Электронная библиотека » Маматқул Хазратқулов » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Гладиолус"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:40


Автор книги: Маматқул Хазратқулов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 27 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ботирнинг ҳайрати ортди. “Наҳотки, бу қиз ўзбек шеъриятидан хабардор бўлса? Кўринишидан шеър ўқийдиган қизга ўхшамайди-ку”. Фикрини унга айтди.

– Ўқиганман, – деди у кулиб. – Тўғри, жудаям кўп эмас. Ҳар ҳолда ўзбек шоирларининг у-бу нарсасини ўқиганман.

– Кечирасиз, сўраганнинг айби йўқ, дейдилар, агар сир тутмасангиз касбингиз нима?

Гулгина маънодор кулди.

– Сир эмас. Яқинда пединститутни битирдим, филология факультетини.

– Шунақа денг. Шеъриятга қизиқишингиз бекорга эмас экан-да. Дадангизнинг изидан бормабсиз-да. Ёки она касбини танладингизми?

Қиз индамади. Унинг юзлари жиддийлашди, бирмунча сўлғинлашди. Афтидан Ботирнинг саволлари унга хуш келмади.

– Унисининг ҳам, бунисининг ҳам изидан бормадим, ўз йўлимни топгим келди, ўз изимни қолдиришни истадим. – Унинг сўзлари кескин, ҳазилдан холи эди.

– Тузук, – деди Ботир. Билдики, суҳбатни бу тарзда давом эттириш мумкин эмас. Мавзуни ўзгартириш зарур. – Жалил муаллим кўринмайди?

Қиз ўрнидан турди-да, денгиз томонга қараб қулочини керди. Уммонни қучоқлаб олгудай сиёҳи бор.

– Ким билади дейсиз, қаерларда юрибди. Этюднигини кўтариб чиқиб кетувди. Бу ерларда яхши пейзажлар чизиш мумкин эмиш. Эртаю кеч ўйлагани асари, ман унинг хаёлига ҳам келмайман.

Демак, шунинг учун у кўпинча ёлғиз юрар экан-да. Балки унинг чеҳрасидаги ғамгинлик кўланкасига ҳам сабаб шудир.

– Мана шундай жойларга олиб келгани – сизни ўйлагани эмасми? Дам олишга одатда кўпчилик хотини билан боради. Қизини ёки ўғлини олиб борадиганлар жуда кам.

Гулгина шартта Ботир томонга қаради-да, томдан тараша тушгандек пақ этказиб савол ташлади:

– Уйланганмисиз?

– Йўқ, – деди Ботир унинг мақсадини тушунолмай.

– Аввал уйланинг, ана ундан кейин биласиз хотиннинг қадрини. Ҳозир бу гапларни қўйинг. – Унинг сўзлари негадир асабий эди.

Қизнинг бу гаплари Ботирнинг ҳайратини оширди.

Гулгина яна унинг ёнига келиб ўтирди.

– Манга қаранг, хафа бўлдингизми гапимдан. Илтимос, кўнглингизга олманг. Одатим шунақа ўзи, баъзан кимлигига қарамай шартта гапириб юбораман.

Ботир унинг юзларига, кўзларига боқди. Гўё ҳозиргина денгизга қараганча тик туриб гапирган қиз билан манави – ёнида ўтирган қиз иккови бир одамми ёхуд бошқа-бошқа қизларми – аниқламоқчи бўлгандек астойдил разм солди. У умрида бировга, хусусан, қизларга бунақа тикилмаган. Буни Гулгина ҳам сезди шекилли, ҳа, намунча термилдингиз, деди. Шундан кейингина у ўзига келди.

– Кечирасиз, ўзим шунчаки, хаёл суриб қопман.

Шу маҳал девордек қалин дарахтзор орасидаги йўлакнинг бошида Жамолзода кўринди. Уни Гулгина кўрмади.

– Отангиз келяпти, – деди Ботир.

Қиз аввалига бир қизарди, кейин дарҳол ўзини қўлга олди. Жамолзода уларга яқинлашаркан, деди:

– Оббо, сизлар-эй, бу ерда ўтирган экансизлар-да. Ман бўлсам боядан бери қидираман, қаерга кетди булар деб. Қандайсан, Ботир?

Бу гапдан Ботирнинг ҳайрати яна ошди. “Ҳозиргина қизи отам ишлаяпти, девди. Отаси эса сизларни қидириб юрибман, дейди. Қўлида этюдник ҳам, мўйқалам ҳам – ҳеч нарса йўқ. Қайси бирининг гапига ишониш керак?”

… Стюардессанинг таниш овози эшитилди: “Ҳурматли йўловчилар! Камарларни боғлашингизни илтимос қиламан. Самолётимиз пастлай бошлади. Ярим соатлардан сўнг самолётимиз Боку шаҳрининг аэропортига қўнади. Бокуда ҳарорат йигирма беш даража иссиқ”.

– Йигирма беш бўлса, унчалик иссиқ эмаскан-ку, – деди шериги.

Ботир индамади. Аммо ўзича ўйлади: “Ҳа, иссиқ эмас. Ҳали пастга тушайлик, кўрасан иссиқ эмаслигини. Тошкентнинг қирқ даражасию, бу ернинг ўттизи”.

Самолёт шувиллаб пастлаб борар, Ботир иллюминатордан кўз олмай, атрофни томоша қилар эди. Ҳозир денгиз кўринади… Ана денгиз, Каспий – Ҳазар денгизи, баҳри Ҳазар. Нега унинг номини ўзгартирди экан? Ўзи яхши эмасми Ҳазар денгизи!

Ботир денгизга суқ билан термилди. Денгиз жимир-жимир қилгану кейин қотиб қолгандай, қимир этмайди. Аслида пастда чайқалиб ётгандир. Ҳув ўша – ҳар жой-ҳар жойда пахта сингари оқариб кўринаётган нарса тўлқиннинг кўпиги.

Самолёт тобора пасайиб бормокда. Гўё денгизга қўнадиганга ўхшайди. Ботирнинг елкаси оша йўғон бўйнини чўзиб ташқарига мўралаётган шериги чўчиб кетди чоғи, ие денгизга қўнадими, нима бало, деб юборди. Ботир унга қаради-ю, ўзини кулгидан тия олмади.

– Ҳа, нимага куласиз, ука. Қаранг, денгиз бир қадам қолди ахир, – деди. Унинг гапиришидан чиндан ҳам қўрқув ҳисси акс этиб турарди.

– Қўрқманг, амаки, сувга қўнмайди. Сизга шундай туюляпти, ҳали анча юқоридамиз…

Ботир гапини тугатмасданоқ самолёт денгиз устидан ўтиб, аэропорт чегарасига кирган, у ўлжасига ташланган бургутдай ерга шўнғиб борарди.

Самолёт зинасидан пастга тушишлари билан гуп этиб нефть ҳиди, иссиқ нам ҳаво юзга урилди. Бояги киши лапанглаб зинадан тушди-да, тўғри Ботирнинг олдига келди.

– Э, ука, йигирма беш девди, қирқдан ошиқ шекилли. Нафас олиб бўлмайди-ку. Бу сасиб ётган нима бало?

Ботир кулди.

– Нефтнинг иси келяпти-да.

– Шаҳардаям шунақами?

– У ерда бундан баттар. Шаҳар денгиз бўйида жойлашган. Бу ер-ку, ҳалиям денгиздан узоқроқ.

Автобус уларни аэропорт биноси томонга олиб кетди.

Чамадонлар етиб келгунча Ботир телефон будкасига кирди.

– Алло, Жалил муаллимнинг уйими?

Трубкадан таниш аёл овози эшитилди.

– Бали.

– У кишини телефонга мумкинми?

– Ҳозир.

Бу Жамолзоданинг қизи эди. Ботир унинг овозини таниди. Таниди-ю, ҳаяжонланиб кетди. Демак, ўзи ҳам, қизи ҳам шу ерда экан… Гулгина! Унинг гапириш оҳанги, товуши Ботирнинг қулоғига ўрнашиб қолган. Чамаси у танимади. Қаердан ҳам танисин.

– Алло, – деди дўриллаган, жарангдор овоз.

Ботирнинг кўз ўнгида Жалил Жамолзоданинг жанговар юзи намоён бўлди.

– Салом, Жалил муаллим. Бу мен – Ботирман.

– Ботир?! Қаердан телефон қиляпсан?

– Аэропортдан, ҳозир келдим.

– Манга қара, ўша ерда қимирламай тур, ҳозир етиб бораман.

Кераги йўқ, ўзим бораман шаҳарга, демоқчи эди, улгурмади. Жамолзода трубкани шарақ этказиб қўйди. Ботир Жамолзоданинг қилиқларини эслаб мийиғида куларкан, телефон будкасидан чиқиб, юкларни берадиган хона томонга кетди…

II

Аэропорт майдони олдидаги дарахтларнинг соясига чамадонини қўйиб, сигарет тутатди. Тик туравериб оёғи толди. Уч-тўрт қадам наридаги ўриндиққа бориб ўтирди. Яна хаёл ўз оғушига олди. Унинг кўз ўнгида Жамолзодадан ҳам кўра, қизи кўпроқ гавдаланади. Бирда ғамгин, бирда шодон кўринувчи бу қизни ҳеч тушунолмас, гапларидан, қарашларидан нимадандир кўнгли нотинч эканлигини сезиш қийин эмасди.

Ботирнинг кечагидек эсида. Бир кун Гулгина билан қумлоқда суҳбатлашиб қолди. (У гарчи чўмилмаса-да, чўмилиш кийимини кийиб қумга келиб ётарди.)

– Гулгинахоним, айбга буюрмасангиз бир нарса сўрамоқчи эдим.

– Марҳамат, – деди у кулиб.

– Янглишмасам, кўпинча нимагадир хомуш кўринасиз.

– Ким билади…

Бундай қисқа-қисқа, бирмунча терсроқ жавоблардан Ботир ўзини бироз ноқулай сезди. Шундай бўлса ҳам, ўзини дадилроқ тутишга ҳаракат қилиб суҳбатни давом эттирди.

– Мени тўғри тушунинг, Гулгинахоним, ҳавас қилса арзийдиган гўзалсиз. Биламан, шу ернинг ўзида қанча йигитлар сизни зимдан кузатиб юришибди. Сиз билан лоақал бир марта гаплашишга орзумандлари қанча.

Гулгина кулиб юборди. Унинг кулгиси шу қадар жаранглаб кетдики, беш-олти қадам нарида ўзини офтобга тоблаб китоб ўқиб ётган аёл булар томонга маънодор қараб қўйди. Бироқ унинг қарашига на Ботир, на Гулгина эътибор берди. Аслида бу ернинг одати шунақа: ҳеч ким билан ҳеч кимнинг иши йуқ.

– Жуда ошириб юбордингиз-ку. Шу қадар гўзал эканимни билмапман-а, – деди Гулгина.

– Йўқ, бу хушомад эмас, рост айтяпман. Унинг устига шундай машҳур рассомнинг суюкли қизисиз. Ҳали талабалик остонасидан чиқар-чиқмас Сочига келиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шундай экан, кўнглингизнинг бир чеккасида ғашлик бўлишига боис нима?

Гулгина ўйланиб қолди. Ҳозиргина очилиб, шарақлаб кулиб турган қизнинг чеҳрасига вазминлик югурди. Баҳор офтобини кутилмаганда булут тўсганидек, унинг шодон қарашлари ўрнини қандайдир маъюслик эгаллади.

– Гапларингиз тўғри, – деди у вазминлик билан, – аммо биласизми, бу дунёда ҳар жиҳатдан кўнгли тўқ одам ё йўқ, бўлса ҳам бармоқ билан санарли. Бир кам дунё, деган мақол бор бизда, эҳтимол сизларда ҳам бордир. Шу мақол бекорга айтилмагандир ахир.

“Хўш, бу қизнинг кўнгли нимадан яримта? Ким билсин, айтмаяпти-ку! Нега айтсин? Мен кимман унинг учун? Дардини тўғри келган одамга айтиб кетаверадими? Хусусан, қиз бола. Қизлар ҳуда-беҳудага қулфу дилини очавермайди. Уларнинг кўнгил сандиғини очишдан кўра, анави оқсоч тоғлар қаърида нима борлигини билиш осонроқдир… Ке, қўй, ортиқча эзмалик қилмайин. Лозим топса ўзи айтар, бўлмаса шарт эмас…”

Ботирнинг индамай ўйланиб қолганини кўриб:

– Гапларим сизни ҳам ўйлатиб қўйдими? – У кулди. Аммо кулгиси табиий эмас, ўзини ўзи зўрлаб жилмайди. Унинг мана шу – сунъий кулгиси ҳам ўзига ярашиқли эди. – Келинг, бу гапларни қўйинг, ахир бу ерга сиз ҳам, биз ҳам дам олгани келганмиз-ку! Дунёнинг ташвишларидан вақтинча эса-да, қутулмоқ ниятида юрибмиз-ку бу ерларда… Самад Вурғун шеърларини ўқиганмисиз? Бир гўзал ғазали бор. Ўқиб берайми?..

У Ботирнинг жавобини ҳам кутмай ғазал ўқий бошлади:

 
Агар сендан тонар бўлсам насибам оҳу зор ўлсин,
Баҳорим қишга айлансин, чечаксиз бир диёр ўлсин…
Чаманзорим, боғим-боғчам, тўкилсин бари хор ўлсин,
Мазорим ўт олиб ёнсин, бу ишқим ошкор ўлсин.
 

Қиз ғазални шундай гўзал, ширали ўқирдики, Ботир гўё сархуш бўлиб қолди. Унинг устига озарбайжон тилининг гўзал талаффузи, ғазал сўзларининг мазмундорлиги уни тамоман сеҳрлаб қўйди. Энди унинг қулоғига денгиз тўлқинининг шалоп-шалоп этиб қирғоққа урилиши ҳам, дам олиб ётганларнинг ўзаро ғўнғир-ғўнғир овози ҳам кирмасди. У фақат биргина товушни – Гулгинанинг ипакдай майин, тоғ жилғасидек тиниқ, қўнғироқдай жарангдор овозини тингларди, холос.

 
Қўй, эй булбул, тин, эй довул, ки хоҳиш истироҳатдир,
Бу ерларда илинжим йўқ, юпанчим бир саёҳатдур.
Ўлим, э, воҳ у неъматдир, у бир шонли саодатдир,
Агар бевақт ўлар бўлсам, рақибим бахтиёр ўлсин.
 

Ғазалнинг сўзлари, оҳанги жой-жойига тушар, Гулгина эса гўё ҳамма нарсани унутган, у ғазал руҳи билан яшар, ҳозир унинг томирларида шоирнинг оташин қони гупурар эди. У тобора ғазал руҳига сингиб борар, ҳар бир мисрани, ҳар бир сўзни чертиб-чертиб ўқир, гўё бу билан шеър мазмунини тингловчи онгига қуйиб қўймоқни истарди:

 
Ҳаётдан интиқом истаб, жўшар руҳимда бўронлар,
На инсофни, на виждонни билар, ё раб, бу инсонлар.
Ёз, эй Вурғун, яна жўшсин, бу кун оламда тўфонлар,
Йиқилсин меҳвари олам, у тубдан тор-мор ўлсин.
 

Ғазал тугагач, у кўзларини юмганча жим қолди. Чамаси, у ҳали ўзи ўқиган шеър сеҳридан маст эди. Ботир ҳам миқ этмади. У гапиришдан, бирон ножўя сўз айтиб, унинг кайфиятини бузиб қўйишдан чўчирди. Ботирнинг назарида Гулгина ҳозир дунёдаги энг бахтли, лаззатли онларини бошидан кечирмокда эди. Ана шу лаззатдан, ана шу оромдан уни мосуво қилиш – гуноҳи азим.

Орадан қанча вақт ўтди – иккови ҳам билмайди. Қиз оҳиста кўзини очди. Йигитга қаради. Йигит киприк қоқмай, унга термилиб ўтирарди.

– Ғазал ёқдими сизга?

– Жудаям… Биласизми, мен ҳам бу ғазални ёддан биламан. Менга жуда ёқади.

Қиз кулиб юборди.

– Ана холос. Сиз ёд биларкансизу, ман Америка очгандай куйиб-пишиб ўқиб ўтирибман-а.

– Йўқ, Гулгинахоним, ўқиганингиз жуда яхши бўлди. Бу ғазални жуда кўпчилик ўқиганини эшитганман, аммо ҳеч ким сизчалик гўзал ўқимаган эди.

– Демак, сиз озарбайжон адабиёти билан қизиқар экансиз-да?

– Унча-мунча. Хоҳлайсизми, мен ҳам бир шеър ўқиб бераман.

– Бажонидил. Озарбайжон шоириданми?

– Йўқ, ўзбекча.

 
Кўпдан кутган эдим, орзиқиб мана,
Булутлар тарқалди, тўкишиб кўзёш,
Хаёлим осмондай ёришди яна,
Ёруғ кунларимдай порлади қуёш.
Шошқин дарёларнинг зангордир лаби,
Шамоллар ўйнайди йироқ-йироқда.
Юргил сайр этайлик, юргил, малагим,
Дунё ташвишлари қолсин узоқда.
Кўряпсанми, қандай яшармиш олам,
Бепарво гўдакдай жилмаяди жим.
Гўдагим, бу чирой қайтмайди ҳеч ҳам,
Қайтмагани каби менинг ёшлигим.
Хазонрез августнинг бирор оқшоми,
Уни кўрарсанми тушингда такрор.
Майлига, ўзгадир кузнинг илҳоми,
Бугун-чи, кўз ташла, атрофда баҳор.
Қани, қўлгинангни бергил жимгина,
Шу маъсум йўлчига қўяйлик ихлос,
Шоирлар алдайди бизни, жонгинам,
Баҳор доим эмас, уч ойдир, холос.
 

Шеър тугаши билан Гулгина Ботирнинг қўлини олиб табриклади.

– Соғ ўлин, чўх соғ ўлин! Гўзал, чўх гўзал шеър. Кими шеъриди?

– Абдулла Ориповники…

– Ай, соғ ўлсин, ул нақадар гўзал шоир. – Қиз бирдан сергак тортди. – Биз узоқ қолиб гатдик, атам мана излаб юрган чиқар.

У шундай деб ўрнидан турди. Ботир унинг яна бироз ўтиришини, яна озгина суҳбатлашишини, иложи бўлса яна бирор ғазал…

Машинанинг қаттиқ сигналидан Ботир чўчиб тушди. Ширин туш кўриб ухлаб ётган одам кучли шовқиндан илкис уйғониб кетгандай, Ботир ҳам хаёлини йиғиштириб олгунча бирзум саросимага тушиб қолди. Ўзига келганда рўпарасида қулочини ёзиб келаётган Жалил Жамолзодани кўрди. Улар қучоқлашиб кўришдилар.

– Аҳволларинг нечук? – деди Жамолзода кулиб.

– Яхши. Ўзингиз қалайсиз? Гулгинахонимнинг соғлиғи тузукми?

– Жуда зўр, – деди рассом, – ана ўзи.

Сал нарида оппоқ “Волга” турар, унинг рулига суянганча Гулгина уларни кузатиб ўтирарди. Жамолзода билан Ботир унга томон ўгирилиши ҳамон Гулгина машинадан тушди.

Ё, қудратингдан, ҳамон ўша-ўша, қоп-қора қошлар, ёниб турган кўзлару найза мисоли киприклар, елкаси билан битта бўлиб тўлғониб ётган қўнғироқ сочлар – ҳамма-ҳаммаси ўша.

– Салом, Ботир муаллим.

Овозлар ҳам ўша – ғазал ўқиган овознинг худди ўзи.

– Салом, Гулгинахоним. Нечуксиз?

– Ташаккур.

– Қани, кетдик, вақт ўтмасин, – деди Жамолзода.

Жамолзода билан Ботир орқага ўтиришди. Гулгина машинани кийикдай учирди. Бирзумда аэропорт бинолари орқада қолди. Ботир зимдан Гулгинага разм солди. Олдингидан бироз тўлишибди. Аммо ҳаракатлари чаққон, кайфияти жойида кўринади.

Жамолзода Ботир томонга ўгирилди.

– Хўш, Ботир, ишларинг қандай? Таътилга чиқдингми?

– Яхши, – деди Ботир, – Ишлар кетяпти. Таътилга чиқдим. Ваъдага мувофиқ, мана, келдим.

– Жуда яхши қипсан. Мана, Гулгинахоним бизнинг ихтиёримизда. Кўриб турибсан, санинг келишингга янги машина олдик. Кўккўлга борамиз. Низомий мақбарасини кўрасан, Шушага, Шамахага олиб бораман! Тўғрими, Гулгинахоним?

Гулгина чапдастлик билан машина рулини бошқараркан, мийиғида кулиб “бали” деди. “Волга” шамолдай елиб борарди.

– Машина ҳайдашни яхши ўрганиб опсиз, – деди Ботир ҳавас билан.

Бу гапдан Гулгина мамнун жилмайди.

Жамолзода эса гапни илиб кетди.

– Нимасини айтасан, малакали шофёрлар ҳам бунинг олдида ип эшолмайди. Эътибор беряпсанми, қанча машиналарни ортда қолдиряпти.

Ҳаммаси баравар кулишди.

– Эсингиздами, Ботир муаллим, – деди Гулгина кўзини йўлдан олмай, – бултур ман Ҳиндистонга бораман деган эдим.

– Ҳа, дарвоқе, эсимда, бормадингизми?

– Бормай бўпти, – деди бирдан Жамолзода. – Бориб келдик.

* * *

Кечки овқатдан кейин Ботир ҳовлидаги скамейкада дам олиб ўтирган эди, Жамолзода билан Гулгина унинг ёнига келди.

– Кинога кирамизми? – деди Жамолзода.

– Унчалик тушгим йўқ.

– Нега? – деди Гулгина. – “Такдир ҳокими” деган ҳиндча фильм экан-ку, юринг, бирга кирамиз. Ёки ҳинд фильмлари сизга ёқмайдими?

Ҳинд фильмларини Ботир унчалик хуш кўрмайди. Аксарияти эртакнамо, воқеалар давом этади-этади-да, охирида ҳамма қаҳрамонлари мурод-мақсадига етиб, фильм тугайди.

Бу фикрларини уларга айтмайди. Кўриниб турибдики, Гулгина ҳинд фильмларига ўч экан. Аслида, қайси йигит-қиз ҳинд киносига ўч эмас! Майли, ҳафсаласи пир бўлмасин. Умуман, ҳайратга тушмасликдан кўра ҳамма нарсадан ҳайратланган яхшироқ, деган эди кимдир.

– Кетдик, Ботир, – деди Жамолзода, – барибир битта ўзинг зерикиб ўтирасан. Журналист дегани ҳамма нарсани кўриши керак. Яхшининг яхшилигини, ёмоннинг ёмонлигини билиш учун ҳам сабр билан кўрмоқ ва ўқимоқ лозим. Баъзи танқидчиларга ўхшаб ўзинг кўрмай ёки ўқимай, бировлардан эшитганинг бўйича фикр юритиш инсофдан эмас.

Рассомнинг бу гапларидан кейин Ботир ноилож ўрнидан қўзғалди.

Фильмдан сўнг учаласи хиёбонда сайр қилишди.

– Кино ёкдими сизга? – деб сўради Гулгина Ботирдан.

– Ёмон эмас, – Ботир мужмал жавоб берди.

– Яхши-ку, – деди жўшиб Гулгина. – Қаранг, қандай ажойиб. Манга жудаям ёқди. Искандарни қаранг, қанақа жасур, ботир йигит экан.

Ботир индамади. Жамолзода қизи гапирса қизига, Ботир гапирса Ботирга қараб, уларнинг гапини тасдиқлаб, индамай бормокда. Гўё қани буларнинг мунозараси нима билан тугайди, деб кузатиб бораётганга ўхшарди. Гулгина кинони мақташда давом этди.

– Ҳинд кинолари менга жуда ёқади. Одамнинг завқини келтиради. Мудраб ётган юракларни ҳам уйғотиб юборади. Яшашга, ҳаётни севишга ўргатади.

– Қип-қизил киношунос экансиз-ку.

Ботирнинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетган бу гапдан Жамолзода кулиб юборди, қиз эса бироз сергак тортди. Буни Ботир ҳам пайқади.

– Узр, ранжиманг, ҳазиллашдим, – деди Гулгинага.

Улар неон чироқлар сутдай ёритиб турган йўлакдан гўё қадамини санаётгандай бир-бир босиб боришарди.

– Ботир муаллим, – деди Гулгина шартта юришдан тўхтаб, – биласизми, мен Ҳиндистонга кетмоқчиман. Томдан тараша тушгандай айтилган бу гапдан Ботир гангиб қолди. Бу қизнинг эси жойидами ўзи? – У ерда яшагим келади.

Ботир кулди. Чиндан ҳам бу қиз ўта романтик экан. Йигит-қизларнинг кўпчилигида шунақа кайфият бўлади. Ҳинд фильмларини кўради-ю, ўша ёққа кетгиси келиб қолади. Гўё у ерда яшаш осон, мазза. Киноларида шундай тасвирлайди-да. На иш бор, на ташвиш. Ҳамма ўйнаб-кулиб ашула айтиб, рақсга тушиб, сайр қилиб юради.

– Ҳиндистонда ҳақиқий аҳвол қандай эканлигини наҳотки билмасангиз, Гулгинахоним?! Ахир бу кино-ку.

– Нима бўпти, – деди Гулгина бўш келмай.

Ботир бошқа гапирмади. Орага оғир жимлик чўкди.

Бу сукунатни Гулгина туфлисининг тўқ-тўқ этиб бетон тўшамага урилиши ва денгизнинг салобатли шовуллаши бузарди, холос…

– Хўш, Ҳиндистонда аҳвол қалай экан? – деди Ботир.

Гулгина ҳам ҳозир ўша суҳбатни эслаб кетаётган экан чоғи, орқасига ўгирилиб Ботирга қаради.

– Ёдингиздан чиқмапти-да, – деди кулиб. – Ўн марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, дейишади-ку.

Гапга Жамолзода аралашди:

– Шу қадар тиланчилар кўпки, ҳатто юришга қийналасан. Аммо бойлари бор, э, нимасини айтасан, унақа-бунақа бой эмас. Бизни бир тўйга таклиф қилишди. Э, бунақа тўйни умримда кўрган эмасман. Бизнинг Кавказ тўйларини мақташади, ҳаддан зиёд катта, дабдабали дейишади. У тўйнинг олдида бизнинг тўйлар оддий бир зиёфатдай гап.

Шаҳарга киргач, уларнинг суҳбати узилди. Ботир Боку кўчаларини томоша қилиб борарди.

– Энди гап бундай, – деди Жамолзода. – Ҳозир “Озарбайжон” меҳмонхонасига борамиз. Бугун дамингни ол. Эртага эрталаб чиқиб кетамиз.

– Балки бир-икки кун шаҳарни айланармиз. Мен таниш-билишларимни кўрсам.

– Кўрасан, ҳаммасига улгурасан. Вақтинг бемалолку. Димиқиб ётган шаҳарда нима бор? Аввал тоғларга чиқайлик, Озарбайжон табиати билан таниш. Кейин, кетишингга бир-икки кун қолганда томоша қилаверасан шаҳарни.

Машина денгиз соҳилида жойлашган ўн олти қаватли “Озарбайжон” меҳмонхонаси олдида тўхтади.

У сен шу ерда бир нафас ўтириб тур, деди-да, ўзи бир хонага кириб кетди. Ботир юмшоқ курсига чўкди: Ўтиб-қайтаётганларга разм солди. Аксарияти ажнабийлар. “Оддийроғи ҳам бўлаверар эди”, деб хаёлидан ўтказди. Рўпарадаги буфетга бориб бир стакан муздай мандарин шарбати ичди. Унгача Жамолзода қайтиб чиқди.

– Паспортингни бер.

Ҳужжатларни расмийлаштиргач, еттинчи қаватга чиқишди. Бир кишилик хона экан.

– Қалай, маъқулми? – деб сўради Жамолзода. Унинг бу саволида “кўрдингми қудратимни?” деган мақтаниш ҳисси акс этди. Балкон денгиз томонда. Юқоридан қараганда денгиз оёқ остидагидай чайқалиб ётипти. Меҳмонхона билан денгиз орасида йўл ва қалин дарахтзор – хиёбон. Ажойиб манзара.

– Йўлда чарчагансан. Бир-икки соат ухлаб, дамингни ол. Биз соат иккида келамиз. Бирга тушлик қиламиз.

– Балки бугун сизлар ҳам ўз ишларингиз…

Жамолзода унинг гапини кесди:

– Бокуга келдингми, энди инон-ихтиёринг бизда. Қачонки, Тошкентга учадиган самолётга ўтирасан, шундан кейин ихтиёринг ўзингда бўлади. Унгача нима десам, қулоғингни қимирлатмай кетаверасан. Ҳозирча хайр. Яхши дам ол.

Жамолзода унинг гапини ҳам эшитмай эшикни ёпиб чиқиб кетди.

III

Ботир душга тушди. Чарчоқлари ёзилиб, ўзини қушдай енгил ҳис этди. Бироз чўзилди, кўзини юмиб ҳеч нарсани ўйламай ётишга уринди. Лекин буни эплаб бўлса экан. Одамзоднинг хаёлсиз турмоғи гумон. Самолётда бирга келган киши ёдига тушди. Меҳмонхонага жойлаша олдимикин? Ўғлимни уйлантираман, деб шунча йўлдан сарсон бўлиб келипти.

Жиндек мизғимоқчи эди, бўлмади, ухлаёлмади. Буфетга бориб қаҳва олди-да, балконга чиқиб ўтирди. Иссиқ қаҳвани ҳўплаб денгизни томоша қилди. Денгиз томондан салқин шабада эсади. Бу шабада гоҳо-гоҳо нефтнинг қўланса ҳидини олиб келади.

Ана бандаргоҳ. Бир кема манзилга кириб келяпти, иккинчиси жўнади.

Оғир вазминлик билан денгиз ичкарисига сузиб кетган кемани кузатиб ўтирган кўйи Бокуга олдинги гал келганини эслади…

Ўшанда ҳам ёз эди. Беш кун юрди. Ашраф деган дўсти билан. У билан танишуви ҳам қизиқ кечган.

Бу воқеага икки йилча бўлди. Май ойи эди. Ботир эрталаб ишга келиб, янги газеталарни варақлаб ўтирганди, телефон жиринглади.

– Алё.

Трубкадан нотаниш одамнинг овози эшитилди.

– Ман Бокудан келганман, кирсам майлими?

– Марҳамат, – деди Ботир.

– Пропуск бюросига айтсангиз, рухсатнома ёзиб берса: Жаводов Ашраф.

– Ҳозир айтаман…

Ўн беш минутлардан кейин баланд бўйли, қорача бир йигит кириб келди. Унинг бир қўлида дипломат, иккинчисида камзул. Ҳол-аҳвол сўрашишди. Ботир Бокудаги янгиликлар хусусида қизиқди. Меҳмон унинг сўровларига қисқа-қисқа жавоб берар, афт-ангоридан нимадандир ҳафсаласи пир экани ёки ортиқча эзилгани кўриниб турарди. “Эҳтимол, ҳозир келиб тушгандир. Йўлда чарчагандир”, деб ўйлади Ботир.

– Кечирасиз, қачон келдингиз? Ҳозирми? – деб сўради.

– Йўқ, уч кун бўлди. Яна икки кундан кейин кетаман. Бизнинг газетамиз Ўзбекистонга бағишланган қўшсаҳифа тайёрламоқчи. Шунга материаллар олиб кетгани келувдим. Сизнинг таҳририятингизга ҳам бир кирай дедим, балки биз учун бирор-бир қизиқроқ нарса чиқиб қолар.

– Бизнинг таҳририятдан бирон киши билан гаплашувдингизми?

– Йўқ, биринчи келишим.

– Шундай денг, – деди Ботир ўйчан ҳолда. – Умуман ишларингизнинг кетиши қалай? Тузукми, материаллар олдингизми?

Ашраф сигарет тутатди.

– Ёмон эмас, у-бу нарсалар олдим. Баъзилар бугунга ваъда беришган. Бугун кечгача ишим битса керак. Афсуски, чиптани кечроққа олиб қўйибман, бўлмаса эртага кетар эдим.

– Нега бунча шошилмасангиз. Нима зерикдингизми? Тошкент ёқмадими? Қаерда турибсиз?

Меҳмон ҳафсаласизлик билан қўл силтади:

– Қаерда бўларди, меҳмонхонада-да.

– Қайси меҳмонхонада?

У сигарет тутунини бир чеккага пуфлади-да, Ботирга ғалати қараш қилди:

– Сизга барибир эмасми, қайси меҳмонхонада туришим…

Тушунарли, ҳаммаси тушунарли. У зериккан. Биров бу ёққа юр демаган, ўзи ҳеч кимни танимайди, ҳеч қаерни билмайди.

– Биринчи келишингизми Тошкентга?

– Биринчи ва охиргиси бўлса керак.

Ботирга бу гап оғир ботди. Шаҳрингга биринчи бор келган одам яна қайтиб келмаслигини ошкор айтдими, демак, яхши кутиб олишмаган. Шаҳар ҳар қанча гўзал, чиройли, обод бўлмасин, агар одамлари қўпол бўлса, меҳмонларни яхши қаршиламаса, иззат-ҳурматини жойига қўймаса, бундай жойга бир келган одам қайтиб келиши ҳақида, албатта ўйлаб кўради… Бу йигит дастлаб кимга учрашди экан? Сўрасинми? Хўш, сўраганда нима фойдаси бор? Қайтанга бунинг ярасини янгилаш мумкин-ку… Лекин шуниси аниқки, қандайдир бир бефаросат одамга дуч келган. Киши бошқа жойдан келган меҳмон билан гаплашганда ҳушёр бўлмоғи лозим. Бир одамнинг нозик диди, юксак маданияти билан, бир халқ ҳақида яхши тасаввур қолиши ёхуд, аксинча, бир фаросатсиз туфайли бутун халқ номига доғ тушиши мумкин.

Ашраф ярим чекилган сигаретни кулдонга эзғилаб ўчирди.

– Муҳаррирингиз қачон келади? Гаплашсам, балки бирон-бир тузукроқ материалми, суратми топиб берар… Кейин кетай, ҳали яна бир-икки учрашадиган жойларим бор.

У шундай деб, ўрнидан турди.

– Демак, гап бундай, – деди Ботир ҳам ўрнидан туриб. – Ҳозир муҳаррир келади, балки келгандир ҳам. Унинг олдига олиб кираман, гаплашасиз. Кейин бошқа учрашадиган одамларингиз билан кўришинг. Пешинда шу ерга келасиз, бирга тушлик қиламиз. Кечқурун меникига борамиз.

– Йўқ, ташаккур, ман меҳмонхонага бораман.

– Унақа гапни қўйинг. Мен айтганимдай қиламиз. Эртага мен муҳаррирдан рухсат оламан, шаҳар айланамиз. Қани, нарсаларингизни менга беринг. Шу ерда туради.

Ашраф ўйланиб қолди. Ботир унинг билагидан камзулини, қўлидаги дипломатни олди.

– Дипломат керак, – деди Ашраф.

– Яхши. Дипломат ўзингизда турсин. – Камзулни шкафга осиб қўйди. – Юринг, қарайлик-чи, муҳаррир келдимикан.

…Ботир университетни битириб, Тошкентда ишга қолган. У бир татар кампирнинг уйида ижарада туради. Кампирнинг феъли кенг, Ботирнинг ўртоқлари пайдар-пай келишса ҳам, баъзиларга ўхшаб минғирламас, унинг шу жиҳати Ботирга маъқул эди. Ашрафни астойдил, ҳеч иккиланмай таклиф этиши ҳам шундан.

Тушликдан кейин бир-иккита кўнгил етар дўстларига воқеани тушунтириб, уларга ҳам юринглар, деди.

Уйга келгач, татар кампирга узокдан меҳмон келганини айтди. Чоғроққина ҳовлидаги ягона дарахт – олма тагига сув сепиб, стол-стул қўйди. Бир пиёладан чой ичишгач, сизлар гаплашиб ўтиринглар, деб ўзи ошга уннади.

Қош қорайиб, ҳовлидаги чироқлар ёқилганда Ботир қўлбола ошни катта чинни лаганга сузиб келди. Қип-қизил қовурма паловнинг ҳиди ўтирганларнинг димоғини қитиқлади. Пахта хирмонидай уюлиб турган ош устидаги саримсоқ пиёзларни очаркан, қани ошга марҳамат, деди Ботир.

Ўша оқшом ярим тунгача гаплашиб ўтиришди. Эртаси куни Ботир иккаласи шаҳарни айланишди. Ашраф кетгунича Ботир у билан юрди. Меҳмонхонага боргани қўймади.

Учинчи кун азонда меҳмонни аэропортга олиб чиқди. Чиптани рўйхатдан ўтказгач, улар сигарет чекиш мақсадида ташқарига чиқишди. Хайрлашиш олдидан Ашраф кўнглини ёрди:

– Биласанми Ботир, агар сени учратмаганимда ўзбек халқи ҳақида бошқача фикрда кетар эдим. Ман ўзбек ёзувчиларининг асарларини ўқиганман. Улар ҳақида бошқа халқларнинг фикрларини ҳам эшитганман. Шуларнинг ҳаммаси сани учратгунимча кўзимга ёлғон кўринган эди.

Ботир унинг мақсадини тушунди, лекин фикрига қўшилмади.

– Йўқ, Ашраф, сен билан мен журналистмиз. Ҳар бир ишда хулоса чиқаришга шошилмаслигимиз керак. Эҳтимол, сен қандайдир бефаросат, одамгарчиликни билмайдиган тўнкага йўлиққандирсан. Бу билан бутун ўзбек халқининг устидан қора чизиқ тортиш яхши эмас. Бундайлар бор, албатта. Лекин, афсуски, унақалар ҳамма халқ, ҳамма миллатда бор. Озарбайжонларда шунақалар йўқ дейсанми?..

Ёнидаги стул оёғининг бетонга ишқаланиб дириллагани хаёлини бўлди.

– Бу жой бўшми? – деди бир қўлида қаҳва, иккинчисида ликопчада қуймоқ ва тухум кўтариб турган киши.

– Марҳамат… Бўш…

Боя манзилдан чиққан оқ кема соҳилдан узоқлашиб кетган, поёнсиз денгизда оқ чорлоқ каби сузиб борарди. Ботир унга термилди. Қаерга кетяпти экан? Балки Нефттошларга бораётгандир.

Нефттошлар… Афсонавий шаҳарча. Ўтган сафар келганида ҳоли-жонига қўймай Ашраф олиб борган эди. “Кўрасан, жудаям ажойиб. Вақтинг кетганига пушаймон қилмайсан”, деб туриб олганди.

Ашрафнинг айтганича бор экан. Инсон қўли билан яратилган мўъжиза.

Нефттошлар – нефтчилар шаҳри. Озарбайжон нефти асосан шу ердан олинади. Шаҳарчанинг асоси – еттита эски кема чўктирилиб, шунинг устида майдон ясалган. Кейинчалик аста-секин у кенгайтирилган. Ҳозир икки-уч қаватли уйлар, маъмурий бинолар бор. Магазинлар, парклар, кинотеатр, маданият саройи…

Денгиз оралаб бир машина сиғадиган тахта йўл қилинган. Унинг узунлиги уч юз километрдан ошиқ. Бу ерда фақат юк машинаси юради. Шу боис, Нефттошларни енгил машинаси, мактаб ва боғчаси йўқ ягона шаҳар, деб аташади.

Хаёл билан ёнида ўтирган киши туриб кетганини ҳам сезмай қопти. Соатига қаради. Ўн икки. “Энди туриш керак”.

У хонага кирди-да, каравотга чўзилди. Ярим соатлар ором олмоқни ўйлади. Эрталаб ҳаяжонда билинмаганди, энди сезиляпти чарчагани…

Эшикнинг тақиллаганидан уйғониб кетди. Ўрнидан сакраб турди.

– Ҳозир…

Апил-тапил кийиниб эшикни очди: Жамолзода.

– Қалай, ухладингми? – деди у хонага кириб. – Қани, кийин, кетдик, пастда Гулгинахоним кутиб турипти. Қорнинг ҳам пиёз пўсти бўлиб кетгандир.

Улар пастга тушишганда меҳмонхона олдидаги майдончада Гулгина машина эшигини очиб ўтирарди. Унинг эгнида ҳиндий юпқа кўйлак, пардоз-андозини янгилаган шекилли, боягидан ҳам очилиб кетган, кулиб турарди. Ботирни кўриши ҳамоно қўлини кўтариб салом берди.

Гулгина машина рулини Ичкари шаҳар томонга бурди.

– Бокунинг Ичкари шаҳарини кўрганмисиз, Ботир муаллим? – деб сўради Гулгина.

– Бир марта борганман, лекин батафсил айланиб чиққаним йўқ.

– Қадимда карвонсарой бўлган жой бор, ҳозир миллий хўраклар тайёрлайдиган емакхона қурилган. Ўша ерга борамиз, – деди Жамолзода. – Бокуга келдингми, унинг ўзига хос жойларини кўр, миллий хўракларидан тановул қил. Ресторан ҳамма жойда бор ва асосан, бир хил.

Машина баланд-паст, тор кўчалардан бориб, кичикроқ бир майдонда тўхтади. Атроф қадимги ғиштлардан тикланган девор. Майдонга “мусулмон ғишти” тўшалган. Рўпарадаги бағдоди дарвоза тепасига электр чироқлар билан “Карвонсарой” деб ёзилган.

– Карвонсарой номи сақлаб қолинган экан-да, – деди Ботир ёзувга қараб.

– Албатта-да. Аслида шундай қилингани тузук. Акс ҳолда биласанми, қадимий жойларга бугунги кун тушунчасидаги номлар берилса, унинг тарихийлиги йўқолади. – Жамолзода дарвозадан ичкарига бошлар экан, сўзида давом этди. – Масалан, мана шу емакхонага ҳамма жойдагидек, “Бинафша”, “Лола”, “Гулчеҳра”, “Наргиз” деб ном қўйса, манимча, кулгили бўлур эди.

Дарвозадан ичкарига киргач, чоғроқ майдон, ўртада мўъжазгина ҳовуз, унда фаввора отилиб турибди. Майдоннинг атрофида қатор ҳужралар. Жамолзода уларнинг бирига бошлади. Ҳужра унча катта эмас, нари борса ўн киши сиғади. Ўртага хонтахта қўйилган. Атрофида бир қарич баландликда ўтиргич. Хона нимқоронғи, салқин.

Миллий кийим кийган ёш йигит кириб келди.

– Хош галмишсиниз!

Жамолзода ташаккур билдирди-да, тез-тез гапириб, нималарнидир тушунтирди. Йигит “дуз” дедию, чиқиб кетди. Бирзумда катта думалоқ лаъли кўтариб кирди. Унда нон, чой, турли кўкатлар, қанд бор эди. Мезбон армудига чой қуйиб, Ботирга узатаркан:

– Таъбингга қараб қанддан сол. Нондан ол, – деди.

Улар бир стакан чойни ичиб бўлар-бўлмас, бояги йигит кабоб олиб кирди.

Бироздан кейин эса учта ликопчада хамирдан қилинган овқат қўйиб кетди. Кабобдан сўнг мезбон янги таомга таклиф қилди.

– Бунинг отини кутаб деймиз, – деди Жамолзода. Учбурчак шаклида тугилиб, ичига қийма солинган таомни узун қилиб ўради, – одатда буни мана бундай қилиб қўлда ейилади.

Жамолзоданинг астойдил тушунтиришидан Гулгина кулиб юборди:

– Худди ажнабийларга уқтиргандай ҳижжалаб тушунтирасиз-а. Ахир Ботир муаллим чет элдан келмаган-ку. Балки буларда ҳам бордир бунақа хўрак.

– Бизда ҳам бор, – деди Ботир. – Фақат номи бошқача.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации