамаки тутатди, барибир хотиржамлик йўқолгани сезилиб турарди.

– Нега бунчалик ҳомушсан? – деди Елена эрига зимдан тикилиб.

– Гаплашиб олишимиз керак.

– Нималар ҳақида? Сен билан гаплашишни жуда соғинганман.

– Қулоғим сенда, – деди Елена кўзини сузиб.

– Қобилнинг ўрнига бошқа хизматкор топдим, уни алмаштирамиз, – деди у қовоғини солиб.

– Нега? – деди Елена асабийлашганини зўрға жиловлаб.

– У менга ёқмайди.

– Менга эса жуда ёқади.

– Нима учун жуда ёқади? – деди Скобелев хотинига ғазаб билан тикилиб.

– У жуда яхши одам, ақлли, ювош…

– Бўлди, тўхтат, – деди уни илкис бўлиб. – Бугундан бошлаб у бу ердан йўқолади.

– Ундай қилма Михаил, у яхши одам.

– Нега сен унга бефарқ эмассан? Севиб қолганинг йўқми?

– Нимага ишора қилаётганингни энди фаҳмладим.

– Мен уни ўлдириб юбораман, ўлигини ҳам топиша олмайди.

– Бундай қила кўрма, бунга йўл қўймайман.

– Қандай қилиб?

– Агар уни ўлдирсанг қасос оламан.

– Ҳали шунақами?

– Ҳа, шунақа, сени заҳарлаб ўлдираман.

– Кучинг етармикин, ўзингни ҳам қўшиб йўқ қилсам нима бўлади?

– Бунинг иложи йўқ, сенинг шафқатсизлигинг ҳақида подшо ҳазратларига хат жўнатганман. Мени ҳимоясига олишни ваъда қилган.

– Гап бу ёқда эканда.

– Одам ўлдиравериб шафқатсиз бўлиб кетгансан, сени кўрсам юрагимга муз киргандек бўлади. У эса жуда гўзал одам, мени уни аллақачон севиб қолганман.

Кутилмаган томондан келган бу омадсизлик Скобелевнинг ичини газандадек чақа бошлади. Иложсиз дард, даволаб бўлмайдиган офат. Вақти келиб бу воқеа одамлар ўртасида тарқалади. Кимсан генерал-губернатор, тарихий шахс Скобелев ҳақида кулгили латифалар тўқилади.

– Қириб ташлаш керак бу чопон кийган халқни, – деди у ичида.

Бу воқеа аллақачон халқ ичида латифа ва афсоналарга айланиб кетган эди.

Стаканда чой ичган лўм-лўм Мамажон, деган илмоқли гап шундан келиб чиққан.

***

Фақат бир кишига, бир кишининг иродасига тобе бўлган мамлакат асло фаровонликка эришган эмас.

Ҳар бир давр кишилари келажак учун масъул эканликларини билмай яшашлари жиноятдир.

Ҳукмроннинг энг бахтлиси инсоният фарзанди бўлган, ўз миллатининг фарзандидир.

Исёнчиларнинг ташкилотчилари катта лавозимларни эгаллаб оладилар, ижрочилари эса аста-секин йўқ қилинади, ҳар доим шундай бўлиб келган. Ёқутдек товланиб ҳар қандай кишини маст қиладиган тахт деб аталадиган сеҳрли ўриндиқ Насриддинбекка мунтазир, асрлар давомида зиддиятлар сабабчиси бўлиб, отани ўғилга, акани укага душман қилган ёғоч курси унинг рўпарасида, ун чиқармай минглаб одамларнинг жонини оладиган, калла суякларидан минора ясаб, ариқлардан қон оқизадиган тилсим кутмоқда, тўполон қилмай бутун бошли мамлакатлар бошига кулфат соладиган касофат, ҳеч кимга ҳеч қачон вафо қилмай, шуҳратпарастлик касали билан ақлни оладиган кулфатлар маскани унинг ихтиёрида. Ҳеч ким унинг қучоғида қанча фурсат ўтиришини билмайди, шодлик билан қарши олиб, қайғу билан сийлаб кузатади.

Бир вақтлар Насриддинбекнинг кўзи отаси ўтирадиган бу тахтга тушганда ҳавас билан суқланиб қолар, унинг соҳиби бўлиб, ўша ерда ўтиришни кўз олдига келтириб ҳузур қилиб жилмаяр, дабдабали хон сифатида юриш-туришларини ўйлаб, барчага фармон берадиган олий мартабага эришишга ошиқар эди.

Қувончлардан кўзи порлаб турган Насриддинбек бу курсининг чириб қолганини, яқин ўртада мутлоқ ўлимга маҳкум бўлишини билолмай, кўролмай шод эди. Беҳисоб асабийлашишлар, қанча-қанча уйқусиз тунлар ва яна шунча хатарли кунлар ҳисобига қўлга киритган бу дастгоҳ жилва билан қиё боқаётгандек, гўзал чиройини кўз-кўз қилиб унга тикилиб турарди.

Мана энди ўлим чангалидан аранг қочиб қутилган отасининг ўрнига у ўтиради. Парвардигор барчани бахтли бўлиш имконияти билан яратган. Афсуски, кўпчилик бахт қидириб бахтсизлик томон одимлайверади, хоннинг авлодлари, Насриддинбек ҳам ўзлари билмаган ҳолда шиддат билан инқироз томон югуришар, бахт қидириб бахтсизлик, кўргилик сари интилишар эди. Ҳеч қачон ҳеч кимга вафо қилмаган ҳукмронликни талашишар эди.

1876 йил 22 январда Насриддинбек ва Абдураҳмон офтобачи Россия шаҳарларига жўнатиб юборилади, ўша ерларда Насриддинбек 32 ёшда вафот этади.

Чоризм босиб олган Ўрта Осиё халқларининг ҳақ-ҳуқуқларини йўқ қилиб, уларни ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий ва ҳарбий қолоқликда сақлаб туриш учун тўрачилик, маҳкамачиликка асосланган бошқариш усулини жорий қиладики, бунда энг қуйи мансабдан энг юқори мансабга қадар бўлган лавозимлар ҳарбийлар орқали идора қилинадиган тартибда ўрнатилади. Маҳаллий халқлардан таланган бойликлар: пахта, маъдан, рангли металл, қоракўл тери, тулки териси, пилла, мева маҳсулотлари ва бошқалар, от аравалар, эшак ва хўкизга юкланган карвонларда Россияга олиб кетилар эди.

Қўқон хонлигининг аҳолиси 3 миллион сўм контрибуция тўлашга мажбур қилинди. Бу даврда ўзи шундай ҳам меҳнаткаш халқ зиммасига янги-янги солиқлар юкланиб, 20 дан ортиқ ҳар хил солиқлар олинарди.

1876 йил 19 февралда Фарғона вилояти ташкил этилиб, Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига киритилди. Генерал-майор Скобелев вилоятнинг ҳарбий губернатори этиб тайинланди. Шундай қилиб Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги Россия империясининг вассалига, Фарғона водийси унинг қарамоғидаги ўлкага айлантирилди. Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман императорга ёзган мактубларининг бирида, истило Ўрта Осиё халқларининг маданиятини, ижтимоий тараққиётини уч юз йилгача орқага суриб юборганлиги тўғрисида мақтаниб ёзган.

«Ўқишлар чегараланган, ноёб қўлёзмалар ва китоблар куйдирилган ёки олиб кетилган, маърифатли одамлар йўқ қилинган. Ўзбек миллатига мансуб 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган кишилар мардикорликка олиниб Россия юртларига жўнатиб юборилган».

Убайдулло Завқийнинг йигитлик йиллари ана шундай мураккаб, юрти қашшоқ, илмсизликка айланган вақтда ўта бошлади. Рус тўралари маҳаллий халқ ичида чиққан хушомадгўй, нодон кишиларни ишбоши қилиб тайинлар, бундай нобакорлар гўзал, зиёли одамларга кун бермай, уларни таҳқирлар ва ҳакоратлар. Иғво, чақимчилик, худбинлик, илмсизлик кучайиб борар, маҳаллий халқнинг тубанлашишидан рус тўралари манфаатдор эдилар. Бундай шафқатсиз усул таъсирида миллат инқироз томон одимлар, тараққиёт кишанлаб ташланган эди. Ана шундай қаро кунларда ҳам фидоий, миллат ҳақида қайғурадиган кишилар етишиб чиқмоқда эди. Убайдулло Завқий шундай кишиларнинг энг фаолларидан бўлиб, маърифат, маданият, маънавият ҳақида тинмай изланар, ўз ашъорларида халқ дарди, миллат орзусини тараннум қилар эди. Миллат деганда айни чоғдагидек ярим ёввойи нодон кишилар тўдаси эмас, балки онгли, фидоий, бир-бири учун қайғурадиган, илмли, доно кишилардан иборат буюк одамлар йиғиндиси бўлишини орзу қиларди.

***

Завқийнинг шоир ўртоқлари кўп бўлишига қарамай, Муқимийга алоҳида ҳурмат билан қарар, ғазалларини завқ билан ўқиб ёдлаб олар, Муқимийдек шоир бўлишни орзу қиларди. Ёзган шеърларини биринчи бўлиб унга кўрсатар, лекин шоир уни етарлича рағбатлантирмас эди. Кўпгина ҳолатларда шеърлари вазнга тушмаганини, нималардир етишмаганини айтса, кейинги сафар фақат қофияга эътибор бериб мазмунни унутиб қўйганини айтар эди. Шеър фақат жарангдор ва жўшқин сўзларнинг ўзидангина иборат бўлмаслигини, қофиялар ўхшашлиги билан чекланиб қолмаслигини, оддий фикр ва насиҳатомуз сўзлар билан бекорчи безаклар бермасликни ўргатарди. Шеър ёзиш учун жуда кўп шоирларнинг ижодини чуқур билиш, уларнинг шеър ва ғазалларини ўрганиб, ёдлаб олиш лозим. Ташбеҳлар нима, сўз ўйини нима албатта билиш керак. Шоир шеър орқали ўз дарди, завқи, руҳий ҳолатини ифодалай олиши лозим. Кўпгина ҳаваскорлар жарангдор сўзлар жўшқин чақириқлар қилишиб мазмунга алоқаси йўқ фикрлар қўллашади, ҳамма биладиган мисраларга алоҳида урғу беришиб ёки мураккаб хорижий сўзларни кераксиз жойда қўллаб ёқимсиз шеърлар ёзадилар. Бундай қусурлардан эҳтиёт бўлмоқ лозим. Ҳақиқий шеърнинг қиёфаси, тили, дили, мусиқаси, яширин фикри, дарди ва фалсафаси, эзгу мақсади бўлиши шарт. Бундай қаттиққўл талаблар аввалига бажариб бўлмайдигандек туюлган, Завқийни бирмунча бор тушкунликка тушиб зада қилиб қўйган бўлса ҳам у Муқимийдан сабоқ олишни тарк этмади, аста-секин қийинчиликлар чекина бошлади, заҳматли туюлган сатрлар бўшашиб равонлаша бошлади. Мавлоно Муқимий жилмайиш ва ҳайратланиш билан муомала қила бошлади. Қаттиққўлликни тўғри англаган Завқий ўзига нисбатан янада талабчанликни ошириб, борган сайин ажойиб шеър ва ғазаллар ярата бошлади.

Завқий мустақил ҳаёт бошлаб, маҳсидўзлик ва савдо-сотиқ билан шуғулланар, ижтимоий ишларда фаол қатнашар, ўзининг севимли машғулоти шеърият билан жиддий шуғулланар, унинг ижодий маҳсули халқ ичида тез тарқалиб, шоир бўлиб танила бошлаган эди. У кўпгина шоирлар қатори аввалгидек шоир Муқимий билан ҳамкорлик қилар, шеърларининг сиёҳи қуримасиданоқ унга кўрсатар, маслаҳатлар олар эди. Авваллари Завқийга танқидий муносабатда бўлган Муқимий кейинчалик унга ҳурмати ошиб, рағбатлантира бошлади. Унга бўлган ҳурмати нишонаси сифатида баъзи бир шеърларига мухаммас ҳам бағишлади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации