Текст книги "Гладиолус"
Автор книги: Маматқул Хазратқулов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
Возрастные ограничения: +12
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 27 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]
“Ўзимизнинг ғилминдига ўхшар экан-у, фақат ичига атала ўрнига гўшт солинаркан-да”, деб ўйлади Ботир.
Овқатдан сўнг Жамолзода ташқарига эмас, ўнг қўлдаги бир эшикка томон юрди.
– Энди пастга тушамиз. Келганингда кўриб кетгин-да.
Жамолзода зинадан пастга туша бошлади. Унинг ортидан Ботир билан Гулгина эргашди. Ташқарида кун қизиган, жазирама. Бу ер эса салқин. Бирон жойига кондиционер ўрнатилмаганмикан, деган хаёл билан Ботир билдирмай атрофга разм солди. Ҳеч қаерда ҳеч нарса кўринмади. Хонанинг эни уч-тўрт, узунлиги эса ўн метрдан зиёд чиқади. Стол-стуллар қўйилган. Бир чеккасида буфет. Турли ноз-неъматлар, шарбатлар, салқин ичимликлар. Магнитофонда қайсидир озарбайжон хонандаси куйламоқда. Бурчакдаги столда бир йигит билан қиз бурни-бурнига теккудай бўлиб пичирлашяпти. Нариги столда эса тўрт йигит нима ҳақдадир овозини баланд қўйиб баҳслашяпти.
– Бу Карвонсаройнинг остки хоналари, – деди Жамолзода. – Яқинда очилди. Бу ёқда яна хоналар бор. – У чап томонга юрди. Бу хона олдингисидан ҳам катта. Унинг эшиги қалин, қоп-қора. Кўринишидан жуда оғирга ўхшайди. Куч билан итариб ёпиб-очиларкан. Қаттиқ дарахтдан ишланган шекилли. Хонанинг ўртасида узун стол, устига оппоқ дастурхон солинган.
Айлантириб стул қўйиб чиқилган. Эллик-олтмиш одам бемалол сиғади. – Бу ерда ҳозир турли зиёфатлар ўтказилади. Нариги томонда бундан сал кичикроқ яна битта хона бор.
Карвонсаройнинг ҳамма хоналарини айланиб кўришди. Ботирнинг хаёлини ҳар бир халқ ўз ўтмишини қадрлаши лозимлиги, келажагини ўйлаган халқ шундай йўл тутиши кераклиги ҳақидаги фикрлар банд қилди.
Ҳозир кўрганлари бунинг бир мисоли эди…
IV
Уйга қайтиб келгач, Гулгина Жамолзодадан сўради:
– Нечун айтмадингиз бор гапни?
Жамолзода ҳовлидаги тўқима креслога чўкиб, сигарет тутатди. Гулгинага бир қараб олди-да, оҳиста деди:
– Томдан тараша тушгандай нима дейман… Мавриди келса айтарман… Ҳали шу ерда-ку.
Унинг сўзлари шу қадар вазмин ва маҳзун чиқдики, беихтиёр иккови ҳам жиддийлашиб, хаёл дарёсига шўнғиди. Жамолзода сигарет тутунини чуқур-чуқур тортаркан, марҳума хотинини эслаб кетди. Қандай ажойиб аёл эди у. Орадан неча йил ўтиб кетди, аммо Жамолзода уни сира унутолмайди.
Шундай кезларда у ёлғиз қолишни, тўйиб-тўйиб хаёл суришни истайди. Ҳозир ҳам кўнгли шуни тусади. Бироқ бундай кайфиятга тушганини Гулгинага билдирмасликка ҳаракат қилади. Билиб қолса, қўймайди, бир амаллаб хаёлини чалғитади. Лекин Жамолзода баъзан ўша ўйлар сира фикрини тарк этмаслигини хоҳлайди.
Сигарет қолдиғини оёғининг тагига ташлаб пошнаси билан эзғилаб ўчирди-да, зўрма-зўраки жилмайиб ўрнидан турди.
– Сан энди бориб дамингни ол. Эртага узоқ йўл юрамиз, чарчайсан. Ман бироз ишламоқчиман, – деди.
– Сиз ҳам ором олинг. Саҳар тургансиз. Эртага яна тонгла уйғониш лозим.
Жамолзода Гулгинанинг пешонасига тушиб турган қўнғироқ сочларини эҳтиётлаб силади.
– Ҳозирча чарчаганим билинмаяпти. Озгина бўлсада, ишлаш кайфиятим бор.
У ҳовлининг чап томонидаги устахонасига томон юрди. Хонага кирди-да, у ёқ-бу ёғига турли ранг бўёқлари теккан енги калта катак кўйлагини кийди. Деразадан билдирмай Гулгинага қаради. У уйга кириб кетган эди.
Рассом қўлига мўйқаламини олди. Анчадан бери битказолмаётган ишига узоқдан разм солди. Нигоҳи чала расмда, аммо кўзлари уни кўрмас, хаёли мутлақо бошқа жойда. Бояги ўйлар қуршовидан ҳали қутулмаган, ҳали-бери қутулишни истамасди ҳам…
* * *
Тақдир тақозоси билан Жалил Жамолзода анча кеч уйланди. Аввал ўқиш деди, кейин сал ўзимни тиклаб олай деди, хуллас, ёши ўттиздан ошиб кетди. Бу орада у рассом сифатида кўзга кўриниб қолди. Унинг асарлари нуфузли кўргазмаларда намойиш қилинар, матбуотда Жамолзода ижоди хусусида баҳс-мунозаралар авжига чиққанди.
Ана шундай ажойиб кунларнинг бирида такдир уни Мадина билан учраштирди.
Мадина шаҳар шифохоналаридан бирида ҳамшира бўлиб ишларди. Иссиқ ҳаммомдан чиққан Жамолзода Бокунинг аёвсиз шамолига дуч келди-ю, хасталанди. Врачга учрашган эди, қаттиқ шамоллабсиз деб, пенициллин билан витамин ёзиб берди. Ҳар биридан ўнтадан укол оласиз, деди.
Эртаси куни дориларни кўтариб, “Муолажахона” деб ёзилган хона эшигини тақиллатди. Қошу кўзи попукдай, қадди-қомати сарвдай қиз унинг қўлидан қоғози-ю, дориларини олди. Бу – Мадина эди. У врачнинг тавсиясини ўқиб кўрди-да, ётинг деди.
– Нега? – деб ажабланди Жамолзода.
– Нега бўларди, укол қиламан.
Жамолзоданинг ранги оқариб кетганини кўриб, Мадина кулди. У шприцга дори сўрдираркан, Жамолзодага қарамай деди:
– Бўлинг тезроқ… Дори қотиб қолади.
– Ётмасам бўлмайдими? – деб сўради Жамолзода. У гуноҳкор боладай елкасини қисиб турар, овози ҳам базўр чиқарди.
– Манга барибир… Фақат тезроқ бўлинг.
– Нима қилай?
Ҳамширанинг жаҳли чиқди.
– Умрингизда укол олмаганмисиз? Ечинг. Бўксангизга қиламан уколни.
Чиндан ҳам Жамолзода шу ёшга кириб бирор марта укол олгани йўқ. Тўғри, болалигида бирми-иккими укол қилишувди. Орқасига – курагининг остига. Мадинанинг гапи ўшани ёдига туширди-да, кўйлак-майкасини елкасигача кўтарди. Мадина кулиб юборди.
– Қанақа одамсиз… Туширинг, бўксангизга қилиш керак.
– Жамолзода бўшашиб Мадинага ўгирилди:
– Нималар деяпсиз, хоним? Курагимнинг тагига қилаверинг-да.
– Мумкин эмас. Ҳамма уколни юборадиган ўз жойи бор. Мана бу дорингизни билагингизга қиламан. Тезроқ бўлинг…
У шприцни осмонга қаратиб поршинчасини бош бармоғи билан секин босган эди, нинанинг учидан “тиз” этиб дори отилди. Жамолзода ноилож камарини бўшатди. Мадина пахтани спиртга ҳўллаб келди:
– Ўзингизни бўш тутинг. Акс ҳолда нина кирмайди.
Жамолзода бир сакраб тушди.
– Хоним, сиздан илтимос. Укол қилмай қўя қолинг. Шу уколни олмасам ўлиб қолмасман.
– Гап ўлиш-ўлмасликда эмас, саломатликда. Сизнинг соғлиғингиз фақат ўзингиз учун эмас, халқимиз, санъатимиз учун керак.
Жамолзоданинг оғзи очилиб қолди. “Мани рассомлигимни қаёқдан била қолди экан, бу ҳамшира?”
– Шунақа денг… Ташаккур сизга, хоним… Майли, тиқинг нинангизни, шу гапларингиз учун ҳамма нарсага чидайман.
Мадина спиртли пахта билан унинг баданини артди-да, карт эткизиб нинани урди.
– Мана бу эркакча гап…
Дорини Жамолзоданинг баданига юбориб, нинани суғуриб олди, ўрнини спиртли пахта билан яна артди. – Шунча танқидларга чидаган рассом ингичкагина нинадан қўрқиб ўтирса-я…
Жамолзода тескари қараб кийимларини тўғрилади.
– Манга қаранг, хоним. Сиз бу гапларни қаердан биласиз?
– Биламан-да, – деди Мадина хотиржам. – Ман тасвирий санъатни жуда яхши кўраман. Ҳар бир янги кўргазмага албатта, бораман. Сизнинг асарларингиз билан ҳам танишман.
Жамолзода бошқа гапирмади. Ташаккур айтиб чиқиб кетди.
Бу хонага йигирма кун қатнади. Бу орада Мадина билан анча яқинлашиб қолди. Ҳатто бир-бирига телефон номерларини беришди. Жамолзода соғайиб кетди. Аммо ҳамшира Мадинани унутолмади. Гўё дорилар билан бирга юрак қўрини ҳам унинг томирларига юборган эди. Рассомнинг қон томирларида Мадинанинг меҳри ҳам айланарди.
У бир-икки марта шифохонага қўнғироқ қилиб, Мадина билан гаплашди. Лекин симлар орқали бўлган мулоқот уни қаноатлантирмади. Энди у Мадинани сўраб борадиган одат чиқарди. Мадина аввалига уялди, қўйинг, битта-яримта кўриб қолса, гап қилади, деди. Бироқ Жамолзода фикридан қайтадиганлардан эмасди.
Аста-секин Жамолзода билан Мадинани биргаликда кинода, театрда, концертларда кўришди.
Ота-онасидан эрта айрилиб, ёлғизлик уқубатларини бошидан кечирган Жалил Жамолзоданинг хонадонига қуёш нури яқинлашмокда, ой шуъласи тушмоқда эди.
Орадан олти ой ўтар-ўтмас уларнинг тўйи бўлди.
Мадинанинг гаплари рост чикди. У тасвирий санъатни ҳаддан зиёд яхши кўрар экан. Жаҳондаги таниқли рассомлар, уларнинг асарларидан хабардор эди. Бу аввалига Жамолзодани ҳайратга солди. Бора-бора тақдир шундай умр йўлдошини раво кўрганидан ич-ичидан севинди.
Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ экан. Жамолзоданинг ҳам ёруғ кунлари келди.
Мадина бутун умрини, ҳаётини, куч-қувватини Жамолзодага, унинг истеъдоди равнағига бағишлади. Ишини ҳам йиғиштирди. Рўзғор ташвишларини ўз зиммасига олиб, эрини барча юмушлардан озод этди. Жамолзода батамом ижодга берилди. Фақат Мадина овқатга таклиф этганда хонасидан чиқиб тановул қилар, кейин яна ишга шўнғиб кетарди. У тарих ҳақидаги ҳужжатли, илмий, бадиий асарларни, қомусларни ўқиб-ўрганар, шулар асосида тарихий шахсларнинг сиймосини матога туширарди. Унинг қатъий режалари бор: Низомий, Бобак, Фузулий, Нотавон, Насимий, Воқиф, Видодий, Ҳожибеков сингари озарбайжон халқининг ўтмишида ёруғ юлдуз каби порлаб турган сиймолар тимсолини яратмоқни ҳаётининг, ижодининг мазмуни, деб тушунади. Шу эзгу ният йўлида бир неча суратлар яратди. Улар жамоатчилик, мутахассислар томонидан турлича баҳоланди. Хусусан, миллий қаҳрамон Бобак сиймоси тасвирланган асари кўп мунозараларга сабаб бўлди. Бундан баъзан кўнгли ўксир, гоҳо “демак, асарда нимадир бор эканки, у ҳакда шунча баҳслашишяпти, акс ҳолда бир чеккада эътиборсиз қолиб кетаверар эди-да”, деб ўзига ўзи таскин берарди. Шундай кезларда Мадинахоним унинг кўнглини кўтарар, асар хусусида фикрлар қўзғалгани маъқул, деб уни овутарди. Бу етмаса ярим ҳазил, ярим чин оҳангда ашула айтиб хаёлини чалғитарди.
– Ман Баҳруз хаёлли бир рассом ўлсайдим,
Гўяр чин алини чакардим сани.
Тоғлонинг устина булутдек ҳана,
Сиёҳ тэлларингни чакардим сани.
Илҳом парисини чак десайдилар,
Зуҳро улдузини чак десайдилар,
Илҳом парисини чак десайдилар,
Гунашши ўзини чак десайдилар,
Гунаш жамолингни чакардим сани…
Шундай деб у кулар, Жамолзодага ҳазиллашарди…
– Билдингми, азизим. Рассом ўлсанг Баҳруз хаёлли ўл, йўқса ижод заҳматини чакмайинг на лозимди?!
Жамолзоданинг чеҳраси ёришиб, Мадинахонимнинг пешонасидан авайлаб ўпиб қўярди…
V
Ботир эрта уйғонди. Одати шунақа: бирон жойга борса, кўниккунча бир-икки кун яхши ухлаёлмайди. Кеч ётади, эрта туради.
Шифтга қараб ётиб ўйга толди. Ҳадемай отланадиган сафари ҳақида ўйлади. Кўккўлни жуда мақташади. Ростданам гўзал жоймикан? Ўзимизнинг Омонқўтонга, Шоҳимардону Бахмалга ўхшаган жойлардир-да. Хаёлан Кўккўлни Кўлиқуббонга менгзади.
Фикрлари айланиб Гулгинага келди. Уни ўйлаши билан юраги ўйнаб кетди. Самолётда Сочидаги илк учрашувдан буён хаёлида Гулгина… Аммо у-чи? Севармикан? Ўшанда аниқ бир гап айтмади-ку. Нима учун йиғлади ўшанда? Ёки бирон яхши кўргани бормикан? У ҳолда нега очиғини гапирмади?..
Энди дадил айтади дардини. Аниқ жавобини сўрайди. Жамолзодага кўнглини очади. Аслида шунинг учун келмадими Бокуга… Турмушга чиқмагани аниқ. Отасиникида экан-ку.
“Гулгина… У Ўзбекистонга кетишга кўнармикан?.. Менинг ота-онам нима дейди ҳали… Тақдиримиз қўшилган бўлса нима қипти. Кечаги кишининг ўғли ҳам шу ердан уйланяпти экан-ку…”
Бу саволу ўйлардан унинг боши ғовлаб кетди. Ўйлайверса охири йўқ, бири бирини етаклаб келаверарди. У ўрнидан туриб, бироз бадантарбия қилди-да, ювингани ваннахонага ўтди…
Ботир уч йил олдин университетни битирди. Ҳамон бўйдоқ. Ота-онаси қачондан бери қистайди уйлангин, деб. Бугун бу дейди, эрта у. Кунлар, ойлар, йиллар ўтиб боряпти. Унча-мунча қизлар ёқмайди. Бирини озғин деса, иккинчисини семиз, дейди. Бошқасининг сочи ёқмаса, яна бири пакана. Сенга осмондаги ойни қаердан оламиз деб, отаси-онасининг жаҳли чиқади. Кошки шунга яраша ўзи қизларнинг ақлини шошириб қўядиган даражада хушрўй йигит бўлса экан. Қотма, қорача юзларида катта-катта кўзлари ўйнаб турибди, озғинлигидан новча бўйи яна новчароқ кўринади. Шу ҳолига бу кишимнинг диллари нозиклигига, талаблари юксаклигига ўласанми…
Хўш, йилда бир насиб этадиган, одамлар кеча-ю кундуз орзиқиб кутадиган отпускани олиб, Боку кўчаларида нега дайдиб юрибди? Севгининг қудрати эмасми бу?
У кийиниб бўлгач, соатига қаради: етти ярим. Ў-ҳу, ҳали барвақт-ку.
Столдаги “Баку” деган йўл кўрсаткичнинг тахини ёзиб, кўз югуртирди. У ҳали фикрини жамлаб улгурмаган ҳам эдики, эшик тақиллади. Чўчиб тушганидан қўли титраб кетди. “Келди, яхшиям эртароқ турганим…” У эшик томон йўналди.
Улар шаҳардан чиқишганда соат энди саккиз ярим эди.
– Бу ёғида юриш осон, – деди Гулгина Ботирга ўгирилиб. – Шаҳарнинг ичида транспорт кўп, одамнинг асаблари толиб кетади. Шаҳарда икки соат юргандан кўра, мана бунақа йўлдан икки юз километр жойга бориш осонроқ.
Машина тобора тезлашади. Бундан Гулгинанинг ўзи ҳам завқ олади шекилли, ўриндиққа жойлашиброқ ўтирди-да, тезликни баттар оширди. Унинг нозик қўллари руль чамбарагини гоҳ ўнгга, гоҳ чапга енгил айлантирар, ҳаракатлари аниқ ва эпчил эди. Гулгинанинг орқасида ўтирган Жамолзода ўнгга – Ботир томонга бурилди.
– Хўш, Ботир, қалай дам олдинг?
– Яхши, Жалил муаллим, ташаккур, – деди Ботир.
– Тўғри Кўккўлга борамизми ёки йўлдаги шаҳарларни ҳам кўриб ўтамизми?
Ботир кулди:
– Тошкентга учадиган самолётга чиққунимча инон-ихтиёрим сизда, унинг калити билан рули эса Гулгинахонимнинг қўлида. Нариги дунёга десангиз ҳам кетавераман. Миқ этиш йўқ.
Жамолзода ўзининг кечаги гапини эслаб жилмайди. Гулгина эса шарақлаб куларкан, Ботирга юзланди.
– Яхши айтдингиз, Ботир муаллим. Ҳозир иккалангизниям такдирингиз менинг қўлимда.
Учови баравар кулишди.
Машина шамолдек елиб бормокда. Ботир атрофни кузатади. Чор-атроф кўм-кўк, боғ, токзор. Ажойиб манзара. Ғир-ғир шабада.
– Демак, гап бундай, – деди Жамолзода жимликни бузиб. – Йўлда ҳамма жойда тўхтаб юрмаймизу, фақат Мингечаурга кириб ўтамиз. Ўша ерда овқатланамиз. Яхши балиқлар бор. Хоҳласанг чўмиламиз, катта сув омбори бор. Маъқулми, Гулгинахоним?
Гулгина бош ирғаб, тасдиқ ишорасини билдирди. Жамолзода Ботир томонга бурилиб гапида давом этди.
– Мингечаурга кирайлик, деганимнинг сабаби, у бутун Кавказнинг қоқ маркази ҳисобланади. Ҳа, дарвоқе, – деди у муҳим гап эсига тушгандай сергак тортиб. Қалин, узун сочларини бармоқлари билан орқага тараб ташлади. – У ерда санинг бир юртдошинг бор. Ман уни яхши танийман. Тўқимачилик корхонасида ишлайди. Шаҳардаги маданият саройида маним шахсий кўргазмам очилганда келган, тантанали йиғилишда сўзга чиққан эди. Истасанг, топиб суҳбатлашамиз.
Бу гап Ботирни қизиқтирди. Рост-да. Ўзбекистондан қанча олисда – Кавказнинг қоқ марказида ўз ҳамшаҳарини учратиш қизиқда.
– Майли, борамиз, – деди Ботир.
Жамолзода кулди.
– Ўзим ҳам йўқ демасанг керак, деб ўйловдим. Томирингда ҳақиқий ўзбек қони оқар экан.
Ботир Жамолзодага синовчан назар ташлади.
– Нега ундай деяпсиз?
– Акс ҳолда бефарқ ўтиб кетаверар эдинг-да, – деди Жамолзода. У шошилмай, ҳар бир сўзни салмоқлаб гапирди. – Ҳа, бир ўзбек юртдошим бўлса бўпти-да, деб қўя қолишинг мумкин эди-ку. Ўз халқи, унинг такдири, келажаги учун жон куйдирган одамгина қаердаки юрти ҳақида сўз кетса шундай сергак тортади.
Ботир бироз хижолат тортди.
– Йўғ-э, жуда ошириб юбордингиз.
Суҳбатга Гулгина қўшилди:
– Камтарлик қилмай қўя қолинг, Ботир муаллим. Жалил муаллим рост айтяпти.
Гулгинанинг гапидан кейин Ботир баттар хижолат чекди. Умуман, Гулгинанинг ҳар бир гапи Ботирни довдиратиб, жавоб топишга шошиб қолмоқда. Хайриятки, бу сафар бирон нима дейишга ҳожат қолмади, гапни Жамолзода илиб кетди.
– Биласанми, Ботир, камтарлик – яхши, ҳадеб бўлса-бўлмаса мақтанавериш, кўкракка уравериш одобдан эмас. Лекин, очиғини айтсам, ҳар бир нарса меъёрида бўлгани маъқул. Жумладан, камтарлик ҳам. Ортиқча камтарлик ҳам яхшиликка олиб келмайди. Нима, сан ўйлайсанки, камтарлигингни ҳамма тўғри тушунадими? Йўқ, кечирасан, сан бир чеккада қолиб кетаверасан, аллақандай истеъдодсиз, лўттибоз одамлар устингдан босиб ўтиб кетаверади. Бу ҳам етмагандай санинг устингдан кулади. Шунинг учун одам ўз қадрини билиши керак. Вақти келганда ўзининг кимлигини, нимага қодирлигини кўрсатиб ҳам қўймоқ зарур.
Унинг жўшиб, ҳатто асабийлашиб бораётганини сезган Гулгина радио қулоғини буради-да:
– Бўлди! – деди Жамолзодага ўгирилиб. – Маъруза тамом! Энди мусиқа эшитамиз.
Радиодан шўх қўшиқ янгради:
Ман бир ушаг, ман бир ушаг,
Сан бир ана, сан бир ана,
Озарбайжон, Озарбайжон, Озарбайжон.
– Зайнаб Хонларова-ку, – деди Ботир.
– Ёқтирасанми? – ашулани эшитиб, Жамолзоданинг кўзлари ўйнаб кетди.
– Ҳа, жудаям яхши кўраман. Умуман, бизда уни кўпчилик ёқтиради. Жуда оммалашиб кетган.
Гулгина қўшиқ тугамай, радиони ўчирди.
– Нега ўчирдингиз, Гулгинахоним? – деди Ботир. – Яхши куйлаяпти-ку.
Гулгина афтини бужмайтириб:
– Манга ёқмаяпти, – деди.
Ботир индамади. Нима ҳам десин. Ботирнинг назарида Гулгина санъатнинг ҳамма соҳасини нозик тушунар, қадрлар, яхши-ёмонини одилона фарқлай олар эди. Унинг ҳозирги гапидан кейин ўша фикридан қайтди. “Йўқ, янглишган эканман! У санъатнинг бошқа турларини билмадиму, аммо қўшиқни тушунмас экан. Бўлмаса, Зайнаб Хонларовадай хонандани ёқтирмайдими?”
Унинг бироз ранжиганини Жамолзода сезди. Чунки Ботир ўйчан, ҳатто ўзи билмаган ҳолда қош-қовоғи осилиб қолган эди.
– Очиб қўй радиони, – деди у қизига. – Санга ёқмаса, бошқаларга ёқади. Меҳмон эшитмоқчи, ахир.
– Йўқ, шарт эмас, – деди Ботир. – Мен кўп эшитганман.
Гулгина чап елкаси оша отасига бир ўқрайиб қаради-да, радиони очди. Ҳамон Зайнаб куйларди:
– Билмам мани у на учун отмиии, унутмуш,
Отган адосини гурбан ўлдиғим.
Баҳс ораларидаги суҳбатга сув сепди. Гурунг совиди. Ҳамма ўз хаёли билан ёлғиз қолди…
Кўринишиданоқ янги эканлиги, йигирма беш-ўттиз йилларнинг нари-берисида қурилгани сезилиб турган шаҳарга кириб боришганда вақт пешинга яқинлашган эди.
Гулгина машинани ўнгга бурди. Бироз юргач, қуюқ дарахтлар орасидаги ошхона олдида тушишди. Ўртада фаввора. Унинг атрофига стол-стуллар қўйилган. Салқин. Йўлдан, хусусан, иссиқ кунда келган одамнинг тани ором олади.
– Шу ерда овқатланамиз. Сал нафас ростлаб, кейин кўлга борамиз. Сўнгра тўқимачилик корхонасига ўтиб, санинг ҳамшаҳарингни кўрамиз, – деди Жамолзода. – Маъқулми?
Ботир тасдиқлади. Гулгина фавворадан отилаётган сув заррачаларига юзини тутиб ўйнарди. Унинг ҳаракатлари гўё ёш бола каби эди. Ботир қизни зимдан кузатаркан, бориб унга сув сепиб ўйнашгиси, Гулгинанинг кайфиятини кўтаргиси келди.
Жамолзода билан Ботир чеккадаги столга бориб ўтириши ҳамоно бир ёш йигит югуриб келди.
– Салом, Жалил муаллим. Хош галмишсиниз.
– Ай, соғ ўл, – деди Жамолзода, – таниш ўлинг, маним қўноғим, Ўзбекистондан, Ботир.
Йигит Ботир билан кўришар экан:
– Чўх яхши, сиз ила таниш ўланимдан чўх розиям, – деди.
Жамолзода йигитга нималарнидир тушунтирди.
Ботир уларнинг гапига унча аҳамият бермади. Унинг нигоҳи ҳам, хаёли ҳам Гулгинада эди. У ҳамон фаввора атрофидаги кумуш заррачаларга юзини, қўлини тутиб ҳузур қиларди. Унинг юпқа ҳиндий кўйлаги намланиб кетган, аммо қиз буни сезмасди. Чамаси, иссиқдан келгани, машина ҳайдаб чарчагани учунми, бу заррачалар унга хуш ёқар, у жажжи қизалоқ каби ҳамма нарсани унутиб, атрофдаги одамларга ҳам парво қилмай сув ўйнарди.
Бояги йигит бирзумда стол устини турли ноз-неъматларга тўлдирди. Узун чинни идишда балиқ келтирди. У гўё тирикка ўхшарди, ёнларига кўкатлар қўйилган. Ботир ажабланиб қаради. Буни сезган Жамолзода изоҳ берди:
– Бу ерда балиқни шунақа пиширишади. Худди тирикка ўхшайди-а. Аммо ичи тозаланган. Бир чеккасидан кесиб ейилаверади.
Балиқ анча катта, тахминан уч-тўрт килоча келарди.
– Ажойиб экан, – деди Ботир ҳайратини яширолмай.
Жамолзода балиқнинг ярмини майдалаб кесди.
Гулгина ҳамон келмас, фавворанинг нариги тарафига ўтиб кетганди. Жамолзода уни чақирди:
– Гулгинахоним, гал бура.
Гулгина отасига деди:
– Сан ҳардан билирсанки, бу су на роҳатди?
– Хўрак емак истамайирсан?
Гулгина гўзал чеҳрасидаги марварид доналари каби сув томчиларини арта-арта булар томон юрди.
У Ботирнинг қаршисидаги стулга келиб ўтирди…
Улар сув омборига келишганда вақт пешиндан оққан эди. Сув омбор дегани денгиздай поёнсиз, чайқалиб ётарди.
– Жуда катта экан-ку, – деди Ботир кўз илғамас уфққа қараб.
– Ҳа, чўх буюк кўл. – Жамолзоданинг сўзларида фахр-ифтихор туйғулари бор эди. – Эни ўн етти, бўйи етмиш километр.
– Уҳў!
Ҳув нарида катер кўринди.
– Жалил муаллим, катерга тушамизми? – деди Гулгина.
Жамолзода Ботирга қаради. Ботир ҳам шуни истаб турган, Гулгинанинг таклифи айнан унинг кўнглидаги гап эди. Шу боис, ҳеч иккиланмай рози бўлди.
Ўша томонга юришди. Жамолзода катер ҳайдовчисини имлаб чақирди.
Катер кўлнинг ўртасига қараб шитоб билан сузиб борарди. Бу жуда ҳам гаштли, одамнинг завқини келтирарди. Ботир кўл соҳилларига кўз югуртирди: кўмкўк. Унинг нигоҳи Гулгинага тушди. Қиз ҳам атрофга завқ ила боқар, кўринишидан ички бир ҳаяжон туйғуларини жўш урдирарди. У ўзини босолмади, овозини баралла қўйиб шеър ўқиди:
– Қўй, эй булбул, тин, эй довул, ки хоҳиш истироҳатдир.
Бу ерларда илинжим йўқ, юпанчим бир саёҳатдир.
Жамолзода унинг шеър ўқишидан завқланиб ўтирар, Ботир эса Гулгинанинг шамол тўзғитаётган сочларидан, нозик қўлларининг нафис ҳаракатларидан кўз узолмасди. Қиз эса тобора жўшиб шеър ўқирди. Бу шеър бултур Қора денгиз соҳилидаги суҳбатни ёдига солди.
Чамаси, Гулгинанинг ҳам эсига ўша суҳбат тушди чоғи, шеърни тугатди-да, Ботирга қаради.
– Сиз-да гўзал ўқиюрсиз, Ботир муаллим. Бир шеър ўқинг. На ажаб манзара бу.
Жамолзода уларнинг суҳбатини тинглаб, кулиб ўтирарди. Бу жойларнинг гўзаллигини, кўлда сайр қилиш завқли эканлигини у билади, кўп бор туйган бу туйғуни. Бироқ бу сўлим соҳилларга келавериб, асар чизиш асносида унга термилавериб, ҳаммаси таниш бўлиб, бирмунча кўникиб кетган. Аслида шундай, ҳар қандай гўзал жойни ҳам одам қайта-қайта кўраверса, унинг гўзаллигига кўзи ўрганиб қолади.
– Ўқи, Ботир, – деди Жамолзода ҳам, – ўзбакча ўқи, бир эшитайлик.
Ботир қиздан нигоҳини ололмас, гўё унинг сеҳрига тушиб қолгандай эди. Ўша ўтиришда ғазал ўқий бошлади:
– Қайси уйнинг шамидир у, қайси жойда хонаси,
Ўртада жонни сўранг, кимнинг эрур жононаси?
Ботир худди бу сўзларни ўзи Гулгинага айтаётган каби ўқиб, баъзан қўлини унга томон чўзиб юборганини ўзи ҳам сезмай қоларди:
Ё раб, ул ой юзли, юлдуз чеҳрали олий нишон,
Қайси коннинг гавҳари, кимнинг эрур дурдонаси?
Қилди ичмасдан лабининг бодаси дилни хароб,
Кимга улфат, ким эрур ҳамкоса, ҳам паймонаси?
Гулгина Ботирнинг ғазал ўқишини завқ билан кузатар, мисраларга тизилган шўхчан оҳанг дилини яйратарди.
Ботир ғазални тугатгач, Гулгина ҳаяжонини яширолмади:
– Чўх гўзал ғазал! Ташаккур сиза, Ботир муаллим. Маним урайима зарофат бахш этди. Чўх соғ ўлин!
Бир соатлардан кейин улар шаҳарга йўл олишди. Гулгина кайфияти кўтарилган, йўлда унинг кўнгли узра тушган хира ғубор батамом тарқаб кетган. Энди у машина рулини завқ билан бошқарарди, гўё ҳозир ашула айтиб юборадиган ҳолатда.
Уларнинг машинаси Мингечаур тўқимачилик корхонаси олдида тўхтади.
– Сизлар ўтириб туринглар, ман сўраб чиқай-чи, Фаридахоним шу ердамикан, – деб машинадан тушиб кетди Жамолзода.
Гулгина ўнг қўлини ўриндиқ суянчиғига ташлаб, Ботир томонга ўгирилди.
– Қандайсиз, Ботир муаллим? Зерикмаяпсизми?
– Йўқ, – деди Ботир. – Сиз билан юрсам ҳеч маҳал зерикмайман.
Қиз қиқирлаб кулди. Ботир унинг кулгиси маъносини тушунолмади.
– Шунақа денг, – Гулгинанинг қошлари чимирилди. – Гапга жуда чечан экансиз.
Ботир дил изҳорига жавоб олиш пайти келди, деб ўйлади-да, гапни илиб кетди.
– Гулгинахоним, менинг бултур айтган гапим эсингиздами?
Қиз унга савол назари билан қаради. Бу қараш замиридаги ишва йигитнинг юрагини ўртаб кетди. Беихтиёр қўлини унинг қўлига қўйди.
– Соҳилдаги гап-чи? Жавобини айтмовдингиз… Мен шунинг учун келдим.
Ўша мулоқот қизнинг ҳам ёдига тушди. Бироқ нима деб жавоб беришни ўйлагунча рўпарада Жамолзода кўринди.
– Айтинг, – деди Ботир шошиб.
– Жалил муаллим… – деди қиз.
У ўттиз ёшлардаги кўҳликкина жувонга нималарнидир тушунтириб келарди.
Ботир машинадан тушиб, уларга пешвоз юрди.
– Хайрият, Фаридахоним шу ерда экан, – деди Жамолзода.
– Марҳамат, танишинглар.
Фарида Ботир билан қўл бериб кўришди. Ҳол-аҳвол сўрашдилар. Фарида меҳмонларни уйига таклиф этди.
Ботир учун Жамолзода жавоб берди:
– Йўқ, ташаккур сизга Фаридахоним, биз кеч қоламиз. Кўккўлга боряпмиз. Ботирни бир томоша қилдирайлик, деб олиб юрибмиз.
– Кўккўл жуда гўзал, чиройли жой. Элдор бизни тез-тез олиб боради у ёққа, – деди Фарида.
Улар хайрлашиб, йўлга тушишди.
– Қайтишда тушинглар бўлмаса бизникига. Хўпми, албатга, келинглар, кутамиз.
Гулгина ҳайдаб бораётган “Волга” юз метрлар чамаси юргач, ўнгга бурилди. Фарида унинг ортидан термилиб қолди…
VI
Эътибор берганмисиз, на қуруқликда, на ҳавода-ю, на сувда текис йўл бор. Машина-ку, тинмай силкингани майли – унинг ғилдираги ер узра айланади, аммо самолёт билан кема-чи? Уларга нима халақит беради? Бўм-бўш ҳавода учиб бораётган самолёт бирдан нотекис йўлга тушиб қолган машинадек тўқир-тўқир қилади, бир кўтарилади, бир пастга тушади. Кема ҳам шу – гоҳ тинч сузади, гоҳо бешикдай чайқалади.
Инсон ҳаёти ҳам ана шу йўлларга ўхшайди: баъзан бир текис, силлиқ давом этади, баъзан остин-устун бўлиб кетади.
Жалил Жамолзода билан Мадинахонимнинг ҳаёти ширин, улардан бахтли одам йўқ эди. Муҳаббат бобида ҳам ҳавас қилса қилгудек эди улар. Лекин бу ширин ҳаёт узоқ чўзилмади. Уларнинг турмуш қурганига беш йилдан ошди. Шу йиллар давомида икковининг ҳам бир нарсадан кўнгли ярим. Бу – фарзандсизлик доғи. Жамолзодадан ҳам кўпроқ Мадина эзиларди. У ажойиб ўғил-қизлар кўришни, улар отаси каби истеъдодли бўлишини орзу қиларди. Жамолзода уни не-не врачларга кўрсатмади. Йиллар ўтаверди, бироқ натижа йўқ. Жамолзода унга таскин беради: “Майли, сан сиқилма, бир кунмас-бир кун фарзанд кўрамиз. Борди-ю, пешонамизга фарзандсизлик ёзилган бўлса, унда ҳам қайғурма. Энг муҳими, ман сани севаман, манга кўрсатаётган яхшиликларингни, фидойилигингни сира унутмайман. Яратган асарларим – бизнинг фарзандларимиз… Хотиним туғмади, деб ман мутлақо ранжимайман…”
Таскин керак, таскин яхши. Лекин таскиннинг ўзи билан иш битмайди-да. Шундай онлар бўладики, фарзандсизлик дунёдаги энг катта бахтсизлик экани рўйи-рост билинади. Ана шунда жамики омаду бахтлар бир пулга айланади. Одамнинг дунёдан воз кечиб юборгиси келади.
Эртаю кеч ижод билан машғул Жамолзода эҳтимол бундай ҳолга тушмагандир. Аммо Мадинахонимни бунақа туйғу неча бор ўраб-чирмаб олган – ёлғиз унинг ўзи билади.
Йиллар ўтган сари унинг ўйлайдигани шу бўлиб қолди. Жамолзода хотинининг хаёлини чалғитишга қанча уринмасин, таскин бериб, овутмасин, фойдаси йўқ. Ёлғиз қолган кезлари йиғлаётган дилининг оҳи кўзёшларга айланиб, ташқарига сизиб чиқади. “Ман бахтсиз аёл эканман. Ўзим бахтсиз бўла қолсам ҳам гўрга эди, бир йигитнинг ҳам бахтини қаро қилдим. У мани қанчалик яхши кўради. Ўзим-чи? Усиз ҳаётим қоронғу. Ўзига ўхшаган ақлли, истеъдодли йигитлар ато этаман, деб ният қилувдим… Қани улар?!”
Дунёда ҳамма дарднинг давоси бордир, эҳтимол. Лекин бу дарднинг давоси ҳали топилгани йўқ.
Унинг давосини топганга Мадина бутун борлиғини, мол-мулкини беришга тайёр. Фақат фарзанд кўрса, суюкли эрига паҳлавон ўғил туғиб берса, бас. Булар орзу, хаёл эди, холос.
Жамолзода узоқ районларга ижодий сафарларга кетганида Мадинахоним ҳайҳотдай ҳовлида ўтириб, эртадан кечгача хаёл сурарди. Қани энди мана шу ҳовлида рассом Жалил Жамолзоданинг ўғил-қизлари қий-чувлашиб юришса. Униси бориб отасининг чала ишини ағдариб юборса, буниси бўёғини тўкиб ташласа… Мадинахоним уларни уришмасди, баъзи оналарга ўхшаб қарғамасди. Юмшоқ жойларига астагина уриб, ағанаган эскизларни жойига – Жамолзода қандай ўрнатган бўлса, шундай тўғрилаб қўярди, бўёқ тўкилган полни ёғ тушса ялагудек қилиб артиб оларди. Эри командировкадан чарчаб келганда болаларининг бири у елкасига, бири бу елкасига осилса, майли эди. Мадинахоним уларга танбеҳ берар эди: “Тинч ўтиринглар, отанг толиқиб келган, дам олсин”. Жамолзода хахолаб кулади: “Қўявер Мадина, ўйнашаверсин, чарчаганим йўқ. Буларнинг ўйинини кўрсам, чарчоқларим тарқаб кетади, руҳим енгиллашади…”
Бу ўй-хаёлларнинг охири кўринса экан. Ҳаммаси сароб, мисоли туш…
Темирни занг чиритади, одамни ғам қаритади, деганлари рост. Тубсиз ўйлар аста-секин Мадинахонимни қурт каби емирди. У ичини қурт еган нақш олмага айланди. Сиртдан қарасангиз, яшнаб турибди, аммо ичи… Ичидан завол кетган ҳар қандай нарсанинг ҳам, жонзотнинг ҳам умри қисқа. Ҳаётнинг шафқатсиз бу қонуни Мадинахонимни ҳам четлаб ўтмади. У хафақон касалига чалинди. Бу Жамолзодани қаттиқ ташвишга солди. Энди унинг хаёлини фарзандсизлик доғидан кўра хотинини бу хасталикдан фориғ этиш банд қилди. Кўп врачларга, таниш профессорларга кўрсатди. Ҳаммасининг фикри бир: сиқилмасин, ҳеч нарсани ўйламасин, ўйнаб-кулиб юрсин. Бу насиҳатларни эшитавериб Мадинахонимнинг қулоқлари том битди. Лекин бир лаҳза ҳам ўйламай туролмайди. Эри билан гаплашиб туради-ю, хаёли бошқа нарсаларда бўлади. Буни Жамолзода сезади, лекин иложи қанча. Бировнинг хаёлини жиловлаб бўлмаса…
Мадинахонимни шу дарди бедаводан фориғ этиш учун турли жойларга саёҳатларга, курортларга олиб борди. Шуни деб ойлаб қўлига мўйқалам олмади. Кошки лоақал қилча фойда берса, Мадинахонимнинг қарашлари сўлғин, юзлари ғамгин бўла борди. Ейдиган таомининг тайини йўқ. Ҳаракатлари ҳам олдингидай чаққон, абжир эмас. Баъзан Жамолзода уни зимдан кузатиб ўтиради-да, юрак-бағри эзилиб кетади. Пешонаси шўр одам эканман, деб тақдиридан нолийди…
Шу ўйлар, фикрий олишувлар билан бир неча йил ўтди. Бу йиллар Жамолзодага ҳам анча таъсир этди. Кўргазмаларда унинг янги асарлари яккам-дуккам кўринадиган бўлиб қолди. Буни санъатшунослар, мухлислар, касбдошлари сезмаслиги мумкин эмасди. Шу боис, аста-секин унинг ижоди хусусида турфа фикрлар қўзғалди. Кимдир нафасни ростлаш даври деди, яна кимдир жиддийроқ асарга қўл ургандир деса, бошқаси йўқ, унинг истеъдоди сўнди, яратадиганини яратиб бўлди, деган фикр билдирди.
Тешик қулоқ – бу гаплардан Жамолзоданинг ўзи ҳам бехабар қолмади. Бу оламда ижодкордай нозик, таъсирчан одам кам. Жамолзода эса ўзининг қатъияти, иродасининг мустаҳкамлиги, унча-мунча гаплардан устун юра олиши билан кўпчиликни ҳайратга солган. Ўша дастлабки тарихий асарлари, хусусан, Бобакка бағишланган асари намойиш қилинганда, улар ҳақида жиддий мунозаралар бўлганда Жамолзода ўзининг ана шу хислатларини ошкор этган ва худди мана шу жиҳати билан ҳаммани ҳайратга солганди. Сабаби – у на ижобий, на салбий фикрга муносабат билдирди. Устахонасидан чиқмай ишлади. Бу асари тўғрисидаги баҳс-мунозара тинар-тинмас иккинчисини намойиш этди. Мунозара оқими энди янги асарга қараб бурилади. Жамолзоданинг ўзи яна уфқда кўринмайди.
Шунда баъзилар кулди: Жамолзода арининг инини қўзғаб қўяди-да, ўзи панага бекиниб томоша қилиб ўтиради.
Бу гапларга аралашишдан не фойда. Ундан кўра ишлаш керак. Ҳар хил майда-чуйда, олди-қочди гапларнинг кетидан қувиб юриш ўрнига ишлаган, асар яратган маъқул. Бу мунозаралар ўтади-кетади, аммо асар қолади.
Жамолзоданинг шиори шу эди. Шунданми, мажлисларда чиқиб нутқ сўзлайвермайди, газета-журналларга кетма-кет интервью беравермайди…
Хаста хотинининг саломатлиги йўлида елиб юрган йиллари ҳам ўзи ҳақида пайдо бўлган фикрларга, қарашларга эътибор бермади. Қайси бир одамга, эй, азизим, маним талантим сўнгани йўқ, ҳали кўплаб бақувват асарлар яратишга қурбим ҳам, куч ва истеъдодим ҳам етади, фақат оилавий шароитим чатоқ, кўнглим нотинч, шунинг учун қўлимга мўйқалам ушлаёлмаяпман, агар билсанг, устахонага киришга вақт тополмаяпман, деб айтиб чиқади. Бунинг иложи йўқ! Майли, ким нима деса, деяверсин. Вақти келиб, ҳамма фикрлар ёлғон, унинг истеъдодига нисбатан бўҳтон эканлигини исбот этади. Бунга унинг ишончи комил. Фақат суюклиси Мадинахоним тезроқ соғайиб кетса, бас.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?