Электронная библиотека » Лариса Буракова » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Лариса Буракова


Жанр: Зарубежная образовательная литература, Наука и Образование


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 5 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Грузин намунасини ўрганишимдан мақсад – қандай нарсаларни ўзимизда қўллаш, қандайларини эса қўллаб бўлмаслигини аниқлаш эди. Лекин эришилган ҳар бир ютуқни грузинча ўзига хосликка йўяр, масалан, Россия ва Грузия орасидаги географик тафовутга кўра қабул қилишни одат қилиб олгандим. Лекин Саакашвилининг сўзларига кўра, мамлакатнинг улкан ўлчамлари ислоҳотлар учун тўсиқ эмас, аксинча, устуворлик ҳисобланади.

– Мамлакатни мукаммалликка яқинлаштира олдингизми?

– Ўйлашимча, менталитетни ўзгартира олдим. Бундан икки йил олдин инглиз тилини билмайдиганларга университет дипломини бермаслик ҳақида гапира олмаcдим. Мени тириклайин еб ташлаган бўлардилар. Ҳозир эса бу ҳақда гапириш мумкин. Буни талаб қилишдан мақсад шахсий фойда кўриш ёки инжиқлик эмаслигини, аслида узоқ келажакни ўйлаётганимизни халқ тушуниб етди. Барчамиз яшаб қола олишимиз учун жамиятга ёрдам бермоқчи эканлигимизни англаб етдилар. Бизга ишондилар. Бу жиҳатдан ҳозир ҳукумат катта кредитга эга.

Грузия носовет жамиятига айланмоқда. Бу йўналишдаги барча қадамлар аллақачон кўзга ташланиб улгурган.

Ислоҳотлар натижасини мустаҳкамловчи асосий омил менталитетдир. Авваллари чегаралар ни очамиз, Ғарбдан ўрганамиз ва қарангки, аҳвол яхшиланади, деб ўйлардик, лекин иш у қадар осон эмас экан. Мен ўз вақтида суд ислоҳотини амалга ошириб, барча судьяларни малака ошириш учун Ғарбга жўнатдим. Кимларнидир бир ҳафтага, кимларнидир ярим йилга. Лекин тизим эскилиги ва коррупциялашгани туфайли улар Ғарбдан қайтиб, яна шу тизимга сингиб кетдилар. Шунчаки энди немис ёки инглиз тилини билардилар, холос. Шундай экан, таълимга йўналтириш ёки бошқа чоралар ўз-ўзидан менталитетни ўзгартириб қўя олмайди. Фақатгина ҳаммаси бир йўналишда ҳаракатлансагина менталитет ўзгаради.

– Яна нималарни амалга ошириш керак?

– Иқтисодий нуқтаи назардан, ҳозир давлат харажатларини максимал равишда камайтириш ва хусусий секторга ҳосил бўлган бўшлиқни тўлдириш имконини бериш керак, деб ҳисоблайман. Акс ҳолда, йиллик иқтисодий ривожланиш натижаларида икки хонали сон кўрсаткичига эриша олмаймиз. Бу қайғули, чунки агар давлат бирор вазифани амалга оширишга бел боғласа, у бу ишни хусусий секторга қараганда тезроқ ва яхшироқ амалга оширади. Лекин бу аслида меъёрий ҳол эмас, чунки у ташаббусни ўлдиради. Албатта, яқин келажак учун қайғурганда, бу бизга фойдали, шу қаторда ёқимли ҳам, лекин барибир тезликни пасайтиришимиз ва хусусий секторга ташаббус кўрсатишлари учун имкон беришимиз керак.

– Шундай қилиб, сизнинг фикрингизча, Грузия муваффақиятга қандай эришди?

– Биз буни жуда хоҳлагандик, барчамиз шунинг устида ишлагандик. Шу билан бирга, ҳали ўз мақсадимизга етмадик. Лекин ҳар қандай ҳолда ҳам ҳаракат бошланди. Ҳозир ҳаракат ҳамма соҳада бўляпти. Менталитет ўзгаряпти. Одамлар янги ўйин қоидаларини қабул қиляпти. Одамлар ишлаяпти, улар бу жамиятда ўзлари учун ҳам ўрин бор эканига ишонган. Инқилоб дегани байроқни силкитиб кўчага чиқиш эмас, – бу ҳодиса бир неча кунгина давом этиши мумкин. Энг асосий жараёнлар кейин келади. Ҳар куни тер тўкиб ишлаш, шу қаторда, ўз машҳурлигингни ислоҳотлар учун сарф этишинг керак. Машҳурликка эришиш шунчаки бир мақсад эмас. Машҳурлик ўткинчидир, айниқса, сен аллақачон амалдаги сиёсатчи бўлмасанг. Шунинг учун машҳурликни ислоҳот учун ишлатиш зарур.

Ҳақиқий ислоҳотлар ички қувватни ташқарига чиқаради. Ички қувват аслида инсонни биров бошқарганида эмас, балки ўз-ўзини бошқаргандагина юзага чиқади. Бусиз муваффақият бўлмайди.

• Иккинчи боб •
Янги мамлакатнинг пайдо бўлиши

1991 йил, 31 мартда Грузия ССРда бўлиб ўтган референдум иштирокчиларининг 98,9 фоизи давлат мустақиллигини тиклаш учун овоз берди. Орадан тўққиз кун ўтибоқ, Грузия Олий совети тегишли расмий қарор қабул қилди. Шундай қилиб, Грузия давлати Литвадан сўнг иккинчи бўлиб Совет Иттифоқидан чиқди ва ўша йилнинг 11 мартидаёқ мустақиллигини эълон қилди.

1991 йил, 9 апрелдан – Тбилисидаги қайғули воқеалар2727
  Заключение комиссии Съезда народных депутатов СССР по расследованию событий, имевших место в Тбилиси 9 апреля 1989 года (sobchak.org/rus/docs/zakluchenie.htm). О результатах расследования тбилисских событий 9 апреля 1989 года. Генеральный прокурор СССР Н.С. Трубин (www.warandpeace.ru/ru/ analysis/view/16942).


[Закрыть]
– ИИВ ва Мудофаа вазирлиги қўшинлари томонидан ваҳшиёна тарзда тарқатиб юборилган митинг, бунинг оқибатида 19 киши ҳалок бўлгани, юзлаб одамлар жароҳатлангани, минглаб инсонларнинг заҳарловчи воситалар таъсирига дучор бўлгани каби ҳодисалардан роппа-роса икки йил ўтиб, суверен Грузиянинг янги тарихи бошланди.

Пойтахтдаги ўша муҳлатсиз митинг Абхазиянинг Лихни қишлоғида бўлиб ўтган 30 минг кишилик йиғилиш вақтида Абхазиянинг Грузиядан ажралиб чиқиши ҳақида киритилган таклифга жавобан бутун мамлакат бўйлаб бўлиб ўтган оммавий чиқишлардан сўнг ташкил этилган эди. Барчага маълумки, Грузиянинг яхлитлиги муаммоси ўша вақтда ҳам, кейин ҳам ўз ечимини топмади. Лекин нафақат митинг, балки унинг тарқатиб юборилиши ҳам иттифоқ, ҳам маҳаллий ҳокимиятга бўлган ишончнинг батамом йўқолишига олиб келди.

Грузин миллий ҳаракати йўлбошчиси, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Грузиянинг Хельсинки гуруҳи таъсисчиларидан ва 1989 йилги апрель митинги ташкилотчиларидан бири Звиад Гамсахурдия 1990 йил ноябрда Грузия Олий совети раиси, 1991 йил майда эса 87 фоиз овоз олган ҳолда Грузиянинг биринчи Президенти этиб сайланди. Ўзининг қисқа муддатли президентлиги даврида Гамсахурдия Грузия-Жанубий Осетия зиддиятини янги босқичда янада кучайтириб юборди ва деярли фуқаролик урушининг келиб чиқишига сабаб бўлди. 1991 йил декабрда Грузия қуролли қўшинлари сафига кирувчи Миллий гвардиянинг Тенгиз Китовани қўмондонлигидаги қисмлари ва Жаба Иоселиани бошчилигидаги “Мхедриони” ҳарбий миллатчилик отрядлари томонидан кўтарилган қўзғолон натижасида Гамсахурдия бошқарувига барҳам берилди. Артиллерия ва танклар билан амалга оширилган тўқнашувларда икки ҳафта ичида Тбилисининг стратегик объектлари қўлга киритилди, парламент биносига ҳужум уюштирилди, Звиад Гамсахурдия эса мамлакатдан қочиб кетди.

Ҳокимият Ҳарбий кенгаш қўлига ўтди. Тез орада у Грузия Давлат кенгаши сифатида қайта шаклланди, Грузия ССР Компартияси собиқ биринчи секретари Эдуард Шеварднадзе 1992 йил 10 мартда кенгаш раҳбарлигига келди. У 1995 йилгача парламент раиси сифатида, кейин эса 1995 йил 5 ноябрдаги сайловларда 72,9 фоиз овоз олган ҳолда, Президент сифатида мамлакат раҳбарлигида қолди.

Қочқинда ўтказган бир йилидан сўнг мамлакатга қайтган Гамсахурдия қувғиндаги ҳукуматни бошқаришга киришди. Звиадчилар деб номланган унинг тарафдорлари Ғарбий Грузия ва Абхазия шаҳарларини эгаллаган ҳолда, партизанлик ҳаракатини давом эттирдилар. Лекин 1993 йил ноябрда звиадчилар эгаллаган барча ҳудудларни амалдаги ҳукумат қўшинлари қайта назоратга олди. Звиад Гамсахурдия эса 1993 йил 31 декабрда ўз жонига қасд қилиб, ҳаётига нуқта қўйди (ўз жонига қасд қилиш факти ҳалигача шубҳа остида бўлиб келмоқда).

Тенгиз Китовани 1995 йилда қўлга олинди ва ноқонуний қуролли уюшмалар ташкил этгани учун беш йил қамоқда ўтирди. Қаршиликнинг асосий ташкилотчиларидан яна бири, ўша вақтга келиб тақиқланиб улгурган “Мхедриони” отрядлари бошлиғи – Жаба Иоселиани ватанга хиёнати, президентга суиқасд уюштиргани ва бир қатор қотилликлари учун 1998 йилда 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Лекин 2001 йилда (вафот этишидан икки йил олдин) Шеварднадзе томонидан афв этилди.

Сиёсий тангликнинг барҳам топиши Грузияга осойишталик олиб келмади. Сиёсий инқироздан ижтимоий-иқтисодий инқироз келиб чиқди ва Шеварднадзе ўз бошқаруви вақтида инқирозни бартараф эта олмади. Ўзининг президентлигига у қуйидагича баҳо беради: “2003 йилда истеъфога кетганимда, вайрон этилган Тбилиси қайта тикланган, Европа интеграцияси жараёнида аллақачон Грузия иштирок этишга уринаётгани сиёсий факт бўлиб улгурганди. Боку–Тбилиси–Жейхан нефт қувури қурилиши жадаллик билан давом эттирилаётганди. 2003 йилга келиб Грузия мустақил парламентга ва мустақил, ислоҳ қилинган суд тизимига, эркин матбуот ва нодавлат ташкилотларнинг етарлича кенг тармоғига эга эди”2828
  Шеварднадзе Э. “Когда рухнул железный занавес”. Встречи и воспоминания. М.: Европа, 2009.


[Закрыть]
.

Менинг фикримча, бу ерда экс-президент берган баъзи баҳоларнинг баҳсли эканлиги эмас, балки бу баҳоларнинг телеграф хабари кўринишида эканлиги диққатни ўзига тортади: деярли ўн йилдан ортиқроқ мамлакатни бошқариш жараёни фақатгина учта хатбошидан иборат матнда жо бўлган.

2003 йил, 2 ноябрдаги парламент сайловлари натижаларини қалбакилаштиришга қарши чиққан Саакашвили бошчилигидаги мухолифатчилар қўлларида атиргуллар тутган ҳолда парламент биносини эгаллаб олдилар. Бу воқеа мамлакат ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган Атиргуллар инқилобининг бошланиши бўлди.

Эътиборга арзигулик ўхшашликни қаранг: Шеварднадзе президентлик лавозимини тарк этган кун грузинлар байрам қиладиган 2003 йил, 23 ноябрга – Грузиянинг ҳимоячиси муқаддас Георгий кунига тўғри келди (бу байрам йилда икки марта – 23 ноябрда ва 6 майда нишонланади).

2004 йил, 4 январда 96 фоиз овоз тўплаган Михаил Саакашвили президентлик сайловининг биринчи босқичидаёқ ғолиб чиқди.2929
  2004 йил 4 январдаги Грузия президенти сайловида рўйхатга олинган 1,7 миллион сайловчидан 1,68 миллион киши қатнашди (ўша пайтда Грузия аҳолиси 4 миллиондан сал ортиқроқ эди). Сайловда иштирок этиш 87,97 фоизни ташкил этди. Грузия МСК маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 96,27 фоизи “Умуммиллий ҳаракат” йўлбошчиси Михаил Саакашвили учун овоз берди. Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа кенгаши сайлов жараёнида ҳеч қандай жиддий қонунбузарликларни қайд қилмади.


[Закрыть]
Аввалига ноаниқ бўлган ҳиссиётлар тез орада ишончга айланди: янги Грузия бунёд бўлди. Аввалги тузум тугаганига шубҳа қолмаслиги учун ҳукумат раҳбарияти давлатнинг барча рамзларини ўзгартирди: 2004 йил январда янги байроқ, майда янги мадҳия, октябрда янги герб тасдиқланди.

Ажабланарлиси, муқаддас Георгий кунининг иккинчи марта байрам қилиниши ҳам тасодифсиз ўтмади. Ажария Автоном Республикасининг якка ҳукмрон раҳбари Аслан Абашидзе 2004 йил 6 майда истеъфо берди ва Грузияни тарк этди3030
  2004 йил 6 майда Батумига келган Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Игорь Иванов Абашидзени Москвага олиб кетди.


[Закрыть]
. Унинг дахлсизлик кафолати эвазига кетиши натижасида оммавий қуролли зиддиятнинг олди олинди. Қон тўкишларсиз ўтган иккинчи инқилоб марказий ҳокимиятга мухторият устидан назоратни қайтариб берди. Президент Саакашвили сўзлари билан мазкур инқилоб “Аслан Абашидзе қочиб қолди, Ажария озод бўлди!” дея ифодаланган эди3131
  Сепашвили Г. “Абашидзе ‘сбежал’” // Civil Georgia. 2004 йил 6 май (www.civil.ge/rus/article.php?id=5184).


[Закрыть]
.

Абашидзе режимининг қулаши ягона давлат тизимини шакллантиришга, бутун мамлакатни мажбуран модернизация қилишга киришиш имконини берди. Саакашвили қуйидагича эслайди:

Грузияда жиноий гуруҳлар назорат қилинмаган дамлар ҳам бўлган. Бу даврларда қонун чиқарувчи амалдорлар ўғирлик билан шуғулланган бўлсалар, ўғрилар мамлакатда ўз қоидаларини ўрнатган эдилар. Шундай даврлар кечганки, коррупция нафақат ягона ҳамкорлик, балки ягона фикрлаш шакли сифатида намоён бўлган, у вақтларда қонун бузилиши учун белгиланган ҳақ мавжуд бўлгани туфайли ҳам қонун мавжуд эди. Гарчи қонунга ҳеч ким риоя қилмаса-да, шундоқ ҳам қаттиқ бўлган қонунчилик янада қаттиқлаштирилди. Сўнг Атиргуллар инқилоби содир бўлди, бир вақтда иқтисодий-сиёсий инқилоб бошланди… биз тартибга солувчи иқтисодиётдан воз кечиб, либерал иқтисодиёт йўлидан боришимизни эълон қилдик.

“Биз” – Шеварднадзе президентлиги давридаёқ ҳокимият тизимларида шакллана бошлаган ёш ислоҳотчилар жамоаси.

2001 йилгача парламентга раислик қилган Зураб Жвания, 2001 йилдан кейин мазкур лавозимни эгаллаган Нино Буржанадзе ва парламентнинг юридик қўмита раиси Михаил Саакашвили (1996 йилдан) биргаликда инқилобий ҳаракатни бошқарган учлик иттифоқини ташкил этдилар. Иқтисодий сиёсат ва ислоҳотлар бўйича қўмитаси раиси Вано Мерабишвили (2000 йилдан), молия вазири Зураб Ногаидели (2001–2002 йилларда) кейинчалик ислоҳотларни амалга оширишда асосий шахсларга айландилар.

“Ўзининг советларга хос ўтмиши ва тажрибасига кўра, Шеварднадзе бир нарсани яхши англаб етди: у ўзидан кейин ҳокимиятга мамлакат билан биргаликда баробар ривожланишга тайёр инсонлар келиши учун ҳам кетиши керак. Ва у шундай қила олди”, – дейди қатъият билан 2002–2006 йилларда БМТда Грузия элчиси лавозимида ишлаган Реваз Адамия.

“Биз” – Грузия сиёсий саҳнасидаги бутунлай янги ўйинчилар.

Сакаашвили Президент эканлиги ҳақидаги биргина факт билан совет номенклатураси тоифасига тегишли бўлмаган инсонларни ҳокимиятга жалб эта олди. Ғарбда касбий таълим олган бу ёшлар янги турдаги бошқарув элитасининг шаклланишига йўналиш бердилар.

Атиргуллар инқилоби туфайли бутун дунё бўйлаб сочилиб кетган амбицияли грузинлар ўз билимлари ва тажрибаларига мамлакатда талаб борлигига аввал ишондилар, сўнгра эса қаноат ҳосил қилдилар.

Кўплар Грузияга бошқа мамлакатлардан таклиф этилди.

Екатерина Шарашидзе АҚШда ўн беш йил яшаб, Ҳарвард университети ва Массачусетс технологиялар университети бизнес-мактабида таҳсил олганидан сўнг Грузияга қайтганди. Аввалига у Грузия Президентининг иқтисодий ривожланиш ва тўғридантўғри хорижий сармоялар бўйича махсус маслаҳат чиси, сўнгра – 2006 йил ноябридан 2009 йил декабригача – Президент маъмурияти раҳбари (2008 йил, февраль–декабрь ойларида у иқтисодий ривожланиш вазири бўлиб ҳам фаолият кўрсатган) лавозимларида ишлади.

Давид Чантладзе 1999 йилда яшаш учун Лондонга кўчиб кетганди, у ерда Лондон иқтисодиёт мактаби магистратурасини тамомлаганидан сўнг молия тизимида ишлаган. Инқилобдан кейиноқ Грузияга қайтди: “Дўстларим мендан қайтишимни сўрагандилар, улардан бири адлия вазири эди. Ўша вақтда хориж университетларини тамомлаган, ғайрат-шижоатли ва бутунлай янги мамлакат қуриш истагидаги барчани чорлагандилар”. Аввалига у солиқ кодексини ислоҳ қилиш бўйича комиссия аъзоси, сўнгра давлат амалдори сифатида ўзгаришларда иштирок этди. 2005 йил мартда атроф-муҳит ва табиий ресурсларни ҳимоя қилиш вазирининг биринчи ўринбосари, 2007 йилда эса шу соҳа вазири этиб тайинланди.

Бу каби ватанга қайтганлар кўп бўлди. Натижада янги бошқарув тизимининг аксарияти илгари ҳеч қачон ҳокимиятга интилмаган инсонлардан ташкил топди.

Масалан, давлат хизматида мансаб пиллапояларидан жуда тез кўтарилган Грузия даромадлар хизмати бошлиғи Георгий Цхакая шундай эслайди: “Агар менга Шеварднадзе даврида давлат лавозимларидан бирини эгаллашимни айтсалар, бу гапни айтган кимсага тарсаки туширган бўлардим, чунки у вақтларда бундай хаёлга боришнинг ўзи одобсизлик саналарди!”

Бош вазирнинг айни даврдаги бош маслаҳатчиси Вато Лежава мутахассислиги бўйича архитектор. У ҳам кўнглидан шундай ҳис ўтганини айтади – Атиргуллар инқилобидан кейин “ғалати ва тасодифий равишда”

давлат амалдорига айланган: “Ҳеч қачон давлат ишида ишлаш ҳақида орзу қилмаганман, шундай бўлган тақдирда ҳам, фаолиятим бугунгача – беш йил давом этиши хаёлимга келмаган”.

“Кўплар сиёсатга бизнесдан, шунинг билан биргаликда, асосан бошқа мамлакатдан кириб келдилар, – изоҳлайди Екатерина Шарашидзе, – шунинг учун биз ислоҳотларга бюрократия кўзи билан эмас, балки бизнес кўзи билан, ҳаттоки хорижлик кўзи билан қарардик”.

2004 йил 1 июнда муваффақиятли рус бизнесмени Каха Бендукидзенинг иқтисодиёт вазири этиб тайинланиши хусусий соҳадан давлат хизматига ўтишнинг энг ёрқин намунаси бўлди, дейиш мумкин.

Каха Бендукидзе

1956 йил, 20 апрелда Тбилисида туғилган.

1977 йилда Тбилиси давлат университетининг биология факультетини, 1980 йилда М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети аспирантурасини тамомлаган. 1985 йилда Москвага кўчиб ўтган ва Биотехнология институти қошидаги лабораторияни бошқарган.

1988 йилда “Биопроцесс” уюшмасини ташкил қилган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини бошлаган. 1996 йилда оғир саноат соҳасига тегишли бўлган “Бирлашган машинасозлик заводлари” (БМЗ) машинасозлик компаниясини ташкил этган, компаниянинг директорлар кенгаши раиси ва бош директорига айланган.

Бир вақтнинг ўзида Россия саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасига (РСТУ) вице-президентлик қилган ҳолда солиқ ва бюджет сиёсати бўйича қўмитани бошқарган.

2004 йил февралида БМЗ бош директори лавозимидан истеъфо берган. 1 июнда Тбилисига қайтган ва Грузия иқтисодиёт вазири вазифасига тайинланган. 2004 йил август-декабрь ойларида иқтисодий ривожланиш вазири сифатида фаолият юритган, сўнгра Ислоҳотларни мувофиқлаштириш бўйича давлат вазири этиб тайинланган. 2008 йил, 30 январдан 2009 йил, 7 февралгача Грузия ҳукуматининг иш юритиш бўлими бошлиғи сифатида ишлаган.

Унинг ўзи бўлиб ўтган воқеаларни қуйидагича хотирлайди:

2004 йил февралида БМЗ бош директорлигидан истеъфога чиқдим. Ҳалиям қандайдир ишлар бор эди, лекин энди ҳар куни қарор қабул қилишдан озод бўлгандим. Олий иқтисодиёт мактабига кўпроқ эътибор беришга киришдим. 3232
  Давлат университети саналадиган Олий иқтисодиёт мактабининг профессори сифатида Бендукидзе талабалар учун маҳорат дарслари ўтказар, турли мамлакатларнинг бизнес ва давлат ҳокимияти вакиллари билан учрашувлар ташкил қиларди.


[Закрыть]
Нима билан шуғулланишим мумкинлиги ҳақида ўйлай бошладим. Май-июнь ойларида денгиз соҳилидан уй олиш учун Францияга, Испанияга боришни режалай бошладим, каталоглар қарашга киришдим. Шунда тўсатдан менга Аркадий Вольский 3333
  Вольский 1992 йилдан 2005 йилгача Россия саноат ишлаб-чиқарувчилари ва тадбиркорлари уюшмаси бошлиғи вазифасида ишлаган.


[Закрыть]
қўнғироқ қилиб, бирга Грузияга боришимиз кераклигини айтди. Мен бошқа режаларим борлигини билдирдим. У “Қўйсангчи, бизни тушунишинг керак, сенсиз нима қила оламиз? – дея ўз гапини ўтказди. – Ҳаммамиз борамиз. Саакашвили таклиф қилган, Путин маъқуллади. Барча нарса тайёр, бизга чартер буюртма қилинган. Илтимос қиламан, сенсиз жуда ноқулай бўлади”.

Бунгача Грузияга деярли бормагандим. Нега? Чунки мамлакатда электр энергияси йўқ, сув таъминотида доимий узилишлар бўлиб турар, барчаси бетартиб эди… Қариндошларим ва дўстларим менинг уйимга келардилар.

Яхши, бораман, дея ўйладим. Шаҳар чанг, кўчалар аянчли ҳолатда, электр чироқлари ёнмаслигига қарамай, нимадир ўзгарганини ҳис қиламан. Симпозиум бўлиб ўтмоқда 3434
  2004 йил 27–28 майда Тбилисида биринчи рус-грузин иқтисодий форуми бўлиб ўтган.


[Закрыть]
, қатнашчиларидан бири – ўша пайтлардаги ички ишлар вазири (Георгий Барамидзе) эълон қиляпти: бўлди, Грузияда уюшган жиноятчиликка чек қўйилади. Юқори амалдаги “суянчиқлар” бўлмайди. Давлатнинг ўзи “суянчиқ”дир. Барака топ, дейман хаёлимда. Қани энди, буни амалга ҳам ошира олса!..

Шунда кутилмаганда Президент маъмурияти бошлиғидан қўнғироқ бўлиб қолди: Президент сиз билан учрашишни ва иқтисодиётда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида фикрингизни билишни хоҳлаяпти, деди. Учрашдик. Саакашвили сўради: – Иқтисодий дастуримиз ҳақида қандай фикрдасиз?

Шу ўринда айтиб ўтишим керак – симпозиумда иқтисодиёт вазири ҳам иштирок этганди, лекин унинг дастури худди Леопольд исмли мушукники каби эди: озроқ хусусийлаштирамиз, давлат корхоналари янада яхшиланиши учун уларни ҳам мустаҳкамлаймиз, – бу жойини тўғрилаймиз, у жойини тўғрилаймиз… – Дастур яхши, – дедим, – лекин Грузия учун эмас, бошқа бир мамлакат учун яхши.

– Умуман олганда, иқтисодиёт учун нима керак? – Яхши суд тизими, барқарор ишлайдиган қонунлар бўлса етарли, шунда ҳаммаси жойида бўлади.

– Лекин суд тизими осон иш эмас, – жавоб беради Саакашвили, – адлия вазири бўлган вақтимда бу билан шуғулланганман. Бу узоқ йилларга чўзиладиган иш. Иқтисодий дастурга келсак, менинг фикримча ҳам бундай дастуримиз йўқдек, барчаси жуда секинлик билан амалга оширилаётгандек туюляпти. Ислоҳотлар амалга оширилмаётганидан ҳам норозиман. Бош вазир билан гаплашиб олишингиз керак. Бош вазир Зураб Жвания билан учрашдик. Тўрт соатча суҳбатлашдик, Грузиянинг ўзига хослиги нимада эканлигини муҳокама қилдик. Мамлакат қанчалик кичкина бўлса, ташқи дунё учун шунчалик очиқ бўлиши керак, чунки бундай мамлакат ҳақиқатан ҳам савдо марказига айланиши мумкин, уни саноатлаштириш эса қийинроқ кечади, лекин бу жараёнга ҳам тўсқинлик қилмаслик керак, дея тушунтирдим. – Ўзингиз қандай таклиф бера оласиз? – қизиқди Бош вазир.

– Бошқа мамлакатлардаги бир қанча машҳур ислоҳотчиларни айтишим мумкин, – дея жавоб бердим, – биз шу инсонлар билан биргаликда вақти-вақти билан йиғилишимиз ва сизларга маслаҳатлар беришимиз мумкин.

– Маслаҳат бериш – яхши, албатта. Лекин ҳар куни бу маслаҳатларни ким амалга татбиқ қилиши керак?

– Биласизми, фикримча, Иқтисодиёт вазирлиги аслида жуда шарт эмас. Асосийси, эркинлик нима эканини тушунадиган инсон бўлса кифоя. – Шундай инсонлардан бирини биламан, лекин…

Бош вазир ўйланиб қолди ва ўша заҳотиёқ сўради: – Ўзингиз вазир бўлишни хоҳламайсизми? – Ўйлаб кўрмаган эканман, – дея жавоб бердим. – Агар мен таклиф қилсам-чи?

Ўн-ўн беш сония ўйладим:

– Мен ҳам бўлишим мумкин.

– Жуда ажойиб! Президентнинг олдига борамиз. Кейинги куни учрашдик.

Суҳбат давомида таъкидладим:

– Умуман олганда, ишларимни тамомлашим учун менга вақт керак. Бир ярим-икки ой бера оласизларми?

– Қанақа бир ярим-икки ой?! – ҳайрон бўлди Президент. – Бир ярим-икки кун десангиз, тушунишим мумкин!..

– Ие, бу қанақаси бўлди? – дедим.

– Энди кеч, – жавоб берди Президент, – ишлаш керак!

Бугун маълумки, 2003 йил ноябрдаги Атиргуллар инқилоби фақатгина муқаддима экан. Янги мамлакатни қуриш йўллари ва услубларини танлаш ҳақиқий инқилоб бўлди. Чунки бошқа вариантлар ҳам йўқ эмасди.

Грузиянинг Россиядаги собиқ элчиси, Шеварднадзе вақтида мухолиф “Рустави-2” телеканали асосчиси бўлган, инқилобдан сўнг бир йил Грузия Савдо-саноат палатасига президентлик қилган ва кейинчалик жорий грузин ҳукуматига нисбатан мухолифат йўлини танлаган Э. Кицмаришвили мамлакатни ривожлантириш бўйича хоҳишларини шундай тавсифлайди:

(Инқилоб) йўлбошчиларидан бири эдим, лекин сояда қолиб кетдим, чунки амал, мансабга даъвогарлик қилмагандим. Мен вазиятни ҳокимиятга эришган инсонларга нисбатан бошқача кўрардим.

…Лекин аввалбошида грузин-рус муносабатларининг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий таркибий қисмлари билан боғлиқ қарашлар жуда ижобий эди. Февраль ойида (2004 йил) Россияга биринчи марта сафар қилган Саакашвили билан учрашиш учун барча рус олигархларининг 60 фоизи келганди: (Анатолий) Чубайс, (Владимир) Потанин, (Олег) Дерипаска, (Владимир) Евтушенков ва кўплаб бошқалар шу ерда эдилар. Яъни катта пуллар тикилганди.

Қарашларим тадрижий эди. Бизнес одамиман, иқтисодиёт муаммоларини амалий жиҳатдан биламан. Назариячи бўлмаганим туфайли бу каби ишлар билан шуғулланадиган, тизим ярата оладиган йирик назариётчи олимларни таклиф этишимизга умид қилгандим.

Бу концепция беш йиллик режалар, иқтисодиётнинг ҳаракатга келиши учун рельс ва тўсин вазифасини ўтаб берувчи инқироз кабинетини яратишни кўзда тутарди. Сўнгра бу инсонлар ўз келажакларини бемалол таъминлаган ҳолда сиёсатдан бутунлай кетишлари керак эди. Мана бу ҳақиқий тизимли ёндашув бўларди ва кўплаб донорлар мазкур ёндашувни қўллаб-қувватлашга тайёр эдилар.

Айтгандек, бу борада ҳатто Егорь Гайдар билан музокараларга киришгандим.

Натижада, Кицмаришвилининг сўзларига кўра, сиёсий ҳамкорлари уни ўзлари учун қандайдир маънода хатарли деб ҳисобладилар, бунда айнан Бендукидзенинг келиши ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Афтидан, Бендукидзе ҳам ўша томондан – “рус олигархлари” муҳитидан келгандек туюлади, лекин унинг мафкураси жуда либерал кўринишда эди: унинг фикрича, давлат ўзига қатъий тегишли бўлмаган ва яхши уддалай олмаётган вазифалардан воз кечиши лозим. Лежаванинг таъкидлашича, бу каби мафкура “ҳокимиятнинг микроконъюнктураси”га айланган ҳолда “урфга айланиб” ҳам улгурган эди: жамиятнинг шу каби инсонлари хатти-ҳаракатлари туфайли парадигма ўзгара бошлаганди”.

“Инсон барча нарсалар учун меъёрдир. Шу сабабдан ислоҳотларга нисбатан бизнинг асосий ёндашувимиз – ўзгараётган дунё марказига инсонни жойлаштириш, унинг мазкур дунёни ўзгартиришига ва мустақил қарор қабул қилишига халақит бермасликдир”3535
  2004 йил, 10 декабрда Стратегик ишланмалар марказида бўлиб ўтган, Стратегик тадқиқотлар марказининг беш йиллигига бағишланган “Иқтисодий ислоҳотлар: русча кун тартиби ва жаҳон тажрибаси” конференциясида Бендукидзенинг нутқидан стенограмма (www.old.csr.ru/_upload/editor_files/file0056.doc).


[Закрыть]
, дея ишонади Бендукидзе.

Бутун Грузиянинг бюджети Бендукидзенинг компанияси бюджетидан камроқ эди3636
  2003 йилги Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартига (МҲХС) кўра БМЗнинг фойдаси 546,2 миллион долларни (www.omz.ru/media/about-company/corporate/statements/OMZ_2003_FS_Eng.pdf), Грузия марказий бюджетининг ўша йилги даромади 434,9 миллион долларни ташкил этган (Грузия Молия вазирлиги маълумотларига кўра: www.mof.ge/en/3992 га қаранг).


[Закрыть]
, бу эса давлатнинг самарасизлигини кўрсатувчи сабаблардан фақат биттаси эди. Янги иқтисодиёт вазири энг радикал воситалардан фойдаланган ҳолда давлатнинг самарасизлигига қарши курашга киришди, натижада ҳеч қанча ўтмай, “Бульдозер” лақаби билан атала бошлади.

2004–2008 йилларда Бендукидзе аппарати учун кадрлар танлаш билан шуғулланган Михаил Иашвили шундай эслайди:

Каха – ҳар қандай давлат деворларини ёриб ўта оладиган инсон. Яна у ақлини ишлата олиш, ишлатганда ҳам жуда яхши ишлатишга одатланган кучли феъл-атвор соҳиби. Ай тиш мумкинки, ҳукм ўтказадиган, қаттиққўллик хусусиятлари бор. Ислоҳотларни амалга ошира оладиган қобилиятли кишилар ҳар доим кераклигини яхши тушунасиз. Лекин шундай шахс ҳам мавжуд бўлиши керакки, у юқорида айтилган қобилиятли инсонларни энг асосий жойларга тайинлаш ва зиён етказилишидан сақлаб қолиши керак – чунки улар маълум бир тоифали ҳамда жуда кучли кишиларга халақит беришлари турган гап.

Кўпинча Бендукидзени ОАВ “кулранг кардинал” деб таърифлайди. Аввалига иқтисодиёт вазири, сўнгра ислоҳотлар бўйича давлат вазири, ундан кейин – Давлат иш юритиш бўлими бошлиғи, қандай вазифада бўлмасин, ҳаттоки давлат хизматидан истеъфога чиққанидан сўнг ҳам, унга давлат сиёсатига таъсир ўтказа оладиган инсон ўрнида қаралади.

Жорий ҳокимиятнинг доимий танқидчиси, 1994–2000 йиллардаги иқтисодиёт вазири Владимир Папава ҳаттоки “бендуклар” деган махсус атама ўйлаб топди ва шу орқали Бендукидзе жамоасини “рангсиз” ва “ўз хусусиятига эга бўлмаган” дея ҳақоратомуз тавсифлади: “Бу инсонлар Бендукидзенинг фикрларини намуна қилиб олганлар. Улар ўз шахсий тамойилларига эга эмаслар”3737
  www.papava.info/publications/vin_arian_patara_bendukebi.pdf (грузин тилида).


[Закрыть]
.

Мен ўзларини жон деб “бендуклар” деб атайдиган ва ҳаттоки “Facebook” ижтимоий тармоғида махсус гуруҳ ташкил қилган3838
  www.facebook.com/group.php?gid=122223599350 (грузин тилида).


[Закрыть]
инсонлар билан танишман3939
  “Бендуклар” гуруҳидагилар тавсифларига www.larisaburakova.com сайтида кўз югуртириш мумкин.


[Закрыть]
. Мазкур гуруҳга Бендукидзе билан ҳеч қачон бирга ишламаган, лекин унинг мафкураси, шу каби ҳаёт тарзи тарафдори бўлганлар ҳам қўшилган.

Бендукидзе жамоасидаги ғайрат-шижоатли, меҳнатсевар ёшлар ўзларининг қатъиятлари, ҳаётни яхшилашга бўлган хоҳишлари ва интилишлари, катта натижаларга эришилган бўлса-да, шу билан тўхтаб қолмасликлари туфайли ҳурматга лойиқлар.

Давлат ҳаёт сифатини яхшилашни кўзлаган – Грузияни 2003 йилгача кўрган ихтиёрий одамга бу ўзгаришлар яққол кўринади. Уйларда электр чироқлари ёняпти, бутун мамлакат бўйлаб замонавий йўллар қуриляпти, бутун-бутун шаҳарлар янгиланяпти. Давлат ўз олдига аҳолининг амалдорлар билан ҳар қандай муносабатларини осонлаштиришни мақсад қилиб қўйган – давлат органлари билан бундай осон мулоқотга эришилгани ҳайратга солади, айниқса, собиқ Совет Иттифоқидан ажралиб чиққан қўшнилар учун бу ҳақиқатан ҳайратланарли эди.

Бугун саноқли сониялар ичида мамлакатга кириш визасини олиш (олтмишдан ортиқ давлатлар учун эса виза умуман талаб қилинмайди), хорижга сафар учун паспорт олиш ёки мамлакат ичкарисида шахсни тасдиқловчи гувоҳномага эга бўлиш, машина савдосотиғи тўғрисида келишувни расмийлаштириш, хусусий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, мулкка эгалик ҳақида маълумотномага эга бўлиш (тўғри маънода!) мумкин.

Беш йил ичида етмишдан ортиқ ислоҳотларга қўл урилди. Болгариянинг амалдаги молия вазири – “Doing Business” Жаҳон банки рейтинги асосчиси Симеон Дьянковнинг сўзларига кўра, охирги эллик йил ичида Грузиядан ташқари ҳеч қандай мамлакатга турли соҳаларда бу каби чуқур ва тезкор ислоҳотларни амалга ошириш насиб этмаган.4040
  USAID. Key Results Achieved by the USAID-Government of Georgia Business Climate Reform Partnership. Tbilisi, 2009. Р. 4.


[Закрыть]
USAID ташкилотининг баҳолашича, худди шунга ўхшаш ҳодисалар 1960-йилларда Сингапурда, 1970-йилларда Жанубий Кореяда, 1980-йилларда Ирландияда, 1990-йилларда Эстонияда ва 1998–2002 йилларда Словакияда юз берган.

Грузиядаги ислоҳотларга турлича қараш мумкин. Улардан ўзим учун “бендуномика”нинг уч дарсини ўзлаштирдим. Шубҳасиз, мазкур дарслар янги грузин ҳукумати қўллаган усуллар рўйхатининг ҳаммаси эмас, лекин бу дарслар Грузиядаги барча кейинги ўзгаришларнинг асосини ташкил этади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации