Текст книги "Юрак – аланга: бадиалар"
Автор книги: Иброҳим Ғафуров
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 39 страниц) [доступный отрывок для чтения: 13 страниц]
Шоира урушдан кейин яратган шеърларидан бирида: «Мен юксакка тармашган сари, Фазилатга тўлар манзара», деб ёзади. Бу табиат ҳақида айтилган гап. Лекин унда Зулфиянинг ўзи ва ижоди учун ҳам тегишли маъно йўқ эмас. Шоира санъаткор сифатида юксакликлар сари тармашган сайин, унинг ижоди ёрқин ва гўзал фазилатлар билан бойий борди. Шеърининг уфқи мавзулари ва мундарижаси кенгайди. Зулфия шеъриятининг жонли, рангин харитаси ўзига буюк юртимизнинг, кенг жаҳоннинг манзараларини сиғдира бошлади. Зулфия учун характерли бўлган нарса шуки, энди бу манзаралар – маҳорат билан чизилган манзаранинг ўзи ёки жонли кузатишларнинг шеърий ифодасигина бўлиб қолмасдан, балки чуқур тафаккур қобилиятига эга бўлган санъаткорнинг мумтоз фикри, ўткир хаёли, ёрқин ўйлари билан тўлган манзаралар, кузатишлар эди. Зулфия хоним ўз шеърига жуда катта талаб қўйди. Унинг машҳур шеърларидан бири «Рашк»ни кўпчилик ёддан билади. Унда шоиранинг ўз шеъридан кузатган мақсади аниқ ифода қилиб берилган. Шоира кўз ўнгида офтоб нурларида ярқираб тўлғин дарё оқиб ўтмоқда. Унинг тўлқинларидаги тирик ҳаяжон шоирани сеҳрлаб қўяди. Дарёнинг манзили узоқ. Лекин шоиранинг ҳавасини келтирган булар эмас. У истаса жаҳонни эркин кезиб чиқа олади. Ундаги ёник нафас дарёда акс этиб турган порлоқ нурлардан кучлироқ. Шунда шоиранинг кўзлари дарёдан боғига сув очган деҳқонга тушади ва унинг хаёли шу тупроқ қўйнига оби ҳаёт каби қуйилган сув кетидан эргашади. У шу сувдан ҳовуч-ҳовуч ичган қизчани кўриб қолади. Шунда шоира юрагини бир савол ўртайди: «Шеърим ўқиб бир ҳовуч сувча Баҳра олармикан бирон қалб?» Зулфия мана шундай катта ўй, катта мақсад билан қалам тебратади. Ва миллионлаб ўқувчиларини сўз фасоҳати, туйғулар латофати, тафаккур матонати билан баҳраманд этади. Зулфия олий адабий унвонлар эгаси. Лекин унинг ўктам, халқ бахтида ўз бахтини кўрган қалби учун энг олий мукофот ҳам шу чинакам баҳрамандликки, буни Зулфия хоним «Тўрга ташриф» деб аталмиш шеърида ёрқин айтиб ўтади:
Илтифотли диллар тафтидан
Илҳом қайнар мисоли булоқ.
Шеъриятнинг ёрқин тахтида
Кўринишдан бахт борми зўрроқ?
Зулфия хонимнинг сеҳрли туйғуларга бой ҳаяжонли шеърияти ўз соҳибасига мана шундай эъзоз ва мана шундай бахтни тўла тортиқ этган шеърият. У кишиларни гўзалликнинг ранги ўчмас, хазон билмас чаманларига даъват этиб турибди. У юксак сўзнинг ўлмас кучини, беназир тароватини қайта-қайта намойиш қилмоқда.
БИР НАФАС – ИККИ КИТОБ
1. Ҳозиржавоблик
Шеърга томон олиб борадиган йўллар ҳар хил. Шеърнинг йўллари ҳам турли. Бир шоирнинг шеъри чуқур ва мураккаб образлар, пўртанали туйғулар билан тўлиб ётса, бошқа бириники майин, халқ шеърининг йўлларидай ойдин ва равон оқади, лиризмга тўлиқ бўлади. Учинчи бир шоирлар борки, улар шеърда мураккаб ва рангдор ташбеҳларга интилмайдилар, улар ҳаётнинг драматик коллизияларини беришни, уларни шеър билан ўзлаштиришни ўзларига мақсад қилиб қўймайдилар. Улар оламни кўпроқ публицистик планда ўзлаштирадилар ва шеърларида публицистнинг онги қалби ёрқин кўриниб туради. Улар бугунги кунни улуғлайдилар ва бугунги кунларни улуғлаганда, ўзларига хос бўлган йўллардан борадилар. Уларнинг шеъриятларида алёр ва қасида оҳанглари кучли жаранглайди. Адабиётимизда ўзининг катта хизматлари билан танилган шоир Ҳамид Ғуломнинг шеърий усули ҳам яқиндир. Бу куйчимизнинг шеърида туйғулар селдай оқмайди, уларда бири узра иккинчиси қалашиб ётган образлар силсиласи йўқ. Уларда ҳаётдан олинган қайноқ таассуротлар бор, таассуротларнинг қайноқлиги ифодаларга ҳам ўз шуълаларини олиб киради: шуъладорлик ҳосил бўлади. Яъни шоир оламни ёрқин шуълаларга бурканган ҳолда кўради ва дунёни шундай шуълалари билангина қабул қилади. Ҳамид Ғуломнинг кейинги нашр этилган янги шеърлар китоби «Лола кўл»ни ўқиганда, шоирнинг ҳаёт ёрқин бўлишидан нақадар манфаатдор эканлиги алоҳида ажралиб кўринади. Шоир илҳомни ўлкамизнинг чароғон шаҳарларидан, чароғон қуёш тошқинларига тўла далаларидан олади. У кўчага чиққанида гулларга бурканган чаманзорларни кўради.
Шаҳрим кўчасига чиқаман саҳар,
Тўрт томон буркалган гулга, алвонга, –
деб бошлайди у бир шеърини. Тўрт томони гулларга, алвон рангларга чулғаниб ётган шаҳар унинг қалбида бир дунё таассуротлар уйғотади. Бахт бўлмаган ерда қувонч йўқ. Шоирнинг қалби эса бахт билан лиммо-лим.
Чинорга суялиб, хуштор боқаман,
Қаламим учига қўнади шуъла.
Юрагим қалқийди, қалқиб оқаман,
Эзгу нарсаларнинг жами бир йўла –
Мени оғушига тортиб кетади.
Эзгулик шоирни ўз оғушига тортганда, унинг севинчҳаяжонлари қалбигагинамас, оламга довур сиғмайин қолганда, у оламда қўниб ўтган манзилларини, танишган қадрдон кишиларини ёдга олади. Ва ўзини шундай бахтга муяссар қилган нарсаларни уфқий бир ойнага солиб кўрсатади. У ўзи орттирган инсонлик шарафи, қадр-қимматини ўлчаганда ажойиб қиёслар қилади.
Шоир ўзини кичик бир тўлқин деб билади, лекин бу оддий тўлқин эмас ҳаёт дарёсининг тўлқини. Шоир ўзини зарра деб билади, лекин бу одми зарра эмас, пешанаси ёруғ халқнинг зарраси. У мана шулар билан оламда, одамлар ичида кишилик эътиборини топган. Шоир ўзининг топган бахтини куйлаганда, шу бахт ичига ўралашиб қолмайди, у ўз бахтининг ойнасидан туриб дунё ишларига боқади: очлар, юпунлар, қутурган урушлар, мазлумлар кўз ўнгидан ўтади ва оғир тунлар кетидан ёруғ тонглар отишига комил ишонч билдиради.
Тонглар туғилиши ҳақ ва бегумон
Тарихнинг азобли кечаларидан!
Ҳамид Ғуломнинг янги шеърларида Ватан билан ифтихор қилиш туйғуси бўртиб кўринади. У «Қуёш жонингда» шеърида отанинг ўз фарзандига қилган ўгитларини ёзаркан, бу ўгитларда Ватан тушунчасининг юксак моҳияти очилади. Ота ўғилга бу гўзал Ватанни Ватан деб атамоқ бахти оғир ва аёвсиз жангларда мислсиз талафотлар бериб қўлга киритилганлигини айтади. Ватан билан фахрланиш инсоннинг энг олий саодатидир, дейди. Шонли тарихга, юксак маданий ҳаёт тарзига, ёрқин истиқболга эга бўлган Ватан ўз фарзандларида қанотли орзулар уйғотади, фикрларни теран қилади, инсоннинг кўкрагини баланд, интилишларини олижаноб этади. Шоир дўстлик туфайли Ватан кенгайганлигини, инсоннинг бир чаманига минг чаман қўшилганлигини ёзади: «Ягона оила, ягона Ватан – Бағри ҳаммамизга очиқ гулзор боғ. Сен шу оилага аъзосан демак, Дўст чамани сенинг чаманинг бўлур. Модомики, туташ юракка юрак. Бутун ватан сенинг Ватанинг бўлур».
Дўст чамани менинг чаманим бўлгани, бу қадамларим етадиган жойлар кўпайганидан ва бинобарин, олам менинг учун кенгроқ ва ёруғроқ бўлиб қолганидан дарак беради. Ота фарзандига шу улкан, азамат Ватаннинг жамолига кўзларингнинг пок нури билан тўйиб-тўйиб боқ, унинг сурури билан қалбингни тўлдир, деб ўгит қилади. Шунда кўнглингда муҳаббат ва меҳр уйғонади, булар сени меҳнат қилишга чорлайди, мехнатдан эса роҳат ҳосил бўлади. Шоир улуғ Ватанга фарзанд бўлмоқлик шарафи инсонга катта масъулият юклашини айтади. Улуғ Ватанга улуғ қалб билан фарзандлик қилмоқ даркор. Шунинг учун шоир инсоннинг қалби денгиз бўлишини истайди. Уни денгизнинг офтоб кучоғида жўшиб ётиши, унинг саховатидан, жумладан, олам баҳрамандлиги мафтун қилади. Ҳамид Ғулом ёш замондошига шундай деб мурожаат қилади:
Айт, жигарим, сенинг қалбинг ҳам
Уфқларни қамрай оларми?
Худди шу кенг денгиздай кўркам
Қулочларми чексиз оламни?!
Сен шундай бир кема қургилки, у дунё юкини барча қувончлари ва ташвишлари билан кўтаролсин.
Менга баъзан шеър билан дарахт ўртасида ўхшашлик бордай бўлиб туюлади. Дарахт ўзининг бутун жисми билан ёруғликка, офтобнинг нурига интилади. Ҳаётбахш нурни кўпроқ олиш учун бутун борлиғини кўкка найза қилиб қаратади. Новдалари найза, куртаклари найза, майин япроқлари найза шу найзалар орқали нур баданига шитоб билан кириб боради. Шеърнинг мисраларида ҳам шунга аллақандай яқинлик бор. Шеърнинг мисралари ҳам дарахтнинг ёруғликка интилган новдаларига монанддир. Улар одамдаги фикр ва ҳаяжон ёруғлигини ташийди, одамда шундай ёруғлик бўлишини талаб қилади. Ҳамид Ғуломнинг янги шеърларида шундай ёруғликка ҳомила бўлган, ёруғлик элтадиган сатрлар кўп. Улар ҳам мевали дарахтдай яхшиликка, эзгуликка хизмат қилади.
Шоирнинг янги китобидан кейинги йилларда яратган «Ҳаёт ишқи» ҳамда «Лола кўл» достонлари ҳам ўрин олган. Шоир «Ҳаёт ишқи» достонида умр бўйи эл-юртнинг ташвиши билан яшаган, юртга хизмат қилишни энг олий саодат деб билган кекса раис Турғунали образини яратади. Турғунали қирқ йил умрини колхозга бағишлаган. Катта, обод оила қурган, ўғил-қизларининг бахтини кўрган. Лекин мана бир кам етмишда уни бедаво дард инфаркт қийнайди. Турғунали ишлаб, ишга тўймаган одам, у ҳамон иш учун жон куйдиради, янада зўрроқ ишлар қилгиси келади. Фақат бунга хаста юрак йўл бермайди. Инсон ўз хаста юраги билан конфликтга киради. Ишлай деса, бунга яраша кўксида ғайрат ва энергия тўлиб-тошиб ётибди. Аммо юрак санчади, иш устида оёқдан олаверади. Бу юракнинг қуввати қайга кетди? Нега у бундай бўлиб қолди? Шоир бунга достонда муваффақиятли жавоб топади: «Бир қарангиз шу теваракка: Оппоқ уйлар осуда, шинам. Деразалар тиниқ, чароғон, Йўл бўйида тераклар… Ошнам, Қайдан пайдо бўлди бу бўстон? Юрагингдан!»
Турғуналининг юраги дейди шоир, авлодларга кўчди. У элнинг иқболига бир миқдор иқбол қўшиб кўчди. Турғунали шоир талқинида ўз меҳнатининг шоири бўлган одам. Меҳнатнинг шоири бўлган одамлар, ҳаётнинг қадрига кўпроқ етадилар, унинг ширинлигини яхшироқ туядилар. Турғунали ёшларни кўрганда суюнади, хаёлида янги чаманлар унади: «Тўй бўлади!» Раиснинг шу дам. Хаёлида порлади чаман. Битта коса агар ўлмасам, Муздаккина қимиз ичаман…» Шоирнинг меҳнатга куйинчак, «Ҳасан қайғу» деб ном олган, Турғуналиси замонамизда етишган кишилар тимсолидир.
Шоирнинг иккинчи достони «Лола кўл» ҳаётда адашган, адашиб оиласидан ажралиб қолган одамнинг бироз маъюс қиссасини ёритишга бағишланган. Математика муаллими Тўлаган севиб уйланиб, сўнг севгисига бефарқ қараб маишатга берилиб кетади, натижада хотинидан, фарзандидан айрилади, айрилиқ жафоси қариган сари ошиб боради, у элликка кирганда тўқсонга киргандай мункайиб қолади. Достон поёнида у ўз сўзлари билан айтганда, «Афандининг эшаги каби мулла бўлади», оиласини топади, йўқотган бахтига қайта эришади. Достонда шоир яна чароғон турмуш манзараларини чизади. Бу манзараларда енгил бир руҳ кезиб юради. Шу енгил руҳ достоннинг сюжет чизиқларида ҳам ҳукмрондир.
«Лола кўл» адабиётимизда узоқ йиллардан бери самарали ижод қилиб келаётган, ҳар жиҳатдан ҳозиржавоб ва ғайратли, теран сиёсий кўзли шоиримизнинг қаламига қўнган шуъла ёрқин эканлигини яна бир карра исбот қилади. Бу шуъла китобхоннинг ҳам юзига тушар деб умид қиламиз.
2. Оқ тонглар қасидаси
Чинакам халқпарвар ва инсонпарвар ижодкор қаерда, қачон, қандай шароитда яшамасин, агар унга инсонпарварлик ғоялардан кўра қимматлироқ нарса бўлмаса, у доимо давр билан ҳамнафас бўлишга интилади, даврнинг дарди, даврнинг қувончи, даврнинг ташвишлари билан яшайди, даврнинг энг долзарб, энг йирик масалаларидан тортиб энг майда икир-чикирларигача шуғулланади, у ҳаётда майда билан йирик ўртасида диалектик бирлик борлигини билади, ёмонлик билан яхшилик ўртасидаги нисбатлар турли тарихий даврларда турлича бўлганлигини англайди, инсон зоти фақат бугуни билангина тирик эмаслигини тушунади, яъни насабсиз одам, тарихсиз халқ йўқлигини, халқ ўз узоқ тарихининг кўкраги билан тириклигини ва бу кўкракдан эммаган одам ирвит ва ночор эканлигини билади. Шунинг учун ҳам чинакам ижодкорларда доимо шу уч ҳиссиёт: тарих ҳиссиёти, замон ҳиссиёти ва келажак ҳиссиёти юксак маънода ривожланган ва ижодининг ўчмайдиган қўрига айланган бўлади. Тарихни англамаган ёки уни инкор қилган ижодкорнинг бугунни англаши қийин, бугунни бугунги даврни англамаган ижодкор, бугуннинг ғояларини, бугуннинг ҳаракатини юракдан англаб етмаган қаламкаш эса йўл чеккасига чиқиб кетади, сўнг карвон ортидан югуриб унга етолмай қолади. Узилади. Шоирлар ихчам ва лўнда сўзлайдилар. Яъни:
Шу аср,
шу халқка
мудом лойиқлик
Инсоний бурчингга
кўркам ўлчовдир.
Мудом лойиқ бўлиш қийин, мудом кўркам бўлиш ҳам қийин. Булар осмондан ўз-ўзидан тушмайди. Бу нарсалар фидокорликни талаб қилади. Буларсиз инсон боласига шараф йўқ, шуларсиз унинг фахрланадиган нарсаси ҳам йўқ. Замонлар қанчалар ўзгариб кетди. Кечаги файласуфлар одам авлоди бу дунёга ўлгани келган деб сўхта бўлиб ўтган эдилар. Кейин бундан кўра олийроқ ғоя майдонга ташланди: инсон боласи бу дунёга яшагани келган! Инсон боласининг яшаш нималигини билиб кўзлари очилди ва у яна ҳам улуғроқ ғояни ўртага ташлади: инсон бу дунёга яратгани келган! Шу улуғ фалсафа улуғ тушунчаларни туғдирди: инсон яратувчи инсон бўлиб қолди. Унда ўз инсонлигидан ифтихор ҳисси уйғонди. Бу мисли кўрилмаган бурилиш эди. Ва янги давр яратган шоирларнинг назми шу руҳ билан тўлди, кейин бу эришилган оламшумул самаралар қаршисида жўшқин ифтихор, халқнинг ижодкор лигидан чексиз суратда фахрланиш туйғулари билан алмашди. Бугунда таниқли ўзбек шоирларининг ижоди буни яққол кўрсатиб турибди. Шеъриятда мадҳия ва алёр туғилди. У ўз мундарижасига юксак мавзуларни олди, у турли бой шеърий шаклларни ўзлаштирди. У халқнинг шон-шавкатини, меҳнат ва қаҳрамонлик, яратувчиликни куйлайдиган мадҳия бўлиб қолди. У публицистик жўшқин шеъриятнинг тантанавор турига айланди. Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Зулфия, Миртемир сингари шоирлар ижодида унинг юксак бадиий – шеъриятда янгилик бўлган намуналари яратилди. Адабиётимизнинг равнақи йўлида хизмат қилиб келаётган шоир Ҳамид Ғулом публицистик жўшқин шеъриятнинг мана шу йўлида самарали қалам тебратаётган ижодкордир. Унинг янги «Тонгларинг порлоқ» китоби яқин кунларда адабиётга кириб келган, шоирлар ва танқидчилар томонидан суюб ишлатилаётган ибора билан айтадиган бўлсак, юксак сўз билан ёзилган шеърлар ва балладаларни ўз ичига олади. Тўпламда шоир кўпроқ ёш авлодга қарата мурожаат қилади. Улар олдига шоирни тўлқинлантириб турган масалаларни ташлайди, ўз қалбида алангаланиб турган муҳаббат чўғини ёш насл билан бўлишишга, улар юрагини ўзига ва ўзи улуғлаётган ғояларга алангадош қилишга интилади.
Ҳей, сен, ёш созанда,
Қайнок хонанда,
Улуғ оркестрга,
Яъни асрга
Қалбингга ҳамоҳанг
Созингни созла!
Бу қуруқ чақириққина эмас. Шоир оламни тўлдирган порлоқ ранглар ҳашамини ўз кўзлари билан кўриб турибди. У ўзидан кейин келаётган бўғиннинг кўзлари худди чақноқ юлдузлар каби жаҳонни чамалай олишини шоирлик шуури билан англайди. Агар сен куйлайман десанг, дейди шоир ёш куйчига қарата, ҳаётда шунча куй, шунча ранг, жило бор. Уларни эъзозлаб, севиб, авайлаб қўлга кирит.
Ҳаёт узун йўлдир. Унда одатда,
Оташинг қолади мисқол-бамисол.
Ҳар онинг кечмаса жангда, меҳнатда
Бу йўлга кирмаёқ четдан ўта қол!
Шеъриятнинг қуроли олижаноблик. Унинг ўгити, даъвати ҳам олижаноблик. Олижанобликни урчитиб кўпайтириб бўлмайди. Уни ёмонлик, мараз, иллатлар билан жанг қилиб барқарор қилинади. Чинакам инсон яхшилик учун тап тортмай, иккиланмай, пайсалга солмай жанг қилади. Ҳаёт узун йўл бўлса, сен унда яхшилик учун жанг қилсанг, йўлингда сенинг жангларингдан оташин чўғлар қолса, ҳеч ажаб эмаски, сендан кейин изма-из келаётганларга бу чўғ асқатади, уларни ҳам ўз навбатида яхшилик учун курашга рағбатлантиради, юракларга ўз ҳароратини бағишлайди.
Шоир ҳаётда чўғ ва из қолдиришга чорлайди. Умр кетидан эзгуликнинг ёрқин излари қолмас экан, у умр шамолларга совурилиб кетган умр. Шоир лаҳзалар, дамлар ғанимат дейди. Шуни билганлар меҳнат қилади. Ва шоир меҳнатдан қоладиган изларга мадҳ ўқийди.
Гавҳарни осмондан қидириш сароб,
Гавҳарлар конидир шу она замин.
Авлодим, ҳаққим бор: қиламан хитоб,
Истиқболингни айлагил таъмин.
Бу ҳали ҳеч ким айтмаган фавқулодда гап эмас. Лекин шоир бор гапни ҳам шундай қилиб айтадики, у одамга таъсир қилади. Шеърият гоҳо бор, айтилиб юрган ҳақиқатларни гўзал қилиб ифодалаб бериши билан ўзига ром қилади. Иқтидорнинг бир хусусияти ҳам шундаки, у эски гапларнинг манглайидаги гардларни артиб ярқиратиб юборади, шунда жуда кўп, ҳуда-беҳуда ишлатилаверганидан пешанаси шўр бўлиб кетган сўзлар ҳам бирдан янги, тоза жозиба билан жаранглаб кетади.
Ҳамид Ғуломнинг шеърларида мана шундай янгича жило топган эски гаплар кўп.
Ҳамид Ғулом бир шеърида «мен бахтни ўйлайман», деб ёзади. Бу жуда табиий, йўқ, бу жуда самимий. Томоғи оғриб турган куйчи хониш қилолмайди. Куйчининг бахти унинг хонишида, у хонишим билан кимларнидир бахтли қиляпман деган ўйда ўзини бахтиёр сезади. Юзлаб сайроқи қушлар сув ичиб турган чаман гоҳо бир филнинг оёғи тагида қолиб булғанади. Баъзан шеъриятга ҳам шундай филлар бехос кириб қоладилар. Бу филлар фақат ўз бахтларинигина ўйлай оладилар, улар ўзгалар бахтини ўйлашга қодир бўлмайдилар, улар кўкракларида бошқа гапни ўйлаб, тилларида бошқа гапни гапирадилар. Натижада ёзганларига ҳеч ким ишонмайди. Улар самимий бўлолмайдилар. Тоза кўкракдан тоза куйлар чиқса керак. Бахтсизликдан юраги килкиллаб турган одам бахтни куйлаши қийин. Ҳамид Ғулом шоир сифатида ўз шеъриятини халқнинг бахтига эш килиб куйлайди. Шунинг учун ҳам у «мен бахтни ўйлайман» деганда бу ғоятда самимий жаранглайди. Шунда шоир нон ҳақида сўзлайди, биз нонни туғма меҳнатимиз билан яратамиз, биз учун нон азиз, чунки у қўлларимизнинг қадоқларида яшнаган еримизнинг маҳсули, у – она ер тириклигининг рамзи, у – ўтмишда кам кўрилган неъмат. Нон бурунги асрлар аро кўрилмаган тўкинлик, неъматлар рамзи.
Чиндан, юракдан Ватанни, халқни деган шоирнинг мадҳияси ҳам эркин, сози ҳам жарангдор бўлади. Шунинг учун ҳам унинг шеърларидаги туйғулар ўз самимийлигига ишонтиради ва шоир ўйлаган, куйлаган бахтнинг манбаида тиниқ нур жилва килиб турганлигини кўрсатади. Шоир ёш авлодга тонгларинг порлоқ деб айтади. Бу тонгларни порлоқ қилган эътиқодимиздир, эътиқодимиз эса юрагимизда.
ИНСОН ВА ШОИР БЎЛМОҚ ШУКУҲИ
Шоир Абдулла Ориповнинг шеърият остонасига қадам қўйганига нари-бериси билан ўн йил бўлди. ўн йил талант учун сония эмас, улкан синов вақти ҳисобига ўтади. Бу орада шоирнинг «Митти юлдуз»дан «Ҳайрат»гача чамаси етти шеър китоби нашр этилди. Ўн йил ичида талант тикланиб, ораста топиб, балоғатга етади. Шукуҳга эришади. Талант у қайси соҳада бўлмасин шукуҳдир. Сиз қилган иш, сизнинг меҳнатингизнинг самараси бошқаларни ҳайратга солса, кўнгилларни фаровон килиб завқлантирса, ғафлатдан уйғотса, разолатдан нафратлантирса, ҳиссиётларингизни эъзозласа, туйғуларингизни тарбия қилса, жуда ҳам сертаъсир бўлиб кетган бу оламнинг мураккаб қуршовларида сизни олижанобликка даъват қилса, пешанангизни ярқироқ қиладиган сеҳрли бир эликсир билан силаса, яъни сизнинг шуур ва туйғуларингизга шукуҳ бағишласа, инсон боласига берилган энг гўзал неъмат талантнинг ҳам шукуҳи шудир.
Абдулла Орипов шеърлари ҳақида танқидчилик ҳам, жамоатчилик ҳам хийлагина баҳслар қилди. Бу баҳсларда унинг таланти тонг юлдузига қиёс қилинган пайтлар ҳам, дардмандроқ, дарвешвашимроқ деган гаплар ҳам, ў, қандоқ бўларкин дейилган хитоблар ҳам бўлиб ўтди. Талант эсаўсишда давом этди ва ўзи ҳақидаги қисман чин, қисман яқин, қисман узоқ фикрлар орасидан ўтиб катта йўлга чиқиб олди.
Абдулла Ориповнинг дастлабки китоблари бир-бирларидан эҳтиросларининг кўлами билан фарқ қилади. Шоирнинг шеъри ўзининг ёниқ эҳтироси билан эл ичида шуҳрат қозонди. Лекин ҳозир унинг ҳамма китоблари бир-бир кўздан кечирилса, улар бири иккинчисидан хийла фарқ қила боргани, эҳтирослар қуюлиб, фикрда теранлик кучайгани, шеърининг зарлари ритмларида, шаклий аломатларида ўзгариш кам бўлса-да, лекин мундарижа ғоятда бойигани яққол кўринади. Абдулланинг шеърларида фалсафага майл бор эди. Унинг илк китобларида фалсафа куртакларини эҳтирослар оқими анчагина тўсиб турар, япроқ ёзиб кетишига йўл бермас эди. У шоир ҳали эҳтиросларни тизгинлаб олмаган кезлар эди. Гап қаерда эҳтирос ҳақида борса, Ҳамлетнинг актёрларга берган қуйидаги сабоғи эсимга тушади: «Сиз ҳирсу ҳавасларнинг бўрони ва ҳатто довулида ҳам тийимли бўлишга ўрганинг, зероки, тийим ҳамма нарсани ихчам қилади». Шундан сал пастроқда Ҳамлет бўлар-бўлмасга ҳайбатли бўкириб роль ўйнайдиган актёрларни қамчилайди. Гап меъёр, тежам устида боряпти. Бу классикларнинг адабиёт олдига қўйган талабларидан бири эди. Абдулла Орипов шеъриятида худди мана шу томонга қараб, яъни эҳтиросларни тизгинлаш, фикр ва туйғуларнинг алангасини тиниқлаштиришга ўзгариш бўлганлиги қувонарлидир, Юрак билан ёзади, юрак ўқийди, юрак тинглайди. Шунинг учун уни руҳнинг маҳсули дейдилар. Юрак довулларга берилувчан бўлади. Уни довуллардан ақл ҳимоя қилади. Унга тийимни, озуқани ақл беради. Абдулланинг янги китоби «Ҳайрат»да улар ўртасида уйғунлик вужудга келгани кўриниб турибди. Балки бу уйғунлик «Ҳайрат»дан кўра ҳам бундан олдинги «Руҳим» китобида кучлироқ эди. Шу маънода бу китобни шоир ижодида сезиларли из қолдирган «Руҳим» китобининг давоми дейиш мумкин. Лекин табиийки, сифат жиҳатидан ўзгачароқ давоми.
Шоирнинг бу китобига кирган шеърларни битта сўз билан таърифлаш қийин. Биз Абдулла ижодида фалсафий теранлик кучайганлиги ҳақида гапирдик. Шу фикрни давом эттирайлик. Фурсат чопағон, вақт ўтағон. Шоир бу сафар қалбининг ойнасини чопиб ўтиб бораётган вақтга тутиб беради. Унинг ойнасига вақтнинг тасвири тушади. Бу тасвир ичида шиддат билан ўрин алмашаётган авлодлар, уларнинг олам саҳифасида қолдирган излари, бу изларнинг янги бўғинлар ҳаёти ва тақдирига уланиб туриши, кечаётган замоннинг аён: дам изтиробли, дам фараҳли нишонлари, даврнинг ҳаракати акс этади. «Ҳайрат» китобининг ғоявий мундарижаси, шеърий фалсафасини назаримда шу китобга кирган ва ҳар жиҳатдан муҳокаматалаб икки шеър бири «Генетика» ва иккинчиси «Денгизга» белгилаб беради. Назаримда, «Генетика» ўтмиш, ҳозирги, келажак авлод олдига қўйилган ҳисоб-китобдир. Бу шеърда тамомила тарихий бир туйғу ҳукмрон. Аждодлар бизга нималарни қолдирадилару, биз улардан қолганни нима қилдик ва келажак наслларга бизлардан нималар мерос бўлиб қолади? Шоир шулар устида муҳокама юритади. Авлодлар конида буюк боболарнинг минг йиллик турфа хислатлари инъикос этади. Жасур Широқ, мард тўпчи Эрйигитов, фидокор Раҳимов, шиддатли Алпомиш қаҳрамонликлари ўртасида шоир авлодларни бир-бирига уловчи олижаноб анъаналарни кўради: «Неки эзгулик бор жаҳонда пойдор, Жойлаб ола билдик барчасин қонга. Асрлар сўнгида толе келиб ёр, Фарзанд бўла билдик буюк замонга». Яъни биз башар наслидан қолган барча эзгуликларнинг меросхўри ва давомчисимиз. Шоир мана шу шарафли масъулият елкамизда экан, биз ўз навбатида йироқ авлодларимизга нималарни мерос қолдирамиз деган масалани ўртага ташлайди. Ва шеърда талқин қилинишига кўра, келажак наслларга биздан «курашларда тобланган хаёл», «Буюк бардошимиз», ором, ҳақ ва ҳақиқат, муҳаббат, нурга ташналик қолади. Булар ҳаммаси гўзал, шоирона гаплар. Лекин жуда чуқур фалсафа талаб қиладиган бу шеър учун, жуда йирик ва эзгу бир масаланинг ечими учун улар назаримда хийла енгиллик қилиб қолганлар. Авлодларга биздан бизнинг руҳимиз ва руҳимизнинг моддий кўринишлари мерос қолади. Эзгулик учун олиб борган курашларимизнинг самаралари мерос қолади. Биздан шу ҳаёт билан, ҳайратомуз қисматлар билан тўлган она ер ва она табиат мерос қолади. Биздан қонимиз мерос қолади ва қонимизни тўлқинлантирган ҳиссиётлар, тафаккур неъматлари мерос қолади. Шуларга кўра, фикримча, Абдулланинг шеър якунидаги келажак насл ҳақидаги ўйлари ҳам чуқур фалсафий мушоҳададан кўра чиройли шоирона орзуга кўпроқ яқиндир. «Генетика» фалсафий шеър. Шунинг учун ҳам бундай шеърлардан фикрда изчиллик талаб қилинади. Шоир «балки оро топиб башар сайқали, туғилар энг олий инсон мукаммал», дейди. Демак, бу тараққиётнинг сўнгги нуқтаси бўлади. Инсон тараққиёти – бу мукаммалликка эришиш йўлида тинимсиз ҳаракатдан иборат. Тараққиёт эса чексиздир. Мукаммалликларнинг сўнги мукаммаллик билан тугамайди. Ҳаёт кечаги мукаммалликнинг бугун бир қадар ўсуви асосига қурилган ва бу диалектика қонунларига кўра шундоқ бўлиб қолади.
Шу нуқтаи назардан мен Абдулланинг: «Лекин сен бўлурсан бокира мутлоқ, Лекин сен яшарсан фаришта мисол», сатрларини теран фикр каби эмас, гўзал орзу каби уқаман ва Абдулланинг ўзини Абдулла билан инкор қилишга журъат этаман:
Мени кутаётир ажиб келажак,
У менинг иқболим, менинг бахтимдир.
Мен кўрмаган бахтни кимдир кўражак,
Мен айтмаган сўзни айтажак кимдир.
Бу энди чинакам инсоний диалектика. Шундай ёрқин реалистик диалектикани мен шоирнинг «лекин катталарга сўйламанг эртак, улардан қутулиш қийин бўлади» деган ажойиб сатрларида ҳам аён кўраман. Абдулланинг шеъри одамни доимо муҳокамага ундайди, баҳсга чорлайди, фикр уйғотади. Унинг «Денгизга» деб аталган шеъри ҳам шу фазилатга эга. Денгиз қаршисида хаёлотга толган шоир давримиз учун жуда характерли бўлган масалани ўртага ташлайди. Бу инсон қалби ўзгаришлари устидаги изтиробли ўйлар.
Шоир назарида бу дунёда туйғуларни инсон юрагидан тафаккур суриб чиқараётганга, гўзал хаёллар, соҳир ҳиссиётлар барбод бўлаётганга ўхшаб кўринади.
У соҳир ҳислардан кечди беомон,
Афсунгар туйғулар бўлганлар ғойиб,
Бешафқат тафаккур асри бу замон,
Ғариб дейми уни ва ё ғаройиб.
Мана шундан шоирнинг фикр кемаси қарама-қарши фикрларнинг уммонида сарсари кезади. Инсон Ҳазрати Инсон ҳамма нарсани забт этмоқда. Энди кўклар ҳам унинг пойида, энди замин-зироат ҳам унинг измида. Денгиз ҳам эндиги шоирларга шеър бўлиб кўринмайди, у пўлат занжирлар билан забт этилган.
Ҳа, буюк шоирлар қадами ўчган,
Ҳеч ким мавжларингдан ўқимас туйғу.
Хитобмас тўлқинлар бағрига тушган,
Қайси бир балиқчи ташлаган тўр-ку.
Лекин келинг, бир ўйлаб кўрайлик, «соҳир ҳислар» қандай ҳислар эди? «Афсунгар туйғулар» қандай туйғулар эди? Жуда кўп буюк шоирларга илҳомнинг онаси бўлган шу «асов ғалаён» нега энди бизнинг авлодимизга ўша туйғуларни, ўша илҳомни бахш этмай қўйди? «Юлдузлар ёнади, офтоб чарақлар, Кукунга айланар вужуд ҳам аммо, Яралган эканки инсон бир вақтлар, Наҳот туйғудан у бўлган мосуво?!» Шоирнинг ўзи денгиз қаршисида – «шу кўкка шаъшаа ташлаган уммон» ҳузурида шунчалар изтиробли туйғуларни бошдан кечирган экан, унда «ҳеч ким мавжларингдан ўқимас туйғу» ортиқчагина бир гап бўлиб қолмайдими? «Бўронлар қалбимга солмагай титроқ, Йўқдир мен учун ҳам сеҳр ила рўё» деган сатрлардан сўнг шоир яна денгиз билан хайрлаша туриб, «висолингдан асло қонмасман» деб айтади. Демак, соҳир туйғулар ўлмаган экан-ку! Йўқ, инсон ҳеч қачон қуруқ тафаккурнинг қурбони бўлиб кетмайди. Бундай бўлиши учун унинг юрагини қондан холи қилиб, ўрнига дистирланган сув солиш керак. Ҳиссиётлардан маҳрум бўлганда инсон у қанчалар буюк тафаккур қудратига эга бўлмасин, ҳалокатга маҳкум бўлади. Абдулланинг шеъри қанчалар баъзи баланд қилиб айтилган қарама-қаршиликлардан холи бўлмаса-да, лекин у бизни мана шундай ғафлатга тушмасликка, огоҳ бўлишга ундаб туради. Яъни, дўстим, кел, доимо юксак ва эзгу хаёллар бизга раҳнамо бўлсин:
Пастда қолсин нобакор хилқат,
Пастда қолсин танбал булутлар.
Юрагингда чақнасин фақат
Ёруғ хаёл, самовий ўтлар.
Табиат билан инсон ўртасида уйғунлик бузилганда, буни олдин қушлар билан шоирлар англаб етадилар. Булоқ қуриса, олдин шоирлар изтиробга тушади, у бошқа булоқлар ҳам қуришига бефарқ қараб туролмайди. Табиат ўз организмини ўта нозиклик ва сергаклик билан кузатади. Товонингизга кирган жиндаккина тикан жисмингизнинг ҳар мўйида акс садо беради. Табиатда мувозанат бузилган чоғда у тинимсиз ишоралар бера бошлайди. Абдулланинг шеърлари мана шунинг қаршисида ғафлатда қолмасликка бир чақириқ каби туюлади.
Болалик йилларим эслайман оз-оз
Босикқ уйқу ичра ётганда олам.
Тонглар қулоғимга келарди овоз:
«Ғафлатда ётмагил, эркатой болам».
У жажжи баҳорнинг шўх саси эди,
У мунис онамнинг нафаси эди.
Абдулла Орипов китобининг номини «Ҳайрат» деб қўйган. Ҳайрат бу эҳтироснинг катта очилган кўзлари. Ҳайрат Ватаннинг яшнаётган жамолидан, халқнинг бахтидан, оламнинг ўзгариб турувчанлигидан, инсон ақли ва туйғуларининг бадавлатлигидан, жафолардан, шоирнинг ўзи айтгандай, эҳтиросларнинг самовий кучидан туғилади ва юракларга шеър ишқини солади. Доно классиклардан яна бир ўгит эшитайлик. Оташин шоир Хоразмий ёзади:
Муҳаббаттин туғар минг турли асрор,
Кўнгил асрорини жон бирла асрор.
Дунёда шу ўлмас неъматлар бор экан, эҳтирослар боқийдир. Демак, сўз шукуҳи ҳам ўлмайди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?