Электронная библиотека » Лариса Буракова » » онлайн чтение - страница 1


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Лариса Буракова


Жанр: Зарубежная образовательная литература, Наука и Образование


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Лариса Буракова
Грузия муваффақиятга қандай эришди?


Муқаддима

Бундан бир ярим йил аввал, Лариса Буракова “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” китобини тайёрлаётганини эшитганимда, жамиятда ҳали турғунлик туйғуси ҳукмрон эди, шунинг учун мазкур асар жамиятни жароҳатлаган умидсизликка қарши даво бўлишидан хурсанд бўлгандим. Китобда “яхши томонга тез ўзгариш мумкин”лиги ҳақидаги эзгу хабар баён этилган, бунга далил сифатида кўп томонлама бизга (Россияга – таҳририят изоҳи) ўхшаб кетадиган мамлакат тажрибаси муҳокама қилинган. Бугунги кунда Грузияда квартира савдо-сотиғини расмийлаштириш, автомобилга рақам олиш, фирма ёки нотижорий ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун ярим соат ҳам вақт кетмайди, бунга ҳаттоки муҳр ва устав капитали ҳам талаб қилинмайди. Полициячилар шундай фаолият юритадиларки, натижада мамлакатнинг кўплаб аҳолиси тунда машиналарини қулфламайди. Давлат автомобиль назорати (ДАН) ходимлари пора олмайдилар, сабаби оддий – мамлакатда ДАН тарқатиб юборилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг самарали ишлаши туфайли мамлакатда илгари амалга ошириш имкони бўлмаган жараёнларга йўл очилган. Худди биздаги сингари, Грузия шаҳарларида ҳам спорт майдончалари аввалги полиция томонидан жуда тез бузиб ташланганди, энди эса улар яна қайта бунёд этилмоқда. Шаҳарлар орасида Европа даражасидаги йўллар пайдо бўла бошлади – илгари бунга бизда ҳам кенг тарқалган “келишилган танловлар” тўсқинлик қиларди.

Ҳамма жойда жамият тафаккури ва ҳаракатла рида жонланиш сезилаётган, 1980-йиллар охирида унутилаёзган дастурлар кураши яна қайта бошланган бугунги кунда бу китобни хавотир билан ўқимоқдаман: ўзгаришлар учун имконият пайдо бўлганида, ундан фойдалана оламизми? Монтек Ахлувалия таъкидлаган “заиф ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги кучли келишувлар”нинг Ҳиндистонга хос ёндашув усули Россияда ҳам шаклланмоқда. Модомики, асосий мақсад “заиф ислоҳотлар” бўлса, мазкур ёндашув аслида унчалик ёмон эмас. Бироқ агар полицияни ислоҳ қилишнинг грузинча вариантидаги шахсий таркибнинг 90 фоизи ишдан бўшатилиши ва маош миқдори бир неча марта оширилиши ҳолатлари ходимлар сонини 15 фоизга камайтириш ва маошларни 15 фоизга ошириш сингари мўътадил “мукаммаллаштириш” усули билан солиштирганда, айнан охирги усул хомхаёл экани ҳамда муваффақият келтирмаслигини ич-ичимдан сезяпман.

Шундай бўлса-да, тан олишим жоизки, китоб мени кескин ислоҳотларнинг мўътадил ислоҳотлардан афзаллигига ишонтиришдан кўра, аслида қандай ислоҳот мўътадил деб ҳисобланиши ҳақидаги янгича қарашимни шакллантирди. Агарда бирор идоранинг барча ходимларидан фақат раҳбар ва бош ҳисобчи ишга келаётган бўлса, идора фаолиятининг тугатилиши вазиятнинг асл ҳолатини тасдиқлайди, холос. Башарти дориларнинг сифати ва хавфсизлиги АҚШ ёки Европа Иттифоқида(ЕИ) текширувдан ўтган экан, уларнинг Грузияда қайта текширувдан ўтказилиши қўшимча сарф-харажатларни келтириб чиқаради, аслида эса бу харажатлардан осонгина воз кечиб қўя қолиш мумкин. Аксарият грузинча ислоҳотларда мен кескинликдан кўра ҳалолликни кўраман: тан олиш жоизки, кўплаб давлат муассасалари ходимлари шахсий мақсадлари учун ишламайди ва яқин келажакда ҳам бундай бўлмайди.

Бу каби ҳалолликни ҳозирги пайтда Россияда давом этаётган мамлакатни ривожлантириш стратегияси ҳақидаги баҳсларга қўшиш ўзимиз излаётган “стратегия”нинг асл моҳиятини ёдимизга солган бўларди. Биз стратегияга қандайдир бир ҳаракат режаси, амалга ошириш ёки ёддан чиқариш мақсадга мувофиқ бўладиган ишлар рўйхати сифатида қарашга жуда ўрганиб қолдик. Лекин стратегия негизида доимо бутун кенгликларни қамраб олишдан воз кечиб, ҳаракатларни бир қатор йўналишларга жамлаш қарори ётади. Грузин сиёсатчиларининг давлат фаолиятини чеклашга тайёрликлари стратегияни яхши ҳис қилишнинг ёрқин намунаси бўла олади. Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, Грузия айнан шу ҳис ёрдамида барчасини уддалай олди.

Евгений Ясин, “Олий иқтисодиёт мактаби” Миллий тадқиқот университетининг илмий раҳбари

Муаллифдан

2007 йил август ойининг охирида – Америкадаги Катон тадқиқот институтининг рус тилида сўзлашувчилар учун мўлжалланган лойиҳаси доирасида илк бор эркинлик ғояларига қизиқувчи талабалар учун ёзги мактаб ташкил этилди. Мен талаба сифатида қатнашган бу мактаб ўқитувчилари орасида Каха Бендукидзе бор эди.

Бой тажрибага ва қандайдир жуда табиий, интуитив эркинлик туйғусига эга бўлган қизиқарли ҳикоянавис Каха Автандилович ахборотга ғоят чанқоқ ўқувчилар галасини доимо ўз атрофига жалб этарди. Ярим тундан кейин ҳам давом этадиган ўша суҳбатлар ҳамон жуда илиқ таассуротлар билан эсга олинади.

Машғулотларнинг охирги кунига келиб, биз – талабалар нафақат ҳамфикр, балки дўст бўлиб улгургандик ва ҳазил аралаш ўз келажак фаолиятимиз истиқболларига аниқлик киритардик. Кимдир ўзини Президент маъмурияти раҳбари ўрнида кўрса, яна кимдир шаҳар мэри сифатида тасаввур қиларди… Ўзим, эҳтимол, биринчи марта батафсил ўйлаб кўрганимдан сўнг ўша вақтда Бендукидзе эгаллаб турган лавозим – ислоҳотларни мувофиқлаштириш бўйича давлат вазири вазифаси мен учун ҳам жуда қизиқ бўларди, деган хулосада тўхталдим.

Ўшандан бери ислоҳотлар ҳам, Грузия ҳам аввалига фақат қизиқишларим мавзусига айланган бўлса, кейинчалик тадқиқотларим манбаига айланди. Биринчи марта 2008 йилнинг октябрида, илк бор Грузияга ташриф буюрганимда, менда мазкур китобни ёзиш нияти пайдо бўлди ва кейинчалик бу ҳақиқий лойиҳага айланиб кетганидан ўзим ҳам ҳайратдаман.

Шу вақтлар давомида мен Грузияда деярли Москвадан ҳам кўпроқ бўлдим. Мухолифат вакиллари, кўплаб ислоҳотлар муаллифлари ва ижрочилари билан танишдим, такси ҳайдовчилари ҳамда Грузиянинг турли регионлари аҳолиси билан суҳбатлашдим, кўплаб янги дўстлар орттирдим. Албатта, ўзим билган ва кўрган-кечирганларимнинг барчасини китоб орқали тақдим этишнинг иложи йўқ. Лекин ҳеч бўлмаганда, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги тасаввурларимни шакллантирган далиллар, ҳикоялар ва таассуротларни билдириб ўтишга ҳаракат қиламан.

Шу сабабдан китобхонларга ҳам ислоҳотларни ўйлаб топган ва амалга оширган кимсаларнинг “овозларини эшита олиш”, ўз ишининг усталари билан суҳбат давомида ўзим муттасил равишда туйган қувончни ҳис қилиш имконини тақдим этиш мақсадида, китобга кўплаб тўғридан-тўғри нутқлар киритилган. “Бевосита иштирок таассуроти”ни кучайтириш учун эса матнда бош ислоҳотчиларнинг таржимаи ҳоллари ҳам келтирилган.

Албатта, “Нима яхши-ю, нима ёмон?” тушунчасини шахсан ўзим қандай идрок қилишим суҳбатдошларни танлашимга таъсир ўтказди. Мен учун бендуномика (янги грузин ҳукуматининг радикал либерал ташаббусларини мухолифат шундай атайди) – янги Грузиянинг ривожланишида устувор йўналишга эга бўлган иқтисодиёт. Ва бу китоб – ушбу фаннинг ўзига хос дарслари мажмуаси – Каха Автандилович билан, унинг қарашлари менга яқин ва тушунарли бўлган издошлари, елкадошлари билан кўплаб соат давом этган суҳбатлар натижасида пайдо бўлган.

Ва ниҳоят, мазкур йўналиш билан шуғулланишим сабабини тушунтириб ўтишни лозим деб биламан. Грузияда амалга оширилган ва айни пайтда ҳам рўй бериб келаётган ислоҳотлар жуда қизиқарли, фойда ли, мароқли ва айтиш мумкинки, ноёбдир. Мазкур мамлакатда амалга оширилган кўп ислоҳотларни Россия ҳам қўлласа бўлаверади ва қўллаши шарт ҳам. Аслида, Россиядаги баъзи қонунчилик ташаббусларида грузинча асослар яққол кўзга ташланади. Лекин улар худди Грузиядагига ўхшаш натижаларга олиб келишига айни вақтда ишонч йўқ.

Ҳозирча бизга грузинча ислоҳотлар ҳақида кўп нарса маълум эмас. Уларни муҳокама қилиш энди-энди бошланмоқда. Лекин грузинча вино ва минерал сувларга эмбарго қўйилганидан ташқари, гўёки Грузиядан келадиган ва Грузия ҳақидаги маълумотларга ҳам тўсиқ қўйилгандек тасаввур уйғоняпти. Мазкур тўсиқ сатирик ва ёзувчи Михаил Жванецкийнинг кўпчиликни ҳайрон қолдирган ҳолда давлат телеканали орқали узатилган истеҳзога тўла саҳна чиқиши учун мавзу бўлди: “Кўзда ёшим билан сизлардан илтимос қиламан: бизга Грузияни очинг. Эндиликда буни мен “у томонга” гапиряпман. Буни шунчаки телекамера туйнугига гапиряпман. Телекамеранинг титраб турган туйнугига… Титраётган туйнук… Бизга Грузияни очинг! Ҳамма гапиряпти, грузинларнинг ички сиёсати ташқисидан ақллироқ экан. Ҳамма гапиряпти, грузинлар коррупцияга барҳам беришганмиш. Ҳамма гапиряпти, лекин мен буни аниқ билмайман, чунки бу ҳақда бирор манбадан ўқий олмайсан. Ҳамма айтяпти, улар ўзларида ДАН фаолиятига нуқта қўйишганмиш. У ерда ёшлар, йигирма етти ёшли инсонлар вазир лавозимида ишлаётганмиш. Вазирликлар таркиби эса фақатгина бир неча инсонлардан иборат экан. Уларнинг тажрибаларини ўзлаштиришимизга, у томонда қандай воқеалар рўй бераётганини аниқлаш учун туйнукдан ўша томонга бир мўралашимизга нима халақит беради? У томонда нималар рўй бераётганини бизга хабар қилинг. Бу нарсалар ҳақида гапирмаётганлари учун у томон гўё жаннатдек тасаввур уйғотяпти”11
  Дежурный по стране (www.jvanetsky.ru/data/text/vs/dejurnyi84).


[Закрыть]
.

Грузияда охирги етти йилда рўй берган воқеалар ҳақида маълумотлар ҳақиқатан жуда кам. Воқеаларнинг нотўғри талқин этилиши, атайлаб ошкор қилинмаслиги, тушунчаларнинг аралаштириб ёки алмаштириб юборилиши, кўпинча эса рўй бераётган ўзгаришларнинг жадаллиги ҳам ислоҳотлар ҳақида кўплаб афсоналарнинг пайдо бўлишига олиб келди. Шу сабабдан ислоҳотлар ҳақидаги ҳикоялардан китобхонни ҳеч нима чалғитмаслиги учун ўз китобимни мазкур афсоналарни муҳокама қилишдан бошлашга қарор қилдим.

* * *

Менга интервью берган, материаллар тақдим этган, грузин тилини билмаслигимни енгиб ўтишимда кўмаклашган, бебаҳо фикрлар ва кўрсатмалари билан ёрдамини аямаган инсонлар иштирокисиз мазкур китоб ёзилмаган бўларди. Мен Михаил Авалиани, Реваз Адамия, Евгения Антонова, Георгий Ахалая, Вахтанг Барамидзе, Лили Бегиашвили, Каха Бендукидзе, Ираклий Берекашвили, Рима Бериашвили, Леван Варшаломидзе, Гела Васадзе, Эка Габададзе, Демур Гиорхелидзе, Паата Гоголидзе, Хатуна Гогоришвили, Галактион Гонадзе, Нино Горгадзе, Леван Готуа, Ладо Гургенидзе, Гия Жандиери, Мариам Жапаридзе, Эмзар Жгереная, Давид Жинчарадзе, Татулия Долидзе, Михаил Иашвили, Андрей Илларионов, Георгий Касрадзе, Александр (Сандро) Качарава, Александр (Алеко) Качарава, Анна Кванчилашвили, Кетеван Кинкладзе, Эроси Кицмаришвили, Нана Клдиашвили, Тамуна Ковзиридзе, Кетеван Кокрашвили, Эка Колбая, Шалва Кочладзе, Юрий Кузнецов, София Лебанидзе, Вато Лежава, Лаша Мгеладзе, Вахтанг Мегрелишвили, Галина Морозова, Георгий Мосидзе, Вадим Новиков, Теона Одзелашвили, Лана Ониани, Тамта Отиашвили, Олег Панфилов, Владимир Папава, Ираклий Петриашвили, Арчил Почхуа, Николоз Пруидзе, Александр Рондели, Михаил Саакашвили, Нана Сакварелидзе, Натия Самушия, Ираклий Сирадзе, Гиги Угулава, Тато Уржумелашвили, Шота Утиашвили, Натия Хантадзе, Тамара Хвтисиашвили, Георгий Цхакая, Давид Чантладзе, Георгий Чантурия, Звиад Чеишвили, Алекси Чикваидзе, Георгий Чиковани, Георгий Чхиквадзе, Екатерина Шарашидзе, Эдуард Шеварднадзе, Павел Шеремет, Паата Шешелидзе, Жаба Эбаноидзе каби инсонларга, номлари келтирилишини хоҳламаган инсонларга, шунингдек, онамга, опамга ва унинг турмуш ўртоғига самимий ташаккуримни изҳор этаман. Номлари санаб ўтилган инсонларнинг ёрдамисиз китобни якуний кўринишга келтира олмаган бўлардим.

КБФ (кўп билдириладиган фикрлар) 22
  Ҳисоблашлар Иқтисодий таҳлил институтида амалга оширилган. Мавзуга алоқадор материалларни (шу ўринда ва бундан кейин, алоҳида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари, муаллиф изоҳи) www. iea.ru/georgia.php сайтидан топиш мумкин.


[Закрыть]

Грузиядаги ислоҳотлар ҳақида қандай аудиторияда нутқ сўзлашимдан қатъи назар, мухолифларимнинг далиллари асосан доимо бир хил фикрлар тўпламидан иборат бўлган. Мазкур фикрларнинг барчаси ҳам ҳақиқатдан йироқ. Уларнинг баъзиларини изоҳлаб ўтишни хоҳлардим.33
  Шарҳларда қуйидаги даврлар ҳақида гап боради:
  1992–2003 йиллар – Президент Эдуард Шеварднадзе маъмурияти даври;
  2004 йилдан бошлаб – Президент Михаил Саакашвили бошқаруви даври;
  1992–1994 йиллар – бирламчи (ўтиш) иқтисодий пасайиш даври; 1995–2007 йиллар – рус-грузин уруши ва жаҳон иқтисодий инқирозигача давом этган биринчи иқтисодий ўсиш даври;
  1995–2003 йиллар – Президент Шеварднадзе бошчилигидаги иқтисодий ўсиш даври;
  2000–2003 йиллар – Президент Шеварднадзе бошчилигида Атиргул инқилобигача давом этган иқтисодий ўсишнинг охирги тўрт йили (мазкур давр давомийлиги бўйича Президент Саакашвили бошчилигидаги ислоҳотларнинг энг фаол тўрт йиллигига мос келади); 2004–2007 йиллар – Президент Саакашвили бошчилигидаги энг фаол ислоҳотлар даври;
  2008–2009 йиллар – энг аввало рус-грузин уруши ва жаҳон иқтисодий инқирозининг таъсири туфайли иқтисодий ўсишнинг секинлашиш, сўнгра иқтисодий пасайиш даври;
  2010 йилдан бошлаб – иқтисодий ўсишнинг иккинчи даври.


[Закрыть]

1. “Грузинча мўъжиза” фақатгина Ғарб давлатларининг, биринчи навбатда АҚШнинг катта кўламдаги моддий кўмаги эвазига содир бўлди.

Дарҳақиқат, Грузияга хориждан салмоқли ёрдам келиб тушади. Лекин дунёнинг 180 дан ортиқ давлати ташқаридан ёрдам олади ва уларнинг барчаси ҳам грузинча иқтисодий ўсиш суръати билан тенглаша олмайди. 1992–2007 йиллар оралиғида ривожланишга расмий ёрдам44
  Ривожланишга расмий ёрдам (РРЁ) имтиёзли шартлар асосида тақдим этилган кредитлардан, Ривожланишга кўмаклашувчи қўмита (РКҚ)га аъзо мамлакатлар, кўп қиррали ташкилотлар, шунингдек, РКҚга аъзо бўлмаган мамлакатлар расмий муассасаларининг грантларидан ташкил топган бўлиб, РКҚ рўйхатидан РРЁ оладиган мамлакатлар ва ҳудудларнинг иқтисодий ривожланиши ҳамда фаровонлигини рағбатлантириш мақсадида тақдим этилади. РРЁ 25 фоиздан кам бўлмаган грант элементларига асосланган кредитлардан ташкил топган (10 фоизлик ставка миқдорида ҳисобланади).


[Закрыть]
(РРЁ) сифатида Грузияга ҳаммаси бўлиб 4,3 миллиард АҚШ доллари (2005 йилги нархлар бўйича) келиб тушган бўлса, шундан 3 миллиард доллари 1992–2003 йилларга, 1,3 миллиард доллари ислоҳотларнинг биринчи тўрт йиллигига (2004–2007 йиллар) тўғри келади. Шу билан бирга, 1994 йилдан 2003 йилгача бўлган 9 йил давомида (радикал ислоҳотлар бошланишигача иқтисодий ўсиш даври)РРЁ ҳажми ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан ўртача 7,7 фоизни, мамлакатнинг йиллик ўртача иқтисодий ўсиш суръати эса 5,9 фоизни ташкил этди. Кейинги 4 йилликда (2004–2007) РРЁ ҳажми ЯИМнинг 4,7 фоизигача камайган бўлса, Грузиянинг йиллик ўртача иқтисодий ўсиш суръати 9,3 фоизгача ошди.

2004–2007 йиллар оралиғида Грузияга кўрсатилган РРЁ миқдори жон бошига 298 доллардан (2005 йилги нархлар бўйича) тўғри келди. Жон бошига нисбатан ҳисоблаганда, ўша йиллар давомида дунёнинг 44 мамлакати кўпроқ моддий ёрдам олди. Лекин ЯИМнинг жон бошига нисбатан ўсиш суръати бўйича Грузиядан фақатгина бир мамлакат – Арманистон ўтиб кета олди, холос.

Мазкур тўрт йил давомида АҚШ томонидан Грузияга 349 миллион доллар (2005 йилги нархлар бўйича), яъни Грузия қабул қилган барча ёрдамнинг чорак қисмидан кўпроғи миқдорида кўмак тақдим этилди, бу эса жон бошига нисбатан ҳисоблаганда 79 доллардан тўғри келади. Айнан ўша дамда жаҳоннинг 14 мамлакатига АҚШ тақдим этган ёрдам бундан кўпроқ эди. Масалан, Арманистон учун бу жон бошига 87 доллардан тўғри келарди. Бу ўринда шуни айтиб ўтиш керакки, ислоҳотлардан бевосита олдинги тўрт йилликда (2000–2003 йиллар) Грузияга АҚШ тақдим этган ёрдам ислоҳотлар давридаги (2004–2007 йиллар) кўрсаткичдан кўп бўлиб, мос ҳолда 413 миллион доллар ва 349 миллион долларни ташкил этади. Лекин ислоҳот давридагидан фарқли равишда, аввалги давр учун маблағ киритиш иқтисодий муваффақиятга олиб келмади – 2000 йилдан 2003 йилга қадар ЯИМ жон бошига нисбатан 28,7 фоизга, 2004–2007 йиллар оралиғида эса 40,6 фоизга ошди.

2. Грузия иқтисодиёти муҳожирларнинг пул ўтказмаларига боғланиб қолган.

Ҳа, унча катта бўлмаган давлатларда фуқаролар истеъмол даражасини бир меъёрда ушлаб туриш учун бу каби воситалар манбаи муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Лекин “бой қариндошлар”нинг пуллари иқтисодий ўсиш тезлигини кафолатлайдими? 2004–2007 йиллар давомида хорижлик жисмоний шахсларнинг пул ўтказмаларидан Грузияга 1,38 миллиард доллар (2005 йилги нархлар бўйича) ёки жон бошига 315 доллардан пул келиб тушди. Айнан ўша йилларда жаҳоннинг 55 мамлакатида жон бошига пул ўтказмалари миқдори Грузиядагидан ортиқ бўлди. Лекин мазкур мамлакатлардан фақат иккитаси – Латвия (хориждан ўтказилган пуллар жон бошига 804 доллардан тўғри келган) ва Арманистон (694 доллар) иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича Грузияни ортда қолдира олди.

2004–2007 йиллар давомида икки пул манбаси – грантлар ва хориждан келадиган пул ўтказмаларидан тушган беғараз маблағлар миқдори Арманистонда Грузиядан кўпроқ (жон бошига нисбатан мос равишда 1010 доллар ва 613 доллар)ни ташкил этганди. ЯИМ йиллик ўртача ўсиш суръати Арманистонда Грузияга қараганда ортиқ (мос равишда 12,8 фоиз ва 9,3 фоиз) бўлганини айнан мазкур нисбат билан тушунтиришга ҳаракат қилиш мумкин. Шунга қарамасдан, катта миқдорлардаги РРЁ олган ўнлаб мамлакатларнинг ўсиш суръатлари пастлигича қолди.

3. Саакашвили бошқаруви даврида мамлакат қарз ботқоғига ботиб қолди.

Грузиянинг ташқи қарзи билан боғлиқ вазият қуйидагича кўриниш олган. 2003 йилнинг охирида ташқи қарзлар 1,849 миллиард долларни, яъни ЯИМнинг 46,3 фоизини ташкил қилган бўлса, 2007 йил охирига келиб, унинг абсолют ҳажми деярли ўзгармасдан қолди, яъни 1,838 миллиард долларни ташкил этди. Лекин иқтисодиётнинг тез ривожланиши ва лари пул бирлиги реал курсининг ўсиши туфайли ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 18,1 фоизгача камайди. Сўнгра – 2008 йилги ҳарбий ва 2009 йилги инқироз шароитларида – Грузия иқтисодиётини тиклаш учун мамлакатга катта миқдордаги кредитлар тақдим этилди. Натижада мамлакатнинг ташқи қарзи ортди ва 2010 йил охирига келиб 4,199 миллиард долларга етди, шу тарзда ЯИМнинг 35,6 фоизини ташкил этди. Бошқача айтганда, бугунги кундаги ташқи қарзларнинг грузин иқтисодиёти ҳажмига нисбати барибир Эдуард Шеварднадзе давридагидан камроқдир.

2002 йилда Россияда ҳам тахминан шу каби ҳолат кузатилганида – ташқи қарз миқдори ЯИМнинг 35,3 фоизини ташкил этганида, бу (изоҳ: Россияда) жиддий муаммо талқин қилинганди. Давлатнинг тўлиқ қарзини қоплаш учун ЯИМнинг 2,2 фоизи сарф ланиши туфайли Россиядаги ҳолат янада мураккаброқ эди. Кредитлар бўйича тўловлар тез орада ечими йўқ муаммога айланишидан хавотирлар бор эди. Барчага маълумки, бундан кейинги йилларда Россия қарз ҳалокатидан қутулиб қолди – иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолишга ёрдам берган стратегия (солиқ ислоҳоти, фоизсиз давлат харажатларининг камайиши, давлат бюджети профицитлигини таъминлаш, барқарорлаштириш фондининг ташкил этилиши) қўл келди.

Бугунги кунда Грузиянинг ташқи қарзни қоплаш харажатлари ЯИМнинг 1 фоизидан ошмайди, ташқи қарзлар бўйича ўртача чамаланган ставка миқдори эса бор-йўғи 2,1 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, мамлакатнинг халқаро валюта захиралари 2003 йил охирида 196 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2010 йил охирига келиб, 11 баравардан кўпроқ ўсган ҳолда 2,264 миллиард долларга етди.

Қарз билан боғлиқ вазиятнинг барқарорлигини кўрсатувчи муҳим кўрсаткич сифатида анъанавий равишда фоизлар бўйича тўловнинг экспортга нисбати ишлатиб келинади55
  Ташқи қарз статистикаси. Муаллифлар ва фойдаланувчилар учун қўлланма. Халқаро валюта фонди. 2003. 184-185 саҳифалар (www.imf.org/external/russian/pubs/ft/eds/guide/guider.pdf).


[Закрыть]
. Бу нарса охирги 7 йил ичида Грузияда сезиларли тарзда камайди: кредитлар бўйича экспортга нисбатан йиллик тўловлар 2003 йилда 17 фоиз, 2007 йилда 4,8 фоизгача тушди ва 2010 йилда 7,4 фоиз даражада бўлди.

4. Саакашвили ватанни сотиб юборди, ҳаммасини хорижликлар харид қилди.

Ҳокимият тепасига янги жамоа келиши билан, 2004 йилда хусусийлаштириш жараёни жадаллашгани ҳақиқатан ҳам тўғри. Шеварднадзе бошқарувининг охирги беш йиллигида (1999–2003 йиллар) давлат мулкини сотишдан 62 миллион доллар келиб тушган бўлса, кейинги беш йилда (2004–2008 йиллар) мазкур кўрсаткич 1,44 миллиард долларни ташкил этди.

Мулкнинг хорижликлар томонидан хусусийлаштирилиши грузин иқтисодиётида қанчалик муҳим аҳамият касб этди? 2006 йилдан 2009 йилгача маҳсулот ишлаб чиқаришдаги хорижий компаниялар ҳиссаси 28,4 фоиздан 35,2 фоизгача ошди. Бу бир қарашда унча ҳам кўп эмасдек кўринади. Лекин асосий капиталга сармоя киритиш даражаси бўйича хорижликлар ростдан ҳам пешқадамлик қилмоқдалар. 4 йил (2006–2009 йиллар) давомида улар 2 миллиард доллар (2006 йилги нархлар бўйича) сармоя киритган бўлсалар, мазкур кўрсаткич хусусий резидентларда 1,5 миллиард долларни, давлатда эса 1,6 миллиард долларни ташкил этди.

5. Грузия иқтисодиёти Россияга боғланиб қолган. У Россия эмбаргоси шароитида кўп яшаб қола олмайди.

Россия ҳукумати Грузия иқтисодиёти Россияга қарам бўлмаслиги учун қўлидан келган барча ишни қилди: газ нархини кескин оширди, грузин виноси ва минерал сувига эмбарго қўйди, савдо, транспорт ва почта алоқасини чеклади, Грузия фуқароларига виза беришни бекор қилди, грузин фуқароларини Россиядан чиқариб юборди; грузинларга қарши ташвиқот кампаниясини авж олдирди; ҳарбий ва дипломатик босим ўтказди, уруш олиб борди ва мамлакатнинг бешдан бир қисмини босиб олди.

Бу чоралар натижаси ўлароқ, савдо алоқалари жадаллигининг кескин тушиб кетгани ҳайратланарли эмас. Грузиянинг умумий экспорт ҳажмидаги Россиянинг улуши 2005 йилда 17,8 фоизни ташкил этган бўлса, мазкур кўрсаткич 2009 йилда 1,6 фоизгача тушиб кетди. Грузиянинг умумий импорт ҳажмидаги Россиянинг улуши 2005 йилда 15,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2009 йилда 6,6 фоизни ташкил этди.

Россия билан савдо алоқаларининг қисқаришидан Грузия зарар кўрдими? Албатта, бусиз мумкин эмас. Лекин 2003 йилдан 2010 йилгача бўлган даврда Грузия ЯИМ ҳажми 49,3 фоизга кўпайган бўлса, Россияда – мамлакат анъанавий экспорт маҳсулотларининг ҳаддан ташқари қимматлигига қарамай – мазкур кўрсаткич 34,8 фоизни ташкил этди.


Грузия ташқи савдоси таркибида Россиянинг солиштирма ҳажми (фоиз ҳисобида). Манба: Грузиянинг External Trade Статистика хизматлари офиси (www.geostat.ge/index. php?action=page&p_id=137&lang=eng) маълумотлари бўйи ча ҳисобланган.


6. Грузиянинг ўзида ишлаб чиқариш мавжуд эмас, ташқи савдога фақатгина темир-терсак чиқарилади.

Ислоҳотлар бошлангунгача бўлган даврда қора металл ҳақиқатан ҳам экспорт қилинадиган маҳсулотлар рўйхатида етакчилик қилган эди – 2004 йилгача бўлган даврда темир-терсакнинг экспорт ҳажмидаги улуши 14,8 фоизга тўғри келган, металлқотишмалар эса учинчи ўринни эгаллаганди (6,6 фоиз). Лекин кейин вазият ўзгарди. 2010 йилда грузин экспортининг 16,7 фоизини металл-қотишмалар (экспортнинг етакчи тармоғи) ташкил этган бўлса, қора металл улуши 6,9 фоизга тушиб кетди. Азотли ўғитлар (2010 йилда 4,6 фоиз) ва мис концентратлари (2010 йилда 4,5 фоиз) доимий равишда ўнта энг асосий экспорт маҳсулоти сафидан ўрин олиб келмоқда. Ташқи савдо учун тўсиқларнинг камлиги туфайли 2005 йилдан бошлаб автомобиллар қайта экспорти (2010 йилда 14,4 фоиз) жадал суръатлар билан ривожлана бошлади. Грузия 2006 йилдан бошлаб электр энергиясининг нетто-экспортчисига айланди, 2010 йилга келиб эса хорижга электр энергияси сотишдан келиб тушган фойдалар (36,5 миллион доллар) вино экспортидан олинадиган фойдалар (39,3 миллион доллар) билан деярли бир даражага чиқди.

7. Агарда давлат харажатлари ва бюджет камомади ортиб борадиган бўлса, демак, бу либерал ислоҳотлар эмас.

Албатта, давлат харажатлари ва бюджет камомадининг ортиб бориши ҳамда ишончли молиявий сиёсат ўзаро мос келмайди. Лекин ўз базавий функцияларини бажариши учун давлат қанчадир миқдордаги ресурсларга эга бўлиши керак. Мазкур ресурсларнинг оптимал даражасини қандай аниқлаш мумкин? Масалан, бюджет юкламасининг Грузиядаги ҳақиқий қийматини бошқа мамлакатлар билан солиштириш орқали буни амалга оширса бўлади. Бу ўринда мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш даражасини ҳам эътиборга олиш керак. Чунки иқтисодий ривожланишнинг турлича қийматларига эга бўлган ҳолда давлат иқтисодиётдан бир хил масштабда ресурслар чиқариб олишда давом этаверса, бу ҳолат турлича натижаларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас. Кўринишидан худди Грузия кўламидаги иқтисодий ривожланишга эга бўлган давлат учун мамлакатнинг 2004–2007 йиллардаги давлат харажатлари ҳажми оптимал қийматларга яқин66
  Давлат харажатлари оптимал қийматларини ҳисоблаш усуллари борасида қ.: Илларионов А., Пивоварова Н. “Размеры государства и экономический рост” // Вопросы экономики. 2002 йил №9. 18–45-саҳифалар.


[Закрыть]
. Балки, айнан шу сабабдан ҳам мазкур даврларда Грузия иқтисодиёти жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан тезроқ ўсган бўлиши мумкин. Солиқ ставкаларининг пасайиши туфайли солиқлар тушумлари ошди, натижада бюджет даромадлари ҳам ўсди ва бир вақтнинг ўзида давлат харажатлари ҳам ортди. Умуман олганда, давлат харажатларининг ўсиши нисбатан мувозанатлашганди: тўпланган бюджет камомади 2005–2007 йилларда ЯИМнинг 0,2–0,3 фоизини ташкил этди.

Бироқ 2008–2009 йилги инқироз ҳолатидан кейин, ҳозирги пайтга келиб – давлатнинг иқтисодиётдан чиқариб олган ресурслари кўрсаткичи оптимал қийматлардан жиддий фарқ қила бошлаган дамда, мазкур кўрсаткични мамлакатда рекорд даражада ўсиш суръати таъминланган 2004–2007 йилги ҳолатига қайтариш зарур.

“Худди бошқа мамлакатларда кузатилгани сингари, Грузияни ҳам рецессия (нисбатан мўътадил пастлаш) четлаб ўтмади, лекин бу вазиятда ҳукумат солиқларни ошириш эмас, балки камайтириш йўлини танламоқда, – дея изоҳлайди Эстониянинг собиқ бош вазири ва Грузия президентининг собиқ махсус маслаҳатчиси Март Лаар. – Бундан кўринадики, иқтисодий эркинлик аслида энг яхши сиёсатдир, кўпгина собиқ совет мамлакатларида юз бераётганидек куч ишлатиш сиёсатини қўллаш – катта хато”77
  Лаар М. “Подобно другим странам, рецессия затронула и Грузию” // Business Грузия. 2009 йил 12 март (bizzone.info/2009/ gov/1236902505.php)


[Закрыть]
.

8. Арманистон ҳеч қандай либерал ислоҳотларни қўлламаган ҳолатда ҳам Грузиядан тезроқ ўсмоқда.

Арманистон ҳақидаги бундай тасаввур хатодир, чунки мазкур мамлакатда ҳам либерал ислоҳотлар ўтказилган, лекин улар асосан эртароқ – 1990-йиллар ўрталарида амалга оширилганди. Ва айнан ўша дамдан бери арман иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Арманистонда давлатнинг иқтисодиётга юкламаси узоқ вақт давомида оптимал кўрсаткичларга яқин бўлди – 2000–2008 йиллар давомида бюджет харажатлари ЯИМнинг 20-25 фоизини ташкил этди. Арманистон эриша олган иқтисодий сиёсатнинг сифат даражасига эришиш Грузияга фақат 2007 йилдагина насиб қилди88
  Масалан, иқтисодий эркинлик индекси (Heritage Foundation Index of Economic Freedom) бўйича, қонун устуворлиги ва бошқарувнинг самарадорлиги (Aggregate Governance Indicators, World Bank) бўйича.


[Закрыть]
– бунга ислоҳотлар туфайли эришилди.

9. Грузияда ҳеч ким ишламайди. Ишсизлик даражаси жуда юқори, 70 фоизгача боради.

Ишсизлик даражаси юқорилаб кетган, бу – тўғри. Грузия статистика хизматининг маълумотларига кўра, у 17 фоизни ташкил этади. Аммо фантастик даражадаги 70 фоиз рақами қаердан олинмоқда? Гап шундаки, баъзи грузин экспертлари ўз-ўзини иш билан таъминлаганлар99
  Ўз-ўзини иш билан таъминлаганлар – даромад олиш ёки оилавий фойда кўриш (пул ёки натурал кўринишда) мақсадида маълум бир фаолият билан банд бўлган шахслар ёки ҳисобот даври давомида қандайдир сабабга кўра расман фаолият кўрсатмаган тадбиркорлар.


[Закрыть]
сирасига кирувчи инсонларни ҳам ишсизлар сафига қўшишни, фақатгина ёлланган хизматчиларнигина иш билан таъминланганлар, деб ҳисоблашни таклиф этмоқдалар.1010
  “Службу статистики обвиняют в занижении данных по безработице” // Business Грузия. 2010 йил 7 май (bizzone.info/government/2010/1273263568.php). тўғри келган. Россияда худди шу каби моторлаштириш даражасида (1997–1998 йиллар) ҳар 1000 автомашинага тўғри келадиган ҳалок бўлганлар сони 1,29 кўрсаткични ташкил этган эди.


[Закрыть]

1990-йиллар ўрталаридан бошлаб Грузияда ўзўзини иш билан таъминлаш асосий меҳнат фаолиятига айланиб улгурганди. Одамлар яшаб қолиш учун натурал (ўз оиласи эҳтиёжи учунгина маҳсулот ишлаб чиқарадиган) хўжаликлар билан шуғулланишга мажбур бўлардилар, шу тарзда 2003 йилга келиб иқтисодий фаол аҳолининг 58,3 фоизи ўз-ўзини иш билан таъминловчиларга айланди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мазкур кўрсаткич камайди ва 2009 йилга келиб 53,2 фоизгача тушди. Айтгандек, илгари давлат ишида ишлаган, ҳозир эса, масалан, такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаши натижасида аввалги иш жойидаги маошидан кўп пул топаётган инсонлар ҳам одатда ўзларини “ишсиз” деб ҳисоблайдилар.

10. Кўплаб соҳаларда давлат назорати бекор қилингани учун ҳам аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи хавф остида.

Ёнғинга қарши инспекция, санитар-эпидемиологик хизмат, транспортларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, маҳсулотни мажбурий сертификатлаш ва стандартлаштириш каби баъзи соҳаларнинг давлат назорати ростдан ҳам бекор қилинган. Лекин бундан авваллари ҳақиқатдан ҳам назорат амалга оширилармиди? Бюрократик тартиблар бекор қилинганидан истеъмолчилар зарар кўришдими? Расмий назоратнинг бекор қилинишидан фуқаролар соғлиғи ва ҳаётига хавф-хатар ошдими?

Автоинспекция ва мажбурий техник кўрик тугатилганига қарамай, йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) натижасида ҳалок бўлганларнинг ҳар 1000 та автомашинага тўғри келадиган сони 2003 йилда 1,79 тани ташкил этган бўлса, 2010 йилда 1,05 кўрсаткичгача камайди.1111
  2010 йилда Грузияда ҳар 1000 нафар аҳолига 147 та автомашина


[Закрыть]

Ёнғинга қарши инспекция тугатилган, аммо 1997–2003 йилларда ёнғин натижасида ҳалок бўлганлар сони 434 нафарни ташкил этган бўлса, 2004–2010 йилларда 371 нафаргача камайди. Илгари қудратли коррупция манбаи бўлган ва аслида ишламайдиган назорат механизмларининг бекор қилиниши туфайли мазкур соҳалардаги коррупция ҳам камайиб бормоқда, шу билан биргаликда инсонлар соғлиғи ва ҳаётига қўшимча хавф-хатарлар пайдо бўлгани йўқ.

11. Грузияда маиший коррупция йўқ, лекин элитар коррупция Шеварднадзе давридагига қараганда солиштириб бўлмайдиган даражада кўп.

Энг аввало, маиший коррупция даражаси камайганини ҳатто танқидчилар ҳам тан оладилар. Аслида энг муҳими ҳам шу. Элитар коррупция ҳақида гап кетганда, бунга аниқ мисоллар келтириш керак. Вақти-вақти билан давлатга нисбатан бу каби айбловлар қўйилаётган бир неча йиллар давомида на бирор кимса “элитар коррупция” ҳодисасини баҳолаш усулини баён этди, на коррупциянинг мавжудлиги тасдиқланди.

2011 йил февралда парламентда бўлиб ўтган йиллик ҳисобот вақтида депутатлардан бири ҳукуматни элитар коррупцияда айблади. Бунга жавобан Михаил Саакашвили айблов учун аниқ мисол келтиришни ва коррупцияга аралашганларнинг исми-шарифини баён қилишни сўради. Парламент мажлиси пайтида ҳам, ундан кейин ҳам мазкур сўровга жавоб бўлмади.

Глобал коррупция барометри маълумотларига кўра, ҳукуматнинг коррупцияга қарши уринишларини самарали деб ҳисоблайдиган респондентлар (сўровда қатнашганлар) ҳиссаси бўйича Грузия 86 мамлакат орасида иккинчи ўринни эгаллайди (77 фоиз), охирги уч йилда коррупция кўламини камайди, деб ҳисоблайдиган респондентлар ҳиссаси бўйича эса биринчи ўринни (78 фоиз) банд этган.

12. Грузия – полиция давлати. Мамлакатда Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тотал ҳокимлиги ўрнатилган.

“Полиция давлати” атамаси нимани англатади? Бу фуқаролари полициядан қўрқадиган давлат деганими? Ёки фуқаролари полицияга ишонадиган давлатми? Грузияда полицияга ишониш даражаси ҳаддан ташқари юқори бўлиб, 70 фоиздан ортади1212
  IRI, USAID, Baltic Surveys // The Gallup Organization, IPM Georgian National Study, September 27 – October 7, 2010Б www.iri.org.


[Закрыть]
. 2005–2010 йиллар давомида ўтказилган кўплаб сўровларда полиция фуқароларнинг энг ишонадиган институтлари қаторидан доимий равишда жой олиб келмоқда ва черков ҳамда қуролли кучлардан кейинги ўринни эгаллаган.1313
  Ibid.


[Закрыть]
Кўплаб бошқа мамлакатларнинг, шунингдек, Россиянинг ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бундай эътироф ҳақида фақат орзу қилишлари мумкин, холос.

Энг аввало, шахсий таркибнинг ҳалоллиги ва виждонлилиги, жиноятларни рўйхатга олиш тартибининг ўзгаргани (жиноят содир этилганлик факти ҳақидаги ҳар қандай маълумот дастлабки тергов бошлаш учун асос бўлади) ва жиноятчилик даражасининг кескин камайиши каби кўплаб омиллар полицияга бўлган юқори даражадаги ишончнинг асосини ташкил этган. Масалан, шахсга қаратилган оғир жиноятлар (қотиллик, қасддан соғлиққа оғир даражада зиён етказиш, зўрлаш, талон-торож қилиш) сони охирги 5 йил ичида илгари орзу қилинмаган даражада – уч баравар(!) камайди.

Албатта, мазкур баёнотда субъектив баҳолаш элементлари мавжуд бўлса-да, шунга қарамай, “грузин полицияси мўъжизаси” муаллифларидан бири саналадиган Ички ишлар вазири Вано Мерабишвилининг ҳис-туйғуларини тушуниш мумкин: “Агарда бу полиция давлати деб аталса, у ҳолда мен Грузиянинг полиция давлати эканлигидан фахрланаман!”1414
  Виноградов Д. “Грузинский опыт реформы МВД: обыватели довольны, оппозиция – наоборот” // РИА-Новости. 2010 йил 22 сентябрь (www.rian.ru/ocherki/20100922/278068474.html).


[Закрыть]


Шахсга қаратилган оғир жиноятлар сони, ҳар 100 минг аҳолига нисбатан. Манба: Грузия статистика хизмати (www. geostat.ge/index.php?action=page&p_id=602&lang=eng) маълумотлари бўйича ҳисобланган.


13. Саакашвилини Грузияда барча ёмон кўради.

Демократик жамиятда фуқароларнинг ҳокимиятга муносабати сайловлар деб аталадиган восита ёрда мида аниқланади.1515
  Айтгандек, сайловлар натижалари жамиятга нафақат натижавий рақамлар кўринишида тақдим этилади, МСК сайтида барча участка сайлов комиссияларининг сканерланган протоколларини кўриш мумкин (Грузия Марказий сайлов комиссияси сайти www. results.cec.gov.ge).


[Закрыть]

Атиргуллар инқилоби тугаган заҳоти Михаил Саакашвилининг юқори даражада қўллаб-қувватланиши сабабини Шеварднадзе режимининг қулаши оқибатида фуқароларни қамраб олган эйфория ҳолати билан тушунтириш мумкиндир. Лекин тўрт йил давом этган ислоҳотлардан сўнг 2008 йил январидаги иккинчи президентлик сайловлари вақтида Саакашвилининг қўллаб-қувватланишини у ва жамоаси амалга оширган ўзгаришларнинг сифатига ҳам, услубларига ҳам, натижаларига ҳам берилган баҳо, деб қабул қилиш тўғри бўлади.


Грузиядаги президент ва парламент сайловларида овоз бериш натижалари, 2004–2008 йиллар (фоиз ҳисобида).

Манба: Грузия Марказий сайлов комиссияси.


Бундан ташқари, 2008 йилда ҳукмрон партия Президентдан ҳам кўпроқ овоз олди, бу эса фуқароларнинг алоҳида бир шахсдан кўра мамлакатнинг умумий ривожланиш векторини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади. Сайловчилар танлаган йўлларидан афсус чекмаганини 2010 йил майда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига бўлган сайловлар натижалари исботлади. Мазкур сайловларда 65,8 фоиз овоз олган Саакашвилининг “Умуммиллий ҳаракат” партияси жамият томонидан қўллаб-қувватланиш кўрсаткичини янада ошириб олди.


Страницы книги >> 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации