Электронная библиотека » Маматқул Хазратқулов » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Гладиолус"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:40


Автор книги: Маматқул Хазратқулов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 27 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ИҚРОР

Алмат ака маориф бўлимидан кўнгли кўтарилиб чиқди. Оғир бир юк, атрофни қуршаб олган мана шу оқсоч тоғлардай залворли ташвиш анчадан бери унинг елкасидан қаттиқ босиб турар эди. Энди у ўзини қушдай енгил ҳис қилди.

Истироҳат боғи томонга юрди. Бир нафас ёлғиз қолгиси, ўзи билан ўзи суҳбатлашгиси келди. Кекса чинор тагидаги скамейкага ўтирди. Чинорнинг сарғайган барглари “ширт” этиб узилади-да, пирпираб ерга учади. Шапалоқдай барг Алмат аканинг ёнгинасига тушди. У баргни қўлига олди: сап-сариқ. “Ҳаёт қонуни… Шу барг баҳорда тангадай япроқ ёзади. Ўшанда одамнинг дилини яйратади. Энди бўлса… Ҳеч ким эътибор бермайди.

Балки босиб, эзғилаб ўтади. Инсон ҳаёти ҳам шунга ўхшаш. Умрининг кузи… Уни пайқаганлар бор, пайқамаганлар бор. Қай бири маъқул?”

Барг бандидан ушлаб, юзига сийпалади. Нигоҳи ҳамон чинор шохларида. Чети йиртилган сап-сариқ барг унинг диққатини тортди. У нима учундир дириллар эди. Қизиқ… Нега титраяпти? Яшаш учун курашиш керак, дегани шуми? Наҳотки? Балки тўғридир? Мен-чи? Бўйин бердимми? Умр кузини эрта тан олдимми? Бўлмаса нега ариза ёздим?

Алмат аканинг хаёли ҳозиргина район маориф бўлими мудири билан бўлган суҳбатга кўчди. Мудир Алмат аканинг аризасини ўқимади. Бу масалада олдин ҳам бир неча марта келган, ҳар гал “ўйлашиб кўрамиз”, деб қайтариб юборган.

Мудир Алмат аканинг озғин, ажин босган юзларига, маъюс кўзларига боқди. Бу кўзларда зиғирнинг гулича бўлса-да, сохталик сезмади. Алмат аканинг қайси гапида, қайси ишида ғайритабиийлик кўрган?

– Хўш, сабаби нима ўзи, домла? Очиғини айтинг-чи? Ёки бирор гап ўтдими? – деди мудир.

Алмат ака ўтирган жойида бир қўзғалиб қўйди.

– Нимага ундай дейсиз. Ҳеч гап ўтгани йўқ. Жамоамиз яхши, ҳамма ҳурмат қилади.

– Шундай бўлса, ишлайвермайсизми? Мактабга сиздай одамнинг бош бўлиб турганига нима етсин. Ўқувчиларгаям, ўқитувчиларгаям, айниқса, ёш муаллимларга сизнинг тажрибангиз, маслаҳатингиз жуда зарур-ку.

Қобилиятли ёшлар бор. Биз энди кексайиб қолдик.

– Биринчидан, ҳали бақувватсиз, иккинчидан, қари билганни пари билмас, дейдилар. Сизнинг мактабга келиб-кетиб, у-бу ишларга бош бўлиб туришингиз жамоанинг бахти-ку…

Алмат ака қўлидаги баргни икки бармоғи орасида айлантирди. “Бахт. Уни ким қандай тушунади? Мендай кекса ўқитувчи, бунинг устига мактаб директоридан саволига жавоб ололмаган ўқувчи нима деб ўйлайди?..”

Дарсдан кейин савол-жавоб бўлди. Суҳбат адабиётнинг бугунги аҳволи, ҳозирги ёш шоир ва ёзувчилар ижоди ҳақида борди. Ўқувчилар кўп янги номларни санашди. Уларнинг шеърларидан ўқиб беришди, китоблари хусусида фикрларини айтдилар. Очиғи, Алмат ака бироз довдираб қолди. Бу ёшларнинг кўпини эшитган, у-бу нарсасини ўқиган бўлса-да, тан олиш керак, ижодини тўлиқ билмас эди. Шунинг учун ўқувчиларнинг саволларига аниқ жавоб беролмади, чайналиб қолди.

Ўша куни дарсдан жуда ҳорғин чиқди. У бутун муаллимлик фаолиятида кўп қийинчиликларни бошидан кечирди, оғир йилларда, қийин шароитларда дарс берди. Лекин бирон марта чарчаганини, руҳи тушганини эслаёлмайди. Бугун жуда эзилди. Умрида биринчи марта ўзини ожиз сезди. “Демак, бизнинг давримиз ўтибди-да…” Хаёлига келган биринчи фикр шу бўлди. “Ўқувчиларнинг саволига жавоб беролмаган, лоақал улар билган нарсани билмаган ўқитувчи ўқитувчими? Дарсликдаги гапларни ўқиб бериш билан иш битмайди”.

Ўз устида ишламайдиган, билимини ошириб, янгиликлардан хабардор бўлиб бормайдиган ўқитувчиларни Алмат ака кечирмас, буни сира яширмай, уларнинг юзига айтар эди.

Бугун эса ўзи… “Қачондан бери шундай бўлиб қолдим? Балки анча бўлгандир, сезмагандирман?! Нега энди ўсиб келаётган авлоднинг фикрини ўтмаслаштирамиз?! Уларнинг мулоҳазасини нима учун ўз қолипимизга солишимиз керак? Ўқувчиларнинг келажаги, тақдири менга, менга ўхшаганларга боғлиқ-ку. Йўқ, энди тамом! Ҳар кимнинг ўз даври бўлади. Аммо бу давр мутлақ эмас! Буни тушуниш, англаш даркор. Кимки буни ўз вақтида тушунса, ҳаётнинг шиддатли оқими билан баравар сузишга қудрати етмаганлигини пайқаб, ўзини қирғоққа олса – шунинг ўзи бахт!..”

Директор шулар ҳақида ўй суриб ўтирганди, эшик тақиллади. Дарҳол ўзини қўлга олди, костюмини, галстугини тўғрилади.

– Мумкинми, домла?

Уч йил бурун университетни битириб келган ёш адабиёт муаллими эшикни очди.

– Келинг.

Ёш ўқитувчилар орасида Алмат аканинг собиқ ўқувчилари анчагина. Директор уларнинг ҳаммасига бир устоз каби меҳрибонлик қилар, зарур маслаҳат ва кенгашини аямасди. Мана бу йигитга эса унинг ҳурмати ўзгача. Бу ҳам адабиётчи бўлгани учунми, камтар, ишчанлиги туфайлими – ҳарқалай Алмат ака аниқ сабабини билмайди – лекин алоҳида бир меҳр билан яхши кўради. Ҳозир юраги сиқилиб, ўзи билан ўзи баҳслашиб турганда севимли шогирдининг кириб келиши, унинг айни кўнглидаги иш бўлди. У ўрнидан туриб, шогирдига пешвоз юрди.

– Бир маслаҳат бор эди, домла.

– Ўтиринг-чи. Хўш, нима экан?

– Районимизга бир-иккита ёш шоирлар келишипти. Уларни мактабимизга чақириб учрашув ўтказсак. Баҳонада адабиётимизнинг бугунги аҳволи билан яқинроқ танишар эдик. Улардан кўп нарса сўраб-билиш мумкин. Ўқувчиларимизга ҳам нафи тегади.

Синфдаги савол-жавоб Алмат аканинг ёдига тушди. Лекин буни шогирдига сездирмади.

– Майли, – деди лоқайдлик билан. Кейин қўшимча қилди: – Кимлар экан?

Муаллим районга келган ёш шоирларни айтди. Алмат ака бармоқларини стол устида ўйнатар экан, “О, жуда яхши! Зўр шоирлар. Улар билан учрашув ўтказиш керак, жуда яхши…”, деди. Аслида уларнинг биронтасини ҳам тузукроқ билмас эди.

– Бўпти, гаплашиб келинг, – деди. – Қачон ўтказмоқчисиз учрашувни?

– Эртага чақирсам девдим.

– Майли. Мени эртага бошқармага чақиришган. Завучга тайинлайман, биргаликда уюштиринглар. Агар уларнинг ёнида китобларидан бўлса, кутубхонамиз учун дастхат ёздириб олинг.

Ёш муаллим бироз бўшашди.

– Сиз қатнашмасангиз қандай бўлади?

– Зарари йўқ. Нима қипти? Мен бормасам бўлмайди-да. Индинга ўтказайлик десам, уларнинг вақти борми-йўқми, балки кетиб қолишадими…

– Бошқармага бир кун кейин борсангиз-чи? Ўзингиз иштирок этганингизда яхши бўлар эди-да. Ҳам директор, ҳам тажрибали адабиёт ўқитувчиси. У шоирларни яхши биласиз…

Ёш муаллимнинг охирги сўзлари Алмат акага киноя каби эшитилди. “Шоирларни яхши биласиз”. У ҳозир овозини борича “Йўқ, мен ҳеч кимни, ҳеч нарсани билмайман! Менинг даврим ўтди!” деб бақиргиси, шу билан кўнглини сал бўшатгиси келди. Бироқ Алмат ака… Алмат Муродов учун бундай қилиш ярашмас, ярашмайдигина эмас, умуман ақлга сиғмайдиган бир гап эди. Унинг кучли иродаси, кенг мулоҳазаси, катта ҳаётий тажрибаси ҳар доимгидек, бу сафар ҳам бир лаҳзалик енгил ҳиссиётдан устун чиқди. Ўрнидан оғир турди-да, шогирдининг ёнига келиб, елкасига қўлини қўйди.

– Тушунаман, ўғлим, – деди у оталарча вазминлик билан, – лекин сиз ҳам мени тушунинг: мен учрашувда қатнашолмайман. Бунинг учун мен эртага облонога бориш-бормаслигимнинг аҳамияти йўқ!.. Сабабини сўраманг. Мавриди келса, айтарман.

Бу гапдан ёш муаллим ҳайратга тушди. “Нима гап ўзи? Бу гапларни Алмат ака айтяптими?” Қулоқларига ишонмади. Рўпарасида турган одам ўша – ўзига илк бор ҳарф ўргатган, қалбида адабиётга иштиёқ уйғотган, қанча-қанча ёшларга устозлик қилган, шаҳарчада етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма домла, деб ҳурмат қиладиган Алмат Муродов турганига шубҳа қилгандек унга синчковлик ила тикилди.

Буни Алмат ака сезди. У ҳам шогирдининг жавдираб турган кўзларига қаради-да:

– Шундай, ўғлим! – деди.

… Алмат ака чуқур хўрсинди. Чинорнинг кўм-кўк баргига термилди. “Хўш, ўша ёш муаллим қандай тушунади бу бахтни? Бахт эмиш. Юз меҳри – иссиқ қабилида индамай юришганини, юзига солмаётганини бахт, деб ўйлаш керакми?..”

Балки шундайдир. Лекин мен учун бундай бахтни кўтариш оғир. Ўйинга ярамай қолганини сезиб ўзини четга олиш, ёшларга ўрин бериш даркор. Ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнаб, кўзга чиққан говмижжадай хунук кўриниб юриш наҳоки бахт бўлса?”

Мудир ўйланиб қолди. Алмат акага синовчан разм солди. У нигоҳини бир нуқтага қадаб, индамай ўтирар эди. Мудир охирги марта Алмат аканинг қўйнига қўл солди.

– Мен сиздан буни кутмаган эдим, – деди ранжиган оҳангда, – Сизни сираям шунақа одам, деб ўйламовдим.

Алмат ака ялт этиб мудирга қаради. Унинг бу қарашида “Мен қанақа одам эканман? Нима демоқчисиз?” деган кескин савол зоҳир эди. Мудир буни сезмаган каби ўсмоқчилади. – Наҳотки, шу қадар шахсиятпараст бўлсангиз?

Алмат ака аввал оқарди, кейин уят иш қилиб қўйган боладай қизариб кетди. Илкис нима дейишини билмай қолди.

– Бу нима деганингиз? – деди ниҳоят.

Мудир иложи борича ўзини жиддий тутишга, ҳазилини сездирмасликка ҳаракат қилди. Гапириш оҳангини ҳам ўзгартирмади.

– Тўғри-да! Шахсий ҳаловатингизни ўйлаб ҳаммасидан воз кечяпсиз. Жамият манфаатидан ўзингизни олиб қочяпсиз. Бошқа мактабларда шундай ўқитувчилар борки, пенсияга чиққанига бир неча йил бўлганига қарамай, ишламасликни хаёлига ҳам келтирмайди. “Кўп йиллик ҳалол хизматларингиз эвазига энди ҳордиқ олинглар”, деб қанча айтдик. Аммо улар “Танамда жоним бор экан, жамият учун, халқ учун хизмат қиламан! Майли, мурдам чиқсин мактабдан”, дейишади. Уларни ҳақиқий педагог, жамият учун, халқ учун умрини бахшида қилган фидойилар деса бўлади. Сиз ўшалардан ёшсиз, лекин “Кексайдим, чарчадим, соғлиғим ёмон, ишдан бўшатинг”, дейсиз.

Мудир кимларни назарда тутаётганини Алмат ака билади. Туманда беш-олтита кекса ўқитувчи бор. Ўқитувчилар етишмаслиги туфайли бир вақтлар муаллим бўлиб олган. Лекин буни ўзлари тан олмайди. Бу ҳақда сўз кетдими, “биз ёшлигимизда…” деб гапни узоқдан бошлашади. Ўқувчиларнинг масхара қилиши ҳам, мажлислардаги дашномлар ҳам, қизим сенга айтаман, келиним сен эшит, қабилидаги учириқлар ҳам уларга таъсир этмайди…

Ўзини ўшаларга менгзагани учун Алмат ака мудирдан ранжиди. Вужуди жимирлаб, бошига иссиқ қон югурди, икки чаккаси қизиб кетди.

– Менга қаранг, ҳурматли мудир, – деди салмоқлаб. – Борди-ю, ҳазил қилаётган бўлсангиз, сиздан қаттиқ илтимос, иккинчи бунақа ҳазилни йиғиштиринг, агар рост айтаётган бўлсангиз…

У гапиролмай қолди. Ҳазили қалтис чиққанини мудир сезди. Стаканга сув қуйиб, Алмат акага узатди.

– Домла, домла… Қўйинг-э, наҳотки, ҳазилни тушунмасангиз. Мен сизнинг кимлигингизни билмайманми?!

Алмат ака бир қултум сув ичиб, бошини кафтлари орасига олди. Тирсакларини столга тираганча узоқ жим қолди. Мудир саросимага тушиб, қўрқиб кетди. “Ҳе, шу ҳазилни чиқарганнинг падарига лаънат!” Алмат акага яқин борди.

– Доктор чақирайми, домла?

Алмат ака “йўқ” деган маънода бош ирғади. Бироздан кейин қўлларини туширди. Ожизлик билан мудирга қаради.

– Кечиринг, домла. Ҳазиллашаман, деб…

– Ўша ватанпарварлар, жамиятга жонини фидо қилган фидойилар билан ишлайверинг-да, – деди Алмат ака жуда синиқ товушда. – Мендек шахсиятпараст, худбин одамни нима қиласиз. Ундан кўра аризамга тезроқ қўл қўйиб, тезроқ қутулмайсизми! – У энди ўзига ўзи гапирар эди. – Шахсиятпараст эмишман. Салкам эллик йил муаллимлик қилиб, ҳеч кимдан бундай гапни эшитмовдим. Ёшим бир жойга борганда шахсиятпарастлик қиламанми? Бўшатинглар, қувватим етмаяпти, ҳозирги болаларга ақлим, билимим ожизлик қилиб қолди, энди ёшлар ишласин, десам худбинлик бўладими… Нега бир-биримизни тўғри тушунмаймиз? Ҳайронман, ёлғон гапга дарров ишонишади-ю, рост сўзингга қулоқ солишмайди!

У бир лаҳза жим қолди. Нафасини ростлади. Кейин мудирга юзланди:

– Жамият тараққиётига қўшилиш, бу тараққиёт билан баравар юриш қўлимиздан келмагач, ортиқча чиранишнинг нима кераги бор? Борди-ю, мен шуни сезган бўлсам, шуни тан олиб турсам – бу айбми? Олдин ҳам неча марта келдим ҳузурингизга. Ҳар гал пайсалга соласиз. Ҳурматингизни қилдим, индамай қайтиб кетавердим. Энди эса…

Алмат аканинг мактаби тумандаги энг илғор, ҳар томондан намунали. У директорликни топширса, мактабнинг обрўси нима бўлади? Янги директор бу обрўни сақлаб қола оладими? Ахир, мактаб бутун туманнинг фахри-ку!

Мудирнинг ташвиши бу ёқда эди. Директорнинг аризасига қўл қўймай, галга солишининг боиси ҳам шу.

Алмат ака уни ишонтирди: Мактабнинг обрўсини сақлаб қола оладиган, шуҳратини яна ҳам ошириш қўлидан келадиган ёшлар бор…

Бу гапдан мудирнинг кўнгли ўрнига тушди…

Алмат ака аввал қўлидаги баргнинг томирларига, сўнг ўзининг қўл томирларига разм солди. Озғин қўлларида бўртиб турган томирлар ҳали унча-мунча ишни писанд қилмаётгандек туюлди. У ички бир қониқиш, қандайдир хурсандлик ҳиссини туйди… “Директорликдан бўшаганим билан қиладиган ишларим кўп ҳали… Ўғил-қизларим, невараларим…”

– Ассалому алайкум, домла.

Алмат аканинг хаёли бўлинди. Қаршисида шогирди – ёш адабиёт муаллими турарди.

– Ёлғиз нима қилиб ўтирибсиз бу ерда?

Алмат ака унга ёнидан жой кўрсатди.

– Ўтиринг. Шошилмаяпсизми? Қаерга кетяпсиз?

– Йўқ. Кинофикациядаги ўртоғимнинг олдига бораётган эдим. Янги фильм келганмиш. Ўқитувчилар ҳаётидан экан. Гаплашиб кўрай, мактабимизга олиб бориб кўрсатса, яхши бўларди.

“Директорликка бунинг номзодини кўрсатиб чакки қилмадим. Жуда куйди-пишди йигит. Ўз фанини, умуман мактабни, болаларни яхши кўради. Ана шундайлар директор бўлгани тузук”.

– Ҳозир сизни ўйлаб ўтиргандим.

– Мени? Қизиқ-ку!

– Ҳа, сизни, – деди Алмат ака шогирдига синовчан тикилиб. – Биласизми, мен ҳозир районо мудирининг олдидан келяпман…

Алмат ака бўлган гапнинг ҳаммасини айтиб берди.

– Бундан бир ойча илгари ёш шоирлар билан учрашув ўтказмоқчи бўлганингизда мен қатнашолмайман, деганим эсингиздами? Сабабини энди билдингизми?

– Қўйинг домла, биз адабиётни сизчалик тушунишимизга ҳали анча бор.

– Йўқ, ўғлим. Гапларимни сохта камтарлик, деб ўйламанг. Бори шу. Сизга айтадиган муҳим гапим бор. Менинг аризамга қўл қўйди.

Муаллим ўрнидан сапчиб туриб кетди.

– Нималар деяпсиз, домла?! Мактабнинг ҳоли не кечади?

– Хавотир олманг. Ҳаммаси яхши бўлади… Майли, ҳозир йўлдан қолманг. Бошқа гапларни эртага мажлисда гаплашамиз. Хайр, омон бўлинг…

…Улар ота-болалардай хайрлашди. Алмат ака шогирдининг орқасидан қараб қолди. Унинг юришида қандайдир вазминлик, салобат бор эди. “Уялтирмайди… Ишонаман…”

1982 йил

Қиссалар

КЎККЎЛ

Сочидан қайтганидан сўнг Ботир хаёлчан, камгап бўлиб қолди. Ишхонасидагилар, дўстлари ҳайрон. “Дам олишдан келган одам қувноқ, тетик бўлгучи эди, Ботир тескариси…” Бу гапни унинг ўзига очиқ айтганлар ҳам топилди. Аммо аниқ жавоб ололмадилар.

Кунлар ўтди, ойлар ўтди. Ботирнинг хаёлчанлиги тарқамади. Аста-секин бу ҳолнинг боиси дўстларига бир қадар равшанлашди. Унинг гапларидан аён бўлди. Ботир асосан икки мавзуда сўзлашди: бири – севги, иккинчиси – Озарбайжон. Дўстлари ўзаро тахмин қилишди: “Ҳойнаҳой бу бола дам олишга борганда биронта озарбайжон қизини яхши кўриб қолганга ўхшайди”.

Бир куни Ботир Бокудан хат олди. Бундан хабар топган ҳамкасблари бояги гумоннинг тўғрилигига иймон келтиришди. Қитмирроқлари “Ҳа, Ботирвой, насиб этса, Бокуга тўйга борар эканмиз-да”, деб учирма ҳам қилишди. Ботир бу гапларга эътибор бермади. Унинг хаёли чўнтагидаги хатда: “Нима деб ёзди экан? Гулгинанинг ўзи ёздимикан ёки отасими? Кечикиб кетганидан энди жавоб келмаса керак, деб ўйловдим. Барибир ёзипти-да…” Хатни очиб ўқий деса, ҳамхонаси шилқим, эзма бир одам. Кўрингандан суюнчи олиб юради. Аксига олиб хонадан чиқмай ўтиришини қаранглар.

Ботирнинг юраги сиқилиб кетди. Чекиш баҳонасида ташқарига чиқди. Холироқ бир жойга ўтди-да, апил-тапил конвертни очди, чиройли ҳуснихатда битилган хатни ютоқиб ўқий бошлади.

“Ботир муаллим, салом! Мактубингизни олдим. Ташаккур. Аҳволингиз нечук? Дашканда не хушхабарлар вар?

Манимда, Жалил муаллимнида тани сағ, ҳамиси яхши.

Сиз ила кечан гунларни, суҳбатларни эслаяжакмиз. Сизи шеър ўҳушингиз маним ҳушима галур.

Бакийа галин. Биза қўноқ ўлин. Жалил муаллим сиза чўх саломлар деюр.

Сиза сиҳатлик, хуш кайфият тилаюрам. Соғ ўлин!

Гулгина”.

Хатни ўқиб, Ботирнииг бутун вужуди жимирлаб кетди. Кўз олдида Гулгина гавдаланди. Унинг товуши қулоқлари остида жаранглагандай туюлди. Чуқур хўрсинди, айни чоғда ички бир қониқиш, нимадандир суюниш ҳиссини туйди.

Шу куни ишдан кейин тўғри шаҳарлараро телефон тармоғига йўл олди. Гулгинанинг мактубига жавоб ёзишга сабри чидамай, у билан гаплашгиси келди, унинг овозини эшитишни жуда-жуда истади.

Навбатчи бир соатлар кутасиз, деди. Рози бўлди. Зотан, ҳозир у эрталабгача кутишга ҳам тайёр. Фақат Бокуни улаб берса, симлар орқали бўлса-да, Гулгинанинг ёқимли овозини, ширали тилини эшитса бас. Бундан муҳим, бундан лаззатли, бундан ёқимли нима иши бор ҳозир!

Ташқарига чиқиб сигарет тутатди. Чўнтагидан хатни олиб яна кўз югуртирди: “Сизи шеър ўҳушингиз маним ҳушима галур”. Бу сатрлар Ботирнинг кўзига нур, дилига роҳат, томирларига қон каби йўрғаларди.

Кимнингдир озарбайжонча гапиргани қулоғига чалинди. Ялт этиб атрофига қаради. Чиройли бир қиз ёнидаги йигитга нима ҳакдадир куйиб-пишиб сўзларди. Унинг овози Гулгинанинг товушига ўхшарканми, ёки бу ерда, кутилмаганда озарбайжонча суҳбат эшитганиданми – Ботирнинг юраги ҳаприқиб кетди.

Шу маҳал кутиш залида навбатчининг “Баку седьмая кабина. Баку седьмая кабина”, деган овози эшитилди. Ботир югуриб еттинчи кабинага кирди.

Бири кам дунё деганлари шу-да. Гулгина уйда йўқ экан. Жалил Жамолзода билан гаплашди…

Барибир Ботирнинг кўнгли ёруғ эди. У минг андиша билан хат ёзганди Гулгинага. Ҳадеганда жавоб келавермагач, бироз хижолат, ҳатто пушаймон ҳам бўлган эди. Бугун эса Гулгинанинг мактуби унинг қўлида. Мана, ҳозиргина Гулгинанинг отаси билан сўзлашди. Гапларидан билиниб турибди – хат ёзганидан, қўнғироқ қилганидан у ҳам хурсанд.

Демак, энди бемалол мактуб битавериши, имкони топилганда телефон қилиши мумкин.

Шундай бўлди. У хатлар ёзди. Гулгинадан жавоблар олди. Бокудан мактуб олган куни – Ботир учун байрам. Телефонда эса Гулгина билан икки мартагина гаплаша олди, холос. Унда ҳам қисқагина ҳол-аҳвол сўрашишдан, бир-бирини Тошкентга ва Бокуга таклиф этишдан нарига ўтолмадилар. Ботир кўнглида бир дунё гаплар билан киради телефон кабинасига. Гулгинанинг юракни сариёғдай эритиб юборувчи сўзларини эшитгач, бутун гаплари эсидан чиқиб кетади, довдираб қолади…

Бир йил ана шундай ўтди.

У энди сабрсизлик билан таътилни кутди. Бугуноқ таътилга чиқса-ю, қанот боғлаб Бокуга учса…

* * *

“Тошкент-Боку” самолёти тонг ёришганда ердан кўтарилди. Иллюминатордан ташқарига қараб ўтирган Ботир ўйга толган. Нигоҳи Тошкентнинг осмонўпар биноларига, бир-бирини қувиб кетаётган машиналарга, янги маҳаллаларда қўзиқориндек потраб ётган бетон уйларга тушса-да, хаёл кўзлари Каспий соҳилида ястаниб ётган Бокуни, унинг сершовқин кўчаларини кўрар, рассом Жалил Жамолзода ва унинг қизи билан бўлажак учрашувини тасаввур этар эди.

Жалил Жамолзода билан бир йил олдин Сочида, дам олиш уйида танишган. Аслида уларнинг танишувига Жамолзоданинг қизи сабабчи бўлган эди.

Ботир бунақа жойларга биринчи келиши. Нонушта қилади-ю денгизга чопади. Чўмилиб чиқиб, қумлоқда китоб ўқиб ётади. Аммо ҳар куни бир хил машғулот, гарчи у жуда завқли бўлса-да, одамни зериктиради. Аста-секин Ботирнинг ичи қизиди. Ўтган-кетгандан гурунглашай деса, бирон-бир киши билан яқинроқ танишгани йўқ. Кўпчиликнинг шериги бор. Ботирга ўхшаб ёлғиз юрганлар кам.

Бир куни тушликка бироз кечикиб келди. Ошхона эшигининг дастасига шундай қўлини узатиши билан эшик ичкаридан очилди-да, рўпарасида бир қиз пайдо бўлди. Шошиб келаётган Ботир бу соҳибжамолни кўриб тахтадай қотиб қолди. Унинг чаросдай қоп-қора кўзларини найза каби киприклари қўриқлаб турарди. Елкасини қоплаган сиёҳ сочлари шундай ярашган, шундай ярашган… Бу қадар гўзал, бу қадар ярашиқли сочни Ботир ҳали кўрмаган эди. Қиз унинг олдидан оҳу сингари сассиз-садосиз ўтаркан, нимадир деди. Ботир азбаройи гангиб қолганидан унинг сўзини англаёлмади – салом бердими, бошқа бир сўз дедими – билолмади. Бир қўли билан эшик тутқичини ушлаганча, унинг ортидан термилиб қолди. Устидаги жинси кўйлаги қоматини сумбатдай тутиб турар, Ботирга йўлакдан одам боласи эмас, ҳовлидаги сарвлардан бири оҳиста юриб кетаётгандай туюлди…

Стюардессанинг товуши унинг хаёлини бўлди: “Ҳурматли йўловчилар! Бизнинг самолётимиз Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон территориялари, Орол ва Каспий денгизи устидан ўтади-да, Боку аэропортига қўнади”.

Ботирнинг чап ёнида ўтирган семиз киши унга гап қотди:

– Олдин ҳам борганмисиз Бокуга, ука?

– Ҳа, бўлганман, – гапни қисқа қилди Ботир. Бироқ семиз кишининг саволи тугамади.

– Менинг биринчи боришим, у ерда меҳмонхона масаласи қандай экан, билмайсизми?

– Билмадим, – деди Ботир, – ҳамма жойга ўхшагандир-да.

Ботирнинг кесиб-кесиб гапиргани ёқмадими ёки саволи тугадими, семиз киши жим бўлди. Ўриндиққа ястаниб ётиб олди. Ҳаш-паш дегунча унинг хурраги эшитилди. “Роса беғам одам экан-да. Гапириб туриб ухлаб қолди-я…” Ботирнинг одати самолётда, автобусда – қанча юришидан қатъи назар – ухлаёлмайди.

“Эҳтимол, маълум даражада шунақаси ҳам тузукдир. Ҳамма нарсадан бехабар ётаверади.” Бу фикр унинг хаёлидан ўтишга ўтди-ю, аммо ўзи ҳеч қачон унга амал қилолмаслигини, ҳатто бу қадар беғамлик одам боласига ярашмаслигини ич-ичидан туйди. Зотан, унинг энг ёмон кўргани лоқайдлик. Ўғрини, муттаҳамни кечириш мумкин, аммо лоқайд одамни кечириб бўлмайди, деб ҳисобларди. Чунки ўғрининг, каззобнинг нияти маълум, киши ўзини шунга тайёрлаб юради, лекин лоқайд одамнинг мақсади ноаниқ, тушунарсиз…

Ўша учрашувдан кейин Ботир ҳаловатини йўқотди. Овқат маҳали ҳам, қирғоқда ҳам ҳалиги қизни қидирарди. Аммо ҳадеганда уни учратавермади.

Кечки овқатдан сўнг ҳовлидаги ўриндикда дам олиб ўтирганди, ўша соҳибжамол ўтиб қолди. Унинг ёнида ёши элликни қоралаган, қалин сочлари ўсиб кетган, қирғий бурун, қарашлари ҳам бургут кўзларидай ўткир бир киши бор. Ботир бўшашиб кетди, негадир юраги гупиллаб урди, гарчи бу қизнинг лоақал исмини ҳам билмаса-да, ёнида эркак киши юргани нечундир унинг ғашини келтирди. Ўзининг бу қилиғидан ўзи ҳам ҳайратга тушди. “Хўш, менга нима? Ахир уни танимасам, билмасам, нега энди жаҳлим чиқади? Қизиқ-ку…”

Ботирнинг фикри охирига етмасданоқ, бояги киши унинг ажабланиб қараб турганини сездими, ёнига келиб қўл узатди:

– Салом, сиз Ўзбекистондансиз?

Унинг гапиришидан сездики, озарбайжон экан.

– Ҳа, – деди Ботир, – сиз-чи, Озарбайжонданми?

– Бали, – у Ботирнинг ёнидан жой олди, нариги томонига ўша соҳибжамол ўтирди. – Маним отим Жалил Жамолзода, рассомман. Сизи отингиз нади?

– Ботир… журналист.

Жамолзода қалин сочларини бармоқлари билан орқага силтаб ташлади-да, кулди. Кулганда унинг кўзлари янада яшнаб, суҳбатдошини таъқиб этувчи бир тус олар экан. Бундай кўзларга тик қараш амримаҳол.

– Журналист? Чўх яхши, чўх гўзал. Маним журналистлара ҳурматим баланддир… Бу маним гизим – Гулгина, Гулгинахоним.

Қиз Ботирга қараб кулди. Унинг кулишлари ҳам гўзал эди… Эътибор берганмисиз, баъзи чиройли қизларнинг кулиши негадир хунук бўлади, ўзига ярашмайди. Бу гўзални “қизим”, деб таништирганидан Ботирнинг кўнгли бироз ёришди, ҳали уларни кўрган маҳали дилининг бир четига ёпишган хиралик пардаси кўтарилгандай туюлди.

– Танишганимдан хурсандман, – деди Ботир. – Мен сизни сиртдан танийман. Асарларингизни биламан. Ўзбекистонда Озарбайжон адабиёти ва санъати кунлари ўтказилганда очилган кўргазмада бор эди. Ундан кейин бултур Бокуга борганимда ҳам Марказий кўргазмалар залида кўрган эдим.

– Ташаккур, ташаккур…

Суҳбатга Гулгина қўшилди.

– Атами ҳанси асарлари ёдингизда?

Ботир бир лаҳза довдираб қолди. Йўқ, у кўрмаган асарларини кўрдим, деб ёлғон гапиргани йўқ. Каловланиб қолишининг боиси бу эмас. Чиндан ҳам Жалил Жамолзода деган рассомни билади. Фақат кўргазмада эмас, “Искусство” журналида ҳам бу рассомнинг ишларидан намуналар эълон қилинган эди. Унга маъқул тушган картиналари ҳам ёдида. Ҳозир қизнинг гапидан сўзини йўқотиб қўйди. Зеро, қизнинг сўзлари шу қадар майин, шу қадар эркаловчи оҳангда эдики, ҳар қандай эшитувчини сеҳрлаб қўйиши тайин.

Жамолзода қизига танбеҳ берган каби:

– Кишини хижолатга қўймоқ на лозим. Балки номи эсида йўқдир, – деди.

Ботир ўзини қўлга олди:

– Йўқ, Жалил муаллим, ундай деманг. Эсимда, менга кўпроқ тарихий мавзудаги асарларингиз ёққан. Хусусан, Бобак ҳақидаги картинангиз кўз олдимда турибди.

Рассомнинг юзлари ёришиб, лабларига табассум югурди.

– Ташаккур сизга, кўп ташаккур. – Кейин қизига деди: – Кўрдингми, азизим, бу ўғлон ҳаммасини билар экан. Ҳолбуки, ўзимизда кўпчилик билмайди ёки билса ҳам назарга илмайди.

– Отамнинг асосий асарларини кўрган экансиз. Лекин яна бир машҳур картинаси бор: “Кўккўл”. Кўрмаганмисиз?

Ботир ўйга толди. Йўқ, бундай асарни кўрмаган ёхуд хотирасидан кўтарилган.

– Сиз буни гапларига эътибор берманг, – деди Жамолзода. – У картина ҳали кўргазмаларга қўйилмаган…

… – Сув ичасизми, ука?

Семиз кишининг саволидан хаёли бўлинди. Стюардесса сув таклиф қилиб турарди. Елим стаканчалардан бирини олди.

– Жуда хаёл суриб кетяпсиз, ука, – деди семиз киши. – Тинчликми ўзи?

– Самолётда бошқа нимаям қилиш мумкин. Хаёл сурасиз, булутларни томоша қиласиз. Шу-да.

– Бокуга олдин ҳам борган бўлсангиз биларсиз, у ернинг ҳавоси қандай экан?

– Иссиқ-да, – деди Ботир. – Июнь ойи ҳамма жойдаям иссиқ келади-ку. Ҳавоси дим. Терлаб кетаверасиз. Намлик баланд. Ҳаммомнинг буғхонасига киргандай гап.

– Оббо, унда роса маза қиларканмиз-да.

Самолётнинг салқин салонида терлаб-пишиб ўтирган бу одамнинг Бокуга борганда қандай аҳволга тушишини Ботир тасаввур қилиб кўрди. Бир лаҳзада бутун кийим-боши жиққа ҳўл бўлиб қолса керак.

– Ундай бўлса таътилда бу ёққа келиб нима қиласиз? Сочигами, Ялтагами бормайсизми? Маза қилиб дам олиб, чўмилиб келасиз. Жононлар тиқилиб ётипти.

“Туя ҳаммомни ҳавас қилган экан. Қорнини базўр кўтаради-ю, яна жононлардан гапиради”.

Ботирнинг шўхлиги тутди. “Қани бир гапга солиб кўрай-чи, бу одам ким, нима иш билан кетяпти Бокуга?”

– Хизмат сафари билан кетяпсизми? – деди.

У киши оғзини очмасдан кулди. Кулганда унинг япалоқ юзлари кенгайиб, оғзи бир тилими олинган қовундай бўлиб қулоқларигача чўзилиб бораркан.

– Ундан ҳам муҳимроқ иш билан кетяпман. Тўй ташвиши…

– Ўҳў, зўр-ку, – деди Ботир кулиб. – Ўғил уйлантирмоқчимисиз ?

– Ҳа, шундай. – Семиз киши ўғлидан бироз ранжиган оҳангда гапирди. – Ўзимизда қиз қуриб қолгандай Озарбайжондан уйланмоқчи.

Бу гап Ботирни ўйлантириб қўйди. “Бир куни келиб менинг отам ҳам кимгадир шундай нолирмикан? Умуман, шундай бўлармикан?”

Ҳали ҳеч нарсанинг дараги йўғу ўзича ширин хаёл сураётганидан Ботирнинг кулгиси келди. Аммо шундай бўлишини жуда истади. Бу истак кўз ўнгида яна Гулгинани намоён этди. “У нима деркин? Балки турмушга чиқиб кетгандир. Беҳуда хаёл суриб юргандирсан эҳтимол… Гулгина…”

Ботир ширин бир туйғу ила хўрсинди…

– Ўғлингиз нима иш қилади? Озарбайжон қизи билан қандай танишипти?

– Ирригация институтини битиряпти. Спортчи. Қанақадир мусобақа деб, Бокуга келувди. Шу ерда танишиб қопти. Уям спортчи эмиш. Йўқ десам, кўнмади. – У ўтирган жойида бир қўзғалиб олди. – Ҳозирги ёшларга бир гапни тушунтириш ҳам азоб. Хўп, ука, анча бамаъни йигитга ўхшайсиз, айтинг-чи, узоқдан уйланиш осонми? Қанча харажат. Ундан кейин келинни олиб келган билан иш битмайди-ку. Қуда-андачилик, борди-келди, дегандай.

Ботир шеригининг кўнглини кўтарди:

– Ҳаммаям Озарбайжондан келин олавермайди-ку…

… Ботир иллюминатор томонга ўгирилиб яна хаёлга толди.

Аста-секин Жамолзода билан яқинлашиб кетди. Энди улар тез-тез суҳбатлашиб туради, ҳар оқшом кинога ҳам учови бирга тушади. Дам олиш уйининг ҳовлисида сарвлар, магнолиялар, шамшодлар, пальмалар, самбитгуллар майин шабадада яшил бахмалдай товланиб ётади. Бетон тўшамалар ётқизилган йўлкалардан узоқ юриб гурунглашадилар. Чўмилишга ҳам бирга бориб, бирга қайтишади. Рассомнинг қизи чўмилмайди, қайиқча олиб сузади, холос.

Бир куни қизиқ бўлди.

Жамолзода билан иккови чўмилар, Гулгина қайиқда сузиб юрарди. Бирдан тўлқин туриб қолди. Бешик-бешик тўлқин унга туянинг ўркачини эслатди. Тўлқинда гоҳ кўмилиб, гоҳ юзага чиқиб сузаркан, кўзи Гулгинада эди. Унинг қайиғи денгиз сатҳида мисоли хасдек ўйнарди. “Қани энди унинг қайиғи ағдарилиб кетса-ю, мен уни сувдан қутқариб олсам”. Бу фикр Ботирнинг хаёлига қаердан, қандай келди, ўзи ҳам билмай қолди.

Йўқ, тўлқин тинмади, қиз ҳам бўш келмади. Тўлқин кучайган сари у яйрар, ҳаво гимнастикачиси каби қайиғини қум барханларига ўхшаш тўлқинлар узра сакратарди. Бу ҳам етмагандай Ботирга бақирди:

– Бу ёққа келинг! Қайиққа миндирайми? Қандай роҳат бу!

Нима деган одам бўлдинг энди? Яхшиям фикрингни ўзингдан бошқа биров англамади. Одамзод бир-бирининг хаёлидан кечган фикрларни билмайди. Қандай яхши! Борди-ю бирининг хаёлини иккинчиси англаб етганда борми, аллақачон одамлар бир-бирини еб адо қилган бўларди…

Ботир ҳар куни зимдан Гулгинани кузата бошлади. Унинг ҳар бир сўзига, имо-ишорасига, ҳаракатларига разм солади. Ана шу кузатиш асносида у бир нарсани сезди. Сиртдан қувноқ, шўх, ҳазилкаш кўринган қизнинг кўзларида, боқишларида қандайдир дард, нимадандир норозилик туйғуси зоҳир эди. Бунинг сирини Ботир тушунолмайди. Сўрашга юраги дов бермайди.

Нима ишинг бор, деб қайириб ташласа-чи. Нима деган одам бўласан?

Шу андиша билан кўнглидан кечган саволини тилига чиқармади.

Лекин андишанинг ҳам, сабр-тоқатнинг ҳам чегараси, меъёри бор. Одам ўз хоҳиш-истагини ҳар қанча жиловламасин, ахир бир кун жилов узилиб, истак ўз билган йўлидан кетар экан. Ботирда ҳам шундай бўлди.

У тушликдан сўнг ўзи ёқтирадиган самбитгул соясидаги ўриндикда китоб ўқиб ўтирарди. Бетон йўлкада туфлининг тақ-тақ этган товуши эшитилди. Китобдан нигоҳини олиб, ўша томонга қаради. Бир-бир босиб Гулгина келарди. У ғоят паришон, нима ҳакдадир чуқур ўйланиб бораётгани юришидан маълум эди. У ҳатто рўпарасидаги Ботирни ҳам сезмади. Илкис салом берсам чўчиб кетмасин деб, Ботир астагина йўталди. Қиз ялт этиб унга қаради.

– Салом, Гулгинахоним.

– Салом… Сиз шу ердамисиз?

– Ҳа, бироз китоб ўқий, деб келдим. Денгизда тўлқин, чўмилиб бўлмайди. Хонада ётавериб одам зерикади. Шу ер менга жуда ёқади.

Гулгина унинг ёнига ўтирди.

– Яхши жой экан. Сокин. Мана бу қанақа дарахт? Ҳиди ажойиб экан-а.

– Олиандр, яъни самбитгул. Ҳиди менгаям ёқади. Биласизми, биз томонда оқ ўрик бўлади. Ғарқ пишганда шунақа хушбўй ҳид таратади. Самбитгулнинг иси менга ўша ўрикни эслатади.

– Рост айтасиз, – деди Гулгина самбитгулнинг бир шохчасини эгиб ҳидларкан. – Бизда ҳам бор шунақа мева, бизлар арик деймиз.

– Ўзбек тили билан озарбайжон тилининг фарқи кам. Асли ўзаги бир-да. Биласизми, бир вақтлар озарбайжонлар Алишер Навоийни, ўзбеклар Фузулийни таржимасиз ўқишган. Ҳозир ҳам Фузулий ғазаллари бизда машҳур. Фузулий ғазаллари билан айтиладиган қанча қўшиқларимиз бор…

Гулгина Ботирнинг сўзларини бўлиб деди:

 
Низомий болидан ҳалво пишурмиш
Навоий забт этиб туркий жаҳонни.
Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек,
Ўзинг айт, Фузулий битган девонни.
Азизим, дилимда асраб юрибман
Насимий қолдирган собит имонни.
Вурғуннинг шеъри деб, жон чекса ўзбек,
Озар ҳам аярми Ғафурдан жонни, –
 

деган-ку, сизларнинг Абдулла Орипов деган шоирларингиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации