Электронная библиотека » Лариса Буракова » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Лариса Буракова


Жанр: Зарубежная образовательная литература, Наука и Образование


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

• Учинчи боб •
Биринчи сабоқ: бюрократиядан халос бўлиш

Давлат аппаратини қисқартириш

2004 йил, 11 февралда Грузия парламенти мамлакатнинг ижро этувчи ҳокимиятини ислоҳ қилиш лойиҳасини тасдиқлади. Давлат бошқарувини максимал даражада камайтириш ёки “энг кам аралашадиган давлат” тамойили устувор йўналиш дея эълон қилинди.

Бош вазирнинг амалдаги бош маслаҳатчиси Вато Лежава институционал янгиланишларнинг бевосита иштирокчиси бўлган. У давлат хизматига 2004 йил мартда Инфратузилмалар ва ривожланиш вазирлиги орқали кириб келди. Ташкилот Шаҳарсозлик вазирлиги ва Транспорт ҳамда коммуникациялар вазирлигининг бирлашиши натижасида ташкил этилган эди. Кейинчалик Инфраструктуралар ва ривожланиш вазирлигининг Иқтисодиёт вазирлиги билан бирикиши натижасида Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ташкил этилди ва “мерос бўйича” вазир ўринбосари сифатида Лежава янги вазирликка ўтди:

Инқилобдан кейиноқ барчамиз нимадир янгилик яратиш кераклигини, эскилари энди ҳеч нарсага ярамаслигини тушуниб етгандик. Коррупцияга қарши курашишимиз кераклигини ҳам аниқ билгандик. Лекин ислоҳотларни қай тарзда ва қандай мақсадда амалга ошириш зарур – бу аниқ эмасди. Янгича давлат тузилмаси ташкил этишимиз лозим, дея ўйлардик, лекин қандай тузилма тузиш кераклигини унча тушунмасдик. Нимадир қилишни бошладик ва етакловчи, ус тувор мафкура бўлмаса, ислоҳотларни ҳам амалга ошириш мумкин эмаслигини тўсатдан англаб етдик: масалан, вазирларнинг хаттиҳаракатлари бир-бирига зид бўлиши мумкин эди. Яъни иккита вазирнинг ҳар бири яхши, янги ва коррупциясиз нимадир қилишни хоҳлаши мумкин, лекин бу ҳаракатлар мафкуравий жиҳатдан турлича бўлиши эҳтимоли бор эди. Фақатгина 2004 йилнинг иккинчи ярмига келиб, ўз мафкурамизни аниқлаштириб мустаҳкамлай олдик. Каха Бендукидзе ўзининг “Виждондан бошқа ҳамма нарсани сотиш мумкин” деган можароли иқтибоси билан бу жараёнда муҳим ўрин тутди. Яъни ички ҳиссиётга асосланган ҳолда эркин иқтисодиёт томонга ташланган қадамларимиз ҳали аниқ кўриниш касб этмаган бир вақтда, айнан шу сўзлар биз учун келажакда мафкуравий платформа вазифасини бажариб берди.

Давлат аппаратини кескин қисқартириш ислоҳотнинг асосий қисми бўлди.

Янги ҳукумат ҳокимиятга келиши туфайли астасекин амалга ошириладиган ўзгаришлар билан максимал натижаларга эришиб бўлмаслиги, нафақат янги нафас олиб кириш, балки нафасни бутунлай ўзгартириш кераклиги ойдинлашди.

Афтидан, собиқ Президент Эдуард Шеварднадзенинг “Ўз истеъфом ҳақида эълон қилган ўша суҳбат чоғида Саакашвилига ҳам, давлат вазири Зураб Жванияга ҳам бир хил маслаҳат бердим. Кадрлараро тозаловга ўша заҳотиёқ киришмасликлари керак – бу хато бўлиб чиқиши мумкин. Чунки аксарият лавозимларда ўз ишининг тажрибали усталари ишлардилар”, деган маслаҳатлари эътиборсиз қолиб кетди.4141
  Шеварднадзе заявил: “Я никогда не прощу русских” // Newsru.com. 2003 йил, 3 декабрь (www.newsru.com/world/03dec2003/never_. html).


[Закрыть]

Давлатнинг барча тузилмалари, барча лавозимлари, барча функциялари қайта кўриб чиқилди. Бу борада Вато Лежаванинг фикри қуйидагича:

Бюрократия ҳар доим ўзи учун юмуш топа олади, деган аксиома мавжуд. Стол қўйиб, амалдорни ўтқизиб қўй ва унга ҳеч нарса берма – у барибир ўзи учун нимадир ўйлаб топади. Уч йилдан сўнг эса мен бўлмасам, ҳаммаси таназзулга учрайди ва фожиа рўй беради, деб айта бошлайди.

Муаммо фақатгина кўп сонли давлат аппаратида ҳам эмасди: ноаниқ ташкил этилган тузилма ҳам самарадорликни пасайтирарди. Давлатда назорат органлари ва инспекциялар шунчалик кўп тўпланиб қолган эдики, назорат қилувчиларнинг ўзлари ҳам ваколатлари чегарасини билмай қолар ва жавобгарликни бир-бирларининг зиммаларига юклардилар. Кўпинча ишдаги вазифалар такрорланарди, аксарият ҳолларда бу бирор назорат йўқлигидан рўй берарди.

Фақат катта тозалашлар орқали буюк ишларга қўл уриш мумкин эди. Ҳамма ерда аттестациялар, танловлар, суҳбатлар, ишдан бўшатишлар, ишга янги одамларни ёллаш жараёнлари кетаётганди. Мамлакатнинг ўрта муддатли ривожланишини ўзида акс эттирган умумдавлат сиёсати ҳар бир вазирлик, ҳар бир ташкилот томонидан тарғиб қилина бошлади. Лекин ўзгаришларга ҳақиқий рангни Иқтисодий ривожланиш вазирлиги берарди.

Бендукидзе аппаратини ташкил этиш билан шуғулланган Михаил Иашвилининг эслашича, унга жуда оддий вазифа юклатилган – “Ақлли одамларни танлаш керак” эди. Натижада вазирликда илгари ишлаган мингга яқин ходимдан юз элликдан ортиқ бўлмаган киши қолди, холос. Сўнг жиддий танлов натижасига кўра улар сафига бутунлай янги одамлар келиб қўшилди. Улар орасида талабаликдан тўғридан-тўғри вазирликка келганлар ҳам бор эди. Аввал Бендукидзенинг қўл остида ишлаган, сўнг мансаб пиллапояларидан шиддат билан юқорига кўтарилган кўплаб ходимларнинг айтишларига кўра, “кўчадан” тўғри келиб, ҳеч бир кимсанинг қўллаб-қувватлашисиз, фақат ўз қобилиятига кўра давлат ишига кириш ва мансаб пиллапояларидан кўтарилиш мумкинлигига бошида улар ишонмагандилар.

Масалан, инқилобгача беш йил Иқтисодиёт вазирлигида ишлаган Звиад Чеишвили қуйидагича эслайди:

Кунларнинг бирида лавозимимни кўтариш бўйича комиссияга чақиришди. У ерда вазир, вазир ўринбосарини ҳам қўшиб ҳисоблаганда йигирматача одам бор эди; бир соатга яқин мен билан гаплашишди ва бир поғона юқорига кўтарилишим кераклиги ҳақидаги тўхтамга келишди. Вақт ўтиб борса ҳам, мансабим оширилмаётганди, аксинча, кимларнингдир дўстлари, қариндошлари кўтарилаётганди. Шу тарзда ўттиз доллар атрофида маош берилувчи ўша лавозимда беш йил қолиб кетдим. Каха иқтисодиёт вазири бўлган вақтида, мен вазирликни аллақачон тарк этгандим, лекин қайтиш хоҳишим ҳам йўқ эмасди. Ариза топширдим, тестдан ва шахсан вазир билан суҳбатдан ўтдим, сўнгра ўша заҳоти ишни бошладим. Икки ҳафтача оддий маслаҳатчи бўлиб ишладим, кейин эса департамент бошлиғи лавозимига ўтказилдим – унча катта бўлмаган гуруҳга раҳбарлик қила бошладим. Вазирликнинг аввалги таркибидан қолган ходимлар буни ақлларига ҳам сиғдира олмасдилар: улар мени беш йилдан бери билардилар, бу йиллар давомида ҳеч ким мансабимни оширмаганди. Энди эса келдим-у, департамент бошлиғига айлангандим. Албатта, ҳамманинг ўйлашича, гўё Каха қариндошим эди, уларни фикрларидан қайтаришнинг сира иложи бўлмади.

Бу тарзда шиддат билан кўтарилиш қай даражада адолатли бўлганди? Бу саволга жавоб бериш учун Чеишвили фаолиятидаги кейинги ўсиш суръатига назар солиш мақбул бўларди. Бир қанча вақтдан сўнг Ислоҳотларни мувофиқлаштириш бўйича вазир маслаҳатчиси лавозимига тайинланганидан сўнг у Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг Лицензиялаш ва рухсатномалар бериш департаменти бошлиғи бўлиб ишлади. Сўнг Ривожланиш департаменти, Ўрмон департаменти бошлиғи, охироқибат эса вазир ўринбосари лавозимларини эгаллади. Фурсат келиб, Иқтисодиёт вазири ўринбосари вазифасида ишлади, шундан кейингина хусусий бизнес билан шуғуллана бошлади.

Иқтисодий ривожланиш вазирлигига Бендукидзе келганидан сўнг ходимлар сони уч бараварга, вазирлик бошқармалари сони икки ярим бараварга қисқарди.

Лили Бегиашвили

1971 йил, 18 июнда туғилган.

1994 йилда Иван Жавахишвили номидаги Тбилиси давлат университетини халқаро ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар йўналиши бўйича тамомлаган. 2001 йилда Грузин-Америка университетида оммавий сиёсат бўйича магистр, 2003 йилда эса Иллинойс штати университети юридик коллежида ҳуқуқ магистри даражасини олган.

Инқилобгача бўлган Грузияда Марказий сайлов комиссиясининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Грузия Парламенти қошидаги юридик департаментнинг юридик экспертиза офиси бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2004 йилда Инфратузилма ва ривожланиш вазири ўринбосари, вазирликлар бирлашганидан сўнг эса – иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. 2005 йил январидан августигача ислоҳотларни мувофиқлаштириш бўйича давлат вазири ўринбосари, 2005 йил сентябридан 2008 йил апрель ойигача эса қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бўлиб ишлаган.

2009 йил сентябргача юридик масалалар бўйича маслаҳатчи сифатида Жаҳон банкининг Халқаро молиявий корпорацияси (IFC) билан ҳамкорлик қилган, сўнгра Молия вазирлиги қошидаги Даромадлар хизмати бошлиғининг ёрдамчиси бўлиб давлат ишига қайтган.

2005 йилда Ислоҳотларни мувофиқлаштириш бўйича вазир ўринбосари лавозимида ишлаган Лили Бегиашвили шундай тан олади:

Вазирлигимиз таркибидаги Саноат департаменти фаолиятига нуқта қўйганимизни эслаш мен учун ҳозиргача жуда оғир. Бу департаментда ёши улуғ инсонлар, академиклар ишларди. Уларни ишдан бўшатиш бироз ноқулай эди. Лекин асл бозор иқтисодиёти шароитида мазкур департаментнинг нима билан шуғулланиши жуда тушунарсиз эди.

Бегиашвили қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари этиб тайинланганидан сўнг бу ташкилот ҳам сезиларли ўзгаришларга учради. Охир-оқибат, бир неча босқичда давом этган қисқартиришлардан сўнг вазирлик ходимлари сони етти бараварга қисқарди. Бегиашвили шундай эслайди:

Вазирликдаги 4374 та ходим ўрнига 600 та сини қолдирганимиз учун мамлакатдаги ярим аҳолининг мени кўргани кўзи йўқ эди. Ҳаттоки ақл бовар қилмас воқеалар ҳам учраб турарди: масалан, вазирлик ҳисобида қўйлар ҳам рўйхатда турарди. Шу билан биргаликда, рақамларга қаралса, уларнинг сони йилдан-йилга камайиб борганини кўриш мумкин. Майли, ҳамма нарса бўлиши мумкин-ку, деб ўйладим. Сўнгра қўйларга жавобгар бўлган кишилардан “Уларнинг жунини нима қиласизлар?” дея сўрадим. Улар ҳеч нарса дея олмадилар, менга ола-кула бўлиб кетган нигоҳларини тикдилар, холос. Бу қўйлар кўпаймагани, аксинча, ўлиб кетаётгани у ёқда турсин, улар ҳатто юнгсиз эдилар!

Ҳозирги пайтда Тбилиси мэрияси ходимлари сони ислоҳотдан олдинги вақтдагидек 2 500 эмас, балки 800 нафарни ташкил этади. 2004–2005 йиллар давомида Молия вазирлиги ходимлари сонини 5 342 тадан 3 673 нафаргача қисқартирди. Атроф-муҳит ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш вазирлигида ходимлар сони 5 000 кишидан 1 700 тагача, Ўрмон департаментининг ўзидаёқ 1694 тадан 673 нафаргача қисқарди.

Академик стипендия

Моҳиятан олганда, кадрларни тозалаш анча холис ҳодиса ҳисобланади, асосийси, бу тозаловни амалга ошириш мезонини тўғри танлашдир. Масалан, кекса профессорларга академик стипендиялар тариқасида тўланадиган қўшимча тўловлар билан бўлган вазиятни олиб қараса, бу орқали ислоҳотчилар таркибни янгилаш сиёсатини муваффақиятли давом эттиришни хоҳлагандилар. Лекин кейинчалик маълум бўлишича, масалани бу тарзда қўйишларининг ўзи хато бўлган. Натижада исталган мақсадга тўлиқ эри шишнинг иложи бўлмади. Вато Лежава қуйидагича эслайди:

Кекса профессорларни нафақага чиқаришни хоҳлагандик. Каха Бендукидзе, таълим вазири (Александр (Каха) Ломая) ва мен биргаликда буни қандай қилиб жамиятга мақбул тарзда амалга ошириш ҳақида ўйлардик. Товон пули тариқасида профессорларнинг пенсияларини кўтармоқчи ҳам бўлдик. Лекин бу таклиф менга маъқул келмади, чунки у давлат пенсия пулларининг емирилишига олиб келарди. Натижада кимлардир учун ўзимиз ўз қўлимиз билан имтиёз ташкил этган бўлиб чиқардик – бу имтиёзлар аввал академикларга, сўнгра прокурорларга, кейин эса ҳарбийларга қўлланилгач, охир-оқибат яна ҳозир қабул қилган қароримизга қайтган бўлардик. Шунда буни “академик стипендия” деб аташни таклиф қилдим. Агарда професссорлар иш ўринларидан воз кечсалар, келгуси уч йил давомида бу стипендияни олишлари мумкин эди.

Отам ҳам худди шу тарзда ишдан кетди ва академик стипендия фақатгина оддий бир ҳийла бўлганини у фақат яқиндагина (2009 йил баҳорда) тушуниб етди. “Буни ўйлаб чиқарган аблаҳни бир кўрсам эди!” деди у ғазаби қайнаган ҳолда. Ўша аблаҳ ўзим эканлигимни ошкор қилмадим.

Айни дамда буларнинг ҳаммасини ортга ўзгартиряпмиз. Биринчи уч йиллик муддат ўтганидан кейинги ёш чегарасини олиб ташладик.

Ўйлашимча, бу ислоҳот муваффақиятсизликка учради. Аслида ёшни чегаралаш эмас, шунчаки совет даврида қўлга киритилган профессорликни тан олмасликнинг ўзи тўғри бўларди. Илгари ҳамма нарса – илмий даража ҳам, диссертация ҳам сотиб олинганини ҳаммамиз билсак-да (шу сабабли ҳам на Бендукидзе, на Ломая, на менда номзодлик даражаси бор), фан номзоди даражасини докторлик даражасига тенг бўлади, деб эълон қилиб юбордик. Шунга қарамай, “Олий таълим ҳақида”ги қонунда докторлик даражасига эга бўлмаган инсон профессор бўла олмаслигини белгилаб қўйдик. Бу ҳеч қандай яхшилик келтирмади”.

2005 йил мартидан атроф-муҳит ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш вазирининг биринчи ўринбосари, 2007 йилдан 2008 йилгача эса шу соҳа вазири бўлган Давид Чантладзе шундай ҳикоя қилади:

Бошланишига департамент раҳбарларидан бир варақ қоғозга ўз вазифалари мазмунини тавсифлаб беришларини сўрадик. Фақатгина бир варақ кўринишида тавсифлашлари керак эди, акс ҳолда, кўп ёзишни ёқтиришлари сабабли ҳеч нарсани тушуниб бўлмасди. Агарда бир варақдан ортиқ ёзсалар, қараб ҳам чиқмаслигимизни айтдик. Шундан кейин, масалан, баъзи департаментлар аслида мавжуд эмаслиги ойдинлашди. Албатта, ишдан бўшатиш осон иш эмас, лекин бошқача йўл тутиб бўлмасди – агарда касалига қўшиб қўйилса, соғлом тизим ҳам ҳалок бўлиши мумкин.

Лили Бегиашвили ўз тажрибаси билан ўртоқлашади: судлашиш жараёнида муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида, барча ишдан бўшатиш ва ишга қабул қилиш жараёнлари видеокамерага ёзиб олинди. “Бу ўзини тўлиқ оқлади. Тасвирга олинаётганини ҳамма тушуниб етгани учун ҳам, ҳеч ким суд учун бирор важ-карсон ўйлаб топа олмади. Уч мингта иштирокчидан фақатгина бир нафари судга мурожаат қилди, лекин биз судда барибир ғолиб чиқдик”.

Натижада вазирликлар сони ўн саккизтадан ўн учтага камайди. Ўн саккизта давлат департаменти вазирликларга бўйсунадиган муассасаларга ўзгартирилди, шунингдек, бўйсунадиган агентликлар ва муассасалар сони эллик иккитадан ўттиз тўрттагача, вазирлик ва бошқармалар ходимлари сони эса деярли икки бараварга камайди.

“Шубҳасиз, яхши фаолият юритадиган жамиятда бу каби қисқартиришларни амалга ошириш мумкин эмас. Бу нуқтаи назардан олиб қараганда, радикал ўзгаришларга қўл уришимиз инқирознинг чуқурлигини ҳис қилишга ҳам асосланган эди”, – дея бу воқеаларга изоҳ беради Бендукидзе.

2005 йил январида давлат хизматида меҳнатга ҳақ тўлашни ислоҳ қилиш бошланди. Маошнинг максимал қиймати – вазир ойлиги 1800 доллар ва минимал қиймат 70 доллар бўлиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, бу икки чегаравий қийматлар орасида қатъий ўрнатилган изчилликнинг ўзи йўқ: ҳар бир вазир ўз соҳасида ўзи истаган миқдордаги маошни белгилай олади. Яроқсиз ягона тариф жадвали тизимига шу тарзда барҳам берилди. Давлат хизматчилари сонининг мукаммаллаштирилиши ва бюджет тушумларининг ортиши4242
  Батафсил маълумот учун бешинчи бобнинг “Солиқ ислоҳоти” бўлимига қаранг.


[Закрыть]
натижасида 2004–2005 йилларда давлат хизматчилари маошини ўн беш баробар кўпайтиришга эришилди.

“Агарда давлат хизматчисининг маоши 20 доллар бўлса, коррупцияга қарши курашишни қандай қилиб унга ишониб топшириш мумкин? Яхшиси, бу ходимнинг ўзи ҳам, бу каби вазифа ҳам бўлмагани маъқул. Яъни ходимлар сонини камайтириш, уларнинг маошларини бир неча марта ошириш ва ҳатто назарий жиҳатдан ҳам кераксиз бўлган бу каби вазифаларга барҳам бериш керак”, – дея тушунтиради Вато Лежава.

Маошларнинг оширилиши натижасида давлат сектори рақобатбардош органга айланди, натижада малакали кадрларни жалб қилиш имкони пайдо бўлди. Бунгача меҳнатга ҳақ тўлаш хусусий секторда давлат хизматига қараганда бир неча баравар юқори эди. Вазир 63 доллар, департаментдаги оддий хизматчи эса 17 доллар маош оларди, меҳнатга лаёқатли ёшдаги эркак кишининг кун кўриши учун белгиланган энг кам пул миқдори эса 2004 йилда 44 долларни ташкил этарди. Давлат хизматчисининг умумий топадиган фойдаси фақат қонуний манбалардан келиб тушадиган пуллардан иборат эмаслигига шубҳа йўқ эди.

“1994 йилдан буён парламентда ишлардим ва маошимиз вазирликдагиларникидан анча кўп эди. Ақлу ҳуши жойида бўлган инсоннинг вазирликка ишга киришга нима қизиқтириши кераклиги менга умуман тушунарсиз бўлган”, – дейди Лили Бегиашвили.

Айнан янги инсонларнинг уринишлари туфайли коррупцияга қарши муваффақиятли кураш имкони пайдо бўлди. Кавказ тадқиқот маркази (CRCC) ўтказган сўров бунинг яққол исботи бўла олади: 2007 йилги сўровда қатнашганлар орасида охирги ўн икки ой ичида пора берганини тан олганлар фақатгина 1 фоизни ташкил этди (солиштириш учун: бу кўрсаткич Арманистонда 8 фоиз, Озарбайжонда эса 20 фоизни ташкил этган).4343
  Georgia Human Development Report by UNDP. The Reforms and Beyond. 2008 (hdr.undp.org/en/reports/nationalreports/europethecis/georgia/NHDR– Georgia-2008.pdf).


[Закрыть]

Грузин-турк чегарасидаги назорат-ўтиш пунктида барча қўшни мамлакатлар тилларида ва инглиз тилида “Грузия – коррупциядан холи мамлакат. Грузияга хуш келибсиз!” деб, сўнгра ҳар эҳтимолга қарши, “Ёдда тутинг, Грузия қонунларига кўра, пора бериш 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” дея огоҳлантириш ёзилган плакатни кўриб, ўзимни тутиб туролмадим ва ундан нусха сўрадим – Россияда бу каби ёзувларни учратмайсиз.

Давлат аппаратини мукаммаллаштириш билан бир вақтда давом этган иккита жараён натижасида унинг иш тамойилларида сифат ўзгариши кузатилди. Биринчи жараёнга Молия вазирлиги ташаббускор бўлди – Халқаро валюта фонди таъсири остида бюджетни режалаш истиқболлари ўзгартирилди. Бир йиллик бюджет ўрнига уч йилга мўлжалланган ўрта муддатли режалашдан фойдаланила бошлади. Натижада ислоҳотларни бир бутун тарзда амалга ошириш имконияти пайдо бўлди: бир йиллик режалашда кўриш бурчаги тораяди, ўзгаришларни бир бутун тарзда қамраб олиш қийинлашади. Иккинчи жараён Иқтисодиёт вазирлиги томонидан бошланди, натижада барча вазирликлар ўзлари учун устувор масалаларни аниқлаб олишга мажбур бўлди. Бу қадамни Бендукидзе қуйидагича баҳолайди:

Бу қисман кулгили ҳам бўлганди. Вазирларнинг ўринбосарлари иштирокида мажлис чақирдим ва ўз вазирликлари вазифаси, келгусидаги ҳаракатлари ва шу кабилар аниқ баён этиладиган ҳужжат ёзишлари кераклигини айтдим. Натижа – тўлиқ ноль. Фақат битта вазирлик – Мудофаа вазирлиги ёза олди. Бу каби нарсалар эса ҳарбий доктрина доирасида институционлаштирилган (НАТО ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик стратегияни ёзиб чиқиш кўникмаларини талаб қилади).

Шунда ҳужжат қандай қисмлардан иборат бўлиши кераклигини ўринбосарим Лили Бегиашвилига айтиб туриб ёздирдим ва вазирлик амалга оширмоқчи бўлган учта энг йирик ислоҳотни биринчи ўринда тавсифлаш кераклигини таъкидладим. Бу ёзувни вазирликлар раҳбарларига жўнатдик. Баъзилар, масалан, Маданият вазирлиги жуда яхши баён қилди. Маданият вазири бу ёзувлар вазирликнинг ўзи учун ҳам жуда фойдали бўлганини айтиб, биз ҳеч қачон бу ракурсдан туриб ўйламаган, майда-чуйдаларга ўралашиб қолган эканмиз, энди фикрни бир жойга жамладик ва жуда қизиқ ҳужжат тайёрлай олдик, деганди. Унинг сўзларига кўра, ўзи ҳам бу ҳужжатни мароқ билан ўқиб чиққан.

Лекин бир неча “қолоқ вазирликлар” ҳам бор бўлиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигидаги ҳолат энг таҳликалиси эди. Бир йиллик уринишлар ичида улар ҳужжатни ўн тўртта шаклда ёздилар. Вазирлик нима сабабдан ташкил этилганини ўзлари ҳам билмасдилар. Масалан, вазирлик томонидан сотиш учун бозор йўқлиги муаммоси баён қилинган, шу билан биргаликда, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсад қилиб олинганди. Ахир, бу бўлмағур гап-ку! Ишлаб чиқариш оширилса, лекин сотиш учун бозор мавжуд бўлмаса, муаммо янада чуқурлашади, холос.

Бендукидзенинг ўринбосарларидан бири бўлган Лежаванинг катта ҳиссаси қўшилган оғир меҳнат натижасида ўрта муддатли келажак учун мўлжалланган бешта устувор жиҳат барча вазирликлар томонидан баён қилинди, бу устуворликларни амалга ошириш шартлари ва бу йўлдаги мавжуд тўсиқлар келтирилди. Барча маълумотлар “Асосий маълумотлар ва йўналишлар” номи остидаги битта ҳужжатда жамланди. Бу ҳужжатдан бюджетни режалаштиришда ҳам фойдаланила бошлади.

Ривожланишнинг устувор йўналишлари баён қилинган ҳужжатлар вазирликлар томонидан илгари ҳам у ёки бу усуллар орқали яратилган. Лекин ак сарият ҳолларда бу ёзувларнинг асл ҳаётга умуман алоқаси бўлмаган. Масалан, иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни тугатиш дастури олти юзта устувор йўналишдан иборат эди. Бундай ҳолатда қандай қилиб бюджетни самарали режалаштириш мумкин? Лили Бегиашвили шундай эслайди:

Масалан, илгари, парламентда икки ойгача умуман маош бермасликлари мумкин эди. Саккиз ойлаб пул олмаганлар ҳам бор бўлиб, буларнинг барчаси бюджет камомади ёки бюджет секвестри (харажатларнинг мажбурий қисқартирилиши) билан оқланарди. Аслида эса бу бор-йўғи бир жиноий давлат эди, холос. Тасаввур қилинг – сиз қурилиш компанияси бўлсангиз ва таъмирлаш ишларини амалга оширсангиз-у, сизга секвестр туфайли пул тўланмаяпти. Бу, ахир, жиноят-ку!

Бюджетни режалаштиришнинг ўзига хос алгоритмини ишлаб чиқиш туфайли ягона давлат ёндашувини ташкиллаштириш имкони юзага келди. Бюджетдан иложи борича камроқ пул олиш ва режаланган барча харажатларни асослаб бериш тамойили қабул қилинди.

Албатта, баъзида эскича фикрлашлар ҳам учраб турарди. Бу ҳақда Бегиашвили шундай ҳикоя қилади:

Кейинги йил учун бюджет лойиҳасини тайёрлаётганимизда, менинг ёнимга қайсидир агентликдан келиб, бюджетни ошириш кераклигини айтишди. Сабабини сўрадим. Маълум бўлишича, улар янги “Нива” машинасини сотиб олишмоқчи экан. Ҳужжатларига назар солсам, ўтган йили ҳам “Нива” ёзилган экан. Нима учун яна сотиб олмоқчи эканликлари сабабини сўрадим. Улар эса эскиси бузилиб қолганини ва ҳар йили янги машина сотиб олишларини айтишди. Албатта, машина бир йилда бузилиб қолмайди, фақат бунгача ҳеч ким эътибор бермаган ва улар бамайлихотир яшаб келаётгандилар.

Бироқ қатъий назорат йўли билан барчасига барҳам берилди:

Бюджет масалалари бўйича ҳукумат сессиясида батони 4444
  Грузинчасига ҳурмат билан мурожаат қилиш.


[Закрыть]
Каха доим хусусий бизнес ҳимоячиси эди – унга нисбатан ортиқча йиғимлар ёки солиқлар қўлланилишига қаршилик қиларди. У ҳар бир рақамни текширадиган ягона вазир эди (шунингдек, Бош вазир ҳам бу ишни яхши кўрарди). Батони Каха унча катта бўлмаган калькуляторли мобил телефонини олиб, унда ҳар бир лойиҳани ҳисоб-китоб қиларди. Гўёки барчаси ҳал бўлгандек, лойиҳа деярли қабул қилингандек кўринар, лекин охир-оқибат Бендукидзе бошини кўтариб: “Бу ерда мана бундай рақам келтирилган. У нотўғри. Тўғри рақам бундай бўлиши керак”, дея сўз очарди. Ва ҳаммаси бошидан бошланарди.

Давлат бошқарувини ислоҳ қилишда айнан барча йўналишлар бўйича зарба бериш (шунингдек, кадрлар тозалови ҳам, иш тамойилини қайта кўриб чиқиш ҳам, бюджетни режалаштиришнинг ўзгариши ҳам) аниқ натижаларга эришиш имконини берди. Фақатгина бюрократияга барҳам беришнинг ўзи аслида ҳеч қандай амалий аҳамиятга эга эмас. Бошқа ислоҳотлар билан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмаса, барчаси (айниқса, давлат аппарати) яна тезда ўзининг асл ҳолатига қайтиши мумкин. Масалан, айнан ўша дамларда – 2004 йил мартда Россияда эълон қилинган маъмурий ислоҳотлар “Россия Федерацияси ҳукумати 2006 йилда федерал давлат хизматчилари, ташкилотлар ишчилари ва бюджет соҳасини ташкиллаштириш, шунингдек, унинг фао лият юритиши учун харажатлар ошишига олиб келувчи қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас” дея баён этилган 2006 йилги Федерал бюджет тўғрисидаги қонун4545
  Россия Федерациясининг 26.12.2005 да қабул қилинган №189-ФЗ сонли “2006 йил учун Федерал бюджет тўғрисида”ги қонуни, 36-1 моддаси.


[Закрыть]
билан қўллаб-қувватланганига қарамай, амалга ошмасдан қолиб кетди.

Россиядаги давлат хизматчилари сони 2004 йилга нисбатан 235 минг нафарга қисқаргани ҳақида ҳукумат томонидан 2006 йилда ҳам4646
  “Численность госслужащих в России сократилась за два года на 235 тысяч человек. Об этом сообщил сегодня руководитель аппарата правительства Сергей Нарышкин” // Официальный сайт телекомпании НТВ. 2006 йил 26 декабрь (www.ntv.ru/novosti/100548).


[Закрыть]
, 2007 йилда ҳам4747
  “Давлатнинг фуқаровий хизматчилари сони аниқ ортиб кетди… Ходимларнинг бир қисми давлат муассасаларидан бошқарув ҳокимиятининг ҳудудий органларига ишга ўтдилар. Лекин умуман олганда, мамлакатда давлат функциясини бажарувчи хизматчилар сони 235 минг нафарга қисқарди”. Вице-премьер Сергей Наришкин билан бўлиб ўтган интервью: Мы обязаны сохранить и развить то лучшее, что наработано СНГ (Известия. 2007 йил 9 июль (www. izvestia.ru/person/article3105958/)).


[Закрыть]
эълон қилинган умидли хабарларга қарамай, давлат ҳокимиятининг федерал органларидаги хизматчилар сони 2005 йилда 138,8 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2006 йилда яна қўшимча 61,7 минг нафарга ортгани ҳақидаги маълумот қуруқ қилиб баён этилган. Шуни таъкидлаш керакки, 2005 йилгидек, яъни бевосита ислоҳотлар давом этаётган даврдагидек кескин ўсиш Россия тарихида бирор марта – 1990 йилларда ҳам, 2000 йилларда ҳам кузатилмаган.

Қизиғи, 2003 йилда давлат бошқаруви, мудофаа ва ижтимоий таъминот секторларидаги бандлик ҳиссаси Россия ва Грузияда бир хил – 5 фоизни ташкил этган бўлса, 2007 йилга келиб мазкур кўрсаткич Грузияда 3,8 фоизга камайди, Россияда эса 5,3 фоизга ортди ва келгусида янада тезроқ кўпая бошлади (жадвалга қаралсин).


“Давлат бошқаруви ва ҳарбий хавфсизликни таъминлаш; мажбурий ижтимоий таъминот” секторидаги бандлик Россия ва Грузиядаги умумий бандликнинг қисми сифатида, 2003–2009 йиллар (%). Манбалар: Российский статистический ежегодник. 2009 йил, 136-саҳифа (www. gks.ru/bgd/regl/b09_13/IssWWW.exe/Stg/html1/05-05. htm); Россия в цифрах. 2010 (www.gks.ru/bgd/regl/ b10_11/IssWWW.exe/Stg/d1/06-03.htm); Statistical Yearbook of Georgia. 2009. Р. 43 (www.geostat.ge/indexphp?action=wnews&lang=eng&npid=2).


Янги давлат аппаратини яратиш – фақат минимум вазифа, холос, унинг ечими эса янги давлат хизматчилари кучи билан қолган барча соҳаларни ислоҳотларнинг кейинги босқичига ўтказиш имконини беради.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации