Электронная библиотека » Клаус Шваб » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Клаус Шваб


Жанр: Зарубежная образовательная литература, Наука и Образование


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 11 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +
2.2 Бурилиш нуқталари

Юқоридаги мегатрендлар умумий маънода анча мавҳум туюлади. Шунга қарамай, улар ғоятда фойдали янги маҳсулот ва ишланмаларга сабаб бўлмоқда.

Жаҳон иқтисодий форуми 2015 йил сентябрь ойида чоп этган ҳисоботда келажакдаги рақамли ва ўта боғланган дунёни ҳосил қилувчи 21 та бурилиш нуқтаси – маълум технологик ўзгаришларни кенг омма қабул қиладиган вақт – келтирилган.1515
  Жаҳон иқтисодий форуми, Deep Shift – Technology Tipping Points and Societal Impact, тадқиқот ҳисоботи, “Компьютер дастурлари ва жамият келажаги” деб номланган глобал кун тартиби кенгаши, 2015 йил, сентябрь.


[Закрыть]
Уларнинг барчаси келаси 10 йил ичида бўлиб ўтиши кутилмоқда ва тўртинчи саноат инқилоби сабаб бўлган чуқур ўзгаришларни яққол акс эттиришга хизмат қилади. Бурилиш нуқталари Жаҳон иқтисодий форумининг “Компьютер дастурлари ва жамият келажаги” деб номланган глобал кун тартиби кенгашида ўтказилган сўровнома асосида тузилган. Ушбу сўровномада ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасидаги 800 дан ортиқ ижрочи ҳамда экспертлар қатнашган.

1-жадвалда сўровнома иштирокларининг неча фоизи маълум бурилиш нуқтаси 2025 йилга бориб содир бўлишини кутаётгани келтирилган.1616
  Сўровнома методологияси ҳақида қўшимча маълумот олишни истасангиз, олдинги изоҳдаги манбанинг 4– ва 39-бетларига қаранг.


[Закрыть]
Иловада ҳар бир бурилиш нуқтасининг ижобий ва салбий таъсири кенгроқ ёритилган. Шунингдек, дастлабки сўровнома таркибида бўлмаган икки бурилиш нуқтаси – лойиҳаланган мавжудотлар ва нейротехнологиялар ҳам келтирилган, аммо улар 1-жадвалда берилмаган.


1-жадвал: 2025 йилга бориб содир бўлиши кутилаётган бурилиш нуқталари фоиз ҳисобида


Манба: Deep Shift – Technology Tipping Points and Societal Impact, “Компьютер дастурлари ва жамият келажаги” деб номланган глобал кун тартиби кенгаши, Жаҳон иқтисодий форуми, 2015 йил, сентябрь


Ушбу бурилиш нуқталари олдинда қандай туб ўзгаришлар кутаётганини ва тизимли табиати туфайли бир неча бор кучайган таъсирга қандай тайёрланиш ва жавоб қайтаришни тушунишда муҳим аҳамият касб этади. Кейинги бобда келтирилганидек, ушбу ўтиш босқичида тўғри йўлни йўқотмаслик учун содир бўлаётган ва бўладиган ўзгаришлардан ҳамда уларнинг жаҳон ҳамжамиятининг барча босқичларига таъсиридан огоҳ бўлишимиз даркор.

3
ТАЪСИР

Намоён бўлаётган технологик инқилоб кўлами ва қамрови шу қадар улкан иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ўзгаришларга сабаб бўладики, уларни кўз олдимизга келтириш деярли имконсиз. Шундай бўлса-да, бу бобда тўртинчи саноат инқилобининг иқтисодиёт, бизнес, ҳукумат ва мамлакатлар, жамият ҳамда алоҳида шахсларга эҳтимолий таъсири кўрсатиб берилади, таҳлил қилинади.

Ушбу соҳаларнинг барчасида энг катта таъсир асосан бир куч натижасида пайдо бўлади. Бу куч имкониятларни кенгайтиришдан иборат бўлиб, ҳукуматларнинг ўз фуқаролари, компаниялар ўз ишчилари, акциядорлари ҳамда мижозлари, буюк давлатларнинг кичик мамлакатлар билан муносабатида намоён бўлади. Мавжуд сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий моделларда тўртинчи саноат инқилоби келтириб чиқарган бузилиш натижасида ваколатлари кенгайган иштирокчилар тақсимланган кучлар тизимининг бир қисми эканликларини, муваффақиятга эришиш учун кўпроқ ҳамкорлик талаб этилишини тушуниб eтишади.

3.1 Иқтисодиёт

Тўртинчи саноат инқилоби жаҳон иқтисодиётига мисли кўрилмаган даражада катта ва кўп тарафлама таъсир ўтказадики, бир таъсирни бошқасидан айри ҳолда ўрганиш жуда қийин кечади. Дарҳақиқат, хаёлга келиши мумкин бўлган барча макроиқтисодий кўрсаткичлар: ЯИМ, сармоя киритиш, истеъмол, бандлик, савдо, инфляция ва бошқалар ўзгармасдан қолмайди. Мен энг муҳим икки жиҳатга – иқтисодий ўсиш (унинг асосий узоқ муддатли омили бўлмиш маҳсулдорлик орқали) ва бандликка эътиборимни қаратишга қарор қилдим.

3.1.1 Иқтисодий ўсиш

Тўртинчи саноат инқилобининг иқтисодий ўсишга таъсири борасида иқтисодчилар фикри иккига ажралади. Бир томондан, технологик пессимистлар фикрига кўра, рақамли инқилоб асосий таъсирини кўрсатиб бўлди ва маҳсулдорликни ортиқ ошира олмайди. Бошқа тарафдан эса, технологик оптимистларнинг таъкидлашича, технология ва инновациялар ҳали ҳал қилувчи нуқтага eтганича йўқ ва улар тез орада маҳсулдорлик ҳамда иқтисодий ўсишда янги тўлқинга сабаб бўлади.

Гарчи ҳар икки тараф фикрини ҳам тан олсамда, амалиётга суянувчи оптимистлигимча қоламан. Технологиянинг дефляцион таъсири (гарчи уни “ижобий дефляция” деб таърифлаш мумкин бўлса ҳам) унинг қайта тақсимлаш таъсири натижасида ишчи кучидан кўра сармоя устунлик қилиши ва на тижада маош (ўз навбатида истеъмол ҳам) камайишидан яхши хабардорман. Бундан ташқари, тўртинчи саноат инқилоби одамларга маҳсулот ва хизматлардан кўпроқ ва арзонроқ фойдаланиш имконини беришини, натижада истеъмол турғунроқ ҳамда ишончлироқ бўлишини тушуниб турибман.

Тўртинчи саноат инқилобининг иқтисодий ўсишга эҳтимолий таъсирини замонавий иқтисодий йўналишлар ҳамда ўсишга таъсир қилувчи бошқа омиллар билан бирга кўриб чиқиш жуда муҳим. 2008 йилда, иқтисодий ва молиявий инқироз юз беришидан бир неча йил олдин, жаҳон иқтисодиёти йилига ўртача 5 фоиздан ўсаётганди. Агар ушбу тезлик сақланиб қолганда, глобал ЯИМ ҳажми ҳар 14-15 йилда икки баробар ортган ва миллиардлаб одамлар қашшоқликдан чиққан бўларди.

Буюк турғунликдан кейиноқ жаҳон иқтисодиёти ўзининг аввалги юқори суръатларига қайтади, деган фикр кенг тарқалганди. Аммо бундай ҳолат юз бермади. Глобал иқтисодиёт урушдан кейинги йиллардан ҳам пастроқ – йиллик ўсиш тезлиги ўртача 3-3.5 фоиз билан чегараланиб қолгандай туюлмоқда.

Айрим иқтисодчилар “юз йиллик инқироз” рўй бериши мумкинлигини тахмин қилиб, “дунёвий турғунлик” ҳақида гапирмоқда. Ушбу атамани Катта депрессия даврида Алвин Ганзен ўйлаб топган бўлиб, яқин йилларда иқтисодчилар: Ларри Саммерс ва Паул Кругманлар уни қайта муомалага киритди. “Дунёвий турғунлик” талабнинг ҳатто нолга яқин кредит фоизлари билан ҳам ўзгартириб бўлмайдиган даражада камайиб кетиши ҳолатини тасвирлайди. Гарчи бу ғоя иқтисодчилар орасида мунозарага сабаб бўлса-да, муҳим хулосалар чиқаришга имкон беради. Агар фикр тўғри бўлса, глобал ЯИМ ўсиш тезлиги янада камайиши мумкин. Глобал ЯИМ ҳажмининг йиллик ўсиши 2 фоизгача тушиб кетди деб тасаввур қилайлик, бу эса унинг ҳажми икки баробар ортиши учун 36 йил керак бўлади демакдир.

Глобал ўсиш секинлашувини сармоянинг нотўғри тақсимланиши, қарздорлик ортиши ва демографик ўзгаришлар каби қатор сабаблар билан тушунтириш мумкин. Улар ичидан технологик тараққиёт билан боғлиқ иккитасини: аҳоли ёшининг ортиб бориши ва маҳсулдорликни кўриб чиқамиз.

Аҳолининг қариши

Жаҳоннинг айни пайтдаги 7.2 миллиард аҳолиси 2030 йилга бориб 8 миллиардга, 2050 йилгача эса 9 миллиардга eтиши башорат қилинмоқда. Бу умумий талабнинг ортишига олиб келиши керак. Аммо муҳим аҳамият касб этувчи яна бир демографик ўзгариш – кексайиш ҳам бор. Кенг тарқалган қарашларга кўра, кекса ёшдаги аҳолининг ортиб бориши асосан Ғарбдаги бой давлатларга хос. Аммо бу фикр у қадар тўғри эмас. Туғилиш кўрсаткичларининг аҳоли сонини турғун тутиб турувчи даражадан камайиши нафақат бундай ҳолат дастлаб бошланган Eвропада, балки Жанубий Америка ва Кариб денгизи ҳавзаси, Осиёнинг катта қисми, шу жумладан, Хитой ва жанубий Ҳиндистон, ҳаттоки Ливан, Марокаш, Эрон сингари Яқин Шарқ ҳамда шимолий Африканинг айрим мамлакатларида ҳам кузатилмоқда.

Агар нафақага чиқиш ёши кескин оширилиб, жамиятнинг ёши катта вакиллари ҳам ишчи кучи сифатида ҳисса қўшишда давом этмаса (иқтисодиётга ижобий таъсир қилувчи зарурат), кекса ёшдаги аҳолининг ортиши катта иқтисодий қийинчиликларга сабаб бўлади. Чунки ғамхўрликка муҳтож кексалар сони ортиб боргани сари меҳнатга лаёқатли аҳоли камайиб боради. Кексалар сони ортиб, ёшлар сони камайгани сари уй, уй жиҳозлари, автомобиль ва бошқа шу каби катта харажат талаб қилувчи маҳсулотларни харид қилиш, бунга қўшимча равишда тадбиркорлик соҳасида таваккал қилувчи одамлар ҳам камаяди. Бунинг сабаби қариётган ишчилар қўлидаги маблағдан янги корхоналар яратишдан кўра яхшироқ шароитда нафақага чиқиш учун фойдаланишни афзал кўришидадир. Бу ҳолат одамлар нафақага чиқиб, омонатларини қайтариб олганда омонат ва сармоя ҳажми камайишини бироз мувозанатлаштиради.

Мазкур одатлар ва моделлар ёши катталар сони ортиб бораётган жамиятлар мослашгани сари ўзгариши мумкин. Бироқ технологик инқилоб маҳсулдорликнинг жадал ўсишига сабаб бўлмаса, кексалар сони ортиб бораётган дунёда ўсишнинг секинлашиши умумий қоида сифатида қолаверади. Технологик инқилобнинг маҳсулдорликка таъсирини содда қилиб “қаттиқ ишлаш эмас, балки ақл билан ишлаш” деб таърифлаш мумкин.

Тўртинчи саноат инқилоби бизга узоқроқ, соғломроқ ва фаолроқ яшаш имконини беради. Ривож ланган давлатларда ҳозирда туғилаётган болаларнинг чорак қисмидан кўпи 100 йил умр кўриши кутилаётган жамиятда яшар эканмиз, меҳнат ёшидаги аҳоли, нафақа ва шахсий ҳаётни режалаштириш сингари тушунчаларни қайта кўриб чиқишимиз зарур.1717
  Буюк Британия Миллий статистика бошқармаси, “Surviving to Age 100”, 2013 йил 11 декабрь. http://www.ons.gov.uk/ons/rel/lifetables/historic-and-projected-data-from-the-period-and-cohort-life-tables/2012-based/ info-surviving-to-age-100.html


[Закрыть]
Кўп давлатларда юқоридаги мавзуларни муҳокама қилишда юзага келаётган қийинчиликлар кутилаётган ўзгаришларни олдиндан кўриш ва уларга тайёрланиш борасида қанчалик оқсаётганимизнинг яна бир исботидир.

Маҳсулдорлик

Технологик ютуқлар ва инновацияга ажратилган сармоялар миқдори геометрик прогрессия бўйича ортишига қарамай, сўнгги бир неча ўн йил ичида дунё бўйлаб маҳсулдорлик (меҳнат унумдорлиги ёки умумий омил унумдорлиги [TFP] олинишидан қатъи назар) жуда секин ўсди.1818
  Анжуман кенгаши, Productivity Brief 2015. Анжуман кенгаши томонидан тўпланган маълумотларга кўра, глобал меҳнат унумдорлигидаги ўсиш 1996–2006 йиллар оралиғида 2013 ва 2014 йиллардаги умумий 2.1 фоизга таққослаганда ўртача 2.6 фоизга етган. https://www.conference-board.org/retrievefile.cfm?filename=The-Conference-Board-2015-Productivity-Brief.pdf&type=subsite


[Закрыть]
Маҳсулдорликнинг мантиққа мос келмас сўнгги тимсоли – технологик инновациялар унинг даражасини оширмайди деган фикр – иқтисодиётнинг Буюк турғунликдан ҳам олдин пайдо бўлган очилмаган тилсимидир. Унга ҳалигача қониқарли изоҳ топилгани йўқ.

АҚШни олайлик, у eрда маҳсулдорлик 1947 йилдан 1983 йилгача ўртача 2.8 фоизга, 2000–2007 йиллар да 2.6 фоизга, 2007 йилдан 2014 йилгача эса атиги 1.3 фоизга ўсди.1919
  Америка Қўшма Штатлари Меҳнат департаменти, “Productivity change in the nonfarm business sector, 1947–2014”, Меҳнат статистикаси бюроси. http://www.bls.gov/lpc/prodybar.htm


[Закрыть]
Пасайишнинг асосий қисми технология ва инновация туфайли пайдо бўладиган самарадорлик билан боғлиқ TFPнинг паст кўрсаткичларига бориб тақалади. АҚШ Меҳнат статистика бюроси берган маълумотларга кўра, 2007 йилдан 2014 йилгача TFPнинг ўсиши 0.5 фоизни ташкил этган, бу 1995–2007 йиллардаги 1.4 фоизлик ўсишдан анча паст.2020
  Америка Қўшма Штатлари Меҳнат департаменти, “Preliminary multifactor productivity trends, 2014,” Меҳнат статистикаси бюроси, 2015 йил 23 июнь. http://www.bls.gov/news.release/prod3.nr0.htm


[Закрыть]
Маҳсулдорлик кўрсаткичларидаги бундай пасайиш кредит фоизлари деярли беш йил давомида ноль фоиз атрофида муаллақ сақланиб қолган бир пайтда АҚШнинг энг йирик 50 та компанияси бир триллиондан ортиқ маблағ тўплаганини ҳисобга олганда, айниқса, хавотирли2121
  OECD, “The Future of Productivity”, Июль, 2015. http://www.oecd.org/ eco/growth/The-future-of-productivity-policy-note-July-2015.pdf АҚШнинг секинлашиб бораётган маҳсулдорлик ўсиши ҳақидаги қисқача муҳокамани кўриш учун қаранг: Жон Фернальд ва Бин Ван, “The Recent Rise and Fall of Rapid Productivity Growth,” Сан Франциско Федерал захира банки, 2015 йил 9 февраль. http://www.frbsf.org/economic-research/publications/economic-letter/2015/february/economic-growth-information-technology-factor-productivity/


[Закрыть]
.

Маҳсулдорлик узоқ муддатли ўсиш ва юқори ҳаёт стандартларини белгиловчи энг муҳим омилдир. Шундай экан, тўртинчи саноат инқилоби даврида унинг ўсиши кузатилмаса, ҳар иккисининг пасайишига гувоҳ бўламиз. Бироқ маҳсулдорликнинг пасайиб боришидан далолат берувчи маълумотларни технология ва инновациядаги геометрик прогрессия бўйича ўсишдан кутилаётган юқори унумдорлик билан қандай боғлаш мумкин?

Асосий аргумент киритилган ва чиқарилган ресурслар, шу қаторда, унумдорликни ўлчаш муаммосига қаратилган. Тўртинчи саноат инқилоби натижасида яратилган инновацион товар ва хизматлар жуда юқори сифат ва функционалликка эга. Аммо уларни бозорга eтказиб бериш усуллари биз баҳолашга ўрганган анъанавий усуллардан тубдан фарқ қилади. Кўплаб янги маҳсулот ва хизматларнинг рақобатчилари йўқ, қўшимча харажатлар ҳажми нолга тенг ёки рақобатга бой бозор тузилмаларидан рақамли платформалар орқали фойдаланади. Буларнинг барчаси нархни туширади. Бундай шароитда анъанавий статистик усулларимиз қийматдаги ҳақиқий ўсишни кўрсата олмаслиги мумкин, чунки умумий савдо ва юқорироқ даромадлар истеъмол ҳажми ортганини ҳали акс эттирмаган бўлади.

“Google”нинг бош иқтисодчиси Хэл Вариан талабга асосланган иқтисодиёт қудрати орқали мобил илова ёрдамида такси чақириш ёки автомобилни ижарага олишдаги самарадорлик каби кўплаб мисолларни келтиради. Самарадорликни ва шу билан бир қаторда маҳсулдорликни оширадиган кўплаб бошқа хизматлар мавжуд. Аммо улар асосан бепул бўлгани сабабли уйда ва ишда катта фойда келтиради. Натижада маълум хизматдан олинадиган фойда ҳамда миллий статистикада ўлчанган иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари орасида тафовут келиб чиқа ди. Шунингдек, бу иқтисодий кўрсаткичларда келтирилганидан кўра самаралироқ ишлаб чиқараётганимиз ва истеъмол қилаётганимизни англатади.2222
  Иқтисодчи Брэд ДеЛонг қуйидаги мақоласида мазкур фикрни ифодалайди: Ж. Брэдфорд ДеЛонг, “Making Do with More,” Project Syndicate, 2015 йил 26 февраль. http://www.project-syndicate.org/commentary/abundance-without-living-standards-growth-by-j–bradford-delong-2015-02


[Закрыть]

Яна бир фикрга кўра, учинчи саноат инқилоби таъсирида пайдо бўлган маҳсулдорлик, катта эҳтимол билан ўз кучини йўқотмоқда. Тўртинчи саноат инқилоби асосида вужудга келаётган янги технологиялар тўлқини туфайли маҳсулдорликда содир бўлиши кутилаётган кескин ўсиш эса ҳали олдинда.

Дарҳақиқат, амалиётга суянувчи оптимист сифатида тўртинчи саноат инқилоби дунёга кўрсатадиган ижобий таъсирни сезиш остонасида турганимизга аминман. Бундай оптимистик қарашларим қуйидаги уч сабабга асосланган.

Биринчидан, тўртинчи саноат инқилоби бутун дунёдаги шахслар ва жамиятларни ўзаро боғлаб, имкониятларини кенгайтиради. Шунинг ҳисобига у мавжуд маҳсулот ва хизматларга бўлган талабни ошириш орқали жаҳон иқтисодиётида икки миллиард одамнинг шу пайтгача қондирилмаган эҳтиёжларини интеграциялаш имконини беради.

Иккинчидан, тўртинчи саноат инқилоби юзага келадиган ножўя ташқи таъсирларни бартараф этиш ва шу жараёнда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш имкониятимизни кенгайтиради. Мисол сифатида энг йирик ножўя ташқи таъсирлардан бири бўлган карбонат ангидрид ажралишини олайлик. Яқин вақтларгача яшил технологияларга сармоя киритиш фақат ҳукуматлар катта моддий ёрдам берганидагина эътиборни тортарди. Бу ҳол тобора камайиб бормоқда. Қайта тикланадиган энергия, ёнилғи самарадорлиги ҳамда энергияни захиралаш соҳаларидаги технологик ютуқлар нафақат уларга сармоя киритишдан келадиган фойдани ошириб, ЯИМ ўсишига олиб келади, балки замонамизнинг йирик глобал муаммоси бўлган иқлим ўзгаришига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Учинчидан, кейинги бўлимларда келтирилганидек, мен билан мулоқотда бўлган бизнес, ҳукумат ва фуқаролик жамияти раҳбарларининг барчаси рақамли технологиялар тақдим этаётган барча имкониятлардан самарали фойдаланиш учун ўз ташкилотларини ўзгартиришда қийинчиликка дуч келаётганини айтишган. Биз ҳали ҳам тўртинчи саноат инқилобининг бошланиш нуқтасида турибмиз. Ундан тўлалигича фойдаланиш учун бутунлай янги иқтисодий ҳамда ташкилий тузилмалар зарур бўлади.

Дарҳақиқат, тўртинчи саноат инқилоби иқтисодиётидаги рақобат қоидалари, наздимда, аввалги даврлардагидан фарқ қилади. Рақобатбардошликни сақлаб қолиш учун компаниялар ва мамлакатлар инновациянинг барча кўринишларида илғор бўлишлари лозим. Бу эса харажатларни камайтириш стратегияси маҳсулот ҳамда хизматлар eтказишнинг янги усулларига қараганда камроқ самара бери шини англатади. Айни пайтда ўз ўрнига эга компанияларнинг бошқа соҳа ва мамлакатларда пайдо бўлган “бузғунчилар” ҳамда инноваторлар таъсирида катта босим остига тушиб қолганига гувоҳ бўляпмиз. Юқоридаги жумла эътиборни мувофиқ экотизимлар яратишга қаратиш кераклигини тушуниб eтмаган давлатларга ҳам тегишлидир.

Хулоса қилиб айтганда, структуравий (қарздорликнинг ортиши ва кекса ёшдаги аҳолиси ортиб бораётган жамиятлар) ҳамда тизимли (платформали ҳамда талабга асосланган иқтисодиётнинг кириб келиши, тобора камайиб бораётган қўшимча харажатларга суяниш ва ҳоказо) омиллар йиғиндиси иқтисодиёт борасидаги тушунчаларимизни ўзгартириб, дарсликларни қайта ёзишга мажбур қилишига ишонаман. Тўртинчи саноат инқилоби иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва биз дуч келаётган айрим глобал қийинчиликларни eнгиш имконига эга. Бироқ у сабаб бўлиши мумкин бўлган салбий таъсирлар, айниқса, тенгсизлик, бандлик ва меҳнат бозорига ўтказиладиган таъсирни назардан қочирмаслигимиз, шунга мос равишда иш тутишимиз зарур.

3.1.2 Бандлик

Технологиянинг иқтисодий ўсишга кўрсатадиган ижобий таъсирига қарамай, эътиборни қисқа муддатга бўлса ҳам, унинг меҳнат бозорига кўрсатиши мумкин бўлган салбий таъсирига қаратишимиз даркор. Технологиянинг иш ўринларига таъсири билан боғлиқ хавотирлар янгилик эмас. 1931 йилда иқтисодчи Жон Мейнард Кейнс “ишчи кучини иқ тисод қилишнинг ишчи кучидан фойдаланишнинг янги усулларини топишимиздан ўзиб кетиши” натижасида юзага келган технологик ишсизликдан огоҳлантирган.2323
  Жон Мейнард Кейнс, “Economic Possibilities for Our Grandchildren”, Essays in Persuasion, Harcourt Brace, 1931.


[Закрыть]
Унинг хавотирлари ноўрин бўлиб чиқди. Бироқ бу сафар улар тўғри бўлса-чи? Сўнгги йилларда компьютерлар турли касб эгалари, айниқса, ҳисобчи, кассир ва телефон операторларининг ишини бажараётгани борасидаги далиллар туфайли мунозаралар яна жонланди.

Янги технологик инқилоб нима сабабдан аввалгиларига қараганда кўпроқ чалкашликларга сабаб бўлиши китобнинг кириш қисмида айтиб ўтилган. Ушбу сабаб тезлик (барча ўзгаришлар ҳар қачонгидан ҳам тезроқ содир бўлмоқда), кенг кўлам ва туб ўзгаришлар (бир вақтнинг ўзида кўплаб туб ўзгаришлар юз бермоқда), бутун тизимларнинг батамом реформасида ўз аксини топади.

Ҳаракатга келтирувчи кучларга назар солар эканмиз, бир нарса аниқ: янги технологиялар барча соҳа ва касбларда иш табиатини тубдан ўзгартириб юборади. Автоматлаштириш ишчи кучи ўрнини қай даражада эгаллаши эса ноаниқ. Бу ўзгаришлар қанча вақт давом этади ва қай даражада узоққа боради?

Буни тушуниш учун дастлаб технология бандликка кўрсатаётган икки ёқлама таъсир ҳақида тушунча ҳосил қилишимиз зарур. Биринчидан, технология келтириб чиқарган бузилишлар ва автоматлаштиришда ишчи кучини сармоя билан алмаштириш вайронкор таъсир этади. Натижада иш чилар ишсиз қолади ёки ўз кўникмаларини бошқа соҳада сарфлашга мажбур бўлади. Иккинчидан, технологиянинг вайронкор таъсири билан бир қаторда капитализация эффекти ҳам кузатилиб, янги маҳсулот ва хизматларга бўлган талаб ҳам ортадики, пировардида янги иш ўринлари, бизнес ташкилотлар, ҳатто бутун бошли саноат соҳалари пайдо бўлади.

Инсон сифатида биз ажойиб мослашувчанлик ва ихтирочилик қобилиятига эгамиз. Аммо масаланинг муҳим жиҳати капитализация эффекти вайронкор таъсирдан қачон ва қай даражада ўзиб кетиши ҳамда ишчи кучини автоматлаштириш қандай тезликда кечишидадир.

Янги пайдо бўлаётган технологиялар меҳнат бозорига қандай таъсир қилиши мумкинлиги борасида икки хил қараш бор. Айримлар ҳаммаси яхшилик билан тугашига – технологиялар туфайли иш жойидан айрилган одамлар бошқа иш топишига, технология фаровонликнинг янги асрини бошлаб беришига ишонади. Бошқаларнинг наздида, бу ижтимоий ва сиёсий қиёматга сабаб бўлади. Тарих эса натижа мана шу икки зид қараш ўртасида ётишини кўрсатади. Кўпроқ ижобий натижа олиш ва ўтиш даврида қийналиб қолганларга ёрдам бериш учун нима қилиш керак? Муаммо шунда.

Технологик инновация доимо бирор соҳада иш ўринларини йўқ қилиб юборса, бошқа соҳа ёки жойда янгиларининг пайдо бўлишига туртки берган. Мисол тариқасида қишлоқ хўжалигини олайлик. ХIХ аср бошида АҚШ аҳолисининг 90 фоизи қиш лоқ хўжалиги билан банд бўлган, бироқ ҳозир бу кўрсаткич 2 фоизга ҳам бормайди. Соҳадаги ишчилар сонининг бундай кескин камайиб кетиши нисбатан силлиқ, кам миқдордаги ижтимоий йўқотиш ёки эндемик ишсизлик билан кечди.

Иловаларга асосланган иқтисодиёт касбларнинг янги экотизимига мисол бўла олади. У 2008 йилда “Apple” компанияси асосчиси Стив Жобс ташқи дастурчиларга “iPhone” учун иловалар ишлаб чиқишга рухсат бергандан кейингина бошланган. 2015 йилга келиб иловалар глобал миқёсда олаётган даромад 100 миллиард АҚШ долларидан ортиб, юз йилдан кўпроқ вақт мобайнида мавжуд бўлган кино саноатини ортда қолдирди.

Техно-оптимистлар “тарихни экстраполяция қилар эканмиз, нима учун бу сафар бошқача бўлиши керак?” деган саволни беришади. Улар технология вайронкор кучга эга бўлиши мумкинлигини тан олган ҳолда барибир маҳсулдорлик ва бойликнинг ўсиши, маҳсулот, хизматларга бўлган талабнинг ортиши ҳамда уларни қондириш учун янги турдаги иш ўринлари пайдо бўлишига ишонадилар. Ғоянинг асосий мазмуни қуйидагича: Инсоннинг талаб ва эҳтиёжлари чексиз, шундай экан, уларни қондириш жараёни ҳам чегара билмаслиги керак. Нормал турғунлик ва вақти-вақти билан кузатиладиган таназзулларни ҳисобга олмаганда, ҳар доим ва ҳамма учун иш топилади.

Ушбу ғояни қўллаб-қувватловчи қандай далиллар бор ва улар олдинда нималар кутаётгани ҳақида қандай маълумот беради? Дастлабки белгилар яқин келажакда кўплаб соҳа ва касб турларида иш ўринларини инновациялар эгаллашидан дарак бермоқда.

Иш ўринларининг эгалланиши

Турли касблар, айниқса, такрорланувчи механик иш ёки аниқликни талаб қилувчи қўл меҳнати аллақачон автоматлаштириб бўлинган. Компьютерларнинг ҳисоблаш қуввати геометрик прогрессия бўйича ортиб бораркан, яна қатор касблар ҳам уларнинг ортидан автоматлаштирилади. Ҳуқуқшунослар, молиявий таҳлилчилар, шифокорлар, журналистлар, ҳисобчилар, суғурта агентлари ва кутубхоначилар сингари хилма-хил касблар кутганимиздан илгарироқ қисман ёки тўлиқ автоматлаштирилади.

Шу пайтгача тўпланган далиллар тўртинчи саноат инқилоби турли соҳаларда аввалгиларидан кўра камроқ иш ўрнини яратаётганини кўрсатмоқда. Технология ва бандлик бўйича Оксфорд Мартин дастури берган маълумотларга кўра, АҚШ ишчиларининг атиги 0.5 фоизи XXI асрда пайдо бўлган соҳаларда ишламоқда. Бу эса 1980-йилларда яратилган тахминан 8 фоиз ва 1990-йилларда яратилган 4.5 фоиз иш ўринларига нисбатан анча паст. Буни технология ва ишсизлик ўртасидаги қизиқ алоқадорликни ёритиб берувчи АҚШда йиғилган энг сўнгги иқтисодий маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Бундан кўринадики, ахборот ва бошқа “бузғунчи” технологиялар соҳасидаги инновациялар маҳсулдорликни ишлаб чиқариш жараёни кўпроқ ишчи кучи талаб қиладиган янги маҳсулот яратиш йўли билан эмас, балки мавжуд ишчиларни алмаштириш йўли билан оширади.

Оксфорд Мартин мактабининг икки тадқиқотчиси – иқтисодчи Карл Бенедикт Фрей ва машинавий таълим бўйича мутахассис Майкл Осборн технологиянинг ишсизликка таъсирини ўрганиш мақсадида 702 хил касбни автоматлашиш эҳтимоли асосида баҳолаб чиқди – автоматлашиш эҳтимоли энг кам (ҳеч қандай эҳтимоллик йўқлигини англатувчи “0”) касбдан тортиб, бундай эҳтимоллик энг юқори бўлганларигача (маълум касб компьютернинг бирор тури билан алмаштирилишини англатувчи “1”).2424
  Карл Бенедикт Фрей ва Майкл Осборн, “The Future of Employment: How Susceptible Are Jobs to Computerization?”, Оксфорд Мартин мактаби, Келажак технологиялари таъсири бўйича дастур, Оксфорд университети, 2013 йил 17 сентябрь. http://www.oxfordmartin.ox.ac.uk/ downloads/academic/The_Future_of_Employment.pdf


[Закрыть]
2-жадвалда автоматлаштирилиш эҳтимоли энг юқори ва энг паст бўлган айрим касблар келтирилган.

Тадқиқот хулосасига кўра, АҚШдаги иш ўринларининг 47 фоизи хавф остида бўлиб, яқин ўнйигирма йил ичида автоматлаштирилиши мумкин. Бу эса иш ўринлари йўқолиши аввалги саноат инқилобларига қараганда сезиларли даражада тезроқ кечиши ва кўпроқ соҳаларни қамраб олишини кўрсатади. Бундан ташқари, меҳнат бозорида қутбланишга мойиллик кўпроқ. Юқори ҳақ тўланувчи ақлий меҳнат, яратувчанлик талаб қилинадиган ва кам ҳақ тўланувчи, қўл меҳнати талаб қилинадиган соҳаларда иш ўринлари кўпаяди, ўртача ҳақ тўланадиган, бир хил ва такрорланувчи касбларда эса улар сезиларли даражада камаяди.


2-жадвал. Автоматлаштиришга энг кўп ва энг кам мойил бўлган касбларга мисоллар


Манба: Карл Бенедикт Фрей ва Майкл Осборн, Оксфорд университети, 2013.


Шуниси эътиборга моликки, ушбу ўзгаришлар фақат алгоритмлар, роботлар ва бошқа воситалар имкониятлари кенгайиши туфайлигина юзага келаётгани йўқ. Майкл Осборннинг фикрича, автоматлаштиришга компанияларнинг сўнгги йилларда иш ўринларини аутсорсинг ва офшор қилиш ёки уларни “рақамли иш”га айлантириш учун (“Amazon” компаниясининг “Mechanical Turk” ёки “Mturk” хизмати орқали интернет бозоридаги мустақил ва малакасиз одамлардан фойдаланиш – краудсорсинг каби) соддалаштириш ҳамда аниқлаштиришга уринишлари асосий сабаб бўлмоқда. Ишнинг бундай соддалаштирилиши алгоритмлар одамларнинг ўрнини боса олишини билдиради. Чунки аниқ белгиланган муайян вазифалар ишлаб чиқилиши назоратни осонлаштиради ва иш бўйича сифатлироқ маълумот тўплаш имконини беради. Бу эса вазифани бажара олувчи алгоритмлар яратишни осонлаштиради.

Автоматлаштириш ва ишчи кучини алмаштириш ҳақида фикр юритарканмиз, технологиянинг бандлик ҳамда иш келажагига таъсирига бир ёқлама қарамаслигимиз керак. Фрей ва Осборнлар кўрсатганидек, тўртинчи саноат инқилоби бутун дунё бўйлаб меҳнат бозори ва иш ўринларига катта таъсир ўтказади. Аммо бу инсон ва машинадан бирини танлашдек мушкул дилеммага дуч келамиз, дегани эмас. Ҳозирги ўзгаришларга сабаб бўлган рақамли, моддий ҳамда биологик технологиялар уйғунлашуви кўп ҳолларда инсоннинг меҳнат ва идрок қобилиятини кучайтиради. Натижада раҳбарлар кадрларни тобора ақлли ва бир-бирига боғлиқ бўлиб бораётган ускуналар билан бирга ҳамда ёнмаён ишлашга тайёрлашга, янги таълим моделларини яратишга мажбур бўлади.

Кўникмаларга таъсир

Яқин келажакда ижтимоий ва ижодий кўникмалар, хусусан, ноаниқлик шароитида қарор қабул қилиш ҳамда янги ғоялар ўйлаб топиш кўникмалари талаб қилинадиган касблар автоматлаштирилиш эҳтимоли кам соҳалар бўлади.

Бироқ бу узоқ давом этмаслиги мумкин. Энг ижодий касблардан бири – ёзувчилик ва автоматик ҳикоя яратиш технологиясини олайлик. Мураккаб алгоритмлар ҳар қандай китобхонга мос услубда ҳикоя ярата олади. Ҳикоя мазмуни инсон қалами маҳсулига шу қадар ўхшайдики, “New York Times” газетаси ўтказган сўровномада бир-бирига ўхшаш икки хил матн берилганида иштирокчилар улардан қайси бирини одам, қайси бирини робот ёзганини ажрата олмаган. Бу технология жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Шу боис автоматик ҳикоя яратиш технологиясига ихтисослашган “Narrative science” асосчиларидан бири Кристиан Ҳаммонд 2020 йил ўрталарига бориб янгиликларнинг 90 фоизи алгоритмлар томонидан ёзилишини башорат қилган. Бу алгоритмларнинг асосий қисми одам иштирокисиз ишлайди (мазкур алгоритм лойиҳасидаги иштирокидан ташқари, албатта).2525
  Шелли Подольни, “If an Algorithm Wrote This, How Would You Even Know?” New York Times, 2015 йил 7 март. http://www.nytimes. com/2015/03/08/opinion/sunday/if-an-algorithm-wrote-this-how-wouldyou-even-know.html?_r=0


[Закрыть]

Бундай тез ривожланаётган меҳнат муҳитида бандликдаги келгуси ўзгаришлар ҳамда талаб қилиниши мумкин бўлган билим ва кўникмаларни олдиндан кўра билиш барча манфаатдор томонлар учун муҳим аҳамият касб этади. Келажакдаги ўзгаришлар саноат соҳаси ва жуғрофий жойлашувга боғлиқ. Шу сабабли тўртинчи саноат инқилобининг ҳар бир соҳа ва мамлакатга хос таъсирини тушуниш муҳим.

Форумнинг “Келажак касблари” ҳисоботини тузишда саноатнинг 10 та асосий соҳаси ва иқтисодиёти ривожланган 15 та давлатдаги энг йирик иш берувчи компанияларнинг кадрлар бўйича мутахассисларидан маълумотлар тўпладик. Улардан бандлик, иш ўринлари ва малака борасида 2020 йилгача қандай ўзгаришлар кутилаётганини сўрадик. 1-расмда келтирилганидек, сўровнома қатнашчиларининг ишончи комилки, 2020 йилга бориб мураккаб муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий ва тизимли кўникмалар жисмоний лаёқат ҳамда маълум соҳа учун зарур бўладиган маҳоратга нисбатан анча кўп талаб қилинади. Ҳисоботга кўра, келгуси беш йил муҳим ўтиш даври бўлади: умумий бандлик даражаси нисбатан турғун қолса-да, соҳалар ва касблар кесимида иш ўринлари ҳамда кўникмалар таркиби сезиларли ўзгаради. Кўп касбларда маош ва иш-ҳаёт мувозанати бироз яхшиланса ҳам, сўровнома ўтказилган соҳаларнинг ярмида иш билан таъминланганлик даражаси ёмонлашуви кутилмоқда. Ўзгаришлар аёллар ва эркакларга турлича таъсир кўрсатади, бу ҳолат гендер тенгсизликни янада кучайтириб юбориши мумкин. (Гендер тафовутлар ва тўртинчи саноат инқилоби ҳақидаги А матнга қаранг.)


1-расм: 2020 йилда талаб қилинадиган кўникмалар

Манба: “Келажак касблари” ҳисоботи, Жаҳон иқтисодий форуми.


А матн: Гендер тафовутлар ва тўртинчи саноат инқилоби

Жаҳон иқтисодий форуми “2015 йилги глобал гендер тафовут ҳисоботи”нинг 10-нашрида икки хавотирли тренд қайд этилган. Биринчидан, тараққиётнинг жорий тезлигида бутун дунё бўйлаб иқтисодий гендер тенглиги ўрнатилиши учун яна 118 йил кетади. Иккинчидан, тенглик сари силжиш жуда секин ва, эҳтимол, бир жойда қотиб қолган.

Юқоридагилардан келиб чиқадики, тўртинчи саноат инқилобининг гендер тафовутга таъсирини ҳисобга олиш жуда муҳим. Моддий, рақамли ва биологик дунёларда тобора тезлашиб бораётган технологик ўзгаришлар аёлларнинг иқтисодиёт, сиёсат ва жамиятда тутган ўрнига қандай таъсир қилади?

Асосан аёллар ёки эркаклар устунлик қиладиган касблардан қайси бири автоматлаштиришга кўпроқ мойиллиги кўриб чиқиш зарур бўлган муҳим масаладир. Форумнинг “Келажак касблари” ҳисоботига кўра ҳар икки турдаги касбларда ҳам иш ўринлари сезиларли камайиши кутилмоқда. Агар автоматлаштириш туфайли келиб чиққан ишсизлик авваллари ишлаб чиқариш, қурилиш ва ускуналар ўрнатиш каби кўпроқ эркаклар ишлаган соҳаларда кузатилган бўлса, сунъий интеллект имкониятлари ошгани сари хизмат кўрсатиш соҳаларидаги вазифаларни ҳам рақамлаштириш мумкин бўлиб қолди. Натижада ривожланаётган давлатлардаги мижозларга телефонда хизмат кўрсатиш марказларидан тортиб (дастлаб уйидан туриб ишлай бошлаган ёш аёлларнинг тирикчилик манбаи), ривожланган мамлакатлардаги чакана савдо ва маъмурий иш ўринлари (қуйи ҳамда ўрта синф аёлларини иш билан таъминловчи асосий соҳалар) автоматлаштириш хавфи остида турибди.

Иш йўқотиш барча ҳолатларда ҳам салбий оқибатларга олиб келади, аммо аёлларга анъанавий тарзда меҳнат бозорига кириш имконини берган турли соҳалардаги иш ўринлари камайишининг қўшимча таъсири, айниқса, сезиларлидир. Хусусан, бу ҳолат ягона боқувчиси кам кўникмали ёлғиз она бўлган оилалар турмушини хавф остига қўяди, икки киши ишлайдиган оилалар даромадини камайтириб, шусиз ҳам оғир бўлган гендер тафовутни янада кучайтириб юборади.

Янги роль ва иш ўринлари-чи? Тўртинчи саноат инқилоби натижасида ўзгарган меҳнат бозори аёлларга қандай янги имкониятлар таклиф қила олади? Гарчи ҳали пайдо бўлмаган саноат соҳаларида қандай билим ва малакалар керак бўлишини аниқ айтиш қийин бўлса-да, одамларга технологик тизимларни дизайнлаш, қуриш ҳамда улар билан ишлаш ёки технологик инновациялар доирасидан қолиб кетган бўшлиқни тўлдиришга имкон берувчи кўникмаларга талаб ортишини тахмин қилиш мумкин.

Эркаклар компьютер, математика ва муҳандислик соҳаларида устунликни ҳалигача сақлаб қолгани туфайли ихтисослашган техник кўникмаларга бўлган талабнинг ортиши гендер тенгсизликни янада кучайтиради. Бироқ ўзгаларни тушуниш ва дардига шерик бўлиш сингари қурилмалар бажара олмайдиган инсоний хусусиятларга ҳам талаб ошиши мумкин. Аёллар руҳшунослик, терапия, ҳамширалик ва шу каби соғлиқни сақлаш соҳаларида, мураббийлик ва маросимлар ташкил қилиш каби касбларда нисбатан кўпроқ роль ўйнайди.

Бу eрдаги асосий муаммо турли даражадаги техник қобилиятлар талаб қилувчи ишларда сарфланган вақт ва саъй-ҳаракатларга тўланадиган ҳақнинг тенг эмаслигидир. Чунки ҳозир аёллар устунлик қилаётган ва шахсга йўналтирилган хизматлар eтарлича қадрланмасликда давом этиши мумкин. Агар шундай бўлса, тўртинчи саноат инқилоби аёллар ва эркаклар ролларидаги фарқнинг янада чуқурлашувига олиб келиши мумкин. Бу унинг салбий таъсирларидан бири бўларди. Чунки у аёлларга келажакдаги меҳнат бозорида ўз истеъдодларидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермай, умумий ва гендер тенгсизликни кучайтиради. Барча даражаларда гендер мувозанатга эга бўлган гуруҳ ва жамоалар туфайли ижодкорлик, самарадорлик ва хилма-хилликнинг кучайиши асосида ривожланган қадриятлар ҳам хавф остида қолади. Тўртинчи саноат инқилобида аёллар устунлик қилувчи соҳалар ҳамда аёлларга боғлиқ кўплаб хусусият ҳамда қобилиятларга эҳтиёж янада ортади.

Тўртинчи саноат инқилоби аёллар ва эркакларга қандай таъсир қилишини олдиндан аниқ башорат қила олмаймиз. Шунга қарамай, ҳар икки жинс вакиллари ҳам имкониятларини тўла намоён этиши учун иқтисодиётдаги ўзгаришлардан меҳнат қоидалари ва бизнес амалиётларида зарурий ўзгартириш қилиш йўлида фойдаланишимиз даркор.

Эртанги дунёда янги иш ўринлари ва касблар нафақат тўртинчи саноат инқилоби, балки демографик босим, геосиёсий ўзгаришлар, янги ижтимоий ва маданий нормалар каби технологияга боғлиқ бўлмаган омиллар туфайли ҳам юзага келади. Уларни олдиндан аниқ кўриб бўлмайди, бироқ ишлаб чиқаришда сармояга қараганда истеъдод ҳал қилувчи омилга айланишига ишонаман. Шу сабабли сармоя eтишмовчилиги эмас, балки малакали ишчилар eтишмаслиги инновациялар, рақобатбардошлик ва ўсишга халақит берувчи асосий чеклов бўлади.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации