Электронная библиотека » Коллектив авторов » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 11:20


Автор книги: Коллектив авторов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 4 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Таржимон Алишер САЪДУЛЛА

ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ

(Олмония)

Бир қиролнинг гўзал қизи бўлиб, унинг ҳусн-жамоли бутун оламга овоза бўлган экан. Аммо у ҳаддан зиёд даражада чиройга эга бўлгани билан ниҳоятда манман, такаббур экан. Жуда кўп шаҳзодалар, қироллар унга уйланиш учун совчи юборсалар-да, қиролнинг қизи куёвларнинг бирортасини ҳам ўзига муносиб кўрмасмиш. Ким унга уйланиш учун оғиз солса, ўшанга рад жавобини берар ва бу ҳам етмагандай, бирорта нолойиқ сўз айтиб ёки лақаб тўқиб, ўша одамнинг нафсониятини топтаб жўнатаркан. Аввалига кекса қирол арзанда қизининг бундай қилиқларини кечириб юрибди, аммо охири унинг тантиқликлари ва инжиқликлари ҳатто отанинг ҳам жонига тегибди.

Бир куни қирол катта зиёфат уюштириб, олис ўлкалар ва яқин-атрофдаги шаҳарлардан маликага ёқиш умидидаги ва унинг лутф-марҳамати илинжида бўлган ёш подшоҳлар, шаҳзодалар ва бекзодаларни шу базмга таклиф этишни амр қилибди.

Зиёфатга анчагина куёвлар – қаллиқликка талабгорлар тўпланишибди. Уларни бўй-бастига, мавқеига, насл-насабию, оладиган даромадларига кўра саф-саф қилиб тизиб қўйибдилар. Биринчи сафдан қироллар ҳамда валиаҳд шаҳзодалар ўрин олибдилар, кейин − герцоглар, уларнинг ортидан − князлар, графлар, баронлар ва ниҳоят оддий зодагонлар ҳам ўз жойларини эгаллашибди.

Шундан сўнг, қиролнинг қизи сафлар бўйлаб юриб кела бошлабди. У куёвлар орасидан ўзига ёққанини танлаб, муносибига турмушга чиқиши учун бу энг сўнгги имконият эди.

Аммо бу сафар ҳам ҳеч ким унинг кўнглига ўтиришмабди.

Куёвтўралардан бири маликага жуда ҳам семиз кўринибди.

Бўрдоқи! – дебди у ўйлаб ҳам ўтирмасдан.

Кейингиси ботқоқликдаги турна сингари новча ва узунтумшуқ бўлиб туюлибди:

− Турнага ўхшаш найнов,

Бўлолмас менга куёв!

Учинчиси маликанинг наздида жудаям пакана эмиш:

Ҳой, тўнкача, калтабақай,

      Пастда ҳаво раъйи қалай?

Тўртинчисининг гўё юзи қонсиз − оппоқмиш:

Рангинг ўхшайди қорга,

Буён кепсан бекорга.

Бешинчисининг икки бети қип-қизил экан:

Башаранг мисли анор,

Сенга бунда нима бор?

Олтинчисининг қаддиқомати маликага ёқмабди:

Оёққўлингиз, барон,

Тарвақайлаган ҳар ён.

Белингиз ҳам букчайган,

Кўзларингиз чақчайган!

Хуллас, ҳеч ким унинг ҳақорату, камситишларидан бенасиб қолмабди.

Аммо куёвлар қаторида энг эътиборли-нуфузли жойни банд этиб турган нуфузли бир қиролнинг шаънига энг аччиқ сўзларни айтибди.

Очиғи, айнан мана шу қиролнинг ҳеч қандай нуқсони ҳам, камчилиги ҳам йўқ эди. У ҳар қандай қизга ёқиб қолган бўларди, лекин фақат бизнинг маликамизга эмас. Тантиқ қизга қиролнинг соқоли ёқмабди, унинг соқоли гўё тик ва учли чўққисимон ўсганмиш. Уни масхаралаб кулиш учун маликага шунинг ўзи етарли бўлибди.

− Воҳ! – хитоб қилибди у ва ҳоҳолаб кула бошлабди. − Қаранглар! Манави жанобни кўринг! Унинг соқоли худди лайлакнинг тумшуғига ўхшаркан! Тоғнинг чўққиси каби тикка ва учли! Чўққисоқол! Қирол − Чўққисоқол! Чўққисоқол қирол!

Қўшнисининг устидан кулиш учун доим баҳона излаб юрадиган қўшнилар ҳам дунёда кам эмас. Шу лақабни ҳамма тўпланганлар дарров ўзлаштириб олишибди ва ёш қиролни эрмак қилиб, такрор-такрор «Қирол Чўққисоқол», дея мазаҳ қила бошлашибди.

Аммо ҳар қандай эрмакнинг ҳам ниҳояси бўлади.

Кекса қирол − гўзал маликанинг отаси, кўрибдики, унинг қизи асло ўзига қаллиқ танламоқчи ҳам, турмушга чиқмоқчи ҳам эмас. Фақатгина унаштириш маросимига таклиф этилган меҳмонларнинг устидан кулиш билан овора. Шунда қиролнинг чинакамига жаҳли чиқиб кетибди ва ўзининг елкасидаги боши ва бошидаги тожи билан онт ичиб, қизини биринчи эшик тақиллатиб келган кишига, агар у ҳатто ялангоёқ тиланчи бўлса ҳам, узатиб юборишга сўз берибди.

Орадан икки кун ўтибди. Сарой деразалари остида соз торларининг садоси эшитилиб, аллақандай дайди бир машшоқ мунгли қўшиқ куйлай бошлабди. Куй жуда ғамгин, қўшиқ ҳам шунга яраша маъюс экан. Албаттада, ахир бу мусиқа кўнгилхушлик қилиш учун эмас, балки кишиларда раҳм-шафқат ҳиссини уйғотиб, бир-икки танга садақа ундириш мақсадида чалинаётган эди, ахир.

Қирол бир оз вақт машшоқнинг нағмасини тинглаб турибди–да, уни ўз ҳузурига келтиришларини буюриб, хизматкорларини тиланчининг олдига жўнатибди.

− Уни чақиринглар! Буёққа кирсин! − дебди у.

Кир-чир, увада кийинган қашшоқ машшоқ саройга кирибди-да, қирол ва маликанинг ҳузурида ўзи билган барча ашулаларни куйлаб берибди. Кейин эса чуқур таъзим қилиб, истеъдоди учун эмас, тиришиб қўшиқ куйлаб беришга ҳаракат қилгани учун хайр-садақаларини аямасликларини сўрабди.

Қирол шундай дебди:

− Сени шу тиришқоқлигингга яраша тақдирлайман. Менга сенинг куйлашинг маъқул бўлди, ошна. Эвазига сенга қизимни турмушга беришга қарор қилдим.

Бу сўзларни эшитган малика даҳшатдан ўзини йўқотиб, отасининг оёғи остига тиз чўкибди. Қирол эса қизига ҳатто эътибор ҳам бермабди.

− Нима ҳам қила олардим! – дебди у. − Сени биринчи учраган тиланчига бериб юбораман деб бошим ва тожим билан қасам ичганман ва албатта сўзимнинг устидан чиқаман.

Малика қанчалик йиғлаб, ялиниб-ёлвормасин, фойдаси бўлмабди. Уни шу онда, шу ернинг ўзидаёқ саёқ мусиқачи билан унаштириб қўйибдилар.

Унаштириш маросимидан сўнг қирол инжиқ қизига юзланибди:

− Тиланчининг хотини саройимизда яшаши бизнинг мавқеимизга муносиб эмас. Энди эринг билан бошинг оққан томонга кетаверишинг мумкин.

Қашшоқ машшоқ ҳатто бир сўз ҳам айтмасдан, ўз хотинининг қўлидан тутибди ва уни сарой дарвозаси томон етаклабди. Малика умрида биринчи марта ўз отасининг қасридан ташқарига пиёда чиқибди.

Бошини эгиб олганича, ён-атрофга қарамасдан у эрининг ортидан тошлоқ, чанг йўл бўйлаб яёв кета бошлабди.

Улар дала-дашт, тепаликлару жарликлар, ёлғизоёқ йўллар ва сўқмоқлар оша узоқ йўл юрибдилар. Ниҳоят тор бир сўқмоқ уларни қалин ўрмон орасидаги кичик бир сайхонликка олиб чиқибди.

Қашшоқ машшоқ ва малика қари бир қайин остига дам олгани ўтирибдилар. Малика бу қуюқ дарахтзорнинг гўзаллигидан ҳайратга тушиб, беихтиёр сўрабди:

− Ҳатто осмонларни тўсиб қўйган бу азим ўрмон кимга тегишли?

− Унинг эгаси қирол Чўққисоқол. Агар сен унга турмушга чиққанингда буларнинг барчаси сеники бўларди.

Қиролича чуқур ўйга толибди ва оғир хўрсиниб, ўзича пичирлаб қўйибди:

Бўлар эдим хушнуд ва хушҳол,

Эрим бўлса гар Чўққисоқол…

Машшоқ унга хўмрайиб бир қараб қўйибди-ю, лекин бирор нима демабди. Улар яна йўлга тушибдилар.

Бир маҳал олдиларидан серсув, азим дарё чиқибди, соҳил бўйлаб эса кўз илғамас уфққа қадар майсазор-у боғлар чўзилиб кетганмиш.

Малика яна сўрабди:

− Мовий сувлар бўйидаги бу яшил яйловларнинг соҳиби ким?

− Бу ер-мулкларнинг ҳаммасига қирол Чўққисоқол эгалик қилади. Агар унга розилик берганингда, барчасининг соҳибаси бўлардинг.

− Оҳ, – дебди малика кўз ёшларини ичига ютиб,

Бўлар эдим энг бахтли аёл,

Эрим бўлса гар Чўққисоқол.

Мусиқачи хотинига жаҳл билан хўмрайиб қўйибди-ю, лекин бу сафар ҳам индамабди. Улар йўлларида давом этаверибдилар.

Қуёш тепаликлар ортига бота бошлаган маҳалда малика ва саёқ мусиқачи каттакон, ҳашаматли шаҳар деворлари ёнига етиб келибдилар. Шаҳарнинг олтиндан ишланган оғир дарвозалари тепасида баланд, думалоқ минора кўкка бўй чўзиб турганмиш.

Малика сўрабди:

− Дарвозаси минорали бу улкан шаҳар кимники?

− Кимники бўларди, қирол Чўққисоқолники, албатта! Агар уни қувиб юбормаганингда, ҳозир бошкент сенинг измингда бўларди.

Буёғига энди малика чидай олмабди. У аччиқ-аччиқ кўзёш тўкибди ва кафтларини эзиб-эзиб хитоб қилибди:

Отам бермасайди мени гадога,

Мен хотин бўлардим Чўққисоқолга.

Энди машшоқнинг росмана жаҳли чиқибди:

− Менга қара, азизам! – дебди у. − Ҳар қадамда бегона эркакни эслаб, унга турмушга чиқмаганинг учун ўкиниб йиғлашинг ғашимни келтиряпти. Нима, мен сенга эр бўлишга муносиб эмасманми?

Шунда малика жимиб қолибди. Бошқа бир оғиз ҳам сўзлашмасдан, улар бутун шаҳарни кесиб ўтишибди ва кентнинг энг чеккасидаги кичкина, пастаккина бир кулба олдида тўхташибди. Уни кўриб маликанинг юраги ўйнаб кетибди. У дам кулбага, дам эрига қараб, ботинмайгина сўрабди:

− Бу қийшиқ, омонат уйча кимники?

− Меники ва сеники! – фахр ва ғурур билан жавоб берибди машшоқ. Сўнг қийшайиб кетган, бир томонга оғиб турган эшикни очибди. − Биз сен билан энди шу ерда яшаймиз. Киравер!

Малика эшикнинг тепасига бошини уриб олмаслик учун ичкарига эгилиб киришига тўғри келибди.

− Хизматкорлар қани? – сўрабди малика, атрофга олазарак қараб.

− Яна қанақа хизматкорлар! – энсаси қотибди тиланчининг. − Нима иш қилиш керак бўлса, ҳаммасини ўзинг бажарасан. Ҳозир эса ўчоққа ўт ёққин-да, қозонга сув солиб, менга бирор таом пишириб бер. Очликдан силлам қуриб кетди.

Аммо малика ўчоққа ўт ёқиш уёқда турсин, «рўзғор» деган сўзни ҳали эшитмаган экан. Шу боис ҳар битта юмушга мусиқачининг ўзи қўл урмагунича бирорта иши битмабди.

Бир амаллаб ғарибона кечки нонуштани ҳам тайёрлабдилар. Улар озроқ тамадди қилган бўлиб, ухлагани ётибдилар.

Эртаси тонгда, ҳали қуёш бош кўтариб улгурмасидан қашшоқ мусиқачи маликани силталаб уйғота бошлабди:

− Қани, турақол, бекагинам. Ҳозир нозланиб ётадиган пайт эмас. Сени боқиш учун ҳеч ким машаққатли меҳнат билан ишлаб топган пулини бизга бермайди! Энди сен ҳам бирор ишнинг бошини тутмасанг бўлмайди.

Лекин малика умрида ҳали бирор юмушни бажармагани учун унинг нима билан шуғулланиши мумкинлигини билолмай, машшоқнинг боши қотибди.

Шу зайлда улар яна иккиуч кун амал-тақал қилиб кун кўриб туришибди, ночор машшоқнинг ғамлаб қўйган уч-тўрт ҳовуч чиқарчиқмас егуликлари ҳам кун кўрмай тамом бўлибди.

− Хўш, хотинжон, – дебди у маликага юзланиб, − ҳар нарсанинг ҳам ози ширин. Бу бекорчилик рўзғоримизни ўпириб бўлди. Сен билан бетиним еб-ичиб ётибмиз-у, лекин пул топишнинг ғамини ейиш ҳақида ўйламаяпмиз ҳам. Ҳеч бўлмаса сават тўқиб сотсанг бўлармиди… Тўғри, ундан тузукроқ фойда кўриб бўлмайдию, аммо меҳнати ҳам жудайла унақа машаққатли эмас.

У ўрмонга бориб, бир қучоқ тол новдаларидан кесиб, катта боғлам қилиб уйга олиб келибди.

Малика сават тўқишга уннаб кўрибди, аммо қаттиқ новдалар унга ҳеч бўйсунмасмиш. Улар на эгиларкан, на тўқиларкан, фақат оқбилак ойимнинг оппоқ, нозик қўлларини тилиб, жароҳат етказибди.

− Тушунарли, – дебди эри унинг ишига назар ташлаб. − Бу ишлар сенинг момиқ қўлларингга тўғри келмаслиги кўриниб турибди. Сават тўқишни эплолмасанг, мато тўқишга уриниб кўр-чи. Балки ҳеч бўлмаса шунга ақлинг ё уқувинг етиб қолар. Аввал ипни йигириб оласан, кейин газлама тўқийсан.

Малика ип йигириш чархига ўтирибди. Аммо дағал тола унинг бармоқларини қийиб юборибди ва қўлидан томган қонни кўриб, подшоҳнинг қайсар қизи йиғлаб юборибди.

− Бошга битган бало экансан! – дебди эри ҳам. − Ўзинг виждонан айт − бирор ишга ярайдиган хотинга ўхшайсанми?! Балки ҳеч бўлмаса бозорга бориб товоқ, хумча, кўзача ва шунга ўхшаш сопол буюмларни сотиб ўтирарсан? Кулолчилик растасида кўзингни пирпиратиб ўтирсанг кифоя. Харидорлар ўзлари идиш-товоқларни танлаб олиб, пулини тўлаб кетаверишади.

«Оббо, − ўйлабди малика, – агар бизнинг қироллигимиздан бирор киши бу шаҳарга келиб қолса, тўғри шаҳар майдонига бориб, кўрсаки, мен бу ерда идиш-товоқ сотиб ўтирибман!.. Ахир у менинг устимдан кулиб кетмайдими?!».

Аммо қирол қизининг бошқа иложи ҳам йўқ эди − ё очингдан ўласан, ёкигим ҳаммасига кўниб яшайсан… Ва малика кўнибди.

Аввалига савдо–сотиқ яхши кетибди. Кишилар гўзал сотувчининг идиш–товоқларини талашиб–тортишиб сотиб ола бошлабдилар, ҳатто нархига талашмасдан, сўраган пулини тўлаб, айримлар идишни ҳам олмай кетишармиш. Чунки улар шунчаки бир баҳона билан маликанинг ҳуснини томоша қилиш учун бу ёққа келишаётган экан. Сабаби − шу вақтгача бу томонларда маликалардай гўзал соҳибжамолни ҳали кўришмаган экан.

Барча косалар-у, тақсимча-ю, ликопчалар охирги донасигача сотилиб кетгунига қадар ишлари бароридан келиб турибди. Эртаси куни ҳам эри яна бир арава идиш-товоқ келтирибди. Қирол қизи бозор майдонига бориб овора бўлиб юрмаслик учун, катта йўлнинг ўртасига жойлашиб ўтириб олибди, атрофига барча мол-ашёларини териб, ёйиб қўйибди-да, сотувга тайёргарлик кўрибди. Бир пайт, аллақаёқдандир пайдо бўлиб қолган маст-аласт суворий ўзининг асов оти билан бурчакдан отилиб чиқибди. У тўғри сопол идишлар устидан босиб ўтибди ва ортидан булутдай чанг-тўзон билан бир арава сопол синиғини қолдириб кетибди.

Малика аччиқ кўз ёш тўкканча қолаверибди.

− Оҳ, энди бошим балога қоладиган бўлди! − у синган сопол бўлакларни бир ерга тўплар экан, қўрқувдан дағ-дағ титрармиш. − Эрим энди албатта таъзиримни беради!..

У шоша–пиша уйига югурибди ва юм-юм йиғлаганича бўлган воқеани эрига айтибди.

− Ахир эсли-ҳушли одам сопол идиш-товоқ билан бозорнинг растасига мол ёймасдан, шундоққина йўлнинг юзига бориб жойлашадими? – жаҳли чиқибди машшоқнинг. − Бўлар иш бўлибди! Қўлингдан умуман ҳеч қандай иш келмаслигига энди чинакамига ишонч ҳосил қилдим. Бугун эрталаб қирол саройига бориб, ошхоналарига идиш ювувчи керакми, йўқлигини сўрагандим. Идиш ювувчи кераклигини айтишди. Тайёргарлигингни кўр. Сени қасрга олиб бориб, ишга жойлаб келаман. У ерда ҳеч бўлмаса, қорнинг тўқ бўлади.

Шундай қилиб, гўзал малика идиш-товоқ ювувчига айланибди-қўйибди. У ошпаз ёрдамчисига дастёр бўлиб, энг қора ишларни бажариши лозим экан. Олдига катта этак тутиб олиб, унинг чўнтакларига чуқур кўзачалардан иккитасини жойлаб олибди. Қолган-қутган овқат қолдиқларини яширинча шу кўзачаларга солиб олаверибди. Кечаси иши тугагач, бу овқатларни кечки нонушта учун уйга олиб кета бошлабди.

Бир куни идиш ювувчи малика қирмоч қоплаган қозонларни ювиб, ўчоқдаги кулни тортиб олаётган бир пайтда, саройда катта маросимга − ёш қиролнинг тўйига тайёргарлик кўрилаётган эди. Ҳеч вақт ўтмай тўй тантаналари ҳам бошланиб кетибди.

Фаррош малика ўз ишини тугатгач, ошхонадан аста юқори қаватга чиқибди ва қирол саройидаги базму жамшидни ҳеч бўлмаса сал нарироқдан бўлса ҳам кўриш учун тўйхонанинг шундоқ ёнгинасида, парда ортига яшириниб олибди.

Ниҳоят минглаб шамчироқлар ёқилибди. Олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлардан ишланган зеб-зийнатлар шамчироқларнинг нурида жилваланиб, ярқираб, чақнай бошлабди. Башанг кийинган меҳмонлар кўркам либосларини кўз-кўз қилиб сарой тўйхонасига бирма-бир кириб кела бошлабдилар.

Малика ўзи яшириниб турган бурчакдан уларни томоша қилиб турар экан, қарагани сари қалби изтиробларга тўлиб борибди.

«Бир маҳаллар мен ўзимни дунёда энг яхшиман, деб ўйлардим, маликалар ичида ҳам энг сарасиман, деб юрардим, − ўксинибди у. − Энди эса мен энг сўнгги жулдурман, энг сўнгги ювиндихўрман…»

Унинг ёнгинасидан қўлларини олдинга чўзиб олганча, катта–катта идишларда турли-туман тансиқ таомларни ташиб бораётган хизматкорлар бетиним ўтиб туришарди. Қайтишда эса улар бечора идиш ювувчига ҳар хил овқат қолдиқларини − ширин кулча бурдасини, қовурилган жўжанинг чала ейилган қаноти, балиқ думини ё шунга ўхшаш нарсаларни улоқтириб ўтишарди. У эса чаққонлик билан тутиб олиб, этагининг чўнтагидаги кўзачаларга жойларди. Чунки уйда ҳам бирор нима ейиш керак-да.

Бир пайт катта хонадан ёш қиролнинг ўзи чиқиб қолибди − ипак ва бахмал либосларда, олтин тақинчоқлар билан зийнатланиб олган.

Эшик ортида яшириниб турган хушрўй аёлни тасодифан кўриб қолган ёш қирол, йўлакка чиқибдида, уни эшик ортидан суғуриб олиб, қўлидан ушлаб, рақсга тортиб кетибди. Аммо малика унинг қўлидан чиқиб кетишга ҳаракат қилиб, бошини буриб, кўзларини яширишга ҳаракат қилаверибди. Малика ёш қиролнинг ўзини таниб қолишидан роса хавотирга тушибди. Чунки у − Чўққисоқол қирол эди. Яқиндагина малика ҳақоратлаб мазах қилган ва отасининг саройидан шарманда қилиб ҳайдаб чиқарган Чўққисоқол қирол эди.

Аммо қиролнинг омбурдай қаттиқ қўлларидан чиқиб кетиш осон эмасди. Қирол Чўққисоқол идиш ювувчи маликани зиёфатхонанинг ўртасигача тортиб олиб чиқибди ва уни чир айлантириб рақс туша кетибди.

Бир пайт маликанинг этагидаги боғич узилиб кетибди. Унинг чўнтакларидаги кўзачалар ерга тушиб, чил-чил синиб, бўлаклари ҳар томонга сочилиб кетибди. Шўрваю қовурдоқ, гўшту суяк, сабзавоту мевалар тўкилиб-сачраб, ҳаммаёқни расво қилибди.

Тўрт томондан шундай кучли кулгу кўтарилибдики, ҳаттоки гўё сарой деворлари ҳам хандон отаётгандай туюлармиш.

Базмга келган таниқли меҳмонлар ҳам, сарой хонимлари ва аъёнлар ҳам, ёш хизматкорлар ва кекса маслаҳатчилар ҳам қоринларини ушлаб, икки букилиб қолгунларича роса мириқиб кулибдилар.

Фақатгина малика куладиган аҳволда эмас экан. Малика хўрликдан ва уятдан ерни ёриб кириб кетишга ҳам тайёр эди. У қўллари билан юзини беркитганча хонадан отилиб чиқибди ва зинадан пастга қараб югурибди.

Аммо кимдир унга етиб олиб, қўлидан тутибди ва ортига қайтишга мажбур қилибди. Малика бошини кўтариб қараса, кўрибдики, бу яна ўша − қирол Чўққисоқол экан.

У мулойимлик билан шундай дебди:

− Қўрқма, азизам! Наҳотки мени танимаётган бўлсанг? Мен сен билан шаҳар четидаги вайрона кулбада ғарибона кун кечираётган қашшоқ машшоқман-ку! Бозорда барча сополларингни синдириб, ер билан битта қилган ўша суворий ҳам менман. Ҳеч қандай асоссиз ва сабабсиз сен отангнинг қасридан шарманда қилиб ҳайдаган куёв ҳам мен бўламан. Сенга бўлган кучли муҳаббатим туфайли мен шоҳона либосларимни қашшоқнинг жулдурларига алмаштиришга мажбур бўлдим. Шу туфайли сени хорлик ва зорликлар йўлидан олиб ўтдим. Чунки

камситилган ва таҳқирланган инсоннинг қанчалар азият чекишини бошингдан ўтказишинг шарт эди: бусиз сенинг тошқотган қалбинг юмшамас ва оппоқ юзларинг каби соф бўлолмас эди.

Малика шу сўзлардан кейин аччиқ кўз ёш тўкибди.

− Оҳ, мен айбдорман, шу қадар айбдорманки, сизнинг хотинингиз бўлишга нолойиқман, − деб пичирлабди у.

Аммо қирол уни ортиқ гапиргани қўймабди.

− Қайғурманг! Барча кўнгилсизликлар энди ортда қолди, – дебди у. − Келинг, энди тўйимиз тантаналарини нишонлайлик!

Сарой хонимлари ёш маликани олмос ва марваридлар қадалган либослар кийдириб ясантиришибди ва саройдаги энг ҳашамдор ҳамда мислсиз даражада гўзал хонага бошлаб борибдилар. У ерда маликани номдор ва машҳур меҳмонлар кутиб олишибди. Меҳмонлар орасида кекса қирол − маликанинг отаси ҳам бор экан.

Барча йиғилганлар ёш келин-куёвларни қутлаб, уларга бахт ва тотувлик тилашибди. Шундан сўнг тенгсиз тантаналар бошланиб кетибди. Афсус, сен билан мен ўша тўйда бўлмадик. Кўрганлар, тўй жуда зўр ўтди, дейишди…

* * *

ОЛТИ АКА-УКА

(Италия)

Бир отанинг олти ўғли бор экан. Бештаси аҳмоқ, олтинчиси ғирт тентак. Отаси уларни жуда яхши кўраркан. Бир куни у ўғилларига шундай дебди:

− Шаҳарга бориб, ўзларингга ёққан нарсани сотиб олинглар.

Оғайнилар шаҳарга тушиб дўконга киришибди. Уни-буни харид қилишибди. Беш ака-ука бештп қўндоқсиз милтиқ сотиб олишибди, олтинчи милтиқда ҳатто қўндоқ ҳам йўқ экан. Милтиқларни елкага ортиб, уйга қайтибдилар.

Бир пайт аллақаёқдан олтита қуён пайдо бўлиб, улар томонга югуриб қолибди. Бешта қуённинг қулоқлари диккайган, биттасиники эса осилиб

турганмиш. Оға-иниларни кўргач, бешта қуён қочиб қолибди, охиргиси эса жуфтакни ростлабди.

Ака-укалар милтиқларини елкадан олиб, нишонга тўғрилашибди. Бештаси кўзини қисиб олса, олтинчиси юмиб олганмиш. Ҳаммалари бирваракайига ўқ узишибди. Бештаси хато отибди, лекин олтинчиси нишонга теккизолмабди холос.

Кейин биродарлар қуёнларни қува кетибдилар. Бештасини ушлашибди, олтинчисини эса тутиб олишибди. Мана буни омад дейдилар!

Уйга ҳам етиб келишибди. Қуёнларни ангишвонага солиб пиширишга қарор қилибдилар. Бешта қуён ангишвонага сиғмабди-ю, олтинчиси жойлашмабди.

Шунда оталари айтибди:

− Қўшниларга чиқиб, олтита декча олиб келинглар, ҳамма қуёнларни бирданига қайнатиб оласиз.

Олти ака-ука қўшнилариникига чиқишибди. Беш қўшни хасис, олтинчиси қурумсоқ экан. Начора, қўшнилар ахийри уларга олтита товоқ беришибди. Бештаси тагсиз, олтинчисининг ости йўқ экан.

Ака-укалар товоқларни уйга олиб келиб, қуёнларни қайнатгани қўйишибди. Бештасининг тагига олов ёқишни унутишибди, олтинчисига ҳатто ўт ёқишмабдиям.

Қуёнлар қайнамайверибди, қайнамайверибди. Бештаси пишмабди, олтинчиси эса негадир хомлигича қолиб кетибди. Оғайнилар тушликка ўтиришибди. Бештаси гўштни чайнай олмабди, биттаси эса ҳеч тишлашни эплолмасмиш. Ака-укалар гўштни оталарига илинибдилар. Оталари бешта қуённи еб қўйибди, қолганини ямламай ютибди. Вой, еган гўшти томоғига тиқилиб қолибди!

Олтовлон бориб, олтита табибни олиб келишибди. Бешта табиб илмсиз, олтинчиси ҳеч нарсани билмас экан. Улар чолни кўрикдан ўтказгач, баҳслашиб қолишибди. Бештаси уни касал деса, охирги табиб уларнинг фикрига қўшилмабди ва чолни бетоб деб туриб олибди.

Воқеа қандай якун топди, дейсизми? Ҳозирча номаълум. Табиблар ҳали ҳам жанжаллашиб ётишганмиш. Аввал бир қарорга келиб олишсин, эртакнинг давомини кейин ёзиб бераман.


Ғишт ва мум

Ошхона жавонида ғишт билан мум бўлаги ёнма-ён турарди. Ғиштнинг бу ерда бўлиши-ку, табиий – уй бекаси пичоқларини унга ишқалаб чархлаб олар эди. Уларнинг ўткирлашганини бир кўрсангиз! Аммо мум мана шу жавонга қандай келиб қолганини ҳеч ким билмасди. Қачонлардир кимдир уни ўша ерга ташлаб қўйган-у, кейин эсидан ҳам чиқариб юборган.

Ярим тунда, ошхонада ҳеч ким бўлмаган пайтларда ғишт ва мум узоқ-узоқ суҳбат қуришаркан. Бир куни мум ғиштдан сўрабди:

– Менга айт-чи, қўшни, сен нега бундай қаттиқсан?

Ғишт жавоб берибди:

– Мен доим ҳам шундай бўлмаганман. Мен ва ака-укаларим ҳаммамиз майин тупроқдан тайёрланганмиз. Аввалига устимиздан сув қуйиб, лой қордилар, кейин роса эзғилаб пишитдилар. Қолипга солиб, ғишт шаклини бергач, оловда пиширишди. Ўчоқдан жарангдор ва қаттиқ бўлиб чиқдик.

– Эҳ, мен сендақа бўлиб қолишни жуда ҳам хоҳлардим! – хўрсинибди мум. – Сен пичоқларни чархлаётганингда кўрган кишининг завқи келади. Агар мен пичоққа бағримни тутсам, у мени бўлаклаб ташлайди… Йўқ, йўқ, кўнглимни кўтарма, юмшоқ бўлиш жуда ҳам ёмон.

Эрталаб уй бекаси ўчоққа ўт қалабди. Олов ғўлаларнинг устида ўйнаб-ўйнаб хушҳол ёнарди.

Шу пайт мум ғиштнинг оловга кириб чиққач, тошдай қаттиқлашиб қолганини эслади. У жавоннинг четига сурилиб келди-да, ўчоқ ёнида ётган тунуканинг устига ўзини ташлади. Ў, бу ер шунақанги иссиқ эканки! Мум ҳудди момиқдай юмшаб, аста эришни бошлади. Рости, агар шу пайт ошхонага хўжайин кириб қолмаганида у бутунлай эриб оқиб кетиши турган гап эди. Айтиб қўяй, уй эгаси қўғирчоқбоз – чодирхаёлчи эди. У ҳовлима-ҳовли юрар, ёғочдан ҳамда латта қийқимларидан ясалган қўғирчоқлари билан қувноқ томошалар кўрсатар эди.

Хўжайин ўчоқдаги кўмир чўғида тамакисини тутатиб олиш учун энгашдию, ғишт каби қаттиқ бўлишни истаган, аммо сал бўлмаса муз каби эриб кетаёзган мумга кўзи тушиб қолди.

– Ғоятда ажойиб, – завқланиб кетди хўжайин, – бу мумдан мен янги қўғирчоқ ясаб оламан.

У худди айтганидай қилди – қўғирчоқ ясаб, унга Пулчинелло деб исм қўйди. Қўғирчоқ шунақанги кулгили чиқдики, унинг қаққайган бурни, қулоғигача етган оғзи ва муғомбиргина кўзларини кўрган одам ўзини кулгидан тўхтатолмасди.

Томоша бошлангач, хўжайин парда ортидан Пулчинеллони чиқарди. Пулчинелло ҳамма томонга бир-бир таъзим қилиб чиқди. Хўжайин эса ингичка овозда унинг номидан гапириб турди:

– Муҳтарам жаноблар! Бир пайтлар мен ғиштвойнинг қаттиқлигидан лол қолиб, унга ҳавасим келарди. Оловда пиширилган ғиштдан уй-жой қуриш мумкин, аммо ундан Пулчинеллони ясаб бўлмайди. Мендан, яъни мумжондан ҳеч қанақа иморат қила олмайсиз, тағин мени ўтдан ҳам узоқроқ тутиш зарур. Аммо мен сизни кулдириб, қувонтира оламан. Шунинг учун, кекса, ёш ва ҳатто митти жаноблар, кўриб турганингиздай, ҲАР КИМ ЎЗ ЎРНИДА ЯХШИ!

Кейин Пулчинелло яна парда ортига қайтди ва томошабинлар мамнун ҳолда уй-уйларига қайтишдилар.

Лекин ажабо, Пулчинеллонинг эгаси ғишт ва мумнинг тунги суҳбатларидан қандай хабардор бўлди экан? Бунинг жавоби оддий. Унинг ўзи бу эртакни тўқиб менга айтиб берди. Мен эса сизларга етказдим. Вассалом.

* * *

Овчи арслон

(Афғон)

Бор экан-да, йўқ экан, бойнинг қорни тўқ экан, камбағал қашшоқ экан, егани нуқул хонаки пишлоқ экан, тоғ йўллари тошлоқ экан, танбал ишёқмас росаям тиришқоқ экан… Хуллас, бир ўтинчи бўлган экан, унинг эса бир эшаги бор экан. Ҳар куни эрталаб ўтинчи эшакни чўлга қараб ҳайдар экан, унинг устига янтоқ билан саксовул ортиб келар, хуллас, кун бўйи тиним бермай ишлатар экан. Кечқурун эса ем ўрнига охурига бир тутам похол ташлаб қўяркан. Бундай ҳаёт эшакнинг жонига тегибди, у ўтинчининг қўлидан қандай қутулиш ҳақида ўйлай бошлабди. Ўйлаб топган чораси − ем емасдан, ўзини касалликка солиб ётиш бўлибди.

Бир куни оқшомда эшак жонивор ҳолдан тойиб даштдан қайтибди ва ҳатто бир тутам қуруқ похолни ҳам емасдан, таппа ерга қулабди. Эрталаб ўтинчи эшакни эгарлаш учун оғилхонага кириб, уни ҳалиги аҳволда кўрибди ва қайғуга ботибди. “Эҳ, эшаккинам касал бўлиб қолибди, – хафа бўлибди ўтинчи, – энди ишларим чаппасига кетадиган бўлди-да”.

У эшагига яна бир қараб қўйибди, кўрибдики, шўрлик ерга чўзилиб ётибди. “Эшагим энди ҳали-бери тузаладиган эмас, – деб ўйлабди ўтинчи ўзича, – касал эшакни текинга боқишга эса менинг қурбим ҳам, пулим ҳам йўқ. Чамаси у ўз хизматини ўтаб бўлибди, буёғига куч-қувватиям қолмабди. Яхшиси уни тепиб-тепиб турғизиб, ҳайдаб юбораман!”.

Ўтинчи эшагини ўрнидан турғазиб, у ёқ-бу ёғини қараб қўйибди; қараса, бечора озиб-тўзиб кетганмиш. Ўтинчи соқолини силаб туриб, бир оз ўйга ботибди-ю, эшак энди ҳеч нарсага ярамайди, деган қарорга келибди. У эшакни тепа-тепа бир амаллаб отхонадан чиқарибди, қариндош-уруғлари ва қўшнилар ёрдамида уни даштгача судраб борибди-да, ўша ерга ташлаб келибди. Эшак бундан ниҳоятда қувониб кетибди. Дашт бўйлаб боши оққан томонга йўл олибди. Юраверибди, юраверибди, ниҳоят аллақандай бир ўрмонга етиб борибди, ўрмон ёқасида эса майсазор бор экан. Вақт ўтаверибди, эшак кундан кунга кўркамлашиб, семира бошлабди ва ниҳоят шунақанги куч-қувватга тўлибдики, унинг ўша рамақдажон эшак эканига энди ҳеч ким ишонмаган ҳам бўларди.

У ҳар куни ўтлоқда маза қилиб ўтлаб, майса чимдиб юрарди. Бир пайт аллақаёқдан пайдо бўлиб қолган ёлдор шер ўрмондан чиқиб келибди ва даҳшатли ўкирибди. Бу ҳайқириқни эшитган эшак қўрққанидан ўлиб қолаёзибди.

“Мен энди нима қилсам экан? – деб ўйлабди у – Ё жуфтакни ростлаб қолсаммикан? Қочиб қолаётганимда ўкираётган маҳлуқнинг қаршисидан чиқиб қолсам-чи? Балки шу ерда қолганим маъқулдир? У ҳолда арслонми, йўлбарсми, ё бошқа бирор йиртқич мени ғажиб ташламасайди, деб қўрқаман!”.

Кейин эшак ўзича яна ўйлабди: “Лекин менинг ҳам ўзимга яраша овозим бор. Бир ҳанграб берсам, балки душманимни ваҳимага солиб қўярман?!”.

Эшак бор овози билан шунақанги ҳанграшга тушибдики, овози бутун ўрмонга ёйилиб, шергача етиб борибди.

Очиғи, шер ҳам қўрқиб кетибди ва ўзига ўзи дебди: “Э, худо, мен шу пайтгача ўз овозимдан кучлироқ ва ўткирроқ товуш йўқ, деб юрардим. Аммо бу овоз меникидан ҳам юз баравар қудратли, ҳам эллик карра ваҳимали экан! Худо кўрсатмасин-у, бу маҳлуқнинг ўзи ҳам мендан кучлироқ ва йирикроқ бўлса-чи? Қаёқданам мана шу ўрмонга келиб қолган эканман-а?”.

Хуллас, шер ҳам ваҳимага тушиб, ўзини йўқотибди, турган жойида ўйлай бошлабди: “Шу ерда қолаверсаммикин, ёки қочворганим маъқулми? Қандай кунларга қолдим-а? Энди нима қиламан?”

Шундай қилиб, ўрмоннинг бу томонида эшак, иккинчи томонида шер – икковиям ваҳима ва қўрқувдан зир-зир титриб турганларича, нимаям бўлибди-ю, бир-бировининг рўпарасидан чиқиб қолишибди.

Эшак бунинг шер эканини англабди. Қаттиқ қўрқиб кетибди-ю, лекин ўзини бардам тутибди, ваҳимасини сездирмабди. Шер эса ўз қаршисида турган ҳайвон шунчаки оддий эшак эканини билмабди. У фақат рўпарасида улкан келбатли маҳлуқ турганини англабди, холос. Ва яна ҳаёлга чўмибди: “Бу баҳайбат ҳайвон ким бўлди экан?”

Шер орқасига қайтиб кетишга чоғланибди-ю, қўрқибди: манави махлуқ орқасидан ҳамла қилиб қолса-чи? Нима қиларини билмасдан эшакнинг ёнига борибди, у билан мулойимлик ва эҳтиром билан саломлашибди, эшакка таъзим қилиб, ер ўпибди. Эшак шунда шернинг ўзидан қўрқаётганини англабди, шернинг саломига алик олибди ва дебди:

– Менинг маконимга келмоқликка қандоқ журъат этдинг? Ўзинг кимсан, исминг нима?

Шер жавоб берибди:

– Камина шер бўламан. Хизматингга келдим, сенга хизматкорлик қилмоқчиман.

– Мен ҳам арслонман, овчи арслонман. Сени хизматкорликка оламан. Лекин билиб қўй, агар уч марта айб иш қилсанг, бирор шумликни ўйласанг, қорнингни ёриб, ичак-чавоғингни бошингга салла қиламан!

– Бош устига! – жавоб берибди шер.

Шер ва эшак бир жойда яшай бошлашибди. Аммо эшак юрган йўлида шердан қандай қилиб қутулиш ҳақида ўйлар экан.

Бир куни у шундай дебди:

− Ҳой, шер, мен бир оз мизғиб олмоқчиман. Сен эса тепамда туриб, мени қўриқлайсан!

Эшак шундай деб, ухлашга ётибди. У, “ухлаб ётганимда зора шер қочиб кетса”, деб ўйлабди. Очиғини айтганда, шер ҳам жуфтакни ростлашни хаёл қилибди-ю, аммо яна эшакнинг чангалига тушиб қолишдан чўчибди.

Эшак ўзини ухлаганга солиб ётаверибди. Бир пайт унинг пешонасига битта сўна келиб қўнибди. Шер бундан беҳаловат бўлибди, ўрнидан сакраб турибди, эҳтиёткорлик билан, думининг учида астагина сўнани ҳайдабди, ҳаттоки уни уришиб-койиб ҳам қўйибди.

Лекин шу пайт эшак додлаб, унга ўшқира бошлабди:

– Сўнани қувлаб юборишга ким сенга ижозат берди? У менинг томиримдан ҳаром қонни сўриб олаётган эди. Қара, буёғига эҳтиёт бўл, биринчи айбинг энди бўйнингда! Агар иккинчи ва учинчи бор хато қилсанг, куним битди, деявер.

– Мени кечир, – ўтинибди шер, – мен хато қилдим, энди минбаъд бундоқ номаъқулчилик қилмайман!

– Хўп майли, кўрамиз, – дебди эшак.

Эртаси куни эшак, унинг ортидан шер ўрмон оралаб кетишаётган экан, йўлларида бир ботқоқлик учрабди.

Эшак бехосдан балчиққа оёқ босиб, лойга ботибди, чўкиб ҳам кетар экан-у, лекин шер дарҳол у томон отилиб бориб, ушлаб қолибди ва ботқоқдан уни тортиб олибди. Эшак эса яна ҳанграб, ўшқира кетибди:

– Жуда сурбет экансан-ку! Нега бировнинг ишига тумшуғингни суқасан?! Нима, шу арзимаган балчиқдан ўзим чиқолмайманми? Бу ерда марҳум отамнинг қабри бор. Мен уни эслаб, қабри устида унга атаб бир дуои-хайр ўқиб қўймоқчи эдим. Сен эса ишнинг белига тепдинг. Энди ўзингдан кўр, ҳисоб-китобинг якунига етиб қолди – чунки бу иккинчи марта итоатсизлик қилишинг. Энди учинчи бор айб қилсанг, шўринг қуригани шу бўлади.

Шундан кейин орадан яна икки-уч кун ўтибди. Уларнинг иккови – эшак ҳам, шер ҳам бир-бирининг олдида зир титраб, бири иккинчисини тинимсиз кузатиб юраверибдилар. Кунлардан бир кун улар дарё томон йўл олишибди. Эшак сувни кўриши биланоқ чанқоғи кучайиб, бир ташналиги минг бўлибди. У сув ичиш учун дарёга тушибди, бехосдан оёғи тойиб кетибди, оқим уни йиқитиб, оқизиб кетибди. Эшак чўка бошлабди ва қўрқувдан додлай бошлабди. Шер ўзини сувга отиб, эшакни судраб чиқибди. Лекин эшак шерга қаҳрли тикилганча, шундай дебди:

– Сен билан келиша олмас эканмиз. Сени хурмача қилиқларинг учун қаттиқ жазолашдан бошқа иложим қолмади. Мен чўмилиб олиш учун сувга тушсам, сен эса чўкиб кетяпти, деган хаёлга бордингми?! Мени ўзингга ўхшатяпсанми? Начора, энди нима қилишни ўзим биламан!

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> 1
  • 4.4 Оценок: 5

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации