Текст книги "Юрак – аланга: бадиалар"
Автор книги: Иброҳим Ғафуров
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 39 страниц) [доступный отрывок для чтения: 13 страниц]
III
ТАНҚИДЧИНИНГ НАСРИ
Ёз кечаларидан бири эди. Боғ қоронғиликка чўмган, осмон эса тиниқ зангори, юлдузлар бодраб ётарди. Дарахтларга юлдуз зиёси сочилаётганиданми, уларнинг қорамтир тарҳида ноаниқ шуъла акс этарди. Боғнинг қоронғилиги юлдузларни янада ёрқинроқ, янада фаровонрок қилиб кўрсатарди. Абдулла билан аччиқ чой дамлагандик. Иккимиз ҳам жим коинот сукутини тинглардик. Шундоқ тепамизда Етти қароқчининг улуғ чўмичи осилиб турарди. Абдулла айтди:
– Болалигимизда онам Етти қароқчига қараб: «Болам, шу юлдузни кўрсанг, тез-тез «етан юлдуз, етан марта санаса савоб бўлур», деб айтсанг, яхши бўлади», деб айтардилар. Мен уларнинг ғалати мусиқасига берилибми, тез-тез такрорлар эдим…
Абдулла шундай деди-ю, мен ўшанда шеърдаги савобдан кўра ҳам бола қалбига шеър завқини сола билган, фарзан дини юлдузларга назар ташлашга ўргатган, унинг кўзларига олам гўзалликларининг бир четини очиб кўрсатган шоир қалбли онанинг нафосатдан берган содда сабоғи ҳақида ўйладим. Бугунги Абдулла Орипов ўшандан бошланмадимикин? Ўша туфайли энди унинг шеъри китобхон муҳаббатига сазовор бўлмадимикин?
Қалбимизга гўзаллик чашмасининг кўзларини илк марта очган, ким бўлмасин, доим юракларимизда барҳаёт. Унга таъзимларимиз чексиз, миннатдорчилигимиз беҳад!
* * *
Йигирманчи йилларда кўп ёзган танқидчи Кашшоф – Триғуловнинг бир мақоласини ўқиган эдим. Ундан шундай кўчирма олган эканман: «Ғайратийнинг касал жойи шеърларининг адабий нафисликка камбағал бўлишида, ўзида деҳқончилик томон оғмачилик унсурларининг кўпроқ бўлишида ва гоҳо «жаннат», «малак» каби хурофий сўзларни зарур аломатлар ичига олмасдан қўлланишидадир».
Замон ғилдираги бундай «зарур аломатлар»ни нақадар тез супуриб ташлади. Зарур аломатлар ҳақида қайғурган қаламкашнинг сўзлари эса мана энди шундай аломатлар ичида ҳам кулгили бўлиб кўринади. Танқидчилигимиз, сўзни англаш санъати қанчалар ўсиб кетди, онгимиз қанчалар тозарди. Халқнинг бойлиги бўлган сўзларни тирноқ ичидан халос қилган замонга балли! Адиблар сўзларни ойдан ориғлаб, кундан қўриғлаб, тарбия қиладилар. Бошқа биров уларни «зарур аломат» ичига олиш ҳақидагина қайғуради…
* * *
Бу йил куз чинакам олтин куз бўлди. Кеч куз тушди. Лекин офтобнинг илиғи пасаймади. Ноябрнинг оёқларигача кўкда булут кўринмади. Офтобнинг нафаси шу қадар ёқимли эдики, одам уйга киргиси келмасди. Миркарим Осим билан сайр қилиб юрардим.
– Ана, осмонни қаранг, – деди Миркарим ака қўлларини осмон саҳифаси томон ёзиб. Нақадар кўк. Айниқса, дарахтларнинг шохлари орасидан қарасангиз, жудаям кўмкўк бўлиб кўринади. Бир хил рассомлар шуни топиб ишлайди. Қаранг, қаранг, тўғрими?
– Рост, жуда ҳам кўк, – дедим.
– Сизга мендан кўра ҳам кўкроқ кўринса керак. Мен ўн икки яшарлигимда бундан ҳам кўк кўринган эди, эсимда, биламан… Мана бу томон эса, унчалик кўк эмас, қизиқ…
– У томонга ҳозир кўпроқ офтоб тушяпти, шунинг учун оқариброқ кўринади.
– Эҳтимол, эҳтимол…
Юксак чинорларнинг офтобда ланғиллаб ёнаётган, зангори осмон лавҳида яна ҳам заъфарроқ тусга кирган япроқлари орасида минг чоғли зағча чағиллаб базм қуради. Қўшни чинордаги зағчалар уларга жўр бўлади. Чинор тўла зағча симфонияси…
– Қаранг… – деди яна Миркарим ака синиқроқ оҳангда. Табиатнинг товушлари… қанчалар ёқимли… қулоғингиз эшитиб тўймайди уларни…
Мен кекса адибнинг йиллар тўзғитолмаган завқига ҳайрон колдим. Чинакам адиб ҳам жисман қарийди, лекин унинг юраги қаримас экан. Юраги ҳам қариган адиблар бўлиши мумкин. Лекин халқ уларни адиб деб атармикин?
* * *
Баъзи бир олимлар бизнинг мумтоз насримизни бутунлай йўққа чиқарадилар, уни инкор қиладилар. Бир олим анча тузук анжуманда, бизнинг насримиз илгари «андоқ гурзи билан урдиларким, тариқдек сочилиб кетдилар»дан нарига ўтмаган, деб ҳаммани кулдирган ҳам эди. «Мифтоҳ-ул-адл»дан кўчирма: «Айтурларким, Сулаймон алайҳиссаломга пашша келиб елдин шикоят қилди, айтди: «Ел жиҳатидан ҳар лаҳза бу оламда фароғат учолмайман, ризқимиз учун бисёр ташвишга қолибмиз. Ел сенинг фармонингдадир, ҳукм қилғилким, бизга мазоҳим бўлмасун». Сулаймон ал-м айтдилар: «Сен сўзунгни арз қилдинг, эмди елдин сўрғайлукким, ул на сўзлайдур». Ел келгач, пашша қочиб кетди, ҳар неча қарадилар мавжуд бўлмади».
Мен адабиётимизнинг жуда қадим муаллифларидан бири ҳар бир сўзни усталик билан ишлатгани, жумлалар ўртасида ажиб бир мусиқа яратгани, тўрт қаторда қанча тасвир-воқеани жонлантираётганига ҳавасим келади. Йўқни-ку йўқ дейдилар, яъни йўққа чора йўқ. Лекин борини ҳам йўқ десалар, буни нима деб аталади?
* * *
Бир хил танқидчилар бўлади. Ўзларидан илгари ёзганларни сира тан олмайдилар. Бир асар ҳақида бошқа танқидчилар айтган фикрлардан атай, жўрттага кўз юмадилар. Биз ҳам ёза биламиз, деб тақриз ёзиб ташлайдилар. Бу нимадан бўлса экан, деб ўйлаб юрардим. Билсам, бу фикрсизликдан экан. Олим киши учун сув билан ҳаводай зарур ҳалолликнинг етишмаслигидан экан. Ўзини билмаганга олган киши билимдонроқ бўлиб кўринса керак-да.
* * *
Бир куни Ҳасанбой деган жойда бир маърака бўлди. Ёз эди. Иссиқ. Димиқиб кетган одамлар тўй билан ишлари бўлмай эринибгина ўтиришарди. Бир маҳал кўча томонда ғалати бир хониш янграб эшитила бошлади. Қулоғимга фавқулодда ритмик ғарғаралар чалинди. Қулоқ солсам, бениҳоя таниш сўзлар. Ўзимга ишонмай ўрнимдан туриб, хониш келаётган томонга бордим. Ўрта ёшли, кийик кўз бир одам Ғафур Ғуломнинг «Кўкан»ини ўқирди. У достоннинг бой товуш оҳангларини шундай келиштириб, бўрттириб ўқирдики, атрофдагилар ичаклари узилгудай бўлиб кулишар, кўзларигача ёшланиб кетарди. Хонанда эса кўзларини юмиб олганча қироатда давом этарди. Ҳа, бу чиндан ҳам ажиб бир қироат эди. Тингловчилар эса достон сўзларини шундай яқин олардилар ўзларига…
Мен чинакам санъаткор сўзининг қудратини ўшанда яна бир карра ўқиб олгандим.
* * *
Бир ёш шоир ўзини мафтун қилган гўзални таърифлаб, «ол юзлари сутдай оппоқ», деб ёзибди. Юзлари сутдай оппоқ бўлса, демак, ол (қизил) эмас экан-да. Ёки юзлари нақш олмадек бўлса, демак, оқ сутдай оқ эмас экан-да. Балки оқи оқ, қизили қизилдир. Лекин шоир чизган гўзалнинг портретида сўздан бошқа ҳеч нарса кўринмаяпти. Сўзи бўлса-ю ифодаси бўлмаса, бу ҳам қийин савдо экан, шунинг учунми халқимиз, оти бору ўзи йўқ, деб қўйган шекилли…
ЮРАК – АЛАНГА
Услуб – бу ҳаёт.
Бу – тафаккурнинг қони.
Флобер
ДЕБОЧА
Одам боласи қўлтиғига китоб қистириб катта бўлади. Китоб беминнат ҳамроҳ, беминнат дўст, беминнат маслаҳатчи ва беминнат донишмандимиз бўлиб кўнглимизни кўтаради, шодлигимизга шодлик, руҳиятимизга шукуҳ бағишлайди. Китоб одамнинг миясига ўхшайди, миянинг саҳифалари ҳаёт ва тирикликнинг сабоқларини қандай ўзлаштирса ва сақласа, китоб ҳам ҳаёт ва тириклик сабоқларидан бунёдга келади, шу сабоқларни абадийлаштиради ва асрлардан асрларга, одам авлодларидан наслларга элчи бўлиб боради.
Китоб одамзод шажараси шакллари ва руҳини ўзида бир тилсимот каби муҳрлайди.
Китоб дейилса бир воқеа эсимга тушади. Ёз эндигина бошланган эди, Жиззахнинг ярқироқ жавзойи ўриги тагига тўкилиб кела бошлаган пайт эди, Сиёбнинг бўйи эди. Офтоб бота бошлаган, унинг ярим палласи уфқда илиниб турарди, дам ўтмай офтобнинг тилини ҳам уфқ ютди, лекин ёз бўлгани учун дарров қоронғилик тушмади. Катта йўл бўйидаги осуда, кўримсиз, лекин салқин манзилда уч-тўрт дўстлар сокин суҳбат қуриб ўтирар эдик. Сиёб билинмай лимиллаб оқиб ётар, унинг оқиши аёл кишининг кўзидан милдираган севинч ёшларига ўхшарди ва яна ўшандай севинч ёшлари каби тиниқ эди. Шу кўзга кўримсизгина бўлиб кўринган, худди нариги бетига ҳатлаб ўтса ҳам мумкинга ўхшайдиган жимгина оқаётган сув минг йиллардан бери оқиб ётганига ва бир зум бўлсин оқишдан тўхтамаганига одамнинг ишонгиси келмасди, балки оналар туға-туға сўнг қараган бедард кўзга шундай кўримсиз бўлиб кўринадилар, аслида эса ҳаёт ва тирикликнинг аввал-охир манбаи бўлиб яшайдилар. Сиёб ҳам шу жиҳатдан онага ўхшарди. Бир дўстимиз оҳиста, шикаста товуш билан шеър ўқирди. Ажаб, шеър оҳанги сойнинг оқиб боришига бу қадар уйғун эди. Даладан қайтган беш-олти эркак нариги сўрида чой ича бошладилар. Улар ичида баланд бўйли, ориқ, гапга чечан, ўзбекчани тожикча билан аралаш қилиб сўйлаётган йигит қизишиб ёнидагилар билан баҳс қила бошлади. Улфатлар уни аския қила кетишди. Қаҳқаҳа кўтарилди. Кулги зўрайган сари йигит ҳам кучаниб ўз гапини маъқуллашга уринарди. Сўнг бирдан унинг ёнидаги икки ошнаси ўринларидан турдилар, бири новча йигитнинг қўлтиғидан, иккинчиси оёғидан шарт кўтариб, сув устида силкита бошладилар ва тебрата туриб уни сувга ташлаб юбордилар. Қий-чув, қаҳқаҳа, қийқириқ кўтарилди. Сувга ташланган йигит шалоплаб, ўмбалоқ ошиб чўмилар, сўридагиларга сув сочарди.
Ўқилаётган шеърга ҳаётнинг шу кутилмаган парчаси омихта бўлди.
Бирдан даврамиздаги дўстлардан бири мени туртди ва катта йўлни кўрсатди. Йўрға эшакка миниб олган бир бола ўрилган ўт устида ўтириб кетиб борар, қомати тик, елкалари самбитдай эди. У икки қўли билан аллақандай китобни тўғри кўз ўнгида тутиб, уни баланд овоз билан шариллатиб ўқиб борарди. Овози жуда жарангдор ва ширали эди. У ҳеч кимга, олам унинг учун ҳеч нарсага эътибор бермас, ҳозир шу китобда мужассамлашган, яъни у эди-ю, шу китоб эди. Эшаги эса худди чизилган чизиқдан чиқмасликка қасд қилгандай тик ва бир маромда йўртиб қадам ташларди. Тўғрисини айтсам, шу болага ҳам, унинг қўлидаги китобга ҳам, шу болани ўқитадиган муаллимга ҳам ва шу болани кўзига нур берган отасига ҳам жуда ҳавасим келди ўшанда. Ва шу бола китоб билан келажакни забт этадигандай ва шундай болалар халқининг пешанасини ёруғ қиладигандай бўлиб туюлди.
Нега десангиз, китобнинг мағзи доимо миянинг мағзига айланади. У миянинг сонсиз-саноқсиз хотира уяларини қутлуғ билим билан тўлдиради ва одамнинг борлигига маданий бир шуъла ташлайди.
Эсингиздами, тўрт яшар Алишернинг қандай китобга шайдо бўлиб қолгани? Буюк «Мантиқут-тайр» уни тўрт яшар чоғида ошуфта қилиб қўйганди. У китобни бағрига босиб ухлаб, бағрига босиб уйғонарди. Уни китобнинг сирли дунёси буткул ўзига ром қилганди. Ким билсин, балки унинг буюклиги ана шу жуда эрта кўз очган ошуфталик ва ошиқликдан бошлангандир. Сўз сеҳридан лол бўлган одам ўзи ҳам сеҳрли сўз яратса не ажаб!
Баъзи одамлар китоб ўқисам, юрагим эзилиб кетади, дейдилар ва юраклари эзилиб кетмасин учун уни авайлаб ўзларини китоб ўқишдан асрайдилар ва ҳатто болаларга ҳам шундай таъсир ўтказишга уринадилар. Лекин ҳаётга одамий бир кўз билан қараганда бахт ва шодлик ҳеч кимга боғлаб берилмаганлигини, дард ва шодлик қон билан сутдай бир-бирига омихта бўлиб ётганлигини кўриш мумкин. Шундай бўлгач, юрак эзилади ва эзилиб, худди ҳайдалган ер каби жонида уруғ сақлаб кўкартиришга қобил ҳолатга киради. Бўшамаган ерда уруғ кўкарадими ҳеч замонда?!
Бундан ўн–ўн беш йиллар муқаддам балки менинг кўзимга шундай кўринармиди, билмадиму, лекин назаримда кўчада китоб кўтарган, ўтирган, турган кўйи китоб ўқиган одамлар бугунгидан кўпроқ эди. Ҳозир телекўрсатувлар жуда зўр мавқега эга бўлиб қолди. Китоб ўқишга қараганда телевизор кўриш осонроқ ва қулайроқ. Телевизор одамнинг кўзини жуда иштаҳали қилиб қўйди, томоша иштаҳаси пайдо бўлди.
Лекин барибир китобнинг ўрни бошқа, мавқеи бошқа, сеҳри бошқа. Сиз китоб билан бугунда туриб минг йилларнинг қаърига кириб борасиз. Китоб орқали сизга минг йиллик тарих яқин бўлиб қолади. Аждодларнинг ақли-шуури яқин бўлиб қолади. Турли эллар-элатларнинг ҳаёти, тақдири яқин бўлиб қолади. Китоб билан ўзингизни бутун тирик дунё ва унинг борлиги, бугуни, келажагига тақдирдош сезасиз ўзингизни.
Шунинг учун ҳам ҳали-ҳали китобни кўзига суртиб ўқийдиган табаррук зотларни кўп учратиш мумкин. Улар китобнинг қадрини ҳам, дардини ҳам, пандини ҳам яхши англайдилар.
Бир куни жуда ҳашамдор бир уйда меҳмон бўлишга тўғри келди. Ҳамма нарса яхши, рисолада эди. Дастурхонда эса жондан ўзга неки бўлса, бари мавжуд эди. Лекин фақат… безоғлиқ хонтахталарнинг оёқларига китоблар қўйилганди, улар ичида ҳатто эски, умр бўйи қидириб топиш мушкул китоблар ҳам йўқ эмасди. Шундай… биров китобни бошига қўяди, биров оёғига. Яна шундайи ҳам бўладики, китобни уйдаги чиройли жавонни тўлдириш учунгина харид қилиб, уни безак сифатида сақлайдиганлар ҳам топилади.
Лекин китоб хона безагига эмас, ақлнинг безагига айлансин.
Юракнинг қони билан битилган нарса кўнгилларни фаровон қилиб, олижаноб яшашга ўргатсин. Одам шафқат, мурувват, меҳнат билан тирик экан, китоб ҳам унга доимо ҳамдам, ҳамқадам, ҳамдарддир.
Меҳнат – ижоддан иборат бўлиб қолган бизнинг кунларда китобдан ҳосил бўлажак мурод бошқа ҳамма замонлардагидан ҳам улуғроқ кўринади.
Бу китоб шундай ўйлардан, орзулардан дунёга келди.
У – китоб инсон, ижодкор, санъаткор инсон юрагининг абад ўчмас алангаси, деган эътиқоддан туғилди.
Шундай эътиқодга амал қилади.
Шундай эътиқодни қутлайди…
I. УМРЛАРНИНГ МАЗМУНИ
ШЕЪРГА СОЧИЛГАН ЮЛДУЗЛАРБу кунга келиб ўзбек адабиётининг бир қисми улкан воқеликдан улкан тарихга айланди. Академик Ойбек асарларининг тўла ҳолда нашр қилишга киришилгани жонли адабий ҳодисанинг жонли адабий тарихга айлана бошлаганлигини кўрсатади. Айтиш мумкинки, тарихда биринчи марта ўзбек адабиёти намояндаларининг асарлари тўлиқ академик нашрдан чиқа бошлади. Бу маданият тарихи учун сезиларли йирик ҳодисадир. Ойбекнинг «Мукаммал асарлар тўплами» деб аталган бу тўлиқ куллиёт ўн тўққиз том деб белгиланган. «Мукаммал асарлар»нинг (кези келганда шуни ҳам айтиб ўтайликки, тўлиқ асарлар тўпламига нисбатан «мукаммал» сўзи у қадар ўринли ишлатилган деб бўлмайди. Мукаммал сўзи кўпроқ бошқача маънода ишлатилади. У етук, поёнига етган, том камол касб этган деган маъноларга кўпроқ яқин бўлиб, «Мукаммал асарлар тўплами» деганимизда, кўпроқ етук асарлар йиғиндиси деб англаниши мумкин. Ваҳоланки, бундай эмас. Мукаммал асарларга Ойбекнинг тугалланмаган асарлари, шоирнинг ўзи тирикликда китобларига киритмаган шеърлари, асарларнинг баъзи қоралама нусхаларини ҳам бериш мўлжалланганки, бу ва яна бошқа баъзи мулоҳазалар ўн тўққиз томликни «Тўлиқ асарлар тўплами» деб аташни тақозо қиларди. Лекин гап сўзнинг ўзида эмас. Боя айтганимиздек, маданиятимиз тарихи учун катта ҳодиса ва яна биринчи ҳодиса бўлган бу ажойиб нашрда ҳар бир нуқта, ҳар бир сўз ўз ўрнида, нуқсонсиз, тўкис ишлатилишини жуда ҳам истардик) биринчи икки томига Ойбекнинг лирик шеърлари жамланган. Бу томларга илмий изоҳлар, Ойбек асарларининг хомаки нусхалари, эскизлари, шоирнинг сўз устида қандай ишлаганлигини кўрсатиб турадиган шеърий сатрларнинг турли вариантлари ҳам киритилганки, булар академик нашрнинг қимматини оширади.
* * *
Бу шеърлар салкам эллик йил мобайнида яратилган шеърлар… Улар бир ижодкорнинг тарихи, тақдири, дунёқараши, кечинмалари, руҳий дунёсини тебратган ҳиссиётларинигина акс эттириб қолмай, шу билан бирга ижодкор яшаган муҳит, нафас олган шароит, ижтимоий ҳаёт ва унинг турли-туман воқеаларига ҳам ойна бўла олади.
Йигирманчи йилларда ва айниқса, унинг бошларида бизнинг кўзимизга ўрганиш бўлиб кетган шеър ва унинг турлари ҳали эндигина тикланиб келаётган, лекин тикланиб улгурмаган, янги шеърга яраша, унинг табиатига мос тушадиган, унинг олдига қўйилган адабий, сиёсий, ижтимоий вазифаларни бажаришга тўла жавоб берадиган шеърий сўз шакллари ва усуллари етарлича тажрибадан ўтказилмаган эди. Европа ва жаҳон шеърининг улкан тажрибаси ҳали ёш шоирлар томонидан тўла ўзлаштирилмаган, лекин шундай қилишга ҳаракат бор эди, ҳаракат зўр эди, кучли эди. Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир, Мақсуд Шайхзода мана шу ҳаракатга куч ва энергия бағишлаб турар, уни янги тузумнинг соғлом йўли сари бурар эдилар. Давр майдонга олиб чиққан ва етиштирган мана шу ва яна бошқа бир қанча шоирлар ўз олдиларига даврга хизмат қилиш, янги ижтимоий тузумнинг маданиятини яратиш, оёққа бостириш вазифасини қўйган эдилар. Уларни шу мақсад бирлаштириб турар, шу ягона мақсад уларга куч бағишлар, тарих саҳнасида унинг адабий қиёмида етакчи роль ўйнашга тортар эди. Бу авлод, маълумки, жуда кучли маданий ва сиёсий кураш ичидан ўсиб чиқди. Уларнинг илк давр ижодлари мана шу курашларнинг, иккиланишларнинг, олишга интилишларнинг барча қарама-қаршиликлари ҳақиқатни топиб ва изланишларини акс эттиради.
Бу санъаткорлар бир-бирларидан туғма фазилатлари билан ажралиб турадилар. Уларнинг ҳар бири адабиётга янги сўз, янги тушунча, янги одамларни олиб кирди. Инқилоб уларга янги йўл кўрсатди ва улар шу янги йўлларни муносиб суръатда давом эттирдилар ёки ўзлари кўп маҳал йўллар очдилар.
Ойбек мана шу йўл очувчиларнинг ўзига хос равшан бир даҳога эга бўлган намояндаларидан бири эди.
Унинг икки тўкис жилд шеър меросини яна қайта ўқиганда бир ўқувчи сифатида кўнгилга шукуҳ ва шодлик тўлади. Офтоб миядан уриб турган, чангли, ғуборли, қийин йўллардан ўтиб соя-салқин маскан ичра жуда тоза бир булоқ устидан чиққан ва ташналигини унинг зилол ва шакар оби ҳаётидан қондирган бир йўловчи қандай ҳузур қилса, бу жилдларни қайта-қайта ўқиганда одамнинг жонида шунга яқин бир сурурли кайфият пайдо бўлади. Ва шунча кўп сўзланган бўлса ҳам, яна улар ҳақида сўзлагинг ва сўзлашгинг келади…
* * *
Ойбек лирикасини текширган тадқиқотчилар унинг илк даврида тушкунлик кайфиятларига берилганлигини қайд қиладилар ва буни бизга ётроқ таъсирлардан деб тушунтирадилар. «Ёт таъсирлар» қандайлигини билмадиму, лекин Ойбекнинг йигирманчи йиллар лирикасини ўқиганда, унда мунг, хасталик кучлироқ ифодаланганлигини дарров кўриш мумкин. Ва дарров одамда бир савол туғилади: ўн саккиз – йигирма яшар ёш шоирда бунчалар ҳасрат ва синиқлик қаердан пайдо бўлди? Шеърда у ўзининг ҳоли хасталигини айтади-ю, лекин хасталикнинг ўзи қандай, қаерда, нима бўлиб бошланганлигини маълум қилмайди. Шеърда «мен» деб ифодаланаётган шахс ўз қайғули ҳолидан табиатга, табиат кучларига зорланади, шикоятлар қилади. У табиат билан дардлашади. Дарди борлигини айтади ва дарди борлигидан дарахтларга, сойларга, қушларга, шамолларга нолийди. У дунёга хазинлик билан қараётганлиги, дунёни қалбининг маъюс кўзлари билан кузатаётганлиги учун оламнинг сурати ҳам ҳазинроқ, маъюсроқ, қайғулироқ чиқади. «Қоп-қоронғи, кенг бир ўрмон ичида ҳайрон бўлиб, ёлғизгина турардим», дейди шоир 1922 йилда ёзилган «Чолғу товуши» шеърида ва шундан сўнг ваҳимали сукунатга ғарқ бўлган осмонни, қоп-қора булутлар ўраб олган ғамгин ўрмон манзарасини чизади. Бу ўрмонни қушлар тарк этган, бунда уларнинг хуш нағмалари эшитилмайди. Бу кимсасиз, йўлсиз, ёруғликсиз чангалзор ўрмон нимани англатади, деб ўзингизга ўзингиз савол берасиз. У ниманидир англатиши керак, унинг қандайдир маъноси бўлиши керак, лекин қандай? Эҳтимол бу романтик хаёлларга ошно, хаёли воқелик борлигидан ўсиб илгарилаб кетган, ҳар нарсада гўзаллик кўришга интилган бир қалбнинг гоҳо гўзаллик ўрнига вайроналик билан тўқнашган чоғларида озурда дил бўлиб кўрган тушларидир. Ё эҳтимол бу ҳали ҳаётда, ижодда, ижтимоий турмушда ўз йўли, ўз ўрни, ўз мустаҳкам мавқеини топиб улгурмаган ёш йигитнинг йўл излаётганлигига, қайси йўлни танлашни билмай, дунё кўзларига дам ёруғ, дам қоронғи бўлиб турганлигига бир ишораи рамз эмасмикин, дейсиз. Лекин дунё ҳеч қачон ҳеч бир дақиқада бир текис зулматга ботган эмас, агар шундай бўлганда ҳаёт аллақачонлар тугаб кетган бўларди, унинг бир чеккасига доимо коинот тирқишларидан ёруғлик тушиб турган ва бинобарин, зулмат билан ёруғликнинг абадий кураши одам боласини ўстирган, чиниқтирган. Зотан, мана, Ойбекнинг зулматли ўрмон ҳақидаги илк романтик шеърида ҳам қоронғиликдан, йўлсизликдан ўксиниб турган «мен» шахсининг қулоқларига аллақайлардан чолғу товуши эшитилади. Шу мунгли миллий чолғу саси унинг ички дунёсида бирдан ўзгариш ясайди: «Ичимдаги қайғу, алам ўтлари жўшқин уриб, учқун каби учишди», дейди шоир. Куй худди тушда кўрилгандай жонсиз, руҳсиз ўрмон манзарасига жон бағишлайди, «мен» шахси ҳам ўзини бошқача ҳис қилади, бу чолғунинг дардли, мунгли овози булбулларнинг сайрашидан яхшийди», деб хулоса чиқаради у. Куй ғафлатдан уйғотади ва шоирга: «Ётма, ўғлон, уйғон, кўз оч, ухлама!» деган чорлов садолари эшитилади. Орзу ва хаёлларга тўла ёш кўнгилда туғилган бу шеърда ҳолат ва хаёлнинг сирли, романтик мавқеини сақлаш учун кўп нарсалар тўғрисида атай, онгли суратда ноаниқ, тугал билинмаган ёхуд билиб бўлмаган нарсалар каби сўзланади. Агар мантиқий фикрлайман десангиз, сизда ўзингиз учун аниқлаб олишингиз керак бўлган бир қанча саволлар туғилади. Хусусан, чолғу қандай чолғу эди, уни қаерда, ким чалаётганди? Ўрмон қандай ўрмон? Нега уни қушлар тарк этиб кетган? Шоир бу ўрмонда нима қилиб юрибди? Нега мен шахси ҳам, табиат ҳам синиқ хаёлларга берилган каллада туғиладиган тушлар каби мунгли ва қўрқинчли? Бу саволларга шеърдан жавоб топиш қийин. Шоир буни атай қилганга ва ўз олдига бундай саволларга жавоб бериш вазифасини қўймаганга ўхшайди. Лекин бу шеър йигирма иккинчи йилда «мен» дунёқарашида кўп чигалликлар, ечилмаган муаммолар мавжуд бўлганлигини, у йўлсизликдан қийналаётганлигини, воқелик мураккаб, дарров ечиб бўлмайдиган мушкул масалалари билан унинг қаршисида кўндаланг турганлигини, «мен» бироз саросимада қолганлигини кўрсатади. Лекин шуниси ҳам борки, бу мушкул йўлакда «мен» бутунлай ожиз деб бўлмайди, унинг қўлида бу адаш йўлакдан олиб чиқадиган ипнинг учи бор. Бу ип – шеърият. У ҳозир «мен» шахсига куй бўлиб эшитиляпти. Шу куй уни ҳали тароват ва сеҳр билан тўлган кўп боғлар, чаманлар, илҳомсоз масканларга олиб боради…
Ойбек «Қушлар учаркан…» деб аталган бошқа шеърида ҳам табиатга мурожаат қилади. Учиб кетаётган қушларнинг «тотли шеъри қалбига оқиб кирганлигини айтади. Лекин негадир шундан сўнг «Мен учолмадим, гул қучолмадим. Хаста ҳолатдан қутулолмадим», дейди. Бунда яна ўша аллақандай шоирона хасталикка, айтиб тугатилмаган дардга дуч келамиз. Бунда ҳам хасталикнинг илдизи, сабаблари бизга қоронғи бўлиб қолади. Қандайдир жуда ширин, тўла англаб етилмаган, ноаниқ, ғира-шира интилишлар, истаклар… издиҳом бўлиб ёш шоир дунёсини қамраб олади, қалб шу истаклар дарёсида ғарқ бўлиб тўлғанади. Лекин бу истаклар, хаёллар, кайфиятлар нима деб аталмасин, уларнинг замирида умид ётади, улар олижанобликдан, юракнинг яхшилик ва эзгулик билан боғланганлигидан туғилган. Зотан, «юракларимиз илҳом онларида янги юлдузлар кашф қилади» (В.А.Жуковский). Ойбек мана шундай юлдуз кашф қиладиган ҳолатларни бошидан кечирмоқдайди, бу – унинг ўша пайтда ёзган ҳар бир сўзида билиниб туради.
Ярим кеча… япроқлар-да уйқуда.
Юрғун ойнинг ҳафиф нури ерларда.
Кўчалар бўш, ҳар тарафда бир сир бор.
Титрар эди ҳар бурчакда оҳ-зор, –
деган сатрлар билан бошланади Ойбекнинг «Кеча туйғуси» (1924) деб аталган шеъри. Романтик хаёл билан яшаган «мен» шахсининг нигоҳи олдин ойдин кечанинг сокинлигини қайд қилади, бу сокинлик хаёлга парвоз бағишлайди, парвозга кўтарилган хаёл атрофдан тобора нозик таассуротларни ўзлаштира бошлайди. Шоирона фантазияси ўткирлашган «мен» юрғун ойнинг ипак нурларига эргашиб бўм-бўш кеча қучоғида кўчалар кеза бошлайди. Ой тўлган кеча унинг нозик хаёлига романтик кўринишлар туҳфа этади, «ҳар тарафда бир сир» кўринади. Қулоқларига теварак-атрофдан оҳ-зор илғанади. Босилган, йиқилган уйлар, эски чолдеворлар мунғайиб ётади, улардан оламга фарёд отилади. Шуни ҳам таъкидлаб кетайликки, инқилоб йўқчилик ва йўқсилликнинг ижтимоий манбаига болта урган, кишини киши томонидан эзишга барҳам берган ва зулмнинг ижтимоий илдизлари тугатилган эди. Лекин ҳали йўқсилликнинг ўзи тугатилмаганди, очлик тугатилмаганди, йўқчилик ҳамон даҳшат солиб одамларни сариқ япроқдек титратарди. Ҳали эскилик, вайроналар узра оқ уйлар тиклаб улгурмагандик. Ҳали ҳамма қилинадиган ишлар олдинда эди. Йигирманчи йиллардаги оғир иқтисодий шароит мана шу тариқа шеърга ҳам, шеър ёзувчига ҳам қаттиқ таъсир кўрсатади ва у «Хаста қалбим шу ҳолларнинг ичида нима учун йиғламасин, куймасин?» деб нидо қилади. Ва фарёдларга қулоқларини беркитмайди, вайроналардан кўз юмиб ўтмайди. У эртага бундан кўра яхшироқ бўлишини билади. Чинакам шоир чинакам ҳақиқатни куйлайди. У даврга бўёқ суртмайди, балки даврнинг бўёқларини шеър сатрларига олиб киради, у даврга нафас бағишламайди, балки давр унинг ёзганларига нафас, ҳаво беради. У йиллар ҳақиқат шундан иборат эдики, қийин эди, оғир эди, оч эдик, яланғоч эдик, лекин олдимизда ўчмайдиган чироғимиз бор эди, келажак умиди билан яшар эдик, келажак эса хаёлимизда ўз қўлимизда, ўзимизга боғлиқ эди. Ёш Ойбек оғирчиликларни қанчалар хасталанган шоирона кайфият билан қабул қилмасин, лекин ижодкор юрагининг бир чеккасида бу қийинчиликлар ўткинчи эканлигига ишонади ва шу ишончни шеър сўнгида дадил ифодалаб беради: «Йўқ, йўқ, руҳим, бироз ўйна, бироз кул! Яқин кунда юрагингдан ғам кетар. Чолдуворни қоплар гўзал чечак, гул, қизил юлдуз шуни айтар ҳар саҳар». Ойбекнинг йигирманчи йилларда ёзган шеърларида аксар шу тариқа ярим маҳзун, ярим қувноқ кайфиятлар устунлик қилади. Унинг шеърий тафаккури тикланиб келаётганлиги, дунёқараши тобора мустаҳкам бўла бораётганлиги сўзларда, усулда, образларнинг ҳиссий рангларида, мавзуларнинг танланишида шундоқ билиниб туради. Ойбек хаёлий, нозик кечинмаларини ҳашамдор образлар ва тасвирларга чулғаб бера бошлайди, шоир дардни жарангдор, бўёқдор сўзлар билан ифодалашга майл сезади: «Олтин қўнғиз, қанотларинг қайрилмиш, Яна севги дардларини куйлайсан. Парилардан ёниқ дилинг айрилмиш, Англат менга дардингними суйлайсан? «Олтин қўнғизга» (1924) деб аталган шеърдан олинган бу парча ўша ўта хаёлий тасаввур ичида яратилганлигини ва шоир одамнинг бунга (айниқса, ўн тўққиз ёшда) ҳақи борлигини англамаганимизда эди, унда олтин қўнғизнинг куйлашини ва яна севги дардларини куйлашини тушунтириб бўлмасди балки. Шоир шеърини: «Олтин қўнғиз, ипни уздим, кўкка уч! Севганингнинг юзларидан ўпиб қуч!» деган шоирона бир тилак билан якунлайди. Ойбек олижаноб қалб билан ҳар нарсанинг эркин, ҳур парвоз қилишини истайди. Парвоздан унинг кўнгли яйрайди, кўзлари қувонади. Ўзи яйраган ёш кўнгил табиатни ҳам яйраган, ҳур қанотларини ёзган ҳолда кўришни истайди, борлиқ унинг файзталаб кўзларига ҳарир, олтин ҳал тортилган либосларга бурканган ҳолда кўринади. Ижодкор Ойбекнинг табиати ажиб бир тарзда унинг барча асарларига ва айниқса, шеърларига кўчгандир. Кенг феъл, кенг қарашли, оғир, вазмин, теран хаёл эгаси бўлган Ойбек ғоятда нозик кечинмаларга бой шоирона қалби билан замондошларига севикли эди. Унинг табиатидаги мана шу томонлар шеърларида худди ойнага солгандек акс этади. Шоир бир шеърида қуёнга қарата: «Юксак тоғлар устларида чоп, ўйна, Буюк кўнглинг чечаклардек очилсин!» дейди ва қуёнда «буюк кўнгил» кўрадики, буни Ойбекнинг кенг ва очиқ, дов феълини англамасдан туриб тушунтириш қийин. Худди шунингдек, тол шохига келиб қўнган қуш унинг юрагида ажиб завқ-шавқ уйғотиб юборади ва шоир бу қушни малак каби гўзал бир қуш, деб таърифлайди ва шу қушга, худди севгилисига айтгандек юрагидаги дардларни сўйлайди: «Малак каби гўзал бир қуш, Тол шохига келиб қўнди. Дедим: «Қушча, ёнимга туш», «Ёш кўнглимга алам тўлди». «Мен» шахси қушдан, унинг сирли нағмаларидан ўз синиқ руҳига ором ва малҳам истайди, қуш нағмалари «амалимнинг шамин ёқсин», дейди. Шоир ҳали ўз дардларини, ўз амалини тўла англаб етмайди, шунинг учун ҳам баъзан шеърларида қарама-қарши фикрларни айтади. Чунончи, «Ёш кўнгил» деб аталган шеърда шундай сатрларни ўқиймиз: «Ёш кўнгил баъзан тошар, Чексиз тоғлардан ошар, На ғам билур, на ҳасрат, Ҳавас-ла тўлиб тошар». Ёш кўнгиллар ғам, ҳасратни билмайди, деган умуман ҳаётий бир гап Ойбекнинг нечукдир шеър ёзган чоғлардаги кайфиятига сиғмайди. Дам сайин белгисиз ҳасрат оловлари алангаланиб кетади. Бу дунёқараш ҳали тўла шаклланиб улгурмаганлигини, кечинмалар доимо килкиланиб турганлигини, умуман олганда эса ҳасрат оҳанглари унинг шеърига унчалар ёпишмай, худди четдан ғайриихтиёрий суратда ўзлаштирилган нарса каби бегонасираб турганлигини ҳам кузатиш мумкин. Юрак оловланиб тинимсиз суратда иш-ижод-амал сари интилиб турганда дардчиллик шитоб билан қадам ташлаётган шоирнинг қадамларига дош беролмай эски либос каби унинг устидан кўп ўтмай тушиб қолди.
Ойбекнинг йигирманчи йиллар ва ўттизинчи йилларнинг биринчи ярмида ёзган шеърларида Шарқ озодлиги мавзуи кенг ўрин эгаллайди. У шеърлар аксар чақириқлар билан бўртиб туради. Йигирманчи йилларда ўзбек шеъриятига турли ўзига хос сўзлар, образлар, тимсоллар, шеърий усуллар кириб келган эди. Бу ҳол Ойбек шеърига ҳам бегона эмас. Ойбек ҳам бошқа қатор ёш ва ёш бўлмаган шоирлар қатори қуёш, қуш, чечак, шарқ, шарқ қизи, ел, эрк, ҳурлик сингари тушунчалар, сўзлар ва шулар билан боғлиқ мавзулар, образларни кўп ишлатади, уларга турли шаклда шеър либосини кийдиради.
Ойбекнинг мана шу даврда яратган шеърларининг ҳар бир қатори, ҳар бир ташбеҳ-образи, кечинмалар, ҳолатлар тасвирида унинг ўзини топишга, лирикасининг мундарижаси ва йўналишини аниқлаш ва барқарор килишга интилгани сезилиб туради. Ойбек лирикасининг қалби табиатга жуда яқин эканлиги, у табиатдан чексиз бир саховат билан илҳомлар ола билиши кузатила бошланади. Унинг табиат нафаси кирмаган, табиат билан нафас олмаган шеъри деярли йўқ деса бўлади. Ойбек лирикасида «Мен» шахси ҳар бир сўзда, кечинмаларида, руҳий ҳолатларида табиат билан боғланади, табиат билан суҳбатлашади, табиат билан юракдан сирлашади. Табиат бутунлай унинг қонига сингиган, унинг кечинмаларига табиат ўз мумтоз ва такрорланмас рангларини қўшади, оҳанглари билан аллалайди, гўзал, фараҳбахш манзаралари билан уларга романтик руҳ беради. «Оғочларнинг орасидан жимгина оқди Кулча ойнинг бир ёйим Ипак лентаси. Кеча салқин, Барглар – олтин, Оқар сув – кумуш… Юлдузларнинг ёғдуси-ла Олардим нафас, Кўнгилларни эркалатди Аллақандай ёш ҳавас. Чексиз нашъа тўлди худди Етгандек ёрга. Сўзладим мен севинчимни Шабадаларга».
Ойбекнинг шеъри доим бошқача, туғма кўтаринки ва фаровон, ҳиссий завқларни яхши ифодалаб берадитан ёрқин образли тил билан сўйлайди. Лирикадан бошқа ерда «Кулча ойнинг бир ёйилим ипак лентаси огочларнинг орасидан жимгина оқди», деб айтилса, бу образ ўз интонацияси ва руҳидан маҳрум бўлиб эриш ва ғалати, балки чучмал ва ортиқча туюлиши мумкин. Лирикага ишонмайдиган одам ойнинг ипак лентасига тушунмайди. Лекин лирика шунинг учун ҳам лирика деб аталадики, у одамнинг юраги, миясининг сирли ва қоронғи қаватларига одми сўзлар билан эмас, нозик кечинмалар, нозик, фавқулодда образлар, тенгсиз бир лутфкорлик, жозиба ва жаранг билан кириб боради.
Севган одамнинг тили севмаганнинг тилидан кескин суратда фарқ қилади. Шоир эса – ҳамишалик севган одам – юртини, туғилган тупроғини, шу тупроқ эгаларини, халқини, халқининг ўтмиши ва бугунини севган, севги кўзи билан кузатган, севги қалби билан англаган одам. Ойбекнинг қалбини ҳам мана шундай севги тўлдирганки, шунинг учун ҳам унинг лирикасининг тили ўзига хос фавқулодда сўзлар, образлар билан безанади. У ўз кечинмаларини юрт, одамларнинг гўзаллигидан қалбда қўзғалган тўлқинларга мос сўзлар топиб ифодалайди. Бу – сурур, завқ ва дарднинг тили. Ойбек шеърларида эса юракнинг бу ҳолатлари доимо сирли бир тарзда туғилади ва доим сирли, тоза булоқлардан таъминланади. Бояги шеърда ойдин кеча тасвирланяпти (о, қанчалар севади Ойбек ойдин кечаларни!). Дарахтлар оралаб сув тўлғаниб оқади. Сувда ойнинг бир тизим нури ипак лента каби буралади. Мен ғоятда завқ ва шавққа тўлган, бу шавқ унинг тилига ҳам кўчяпти, у манзарани шу завқнинг қуввати билан чизади, онларнинг қайтарилмас гўзаллигини дарҳол муҳрлаб қўйгиси келади. Шоир ўз ўхша тишлари ҳаддан ташқари кўп ишлатилган ўхшатишлар эканлигига ҳам эътибор бермайди. Зотан, лирика бу – парча, гўзалликдан ногаҳон туғилган парча; гўзалликнинг ҳиссиётларда парчаланган парчалари; завқ парчаси, шодлик парчаси, туйғулар парчаси, дардлар, айрилиқлар, аламлар парчаси, фикр ва фалсафа парчаси, ой парчаси, шиша синиғи, салқин тунлар, жилдираган ариқлар, коинот билан сирлашувлар…
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?