Электронная библиотека » Иброҳим Ғафуров » » онлайн чтение - страница 10


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 23:00


Автор книги: Иброҳим Ғафуров


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 39 страниц) [доступный отрывок для чтения: 13 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ИЛК ҲАЯЖОНЛАР

Ҳаяжоннинг онаси табиат, киши калби, шеър эса ҳаяжоннинг килкиллаб турган фарзанди. Зулфия ўзбек адабиётига маъсум ва покиза бир ҳаяжон билан кириб келди. Уни табиатнинг ғуборсиз манзаралари, ойнинг нури тўкилган сокин кечалар, тароватга тўлган боғлар, меҳнат қайнаган далалар ва ёшликнинг илк, тоза кечинмалари уринмаган, тузмаган, завол билмаган севгининг юракларни тўлқинлантирган нашидалари ўзига тортди, қўлга қалам олишга ундади. Ёш ўзбек шоираси мана шу ранг-баранг оламни унинг барча завқлари, романтик кўтаринкилигида қабул қилди.

 
Ҳур Ватан боғида қушдайин озод,
Эркин канот ёздим, яшнаб гулладим.
Шу ҳаётда чексиз қувноқман ҳам шод,
Шод дилдан шодликни мағрур куйладим.
 

Зулфия ўз бахтини ёзди. Ўзбек шоирлари ичида ҳеч ким унга қадар ўз бахтини, ўз эркин бу қадар тўлқин билан куйламаганди, бу қадар тиниқ ифодалаб бермаганди. Унинг бахти кўпнинг бахтидан бир жузв эди, шунинг учун ҳам ёш шоиранинг овози ўзбек қизининг овози, ўзбек қизининг янги дунёси каби жаранглади.

Зулфиянинг ўттизинчи йилларда яратган энг яхши шеърларида жуда тоза, бокира интилишлар, бокира туйғулар мавжланиб туради. Ҳамма ижоднинг илк даврида бўлганидек, Зулфиянинг ҳам илк давр шеърларида баҳор, майин еллар, боғларда очилган чаман гуллар, чечаклар япроқларида жилваланган ой, нурлари, офтобнинг ҳаётбахш шуълалари, шалдираб боққан тиниқ сойлар суйиб, завқ билан тасвирланади. Нимаики тоза, беғубор бўлса, ёш шоиранинг хаёли шунга мафтун бўлади, мафтунлиги шеърга кўчади. Шоиранинг 1935 йилда ёзилган «Баҳор кечаси» деб аталган, сўлим ойдин кеча манзараси тасвирланган шеърида шундай қизиқ бир сатрлар бор:

 
Кўк бахмалга гуллар бурканган,
Лаб очмаган, булбул ўпмаган
Кўзим тушди олма гулига,
Дедим: тақсам энг гўзал бирин
Сўйлаб берса… менинг чаккамда
Дилбарлигин, гўзаллик сирин.
 

Нима учун ёш шоирани «лаб очмаган, булбул ўпмаган» олма гули ўзига тортади? Шоира ўз ҳиссиётларида унга яқинлик кўради, ҳиссиётларидан унга ўхшашлик топади. Олма гулидаги мужассам табиатнинг бокира куйини ўз қалбига уйғун кўради. Гул табиат саҳифасида қанчалик бир қўшиқ бўлса, инсон ҳам олам қаршисида шундай бир қўшиқдир. Ёш шоира шу икки қўшиқнинг бир-бирига мутаносиб эканлигини ҳис қилади ва бокира гулни бокира сўз билан куйлатади. Зулфиянинг илк шеърлари жуда манзарадордир. Уларда табиатнинг масарратга тўлган манзаралари нурли бир нигоҳ билан кузатилади. Табиат идиллияси акс эттирилади. Ёш шоиранинг ташбеҳлари ва сифат-тавсифларида ҳам табиатга ошуфта бир одамнинг кўз қарашлари акс этади. Унинг тасвирларида япроқлар зилол, ҳаволар беғубор, кўк, тонглар нурли, оқ, шамоллар майин, далалар зумрад либосларга бурканиб кўринадилар. Ўттизинчи йиллар Зулфия шеърларининг ички қурилиши содда, уларда мураккаб образлар, мушкул кечинмалар йўқ, ташбеҳлар ҳам шулар баробарида хийлагина анъанавий бўлиб колган ташбеҳлар эди… Айни замонда унинг шеъри таркибининг пишиқлиги, бандларнинг гул япроқларидай бир-бирига мутаносиблиги, оҳангларнинг тиниқлиги билан ажралиб туради. Ўттизинчи йилларнинг охирларидан шоиранинг шеъри ўз оҳангдошликларидан унумли фойдаланишга, шеърни ритмик товланувчан қилишга бўлган интилиши аниқ кўрина бошлади.

Зулфиянинг бу давр шеърларида турли синтетик ва стилистик фигуралар ўрни ўрнида жуда чиройли ишлатилганлигини кўриш мумкин:

 
Ёнар юлдуз, кўкда ой кулар,
Бари қарар қизнинг юзига.
Гоҳ суқланар, гоҳи рашк билан
Қарай-қарай оқар йўлига.
 

«Кутиш» деб аталган шеърдан олинган бу парчада қофиянинг одатий аён нишонлари кўринмайди. Лекин бой ички қофиялар туфайли мисралар ўзига хос бир жаранг билан ўқилади. Айни чоғда шоира мисраларда ва айниқса, уларнинг боши ва охирида бир-бирига оҳангдош сўзларни шундай усталик билан ишлатадики, улардан мисранинг хонаси ёп-ёруғ бўлиб туради. Бунда гўё икки биллурдай тиниқ ойна бир-бирига қаратиб қўйилганга ўхшайди. Уларнинг нури бир-бирига тушиб ўртадаги шуъла янада ёрқинроқ бўлиб кўринади. Айтайлик, «Кутиш» шеъридаги: «Кичик қалбда буюк севинч бор» ёки «тоза пардай қанотингни ёз», «қиз ўлтирар кўкдан узмай кўз» сингари сатрларда мана шундай бир-бирига зиёдош қилиб қўйилган ойна-сўзларни учратамиз. Шеърларнинг мана шу тариқа ишланиши, чинакам шоирликнинг бақувват нишоналари пайдо бўлиши жиҳатидан Зулфиянинг биринчи уч китоби «Ҳаёт варақалари», «Қизлар қўшиғи» ва «Ҳулкар» бир-бирларидан анча фарқ қиладилар. Назаримизда бу жиҳатда шоиранинг учинчи китоби билан унинг адабий тақдирида жиддий бурилиш рўй беради, унинг шеъри камолотнинг барча аён белгиларига эга бўла бошлайди. Шоиранинг илк ижодидан унинг келгуси шеърларига қатор хусусиятлар бир умрга кўчиб ўтдилар. Зулфия бир умр табиатга ошиқ ҳассос шоира бўлиб қолди. Унинг ижодида табиатнинг жонли нафаси тегмаган, табиатнинг алвон бўёқлари акс ташламаган, табиатнинг она кўксидан озиқланмаган шеър камданкам учрайди. Зулфиянинг илк ижоди ўзининг соғлом, пок руҳи билан адабий жамоатчиликни ўзига жалб қилган эди. Мана шу соғломлик, масъудлик, руҳий етуклик унинг бутун шеърияти учун хос нарса бўлиб қолди. Зулфия шеърияти учун бенаволик, ғариб тушкунлик, носамимийлик буткул ёт нарсалардир. Зулфия илк ижодидан яна у ўзбек аёли қалбининг куйчиси эканлиги мерос бўлиб колди. Лекин бу деган сўз баъзи ўртоқлар тасаввур қилгандай Зулфия аёллар куйчиси дегани эмас. Лекин шоира ўзини ўзбек аёлининг жаҳон аёллари олдидаги мухтор вакили деб билади ва шеъриятида аёл қалбининг: қиз, хотин, она қалбининг нозик кечинмалари, орзу-умидларини очиб беради. Ўзбек аёли тақдирининг ёрқин бадиий тарихини чизади. Шулар ва шунга ўхшаш яна бошқа қатор жиҳатлар Зулфиянинг илк давр лирикасидан унинг кейинги давр шеъриятига албатта сифат томонидан жуда ҳам бойиган ҳолда ўтиб борди ва Зулфия шеърининг хос томонларини белгилайдиган бўлди.

ПАЛАКДАГИ ОФТОБ

Муттасил шодлик ва муттасил бахтиёрликда яшайдиган одамлар йўқ. Инсон ҳаётига ногиҳон қаттол урушлар, оғир айрилиқлар, ғарқ етилган ҳосилларни ювиб, торож қилиб кетадиган об-азоб селлар ва номи талай-талай бўлган бахтсизликлар дам-бадам ўз ҳукмини ўтказиб туради. Буларнинг бари одамзоднинг бардошини, унинг руҳий камолотини, қояларда ҳам йўқ иродасини синаш учун яратилганга ўхшаб кўринади. Одам комил мавжудот. У ўз бахтини, тараққиётини мана шундай ёвузлик ва ёмонликларга қарши омонсиз курашларда топади. Агар у бир дамгина бўлсин вайронлик, саронлик билан келишганда эди, унинг тарихи ажабмаски, ўша дамдаёқ тугаган бўлур эди. Зулфиянинг уруш даври лирикаси инсоннинг келажагига буткул ишонч билан тўлиқ. Зулфия бу даврда мардликни, ҳеч бир истисносиз вафодорлик ва садоқатни, Ватан манфаатлари учун жон олиб жон бермоққа тайёрликни мадҳ этди. Шоира олтмиш ёшга тўлиши муносабати билан нашр этилган асарларининг биринчи жилдини варақлар экансиз, 1939 йил билан 1942 йил орасига қўйилган шеър «Ҳижрон» деб аталганига кўзингиз тушади. Ва олдинги шеър «Ўлкам озодлик боғи, нурга тўлган ҳар ёғи» деб бошланган бўлса, ундан кейин келадиган бу шеър қуюқ маъюс ранглар билан бошланади:

 
Куз оқшоми эди. Булутли оқшом,
Ойдан тўкилмасди кумуш каби нур…
 

Гулларнинг ранги сарғайган, дарахтлар шамолларда силкинмайди, тераклар сафи аскар сафларидай хаёлчан ва адл туради. Қиз ёрини фронтга жўнатмоқда. Шеърнинг лирик қаҳрамони қиз урушга ҳам, айрилиққа ҳам очиқ кўз билан қарайди. Унинг кўзлари ва тафаккурини уруш ўткир қилиб қўйгандай кўринади. Ва Зулфиянинг шеърига биринчи марта фалсафий мисра кириб келади. «Ишқ доим эрк учун ҳижронга рози», дейди шеърнинг қаҳрамони. У ҳижрон мангу эмас, ёвузлик албатта барбод бўлади деган қатъий ишончда «Бу ҳижрон мангумас, висоли ҳам бор Қаҳратон қишларнинг бўлгандай ёзи». Зулфиянинг уруш даври шеърлари, уларда тасвирланган қаҳрамонлар ва уларнинг кечинмалари учун мана шундай дунёқараш характерли. Зулфия бу даврда Ватан ҳақида анчагина ёрқин шеърлар яратди. Уларда Ватанни онгли, чуқур бир муҳаббат билан ардоқлаш, Ватанни англаш ва шу англанган, юракнинг мулкига айланган ҳиссиёт билан уни ҳимоя қилишга чақириш устун туради. Шундай шеърларнинг бирида лирик қаҳрамон «Сен ҳур бўлганинг-чун нафасим ҳурдир, Ҳаётим лаззатли, бахт ёрдир менга», деб айтади Ватанга қарата. Жангчилар мана шу туйғу билан жангга кирадилар, мана шу туйғу билан фронт ичкарисидаги кишилар меҳнатда мисли кўрилмаган қаҳрамонлик, жасорат, эътиқод намуналарини кўрсатадилар. Зулфиянинг уруш йилларида ёзган ҳар бир шеърини умиднинг овози дейиш мумкин. У жуда ҳам чуқур ва жуда ҳам инсоний. У жуда ҳам тоза ва етук тафаккурдан туғилган. Унинг чашмаси тузумнинг жон қобиғида. У қуримайдиган, айнимайдиган чашма. Зулфиянинг сатрларига шу чашма ўзгача бир ҳаво бағишлайди. У айрилик тунларида инсонга ҳамдам бўлган, унинг қаддини ростлаган, чўктиришга йўл қўймаган умид. Шу маънода Зулфия шеърларида ҳижрон дардга эгачи, дард умидга. Унинг шеърларидан бири «Яна йилдай узун бўлди тун», деб бошланади. Қаҳрамон юрагини чуқур инсоний бир дард ўртайди, унинг хаёллари азобнинг тизгинсиз етагига тушади ва шоира ёзади:

 
Тўшагимда кучсиз ва ҳорғин
Тўниб ётдим хаёлга ботиб,
Девордаги гардиш палакка
Шуъла тушди қуюндай оқиб.
 

Шуъла ўз ўтида ўзи қоврилган одамга бағишламайди. Лекин алвон ранглар ичра ёнган палакнинг зиёси қаҳрамон юрагига тушади, уни қайта бошдан ҳаётга ундайди, у ўзида енгиб бўлмас бир ҳаётий куч сезади. Қаҳрамон ғам тўшагини тарк этади. Уни офтоб ўз оғушига олгандай бўлади.

 
Қарадиму кўзимни ортиқ
Узолмадим тирик ҳаётдан.
Созим, қалбим, қўшиғим билан
Мафтун бўлдим мен қайта бошдан.
 

Айрилиқ ва бенаволик ўртасида унчалик фарқ йўққа ўхшаб кўринади. Лекин уларнинг пўсти бир бўлса ҳам, мағзи бошқа. Зулфия уруш туфайли одамлар бошига, ўз тенгдошлари, дугоналари бошига тушган айрилиқларни қанчалик ўткир ҳис қилган ва бунга жавобан одамий дарддошлик туйғуси билан шеърлар ёзган, бардош ва матонатга ундаган бўлса, ўз ҳаётидаги оғир жудоликка ҳам шунчалар матонат ва сабот билан дош берди. У ўз шеъриятида устоз ва муаллим, интизомли теран истеъдод эгаси шоир Ҳамид Олимжоннинг ёрқин сиймосини яратди. Ва бунда инсон қалбининг беҳад чуқур ва беҳад нозик кечинмаларини, беҳад севган аёл қалбининг дардли тебранишларини ифодалаб берди. У қанчалар ғалати бўлиб эшитилмасин, қалбда ҳижрон билан ҳаётни куйлади, шунинг учун унинг шеърияти мискинлик ва бенаволикдан ғоят йироқ, ҳаётбахш ғояларни тарғиб қилувчи шеърият каби кишилар қалбида акс садо топди.

«ЮРТИМНИ КУЙЛАЙМАН»

Зулфия уруш овози тинган тинч ҳаётга кўкрагида тўлқинланган куй билан кириб борди. Унинг шеърларига яна ажиб оппоқ, беғубор тонглар кириб келди. Лекин Энди унинг шеърларидаги тонгларнинг тасвири илгариги асарларидагига сира ўхшамайди. Тонглар тасвири Ватаннинг порлоқ келажаги ҳақида шоирона публицистик ўйлар билан чуқурлашди. Табиатга бўлган муҳаббат ижтимоий туйғулар билан уйғун ҳолда кела бошлади. Шоира «Сенинг тонгинг» деб аталган шеърида ўз фарзандига қарата: «Сен учун бахт муаммо эмас, Эрк, ҳуррият меросинг, қўзим. Бахтинг шулким, ҳаёт ахтариб, Толпинмайсан гўзал рўёга», деб айтади. Зулфиянинг бу бахтни мана шундай реал англаш, давр шеъриятига дунёни реал тушуниш, одамзод манфаатларига реал ишлар билан ўз ҳиссасини қўшишга даъват қилиш хос бир нарсадир. Унинг лирик қаҳрамонлари ҳам реал ишда кўринадиган олима, деҳқон, тўқувчи, инженерлардир. Шоира замона қаҳрамонларининг ички оламига чуқурроқ киришга интила бошлади ва ўзбек аёлини сиёсий, ижтимоий ҳаётнинг фидокорлари сифатида тасвирлади.

Зулфия шеъриятининг эллигинчи йиллар мавзу доираси ғоятда кенгайди. Жаҳоннинг харитаси сиёсий жиҳатдан ўзгарди. Шу ўзгариш Зулфия шеъриятига ҳам ўзгача мавзулар, ўзгача куйлар олиб кирди. У тонгларга йўлдош бўлган шеърлари билан сулҳпарвар элларга мурожаатлар ёзди, уларга саломлар йўллади. Ўз қалбини тўлдирган офтоб билан, офтобнинг тили билан бошқа эллар билан сўйлашишга инсоний бир эҳтиёж сезди ва бир шеърида ёзганидек: «Қалбим офтобдан бўлиб мунаввар, Дейман: салом сизга, сулҳпарвар эллар!» деган мурожаат унинг шеърларига ўзгача миқёслар бағишлади. Зулфия бу даврда кўп элларда бўлди. Жуда катта халқаро анжуманларда иштирок этди. У дунё ўзгариб бораётганлигини ўз кўзлари билан кўрди, халқларни тўлқинлантириб келаётган улуғвор, долзарб масалаларни қалбдан англади ва шеъриятида улуғвор ғояларни ўта аниқ, таъсирчан, ёниб, алангаланиб турган сўз билан ифодалаб берди:

 
Ҳаёт гўзаллиги шеъриятининг
Ёниқ нафасига тўлсин бу жаҳон.
Хавфдан халос бўлган башариятнинг
Қўшиғин тўқисин озод, тинч инсон.
Давримиз меҳрга тўлиқ бир олам,
Дўстлар бари жам,
Буюк мушоира этади давом,
Келингиз сиз ҳам!
 

Бу – Зулфия шеъриятининг гултожларидан «Мушоира». У ўзида тинчлик, тенглик, озодлик истаган элларнинг орзуларини акс эттирди ва шу орзуларнинг чинакам мадҳияси бўлиб жаранглади. Шоира мушоира бу ҳаёт, у ҳаётни куйлайди деб айтади ва ўз куйларига инсон ҳаётининг жонли нафасини сингдиради. «Мушоира» – Зулфия шеъриятини шундай бир чўққига кўтардики, энди бу юксакликдан яна наридаги юксакроқ чўқкилар рўй-рост кўринадиган бўлиб қолди. Шоирада шу янги чўққиларни забт қилиш иштиёқи пайдо бўлди. Чинакам истеъдод эгаларида яхши асар яна ҳам яхшироқ асарга йўл очади, яхши асар талантнинг илгари кўрилмаган, лекин имкониятда бор бўлган қирраларини очиб, чархлаб юборади. «Мушоира» ҳам, унинг адабий-бадиий аҳамияти ҳам Зулфия учун мана шундай роль ўйнади. Олтмишинчи йиллардан бошлаб Зулфиянинг шеърий камолотида янги бир давр бошланди. У ўзининг «Ўйлар», «Шалола» сингари ёниқ инсоний меҳр билан тўлиқ шеърий туркумларини ўртага ташлади, «Қуёш қалами» достонини яратди. У бу асарлари билан шеъриятда чинакам янги сўз айтди. Ўзбек шеъриятининг ҳали очилмаган имкониятларини инсон руҳини тасвирлашда қанчалар қудратли бўла олишини намойиш қилди. Унинг шеърида инсон мураккаб руҳий оламининг тасвири кучайган ва нозиклашган сари шеърининг тасвирий имкониятлари ҳам бойиб, яхши маънода мураккаблашиб борди. Шеърининг тузилиши ва таркибида, синтактик қурилишларида юксак ва ғоятда мушкул шеърий тафаккур мевалари ўзини кўрсата бошлади. Сўзлар ва образлар ўз одатдаги ўринларидан кўчиб янгича шоирона ўринларни ишғол қила бошладилар. У шалолаларнинг шитобли қулашларини, шаббодаларнинг киши кўзларидан яширин кезишларини, чексизликнинг нигоҳдай эканлигини, уйқуга чўмган товушларни нозик бир латофат билан илғаб олди, шеърига кўчирди. «Ой қолдирган момиқ изларни Кўчираман шеърим сатрига», дейди Зулфия бир шеърида. Шу фусункор, сўзда қодир санъати билан Зулфия хоним халқ қалбига кириб борди. У ўз шеъриятини илтифотли диллар тафтидан меҳрдан, юракдан, тафаккурдан туғилган деб билади ва меҳр ҳамда ҳароратдан йўғрилган шеърият тахтида кўринишни ўзи учун энг олий бахт деб санайди. Ва тиним билмай шеъриятнинг янги чўққилари сари интилади.

2. Ишқ қалам тебратади

Дунёда шундай нарсалар, шундай ҳодисалар бўладики, уларга яқин, дўст, таниш бўлмай туриб, улардан баҳраманд бўлмай туриб одам ўзини руҳан ночор ва қашшоқ, эҳтимол, ожиз деб ҳис қилади. Бу айниқса, инсон ҳаёти ва руҳининг кўзгуси бўлган адабиёт ва санъатга нисбатан жуда очиқ намоён бўлади.

Шуҳрати оламга таралган санъаткор Зулфия хонимнинг шеърияти ўзбек адабиёти саҳифаларида шундай ҳодисалар жумласиданки, ундан баҳраманд бўлмай туриб одам ўзини руҳан тўкис ва тугал бой деб айта олмайди.

Ҳа, Зулфия хоним шеърияти замонамиз кишисини руҳан бойитадиган шеърият. Чунки у юксак маданият соҳибаси бўлган ижодкорнинг шеърияти. Бу шеъриятнинг мағзида ётган инсонпарварлик ғоялари фақат шу шоирага хос бўлган, шу шоирага тегишли бўлган овоз билан тараннум этилади. Мумтоз шеъриятимизнинг оташнафас шоирларидан Атойи ўз ғазалларидан бирида «малоҳат хилъати» деган ифодани ишлатади:

 
Малоҳат хилъатин агарчи хўблар кийдилар, кўрдук,
Уларга қисқадур, аммо сенинг қаддингга лойиқдур.
 

Малоҳат хилъати – бу гўзаллик либоси. Зулфия шеъриятининг руҳий озуқа бойлиги ва руҳий озиқ бера олиш қобилиятининг боиси ҳам унинг гўзал ифодаланиши, гўзаллик либосига кийинганлигидан. Зулфия ўз шеъриятининг қаддига ярашадиган, унга лойиқ малоҳатли либос топган шоира ва бу либос мингларча хўбларнинг кўркам истеъдод эгаси бўлган шоирларнинг шеър либосидан айрича ажралиб туради.

Шоира Зулфия адабиётимизга ўттизинчи йилларнинг аввалларида кириб келди.

Оддий меҳнаткаш темирчи оиласида туғилган, гўдакликдан боғларга бурканган. Уйи остонасидан гўзал Чимён тоғларининг чўққилари кўриниб турган, озод мехнат билан яшаётган ўлкасининг қадим ва янги эртакларини тинглаган, уларни ўз таъсирчан юрагига сиғдирган, сўзнинг сеҳрига берилган Зулфия ўз шеъриятининг тиниқ руҳияти билан тез орада, халқимизнинг севимли адибларидан бирига айланди. Адабиётимизда чинакам ҳодиса сифатида кичик бир даврадагина қолиб кетмасдан ҳамма сезиларли воқеалар сингари кенг уфққа чиқди шеърининг шуҳратини, ўзбек адабиётимизнинг шуҳратини Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Уйғун, Шайхзода, Миртемир сингари улкан адиблар қаторида туриб оламга таратди.

Зулфия хонимнинг шеъри жуда тез улғайди. Лекин улғайганда, ёшликнинг тароватини йўқотмасдан улғайди. Унинг ижодиётини тақрибан ўн йилликларга бўлиб қараганда, ҳар бир ўн йиллик шоиранинг шеърига қайтарилмас, такрорланмас белгилар бағишлаганлигини, оламнинг қатъиятли ўзгаришлари уларга ўз муҳрини босганлигини, шеър даврнинггина эмас, инсон ҳаёти ва қарашларининг муҳим нуқталарини ўз ичига қамраб олганлигини кузатиш мумкин. Шоиранинг биринчи китоби «Ҳаёт варақалари» (1932 йил) дан то уруш тугалланишининг арафаларигача яратган шеъриятида бошқача бир руҳий иқлим бўлса, эллик олтинчи йилгача ўзгача бир кайфият, ўзгача мавзулар, бундан кейинги олтмиш бешинчи йилгача қамраб оладиган давр маҳсулида жиддий сифат ўзгаришлари, ундан бугунги кунгача бўлган ижодида эса, буткул янгича бир оҳанглар, қарашлар, изланишлар ҳукмронлик қилаётгани кўрилади.

Мен ўттизинчи йиллар Зулфия шеъриятининг оҳангларига қулоқ солсам, унда шодлик мотивлари баралла янгради. Унинг шеърларидан сўлим ўзбек боғларининг нафаси келиб туради. Шоиранинг бу давр лирикаси севинч билан тўлиқ лирика. Зулфиянинг ёш, кўнгли романтик орзуларга ҳамдам қаҳрамони оламга, табиатга, она юртнинг чиройига суқ тўла назар билан боқади. У юртининг иқболи, табиатнинг камоли билан уйғунлик топган қаҳрамон.

 
Баҳор кечи тиниқ ва оппоқ,
Борлиқ тўлган гуллар ҳидига.
Ҳислар уйғоқ, табиат уйғоқ,
Уйғун бўлиб киши дилига, –
 

деб куйлайди ёш қаҳрамон «Баҳор кечаси» шеърида. Зулфия қаҳрамонларининг туйғулари жуда ҳам бокира туйғулар. Унинг севгиси тоза ва ғуборсиз. У ғир-ғир эсган шамолларнинг завқи, меҳнат қайнаган далаларнинг сурури, илк муҳаббатнинг ҳаяжонли дамлари, ҳарир ёғдулар сочилиб ётган ойдин тунларнинг гўзаллиги, вафонинг ҳаётбахшлиги, ҳаёнинг латофати, ватанпарварликнинг шавқи ҳақида куйлаганда, бизни ҳам шу сурур, шу ҳаяжон, шу латофатнинг еллардан тўқилган беланчакларига солиб аллалайди, ўзига шерик қилади, руҳий лаззат ва ором беради. «Шеърлар мингларча кишилар ўз қалби ва дили билан ҳис этиб, ўзлариники қилиб олгандагина поэзияга айланади, деб ёзади Зулфия хоним «Мен тонгни куйлайман» деган мақоласида. Менимча, шоир учун энг қийини шоирнинг ўзи учунгина эмас, ўқувчи учун ҳам зарур ўз овозини, ўқувчининг юрагига яқин, азиз, уни ҳам ҳаяжонга соладиган торларни топа билишдир. Агар ўқувчи шоир ёки ёзувчининг ҳис-туйғулари ва ғояларидан тўлқинга келмаса, асар у учун бефарқ қолса, демак, поэзия яратилмади. Шоир учун бундан кўра катта ҳалокат йўқ. Менимча, шеърлар оқимига тўғаноқ бўладиган омиллардан бири ҳам ана шу туйғу, шеърлар устида қунт ва чидам билан ишлашга ундайдиган кучлардан бири ҳам шудир».

Зулфия хонимнинг шеърияти ўқувчида шоира орзу қилган ва интилган мана шундай ҳамҳислик туғдирадиган бахтиёр шеъриятдир. У бунга шеърининг содда ва тоза латофати билан эришади. Шоиранинг илк шеъриятида фавқулодда мураккаб образлар, одамнинг ақлини лол қолдирадиган истиоралар, ёки баъзи бир шоирлар назарида шеър бандларидан йилтираб туриши керак бўлган безак исирғалар йўқ. Шоира бундай нарсалардан атай қочади. Исирға гўзал қизнинг қулоғига ярашади, шеърга эмас. Шоиранинг лирик қаҳрамони жуда ҳам самимий, жуда ҳам маъсума, кўнгли инсоний севинчлар учун очиқ қаҳрамон. У лапарини чин дилидан чиқариб айтади. Унинг лапари дилидаги туйғуларни тўла ифодалаб беради. Шунинг учун ҳам шоира унинг туйғулари ифодасига тақинчоқлар излаб ўтирмайди. У ўзининг хушҳол руҳиятига хушҳол мисралар топади. Шоиранинг уруш йиллари ёзилган «Гуллар очилганда» деб аталган шеърида боғдаги ғунча ўз соҳиби боғбон кизга шундай дейди:

 
Гулинг очилибди, ёрингга юбор,
Меҳрингдан сўзласин унга ҳикоя.
Атиргуллар ҳиди маст этсин такрор,
Севгинг балолардан қилсин ҳимоя.
Гуллар бағишласин томирига қон,
Жангларда мардлиги бўлсин зиёда.
Курашда ботирлик келтиради шон,
Марднинг номи мангу қолар дунёда, –
 

Зулфия шеърида мана шу каби оддий, таъбирга кўра анъанавий ташбеҳлар, образлар чуқур ғояларни очишга хизмат қиладилар. Бир қарашда жанг, жангчи ва гул бир-биридан йироқ, бир-бирига унчалар қовушмайдиган нарсалар каби кўринади. Лекин шеърда гўзаллик тимсоли бўлган аёл, севгиси сўлим қиз ҳақида гап кетяпти. Гул эса қиз юрагининг ифодачиси. Жангчига гул борса, гул унинг томирига ўт бағишлайди, уни зафарларга илҳомлантиради. Зулфия ўз шеъриятида аёл қалбининг мана шундай нозик кечинмаларини тасвирлайди, буларни ифодалашда таъсирчанликка эришади.

«Шеър ёза бошлаганимдан бери жуда кўп вақт ўтди, – деб ёзади Зулфия, – бир неча китоб нашр этибман, лекин ҳар бир янги китобнинг туғилиши олдингиларга қараганда қийинроқ, аммо олдингиларидан кўра ўзимга маъқулроқ. Бир китоб дунёга келгунча, икки-уч йил ўтган вақтлар ҳам бўлади, лекин мен ҳеч вақт, ўша «жимиб» қолган вақтимда ҳам шеърдан айри яшаганимни билмайман». Мана шундай катта ижодкорларга хос бўлган қаноат ва доимо унга ҳамқадам бўлиб юрадиган қаноатсизлик ҳисси Зулфия ижодининг камолотида зўр ҳаракатга келтирувчи омиллардан биридир. Зулфия ижод килганда шеърни аввало ўзига маъқул қилишнинг мушкул жараёнларини бошдан кечиради. У шеъри олдига жуда баланд талаб қўяди. Шеърига заргар кўзи билан қарайди. Шеър моҳиятига замонасининг чуқур маданиятга эга кишиси сифатида ёндашади. Шунинг учун ҳам унинг изланишлари доим машаққатли бўлади. Лекин машаққатлари оламга татийдиган самаралар беради.

Зулфия ўзбек шоири деган номнинг масъулиятини теран англайди. У олий мақсадларни ўз олдига вазифа қилиб қўймаган шеърият тор чегаралар ичида қолиб кетишини яхши билади. Шунинг учун у кейинги ўн йилликлар ичида ижодининг бағрини оламни тўлқинлантирган масалаларга кенг очди. У шеърга дунё харитасини, дунёнинг ҳиссий, ғоявий харитасини олиб кирди. Унинг шеъри замонанинг, мураккаб инсон ҳаётининг янгиданянги ўлмас мавзулари билан бойиди. У шеъриятда янги замон мушоирасига асос солди. Ва бу мушоиранинг марказига қудратли дўстлик ғояларини қўйди. Дўстликдай яратувчи, устувор қилувчи хушкалом лафз унинг шеърида ажиб бир жозиба билан жаранглай бошлади. Ва бу сасни дунё эшитди. Ва бу сасни урушлардан, талончиликдан, вайроналиклардан, абгорликлардан безган дунё ўзига яқин олди ва ўз куйи каби куйлай бошлади. Ва бу сас тиниқ акс садо бериб шоира қалбига яна илҳом, янги илҳом бўлиб қайтди. «Қишлоқми, шаҳарми, элними кездим. Ҳеч не келтирмадим дўстликдан ортиқ», дейди шоира бир шеърида. Шу самимият унинг шеърига Бомбай деҳқонининг, Қоҳира талабасининг, япон тўқувчисининг, Панжоб шоирасининг, болгар инженерининг, немис ҳамширасининг эшикларини очди. Унинг шеърида эллар ўзларини тўлқинлантирган ғояларга ҳамоҳанглик туйдилар. Шу тариқа ўзбек шоираси ҳиндининг ҳам, арабнинг ҳам, бир сўз билан айтганда, катта ўзгаришлар арафасида турган бепоён Шарқнинг ўз шоираси бўлиб қолди.

 
Ишқ ҳақиқат қудрати гўё
Менинг билан тебратди қалам.
Қўшиқларим билмай ғаш, риё,
Ошкор кулдим, ошкор чекдим ғам.
Дили шоир ҳассос бир элга,
Фарзандлигим нақл этар бурчим.
Халқ қалбидай бир гўзал шеърга
Етармикан ҳеч қачон кучим…
 

Зулфия хонимнинг қатор-қатор достонлари, янгидан-янги қабариқ олмосдан қайтган нурдай югурик фикрли шеърлари унинг халқнинг қалбидай малоҳатли, гўзал шеърга етиш йўлидаги олижаноб тилаклари рўёбга чиқаётганига баркамол далолат бўла олади. Зулфия хоним ҳеч қачон бир мавзу, бир оҳангли шоира бўлиб қолган эмас. Унинг бой шеърияти инсон кечинмаларининг ғоятда сирли тасвирларидан, энг нозик интим ҳаволардан, сеҳрли туйғулардан тортиб, ватанпарварликка даъват қилувчи сасларигача лиммо-лимдир. Зотан, Зулфия хоним нафис сўз санъатининг моҳираи даврони бўлиб қалам тебратмоқда. Шунинг учун ҳам унинг шеъри, унинг номи давримизнинг энг юксак фикрли кишилари ва энг оддий заҳматкашлари тилида жарангламоқда.

3. Юракдаги маърифат

Таърифга сиғдириб бўлмайдиган, таъриф билан чегаралаб бўлмайдиган нарсалар бўлади. Бундай пайтларда не-неларни кўрмаган ёзувчилар ҳам бунинг таърифига қалам ожиз деб кетадилар. Энг юксак тоғ чўққиларидаги зарра ғубор кўрмаган, киши назари тушмаган оқ қорларни, оқлигидан кўкимтир бўлиб кетган қорларни, абадий музликлардаги миллион-миллион йиллардан бери эримаган шаффоф музликларни, баҳор кезлари қирлар бўйлаб беҳад алвон кўйлакларини судраб қочган ва куйини чалиб лолаларни ром қилган, сеҳрлаган тоза, сарин елларни, инсон ўз даҳоси билан ўринлаган ой сайилларини, одамзод бунёд этаётган неъматлар жамини, эҳтимолки, таърифга сиғдириб бўлади. Чунки таъриф сўзининг ориф ва маърифат сингари сўзлар билан илдизи бирдир. Таъриф берувчи одам ориф. Ориф одам маърифат эгаси. Фақат бир нарсани таърифга сиғдириб бўлмайди. У ҳаяжон! Ҳаяжоннинг таърифи йўқ. Таъриф унинг олдида ожиз. Шеър эса ҳаяжон билан яратилади. Ҳаяжон истеъдод ва илҳомнинг чеҳрасини нурли қилади. Уларни мавжлантиради. Ҳаяжон манбаи эса шу улуғ, мураккаб, латофат ва разолат билан тўлиқ оламнинг ўзидир.

Чинакам шеърият одамга мана шундай таърифга сиғдириб бўлмас ҳаяжон бағишлайди. Кишидаги мудраб ётган маънавий кучларни ҳаракатга келтиради. Чинакам шеърият билан учрашувдан кейин киши ўзини кечагидан кўра бошқачароқ сезади, ўзида нималардир ўзгарганлигини ҳис қилади, бундай хайрли ўзгариш содир бўлган экан, у инсон маънан бойроқ бўлиб қолганлигининг нишонаси. Чет элларда, қардош республикаларда бугунги ўзбек шеърининг маликаси каби танилган ва шуҳрат қозонган, ўзбек халқининг чинакам фахрли фарзандларидан бири шоира Зулфия хонимнинг куйига шаън ва шукуҳ бахш этган нарса ҳам унинг ёниқ ҳаяжон билан тўлиқлигидир.

Зулфия хонимнинг шеърларида ҳаяжон унинг Ватанга бўлган муҳаббатидан, кўнгиллари яратувчи меҳнат сурури билан тўлган ватандошларининг олижаноб фазилатларидан, покиза ва чуқур инсоний севгидан туғилади.

Улкан шоирларидан бири юксак маънавий эътиқод бўлмаган ерда шеърият ҳам йўқ, деган эди. Салкам ярим асрлик санани ўзига қамраб олувчи Зулфия ижодиётини бошданохир диққат билан кузатилса, унинг шеъриятининг юрагида мана шу юксак маънавият яшаб келганлигини, ҳоким бир куч бўлганлигини кўриш мумкин. Юксак маънавият унинг шеъриятида ўзига чорловчи ва тўлқинлантирувчи, шу маънавият билан ҳамнафас бўлишга ундовчи моҳиятга эга.

Бу юрагида чинакам улкан маърифат бўлган санъаткорнинг маънавияти. Айтадиларки, кумуш миллиард бўлакларга бўлиб юборилганда ҳам, кумушлигича қолади. Унинг номи ва моҳияти ўзгармайди деб. Зулфия хоним шеърининг қон томиридаги маънавиятда мана шундай асл айнимас, ўзгармас хусусият бор.

Зулфия шеъриятининг хоналари нур билан тўла бўлади. Чунки у оламни нур тўла нигоҳ билан кузатади. Оламнинг тиниқ манзаралари унинг юрагига илҳом солади. У ўзини мана шу тиниқликнинг ҳассос куйчиси деб билади. Шоиранинг ўттизинчи йилларда яратилган шеърларида юрт ҳам, одамлар ҳам, севги ҳам, фасллар ҳам ғоятда тиниқ, ҳарир либосларда намоён бўладилар. Улар севишганларнинг-да беғубор, гўзал оқшомлар, покиза туйғулари, аҳду паймонлари, ёрқин ҳиссиётлари тараннум этилади. Бу оламни унинг тиниқлигида, заволсизлигида кашф қилаётган шоиранинг шеърларики, уларда гўдак табассумининг маъсумлиги, овози энди шира тортиб келаётган, баркамоллик поғонасида турган гўзал қизнинг бокира туйғулари ғунчалаб турадилар. Табиийки, туйғулари эндигина очилиб келаётган ёш шоира оламни ва ҳатто коинотни гулга тўлган ҳолда тасаввур қилади, дунё эса унга тенгсиз, ниҳоясиз бир чаман бўлиб кўринади. Бокира қизнинг юраги табиатдан ўзига уйғун бокираликни топади ва шу бокираликка бир умрга ошно ҳамда мафтун бўлади. Покиза туйғулар покиза табиат билан қовушади, унда ўзига унсият топади.

 
Тун мусаффо, кеча беозор,
Биздайин соф нафас олади.
Унда йўқдир ўтмишдаги зор,
Янги куйга қулоқ солади. –
 

деб ёзади шоира ўзининг ёшлик шеърларидан бири «Баҳор кечаси»да. Шоира ўтмишдаги зорлардан йироқ бўлган ҳур замоннинг янги куйларини айтувчи куйчи мисол. Унинг қаҳрамонлари хаёлини дам гўзал, оппоқ фируза тонглар ўзига мафтун этади, унинг кўзларидан аллақандай майин шамоллар уйқуларни олиб кетадилар («Баҳор» шеъри). Лекин Зулфия ижодининг илк даврида фақат табиатга маҳлиё бўлган лирик қаҳрамонларни яратди, дейиш унчалар тўғри бўлмайди. Зулфиянинг илк шеърияти бу аввало ҳурликка чиққан ўзбек қизининг эркин қўшиғидир. Ва бу қўшиқнинг нақаротларида меҳнат тароналари барала жаранглади. Бу йилларда Зулфиянинг шеърлари ўзига хос, бошқаларникига ўхшамайдиган шакл ва мундарижага эга бўла бошлади. Унинг ҳар бир шеърида олинган мавзу чуқур ишланадиган бўлди. Шоиранинг илк шеърларидаёқ фикр такрорланган ёки чала ташлаб кетилган ҳоллар деярли учрамайди. Шоира ҳар бир шеърида бир фикрни бандма-банд кучайтириб боради ва ҳар бир шеърида мантиқан изчилликка, композицион бутунликка интилади, бунга эришмагунча шеърдан қониқиш ҳосил қилмайди. Зулфиянинг уруш йилларида ёзилган «Гуллар очилганда», «Сенинг мафтунинг», «Палак», «Сулув тонг», «Она элда тўлишган баҳор» сингари жуда кўп шеърлари Зулфия шеърига хос мунтазам бир шакл ва чуқур ишланган мундарижага эга. Шунинг учун ҳам у шеърлар ҳамон ўзининг тиниқ кумуш жаранги билан мафтун қилади ва кишида беғубор бир чашмадан сув ичгандай ҳиссиётлар қўзғайди. Лекин Зулфия «Тун» деб аталган шеърида ёзгандай:

 
Тоғ ортига ўтиб кетди кун,
Секин чўкди тоза, салқин тун…
 

Соф еллар эсган боғларга ҳижрон тунлари оралади. Майин қўшиқлар ўрнини ҳижрон туғёнлари эгаллади. Вафонинг боғи кўз ёшлари билан ювилди.

 
Бахтиёр севгини куйларди созим,
Ўлим ханжарига тегди-ю синди.
Ҳижрон фарёдидай совуқ овозим,
Наҳот, лириканинг ёлқини тинди?
 

Биз юқорида Зулфия ижодига бошданоқ хос бўлган юксак маънавият, юракдаги маърифат ҳақида сўзлаган эдик. Шу маънавият ва маърифат қудрати билан шоира ҳижрон тоғини ошиб ўта олди. У ўз қалбини ўртаган тубсиз ва ниҳоясиз фироқнинг шиддатини очиқ ифода қилди. Ўзида юз берган руҳий таназзулни яшириб ўтирмади. Лекин унинг шеъриятида ҳижрон ҳижроннинггина ифодаси бўлиб қолмасдан бизнинг кўз ўнгимизда айрилиқ оҳанглари ичида мумтоз инсон ва санъаткорнинг такрорланмас образи сиймоси юксак шеърий ифодасини топиб гавдалана бошлади. Ўлим қудратли. Лекин севги ундан ҳам қудратли экан. Ва шоиранинг шеъриятида мана шундай абадий тирик севги ўз ифодасини топди. У ҳам ғоятда чуқур шахсий, ҳам ғоятда теран умуминсоний бир руҳ касб этди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации