Текст книги "Юрак – аланга: бадиалар"
Автор книги: Иброҳим Ғафуров
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 39 страниц) [доступный отрывок для чтения: 13 страниц]
Шунинг учун ҳам, бояги шеърдаги «Мен» шахсининг ўша ҳолатида «барглар – олтин», «сувлар – кумуш» бўлиб туюлганлигига ажабланмаслик керак. Бу ерда шоир назарида булар муҳим эмас. Бунда шуларни дунёга келтираётган оний туйғу ва бу туйғудан тарқалаётган тўлқинлар муҳим. Бунда «аллақандай ёш ҳавас кўнгилларни эркалатганлиги ва бу эркалик юлдузлар ёғдусидан нафас олиш натижасида туғилганлиги ажойиб. Табиатдаги гўзаллик инсон қалбидан ўтиб гўзал туйғуларга айланади. Гўзал туйғулар эса нафис сўзлардан либос кийиб, гўё насим шабада нафаси янглиғ енгиллик билан табиатга гўё бир акс садо бўлиб қайтади ва шоир ҳам шеърини севинчимни шабадаларга сўзладим, деб тугатади.
Ойбек шеърларида инсон ва инсонгарчиликнинг энг яхши фазилатларини ўзида мужассамлаштирган «Мен» шахси ўзида завқ, қувонч, бахт ва гўзалликка аллақандай қаттиқ ташналик сезади. Бу ташналик унга ўз ижодкоридан шоирдан ўтганлиги аниқ. Негаки, ташналик асари ҳар бир шеърда (агар ҳар бир сатрда дейиш муболаға бўлиб туюлмаса) шундоқ билинади. Одамнинг юрагига сирли куйларнинг сирли саслари тўкилади. Табиатдан, одамдан ажойиботлар ва ногаҳоний мўъжизалар, руҳий юксакликларга элтгувчи нашидалар кутган ва шунга бениҳоя орзуманд бўлган «Мен» шахсининг кўзлари хаёлий жилвалар қилган булоқларнинг фусункор фируза кўзларига тушади ва у ўз борлигини қамраган ёниқ, лекин бир қадар ноаниқ дардларини шабадаларга, юлдузларга, япроқларга, сойларга, боғларга айта бошлайди: «Ой нурлари мудрайди, Япроқларнинг бетида, Теран сукут шу тунда Кўнгилга туташгандир. Сўнгсиз улуғ коинот Мангу ёш гўзал ҳаёт». Мангулик ва коинот билан ҳамнафаслик туйғуси шу буюк, фақат шоирона вужудларгагина муяссар бўладиган туйғу барглар кафтига юмалаб, мудроққа толган ойнинг сеҳрли нурларига қараб ҳайратланишдан бошланади. Шу бир парча манзарада туйғу ва сўзлар шунчалар яхлитки, ҳатто сўзлар орасида тиниш белгилар ҳам ортиқчалик қилаётганга, яхлитлик таассуротини бузадиганга ёки унга халал етказадиганга ўхшаб кетади ва бу парчани тиниш белгиларсиз, яхлит бир сезги билан тин олмасдан қалбга жойлаб олгингиз келади: «Юлдузларнинг узоқда Олтин киприги ўйнар, Суяди, эркалайди Она кабида мени…» – деб тугалланади шеър.
Ойбек шеърларида одам юраги ва туйғулари табиат бешигида мана шундай эркаланиб ётади. Ва бунда юрак ўта сирли дунё каби талқин этилади. Туйғулар ингичка ва ғоят ҳарир садоларга айланади. Шоир уларни чексиз нозик шамалар, ишоралар, имолар билан маълум қилаётгандай бўлади. Шоир шеърларини ўқиганимизда юрагимизга сокинлик, тиниқлик, сўнгсизлик ва буларга ҳамроҳ бўлиб гўзаллик ҳиссиётлари кириб боради:
Жийдазор ёнади кумуш тугунда
Ҳаво хумдон каби нафасга урар.
Гўзал сочлар учин йиғиб тугунда
Раиса даладан далага юрар…
Ойбек табиатни ва табиатга шайдо қалбни қанчалар нозик бўёқлар билан тасвирлай олса ва буни қанчалар севса, у меҳнаткаш инсонни ҳам, унинг меҳнатини ҳам шунчалар нозик қалб, теран бир меҳр билан тасвирлайди. Шуниси ажойибки, Ойбек тасвирлаган қаҳрамонлар дарров сизга севикли бўлиб қолади, унинг нигоҳи, қиёфаси, сўзлари хотирангизга ўрнашиб бир умр эсдан чиқмай юради. Оғир уруш йилларида гўзал сочларини тугиб, кечани кеча, кундузни кундуз демай пешана тери тўкиб меҳнат қилган аёлларнинг унутилмас ишлари, унутилмас қиёфалари кўз ўнгингизда жонланади шоирнинг «Раиса» шеърини қайта ўқиган чоғингизда. Ойбек «кураш ва яратиш ишқида» яшаган ва ишда ўзини мисоли бургутдай сезган кишиларни ёмби ва ниҳоятда ўзига хос образлар, ҳаётий жозибадор тафсилотлар билан тасвирлаб беради. Унинг ўз қаҳрамонлари ишидан, одамийлигидан беҳад бир ифтихорга тўлгани, уларни кўриб, улар билан учрашиб ҳаддан зиёда севингани ҳар бир сўзидан, қуйилиб, ярақлаб сочилиб келаётган образларидан рўй-рост билинади.
Ойбек лирикада кайфиятлар ва туйғуларини яланғоч ва очиқ айтмасдан кўп маҳал уларни сатрлар орасига жойлай билади. У сўз билан айтмай ўз туйғуларини англата олади. Уруш йиллари ёзилган кичик бир парча шеърини ўқийлик:
Йиғи келмайди сира,
Ғазабдан қақраган кўз.
Бу йўлларнинг яхидек
Лабимда қотибди сўз…
Қошлар, киприклар қирон –
Юраман ҳушсиз, ҳайрон.
Қорним оч, эсга келмас
Халтамдаги ғиштдек нон…
Қаранг, шоир уруш қурсин, лаънат бўлсин демаяпти, лекин унинг сўзлари ҳар қандай қарғишдан ҳам қаттиқроқ, ҳар қандай сўкишдан ҳам оғирроқ, даҳшатлироқ жаранглаяпти. Балки онасини ногоҳ йўқотган одам шундай аҳволга тушади, балки отасини… Ҳар қаторда учтадан сўз бор, лекин учта сўз даҳшатли айбнома каби ўқилади. Шоир давом этади:
Куйган уйларда увлар
Қиш қуюни бетиним
Танҳо кезаман. Йиғлар
Юрагимда Ватаним.
Бунда айтилмаган поёнсиз муҳаббат, поёнсиз уқубат сирқираб ётибди. Шоир дардларини шундай англатади, муҳаббатини шундай изҳор қилади.
Гулнинг очилар пайтини кўзларимиз билан аниқ-таниқ илғалай билмаганимиз каби Ойбекнинг баъзи гўзал шеърларида ифодаланган ҳиссиётларни танқиднинг баёнчи тили билан тўлиқ, кўнгил қониққудай қилиб тушунтириб бериш қийин. Менимча, балки бундай тушунтириб беришнинг кераги ҳам йўқдир. Зотан, шеърнинг қандай қабул қилиниши ўқувчининг кайфияти, руҳий ҳолатларига ҳам боғлиқ бўладики, улуғ Хайёмни ҳам ҳар куни ўқигингиз келавермайди, балки маълум бир руҳий ҳолатларда, дунё ишларини ўйлаганда, шодлик билан маъюслик, боқийлик билан ўткинчилик ҳақида хаёлга толган онларингизда бирдан шу улуғвор инсонпарвар ғоялар эгаси бўлмиш рубоийнависни ўқигингиз келиб қолади. Бошқа бир турли ҳолатларда эса, айтайлик, Фетни, Ҳувайдони, Маяковскийни, Усмон Носирни ўқигингиз келади. Бундай ҳолатлар жуда кўп бўлади ва уларни санаб, таьрифлаш кийин. Ойбек шеърлари ҳам юракка, ўзи билан ҳамнафас, ҳамдард бўлган юракка шундай бой ажойиб туҳфалар етказади:
Олтин сепкилли қоп-қора кеча
Қора илиқлик, хушбўй бир нафас –
Секин эсади. Ухлар қир, тепа;
Ариқда оқар нотинч, қора сас, –
деб ўқий бошлайсиз Ойбек шеърини ва бутун вужудингиз билан ўзингизни ўша олтин сепкилли кеча қучоғида ҳис қиласиз. Жисмингизга ҳам ёқимли илиқлик югураётгандай бўлади. Жонингизда ўша майин шабадаларнинг билинар-билинмас нафасларини ҳис қиласиз. Гўё коинотнинг раҳмдил қўли сизни силаётгандай. Қулоғингизга ариқда оқаётган тинмагур сувларнинг нотинч шилдираши эшитилади. Шеър сўзларидан, унинг фавқулодда бой образларидан руҳингизда бир ғалати шодлик уйғонади ва бу шодлик сиз билан бирга яшай бошлайди. Ўн икки қатор шеърнинг нозанин ва фавқулодда гўзал тасвирларида «Гуллар тожини силайди уйқу. Орзулари жўш урар кўнгилнинг» деган сўзлардан бошқа инсонга тегишли ҳеч қандай гап йўққа ўхшайди ва шоирнинг бутун уқуви, истаги фасоҳатга тўла осуда кеча манзарасини чизишга қаратилгандай туюлади. Лекин аслида борлиқнинг тунга толган манзараси шоир кўнглида жўш урган орзулардан, шодон, баланд руҳли кайфиятлардан ранг ва тарх олганлигини, манзараларга шоир қалбининг файзи кўчганлигини англаш қийин эмас. Манзара ичида жуда нозик сезгили, ҳаддан ортиқ шоирона дид соҳиби бўлган бир одамнинг қалби, севгиси, севинчлари, даҳосининг белгилари суратланиб туради. Зотан, қалб ва туйғу гўзал бўлмасайди, у малоҳат ва сеҳрга тўлиқ, киши юрагини олий ҳислар билан ҳаяжонга соладиган гўзалликни ва унинг манзараларини ўзига сиғдиролмаган бўларди.
Ойбек қалам тебратаркан, шайдо ва мафтун қалб билан қалам тебратади. У ҳеч қачон шуларнинг измидан чиқмайди. Булар санъаткор адибнинг иккинчи табиатига айланиб кетган. Унинг шеърий сатрларини шайдолик сатрлари деб аташ мумкин. Ойбекнинг ижодкор сифатида бир фазилати ўзига жалб қилиб туради: у нарсаларнинг моҳиятидаги сеҳрли гўзалликни, ўзига тортиб турадиган жозиб томонларини ўткир кўз ва нозик фаҳм билан кўради. Унинг кўзи жозибага ўрганган, жозибага одатланган, шунинг учун ҳам, атрофидан шундай жозибани тез топади.
Ойбекнинг шеърий хати, тасвир усули ҳам мана шундан келиб чиқади. У шеърда кўтаринки, олижаноб, романтик таъсир усулига риоя қилади ва ўзбек шеърида ўз усули, хати билан янги шеър мактаби яратади. Шунинг учун ҳам унинг шеъри Ойбек шеъри деб аталади. Шундан, Ойбек табиатни севиб, унинг манзараларини қандай ноёб илҳом билан тасвирласа, янги ҳаёт кишиларини, уларнинг ҳаёти лавҳаларини, ички кечинмаларини тасвирлаганда бўёқларнинг ёрқинлигига, сўзларнинг жилваланиб туришига, ҳар нарсада шоирона руҳ ҳукм суришига эътибор беради. У қишлоқ темирчилари, ойсаралари, тансиқлари, раисаларини, мамлакат миқёсида рўй бераётган ўзгаришлар, тарихий қурилишлар, меҳнат қайнаган жабҳаларни ҳам, уларнинг моҳиятини, миқёсини очиб берадиган порлоқ ранглар топади, уларни яхши маънодаги ҳашам билан мадҳ этади, қалб тўла қувонч билан улуғлайди. Ойбек ерга ва ер меҳнати эгаларига алоҳида меҳр билан қарайди. Уларни тасвирлаганда яалами жонли мўъжизалар яратади. Ойбекнинг яна бир сўнмас муҳаббати бор: y – Ўзбекистон! Айтсак, муболаға бўлмас, Ойбек шеъриятида ялпи гулшан Ўзбекистон лирик бош қаҳрамондир. Бу қаҳрамонни улуғлаш, сарфароз этиш учун Ойбек бисотидан не сўзларни топмайди, не ҳайратомуз образларни ишлатмайди.
Ўн еттинчи асрда Голландияда Петер Паул Рубенс деган даҳо рассом санъаткор ўтган экан. Бу рассомнинг суратларини кўрганда завқи ва шодлиги улган одам ҳам бошқатдан завқ ва шавқ эгаси бўлиб қоларкан. Рубенснинг «Сатир ва мевали сават кўтарган қиз» деган сурати бор. Сават олма-ноклар билан тўлган, уларнинг тепасига тўрт-беш бош узум қўйилган. Суратга қарашингиз билан кўзингиз узумга, узум бошларига тушади. Эътиборингиз сўнг яна ва яна шу нарсага тортилаверади. Билмадим, бу нимадан. Лекин шу узум бошлари тирик узум бошларидан ҳам чиройли. Тирик узум бошларидан ҳам жонлироқ. Узумнинг ҳар донаси шарбатга тўлиб тирсиллаб турибди. Доналар ичидан шарбат ички бир нур билан ярақлаб кўринади. Санъаткорнинг чизган узумидан одамнинг вужудига шодлик оқиб киради.
Ойбекнинг Ўзбекистонни, ўзбек кишиларини тасвирлашида ҳам шу усулга яқин алланима бор. Унинг сўзлари, сатрлари Рубенснинг узумидай ҳар бир донаси ичдан тароват касб этиб нур билан ёриб туради. Бу Ойбекнинг алангали муҳаббатидан, чуқур инсоний олижаноблигидан. Ойбек бу муҳаббатига то сўнгги нафасигача содиқ қолди. Ойбек 1965 йилда ёзилган «Тош экан бошим, Ҳеч ёрилмади Ёрилди минг тош ралари билан бошланадиган шеърини: «Кўнглимда ҳақиқат Бир он сўнмади Гўё зўр қуёш!» деб тугатади. Унинг қалби ва қаламини доимо мана шу ҳақиқат қуёши бошқарди, у шу қуёшга бўйсунди, шу қуёш измидан заррача четга чиқмади. Шунинг учун ҳам Ойбек шеърияти бизга шодлик, байрам бўлиб туюлади, у билан учрашганларимизда ҳисларимизда байрамлар бошланади. «Самонинг ярмига тушар камалак, Нақадар ижодкор, серзавқ табиат! Нашъа ва сурурга тўла бу фалак. Не деган нарса бу ҳасрат ва кулфат!» (1968) сатрлари эҳтимол Ойбекнинг сўнг сатрлари бўлгандир. Лекин унда завқ, илҳом, муҳаббат шоирга охирги дамларгача ёр бўлганлиги ва уни ўзининг сахий чашмаларидан файзиёб қилганлиги аниқ.
Ойбек 1934 йилда ёзилган «Кўклам ҳислари» деб аталган шеърни:
Бошимда олманинг хушбуй оқ гули…
Етаман бу улуғ ерни қучароқ.
Қулочим етмаса, қалбим етгуси,
Инсоннинг қалбига қуёш жинчироқ, –
деб бошлаган бўлса, роппа-роса қирқ йилдан сўнг ёзган бошқа бир ҳассос шеърини: «Дарахтларнинг ортидан қалқди ой махмур – Ҳамдарддир, кутаман боғларда оқшом. Шийпонда биргамиз: ёр, май ва танбур Барчаси кўкламда менинг ошином…» дея бошлайдики, бу ҳаётсеварлик, бу эҳтирос, бу руҳий тўлқинлар орасида қирқ йил ётганига одам ишонгиси келмайди. Лекин бу шоир қалбини бошқарган руҳий теранлик, ҳиссий баркамоллик нақадар кучли ва мунтазам бир аланга билан ёнганлигини кўрсатади.
Ҳаётни тенгсиз ва такрорланмас мўъжиза деб билган Ойбек унинг тез ўтар дамларидан санъат ва сўзнинг ноёб дурдоналарини яратди. Ва уларни меҳрининг оташи билан жонлантирди. Ойбек ўз шеърларидан бирида «…Ўзбекистон бир буюк мактаб» деб айтган эди. Ойбек шу буюк мактаб масканига, унинг шаънига сўздан, туйғулардан, кечинмалардан, гўзал маънавиятдан, яшнаган фикрдан бино бўлган бир ёдгорлик қолдирдики, бунинг ўзи ҳам санъатнинг эзгу мактабига айланди.
Ойбек шеъри – нафисликка, покликка, севишга ўргатади.
Улар яшаш ва яратишнинг олтин паллаларидан қолган ғанимат туҳфалардир.
ҚАЛБНИНГ КИМЁ ТОШИСафарга отланиб анча замонлардан бери кўрмаган манзилларни кўрганда дунё ва одамларнинг бунчалар тез ўзгариб кетаётганлигини кўриб одам ҳайратга тушади. Манави манзилда манави сой бўйида икки туп қуюқ қайрағоч бўларди. Ҳали ҳам икки туп қайрағоч турибди. Лекин бири ҳамон кўм-кўк, ҳамон қуюқ, ҳамон нашъадор, бири эса қуриган, жисмида биронта на кўк ва на сариқ япроқ қолган, қуруқ чўп мўнғайиб туради. Уни кесиб олиб шеригидан ажратишга ҳеч кимнинг юраги бетламайди. Манави ерда эса кичкина шўх жилға шовиллаб ўспирин йигитдай аллақандай абадий бир қўшиқни хиргойи қилиб оқиб ётарди, ҳозир унинг ўрнига бетон новлар ўрнатилибди, новларга эса ҳали сув кирмаган. Манави ер қуруқ шур босган, ўт-ўлан қоплаган майдон эди, энди қатораси болохонали оқ уйлар тушибди. Қадим донолардан Эврипид, одам ҳар дамда ўзгариб, бошқача бўлиб, бошқача фикрлаб туради, чунки дунё бир зум ҳам бир нуқтада қотиб турмайди, деб айтган экан.
Болаликдан таниш, гўё ҳар бир сўзи, сўқмоғи, ранги дилга ёд бўлиб кетган адабий асарларни ёш улғайиб яна қайта қўлга олган чоғларда кишида мана шундай ҳайрат ва ҳайроналик онлари кўп бўлади. Илгариги сўқмоқлар кўзга бошқача бўлиб туюлади, ранглар ўзгаргандай, оҳангларга нимадир қўшилгандай, бу парчанинг маъноси теран тортгандай, манави ерда эса хиралашгандай… манави ерда эса бутун оламга татийдиган кашфиёт бор экану илгарилари бу ердан бефарқ ўтиб кетар экансиз…
Қандай гўзал мамлакат бу адабий сиймолар мамлакати!
Бунда ногаҳон ажиб учрашувлар, кутилмаган рақслар, олишувлар, кўз ёшлар, шодмон ҳайқириқлар, қайғулар, армонлар, аламлар, оловли қучоқлар, совуқ изтироблар…
Бу сафар ҳам шундай бўлди.
Абдулла Қаҳҳорнинг хаёли ва ҳаваси, муҳаббати ва дардидан бунёд бўлган ранго-ранг нафис сўз, нафис сиймолар диёрига, бу диёр ичра яралган маънавият чаманларига назар солганда нималар ўтмайди кўз ўнгингиздан:
гоҳо бошқоронғи хотинига бир қийиқ анор олиб келиб беролмай дали дунёси қоронғи бўлиб кетган, ўзини бу ёруғ оламга келган ожизларнинг ожизи деб билган ва ожизликдан, аламдан, хўрликдан хотинни тепиб кўчага чиқиб кетган ва алламаҳалда юзлари қўрқинч-ваҳимадан ранги қум ўчган ҳолда қайтиб келган, катта тугунни орқалаб келиб уй ўртасига ташлаган Туробжон гавдаланади. Бир чойшаб анорнинг ҳар ёққа сочилиб юмалаб кетаётгани кўз ўнгингиздан ва шўрлик оғироёқ хотиннинг: «Қаёққа бордингиз? Нима қилдингиз? деган титроқ унсиз товуши қулоғингиздан нари кетмайди; гоҳо эса, ёш Абдулла билан Қўқоннинг безовта қишлоқларини кезасиз, унинг тийрак, сезгир кўзлари билан ўзбек қишлоқларининг ўша йиллардаги ажабтовур одамлари, муҳити билан танишасиз: севмаган кишисига эрга берилаётган, муҳаббати пайҳон қилинаётган сўлим, лекин қайсар Савринисонинг тўй яқинлашган сари кичкина Абдуллани қучоқлаб товушсиз йиғлаганлари, жоҳил ота калтагини еб масъум жони узилганлари; бошига ногаҳон тушган қуруқ туҳматдан довдираб қолган бечора Бабарнинг: «Жон ака, мени отиб ташламанг, худо хайр берсин… хотинимни ит қопган, уйда йиғлаб ётибди…» деб отқоровулга зориллаб ялинганлари тасаввурингизда жонланиб кетади;
гоҳо тепасига сув чиқармай қўйган чўққи тоғдай Қаландаров билан олиша-олиша ҳолдан тойган, лекин енгилмаган Саидани ўйлайсиз: бора-бора ўзини ночор сезиб, нима қилишини билмай жаҳл ва жаҳолат устида Саиданинг похол шляпасини қулочкашлаб стол устига урган Қаландаров, ундан заррача тап тортмай, киприк қоқмай тикилиб турган, йиғи келса йиғисини, аччиқ келса аччиғини босиб, ҳорғинлик, адоват, кек, ғуссани енгиб, одамларга илҳом бериб, ҳақиқатнинг бутун қудратини жонида тўйиб ғайрат билан ишлаётган «синчалакхон қиз» – ажойиб Саида кўз ўнгимизга келади;
гоҳо «Қўшчинор чироқлари»ни, онги, турмуши одамлар орасида, меҳнатда ўзгариб бораётган, тобора ўзини дадил ҳис қилаётган, тили бийрон сиддиқжонлар тақдирини ўйлаб кетасиз ва романнинг қайси бир ерида камбағал Маллавой ака айтган: «Камбағаллик ҳамма вақт, ҳамма одамнинг жонига теккан нарса. Лекин одамзод жонига теккан нарсадан қутулиш йўлини билмаса, осмон йироқ, ер қаттиқ бўлади, унга кўникади, шунчалик кўникадики, бу нарса жонига текканини ҳам пайқамай қолади. Энди биз камбағалликдан қутулиш йўлини биламиз, кўриб турибмиз. Бизни уста қиладиган ҳам, бизга осмонни яқин, ерни юмшоқ қиладиган ҳам мана шу», деган, лекин юракларда бир умр муҳрланиб қоладиган сўзлари ёдга тушади;
гоҳо тасаввурда даврдан четда қолганларнинг халқ билан бирга боришни истамаганларнинг иситма хулиёси, саробга тўлиқ мараз, фожиали дунёси туради; ўзини ўлдиришга чоғланган, виждони, умиди, инсонлик қиёфаси ва қимматини бутунлай йўқотган, иқтидорини очилмасдан ўз қўли билан бўғиб ташлаган Саидийнинг ўлим ёқасида ўйлаган кулинч ва аянчли сўзлари: «Бас энди, ҳаёт бозоридан харид қилиб бўлдинг, энди бемаҳалга қолмасдан қайт!.. Шу томоғингдан бир қултум май ўтди нима бўлди-ю, миллион шиша май ўтди нима бўлди!.. Нима қилиб ўтирибсан, тур тезроқ!» – деб ўзини ўлимга ҳайдаганлари ёдга тушади.
О, қандай мамлакат бу! Қандай санъат бу! Қандай нафосат диёри бу!
Буларнинг ҳаммаси хаёлдан бир-бир ўта бошлаганда яна бағир инсон фожиалари, шодликлари, ҳақиқат учун курашларнинг сурур ва суронига тўлади. Янги ғоялар, янги тасаввурлар туғилаётган буюк майдонлар нашъаси тўлқин ила киради кўнгилга.
Ва гарчи фалсафа даҳоси Гегель: «Аммо азоб-уқубат ҳамда ғам-андуҳнинг тили шодликнинг тилига қараганда хийла ифодалироқ, таъсирлироқдир», деган бўлса ҳам, лекин пешанасига майнинг сахий офтобидан бир тутам нур тушиб турган киши қоронғиликдан кўра ёруғликни кўпроқ ўйлайди, ёруғликни жонига яқинроқ туяди, зарур бўлса қоронғилик ичига қўлида нур билан кириб боради, шунданмикин мен ҳам ҳозир инсонни ёруғликка олиб чиқадиган йўллар, шу йўлларнинг азоби, шу азобларни енгиб орзуга етишлар, тилакларнинг рўёбга чиқиши, уларни рўёбга чиқарган улуғвор иродалар, инсон бардошлари ҳақида сўзлай, девдим.
* * *
Ҳовлидаги қуюқ дарахтлар орасидан нимқоронги хонага бир тутамгина шуъла тушиб турибди. Хона тинч-осуда, бунда гўё ҳамма нарса ҳаракатдан тўхтаган; аммо деразани кесиб ўтиб деворда ярақлаётган, худди тутаб кетаётгандай бўлиб турган шуъла тушган йўлда аллақандай зарралар ғужғон ўйнайди, фавқулодда бир манбадан куч олгандай шитоб билан отилиб кўздан ғойиб бўлади, яна пайдо бўлади. Шуъладан ташқари ҳамма ёқ тинч, ҳеч нарса кўзга кўринмайди. Коинот зарралардан йиғилган, зарраларга бўлинади, зарралардан шаклланади ва жисмлашади, деганларн шу бўлса керак. Шуъла йўлида ўйнаган шу зарралар беҳудуд самовотда бошқа зарралар билан тўқнашмагунча унинг ҳаракат ва ҳолатида ўзгариш рўй бермайди. Зарра бир ерга бориб бошқа бир зарра билан тўқнашади, тўқнашув ҳаракатни тезлаштиради, портлашлар рўй беради ва алоҳа тўқнашувлардан янги миқдори ва моҳияти ўзгарган зарра пайдо бўлади. Зарра янги бир шаклга киради. У нарса тусини ола бошлайди. Коинотда яралишнинг боши ва ибтидоси… Шуъладаги зарраларнинг оддий ҳаракатидан қонуниятлар туғилади. Уруғ портлайди – яшилликка айланади, яшиллик портлайди – бошоқ бош кўтаради.
Инқилоб бўлди, эски жамият портлади, янги ҳаракатлар даври бошланди, бу давр ҳаммани ҳаракатга солиб қўйди, олам янги ўзгаришлар доираси ичига кирди.
…Турғунойнинг отаси ўлди, қизнинг дармони қуриди, илиги узилди, суянган тоғи қулади, у хор-зор бўлмаслик учун чор-ночор бир сўхтаси совуқ «алвасти»га тегди. Суймаган ошни ичди ва шунга бутунлай кўниб, шунга рози бўлиб умр ўтказа бошлади, умидлари сўнди, эртасини ўйламай қўйди, ишончини йўқотди, ойнинг ярми ёруғ бўлса, ярми қоронғи, деган доно гап ҳам уни овутмай қўйди, жуда ёш бўла туриб умрини хазон бўлганга, ўзини қариганга чиқарди. У шундай ўутиб кетиши мумкин эди… Шундай ўтиб кетганлар оз эмас эди. Лекин ногаҳон Турғунойнинг нур тушмаган ҳаётига янги замоннинг яшил шабадаси – Мастон кириб келди. Янгилик бошланди. Мастон Турғунойни ўқишга тортди, уни нимқоронғи, чала ёруғ шуъла тушадиган хонадан чиқиб кетишга кўндирди ва алвасти даргоҳидан олиб кетди.
Ёзувчи Мастонни тушунган янги одам, Турғунойни тушунмаган эски одам демайди. Лекин уларни янги давр ҳаракатининг қудратли новига тортилган ҳолда тасвирлайди.
Аристотель ёзади: ҳамма нарсанинг моҳияти унинг ҳаракатида намоён бўлади. Ҳали дунё кўрмаган, дунёнинг паст-баландини яхши билмаган икки аёл «ошланмаган онг» билан йўлга отландилар. Улар илму маърифатли бўлиш, янги ҳаётнинг эгасига айланишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.
Абдулла Қаҳҳор бу йўл ҳам, бу қадам ташлаш ҳам осон эмаслигини, маърифат эгаси бўлишни аҳд қилган одам аҳдига ўзини, ўзлигини енга-енга мумкинлигини «Мастон» ҳикоясида тасвирлаб беради. Бу ҳикояда Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаётий шароитни, характерни ва характер психологиясини тўкис-тугал ишлаш санъати ўз қирраларини намоён қилган.
Мастон шўх, дадил, ўзини унча-мунчага йўқотиб қўймайдиган довюрак қиз. У муштипар Турғунойни ғафлатдан қўзғатиб отга миндириб янги турмушга – ўқишга олиб кетяпти. Мастон билан Турғуной даштда йўл босар эканлар, кутилмаган қийинчиликка дуч келиб, йўлни давом эттириш мушкуллашган бир вазиятда ўзларини нимага қобил эканликларини кўрсатиб, аста-секин «фош» қила бошлайдилар. Мастон янги дунёни кўрган; Турғуной янги дунёни кўрмаган; Мастон бу янги дунё қандайлигини билади ва ўзи ҳам шу янги дунёнинг қурувчиларидан; Турғуной остона ҳатлаб ташқарига чиқмаган, янги дунёга қўрқув тўла кўзлар билан боқади; у янги дунёдан узилиб қолган, бу дунё ҳақида уйида ўтирган отинларнинг мишмишлари орқалигина андак, нимтатир тасаввурга эга. Ҳикоя бошида Турғуной йиқилиб ўлган от остида оёғи қолиб, чиммати остидан қочиб чиққан калтакесакни кўриб қўрққанидан додлаб юборган ҳолда кўринади. Унинг борлигини қамраб олган ушбу қўрқувваҳима ҳикоя сўнгига қадар уни тарк этмайди.
Мастон абжир, юракли қиз. У ҳикоя давомида ўзини кўпроқ шу томондан кўрсатиб боради. От мункиб устидан отилиб йиқилди, иккала аёл отнинг устидан отилиб кетдилар, мана шу вазиятнинг ўзидаёқ уларнинг бир-бирларига ўхшамаган томонлари дарров кўзга ташланади. Отнинг ўлиб қолиши икки аёлнинг ички дунёсига гўё кенг-мўл бир тирқиш очгандай бўлади. Мастон паранжи ёпинмайди, бир чеккаси шунинг учун ҳам от қулаганда у дарҳол ўйноқи каптардай абжирлик билан ўзини ўнгариб олади ва шу заҳоти шериги Турғунойга ёрдам бергани шошилади. Турғуной эса қолади, дарров ўзини ўралашиб бир оёғи от остида йўқотиб қўяди, саросимага тушади. Унинг бутун вужуди тўкилиб турибди, юрагида ҳам тинчгина жойини ташлаб келаётганидан аллақандай пушаймонлик туйғуси йўқ эмас: «Қуриб кетсин! – деди у йиғламсираб. – Ўқишинг бошингдан ордона қолсин, Мастон!.. Қўй, эй… эримдан қолмайин!..» Ёзувчи энди секин-секин улар ўртасидаги ўхшашсизликни кучайтириб боради. Турғунойнинг сўлма нозиклиги Мастоннинг ғайрати ва абжирлиги. Ёзувчининг ҳар сўзи шуни таъкидлашга қаратилади. Мастон дарҳол йиқилган отнинг кўзига қараб унинг ўлиб қолганлигини билади. Кўз ўнгида дарҳол даштда уловсиз ёлғиз колишнинг даҳшати гавдаланади ва зумда ўзини қўлга олади, у бошдан Турғунойнинг бояги аламли сўзларига муносиб жавоб беради, уни юпатади, сўнг йўл тадбирини кўради. Ёзувчининг тасвирида Турғуной билан Мастон бир-бирларининг характерларини психологик жиҳатдан бўрттириб кўрсатадилар. Ёзувчи ҳатто уларнинг гап-сўзларига ҳам психологик ранг беради: «– Қўшиқ айтсанг-чи, Турғуной! – деди Мастон бир силкиниб устидаги юкларни яхшироқ ўрнаштириб.
– От қолди. Қанча нарсалар… Яна чўлда қолдик… Нима бўлишимизни билмаймиз… қандай юрагингга сиғади ашула!..
– Қолган нарса қолди, бўлган иш бўлди. Яна ўнта Турғуной билан ўнта Мастон хафа бўлгани билан қолган нарсалар орқамиздан эргашиб келмайди. Нима бўлишимиз ўзимизнинг қўлимизда».
Мастон бор кучи, иродаси билан вазиятни енгиллатиш, ҳамроҳига далда беришга уринади. Турғуной эса ҳамон қолган нарсаларга ачинади. Ҳақиқатан, унинг учун жуда кўп нарсалар орқада қолиб бормоқда. Қон-қонига сингиган, одат тусига кирган ҳаётидан юз ўгириб, ўтмишни орқада қолдириб кетиш осон эмас. Шунинг учун ҳам қаҳрамонлар келтирилган парчада «қолди» сўзини такрор-такрор ишлатадилар, бу кўп нарсалар қолиб кетаётганига ишора. Иккинчидан, парчанинг мазмуни, энергияси шу сўзда марказлашади. (Айтиб қўяйликки, Абдулла Қаҳҳор прозасида мазмун марказлашадиган мана шундай «кўз» сўзлардан десакмикин, жуда усталик билан фойдаланади, бундай усуллар унинг прозасининг ички динамикасини кучайтириб, нафосат ёғидан нозиклаштириб турадилар.) Турғуной бу вазиятда: «Нима бўлишимизни билмаймиз», деб ожизлигини тан олади ва ўз билгича ҳукм чиқаради. Мастон эса: «Нима бўлишимиз ўз қўлимизда», дейди. Бу парчаларда Мастон билан Турғуной эмас, назаримда икки дунё: эски дунё билан янги дунё икки тараф бўлиб ўз фикрини тасдиқлаётганга ўхшайди. Ёзувчи Турғуной билан Мастоннинг бир хил вазият, бир хил шароитдаги турлича хатти-ҳаракатларини лўнда сўз, лўнда тасвир билан чизади. Мастоннинг ғайрати, қийинчиликдан қўрқмасдан ҳаракат қилиши Турғунойни жуда чўчитади, иккинчи томондан уни янада увол, янада мажолсиз қилиб кўрсатади: «Мастон яна йўлга тушгани ҳозирлик кўра бошлади. Буни кўриб Турғуной йиғламсиради. Мастон уни қўлидан ушлаб тортди ва турғазиб қўйди». Мастоннинг ҳамроҳи қанчалар инжиқ ва нозик эканлиги шу йиғламсирашдан ҳам кўриниб турибди. Йўлда эса инжиқ ҳамроҳ одамни абгор қилиб юборади. Мана шу ерда Мастоннинг кучига куч, ишончига ишонч, ғайратига ғайрат қўшган нарса нима-ю, Турғунойни бунчалар ожиз ва увол қилиб қўйган нарса нима, деган муаммога жавоб бериб ўтишга тўғри келади. Турғуной надомат устига надомат билан йиғламсираб шикоят қилганларида, Мастон: «Биз ёруғ дунёни кўриш учун туғилганмиз, Турғуной!» – дейди. Шу чуқур эътиқод билан айтилган сўзнинг замирида Мастонни кучли қилган, уни ғайрат отига миндирган, келажакка ишонч билан қарашга ўргатган янгича турмушдан ўсиб етилган теран фикр ва ғоя ётибди. Мастон юқорида айтганимиздай янги ҳаётнинг ғолиб нафасини ўз кўкрагида ҳис қилган, шу унинг юрагига қувват беради. Турғунойни эса биқиган турмуш шол қилиб қўйган, унинг ғайратини ўргимчакдек сўриб олган, у мустақил яшашга қобиллигини йўқотиб қўйган. Жонини қийнашни истамайди, муте, қул бўлиб яшашга ҳам рози, жони қийналмаса, бас. Бундай чўлу биёбонларда юргандан кўра «эрим миямда данак чақса ҳам уйда ўтирганим бир давлат эди…» дейди. Даштга қоронғи тушгач, Турғуной бутунлай ҳолдан тояди, Мастоннинг елкасига бошини қўйиб йиғлайди: «Соним толиди… ўлигим шу адирларда қолади… – деди, кейин тиззаси букилди-ю, йиқилди. Бу чарчаган, ҳолдан тойган кишининг эмас, ўлимга таслим бўлган кишининг йиқилиши эди.
– Турғуной, – деди Мастон, – шу ерда қоладиган бўлсак, бўрига ем бўламиз». Яна вазиятнинг ипи «қолди» сўзи билан таранг тортиляпти, у парчага, вазиятга эмоционал бўёқ беряпти.
Йўл кўрмаган Турғуной билан эркдан бутун ҳаётий кучлари уйғонган, яшашга қобил бўлиб қолган Мастон ўртасидаги маънавий ва инсоний фарқ ҳикоя сўнгида аёлларнинг одамларга қўшилишида янада бўртиб кўринади. Мастон арава миниб келаётган йигитларни очиқ юз, очиқ кўнгил билан қаршилайди ва ҳатто сўрашгани уларга қўл узатади. Ҳаммалари аравада биргаликда борар эканлар, «суҳбатда Мастоннинг салмоғи тобора ортмоқда эди, – деб ёзади ёзувчи. – Илгари «синглим» деб турган йигитлар сал ўтмай «опа» дейдиган бўлишди». Турғуной эса оғзини енги билан тўсиб олганча қачон «иш чатоқ» бўлишини кутиб ўтакаси ёрилиб боради. Лекин «иш чатоқлашиш» у ёқда турсин, тобора очилиб бораётганлигини, ўзини билган, ўзини таниган, ҳалол меҳнат қилган қиз қанчалар ҳурмат-эътиборга сазовор бўлаётганлигини кўрган Турғуной ич-ичидан ўсал бўлади ва «гапга аралашолмай, бедалар ичида бир боғ бедадай силкиниб боради».
Абдулла Қаҳҳор прозасида ва хусусан, ҳикояларида қаҳрамонлари ички дунёсини, характерини уларнинг ички қудрати – иродаси намоён бўладиган шароит, муҳит, воқелик ичида гавдалантиради. У қаҳрамони характерини изчиллик билан кузатиб бораркан, инсон иродаси имкониятларини иложи борича чуқур ҳамда реалистик шакллантиришга интилади. «Даҳшат»да ҳикоя бошиданоқ портлай-портлай деб турган, ҳамма иплари таранг тортилган бир ҳолат тасвирланади. Лекин Нодирмоҳбегимнинг «пичоқ санчиб келиш» тўғрисидаги ҳикоясигача ва шу ҳикоядан сўнг ўртага чўккан оғир жимликкача ҳали воқеанинг қаерда, қандай портлаши ва унинг нима билан тугаши номаълум. Лекин мана шу жимлик ичида ўтирганларнинг энг ёши ва энг жим ўтириши керак бўлгани додхонинг кичик хотини Унсин бирдан жимликни бузади. У бирйўла бир неча бор исён кўтаргандай бўлади: ҳаммадан ёш бўла туриб ҳаммадан илгари гапга оғиз очиши одатга қарши бир исён. Додходай одам юраги ёрилиб қўрқиб қунишиб ўтирган маҳалда Унсиннинг ҳеч нарсадан қўрқмай сўзлаши иккинчи исён. Унинг пичоқ санчиб келишни нокаслик деб билиши ва арзимас нарсага ўлиб кетган одамни қоралаши – учинчи исён. «Ўлсин, нокас одам экан, битта қўйини деб… Кошки арзийдиган нарса бўлса!..» – дейди Унсин. Бу сўзлардан сўнг ташқарида гувиллаётган бўрон ичкарига кўчади, Унсиннинг исёнкорона гапи юраги пўкиллаб ўтирган додхонинг нафсониятига тегади ва у жикиллай бошлайди: «Сен ўзинг ўнта қўй берсам пичоқ санчиб келасанми? Юзта қўй, давлатимнинг ярмини берсам борасанми?» Битта қўй учун нобуд бўлиб кетган одамнинг қилмишидан нафратланган аёл бу саволга нима деб жавоб бериши керак? Бундан ташқари Унсин яна: кошки арзийдиган нарса бўлса, деб катта гапириб ҳам қўйди ўтирганлар наздида. Унсинча бунга арзийдиган, яъни ўлимни бўйнига олиб борса арзийдиган нарса нима? Шунда Унсиннинг иродаси яна бир карра (иккинчи маротаба) ўз кучини кўрсатади. Унинг эндиги жавоби олдин айтган гапидан келиб чиқади, ўша гапини тўлдиради, шу билан бирга додхонинг ҳақоратига қарши муносиб жавоб ҳам бўлади: «Менга давлат керак эмас, давлат керак бўлса борар эдим», – дейди Унсин. Бу гап додхога ҳақорат каби оғир ботади. Давлат деган нарса-ку дунёнинг устуни, бунга устунки керак бўлмаса, унда нима керак, додхо буни тушунолмайди ва ғазаб билан сенга нима керак, деб сўрайди. Унсин анчагача жавоб бермайди. Унинг жавоби тақдирини ҳал қилади, ҳаёт ва мамот, ҳурлик ва қуллик шу жавобга қараб қолди. Унсин буни тушунади ва узоқ индамайди. Кундошлар Унсин билан бирга калтак ейишдан қўрқиб уни жавоб беришга қистайдилар. Унсин алоҳа додхога «бир кўз ташлаб» ва шунда ҳам бошини эгиб жавоб беради. Кундошлари жавоб берсанг-чи деб қисташган эди, Унсин додходан жавоб сўрайди: «Жавоб берсангиз… Ганжиравонга кетсам… Битта гўрга битта пичоқ эмас, ўнта гўрга ўнта пичоқ санчиб келаман…» Бу энди тугал исён! Унсиннинг исёни уни ўлимга олиб боради. Лекин Унсин учун озодликка чиқиш, зиндондан халос бўлишнинг бирдан-бир йўли шу эди. Бой Унсин арзийдиган нарса деганда шуни назарда тутган экан. Ёзувчи Унсин қалбида етилган исён руҳини ҳар бир сўз, ҳар бир ҳолатда таъкидлаб туради. Унсин тутқунликдан қутулиш йўлида гўристон даҳшатларини бошидан кечиради, бу даҳшатларни ҳурликни кўз ўнгига келтириб туриб енгади, унча-мунча мард одамнинг юраги дов бермайдиган даҳшатли гўристонда қумғонда чой қайнатиб додхонинг шартини бажаради.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?